Yusuf Xos Hojib. Qutadg’u bilik. 44-62 boblar. Emin Usmon tarjimasi

33     Сизга тақдим этилаётган бобларда Ўгдулмишнинг Ўдғурмишга бегларга қандай  хизмат қилиш, сарой аҳли, авом (халқ), Пайғамбар авлодлари, олимлар, табиблар, азойимхонлар, мунажжимлар, шоирлар, деҳқонлар, савдогарлар, чорвадорлар, ҳунармандлар, камбағаллар, хизматкорлар билан қандай муносабатда бўлиш, қандай хотин олиш, фарзандларни қандай тарбиялаш ҳақидаги ўгитлари баён этилган.

ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ
ҚУТАДҒУ БИЛИГ
Қадим туркчадан Эмин Усмон таржимаси
07

ҚИРҚ ТЎРТИНЧИ БОБ
ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШ БИЛАН ИККИНЧИ
МАРТА МУНОЗАРА ҚИЛГАНИ БАЁНИ

045

3971. Жавобан Ўгдулмиш сўзга очди тил,
Қулоқ сол, қариндош, сабабини бил.
3972. Элигнинг нияти сенга эзгулик,
Ўзига ҳам албат тилар эзгулик.
3973. Ибодат қилишинг бунда бегумон,
Биласан қанчалик яхшию-ёмон.
3974. Шаҳар, қишлоқда айтганимдан бўлак,
Талай эзгуликлар бор, эй шер юрак.
3975. Ёмон эмас асло бу дунё қутин,
Топиб яшай билса, чиқарса отин.
3976. Бу дунёни тарк этган обид булар,
Савоб топса охират обод бўлар.
3977. Ёмон демоқ дунё молин оғирдир,
Есанг, элга берсанг, юзинг ёруғдир.
3978. Беҳад яхши айтмиш сахийлар боши,
Маъносин англагин, эй яхши киши:
3979. Барча яхшиликка йўлчидир дунё,
Барча дардга шаксиз эмчидир дунё.
3980. Дунё бўлса бўлар заковат, билиг,
Барча яхшиликка етади илик,
3981. Тилак тиласа, бой бўлиб одамзот,
Яшил кўкка ўрлар, дунёдир нажот.
3982. Ниятинг ҳаж бўлса, керак мол-товар,
Азизлик истасанг мол кунга ярар.
3983. Олиб, бериш учун бўлмаса моли,
Яхшилик қилмоққа қисқадир қўли.
3984. Эзгуликдан нечун юз ўгиргайсан,
Панд-ўгитни нечун маъқул кўрмайсан?

3985. Ибодатга нечук инонса бўлар,
Фақат унга ишонган муфлис бўлар.
3986. Ҳақни ибодат-ла топмайди қули,
Ўта нозик эрур тоатчи йўли.
3987. Минглаб ибодатчи топинди кўп йил,
Жон чиқар маҳалда йўқотдилар йўл.
3988. Неча минг тоатсиз гуноҳкор қули,
Энг сўнгги лаҳзада топар ҳақ йўлин.
3989. Биламан, ибодат ичра бўлар шод,
Яратган Эгам ҳам, аё улуғ зот.
3990. Ибодат нелигин билмаса инсон,
Заруратин англаб етмас ҳеч қачон.
3991. Шу боис тугал қилса гар тоатин,
Шунда англаб етар ибодат тотин.
3992. Ўйлаб кўр, деб бу гапни айтдим сенга,
Хақми ё ноҳақ айтиб бер менга.
3993. Агар тўғри бўлса, айтилган бу сўз,
Тасдиқ эт, амал қил, аё кўнгли туз.
3994. Ҳавасга қул бўлма, кўндир кўнгилни,
Эл-юртга аралаш, тинч ўтказ кунни,

ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

3995. Жавоб берди Ўдғурмиш: Эй қариндош,
Мени ғамга солдинг, оғу бўлди ош.
3996. Фараз қил, қулоқ солдим гапларингга,
Бориб кирдим элигнинг хизматига.
3997. Хизматда тартиб-йўсин билмоқ керак,
Гап-сўз хизматга уйғун бўлмоқ керак.
3998. Билсин таомилни ва кириб, чиқиш,
Аксинча қисмати бўлар ранж чекиш.
3999. Нима дер эшитгин хизмат билгувчи,
Синаб билганларин айтар бир учин.
4000. Беглар хизматини қилсанг гар ўзинг,
Тўғри қил кўнгил, тилни, тийгин сўзинг,
4001. Хизмат қоидасин билмоғинг зарур,
Хизмат билсанг қадр-қимматинг бор эрур.
4002. Йироқман бундайин тартиб-йўсиндан,
Феъл-атвор, сўзим ҳам ўзгарган шундан.
4003. Нечук хизмат қилай шу ҳолда, сўйла,
Менга бу эшиклар ёпилган, ўйла.
4004. Оғзимга уриб сен нечук зўрлайсан,
Хизмат қил деб ўз ҳолимга қўймайсан.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

4005. Жавоб бериб Ўгдулмиш айтди: Бу сўз,
Ўринли эмасдир, аё кўнгли туз.
4006. Расм-русум сендан этилган соқит,
Хоҳишингча яша, кўнглинг эт собит.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

4007. Жавоб берди Ўдғурмиш, айтди: Бу сўз,
Ҳеч дуруст эмасдир, аё феъли туз.
4008. Сену менга муносибми анқайиб,
Расм-русум билмай юрмоқ қаққайиб.
4009. Элу юртни тартибга солмоқ учун,
Беглар келди обод қилмоққа очун.
4010. Эл-юртни обод қилиш беглар иши,
Хар соҳада бордир бир масъул киши.
4011. Яхши ишга беглар узутди илик,
Қўллаб ақл-идрок, ишга солиб билиг.
4012. Жуда яхши айтмиш эл-юрт бошчиси,
Заковатли, доно жаҳон ишчиси:
4013. Жаҳонгир кишига заковат керак,
Эл-юрт сўровчига шижоат керак.

4014. Шулар оширади беглар шавкатин,
Ёв бўйнини узиб, олади ўчин.
4015. Энди биз ҳам яратсак қонун-низом,
Дурустдир ўрнатсак тартиб, интизом.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

4016. Жавобан Ўгдулмиш айтди: Эй жигар,
Бу жуда осондир, иш қилган билар.
4017. Мен яхши биламан қонун, йўсинни,
Сен кўриб ўргангин тартиб, йўсинни.
4018. Киши расм-русумни ўрганиб билар,
Билмаганин билиб, тилакка етар,
4019. Илми кўп бунга мос сўз айтмиш, қара
Ким амал қилмаса, билими чала:
4020. Доно туғилмайди, кўриб ўрганар,
Бийрон яратилмас, сўзлаб ўрганар.
4021. Киши ўрганиб оқил, доно бўлар,
Билим олса, ҳамма иши ўнгланар.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

4022. Жавобан Ўдғурмиш айтди: Тилагинг,
Шу бўлса, йўқ эрур менинг тилагим.
4023. Элиг ҳузурига чорларсан мени,
Бу хизмат нечукдир, айтиб бер, қани.
4024. Кўнгилга сиғарми, сўзинг тинглайин,
Ўрганиб бўларми, обдон англайин.
4025. Бир-бир санаб чиққин қонунлар неча,
Расм-русумларни айтиб бер пича.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

4026. Ўгдулмиш айтдики: Гапларинг ҳақдир,
Башорат қилдинг сен, не эрур тақдир.

4027. Тутган йўлинг ақлдан йироқ эди,
Тўғри йўлни топибсан бироқ энди.
4028. Мен баён айлайин эшитгин сўзим,
Менга қараб ўрган, очинсин кўзинг.
4029. Астойдил киришсанг агарда ўзинг,
Тилингни тийиб юр, бас қилгин сўзинг.

ҚИРҚ БЕШИНЧИ БОБ
ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА БЕГЛАРГА ХИЗМАТ ҚИЛИШ
ТАРТИБ ЙЎСИНЛАРИНИ АЙТГАНЛИГИ БАЁНИ

4030. Икки турли эрур хизматчи киши,
Хизмат-ла ўргангай кундан-кун ишин.
4031. Бири ёшлигида хизматга кирар,
Бири улғайгандан сўнг хизмат қилар.
4032. Иккиси ҳам яхши, лек аълоси ул,
Эрта хизмат қилиб, тузатса кўнгил.
4033. Тингла, бу кун сенга ҳар не сўз қитай,
Сўзимни кичиклардан бошлаб айтай.
4034. Сўз меъёри яхши — хайрли оқибат,
Инсон ишонч-ла ўзин топар албат.
4035. Балоғат истасанг пинҳон тут сўзинг,
Яхшилик тиласанг тўғри бўл ўзинг.
4036. Хизмат эшигин очмоқ бўлса ният,
Ишга киришсин у ёшликдан албат.
4037. Билсин расм-русум, низом, йўл-йўриғ,
Ўргансин кириб-чиқиш ҳамда хушхулқ.
4038. Хизматга шай бўлсин саҳарда туриб,
Кўнгил пок, тил ширин, хуснихулқ бўлиб.
4039. Хизмат қилмоқ керак югуриб илдам,
Зийрак бўлсин албат кўз, қулоқ ҳар дам.
4040. Ўзидан каттага хизмат қилсин у,
Тилин тийиб, сўзга хушёр бўлсин у.
4041. Шу тарз бажарса гар хизматин кичик,
Бегга манзур юмуш битмагай нечук.
4042. Насиб этгай бег ҳузурига кирмоқ,
Элнинг арзин ҳукмдорга баён этмоқ.
4043. Қайрилиб боқма бекор ўнгу сўлга,
Ийманиб тур, кулоқ сол хушёр сўзга.
4044. Сендан сўз сўралса айтгин ростини,
Рухсат бўлса етказ буйруқ аслини.
4045. Бекор санқиб юрма ва ичма ароқ,
Ярамас, ёвуз ишдан қочгин йироқ.
4046. Эшитган сўзни эшитмагандек бўл,
Кўзинг кўрганини кўрмагандек бўл.
4047. Шу тарзда хизматга яраса киши,
Ҳар кун кулиб бахти, ўнгланар иши.
4048. Бири тўп черикка бўлар тўп боши,
Бири ош устида бўлар иш боши.
4049. Бири бўлар қўмондон, бири ҳожиб,
Бири сўз мағзини чақувчи котиб.
4050. Шундай мартабага ким етса агар,
Хурматга эришиб, мақсадга етар.
4051. Бири ақли бирла донишманд бўлар,
Баъзиси » Кўк айук» унвонин олар.
4052. Бири инончбегдир (1), бири чоғрибек (2),
Бири ботир тегин (3), бири жовлибег (4).
4053. Бири ёбғу (5), баъзиси эса тарқон (6),
Бири номсиз ходим -юмуши осон.
4054. Шунга қадар эрур қул даражаси,
Йўқдир ундан ортиқ ўсар рутбаси.
4055. Шулардан бирига эришса ходим,
Шуҳрат топиб, орзуси ушалар доим.

1. Инончбег — маслаҳатчи
2. Чоғрибег — саркарда
3. Тегин — шаҳзода
4. Жовлибег — сарой ходими
5. Ёбғу — халқдан чиқан, ҳоқондан икки даража паст турувчи амалдор
6. Тарқон (тархон) — вазир

4056. Шундай даражага етса ходими,
Бег адо этгандир унинг ҳақини.
4057. Агар узун бўлса пасткашнинг тили,
Кўп ташвиш келтирар бегга бу қули.
4058. Заковатли доно хўп айтмиш беҳад,
Нолойиққа амал бермагин минбад.
4059. Бундан-да яхшироқ айтмишдир билиг,
Билимсизга қўлинг берма, эй элиг.
4060. Ақлсизлар раҳна солиб бузар илмни,
Билимсизлар вайрон қилар элини.
4061. Улуғликка эришса нодон киши,
Хўжасин бошин ейди, эй юрт боши.
4062. Бег қулнинг амали, уқувин билсин,
Илмига яраша мартаба берсин.
4063. Қул феъл-атворин синаб кўрмоқ керак,
Ақлига яраша кўтармоқ керак.
4064. Қул бегига содиқ, меҳрибон бўлсин,
Беглар шунга лойиқ марҳамат қилсин.
4065. Нима дер эшитгин қонун тузгувчи,
Қонун бирла беглик ишин қилгувчи:
4066. Қанча юксалмасин қул барибир қул,
Бегнинг ҳузурида хизматкордир ул.
4067. Кичик бўлса ҳамки бег номи азал,
Улуғ хизматкордан кичик бег афзал.
4068. Улуғликка етган, эй беги қадрлаб,
Бегингни улуғ бил, юксак қадрла.
4069. Ўчакишма беглар билан тенг бўлиб,
Ёмон гапирмагин, юр яхши бўлиб.
4070. Улар бахт-саодат, бахт қўли узун,
Ёнар ўт эрурлар, куйдирар кўзинг.
4071. Замон уларники, замона билан,
Муроса қилмоқ керак шодлик билан.
4072. Беҳад яхши айтмиш синаб билган эр,
Хизмат-ла юксалиб, мурод топган эр:
4073. Нечоғли эзгудир донолар сўзи,
Ўйлаб кўрсанг ипак донолар сўзи.
4074. Беглар кўзи-ла боқса агар кулиб,
Кувонма бунга ортиқ сен гўл бўлиб.
4075. Хизматингга ишонма, қилмагин кибр,
Ёдда тут, гар янглишсанг бег қилар жабр
4076. Катта-кичик ёки машҳур баҳодир,
Хизматчи хизматда муқим турадир,
4077. Тириш, хизматингда хато қилмагин,
Садоқат йўлидан четга оғмагин.
4078. Бег ўзига тутса қанчалик яқин,
Тўғри юр, кимлигинг ҳеч унутмагин.
4079. Қанча яхши кўрса, хавотирда юр,
Ишонма, жазога доим тайёр тур.
4080. Гоҳ ўтдир улар, гоҳо сув бўлар,
Гоҳ, кулдириб, гоҳо йиғлатиб турар.
4081. Уч нарсанинг қўшниси, бўлма яқин,
Ёнар ўт, оқар сув ва бег шуҳратин.
4082. Беглар бамисоли забардаст арслон,
Ипакдек мулойим эркалатган он.
4083. Қўпол бўлсанг ғазабланиб, бош кесар,
Жазо берар, томир кесиб, қон ичар.
4084. Ғазаб они бегларга яқин борма,
Ким борса, шикастга учрамай қолмас.
4085. Қадрингни билиб юр, сўраса гапир,
Ўзинг эҳтиёт қил, чақирганда кир.
4086. Кўп тингла, ўзинг эшитмаганга сол,
Кўпни кўрсанг ҳамки, кўрмай қўя қол.
4087. Не дер тингла ўзини тутган киши,
Пайтида кириб, арзин айтган киши:
4088. Кириб тур десалар, бил қадринг ўкиш (7)
Чиқиб тур десалар, юзингга сўкиш.

7. Ўкиш – кўп, зиёда

4089. Кўзингу ўзингни тийиб юр доим,
Ўзин тийган азиз бўлгай илойим.
4090. Уч ишдан йироқ бўл, тузук ўйлагин,
Бири — гапнинг рости, қаттиқ бўлмагин.
4091. Бири — ёлғон ва учинчиси суқлик,
Бу учнинг оқибати эрур йўқлик.
4092. Майда гап бўлма сен, борин яширма,
Тўғри сўзла доим, борин яширма.
4093. Хар жиҳатдан ўзингни покиза тут,
Беглик — поклик, поклик севар ёдда тут.
4094. Саройга кирганда хушёр бўлиб юр,
Сени ким қадрласа, уни азиз кўр.
4095. Гердайма, қўл осилтириб кирмагин,
Ғофил бўлиб, қўл тутишиб кирмагин.
4096. Гар ўлтирар бўлсанг ўз ўрнингни бил,
Бировни хўрлама одамийлик қил.
4097. Баланд овоз билан қийқирма қаттиқ,
Пасткашлик йўқ эл аро бундан ортиқ.
4098. Чордона қурма ва ёнбошлаб ётма,
Бор овозда сен қаҳ-қаҳ отиб қотма.
4099. Тирноқ олма ва чалиштирма оёқ,
Хор қилгай бахт қочиб, егайсан таёқ.
4100. Ўзингдан улуғнинг сўзин сўзлама,
Сўзинг безаб, обрў топмоқ кўзлама.
4101. Доим тўғри сўзла, ёруғ бўлгай юз,
Бурро бўлиб тилинг айтсин эзгу сўз.
4102. Маст бўлиб саройга кирмагин сира,
Ичувчи ярамас, ёқимсиз, хира.
4103. Киши ўзини асрамаса агар,
Уч нарса бор унинг бошини еяр.
4104. Бири — беглар сўзин сир тутмоқ керак,
Уни тан-жонидек асрамоқ керак.
4105. Иккинчи — садоқат, элга одиллик,
Ўзини асрамоқ эрур оқиллик.
4106. Учинчи — саройда туз тутмоқ ўзин,
Номатлуб ишлардан қочирмоқ кўзин.
4107. Бу уч ишда ғафлатда қолган киши,
Қанча улуғ бўлсин, кесилгай боши.
4108. Юз берар иш оқибати номаълум,
Уни билиб бўлмас, эй феьли ҳалим.
4109. Агар тўрдан жой олиб сен ўлтирсанг,
Сакраб тургин биров кирганин кўрсанг.
4110. Қачон бир савол берса беглар сенга,
Эй баҳодир, жавобни чўзма унга,
4111. Гар тинггласа, билганингни баён қил,
Гапинг бўлса, тўхта, сўзинг адо қил.
4112. Агар беглар ошга чақирса сени,
Одоб-ла овқатлан, ўргангин буни.
4113. Емакни ол ўнг қўл билан, эй ҳаким,
Аввал айт бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
4114. Биров олдидагига қўл сунмагин,
Эй зийрак, ўз олдингдагини егин.
4115. Суяк ғажима, этга пичоқ тортма,
Ундаб бировни аввал овқат тотма.

4116. Суқлик билан сен ҳовлиқиб емагин,
Аёллардек ўринсиз ноз қилмагин.
4117. Қайчалик тўқ бўлма егин бег ошин,
Бег емишин бил қадр-қиммат боши,
4118. Қўл урсанг агар сен ҳар қандай ишга,
Рўшнолик кўргайсан, астойдил ишла.
4119. Бу ҳақда бир олим айтмиш яхши гап,
Амал қилса тегар олтин каби наф:
4120. Бирон иш ихтиёри тегса сенга,
Эй жасур, билим бирла кириш унга.
4121. Мартабанг юксалиб, ёбғу бўлсанг ҳам,
Вафоли бўл, бошинг кўкка етса ҳам.
4122. Лашкарга қўмондон бўлсанг мабодо,
Сахий бўл, уйғоқ бўл, шому сабода.
4123. Ҳукми тегса қабила, мол-мулк, ернинг,
Қўлингни оч, жиловлаб ташла феълинг.
4124. Вазирликка етсанг, узун бўлса қўл,
Одил тартиб ўрнат, ўзинг яхши бўл.
4125. Маслаҳатчи бўлсанг фаросатли бўл,
Гар бегинг янглишса, кўрсат тўғри йўл.
4126. Кўк айуқ лавозими тегса агар,
Ўзинг эҳтиёт қил, бахт боғлар камар.
4127. Бир элга бош бўлсанг, қўмондон ёхуд,
Тўғри бўл, кўзу қулоқни зийрак тут.
4128. Ҳожиб бўлсанг агар пора олмагин,
Факир, тул, етимлар сўзин тинглагин.
4129. Ғазнага хазиначи этсалар сени,
Софлик, ишонч билан адо эт уни.
4130. Хат битувчи саркотиб бўлсанг ўзинг,
Кўнгил сирин сақла, чиқарма сўзинг.

4131. Булар мансабдордир унвон олгувчи,
Қолганлар уларга хизмат қилгувчи.
4132. Бундан бўлак бордир яна ишчилар,
Тўшакчи, лочиндор ҳамда ошчилар.
4133. Бу янглиғ ишлардан йироқ бўл, йироқ,
Роҳати оз, машақкати минг бироқ.
4134. Ўзингга тиласанг агар эҳтиром,
Бировларни эъзозла, эй муҳтарам.
4135. Улуғни улуғлаб, сақла ҳурматин,
Келгай сенга давлат, улуғлик қути.
4136. Нима дейди тингла, қарилар сўзин,
Ким тутса бу сўзни очилгай кўзи:
4137. Улуғни ҳурматлаш жаҳон қонуни,
Улуғ келса, туриб кутиб ол уни.
4138. Улуғга ярашгай кичик ҳурмати,
Улуғ бажо этгай унинг ҳурматин.

4139. Билганларим шулар, деди Ўгдулмиш,
Шундай адо этилади саройда юмуш.
4140. Баён этдим, сен диққат-ла тингладинг,
Қандай хизмат қилиш керак, англадинг.
4141. Бегга хизмат йўсинлари шу эрур,
Хизмат қилгач, бахт эшиги очилур.
4142. Бу хизмат фойдали, яхши бил буни,
Гар англасанг дастуриламал қил уни.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

4143. Ўдғурмиш айтдики, берибон жавоб,
Эшитдим гапларинг, эй олижаноб.
4144. Яна бир гапим бор, айтайин сенга,
Унинг ҳам мағзини чақиб бер менга.
4145. Элиг хизматига кирсам шаҳарда,
Амрига шай турмоғим шарт саройда.
4146. Улар йўл-иўриғин билмоғим керак,
Улар-ла тириклик қилмоғим керак.
4147. Ходимларга албат қўшилмоқ лозим,
Ва уларга монанд яшамоқ лозим.
4148. Бунинг йўл-йўриғин баён айлагин,
Уларга қўшилмоқ сирин англайин.

ҚИРҚ ОЛТИНЧИ БОБ
САРОЙ АҲЛИ БИЛАН ҚАНДАЙ МУОМАЛАДА
БЎЛИШ КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

4149. Жавобан, қариндош, деди Ўгдулмиш,
Бу ҳам билиш лозим бўлган иш.
4150. Сарой муомаласи ҳам илм эрур,
Қандай юриш, сўзлашни билмоқ зарур,
4151. Тириклик улар-ла ўтар, қариндош,
Бирин дўст тут, бирини-чи қариндош.
4152. Сарой аҳли бирла чиқишмоқ керак,
Келишиш, борди-келди қилмоқ керак.
4153. Улар билан муроса қилолмасанг,
Яхши зот, ҳаёт тотин билолмассан.
4154. Нима дейди эшит хизмат қилгувчи,
Адли бирла саройни гуллатгувчи:
4155. Яқин бўлмоқ истасанг гар бег била,
Сарой аҳли бирла яқинлик тила.
4156. Улуғликка етмоқликни кўзласанг,
Ходимлар-ла аҳил бўлмоқ кўзла сен.
4157. Беглар агар қанча яқин тутса ҳам,
Тўғри юргин, ходимлар-ла бўл ҳамдам.
4158. Сарой аҳлидир уч тоифа киши,
Улар билан битгай тириклик иши.
4159. Бири сендан катта, улуғлар эрур,
Улар хизматин қил, бахт тугал бўлур.
4160. Уларни улуғла, қадрла сўзин,
Яхши кўриб боққайлар очиб юзин,
4161. Яхши фикр айтмиш билимли доно,
Донолар сўзини билгин пурмаъно:

4162. Кичик улуғликни улуғдан топар,
Улуғ ишин қилиб, кичик қут топар.
4163. Улуғлар сўзин тут, чопиб юмуш қил,
Улуғ сўзин тутган тилак топар, бил.
4164. Улуғлар қут, қутни орзу этсанг сен,
Кут меҳнат маҳсули, хизмат қилгин сен.
4165. Яна бири, тенг-тушинг, эй қариндош,
Узоқ бўлса — ёв, яқинлашса қардош.
4166. Эшинг, тенг-тушингга қўшилгин албат,
Oқибатга оқибат кўрсат албат.
4167. Тағин бир гуруҳи сендандир кичик,
Улар билан тотгайсан аччиқ-чучук.
4168. Хизмат қилса, мол бер, гуноҳ қилса ур,
Ҳеч бўш қўйма, ишин суриштириб тур.
4169. Беҳурмат қилдирма кичикка ўзинг,
Ҳазил-мазаҳ қилма, тийиб юр сўзинг.
4170. Ёр-биродар орттир, дўст тутгин беҳад,
Дўстинг кўп бўлса, мақталгайсан ҳар вақт.
4171. Ёт кишини синамай ёғи қилма,
Душманли шодликнинг лаззатин билмас.
4172. Ёғи оз бўлса-да, зиёни кўп бил,
Душмандан наф бор деб айтмагай ҳеч тил.
4173. Эшит, қалби уйғоқ хушёр нима дер,
Душман зараридан азоб чеккан эр:
4174. Бир бўлса-да душман зарари мингдир,
Минг бўлса-да дўст оз, биттага тенгдир.
4175. Киши наф кўрмагай душман касридан,
Наф кўргай у фақат ўз тадбиридан.
4176. Қандай муомала қилса қўлдошинг,
Шундай жавоб бер, қувонсин йўлдошинг.

4177. Дўст бўлгин албат ўз тенгинг билан,
Муносиб бўлажак тенг-тенги билан.
4178. Ёмонга дўст бўлма, қоч нари ундан,
Ёмон дўст оздиради тўғри йўлдан.
4179. Яхши ном қозонай десанг оламда,
Тириш, қўшилмагин ёмон одамга.
4180. Бор тирик жон тўдаси билан юрар,
Инсон, ҳайвон, қуш, қурт тўдасин билар.
4181. Нима дер эшитгин эл-юртнинг боши,
Яхши-ёмонни кўриб яшаган ёшин.
4182. Чуғурлаб учган чуғурчуққа қара,
Боқсам жуфт иккови бир хилда қора.
4183. Қуғуга (8) қўшилмас сира ҳам юғоқ (9),
Қорақуш оққушдан жуда ҳам йироқ.

8. Сув қуши
9. Ёввойи ғоз

4184. Учар қуш жуфт топиб, тўда тузар, бил,
Одамсан, қўшилар кишингни топгил.
4185. Икки турли эрур яқинлик иши,
Бу икки иш учун дўст тутгай киши.
4186. Бири дўст бўлади тангрилик учун,
Бунда ўрин йўқдир эгрилик учун.
4187. Қай бири ўз нафин кўзлаб дўст бўлар,
Бу дўстлик боқиймас, омонат бўлар.
4188. Худо учун дўст бўлсанг агар ўзинг,
Зарда қилма, кўтар юк, бурма юзинг.
4189. Бунинг нафин ҳозир кутмагин, чида,
Унинг ажрин эртага бергай Худо.
4190. Дунё нафин кўзлаб дўст бўлса одам,
Бу дўстдан қоч нари, бўлмагин ҳамдам.
4191. Не дер эшит дўсту ёр тутган киши,
Дўст зарар, нафин синаб кўрган киши:
4192. Фойда, зарар бобида сина дўстни,
Бу бобда синалса, маҳкам тут уни.
4193. Билмоқ истасанг дўст кўнглин синаб кўр,
Ғазабин келтиру қовоқ уюб кўр.
4194. Севиш, севмаслигин билмоқ истасанг,
Севимли нарсасин сўра, биласан.
4195. Икки ҳолда агар қовоқ уймаса,
Бундай эрни бўлар жон дўстим деса.
4196. Ғийбатчига қўшилма, борма яқин,
Ғийбатчи тилидан чиқар ўт — чақин.
4197. Ғийбатдан фисқу фасод босар олам,
Ғийбатчи бошини кес, эй мард одам.
4198. Таъмагир-ла яқин бўлма, эй сахий,
У сенга муқаррар бўлғуси ёғи.
4199. Таъмагир кўзласа бирон нафини,
Атагай сени у ака ё ини.
4200. Бирон наф чиқмаса ўгириб юзин,
Умрида кўрмагандек тутар ўзин.
4201. Дўст, қардош бўл, таъмани қилмай нишон,
Беташвиш яшагин, уларга ишон.
4202. Қувонч, қайғуда ёр-биродар, жўралар,
Яхши, ёмонликда кунингга ярар.
4203. Ғамхўр кўп бўлишин истасанг ўзинг,
Нон-тузингни едир, очиқ тут юзинг.
4204. Бу икки одатга меҳр қўяр киши,
Яхши-ёмон кун у қилар ўз ишин.
4205. Бунга монанд таълим бермишдир билим,
Сен унга амал қил, хулқи мулойим.
4206. Нон-тузинг едир кўпга қувонч ила,
Чеҳрангни очиқ тут, ширин сўз ила.
4207. Инсон қул қилинар шу йўллар ила,
Бошқа йўл топмадим, бўлса сен тила.
4208. Биларсан, душман ҳам икки хил бўлар,
Душман бўлгач, албат тузоқ қурилар.
4209. Бири эътиқод, дин душмани эрур,
У-кофир, ҳамиша душманлик қилур.
4210. Бири душмандир фойда, зарар учун,
Душманлик қилар у олмоқ-чун ўчин.
4211. Кофирларга сен қаттиқ душманлик қил,
Бу ишга сен тану жонни фидо қил.
4212. Фойда, зарар учун душман бўлса ул,
Фойдаларни унга берганинг маъқул.
4213. Фойда кўрса яқин бўлади душман,
Сенга фойда, зарар кўради душман.
4214. Қаттиқ урин, ёвни яқин қил, яраш,
Тинч яшарсан, омон бўлар азиз бош.
4215. Урушдан фойда йўқ, ишлатгин билиг,
Бенаф ишга сира урмагин илик.
4216. Содиқ бўл дўстларга, орттирма ёғи,
Душманли кишининг кўп бош оғриғи.
4217. Одамлар яхшисин дўст тутгин албат,
Кимнинг дўсти нобоп, пушмон ер абад.
4218. Истасанг яхшининг яқин бўлишин,
Икки йўл бор бу тилакка етишнинг.
4219. Бири зоти тоза, киши яхшиси,
Топилса, дўст бўлмоқ ишнинг яхшиси.
4220. Бири тақводордир, Худони билар,
Асл зот, одамийлик ундан келар.
4221. Шу икки кишига бўл яқин, ҳамдам,
Булардан яхшилик келади ҳар дам.
4222. Ёмонотлиқ кишидан қочгин нари,
Қора бўлар улар қилиғин бари,
4223. Қорага яқинлашма, эй кўнгли оқ.
Оққа қора, жуда тез юқади, боқ.
4224. Доно маслаҳатчи берар хўп билим,
Уни англаб етган бўлажак олим:
4225. Ёмонга қўшилма, эй яхши киши,
Хулқинг айниб, бўларсан унинг эши,
4226. Ёмонга қўшилма, эй яхши одам,
Юз қора, ёмон ном оласан ҳар дам.
4227. Ёмонга қўшилма, юрма у билан,
Ёқангдан олар у юзсизлик билан.
4228. Кўп кўрдим, яхши деб аталган киши,
Ёмонга қўшилгач, бузилди иши.
4229. Яхшини кўп кўрдим, ёмон касрига,
Юзи шувит бўлар — иснод наслига.
4230. Бу беглар уйининг номи қаршидир,
Қарши аҳли бир-бирига қаршидир.
4231. Бу даргоҳда ҳасадгўйлар кўп бўлар,
Қайда ҳасад, уриш, жанжал кўп бўлар.
4232. Сендан улуғ оёқости айлагай,
Жонинг қийнаб, сени ўтга ташлагай.
4233. Кўролмас сени ҳеч ўз тенгу тушинг,
Яхшилик куйдирар, қорайгай кунинг.
4234. Кичиклар ҳам ҳасад қилиб қастлашар,
Яхшиликни раво кўрмай пастлашар.
4235. Шу тарзда бир-бирига қарши улар,
Икки куч қаршилашса, бири ўлар.
4236. Эй кўнгил шодлиги энди маҳкам бўл,
Бировларга ҳасад қилма, тўғри бўл.

4237. Ҳасад бир касалдир йўқ эрур даво,
Емиши бир — жонни айлагай адо.
4238. Бор яхши-ёмонлик фармони Эгам,
Худо бергач, ҳасаддан қайтмас ҳеч ҳам.
4239. Ҳасад қилмоқликдан не манфаат бор,
Ҳасадгўй балога бўлгай гирифтор.
4240. Имкон бўлса доим яхшилик қилгин,
Ўзингга қайтар у шубҳа қилмагин.
4241. Кишилар қувонса, қувонгин сен ҳам,
Қайғу-алам етса, бирга чеккин ғам.
4242. Яхши аталасан, сени севгайлар,
Дўстлик истаб ҳузурингга келгайлар.
4243. Тириш, душман орттирма, эй қариндош,
Кўпайтиргин дўст-биродар ва қардош.
4244. Қастлашиб биров душман бўлса сенга,
Ғофил бўлма дарров тузоқ қур унга.
4245. Не дер эшит ёв билан ёвлашган эр,
Ёв устидан қўли баланд келган эр:
4246. Ғофил бўлма, ёвдан қоч, нари кетгин,
Ғафлатда қолдириб, тузоққа элтгин.
4247. Камситма душманни, кўп қудратли бил,
Калтакли ёвга сен темир қалқон қил.
4248. Ёр-дўстни хуш этиб, кўтар кўнглини,
Сўзимни унутма, қаттиқ тут уни.
4249. Душман бўлса ошнанг жонга қаст қилар,
Ё териб йиққан молингга қаст қилар.
4250. Ичу тошингни яқин дўстинг билар,
Сиринг яхши билган молингни олар.
4251. Истаса молингга чанг солади у,
Истаса жонингга қаст қилади у.

4252. Ўзингни нечоғли кузатсанг ўзинг,
Шундай кузат дўстингни, бас қил сўзинг.
4253. Дўст бўлмоқ осон, амал қилмоқ қийин,
Душман бўлмоқ осон, ярашмоқ қийин.
4254. Душманли бўлсанг гар асра тану жон,
Ундан бешикаст қутилмоқ беимкон.
4255. Икки хил кишига қўшилма минбад,
Қўшилсанг бас, фитна чиқарар албат.
4256. Бири — ғийбатчидир, чақимчи киши,
Бири — иккиюзлама, таъма иши.
4257. Майхўрни дўст тутма, оқибатсиз ул,
У вафо қилмагай, оғритатар кўнгил.
4258. Худбинга меҳр қўйиб, дўст бўлма ҳаргиз,
Манфаат кўрмаса душман бўлар тез.
4259. Яқинлик истасанг сўровчи бўлма,
Ҳожат чиқаргину ҳожатманд бўлма.
4260. Шодмон яшай десанг андишали бўл,
Яхшилик қил ва ҳасаддан йироқ бўл.
4261. Айлантирмоқ истасанг ётни қулга,
Соқолини силаб, олтин бер унга.
4262. Яқинларни ёт қилиш бўлса хоҳишинг,
Сўраганин берма, кўтар товушинг.
4263. Ният бўлса агар узоқ умр кўрмоқ,
Лозим нон-туз едириб, сахий бўлмоқ.
4264. Суюмли бўлишни истасанг ўзинг,
Кўнгил, тилни бир қил, ширин қил сўзинг.
4265. Қадр-қиммат топмоқ истасанг доим,
Одамларни қадрла хулқи мулойим.
4266. Агар бой бўлишни истасанг беҳад,
Борига рози бўл, етасан албат.
4267. Кишилар доим мақташин истасанг,
Феъл-атворинг тузат, очиқ тут чеҳранг.
4268. Шундай бўлар албат инсон асили,
Оқибат қилмоқ одамийлик асли.
4269. Билишни истасанг одам аслини,
Феълига боқ, тез билгайсан наслини.
4270. Беҳад яхши демиш бу байт айтгувчи,
Сўзин маъно бирла безаб айтгувчи:
4271. Одам аслин билмоқ истасанг равшан,
Кўнгил, тил, феъл-атвор аслидан нишон.
4272. Яхши бўлса кўнгил, тил, хулқу одат,
Бу насли яхшилигидан шаҳодат.
4273. Нокасга қўшилма, эй насли тоза,
Тўкар обрўйингни у пок-покиза.
4274. Нима дер эшитгин саришта киши,
Нодондан қочган у оқиллар боши:
4275. Ёмонга қўшилма ўзинг яхши бўл,
Жанжал нокаслардан, чиқар, эй ўғил.
4276. Жоҳил билан сира бўлмагин яқин,
Ғазабланса бузгай дўстликнинг ҳақин.
4277. Кўнгил сирин очаверма ҳар кимга,
Агар очсанг ташвиш бўлади сенга.
4278. Орта борсин десанг гар яқинлигим,
Таъмасиз яша сен, эй доно ҳаким.
4279. Истасанг бўлишни доим сен шодмон,
Тўғри бўл, роҳатда яшарсан омон.
4280. Қадрли бўлишин истасанг сўзинг,
Беҳуда гапирма, чин бўлсин сўзинг.
4281. Юзинг ёруғ бўлишин истагайсан,
Тўғри бўл, хотиржам, тинч яшагайсан.

4282. Ном, сўзинг боқийлигин истасанг гар,
Қўлни қисқа қилгин, бўлгунг бехатар.
4283. Баобрў бўлишни истасанг ҳар кез,
Андиша қил, ёлғон сўзлама ҳаргиз.
4284. Қайдаки кўтарилса давлат боши,
Дарров унга ёндош, эй яхши киши.
4285. Давлат билан ўчакишма, дўст бўлгин,
Дўст бўлмасанг еганинг заққум билгин.
4286. Ғийбат қилма ҳам беҳуда сўзлама,
Гинани қўй, сира туҳмат излама.
4287. Сўз совуқ бўрондир, дилни оғритар,
Кўнгли оғриган эр ҳолинг танг этар.
4288. Ўзингдан улуғнинг сўзин қилма рад,
Уларга дағал жавоб берма ҳеч вақт.
4289. Улуғларни қадрла, ҳурматин қилгин,
Қути юқиб, улуғлик келгай, билгин.
4290. Тенг-тушларинг билан борди, келди қил,
Аралашиб яша, олди-берди қил.
4291. Қадрласа чиндан сен ҳам уни қадрла,
Ҳақир кўрса, яқин борма, ҳақирла.
4292. Қандай муомала қилса, шундай қил,
Ширин сўзлар айтса, тилни ширин қил.
4293. Барча яхшиларга сен ҳам яхши бўл,
Ёмонга баробар сен ҳам ёмон бўл.
4294. Яхши айтмиш таомил билган киши,
Таомил-ла элни яшнатган киши:
4295. Сени сиз десалар сен ҳам сизлагин,
Жавобан ундан-да яхши сўзлагин.
4296. Асло акс-садодан ҳақир бўлмагин,
Сени сен десалар сен ҳам сенлагин.
4297. Саройда муомала, таомил шу,
Уларга қўшилмоқ йўл-йўриғи шу.
4298. Билганларим баён этдим, эшитдинг,
Гапни чўзмай уни дилга жо этгин.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

4299. Жавобан Ўдғурмиш айтди ушбу сўз,
Гапларинг эшитдим, аё кўнгли туз.
4300. Бундан бошқа бордир яна бир сўзим,
Унинг ҳам маъносин айт, кўркам юзим.
4301. Кирар бўлсам бугун шаҳар, кент аро,
Элга қўшилмоғим керак минг бора.
4302. Улар билан қандай юрмоғим керак,
Буни ҳам айтиб бер, билмоғим керак.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

4303. Жавобан Ўгдулмиш айтди: Кўнгли туз,
Чиндан-да керакли эрур ушбу сўз.
4304. Кўп ўринли саволни бердинг менга,
Қулоқ сол, жавобин айтайин сенга.

ҚИРҚ ЕТТИНЧИ БОБ
АВОМ ХАЛҚ БИЛАН ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА
БЎЛИШ КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

4305. Авом халқнинг хулқи ҳамда рафтори,
Ўзига мос билим, феълу атвори.
4306. Аҳлоқ, тарбиядан йироқдир будун,
Билмас муомала бўлгай қай йўсин.
4307. Уларсиз битмагай асло бирон иш,
Яхши гапиргину лек бўлмагин эш.
4308. Авом хулқи бўлар мутлақо қора,
Ўзингни асра сен, қилмагин қора.
4309. Авом феъли ҳовлиқма, хулқи-бебош,
Ҳатти-ҳаракати феълига ўхшаш.
4310. Ейишни билар, бас, қорни бўлса тўқ,
Қориндан бўлак ҳеч ғам-ташвиши йўқ.
4311. Авом хулқин билган эшит нима дер,
Кишилар фарқини синаб билган эр:
4312. Авом ташвиши фақат қорин учун,
Жон койитиш фақат томоқ учун,
4313. Қанча одам ўтди томоғини деб,
Энди қора ерда ётарлар ғам еб.
4314. Авом қорни тўйса, узаяр тили,
Қаттиқ тутилмаса, эрк истар дили.
4315. Уларга қўшилиб юргин, қариндош,
Хабар ол ҳолидан, бериб тургин ош.
4316. Яхши гапир доим, не сўраса бер,
Берувчи олару ризқин тугал ер.
4317. Кўп сўзлама асло, тилни тийиб юр,
Кўп сўзнинг қадр-қиммати бўлмайди, кўр.
4318. Не дер тингла ўзини тутган киши,
Тилини тийиб, билим олган киши:
4319. Сўз деб ҳамма сўзни сўзламасин тил,
Керак сўзни сўзлашни ўрганиб бил.
4320. Оқилларни кўрдим оз сўзлайдилар,
Кўп сўзладим дея пушмон ейдилар.

ҚИРҚ САККИЗИНЧИ БОБ
АЛАВИЙЛАР — ПАЙҒАМБАР АВЛОДЛАРИ БИЛАН
ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА БУЛИШ
КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

4321. Сарой аҳли ва ходимлардан бўлак,
Зотлар бор, уларга қўшилмоқ керак.
4322. Расул авлодидир улардан бири,
Қадр этганга ёғар саодат нури.
4323. Меҳр қўй уларга, дилдан яхши кўр,
Яхшилик қил, доим хабар олиб тур.
4324. Расулга аҳли байт, қариндош улар,
Расул ҳаққи севгин, Ҳақ рози бўлар.
4325. Сўраб-суриштирма мақсад, ишини,
Ноўрин сўз айтса, тергаб тур уни.

ҚИРҚ ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ
ОЛИМЛАР БИЛАН ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА
БЎЛИШ КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

4326. Яна бир гуруҳи доно олимдир,
Илми эл йўлин ёритар омилдир.
4327. Сўзларин қадрлаб, кўнгил қўй уларга,
Озми, кўпми билим ўрган улардан.
4328. Яроқли, яроқсиз — билувчи улар,
Билиб, тўғри йўлни тутувчи улар.
4329. Улар илмин ўрган, билганларин бил,
Яхшилик қил доим, ширин бўлсин тил.
4330. Бўлмаса оламда билимли доно,
Егулик битмасди ерда бир дона.
4331. Улар илми бўлди эл-юртга чироқ,
Йўлдан адашилмас, порласа чироқ.
4332. Мол-мулк бер чорлаб, хушмуомала бўл,
Нон-тузингни едир, тавозеъда бўл.
4333. Койима уларни андишали бўл,
Бир саноч оғудир улар яхши бил (10).
4334. Нон-тузингни едир, қўпол сўз айтма,
Азиз бил уларни, қадрин камайтма.
4335. Илмини ол, ўзини таҳқир этма,
Феъл-атвор, хулқини ёмон деб айтма.
4336. Улардан кераги — илмидир мақбул,
Хақиқат истасанг кўрсатгайлар йўл.
4337. Қўй суруви аро серкадир улар,
У бошласа йўлдан адашмас қўйлар.
4338. Улар билан доим яхши бўлгайсан,
Икки олам саодатин топгайсан.
4339. Бундан бошқа қанча гуруҳ бор эрур,
Боқ, илм, амали ўзгача эрур.

10. Исломда бировнинг ғийбатини қилиш унинг гўштини ейиш билан баробар. Аллоҳ таоло одам гўштини ейишни ҳаром қилган.

ЭЛЛИГИНЧИ БОБ
ТАБИБЛАР БИЛАН ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА
БЎЛИШ КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

4340. Яна бир гуруҳи табиблар эрур,
Барча дарду касалга даво қилур.
4341. Сенга беҳад зарур бундайин киши,
Усиз ўнгланмагай тириклик иши.
4342. Бирон дардга чалинар тирик одам,
Табиб дардни топиб, беради марҳам.
4343. Касаллик ҳамма вақт ўлимга ҳамроҳ,
Ўлим тирикликнинг аксидир, эвоҳ.
4344. Табибларни ҳурмат килиб, тут яқин,
Керакли зот улар, адо эт ҳақин.

ЭЛЛИК БИРИНЧИ БОБ
АЗОЙИМХОНЛАР БИЛАН ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА
БЎЛИШ КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

4345. Азойимхонлар бор улардан бошқа,
Жин, парилар дардини даволашга.
4346. Буларга ҳам албат қўшилмоқ керак,
Жин, парили дардни тузатмоқ керак.
4347. Нафи тегсин десанг агар уларнинг,
Эй баҳодир, эъзозлагин уларни.
4348. Табиблар тан олмас уларнинг сўзин,
Азойимхон бурар улардан юзин.
4349. Табиб дард кетади доридан дегай,
Униси дер тумордан жин аригай.

ЭЛЛИК ИККИНЧИ БОБ
ТУШ ТАЪБИРИНИ АЙТУВЧИЛАР БИЛАН ҚАНДАЙ
МУНОСАБАТДА БЎЛИШ КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

4350. Таъбир илми хўп ажиб билим эрур,
Таъбирчи тушга яхши таъбир берур.
4351. Инсон ухлаганда магар туш кўрар,
Таъбир қила билса, айтгани келар.
4352. Инсон ухлаганда кўрар турли туш,
Яхши таъбир қилса, бўлар кўнгли хуш.
4353. Босириқ туш кўрса, беъмани, ёмон,
Эҳсон бериб, асраш керак хону мон.
4354. Кўргин туш илмини меҳрибон Худо,
Инсон яхшилик кўр, деб қилди ато.
4355. Яхши туш кўрганда инсон севинсин,
Ёмон туш кўрганда Ҳаққа сиғинсин.
4356. Фақирларга берсин кумуш, мол-товар,
Садақа балога каффорат бўлар.
4357. Таъбирга мос келар, яхшиликка йўй,
Эй таъбирчи, эътибор бер, кўнгил қўй.
4358. Тушга яхши таъбир бергувчи киши,
Билимли меҳрибон, яхшилар эши.
4359. Уларни яхши кўриб, эт қариндош,
Иста дўсту ёр бўл, иста қариндош.

ЭЛЛИК УЧИНЧИ БОБ
МУНАЖЖИМЛАР БИЛАН ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА
БЎЛИШ КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

4360. Булардан ўзгалари мунажжимлар,
Нозик иш қилади назар сол улар.
4361. Уларда бўлар йил, ой, кун ҳисоби,
Эй мард, керак бўлар ҳисоб-китоби.
4362. Ҳандаса (11) ўқи уни билай десанг,
Ҳисоблар эшиги очилсин десанг.
4363. Тўлиқ бил кўпайтирув, бўлув, касир,
Камолга етишда бу муҳим тадбир.
4364. Карра ва бўлувни сен мукаммал бил,
Уни билгандан сўнг адад жазри (12) қил.
4365. Сўнгра қўшув-олув, масоҳатга (13) ўт,
Етти қат фалак сирин хас каби тут.
4366. Истасанг ўргангин жабру муқобил (14),
Уқлидис (15) илмин олиб тур тақобил.

11. Геометрия
12. Илдиз топиш
13. Сатҳни ўлчаш
14. Алгебра
15. Уқлидис — юнон олими Эвклиднинг шарқона исми

4367. Бу дунё охират ишини олим,
Англатгай ҳисоблаб, ўрганиб билим.
4368. Ҳисоби бузилса, эй яхши киши,
Бузилгай ҳар икки дунёнинг иши.
4369. Бирон ишга сен қўл уришдан аввал,
Вақт қулай, ноқулайин бил даставвал.
4370. Кун, ойларнинг қутли, қутсизлари бор,
Қутлисин танлаб ол,саодатга ёр.
4371. Билимдон мўйсафид яхши айтмишдир,
Оқилдан сўраб қил ишинг демишдир.

4372. Илм барла бошласа ишини инсон,
Не қилса тилакка етар ҳар қачон.
4373. Ҳар бир ишда фойда беради билим,
Қўл етмас кейинга сурилса билим.
4374. Улардан сўра-ю, буткул ишонма,
Билгувчи Худодир, сен ундан қолма.
4375. Улар билан яхши бўлгин, бўл йўлдош,
Тилингни тийиб юр, кўнглинг қилма ғаш.

ЭЛЛИК ТЎРТИНЧИ БОБ
ШОИРЛАР БИЛАН ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА
БЎЛИШ КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

4376. Бордир шоир — сўздан дур тергувчилар,
Бировни мақтаб, бирин сўккувчилар.
4377. Қиличдан ўткирдир уларнинг тили,
Қилдан-да нозикдир тафаккур йўли.
4378. Истасанг тингламоқ нафис, теран сўз,
Улар англатгайлар неки ҳикмат — сўз.
4379. Фикран улар уммонга кирадилар,
Гавҳар, ёқут ё инжу терадилар.
4380. Мақтасалар элга ёйилгай мақтов,
Сўксалар киши номи бўлгай махов.
4381. Эй қариндош, улар билан яхши бўл,
Улар тилига тушма, эҳтиёт бўл.
4382. Мақталишни истасанг агар ўзинг,
Уларни севинтир, қисқа қил сўзинг.
4383. Неки сўрасалар бадастир қилгин,
Улар тилидан ўзинг асрай билгин.

ЭЛЛИК БЕШИНЧИ БОБ
ДЕҲҚОНЛАР БИЛАН ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА
БЎЛИШ КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

4384. Деҳқонлар эрур яна бир гуруҳи,
Улар қўлида тириклик уруғи.
4385. Уларга қўшилмоқ ғоят муҳим иш,
Қоринни тўйдирмоқ бўлмайди ташвиш.
4386. Бор қимирлаган жон манфаат топар,
Еб-ичишда ҳамма ҳаловат топар.
4387. Жамъи тин олгувчи ҳамда очу тўқ,
Уларга муҳтож бўлмай иложи йўқ.
4388. Сенга ҳам шубҳасиз керак бу киши,
Улар билан битгай қориннинг иши.
4389. Уларга ҳам аралаш, эй қариндош,
Ҳалқуминг пок, ҳалол бўлгай еган ош.
4390. Нима дер эшит тақволилар боши,
Хар бир ишни тадбир-ла қилган киши:
4391. Тўғри ва нозик йўл тутай дегайсан,
Халқумингни поклаб, ҳалол егайсан.
4392. Тақводор бўлайин десанг мукаммал,
Ҳалқум, бадан поклигига қил амал.
4393. Десанг бой бўлайин, фақир бўлмайин,
Ўзингни асрагин, зино қилмагин.
4394. Қадр-қиммат топай десанг элда ҳар кез,
Эй хушфеъл, фасодга қўшилма ҳаргиз.
4395. Фисқу фужур бузар асос илдизинг,
Фасод нобуд этар ҳаётда изинг.
4396. Фасоддан сақла зўрға топган қутни,
Фисқу фужур ёндирар ўчган ўтни.
4397. Яхши айтмиш феъл-атвори чиройли киши,
Ишга билим бирла қўл урган киши:
4398. Фисқ-фужурга яқин келма, нари тур,
Фасод қайда бўлса, хорлик шундадир.
4399. Фасод-ла дўстлашмас фасод ҳеч қачон,
У мисли бир кеча қўнувчи меҳмон.
4400. Деҳқонлар асли бўлар, қўли очиқ,
Худо берганидан ҳам кўнгли очиқ.
4401. Заминдаги қимирлаган ҳар бир жон,
Юргани ошин ер, учганлари дон,
4402. Уларга аралаш, яхши қил сўзинг,
Кўнглин ол уларнинг, очиқ тут юзинг.

ЭЛЛИК ОЛТИНЧИ БОБ
САВДОГАРЛАР БИЛАН ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА
БЎЛИШ КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

4403. Бундан бошқалари сотувчи эрур,
Олди-сотдидан наф олувчи эрур.
4404. Олам кезар тирикликни қаст этиб,
Фикру ёдин ёлғиз Ҳақ-ла банд этиб.
4405. Уларга аралаш, қил борди-келиш,
Не истасалар бер, қил олди-бериш.
4406. Уларда бор бу дунёнинг орзуси,
Халқ истаган нарсаларнинг эзгуси.
4407. Шарқдан Ғарбга тинмай юриб кезарлар,
Не истасанг уни ҳозир этарлар.
4408. Дунёда неки тансиқ қимматбаҳо,
Уларда муҳайё, эй олим даҳо.
4409. Савдогар бўлмаса, кезувчи жаҳон,
Қора сувсар пўстин киярдик қачон.
4410. Карвонлар тўзитмаса йўллар чангин,
Қайдан келар нарсалар рангин-рангин.
4411. Савдогарлар олам кезмаса эди,
Инжулар шодасин ким кўрар эди.
4412. Санайверсам бундай гаплар тугамас,
Гапни чўзавермай қила қолай бас.
4413. Барча савдо аҳли шу янглиғ бўлар,
Уларга эшик оч, қўшилсанг бўлар.
4414. Яхши кут уларни уриниб беҳад,
Яхши номинг кетгай билмайин сарҳад.
4415. Номингни оламга ёйгувчи шулар,
Яхшию-ёмонни ёйгувчи улар.
4416. Сенга озми-кўпми берсалар тортиқ,
Жавобқ кайтар шод этиб ундан ортиқ.
4417. Улар фойда-зарарда инжиқ билгин,
Қўшилсанг, сен бунга риоя қилгин.
4418. Нима дер эшит дунё кезган киши,
Бошидан беҳад кўп иш ўтган киши:
4419. Ният бўлса, номинг оламга ёйиш,
Мусофирни яхши кутишга тириш.
4420. Яхши ном чиқариш истасанг агар,
Кўп баҳраманд бўлсин сендан савдогар.
4421. Яхши ном қозонмоқ истасанг ўғил,
Мусофир карвонин сен яхши кутгил.
4422. Савдогарга қўшил шу тарзда ҳар он,
Яхши ном қозониб, яшагин шодон.

ЭЛЛИК ЕТТИНЧИ БОБ
ЧОРВАДОРЛАР БИЛАН ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА
БЎЛИШ КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

4423. Бундан бошқа тоифа чорвачилар,
Катта-кичик ҳайвонларга бошчилар.
4424. Кўп оқ кўнгил улар, йўқ боғ-роғ, мулки,
Бировга дардисар бўлмайди юки.
4425. Ейишли, минишли энг зотли отлар,
Улардадир юк ташувчи жонзотлар.
4426. Қимиз, сут, ёғ, сузма — анвойи неъмат,
Уйларни безовчи энг гулдор намат.
4427. Кўп фойдали кишилардир булар ҳам,
Яхши кўргин уларни, қадрла, бўтам.
4428. Аралаш уларга, едир ҳам ичир,
Тўғрилик билан доим ҳаёт кечир.
4429. Не сўраса бергин, керагини ол,
Кўп кўрдим, макр-ҳийла билишмас алҳол.
4430. Талаб қилма тартиб-қоида, билиг,
Уларнинг феъли кенг, эй кўнгли нозик.
4431. Уларга қўшилсанг ўзинг босиб ол,
Таомил билишмас, сўзлари қўпол.
4432. Яхши гапиргину лек дўст бўлмагил.
Билимсиз чигиллар бўлгайлар жоҳил.
4433. Беҳад яхши айтмиш таълим бергувчи,
Элга аралашиб, синаб билгувчи:
4434. Билимсизни ортиқ яқин тутмагил,
Яқин тутсанг, қилмас ишни қилар, бил.
4435. Бундан яхши таълим беради билиг,
Ҳар бир ишга билим бирла ур илик.
4436. Билимсизга яқин бўлма, ўзинг тут,
Ўзин тутган яшар доим қучиб қут.
4437. Биламсиздан узоқ юр, асра ўзинг,
Қўполдир билимсаз хулқию сўзи.
4438. Хуллас, чорвадорлар шу янглиғ эрур,
Қўшилсанг сўзим сенга йўлчи бўлур.
4439. Баён этдим сенга энг муҳим ишни,
Қандай яшаш ҳамда ибрат олишни.

ЭЛЛИК САККИЗИНЧИ БОБ
ҲУНАРМАНДЛАР БИЛАН ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА
БЎЛИШ КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

4440. Яна бир тоифа ҳунармандлардир,
Яшаш учун ҳунар килгувчилардир.
4441. Фойдаси кўпдир сенга уларнинг ҳам,
Эй ботир, уларга яхши бўл ҳар дам.
4442. Темирчи, этикдўз, наққош, ўймакор,
Бўёқчи, камончи ҳамда кандакор.
4443. Бу дунё зийнати бари уларда,
Ҳайратомуз ишлар сири уларда.
4444. Санаса саноқ кўп, кила қолай бас,
Узинг билиб олгайсан қилсанг ҳавас.
4445. Уларга аралаш, бирга бўл ҳар он,
Уларни қувонтир, ўзинг ҳам қувон.
4446. Ишинг қилса, ҳақларини бер чаққон,
Едир-ичир, мўл-кўл қилгин ошу нон.
4447. Эл аро демасинлар нокас, хасис,
Номинг булғанмасин, тут ўзинг азиз.
4448. Яхши сўз айтмиш доно бу ҳақда, боқ,
Халққа меҳрибон ул зот ва кўнгли пок:
4449. Тириклик тилама, яхши ном тила,
Яхши ном керакдир тириклик била.
4450. Номинг абад қолгувси ўзинг ўлсанг,
Ҳаёт шириндир номинг яхши бўлса.
4451. Ким ёмон бўлиб ном чиқарса, алҳол,
Яхшидир дунёдан кетгани дарҳол.
4452. Ҳаёт бир дастмоя, тила яхши от,
Ёмон бўлма, яхшилик қил умрбод.

ЭЛЛИК ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ
КАМБАҒАЛЛАР БИЛАН ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА
БЎЛИШ КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

4453. Булардан бошқаси эрур фақирлар,
Едир, ичир ва қил яхшиликлар.
4455. Улар дуогўйдир сенга, қариндош,
Кўп яхши нарсадир дуо, қарнндош.
4456. Эвазига улардан кутма товар,
Хақига жаннат берар Парвардигор.
4457. Булар ҳаётда кўп дуч келар киши,
Ҳожат бўлса ё тушса улар иши,
4458. Иши тушса, меҳр кўрсат, тингла арзин,
Сенга барча кишилар бўлар яқин.
4459. Икки дунё саодатин топарсан,
Яхши ном қозониб, довруғ топарсан.

ОЛТМИШИНЧИ БОБ
ҚАНДАЙ ХОТИН ОЛИШ КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

4460. Агар уйланмоқни истасанг бир кун,
Яхши хотин танла, кўп зийрак бўлгин.
4461. Насл-насаб, зоти яхшисин танла,
Ҳаёли, иболи, покини танла,
4462. Уй қизи бўлсин у, ёш қўл тегмаган,
Сендан бўлак эр юзини кўрмаган.
4463. Сени суяр, бошқасини билмагай,
Ноўрин, ножўя ишлар қилмагай.
4464. Хотин олсанг пастроғини олгайсан,
Баландга осилма, тобеъ бўлгайсан.
4465. Не дер эшит кўп синаб билган киши,
Кўп билган кишининг пухтадир иши.
4466. Хотин олгин ўзингдан паст, тўғрини,
Қувонч бирла ўтгай умрнинг ҳар куни.
4467. Юзи эмас, бўлсин ёр хулқи гўзал,
Юзинг ёруғ қилгай у хулқи гўзал.
4468. Хотин олма, билиб ўз тенгингни ол,
Эй мард йигит, топиб, режалигин ол.
4469. Хушфеълини топ, излама хусн-жамол,
Феъли яхши бўлса, бўлар баркамол.
4470. Ҳавас қилма гўзалликни, эй инсон,
У қизил юзингни қилгай заъфарон.
4471. Уйлангувчи учун тўрт хил аёл бор,
Ўзгасига ҳеч ким уйланмас зинҳор.
4472. Бири бой хотинни истар ҳовлиқиб,
Бири кўз тикар гўзалга энтикиб.
4473. Бири насил-насабини сўроқлар,
Зотига қувониб, ўзин ардоқлар.
4474. Бира ҳаёли, тақводорин тилар,
Уни топса дарров тақдирин улар.
4475. Буларнинг яхшисин айтайин сенга,
Хотин олар бўлсанг, қулок сол менга.
4476. Аё бой хотинга интилган инсон,
Ўзингни қул қилиб, қийнамагин жон.
4477. Тилин узун қилар молга паст бўлиб,
Раъйига қарарсан, ҳар кўйга тушиб.
4478. Гўзални истаган, эй яхши одам,
Уйлансанг, кулгига қоларсан ҳар дам.
4479. Ҳамма бирдек севар гўзал аёлни,
Тангри ўз фазли-ла асрагай уни.
4480. Олий зотли хотин истаган одам,
Ўзингни беқадр қилмагин ҳеч ҳам.
4481. Насил-насаби улуғларнинг тили,
Узун бўлар, бўлма хотиннинг қули,
4482. Эй тақволи хотин истаган, оқил,
Топсанг уни тўрт шарт адо бўлгай, бил.
4483. Топилса иболи, тақвадор аёл,
Фурсат ғанимат бил, дарров уни ол.
4484. Тилак бойлик бўлса, мол йиғиб берар,
Бойитиб, юзингни у ёруғ қилар.
4485. Хулқи гўзал бўлса, айни муддао,
Гўзал хулқ инсонга энг яхши тақво.
4486. Ҳаёли, пок бўлса — насаби улуғ,
Уч сифат айни шунда бўлгай тўлуғ.
4487. Тақволи хотинни иста, эй оқил,
Шунда тўрттала шарт тугал бўлгай, бил.
4488. Агар топсанг шундай тақволи аёл,
Қўлдан чиқармагин, бўлмасин увол.

ОЛТМИШ БИРИНЧИ БОБ

ФАРЗАНДЛАРНИ ҚАНДАЙ ТАРБИЯЛАШ
КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

4489. Олий зот, туғилса уйда қиз-ўғил,
Ётга берма, уйингда тарбия қил,
4490. Яхши мураббий топ, бўлсин ҳалол, пок,
Фарзанд ҳар жиҳатдан ўсгай соғлом, пок.
4491. Билим, одоб ўргат ўғил-қизингга,
Наф тегади икки оламда унга.
4492. Ўғилни уйлантир, қизни эрга бер,
Ташвишсиз яшагин, аё бахтли эр.
4493. Ўғилга турли касб-ҳунарни ўргат,
Мол-дунё келтирар унга фазилат.
4494. Ўғилни ишга сол, бўш қўйма, терга,
Лақиллаб юрмасин, бебош, бекорга.
4495. Эрга бермай қизни сақлама узоқ,
Надоматда ўлгунг дард чекмай узоқ.
4496. Эй биродар, айтай сўзимни узиб,
Қиз туғилмаса ё ўлгани тузук.
4497. Туғилса, ер қаъри ҳаммадан яхши,
Қабристонга кўшни бўлгани яхши.
4498. Хотинларга бўлгин доим кўз-қулоқ,
Улар ичи сиртидек эмас мутлоқ.
4499. Ётни уйга қўйма, хотин чиқмасин,
Бегонани кўриб, йўлдан чиқмасин.
4500. Кўз кўрмаса агар, талпинмас кўнгил,
Не кўрса кўз, кўнгил истайди ўғил.
4501. Кўзингни асрасанг кўнгил чопмагай,
Кўнгил чопмаса, жон асир бўлмагай.
4502. Ҳамдастурхон бўлмасин эркагу аёл,
Қўшилса, шарм-ҳаё бўлади завол.
4503. Хотинни чиқарма уйдан кўчага,
Туз йўлдан адашар чиқса кўчага.
4504. Хотин гўштга ўхшар, асраш керакдир,
Асралмаса айнар, ташлаш керакдир.
4505. Хоитинни эъзозла, не сўраса бер,
Эшигинг маҳкам қил, йўлатма ёт эр.
4506. Уларда вафо йўқ азалу азал,
Кўзи нени кўрса, дил тортар ўшал.
4507. Бир дарахт жафо-ла топган парвариш,
Меваси оғудир, бўлмагин ҳарис.
4508. Неча минглаб жасур, мард ўғлон,
Хотинлар туфайли бўлдилар қурбон.
4509. Обрў-эътиборли, юзи ёруғ эр,
Хотинлар туфайли бўлди қаро ер.
4510. Нобуд бўлди бевақт минглаб лочинлар,
Уни тирик ерга тиқда хотинлар.
4511. Қандай асраш керак уларни билмам,
Уларга бас келар фақат бир Эгам.

ОЛТМИШ ИККИНЧИ БОБ
ҲИЗМАТКОРЛАР БИЛАН ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА
БЎЛИШ КЕРАКЛИГИ БАЁНИ

4512. Қўл остингдагиларни сен яхши тут,
Емак-ичмагин бер, эгнини қил бут.
4513. Кучига муносиб юкла сен юкин,
Сендан Худо ҳисоб олади бир кун.
4514. Ҳаддан ошиб, жабр қилмагин унга,
Бундан Эгам каҳри келади сенга.
4515. Улар ҳам сен каби Худонинг қули,
Зулм қилиб очма ҳаргиз дўзох йўлин.
4516. Сен улуғ, улар бўлди кичик, ҳақир,
Улуғ этмоғи шарт кичикни тақдир.
4517. Улуғ бўлсанг ўзинг кичик тут ҳадсиз,
Улуғга ярашгай камтарлик шаксиз.
4518. Нима дер ақл-заковатли уқиб бил,
Эй доно, сўзларига албат амал қил:
4519. Гар улуғ бег бўлсанг шу юрт, шу жойда,
Кўнгил, тилни кичик тутганинг фойда.
4520.Ўзингдан кетмагин, адашма йўлдан,
Келиб турган бахтни чиқарма қўлдан.
4521. Уй—жойинг, мулкингни пок тут ҳаммавақт,
Қўли очиққа давлат келар ҳар вақт.
4522. Ош-сувинг, шон-тузинг доим мўл-кўл қил,
Номинг яхши бўлиб, қут келади, бил.
4523. Киримга яраша бўлсин чиқиминг,
Чиқимни бил, ғамин егин киримнинг.
4524. Олди-бердиларга моҳир, пухта бўл,
Қачон бир иш қилсанг очиқ бўлгай йўл.
4525. Қўлинг қиска бўлиб қолса, вақт келиб,
Бировга зорланма ўзинг хор қилиб.
4526. Ишонган дўстларинг тутмагай қўлинг,
Ғанимларинг кулиб, тусгайлар йўлинг.
4527. Ёмон кўргай сени дўст-ёр, қариндош,
Бунинг азобидан дилинг бўлгай ғаш.
4528. Яхши одамларга қўшилиб яша,
Одам бўл, одамлар ичида яша.
4529. Мол қўшиб бировга бўлмагин шерик,
Пушаймондан қизил юз бўлгай сариқ.
4530. Катта йўлга яқин уй солмагайсан,
Бало ёғилади, тинч бўлмагайсан.
4531. Ей кўнгли оқ, зиқнага қўшни бўлма,
Қалъа билан дарёга яқин турма.
4532. Бу уч қўшниликдан сенга фойда йўқ,
Зиён етса, қайтаргувчи чора йўқ.
4533. Уй олмоқ истасанг қўшнига қара,
Ер олмоқ истасанг сувига қара.
4534. Ёмонга қўшилма, соғ-саломат юр,
Феълингни тўғри тут, тулпор отдек юр.
4535. Шукр қил борига, бег номини ол,
Ташвишни тарк этиб, яшагин хушҳол.
4536. Ўлимни унутма, ҳушёр бўл доим,
Кўзларанг очилгай, ёд эт Худойим.
4537. Сўзингни ўйлаб қил, ташвиш келмагай,
Вақтинг зое қилма, афсус бўлмагай.
4538. Ортиқча гердайма, нафрат топарсан,
Ўта бахил бўлма, қарғиш топарсан.
4539. Кўнгли нозик киши эшит нима дер,
Химматга лойиқ ҳиммат қилгувчн эр:
4540. Яхшн ном қозонай десанг, эй оқил,
Сахий бўл, астойдил сен ҳаракат қил.
4541. Истасанг ҳур киши бўлишини қул,
Сахий бўл, нарса бер, бош эгади ул.

4542. Юксалиб қўкка етсин десанг бошинг,
Билим бирла қилгин сен барча ишинг.
4543. Жаҳонга ёйилсан десанг гар отинг,
Мусофирни кутгин, ортар шуҳратинг.
4544. Фароғатда яшаш истасанг доим,
Ғофилликни тарк эт, хулқи мулойим.
4545. Мақсад тоат бўлса, нафсинг жиловла,
Орзу-ҳавасларнинг йўлини боғла.
4546. Топай десанг бу оламда эзгулик,
Ҳавасдан воз кечиб, нафсни тийгулик.
4547. Бу ҳақда хўп айтмиш фикри барқарор,
Сўзига амал кил, феъли беқарор.
4548. Нафсингга эрк берма, жиловла уни,
Эрк берсанг бошингни ейди бир куни.
4549. Яхшилик қилинса, ёмонлик қилар,
Ёмонлик қилсанг гар бўйнини эгар.
4550. Шу билан Ўгдулмиш сўзин бас қилар,
Қариндош, авом хулқи шундай бўлар.
4551. Билганларим айтдим бир-бир, тингладинг,
Шу билан гап тамом, барин англадинг.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

4552. Яна бнр гапим бор айтайин сенга,
Унинг ҳам маъносин ечиб бер менга.
4553. Қўшилмоқ лозим бўлса булар била,
Борди-келди қилмок шарт уйнаб кула.
4554. Шубҳасиз, меҳмонга таклиф этгайлар,
Чақирсам улар ҳам албат келгайлар.
4555. Знёфатга қандай бориб еяй ош,
Уларни қай йўсин чорлай, қарикдош.
4556. Батафсил баён эт сен менга буни,
Пухта билиб олай ҳар жиҳат уни.

33 Sizga taqdim etilayotgan boblarda O’gdulmishning O’dg’urmishga beglarga qanday xizmat qilish, saroy ahli, avom (xalq), Payg’ambar avlodlari, olimlar, tabiblar, azoyimxonlar, munajjimlar, shoirlar, dehqonlar, savdogarlar, chorvadorlar, hunarmandlar, kambag’allar, xizmatkorlar bilan qanday munosabatda bo’lish, qanday xotin olish, farzandlarni qanday tarbiyalash haqidagi o’gitlari bayon etilgan.

YUSUF XOS HOJIB
QUTADG’U BILIG
Qadim turkchadan Emin Usmon tarjimasi
07

QIRQ TO’RTINCHI BOB
O’DG’URMISHNING O’GDULMISH BILAN IKKINCHI045
MARTA MUNOZARA QILGANI BAYONI

3971. Javoban O’gdulmish so’zga ochdi til,
Quloq sol, qarindosh, sababini bil.
3972. Eligning niyati senga ezgulik,
O’ziga ham albat tilar ezgulik.
3973. Ibodat qilishing bunda begumon,
Bilasan qanchalik yaxshiyu-yomon.
3974. Shahar, qishloqda aytganimdan bo’lak,
Talay ezguliklar bor, ey sher yurak.
3975. Yomon emas aslo bu dunyo qutin,
Topib yashay bilsa, chiqarsa otin.
3976. Bu dunyoni tark etgan obid bular,
Savob topsa oxirat obod bo’lar.
3977. Yomon demoq dunyo molin og’irdir,
Yesang, elga bersang, yuzing yorug’dir.
3978. Behad yaxshi aytmish saxiylar boshi,
Ma’nosin anglagin, ey yaxshi kishi:
3979. Barcha yaxshilikka yo’lchidir dunyo,
Barcha dardga shaksiz emchidir dunyo.
3980. Dunyo bo’lsa bo’lar zakovat, bilig,
Barcha yaxshilikka yetadi ilik,
3981. Tilak tilasa, boy bo’lib odamzot,
Yashil ko’kka o’rlar, dunyodir najot.
3982. Niyating haj bo’lsa, kerak mol-tovar,
Azizlik istasang mol kunga yarar.
3983. Olib, berish uchun bo’lmasa moli,
Yaxshilik qilmoqqa qisqadir qo’li.
3984. Ezgulikdan nechun yuz o’girgaysan,
Pand-o’gitni nechun ma’qul ko’rmaysan?

3985. Ibodatga nechuk inonsa bo’lar,
Faqat unga ishongan muflis bo’lar.
3986. Haqni ibodat-la topmaydi quli,
O’ta nozik erur toatchi yo’li.
3987. Minglab ibodatchi topindi ko’p yil,
Jon chiqar mahalda yo’qotdilar yo’l.
3988. Necha ming toatsiz gunohkor quli,
Eng so’nggi lahzada topar haq yo’lin.
3989. Bilaman, ibodat ichra bo’lar shod,
Yaratgan Egam ham, ayo ulug’ zot.
3990. Ibodat neligin bilmasa inson,
Zaruratin anglab yetmas hech qachon.
3991. Shu bois tugal qilsa gar toatin,
Shunda anglab yetar ibodat totin.
3992. O’ylab ko’r, deb bu gapni aytdim senga,
Xaqmi yo nohaq aytib ber menga.
3993. Agar to’g’ri bo’lsa, aytilgan bu so’z,
Tasdiq et, amal qil, ayo ko’ngli tuz.
3994. Havasga qul bo’lma, ko’ndir ko’ngilni,
El-yurtga aralash, tinch o’tkaz kunni,

O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA JAVOBI

3995. Javob berdi O’dg’urmish: Ey qarindosh,
Meni g’amga solding, og’u bo’ldi osh.
3996. Faraz qil, quloq soldim gaplaringga,
Borib kirdim eligning xizmatiga.
3997. Xizmatda tartib-yo’sin bilmoq kerak,
Gap-so’z xizmatga uyg’un bo’lmoq kerak.
3998. Bilsin taomilni va kirib, chiqish,
Aksincha qismati bo’lar ranj chekish.
3999. Nima der eshitgin xizmat bilguvchi,
Sinab bilganlarin aytar bir uchin.
4000. Beglar xizmatini qilsang gar o’zing,
To’g’ri qil ko’ngil, tilni, tiygin so’zing,
4001. Xizmat qoidasin bilmog’ing zarur,
Xizmat bilsang qadr-qimmating bor erur.
4002. Yiroqman bundayin tartib-yo’sindan,
Fe’l-atvor, so’zim ham o’zgargan shundan.
4003. Nechuk xizmat qilay shu holda, so’yla,
Menga bu eshiklar yopilgan, o’yla.
4004. Og’zimga urib sen nechuk zo’rlaysan,
Xizmat qil deb o’z holimga qo’ymaysan.

O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

4005. Javob berib O’gdulmish aytdi: Bu so’z,
O’rinli emasdir, ayo ko’ngli tuz.
4006. Rasm-rusum sendan etilgan soqit,
Xohishingcha yasha, ko’ngling et sobit.

O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA JAVOBI

4007. Javob berdi O’dg’urmish, aytdi: Bu so’z,
Hech durust emasdir, ayo fe’li tuz.
4008. Senu menga munosibmi anqayib,
Rasm-rusum bilmay yurmoq qaqqayib.
4009. Elu yurtni tartibga solmoq uchun,
Beglar keldi obod qilmoqqa ochun.
4010. El-yurtni obod qilish beglar ishi,
Xar sohada bordir bir mas’ul kishi.
4011. Yaxshi ishga beglar uzutdi ilik,
Qo’llab aql-idrok, ishga solib bilig.
4012. Juda yaxshi aytmish el-yurt boshchisi,
Zakovatli, dono jahon ishchisi:
4013. Jahongir kishiga zakovat kerak,
El-yurt so’rovchiga shijoat kerak.

4014. Shular oshiradi beglar shavkatin,
Yov bo’ynini uzib, oladi o’chin.
4015. Endi biz ham yaratsak qonun-nizom,
Durustdir o’rnatsak tartib, intizom.

O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

4016. Javoban O’gdulmish aytdi: Ey jigar,
Bu juda osondir, ish qilgan bilar.
4017. Men yaxshi bilaman qonun, yo’sinni,
Sen ko’rib o’rgangin tartib, yo’sinni.
4018. Kishi rasm-rusumni o’rganib bilar,
Bilmaganin bilib, tilakka yetar,
4019. Ilmi ko’p bunga mos so’z aytmish, qara
Kim amal qilmasa, bilimi chala:
4020. Dono tug’ilmaydi, ko’rib o’rganar,
Biyron yaratilmas, so’zlab o’rganar.
4021. Kishi o’rganib oqil, dono bo’lar,
Bilim olsa, hamma ishi o’nglanar.

O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA JAVOBI

4022. Javoban O’dg’urmish aytdi: Tilaging,
Shu bo’lsa, yo’q erur mening tilagim.
4023. Elig huzuriga chorlarsan meni,
Bu xizmat nechukdir, aytib ber, qani.
4024. Ko’ngilga sig’armi, so’zing tinglayin,
O’rganib bo’larmi, obdon anglayin.
4025. Bir-bir sanab chiqqin qonunlar necha,
Rasm-rusumlarni aytib ber picha.

O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

4026. O’gdulmish aytdiki: Gaplaring haqdir,
Bashorat qilding sen, ne erur taqdir.

4027. Tutgan yo’ling aqldan yiroq edi,
To’g’ri yo’lni topibsan biroq endi.
4028. Men bayon aylayin eshitgin so’zim,
Menga qarab o’rgan, ochinsin ko’zing.
4029. Astoydil kirishsang agarda o’zing,
Tilingni tiyib yur, bas qilgin so’zing.

QIRQ BESHINCHI BOB
O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA BEGLARGA XIZMAT QILISH
TARTIB YO’SINLARINI AYTGANLIGI BAYONI

4030. Ikki turli erur xizmatchi kishi,
Xizmat-la o’rgangay kundan-kun ishin.
4031. Biri yoshligida xizmatga kirar,
Biri ulg’aygandan so’ng xizmat qilar.
4032. Ikkisi ham yaxshi, lek a’losi ul,
Erta xizmat qilib, tuzatsa ko’ngil.
4033. Tingla, bu kun senga har ne so’z qitay,
So’zimni kichiklardan boshlab aytay.
4034. So’z me’yori yaxshi — xayrli oqibat,
Inson ishonch-la o’zin topar albat.
4035. Balog’at istasang pinhon tut so’zing,
Yaxshilik tilasang to’g’ri bo’l o’zing.
4036. Xizmat eshigin ochmoq bo’lsa niyat,
Ishga kirishsin u yoshlikdan albat.
4037. Bilsin rasm-rusum, nizom, yo’l-yo’rig’,
O’rgansin kirib-chiqish hamda xushxulq.
4038. Xizmatga shay bo’lsin saharda turib,
Ko’ngil pok, til shirin, xusnixulq bo’lib.
4039. Xizmat qilmoq kerak yugurib ildam,
Ziyrak bo’lsin albat ko’z, quloq har dam.
4040. O’zidan kattaga xizmat qilsin u,
Tilin tiyib, so’zga xushyor bo’lsin u.
4041. Shu tarz bajarsa gar xizmatin kichik,
Begga manzur yumush bitmagay nechuk.
4042. Nasib etgay beg huzuriga kirmoq,
Elning arzin hukmdorga bayon etmoq.
4043. Qayrilib boqma bekor o’ngu so’lga,
Iymanib tur, kuloq sol xushyor so’zga.
4044. Sendan so’z so’ralsa aytgin rostini,
Ruxsat bo’lsa yetkaz buyruq aslini.
4045. Bekor sanqib yurma va ichma aroq,
Yaramas, yovuz ishdan qochgin yiroq.
4046. Eshitgan so’zni eshitmagandek bo’l,
Ko’zing ko’rganini ko’rmagandek bo’l.
4047. Shu tarzda xizmatga yarasa kishi,
Har kun kulib baxti, o’nglanar ishi.
4048. Biri to’p cherikka bo’lar to’p boshi,
Biri osh ustida bo’lar ish boshi.
4049. Biri bo’lar qo’mondon, biri hojib,
Biri so’z mag’zini chaquvchi kotib.
4050. Shunday martabaga kim yetsa agar,
Xurmatga erishib, maqsadga yetar.
4051. Biri aqli birla donishmand bo’lar,
Ba’zisi » Ko’k ayuk» unvonin olar.
4052. Biri inonchbegdir (1), biri chog’ribek (2),
Biri botir tegin (3), biri jovlibeg (4).
4053. Biri yobg’u (5), ba’zisi esa tarqon (6),
Biri nomsiz xodim -yumushi oson.
4054. Shunga qadar erur qul darajasi,
Yo’qdir undan ortiq o’sar rutbasi.
4055. Shulardan biriga erishsa xodim,
Shuhrat topib, orzusi ushalar doim.

1. Inonchbeg — maslahatchi
2. Chog’ribeg — sarkarda
3. Tegin — shahzoda
4. Jovlibeg — saroy xodimi
5. Yobg’u — xalqdan chiqan, hoqondan ikki daraja past turuvchi amaldor
6. Tarqon (tarxon) — vazir

4056. Shunday darajaga yetsa xodimi,
Beg ado etgandir uning haqini.
4057. Agar uzun bo’lsa pastkashning tili,
Ko’p tashvish keltirar begga bu quli.
4058. Zakovatli dono xo’p aytmish behad,
Noloyiqqa amal bermagin minbad.
4059. Bundan-da yaxshiroq aytmishdir bilig,
Bilimsizga qo’ling berma, ey elig.
4060. Aqlsizlar rahna solib buzar ilmni,
Bilimsizlar vayron qilar elini.
4061. Ulug’likka erishsa nodon kishi,
Xo’jasin boshin yeydi, ey yurt boshi.
4062. Beg qulning amali, uquvin bilsin,
Ilmiga yarasha martaba bersin.
4063. Qul fe’l-atvorin sinab ko’rmoq kerak,
Aqliga yarasha ko’tarmoq kerak.
4064. Qul begiga sodiq, mehribon bo’lsin,
Beglar shunga loyiq marhamat qilsin.
4065. Nima der eshitgin qonun tuzguvchi,
Qonun birla beglik ishin qilguvchi:
4066. Qancha yuksalmasin qul baribir qul,
Begning huzurida xizmatkordir ul.
4067. Kichik bo’lsa hamki beg nomi azal,
Ulug’ xizmatkordan kichik beg afzal.
4068. Ulug’likka yetgan, ey begi qadrlab,
Begingni ulug’ bil, yuksak qadrla.
4069. O’chakishma beglar bilan teng bo’lib,
Yomon gapirmagin, yur yaxshi bo’lib.
4070. Ular baxt-saodat, baxt qo’li uzun,
Yonar o’t erurlar, kuydirar ko’zing.
4071. Zamon ularniki, zamona bilan,
Murosa qilmoq kerak shodlik bilan.
4072. Behad yaxshi aytmish sinab bilgan er,
Xizmat-la yuksalib, murod topgan er:
4073. Nechog’li ezgudir donolar so’zi,
O’ylab ko’rsang ipak donolar so’zi.
4074. Beglar ko’zi-la boqsa agar kulib,
Kuvonma bunga ortiq sen go’l bo’lib.
4075. Xizmatingga ishonma, qilmagin kibr,
Yodda tut, gar yanglishsang beg qilar jabr
4076. Katta-kichik yoki mashhur bahodir,
Xizmatchi xizmatda muqim turadir,
4077. Tirish, xizmatingda xato qilmagin,
Sadoqat yo’lidan chetga og’magin.
4078. Beg o’ziga tutsa qanchalik yaqin,
To’g’ri yur, kimliging hech unutmagin.
4079. Qancha yaxshi ko’rsa, xavotirda yur,
Ishonma, jazoga doim tayyor tur.
4080. Goh o’tdir ular, goho suv bo’lar,
Goh, kuldirib, goho yig’latib turar.
4081. Uch narsaning qo’shnisi, bo’lma yaqin,
Yonar o’t, oqar suv va beg shuhratin.
4082. Beglar bamisoli zabardast arslon,
Ipakdek muloyim erkalatgan on.
4083. Qo’pol bo’lsang g’azablanib, bosh kesar,
Jazo berar, tomir kesib, qon ichar.
4084. G’azab oni beglarga yaqin borma,
Kim borsa, shikastga uchramay qolmas.
4085. Qadringni bilib yur, so’rasa gapir,
O’zing ehtiyot qil, chaqirganda kir.
4086. Ko’p tingla, o’zing eshitmaganga sol,
Ko’pni ko’rsang hamki, ko’rmay qo’ya qol.
4087. Ne der tingla o’zini tutgan kishi,
Paytida kirib, arzin aytgan kishi:
4088. Kirib tur desalar, bil qadring o’kish (7)
Chiqib tur desalar, yuzingga so’kish.

7. O’kish – ko’p, ziyoda

4089. Ko’zingu o’zingni tiyib yur doim,
O’zin tiygan aziz bo’lgay iloyim.
4090. Uch ishdan yiroq bo’l, tuzuk o’ylagin,
Biri — gapning rosti, qattiq bo’lmagin.
4091. Biri — yolg’on va uchinchisi suqlik,
Bu uchning oqibati erur yo’qlik.
4092. Mayda gap bo’lma sen, borin yashirma,
To’g’ri so’zla doim, borin yashirma.
4093. Xar jihatdan o’zingni pokiza tut,
Beglik — poklik, poklik sevar yodda tut.
4094. Saroyga kirganda xushyor bo’lib yur,
Seni kim qadrlasa, uni aziz ko’r.
4095. Gerdayma, qo’l osiltirib kirmagin,
G’ofil bo’lib, qo’l tutishib kirmagin.
4096. Gar o’ltirar bo’lsang o’z o’rningni bil,
Birovni xo’rlama odamiylik qil.
4097. Baland ovoz bilan qiyqirma qattiq,
Pastkashlik yo’q el aro bundan ortiq.
4098. Chordona qurma va yonboshlab yotma,
Bor ovozda sen qah-qah otib qotma.
4099. Tirnoq olma va chalishtirma oyoq,
Xor qilgay baxt qochib, yegaysan tayoq.
4100. O’zingdan ulug’ning so’zin so’zlama,
So’zing bezab, obro’ topmoq ko’zlama.
4101. Doim to’g’ri so’zla, yorug’ bo’lgay yuz,
Burro bo’lib tiling aytsin ezgu so’z.
4102. Mast bo’lib saroyga kirmagin sira,
Ichuvchi yaramas, yoqimsiz, xira.
4103. Kishi o’zini asramasa agar,
Uch narsa bor uning boshini yeyar.
4104. Biri — beglar so’zin sir tutmoq kerak,
Uni tan-jonidek asramoq kerak.
4105. Ikkinchi — sadoqat, elga odillik,
O’zini asramoq erur oqillik.
4106. Uchinchi — saroyda tuz tutmoq o’zin,
Nomatlub ishlardan qochirmoq ko’zin.
4107. Bu uch ishda g’aflatda qolgan kishi,
Qancha ulug’ bo’lsin, kesilgay boshi.
4108. Yuz berar ish oqibati noma’lum,
Uni bilib bo’lmas, ey fe`li halim.
4109. Agar to’rdan joy olib sen o’ltirsang,
Sakrab turgin birov kirganin ko’rsang.
4110. Qachon bir savol bersa beglar senga,
Ey bahodir, javobni cho’zma unga,
4111. Gar tingglasa, bilganingni bayon qil,
Gaping bo’lsa, to’xta, so’zing ado qil.
4112. Agar beglar oshga chaqirsa seni,
Odob-la ovqatlan, o’rgangin buni.
4113. Yemakni ol o’ng qo’l bilan, ey hakim,
Avval ayt bismillahir rohmanir rohiym.
4114. Birov oldidagiga qo’l sunmagin,
Ey ziyrak, o’z oldingdagini yegin.
4115. Suyak g’ajima, etga pichoq tortma,
Undab birovni avval ovqat totma.

4116. Suqlik bilan sen hovliqib yemagin,
Ayollardek o’rinsiz noz qilmagin.
4117. Qaychalik to’q bo’lma yegin beg oshin,
Beg yemishin bil qadr-qimmat boshi,
4118. Qo’l ursang agar sen har qanday ishga,
Ro’shnolik ko’rgaysan, astoydil ishla.
4119. Bu haqda bir olim aytmish yaxshi gap,
Amal qilsa tegar oltin kabi naf:
4120. Biron ish ixtiyori tegsa senga,
Ey jasur, bilim birla kirish unga.
4121. Martabang yuksalib, yobg’u bo’lsang ham,
Vafoli bo’l, boshing ko’kka yetsa ham.
4122. Lashkarga qo’mondon bo’lsang mabodo,
Saxiy bo’l, uyg’oq bo’l, shomu saboda.
4123. Hukmi tegsa qabila, mol-mulk, yerning,
Qo’lingni och, jilovlab tashla fe’ling.
4124. Vazirlikka yetsang, uzun bo’lsa qo’l,
Odil tartib o’rnat, o’zing yaxshi bo’l.
4125. Maslahatchi bo’lsang farosatli bo’l,
Gar beging yanglishsa, ko’rsat to’g’ri yo’l.
4126. Ko’k ayuq lavozimi tegsa agar,
O’zing ehtiyot qil, baxt bog’lar kamar.
4127. Bir elga bosh bo’lsang, qo’mondon yoxud,
To’g’ri bo’l, ko’zu quloqni ziyrak tut.
4128. Hojib bo’lsang agar pora olmagin,
Fakir, tul, yetimlar so’zin tinglagin.
4129. G’aznaga xazinachi etsalar seni,
Soflik, ishonch bilan ado et uni.
4130. Xat bituvchi sarkotib bo’lsang o’zing,
Ko’ngil sirin saqla, chiqarma so’zing.

4131. Bular mansabdordir unvon olguvchi,
Qolganlar ularga xizmat qilguvchi.
4132. Bundan bo’lak bordir yana ishchilar,
To’shakchi, lochindor hamda oshchilar.
4133. Bu yanglig’ ishlardan yiroq bo’l, yiroq,
Rohati oz, mashaqkati ming biroq.
4134. O’zingga tilasang agar ehtirom,
Birovlarni e’zozla, ey muhtaram.
4135. Ulug’ni ulug’lab, saqla hurmatin,
Kelgay senga davlat, ulug’lik quti.
4136. Nima deydi tingla, qarilar so’zin,
Kim tutsa bu so’zni ochilgay ko’zi:
4137. Ulug’ni hurmatlash jahon qonuni,
Ulug’ kelsa, turib kutib ol uni.
4138. Ulug’ga yarashgay kichik hurmati,
Ulug’ bajo etgay uning hurmatin.

4139. Bilganlarim shular, dedi O’gdulmish,
Shunday ado etiladi saroyda yumush.
4140. Bayon etdim, sen diqqat-la tinglading,
Qanday xizmat qilish kerak, anglading.
4141. Begga xizmat yo’sinlari shu erur,
Xizmat qilgach, baxt eshigi ochilur.
4142. Bu xizmat foydali, yaxshi bil buni,
Gar anglasang dasturilamal qil uni.

O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA SAVOLI

4143. O’dg’urmish aytdiki, beribon javob,
Eshitdim gaplaring, ey olijanob.
4144. Yana bir gapim bor, aytayin senga,
Uning ham mag’zini chaqib ber menga.
4145. Elig xizmatiga kirsam shaharda,
Amriga shay turmog’im shart saroyda.
4146. Ular yo’l-io’rig’in bilmog’im kerak,
Ular-la tiriklik qilmog’im kerak.
4147. Xodimlarga albat qo’shilmoq lozim,
Va ularga monand yashamoq lozim.
4148. Buning yo’l-yo’rig’in bayon aylagin,
Ularga qo’shilmoq sirin anglayin.

QIRQ OLTINCHI BOB
SAROY AHLI BILAN QANDAY MUOMALADA
BO’LISH KERAKLIGI BAYONI

4149. Javoban, qarindosh, dedi O’gdulmish,
Bu ham bilish lozim bo’lgan ish.
4150. Saroy muomalasi ham ilm erur,
Qanday yurish, so’zlashni bilmoq zarur,
4151. Tiriklik ular-la o’tar, qarindosh,
Birin do’st tut, birini-chi qarindosh.
4152. Saroy ahli birla chiqishmoq kerak,
Kelishish, bordi-keldi qilmoq kerak.
4153. Ular bilan murosa qilolmasang,
Yaxshi zot, hayot totin bilolmassan.
4154. Nima deydi eshit xizmat qilguvchi,
Adli birla saroyni gullatguvchi:
4155. Yaqin bo’lmoq istasang gar beg bila,
Saroy ahli birla yaqinlik tila.
4156. Ulug’likka yetmoqlikni ko’zlasang,
Xodimlar-la ahil bo’lmoq ko’zla sen.
4157. Beglar agar qancha yaqin tutsa ham,
To’g’ri yurgin, xodimlar-la bo’l hamdam.
4158. Saroy ahlidir uch toifa kishi,
Ular bilan bitgay tiriklik ishi.
4159. Biri sendan katta, ulug’lar erur,
Ular xizmatin qil, baxt tugal bo’lur.
4160. Ularni ulug’la, qadrla so’zin,
Yaxshi ko’rib boqqaylar ochib yuzin,
4161. Yaxshi fikr aytmish bilimli dono,
Donolar so’zini bilgin purma’no:

4162. Kichik ulug’likni ulug’dan topar,
Ulug’ ishin qilib, kichik qut topar.
4163. Ulug’lar so’zin tut, chopib yumush qil,
Ulug’ so’zin tutgan tilak topar, bil.
4164. Ulug’lar qut, qutni orzu etsang sen,
Kut mehnat mahsuli, xizmat qilgin sen.
4165. Yana biri, teng-tushing, ey qarindosh,
Uzoq bo’lsa — yov, yaqinlashsa qardosh.
4166. Eshing, teng-tushingga qo’shilgin albat,
Oqibatga oqibat ko’rsat albat.
4167. Tag’in bir guruhi sendandir kichik,
Ular bilan totgaysan achchiq-chuchuk.
4168. Xizmat qilsa, mol ber, gunoh qilsa ur,
Hech bo’sh qo’yma, ishin surishtirib tur.
4169. Behurmat qildirma kichikka o’zing,
Hazil-mazah qilma, tiyib yur so’zing.
4170. Yor-birodar orttir, do’st tutgin behad,
Do’sting ko’p bo’lsa, maqtalgaysan har vaqt.
4171. Yot kishini sinamay yog’i qilma,
Dushmanli shodlikning lazzatin bilmas.
4172. Yog’i oz bo’lsa-da, ziyoni ko’p bil,
Dushmandan naf bor deb aytmagay hech til.
4173. Eshit, qalbi uyg’oq xushyor nima der,
Dushman zararidan azob chekkan er:
4174. Bir bo’lsa-da dushman zarari mingdir,
Ming bo’lsa-da do’st oz, bittaga tengdir.
4175. Kishi naf ko’rmagay dushman kasridan,
Naf ko’rgay u faqat o’z tadbiridan.
4176. Qanday muomala qilsa qo’ldoshing,
Shunday javob ber, quvonsin yo’ldoshing.

4177. Do’st bo’lgin albat o’z tenging bilan,
Munosib bo’lajak teng-tengi bilan.
4178. Yomonga do’st bo’lma, qoch nari undan,
Yomon do’st ozdiradi to’g’ri yo’ldan.
4179. Yaxshi nom qozonay desang olamda,
Tirish, qo’shilmagin yomon odamga.
4180. Bor tirik jon to’dasi bilan yurar,
Inson, hayvon, qush, qurt to’dasin bilar.
4181. Nima der eshitgin el-yurtning boshi,
Yaxshi-yomonni ko’rib yashagan yoshin.
4182. Chug’urlab uchgan chug’urchuqqa qara,
Boqsam juft ikkovi bir xilda qora.
4183. Qug’uga (8) qo’shilmas sira ham yug’oq (9),
Qoraqush oqqushdan juda ham yiroq.

8. Suv qushi
9. Yovvoyi g’oz

4184. Uchar qush juft topib, to’da tuzar, bil,
Odamsan, qo’shilar kishingni topgil.
4185. Ikki turli erur yaqinlik ishi,
Bu ikki ish uchun do’st tutgay kishi.
4186. Biri do’st bo’ladi tangrilik uchun,
Bunda o’rin yo’qdir egrilik uchun.
4187. Qay biri o’z nafin ko’zlab do’st bo’lar,
Bu do’stlik boqiymas, omonat bo’lar.
4188. Xudo uchun do’st bo’lsang agar o’zing,
Zarda qilma, ko’tar yuk, burma yuzing.
4189. Buning nafin hozir kutmagin, chida,
Uning ajrin ertaga bergay Xudo.
4190. Dunyo nafin ko’zlab do’st bo’lsa odam,
Bu do’stdan qoch nari, bo’lmagin hamdam.
4191. Ne der eshit do’stu yor tutgan kishi,
Do’st zarar, nafin sinab ko’rgan kishi:
4192. Foyda, zarar bobida sina do’stni,
Bu bobda sinalsa, mahkam tut uni.
4193. Bilmoq istasang do’st ko’nglin sinab ko’r,
G’azabin keltiru qovoq uyub ko’r.
4194. Sevish, sevmasligin bilmoq istasang,
Sevimli narsasin so’ra, bilasan.
4195. Ikki holda agar qovoq uymasa,
Bunday erni bo’lar jon do’stim desa.
4196. G’iybatchiga qo’shilma, borma yaqin,
G’iybatchi tilidan chiqar o’t — chaqin.
4197. G’iybatdan fisqu fasod bosar olam,
G’iybatchi boshini kes, ey mard odam.
4198. Ta’magir-la yaqin bo’lma, ey saxiy,
U senga muqarrar bo’lg’usi yog’i.
4199. Ta’magir ko’zlasa biron nafini,
Atagay seni u aka yo ini.
4200. Biron naf chiqmasa o’girib yuzin,
Umrida ko’rmagandek tutar o’zin.
4201. Do’st, qardosh bo’l, ta’mani qilmay nishon,
Betashvish yashagin, ularga ishon.
4202. Quvonch, qayg’uda yor-birodar, jo’ralar,
Yaxshi, yomonlikda kuningga yarar.
4203. G’amxo’r ko’p bo’lishin istasang o’zing,
Non-tuzingni yedir, ochiq tut yuzing.
4204. Bu ikki odatga mehr qo’yar kishi,
Yaxshi-yomon kun u qilar o’z ishin.
4205. Bunga monand ta’lim bermishdir bilim,
Sen unga amal qil, xulqi muloyim.
4206. Non-tuzing yedir ko’pga quvonch ila,
Chehrangni ochiq tut, shirin so’z ila.
4207. Inson qul qilinar shu yo’llar ila,
Boshqa yo’l topmadim, bo’lsa sen tila.
4208. Bilarsan, dushman ham ikki xil bo’lar,
Dushman bo’lgach, albat tuzoq qurilar.
4209. Biri e’tiqod, din dushmani erur,
U-kofir, hamisha dushmanlik qilur.
4210. Biri dushmandir foyda, zarar uchun,
Dushmanlik qilar u olmoq-chun o’chin.
4211. Kofirlarga sen qattiq dushmanlik qil,
Bu ishga sen tanu jonni fido qil.
4212. Foyda, zarar uchun dushman bo’lsa ul,
Foydalarni unga berganing ma’qul.
4213. Foyda ko’rsa yaqin bo’ladi dushman,
Senga foyda, zarar ko’radi dushman.
4214. Qattiq urin, yovni yaqin qil, yarash,
Tinch yasharsan, omon bo’lar aziz bosh.
4215. Urushdan foyda yo’q, ishlatgin bilig,
Benaf ishga sira urmagin ilik.
4216. Sodiq bo’l do’stlarga, orttirma yog’i,
Dushmanli kishining ko’p bosh og’rig’i.
4217. Odamlar yaxshisin do’st tutgin albat,
Kimning do’sti nobop, pushmon yer abad.
4218. Istasang yaxshining yaqin bo’lishin,
Ikki yo’l bor bu tilakka yetishning.
4219. Biri zoti toza, kishi yaxshisi,
Topilsa, do’st bo’lmoq ishning yaxshisi.
4220. Biri taqvodordir, Xudoni bilar,
Asl zot, odamiylik undan kelar.
4221. Shu ikki kishiga bo’l yaqin, hamdam,
Bulardan yaxshilik keladi har dam.
4222. Yomonotliq kishidan qochgin nari,
Qora bo’lar ular qilig’in bari,
4223. Qoraga yaqinlashma, ey ko’ngli oq.
Oqqa qora, juda tez yuqadi, boq.
4224. Dono maslahatchi berar xo’p bilim,
Uni anglab yetgan bo’lajak olim:
4225. Yomonga qo’shilma, ey yaxshi kishi,
Xulqing aynib, bo’larsan uning eshi,
4226. Yomonga qo’shilma, ey yaxshi odam,
Yuz qora, yomon nom olasan har dam.
4227. Yomonga qo’shilma, yurma u bilan,
Yoqangdan olar u yuzsizlik bilan.
4228. Ko’p ko’rdim, yaxshi deb atalgan kishi,
Yomonga qo’shilgach, buzildi ishi.
4229. Yaxshini ko’p ko’rdim, yomon kasriga,
Yuzi shuvit bo’lar — isnod nasliga.
4230. Bu beglar uyining nomi qarshidir,
Qarshi ahli bir-biriga qarshidir.
4231. Bu dargohda hasadgo’ylar ko’p bo’lar,
Qayda hasad, urish, janjal ko’p bo’lar.
4232. Sendan ulug’ oyoqosti aylagay,
Joning qiynab, seni o’tga tashlagay.
4233. Ko’rolmas seni hech o’z tengu tushing,
Yaxshilik kuydirar, qoraygay kuning.
4234. Kichiklar ham hasad qilib qastlashar,
Yaxshilikni ravo ko’rmay pastlashar.
4235. Shu tarzda bir-biriga qarshi ular,
Ikki kuch qarshilashsa, biri o’lar.
4236. Ey ko’ngil shodligi endi mahkam bo’l,
Birovlarga hasad qilma, to’g’ri bo’l.

4237. Hasad bir kasaldir yo’q erur davo,
Yemishi bir — jonni aylagay ado.
4238. Bor yaxshi-yomonlik farmoni Egam,
Xudo bergach, hasaddan qaytmas hech ham.
4239. Hasad qilmoqlikdan ne manfaat bor,
Hasadgo’y baloga bo’lgay giriftor.
4240. Imkon bo’lsa doim yaxshilik qilgin,
O’zingga qaytar u shubha qilmagin.
4241. Kishilar quvonsa, quvongin sen ham,
Qayg’u-alam yetsa, birga chekkin g’am.
4242. Yaxshi atalasan, seni sevgaylar,
Do’stlik istab huzuringga kelgaylar.
4243. Tirish, dushman orttirma, ey qarindosh,
Ko’paytirgin do’st-birodar va qardosh.
4244. Qastlashib birov dushman bo’lsa senga,
G’ofil bo’lma darrov tuzoq qur unga.
4245. Ne der eshit yov bilan yovlashgan er,
Yov ustidan qo’li baland kelgan er:
4246. G’ofil bo’lma, yovdan qoch, nari ketgin,
G’aflatda qoldirib, tuzoqqa eltgin.
4247. Kamsitma dushmanni, ko’p qudratli bil,
Kaltakli yovga sen temir qalqon qil.
4248. Yor-do’stni xush etib, ko’tar ko’nglini,
So’zimni unutma, qattiq tut uni.
4249. Dushman bo’lsa oshnang jonga qast qilar,
YO terib yiqqan molingga qast qilar.
4250. Ichu toshingni yaqin do’sting bilar,
Siring yaxshi bilgan molingni olar.
4251. Istasa molingga chang soladi u,
Istasa joningga qast qiladi u.

4252. O’zingni nechog’li kuzatsang o’zing,
Shunday kuzat do’stingni, bas qil so’zing.
4253. Do’st bo’lmoq oson, amal qilmoq qiyin,
Dushman bo’lmoq oson, yarashmoq qiyin.
4254. Dushmanli bo’lsang gar asra tanu jon,
Undan beshikast qutilmoq beimkon.
4255. Ikki xil kishiga qo’shilma minbad,
Qo’shilsang bas, fitna chiqarar albat.
4256. Biri — g’iybatchidir, chaqimchi kishi,
Biri — ikkiyuzlama, ta’ma ishi.
4257. Mayxo’rni do’st tutma, oqibatsiz ul,
U vafo qilmagay, og’ritatar ko’ngil.
4258. Xudbinga mehr qo’yib, do’st bo’lma hargiz,
Manfaat ko’rmasa dushman bo’lar tez.
4259. Yaqinlik istasang so’rovchi bo’lma,
Hojat chiqarginu hojatmand bo’lma.
4260. Shodmon yashay desang andishali bo’l,
Yaxshilik qil va hasaddan yiroq bo’l.
4261. Aylantirmoq istasang yotni qulga,
Soqolini silab, oltin ber unga.
4262. Yaqinlarni yot qilish bo’lsa xohishing,
So’raganin berma, ko’tar tovushing.
4263. Niyat bo’lsa agar uzoq umr ko’rmoq,
Lozim non-tuz yedirib, saxiy bo’lmoq.
4264. Suyumli bo’lishni istasang o’zing,
Ko’ngil, tilni bir qil, shirin qil so’zing.
4265. Qadr-qimmat topmoq istasang doim,
Odamlarni qadrla xulqi muloyim.
4266. Agar boy bo’lishni istasang behad,
Boriga rozi bo’l, yetasan albat.
4267. Kishilar doim maqtashin istasang,
Fe’l-atvoring tuzat, ochiq tut chehrang.
4268. Shunday bo’lar albat inson asili,
Oqibat qilmoq odamiylik asli.
4269. Bilishni istasang odam aslini,
Fe’liga boq, tez bilgaysan naslini.
4270. Behad yaxshi demish bu bayt aytguvchi,
So’zin ma’no birla bezab aytguvchi:
4271. Odam aslin bilmoq istasang ravshan,
Ko’ngil, til, fe’l-atvor aslidan nishon.
4272. Yaxshi bo’lsa ko’ngil, til, xulqu odat,
Bu nasli yaxshiligidan shahodat.
4273. Nokasga qo’shilma, ey nasli toza,
To’kar obro’yingni u pok-pokiza.
4274. Nima der eshitgin sarishta kishi,
Nodondan qochgan u oqillar boshi:
4275. Yomonga qo’shilma o’zing yaxshi bo’l,
Janjal nokaslardan, chiqar, ey o’g’il.
4276. Johil bilan sira bo’lmagin yaqin,
G’azablansa buzgay do’stlikning haqin.
4277. Ko’ngil sirin ochaverma har kimga,
Agar ochsang tashvish bo’ladi senga.
4278. Orta borsin desang gar yaqinligim,
Ta’masiz yasha sen, ey dono hakim.
4279. Istasang bo’lishni doim sen shodmon,
To’g’ri bo’l, rohatda yasharsan omon.
4280. Qadrli bo’lishin istasang so’zing,
Behuda gapirma, chin bo’lsin so’zing.
4281. Yuzing yorug’ bo’lishin istagaysan,
To’g’ri bo’l, xotirjam, tinch yashagaysan.

4282. Nom, so’zing boqiyligin istasang gar,
Qo’lni qisqa qilgin, bo’lgung bexatar.
4283. Baobro’ bo’lishni istasang har kez,
Andisha qil, yolg’on so’zlama hargiz.
4284. Qaydaki ko’tarilsa davlat boshi,
Darrov unga yondosh, ey yaxshi kishi.
4285. Davlat bilan o’chakishma, do’st bo’lgin,
Do’st bo’lmasang yeganing zaqqum bilgin.
4286. G’iybat qilma ham behuda so’zlama,
Ginani qo’y, sira tuhmat izlama.
4287. So’z sovuq bo’rondir, dilni og’ritar,
Ko’ngli og’rigan er holing tang etar.
4288. O’zingdan ulug’ning so’zin qilma rad,
Ularga dag’al javob berma hech vaqt.
4289. Ulug’larni qadrla, hurmatin qilgin,
Quti yuqib, ulug’lik kelgay, bilgin.
4290. Teng-tushlaring bilan bordi, keldi qil,
Aralashib yasha, oldi-berdi qil.
4291. Qadrlasa chindan sen ham uni qadrla,
Haqir ko’rsa, yaqin borma, haqirla.
4292. Qanday muomala qilsa, shunday qil,
Shirin so’zlar aytsa, tilni shirin qil.
4293. Barcha yaxshilarga sen ham yaxshi bo’l,
Yomonga barobar sen ham yomon bo’l.
4294. Yaxshi aytmish taomil bilgan kishi,
Taomil-la elni yashnatgan kishi:
4295. Seni siz desalar sen ham sizlagin,
Javoban undan-da yaxshi so’zlagin.
4296. Aslo aks-sadodan haqir bo’lmagin,
Seni sen desalar sen ham senlagin.
4297. Saroyda muomala, taomil shu,
Ularga qo’shilmoq yo’l-yo’rig’i shu.
4298. Bilganlarim bayon etdim, eshitding,
Gapni cho’zmay uni dilga jo etgin.

O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA SAVOLI

4299. Javoban O’dg’urmish aytdi ushbu so’z,
Gaplaring eshitdim, ayo ko’ngli tuz.
4300. Bundan boshqa bordir yana bir so’zim,
Uning ham ma’nosin ayt, ko’rkam yuzim.
4301. Kirar bo’lsam bugun shahar, kent aro,
Elga qo’shilmog’im kerak ming bora.
4302. Ular bilan qanday yurmog’im kerak,
Buni ham aytib ber, bilmog’im kerak.

O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

4303. Javoban O’gdulmish aytdi: Ko’ngli tuz,
Chindan-da kerakli erur ushbu so’z.
4304. Ko’p o’rinli savolni berding menga,
Quloq sol, javobin aytayin senga.

QIRQ YETTINCHI BOB
AVOM XALQ BILAN QANDAY MUNOSABATDA
BO’LISH KERAKLIGI BAYONI

4305. Avom xalqning xulqi hamda raftori,
O’ziga mos bilim, fe’lu atvori.
4306. Ahloq, tarbiyadan yiroqdir budun,
Bilmas muomala bo’lgay qay yo’sin.
4307. Ularsiz bitmagay aslo biron ish,
Yaxshi gapirginu lek bo’lmagin esh.
4308. Avom xulqi bo’lar mutlaqo qora,
O’zingni asra sen, qilmagin qora.
4309. Avom fe’li hovliqma, xulqi-bebosh,
Hatti-harakati fe’liga o’xshash.
4310. Yeyishni bilar, bas, qorni bo’lsa to’q,
Qorindan bo’lak hech g’am-tashvishi yo’q.
4311. Avom xulqin bilgan eshit nima der,
Kishilar farqini sinab bilgan er:
4312. Avom tashvishi faqat qorin uchun,
Jon koyitish faqat tomoq uchun,
4313. Qancha odam o’tdi tomog’ini deb,
Endi qora yerda yotarlar g’am yeb.
4314. Avom qorni to’ysa, uzayar tili,
Qattiq tutilmasa, erk istar dili.
4315. Ularga qo’shilib yurgin, qarindosh,
Xabar ol holidan, berib turgin osh.
4316. Yaxshi gapir doim, ne so’rasa ber,
Beruvchi olaru rizqin tugal yer.
4317. Ko’p so’zlama aslo, tilni tiyib yur,
Ko’p so’zning qadr-qimmati bo’lmaydi, ko’r.
4318. Ne der tingla o’zini tutgan kishi,
Tilini tiyib, bilim olgan kishi:
4319. So’z deb hamma so’zni so’zlamasin til,
Kerak so’zni so’zlashni o’rganib bil.
4320. Oqillarni ko’rdim oz so’zlaydilar,
Ko’p so’zladim deya pushmon yeydilar.

QIRQ SAKKIZINCHI BOB
ALAVIYLAR — PAYG’AMBAR AVLODLARI BILAN
QANDAY MUNOSABATDA BULISH
KERAKLIGI BAYONI

4321. Saroy ahli va xodimlardan bo’lak,
Zotlar bor, ularga qo’shilmoq kerak.
4322. Rasul avlodidir ulardan biri,
Qadr etganga yog’ar saodat nuri.
4323. Mehr qo’y ularga, dildan yaxshi ko’r,
Yaxshilik qil, doim xabar olib tur.
4324. Rasulga ahli bayt, qarindosh ular,
Rasul haqqi sevgin, Haq rozi bo’lar.
4325. So’rab-surishtirma maqsad, ishini,
Noo’rin so’z aytsa, tergab tur uni.

QIRQ TO’QQIZINCHI BOB
OLIMLAR BILAN QANDAY MUNOSABATDA
BO’LISH KERAKLIGI BAYONI

4326. Yana bir guruhi dono olimdir,
Ilmi el yo’lin yoritar omildir.
4327. So’zlarin qadrlab, ko’ngil qo’y ularga,
Ozmi, ko’pmi bilim o’rgan ulardan.
4328. Yaroqli, yaroqsiz — biluvchi ular,
Bilib, to’g’ri yo’lni tutuvchi ular.
4329. Ular ilmin o’rgan, bilganlarin bil,
Yaxshilik qil doim, shirin bo’lsin til.
4330. Bo’lmasa olamda bilimli dono,
Yegulik bitmasdi yerda bir dona.
4331. Ular ilmi bo’ldi el-yurtga chiroq,
Yo’ldan adashilmas, porlasa chiroq.
4332. Mol-mulk ber chorlab, xushmuomala bo’l,
Non-tuzingni yedir, tavoze’da bo’l.
4333. Koyima ularni andishali bo’l,
Bir sanoch og’udir ular yaxshi bil (10).
4334. Non-tuzingni yedir, qo’pol so’z aytma,
Aziz bil ularni, qadrin kamaytma.
4335. Ilmini ol, o’zini tahqir etma,
Fe’l-atvor, xulqini yomon deb aytma.
4336. Ulardan keragi — ilmidir maqbul,
Xaqiqat istasang ko’rsatgaylar yo’l.
4337. Qo’y suruvi aro serkadir ular,
U boshlasa yo’ldan adashmas qo’ylar.
4338. Ular bilan doim yaxshi bo’lgaysan,
Ikki olam saodatin topgaysan.
4339. Bundan boshqa qancha guruh bor erur,
Boq, ilm, amali o’zgacha erur.

10. Islomda birovning g’iybatini qilish uning go’shtini yeyish bilan barobar. Alloh taolo odam go’shtini yeyishni harom qilgan.

ELLIGINCHI BOB
TABIBLAR BILAN QANDAY MUNOSABATDA
BO’LISH KERAKLIGI BAYONI

4340. Yana bir guruhi tabiblar erur,
Barcha dardu kasalga davo qilur.
4341. Senga behad zarur bundayin kishi,
Usiz o’nglanmagay tiriklik ishi.
4342. Biron dardga chalinar tirik odam,
Tabib dardni topib, beradi marham.
4343. Kasallik hamma vaqt o’limga hamroh,
O’lim tiriklikning aksidir, evoh.
4344. Tabiblarni hurmat kilib, tut yaqin,
Kerakli zot ular, ado et haqin.

ELLIK BIRINCHI BOB
AZOYIMXONLAR BILAN QANDAY MUNOSABATDA
BO’LISH KERAKLIGI BAYONI

4345. Azoyimxonlar bor ulardan boshqa,
Jin, parilar dardini davolashga.
4346. Bularga ham albat qo’shilmoq kerak,
Jin, parili dardni tuzatmoq kerak.
4347. Nafi tegsin desang agar ularning,
Ey bahodir, e’zozlagin ularni.
4348. Tabiblar tan olmas ularning so’zin,
Azoyimxon burar ulardan yuzin.
4349. Tabib dard ketadi doridan degay,
Unisi der tumordan jin arigay.

ELLIK IKKINCHI BOB
TUSH TA’BIRINI AYTUVCHILAR BILAN QANDAY
MUNOSABATDA BO’LISH KERAKLIGI BAYONI

4350. Ta’bir ilmi xo’p ajib bilim erur,
Ta’birchi tushga yaxshi ta’bir berur.
4351. Inson uxlaganda magar tush ko’rar,
Ta’bir qila bilsa, aytgani kelar.
4352. Inson uxlaganda ko’rar turli tush,
Yaxshi ta’bir qilsa, bo’lar ko’ngli xush.
4353. Bosiriq tush ko’rsa, be’mani, yomon,
Ehson berib, asrash kerak xonu mon.
4354. Ko’rgin tush ilmini mehribon Xudo,
Inson yaxshilik ko’r, deb qildi ato.
4355. Yaxshi tush ko’rganda inson sevinsin,
Yomon tush ko’rganda Haqqa sig’insin.
4356. Faqirlarga bersin kumush, mol-tovar,
Sadaqa baloga kafforat bo’lar.
4357. Ta’birga mos kelar, yaxshilikka yo’y,
Ey ta’birchi, e’tibor ber, ko’ngil qo’y.
4358. Tushga yaxshi ta’bir berguvchi kishi,
Bilimli mehribon, yaxshilar eshi.
4359. Ularni yaxshi ko’rib, et qarindosh,
Ista do’stu yor bo’l, ista qarindosh.

ELLIK UCHINCHI BOB
MUNAJJIMLAR BILAN QANDAY MUNOSABATDA
BO’LISH KERAKLIGI BAYONI

4360. Bulardan o’zgalari munajjimlar,
Nozik ish qiladi nazar sol ular.
4361. Ularda bo’lar yil, oy, kun hisobi,
Ey mard, kerak bo’lar hisob-kitobi.
4362. Handasa (11) o’qi uni bilay desang,
Hisoblar eshigi ochilsin desang.
4363. To’liq bil ko’paytiruv, bo’luv, kasir,
Kamolga yetishda bu muhim tadbir.
4364. Karra va bo’luvni sen mukammal bil,
Uni bilgandan so’ng adad jazri (12) qil.
4365. So’ngra qo’shuv-oluv, masohatga (13) o’t,
Yetti qat falak sirin xas kabi tut.
4366. Istasang o’rgangin jabru muqobil (14),
Uqlidis (15) ilmin olib tur taqobil.

11. Geometriya
12. Ildiz topish
13. Sathni o’lchash
14. Algebra
15. Uqlidis — yunon olimi Evklidning sharqona ismi

4367. Bu dunyo oxirat ishini olim,
Anglatgay hisoblab, o’rganib bilim.
4368. Hisobi buzilsa, ey yaxshi kishi,
Buzilgay har ikki dunyoning ishi.
4369. Biron ishga sen qo’l urishdan avval,
Vaqt qulay, noqulayin bil dastavval.
4370. Kun, oylarning qutli, qutsizlari bor,
Qutlisin tanlab ol,saodatga yor.
4371. Bilimdon mo’ysafid yaxshi aytmishdir,
Oqildan so’rab qil ishing demishdir.

4372. Ilm barla boshlasa ishini inson,
Ne qilsa tilakka yetar har qachon.
4373. Har bir ishda foyda beradi bilim,
Qo’l yetmas keyinga surilsa bilim.
4374. Ulardan so’ra-yu, butkul ishonma,
Bilguvchi Xudodir, sen undan qolma.
4375. Ular bilan yaxshi bo’lgin, bo’l yo’ldosh,
Tilingni tiyib yur, ko’ngling qilma g’ash.

ELLIK TO’RTINCHI BOB
SHOIRLAR BILAN QANDAY MUNOSABATDA
BO’LISH KERAKLIGI BAYONI

4376. Bordir shoir — so’zdan dur terguvchilar,
Birovni maqtab, birin so’kkuvchilar.
4377. Qilichdan o’tkirdir ularning tili,
Qildan-da nozikdir tafakkur yo’li.
4378. Istasang tinglamoq nafis, teran so’z,
Ular anglatgaylar neki hikmat — so’z.
4379. Fikran ular ummonga kiradilar,
Gavhar, yoqut yo inju teradilar.
4380. Maqtasalar elga yoyilgay maqtov,
So’ksalar kishi nomi bo’lgay maxov.
4381. Ey qarindosh, ular bilan yaxshi bo’l,
Ular tiliga tushma, ehtiyot bo’l.
4382. Maqtalishni istasang agar o’zing,
Ularni sevintir, qisqa qil so’zing.
4383. Neki so’rasalar badastir qilgin,
Ular tilidan o’zing asray bilgin.

ELLIK BESHINCHI BOB
DEHQONLAR BILAN QANDAY MUNOSABATDA
BO’LISH KERAKLIGI BAYONI

4384. Dehqonlar erur yana bir guruhi,
Ular qo’lida tiriklik urug’i.
4385. Ularga qo’shilmoq g’oyat muhim ish,
Qorinni to’ydirmoq bo’lmaydi tashvish.
4386. Bor qimirlagan jon manfaat topar,
Yeb-ichishda hamma halovat topar.
4387. Jam’i tin olguvchi hamda ochu to’q,
Ularga muhtoj bo’lmay iloji yo’q.
4388. Senga ham shubhasiz kerak bu kishi,
Ular bilan bitgay qorinning ishi.
4389. Ularga ham aralash, ey qarindosh,
Halquming pok, halol bo’lgay yegan osh.
4390. Nima der eshit taqvolilar boshi,
Xar bir ishni tadbir-la qilgan kishi:
4391. To’g’ri va nozik yo’l tutay degaysan,
Xalqumingni poklab, halol yegaysan.
4392. Taqvodor bo’layin desang mukammal,
Halqum, badan pokligiga qil amal.
4393. Desang boy bo’layin, faqir bo’lmayin,
O’zingni asragin, zino qilmagin.
4394. Qadr-qimmat topay desang elda har kez,
Ey xushfe’l, fasodga qo’shilma hargiz.
4395. Fisqu fujur buzar asos ildizing,
Fasod nobud etar hayotda izing.
4396. Fasoddan saqla zo’rg’a topgan qutni,
Fisqu fujur yondirar o’chgan o’tni.
4397. Yaxshi aytmish fe’l-atvori chiroyli kishi,
Ishga bilim birla qo’l urgan kishi:
4398. Fisq-fujurga yaqin kelma, nari tur,
Fasod qayda bo’lsa, xorlik shundadir.
4399. Fasod-la do’stlashmas fasod hech qachon,
U misli bir kecha qo’nuvchi mehmon.
4400. Dehqonlar asli bo’lar, qo’li ochiq,
Xudo berganidan ham ko’ngli ochiq.
4401. Zamindagi qimirlagan har bir jon,
Yurgani oshin yer, uchganlari don,
4402. Ularga aralash, yaxshi qil so’zing,
Ko’nglin ol ularning, ochiq tut yuzing.

ELLIK OLTINCHI BOB
SAVDOGARLAR BILAN QANDAY MUNOSABATDA
BO’LISH KERAKLIGI BAYONI

4403. Bundan boshqalari sotuvchi erur,
Oldi-sotdidan naf oluvchi erur.
4404. Olam kezar tiriklikni qast etib,
Fikru yodin yolg’iz Haq-la band etib.
4405. Ularga aralash, qil bordi-kelish,
Ne istasalar ber, qil oldi-berish.
4406. Ularda bor bu dunyoning orzusi,
Xalq istagan narsalarning ezgusi.
4407. Sharqdan G’arbga tinmay yurib kezarlar,
Ne istasang uni hozir etarlar.
4408. Dunyoda neki tansiq qimmatbaho,
Ularda muhayyo, ey olim daho.
4409. Savdogar bo’lmasa, kezuvchi jahon,
Qora suvsar po’stin kiyardik qachon.
4410. Karvonlar to’zitmasa yo’llar changin,
Qaydan kelar narsalar rangin-rangin.
4411. Savdogarlar olam kezmasa edi,
Injular shodasin kim ko’rar edi.
4412. Sanayversam bunday gaplar tugamas,
Gapni cho’zavermay qila qolay bas.
4413. Barcha savdo ahli shu yanglig’ bo’lar,
Ularga eshik och, qo’shilsang bo’lar.
4414. Yaxshi kut ularni urinib behad,
Yaxshi noming ketgay bilmayin sarhad.
4415. Nomingni olamga yoyguvchi shular,
Yaxshiyu-yomonni yoyguvchi ular.
4416. Senga ozmi-ko’pmi bersalar tortiq,
Javobq kaytar shod etib undan ortiq.
4417. Ular foyda-zararda injiq bilgin,
Qo’shilsang, sen bunga rioya qilgin.
4418. Nima der eshit dunyo kezgan kishi,
Boshidan behad ko’p ish o’tgan kishi:
4419. Niyat bo’lsa, noming olamga yoyish,
Musofirni yaxshi kutishga tirish.
4420. Yaxshi nom chiqarish istasang agar,
Ko’p bahramand bo’lsin sendan savdogar.
4421. Yaxshi nom qozonmoq istasang o’g’il,
Musofir karvonin sen yaxshi kutgil.
4422. Savdogarga qo’shil shu tarzda har on,
Yaxshi nom qozonib, yashagin shodon.

ELLIK YETTINCHI BOB
CHORVADORLAR BILAN QANDAY MUNOSABATDA
BO’LISH KERAKLIGI BAYONI

4423. Bundan boshqa toifa chorvachilar,
Katta-kichik hayvonlarga boshchilar.
4424. Ko’p oq ko’ngil ular, yo’q bog’-rog’, mulki,
Birovga dardisar bo’lmaydi yuki.
4425. Yeyishli, minishli eng zotli otlar,
Ulardadir yuk tashuvchi jonzotlar.
4426. Qimiz, sut, yog’, suzma — anvoyi ne’mat,
Uylarni bezovchi eng guldor namat.
4427. Ko’p foydali kishilardir bular ham,
Yaxshi ko’rgin ularni, qadrla, bo’tam.
4428. Aralash ularga, yedir ham ichir,
To’g’rilik bilan doim hayot kechir.
4429. Ne so’rasa bergin, keragini ol,
Ko’p ko’rdim, makr-hiyla bilishmas alhol.
4430. Talab qilma tartib-qoida, bilig,
Ularning fe’li keng, ey ko’ngli nozik.
4431. Ularga qo’shilsang o’zing bosib ol,
Taomil bilishmas, so’zlari qo’pol.
4432. Yaxshi gapirginu lek do’st bo’lmagil.
Bilimsiz chigillar bo’lgaylar johil.
4433. Behad yaxshi aytmish ta’lim berguvchi,
Elga aralashib, sinab bilguvchi:
4434. Bilimsizni ortiq yaqin tutmagil,
Yaqin tutsang, qilmas ishni qilar, bil.
4435. Bundan yaxshi ta’lim beradi bilig,
Har bir ishga bilim birla ur ilik.
4436. Bilimsizga yaqin bo’lma, o’zing tut,
O’zin tutgan yashar doim quchib qut.
4437. Bilamsizdan uzoq yur, asra o’zing,
Qo’poldir bilimsaz xulqiyu so’zi.
4438. Xullas, chorvadorlar shu yanglig’ erur,
Qo’shilsang so’zim senga yo’lchi bo’lur.
4439. Bayon etdim senga eng muhim ishni,
Qanday yashash hamda ibrat olishni.

ELLIK SAKKIZINCHI BOB
HUNARMANDLAR BILAN QANDAY MUNOSABATDA
BO’LISH KERAKLIGI BAYONI

4440. Yana bir toifa hunarmandlardir,
Yashash uchun hunar kilguvchilardir.
4441. Foydasi ko’pdir senga ularning ham,
Ey botir, ularga yaxshi bo’l har dam.
4442. Temirchi, etikdo’z, naqqosh, o’ymakor,
Bo’yoqchi, kamonchi hamda kandakor.
4443. Bu dunyo ziynati bari ularda,
Hayratomuz ishlar siri ularda.
4444. Sanasa sanoq ko’p, kila qolay bas,
Uzing bilib olgaysan qilsang havas.
4445. Ularga aralash, birga bo’l har on,
Ularni quvontir, o’zing ham quvon.
4446. Ishing qilsa, haqlarini ber chaqqon,
Yedir-ichir, mo’l-ko’l qilgin oshu non.
4447. El aro demasinlar nokas, xasis,
Noming bulg’anmasin, tut o’zing aziz.
4448. Yaxshi so’z aytmish dono bu haqda, boq,
Xalqqa mehribon ul zot va ko’ngli pok:
4449. Tiriklik tilama, yaxshi nom tila,
Yaxshi nom kerakdir tiriklik bila.
4450. Noming abad qolguvsi o’zing o’lsang,
Hayot shirindir noming yaxshi bo’lsa.
4451. Kim yomon bo’lib nom chiqarsa, alhol,
Yaxshidir dunyodan ketgani darhol.
4452. Hayot bir dastmoya, tila yaxshi ot,
Yomon bo’lma, yaxshilik qil umrbod.

ELLIK TO’QQIZINCHI BOB
KAMBAG’ALLAR BILAN QANDAY MUNOSABATDA
BO’LISH KERAKLIGI BAYONI

4453. Bulardan boshqasi erur faqirlar,
Yedir, ichir va qil yaxshiliklar.
4455. Ular duogo’ydir senga, qarindosh,
Ko’p yaxshi narsadir duo, qarnndosh.
4456. Evaziga ulardan kutma tovar,
Xaqiga jannat berar Parvardigor.
4457. Bular hayotda ko’p duch kelar kishi,
Hojat bo’lsa yo tushsa ular ishi,
4458. Ishi tushsa, mehr ko’rsat, tingla arzin,
Senga barcha kishilar bo’lar yaqin.
4459. Ikki dunyo saodatin toparsan,
Yaxshi nom qozonib, dovrug’ toparsan.

OLTMISHINCHI BOB
QANDAY XOTIN OLISH KERAKLIGI BAYONI

4460. Agar uylanmoqni istasang bir kun,
Yaxshi xotin tanla, ko’p ziyrak bo’lgin.
4461. Nasl-nasab, zoti yaxshisin tanla,
Hayoli, iboli, pokini tanla,
4462. Uy qizi bo’lsin u, yosh qo’l tegmagan,
Sendan bo’lak er yuzini ko’rmagan.
4463. Seni suyar, boshqasini bilmagay,
Noo’rin, nojo’ya ishlar qilmagay.
4464. Xotin olsang pastrog’ini olgaysan,
Balandga osilma, tobe’ bo’lgaysan.
4465. Ne der eshit ko’p sinab bilgan kishi,
Ko’p bilgan kishining puxtadir ishi.
4466. Xotin olgin o’zingdan past, to’g’rini,
Quvonch birla o’tgay umrning har kuni.
4467. Yuzi emas, bo’lsin yor xulqi go’zal,
Yuzing yorug’ qilgay u xulqi go’zal.
4468. Xotin olma, bilib o’z tengingni ol,
Ey mard yigit, topib, rejaligin ol.
4469. Xushfe’lini top, izlama xusn-jamol,
Fe’li yaxshi bo’lsa, bo’lar barkamol.
4470. Havas qilma go’zallikni, ey inson,
U qizil yuzingni qilgay za’faron.
4471. Uylanguvchi uchun to’rt xil ayol bor,
O’zgasiga hech kim uylanmas zinhor.
4472. Biri boy xotinni istar hovliqib,
Biri ko’z tikar go’zalga entikib.
4473. Biri nasil-nasabini so’roqlar,
Zotiga quvonib, o’zin ardoqlar.
4474. Bira hayoli, taqvodorin tilar,
Uni topsa darrov taqdirin ular.
4475. Bularning yaxshisin aytayin senga,
Xotin olar bo’lsang, qulok sol menga.
4476. Ayo boy xotinga intilgan inson,
O’zingni qul qilib, qiynamagin jon.
4477. Tilin uzun qilar molga past bo’lib,
Ra’yiga qararsan, har ko’yga tushib.
4478. Go’zalni istagan, ey yaxshi odam,
Uylansang, kulgiga qolarsan har dam.
4479. Hamma birdek sevar go’zal ayolni,
Tangri o’z fazli-la asragay uni.
4480. Oliy zotli xotin istagan odam,
O’zingni beqadr qilmagin hech ham.
4481. Nasil-nasabi ulug’larning tili,
Uzun bo’lar, bo’lma xotinning quli,
4482. Ey taqvoli xotin istagan, oqil,
Topsang uni to’rt shart ado bo’lgay, bil.
4483. Topilsa iboli, taqvador ayol,
Fursat g’animat bil, darrov uni ol.
4484. Tilak boylik bo’lsa, mol yig’ib berar,
Boyitib, yuzingni u yorug’ qilar.
4485. Xulqi go’zal bo’lsa, ayni muddao,
Go’zal xulq insonga eng yaxshi taqvo.
4486. Hayoli, pok bo’lsa — nasabi ulug’,
Uch sifat ayni shunda bo’lgay to’lug’.
4487. Taqvoli xotinni ista, ey oqil,
Shunda to’rttala shart tugal bo’lgay, bil.
4488. Agar topsang shunday taqvoli ayol,
Qo’ldan chiqarmagin, bo’lmasin uvol.

OLTMISH BIRINCHI BOB

FARZANDLARNI QANDAY TARBIYALASH
KERAKLIGI BAYONI

4489. Oliy zot, tug’ilsa uyda qiz-o’g’il,
Yotga berma, uyingda tarbiya qil,
4490. Yaxshi murabbiy top, bo’lsin halol, pok,
Farzand har jihatdan o’sgay sog’lom, pok.
4491. Bilim, odob o’rgat o’g’il-qizingga,
Naf tegadi ikki olamda unga.
4492. O’g’ilni uylantir, qizni erga ber,
Tashvishsiz yashagin, ayo baxtli er.
4493. O’g’ilga turli kasb-hunarni o’rgat,
Mol-dunyo keltirar unga fazilat.
4494. O’g’ilni ishga sol, bo’sh qo’yma, terga,
Laqillab yurmasin, bebosh, bekorga.
4495. Erga bermay qizni saqlama uzoq,
Nadomatda o’lgung dard chekmay uzoq.
4496. Ey birodar, aytay so’zimni uzib,
Qiz tug’ilmasa yo o’lgani tuzuk.
4497. Tug’ilsa, yer qa’ri hammadan yaxshi,
Qabristonga ko’shni bo’lgani yaxshi.
4498. Xotinlarga bo’lgin doim ko’z-quloq,
Ular ichi sirtidek emas mutloq.
4499. Yotni uyga qo’yma, xotin chiqmasin,
Begonani ko’rib, yo’ldan chiqmasin.
4500. Ko’z ko’rmasa agar, talpinmas ko’ngil,
Ne ko’rsa ko’z, ko’ngil istaydi o’g’il.
4501. Ko’zingni asrasang ko’ngil chopmagay,
Ko’ngil chopmasa, jon asir bo’lmagay.
4502. Hamdasturxon bo’lmasin erkagu ayol,
Qo’shilsa, sharm-hayo bo’ladi zavol.
4503. Xotinni chiqarma uydan ko’chaga,
Tuz yo’ldan adashar chiqsa ko’chaga.
4504. Xotin go’shtga o’xshar, asrash kerakdir,
Asralmasa aynar, tashlash kerakdir.
4505. Xoitinni e’zozla, ne so’rasa ber,
Eshiging mahkam qil, yo’latma yot er.
4506. Ularda vafo yo’q azalu azal,
Ko’zi neni ko’rsa, dil tortar o’shal.
4507. Bir daraxt jafo-la topgan parvarish,
Mevasi og’udir, bo’lmagin haris.
4508. Necha minglab jasur, mard o’g’lon,
Xotinlar tufayli bo’ldilar qurbon.
4509. Obro’-e’tiborli, yuzi yorug’ er,
Xotinlar tufayli bo’ldi qaro yer.
4510. Nobud bo’ldi bevaqt minglab lochinlar,
Uni tirik yerga tiqda xotinlar.
4511. Qanday asrash kerak ularni bilmam,
Ularga bas kelar faqat bir Egam.

OLTMISH IKKINCHI BOB
HIZMATKORLAR BILAN QANDAY MUNOSABATDA
BO’LISH KERAKLIGI BAYONI

4512. Qo’l ostingdagilarni sen yaxshi tut,
Yemak-ichmagin ber, egnini qil but.
4513. Kuchiga munosib yukla sen yukin,
Sendan Xudo hisob oladi bir kun.
4514. Haddan oshib, jabr qilmagin unga,
Bundan Egam kahri keladi senga.
4515. Ular ham sen kabi Xudoning quli,
Zulm qilib ochma hargiz do’zox yo’lin.
4516. Sen ulug’, ular bo’ldi kichik, haqir,
Ulug’ etmog’i shart kichikni taqdir.
4517. Ulug’ bo’lsang o’zing kichik tut hadsiz,
Ulug’ga yarashgay kamtarlik shaksiz.
4518. Nima der aql-zakovatli uqib bil,
Ey dono, so’zlariga albat amal qil:
4519. Gar ulug’ beg bo’lsang shu yurt, shu joyda,
Ko’ngil, tilni kichik tutganing foyda.
4520.O’zingdan ketmagin, adashma yo’ldan,
Kelib turgan baxtni chiqarma qo’ldan.
4521. Uy—joying, mulkingni pok tut hammavaqt,
Qo’li ochiqqa davlat kelar har vaqt.
4522. Osh-suving, shon-tuzing doim mo’l-ko’l qil,
Noming yaxshi bo’lib, qut keladi, bil.
4523. Kirimga yarasha bo’lsin chiqiming,
Chiqimni bil, g’amin yegin kirimning.
4524. Oldi-berdilarga mohir, puxta bo’l,
Qachon bir ish qilsang ochiq bo’lgay yo’l.
4525. Qo’ling qiska bo’lib qolsa, vaqt kelib,
Birovga zorlanma o’zing xor qilib.
4526. Ishongan do’stlaring tutmagay qo’ling,
G’animlaring kulib, tusgaylar yo’ling.
4527. Yomon ko’rgay seni do’st-yor, qarindosh,
Buning azobidan diling bo’lgay g’ash.
4528. Yaxshi odamlarga qo’shilib yasha,
Odam bo’l, odamlar ichida yasha.
4529. Mol qo’shib birovga bo’lmagin sherik,
Pushaymondan qizil yuz bo’lgay sariq.
4530. Katta yo’lga yaqin uy solmagaysan,
Balo yog’iladi, tinch bo’lmagaysan.
4531. Yey ko’ngli oq, ziqnaga qo’shni bo’lma,
Qal’a bilan daryoga yaqin turma.
4532. Bu uch qo’shnilikdan senga foyda yo’q,
Ziyon yetsa, qaytarguvchi chora yo’q.
4533. Uy olmoq istasang qo’shniga qara,
Yer olmoq istasang suviga qara.
4534. Yomonga qo’shilma, sog’-salomat yur,
Fe’lingni to’g’ri tut, tulpor otdek yur.
4535. Shukr qil boriga, beg nomini ol,
Tashvishni tark etib, yashagin xushhol.
4536. O’limni unutma, hushyor bo’l doim,
Ko’zlarang ochilgay, yod et Xudoyim.
4537. So’zingni o’ylab qil, tashvish kelmagay,
Vaqting zoe qilma, afsus bo’lmagay.
4538. Ortiqcha gerdayma, nafrat toparsan,
O’ta baxil bo’lma, qarg’ish toparsan.
4539. Ko’ngli nozik kishi eshit nima der,
Ximmatga loyiq himmat qilguvchn er:
4540. Yaxshn nom qozonay desang, ey oqil,
Saxiy bo’l, astoydil sen harakat qil.
4541. Istasang hur kishi bo’lishini qul,
Saxiy bo’l, narsa ber, bosh egadi ul.

4542. Yuksalib qo’kka yetsin desang boshing,
Bilim birla qilgin sen barcha ishing.
4543. Jahonga yoyilsan desang gar oting,
Musofirni kutgin, ortar shuhrating.
4544. Farog’atda yashash istasang doim,
G’ofillikni tark et, xulqi muloyim.
4545. Maqsad toat bo’lsa, nafsing jilovla,
Orzu-havaslarning yo’lini bog’la.
4546. Topay desang bu olamda ezgulik,
Havasdan voz kechib, nafsni tiygulik.
4547. Bu haqda xo’p aytmish fikri barqaror,
So’ziga amal kil, fe’li beqaror.
4548. Nafsingga erk berma, jilovla uni,
Erk bersang boshingni yeydi bir kuni.
4549. Yaxshilik qilinsa, yomonlik qilar,
Yomonlik qilsang gar bo’ynini egar.
4550. Shu bilan O’gdulmish so’zin bas qilar,
Qarindosh, avom xulqi shunday bo’lar.
4551. Bilganlarim aytdim bir-bir, tinglading,
Shu bilan gap tamom, barin anglading.

O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA SAVOLI

4552. Yana bnr gapim bor aytayin senga,
Uning ham ma’nosin yechib ber menga.
4553. Qo’shilmoq lozim bo’lsa bular bila,
Bordi-keldi qilmok shart uynab kula.
4554. Shubhasiz, mehmonga taklif etgaylar,
Chaqirsam ular ham albat kelgaylar.
4555. Znyofatga qanday borib yeyay osh,
Ularni qay yo’sin chorlay, qarikdosh.
4556. Batafsil bayon et sen menga buni,
Puxta bilib olay har jihat uni.

021

(Tashriflar: umumiy 808, bugungi 1)

Izoh qoldiring