Vasiliy Shukshin. Kuyovim bir mashina o’tin o’g’irladi

0725 июль — атоқли рус адиби Василий Шукшин таваллуд топган кун.

   Атиги ўн олти йилгина қалам тебратган адиб баъзи ижодкорлар эллик йилда ҳам уддалай олмаган сермаҳсул ижод хирмонини яратиб кетди. Ярим мингдан зиёд ҳикоя яратишнинг ўзи бўладими? “Эрк бергали келдим қошингга” ҳамда “Любавинлар” романлари ва яна учта қиссаси ҳам бор. “Хўроз уч қичқиргунча”ни эса қайта-қайта ўқигинг келаверади (Жовли Хушбоқнинг «Ахлоқ — бу ҳақиқатдир: Василий Шукшин ҳаётидан лавҳалар» мақоласидан. Уни мана бу саҳифада ўқинг).

Василий ШУКШИН
КУЁВИМ БИР МАШИНА ЎТИН ЎҒИРЛАДИ
Шерали Сокин таржимаси
07

0009   ШУКШИН Василий Макарович (1929.25.7, Олтой ўлкаси Бийск тумани Сростки қишлоғи — 1974.2.10, Волгоград вилояти Клетск қишлоғида вафот этган; Москвада дафн қилинган) — рус ёзувчиси, кинорежиссёр, сценарист. Россияда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1969).. Дастлабки ҳикоялар тўплами — «Қишлоқ одамлари» (1963). 1964 йилда Василий Шукшин сценарийси асосида «Шундай йигит яшайди» фильми суратга олинган ва ушбу картина Венецияда бўлиб ўтган 16-Халқаро кинофорумда «Олтин шер» мукофотига сазовор бўлган. Шукшиннинг «Любавинлар» (1965) романи, шу роман асосида ишланган «Любавинларнинг тугатилиши» (1972) фильмида, Степан Разин ҳаёти ва унинг курашига оид «Сизга эркинлик бергани келдим» кинороманида (1971),«Характерлар», «Сизнинг ўғлингиз ва акангиз» (1966), «Ғаройиб кишилар» каби кинокартиналарида инсоннинг теран ички кечинмалари, орзу ва умид сари талпинишлари, баъзи бир кимсаларда учрайдиган мешчанлик фалсафасининг фожиага олиб келиши маҳорат билан тасвирланган. Шукшиннинг адабиёт ва кино соҳасидаги фаолиятида турли тоифа кишиларининг ёрқин образлари яратилган.
Василий Шукшиннинг бадиий адабиёт ва кинодаги услуби ишонтириш санъатининг кучи билан чуқур ҳаётийлик касб эта олган.
Шукшин С. Герасимовнинг «Кўл бўйида» фильмидаги Черних ролининг ижроси учун Давлат мукофотига сазовор бўлган (1971). «Улар Ватан учун жанг қилдилар» фильмини суратга олиш чоғида тўсатдан вафот этган.Асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.

07

011Веня Зяблицкий, ушоққина, жиззаки, ғайрати ичига сиғмайдиган одам, уйда хотини ва қайнонаси билан қаттиқ жанжаллашиб қолди.

Веня рейсдан қайтиб қараса, чарм пальто оламан деб йиғиб қўйган пулига хотини Соня сунъий қоракўл пўстин харид қилиб, охирги чақасигача харжлаб юборибди. Соня 6у ишини оқлаш ниятида:
— Биласанми, сотувга чиқаришди — ҳамма сотиб ола бошлади… Хўш, мен ҳам ўйлаб-ўйлаб, харид қилдим. Қалай, яхши қипманми, Вень? — деди.

— Харид қилдим? — Веня афтини қаҳрли буриштирди. — Яхшиям, аввал ўйлаб, кейин харид қипсан. — Венянинг қачон бўлмасин чарм пальто кийиб, дам олиш куни чапаничасига қишлоқ кўчаси бўйлаб юриш орзуси номаълум муддатга сурилди.— Раҳмат. Эринг ҳақида қайғурибсан. Ҳе, онангни…

— Нега бунақа деялсан?
— Ҳечқиси йўқ. Ҳаммаси жойида, раҳмат деяпман.
— Нега энди ҳуриб қолдинг?

— Ким ҳуряпти? Ҳаммаси жойида, деяпман-ку?! Қара, уст-бошинг тутдай тўкилиб турипти, пўстин, албатта, керак… Пўстинсиз юра олмайсизлар-ку? Пўстинсиз ҳам юриб бўлармишми, ахир?

Кулча юз, хўппа семиз Соня онасига шикоят қилгани югуриб кетди.

— Ойи, анавини қара, ҳунар кўрсатяпти! Битта пўстинни деб мени итдай қилиб сўкди! — деди. Соня ўттиз ёшга кирган бўлса ҳам худди тантиқ қизчалардек, бўлар-бўлмасга онасига шикоят қилаверарди. — Бизни текинхўрлар деяпти!

Хонадан Венянннг қайнонаси чиқиб келди. У олтмиш яшар, кулча юзли, чўрткесэр, полвон хотин бўлиб, коллективлаштиришда иштирок этган, кўп нарсани кўрганлардан эди.

— Ҳой, Вениамин, бу нима қилиқ? — дея у бобиллаб берди. — Бошқа эр бўлганда суюнарди…

— Мен ҳам суюнялман! Шундай суюняпманки, суюнганимдан шир яланғон бўлиб, қишлоқда кўчама-кўча югуришим қолди, холос.

— Агар тушунишга ақлинг қисқалик қилаётган бўлса, ўзингдан катталарнинг гапига қулоқ солгин! — дея қайнона овозини баландлатди. — Чиройли, башанг кийинган хотин — эрнинг зийнати. Шу ҳақда бир танангга ўйлаб кўр, ўзингам ўлардай хунуксан, ахир!

Дархақиқат, Веня хунук эди: пакана, озғин, малла… устига-устак, оқсоқ,— болалигида тракторда тирковчи бўлиб ишларди, тиркамада ўтирганича кўзи кетиб, шудгорга қулаб тушганда, плуг оёғини босиб кетган. Биров унинг хунуклигини тилга олса борми, худо урди деяверинг, Венянинг аъзои бадани титраб, қаҳри жунбушга келар эди.

— Ҳа-да, сизлар, албатта, одамни қандай бежашни тушунасизлар., Сизлар ҳозиргача икки кишини бежадингиз… — Венянинг қайнотаси ҳам, Сонянинг собиқ эри ҳам қамоқда эди. Қайнотаси камомад қилгани учун, Сонянинг эри эса, ичиб олиб муштлашгани учун кесилганди. Узунқулоқ гапларга қараганда, Лизавета Васильевна, Венянинг қайнонаси, эрининг ҳам, куёвииинг ҳам қамалишига бош қўшган.

— Тилингни тий! — Лизавета Васильевна айилдай ботадиган қилиб деди. — Шунақа алжийверсанг, тилингни қисқа қилиб қўяман!.. Ким бўпсан, бир боласан-да. Ҳе, манқа!

Венянинг қаҳри келиб, турган ерида гир айлана бошлади… Қайнонасининг тепасида калхатдай чарх ураркан:
— Нега энди менга бақиряпсан? Нега? Қари манжалақи! — деди.

Соня ана шу сўэлар учун одамни қаматиш мумкинлигини ҳали тушунганича йўқ эди. Аммо у онаси важҳидан қаттиқ хафа бўлди.
— Ҳу, жувонмарг бўл! — дея чинқирди у эрига. — Йигирма саккиз ёшга кирибсан-у, бунча такадай сасийсан?!

Қайнонаси эса, аксинча, бояги гаплар куёвини қамаш учун кифоя қилади, деб ўйлади.

— Хўш… Нима дединг? Манжалақи? Яхши! Манжалақи? Яхши. Гувоҳлар олдида мени ҳақорат қилдинг-а? — қайнонаси шундай деб милицияга ариза ёзиш учун хонага югуриб кириб кетди. — Манжалақи деганинг учун ҳали сенга кўрсатиб қўяман! — у ўша ёқдан турганича бақираркан, овози титрарди. — Ҳали сенга кўрсатиб қўяман!..

— Бўлақол! Бўлақол, ёз! Сенга чўт эмас! — Нафсиламрини айтганда, Венянинг юраги хиёл така-пука бўлди. Ким билсин, у жин чалгурни. Районнинг ҳамма бошлиқлари билан апоқ-чапоқ. — Сенга одам қаматиш чўт бўлмай қолган, ёз! — деди у яна бақириб.

— Колхозни тузган мендай баобрў одамни манжалақи деб ҳақорат қилиб ўтирибсан! — қайнона остонада турганича бақира кетди.

— Мен ҳақимда эса, оқсоқ бўлишига қарамасдан, машина минади, деб газетадэ мақтаб ёзишди! — дея Веня ҳам бақирди, кўкрагига муштлади. — Ўн беш йиллик меҳнат стажим бор!

— Ҳечқиси йўқ, стаж сенга анави ёқда асқотади.
— Анави ёқ деганинг нимаси?! Анави ёқ деганинг нимаси, манжалақи? Аввал мени қамагин!.. Кейин меҳнат стажим қаерда асқотиши, қаерда асқотмаслигини ўйлайман. Қаматкич…

— Қамата-миз, — қайнона яна овози титраб гапираркан, ариза ёзиш учун ичкари кириб кетди. Аммо шу заҳотиёқ қайтиб чиқиб, қичкирди: — Бир машина ўтин келтирувдинг-а?! Ўтинни қаердан олдинг?! Қаердан олдинг?!

— Сени исинсин, деб опкелгандим…
— Қаердан олдинг?! — Лиэавета Васильевна бор овози билан қичқирди.

— Сотиб олдим!
— Қайси пулингга ола қолдинг? Маошингнинг ҳаммасини уйга келтириб берган бўлсангП Сен ўтинни давлатнинг ўрмонидан текинга кесиб олгансан! Сен бир машина ўтин ўғирлагансан!

— Майли, сен айтгандай бўла қолсин. Нега бу ҳақда дарҳол маълумот бермадинг? Нега энди сен ўтинни ёқиб, жимгина ўтиравердинг?
— Ким билан бир уйда яшаётганлигимни ҳозиргина тушуниб ўтирибман.

— Э-э… думингни ликиллатиб қолдинг-ку? Қамоқда ўтириш керак бўлса, бирга ўтирамиз: мен ўғирлаганман, сен эса ўғрилик билан келтирилган ўтиндан фойдалангансан, Менга уч йил беришади, сенга эса кам деганда — бир ярим йил. Шунақа. Биз ҳам қонунни биламиз.

— Йў-ўқ, сен ҳали қонунни билишга ёшлик қиласан!.. Қамалгин, ана ундан кейин биласан қонуннинг нималигини.

Қайнона ариза кўтариб районга, мнлицияга борди. Афтидан, ўғирланган ўтин хусусида «миқ» этмаганди. Милицияда унга шикоят билан совхоз дирекциясига мурожаат қилишни маслаҳат беришди, негаки масаланинг моҳияти хонаки жанжалдан иборат эканлиги аниқ-равшан кўриниб турибди. Рост-да, биринчи ариза биланоқ одамни жиноий жавобгарликка тортиб бўлмайди-ку?! Агар бу иш яна такрорланса, агар у маст ҳолда бундай қилса, бошқа гап. Лизавета Васильевна дирекцияга югурди.

Веняни чақиришдй.

Директор ўринбосари ёшгина йигмт эди, Веня уни ёшлиги ва ақлли одамлиги учун ҳурмат қиларди.

— Хўш, тинчликми? — деди у оҳиста. — Шикоят қилишяпти, мена… — дея қайнонасининг аризасини кўрсатди.

— Шикоят килишади!.. Ўзлари анави …ларга ўхшаб кийиниб олишган, ҳамма нарса муҳайё! — Веня бўлган гапни ёлғон қўшмасдан айтиб берди. — Менинг бор-йўқ нарсам мана шу устимдаги. Умримда бир марта бир юз олтмиш сўмга чарм пальто сотиб олмоқчи бўлдим. Тийинлаб йиғдим. У тайёр пулга ўзига пўстин сотиб олиб ўтирипти. Яхшигина қишлик пальтоси бўлмагандаям садқаи сар эди-я.

— Хўп, ҳақорат қилишнинг нима ҳожати бор эди?

— Бунақада кимнинг жаҳли чиқмайди, дейсиз? Онасини эмсин, йиғсам-йиғсам-да!.. Ҳаммомдан чиқиб, чоракталикни ичишга кўзим қиймаса-ю, у бўлса пўстин сотиб олиб ўтирибди! Пальтоси бўлмасаям, йўриғи бошқа эди, муҳими, пальтоси бор-а! Хўш, нима деб ёзипти?

— Ёзган-да… Кўп нарсани ёзган.

Гап шу ерга етганида, Веня қайнонаси анави бир машина ўтин ҳақида лом-мим демаганини тушуниб етди. Тишини ёрмаган.

— Коллективлаштиришни амалга оширганини ҳам ёзганми?

— Ҳа, энди ёзган… Сен, ҳар ҳолда, бунақа қилма — ёши қайтиб қолган одам… Сотиб олган бўлса, нима қипти? У ахир ишлайди-ку? Хотинингни айтяпман.

— Хотиним ойига олтмиш сўм опкелади, иссиқда ҳузур қилиб ўтиради. Мен эсам кам деганда юз йигирма сўм опкеламан — нормадан ошиқ меҳнат қиламан. Яна очкўзлик қиляпти, деб ўйламанг! Аммо жилла қурса, бир мартагина мен ҳам нимадир сотиб олишим керакми-йўқми? Улар кийимларни кийишганда ҳам гўргайди! Сотиб олишади-да, сандиққа босиб қўйишади! Мен… одамларга кўрингани ийманаман.

Директор ўринбосари нима қилишини билолмай гангиди. У Венянинг тўғри гапираётганига ишонарди. Гапнинг индаллоси шу.

— Барибир бундай қилиш яхшимас, Вениамим. Ахир бу билан ҳеч нарсани исботлай олмайсан-ку?! Хотининг билан гаплашиб кўр… Нима деркин? Тушунар, ёш аёл…

— У билан нимани ҳам гаплашиб кўрардим!.. Унинг сўзи тош босмайди. У ёқда, — Веня аризага ишора қилди, — ҳамма нарсага ўша ишбошилик қилади.

Хуллас, шу қабилда сўзлашишди. Веня идорадан енгил тортиб чиқди. Аммо қайнонасига нисбатан алам ва ғазаб ҳисси эаррача пасаймади.

«Махлуқ-да, махлуқ, — ўйларди у, — ҳатто киприк қоқмасдан қаматиб юборади. Бир одамнинг юрагига шунча баттоллик қандай сиғаркин? Бир умр яшаб, бир умр баттоллик қилди. Манжалақи… Бунақа экансан, нега туғилдинг, шайтонинг урғочиси!»

Шу пайт қадрдони Колька Волобуев рўпара келиб қолди.

— Нима бўлди? — Колька ҳамиша қандайдир ғалати гапиради, деярли оғзини очмайди. Кўзларини хиёл қисиб юрувчи, ўзига яраша феъл-атворли бу одамнинг ҳаммага ичи ачишади,

— Нима эди?
— Қандайдир… ўқ еган чумчуққа ўхшайсан. Қаёқдан келяпсан?

— Идорадан, —деди Веня ва бўлган воқеани, чарм пальтодан умидини узганини, уйда жанжаллашганини, қайнонаси уни қандай қилиб қаматмоқчи бўлганини айтиб берди.

— Икки бирдай одамни ямламай ютди, камлик қипти-да,—Колька тишларини ғижирлатиб деди. — Юр, ичамиз.

Веня бажонидил унга эргашди.

Ичишгач, Колька ўзининг совуқ кулранг кўзларинн қисиб, Веняга гап ўргата бошлади:

— Жазосини бериш керак. Фақат из қолдирма. Йўқса, сени чўқиб адойи тамом қилишади. Кампир даф қилгудек бўлса, униям бир-икки марта олдингга солиб қувгин… Йўқса, бўйнингга ўтириб олишади. Уларни деб эшакдай ишлаяпсан…

Венянинг юраги: «Қасос олиш керак, қасос олиш керак» деб дук-дук ура бошлади… Давангирдай Соня туфайли чеккан ранж-аламларни бирваракайига эслади, оҳ, эрга чиқмайман» деб кутдирганлари, унинг дарвозаси ёнида Венянинг хокипой бўлганлари: на «ҳа», на «йўқ», худди… га ўхшаб. Йўқ, ростдан ҳам ҳаммасини жой-жойига қўйиш керак. Жин урсин, ким уни уйнинг хўжайини дейди? Эшакдан нима фарқи бор, ҳа, у — эшак, Колька тўғри айтди.

— Бориб, икковиниям эмчагидан осаман! — у шундай деб уйга томон оқсаганича жўнаб кетди. Қалбида оғир, баттол бир туйғу ҳукмрон эди.

«Хўп аҳмоғини топиб олишган-да!.. Муттаҳамлар. Милицияга қараб йўртганига ўлайми? Манжалақи!»

Соня уйда йўқ эди.

— Қани анави? — сўради Веня қайнонасидан.
— Мен қаёқдан билай? — ғўлдиради қайнонаси. Идоранинг фарроши Веняни унчалик қаттиқ сўкишмагани ҳақида хабар етказишга улгурганди. (Ғалати иш: мана, беш йилки, Лизавета Васильевна ишламасди, аммо ҳамон у билан ҳисоблашишар, шивирлашгани шошилишар, ҳатто қўрқишарди.) — У борадиган жойини менга айтмайди.

— Гапни қисқа қил! — Веня остонада турганича бақирди. — Вайсагани вайсаган, ҳе..

Лизавета Васильеена куёвига ҳайрат билан тикилди.
— Нима деяпсан? Ичиб олдингми, нимаббало?

Венянинг миясида аломат бир режа туғилди.

У ҳовлига чиқди-да, қазноқдан болға ва ўнтача катта мих олди. Шуларнинг ҳаммасини чўнтагига солиб, уйга қайтиб кирди.

— Анави ёқда қанақа мато ётипти? — сўради у лабидан бол томиб.
— Қанақа мато? Қаерда? — Қайнонаси катта қизиқиш билан сўради.

— Ҳожатхонада… Шифтда тиқиғлик турибди. Қизил.

Қайнона жонивор ҳожатхомага қараб йўрғалади. Веня унинг ортидан эргашди.

Қайнонаси қожатхонага кириши ҳамоно, Веня ташқаридан илгакни маҳкамлаб қўйди. Кейин эшикни михлай бошлади.

— Пича ўтиргин. Ўйларсан, — деди Веня. — Одамларни қаматишга суягинг йўқ-а? Энди ўзинг ҳам шу шарбатдан пича татиб кўргин. — У михларни қоқиб бўлиб, пиллапояга ўтирганича, Соняни кута бошлади.

— Дод! Вой-дод!!! — бақира бошлади Лизавета Ввсильевна. — Ҳой, яхшилар, қутқазинглар! Қутқазинглар!
— Бақир, бақир… Ҳеч ким овозингни эшитмайди.

— Ҳой, яхшилар!.. Куёвим бир машина ўтин ўғирлаган! Куёвим бир машина ўтин ўғирлаган! — ҳадеб такрорларди қайнона.

Веня таҳдид қилди:
— Бақираверсанг, ўт қўйиб, ёқиб юбораман.

Қайнона жимиб қолди. Фақат:
— Ҳап сеними, Венька, — деди.

— Пўписа қиляпсанми?
— Пўписа қилаётганим йўқ, пўписа қилаётганим йўқ, аммо сенга бу қилгулигинг учум раҳмат дейишмасов.

Венянинг кўзи бир бўлак сўндирилмаган оҳакка тушди. Шуни қўлига олиб, ҳожатхона эшигига ёзди:
«1969 йилнинг 25 июлида пломбаланган. Думалатилмасин».

— Ҳап сеними, Венька!
— Ҳозир яна Сонянгни ҳам ёқвораман… Ҳозир уям оёғи куйган товуқдай питирлаб қолади. Қоракўл пўстинини кийиб. Сизлар мени тилсиз эшак, деб ўйлагансизларда-а? Эҳ-ҳе, қанчадан-қанча маошни уйга келтирдим, менга ақалли биронта арзимас костюм олиб бердингларми? —

— Ахир сен тайёр ошга баковул бўлиб келдинг-да.

— Агар мен қип-яланғоч бўлиб келгаиимдаям, яланғоч ҳолимча юрармидим? Наҳотки мен ўзим учун бир кўйлакка етгулик маош олмаган бўлсам-а? Сен одамларни қулоқ қилгансан… Ҳолбуки, ўзинг биринчи қулоқсан! Ана, босиб кўйилган буюмлардан сандиқ чирсиллайди.

— Бу буюмларни сен ишлаб топганинг йўқ!
— Бўялмасам, сен ишлаб топганмисан? Эринг ким учун ўғирлик қилди? Керак бўлмай қолганидан кейин, уни қаматвординг. Мана энди ўзинг ўтир. Уч кеча-кундуз ўтирасан, Қўлимга милтиқ олиб, ҳеч кимни яқин йўлатмайман. Сени бир кишилик қамоқхонага тиқиб қўйдим, деб ҳисоблайвер. Ёмон хулқинг учун.

— Ҳап сеними, Венька!
— Шунақа. Бақирма, баттар бўласан.

— Кампир одамга нисбатан бунча тошбағирлик қилиш…

— Ўзинг бир умр одамларга тошбағирлик қилгансан, на ёш қолган, на қари.

Веня Соняни яна пича кутди. Аммо у ҳадеганда кела қолмади. Тоқати тоқ бўлиб уни қишлоқ бўйлаб излаб кетди.

— Жимгина ўтиргин! — буюрди у қайнонасига.

Ўша куни Веня, бахти кулиб, хотинини топа олмади. Қайнонасини қўшнилар «бир кишилик қамоқхона»дан озод қилишди.

045Суд шовқин-суронли бўлди. Намунали 6у судлов клубда ўтди.

Қайнона судда йиғлади, яна дастлабки колхозларни тузганини, «бир кишилик қамоқхона»да ўтирганида қанчалар азоб чекканини ҳикоя қилиб берди — у куёвининг қамалишини жуда-жуда хоҳларди. Аммо қишлоқ аҳли бунга қарши чиқди. Етти яшардан тортиб етмиш яшаргача ҳамма Веняни бмр қаричлигидан билишларини, унинг етим ўсганини, ҳеч қачон бир гапни икки қилмаганини, ҳеч вақт ҳеч кимни ҳатто бармоғи билан чертмаганини айтишди… Албатта, жазолансин. Фақат қамаш керакмас!

Айниқса, ҳамма аскар дейдиган, мўмин-қобил, ҳурматли, анчадан бери пенсионер Михайло Кузнецов жўяли гапирди:
— Гражданин судьялар! — деди у, — Мен Веньканинг отасини билардим, у жанг майдонларида мардларча ҳалок бўлган. Веньканинг онаси колхозда ишлайвериб, зўриқиб ўлди. Веньканинг ўзи ўн ёшидан бошлаб ишлай бошлади… Гражданка Киселёва бўлса… ана, у ҳозир обидийда қиляпти — тушунарлн, қариган чоғингда ҳожатхонада ўтириш қеч кимга ярашмайди, аммо у барибир ҳаётда қийинчилик кўрмади, Ҳозир ҳам қийинчилик кўраётганинг йўқ, — дея у кампирга боқди, — пенсиянг меникидан кўпроқ, менинг эса ҳамма ёғимда жароҳат изи, соғ жойим йўқ. Уч урушда ҳазилакам йўл босмадим…

— Мен камбағал оиладанман! — Лизавета Васильевна чинқириб юборди. — Мен дастлабки колхозларни…

— Мен ҳам камбағал оиладанман, — эътироз билдирди Михайло. — Сен биринчи бўлиб колхоз ташкил қилдинг. Мен унга биринчи бўлиб кирдим. Жамият олдида сенинг алоҳида хизматларинг нималардан иборат? Уруш йилларида қишлоқ матлубот жамиятининг раиси бўлдинг — оч ўтирганинг йўқ, биз буни ҳам биламиз. Йигит бўлса, ўзини-ўзи боқди, ўз меҳнати билан… буни қадрлаш керак. Бундай қилиш яхшимас. Қаматиш осон, аммо қанақасига у қамоқда ўтиради! Ахир у инвалид-ку?

— Ундаги раҳматномаларнинг ўзи ўнтача! Ҳар бир байрамда Веняни илғор меҳнаткаш сифатида қайд этиб ўтишади! — дея кимдир залдан туриб қийқирди.

Бироқ шу пайтда семиздан келган, оқиш костюм кийган, савлатли киши ўрнидан турди. Залга ҳамма гапни тушунганнамо бир қиёфада разм солди.

— Қадрли ўртоқлар! — деди у. — Ҳаммаси тушунарли: сизларнинг ҳамқишлорингиз келишган йигит, бундай қараганда, пашшага ҳам озор бермайдигандай кўринади… — кейин шунақасига гапирдики, шунақасига гапирдики, йўқ, у гапирмасди, дўппосларди! — Жиноят шундай нарсаки, айни ҳолатда бундай қилиш фойдадан холи эмас, кагта жиноят содир бўлишини кутиб ўтиргандан, уни кичиклигидаёқ жазолаш жоиз, — деди. Мана шунга ўхшаш кўринишда қўй оғзидан чўп олмаган йигитлар пичоқбозлик қилишгани хусусида мисоллар келтириб, жамият учун кучли кафолат зарурлигмни гаъкидлади. — Сизлардан сўраяпман, ғазабга минган бу йигитнинг знди эртага яна ичиб, қўлига болта ёки милтиқ олмаслигига ким кафил бўлаолади? Уйда икки нафар аёл бўлса… Тасаввур қилингки…—деди.

— У ичмайди! — дейишди бараварига.

— Нима, у газли сув ичганидан кейин қўлига болта олиб, қайнонасини ҳожатхонагз қамаб, устидан михлаб қўйдими? Яна кекса, хизмат кўрсатган аёлни-я! Нима сабабдан у шундай қилди? Хотини ўзига пўстин сотиб олиб, унга эса, қарангки, чарм пальто харид қилмагани учун!

Венянинг тагидаги стул ўйнаб кетди. Залда ўтирган кўпчилик шундай қарорга келди: Венька қамалади.

— Йўқ, ўртоқлар, биз агар ҳозир судланувчининг қилган жиноятини жазосиз қолдирмасаккина айнан раҳм-шафқат кўрсатган бўламиз. Яхшиси ҳозир жазолайлик. Шундагина биз уни катти хавф-хатардан асраб қолган бўламиз. Ҳолбуки, бундай хавф-хатар унинг ортидан соядай эргашиб юрипти.

Савлатли киши Венькага уч йил беришларини сўради.

Шу пайт Михайло Кузнецов яна ўрнидан турди.

— Сиз, ўртоқ, мутлақо тўғри гапирдингиз. Аммо мен сизга Улуғ Ватан урушидан бир мисол келтираман. Бизда битта аскар бола бўларди, Венькага ўхшаш, худди унга ўхшаш қилтириқ, ёш, йигирмаларга кирган эди шекилли. Хўш десангиз, атакага бормоқдамиз, аскар бола қўрқди. Милтиғини ташлади, йиқилди, шу десангиз, бошини чангаллаб олган… Сиёсий раҳбаримиз уни шу ердаёқ отиб ташламоқчи бўлди, аммо биз, ёши катта аскарлар бунга йўл бермадик. Уни ўрнидан турғаздик, у биз билан олға қараб югуриб кетди… Энди гапнинг бу ёғига қулоқ солинг! Шахсан ўзи ҳамманинг кўзи ўнгида икки фашистни асфаласофилинга жўнатди. Фашистларки, ҳар бирининг бўйи шифтга етадиган, новча, аскар бола бўлса, аттанг, унинг фамилиясини унутибман, Венькадан катта эмасди. Бунча кучни ўша аскар бола қаердан олди? Мен бу мисолни шунинг учун келтирдимки, баъзан ожизлик, бирон-бир ташқи куч одамни кишанлаб ташлайди. Хўш, одам адои тамом бўлди, бутунлай адои тамом бўлди, дейсан… Йўқ, аксинча, шошмаслик керак, у ҳали ўрнидан туради. Сиз урушда бўлганмисиз, ўртоқ? — Михайло сўзининг пировардида сўради.

Савлатли киши бундай ҳаяжонли мисолдан ақалли пинагини ҳам бузмади. У тушунган кишнларга хос жилмайди.
— Урушда бўлганман, ўртоқ. Бу сизнинг саволингизга жавоб. Энди мисолингизга келсак. Мисол, албатта, ёрқин, салмоқли, аммо бу ерда мутлақо жоиз эмас. Бунда сиз, таъбир жоиз бўлса, парвардигорнинг марҳаматини қуймоқ билан аралаштириб юбордингиз, — савлатли киши эчки йўталгандай овозда кулиб кўйди, дўмпайган қорни хиёл қалқиб кетди. — Келтирган мисолингиз орқали сизнинг фикрингизга мутлақо қарама-қарши гапни исботлаш мумкин. Айтмоқчи, ўша аскарки суд қилишдими?

Михайло ҳадеганда жавоб бермади. Ҳамма унга ўгирилиб қаради.

— Суд қилишди, — истар-истамас жавоб берди Михайло. — Аммо…
— Мутлақо тўғри. Аммо…

— Оқибатсиз қолдиришмади! — Ммхайло овозини баландлатди. — Фақат бошқа қисмга ўтказишди.

— Бу энди бошқа масала. Унинг ўрнидан туриб, сизлар билан югуриб кетгани, кейин икки фашистии асфаласофилинга жўнатгани — факт, бу фактни инобатга олиш мумкин, кўриниб турибдики, инобатга олишган ҳам. Аммо шундай фактлар ҳам борки, уларни… моддий жиҳатдан, хўш деганимиздай, ҳисобга олиб бўлмайди. Солдат кўрқди, қуролини ташлади, йиқилди…У қўрқди — 6у тушунарли. Агарда ёлғиз ўзи ўрмонда юриб айиқни кўриб қўрқмаганида бошқа гап эди, унда тақдирини худога, аниқроғи, айиққа топшириб кутиб ётаверар эди. Аммо бу ерда бошқа масала бор: у аскар, ҳужумга бир ўзи бораётган эмасди, у қўрқди, шу билан бирга, бутун ротада қўрқув ҳиссини уйғотди!

— Ҳечам-да! — деди Михайло. — Қандай чопиб бораётган бўлсак, ўшандай чопавердик!
— Сиз бошқа кайфият билан чопавергансиз. Сиз ўзингиз билмагансиз, аммо ўшанда қалбингизга қўрқув ин қурган. Қўрққан аскар ўзининг бу хатти-ҳаракатлари билан олдинда қандай хавф кутиб турганлигига ишора қилгандай бўлган — эҳтимол, ўлим…

— Дарвоқе, усиз биз бундай хатарни билмасдик, — дея кесатди Михайло.

— Мазкур конкрет ҳодисани оладиган бўлсак…

Венька салобатли кишидан кўз узмас, унинг нима деяётганлигиии яхши тушунмасди. Аммо бу киши уни қамагишни жуда-жуда истаётганлигини фаҳмлади. Бу савлатли киши қайнонасига ўхшаб баттол эмасдай, кўримишдан туппа-тузук одам, уни Венька аввал кўрмаган ҳам. Венька илгари ҳеч қачон судларда бўлмаган, давлат айбловчилари, жамоатчи айбловчилар борлигини билмасди… Суд деганда биргина судья кўз олдига келарди. Бу одам нима сабабдан бунчалик жонини жабборга бериб уни, Веиьканн уч йилга қаматишга ҳаракат қилаётганлигини мутлақо тушуна олмасди. Судья сукут сақлаб ўтирибди, бу одам зса мана, нечз-неча марта ўрнидан туриб, қамаш керак, вассалом, демоқда. Веньканинг ҳатто жаҳли ҳам чиқмади, у таажжубдан эсанкираб, гунг бўлиб қолганди. Ундан судга бирон-бир тушунтириш берасизми, деб сўраганларида, елка қисди, алланечук шошилинч, қўрқув билан:
— Нега? — деди.

Суд ҳайъати кенгашгани чиқиб кетди.

Венька жимгина ўтириб, бу ёғи нима бўлишини кутарди. Вужудини даҳшат чулғаб олганди. Бу қамоқхона олдидаги даҳшат эмас, у 6у ерга келаркан, хаёлидан шундай фикрни кечирганди: йигирма саккиз қўшув уч, ана борингки — тўрт, ўттиз бир, ўттиз икки… Ҳеч бокиси йўқ. Бироқ манави савлатли кишини кўриб, даҳшатга тушди. Унга шундай диққат билан тикилдики, ҳатто энди у стол ёнидан аллақачон туриб кетган бўлса-да, уни худди тирикдай кўриб турарди; вазмин, ақлли, қувноқ… Қамаш керак, деб исботлаяпти, исботлаяпти, исботлаяпти. Ақлга сиғмайди. Шундан кейин у қандай қилиб кечлик овқатни ейди, болаларини эркалатади, хотини билан бирга ётади?.. Илгарилари Веня одамлардан тез-тез ғазабланиб турарди, аммо улардан қўрқмаганди, энди эса бир нарсани даҳшат билан тушунди: қарангки, одамлар қўрқинчли бўлишлари ҳам мумкин экан. Венянинг ҳаётида бир марта шундай воқеа юз берганди: уни икки маст киши тутиб, урганди. Уришарди-ю, алланечук инграмишарди. Қунт қилиб уришганлариданмикин ё… Шундан кейин Веня жирканч бир туйғу билан узоқ вақт оғриқни эмас, мана шу ҳар бир зарбдан кейинги ингранишни эслаб юрди. Майли, улар маст, ақлсиз кимсалар эди… Мана 6у гўрсўхта бўлса, савлатли, маълумотли, мутлақо жаҳли ҳам чиққани йўқ, қамаш керак деб, ҳаммани ишонтирмоқда. Вой, худойим-ей! Кайнонам!.. Қайнонам — илон, овсар, у, қўйиб берса, куёвини уч йилга эмас, беш йилга қаматишга ҳам рози. Ҳар ҳолда уни тушуниш мумкин. У шунақа манжалақи. Аммо бу-чи? Бу қанақаси бўлди?

Веняга ҳукм чиқаришди: икки йил шартли қамоқ жазоси.

Одамлар Веня учун севинишди.

Беня бўлса, ғайриодатий тарзда ўйланиб борарди… Кўз ўнгидан ўша салобатли одам кетмас, ҳайрати, таажжуби ортиб борар эди. Наҳотки у ҳамиша шундай қилса?

Веня ҳозирча Колька Волобуевникида истиқомат қилиб турадиган бўлди.

Колька унга яна ичишни таклиф қилди. Веня бўйин товлади. Ҳали қоронғи тушмасдан туриб хонага кириб, скамейкага чўзилганича хаёл суриб кетди.

Ҳаёт деганлари қизиқ-да. Бир лаҳзадаёқ ҳаммаси остин-устин бўлди-я! Қуриб кетмасдими ўша чарм пальто? Негаям ўша чарм пальтони сотиб оламан деб бунча жон куйдирди ўзи? Шусиз ҳам яшади-ку, ҳечқиси йўқ, шусиз ҳам яшайверарди. Соняни қайнонадан ажратиб олиш керак эди. Алоҳида яшаганларидами… Тўғри, уям овсар, онасига қарши боролмасди. Ўша туни Веня нима ҳақда ўйламасин, юраги қанчалик ачишмасин, салобатли киши хаёлидан нари кетмасди — у Веняга юқоридан, саҳнадан қараркан, зинҳор қаҳр отига минмас, бақирмас эди… Галстугидаги оқиш, темир тўғноғич ялтирарди. Қошлари қоп-қора, қуюқ, қаншарида бир-бири билан хиёл туташиб кетган. Сочлари ҳафсала билан орқага таралган, ялтиллайди. Бир неча тола сочлари эса ҳалқа шаклида пешонаси устида осилиб қолган, салобатли киши жўшиб гапирар экан, силкинар, титрар эди. Юзи товоқдай думалоқ, кулганида ёноқларидаги кулгичлари ўйнаб турарди. Бу салобатли киши Веняни қийнаб юборди. Веня ҳатто дастлабки қамоқ камерасида эмас, дўстининг скамейкасида, иссиққина пўстиннн ёпиниб ухлаётганига шукр қилишни ҳам унутди.

Веняни оғир жазодан қутулгани билан табриклагани келган ширакайф йигитлар ва эркаклар даҳлизда алламаҳалгача гурунглашишди. Улар бир оз кайфлари ошгач, уни унутишди, муҳим ва муҳим бўлмаган ҳар хил ишлар ҳақида баҳслашиб, узоқ ўтиришди.

Эрталаб Веня яна рейсга, районга отланди. Жуда барвақт, қуёш энди уфқдан кўтарилаётганда йўлга тушди. Ҳаво сал исиган, туни билан ер совимаган эди.

Веня йўлда кетиб борарди… У ҳамиша йўлга чиққанида одамлар ғавғосидан холи бўлиб юпанарди, улар ҳақида ғалати хаёллар сурарди; гўё у билган, таниган одамлар узоқ-уэоқларда қолар, уларнинг унга тегишли бирон-бир жойи йўқдай туюлар эди. Кечаги воқеани, оломонни, ғала-ғовурни эслади. Ҳаммасиям ўт тушгандай ҳовлиқиб, эсидан оғиб ётгандир, ўлгудай асабийлашишаётгандир, деб ўйлади. Судни оғир, қўрқинч туш каби хотирлади. Веня камдан-кам ичарди, ичиб олган кунлари алоқ-чалоқ тушлар кўрарди: гоҳ уни кимлардир тутиб олиб урмоқчи бўлар, у қочолмас, қоча олмаганидан ўлгудай азобланар эди. Оқсоқлигининг бунга ҳеч қандай дахли йўқ (у тушида ўзини тўрт мучаси соғ ҳолда кўрарди), оёқларининг тагида аллақандай ўнқир-чўнқирлар, хандақлар пайдо буларди. Бир марта у тушида аллақайсиям қурилиш майдончасида қочиб юрганмиш — чуқурлар, устма-уст чалкаштириб ташланган тахталар, ўғирланган ҳар хил темир-терсаклар юришига халақит берармиш… Яна бир тушидз эса бегона базага заправка қилиш учун кирганмиш, у ерда уни қандайдир йигитлар қуршаб олиб, илжайишганча ҳадеб: «Бундан келиб чиқадики, агар сен оқсоқ бўлсанг, маҳмаданалик қилишинг мумкин экан-да? Шундайми?» дейишармиш. Орқадан, ёндан пусиб келишётганмиш… «Қачон маҳмаданалик қилибман?! —- дермиш Веня ўэини паст олиб. Қўрқармиш. — Маҳмаданалик қилганлигим ҳақидаги гапни қаердан ковлаб топдинглар? Нималар деяпсизлар, дўстлар?» «Йў-ўқ, — дейишармиш улар, — ҳозир биз сенга маҳмаданалик қилишни кўрсатиб қўямиз…» Веня: «Колька! Колька!», деб Колька Волобуевни чақира бошлади…

27-чақиримга етганда, Веня михлангандай қотиб, тўхтаб ётган «Волга»ни кўриб қолди, Капот юқори кўтарилган, шофёр алланималарни кавлаштиради, унинг ёнида — Венянинг юраги ҳаприқиб кетди — кечаги савлатли киши. Веня негадир шошиб қолди, дарров газни пасайтирди. Шумда савлатли киши «Тўхтат!» дегандай ишора қилди. Веня итоаткорлик билан тўхтади.

Савлатли киши шошганича кабина ёнигз келди-да;
— Ҳўв, акаси, аравангда опкетгин. — деди-ю, авзойи ўзгарди, Веняни таниди.— О-о, —деди сўнгра. Венянинг назарида у ҳам бир оз шошиб қолгандай туюлди, — биз эски танишлармиз-ку!

— Ўтир| — деди Веня. Савлатли кишининг кўзидаги парокандаликни, ўзини йўқотиб кўйиш ҳиссини илғаган Венянинг қалбида аллаиечук қувноқлик, сурбетлик уйғонди. — Шишиб юрибмизми?

Салобатли киши кабинага осонгина ўтириб олди, Веняга ҳеч нарса бўлмагандай жилмайиб қаради. Орадан бир дақиқа ўтгач, йўлга тушишди. Веня: «Бу арбобнусха иўзимга шунчаки ўзини йўқотган бўлиб кўринмадимикин, ишқилиб?» дея ўйланди.

— Хўш, қалай? — сўради савлатли киши.
— Нима? — деди Веня талмовсираб.

— Кайфият қалай?.. Мен сени энди бирор ҳафта чамаси ичса керак, деб юрибман… Сенга тўғрисини айтсам, йигит, кеча омадли билетни суғуриб олдинг, — деди савлатли киши.

Веня миқ этмасди: нима дейишни, ўзини қандай тутишни билмас эди.
— Хотининг билан, албатта, қўйди-чиқди бўлгандирсан? —- ҳамма гапни тушунганнамо сўради у ва ўгирилиб, Веняга тикилди.

— Албатта, — деди Веня. Кеча судда ўзини метиндай тутган, ақлли, шиддатли одам айни пайтда хушчақчақ эканлигидан ҳайратланди.

— Эҳ, хомкаллалар-эй… — деди у. — Бошингизге тушган кулфатни қаранглар-а… Хўш, тилингни тийсанг, ўлиб қолмасдинг-ку, кўриб турибман — қийинчилик билан кун кечиргансан, бир зарб билан бутун йиққан-терганинг устидан чизиқ тортиб, сочиб юборганингни қара-я: оиланг бузилди, обрўйинг тўкилди… Хотинингни яхши кўрармидинг?

Шу ерга етганда, негадир, Венянинг кутилмаганда жақли чиқди.

— Ишинг бўлмасин! — деди чинқириб,
— Албатта, бу менинг ишиммас! — дея у ҳам бақирди, — Тўғри, оғайни, бу сенинг ишинг. Агар меминг ишим бўлганида, менинг жоним ачирди. Э, сиз тентаквойларга ачинаман, мана гап қаёқда. Ҳемирига ароқ ичасанлар-у, дунёни остин-устин қилганларингга ўлайми? — шундай деб, савлатли кишининг қорни хиёл қалқиди. — Наҳотки ҳушёр пайтда гаплашишнинг имкони йўқ эди? Хотининг ҳам суқсурдай жувон экан, кеча кўрдим. Шукр қилиб яшамайсанми…

Веня бирдан жон ришталари чирт-чирт узилгандай, иккала кўзи кўр бўлиб қолгандай ўртанди: ахир Сонядан ажралиб қолди-ку! Бир умрга! Бирдан жарлик қаърига тушиб кетаётгандек бўлди. Бадани жунжикиб кетди…

— Анави чарм палътоинг қанақа эди? Сен уни қаердан олмоқчи эдинг? — сўради савлатли киши.
— Э, аймоқда биттаси тикади… — Тикишниям қийиб қўяди-да.

— Пальтога қанча ҳақ олади? Материал ўзиданми?
— Ўзидан.

— Канча олади?
— Ҳар хил. Мен юз олтмиш сўмга олмоқчийдим. Агар пальто яхши бўлса, қимматроқ туради.

— Яхши деганинг нимаси?
— Хўш, чарми бошқа, ошлови бошқа… ишлов ҳар хил бўлади.

— Фараз қилайлик, энг яхшиси-чи? Яъни чарми ҳам энг аъло, ишлови ҳам аъло бўлса, қанча туради?
— Уч юзлар атрофида турса керак… Биттасига тўрт юз сўмга тикиб берган, деб эшитгандим.

— Ўша аймоқ қаерда? Узоқдами?
— Йўқ.

— Адресини биласанми?
— Адресини биламан. Биламан…

Ўша дарёси соҳилида чодир тикаётган туристлар, негадир, кутилмаганда ГАЗ —69 машинаси шашт билан ўнгга бурилганини, қасир-қусур қилганича йўл четидаги тўсиқларни синдириб, дарёга учиб тушганини кўришди.

Кейин, машинани чиқаришиб, авария сабабиии аниқламоқчи бўлган механиклар ҳалокат нима учун рўй берганлигини билолмадилар. Улар актга шундай деб ёзишди: «Руль бошқармаси қисиб қолган».

Икковлон — ҳайдовчи ва йўловчи ўлик эди. Шуниси таажжублики, ҳайдовчи машина сувга тушганга қадар ўлган: юраги ёрилиб кетган. Йўловчи эшикни очишга уриниб кўрган, аммо афтидан, йўл четидаги тўсиқларга урилган чоғида, эшик маҳкамланиб қолганди. У эшик ойнасини синдирмоқчи бўлган (иккала қўлидан ҳам қон силқиб турарди), бир қисмини синдирган — ҳаммасини синдиришга улгурмаган. Нафаси қайтиб, жон таслим қилган.

06

«Хуршид Даврон кутубхонаси» сайтидан: Таржимон Шукшин ҳикоясининг якуний парчасини бутунлай бошқача тарзда ўзбекчага ўгирган. Аслиятда бу сўнгги парча қуйидагича берилган:

— Адрес-то знаешь?
— Знаю адрес. Знаю… Эх! — крикнул вдруг Веня, как в пустоте, — громко. — А не ухнуть ли нам с моста?!

Он даванул газ и бросил руль… Машина прыгнула. Веня глянул на прокурора… И увидел его глаза — большие, белые от ужаса. И Веньке стало  очень смешно, он засмеялся. А потом уж на него боком навалился прокурор и вцепился в руль. И так они и съехали с моста: Веня смеялся и давил газ, а прокурор рулил. А когда съехали с моста, Веня скинул газ и взял руль. И остановился.
Прокурор вылез из кабины… Глянул еще раз на Веньку. Он был еще бледный. Он хотел, видно, что-то сказать, но не сказал. Хлопнул дверцей, Веня включил скорость и поехал. Он чего-то вдруг устал. И — хорошо, что он остался один в кабине, спокойнее как-то стало. Лучше.

Бу ҳолат сабабини тушуниш қийин. Таржимон Шукшин ҳикоясининг бошқа бир вариантидан фойдаланган бўлиши эҳтимоли бор. Аммо, биз бу вариантни топа олмадик. Аммо, таржимон танлаган хотима аслиятдагидан моҳият жиҳатидан бутунлай фарқ қилади. Аслиятда хотимада Шукшин ўз қаҳрамонининг ички дунёсидан келиб чиққан. Таржимон эса «ҳамма кутиб турган» воқеани танлаган. Аслиятдаги кутилмаган ўзига хослик йўқолган.

0725  iyul — atoqli rus adibi Vasiliy Shukshin tavallud topgan kun.

Atigi o’n olti yilgina qalam tebratgan adib ba’zi ijodkorlar ellik yilda ham uddalay olmagan sermahsul ijod xirmonini yaratib ketdi. Yarim mingta hikoya yaratishning o’zi bo’ladimi? “Erk bergali keldim qoshingga” hamda “Lyubavinlar” romanlari va yana uchta qissasi ham bor. “Xo’roz uch qichqirguncha”ni esa qayta-qayta o’qiging kelaveradi (Jovli Xushboqning «Axloq — bu haqiqatdir: Vasiliy Shukshin hayotidan lavhalar» maqolasidan. Uni mana bu sahifada o’qing).

Vasiliy SHUKSHIN
KUYOVIM BIR MASHINA O’TIN O’G’IRLADI
Sherali Sokin tarjimasi
07

0009 SHUKSHIN Vasiliy Makarovich (1929.25.7, Oltoy o’lkasi Biysk tumani Srostki qishlog’i — 1974.2.10, Volgograd viloyati Kletsk qishlog’ida vafot etgan; Moskvada dafn qilingan) — rus yozuvchisi, kinorejissyor, stsenarist. Rossiyada xizmat ko’rsatgan san’at arbobi (1969).. Dastlabki hikoyalar to’plami — «Qishloq odamlari» (1963). 1964 yilda Vasiliy Shukshin stsenariysi asosida «Shunday yigit yashaydi» fil`mi suratga olingan va ushbu kartina Venetsiyada bo’lib o’tgan 16-Xalqaro kinoforumda «Oltin sher» mukofotiga sazovor bo’lgan. Shukshinning «Lyubavinlar» (1965) romani, shu roman asosida ishlangan «Lyubavinlarning tugatilishi» (1972) fil`mida, Stepan Razin hayoti va uning kurashiga oid «Sizga erkinlik bergani keldim» kinoromanida (1971),«Xarakterlar», «Sizning o’g’lingiz va akangiz» (1966), «G’aroyib kishilar» kabi kinokartinalarida insonning teran ichki kechinmalari, orzu va umid sari talpinishlari, ba’zi bir kimsalarda uchraydigan meshchanlik falsafasining fojiaga olib kelishi mahorat bilan tasvirlangan. Shukshinning adabiyot va kino sohasidagi faoliyatida turli toifa kishilarining yorqin obrazlari yaratilgan.
Vasiliy Shukshinning badiiy adabiyot va kinodagi uslubi ishontirish san’atining kuchi bilan chuqur hayotiylik kasb eta olgan.
Shukshin S. Gerasimovning «Ko’l bo’yida» fil`midagi Chernix rolining ijrosi uchun Davlat mukofotiga sazovor bo’lgan (1971). «Ular Vatan uchun jang qildilar» fil`mini suratga olish chog’ida to’satdan vafot etgan.Asarlari o’zbek tiliga tarjima qilingan.

07

011Venya Zyablitskiy, ushoqqina, jizzaki, g’ayrati ichiga sig’maydigan odam, uyda xotini va qaynonasi bilan qattiq janjallashib qoldi.

Venya reysdan qaytib qarasa, charm pal`to olaman deb yig’ib qo’ygan puliga xotini Sonya sun’iy qorako’l po’stin xarid qilib, oxirgi chaqasigacha xarjlab yuboribdi. Sonya 6u ishini oqlash niyatida:
— Bilasanmi, sotuvga chiqarishdi — hamma sotib ola boshladi… Xo’sh, men ham o’ylab-o’ylab, xarid qildim. Qalay, yaxshi qipmanmi, Ven`? — dedi.

— Xarid qildim? — Venya aftini qahrli burishtirdi. — Yaxshiyam, avval o’ylab, keyin xarid qipsan. — Venyaning qachon bo’lmasin charm pal`to kiyib, dam olish kuni chapanichasiga qishloq ko’chasi bo’ylab yurish orzusi noma’lum muddatga surildi.— Rahmat. Ering haqida qayg’uribsan. He, onangni…

— Nega bunaqa deyalsan?
— Hechqisi yo’q. Hammasi joyida, rahmat deyapman.
— Nega endi hurib qolding?

— Kim huryapti? Hammasi joyida, deyapman-ku?! Qara, ust-boshing tutday to’kilib turipti, po’stin, albatta, kerak… Po’stinsiz yura olmaysizlar-ku? Po’stinsiz ham yurib bo’larmishmi, axir?

Kulcha yuz, xo’ppa semiz Sonya onasiga shikoyat qilgani yugurib ketdi.

— Oyi, anavini qara, hunar ko’rsatyapti! Bitta po’stinni deb meni itday qilib so’kdi! — dedi. Sonya o’ttiz yoshga kirgan bo’lsa ham xuddi tantiq qizchalardek, bo’lar-bo’lmasga onasiga shikoyat qilaverardi. — Bizni tekinxo’rlar deyapti!

Xonadan Venyannng qaynonasi chiqib keldi. U oltmish yashar, kulcha yuzli, cho’rtkeser, polvon xotin bo’lib, kollektivlashtirishda ishtirok etgan, ko’p narsani ko’rganlardan edi.

— Hoy, Veniamin, bu nima qiliq? — deya u bobillab berdi. — Boshqa er bo’lganda suyunardi…

— Men ham suyunyalman! Shunday suyunyapmanki, suyunganimdan shir yalang’on bo’lib, qishloqda ko’chama-ko’cha yugurishim qoldi, xolos.

— Agar tushunishga aqling qisqalik qilayotgan bo’lsa, o’zingdan kattalarning gapiga quloq solgin! — deya qaynona ovozini balandlatdi. — Chiroyli, bashang kiyingan xotin — erning ziynati. Shu haqda bir tanangga o’ylab ko’r, o’zingam o’larday xunuksan, axir!

Darxaqiqat, Venya xunuk edi: pakana, ozg’in, malla… ustiga-ustak, oqsoq,— bolaligida traktorda tirkovchi bo’lib ishlardi, tirkamada o’tirganicha ko’zi ketib, shudgorga qulab tushganda, plug oyog’ini bosib ketgan. Birov uning xunukligini tilga olsa bormi, xudo urdi deyavering, Venyaning a’zoi badani titrab, qahri junbushga kelar edi.

— Ha-da, sizlar, albatta, odamni qanday bejashni tushunasizlar., Sizlar hozirgacha ikki kishini bejadingiz… — Venyaning qaynotasi ham, Sonyaning sobiq eri ham qamoqda edi. Qaynotasi kamomad qilgani uchun, Sonyaning eri esa, ichib olib mushtlashgani uchun kesilgandi. Uzunquloq gaplarga qaraganda, Lizaveta Vasil`evna, Venyaning qaynonasi, erining ham, kuyoviiing ham qamalishiga bosh qo’shgan.

— Tilingni tiy! — Lizaveta Vasil`evna ayilday botadigan qilib dedi. — Shunaqa aljiyversang, tilingni qisqa qilib qo’yaman!.. Kim bo’psan, bir bolasan-da. He, manqa!

Venyaning qahri kelib, turgan yerida gir aylana boshladi… Qaynonasining tepasida kalxatday charx urarkan:
— Nega endi menga baqiryapsan? Nega? Qari manjalaqi! — dedi.

Sonya ana shu so’elar uchun odamni qamatish mumkinligini hali tushunganicha yo’q edi. Ammo u onasi vajhidan qattiq xafa bo’ldi.
— Hu, juvonmarg bo’l! — deya chinqirdi u eriga. — Yigirma sakkiz yoshga kiribsan-u, buncha takaday sasiysan?!

Qaynonasi esa, aksincha, boyagi gaplar kuyovini qamash uchun kifoya qiladi, deb o’yladi.

— Xo’sh… Nima deding? Manjalaqi? Yaxshi! Manjalaqi? Yaxshi. Guvohlar oldida meni haqorat qilding-a? — qaynonasi shunday deb militsiyaga ariza yozish uchun xonaga yugurib kirib ketdi. — Manjalaqi deganing uchun hali senga ko’rsatib qo’yaman! — u o’sha yoqdan turganicha baqirarkan, ovozi titrardi. — Hali senga ko’rsatib qo’yaman!..

— Bo’laqol! Bo’laqol, yoz! Senga cho’t emas! — Nafsilamrini aytganda, Venyaning yuragi xiyol taka-puka bo’ldi. Kim bilsin, u jin chalgurni. Rayonning hamma boshliqlari bilan apoq-chapoq. — Senga odam qamatish cho’t bo’lmay qolgan, yoz! — dedi u yana baqirib.

— Kolxozni tuzgan menday baobro’ odamni manjalaqi deb haqorat qilib o’tiribsan! — qaynona ostonada turganicha baqira ketdi.

— Men haqimda esa, oqsoq bo’lishiga qaramasdan, mashina minadi, deb gazetade maqtab yozishdi! — deya Venya ham baqirdi, ko’kragiga mushtladi. — O’n besh yillik mehnat stajim bor!

— Hechqisi yo’q, staj senga anavi yoqda asqotadi.
— Anavi yoq deganing nimasi?! Anavi yoq deganing nimasi, manjalaqi? Avval meni qamagin!.. Keyin mehnat stajim qaerda asqotishi, qaerda asqotmasligini o’ylayman. Qamatkich…

— Qamata-miz, — qaynona yana ovozi titrab gapirarkan, ariza yozish uchun ichkari kirib ketdi. Ammo shu zahotiyoq qaytib chiqib, qichkirdi: — Bir mashina o’tin keltiruvding-a?! O’tinni qaerdan olding?! Qaerdan olding?!

— Seni isinsin, deb opkelgandim…
— Qaerdan olding?! — Lieaveta Vasil`evna bor ovozi bilan qichqirdi.

— Sotib oldim!
— Qaysi pulingga ola qolding? Maoshingning hammasini uyga keltirib bergan bo’lsangP Sen o’tinni davlatning o’rmonidan tekinga kesib olgansan! Sen bir mashina o’tin o’g’irlagansan!

— Mayli, sen aytganday bo’la qolsin. Nega bu haqda darhol ma’lumot bermading? Nega endi sen o’tinni yoqib, jimgina o’tiraverding?
— Kim bilan bir uyda yashayotganligimni hozirgina tushunib o’tiribman.

— E-e… dumingni likillatib qolding-ku? Qamoqda o’tirish kerak bo’lsa, birga o’tiramiz: men o’g’irlaganman, sen esa o’g’rilik bilan keltirilgan o’tindan foydalangansan, Menga uch yil berishadi, senga esa kam deganda — bir yarim yil. Shunaqa. Biz ham qonunni bilamiz.

— Yo’-o’q, sen hali qonunni bilishga yoshlik qilasan!.. Qamalgin, ana undan keyin bilasan qonunning nimaligini.

Qaynona ariza ko’tarib rayonga, mnlitsiyaga bordi. Aftidan, o’g’irlangan o’tin xususida «miq» etmagandi. Militsiyada unga shikoyat bilan sovxoz direktsiyasiga murojaat qilishni maslahat berishdi, negaki masalaning mohiyati xonaki janjaldan iborat ekanligi aniq-ravshan ko’rinib turibdi. Rost-da, birinchi ariza bilanoq odamni jinoiy javobgarlikka tortib bo’lmaydi-ku?! Agar bu ish yana takrorlansa, agar u mast holda bunday qilsa, boshqa gap. Lizaveta Vasil`evna direktsiyaga yugurdi.

Venyani chaqirishdy.

Direktor o’rinbosari yoshgina yigmt edi, Venya uni yoshligi va aqlli odamligi uchun hurmat qilardi.

— Xo’sh, tinchlikmi? — dedi u ohista. — Shikoyat qilishyapti, mena… — deya qaynonasining arizasini ko’rsatdi.

— Shikoyat kilishadi!.. O’zlari anavi …larga o’xshab kiyinib olishgan, hamma narsa muhayyo! — Venya bo’lgan gapni yolg’on qo’shmasdan aytib berdi. — Mening bor-yo’q narsam mana shu ustimdagi. Umrimda bir marta bir yuz oltmish so’mga charm pal`to sotib olmoqchi bo’ldim. Tiyinlab yig’dim. U tayyor pulga o’ziga po’stin sotib olib o’tiripti. Yaxshigina qishlik pal`tosi bo’lmagandayam sadqai sar edi-ya.

— Xo’p, haqorat qilishning nima hojati bor edi?

— Bunaqada kimning jahli chiqmaydi, deysiz? Onasini emsin, yig’sam-yig’sam-da!.. Hammomdan chiqib, choraktalikni ichishga ko’zim qiymasa-yu, u bo’lsa po’stin sotib olib o’tiribdi! Pal`tosi bo’lmasayam, yo’rig’i boshqa edi, muhimi, pal`tosi bor-a! Xo’sh, nima deb yozipti?

— Yozgan-da… Ko’p narsani yozgan.

Gap shu yerga yetganida, Venya qaynonasi anavi bir mashina o’tin haqida lom-mim demaganini tushunib yetdi. Tishini yormagan.

— Kollektivlashtirishni amalga oshirganini ham yozganmi?

— Ha, endi yozgan… Sen, har holda, bunaqa qilma — yoshi qaytib qolgan odam… Sotib olgan bo’lsa, nima qipti? U axir ishlaydi-ku? Xotiningni aytyapman.

— Xotinim oyiga oltmish so’m opkeladi, issiqda huzur qilib o’tiradi. Men esam kam deganda yuz yigirma so’m opkelaman — normadan oshiq mehnat qilaman. Yana ochko’zlik qilyapti, deb o’ylamang! Ammo jilla qursa, bir martagina men ham nimadir sotib olishim kerakmi-yo’qmi? Ular kiyimlarni kiyishganda ham go’rgaydi! Sotib olishadi-da, sandiqqa bosib qo’yishadi! Men… odamlarga ko’ringani iymanaman.

Direktor o’rinbosari nima qilishini bilolmay gangidi. U Venyaning to’g’ri gapirayotganiga ishonardi. Gapning indallosi shu.

— Baribir bunday qilish yaxshimas, Veniamim. Axir bu bilan hech narsani isbotlay olmaysan-ku?! Xotining bilan gaplashib ko’r… Nima derkin? Tushunar, yosh ayol…

— U bilan nimani ham gaplashib ko’rardim!.. Uning so’zi tosh bosmaydi. U yoqda, — Venya arizaga ishora qildi, — hamma narsaga o’sha ishboshilik qiladi.

Xullas, shu qabilda so’zlashishdi. Venya idoradan yengil tortib chiqdi. Ammo qaynonasiga nisbatan alam va g’azab hissi earracha pasaymadi.

«Maxluq-da, maxluq, — o’ylardi u, — hatto kiprik qoqmasdan qamatib yuboradi. Bir odamning yuragiga shuncha battollik qanday sig’arkin? Bir umr yashab, bir umr battollik qildi. Manjalaqi… Bunaqa ekansan, nega tug’ilding, shaytoning urg’ochisi!»

Shu payt qadrdoni Kolka Volobuev ro’para kelib qoldi.

— Nima bo’ldi? — Kol`ka hamisha qandaydir g’alati gapiradi, deyarli og’zini ochmaydi. Ko’zlarini xiyol qisib yuruvchi, o’ziga yarasha fe’l-atvorli bu odamning hammaga ichi achishadi,

— Nima edi?
— Qandaydir… o’q yegan chumchuqqa o’xshaysan. Qayoqdan kelyapsan?

— Idoradan, —dedi Venya va bo’lgan voqeani, charm pal`todan umidini uzganini, uyda janjallashganini, qaynonasi uni qanday qilib qamatmoqchi bo’lganini aytib berdi.

— Ikki birday odamni yamlamay yutdi, kamlik qipti-da,—Kol`ka tishlarini g’ijirlatib dedi. — Yur, ichamiz.

Venya bajonidil unga ergashdi.

Ichishgach, Kolka o’zining sovuq kulrang ko’zlarinn qisib, Venyaga gap o’rgata boshladi:

— Jazosini berish kerak. Faqat iz qoldirma. Yo’qsa, seni cho’qib adoyi tamom qilishadi. Kampir daf qilgudek bo’lsa, uniyam bir-ikki marta oldingga solib quvgin… Yo’qsa, bo’yningga o’tirib olishadi. Ularni deb eshakday ishlayapsan…

Venyaning yuragi: «Qasos olish kerak, qasos olish kerak» deb duk-duk ura boshladi… Davangirday Sonya tufayli chekkan ranj-alamlarni birvarakayiga esladi, oh, erga chiqmayman» deb kutdirganlari, uning darvozasi yonida Venyaning xokipoy bo’lganlari: na «ha», na «yo’q», xuddi… ga o’xshab. Yo’q, rostdan ham hammasini joy-joyiga qo’yish kerak. Jin ursin, kim uni uyning xo’jayini deydi? Eshakdan nima farqi bor, ha, u — eshak, Kolka to’g’riaytdi.

— Borib, ikkoviniyam emchagidan osaman! — u shunday deb uyga tomon oqsaganicha jo’nab ketdi. Qalbida og’ir, battol bir tuyg’u hukmron edi.

«Xo’p ahmog’ini topib olishgan-da!.. Muttahamlar. Militsiyaga qarab yo’rtganiga o’laymi? Manjalaqi!»

Sonya uyda yo’q edi.

— Qani anavi? — so’radi Venya qaynonasidan.
— Men qayoqdan bilay? — g’o’ldiradi qaynonasi. Idoraning farroshi Venyani unchalik qattiq so’kishmagani haqida xabar yetkazishga ulgurgandi. (G’alati ish: mana, besh yilki, Lizaveta Vasil`evna ishlamasdi, ammo hamon u bilan hisoblashishar, shivirlashgani shoshilishar, hatto qo’rqishardi.) — U boradigan joyini menga aytmaydi.

— Gapni qisqa qil! — Venya ostonada turganicha baqirdi. — Vaysagani vaysagan, he..

Lizaveta Vasil`eena kuyoviga hayrat bilan tikildi.
— Nima deyapsan? Ichib oldingmi, nimabbalo?

Venyaning miyasida alomat bir reja tug’ildi.

U hovliga chiqdi-da, qaznoqdan bolg’a va o’ntacha katta mix oldi. Shularning hammasini cho’ntagiga solib, uyga qaytib kirdi.

— Anavi yoqda qanaqa mato yotipti? — so’radi u labidan bol tomib.
— Qanaqa mato? Qaerda? — Qaynonasi katta qiziqish bilan so’radi.

— Hojatxonada… Shiftda tiqig’lik turibdi. Qizil.

Qaynona jonivor hojatxomaga qarab yo’rg’aladi. Venya uning ortidan ergashdi.

Qaynonasi qojatxonaga kirishi hamono, Venya tashqaridan ilgakni mahkamlab qo’ydi. Keyin eshikni mixlay boshladi.

— Picha o’tirgin. O’ylarsan, — dedi Venya. — Odamlarni qamatishga suyaging yo’q-a? Endi o’zing ham shu sharbatdan picha tatib ko’rgin. — U mixlarni qoqib bo’lib, pillapoyaga o’tirganicha, Sonyani kuta boshladi.

— Dod! Voy-dod!!! — baqira boshladi Lizaveta Vvsil`evna. — Hoy, yaxshilar, qutqazinglar! Qutqazinglar!
— Baqir, baqir… Hech kim ovozingni eshitmaydi.

— Hoy, yaxshilar!.. Kuyovim bir mashina o’tin o’g’irlagan! Kuyovim bir mashina o’tin o’g’irlagan! — hadeb takrorlardi qaynona.

Venya tahdid qildi:
— Baqiraversang, o’t qo’yib, yoqib yuboraman.

Qaynona jimib qoldi. Faqat:
— Hap senimi, Ven`ka, — dedi.

— Po’pisa qilyapsanmi?
— Po’pisa qilayotganim yo’q, po’pisa qilayotganim yo’q, ammo senga bu qilguliging uchum rahmat deyishmasov.

Venyaning ko’zi bir bo’lak so’ndirilmagan ohakka tushdi. Shuni qo’liga olib, hojatxona eshigiga yozdi:
«1969 yilning 25 iyulida plombalangan. Dumalatilmasin».

— Hap senimi, Ven`ka!
— Hozir yana Sonyangni ham yoqvoraman… Hozir uyam oyog’i kuygan tovuqday pitirlab qoladi. Qorako’l po’stinini kiyib. Sizlar meni tilsiz eshak, deb o’ylagansizlarda-a? Eh-he, qanchadan-qancha maoshni uyga keltirdim, menga aqalli bironta arzimas kostyum olib berdinglarmi? —

— Axir sen tayyor oshga bakovul bo’lib kelding-da.

— Agar men qip-yalang’och bo’lib kelgaiimdayam, yalang’och holimcha yurarmidim? Nahotki men o’zim uchun bir ko’ylakka yetgulik maosh olmagan bo’lsam-a? Sen odamlarni quloq qilgansan… Holbuki, o’zing birinchi quloqsan! Ana, bosib ko’yilgan buyumlardan sandiq chirsillaydi.

— Bu buyumlarni sen ishlab topganing yo’q!
— Bo’yalmasam, sen ishlab topganmisan? Ering kim uchun o’g’irlik qildi? Kerak bo’lmay qolganidan keyin, uni qamatvording. Mana endi o’zing o’tir. Uch kecha-kunduz o’tirasan, Qo’limga miltiq olib, hech kimni yaqin yo’latmayman. Seni bir kishilik qamoqxonaga tiqib qo’ydim, deb hisoblayver. Yomon xulqing uchun.

— Hap senimi, Ven`ka!
— Shunaqa. Baqirma, battar bo’lasan.

— Kampir odamga nisbatan buncha toshbag’irlik qilish…

— O’zing bir umr odamlarga toshbag’irlik qilgansan, na yosh qolgan, na qari.

Venya Sonyani yana picha kutdi. Ammo u hadeganda kela qolmadi. Toqati toq bo’lib uni qishloq bo’ylab izlab ketdi.

— Jimgina o’tirgin! — buyurdi u qaynonasiga.

O’sha kuni Venya, baxti kulib, xotinini topa olmadi. Qaynonasini qo’shnilar «bir kishilik qamoqxona»dan ozod qilishdi.

Sud shovqin-suronli bo’ldi. Namunali 6u sudlov klubda o’tdi.

Qaynona sudda yig’ladi, yana dastlabki kolxozlarni tuzganini, «bir kishilik qamoqxona»da o’tirganida qanchalar azob chekkanini hikoya qilib berdi — u kuyovining qamalishini juda-juda xohlardi. Ammo qishloq ahli bunga qarshi chiqdi. Yetti yashardan tortib yetmish yashargacha hamma Venyani bmr qarichligidan bilishlarini, uning yetim o’sganini, hech qachon bir gapni ikki qilmaganini, hech vaqt hech kimni hatto barmog’i bilan chertmaganini aytishdi… Albatta, jazolansin. Faqat qamash kerakmas!

Ayniqsa, hamma askar deydigan, mo’min-qobil, hurmatli, anchadan beri pensioner Mixaylo Kuznetsov jo’yali gapirdi:
— Grajdanin sud`yalar! — dedi u, — Men Ven`kaning otasini bilardim, u jang maydonlarida mardlarcha halok bo’lgan. Ven`kaning onasi kolxozda ishlayverib, zo’riqib o’ldi. Ven`kaning o’zi o’n yoshidan boshlab ishlay boshladi… Grajdanka Kiselyova bo’lsa… ana, u hozir obidiyda qilyapti — tushunarln, qarigan chog’ingda hojatxonada o’tirish qech kimga yarashmaydi, ammo u baribir hayotda qiyinchilik ko’rmadi, Hozir ham qiyinchilik ko’rayotganing yo’q, — deya u kampirga boqdi, — pensiyang menikidan ko’proq, mening esa hamma yog’imda jarohat izi, sog’ joyim yo’q. Uch urushda hazilakam yo’l bosmadim…

— Men kambag’al oiladanman! — Lizaveta Vasil`evna chinqirib yubordi. — Men dastlabki kolxozlarni…

— Men ham kambag’al oiladanman, — e’tiroz bildirdi Mixaylo. — Sen birinchi bo’lib kolxoz tashkil qilding. Men unga birinchi bo’lib kirdim. Jamiyat oldida sening alohida xizmatlaring nimalardan iborat? Urush yillarida qishloq matlubot jamiyatining raisi bo’lding — och o’tirganing yo’q, biz buni ham bilamiz. Yigit bo’lsa, o’zini-o’zi boqdi, o’z mehnati bilan… buni qadrlash kerak. Bunday qilish yaxshimas. Qamatish oson, ammo qanaqasiga u qamoqda o’tiradi! Axir u invalid-ku?

— Undagi rahmatnomalarning o’zi o’ntacha! Har bir bayramda Venyani ilg’or mehnatkash sifatida qayd etib o’tishadi! — deya kimdir zaldan turib qiyqirdi.

Biroq shu paytda semizdan kelgan, oqish kostyum kiygan, savlatli kishi o’rnidan turdi. Zalga hamma gapni tushungannamo bir qiyofada razm soldi.

— Qadrli o’rtoqlar! — dedi u. — Hammasi tushunarli: sizlarning hamqishloringiz kelishgan yigit, bunday qaraganda, pashshaga ham ozor bermaydiganday ko’rinadi… — keyin shunaqasiga gapirdiki, shunaqasiga gapirdiki, yo’q, u gapirmasdi, do’pposlardi! — Jinoyat shunday narsaki, ayni holatda bunday qilish foydadan xoli emas, kagta jinoyat sodir bo’lishini kutib o’tirgandan, uni kichikligidayoq jazolash joiz, — dedi. Mana
shunga o’xshash ko’rinishda qo’y og’zidan cho’p olmagan yigitlar pichoqbozlik qilishgani xususida misollar keltirib, jamiyat uchun kuchli kafolat zarurligmni ga’kidladi. — Sizlardan so’rayapman, g’azabga mingan bu yigitning zndi ertaga yana ichib, qo’liga bolta yoki miltiq olmasligiga kim kafil bo’laoladi? Uyda ikki nafar ayol bo’lsa… Tasavvur qilingki…—dedi.

— U ichmaydi! — deyishdi baravariga.

— Nima, u gazli suv ichganidan keyin qo’liga bolta olib, qaynonasini hojatxonagz qamab, ustidan mixlab qo’ydimi? Yana keksa, xizmat ko’rsatgan ayolni-ya! Nima sababdan u shunday qildi? Xotini o’ziga po’stin sotib olib, unga esa, qarangki, charm pal`to xarid qilmagani uchun!

Venyaning tagidagi stul o’ynab ketdi. Zalda o’tirgan ko’pchilik shunday qarorga keldi: Ven`ka qamaladi.

— Yo’q, o’rtoqlar, biz agar hozir sudlanuvchining qilgan jinoyatini jazosiz qoldirmasakkina aynan rahm-shafqat ko’rsatgan bo’lamiz. Yaxshisi hozir jazolaylik. Shundagina biz uni katti xavf-xatardan asrab qolgan bo’lamiz. Holbuki, bunday xavf-xatar uning ortidan soyaday ergashib yuripti.

Savlatli kishi Ven`kaga uch yil berishlarini so’radi.

Shu payt Mixaylo Kuznetsov yana o’rnidan turdi.

— Siz, o’rtoq, mutlaqo to’g’ri gapirdingiz. Ammo men sizga Ulug’ Vatan urushidan bir misol keltiraman. Bizda bitta askar bola bo’lardi, Ven`kaga o’xshash, xuddi unga o’xshash qiltiriq, yosh, yigirmalarga kirgan edi shekilli. Xo’sh desangiz, atakaga bormoqdamiz, askar bola qo’rqdi. Miltig’ini tashladi, yiqildi, shu desangiz, boshini changallab olgan… Siyosiy rahbarimiz uni shu yerdayoq otib tashlamoqchi bo’ldi, ammo biz, yoshi katta askarlar bunga yo’l bermadik. Uni o’rnidan turg’azdik, u biz bilan olg’a qarab yugurib ketdi… Endi gapning bu yog’iga quloq soling! Shaxsan o’zi hammaning ko’zi o’ngida ikki fashistni asfalasofilinga jo’natdi. Fashistlarki, har birining bo’yi shiftga yetadigan, novcha, askar bola bo’lsa, attang, uning familiyasini unutibman, Ven`kadan katta emasdi. Buncha kuchni o’sha askar bola qaerdan oldi? Men bu misolni shuning uchun keltirdimki, ba’zan ojizlik, biron-bir tashqi kuch odamni kishanlab tashlaydi. Xo’sh, odam adoi tamom bo’ldi, butunlay adoi tamom bo’ldi, deysan… Yo’q, aksincha, shoshmaslik kerak, u hali o’rnidan turadi. Siz urushda bo’lganmisiz, o’rtoq? — Mixaylo so’zining pirovardida so’radi.

Savlatli kishi bunday hayajonli misoldan aqalli pinagini ham buzmadi. U tushungan kishnlarga xos jilmaydi.
— Urushda bo’lganman, o’rtoq. Bu sizning savolingizga javob. Endi misolingizga kelsak. Misol, albatta, yorqin, salmoqli, ammo bu yerda mutlaqo joiz emas. Bunda siz, ta’bir joiz bo’lsa, parvardigorning marhamatini quymoq bilan aralashtirib yubordingiz, — savlatli kishi echki yo’talganday ovozda kulib ko’ydi, do’mpaygan qorni xiyol qalqib ketdi. — Keltirgan misolingiz orqali sizning fikringizga mutlaqo qarama-qarshi gapni isbotlash mumkin. Aytmoqchi, o’sha askarki sud qilishdimi?

Mixaylo hadeganda javob bermadi. Hamma unga o’girilib qaradi.

— Sud qilishdi, — istar-istamas javob berdi Mixaylo. — Ammo…
— Mutlaqo to’g’ri. Ammo…

— Oqibatsiz qoldirishmadi! — Mmxaylo ovozini balandlatdi. — Faqat boshqa qismga o’tkazishdi.

— Bu endi boshqa masala. Uning o’rnidan turib, sizlar bilan yugurib ketgani, keyin ikki fashistii asfalasofilinga jo’natgani — fakt, bu faktni inobatga olish mumkin, ko’rinib turibdiki, inobatga olishgan ham. Ammo shunday faktlar ham borki, ularni… moddiy jihatdan, xo’sh deganimizday, hisobga olib bo’lmaydi. Soldat ko’rqdi, qurolini tashladi, yiqildi…U qo’rqdi — 6u tushunarli. Agarda yolg’iz o’zi o’rmonda yurib ayiqni ko’rib qo’rqmaganida boshqa gap edi, unda taqdirini xudoga, aniqrog’i, ayiqqa topshirib kutib yotaverar edi. Ammo bu yerda boshqa masala bor: u askar, hujumga bir o’zi borayotgan emasdi, u qo’rqdi, shu bilan birga, butun rotada qo’rquv hissini uyg’otdi!

— Hecham-da! — dedi Mixaylo. — Qanday chopib borayotgan bo’lsak, o’shanday chopaverdik!
— Siz boshqa kayfiyat bilan chopavergansiz. Siz o’zingiz bilmagansiz, ammo o’shanda qalbingizga qo’rquv in qurgan. Qo’rqqan askar o’zining bu xatti-harakatlari bilan oldinda qanday xavf kutib turganligiga ishora qilganday bo’lgan — ehtimol, o’lim…

— Darvoqe, usiz biz bunday xatarni bilmasdik, — deya kesatdi Mixaylo.

— Mazkur konkret hodisani oladigan bo’lsak…

Ven`ka salobatli kishidan ko’z uzmas, uning nima deyayotganligiii yaxshi tushunmasdi. Ammo bu kishi uni qamagishni juda-juda istayotganligini fahmladi. Bu savlatli kishi qaynonasiga o’xshab battol emasday, ko’rimishdan tuppa-tuzuk odam, uni Ven`ka avval ko’rmagan ham. Ven`ka ilgari hech qachon sudlarda bo’lmagan, davlat ayblovchilari, jamoatchi ayblovchilar borligini bilmasdi… Sud deganda birgina sud`ya ko’z oldiga kelardi. Bu odam nima sababdan bunchalik jonini jabborga berib uni, Vei`kann uch yilga qamatishga harakat qilayotganligini mutlaqo tushuna olmasdi. Sud`ya sukut saqlab o’tiribdi, bu odam zsa mana, nechz-necha marta o’rnidan turib, qamash kerak, vassalom, demoqda. Ven`kaning hatto jahli ham chiqmadi, u taajjubdan esankirab, gung bo’lib qolgandi. Undan sudga biron-bir tushuntirish berasizmi, deb so’raganlarida, yelka qisdi, allanechuk shoshilinch, qo’rquv bilan:
— Nega? — dedi.

Sud hay’ati kengashgani chiqib ketdi.

Ven`ka jimgina o’tirib, bu yog’i nima bo’lishini kutardi. Vujudini dahshat chulg’ab olgandi. Bu qamoqxona oldidagi dahshat emas, u 6u yerga kelarkan, xayolidan shunday fikrni kechirgandi: yigirma sakkiz qo’shuv uch, ana boringki — to’rt, o’ttiz bir, o’ttiz ikki… Hech bokisi yo’q. Biroq manavi savlatli kishini ko’rib, dahshatga tushdi. Unga shunday diqqat bilan tikildiki, hatto endi u stol yonidan allaqachon turib ketgan bo’lsa-da, uni xuddi tirikday ko’rib turardi; vazmin, aqlli, quvnoq… Qamash kerak, deb isbotlayapti, isbotlayapti, isbotlayapti. Aqlga sig’maydi. Shundan keyin u qanday qilib kechlik ovqatni yeydi, bolalarini erkalatadi, xotini bilan birga yotadi?.. Ilgarilari Venya odamlardan tez-tez g’azablanib turardi, ammo ulardan qo’rqmagandi, endi esa bir narsani dahshat bilan tushundi: qarangki, odamlar qo’rqinchli bo’lishlari ham mumkin ekan. Venyaning hayotida bir marta shunday voqea yuz bergandi: uni ikki mast kishi tutib, urgandi. Urishardi-yu, allanechuk ingramishardi. Qunt qilib urishganlaridanmikin yo… Shundan keyin Venya jirkanch bir tuyg’u bilan uzoq vaqt og’riqni emas, mana shu har bir zarbdan keyingi ingranishni eslab yurdi. Mayli, ular mast, aqlsiz kimsalar edi… Mana 6u go’rso’xta bo’lsa, savlatli, ma’lumotli, mutlaqo jahli ham chiqqani yo’q, qamash kerak deb, hammani ishontirmoqda. Voy, xudoyim-yey! Kaynonam!.. Qaynonam — ilon, ovsar, u, qo’yib bersa, kuyovini uch yilga emas, besh yilga qamatishga ham rozi. Har holda uni tushunish mumkin. U shunaqa manjalaqi. Ammo bu-chi? Bu qanaqasi bo’ldi?

Venyaga hukm chiqarishdi: ikki yil shartli qamoq jazosi.

Odamlar Venya uchun sevinishdi.

Benya bo’lsa, g’ayriodatiy tarzda o’ylanib borardi… Ko’z o’ngidan o’sha salobatli odam ketmas, hayrati, taajjubi ortib borar edi. Nahotki u hamisha shunday qilsa?

Venya hozircha Kol`ka Volobuevnikida istiqomat qilib turadigan bo’ldi.

Kol`ka unga yana ichishni taklif qildi. Venya bo’yin tovladi. Hali qorong’i tushmasdan turib xonaga kirib, skameykaga cho’zilganicha xayol surib ketdi.

Hayot deganlari qiziq-da. Bir lahzadayoq hammasi ostin-ustin bo’ldi-ya! Qurib ketmasdimi o’sha charm pal`to? Negayam o’sha charm pal`toni sotib olaman deb buncha jon kuydirdi o’zi? Shusiz ham
yashadi-ku, hechqisi yo’q, shusiz ham yashayverardi. Sonyani qaynonadan ajratib olish kerak edi. Alohida yashaganlaridami… To’g’ri, uyam ovsar, onasiga qarshi borolmasdi. O’sha tuni Venya nima haqda o’ylamasin, yuragi qanchalik achishmasin, salobatli kishi xayolidan nari ketmasdi — u Venyaga yuqoridan, sahnadan qararkan, zinhor qahr otiga minmas, baqirmas edi… Galstugidagi oqish, temir to’g’nog’ich yaltirardi. Qoshlari qop-qora, quyuq, qansharida bir-biri bilan xiyol tutashib ketgan. Sochlari hafsala bilan orqaga taralgan, yaltillaydi. Bir necha tola sochlari esa halqa shaklida peshonasi ustida osilib qolgan, salobatli kishi jo’shib gapirar ekan, silkinar, titrar edi. Yuzi tovoqday dumaloq, kulganida yonoqlaridagi kulgichlari o’ynab turardi. Bu salobatli kishi Venyani qiynab yubordi. Venya hatto dastlabki qamoq kamerasida emas, do’stining skameykasida, issiqqina po’stinnn yopinib uxlayotganiga shukr qilishni ham unutdi.

Venyani og’ir jazodan qutulgani bilan tabriklagani kelgan shirakayf yigitlar va erkaklar dahlizda allamahalgacha gurunglashishdi. Ular bir oz kayflari oshgach, uni unutishdi, muhim va muhim bo’lmagan har xil ishlar haqida bahslashib, uzoq o’tirishdi.

Ertalab Venya yana reysga, rayonga otlandi. Juda barvaqt, quyosh endi ufqdan ko’tarilayotganda yo’lga tushdi. Havo sal isigan, tuni bilan yer sovimagan edi.

Venya yo’lda ketib borardi… U hamisha yo’lga chiqqanida odamlar g’avg’osidan xoli bo’lib yupanardi, ular haqida g’alati xayollar surardi; go’yo u bilgan, tanigan odamlar uzoq-ueoqlarda qolar, ularning unga tegishli biron-bir joyi yo’qday tuyular edi. Kechagi voqeani, olomonni, g’ala-g’ovurni esladi. Hammasiyam o’t tushganday hovliqib, esidan og’ib yotgandir, o’lguday asabiylashishayotgandir, deb o’yladi. Sudni og’ir, qo’rqinch tush kabi xotirladi. Venya kamdan-kam ichardi, ichib olgan kunlari aloq-chaloq tushlar ko’rardi: goh uni kimlardir tutib olib urmoqchi bo’lar, u qocholmas, qocha olmaganidan o’lguday azoblanar edi. Oqsoqligining bunga hech qanday daxli yo’q (u tushida o’zini to’rt muchasi sog’ holda ko’rardi), oyoqlarining tagida allaqanday o’nqir-cho’nqirlar, xandaqlar paydo bulardi. Bir marta u tushida allaqaysiyam qurilish maydonchasida qochib yurganmish — chuqurlar, ustma-ust chalkashtirib tashlangan taxtalar, o’g’irlangan har xil temir-tersaklar yurishiga xalaqit berarmish… Yana bir tushidz esa begona bazaga zapravka qilish uchun kirganmish, u yerda uni qandaydir yigitlar qurshab olib, iljayishgancha hadeb: «Bundan kelib chiqadiki, agar sen oqsoq bo’lsang, mahmadanalik qilishing mumkin ekan-da? Shundaymi?» deyisharmish. Orqadan, yondan pusib kelishyotganmish… «Qachon mahmadanalik qilibman?! —- dermish Venya o’eini past olib. Qo’rqarmish. — Mahmadanalik qilganligim haqidagi gapni qaerdan kovlab topdinglar? Nimalar deyapsizlar, do’stlar?» «Yo’-o’q, — deyisharmish ular, — hozir biz senga mahmadanalik qilishni ko’rsatib qo’yamiz…» Venya: «Kol`ka! Kol`ka!», deb Kol`ka Volobuevni chaqira boshladi…

27-chaqirimga yetganda, Venya mixlanganday qotib, to’xtab yotgan «Volga»ni ko’rib qoldi, Kapot yuqori ko’tarilgan, shofyor allanimalarni kavlashtiradi, uning yonida — Venyaning yuragi hapriqib ketdi — kechagi savlatli kishi. Venya negadir shoshib qoldi, darrov gazni pasaytirdi. Shumda savlatli kishi «To’xtat!» deganday ishora qildi. Venya itoatkorlik bilan to’xtadi.

Savlatli kishi shoshganicha kabina yonigz keldi-da;
— Ho’v, akasi, aravangda opketgin. — dedi-yu, avzoyi o’zgardi, Venyani tanidi.— O-o, —dedi so’ngra. Venyaning nazarida u ham bir oz shoshib qolganday tuyuldi, — biz eski tanishlarmiz-ku!

— O’tir| — dedi Venya. Savlatli kishining ko’zidagi parokandalikni, o’zini yo’qotib ko’yish hissini ilg’agan Venyaning qalbida allaiechuk quvnoqlik, surbetlik uyg’ondi. — Shishib yuribmizmi?

055Salobatli kishi kabinaga osongina o’tirib oldi, Venyaga hech narsa bo’lmaganday jilmayib qaradi. Oradan bir daqiqa o’tgach, yo’lga tushishdi. Venya: «Bu arbobnusxa io’zimga shunchaki o’zini yo’qotgan bo’lib ko’rinmadimikin, ishqilib?» deya o’ylandi.

— Xo’sh, qalay? — so’radi savlatli kishi.
— Nima? — dedi Venya talmovsirab.

— Kayfiyat qalay?.. Men seni endi biror hafta chamasi ichsa kerak, deb yuribman… Senga to’g’risini aytsam, yigit, kecha omadli biletni sug’urib olding, — dedi savlatli kishi.

Venya miq etmasdi: nima deyishni, o’zini qanday tutishni bilmas edi.
— Xotining bilan, albatta, qo’ydi-chiqdi bo’lgandirsan? —- hamma gapni tushungannamo so’radi u va o’girilib, Venyaga tikildi.

— Albatta, — dedi Venya. Kecha sudda o’zini metinday tutgan, aqlli, shiddatli odam ayni paytda xushchaqchaq ekanligidan hayratlandi.

— Eh, xomkallalar-ey… — dedi u. — Boshingizge tushgan kulfatni qaranglar-a… Xo’sh, tilingni tiysang, o’lib qolmasding-ku, ko’rib turibman — qiyinchilik bilan kun kechirgansan, bir zarb bilan butun yiqqan-terganing ustidan chiziq tortib, sochib yuborganingni qara-ya: oilang buzildi, obro’ying to’kildi… Xotiningni yaxshi ko’rarmiding?

Shu yerga yetganda, negadir, Venyaning kutilmaganda jaqli chiqdi.

— Ishing bo’lmasin! — dedi chinqirib,
— Albatta, bu mening ishimmas! — deya u ham baqirdi, — To’g’ri, og’ayni, bu sening ishing. Agar meming ishim bo’lganida, mening jonim achirdi. E, siz tentakvoylarga achinaman, mana gap qayoqda. Hemiriga aroq ichasanlar-u, dunyoni ostin-ustin qilganlaringga o’laymi? — shunday deb, savlatli kishining qorni xiyol qalqidi. — Nahotki hushyor paytda gaplashishning imkoni yo’q edi? Xotining ham suqsurday juvon ekan, kecha ko’rdim. Shukr qilib yashamaysanmi…

Venya birdan jon rishtalari chirt-chirt uzilganday, ikkala ko’zi ko’r bo’lib qolganday o’rtandi: axir Sonyadan ajralib qoldi-ku! Bir umrga! Birdan jarlik qa’riga tushib ketayotgandek bo’ldi. Badani junjikib ketdi…

— Anavi charm pal’toing qanaqa edi? Sen uni qaerdan olmoqchi eding? — so’radi savlatli kishi.
— E, aymoqda bittasi tikadi… — Tikishniyam qiyib qo’yadi-da.

— Pal`toga qancha haq oladi? Material o’zidanmi?
— O’zidan.

— Kancha oladi?
— Har xil. Men yuz oltmish so’mga olmoqchiydim. Agar pal`to yaxshi bo’lsa, qimmatroq turadi.

— Yaxshi deganing nimasi?
— Xo’sh, charmi boshqa, oshlovi boshqa… ishlov har xil bo’ladi.

— Faraz qilaylik, eng yaxshisi-chi? Ya’ni charmi ham eng a’lo, ishlovi ham a’lo bo’lsa, qancha turadi?
— Uch yuzlar atrofida tursa kerak… Bittasiga to’rt yuz so’mga tikib bergan, deb eshitgandim.

— O’sha aymoq qaerda? Uzoqdami?
— Yo’q.

— Adresini bilasanmi?
— Adresini bilaman. Bilaman…

O’sha daryosi sohilida chodir tikayotgan turistlar, negadir, kutilmaganda GAZ —69 mashinasi shasht bilan o’ngga burilganini, qasir-qusur qilganicha yo’l chetidagi to’siqlarni sindirib, daryoga uchib tushganini ko’rishdi.

Keyin, mashinani chiqarishib, avariya sababiii aniqlamoqchi bo’lgan mexaniklar halokat nima uchun ro’y berganligini bilolmadilar. Ular aktga shunday deb yozishdi: «Rul` boshqarmasi qisib qolgan».

Ikkovlon — haydovchi va yo’lovchi o’lik edi. Shunisi taajjubliki, haydovchi mashina suvga tushganga qadar o’lgan: yuragi yorilib ketgan. Yo’lovchi eshikni ochishga urinib ko’rgan, ammo aftidan, yo’l chetidagi to’siqlarga urilgan chog’ida, eshik mahkamlanib qolgandi. U eshik oynasini sindirmoqchi bo’lgan (ikkala qo’lidan ham qon silqib turardi), bir qismini sindirgan — hammasini sindirishga ulgurmagan. Nafasi qaytib, jon taslim qilgan.

06

«Xurshid Davron kutubxonasi» saytidan: Tarjimon Shukshin hikoyasining yakuniy parchasini butunlay boshqacha tarzda o’zbekchaga o’girgan. Asliyatda bu so’nggi parcha quyidagicha berilgan:

— Адрес-то знаешь?
— Знаю адрес. Знаю… Эх! — крикнул вдруг Веня, как в пустоте, — громко. — А не ухнуть ли нам с моста?!

Он даванул газ и бросил руль… Машина прыгнула. Веня глянул на прокурора… И увидел его глаза — большие, белые от ужаса. И Веньке стало очень смешно, он засмеялся. А потом уж на него боком навалился прокурор и вцепился в руль. И так они и съехали с моста: Веня смеялся и давил газ, а прокурор рулил. А когда съехали с моста, Веня скинул газ и взял руль. И остановился.
Прокурор вылез из кабины… Глянул еще раз на Веньку. Он был еще бледный. Он хотел, видно, что-то сказать, но не сказал. Хлопнул дверцей, Веня включил скорость и поехал. Он чего-то вдруг устал. И — хорошо, что он остался один в кабине, спокойнее как-то стало. Лучше.

Bu holat sababini tushunish qiyin. Tarjimon Shukshin hikoyasining boshqa bir variantidan foydalangan bo’lishi ehtimoli bor. Ammo, biz bu variantni topa olmadik. Ammo, tarjimon tanlagan xotima asliyatdagidan mohiyat jihatidan butunlay farq qiladi. Asliyatda xotimada Shukshin o’z qahramonining ichki dunyosidan kelib chiqqan. Tarjimon esa «hamma kutib turgan» voqeani tanlagan. Asliyatdagi kutilmagan o’ziga xoslik yo’qolgan.

055

(Tashriflar: umumiy 228, bugungi 1)

Izoh qoldiring