Shukur Qurbon. She’rlar

076 июль — Таниқли шоир Шукур Қурбон таваллуд топган куннинг 65 йиллиги. Чин юракдан қутлаймиз!

Устоз Эркин Воҳидов шоир сайланма китобига ёзган сўзбошисида ҳақли равишда эътироф этиб ёзган эди: «Етмишинчи йилларга келиб янги бир тўлқин, янги бир истеъдодли авлод сафимизга қўшилди. Ўзбек назми ва насрига янги руҳ кириб келди. Бу авлод сафида пешқадамлардан бири Шукур Қурбон эди. Унинг ҳаяжон тўла юраги, айтган сўзи, ёзган шеъри, ҳар бир хатти-ҳаракатида аён бўлиб турарди…» (Сўзбошини тўлиқ ҳолда мана бу саҳифада ўқинг)

09Шукур ҚУРБОН
ШЕЪРЛАР
07

НАВОИЙНИ АНГЛАШ

Тарих, дегани бу — жанг-жадал эмас,
Сўздир у , сўзларда акс этган маъно.
Балки туркийни ҳам биров тил демас,
Навоий назмидан туймаса наво.

Уйғоқ шуур билан хаёлга толсак,
Навоий ва иймон — эгиз тушунча.
Шоирга биз қанча яқин боролсак,
Худога яқинлаб борурмиз шунча.

Эл ғамин ўйлаган бари бир ўлмас,
Уни кутар доим тақдир аломат.
Бу теран нолалар ҳеч қачон сўлмас,
Кўнгилни авайлаб-асрар саломат.

«Эй, Навоий», дея чорлар ўзини
Муҳаббат йўлига, меҳр йўлига.
«Эй, Навоий» — жаҳон очар кўзини,
Тилла тушган каби гадой қўлига.

«Эй, Навоий» — қуёш тушар самодан,
Кетар пой-пиёда уфқлар оралаб.
Юрак энтикади тоза ҳаводан,
Метин дардларини тилка-поралаб.

Авлод-авлодларга ҳамиша ёр у,
Турли халқлар аро расо қаддимиз.
«Сўзимни эшит», — деб бизларга зор у,
«Биз ҳам зор», — дейишга борми ҳаддимиз?

ТОҲИР МАЛИКНИНГ «ШАЙТАНАТ» ФИЛМИГА ЁЗИЛГАН ҚЎШИҚЛАР

1. СЕНСИЗ УМР ЯРИМ

Қайда у кунларим, қайда у висол?
Қайда қувончимга қоришган жаҳон?
Сени мен йўқотдим йўловчи мисол,
Қолди қароқчига таланган карвон.

Сенсиз умр ярим ва дунё бир кам,
Нетай, ўқтин-ўқтин зирқирар қалбим?
Ўчоғи бор-ку ярқ этган чўғнинг ҳам,
Қолдим уйи куйган мусулмон каби.

Дўл урган даладек паришон бу дил,
Афсус-надоматлар ёндирар бўғзим.
Менга лаънатлар айт, қарға муттасил,
Берсин жазоимни Худойим ўзи.

Ёнган уй тикланар, бутланар карвон,
Дўл урган дала ҳам яшнайди қайтиб.
Бироқ йўқолмайди кўксимда армон,
Бироқ сен йиғлайсан, лаънатлар айтиб…

2. АЙ, БАFРИМНИ ТИFЛАГАН…

Ай бағримни тиғлаган болам,
Ай дунёга сиғмаган болам.
Ай дунёнинг бевафолигин
Гўдакликдан илғаган болам.

Қайдан келиб, қайга йўқолдинг?
Аччиқ-аччиқ ўйларга солдинг.
Онангнинг ё менинг гуноҳим,
Қай бирининг касрига қолдинг?…

3. ДИЛДА ДАРДИНГ…

Дилда дардинг, тилда отинг, ёр,
Қани сенинг диёнатинг, ёр?
Менгами бу қиёматинг, ёр—
Хиёнатинг, хиёнатинг, ёр?

Эр киши ҳеч эгиларми, айт?
Ғам чекмаса, эзиларми, айт?
Мени ерга тенг қиларми, айт—
Хиёнатинг, хиёнатинг, ёр?

1990

ШАЙТАНАТ

(Адиб Тоҳир Маликнинг «Шайтанат» видеофилмида айтилган қўшиқ)

Ҳаёт-гулзор, дея, кездим, тиконлари чиқди йўлдан,
На-да тиконлари, турфа илонлари чиқди йўлдан.

Тилинди қалб, шилинди тил, балои нафс бўлди ғолиб,
Қиморга бой берилди ор, пушмонлари чиқди йўлдан.

Кўнгил бердим ёра ногоҳ, ахтариб мен тасаллолар,
Заҳарханда қилди ағёр, ёмонлари чиқди йўлдан.

Замон Ҳаққа тегишли, деб неча фурсат қилдим сабр,
Чектириб оҳ, неча соҳибзамонлари чиқди йўлдан.

Бу бир қисмат, дедим, балки пешонамга ёзилгани,
Худо урган Шайтанатнинг шайтонлари чиқди йўлдан.

Борми бирор ҳайрихоҳим ва ё ҳамдард? Муҳаббатнинг
Тоҳир Малик, Шукурдайин қурбонлари чиқди йўлдан.

1999

ТОҲИР МАЛИКНИНГ «ИБЛИС ДЕВОРИ» ФИЛМИГА ЁЗИЛГАН ҚЎШИҚЛАР

1. ОТА-ОНА БОFБОН ЭКАН...

Умр бир боғ, ота-она-боғбон экан, жигарларим,
Фарзандлари бахтин ўйлаб, гирён экан, жигарларим.

Тирикликда кўрса-кўрди меҳнатлари мевасини,
Кўрмаса, қолди изим, деб шодон экан, жигарларим…

Ўтди-кетди икки азиз: ҳукми бу тақдири азал,
Боғбони йўқ боғ ҳувиллар, ёмон экан, жигарларим

На из бўлдик уларга биз, кўрдилар қай бир мевамиз?
Ўтганларга бари рўй-рост, аён экан, жигарларим…

Дуо керак энди биздан, аҳиллигу силаи раҳм,
Бу дунё у дунё учун имкон экан, жигарларим.

Бас гина, бас кудурат, бас, ёқмас Худойга бул бари,
Ким Худога ёқмабдир, ул нодон экан, жигарларим…

2. ОТА-ОНА ЎТДИ-КЕТДИ

Оға-ини – жигарларим, бир қориндан тушганларим,
Бир нонин бўлишганларим, бирга сут эмишганларим.
На жин чалди сизни, эвоҳ, адаштирди сизни қай гумроҳ,
Ҳар икки гапнинг бирида манглайи тиришганларим?

Ёшимиз бир жойга етди, қўнди бошимизга қиров,
Ота-она ўтди-кетди, энди «ҳай» демас биров.
Ҳай, демак не, гўрида тинч ётолмас ул икки азиз,
Ноаҳил ҳар онимиз ҳар икки азизга бир буров.

Оға-иним—жигарларим, бир қориндан тушганларим,
Гар қавм бўлмас аҳил—байрам қилар душманлари.
Яратганга ёқмагай хуш—тонгла қиёматда унинг
Ҳамдамлари бўлур охир надомату пушмонлари.

3. ОМОНАТ ДУНЁ БУ…

Ота-онам ўтди-кетди, омонат дунё— бу дунё,
Жигарларим фиғон этди: «Омонат дунё— бу дунё».

Қолди боғ гўё боғбонсиз ва карвон гўё сарбонсиз,
Қаторга бир хато етди, омонат дунё— бу дунё.

Ака-ука, опа-сингил –солди ҳамма ўзича йўл,
Нодонлик бизни қақшатди, омонат дунё— бу дунё.

Қилмадилар иттифоқлик, билмадилар шунга боғлиқ-
Ўтганлари ҳаловати, омонат дунё— бу дунё.

Гўрдагилар безовта, гар ердагилар бўлса ҳалак,
Ҳаловати имон битди, омонат дунё— бу дунё.

Қоплади бу боғни хазон, аро йўлда қолди карвон,
Дўсту ғаним ўйга ботди, омонат дунё— бу дунё.

Аё, боғлар яшнаши шарт, йўлда қолмас карвон абад,
Шудир Аллоҳ тариқати, омонат дунё— бу дунё.

1990

МЕНИ ТУШИН, МЕНИ ҚИЗҒОН, ЁР

Элдан сўра, бахшидан сўра,
Яхшилар кўп – ёмондан кўра.
Муҳаббатим меҳрингга ўра,
Мени тушин, мени қизғон, ёр.
Асра мени ёмон сўздан, ёр.

Кўнгил билан суҳбат айладим,
Шунча ёрдан сени сайладим.
Севармикан, дея ўйладим,
Мени тушин, мени қизғон, ёр.
Асра мени ёмон кўздан, ёр.

Олам аро ёлғизлик ёмон,
Кел мен томон, муҳаббат томон.
Йўлларингга кўз тутар бу жон,
Мени тушин, мени қизғон, ёр.
Асра мени ёмон сўздан, ёр.

Асра мени ёмон кўздан, ёр.

1990

СОҒИНДИМ

Кел, эй ёрим, парирўйим, кел энди,
Кел, эй, чашми хуморингни соғиндим.
Фироқ жондан ўтди, қадринг билинди,
Висолингни, рухсорингни соғиндим.

Хаёлимда кокилларинг тутами,
Бир сўз учун шунча зулм, ситамми?
Ишқ йўлида гуноҳкор мен биттами?
Суманбўй, гулузорингни соғиндим.

Сени кўрмоқ бўлдим, неча чоғландим,
Ўз ёғимга ўзим неча доғландим.
Билмам сенга, нега сенга боғландим,
Боғлиқ қулдай озорингни соғиндим.

Кел, эй, чашми хуморингни соғиндим,
Висолингни, рухсорингни соғиндим.
Суманбўй, гулузорингни соғиндим,
Боғлиқ қулдай озорингни соғиндим.

1988

РЎМОЛЧА

Чеккалари нозикли бир рўмолча;
Севгимиздан қолган ёлғиз ёдгор.
Чеккалари нозикли бир рўмолча;
Унда майин қўлларингнинг изи бор.

Қатларига нигоҳларинг тўкилган,
Оромларинг сингган унга тунлари.
Ипаклар-ла қўшиб баъзан тўқилган
Соғинчингнинг изтиробли унлари.

Бир бурчида иккимизнинг исмимиз,
Орасида бош ҳарфи бор «севги»нинг.
Номларимиз бунда бирга, жисмимиз
Икки жаҳон аро қолди, севгилим.

Чеккалари нозикли бир рўмолча;
Уни ўпиб, кўзларимга сураман.
Чеккалари нозикли бир рўмолча;
Рўмолчада илк севгимни кўраман.

1975

БАЛИҚЧИНИНГ ЙЎЛЛАРИДА

(Қадимги оҳангларда)

Балиқчининг йўлларида чақир тикан ўсмади,
Ёр васли, деб бордим ёниб, ҳеч ким олдим тўсмади.
Балиқчининг йўллари, оҳ, бебурд экан, зол экан,
Ағёрга ҳам қучоқ очди, хазон бўлди сийм тан.

Балиқчининг йўлларида ёр сочин бўйи қолди,
Ёр сочининг бўйларида дил зорим кўйи қолди.
Унда мен бош суқмаган на сўқмоқ бор, на йўлак,
Бу йўсиндан тўзди танда неки бор жондан бўлак.

Дилим оқди оҳим туйиб, соч ёйганин кўргани,
Борим надир, йўғим надир – ҳуши ҳам йўқ сўргани.
Ҳарки ғамда лекин ҳамон ерга урмай номимни,
Дастак қилиб яшаяпман ёлғизгина жонимни.

Тўзим берсин Парвардигор энди тоқат-иймонга,
Армонларим поклигини солмасин ҳеч гумонга.
Поймол ишқ қисматини эслаб куяй бемалол,
Айрилиқнинг зардобини дилдан туяй бемалол.

ЧЎЛИ ИРОҚ АФСОНАСИ

Муҳаббатсиз дилдай қақраган саҳро,
Унда, дўппайишган барханлар аро
Оғир тўлқинланиб боради карвон.
Карвон узра бир тахтиравон;
Тахтиравон гўзал ҳамда шоҳона,
Гўзал ҳамда шоҳона, бироқ ғамхона;
Тобутдай лопиллаб боради ёмон.
Тахтиравон ичра бир сулув –
Палахмоннинг тоши бўлган жон
Ув тортади: «ув-ув…»

Э воҳ! Келинпошша йиғисимас бу,
Э воҳ! Бу чўзилган тўйда “ёр-ёр” йўқ.
Соя-салқин жойни қўйинг, тотинмоққа сув –
Топилмайди бирор қатра, танда мадор йўқ.
Фақат эсар чарх уриб гармсел: «ғув-ғув…»

Маъшуқ эса, судралади сояма-соя
Ва карвонга тирғилади қадам-бақадам.
Маҳзун бардошлари билмас ниҳоя,
Сўнгги висол орзусида саргардон одам,
Кўз ёшлари «дув-дув…»

Пошшоликнинг одамлари ҳайвон эмаслар,
Аммо зарра инсонийлик йўқдир уларда.
Маъшуқ ҳолин кўра-билиб раҳм этмаслар,
Қамчилашар ҳар гал ўлардай,
Қамчилашар: «зув-зув…»

Тўкилади қум бўлиб қумликка маъшуқ,
Исён қилар қалбида хўрланган туйғу.
Тағин саҳро узра у қад тиклайди: «Йўқ,
Йўқ, йўқсиллик севгига тўсқин эмас бу.
Тиллаю зар золимликка ҳақ-ҳуқуқ эмас.
Тахтиравон ичра ёрим чорламоқда, бас,
Ув тортганча: «ув-ув…»

Қамчиланаверар ўғлон шу кўй: «зув-зув…»
Юзин шилар кўз ёшлари: «дув-дув…»
Чорлайверар севганини маъшуқа-сулув
Тахтиравон ичра ув тортганча: «ув-ув…»
Эсаверар гармсел ҳам чарх уриб
Тўрт томондан: «ғув-ғув…»

1976

ВАТАН

Ватан, сенсиз нетардим мен?
Девонадай кетардим мен.
Гулзоридан айро булбул
Каби фарёд этардим мен.

Онам, дедим, боланг бўлдим,
Кўксингда оҳ, ноланг бўлдим.
Муҳаббатинг туйиб жондан,
Бу дунёда одам бўлдим.

Кўз очиб кўрганим сенсан,
Қизғониб юрганим сенсан.
Вужудим йўқ бўлиб кетар,
Жоним сенсан, жоним сенсан.

Ўзбекистон, Ўзбекистон,
Бахтимга бўл доим омон.
Доим озод, доим обод
Кўрсин сени жумла жаҳон.

Ватан, сенсиз нетардим мен?
Девонадай кетардим мен.
Гулзоридан айро булбул
Каби фарёд этардим мен.

2000

САНЪАТ МУЗЕЙИДА

Бу бир ғазна – санъат музейи.
Муҳофизи – қўриқчиси музейнинг
Ўғри чиқди.
Санъат асарлари қўй-қўзичоғ-у,
Чўпони бўри чиқди.

Иймон тўғрисида гапирмоқ бунда
Ортиқча балки,
Виждон тўғрисида-чи?
Нима қилсин бўрида виждон!

Жиҳозларни сохталаштириб,
Аслини чет элликларга
Арзонбаҳо сотган одамда
Не қилсин виждон!..

…Олиб кетишгани етмасми эди
Жоҳилият замонларида…
Ҳамид Сулаймон-у, Суюма
Ғани сингари
Ёт юртларда кезиб, ахтариб
Олиб келиш ўрнига
Ватанига қайтариб,
Тарқатиб юбориш-ла бўлсак-а машғул
Ўз қўлимиз-ла…

Бунча гўл деб билмаса,
Ўз халқини бу банда,
Ўйласа – бўлаверар
Унга сохта нусхалар ҳам деб!..

Бировларнинг ҳақини ўзлаштирганнинг,
Дейдиларки, егани ҳаром.
Давлат, халқ, миллат ҳақин еганларнинг-чи?
Томирида оқар қандай қон?
Аҳли байти ҳам еса топган даромадидан,
Ботмайдими ҳаромга бутун хонадон?
Ҳаромилар туғилмасми ҳаромийлардан?!..

Шолининг ичидаги курмаклар каби
Ўшалар ҳам бўладими – келажак авлод
Орасида, ўшаларга ҳам
Топширамиз, наҳот, ишониб
Мамлакат тақдирини?

Йўқ, яна бир бор йўқ: Биздан-да кучли,
Билимли ва доно
Бўлар фарзандларимиз:
Бўриларга қўйларини,
Иншааллоҳ, улар қўймас топшириб.

2015

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРИ ХУРШИД ДАВРОНГА СТАНСЛАР

1

Қорлар босолмас биз босган изларни,
Йиллар ажратолмас энди бизларни.
Қартайган овоз-ла айтамиз энди
“Дўстгинам, мен келдим” деган сўзларни.

2

Юракнинг йўлида юрибмиз ҳамон,
Бошқа йўллар бизга ташланди ёмон,
Кутди висолимиз дўстлик ўзи ҳам,
Йиллар тўзонида йўқолмай, омон.

З

Эй воҳ, хузурингга бежиз қайтмадим,
Бежиз дилда чандиқ ва из қайтмадим,
Сохта дўстлар аро хор бўлганимни
Сенга айтолмадим. Қандай айтмадим?!

4

Йиллар синовидан ўтмаса дўстлик,
Бўларкан, албатта, кемтик, кам-кўстлик.
Уйғунлашар экан вақт уммонида
Икки ўзлик, икки ўзига хослик.

5

Дўстлик ҳам май каби хум ичра ётиб,
Куч-қувват йиғаркан, ахир, вақт ўтиб.
Ютгандим қатрасин, сени соғиниб,
Элтди хузурингга мени хажр ўти.

6

Ғийбат, фисқ-фасоддан заҳарлар санча,
Орамизни бузмоқ бўлдилар қанча.
Аксинча, интилдик бир-биримизга,
Ул бузғинчилардан қочдик, аксинча.

7

Ўртага кирмоқчи бўлмади кимлар,
Нокасу ножинслар, ғаддор ғанимлар.
Бирма-бир барчасин ташладик юлиб,
Қолди ортимизда уюм-уюмлар.

8

Бизни бирлаштирган шеър эди, эй дўст,
Шеър: “Пок бўл, ҳалол бўл” – дер эди, эй дўст.
Ким унга хиёнат қилди, ҳаётда,
Тутиб, имонини ер эди, эй дўст.

9

Гадонинг душмани гадомас ҳеч ҳам,
Дейман сен ҳақингда ўйлаганим дам.
Акс ҳолда, замондош икки шоирни
Дўстлаштирмас эди Яратган Эгам.

2.Х1.15

ТАҚДИМОТ ЁХУД МАЪРИФАТ ҲАЙКАЛИ УЧУН СЮЖЕТ

Миллий кутубхона.
Кўзларида нам,
Китоб қошида тиз чўкди кекса бир одам.
Худога ширк келтиришми, йўқми бу, билмам,
Кўпчиликка хуш ёқди бу,
Ёқди менга ҳам.

Битилганди унда ўзбек тарихи рўй-рост,
Минглаб йиллик халқ тарихи, замонага хос.
Минглаб йиллик орзу-армон, ҳайрат, ҳаяжон
Минглаб йиллик фактлар ила битилганди соз.

Олқишлардан титради зал,
Титради юрак,
Тиз чўкди чол туролмади ўрнидан бироқ.
Сизарди кўз ёшлари соқолигша жим,
Англадикки, ёрдам учун шошилиш керак.

Энг аввало, муаллифлар қўзғалди шитоб
Ва отахон пойига тушди у китоб –
Тегиб кетиб бехосдан кимнингдир қўли…
Эҳтиромга эҳтиром қайтганди шу тоб.

Ва оҳ тортиб юборди бу ҳолатдан зал,
Балққан эди тайёр сюжет-эскиз шу маҳал:
Тиз чўккан зот. Пойида очилган китоб…
Бўлар эди маърифатга ясалса ҳайкал.

14.11. 15

ТАОМИЛГА КЎРА…

«Жаноблар, бу нусха бор-ку бизда» – демасдан,
Қабул қилиб олди Навоий
Асари нусхасини
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси
Ходимлари,
Таомилга кўра,
Тантана билан.

– Нега олиб келишмабди аслини?
Асар Навоийники, ўзбекники,
Бизники-ку, бошқача айтсак?
– Сотилади асли
Палон пулга, шартнома билан.
– Олиб кетилган-ку қийин кунларда,
Арзимаган ақчага ёхуд
Рўзғор учун керакли
Буғдойгами, арпагами айирбошланиб,
Бечоралардан.
– Бечоралар эдик, кетишган олиб,
Мана, энди бечорамасмиз,
Мустақилмиз,
Олиб келамиз
Вақти-соати билан
Халқимизга қайтариб.
Яхши бўлган, бир ҳисобда,
Сақлаб келган ҳазрат асарин
Шу чоққача саломат-омон.
– Лекин, наҳот, сақлаганлар
Бир кун келиб сотиш учун?!
Олтин эмас-ку?!
– Авваламбор, олтиндан қиммат –
Навоий асарлари,
Ёза олмас уни биров
Олтин берсанг ҳам қанча.
Қолаверса, фойдаланишган
Ўстириш-чун ундан ўз
Халқи маънавиятин.
Гапларига қараганда, керак қилишар
Бундан кейин ҳам.
Дарвоқе, ўқийдими
Бизда Ҳазрат асарларини?
Мутахассислардан
Бошқа кимлар ўқийди?
Ўқимагач, фарқи бор қандай
Асл нусхами у, асл эмасми?
Масалан, сихз ўқиганмисиз
Йигирма жилдликдан бирор жилдини?..
– …
– Ана, кўрдингиз,
Улар бизни синамоқ бўлган:
Қадрига етарми, етмасми дея
Навоий асарларин,
Келтирсак аслин!..

15.11.15

076 iyul — Taniqli shoir Shukur Qurbon tavallud topgan kunning 65 yilligi. Chin yurakdan qutlaymiz!

    Ustoz Erkin Vohidov shoir saylanma kitobiga yozgan so’zboshisida haqli ravishda e’tirof etib yozgan edi: «Yetmishinchi yillarga kelib yangi bir to’lqin, yangi bir iste’dodli avlod safimizga qo’shildi. O’zbek nazmi va nasriga yangi ruh kirib keldi. Bu avlod safida peshqadamlardan biri Shukur Qurbon edi. Uning hayajon to’la yuragi, aytgan so’zi, yozgan she’ri, har bir xatti-harakatida ayon bo’lib turardi…» (So’zboshini to’liq holda mana bu sahifada o’qing)

09Shukur QURBON
SHE’RLAR
07

NAVOIYNI ANGLASH

Tarix, degani bu — jang-jadal emas,
So’zdir u , so’zlarda aks etgan ma’no.
Balki turkiyni ham birov til demas,
Navoiy nazmidan tuymasa navo.

Uyg’oq shuur bilan xayolga tolsak,
Navoiy va iymon — egiz tushuncha.
Shoirga biz qancha yaqin borolsak,
Xudoga yaqinlab borurmiz shuncha.

El g’amin o’ylagan bari bir o’lmas,
Uni kutar doim taqdir alomat.
Bu teran nolalar hech qachon so’lmas,
Ko’ngilni avaylab-asrar salomat.

«Ey, Navoiy», deya chorlar o’zini
Muhabbat yo’liga, mehr yo’liga.
«Ey, Navoiy» — jahon ochar ko’zini,
Tilla tushgan kabi gadoy qo’liga.

«Ey, Navoiy» — quyosh tushar samodan,
Ketar poy-piyoda ufqlar oralab.
Yurak entikadi toza havodan,
Metin dardlarini tilka-poralab.

Avlod-avlodlarga hamisha yor u,
Turli xalqlar aro raso qaddimiz.
«So’zimni eshit», — deb bizlarga zor u,
«Biz ham zor», — deyishga bormi haddimiz?

TOHIR MALIKNING «SHAYTANAT» FILMIGA YOZILGAN QO’SHIQLAR

1. SENSIZ UMR YARIM

Qayda u kunlarim, qayda u visol?
Qayda quvonchimga qorishgan jahon?
Seni men yo’qotdim yo’lovchi misol,
Qoldi qaroqchiga talangan karvon.

Sensiz umr yarim va dunyo bir kam,
Netay, o’qtin-o’qtin zirqirar qalbim?
O’chog’i bor-ku yarq etgan cho’g’ning ham,
Qoldim uyi kuygan musulmon kabi.

Do’l urgan daladek parishon bu dil,
Afsus-nadomatlar yondirar bo’g’zim.
Menga la’natlar ayt, qarg’a muttasil,
Bersin jazoimni Xudoyim o’zi.

Yongan uy tiklanar, butlanar karvon,
Do’l urgan dala ham yashnaydi qaytib.
Biroq yo’qolmaydi ko’ksimda armon,
Biroq sen yig’laysan, la’natlar aytib…

2. AY, BAFRIMNI TIFLAGAN…

Ay bag’rimni tig’lagan bolam,
Ay dunyoga sig’magan bolam.
Ay dunyoning bevafoligin
Go’daklikdan ilg’agan bolam.

Qaydan kelib, qayga yo’qolding?
Achchiq-achchiq o’ylarga solding.
Onangning yo mening gunohim,
Qay birining kasriga qolding?…

3. DILDA DARDING…

Dilda darding, tilda oting, yor,
Qani sening diyonating, yor?
Mengami bu qiyomating, yor—
Xiyonating, xiyonating, yor?

Er kishi hech egilarmi, ayt?
G’am chekmasa, ezilarmi, ayt?
Meni yerga teng qilarmi, ayt—
Xiyonating, xiyonating, yor?

1990

SHAYTANAT

(Adib Tohir Malikning «Shaytanat» videofilmida aytilgan qo’shiq)

Hayot-gulzor, deya, kezdim, tikonlari chiqdi yo’ldan,
Na-da tikonlari, turfa ilonlari chiqdi yo’ldan.

Tilindi qalb, shilindi til, baloi nafs bo’ldi g’olib,
Qimorga boy berildi or, pushmonlari chiqdi yo’ldan.

Ko’ngil berdim yora nogoh, axtarib men tasallolar,
Zaharxanda qildi ag’yor, yomonlari chiqdi yo’ldan.

Zamon Haqqa tegishli, deb necha fursat qildim sabr,
Chektirib oh, necha sohibzamonlari chiqdi yo’ldan.

Bu bir qismat, dedim, balki peshonamga yozilgani,
Xudo urgan Shaytanatning shaytonlari chiqdi yo’ldan.

Bormi biror hayrixohim va yo hamdard? Muhabbatning
Tohir Malik, Shukurdayin qurbonlari chiqdi yo’ldan.

1999

TOHIR MALIKNING «IBLIS DEVORI» FILMIGA YOZILGAN QO’SHIQLAR

1. OTA-ONA BOFBON EKAN...

Umr bir bog’, ota-ona-bog’bon ekan, jigarlarim,
Farzandlari baxtin o’ylab, giryon ekan, jigarlarim.

Tiriklikda ko’rsa-ko’rdi mehnatlari mevasini,
Ko’rmasa, qoldi izim, deb shodon ekan, jigarlarim…

O’tdi-ketdi ikki aziz: hukmi bu taqdiri azal,
Bog’boni yo’q bog’ huvillar, yomon ekan, jigarlarim

Na iz bo’ldik ularga biz, ko’rdilar qay bir mevamiz?
O’tganlarga bari ro’y-rost, ayon ekan, jigarlarim…

Duo kerak endi bizdan, ahilligu silai rahm,
Bu dunyo u dunyo uchun imkon ekan, jigarlarim.

Bas gina, bas kudurat, bas, yoqmas Xudoyga bul bari,
Kim Xudoga yoqmabdir, ul nodon ekan, jigarlarim…

2. OTA-ONA O’TDI-KETDI

Og’a-ini – jigarlarim, bir qorindan tushganlarim,
Bir nonin bo’lishganlarim, birga sut emishganlarim.
Na jin chaldi sizni, evoh, adashtirdi sizni qay gumroh,
Har ikki gapning birida manglayi tirishganlarim?

Yoshimiz bir joyga yetdi, qo’ndi boshimizga qirov,
Ota-ona o’tdi-ketdi, endi «hay» demas birov.
Hay, demak ne, go’rida tinch yotolmas ul ikki aziz,
Noahil har onimiz har ikki azizga bir burov.

Og’a-inim—jigarlarim, bir qorindan tushganlarim,
Gar qavm bo’lmas ahil—bayram qilar dushmanlari.
Yaratganga yoqmagay xush—tongla qiyomatda uning
Hamdamlari bo’lur oxir nadomatu pushmonlari.

3. OMONAT DUNYO BU…

Ota-onam o’tdi-ketdi, omonat dunyo— bu dunyo,
Jigarlarim fig’on etdi: «Omonat dunyo— bu dunyo».

Qoldi bog’ go’yo bog’bonsiz va karvon go’yo sarbonsiz,
Qatorga bir xato yetdi, omonat dunyo— bu dunyo.

Aka-uka, opa-singil –soldi hamma o’zicha yo’l,
Nodonlik bizni qaqshatdi, omonat dunyo— bu dunyo.

Qilmadilar ittifoqlik, bilmadilar shunga bog’liq-
O’tganlari halovati, omonat dunyo— bu dunyo.

Go’rdagilar bezovta, gar yerdagilar bo’lsa halak,
Halovati imon bitdi, omonat dunyo— bu dunyo.

Qopladi bu bog’ni xazon, aro yo’lda qoldi karvon,
Do’stu g’anim o’yga botdi, omonat dunyo— bu dunyo.

Ayo, bog’lar yashnashi shart, yo’lda qolmas karvon abad,
Shudir Alloh tariqati, omonat dunyo— bu dunyo.

1990

MENI TUSHIN, MENI QIZG’ON, YOR

Eldan so’ra, baxshidan so’ra,
Yaxshilar ko’p – yomondan ko’ra.
Muhabbatim mehringga o’ra,
Meni tushin, meni qizg’on, yor.
Asra meni yomon so’zdan, yor.

Ko’ngil bilan suhbat ayladim,
Shuncha yordan seni sayladim.
Sevarmikan, deya o’yladim,
Meni tushin, meni qizg’on, yor.
Asra meni yomon ko’zdan, yor.

Olam aro yolg’izlik yomon,
Kel men tomon, muhabbat tomon.
Yo’llaringga ko’z tutar bu jon,
Meni tushin, meni qizg’on, yor.
Asra meni yomon so’zdan, yor.

Asra meni yomon ko’zdan, yor.

1990

SOG’INDIM

Kel, ey yorim, pariro’yim, kel endi,
Kel, ey, chashmi xumoringni sog’indim.
Firoq jondan o’tdi, qadring bilindi,
Visolingni, ruxsoringni sog’indim.

Xayolimda kokillaring tutami,
Bir so’z uchun shuncha zulm, sitammi?
Ishq yo’lida gunohkor men bittami?
Sumanbo’y, guluzoringni sog’indim.

Seni ko’rmoq bo’ldim, necha chog’landim,
O’z yog’imga o’zim necha dog’landim.
Bilmam senga, nega senga bog’landim,
Bog’liq qulday ozoringni sog’indim.

Kel, ey, chashmi xumoringni sog’indim,
Visolingni, ruxsoringni sog’indim.
Sumanbo’y, guluzoringni sog’indim,
Bog’liq qulday ozoringni sog’indim.

1988

RO’MOLCHA

Chekkalari nozikli bir ro’molcha;
Sevgimizdan qolgan yolg’iz yodgor.
Chekkalari nozikli bir ro’molcha;
Unda mayin qo’llaringning izi bor.

Qatlariga nigohlaring to’kilgan,
Oromlaring singgan unga tunlari.
Ipaklar-la qo’shib ba’zan to’qilgan
Sog’inchingning iztirobli unlari.

Bir burchida ikkimizning ismimiz,
Orasida bosh harfi bor «sevgi»ning.
Nomlarimiz bunda birga, jismimiz
Ikki jahon aro qoldi, sevgilim.

Chekkalari nozikli bir ro’molcha;
Uni o’pib, ko’zlarimga suraman.
Chekkalari nozikli bir ro’molcha;
Ro’molchada ilk sevgimni ko’raman.

1975

BALIQCHINING YO’LLARIDA

(Qadimgi ohanglarda)

Baliqchining yo’llarida chaqir tikan o’smadi,
Yor vasli, deb bordim yonib, hech kim oldim to’smadi.
Baliqchining yo’llari, oh, beburd ekan, zol ekan,
Ag’yorga ham quchoq ochdi, xazon bo’ldi siym tan.

Baliqchining yo’llarida yor sochin bo’yi qoldi,
Yor sochining bo’ylarida dil zorim ko’yi qoldi.
Unda men bosh suqmagan na so’qmoq bor, na yo’lak,
Bu yo’sindan to’zdi tanda neki bor jondan bo’lak.

Dilim oqdi ohim tuyib, soch yoyganin ko’rgani,
Borim nadir, yo’g’im nadir – hushi ham yo’q so’rgani.
Harki g’amda lekin hamon yerga urmay nomimni,
Dastak qilib yashayapman yolg’izgina jonimni.

To’zim bersin Parvardigor endi toqat-iymonga,
Armonlarim pokligini solmasin hech gumonga.
Poymol ishq qismatini eslab kuyay bemalol,
Ayriliqning zardobini dildan tuyay bemalol.

CHO’LI IROQ AFSONASI

Muhabbatsiz dilday qaqragan sahro,
Unda, do’ppayishgan barxanlar aro
Og’ir to’lqinlanib boradi karvon.
Karvon uzra bir taxtiravon;
Taxtiravon go’zal hamda shohona,
Go’zal hamda shohona, biroq g’amxona;
Tobutday lopillab boradi yomon.
Taxtiravon ichra bir suluv –
Palaxmonning toshi bo’lgan jon
Uv tortadi: «uv-uv…»

E voh! Kelinposhsha yig’isimas bu,
E voh! Bu cho’zilgan to’yda “yor-yor” yo’q.
Soya-salqin joyni qo’ying, totinmoqqa suv –
Topilmaydi biror qatra, tanda mador yo’q.
Faqat esar charx urib garmsel: «g’uv-g’uv…»

Ma’shuq esa, sudraladi soyama-soya
Va karvonga tirg’iladi qadam-baqadam.
Mahzun bardoshlari bilmas nihoya,
So’nggi visol orzusida sargardon odam,
Ko’z yoshlari «duv-duv…»

Poshsholikning odamlari hayvon emaslar,
Ammo zarra insoniylik yo’qdir ularda.
Ma’shuq holin ko’ra-bilib rahm etmaslar,
Qamchilashar har gal o’larday,
Qamchilashar: «zuv-zuv…»

To’kiladi qum bo’lib qumlikka ma’shuq,
Isyon qilar qalbida xo’rlangan tuyg’u.
Tag’in sahro uzra u qad tiklaydi: «Yo’q,
Yo’q, yo’qsillik sevgiga to’sqin emas bu.
Tillayu zar zolimlikka haq-huquq emas.
Taxtiravon ichra yorim chorlamoqda, bas,
Uv tortgancha: «uv-uv…»

Qamchilanaverar o’g’lon shu ko’y: «zuv-zuv…»
Yuzin shilar ko’z yoshlari: «duv-duv…»
Chorlayverar sevganini ma’shuqa-suluv
Taxtiravon ichra uv tortgancha: «uv-uv…»
Esaverar garmsel ham charx urib
To’rt tomondan: «g’uv-g’uv…»

1976

VATAN

Vatan, sensiz netardim men?
Devonaday ketardim men.
Gulzoridan ayro bulbul
Kabi faryod etardim men.

Onam, dedim, bolang bo’ldim,
Ko’ksingda oh, nolang bo’ldim.
Muhabbating tuyib jondan,
Bu dunyoda odam bo’ldim.

Ko’z ochib ko’rganim sensan,
Qizg’onib yurganim sensan.
Vujudim yo’q bo’lib ketar,
Jonim sensan, jonim sensan.

O’zbekiston, O’zbekiston,
Baxtimga bo’l doim omon.
Doim ozod, doim obod
Ko’rsin seni jumla jahon.

Vatan, sensiz netardim men?
Devonaday ketardim men.
Gulzoridan ayro bulbul
Kabi faryod etardim men.

2000

SAN’AT MUZEYIDA

Bu bir g’azna – san’at muzeyi.
Muhofizi – qo’riqchisi muzeyning
O’g’ri chiqdi.
San’at asarlari qo’y-qo’zichog’-u,
Cho’poni bo’ri chiqdi.

Iymon to’g’risida gapirmoq bunda
Ortiqcha balki,
Vijdon to’g’risida-chi?
Nima qilsin bo’rida vijdon!

Jihozlarni soxtalashtirib,
Aslini chet elliklarga
Arzonbaho sotgan odamda
Ne qilsin vijdon!..

…Olib ketishgani yetmasmi edi
Johiliyat zamonlarida…
Hamid Sulaymon-u, Suyuma
G’ani singari
Yot yurtlarda kezib, axtarib
Olib kelish o’rniga
Vataniga qaytarib,
Tarqatib yuborish-la bo’lsak-a mashg’ul
O’z qo’limiz-la…

Buncha go’l deb bilmasa,
O’z xalqini bu banda,
O’ylasa – bo’laverar
Unga soxta nusxalar ham deb!..

Birovlarning haqini o’zlashtirganning,
Deydilarki, yegani harom.
Davlat, xalq, millat haqin yeganlarning-chi?
Tomirida oqar qanday qon?
Ahli bayti ham yesa topgan daromadidan,
Botmaydimi haromga butun xonadon?
Haromilar tug’ilmasmi haromiylardan?!..

Sholining ichidagi kurmaklar kabi
O’shalar ham bo’ladimi – kelajak avlod
Orasida, o’shalarga ham
Topshiramiz, nahot, ishonib
Mamlakat taqdirini?

Yo’q, yana bir bor yo’q: Bizdan-da kuchli,
Bilimli va dono
Bo’lar farzandlarimiz:
Bo’rilarga qo’ylarini,
Inshaalloh, ular qo’ymas topshirib.

2015

O’ZBEKISTON XALQ SHOIRI XURSHID DAVRONGA STANSLAR

1

Qorlar bosolmas biz bosgan izlarni,
Yillar ajratolmas endi bizlarni.
Qartaygan ovoz-la aytamiz endi
“Do’stginam, men keldim” degan so’zlarni.

2

Yurakning yo’lida yuribmiz hamon,
Boshqa yo’llar bizga tashlandi yomon,
Kutdi visolimiz do’stlik o’zi ham,
Yillar to’zonida yo’qolmay, omon.

Z

Ey voh, xuzuringga bejiz qaytmadim,
Bejiz dilda chandiq va iz qaytmadim,
Soxta do’stlar aro xor bo’lganimni
Senga aytolmadim. Qanday aytmadim?!

4

Yillar sinovidan o’tmasa do’stlik,
Bo’larkan, albatta, kemtik, kam-ko’stlik.
Uyg’unlashar ekan vaqt ummonida
Ikki o’zlik, ikki o’ziga xoslik.

5

Do’stlik ham may kabi xum ichra yotib,
Kuch-quvvat yig’arkan, axir, vaqt o’tib.
Yutgandim qatrasin, seni sog’inib,
Eltdi xuzuringga meni xajr o’ti.

6

G’iybat, fisq-fasoddan zaharlar sancha,
Oramizni buzmoq bo’ldilar qancha.
Aksincha, intildik bir-birimizga,
Ul buzg’inchilardan qochdik, aksincha.

7

O’rtaga kirmoqchi bo’lmadi kimlar,
Nokasu nojinslar, g’addor g’animlar.
Birma-bir barchasin tashladik yulib,
Qoldi ortimizda uyum-uyumlar.

8

Bizni birlashtirgan she’r edi, ey do’st,
She’r: “Pok bo’l, halol bo’l” – der edi, ey do’st.
Kim unga xiyonat qildi, hayotda,
Tutib, imonini yer edi, ey do’st.

9

Gadoning dushmani gadomas hech ham,
Deyman sen haqingda o’ylaganim dam.
Aks holda, zamondosh ikki shoirni
Do’stlashtirmas edi Yaratgan Egam.

2.X1.15

TAQDIMOT YOXUD MA’RIFAT HAYKALI UCHUN SYUJET

Milliy kutubxona.
Ko’zlarida nam,
Kitob qoshida tiz cho’kdi keksa bir odam.
Xudoga shirk keltirishmi, yo’qmi bu, bilmam,
Ko’pchilikka xush yoqdi bu,
Yoqdi menga ham.

Bitilgandi unda o’zbek tarixi ro’y-rost,
Minglab yillik xalq tarixi, zamonaga xos.
Minglab yillik orzu-armon, hayrat, hayajon
Minglab yillik faktlar ila bitilgandi soz.

Olqishlardan titradi zal,
Titradi yurak,
Tiz cho’kdi chol turolmadi o’rnidan biroq.
Sizardi ko’z yoshlari soqoligsha jim,
Angladikki, yordam uchun shoshilish kerak.

Eng avvalo, mualliflar qo’zg’aldi shitob
Va otaxon poyiga tushdi u kitob –
Tegib ketib bexosdan kimningdir qo’li…
Ehtiromga ehtirom qaytgandi shu tob.

Va oh tortib yubordi bu holatdan zal,
Balqqan edi tayyor syujet-eskiz shu mahal:
Tiz cho’kkan zot. Poyida ochilgan kitob…
Bo’lar edi ma’rifatga yasalsa haykal.

14.11. 15

TAOMILGA KO’RA…

«Janoblar, bu nusxa bor-ku bizda» – demasdan,
Qabul qilib oldi Navoiy
Asari nusxasini
O’zbekiston Milliy kutubxonasi
Xodimlari,
Taomilga ko’ra,
Tantana bilan.

– Nega olib kelishmabdi aslini?
Asar Navoiyniki, o’zbekniki,
Bizniki-ku, boshqacha aytsak?
– Sotiladi asli
Palon pulga, shartnoma bilan.
– Olib ketilgan-ku qiyin kunlarda,
Arzimagan aqchaga yoxud
Ro’zg’or uchun kerakli
Bug’doygami, arpagami ayirboshlanib,
Bechoralardan.
– Bechoralar edik, ketishgan olib,
Mana, endi bechoramasmiz,
Mustaqilmiz,
Olib kelamiz
Vaqti-soati bilan
Xalqimizga qaytarib.
Yaxshi bo’lgan, bir hisobda,
Saqlab kelgan hazrat asarin
Shu choqqacha salomat-omon.
– Lekin, nahot, saqlaganlar
Bir kun kelib sotish uchun?!
Oltin emas-ku?!
– Avvalambor, oltindan qimmat –
Navoiy asarlari,
Yoza olmas uni birov
Oltin bersang ham qancha.
Qolaversa, foydalanishgan
O’stirish-chun undan o’z
Xalqi ma’naviyatin.
Gaplariga qaraganda, kerak qilishar
Bundan keyin ham.
Darvoqe, o’qiydimi
Bizda Hazrat asarlarini?
Mutaxassislardan
Boshqa kimlar o’qiydi?
O’qimagach, farqi bor qanday
Asl nusxami u, asl emasmi?
Masalan, sixz o’qiganmisiz
Yigirma jildlikdan biror jildini?..
– …
– Ana, ko’rdingiz,
Ular bizni sinamoq bo’lgan:
Qadriga yetarmi, yetmasmi deya
Navoiy asarlarin,
Keltirsak aslin!..

15.11.15

087

(Tashriflar: umumiy 5 875, bugungi 1)

Izoh qoldiring