Halima Xudoyberdieva. She’rlar & Yorug’ dard hosilasi. Shoira bilan suhbat

Ashampoo_Snap_2016.05.19_22h36m31s_002_.png    Мен умр бўйи тинмай ишлаганман, тинмай ижод қилганман. Бу пайтда туйғуларим фавворадек бўлиб оқиб келарди. Менимча, ижодкор шу пайтда Оллоҳ билан ёлғиз қолса керак. Тунда тиниқ, ёрқинроқ ишлаш мумкин.

ЁРУҒ ДАРД ҲОСИЛАСИ
Шоира Ҳалима Худойбердиева билан суҳбат
Умид Али суҳбатлашди
06

-Ҳалима опа, миллий шеъриятимизда ҳар бир шоирнинг ўз овози, ўз сўзи бор. Масалан, Чўлпон шеъриятида исёнкорона руҳ, истиқлол орзу-умидлари мотиви етакчилик қилса, Ҳамид Олимжон шеъриятида бахт ва шодлик, ҳаёт завқи уфуриб туради. Шоир қачон ўз овози, оҳанги, куйига эга бўлади деб ўйлайсиз?

045-Ўз овозига эгалик деганда… Биласизми, бир муддат чираниб ишлаган билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Бу жараён узлуксиз давом этиши керак. Бу жуда катта зўриқишлар натижасида юзага келади.

Ҳамма нарсанинг қонуний, ўз меъёрида бўлгани маъқул. Мисол, мана бу нарса бу одамники деган гап қайда-ю, шунчаки олди деган гап қайда?

Энг ёмони ижодкорнинг ўз овозига эгами ё йўқми-шуни тафтиш қилишида. Бу нисбий нарса. Абдулла ака бир ўринда ўхшатиб айтган, бозорга кириб, молим ёмон деган сотувчини кўрмадим, дейди. Шунга ўхшаб, менинг ўз овозим бор, деб ҳар бир ижодкор даъво қилиши мумкин. Бу берилаётган баҳога қанчалик арзишини халқ, мухлис ҳал қилади. Барибир, вақт ғалвири бор.

Бахт-шодлик деймиз, ҳаёт завқи деймиз, адабиёт кўнгилни кўтариш билан бирга олижаноброқ яшашга, ҳалолликка ўргатади. Шу томонларга бурадиган туйғулар эса бу дард, қайғу. Сизга бир мисол келтирай: яқинда бир қариндошимиз вафот этиб қолди. Одамзотнинг қадри у ўлгандан кейин билинаркан. Шу муносабат билан «Дарахт қуласа», «Рашкчи гул» деган шеърлар ёздим. Мана шу жудолик қайғуси шеърлар ёзилишига туртки бўлди. Мен бу ҳақиқатга яна бир карра ишонч ҳосил қилдим.

Шеърни аввало Оллоҳ беради, ёзилишига сабаб бўладигани эса дард экан. Шунинг учун Евгений Евтушенко:

«Саросар солади қувончлар енгил,
Куйиниб қараган ғусса барқарор» — дейди.

Инчунин, шеърларнинг ҳаммаси ёруғ дард ҳосиласи. Қувончдан кўра қайғу кўпроқ илҳом беради.

— Шеър санъатнинг, хусусан, сўз санъатининг бир тури сифатида эътироф этилади. Санъат даражасига кўтарилган шеър номукамалликдан холи бўлиши керак. Шеърнинг мукаммаллигини қандай изоҳлаш мумкин?

— Шеърнинг қай даражадалиги (энди, бу ҳам нисбий нарса), ким баҳолаяпти ва қандай баҳолаяпти (биров мутлақо бошқа шахс, биров катта сўз санъаткори -у бошқача баҳо беради), у кўпчиликнинг дардими, бировнинг дардими, ўқиганда юрагингиз жиз этса, шу мукаммал. Назаримда кўпчилик томонидан тан олинган нарса мукаммал.

-Мумтозлик деган ибора бор. Буни шоирларга ҳам тадбиқ қилсак… Шоир қачон мумтозлик мақомига кўтарилиши мумкин?

-Биласизми, мумтоз деган сўзнинг ўзи улуғ. Ҳамма ҳам шеър ёзиши мумкин, лекин шу мумтоз шоирлик даражасига ҳамма ҳам кўтарилавермайди. Мумтоз шоирлар деганда, ҳазрат Навоий, Бобур Мирзолардан тортиб, Паҳлавон Маҳмуд, Бедил ва бу номларнинг ёнига худо назар солган бошқа номларни келтириш мумкин.

Бугунги замонавий мумтоз шоирларимиз сафини Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби улуғ шоирлар эгаллаган.

Туйғулар оқими ўзгача, шеъриятда ким мумтоз, ким ўртамиёна буни ҳам вақт ва китобхон ҳал қилади. Шундай шеърлар бор, ўқиб тушунмайсан, балки ўша шеър чуқур мазмунлидир, балки бунга бизнинг ақлимиз етмас, лекин нима бўлганда ҳам халқ тушунмаса қийин-да?! Шу маънода устоз Асқад Мухторнинг бир гапи бор: «Мумтоз адабиёт шундай уммонки, тўлқин кўтарилганда ундаги ҳар қандай «изм»ларни соҳилга чиқариб ташлайди. Шеърият кучи билан чиқиб кетади ҳаммаси».

Энг муҳими дард, Навоий дарди, Бобур дарди, Бедил дарди. Мумтозлик ҳам дард билан вужудга келса керак.

-Ижодий давраларда рус шоири Александр Вознесенскийнинг «Сени кутдим интизорликда» шеърини кўп айтасиз. Бу шеър қай тариқа сизни ўзига мафтун этган?

— Бу шеърда ҳам муҳаббат, ҳам дўстона муносабат бор. Лекин соф муҳаббат чуқур ифодаланган. Дўстона туйғулар ўрнини борган сари муҳаббат эгаллайди. Демак мазмуни шундайки, сен кетмагайсан, лекин ўлимни ҳам тинчитишнинг иложи йўқ. Мана, бир тинглаб кўринг-а:

Ўн йил ўтиб кетди интизорликда.
Сен йўлда. Тобора келаяпсан яқин,
Етиб келмоғинг-чун етарми кучинг?
Йўлинг ёруғ бўлмоғи учун
Шамни деразада мен қўйдим ёқиб.

Йигирма йил ўтди интизорликда,
Сен йўлда. Тобора келаяпсан яқин.
Дунё разолатин енггайдир кучинг.
Жангда сенга ёруғ бўлмоғи учун
Шамни деразада қолдиргум ёқиб.

Ўттиз йилим ўтди интизорликда,
Сен йўлда. Сен менга тобора яқин.
Мен адо бўламан, кетгайман ўчиб.
Менсиз сенга ёруғ бўлмоғи учун
Шамни деразада қолдирдим ёқиб.

Шеър такрор-такрор ўқилиши керак. Чунки ўқиган пайтда шеърнинг бир томони кўринса, такрор ўқилганда кейинги томони ҳам кўрина бошлайди. Шунинг учун ёш ижодкорларга маслаҳатим, кўп ўқишсин ва такрор-такрор ўқишсин.

-Шеър кўнгил уйғоқлигига даъват, тафаккур чексизлиги, руҳнинг баркамоллигига хитобдир. Шоир бу вазифаларни бажармай туриб инсонларни ҳеч қачон ойдинликка даъват этолмайди. Шундай эмасми?

-Қалб поклиги, қалб уйғоқлиги, қалб кўтаринкилиги… Ижодкор бир томондан оптимист ҳам бўлиши керак. Чунки ўзингизни кайфиятингиз кўтаринки руҳда бўлмай туриб ўзгаларни бунга қандай даъват этасиз? Айтишади-ку, воқеалар сен қандай қабул қилсанг, ўша даражада сенга таъсир қилади деб. Ижодкор жуда катта қайғули жойдан пинагини бузмай ўтмаслиги керак. Бу қалбсиз одамдай таассурот қолдириши мумкин. Шу билан бирга ўша ғамга қўшиб чўкиб кетмаслиги даркор. Шоир шундай метиндай мустаҳкам одам бўлиши керак. Шу жиҳатлар ўзида бўлмай туриб, бировни ойдинликка, эзгуликка, юқори чўққиларга даъват эта олмайди. Келинг, шу ўринда янги бир шеъримдан ўқиб берай:

Ҳақиқат машъаласини кўтарган қўлларим куйди,
Қайта-қайта босилган-у кўкарган йўлларим куйди.
Қанчалар ойларим куйди,
Қанчалар йилларим куйди,
Сочим тўлқини-минг тола, минг тола қилларим куйди.

Гоҳи дўстларим тонди ҳақдан, нажотлар кутдим фалакдан,
Бўлолмай ҳақ билан яктан, айтолмай тилларим куйди,

Машраб додлаб елар менда, Усмон бежо кулар менда.
Куйик иси келар мендан, вужуду, дилларим куйди.

Бу машъала куйиб қотган, кафтларимда илдиз отган,
Ўт кўтариб кетаётган бўйсунмас қўлларим куйди.

Шундай яшаб ўламан мен, дейман тушиб чўкка қасам!
Ерга қасам, кўкка қасам, қай кун машъал кўтармасам,
Шу кун кетган бўламан мен.
Ҳақиқат машъаласини кўтарган қўлларим куйди…

-Миллий шеъриятимизнинг ҳозирги адабий жараёндаги мавқеи ҳақида фикр билдирсангиз…

-Биз 80-90- йилларда бошқача ижод қилардик, бошқача ишлардик. Айниқса, адабий фаолиятимиз бир дарё мисол гувиллаб турарди. Бутун Ўзбекистонга эшитиларди. Ҳар ойда бир марта матбуотда («Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Саодат» ва бошқалар) шеър ёки мақола чоп этилиб туриларди.

Мен умр бўйи тинмай ишлаганман, тинмай ижод қилганман. Бу пайтда туйғуларим фавворадек бўлиб оқиб келарди. Менимча, ижодкор шу пайтда Оллоҳ билан ёлғиз қолса керак. Тунда тиниқ, ёрқинроқ ишлаш мумкин.

Ҳозирги шеъриятни ўша даврдаги шеърий жараён билан солиштириб бўлмайди. Балки бу ҳам ўтиш жараёнининг бир йўлидир, бироқ сокинлик тагида ҳам кўп нарса бўлиши мумкин. Ҳозирги адабий фаолият у қадар ғайратлимас. У вақтларда таржималарда ҳам яхши силжишлар бор эди. Ҳозирда бу силжишлар сусайди. Бу бизга ҳам қимматга тушаяпти. Ўша таъсирлар камайди.

-Кўп шеърларингиз халқимизнинг севикли ҳофизлари, таниқли хонандалар томонидан куй басталаниб, қўшиқ қилинган, мухлислар қалбидан чуқур жой олган. Шулардан бири «Муқаддас аёл» шеъридир. Бу шеър ўзбек аёллари шаъни улуғланган, фазилатлари мадҳ этилган бир қасида десам ҳам муболаға бўлмас. Мана шу шеърнинг туғилиши ўзига хос воқеа бўлмаганми?!

-«Муқаддас аёл» шеъри… Бу ўзбек аёлининг дарди, унинг бошидан кечирган кечмишлари. Ҳар бир аёл ҳаётида учраши мумкин бўлган ҳол, ҳар бир аёл юрагида уйғонган дард, изтироблар бу шеърда акс этган.  Ҳар бир шеър ўзича бир воқеа, ўзича бир тарих. Аммо бу «воқеа», «тарих» ларини шарҳлаб бўлмайди.

-Ҳалима опа, мухлисларимизга айтар дил сўзларингиз бўлса…

-Биласиз, қиш бу йил ўзгача кечди. Ҳамма йилга нисбатан узун ва қаҳрли, аммо соғинчли. Биз бу йил баҳорни жуда соғиндик: кўклам ҳавосини, бойчечакни, ўрик гулларини, лолақизғалдоғу чучмомаларни…

Бу ҳам Оллоҳнинг бир мўъжизаси. Соғиниб, соғинтириб яшаш ҳам бир бахт аслида.

Ҳар бир инсонга ана шундай Оллоҳнинг мўъжизасини тилайман.

2008

Halima-Hudoyberdieva.jpgҲалима Худойбердиева
ШЕЪРЛАР
06

УНУТМАНГ

Елкам халқим елкасига тегиб турмоғи учун,
Бошим халқим кўлкасига эгиб турмоғим учун,
Унга қарши нима келса енгиб турмоғим учун,
Мендан қай иш лозим бўлса,
Барчасига тайёрман!

Дардига малҳам бўлайин, хотирин кучлантирай,
Ҳар фарзандини ичга тортайин, ичлантирай,
Ҳар фарзандини юртга боғлайин, бурчлантирай,
Мендан қай иш лозим бўлса,
Барчасига тайёрман!

Жужуқларга айтгим келар, қаёнларни кўзлайсиз,
Оҳ, зоҳирга ўч болам, сиз аёнларни кўзлайсиз,
Аммо бу юрт, сирли юртдир, сизам сирли бир найсиз,
Мендан қай иш лозим бўлса,
Барчасига тайёрман!

Сиз қуёшсиз, баландлангу ботар ерни унутманг,
Илдиздансиз, тағин илдиз отар ерни унутманг,
Туркистондай қайтиб келиб ётар ерни унутманг,
Мендан қай иш лозим бўлса,
Барчасига тайёрман!

БАТАМОМ УЙҒОНИБ ОЛОЛСАМ ЭДИ

Тураётган қушга ўхшайман жуда,
Қушларга ўхшайман уйғонаётган.
Баъзи томирларим ҳали уйқуда,
Баъзи томирларда қонларим қотган.

Хас-хашаклар билан судралиб юриб,
Ўзлик орзусида кетиб борар ёй.
Ўзимча нелардир ғудраниб юриб,
Гулдайин умримни бермоқдаман бой.

Ўзимча кимнингдир ғамини едим,
Кимнингдир кунига юрибман яраб.
Батамом уйғониб ололсам эди,
Учиб кетармидим кўкларга қараб.

БИЛМАСЛАР

Кўрдим, қишлоқ, гўзал шаҳарлар кўрдим,
Оҳорлари кетиб борар, билмаслар.
Жамалаксоч пари – пайкарлар кўрдим,
Баҳорлари кетиб борар, билмаслар.

Тугмак бўлса етмас белбоғ учлари,
Дунё молин маҳкам тишлар тишлари,
Боғларининг ширинзабон қушлари,
Олқорлари кетиб борар, билмаслар.

Отлари-я, қорабайир отлари
“Гижинглайди”, деб ўйласам, додлади,
Ёли бўрон бўлганлигин ёдлади,
Шунқорлари кетиб борар, билмаслар.

Кузатиб бу дунёнинг ўру қирини,
Билмай қолдим келмак, кетмак сирини,
Ёлғон ёрлар ялашиб бир-бирини,
Чин ёрлари кетиб борар, билмаслар.

Чарсиллаган бир ўт ёнар ичимда,
Мен шеър айтсам, айтмадим тил учинда,
Бу талотўп, қув-қув, чоп-чоп ичинда
Ҳалима ҳам ўтиб борар, билмаслар.

СИЗ КЕЛМАДИНГИЗ

Сувлар қайтиб тушди тағин тоғлардан,
Дўллар қайтиб келди, сиз келмадингиз.
Улоқиб-улоқиб ўзга ёқлардан
Йиллар қайтиб келди, сиз келмадингиз.

Тўзғин кўйлакларин кўклаб, янгориб,
Бири қиёғи яшил, бири зангори,
Яратувчинингми олдига бориб,
Гуллар қайтиб келди, сиз келмадингиз.

Баъзан бетартибу баъзан ботартиб,
Бирин чанглаб, бирин чангларин артиб,
Маним сочларимни оппоқ оқартиб,
Йиллар қайтиб келди, сиз келмадингиз.

Чинқирдим дунёни бузолмадим, мен,
Денгиз қаттол эди, сузолмадим, мен,
Оёғим занжирин узолмадим, мен,
Сизам келмадингиз, сиз келмадингиз…

ДАШТИ БИЁБОНМАН

Дашти биёбонман. Ҳўлламади ҳут,
Минг йилки чил-чилман бўлмагандай бут,
Мени унутганинг тамоман унут,
Сен томон сузгувчи қайиқ бўлдим, мен.

Қадди шамшод эдим, тўлган ойлардай,
Менга туюлди ишқ-йўлим бойлардай,
Лек, сен ёмон отдинг, таранг ёйлардай,
Ҳажринг ўқларидан майиб бўлдим, мен.

Воҳ, ишқнинг тақдири зумда ҳаллигин,
Мен қайдан билибман тили боллигим,
Қанчалар хуш эди камбағаллигим,
Ғам билан бойитдинг, бойиб бўлдим, мен.

Қул бўлиб, кул бўлиб аросат аро,
Томчи ишқ сўровдим, мен мотамсаро,
Румиймассан, мен деб киймассан қаро,
Кўкингдаги Шамсдай ғойиб бўлдим, мен.

Дашти биёбонман. Ҳўлламади ҳут…

ЎЗНИ ЎРГАТДИМ

Тўлдими, албатта тошаркан у жом,
Мудом тўлмасликка ўзни ўргатдим.
Қорайса, қорайиб келаверсин шом,
Осон ўлмасликка ўзни ўргатдим.

Яшасам-да, боғнинг гиёҳларидай,
Куч, қудрат яширин қиёқларимда,
Топталсам-да тўфон туёқларида,
Синиб, сўлмасликка ўзни ўргатдим.

Билмам, қайда ўсдим, қандай ўсдим, бас,
Бу зер, забар матоҳ – менинг пўстиммас,
Кўкдан тушолмаслар менинг дўстиммас,
Мен пастлик, хасликка ўзни ўргатдим.

Жумлага, жумладан, менга ҳам ривож
Берсин қодир худо, аммо, юпун, оч,
Бахтсизнинг олдида ярқиратиб соч
Бахтли бўлмасликка ўзни ўргатдим.

Тўлдими, албатта, тошаркан у жом…

044

YORUG’ DARD HOSILASI
Shoirа Halima Xudoyberdieva bilan suhbat
Umid Ali suhbatlashdi
06

Halima opa, milliy she’riyatimizda har bir shoirning o’z ovozi, o’z so’zi bor. Masalan, Cho’lpon she’riyatida isyonkorona ruh, istiqlol orzu-umidlari motivi yetakchilik qilsa, Hamid Olimjon she’riyatida baxt va shodlik, hayot zavqi ufurib turadi. Shoir qachon o’z ovozi, ohangi, kuyiga ega bo’ladi deb o’ylaysiz?

573db000be5ca.jpg-O’z ovoziga egalik deganda… Bilasizmi, bir muddat chiranib ishlagan bilan hech narsaga erishib bo’lmaydi. Bu jarayon uzluksiz davom etishi kerak. Bu juda katta zo’riqishlar natijasida yuzaga keladi.

Hamma narsaning qonuniy, o’z me’yorida bo’lgani ma’qul. Misol, mana bu narsa bu odamniki degan gap qayda-yu, shunchaki oldi degan gap qayda?

Eng yomoni ijodkorning o’z ovoziga egami yo yo’qmi-shuni taftish qilishida. Bu nisbiy narsa. Abdulla aka bir o’rinda o’xshatib aytgan, bozorga kirib, molim yomon degan sotuvchini ko’rmadim, deydi. Shunga o’xshab, mening o’z ovozim bor, deb har bir ijodkor da’vo qilishi mumkin. Bu berilayotgan bahoga qanchalik arzishini xalq, muxlis hal qiladi. Baribir, vaqt g’alviri bor.

Baxt-shodlik deymiz, hayot zavqi deymiz, adabiyot ko’ngilni ko’tarish bilan birga olijanobroq yashashga, halollikka o’rgatadi. Shu tomonlarga buradigan tuyg’ular esa bu dard, qayg’u. Sizga bir misol keltiray: yaqinda bir qarindoshimiz vafot etib qoldi. Odamzotning qadri u o’lgandan keyin bilinarkan. Shu munosabat bilan «Daraxt qulasa», «Rashkchi gul» degan she’rlar yozdim. Mana shu judolik qayg’usi she’rlar yozilishiga turtki bo’ldi. Men bu haqiqatga yana bir karra ishonch hosil qildim.

She’rni avvalo Olloh beradi, yozilishiga sabab bo’ladigani esa dard ekan. Shuning uchun Yevgeniy Yevtushenko:

«Sarosar soladi quvonchlar yengil,
Kuyinib qaragan g’ussa barqaror» — deydi.

Inchunin, she’rlarning hammasi yorug’ dard hosilasi. Quvonchdan ko’ra qayg’u ko’proq ilhom beradi.

— She’r san’atning, xususan, so’z san’atining bir turi sifatida e’tirof etiladi. San’at darajasiga ko’tarilgan she’r nomukamallikdan xoli bo’lishi kerak. She’rning mukammalligini qanday izohlash mumkin?

— She’rning qay darajadaligi (endi, bu ham nisbiy narsa), kim baholayapti va qanday baholayapti (birov mutlaqo boshqa shaxs, birov katta so’z san’atkori -u boshqacha baho beradi), u ko’pchilikning dardimi, birovning dardimi, o’qiganda yuragingiz jiz etsa, shu mukammal. Nazarimda ko’pchilik tomonidan tan olingan narsa mukammal.

-Mumtozlik degan ibora bor. Buni shoirlarga ham tadbiq qilsak… Shoir qachon mumtozlik maqomiga ko’tarilishi mumkin?

-Bilasizmi, mumtoz degan so’zning o’zi ulug’. Hamma ham she’r yozishi mumkin, lekin shu mumtoz shoirlik darajasiga hamma ham ko’tarilavermaydi. Mumtoz shoirlar deganda, hazrat Navoiy, Bobur Mirzolardan tortib, Pahlavon Mahmud, Bedil va bu nomlarning yoniga xudo nazar solgan boshqa nomlarni keltirish mumkin.

Bugungi zamonaviy mumtoz shoirlarimiz safini Erkin Vohidov, Abdulla Oripov kabi ulug’ shoirlar egallagan.

Tuyg’ular oqimi o’zgacha, she’riyatda kim mumtoz, kim o’rtamiyona buni ham vaqt va kitobxon hal qiladi. Shunday she’rlar bor, o’qib tushunmaysan, balki o’sha she’r chuqur mazmunlidir, balki bunga bizning aqlimiz yetmas, lekin nima bo’lganda ham xalq tushunmasa qiyin-da?! Shu ma’noda ustoz Asqad Muxtorning bir gapi bor: «Mumtoz adabiyot shunday ummonki, to’lqin ko’tarilganda undagi har qanday «izm»larni sohilga chiqarib tashlaydi. She’riyat kuchi bilan chiqib ketadi hammasi».

Eng muhimi dard, Navoiy dardi, Bobur dardi, Bedil dardi. Mumtozlik ham dard bilan vujudga kelsa kerak.

-Ijodiy davralarda rus shoiri Aleksandr Voznesenskiyning «Seni kutdim intizorlikda» she’rini ko’p aytasiz. Bu she’r qay tariqa sizni o’ziga maftun etgan?

— Bu she’rda ham muhabbat, ham do’stona munosabat bor. Lekin sof muhabbat chuqur ifodalangan. Do’stona tuyg’ular o’rnini borgan sari muhabbat egallaydi. Demak mazmuni shundayki, sen ketmagaysan, lekin o’limni ham tinchitishning iloji yo’q. Mana, bir tinglab ko’ring-a:

O’n yil o’tib ketdi intizorlikda.
Sen yo’lda. Tobora kelayapsan yaqin,
Yetib kelmog’ing-chun yetarmi kuching?
Yo’ling yorug’ bo’lmog’i uchun
Shamni derazada men qo’ydim yoqib.

Yigirma yil o’tdi intizorlikda,
Sen yo’lda. Tobora kelayapsan yaqin.
Dunyo razolatin yenggaydir kuching.
Jangda senga yorug’ bo’lmog’i uchun
Shamni derazada qoldirgum yoqib.

O’ttiz yilim o’tdi intizorlikda,
Sen yo’lda. Sen menga tobora yaqin.
Men ado bo’laman, ketgayman o’chib.
Mensiz senga yorug’ bo’lmog’i uchun
Shamni derazada qoldirdim yoqib.

She’r takror-takror o’qilishi kerak. Chunki o’qigan paytda she’rning bir tomoni ko’rinsa, takror o’qilganda keyingi tomoni ham ko’rina boshlaydi. Shuning uchun yosh ijodkorlarga maslahatim, ko’p o’qishsin va takror-takror o’qishsin.

-She’r ko’ngil uyg’oqligiga da’vat, tafakkur cheksizligi, ruhning barkamolligiga xitobdir. Shoir bu vazifalarni bajarmay turib insonlarni hech qachon oydinlikka da’vat etolmaydi. Shunday emasmi?

-Qalb pokligi, qalb uyg’oqligi, qalb ko’tarinkiligi… Ijodkor bir tomondan optimist ham bo’lishi kerak. Chunki o’zingizni kayfiyatingiz ko’tarinki ruhda bo’lmay turib o’zgalarni bunga qanday da’vat etasiz? Aytishadi-ku, voqealar sen qanday qabul qilsang, o’sha darajada senga ta’sir qiladi deb. Ijodkor juda katta qayg’uli joydan pinagini buzmay o’tmasligi kerak. Bu qalbsiz odamday taassurot qoldirishi mumkin. Shu bilan birga o’sha g’amga qo’shib cho’kib ketmasligi darkor. Shoir shunday metinday mustahkam odam bo’lishi kerak. Shu jihatlar o’zida bo’lmay turib, birovni oydinlikka, ezgulikka, yuqori cho’qqilarga da’vat eta olmaydi. Keling, shu o’rinda yangi bir she’rimdan o’qib beray:

Haqiqat mash’alasini ko’targan qo’llarim kuydi,
Qayta-qayta bosilgan-u ko’kargan yo’llarim kuydi.
Qanchalar oylarim kuydi,
Qanchalar yillarim kuydi,
Sochim to’lqini-ming tola, ming tola qillarim kuydi.

Gohi do’stlarim tondi haqdan, najotlar kutdim falakdan,
Bo’lolmay haq bilan yaktan, aytolmay tillarim kuydi,

Mashrab dodlab yelar menda, Usmon bejo kular menda.
Kuyik isi kelar mendan, vujudu, dillarim kuydi.

Bu mash’ala kuyib qotgan, kaftlarimda ildiz otgan,
O’t ko’tarib ketayotgan bo’ysunmas qo’llarim kuydi.

Shunday yashab o’laman men, deyman tushib cho’kka qasam!
Yerga qasam, ko’kka qasam, qay kun mash’al ko’tarmasam,
Shu kun ketgan bo’laman men.
Haqiqat mash’alasini ko’targan qo’llarim kuydi…

-Milliy she’riyatimizning hozirgi adabiy jarayondagi mavqei haqida fikr bildirsangiz…

-Biz 80-90- yillarda boshqacha ijod qilardik, boshqacha ishlardik. Ayniqsa, adabiy faoliyatimiz bir daryo misol guvillab turardi. Butun O’zbekistonga eshitilardi. Har oyda bir marta matbuotda («O’zbekiston adabiyoti va san’ati», «Saodat» va boshqalar) she’r yoki maqola chop etilib turilardi.

Men umr bo’yi tinmay ishlaganman, tinmay ijod qilganman. Bu paytda tuyg’ularim favvoradek bo’lib oqib kelardi. Menimcha, ijodkor shu paytda Olloh bilan yolg’iz qolsa kerak. Tunda tiniq, yorqinroq ishlash mumkin.

Hozirgi she’riyatni o’sha davrdagi she’riy jarayon bilan solishtirib bo’lmaydi. Balki bu ham o’tish jarayonining bir yo’lidir, biroq sokinlik tagida ham ko’p narsa bo’lishi mumkin. Hozirgi adabiy faoliyat u qadar g’ayratlimas. U vaqtlarda tarjimalarda ham yaxshi siljishlar bor edi. Hozirda bu siljishlar susaydi. Bu bizga ham qimmatga tushayapti. O’sha ta’sirlar kamaydi.

-Ko’p she’rlaringiz xalqimizning sevikli hofizlari, taniqli xonandalar tomonidan kuy bastalanib, qo’shiq qilingan, muxlislar qalbidan chuqur joy olgan. Shulardan biri «Muqaddas ayol» she’ridir. Bu she’r o’zbek ayollari sha’ni ulug’langan, fazilatlari madh etilgan bir qasida desam ham mubolag’a bo’lmas. Mana shu she’rning tug’ilishi o’ziga xos voqea bo’lmaganmi?!

-«Muqaddas ayol» she’ri… Bu o’zbek ayolining dardi, uning boshidan kechirgan kechmishlari. Har bir ayol hayotida uchrashi mumkin bo’lgan hol, har bir ayol yuragida uyg’ongan dard, iztiroblar bu she’rda aks etgan. Har bir she’r o’zicha bir voqea, o’zicha bir tarix. Ammo bu «voqea», «tarix» larini sharhlab bo’lmaydi.

-Halima opa, muxlislarimizga aytar dil so’zlaringiz bo’lsa…

-Bilasiz, qish bu yil o’zgacha kechdi. Hamma yilga nisbatan uzun va qahrli, ammo sog’inchli. Biz bu yil bahorni juda sog’indik: ko’klam havosini, boychechakni, o’rik gullarini, lolaqizg’aldog’u chuchmomalarni…

Bu ham Ollohning bir mo»jizasi. Sog’inib, sog’intirib yashash ham bir baxt aslida.

Har bir insonga ana shunday Ollohning mo»jizasini tilayman.

2008

halima-opaginam-mening.jpg

Halima Xudoyberdieva
SHE’RLAR
06

UNUTMANG

Yelkam xalqim yelkasiga tegib turmog’i uchun,
Boshim xalqim ko’lkasiga egib turmog’im uchun,
Unga qarshi nima kelsa yengib turmog’im uchun,
Mendan qay ish lozim bo’lsa,
Barchasiga tayyorman!

Dardiga malham bo’layin, xotirin kuchlantiray,
Har farzandini ichga tortayin, ichlantiray,
Har farzandini yurtga bog’layin, burchlantiray,
Mendan qay ish lozim bo’lsa,
Barchasiga tayyorman!

Jujuqlarga aytgim kelar, qayonlarni ko’zlaysiz,
Oh, zohirga o’ch bolam, siz ayonlarni ko’zlaysiz,
Ammo bu yurt, sirli yurtdir, sizam sirli bir naysiz,
Mendan qay ish lozim bo’lsa,
Barchasiga tayyorman!

Siz quyoshsiz, balandlangu botar yerni unutmang,
Ildizdansiz, tag’in ildiz otar yerni unutmang,
Turkistonday qaytib kelib yotar yerni unutmang,
Mendan qay ish lozim bo’lsa,
Barchasiga tayyorman!

BATAMOM UYG’ONIB OLOLSAM EDI

Turayotgan qushga o’xshayman juda,
Qushlarga o’xshayman uyg’onayotgan.
Ba’zi tomirlarim hali uyquda,
Ba’zi tomirlarda qonlarim qotgan.

Xas-xashaklar bilan sudralib yurib,
O’zlik orzusida ketib borar yoy.
O’zimcha nelardir g’udranib yurib,
Guldayin umrimni bermoqdaman boy.

O’zimcha kimningdir g’amini yedim,
Kimningdir kuniga yuribman yarab.
Batamom uyg’onib ololsam edi,
Uchib ketarmidim ko’klarga qarab.

BILMASLAR

Ko’rdim, qishloq, go’zal shaharlar ko’rdim,
Ohorlari ketib borar, bilmaslar.
Jamalaksoch pari – paykarlar ko’rdim,
Bahorlari ketib borar, bilmaslar.

Tugmak bo’lsa yetmas belbog’ uchlari,
Dunyo molin mahkam tishlar tishlari,
Bog’larining shirinzabon qushlari,
Olqorlari ketib borar, bilmaslar.

Otlari-ya, qorabayir otlari
“Gijinglaydi”, deb o’ylasam, dodladi,
Yoli bo’ron bo’lganligin yodladi,
Shunqorlari ketib borar, bilmaslar.

Kuzatib bu dunyoning o’ru qirini,
Bilmay qoldim kelmak, ketmak sirini,
Yolg’on yorlar yalashib bir-birini,
Chin yorlari ketib borar, bilmaslar.

Charsillagan bir o’t yonar ichimda,
Men she’r aytsam, aytmadim til uchinda,
Bu taloto’p, quv-quv, chop-chop ichinda
Halima ham o’tib borar, bilmaslar.

SIZ KELMADINGIZ

Suvlar qaytib tushdi tag’in tog’lardan,
Do’llar qaytib keldi, siz kelmadingiz.
Uloqib-uloqib o’zga yoqlardan
Yillar qaytib keldi, siz kelmadingiz.

To’zg’in ko’ylaklarin ko’klab, yangorib,
Biri qiyog’i yashil, biri zangori,
Yaratuvchiningmi oldiga borib,
Gullar qaytib keldi, siz kelmadingiz.

Ba’zan betartibu ba’zan botartib,
Birin changlab, birin changlarin artib,
Manim sochlarimni oppoq oqartib,
Yillar qaytib keldi, siz kelmadingiz.

Chinqirdim dunyoni buzolmadim, men,
Dengiz qattol edi, suzolmadim, men,
Oyog’im zanjirin uzolmadim, men,
Sizam kelmadingiz, siz kelmadingiz…

DASHTI BIYOBONMAN

Dashti biyobonman. Ho’llamadi hut,
Ming yilki chil-chilman bo’lmaganday but,
Meni unutganing tamoman unut,
Sen tomon suzguvchi qayiq bo’ldim, men.

Qaddi shamshod edim, to’lgan oylarday,
Menga tuyuldi ishq-yo’lim boylarday,
Lek, sen yomon otding, tarang yoylarday,
Hajring o’qlaridan mayib bo’ldim, men.

Voh, ishqning taqdiri zumda halligin,
Men qaydan bilibman tili bolligim,
Qanchalar xush edi kambag’alligim,
G’am bilan boyitding, boyib bo’ldim, men.

Qul bo’lib, kul bo’lib arosat aro,
Tomchi ishq so’rovdim, men motamsaro,
Rumiymassan, men deb kiymassan qaro,
Ko’kingdagi Shamsday g’oyib bo’ldim, men.

Dashti biyobonman. Ho’llamadi hut…

O’ZNI O’RGATDIM

To’ldimi, albatta tosharkan u jom,
Mudom to’lmaslikka o’zni o’rgatdim.
Qoraysa, qorayib kelaversin shom,
Oson o’lmaslikka o’zni o’rgatdim.

Yashasam-da, bog’ning giyohlariday,
Kuch, qudrat yashirin qiyoqlarimda,
Toptalsam-da to’fon tuyoqlarida,
Sinib, so’lmaslikka o’zni o’rgatdim.

Bilmam, qayda o’sdim, qanday o’sdim, bas,
Bu zer, zabar matoh – mening po’stimmas,
Ko’kdan tusholmaslar mening do’stimmas,
Men pastlik, xaslikka o’zni o’rgatdim.

Jumlaga, jumladan, menga ham rivoj
Bersin qodir xudo, ammo, yupun, och,
Baxtsizning oldida yarqiratib soch
Baxtli bo’lmaslikka o’zni o’rgatdim.

To’ldimi, albatta, tosharkan u jom…

044

(Tashriflar: umumiy 1 423, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring