Yusuf Xos Hojib. Qutadg’u bilik. 71-84 (Yakunlovchi) boblar. Emin Usmon tarjimasi

33     Қадимий туркча адабиётнинг ўлмас асари «Қутадғу билик»нинг якуний бобларини тақдим этар эканмиз, муборак Рамазон ойида ўқилажак дуоларимизда донишманд бобомиз Юсуф Хос Ҳлжиб Болосоғунлини ва бу шонли асарни замонавий тилимизга ўгирган таниқли адиб, покиза инсон Эмин Усмонни меҳрибон Парвардигор раҳмат айлаб, улуғ фазлу мағфиратига олишини сўраймиз.

Эй Аллоҳи Карим,! Бизларни ҳам, биздан олдин иймон билан ўтган биродарларимизни ҳам мағфират қилгин ва албатта, Сен ўта шафқатли ва раҳмлисан!

ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ
ҚУТАДҒУ БИЛИГ
Қадим туркчадан Эмин Усмон таржимаси
07

ЕТМИШ БИРИНЧИ БОБ
ЎГДУЛМИШНИНГ ЎТГАН КУНЛАРИГА АЧИНИБ
ТАВБА ҚИЛГАНИ БАЁНИ
077
5597. Айтди: Ғофилликда юрибман кула,
Тириклик зое бўлди ғафлат ила.
5598. Ҳаёт завқи кетди мени тарк этиб,
Асо олдим қўлга ёшлик тарк этиб.
5599. Ўкинди, эсиз, ўтиб кетди куним,
Тириклик тугади, қорайди туним.
5600. Дунё неъматларин молдек ошадим,
Ҳаёт тотин билмай молдек яшадим.
5601. Ғофилликда ўтар кун ўйнаб-кулиб,
Умр бесамар, бекор кетмоқда ўтиб.
5602. Йигитлик кучи мени тарк айламиш,
Ҳасратдан юрак-бағрим чок айламиш.
5603. Тириклик тугади, яқиндир ўлим,
Ўлимга чора йўқ ё қочар йўлим.
5604. Соч шунқор патидек кулранг тус олди,
Соқол ёзги ўтдек қовжираб қолди.
5605. Ўттиз икки тишим – оппоқ инжулар,
Ипи узилиб, бир-бир сочилдилар.
5606. Кўзим кўрарди бир кунлик ерни ҳам,
Энди кўрмас олдимдаги эрни ҳам.
5607. Олис садоларни илғарди қулоқ,
Энди куним имога қолди, эвоҳ.
5608. Қузғун тусидек қора эди бошим,
Оққуш қўнди бошга, етилди ёшим.
5609. Қайтар вақтим бўлди, энди Худодан,
Сўрайман фориғ эт, дея гуноҳдан.
5610. Пайти келди юзим Ҳақ томон бурай,
Гуноҳларим учун мағфират сўрай.
5611. Иши оқибатин билмайди киши,
Лозимдир бировдан кенгаш сўраши.
5612. Кенгашиб кишининг илми кенгаяр,
Кенгашга илм қўшилса, иш ўнгланар.
5613. Нима дер эшит кенгашувчи киши,
Ҳамма кенгаш билан битирар ишин.
5614. Биров билан кенгаш қилсанг неки иш,
Кенгасмас киши билан бўлма дўст, эш.
5615. Неки иш бўлмасин кенгаш билан қил,
Кенгаш билан тилакка етасан, бил.
5616. Ором олди, саҳар туриб ювинди,
Элиг ҳузурига бориб юкинди.
5617. Очиқ чеҳра билан кутиб олди хон,
Илтифот кўрсатди бамисли меҳмон.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА САВОЛИ

5618. Сўз бошлаб, бир қошиқ қонин тилади,
Қардошим ёнига боргим келади.
5619. Илтифот этса хон борайин у ён,
Зиёрат қилиб тез қайтайин бу ён.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

5620. Элиг айтди: Майли, оқил, бора қол,
Саломимни етказ, сўра ҳол-аҳвол.
5621. Унутмасин ҳаргиз дуода мени,
Оллоҳга кўнглин рўй-рост очган они.
5622. Сўраб берсин Ҳақдан гуноҳларимни,
Зора қабул этса дуоларини.

…………….

5623. Қайтиб чиқди Ўгдулмиш маъқул дебон,
Уйга йўл олди бўлиб шодумон.
5624. Тилла тусини олди еру осмон,
Қуёш ёқут каби бўлди заъфарон.
5625. Қовоқ уйиб осмон қорайтди юзин,
Зулмат боғлаб олди барчанинг кўзин.
5626. Ўринга чўзилди ўқигач намоз,
Хаёл суриб ҳордиқ чиқарди бир оз.
5627. Тўшакка кирди-ю, ўй сурди узоқ,
Бир оз мизғиб, чўчиб уйғонди бироқ.
5628. Кўзи юмилмади, уйқу тарк этди,
Хаёл суриб ётиб, зерикиб кетди.
5629. Назар солди: Шарқдан аввал қора қуш (1),
Ўтдек чиқиб келди олиб ақлу ҳуш.
5630. Сўнг Йилдириқ (2) билан Айғир (3) нур сочди,
Нишона бериб Эрантиз (4) юз очди.

1. Қора қуш – Муштарий юлдузи
2. Йилдириқ – Катта фисо юлдузи
3. Айғир – Сириус юлдузи
4. Эрантиз – Жавзо юлдузи

5631. Қирғовул самога парвоз айлади,
Сураи Бибрини ўқиб сайради.
5632. Шарқ томон қизариб, нурга чулғанди,
Уфқдан бош кўтариб, қуёш уйғонди.
5633. Кўк узра сочилди маржон шуълалар,
Осмон яллиғланиб, ўтдек ловуллар.
5634. Машуқа кулгандек ёришди жаҳон,
Қайғу ариб, шодлик болди намоён.
5635. Ўрнидан турди-ю, қилди ибодат,
Йўлга чиқди Оллоҳдан тилаб мадад.
5636. Бориб етгач, оҳиста қоқди эшик,
Тоатин қўйиб зоҳид очди эшик.
5637. Салом берди дарров унга Ўгдулмиш,
Алик олди мамнун бўлиб Ўдғурмиш.
5638. Икковлон бошлашиб уйга кирдилар,
Бир-биридан ҳолу аҳвол сўрдилар.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

5639. Эй қариндош, не сабаб келдинг, деди,
Кўришганимизга ой ҳам бўлмади.
5640. Руҳингни тушкунроқ кўрдим, во ажаб,
Ранггинг ҳам сўлғинроқ, айтгин не сабаб.
5641. Не мусибат етди, не кечди ҳолинг,
Яширмай баён эт менга аҳволинг.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

5642. Жавоб берди Ўгдулмиш: Эй дилпора,
Замон ўқи қилди бағримни яра.
5643. Ўгит бирла даврон ёритса дилни,
Тирилтирар ҳатто ўлган кўнгилни.
5644. Ғафлат босган экан кўнглимни ёмон,
Панд-насиҳат бирла уйғотди замон.
5645. Кўнгил кўзи бирла боқиб пайқадим,
Йўлдан озганимни энди англадим.
5646. Тирклик охирлашди, юким оғир,
Гуноҳдан қайтар вақт бўлди-ку ахир.
5647. Умрим бўйи қилдим биров хизматин,
Ғофил бўлдим, қолди Худо тоати.
5648. Дунё келаверар, тириклик ўтгай,
Ҳаёт битса, бу дунё қолиб кетгай.
5649. Дунёни тиладим тириклик учун,
Тириклик тугаса, некерак очун.
5650. Мана шундай кечар бугунги куним,
Топарманми билмам эртанги куним?
5651. Соч шунқор патидек кулранг тус олди,
Соқол ёзги ўтдек қовжираб қолди.
5652. Зарур эрта учун ҳозирлик кўриш,
Шоядки, онгланса эртанги юмуш.
5653. Бўнга монанд келди, эшит ушбу сўз,
Амал қил сен унга, аё кўнгли туз.
5654. Ўтган кунларимга надомат чеккум,
Қанча умрим қолганин қайдан уққум.
5655. Зое кетди афсус йигитлик куним,
Беҳуда кетмасин бу қолган туним.
5656. Эрта ҳозирлигин бугун кўргин сен,
Билимли не демиш уқиб билгин сен.
5657. Ғофил бўлма, бу кун тоат қил, тоат,
Эрта ғамин бугун емоқлик одат.
5658. Молдек едим, ичдим, юрдим беҳуда,
Энди очу ташна қийнайин жуда.
5659. Орзу, неъматлар билан семирди вужуд,
Энди оздирайин айлабон сужуд.
5660. Роҳатда ётди, майлича юрди у,
Ибодат учун энди тик турсин у,
5661. Ўзига ёв қилди кўплаб кишини,
Уларни шод айлай, қилиб ишини.
5662. Тилим узун эди элда жуда ҳам,
Энди узрим айтай бошим қилиб хам.
5663. Кишиларга озор бердим ададсиз,
Энди ўзга озор берай, эй азиз.
5664. Эгасидан қочган тубан қочоқман,
Гуноҳларга ботган нодон олчоқман.
5665. Бугун тавба-тазарру-чун қайтайин,
Оллоҳга туну кун узр айтайин.
5666. Ўлим келмай туриб мен келай тоат,
Ғарғара келганда бўлмагай тоат.
5667. Нима дейди билими теран, тингла,
Эй бағри тош, ўгит берар у, англа:
5668. Эсингни йиғ, ўлим келмай Ҳаққа ён,
Ажал етгач, фойда бермас пушаймон.
5669. Уни ёдда тут, тавбага бўл ҳозир,
Ғофил бўлма, ёқангдан тутгай ҳозир.
5670. Йигитлик пайтингда қилгин ибодат,
Қаригач тарк этгай мутлоқ куч-қувват.
5671. Эсинг йиғ, хушёр бўл, ҳаёт ғанимат,
Ажал етгач бефойдадир бу ҳиммат.
5672. Ўлим келмай туриб ғафлатдан уйғон,
Ажал етгач бенаф урганинг гирён.
5673. Келдим остонангга бошимни уриб,
Кенгаш бер бу ишда аҳволм кўриб.
5674. Меҳрибон қариндош эрурсан менга,
Не қилмоқ керакдир, йўл кўрсат менга.

ЕТМИШ ИККИНЧИ БОБ
ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА МАСЛАҲАТ
БЕРГАНИ БАЁНИ

5675. Жавобан Ўдғурмиш айтди: Қариндош,
Сўзим тингла, кўнгли яқин, фикрдош.
5676. Жуда яхши ният қилибсан ўзинг,
Худо тавфиқ берсин ва очсин кўзинг.
5677. Етмас бу ишга фақатгина билиг,
Урмоқ лозим турли ишларга илик.
5678. Улардан бири – бу, очиқ айтайин,
Яхшилаб уққину амал айлагин.
5679. Унда турмоқ бу кун сен учун яхши,
Бу ерда турмоғинг мен учун яхши.
5680. Бу кун сендан элга фойда етар кўп,
Манфаат узилса, лаънатлар сўкиб.
5681. Элиг узун қилди қўлингни элга,
Яхшилик қиларсан ном олиб билка.
5682. Фароғат топди юрт, яшнади эли,
Дуодан тинмагай раият тили.
5683. Нима дер эшитгин наф берар киши,
Нафли кишини бил кишилар боши:
5684. Эл аро яхши бил – қайси бир одам,
Эл-юртга манфаат етказар ҳар дам.
5685. Манфаатсиз одам зарар-оғудир,
Яхшидан эл-юртга фойда ёғадир.
5686. Ниятини яхши қилса гар киши,
Кўнгилдагидек бўлгай ҳар бир иши.
5687. Нияти яхшига яхшилик ёрдир,
Ишин қилмаса ҳам савоби бордир.
5688. Сен туфайли осойиш, роҳат бўлар,
Элиг, эл-юрт сендан миннатдор бўлар.
5689. Эзгу қонун, низом тузилгай тугал,
Ёмонлар йўқолиб, найранглар тугар.
5690. Узлатга чекинсанг буларни қўйиб,
Ишлар бузилади ҳасратда куйиб.
5691. Тафтиш қилинади қонуну низом,
Вайрон бўлар эл, топталар интизом.
5692. Ўрнингга бир баттол келмаги тайин,
Халқни эзиб, қон қақшатар тинмайин.
5693. Ёмон йўлга бошлар элигни ёмон,
Қадам ташлар ёмонликка бегумон.
5694. Бунинг ҳисобин олар сендан Баёт,
Ҳақ ҳисобидан қўрқ, қолдир яхши от.

5695. Ёмон бўлма, низом юритма ёмон,
Ёмонга бўлишма ҳам бермагин ён.
5696. Кўнгли, феъли тўғри не дейди тингла,
Яхши ўгит берар: сен уқиб англа:
5697. Ёмонга қўшилма, тутма ёмон йўл,
Нияти ёмонга муросасиз бўл.
5698. Яхши низом юрит ҳам яхшилик қил,
Ҳеч қачон ёмонлик кўрмагайсан, бил.
5699. Тавфиқ берди Худо эзгулик учун,
Ҳамма эзгуликни қилмоғинг учун.
5700. Бу яхшиликларни бузарсан нега?
Софдил, бундан зарар етади сенга.
5701. Эл роҳатин бузиб, нафингни қўйиб,
Не яхшилик истарсан бунда туриб?
5702. Бу ер менга маъқул деганман ўзим,
Сабабини айтай, гўзал юзлигим.
5703. Мен дунёю давлат топиб кўрмадим,
Ширин орзуларга кўнгил бермадим.
5704. Халқ билан уйқашиб бир иш қилмадим,
Ё бегларга маъқул равиш билмадим.
5705. Кўрганим йўқ сира дунё молини,
Ёки яхши, ёмон киши ҳолини.
5706. Ҳолим била туриб у ёққа борсам,
Беҳад ёмон болар тоатни қўйсам.
5707. Сира олтин-кумуш кўрмаган киши,
Эришса, қилгуси минг ёмон ишни.
5708. Не дер эшит, савдогарларнинг боши,
Олам кезган қитом карвони боши:
5709. Фақирликда умр кечирган қашшоқ,
Бойиса яхши хулқин ташлар мутлоқ.
5710. Омад келиб қашшоқ бўлиб қолса бой,
Тўғри йўлдан қолиб кетар ҳойнаҳой.
5711. Бахт кўрмаган одам топса саодат,
Феъли айниб, элга келтирар офат.
5712. Ҳукмдор бўлмаган гар бўлса ҳоким,
Тил, қўл билан бўлар у элга золим.
5713. Сен эса бу дунё – давлатга тўйдинг,
Нафсинг тийиб, ҳою-ҳавасни қўйдинг.
5714. Кўнглинг ҳузур тийди, тўйди кўзинг ҳам,
Элиг билан яхши ярарсан ҳар дам.
5715. Булар бари сенга фазли Худодир,
Юзинг ёруғ, эзгуликлар атодир.

ЕТМИШ УЧИНЧИ БОБ
ТЎҒРИЛИККА ТЎҒРИЛИК, ОДАМГАРЧИЛИККА
ОДАМГАРЧИЛИК ҚИЛИШ БАЁНИ

5716. Бу – бир хили эрур, яна бирини,
Айтайин яхшилаб эшитгин уни.
5717. Унутдингми ёки дудмал бўлди гап,
Бу ишга жазм этдинг не нафни кўзлаб.
5718. Биласан, бу мақтов вафоли зотга,
Ёғилгай, азизим, доим ҳаётда.
5719. Оламда мавжуддир қонун, сиёсат,
Одамийлик одам сифати, одат.
5720. Одам яхшиликка қилар яхшилик,
Бирига ўн ҳисса қайтарар аниқ.
5721. Кимнинг зоти отадан бўлса асил,
Ундан элга манфаат келади, бил.
5722. Пинҳон зино қилса, она нафс учун,
Туққан бола офат бўлар эл учун.
5723. Ўйлаб кўр элигнинг яхшиликларин,
Олдинг-ку емак-ичмак – неъматларин.
5724. Бу фазил, ақл, билим – барига элиг,
Сабаб бўлди, очилди барча эшик.
5725. Улуғлаб кўтарди, улуғ – ном берди,
Эзгулик йўлин сенга очиб берди.
5726. Яхшилигин унутдингми дафъатан,
Хизмат қилмайсанми бунга жавобан.
5727. Қариндош, қаттиқроқ гапирдим кечир,
Хафа бўлиб, кўнглингни қилма хижил.
5728. Тўғри сўз қўполдир аччиқ туюлгай,
Ҳазм қила олсанг кўп нафи бўлгай.
5729. Гап эшитсанг аччиқ сўздан ранжима,
Тўғри сўз аччиқдир сира инжима.
5730. Бунга мос келади сўзларим тингла,
Эй хушчирой, унинг маъносин англа:
5731. Тўғри сўз аччиқдир сингдиргин уни,
Эртага наф бериб, хуш этгай сени.
5732. Тўғри сўз аччиқдир, кўнгилга ботгай,
Аччиқдир тўғри сўз, ким уни топгай.
5733. Бевақт отанг ўлиб, роҳат кўрмадинг,
Билим, ардам олиб, даврон сурмадинг.
5734. Меҳрин қўйиб, элиг парвариш этди,
Яхшиларнинг қаторига киритди.
5735. Қул, жория, оту ер-сув барчаси,
Хондан келиб, очди давлат дарчасин.

5737. Барча неъмат, яхшиликка эришдинг,
Ном қозониб, шон-шарафга етишдинг.
5738. Маъқулми буларни қайтармай туриб,
Ёғидек кетсанг ундан юз ўгириб.
5739. Қочиб кетсанг ундан наф тегар пайтда,
Унинг кўнгли қаттиқ оғрир албатта.
5740. Элиг кўп яхшиликлар қилди сенга,
Жавоб бермоқ керак эмасми унга.
5741. Токи эл-юрт олқишлаб мақтасинлар,
Вафодор деб яхши ном тарқатсинлар.
5742. Не дер тингла одамларнинг эзгуси,
Одамийлик эрур одам белгиси.
5743. Одамийлик қил, эй мард, ҳимматли бўл,
Одамийликка шундай тутилади йўл.
5744. Одам бўл одамга, одамийлик қил,
Инсонлик номини сифат айлагил.
5745. Элиг минглаб яхшилик қилди сенга,
Жавобан яхшилик тайёрла унга.
5746. Оқибатли эрур инсон яхшиси,
Халқнинг асири у, сара, яхшиси.
5747. Мурғак бола эдинг, билимсиз нодон,
Бахтга эриштирди, бўлдинг билимдон.
5748. Энди жону танинг унга фидо қил,
Тун-кун тинма юмушларин адо қил.
5749. Яхшилиги учун сен қил яхшилик,
Худо бергайсенга ҳам, бил, яхшилик.
5750. Одамийликни билган меҳрибон эр,
Кўнглин яқин тутиб, эшит нима дер:
5751. Биров ошин есанг қилгин ишини,
Меҳр ортади ҳалол есанг ошини.
5752. Нон-туз ҳақини оқлаб еган киши,
У кишига фидо этсин бошини.
5753. Орзуйинг ушалса, хуш ниятли бўл,
Яхшилик қил унга, манфаатли бўл.
5754. Шоҳи либос кийдинг, беҳад ярашди,
Ҳасадгўйлар кўриб, кўзи қамашди.
5755. Энди сен элигга келтир яхши от,
Душман кўриб куйсин, бўйнин эгсин ёт.
5756. Туман орзу, неъмат топиб, шон қучдинг,
Молдек бўйин тўлғаб, васвасга учдинг.
5757. Бор кучинг сарф этгин элиг ишига,
Дуолар кўпайсин узун ёшингга.
5758. Дунё молин йиғдинг ҳамда бўлдинг бой,
Йўрға арғумоқ миндинг ҳамда този той.

5759. Ишлатгин буларни, хонга фидо қил,
Орзуси ушалсин, юзин ёруғ қил.
5760. Элиг роҳатланиб, тахтига чиқсин,
Ҳаним азоб чекиб, пойини ўпсин.
5761. Тилинг бийрон қилди, қўлингни узун,
Дўсту душман сендан олмайди кўзин.
5762. Яхши дуони кўп қил, эй қариндош,
Давлат сеники бўлди, узун бўлсин ёш.
5763. Асил киши қилгай шундай эзгулик,
Бу дунёда номи қолгай мангулик.
5764. Жуда яхши айтмиш арабнинг тили,
Киши аслин билишнинг очмиш йўлин:
5765. Киши аслига феъл-атвори нишон,
Феъли қандай бўлса, ўзи шу, ишон.
5766. Ким асли яхшидир, феъли мулойим,
Йўл-йўриқ кўрсатиб, қайтар, бер билим.
5767. Элиг турар бор эзгулик бошида,
Уларни тарк этиб, турма ташида.
5768. Кенгаш қилдинг ўзинг ишониб менга,
Билганим барини сўзладим сенга.
5769. Менинг айтганиму ўзинг билмишинг,
Таққослаб ўйлаб кўр, юришгай ишинг.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

5770. Ўгдулмиш севиниб айтди: Қариндош,
Шундай бўлмоғи шарт кўпчиликка бош.
5771. Кўп яхши гапларни айтдинг сен бугун,
Ечилди кўнгилни ғаш этган тугун.
5772. Тилсим эди бу гап менга шу палла,
Барин ойдин этдинг, очилди парда.
5773. Энди тарк айладим бу орзу, тилак,
Ҳақнинг ўзи бўлсин таянчу тиргак.
5774. Эгам асраб, кўнглимни тўғри қилсин,
Ниятим, феълимни тўғри қилсин.
5775. Дуо бирла мадад, ёрдам қил менга,
Унутма, бор гапим аёндир сенга.

……………

5776. Сўзини тугатиб оёққа турди,
Хўшлашиб отланди, уйига юрди.
5777. Уйга келиб, бир оз дамини олди,
Таом еди, ичди, хаёлга толди.

5778. Фалак тул тўнин кийди, боғлаб белин,
Юзини яширди, ёйиб кокилин.
5779. Қуёш ёйди чоғи ўрилган сочин,
Сувсар, кундуз тус олди дунё ичи.
5780. Ўринга кирди-ю, уйқу элитди,
Ширин уйқу фароғатга ғарқ этди.
5781. Уйғониб атрофга назар ташлади,
Ҳаво вақти хуш қиз каби яшнади.
5782. Уфқ қизил алвон тусини олди,
Олам эса оққуш тусини олди.
5783. Ўгдулмиш тез туриб олди таҳорат,
Оллоҳга чин дилдан қилди ибодат.
5784. Саройга йўл олди отини миниб,
Элиг қошига кирди, фикри тиниб.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

5785. Ўдғурмиш аҳволини сўради элиг,
Тинч эканми, деди у билка билиг.
5786. Не деди, эсларми мени дуода,
Дуо – паноҳ, бало келса Худодан.
5787. Дуо бирла инсон эзгулик топар,
Дуо бирла жаннат – мангулик топар.
5788. Эзгу дуо бўлмаса гар оламда,
Ер ютарди ҳеч ким қолмай оламда.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

5789. Жавобан Ўгдулмиш бу сўзни айтди,
Билим билан боғлаб, тўғри сўз айтди.
5790. Қардошим бу кун унда ёлғиз ўтар,
Эзилиб дуода бизни ёд этар.
5791. Айтгин, биздан гумроҳ банда ким бўлар,
Биз гуноҳ қилармиз, у дуо қилар.
5792. Бу кун у элигга меҳрибон, ҳамдам,
Тилидан дуони қўймагай бир дам.
5793. Ундан меҳрибонроқ бизга ким бўлар,
Ўз ташвишин қўйиб, бизга қайғурар.
5794. Биздан ғофилроқ зот бормикин, элиг,
Вақт увол, тоатга тегмайди илик.
5795. Бу тан ўлгай охир, егай қурт, илон,
Ўкинчдан бошқаси йўқ чиқарда жон.
5796. Доно сўзин эшит, ўгит ундадир,
Бу сўзга амал қил, кони фойдадир:

5797. Семирган вужудни ейди қурт, илон,
Қувонма, сен бунда ўткинчи меҳмон.
5798. Тириклик туш каби ўтару кетар,
Унга гувоҳбўлиб кунларинг йитар.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

5799. Жавоб бериб элиг айтди: Эй оқил,
Ўзни асраб, тутмоқликни баён қил.
5800. Сендан меҳрибонроқ киши йўқ менга,
Буткул умид боғлаб, ишондим сенга.
5801. Уй ичра қамалиб ётурман, ғофил,
Ишим ташқарида, эй илми комил.
5802. Кўз, қулоғим ўзинг, сен тинглаб, кузат,
Неки нобоп эрса, сен дарров тузат.
5803. Мендан лозим бўлса, не кўмак, ёрдам,
Айт, тадбир-чорасин излайин ҳар дам.
5804. Ходим аҳил бўлсин бир-бири била,
Мени сарсон қилма, тинчимни тила.
5805. Қўлини тийиб юрсин халқдан золим,
Золим, ёмон ўлсин, қолсин олим.
5806. Халқ бадавлат бўлиб, яшнасин элим,
Унинг шукрин айтсин тинмасдан тилим.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

5807. Эй бег, дея Ўгдулмиш берди жавоб,
Худо тавфиқ берсин, эй олийжаноб.
5808. Тилагим шу эди, керагим ҳам шул,
Очиб берсин Тангри менга тўғри йўл.
5809. Бахтиёр яшасин элиг, беташвиш,
Менга бўлсин бош оғриқ, юмуш.
5810. Сенга фидо қилдим ўзимни тўлиқ,
Фароғатда яша йўлбошчи, улуғ.
5811. Сендан битта ҳожатим бор, эй оқил,
Хурсандчилик билан уни раво қил.
5812. Билурсанки, бег кимни тутса яқин,
Ғийбат қилишади унинг бор-йўғин.
5813. Нечоғли яхши кўрма мени ўзинг,
Чақимчи чақса гар буришар юзинг.
5814. Жасур бир баҳодир тингла не демиш,
Панду насиҳатни билиб сўзламиш:
5815. Қалб турса бузилар бир парча эт, бил,
Авайла уни сен ва эҳтиёт қил.

5816. Бўлса ҳамки киши тингламас ғийбат,
Чақимчига қулоқ солади албат.
5817. Бег қанчалик зийрак бўлмасин асли,
Чақимчи яқин бўлса, уради касри.
5818. Кўнгил – бег, тану жон унга қул, асир,
Бир гапдан дил совуб, биридан исир.
5819. Киши табиати ёғидир тўрт хил,
Бир кулдирар, бири ғавғочи, бил.
5820. Бири ҳовлиқма, бири босиқ, сокин,
Бири кулса, бири йиғлоқи, локин.
5821. Шодликка етганда алам келтирар,
Мусибат етганда шодон кулдирар.
5822. Шундан қўрқаманки, эй элиг қути,
Қопмаса эди деб чақимчи итинг.
5823. Юрагинг сиқилиб, бурарсан юзинг,
Хизмат зое кетар, ўзгарсанг ўзинг.
5824. Илтимос, ўтинчим шу эрур сендан,
Кимки ғийбат қилса, сир тутма мендан.
5825. Сўраб-суриштиргин миридан-сирин,
Аниқлагач, чора кўришга урин.
5826. Кимки чақса, сўзларига қулоқ сол,
Рост, ёлғонин суриштириб, билиб ол.
5827. Бу хусусда яхши айтмиш ўтганлар,
Сўзин тингла, лек ишонма, деганлар.
5828. Ушбу сўз айтилмиш бундан-да яхши,
Эзгу зот, унга амал қилган яхши:
5829. Ҳамма сўзни тингла, керагини ол,
Кераксиз сўз бўлса, ташлагин дарҳол.
5830. Сўзни эшит, суриштир ёлғон, чинин,
Ёлғонни жазола, қабул эт чинин.
5831. Ёлғончилар билан бузилар олам,
Тўғриларни дўст тут, дасти зўр одам.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

5832. Эй оқил, деб элигдан жавоб бўлди,
Ҳожату тилагинг тенг раво бўлди.
5833. Одамийликни берди қодир Эгам,
Тўғри қилди номинг, тилу феълинг ҳам.
5834. Сендан қачон ёмонлик содир бўлган,
Эзгу феълу атвор сут билан кирган.
5835. Бирон одам ғийбат қилса гар сени,
Душман деб билурман ўзимга уни.
5836. Қачон гапирсалар озми ёки кўп,
Тоқат-ла сўзларин тинглайман хўп.
5837. Нечук бўлгай юртнинг боши бегумон,
Фарқ этмаса, ким яхши-ю, ким ёмон.
5838. Тўғри бўлмас уни элга бош деса,
Тўғри-ю, эгрига фаҳми етмаса.
5839. Қачон даврон сургай у жоҳил, кожбахт,
Синалган кишини синаса ҳар вақт.
5840. Нечук топгай орзу, қонунни ҳаким,
Рост, ёлғонни ажратолмаса доим.
5841. Сен менга атойи Худосан бу кун,
Сен билан ечилди бор чигал, тугун.
5842. Содиқ хизмат қилдинг бўлиб сен яқин,
Астойдил оқладинг нону туз ҳақин.
5843. Менга сарф этилган ҳаётинг учун,
Керак яхши жавоб бермоғим бу кун.
5844. Одамлар яхшиси эшит нима дер,
Тоғрилик-ла элда шуҳрат топган эр:
5845. Одамлар яхшиси кўпчиликка бош,
Оқибат қилувчи муносиб йўлдош.
5846. Одамийликка лойиқ қил оқибат,
Одам аталади қилса оқибат.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

5847. Жавоб бериб Ўгдулмиш айтди: Элиг,
Роҳат топсин, элга едирсин илик.
5848. Икки олам роҳатини берсин Эгам,
Орзу, умидлари ушалсин ҳар дам.
5849. Фалак унинг майли билан эврилсин,
Даврон орзулари билан йўғрилсин.
5850. Эй оқ кўнгил, ишончли, феъли мулойим,
Омон бўл, эсон юр, бахтли бўл доим.
5851. Сендан кўрдим фақат яхшилик, элиг,
Иззат-икром, кийгилигу егулик.
5852. Хизматга белимни маҳкам боғладим,
Худо менга тавфиқ берсин, эй олим.
5853. Бахтли элиг, деди Ўгдулмиш яна,
Яхши номинг элга ёйилди, мана.
5854. Яхши ном тилагин, Худо берди қут,
Бахтга эришдингми, дилни эзгу тут.
5855. Бег бўлайин деса оламга машҳур,
Тўрт нарсадан баҳра олмоғи зарур:
5856. Бири сўзи тўғри, ишончли бўлсин,
Бири, яхши қонун ижро этилсин.
5857. Учинчиси, очиқ қўл, сахий бўлсин,
Меҳр шафқатини эл-улус кўрсин.
5858. Тўртинчи, жасоратли, боир бўлсин,
Душман бўйнин эгдирсин, абжир бўлсин.
5859. Қайси бег буларни этмаса адо,
Элга раҳна тушиб, юрт бўлгай адо.
5860. Бегликнинг асоси, илдизи шудир,
Яхши бегнинг йўл-йўриқ, изи шудир.
5861. Бу йўриқни бузма, юргин шу йўлдан,
Олдингилар юрган оғишмай ундан.
5862. Қайси бег воз кечиб, бошқа йўл тутар,
Боридан айрилар, беглигин бузар.
5863. Эй элиг эъзозла уч турфа кишин,
Баён айлай, уқиб ол, қўйиб зеҳин.
5864. Бири- мерган, шерюрак, мард, баҳодир,
Қилич бирла элга наф келтирадир.
5865. Иккинчиси, доно, элга бош киши,
Йўл-йўриқ кўрсатиб, ўнглар эл ишин.
5866. Учинчиси – зийрак саркотиб бўлар,
Кирим, чиқимни билса, ғазна тўлар.
5867. Айри тут буларни, юксак қадрла,
Ишига мос эҳсон бериб, тақдирла.
5868. Изга тушиб, ривож топар ишларинг,
Элинг ортиб, кенгаяди ерларинг.
5869. Номинг яхши бўлгай, ўзинг шуҳратвор,
Олам аҳли юзинг кўрмоққа хумор.
5870. Одамлар доноси кўп яхши демиш,
Киши ўлгай, яхши ном ўлмас эмиш.
5871. Не бахтки яхши ном қозонса одам,
Номи абад қолгай ўлиб кетса ҳам.
5872. Яхши одам тирикдир ўлган билан,
Ер қаърида у чириб ётган билан.
5873. Тирикликмас яхши ном иста мудом,
Номинг яхши бўлса, яшарсан шодон.
5874. Тириклик нима, яхшилик нимадир,
Эй доно, билимдон, менга тушунтир.
5875. Тирикликнинг асли, бил, эзгуликдир,
Эзгуликка боқсанг у тирикликдир.
5876. Ким феъл-атвори яхши, у тирик,
Феъ-атвори ёмон ўлгандир тирик.
5877. Дунё ўтиб кетар, яхши хулқ боқий,
Яхши хулқ, эзгу йўл йитмагай, боқий.
5878. Бевафо бу дунё ўгирса юзин,
Эзгулик кунингга ярар, эй қўзи.
5879. Дунёга маҳлиё бўлма, эй элиг,
У вафо қилмайди, юритгин билиг.

5880. Ўйинга ўхшайди бу дунё иши,
Оёғин сўрасанг кўрсатар бошин.
5881. Ўйинга қўшилма, уддалаш оғир,
Гар қўшилсанг бўйин боғланар охир.
5882. Назар сол, китобда бу сўз битилмиш,
Хушёр бўл, унутма, яхши айтилмиш.
5883. Бу дунё ишин кўр, ўйиндир, ўйин,
Ўйинга қўшилма, не керак ўйин.
5884. Оллоҳ буйруғин қил, қил бандалигинг,
Гар қилмасанг муқаррар бандилигинг.
5885. Эй элиг, мана мен не билсам шуни,
Баён этдим сенга ичу тошини.
5886. Қабул эт, гар мақбул айласанг сўзим,
Ишонмасанг, шаксиз кўрарсан ўзинг.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

5887. Элиг айтди: Ҳақдан тавфиқ сўрарман,
Бу ишга астойдил кўнгил қўярман.
5888. Ҳақ истаса дариғ тутмас мададин,
Неки маҳфий ойдинлаштир ададин.
5889. Тириш, ҳамма ишга бўлгин кўз-қулоқ,
Ақлни соғ қил, кўзни зийрак, бўл уйғоқ.
5890. Кучинг етганин қил, ишонма менга,
Қолган ишда ёрдам берарман сенга.

……………..

5891. Сўзин бўлди элиг, ҳаёлга толди,
Ўгдулмиш ҳам туриб, уйга йўл олди.
5892. Отини йўрттириб, етди уйига,
Турфа-турфа фикрлар келди ўйига.
5893. Қоронғу кечада ухлаб дам олди,
Тонгда яна сарой томон йўл олди.
5894. Ўгдулмиш астойдил ишга киришди,
Ҳамма ишни бажаришга тиришди.
5895. Халқ топди фароғат, яшнади жаҳон,
Ҳаловатда элиг бўлди шодумон.
5896. Эли тўлди яхши сўзу дуога,
Номи ўчмас бўлди, шукур Худога.
5897. Одил қонун-қоида яхши эрур,
Беглик қонун-қоида билан турур.
5898. Шундай бўлса агар будун бошчиси,
Фароғатга эришгай элнинг барчаси.

5899. Халқ бўлса итоатгўй, ҳам феъли соз,
Бундан бегнинг куни бўлгай сарафроз.
5900. Бу беглар Худодан амри фармондир,
Бег яхши бўлса, халқ беармондир.
5901. Халқ ёмонлик қилса, бег ҳам ёмондир,
Ёмонга ёмонлик – ишлар вайрондир.
5902. Феълин тузатса халқ бег ҳам созлайди,
Бег феълин тузатса, эл тозалайди.

…………….

5903. Шу зайилда ўтди қанча вақт, кун, ой,
Олам кўрки ортиб, эл-юрт бўлди бой.
5904. Совуқ кўтарилди, ариди ғубор,
Ифлослик покланиб, тарқади ифор.
5905. Шукрона айтди бег Худога яна,
Ўқиди беадад у ҳамду сано.

ЕТМИШ ТЎРТИНЧИ БОБ
ЎДҒУРМИШНИНГ ХАСТАЛАНИБ ЎГДУЛМИШНИ
ЧАҚИРТИРГАНИ БАЁНИ

5906. Уйқуда ётганда ўгдулмиш бир кун,
Эшитилди сиртдан чақирган бир ун.
5907. Дарвоза тақиллаб чақирар биров,
Ходимин чиқарди Ўгдулмиш дарров.

ХИЗМАТЧИНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

5908. Хизматчи кириб айтди: бир киши турар,
Гапим бор кирай деб ижозат сўрар.

ЎГДУЛМИШНИНГ ХИЗМАТЧИГА САВОЛИ

5909. Яна айтди: билгин не экан сўзи,
Мақсади нимадир, ким экан ўзи?

ХИЗМАТЧИНИНГ ЧОПАРГА САВОЛИ

5910. У айтди: ўдғурмиш юборди мени,
Гапим бор, қариндошим кўрай, қани.

ХИЗМАТЧИНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

5911. Билиб кирди, айтди нима деганин,
Ўдғурмиш ундан хабар юборганин.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЧОПАРГА САВОЛИ

5912. Чопарга киришга ижозат берди,
Чопар салом бериб, ичкари кирди.
5913. Қандай келдинг, дея сўради ундан,
Эй доно, мақсадинг нимадир мендан?

ЧОПАРНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

5914. У айтди: Ўдғурмиш юборди мени,
Келсин деди, бир бор кўрмоқчи сени.
5915. Дарди оғир унинг, қийналиб ётур,
Кўнгли яқин, хабар олмоғинг зарур.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЧПАРГА ЖАВОБИ

5916. Ўгдулмиш айтдики: Не бўлди асти?
Ҳозир бирга боргум, айтавер ростин.

ЧОПАРНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

5917. Кўнмай айтди: Жигаринг ҳоли ёмон,
Эй доно, шошмасанг кўрмассан омон.
5918. Мен дарров кетаман қайтиб изимга,
Кўнгли тоза, кейин боргин изимдан.

………………

5919. Ҳуши учди Ўгдулмишнинг бошидан,
Хавотирга тушди қариндошидан.
5920. Севинчи йўқолиб, эзди бу ташвиш,
Бу ҳолдан гарангсиб қолди Ўгдулмиш.
5921. Ётиб кўрди, лекин келмади уйқй,
Тун йилдек чўзилди, улғайди қайғу.
5922. Кўзин юмиб кўрди, оғриди қароқ,
Кўнгил ғаш, уйқу кетди кўздан йироқ.
5923. Қаддин ростлаб яна хаёлга толди,
Тун оғиб, бу алам сарғиш ранг олди.
5924. Чаманзорда булбул хушҳол сайрайди,
Эшитиб ишқ аҳлин кўнгли яйради.

………………

5925. Отин миниб, қариндош томон шошди,
Юз-кўзин ўпиб унинг омонлашди.
5926. Чўзилиб ётар, олиб чуқур сўлиш,
Чакмони ёпинчиқ, енг эса болиш.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА САВОЛИ

5927. Деди: Эй қариндош, сенга не бўлди?
Ҳолинг кўриб, юрак-бағрим чок бўлди.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

5928. Айтди: Эй қариндош кўринар йўлим,
Ўлим дараги келди, битди куним.
5929. Сўнгги дамда юзинг кўрайин дебон,
Маўаққат чектириб чорладим бу ён.
ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

5930. Ўгдулмиш айтдики: Суюкли инсон,
Дардга чалинади ҳар бир тирик жон.
5931. Беҳуда сўзни қўй, кўнгилни бузма,
Дард гуноҳга каффорат, умид узма.
5932. Нима дер эшитгин билимдон олим,
Кўнгилни ғуборни аритар билим.
5933. Гуноҳга каффорат касаллик сенга,
Гуноҳсиз киши ким, айтгин-чи менга.
5934. Одам касалланса, гуноҳ тўкилар,
Гуноҳи тўкилса, киши пок бўлар.
5935. Одам борки, гуноҳ қилар кўпми, оз,
Дунёда гуноҳсиз киши йўқ, мумтоз.
5936. Касаллик тузалар, оёққа тургунг,
Гуноҳинг аригай, манфаат кўргунг.
5937. Не сабаб тилингдан чиқар ёмон сўз,
Ўлиминг сен қайдан билдинг, кўнгли туз.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

5938. Жавоб бериб Ўгдулмиш айтди: Сабаб,
Ўлимни тушимда аён қилди Раб.
5939. Тушимда бу нарсалар аён бўлди,
Эй баҳодир, ўлим намоён бўлди.
5940. Худо яхши, ёмон қазо ҳукмини,
Маълум қилар албат тушида уни.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

5941. Жавоб бериб Ўгдулмиш айтди: Бу сўз,
Кўп ҳам яхши эмас, аё кўнгли туз.
5942. Ўлаверса дардга чалинган одам,
Дунёда қолмасди жон асири ҳам.
5943. Дардга чалинади бор тирик одам,
Дард ҳаёт томирин кесмас сира ҳам.
5944. Ухлаган ҳар одам кўради тушни,
Яхшиликка йўймоқ керакдир тушни.

ЕТМИШ БЕШИНЧИ БОБ
ЎГДУЛМИШНИНГ ТУШНИ ТАЪБИР ҚИЛИШ
ҲАҚИДА ГАПИРГАНИ БАЁНИ

5945. Яхши билмоқ керак тушнинг илмини,
Пухта ўйлаб, таъбир қилгин сен уни.
5946. Билгин, туш таъбири турли-тумандир,
Илмин билмай таъбир айтмоқ гумондир.
5947. Тушингни билимсизга очиб айтма,
Билгувчидан сўра, тунда туш айтма.
5948. Кечадаги тушнинг таъбири бўлак,
Кундузги туш кечагидан бўлак.
5949. Эътибор бер, туш илмининг шарти кўп,
Буларни бил, ақлингни ишлатиб хўп.
5950. Тушингга ўзингча таъбир бермагин,
Ё уни ҳар кимга айтиб юрмагин.
5951. Таъбир қилаверма тушнинг ҳар бирин,
Эй олим, кўп тушнинг таъбири, сири.
5952. Туш ўгирма, ўгирсанг илм бирла қил,
Қиёслаб тушунгин, маъносини бил.
5953. Тушларни яхшиликка йўймоқ зарур,
Гар йўя билмаса, нафи йўқолур.
5954. Нима дейди билими денгиз, эшит,
Ёруғ қил юз, сўзни ишга тадбиқ эт.
5955. Туш ўгирсанг уни яхшиликка йўй,
Ақл бирла аввал аслин билиб қўй.
5956. Ёмонликка йўйма, йўйганинг бўлар,
Ёмонликка йўйсанг бил касри урар.
5957. Кўп тушларга егулик сабаб бўлгай,
Гар таом бадҳазм, тушлар ёмон бўлгай.
5958. Бир хил тушлар боғлиқ йилнинг фаслига,
Мижоз ўзгариши, зоти, аслига.
5959. Йилнинг фасли баҳор, ёш кичик бўлса,
Ҳамма нарса қизил, ерни қўнғир кўрса,
5960. Муқаррар унинг қони ошган бўлар,
Бир миқдор қон олдирмоқ лозим бўлар.
5961. Йил фасли ёз бўлса, йигит туш кўрса,
Арғувон, заъфарон, сариқ, ол кўрса,
5962. Ошгандир, эй доно, унинг сафроси,
Сурги билан таранжибил давоси.
5963. Куз келганда ўрта яшар туш кўрса,
Ўра, қудуқ, тоғ, қора нарса кўрса,
5964. Қариндош, савдоси кучайган бўлур,
Дори-ла миясин тозалаш зарур.

5965. Қиш фаслида қари киши туш кўрса,
Оқар сув, қор ё муз тушига кирса,
5966. Кучайган бўлади унинг балғами,
Иссиқлик нарсанинг бу дарднинг эми.
5967. Пойма-пой, бетартибдир баъзи бири,
Эй жасур, буларнинг йўқдир таъбири.
5968. Нени ўйлаб, шуни кўрса тушида,
Уни таъбир этмоқ эрур беҳуда.
5969. Яна бир туш борки, шайтоний бўлгай,
Бу тушни кўрганда ғусл лозим бўлгай.
5970. Тушда ўз ҳунарин кўргувчи кўпдир,
Бундай тушларнинг ҳам таъбири йўқдир.
5971. Бунинг барин ақлдан ўтказмоқ керак,
Ажратиб олгач, таъбир этмоқ керак.
5972. Нима дер эшитгин таъбирчи ҳаким,
Фикрини сўрасин гар туш кўрса ким.
5973. Билиб билмай тушга таъбир айтмагил,
Қандай таъбир берилса, бўлар шу хил.
5974. Тушда ташвиш тортса, хурсанд бўлади,
Шодликни кўрса гар қайғу келади.
5975. Бир хил бўлмас асло тушнинг таъбири,
Пухта ўйлаш керак унинг ҳар бирин.
5976. Авомнинг тушига таъбир бошқача,
Бегларнинг туши ҳам буткул бошқача.
5977. Тушда севинса гар, кўрса рақс, ўйин,
Қайғу, аламларнинг очилгай йўли
5978. Тушида ёш тўкиб, тортса у кулфат,
Шод бўлиб роҳатда яшагай албат.
5979. Шундай тушлар борки, диққат қил бунга,
Фойдаси бировга наф йўқдир сенга.
5980. Одамга қараб таъбир бўлар туш,
Арзига мос келар унга ақлу ҳуш.
5981. Туш шундайки, бег бўлар биров кўриб,
Бу тушдан биров хаста, касри уриб.
5982. Қариндош, булар барин билмоқ куерак,
Шундан сўнг тушга таъбир айтмоқ керак.
5983. Сен тушингни айтиб бер менга очиқ,
Таъбирин айтайин, маъносин очиб.

ЕТМИШ ОЛТИНЧИ БОБ
ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА ТУШ
КЎРГАНИНИ АЙТГАНИ БАЁНИ

5984. Ўдғурмиш айтди: Фикрим баён айлайин,
Гапларим сен дилингга жо айлагин.
5985. Нарвон кўрдим, поғоналари эллик,
У тиклаб қўйилган, баланд ҳам энли.
5986. Бир-бир босиб, юксакка ўрлаб чиқдим,
Поғонасин эринмай санаб чиқдим.
5987. Тепада бир қассоб сув тутди ширин,
Сипқориб ичдим мен англамай сирин.
5988. Шундан сўнг чарх уриб, мен кўкка учдим,
Кўздан ғойиб бўлдим, ҳавони қучдим.

ЕТМИШ ЕТТИНЧИ БОБ
ЎГДУЛМИШНИНГ БУ ТУШГА
ТАЪБИР БЕРГАНИ БАЁНИ

5989. Жавоб берди Ўгдулмиш: Бу ажиб тушдир,
Фойдаси кўп унинг, кўнгилга хушдир.
5990. Нечук ёмон таъбир берарсан унга,
Эй софдил, яхши таъбир жоиз унга.
5991. Тушда кўтарилиш эъзоздан нишон,
Юксалиш-ла улуғлик келар, ишон.
5992. Кўтарилса, давлат бўлгай зиёда,
Ҳурмату обрўйи ортар дунёда.
5993. Нарвонга чиққандек ортади қути,
Улуғ бўлиб элда ёйилгай оти.
5994. Бунга ушбу сўз айнан мос бўлибди,
Туш таъбирин яхшиликка йўйибди:
5995. Азизлик нишонаси тушда нарвон,
Ҳар бир поғонаси битта ҳурмат, шон.
5996. Қанча кўтарилса, шунча қадр топар,
Ададсиз мол-дунё, саодат топар.
5997. Яхшилик нишонаси сув ичганинг ҳам,
Ҳаётинг илдизи бўлгай мустаҳкам.
5998. Кўкка буткул кўтарилиб кетганинг,
Ҳақ ёрлақаб, орзуларга етганинг.

ЕТМИШ САККИЗИНЧИ БОБ
ЎДҒУРМИШНИНГ БУ ТУШГА
БОШҚАЧА ТАЪБИР БЕРГАНИ БАЁНИ

5999. Жавобан Ўдғурмиш айтди: Бу тушим,
Таъбири бундаймас, меҳрибон эшим.
6000. Бу тушни сен кўрсанг таъбири айни,
Сен айтгандек гўзал бўлар баайни.
6001. Ҳимматинг бу дунё учун бўлажак,
Бу дунё истовчи уни топажак.
6002. Дунёни тарк этиб, қочиб юрибман,
Машаққатлар чекиб, бунда турибман.
6003. Тўғри таъбир этмадинг тушни менга,
Қулоқ сол, таъбирин айтайин сенга.
6004. Баланд поғонали нарвон кўрганим,
Таъбирча, қариндош, тирик юрганим.
6005. Нарвон тепасига қадар чиққаним,
Ёшим яшаб, ризқимни еб битганим.
6006. Юксакка чиққанда қассоб сув тутди,
Сувин ичдим, ўзлигимни унутдим.
6007. У шундай қассобки, оталиларни,
Отасиз қилару эзар дилларни.
6008. У шундай қассобки, неки ободон,
Баърини бузади, қўймас тирик жон.
6009. Идишдаги сувни тугал ичишим,
Тирикликка йўйдинг, ўзайитдинг ёшим.
6010. Сув сен айтгандек тириклик эрур,
Гар ярмини ичса, ярим умр қолур.
6011. Сувнинг ярмин ичиб, қолсайди ярми,
Қолган бўлар эди ҳаётим ярми.
6012. Сувнинг баърин ичдим ва бўлдим хушҳол,
Тириклик тугади, жигар яхши қол.
6013. Эшит, заковатли доно не дегай,
Доноларнинг сўзи сўз мағзи бўлгай.
6014. Гар тушда у сувнинг ичилса ярми,
Билгинки, ҳаётинг тугади ярми.
6015. Идишдаги сув гар тугал ичилгай,
Тириклик тугайди, лаҳад қазилгай.
6016. Кўкка ўрлаб, самоларга учганим,
Аён рамздир, ҳаволарни қучганим.
6017. Қиндан чиқиб учиб кетди ширин жон,
Ўз жойига қайтиб келмас ҳеч қачон.
6018. Аён қилди қисматим тушда Эгам,
Қазога ҳозирлик керакдир бу дам.

6019. Бу тушнинг таъбири шундай, биларсан,
Лек уни бошқача таъбир қиларсан.
6020. Юпатмоқ бўларсан, кўнглим оларсан,
Ажвл етди, қандай чора топарсан.
6021. Эй хушёр, оламга назар солиб кўр,
Ўлимдан ер юзи сон-саноқсиз гўр.
6022. Қанча қаср, ўрда, безакли сарой,
Ўлим вайрон этди, аҳволига вой.
6023. Қанча жасур беглар ҳолин боқиб, бил,
Ўлим ерга тиқди, ўйлаб фикр қил.
6024. Не-не зўр билаклар этганини жам,
Нест-нобуд айлади шум ажал бирдан.
6025. Ўлим саодат эмас, инсон ўлар,
Барча тин олгувчи ўлувчи бўлар.
6026. Во ажаб, ўлувчи ўзлигин билмай,
Ўлимни унутиб, лоф урар тинмай.
6027. Ғофил инсон билса ҳамки ўлишин,
Сира тарк айламас ғафлат уйқусин.
6028. Ўлим ҳақ, йўқ эрур чора-тадбири,
Кўз юмилгач не кечади тақдирим?
6029. Эй ҳамдамим, фақат шудир ташвишим,
Ўлимдан сўнг ўнгланармикин Ҳақ ишим?
6030. Борига шукр қилиб, кечирдим куним,
Кўп машаққат тортдим, ёриди туним.
6031. Қўлни қисқа қилдим, мол-мулк термадим,
Ҳою-ҳавасларга кўнгил бермадим.
6032. Шу кунга бор юким қилганман мўлжал,
Гуноҳдан фориғ бўлмоқ етмай ажал.
6033. Нима дер эшитгин, билим беругвчи,
Жон койитиб, панд-насиҳат қилгувчи:
6034. Ғофил бўлма, тириш, енгиллат юкинг,
Қилдан ҳам нозикдир ўтар кўпригинг.
6035. Бугунги заҳматтан қўрқма, ўлмассан,
Кетар чоғи сира азоб кўрмассан.
6036. Яна айтди: Эй қариндош, кетарман,
Кетма-кет орқамдан бориб етарсан.
6037. Бир талай сўзим бор сенга айтайин,
Ёдда тут уларни сен мендан кейин.
6038. Тиригимда меҳр нишонаси бўлгай,
Ўлимдан сўнг сўзларим ёдгор қолгай.

ЕТМИШ ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ
ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА ПАНД-НАСИҲАТ
ҚИЛГАНИ БАЁНИ

6039. Сўзим шу қариндош, ғофил бўлмагин,
Ёмонликка умринг зое қилмагин.
6040. Йўқотма тўғри йўл, доим тўғри бўл,
Тилакка етказгай албат ушбу йўл.
6041. Барча тирик жонга кўрсат меҳр-шафқат,
Кўнгил, тилни туз қил, қилгин ибодат.
6042. Кам ташвиш қил, мудом ибодатда бўл,
Шошганда оғир, ғазабда сокин бўл.
6043. Ўлимни унутма, ҳозирликни қил,
Кимлигинг унутма, насл-насабинг бил.
6044. Дунёга суқ бўлма, афсус чекарсан,
Дунё қолар, сен ўкинчда кетарсан.
6045. Худо ҳукмига кўн, не келса кўтар,
Наф етказ халқингга имкони қадар.
6046. Чин сўзла, сўзинг тугал, бут бўлгай,
Ёлғончи кишилар тубан, пас бўлгай.
6047. Ширин сўз, хушхулқ бўл, чеҳранг очиқ тут,
Даврон кулиб боқар, келаверар қут.
6048. Хушфеълу саҳий бўл, нон-туз едиргин,
Биров айбин очма дарров яширгин.
6049. Ҳавасни бос, ғазабда ўзингни тий,
Нафсинг ҳаккалак отса, жиловлаб тий.
6050. Ўзинг эмас, юрт нафини кўзла сен,
Элга юкинг ортма, юкчи бўлгин сен.
6050. Мол-мулкинг барини элга ҳадя қил,
Эй доно, шу билан элни шодмон қил.
6051. Асил одам бировнинг кунига ярар,
Биров учун жонини фидо айлар.
6052. Беҳад яхши айтмиш кўп сара киши,
Ақлли, билимли, эс-ҳушли киши:
6053. Инсонлар сараси фойдали киши,
Одамлар улуғи меҳрибон киши.
6054. Инсонийлик икки фазлдан иборат,
Бири – меҳрибонлик, бири – саҳоват.
6055. Кўр, ақл-заковат айтар бундан-да хўп,
Ақл-заковат йўлин тутсанг нафи кўп.
6056. Сахий деб атарлар, кимдир у сахий,
Жон фидо айлаб, ўтар биров ҳақин.
6057. Сахийлик эмасдир улашмоқ кумуш,
Саховат эл-юртга жон фидо этиш.
6058. Сахий мулкин халққа оқизса сувдек,
Одамлар у томон оқади сувдек.
6059. Дунё шуҳрати икки нарса эрур,
Бри – мол-товар, бири – обрў эрур,
6060. Иккисин топиб, минг йил яшаса ҳам,
Аҳвол бўлак бўлар, ажал етган дам.
6061. Авом хизмат қилса, бег буюк бўлар,
Узангги борми, жилов маҳкам бўлар.
6062. Эл-юрт, давлат фойдаси шудир элиг,
Етиш маҳол, етганда қарийди бег.
6063. Ўзинг кўчувчисан, номинг ўчувчи,
Бир кун келади – ўлим, кўчиргувчи.
6064. Кўчувчи киши қурмас қасру сарой,
Юрувчи йўлда қолмас ўн икки ой.
6065. Ўзингни йўловчи билгин, қариндош,
Ортиқча қувонма, бекор керма қош.
6066. Бу дунё ўткинчи, боқий қолгусиз,
Ўлувчи эрур жон, куни белгисиз.
6067. Ўлимнинг чангали тайёр туражак,
Ғофил бўлсанг, шум қармоғи илажак.
6068. Бу дунё таомдир, сен еювчининг,
Номини айтақол, ҳолим йўқ менинг.
6069. Орзу кетидан қувма, ҳавасни тий,
Бировни ғийбат қилма, тилингни тий.
6070. Нима дейди қулоқ сол кўнгли хушёр,
Унга амал қилсанг, заҳмат бўлмас ёр.
6071. Орзуга берилмак кўп тотли эрур,
Эртага сўроғи кўп оғир эрур.
6072. Ширинга – бемаза, чучукка – аччиқ,
Ўрлашга тушиш бор, баланга ботик.
6073. Жилвакор сулувга ўхшайди дунё,
Эй хуснихулқ, авраб қўймасин рўё.
6074. Хароб қилди дунё сендек кўпларни,
Ўтказди элигдек талай бегларни.
6075. Кўз очиб, сизларга қўлин тутди, бил,
Эй хулқи покиза, бўлмагин ғофил.
6076. Нима берган бўлса, қайтиб олгай у,
Нима йиққан бўлса, қайтиб сочгай у.
6077. Қанча кулдирса-да, охир йиғлатар,
Қанча обод қилса, шунча қийратар.
6078. Феъли тубан, қилмиши жафо бутун,
Нури камдир, аксарияти тутун.
6079. Безаниб ўзини у кўз-кўз қилар,
Кўнгил берсанг, оёқ тираб ноз қилар.
6080. Шакар билан кутиб, сўнг бергай оғу,
Эй доно, бевафо бахтнинг феъли шу.
6081. Не дейди эшит тақводорлар боши,
Гапин уқ, эй соҳиби давлат киши:
6082. Қолгувчи дунёга сен берма кўнгил,
Эй вазмин атворли, жафокашдир ул.
6083. Ақл-заковатда тенги йўқ бир эр,
Яхши фикр айтмиш, тингла нима дер:
6084. Бевафо қутни деб йўлдан адашма,
Қут ишончсиз, йўриғингни алмашма.
6085. Бу дунё ва давлат мисли кўланка,
Бир ерда турмагай ҳеч вақт кўланка.
6086. Динингни қадрла, дунёни хор бил,
Эй илми дарё, дин қадрли қилар, бил.
6087. Роҳатга маст бўлма, севинма, ўйла,
Худони ёдда тут, тоатни кўзла.
6088. Давлат маст қилмасин сени қариндош,
Ҳушинг йиққач, шаксиз тўлар кўзга ёш.
6089. Юртга бош бўлган бег не дейди, тингла,
Ақлан синаб айтган сўзини англа:
6090. Кимни авраб маст қилса, давлат келиб,
Ер қаърида додлар юрак ёрилиб.
6091. Улуғликка маст бўлиб ҳаддан ошар,
У қора ер қаърида азоб тортар.
6092. Йигитлик, бойлик, қут мастлиги ёмон,
Шароб мастлигидан баттар бегумон.
6093. Ичувчи маст бўлса, ичимлик ичиб,
Ҳушёр тортар тургач, уйқиси ўчиб.
6094. Давлат маст қилса, киши хушёр тортмас,
Ажал етмагунча уйғона олмас.
6095. Номинг қул бўлди, қилма беглар ишин,
Оллоҳ қуллигин қил, эй яхши киши.
6096. Тириклик кунлари бил кўпга бормас,
Улуғлик шавкати узоққа бормас.
6097. Минга кирса ҳамки, инсон ўлгувчи,
Уланган тан-жон бари узилгувчи.
6098. Бунга монанд келар, эшит ушбу сўз,
Дилингга жо этгин, терс ўгирма юз.
6099. Барча орзу тилакка етсанг-да гар,
Тириклик сувин топиб ичсанг агар.
6100. Қўл сунуб осмонни тутсанг агарда,
Бош кўкка етса-да, юргайсан ерда.
6101. Сенга тўғри гапни айтай, қариндош,
Нени яширайин, эй дили туташ.
6102. Нечук суймас инсон дунё молларин,
Бу неъмат, гўзал юз ноз-ишвалари.
6103. Фароғат, неъматдан кечганим ҳамон,
Эшигини ёпди вафосиз жаҳон.
6104. Ҳақдан инсонни йироқ этгай дунё,
Эзгу ишдан қайтариб тургай дунё.
6105. Шунинг-чун ундан кечар доно ом,
Заҳмат чекиб югурар, кезар олам.
6106. Қай бири тоғда юрар, унгур уйи,
Емиш – илдиз, ичиши ёмғир суви.
6107. Қайси бири чўлларда сарсон кезар,
Ҳақ қўрқинчи билан надомат чекар.
6108. Бири жулдир кийган, букирдир хароб,
Бири олам кезар, кўз ёши селоб.
6109. Бири овқат емай ўзин қийнайди,
Бири тик оёқда, кўзин юммайди.
6110. Шу зайил юрарлар уйғонган киши,
Биз ғафлатга ботган – ғофиллар боши.
6111. Ўзингни асрагин энди, қариндош,
Дунё сеникидир, унга ўзинг бош.
6112. Нафс бўйнини уз, ҳою-ҳавасга бос,
Ақлу ҳуш, мардликнинг нишонаси шу, бас.
6113. Иккиси-ла ўзин йўқатар инсон,
Буларга ким асир, куяр хонумон.
6114. Паймонам тўлгандир, вақти ўлгулик,
Сенинг йўлинг шу, қилгин эзгулик.
6115. Ёмонга қўшилма, феълинг яхши қил,
Ёмон икки оламда балода, бил.
6116. Не дер эшит, кўнглини тийган киши,
Ўлимдан олдин ишини қилган киши:
6117. Ёмонликка жаҳдли буғро туядек,
Ёмон бўлгин, ёмон оши оғдек.
6118. Аё йўриғи кўп будун ўктами,
Боқ, ўлим бузгайдир тириклик томин.
6119. Аё мен дегувчи, бас қилгин мени,
Ўлимга ҳозирлан, у истар сени.
6120. Эй бахл, кўзи оч, дунёнинг қули,
Ўлим кўзин тиккан тутгани қўлинг.
6121. Эй қариндош, афсус билан кетарман,
Икки ҳолдан қаттиқ ташвиш чекарман.
6122. Бири – тоат-ибодат тўхтаб қолар,
Иккинчиси – Ҳақ ёди тилдан қолар.
6123. Бугун ёки эрта юмилса кўзим,
Дуога ҳожандманд бўлурман ўзим.
6124. Дуода унутма мени қариндош,
Орқамдан келувчи сен ҳам бир издош.
6125. Аҳволимга боққин, ундан ибрат ол,
Нажот топгин, ўлим келмасдан аввал.
6126. Қазо етди, афсус билан кетарман,
Ҳозирлик кўр, сен изимдан етарсан.
6127. Сендан айриларман дилда ғам билан,
Қачон топишгайман мен Эгам билан.
6128. Нима дейди эшит, ўлувчи киши,
Сўнгги дамда бошин урувчи киши:
6129. Кўз ёшим шаш қатор, шафқатсиз ўлим,
Ширинни бемаза қилар бу ўлим.
6130. Икки йўл бор эрур, тутганда ўлим,
Қай бири бўлар, билмам, менинг йўлим.
6131. Яна айтди: Қариндош менга қара,
Ҳасратимда қилмагин кўнглинг яра.
6132. Мендан кейин йиғлама, кўнглинг бузма,
Ўзинг бос, фикр эт, дуойинг узма.
6133. Йиғи-сиғи қилма, сабрли бўл ўзинг,
Худонинг амри бу, бас қилгин сўзинг.
6134. Изингга қайт энди, тез уйингга бор,
Қайғу, ҳасрат чекиб, кўнглинг қилма тор.
6135. Зарур гапларимни баён айладим,
Унутма уларни, дилга жойлагин.
6136. Элигга етказгин сен мендан салом,
Эй доно, бу сўнгги салом, вассалом.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ

6137. Сени ташлаб кетсам, дейди Ўгдулмиш,
Бўлмайдими ахир тубан, уят иш.
6138. Ёлғизликда қийнар сени оғир дард,
Зоти пок, ёнингда лозим бир ҳамдард.

ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

6139. Яна айтди Ўдғурмиш: Ташвиш қилма,
Кетавер, сен менинг ғамимни ема.
6140. Ҳақ ёди овутар, тасалли бериб,
Ишларим ўнглагай, аҳволим кўриб.
6141. Кимни Эгам азиз қилса, улуғлаб,
Омад бергай ҳамма ишини ўнглаб.
6142. Беҳад яхши айтмиш тўғри сўз киши,
Кўп ишларни кўрган тийрак кўз киши:

6143. Худс кимни қўллаб, берса иноят,
Икки дунё обод, топар саодат.
6144. Худо фазлин топган, топар бахт-иқбол,
Топар икки дунё, соз бўлар аҳвол.
6145. Кимни хор айласа, агарда Ҳолиқ,
Хоҳ ит, хоҳ бўри, танг бўлар ҳоли.
6146. Сўзин бўлиб айтди у: Эй қариндош,
Энди кет, омон бўл, сира тўкма ёш.

………………

6147. Ўгдулмиш қучоқлаб ўпди жигарин,
Ўксиниб йиғлади, эзиб жигарин.
6148. У ғордан ўпкасин босолмай чиқди,
От миниб, ноилож у йўлга чиқди.
6149. Уйига етди у ғамнок, бечора,
Шодлиги йўқолди, дил ғамдан пора.
6150. Нечоғли заифдир, кўр инсон ҳолин,
Севинч оз, ташвишдан забун аҳволи.
6151. Тилгига етса, севинч қувнатар,
Қайғу келса агар алам йиғлатар.
6152. Суйганини топса, севинса кулиб,
Айрилиқ они қолар маъюс бўлиб.
6153. Гоҳо овунтирар висол шодлиги,
Гоҳо йиғлатади фироқ отлиги.
6154. Фироқдан қаттиқроқ нима бор бирон,
Фироқ қайғулари денгиздан теран.
6155. Тирик айрилсалар яна топишар,
Қидириб, излашиб, қайта қовушар.
6156. Ўлим барчасидан қаттиқроқ фироқ,
Ўлимга чора йўқ, йўқ тадбир, яроқ.
6157. Ҳар нарса фироқи яқин ё йироқ,
Ўлимнинг фироқи йироқ бир фироқ.
6158. Бунга монанд бу байтни албат ўқи,
Ўқисанг очилгай мағзининг тўқи:
6159. Ўлим барчасидан қаттиқроқ фироқ,
Ёш тўкар фирофни кўрувчи қароқ.
6160. Васл умиди бор, тирик етса фироқ,
Ўлган висолидан умид йўқ бироқ.

………………

6161. Еб-ичиб Ўгдулмиш дам олди бир оз,
Тахоратин олиб, ўқиди намоз.

6162. Қуёш уфқдан оғиб, яширда юзин,
Қора осмон излади унинг изин.
6163. Ўринга кирди-ю, тинчиб ётмади,
Қайғу, алам билан мижжа қоқмади.
6164. Ташқарига чиқди, кўздан тўкиб ёш,
Осмон юзи бўлган гўёки ҳабаш.
6165. Уйга кириб, яна ётди бир муддат,
Юраги хун, дарди ортди беадад.
6166. Ўзин пастга олди ой – Румий қизи,
Янада қорайди осмоннинг юзи.
6167. Уйқу келмай кўзин самога тикди,
Ҳулкар оғиб қолди, демак тун битди.
6168. Кўзин кўкдан узмай хўрсинди узун,
Зулмат қуюқлашди, адо бўлмас тун.
6169. Шу зайилда ётиб, кўзлари толди,
Эзилган аҳволда у ухлаб қолди.
6170. Шарқдан ёниб чиқди Муштарий лов-лов,
Ёғининг ўтидек ёнар у олов.
6171. Бошини кўтарди Етти қароқчи,
Йилдириқ, Айғир куйига оғмоқчи.
6172. Эрантиз бошини эгди ер тамон,
Қуёш илк нурини сочди шу замон.
6173. Ювиниб, намозни адо этди у,
Оллоҳга ҳамд-сано, шукр айтди у.
6174. Олтин тусин олди ҳудудсиз олам,
Ёноғи қизарди дунёнинг шу дам.
6175. Отин миниб, дарров йўлга тушди у,
Элиг ҳузурига елдек учди у.
6176. Илдам юриб, ичкарига шошди у,
Таклиф кутиб, ўзин зўрға босди у.
6177. Элиг ҳайрон бўлди унга бир қараб,
Кўнгли чўккан эди, аҳволи хароб.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

6178. Элиг айтди: Ҳолинг нечук, айт қани,
Эй сабри, аламнок кўрдим сени.
6179. Не ташвиш ортилди бошингга бу кун,
Ғам нишонин кўрдим, манглайинг тугун.
6180. Нечук қизил юзинг сўлиб, сарғайди,
Нега дунё сени баргдек сарғайтди?
6181. Ҳали ўгирмади сендан қут юзин,
Вафосиз бахт, дунё ўйнатар кўзин.
6182. Фалак чарх уради раъйингча сенинг,
Ою кун, вақт туғар майлингча сенинг.
6183. Сира сиолганим йўқ мен қошу қовоқ,
Бағрим очиқ, ўзим тутарман қувноқ.
6184. Сенга ким етказ бунчалар алам,
Дардинг айт, аҳволинг баён эт, болам.
6185. Бу қандай ғам-ташвиш соати эрур,
Феъли собит, ростин билмоғим зарур.
6186. Бошингга машаққат, ғам тушса сенинг,
Айтгин, ҳалдоватим бўлгайми менинг?

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

6187. Ўгдулмиш арз этди дилда борини,
Қариндошин дарди ва аҳволини.
6188. Ҳузурига бориб нелар кўрганин,
Айтди қандай панду ўгит берганин.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

6189. Элиг кўнгли бузилиб, оқди ёши,
Деди: Аттанг, эди кўп яхши киши.
6190. Тангри нисор этсин унинг жонини,
Қуритмасин асло қайноқ қонини.
6191. Яна айтди: Ҳозир аҳволи нечук?
Ташлаб келмоққа кўнглинг кўнди нечук?
6192. Ҳоли не кечади ахир қаровсиз?
Ким хабар олади, бўлса у ёлғиз?
6193. Сабр этмадинг нечун бошида туриб?
Кимга ташлаб келдинг, шу ҳолда кўриб?

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

6194. Айтдим, дея жавоб берди Ўгдулмиш,
Кўп ўтиндим, эй илми дарё бўлмиш.
6195. Мени қайтарди у, қулоқ солмади,
Ялиниб-ёлбордим, гапим ёқмади.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

6196. Элиг айтди: Тангри асрасин уни,
Дардга шифо бериб, турғизсин уни.
6197. Ким агар Оллоҳга боғласа кўнгил,
Уни хор айламас Эгам, эй ўғил.
6198. Қай бир қул ҳаммадан ўгирса юзин,
Яратган Ҳолиққа топширса ўзин,

6199. Шубҳасиз асрагай қудратли Баёт,
Тилакка етказгай, топар яхши от.
6200. Бу сўзга қулоқ сол, мос келар унга,
Дилингга жо айла, амал қил унга.
6201. Ҳаққа сиғин, ҳамма нарсадан қўл уз,
Тил, кўнгилни пок тут, феълингни қил туз.
6202. Худо бергусидир барча тилагинг,
Шайтонга ўт очгин, Ҳақни тилагин.
6203. Элиг яна айтди: Эй Ўгдулмиш, бас,
Ғам-ғуссага чўмиб юргулик эмас.
6204. У тақво тимсоли, яхшидир ўзи,
Ўлса ёрлақагай Эгамнинг ўзи.
6205. Эй доно, бизга ҳам навбат етади,
Не топдик оламда бари йитади.
6206. Афсус, биз умрни зое қилибмиз,
Нафс ёмон, нафсга қул ақлу дилимиз.
6207. Ўтган кунларимиз бугун бўлди туш,
Нечук кечганига гувоҳ тенгу туш.
6208. Зое қилмаслик керак бу қолган умр,
Ҳою-ҳавасга дил бермаслик зарур.
6209. Не тадбир қилмагин жон охир ўлар,
Ўлимдан сўнг минг бир пушаймон бўлар.
6210. Бундан буён нафсинг этмасин сеҳр,
Элнинг дардин тинглаб, кўрсатгин меҳр.
6211. Қутқармоққа интил ўзингу мени,
Ажрига кўрсатгай роҳат йўлини.
6212. Эшитгин нима дер феъли мулойим,
Эгам қулларига меҳрибон доим.
6213. Яхшиликка гар ким яхшилик қилгай,
Кўзинг оч, Ҳақ унга ажрини бергай.
6214. Ёмонлик қилса ким ўзига қилар,
Ёмонлик жавоби ёмонлик бўлар.
6215. Ёмонлик истасанг майли қил уни,
Жавоби қақшатар,билиб қўй шуни.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

6216. Ўгдулмиш айтдики: Эй доно элиг,
Ўгит бер бизларга, ўргатгин билиг.
6217. Шунда одил қонун бўлгай ҳукмрон,
Оллоҳ ёрлақагай беглигинг ҳар он.
6218. Бахт қучиб яшасин узоқ ҳоқоним,
Фидо бўлсин унга бу тану жоним.
6219. Ўлувчига фақат яхши ном бўлгай,
Парвардигор бу номни боқий қилгай.
6220. Ўлим пусиб келар, ғафлатда ётма,
Ўткинчи дунё-ла ўзинг овутма.
6221. Яхши сўзлар айтмиш билимдон тили,
Шу янглиғ бўлажак тақводор тили.
6222. Яширин туради кўринмас ажал,
Маҳв бўлар қулф урган умид бемаҳал.
6223. Қаро ер бўлади яхшию-ёмон,
Қазо етиб, куни битса бегумон.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

6225. Элиг айтди: Ҳақ берса менга тавфиқ,
Ҳукм ижро этай шунга мувофиқ.

………………

6226. Сўзин бўлиб элиг ҳаёлга толди,
Ўгдулмиш ташқари томон йўл олди.
6227. Ўгдулмишнинг кўнгли зимистон бўлди,
Ғам-ташвишда юрак-бағри қон бўлди.
6228. Қариндош ғамида адо бўлди у,
Куйиб, ўзлигидан жудо бўлди у.
6229. Жони кўп ачиди қариндошига,
Боришга аҳд қилди унинг қошига.
6230. Элиг ҳузурига бориб юкинди,
Элиг унинг ҳолин кўриб ўкинди.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

6231. Ўтинди у: Жигарим ёнига борай,
Ижозат бер, ҳолидан хабар олай.
6232. Ёлғиз ҳоли не кечди экан билай,
Тирик бўлса агар ҳолини сўрай.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

6233. Элиг айтди: борсанг кўп яхши бўлар,
Яқинлик, оқибат зиёда бўлар.
6234. Тезроқ бор, мен учун ҳам ҳол сўра,
Дардига шифо топ, кўнглига қара.

………………

6235. Ҳўш, дебон уйига шошди Ўгдулмиш,
Ҳозироқ лозимдир тоғ томон юриш.
6236. Тамадди қилди-ю, отин тутди у,
Қариндоши томон елдек учди у.
6237. Яқин келгач тоқаа пиёда юрди,
Эшик тақиллатиб, ижозат сўрди.

САКСОНИНЧИ БОБ
ҚУМОРУНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЎДҒУРМИШНИНГ
ВАФОТ ЭТГАНИНИ АЙТГАНИ БАЁНИ

6238. Овоз берди дарров Қумору (5) чиқиб,
Салом берди, кўзларидан ёш оқиб.
6239. Яқин келиб деди: Бағринг тиғлама,
Худо сабр берсин, асло йиғлама.
6240. Қариндошинг кетди дунёни ташлаб,
Ўзингни қийнама кўзингни ёшлаб.
6241. Оҳ уриб айлама жонингни ҳалак,
Ўлимга чора йўқ сабрдан бўлак.
6242. Туғилган ўлажак, кетар ширин жон,
На бег, на қул, расул қолмас ҳеч қачон.
6243. Биз учун ҳам ўлим тайёр буни уқ,
Ўлимга бир тадбир, яроғ, чора йўқ.

5. Қумору – васият, мерос. Бу ерда Ўгдулмишнинг хизматкори

6244. Ўгдулмиш оҳ урди, ёши шашқатор,
Бағрини тиғлади, бўлиб беқарор.

САКСОН БИРИНЧИ БОБ
ҚУМОРУНИНГ ЎГДУЛМИШГА ТАЪЗИЯ
БИЛДИРГАНИ БАЁНИ

6245. Қумору тўхтатди, очма деб аза,
Ҳақ ҳукмига бўлгин чин дилдан ризо.
6246. Ҳаммага ўлимнинг келар пайти бор,
У кетди, сен ҳам бўл қазога тайёр.
6247. Нега оҳ-воҳ қилиб, ўзинг қийнайсан,
Ранж чеккан мазлумдек тинмай йиғлайсан.
6248. Тангри ато этган эди ширин жон,
Қайтариб олди у бу руҳи равон.
6248. Қайтариб келмоқнинг йўқдир имкони,
Биз ҳам албат топширармиз бу жонни.
6249. Зиёрат қил қариндошинг қабрини,
Таскин топиб, оширарсан сабрингни.

САКСОН ИККИНЧИ БОБ
ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА МОТАМ
ТУТГАНИ БАЁНИ

6250. Бориб кўрди қориндоши қабрини,
Дуо бирла кўздан тўкди абрини.
6251. Эй жигарим, бир бор боқсанг нетгайди,
Ҳасратларим бари ариб кетгайди.
6252. Васлингга етмоққа бор эди умид,
Во дариғ, шум ажал қилди ноумид.
6253. Энди нечук ҳаловат топгай жоним,
Аламдан ўртангай руҳи равоним.
6254. Ҳаёт деганлари туш каби рўё,
Туну кун ҳақингга қилгайман дуо.
/ Матн тушиб қолган /

САКСОН УЧИНЧИ БОБ
ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ТАЪЗИЯ
БИЛДИРГАНИ БАЁНИ

6255. Бу хабарни билиб дарров келди хон,
Астойдил ўкинди, кўзлари гирён.
6256. Элиг айтди: Ўзинг бос, йиғиб ол ақл,
Энди ёдлар ҳақига дуолар қил.
6257. Худо ёрлақасин бу Ўдғурмишни,
Авф этсин энди гуноҳ – қилмишини.
6258. Ғамингни аритсин, кўрма ёмонлик,
Қувонч барсин, дўзохдан топ омонлик.
6259. Тамбалаб эшик, тарки дунё этма,
Гунг бўлиб, элу юртдан нари кетма.
6259. Бу янглиғ феъл-атвор сенга ярашмас,
Эс-ҳушли одамсан, йўлдан адашма.
6260. Биров зулм қилдими, ястини айтгин,
Ранжитдими биров, шаштингдан қайтма.
6261. Оллоҳнинг ҳукми шу-этгандир қазо,
Қазога рози бўл, очмагин аза.
6262. Кўз ёши не учун, оҳ урмоқ бекор,
Бу ёмон қилиқдан воз кечмоқ даркор.
6263. Юксалган пасаяр, туғилган ўлар,
Берилган олинар, тинади юрар.
6264. Қариндош ўлими сенга бўлсин панд,
Сабр қилсанг топиб савоб, ерсан қанд.
6265. Ўлим – ибрат, билса тирик қолгувчи,
Бу сабоқдир, қани ибрат олгувчи.
6266. Ўлим падини тингла, ҳолимга боқ,
Қазо етди, сенга ҳам келар, эвоҳ.
6267. Бунга монанд бу байтни тинмай ёд эт,
Маъносин уқиб ол, дилингга жо эт:
6268. Сендан аввал ўтган оламда минглар,
Ҳолига боқ дея насиҳат қилар.
6269. Вақтимни чоғ этиб юрдим ғафлатда,
Қазо етди, кетдим, қолма ғафлатда.
6270. Ўгдулмишдан такрор сўради элиг,
Қандай ўлганин айт, лозим билгулик.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

6271. Баён этди неки кўриб, билганин,
Ўдғурмиш нени насиҳат қилганин.
6272. Раква (6) билан асо бор-йўқ эсдалик,
Олдига қўйди у кўрсин деб элиг.

6. Раква – ювинишда ишлатиладиган мешга ўхшаган чарм идиш

6273. Қариндошим менга қолдиргани шу,
Дунёда орттирган бисотидир бу.
6274. Ният қилиб элиг бирини олгай,
Бахт келтиргай, кунига яраб қолгай.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

6275. Қўл узатиб, асони олди элиг,
Бахт келтирсин, деди ушбу эсдалик.
6276. Раквани сен олгин, соғинсанг уни,
Унга боқиб, кўргандек бўл юзини.
6277. Ўгдулмиш қўл суниб, раквани олди,
Юраги эзилиб, кўзга ёш олди.
6278. Элиг айтди: Яхши ибратдир бу кун,
Ўйлаб кўрса, ақли бор оқил учун.
6279. У ажиб яшади, қолди бу олам,
Эй дили пок, ортиб қолди бизга ҳам.
6280. Эшит, нима дейди хулқи мулойим,
Ишга ақл бирла қўл ургувчи доим:
6281. Бу дунё нарсаси ҳеч ортиб қолмас,
Қанча оз бўлмасин ҳеч етмай қолмас.
6282. Қусури минг, фазилати бир олам,
Тақдирда неки бор, кўникар одам.
6283. Ўлгандан сўнг молу дунё не ҳожат,
Топганлар қувонар, ўлган беҳожат.
6284. Қариндошинг тарк этди дунё молини,
Юпун кийиб, еди арпа нонини.
6285. Шу зайилда яшади, ўлиб қолмади,
Текинхўрларга ҳеч вақо қолмади.
6286. Туну кун жаҳд қилди, ариди ташвиш,
Писанд қилмади у не заҳмат, юмуш.
6287. Тадбирин кўрди у, қутилди бу кун,
Ҳолимиз не кечар, бу жумбоқ, тугун.

………………

6288. Панд берди элиг яхши сўзлар билан,
Эзгулик истади чин дили билан.
6289. Қасрига йўл олди у гапин бўлиб,
Уйига кирди у ҳасратга тўлиб.

………………

6290. Бир неча кун Ўгдулмиш очди аза,
Қайғу аламлардан юраги зада.
6291. Аста-секин унутилди бу алам,
Завқ-шавқдан қайта қулф урди қалби ҳам.

6292. Яхши айтмиш эл-юртни бошлар киши,
Билим бирла эл ишин ишлар киши:
6293. Қайғу сени қанча этмасин асир,
Қанча йиғламасин кўз кулар ахир.
6294. Дунёнинг йўриғи шу кўпдан буён,
Вақт ўтган сайин ортар яхши-ёмон.
6295. Ўгдулмиш қайғусин унутди тамом,
Хизматин эттирди қайтадан давом.
6296. Харислик билан у киришда ишга,
Туну кун банд бўлди фақат юмушга.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

6298. Элиг Ўгдулмишни чақирди холи,
Сўради юрт ишин, халқнинг аҳволин.
6299. Деди: Халқ аҳволи, юрт иши нечук?
Эл биздан розими, кун ўтар нечук?
6300. Менга кўз-қулоқсан, юртнинг жилови,
Қўлингдадир, топгин ҳар иш қаловин.
6301. Салтанатдан четлаб, чекдинг ғам-алам,
Ишларинг тузукми, руҳингми бардам.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

6302. Ўгдулмиш айтдики: Эй ғамхўр ҳоқон,
Элнинг кайфи яхши, дуода ҳар он.
/ матн тушиб қолган/
6303. Кони зарар сўз, кўз, нафс, шаҳват ўти,
Булар эрур ибодатнинг офати.
6304. Кимки нафсин тийса, камроқ сўзласа,
Ёмонларни ўздан нари қувласа.
6305. Орзу-ҳавасга бўлолса эга,
Ғазаб они ҳукми ўтса ўзига.
6306. Шу эрур билимдон, шу эрур оқил,
Оқил, тамкиб инсон сифатли, бил.
6307. Жон озиғи оқилларнинг сўзлари,
Тўғри, ҳақгўй бўлар улар ўзлари.
6308. Ёмонларга тутмас ўзни яқин,
Кераксизга боқмас, сақлагай ҳақин.
ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

6309. Элиг айтди6 Беҳад гўзал сўзладинг,
Фойдалидир ҳам самимий сўзларинг.
/ матн тушиб қолган/

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

/ матн тушиб қолган/
6310. Балойи нафс жафокор, густоҳ эрур,
Зулмга зулм қилиб, ўзни тиймоқ зарур.
6311. Киши нафсин суйса, яхшилик қилиб,
Жавоб қайтарар монлик қилиб.
6312. Жуда яхши айтмиш киши сараси,
Бу сўз эрур жафокор нафс чораси:
6313. Кимга вафо қилсанг, жафога шай бўл,
Жафокор зулмини қилар, тайёр бўл.
6314. Кимни яқин тутсанг, доим ҳушёр бўл,
Қақшатгай ёмонлик билан сени ул.
6315. Бу учининг семизи ёмон эрур,
Бири – ит, бири – қуш, бири – нафс эрур.
6316. Измингга солишни истасанг оч қўй,
Бўйнин эгиб, йўлга кирар, чўзмас бўйин.
6317. Тўқ бўлса қуш агар ҳеч дон изламас,
Ит семириб кетса, овни овламас.
6318. Нор туядек қутирар, гар қонса нафс,
Яхшиликни ташлаб, қочади абас.
6319. Қушинг ов қилмаса, бир ўрдак зарар,
Итинг ов қилмаса, бир сувсар кетар.
6320. Нафсинг хуруж қилса – бўйни йўғондир,
Ўтга ташлр сени, қисмат фиғондир.
6321. Тинч яшайди фақир, ҳеч вақоси йўқ,
Борига шукр қилар, ўтар кўнгли тўқ.
6322. Қорин ошга тўйиб, гар энгил битар,
Юмушин бажарар, ибодат этар.
6323. Бу давлат, улуғлик, иқбол кишини,
Такаббур қилади, бузар ишини.
6324. Ғурур йироқ айлар Худодан қулни,
Оқиллар тутмас сира бундай йўлни.
6325. Фақир қолмас дунёда, бой ҳам ўлар,
Оқ кафанга ўралиб, қора ер бўлар.
6326. Фақир ўлса қутулар, меҳнат битар,
Бой ўлса мол қолар, ғам олиб кетар.
6327. Бунга мос келар бу сўз, ўйла, фикр эт,
Сен ундан фойда ол, дилга зикр эт:
6328. Эй неъмат соҳиби, меҳтанинг – ўлим,
Эй неъмат соҳиби, неъматинг – ўлим.
6329. Фақир ўлса қутилар, тугайди азоб,
Бой ўлса бошланар азобли ҳисоб.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

6330. Элиг айтди: Кўпдир бу дунё ичи,
Илону чаёнга тўла дегувчи.
6331. Емиши жуда оз, заҳарлари кўп,
Мақтарли иши оз, нуқсонлари кўп.
6332. Оқил қўли қисқа, олар нарса йўқ,
Олимлар оч юрар, туз-намаги йўқ.
6333. Нодонларга жаннат эрур бу жаҳон,
Муҳтожлик нелигин билмас ҳеч қачон.
6334. Оқилга бу дунё тиконзор, тошлоқ,
Жароҳат бўлади гар босса оёқ.
6335. Донога бу дунё бамисли зиндон,
Қорни нонга тўймай ўтар билимдон.
6336. Бор-йўғидан кечиб зоғид бўлди у,
Тақво йўлин тутди, обид бўлди у.
6337. Биз дунё домига тушган фақирмиз,
Эгам раҳмэтмаса, ҳоли ҳақирмиз.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

6338. Гапларинг ҳақ эрур, деди Ўгдулмиш,
Ҳар жиҳат ақлга мувофиқ келмиш.
6339. Дунё ҳаракати феълига монанд,
Гўёки б тўймас аждарҳо монанд.
6340. Ўзи семиртириб, асрайди ўзи,
Силласин қуритиб, гўштин ер ўзи.
6341. Бу ишларга боқиб, ҳайратинг ошар,
Англаёлмай дунёни ақлинг шошар.
6342. Билмай гуноҳ қилди Одаму Ҳавво,
Нораво бўлди ул жаннатул маъво.
6343. Шундан буён кечди талай асрлар,
Келиб кетди талай не бег, не эрлар.
6344. Бири олим яралди, мард ўлғон,
Бири тик қоядек мағруру нодон.
6345. Бири ақл соҳиби, тенгсиз донишдир,
Бири телба, нодон, иши койишдир.
6346. Туғилди қанча расул, омил даъватчи,
Ҳақ ҳукми-ла чин йўлга ҳидоятчи.

6347. Бири оз яшади, бири кўп узун,
Бири жонин тикиб, уқтирди сўзин.
6348. Қай шаккок иблисдек Ҳаққа тош отди,
Дунёнинг разолат лойига ботди.
6349. Бу байтни ўқигин, мағзини чаққин,
Ўзингни тузатгин, ҳолингга боққин.
6350. Хоҳ олим бўл, хоҳ яша талай замон,
Хоҳ даврон сур бўлиб сен соҳибқирон.
6351. Барибир ўларсан, қора ер макон,
Қазо етганида чеккунг пушаймон.
6352. Не-не билимдону бетимсол доно,
Боқий қолмадилар, топдилар фано.
6353. Гўё яшамаган дунёга келиб,
Қора ер қаърида ётарлар чириб.
6354. Бу оламда турли инсон битди, кўр,
Совуқ тупроқ бирин қўймай ютди, кўр.
6355. Муҳташам сарою қасрдан кетиб,
Тупроқда ётарлар маҳшарни кутиб.
6356. Уйқудами, уйғоқ, бутми жон, тани,
Ҳоллари не кечар, билувчи қани?
6357. Бу кун муҳтож улар бир эзгуликка,
Чоғлари келмагай еб-ичгуликка.
6358. Ғамгин бўлиб тинмай андуҳ чекарлар,
Бир илинжи – биздан дуо кутарлар.
6359. Худо ато этди бизга бу кунни,
Уволдир беҳуда отказсак уни.
6360. Тавфиқ берсин бизга меҳрибон Эгам,
Барча эзгуликни айласин ҳамдам.

………………

6361. Элигнинг шаънига айтди кўп олқиш,
Мадҳ этди, узоқ умр тилаб Ўгдулмиш.
6362. Наслу насабингга етмасин завол,
Сенсиз қолса олам бўлади увол.
6363. Орзуларинг бўл недан иборат,
Тангри ёрлақасин қилиб ҳидоят.
6364. Яна қандай тилак бўлса етказсин,
Эгам муродингни тўлиқ битказсин.
6365. Узоқ умр кўргин сен шоду хуррам,
Фароғатда яша бўлиб мукаррам.
6366. Сек киши ўлса, юртга мусибат,
Қаро ерда чириса, ғусса албат.
6367. Начора, шундай эрур дунё иши,
Ҳақ шундай тартиб берган, беглар боши.
6368. Сендайлар ўзи кетса, номи ўлмас,
Қилган эзгулиги ҳеч адобўлмас.
6369. Бевақт кетсанг ёки яшасанг узун,
Эзгу номинг, барибир, бўлгай фузун.
6370. Дўстларинг кўпайсин, орттириб меҳринг,
Душманинг маҳв бўлсин, кенгайсин еринг.

………………

6371. Туриб ер ўпди у, тугатди сўзин,
Отин миниб, уй томон бди юзин.
6372. Еб-ичди-ю, бирдан чарчоқ билинди,
Ўринга чўзилиб, кўзи илинди.
6373. Барвақт туриб яна киришди ишга,
Буюрди, кузатди, овунди иш-ла.
6374. Кўнгил, тилин, феъл-атворин тузатди,
Эгрини туз йўлга солиб, кузатди.
6375. Дунё обод бўлди, ортти меҳр-вафо,
Иқболга ёр бўлди эл, битди жафо.
6376. Яхши ўтиб кетгай, йўқолмас оти,
Номи тилдан тушмас, ибрат ҳаёти.

………………

6377. Ўйлаб кўргин энди, бу янглиғ киши,
Одамми, фариштага ўхшар иши.
6378. Шундай пок зотлар эди бурунгилар,
Ким деб аталади, айт, бурунгилар.
6379. Эй доно, биз инсон аталсак шаксиз,
У зотлар фаришта эрур шубҳасиз.
6380. Уларнинг феъл-атвори ҳамда сўзин,
Билмоқ керак нақ саодатнинг ўзи.
6381. Уқувли уқади, билимли билар,
Инсон ўлар, бу дунё ундан қолар.
6382. Умринг ғанимат бил, зое бўлмагай,
Тоат қил, бундан ортиқ наф бўлмагай.
6383. Олдинглар ўтди, қайтиб келмагай,
Бундан ортиқ панд-насиҳат бўлмагай.
6384. Бари қолар – қаср, сарой, ўрда, ошён.
Нечук бундан ибрат олмайди инсон.
6385. Қанча ўрда, қанча метин истеҳком,
Ўлим бузиб, қилди ер билан яксон.
6386. Қанча шаҳар, қишлоқ, қанча боғ-бўстон,
Ўлим вайрон этди, қилиб шип-шийдон.

6387. Қаср, ўрда, саройлар сенга қолажак,
Фикр эт, шунинг ўзи ўгит бўлажак.
6388. Беҳисоб лашкаринг соҳиби қани?
Ер остин макон этди, битгач куни.
6389. Қани, элим оз деб очкўзлик қилган?
Қайга кетди бугун кўп элни олган?
6390. Қани биров мулкин кўзлаган ёвқур?
Икки қулоч ерда тинчгина ётур.
6391. Қани у мусулмон қонин тўккувчи?
Нечук ерга кирди, ишлатмас кучин?
6392. Барчани ранжитган фосиқ, дилозор,
Тупроққа тенг бўлиб ётибди ночор.
6393. Дунёни талашган қани зўравон,
Дунё жойидадир, у бўлди вайрон.
6394. Қани дунё мол-мулкин йиққан очкўз,
Олиб кетди фақат икки парча бўз.
6395. Қани ҳудудсиз ер истаган киши,
Икки газ ер етди, тугади иши.
6396. Дунёнинг аҳволи шу янглиғ эрур,
Пухта таҳлил этиб, англамоқ зарур.
6397. Роҳати – машаққат, шодликлари – ғам,
Қадрлаши – хорлик, овунчи – алам.
6398. Бошингга не келса, чида, зорланма,
Роҳатинг заҳмати бордир, орланма.
6399. Сен эй, машаққатга сабр қилгувчи,
Қулоқ сол, нима дер таълим бергувчи:
6400. Эй неъмат соҳиби, шукр қил, егил,
Эй меҳнат соҳиби, сабр қил, эгил.
6401. Меҳнат неъмат бўлар, агар сабр қилсанг,
Неъмат ортиқ бўлар, агар шукр қилсанг.
6402. Бу кунги давронга, доно, назар сол,
Йўл-йўриқ ўзгарди, ўзгача аҳвол.
6403. Билимли хор бўлди, ўзин тутгайлар,
Донолар лол бўлди, сўзин ютгайлар.
6404. Эл-юртда кўпайди ярамас киши,
Ювош озор чекди, хам бўлди боши.
6405. Юз ювишни билмайдиган бенамоз,
Мард-ботир аталди, топиб имтиёз.
6406. Фасод тарқатувчи аталди асил,
Май ичмас покдомон аталди бахил.
6407. Номозхон, рўзадор, тақволи киши,
Мунофиқ аталди, эй юртнинг боши.
6408. Ҳаром авжга чиқди, ҳалол топталди,
Ҳаромхўрлар дилин моғор қоплади.

6409. Ҳалол номи қолди, асли ўзи йўқ,
Ҳаром қароқчи бўлди, тиювчи йўқ.
6410. Қани у ҳаромни ҳаром дегувчи,
Ҳаромдан воз кечиб, ҳалол егувчи.
6411. Ҳақиқий тақводор киши ким, қани?
Қиёматда тақво қўллагай уни.
6412. Ҳаром бирла беҳад қорайди кўнгил,
Ҳалолни қаердан топарсан, ўғил.
6413. Бунга монанд келди, эшитгин бу сўз,
Яхшилаб уқиб ол, аё кўнгли туз.
6414. Ҳаром бирла кўнглим бўлди қора, кир,
Билимга амал қилмадим юздан бир.
6415. Тан-жон бўйин бермас, ҳавога асир,
Тоатга тоқат йўқ, очақолай сир.
6416. Олам тарзи мутлоқ бўлак бўлди, кўр,
Одам кўнгли тилдан бўлак бўлди, кўр.
6417. Вафо битди, жафо авж олди чунон,
Йўқ ишониб, таянгудек бир инсон.
6418. Жигарлар оқибатдан воз кечдилар,
Дўстлар садоқатни тарк этдилар.
6419. Кичикда одоб йўқ, каттада билим,
Қўполлар кўп эрур, йўқдир мулойим.
6420. Яқинлик бўлди, бас, фақат пул учун,
Иш қилгувчи қани фақат Ҳақ учун.
6421. Омонат номи бор, тутгувчи қани?
Насиҳат сўзи бор, қилгувчи қани?
6422. Амри маърифқилгувчи киши қани?
Наҳий мункар этгувчи киши қани
6423. Савдогар омонат васфин тарк этди,
Ҳунарманд панд-ўгит нафин тарк этди.
6424. Тўғри айта олмас билимли сўзин,
Аёлда ҳаё йўқ, яширмас юзин.
6425. Тўғрилик йўлдоши, келди эгрилик,
Оламда қолмади бирон Тангрили.
6426. Бари олам пулнинг қули бўлдилар,
Кимда кумуш бўлса, бўйин эгдилар.
6427. Жамоат кўп эди, масжид эса оз,
Энди масжид кўпу жамаотлар оз.
6428. Нима дер эшитгин тақводор киши,
Буни дилга жо эт, яхшилар боши.
6429. Қани у, тўғрилик қилгувчи, қани?
Ҳақ учун дўст бўлиб юргувчи қани?
6430. Афсус, ялписига бузилди олам,
Йўқ бундан ҳайратга тушгувчи одам.

6431. Мусулмон ёвлашиб, гўштин ейишар,
Кофирлар хотиржам даврон суришар.
6432. Талон-тарож бўлди мусулмон моли,
Ким бор ҳалол-ҳаромни ажратгали.
6433. Тунлар ухлатмас фисқ-фужур сурони,
Овози чиқмайди илму Қуръоннинг.
6434. Тиллар беҳад юмшоқ, диллар тош қотди,
Тўғрилик йўқолди, зулматга ботди.
6435. Оталик қилади отага ўғил,
Ўғил ҳоким бўлди, ота эса қул.
6436. Очкўзлик кўпайди, ғам-ташвиш бисёр,
Шодлик завол топди, ҳаёт тангу тор.
6437. Фақир, тул, етимни қўллагувчи йўқ,
Олам ўзгарди, ҳайрон бўлгувчи йўқ.
6438. Беҳад яхши айтмиш доно, илми кенг,
Дунёни кўп кўрган, саҳий, феъли кенг.
6439. Замон охирлашди, қонун бузилди,
Ёмонларни кўриб, яхши бузилди.
6440. Билимдон англайди, оқил тушунгай,
Ой-кун ўтган сайин олам бузилгай.
6441. Ўғил-қиз унутди ота ҳурматин,
Сўкишга айланди кексанинг оти.
6442. Қонунлар бузилди, қадри қолмади,
Оқ билан қоранинг фарқи қолмади.
6443. Бу бари қиёмат нишони эрур,
Нишони кўринган кун албат келур.
6444. Қодир Эгам имонимиз сақласин,
Бало-қазо, қитналардан сақласин.

………………

6445. Тугатдим тўрт олтмиш иккинчи йил,
Қалб қори-ла жило бердим, ўқиб бил.
6446. Чоғим етгунча сўзим битдим мен,
Эй ўқувчим, зора ҳисса олсанг сен.
6447. Қандай бўлмоқ керак йўиинг, йўлинг,
Фикрим айтдим, пухтала асос – улинг.
6448. Бу диннинг йўлидир ҳам дунё йўли,
Бу йўлдан оғишма, йўқотма йўлинг.
6449. Дунёни тиласанг унинг йўли шу,
Охират истасанг унинг изми шу.
6450. Бажо эт қуллигинг, Худо бергай куч,
Бир йўл танла, ниятингни қилма уч.
6451. Эй тангрим, шарҳ этдим дилдаги сўзим,
Мақсадим нелигин биларсан ўзинг.
6452. Ният шуҳрат эмас, топмоқ яхши от,
Биров ғамин едим, хоҳ ўз, хоҳи ёт.
6453. Китобхон ўқиса мени ёд этгай,
Умидим, ҳақимга у дуо этгай.
6454. Тилагим шу эди, умид шу фақат,
Ўқувчим дуода ёд этса албат.
6455. Тилим баён этди ва ёзди қўлим,
Тилу қўлимга ҳам етади ўлим.
6456. Тил, қўлнинг нишони шу китоб эрур,
Уни сенга ҳадя этдим, эй мағрур.
6457. Унутма мени сен тирик китобхон,
Дунёдан кетиб мен тупроқ қучган он.

………………

6458. Сен мангу беҳожат, улуғ Эгамсан,
Авф этиб, қулингнинг ғамин егайсан.
6459. Ҳақ йўлдан адашган гумроҳ ўзимман,
Гуноҳим кечиргин, Эгам ўзинг сан.
6460. Сен Эгамсан, мен қулинг, қул оти қул,
Эгамсан, фозилсан, менга эга бўл.
6461. Ожиз қулман, сен хожасан, эй ғафур,
Ўзинг қўлла, гуноҳларим эт афу.
6462. Жумла мўминларни ўзинг ёрлақа,
Шарқдан Ғарбгача барини алқа.
6463. Тубанман, тубандан келади паслик,
Раҳмдилсан, кеч гуноҳим қилмай сустлик.
6464. Ифордан ифор тарқаб, этгай сархуш,
Палиддан ҳид келар бадбўй ва нохуш.
6465. Умидим ўзингсан, ёлғиз қувончим,
Умидим узмасман сендан таянчим.
6466. Гуноҳкор қулингман, қилмишим жафо,
Вафодор Эгамсан, қил менга вафо.
6467. Эй Эгам, жафодан келади жафо,
Вафонинг оқбати фақат вафо.
6468. Ёрлақагин жумла мўминни Эгам,
Кўп қатори афу айла мени ҳам.
6469. Саломимни етказ улуғ элчига,
Ҳақ йўлга бошловчи доно йўлчига.
6470. Чоҳар ларига мендан кўп салом,
Етказгин Худойим мендан бардавом.

САКСОН ТЎРТИНЧИ БОБ
ЁШЛИККА АЧИНИБ, ҚАРИЛИК ҲАҚИДА
АЙТГАНЛАРИ

6471. Сузувчи булутдек йигитлик ўтди,
Ўткинчи ел каби тириклик битди.
6472. Эсиз йигитлигим, ўт-олов ёшлик,
Тутиб қололмадим, кетдинг бебошлик.
6473. Ёшлигим кошки яна қайтиб келгай,
Эъзозлай мен уни, шоҳига буркай.
6474. Ёшлигим қайларга кетди, билмадим,
Дарагин топмадим, тинмай изладим.
6475. Жоннинг роҳатидир ҳаёт лаззати,
Ёшликдек ҳеч нарса йўқдир лаззатли.
6476. Мурғаклик лаззатин, ёшлик роҳатин,
Керак пайт йўқотдим умр фароғатин.
6477. Қаридим, ғоз тургандан манфаат йўқ,
Умрни зое этдим, энди нажот йўқ.
6478. Ўтган ёшлигимга куйгум, водариғ,
Бор кўркимдан айрилб бўлдим кариҳ.
6479. Қизил юзим эди мисли арғувон,
Унга уруғ сепди бугун заъфарон.
6480. Ифордек қора бошга кофур сочилди,
Тўлин ойдек юзга чакич санчилди.
6481. Баҳорий боғ эдим, гул тўла аҳсан,
Қуритди барини бу фасли хазон.
6482. Чинордек бўйим тўғри эди ўқдек,
Ёй каби эгилдим, мункайдим йўқдек.
6483. Ҳаётим беҳуда шод-хуррам ўтди,
Бугун-чи кўзларим қонли ёш тўкди.
6484. Сабийлик битди, ёшлигим йўқотдим,
Куним қаро бўлди, йўлим йўқотдим.
6485. Еб-ичиш бўлса, еб-ичдим мол каби,
Ҳаваснинг кетидан қувм ел каби.
6486. Орзу қуш овуга бўлдим маҳлиё,
Ёшлик ўтди, жилов узган той гўё.
6487. Дўстларимга бўлдим суюкли жондек,
Ғанимларни қўрқитдим найза – тикондек.
6488. Зулм ўтказдим қанча бегуноҳ жонга,
Тил, қўлим узун қилдим инсонга.
6489. Ёвни енгган мардлар каби кеккайдам,
Қоё тошдек мағрурона тиккайдим.
6490. Ғафлатда эканман мастдек, уйғондим,
Адашганим билиб Ҳақдан уялдим.

6491. Тоатни қўйиб инсонга юкиндим,
Ўзим ҳар ён уриб, тинмай югурдим.
6492. Орзу кетидан қувиб, ҳар ён чопдим,
Қутирган бўридек барчани қопдим.
6493. Инсонни банди қилиб, олдим пулин,
Зулм қилиб оғритдим кўпнинг дилин.
6494. Бунинг ҳисобини сўраса Эгам,
Уятдан тополмам бир баҳона ҳам.
6495. Бундан ортиқ телбалик бўлмас ҳайҳот,
Кунларга маҳлиё кечирдим ҳаёт.
6496. Севинч битгшанидек машаққат чекдим,
Ой, кунлар ўкинчда беҳуда ўтар.
6497. Фаразан ва Хисров, Қайсардек бўлдим,
Од ва Шамшоддек боғи Эрам қурдим.
6498. Искандардек жаҳонни олдим тўла,
Яшамадим Нуҳ умрин бира тўла.
6499. На чақмоқ қиличли ҳазрат Алиман,
На оламга машҳур Рустам валиман.
6500. На Исодек самоларга учдим мен,
Нуширавондек адолат тутдим мен.
6401. Ё Қорун мол-дунёсидек ганжим йўқ,
Ё Асҳоби Раъсидек темир шаҳрим йўқ.
6502. Ҳамон ерга қайтгач, буларни нетдим,
Дунё қолди, фақат бўз олиб кетдим.
6503. Ялонғоч келдим, ерга шундай киргум,
Нечун дунёга бунча кўнгил бергум.
6504. Ўткинчи дунё елдек ўтди-кетди,
Бу дунёга ўзимни асир этдим.
6505. Ҳаётда фойдали не юьуш этдим,
Эзгулик донини қайларга экдим.
6506. Нима эккан бўлсам шуни ўргумдир,
Нима ўрсам шу билан шод бўлгумдир.
6507. Ёшлик ўтди, етиб келди қарилик,
Не сўз айтдим, лозим тавба қилгулик.
6508. Узун тунлар ухламай ибодат қил,
Гуноҳкор бандасан, вақт ғанимат бил,
6509. Асраган танангни қурт, илон ейдир,
Бунча парвалишлаш боиси недир.
6510. Эй ғофил, хушёр торт, ғафлатдан уйғон,
Ибодатга шошил, елдек ўтар он.
6511. Кексалик келди-ю, йигитлик кетди,
Кетар йўл тайиндир, ҳаловат битди.
6512. Кўҳна дунё кўп авради одамни,
Қай бирин дей, мунча севдим оламни.

6513. Ё раб, ғофил эмас, хушёр қил мени,
Меҳринг дариғ тутма, пок эт дилимни.
6514. Гуноҳим кечгувчи ўзингсан фақат,
Мен дарров унутгум, сен қил марҳамат.

САКСОН БЕШИНЧИ БОБ
ЗАМОНА БУЗУҚЛИГИ ВА ДЎСТЛАР
ЖАФОКОРЛИГИ БАЁНИ

6515. Турайин, юрайин, олам кезайин,
Дунёда вафодор борми, излай мен.
6516. Одам қаҳат бўлди, чин инсон қайда,
Топиш мумкин бўлса, тинмай излай мен.
6517. Бор тилагим топдим, одам топмадим,
Агар топсам, юзларига боқай мен.
6518. Вафо қаҳат, дунё жафога тўлди,
Кимда вафо бўлса, озроқ сўрай мен.
6519. Агар топсам содиқ, саҳий одамни,
Бошимга кўтариб, кўзга сурай мен.
6520. Гар топмасам мен вафодор кишини,
Ёввойи кийик бирла умр сўрай мен.
6521. Илдиз ебон, ёмғир сувин ичайин,
Қумда ётиб, канопдан тўн кияй мен.
6522. Ваҳший бўлиб, даштлар аро югуриб,
Одамдан қочиб, оламдан кетай мен.
6523. Бу кам бўлса, дунёни буткул ташлаб,
Дарё каби оқай, элдек тўзай мен.
6524. Ғамга ботдим, вафосизларга учраб,
Ким вафодор бўлса, жонни тикай мен.
6525. Одам номи қолди, одамийлик йўқ,
Одамийлик қайда, излаб борай мен.
6526. Меҳрибон кимса йўқ, излаб топмадим,
Бемеҳрга қандай кўнгил берай мен.
6527. Кўздек яқин тутсам кимни ўзимга,
Шайтондек ёв бўлди, нима қилай мен.
6528. Кимни суйсам, жонимдан ортиқ билдим,
Ундан жафо кўрдим, кимни севай мен.
6529. Кўнгилни билмоққа сўзи кифоя,
Тил, дили бошқа, кимга ишонай мен.
6530. Мусибат они кимни ҳамроҳ қилай,
Кимга ишониб, кимни дўст тутай мен.
6531. Кимга кўнгил қўйиб, кимга дард айтай,
Ғамга ботдим, дардим кимга тўкай мен.
6532. Ёру биродарларга умид қолмади,
Жигарлар ётдек, нечук тил очай мен.
6533. Ишончу аминлик онт билан бўлса,
Қасамни тутгувчини мард атай мен.
6534. Нону туз ҳақини билгувчи борми,
Олтин, кумуш, гавҳарга ғарқ атай мен.

6535. Ғам-ташвишга шерик қўшнилар қани,
Бисотимда бор-йўғимни берай мен.
6536. Ишонса бўлгудек ёр-дўстдан ким бор,
Уни ҳукдор қилиб, қули бўлай мен.
6537. Чин инсон топмади, ҳасрат чекарми,
Аламлардан бездим, шодон кулай мен.
6538. Нечун айниди эл, одатин бузиб,
Қандай кунга қолдим, қайга кетай мен.
6538. Телба бўлдиммикин ё ақлдан оздим,
Неларни сўзладим, айтгин, уқай мен.
6539. Ё савдо зўрайиб, айниди миям,
Ё шундай туюлар, дори ичай мен.
6540. Ё менга дуч келди шундай кишилар,
Ё толеъим терс, фикримдан кечай мен.
6541. Вафодан лоф урган кишилар қани,
Вафо номи қолди олқиш айтай мен.
6542. Улар тузган низом, тартиби қани,
Агар мавжуд бўлса, қувнаб яйрай мен.
6543. Йўқ эрса айтсинлар қандай бўлишин,
Яхши тўрга чиқсин, пасни ҳайдай мен.
6544. Яхшилар ўтди, тартиб-йўсин битди,
Ёмон қолди, қайдан яхши топай мен.
6545. Бўйи борнинг бари инсон саналса,
Улар фариштамиди, не билай мен.
6546. Улар ўлди, булар билан қолдим мен,
Қандай юрай, қай бир ишга ярай мен.
6547. Қанча сўзламайин адо бўлмас сўз,
Сўзнинг ози яхши, энди нетай мен.
6548. Менга бундан ортиқ яхшилик йўқдир,
Юртни ташлаб, одамлардан қочай мен.
6549. Отим билмай ўзимни кўрмасинлар,
Излаб топмасинлар, сўз тугатай мен.
6550. Чаёндек чақарлар, чивиндек сўриб,
Итдек қопарлар, қай бирин урай мен.
6551. Зор йиғладим, паскашларга дуч келдим,
Афсус-надоматда қонлар ютгаймен.
6552. Жабру ситам менга келмасин тинмай,
Разил, паскашлардан сетроқ юрай мен.
6553. Илоҳо, Расулнинг васлин насиб эт,
Чоҳор юзларини кўрай мен.

САКСОН ОЛТИНЧИ БОБ
КИТОБ ЭГАСИ ЮСУФ ХОС ҲОЖИБНИНГ ЎЗИГА
НАСИҲАТ ҚИЛГАНИ БАЁНИ

6554. Билим ўрган, билим тўрдан жой берар,
Билим мустаҳкам қўрғон олам аро.
6555. Билимсиз қалб, тил нимага ҳам ярар,
Илм бирла сувдек эл кунига яра.
6556. Биламан деб илмдан йироқ бўлгайсан,
Нодон саналасан олимлар аро.
6557. Қанча билсанг ҳамки, ўрганувчи бўл,
Орзуйинг ушалгай, яна илм сўра.
6558. Билим ҳудуди ва туби йўқ денгиз,
Синчалак қанчалик сув ичиб – сўрар.
6559. Озроқ илминг билан бошинг айланар,
Билмас ўзингни ўзингдан эт йироқ.
6560. Билимли ёзилмас, ўй-фикрга ғарқдир,
Нодон доим шодмон, қаҳқаҳа урар.
6561. Дононинг ғами кўп, у нечук кулгай,
Билимсиз такадек ўйноқлаб юрар.
6562. Доно занжирбанддир, билимсиз озод,
Нодон кишанланса, кишанни узар.
6563. Билим истаб, маърифатга қўл чўздим,
Сўздан инжу тердим, фикрни тузар.
6564. Туркча сўзлар мисли ёввойи кийик,
Зўрға тутдим уни, шўх жавлон урар.
6565. Силаб эркалатдим, бўйин берди тез,
Шунда ҳам ҳуркиб, ўзин ҳар ён урар.
6566. Сўзни тутиб, орқасидан эргашдим,
Ифор каби атри анқиб, гуркирар.
6567. Тўғри сўз сўзладим, аччиғу дағал,
Ҳақ сўзни кўтарган униб, гуркирар.
6568. Ўқувчимга малол келмасин дея,
Узримни айтаман унга минг бора.
6569. Тўғри сўздан бошқа сўзни сўз дема,
Тўғри-ю, эгрининг фарқи оқ, қора.
6570. Битдим тўрт юз олтмиш иккинчи йилда,
Сўзим айтдим, жоним этиб садпора.
6571. Сўзим тамомладим ўн саккиз ойда,
Териб, сараладим, бўлдим овора.
6572. Ранго-ранг чечакдек атри уфурар,
Ҳар бир сўзга берлим жило-ю, оро.
6573. Бу сўзларни айтиб, тугалларди ким,
Булоқдек оқар тинмай олам аро.

6574. Эй Юсуф, керак сўзни сўзла рўй-рост,
Ёмон сўзни яшир, қилмиши қора.
6575. Сўзни кўп сўзладинг, таъми кетмасин,
Кўп сўздан инсонлар зерикиб борар.
6576. Дунё бевафодир, қилмиши жафо,
Эй оқил, ундан ўзинг тутгин айро.
6577. Дунёга сен беҳад меҳр қўйгайсан,
Тезроқ ундан кўнгил узиб, бўл айро.
6578. Дунёга ишонма, бўлмагин эмин,
Худога сиғингин қаттиқ ёлбора.
6579. Бевафо бу дунё кўпларни кўрди,
Не зотлар адашиб бўлди юз қора.
6580. Сенга тузоқ қўйди, безаниб, кулиб,
Алданиб меҳр қўйма унга бир бора.
6581. Даврон сурган не-не дунё беглари,
Ўлим тутгач, кетди йиғлаб ёлбора.
6582. Ёшлик зое кетди, эсиз кунларим,
Умр тугаб борар, юрак минг пора.
6583. Неча минг яшама, ўлим муқаррар,
Мол-дунёйинг қолар, бўлма овора.
6584. Умидим ўзингдан, асрагин Эгам,
Ғафлат уйқусидан уйғотиб, қара.
6585. Сендан қочиб, талай гуноҳлар қилдим,
Бугун сиғинарман сенга ёлбора.
6586. Нега ишонгансан бечора манман,
Нимага таянгансан била кўра.
6587. Йўриғу йўлингни тузатгин тезроқ,
Иккала оламда чиққайсан тўра.
6588. Шодликдан асар йўқ дунёда сира,
Ўз ҳолимга қўймас бу дунё, қара.
6589. Тилу нафсингни тий, ортиқ ухлама,
Кўзинг юм, қулоқ ёп, роҳатда юр-а.
6590. Ё Раб, мўминларни ўзинг ёрлақа,
Яшасин қувониб, раҳматинг аро.
6591. Расулга етказгин саломим менинг,
Чоҳар ёрлар ҳурматин этгум адо.

33 Qadimiy turkcha adabiyotning o’lmas asari «Qutadg’u bilik»ning yakuniy boblarini taqdim etar ekanmiz, muborak Ramazon oyida o’qilajak duolarimizda donishmand bobomiz Yusuf Xos Hljib Bolosog’unlini va bu shonli asarni zamonaviy tilimizga o’girgan taniqli adib, pokiza inson Emin Usmonni mehribon Parvardigor rahmat aylab, ulug’ fazlu mag’firatiga olishini so’raymiz.

Ey Allohi Karim,! bizlarni ham, bizdan oldin iymon bilan o’tgan birodarlarimizni ham mag’firat qilgin va albatta, Sen o’ta shafqatli va rahmlisan!

YUSUF XOS HOJIB
QUTADG’U BILIG
Qadim turkchadan Emin Usmon tarjimasi
07

YETMISH BIRINCHI BOB
O’GDULMISHNING O’TGAN KUNLARIGA ACHINIB
TAVBA QILGANI BAYONI
077
5597. Aytdi: G’ofillikda yuribman kula,
Tiriklik zoe bo’ldi g’aflat ila.
5598. Hayot zavqi ketdi meni tark etib,
Aso oldim qo’lga yoshlik tark etib.
5599. O’kindi, esiz, o’tib ketdi kunim,
Tiriklik tugadi, qoraydi tunim.
5600. Dunyo ne’matlarin moldek oshadim,
Hayot totin bilmay moldek yashadim.
5601. G’ofillikda o’tar kun o’ynab-kulib,
Umr besamar, bekor ketmoqda o’tib.
5602. Yigitlik kuchi meni tark aylamish,
Hasratdan yurak-bag’rim chok aylamish.
5603. Tiriklik tugadi, yaqindir o’lim,
O’limga chora yo’q yo qochar yo’lim.
5604. Soch shunqor patidek kulrang tus oldi,
Soqol yozgi o’tdek qovjirab qoldi.
5605. O’ttiz ikki tishim – oppoq injular,
Ipi uzilib, bir-bir sochildilar.
5606. Ko’zim ko’rardi bir kunlik yerni ham,
Endi ko’rmas oldimdagi erni ham.
5607. Olis sadolarni ilg’ardi quloq,
Endi kunim imoga qoldi, evoh.
5608. Quzg’un tusidek qora edi boshim,
Oqqush qo’ndi boshga, yetildi yoshim.
5609. Qaytar vaqtim bo’ldi, endi Xudodan,
So’rayman forig’ et, deya gunohdan.
5610. Payti keldi yuzim Haq tomon buray,
Gunohlarim uchun mag’firat so’ray.
5611. Ishi oqibatin bilmaydi kishi,
Lozimdir birovdan kengash so’rashi.
5612. Kengashib kishining ilmi kengayar,
Kengashga ilm qo’shilsa, ish o’nglanar.
5613. Nima der eshit kengashuvchi kishi,
Hamma kengash bilan bitirar ishin.
5614. Birov bilan kengash qilsang neki ish,
Kengasmas kishi bilan bo’lma do’st, esh.
5615. Neki ish bo’lmasin kengash bilan qil,
Kengash bilan tilakka yetasan, bil.
5616. Orom oldi, sahar turib yuvindi,
Elig huzuriga borib yukindi.
5617. Ochiq chehra bilan kutib oldi xon,
Iltifot ko’rsatdi bamisli mehmon.

O’GDULMISHNING ELIGGA SAVOLI

5618. So’z boshlab, bir qoshiq qonin tiladi,
Qardoshim yoniga borgim keladi.
5619. Iltifot etsa xon borayin u yon,
Ziyorat qilib tez qaytayin bu yon.

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

5620. Elig aytdi: Mayli, oqil, bora qol,
Salomimni yetkaz, so’ra hol-ahvol.
5621. Unutmasin hargiz duoda meni,
Ollohga ko’nglin ro’y-rost ochgan oni.
5622. So’rab bersin Haqdan gunohlarimni,
Zora qabul etsa duolarini.

…………….

5623. Qaytib chiqdi O’gdulmish ma’qul debon,
Uyga yo’l oldi bo’lib shodumon.
5624. Tilla tusini oldi yeru osmon,
Quyosh yoqut kabi bo’ldi za’faron.
5625. Qovoq uyib osmon qoraytdi yuzin,
Zulmat bog’lab oldi barchaning ko’zin.
5626. O’ringa cho’zildi o’qigach namoz,
Xayol surib hordiq chiqardi bir oz.
5627. To’shakka kirdi-yu, o’y surdi uzoq,
Bir oz mizg’ib, cho’chib uyg’ondi biroq.
5628. Ko’zi yumilmadi, uyqu tark etdi,
Xayol surib yotib, zerikib ketdi.
5629. Nazar soldi: Sharqdan avval qora qush (1),
O’tdek chiqib keldi olib aqlu hush.
5630. So’ng Yildiriq (2) bilan Ayg’ir (3) nur sochdi,
Nishona berib Erantiz (4) yuz ochdi.

1. Qora qush – Mushtariy yulduzi
2. Yildiriq – Katta fiso yulduzi
3. Ayg’ir – Sirius yulduzi
4. Erantiz – Javzo yulduzi

5631. Qirg’ovul samoga parvoz ayladi,
Surai Bibrini o’qib sayradi.
5632. Sharq tomon qizarib, nurga chulg’andi,
Ufqdan bosh ko’tarib, quyosh uyg’ondi.
5633. Ko’k uzra sochildi marjon shu’lalar,
Osmon yallig’lanib, o’tdek lovullar.
5634. Mashuqa kulgandek yorishdi jahon,
Qayg’u arib, shodlik boldi namoyon.
5635. O’rnidan turdi-yu, qildi ibodat,
Yo’lga chiqdi Ollohdan tilab madad.
5636. Borib yetgach, ohista qoqdi eshik,
Toatin qo’yib zohid ochdi eshik.
5637. Salom berdi darrov unga O’gdulmish,
Alik oldi mamnun bo’lib O’dg’urmish.
5638. Ikkovlon boshlashib uyga kirdilar,
Bir-biridan holu ahvol so’rdilar.

O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA SAVOLI

5639. Ey qarindosh, ne sabab kelding, dedi,
Ko’rishganimizga oy ham bo’lmadi.
5640. Ruhingni tushkunroq ko’rdim, vo ajab,
Rangging ham so’lg’inroq, aytgin ne sabab.
5641. Ne musibat yetdi, ne kechdi holing,
Yashirmay bayon et menga ahvoling.

O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

5642. Javob berdi O’gdulmish: Ey dilpora,
Zamon o’qi qildi bag’rimni yara.
5643. O’git birla davron yoritsa dilni,
Tiriltirar hatto o’lgan ko’ngilni.
5644. G’aflat bosgan ekan ko’nglimni yomon,
Pand-nasihat birla uyg’otdi zamon.
5645. Ko’ngil ko’zi birla boqib payqadim,
Yo’ldan ozganimni endi angladim.
5646. Tirklik oxirlashdi, yukim og’ir,
Gunohdan qaytar vaqt bo’ldi-ku axir.
5647. Umrim bo’yi qildim birov xizmatin,
G’ofil bo’ldim, qoldi Xudo toati.
5648. Dunyo kelaverar, tiriklik o’tgay,
Hayot bitsa, bu dunyo qolib ketgay.
5649. Dunyoni tiladim tiriklik uchun,
Tiriklik tugasa, nekerak ochun.
5650. Mana shunday kechar bugungi kunim,
Toparmanmi bilmam ertangi kunim?
5651. Soch shunqor patidek kulrang tus oldi,
Soqol yozgi o’tdek qovjirab qoldi.
5652. Zarur erta uchun hozirlik ko’rish,
Shoyadki, onglansa ertangi yumush.
5653. Bo’nga monand keldi, eshit ushbu so’z,
Amal qil sen unga, ayo ko’ngli tuz.
5654. O’tgan kunlarimga nadomat chekkum,
Qancha umrim qolganin qaydan uqqum.
5655. Zoe ketdi afsus yigitlik kunim,
Behuda ketmasin bu qolgan tunim.
5656. Erta hozirligin bugun ko’rgin sen,
Bilimli ne demish uqib bilgin sen.
5657. G’ofil bo’lma, bu kun toat qil, toat,
Erta g’amin bugun yemoqlik odat.
5658. Moldek yedim, ichdim, yurdim behuda,
Endi ochu tashna qiynayin juda.
5659. Orzu, ne’matlar bilan semirdi vujud,
Endi ozdirayin aylabon sujud.
5660. Rohatda yotdi, maylicha yurdi u,
Ibodat uchun endi tik tursin u,
5661. O’ziga yov qildi ko’plab kishini,
Ularni shod aylay, qilib ishini.
5662. Tilim uzun edi elda juda ham,
Endi uzrim aytay boshim qilib xam.
5663. Kishilarga ozor berdim adadsiz,
Endi o’zga ozor beray, ey aziz.
5664. Egasidan qochgan tuban qochoqman,
Gunohlarga botgan nodon olchoqman.
5665. Bugun tavba-tazarru-chun qaytayin,
Ollohga tunu kun uzr aytayin.
5666. O’lim kelmay turib men kelay toat,
G’arg’ara kelganda bo’lmagay toat.
5667. Nima deydi bilimi teran, tingla,
Ey bag’ri tosh, o’git berar u, angla:
5668. Esingni yig’, o’lim kelmay Haqqa yon,
Ajal yetgach, foyda bermas pushaymon.
5669. Uni yodda tut, tavbaga bo’l hozir,
G’ofil bo’lma, yoqangdan tutgay hozir.
5670. Yigitlik paytingda qilgin ibodat,
Qarigach tark etgay mutloq kuch-quvvat.
5671. Esing yig’, xushyor bo’l, hayot g’animat,
Ajal yetgach befoydadir bu himmat.
5672. O’lim kelmay turib g’aflatdan uyg’on,
Ajal yetgach benaf urganing giryon.
5673. Keldim ostonangga boshimni urib,
Kengash ber bu ishda ahvolm ko’rib.
5674. Mehribon qarindosh erursan menga,
Ne qilmoq kerakdir, yo’l ko’rsat menga.

YETMISH IKKINCHI BOB
O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA MASLAHAT
BERGANI BAYONI

5675. Javoban O’dg’urmish aytdi: Qarindosh,
So’zim tingla, ko’ngli yaqin, fikrdosh.
5676. Juda yaxshi niyat qilibsan o’zing,
Xudo tavfiq bersin va ochsin ko’zing.
5677. Yetmas bu ishga faqatgina bilig,
Urmoq lozim turli ishlarga ilik.
5678. Ulardan biri – bu, ochiq aytayin,
Yaxshilab uqqinu amal aylagin.
5679. Unda turmoq bu kun sen uchun yaxshi,
Bu yerda turmog’ing men uchun yaxshi.
5680. Bu kun sendan elga foyda yetar ko’p,
Manfaat uzilsa, la’natlar so’kib.
5681. Elig uzun qildi qo’lingni elga,
Yaxshilik qilarsan nom olib bilka.
5682. Farog’at topdi yurt, yashnadi eli,
Duodan tinmagay raiyat tili.
5683. Nima der eshitgin naf berar kishi,
Nafli kishini bil kishilar boshi:
5684. El aro yaxshi bil – qaysi bir odam,
El-yurtga manfaat yetkazar har dam.
5685. Manfaatsiz odam zarar-og’udir,
Yaxshidan el-yurtga foyda yog’adir.
5686. Niyatini yaxshi qilsa gar kishi,
Ko’ngildagidek bo’lgay har bir ishi.
5687. Niyati yaxshiga yaxshilik yordir,
Ishin qilmasa ham savobi bordir.
5688. Sen tufayli osoyish, rohat bo’lar,
Elig, el-yurt sendan minnatdor bo’lar.
5689. Ezgu qonun, nizom tuzilgay tugal,
Yomonlar yo’qolib, nayranglar tugar.
5690. Uzlatga chekinsang bularni qo’yib,
Ishlar buziladi hasratda kuyib.
5691. Taftish qilinadi qonunu nizom,
Vayron bo’lar el, toptalar intizom.
5692. O’rningga bir battol kelmagi tayin,
Xalqni ezib, qon qaqshatar tinmayin.
5693. Yomon yo’lga boshlar eligni yomon,
Qadam tashlar yomonlikka begumon.
5694. Buning hisobin olar sendan Bayot,
Haq hisobidan qo’rq, qoldir yaxshi ot.

5695. Yomon bo’lma, nizom yuritma yomon,
Yomonga bo’lishma ham bermagin yon.
5696. Ko’ngli, fe’li to’g’ri ne deydi tingla,
Yaxshi o’git berar: sen uqib angla:
5697. Yomonga qo’shilma, tutma yomon yo’l,
Niyati yomonga murosasiz bo’l.
5698. Yaxshi nizom yurit ham yaxshilik qil,
Hech qachon yomonlik ko’rmagaysan, bil.
5699. Tavfiq berdi Xudo ezgulik uchun,
Hamma ezgulikni qilmog’ing uchun.
5700. Bu yaxshiliklarni buzarsan nega?
Sofdil, bundan zarar yetadi senga.
5701. El rohatin buzib, nafingni qo’yib,
Ne yaxshilik istarsan bunda turib?
5702. Bu yer menga ma’qul deganman o’zim,
Sababini aytay, go’zal yuzligim.
5703. Men dunyoyu davlat topib ko’rmadim,
Shirin orzularga ko’ngil bermadim.
5704. Xalq bilan uyqashib bir ish qilmadim,
YO beglarga ma’qul ravish bilmadim.
5705. Ko’rganim yo’q sira dunyo molini,
Yoki yaxshi, yomon kishi holini.
5706. Holim bila turib u yoqqa borsam,
Behad yomon bolar toatni qo’ysam.
5707. Sira oltin-kumush ko’rmagan kishi,
Erishsa, qilgusi ming yomon ishni.
5708. Ne der eshit, savdogarlarning boshi,
Olam kezgan qitom karvoni boshi:
5709. Faqirlikda umr kechirgan qashshoq,
Boyisa yaxshi xulqin tashlar mutloq.
5710. Omad kelib qashshoq bo’lib qolsa boy,
To’g’ri yo’ldan qolib ketar hoynahoy.
5711. Baxt ko’rmagan odam topsa saodat,
Fe’li aynib, elga keltirar ofat.
5712. Hukmdor bo’lmagan gar bo’lsa hokim,
Til, qo’l bilan bo’lar u elga zolim.
5713. Sen esa bu dunyo – davlatga to’yding,
Nafsing tiyib, hoyu-havasni qo’yding.
5714. Ko’ngling huzur tiydi, to’ydi ko’zing ham,
Elig bilan yaxshi yararsan har dam.
5715. Bular bari senga fazli Xudodir,
Yuzing yorug’, ezguliklar atodir.

YETMISH UCHINCHI BOB
TO’G’RILIKKA TO’G’RILIK, ODAMGARCHILIKKA
ODAMGARCHILIK QILISH BAYONI

5716. Bu – bir xili erur, yana birini,
Aytayin yaxshilab eshitgin uni.
5717. Unutdingmi yoki dudmal bo’ldi gap,
Bu ishga jazm etding ne nafni ko’zlab.
5718. Bilasan, bu maqtov vafoli zotga,
Yog’ilgay, azizim, doim hayotda.
5719. Olamda mavjuddir qonun, siyosat,
Odamiylik odam sifati, odat.
5720. Odam yaxshilikka qilar yaxshilik,
Biriga o’n hissa qaytarar aniq.
5721. Kimning zoti otadan bo’lsa asil,
Undan elga manfaat keladi, bil.
5722. Pinhon zino qilsa, ona nafs uchun,
Tuqqan bola ofat bo’lar el uchun.
5723. O’ylab ko’r eligning yaxshiliklarin,
Olding-ku yemak-ichmak – ne’matlarin.
5724. Bu fazil, aql, bilim – bariga elig,
Sabab bo’ldi, ochildi barcha eshik.
5725. Ulug’lab ko’tardi, ulug’ – nom berdi,
Ezgulik yo’lin senga ochib berdi.
5726. Yaxshiligin unutdingmi daf’atan,
Xizmat qilmaysanmi bunga javoban.
5727. Qarindosh, qattiqroq gapirdim kechir,
Xafa bo’lib, ko’nglingni qilma xijil.
5728. To’g’ri so’z qo’poldir achchiq tuyulgay,
Hazm qila olsang ko’p nafi bo’lgay.
5729. Gap eshitsang achchiq so’zdan ranjima,
To’g’ri so’z achchiqdir sira injima.
5730. Bunga mos keladi so’zlarim tingla,
Ey xushchiroy, uning ma’nosin angla:
5731. To’g’ri so’z achchiqdir singdirgin uni,
Ertaga naf berib, xush etgay seni.
5732. To’g’ri so’z achchiqdir, ko’ngilga botgay,
Achchiqdir to’g’ri so’z, kim uni topgay.
5733. Bevaqt otang o’lib, rohat ko’rmading,
Bilim, ardam olib, davron surmading.
5734. Mehrin qo’yib, elig parvarish etdi,
Yaxshilarning qatoriga kiritdi.
5735. Qul, joriya, otu yer-suv barchasi,
Xondan kelib, ochdi davlat darchasin.

5737. Barcha ne’mat, yaxshilikka erishding,
Nom qozonib, shon-sharafga yetishding.
5738. Ma’qulmi bularni qaytarmay turib,
Yog’idek ketsang undan yuz o’girib.
5739. Qochib ketsang undan naf tegar paytda,
Uning ko’ngli qattiq og’rir albatta.
5740. Elig ko’p yaxshiliklar qildi senga,
Javob bermoq kerak emasmi unga.
5741. Toki el-yurt olqishlab maqtasinlar,
Vafodor deb yaxshi nom tarqatsinlar.
5742. Ne der tingla odamlarning ezgusi,
Odamiylik erur odam belgisi.
5743. Odamiylik qil, ey mard, himmatli bo’l,
Odamiylikka shunday tutiladi yo’l.
5744. Odam bo’l odamga, odamiylik qil,
Insonlik nomini sifat aylagil.
5745. Elig minglab yaxshilik qildi senga,
Javoban yaxshilik tayyorla unga.
5746. Oqibatli erur inson yaxshisi,
Xalqning asiri u, sara, yaxshisi.
5747. Murg’ak bola eding, bilimsiz nodon,
Baxtga erishtirdi, bo’lding bilimdon.
5748. Endi jonu taning unga fido qil,
Tun-kun tinma yumushlarin ado qil.
5749. Yaxshiligi uchun sen qil yaxshilik,
Xudo bergaysenga ham, bil, yaxshilik.
5750. Odamiylikni bilgan mehribon er,
Ko’nglin yaqin tutib, eshit nima der:
5751. Birov oshin yesang qilgin ishini,
Mehr ortadi halol yesang oshini.
5752. Non-tuz haqini oqlab yegan kishi,
U kishiga fido etsin boshini.
5753. Orzuying ushalsa, xush niyatli bo’l,
Yaxshilik qil unga, manfaatli bo’l.
5754. Shohi libos kiyding, behad yarashdi,
Hasadgo’ylar ko’rib, ko’zi qamashdi.
5755. Endi sen eligga keltir yaxshi ot,
Dushman ko’rib kuysin, bo’ynin egsin yot.
5756. Tuman orzu, ne’mat topib, shon quchding,
Moldek bo’yin to’lg’ab, vasvasga uchding.
5757. Bor kuching sarf etgin elig ishiga,
Duolar ko’paysin uzun yoshingga.
5758. Dunyo molin yig’ding hamda bo’lding boy,
Yo’rg’a arg’umoq minding hamda tozi toy.

5759. Ishlatgin bularni, xonga fido qil,
Orzusi ushalsin, yuzin yorug’ qil.
5760. Elig rohatlanib, taxtiga chiqsin,
Hanim azob chekib, poyini o’psin.
5761. Tiling biyron qildi, qo’lingni uzun,
Do’stu dushman sendan olmaydi ko’zin.
5762. Yaxshi duoni ko’p qil, ey qarindosh,
Davlat seniki bo’ldi, uzun bo’lsin yosh.
5763. Asil kishi qilgay shunday ezgulik,
Bu dunyoda nomi qolgay mangulik.
5764. Juda yaxshi aytmish arabning tili,
Kishi aslin bilishning ochmish yo’lin:
5765. Kishi asliga fe’l-atvori nishon,
Fe’li qanday bo’lsa, o’zi shu, ishon.
5766. Kim asli yaxshidir, fe’li muloyim,
Yo’l-yo’riq ko’rsatib, qaytar, ber bilim.
5767. Elig turar bor ezgulik boshida,
Ularni tark etib, turma tashida.
5768. Kengash qilding o’zing ishonib menga,
Bilganim barini so’zladim senga.
5769. Mening aytganimu o’zing bilmishing,
Taqqoslab o’ylab ko’r, yurishgay ishing.

O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

5770. O’gdulmish sevinib aytdi: Qarindosh,
Shunday bo’lmog’i shart ko’pchilikka bosh.
5771. Ko’p yaxshi gaplarni aytding sen bugun,
Yechildi ko’ngilni g’ash etgan tugun.
5772. Tilsim edi bu gap menga shu palla,
Barin oydin etding, ochildi parda.
5773. Endi tark ayladim bu orzu, tilak,
Haqning o’zi bo’lsin tayanchu tirgak.
5774. Egam asrab, ko’nglimni to’g’ri qilsin,
Niyatim, fe’limni to’g’ri qilsin.
5775. Duo birla madad, yordam qil menga,
Unutma, bor gapim ayondir senga.

……………

5776. So’zini tugatib oyoqqa turdi,
Xo’shlashib otlandi, uyiga yurdi.
5777. Uyga kelib, bir oz damini oldi,
Taom yedi, ichdi, xayolga toldi.

5778. Falak tul to’nin kiydi, bog’lab belin,
Yuzini yashirdi, yoyib kokilin.
5779. Quyosh yoydi chog’i o’rilgan sochin,
Suvsar, kunduz tus oldi dunyo ichi.
5780. O’ringa kirdi-yu, uyqu elitdi,
Shirin uyqu farog’atga g’arq etdi.
5781. Uyg’onib atrofga nazar tashladi,
Havo vaqti xush qiz kabi yashnadi.
5782. Ufq qizil alvon tusini oldi,
Olam esa oqqush tusini oldi.
5783. O’gdulmish tez turib oldi tahorat,
Ollohga chin dildan qildi ibodat.
5784. Saroyga yo’l oldi otini minib,
Elig qoshiga kirdi, fikri tinib.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

5785. O’dg’urmish ahvolini so’radi elig,
Tinch ekanmi, dedi u bilka bilig.
5786. Ne dedi, eslarmi meni duoda,
Duo – panoh, balo kelsa Xudodan.
5787. Duo birla inson ezgulik topar,
Duo birla jannat – mangulik topar.
5788. Ezgu duo bo’lmasa gar olamda,
Yer yutardi hech kim qolmay olamda.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

5789. Javoban O’gdulmish bu so’zni aytdi,
Bilim bilan bog’lab, to’g’ri so’z aytdi.
5790. Qardoshim bu kun unda yolg’iz o’tar,
Ezilib duoda bizni yod etar.
5791. Aytgin, bizdan gumroh banda kim bo’lar,
Biz gunoh qilarmiz, u duo qilar.
5792. Bu kun u eligga mehribon, hamdam,
Tilidan duoni qo’ymagay bir dam.
5793. Undan mehribonroq bizga kim bo’lar,
O’z tashvishin qo’yib, bizga qayg’urar.
5794. Bizdan g’ofilroq zot bormikin, elig,
Vaqt uvol, toatga tegmaydi ilik.
5795. Bu tan o’lgay oxir, yegay qurt, ilon,
O’kinchdan boshqasi yo’q chiqarda jon.
5796. Dono so’zin eshit, o’git undadir,
Bu so’zga amal qil, koni foydadir:

5797. Semirgan vujudni yeydi qurt, ilon,
Quvonma, sen bunda o’tkinchi mehmon.
5798. Tiriklik tush kabi o’taru ketar,
Unga guvohbo’lib kunlaring yitar.

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

5799. Javob berib elig aytdi: Ey oqil,
O’zni asrab, tutmoqlikni bayon qil.
5800. Sendan mehribonroq kishi yo’q menga,
Butkul umid bog’lab, ishondim senga.
5801. Uy ichra qamalib yoturman, g’ofil,
Ishim tashqarida, ey ilmi komil.
5802. Ko’z, qulog’im o’zing, sen tinglab, kuzat,
Neki nobop ersa, sen darrov tuzat.
5803. Mendan lozim bo’lsa, ne ko’mak, yordam,
Ayt, tadbir-chorasin izlayin har dam.
5804. Xodim ahil bo’lsin bir-biri bila,
Meni sarson qilma, tinchimni tila.
5805. Qo’lini tiyib yursin xalqdan zolim,
Zolim, yomon o’lsin, qolsin olim.
5806. Xalq badavlat bo’lib, yashnasin elim,
Uning shukrin aytsin tinmasdan tilim.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

5807. Ey beg, deya O’gdulmish berdi javob,
Xudo tavfiq bersin, ey oliyjanob.
5808. Tilagim shu edi, keragim ham shul,
Ochib bersin Tangri menga to’g’ri yo’l.
5809. Baxtiyor yashasin elig, betashvish,
Menga bo’lsin bosh og’riq, yumush.
5810. Senga fido qildim o’zimni to’liq,
Farog’atda yasha yo’lboshchi, ulug’.
5811. Sendan bitta hojatim bor, ey oqil,
Xursandchilik bilan uni ravo qil.
5812. Bilursanki, beg kimni tutsa yaqin,
G’iybat qilishadi uning bor-yo’g’in.
5813. Nechog’li yaxshi ko’rma meni o’zing,
Chaqimchi chaqsa gar burishar yuzing.
5814. Jasur bir bahodir tingla ne demish,
Pandu nasihatni bilib so’zlamish:
5815. Qalb tursa buzilar bir parcha et, bil,
Avayla uni sen va ehtiyot qil.

5816. Bo’lsa hamki kishi tinglamas g’iybat,
Chaqimchiga quloq soladi albat.
5817. Beg qanchalik ziyrak bo’lmasin asli,
Chaqimchi yaqin bo’lsa, uradi kasri.
5818. Ko’ngil – beg, tanu jon unga qul, asir,
Bir gapdan dil sovub, biridan isir.
5819. Kishi tabiati yog’idir to’rt xil,
Bir kuldirar, biri g’avg’ochi, bil.
5820. Biri hovliqma, biri bosiq, sokin,
Biri kulsa, biri yig’loqi, lokin.
5821. Shodlikka yetganda alam keltirar,
Musibat yetganda shodon kuldirar.
5822. Shundan qo’rqamanki, ey elig quti,
Qopmasa edi deb chaqimchi iting.
5823. Yuraging siqilib, burarsan yuzing,
Xizmat zoe ketar, o’zgarsang o’zing.
5824. Iltimos, o’tinchim shu erur sendan,
Kimki g’iybat qilsa, sir tutma mendan.
5825. So’rab-surishtirgin miridan-sirin,
Aniqlagach, chora ko’rishga urin.
5826. Kimki chaqsa, so’zlariga quloq sol,
Rost, yolg’onin surishtirib, bilib ol.
5827. Bu xususda yaxshi aytmish o’tganlar,
So’zin tingla, lek ishonma, deganlar.
5828. Ushbu so’z aytilmish bundan-da yaxshi,
Ezgu zot, unga amal qilgan yaxshi:
5829. Hamma so’zni tingla, keragini ol,
Keraksiz so’z bo’lsa, tashlagin darhol.
5830. So’zni eshit, surishtir yolg’on, chinin,
Yolg’onni jazola, qabul et chinin.
5831. Yolg’onchilar bilan buzilar olam,
To’g’rilarni do’st tut, dasti zo’r odam.

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

5832. Ey oqil, deb eligdan javob bo’ldi,
Hojatu tilaging teng ravo bo’ldi.
5833. Odamiylikni berdi qodir Egam,
To’g’ri qildi noming, tilu fe’ling ham.
5834. Sendan qachon yomonlik sodir bo’lgan,
Ezgu fe’lu atvor sut bilan kirgan.
5835. Biron odam g’iybat qilsa gar seni,
Dushman deb bilurman o’zimga uni.
5836. Qachon gapirsalar ozmi yoki ko’p,
Toqat-la so’zlarin tinglayman xo’p.
5837. Nechuk bo’lgay yurtning boshi begumon,
Farq etmasa, kim yaxshi-yu, kim yomon.
5838. To’g’ri bo’lmas uni elga bosh desa,
To’g’ri-yu, egriga fahmi yetmasa.
5839. Qachon davron surgay u johil, kojbaxt,
Sinalgan kishini sinasa har vaqt.
5840. Nechuk topgay orzu, qonunni hakim,
Rost, yolg’onni ajratolmasa doim.
5841. Sen menga atoyi Xudosan bu kun,
Sen bilan yechildi bor chigal, tugun.
5842. Sodiq xizmat qilding bo’lib sen yaqin,
Astoydil oqlading nonu tuz haqin.
5843. Menga sarf etilgan hayoting uchun,
Kerak yaxshi javob bermog’im bu kun.
5844. Odamlar yaxshisi eshit nima der,
Tog’rilik-la elda shuhrat topgan er:
5845. Odamlar yaxshisi ko’pchilikka bosh,
Oqibat qiluvchi munosib yo’ldosh.
5846. Odamiylikka loyiq qil oqibat,
Odam ataladi qilsa oqibat.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

5847. Javob berib O’gdulmish aytdi: Elig,
Rohat topsin, elga yedirsin ilik.
5848. Ikki olam rohatini bersin Egam,
Orzu, umidlari ushalsin har dam.
5849. Falak uning mayli bilan evrilsin,
Davron orzulari bilan yo’g’rilsin.
5850. Ey oq ko’ngil, ishonchli, fe’li muloyim,
Omon bo’l, eson yur, baxtli bo’l doim.
5851. Sendan ko’rdim faqat yaxshilik, elig,
Izzat-ikrom, kiygiligu yegulik.
5852. Xizmatga belimni mahkam bog’ladim,
Xudo menga tavfiq bersin, ey olim.
5853. Baxtli elig, dedi O’gdulmish yana,
Yaxshi noming elga yoyildi, mana.
5854. Yaxshi nom tilagin, Xudo berdi qut,
Baxtga erishdingmi, dilni ezgu tut.
5855. Beg bo’layin desa olamga mashhur,
To’rt narsadan bahra olmog’i zarur:
5856. Biri so’zi to’g’ri, ishonchli bo’lsin,
Biri, yaxshi qonun ijro etilsin.
5857. Uchinchisi, ochiq qo’l, saxiy bo’lsin,
Mehr shafqatini el-ulus ko’rsin.
5858. To’rtinchi, jasoratli, boir bo’lsin,
Dushman bo’ynin egdirsin, abjir bo’lsin.
5859. Qaysi beg bularni etmasa ado,
Elga rahna tushib, yurt bo’lgay ado.
5860. Beglikning asosi, ildizi shudir,
Yaxshi begning yo’l-yo’riq, izi shudir.
5861. Bu yo’riqni buzma, yurgin shu yo’ldan,
Oldingilar yurgan og’ishmay undan.
5862. Qaysi beg voz kechib, boshqa yo’l tutar,
Boridan ayrilar, begligin buzar.
5863. Ey elig e’zozla uch turfa kishin,
Bayon aylay, uqib ol, qo’yib zehin.
5864. Biri- mergan, sheryurak, mard, bahodir,
Qilich birla elga naf keltiradir.
5865. Ikkinchisi, dono, elga bosh kishi,
Yo’l-yo’riq ko’rsatib, o’nglar el ishin.
5866. Uchinchisi – ziyrak sarkotib bo’lar,
Kirim, chiqimni bilsa, g’azna to’lar.
5867. Ayri tut bularni, yuksak qadrla,
Ishiga mos ehson berib, taqdirla.
5868. Izga tushib, rivoj topar ishlaring,
Eling ortib, kengayadi yerlaring.
5869. Noming yaxshi bo’lgay, o’zing shuhratvor,
Olam ahli yuzing ko’rmoqqa xumor.
5870. Odamlar donosi ko’p yaxshi demish,
Kishi o’lgay, yaxshi nom o’lmas emish.
5871. Ne baxtki yaxshi nom qozonsa odam,
Nomi abad qolgay o’lib ketsa ham.
5872. Yaxshi odam tirikdir o’lgan bilan,
Yer qa’rida u chirib yotgan bilan.
5873. Tiriklikmas yaxshi nom ista mudom,
Noming yaxshi bo’lsa, yasharsan shodon.
5874. Tiriklik nima, yaxshilik nimadir,
Ey dono, bilimdon, menga tushuntir.
5875. Tiriklikning asli, bil, ezgulikdir,
Ezgulikka boqsang u tiriklikdir.
5876. Kim fe’l-atvori yaxshi, u tirik,
Fe’-atvori yomon o’lgandir tirik.
5877. Dunyo o’tib ketar, yaxshi xulq boqiy,
Yaxshi xulq, ezgu yo’l yitmagay, boqiy.
5878. Bevafo bu dunyo o’girsa yuzin,
Ezgulik kuningga yarar, ey qo’zi.
5879. Dunyoga mahliyo bo’lma, ey elig,
U vafo qilmaydi, yuritgin bilig.

5880. O’yinga o’xshaydi bu dunyo ishi,
Oyog’in so’rasang ko’rsatar boshin.
5881. O’yinga qo’shilma, uddalash og’ir,
Gar qo’shilsang bo’yin bog’lanar oxir.
5882. Nazar sol, kitobda bu so’z bitilmish,
Xushyor bo’l, unutma, yaxshi aytilmish.
5883. Bu dunyo ishin ko’r, o’yindir, o’yin,
O’yinga qo’shilma, ne kerak o’yin.
5884. Olloh buyrug’in qil, qil bandaliging,
Gar qilmasang muqarrar bandiliging.
5885. Ey elig, mana men ne bilsam shuni,
Bayon etdim senga ichu toshini.
5886. Qabul et, gar maqbul aylasang so’zim,
Ishonmasang, shaksiz ko’rarsan o’zing.

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

5887. Elig aytdi: Haqdan tavfiq so’rarman,
Bu ishga astoydil ko’ngil qo’yarman.
5888. Haq istasa darig’ tutmas madadin,
Neki mahfiy oydinlashtir adadin.
5889. Tirish, hamma ishga bo’lgin ko’z-quloq,
Aqlni sog’ qil, ko’zni ziyrak, bo’l uyg’oq.
5890. Kuching yetganin qil, ishonma menga,
Qolgan ishda yordam berarman senga.

……………..

5891. So’zin bo’ldi elig, hayolga toldi,
O’gdulmish ham turib, uyga yo’l oldi.
5892. Otini yo’rttirib, yetdi uyiga,
Turfa-turfa fikrlar keldi o’yiga.
5893. Qorong’u kechada uxlab dam oldi,
Tongda yana saroy tomon yo’l oldi.
5894. O’gdulmish astoydil ishga kirishdi,
Hamma ishni bajarishga tirishdi.
5895. Xalq topdi farog’at, yashnadi jahon,
Halovatda elig bo’ldi shodumon.
5896. Eli to’ldi yaxshi so’zu duoga,
Nomi o’chmas bo’ldi, shukur Xudoga.
5897. Odil qonun-qoida yaxshi erur,
Beglik qonun-qoida bilan turur.
5898. Shunday bo’lsa agar budun boshchisi,
Farog’atga erishgay elning barchasi.

5899. Xalq bo’lsa itoatgo’y, ham fe’li soz,
Bundan begning kuni bo’lgay sarafroz.
5900. Bu beglar Xudodan amri farmondir,
Beg yaxshi bo’lsa, xalq bearmondir.
5901. Xalq yomonlik qilsa, beg ham yomondir,
Yomonga yomonlik – ishlar vayrondir.
5902. Fe’lin tuzatsa xalq beg ham sozlaydi,
Beg fe’lin tuzatsa, el tozalaydi.

…………….

5903. Shu zayilda o’tdi qancha vaqt, kun, oy,
Olam ko’rki ortib, el-yurt bo’ldi boy.
5904. Sovuq ko’tarildi, aridi g’ubor,
Ifloslik poklanib, tarqadi ifor.
5905. Shukrona aytdi beg Xudoga yana,
O’qidi beadad u hamdu sano.

YETMISH TO’RTINCHI BOB
O’DG’URMISHNING XASTALANIB O’GDULMISHNI
CHAQIRTIRGANI BAYONI

5906. Uyquda yotganda o’gdulmish bir kun,
Eshitildi sirtdan chaqirgan bir un.
5907. Darvoza taqillab chaqirar birov,
Xodimin chiqardi O’gdulmish darrov.

XIZMATCHINING O’GDULMISHGA JAVOBI

5908. Xizmatchi kirib aytdi: bir kishi turar,
Gapim bor kiray deb ijozat so’rar.

O’GDULMISHNING XIZMATCHIGA SAVOLI

5909. Yana aytdi: bilgin ne ekan so’zi,
Maqsadi nimadir, kim ekan o’zi?

XIZMATCHINING CHOPARGA SAVOLI

5910. U aytdi: o’dg’urmish yubordi meni,
Gapim bor, qarindoshim ko’ray, qani.

XIZMATCHINING O’GDULMISHGA JAVOBI

5911. Bilib kirdi, aytdi nima deganin,
O’dg’urmish undan xabar yuborganin.

O’GDULMISHNING CHOPARGA SAVOLI

5912. Choparga kirishga ijozat berdi,
Chopar salom berib, ichkari kirdi.
5913. Qanday kelding, deya so’radi undan,
Ey dono, maqsading nimadir mendan?

CHOPARNING O’GDULMISHGA JAVOBI

5914. U aytdi: O’dg’urmish yubordi meni,
Kelsin dedi, bir bor ko’rmoqchi seni.
5915. Dardi og’ir uning, qiynalib yotur,
Ko’ngli yaqin, xabar olmog’ing zarur.

O’GDULMISHNING CHPARGA JAVOBI

5916. O’gdulmish aytdiki: Ne bo’ldi asti?
Hozir birga borgum, aytaver rostin.

CHOPARNING O’GDULMISHGA JAVOBI

5917. Ko’nmay aytdi: Jigaring holi yomon,
Ey dono, shoshmasang ko’rmassan omon.
5918. Men darrov ketaman qaytib izimga,
Ko’ngli toza, keyin borgin izimdan.

………………

5919. Hushi uchdi O’gdulmishning boshidan,
Xavotirga tushdi qarindoshidan.
5920. Sevinchi yo’qolib, ezdi bu tashvish,
Bu holdan garangsib qoldi O’gdulmish.
5921. Yotib ko’rdi, lekin kelmadi uyqy,
Tun yildek cho’zildi, ulg’aydi qayg’u.
5922. Ko’zin yumib ko’rdi, og’ridi qaroq,
Ko’ngil g’ash, uyqu ketdi ko’zdan yiroq.
5923. Qaddin rostlab yana xayolga toldi,
Tun og’ib, bu alam sarg’ish rang oldi.
5924. Chamanzorda bulbul xushhol sayraydi,
Eshitib ishq ahlin ko’ngli yayradi.

………………

5925. Otin minib, qarindosh tomon shoshdi,
Yuz-ko’zin o’pib uning omonlashdi.
5926. Cho’zilib yotar, olib chuqur so’lish,
Chakmoni yopinchiq, yeng esa bolish.

O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA SAVOLI

5927. Dedi: Ey qarindosh, senga ne bo’ldi?
Holing ko’rib, yurak-bag’rim chok bo’ldi.

O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA JAVOBI

5928. Aytdi: Ey qarindosh ko’rinar yo’lim,
O’lim daragi keldi, bitdi kunim.
5929. So’nggi damda yuzing ko’rayin debon,
Mao’aqqat chektirib chorladim bu yon.
O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

5930. O’gdulmish aytdiki: Suyukli inson,
Dardga chalinadi har bir tirik jon.
5931. Behuda so’zni qo’y, ko’ngilni buzma,
Dard gunohga kafforat, umid uzma.
5932. Nima der eshitgin bilimdon olim,
Ko’ngilni g’uborni aritar bilim.
5933. Gunohga kafforat kasallik senga,
Gunohsiz kishi kim, aytgin-chi menga.
5934. Odam kasallansa, gunoh to’kilar,
Gunohi to’kilsa, kishi pok bo’lar.
5935. Odam borki, gunoh qilar ko’pmi, oz,
Dunyoda gunohsiz kishi yo’q, mumtoz.
5936. Kasallik tuzalar, oyoqqa turgung,
Gunohing arigay, manfaat ko’rgung.
5937. Ne sabab tilingdan chiqar yomon so’z,
O’liming sen qaydan bilding, ko’ngli tuz.

O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA JAVOBI

5938. Javob berib O’gdulmish aytdi: Sabab,
O’limni tushimda ayon qildi Rab.
5939. Tushimda bu narsalar ayon bo’ldi,
Ey bahodir, o’lim namoyon bo’ldi.
5940. Xudo yaxshi, yomon qazo hukmini,
Ma’lum qilar albat tushida uni.

O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

5941. Javob berib O’gdulmish aytdi: Bu so’z,
Ko’p ham yaxshi emas, ayo ko’ngli tuz.
5942. O’laversa dardga chalingan odam,
Dunyoda qolmasdi jon asiri ham.
5943. Dardga chalinadi bor tirik odam,
Dard hayot tomirin kesmas sira ham.
5944. Uxlagan har odam ko’radi tushni,
Yaxshilikka yo’ymoq kerakdir tushni.

YETMISH BESHINCHI BOB
O’GDULMISHNING TUSHNI TA’BIR QILISH
HAQIDA GAPIRGANI BAYONI

5945. Yaxshi bilmoq kerak tushning ilmini,
Puxta o’ylab, ta’bir qilgin sen uni.
5946. Bilgin, tush ta’biri turli-tumandir,
Ilmin bilmay ta’bir aytmoq gumondir.
5947. Tushingni bilimsizga ochib aytma,
Bilguvchidan so’ra, tunda tush aytma.
5948. Kechadagi tushning ta’biri bo’lak,
Kunduzgi tush kechagidan bo’lak.
5949. E’tibor ber, tush ilmining sharti ko’p,
Bularni bil, aqlingni ishlatib xo’p.
5950. Tushingga o’zingcha ta’bir bermagin,
YO uni har kimga aytib yurmagin.
5951. Ta’bir qilaverma tushning har birin,
Ey olim, ko’p tushning ta’biri, siri.
5952. Tush o’girma, o’girsang ilm birla qil,
Qiyoslab tushungin, ma’nosini bil.
5953. Tushlarni yaxshilikka yo’ymoq zarur,
Gar yo’ya bilmasa, nafi yo’qolur.
5954. Nima deydi bilimi dengiz, eshit,
Yorug’ qil yuz, so’zni ishga tadbiq et.
5955. Tush o’girsang uni yaxshilikka yo’y,
Aql birla avval aslin bilib qo’y.
5956. Yomonlikka yo’yma, yo’yganing bo’lar,
Yomonlikka yo’ysang bil kasri urar.
5957. Ko’p tushlarga yegulik sabab bo’lgay,
Gar taom badhazm, tushlar yomon bo’lgay.
5958. Bir xil tushlar bog’liq yilning fasliga,
Mijoz o’zgarishi, zoti, asliga.
5959. Yilning fasli bahor, yosh kichik bo’lsa,
Hamma narsa qizil, yerni qo’ng’ir ko’rsa,
5960. Muqarrar uning qoni oshgan bo’lar,
Bir miqdor qon oldirmoq lozim bo’lar.
5961. Yil fasli yoz bo’lsa, yigit tush ko’rsa,
Arg’uvon, za’faron, sariq, ol ko’rsa,
5962. Oshgandir, ey dono, uning safrosi,
Surgi bilan taranjibil davosi.
5963. Kuz kelganda o’rta yashar tush ko’rsa,
O’ra, quduq, tog’, qora narsa ko’rsa,
5964. Qarindosh, savdosi kuchaygan bo’lur,
Dori-la miyasin tozalash zarur.

5965. Qish faslida qari kishi tush ko’rsa,
Oqar suv, qor yo muz tushiga kirsa,
5966. Kuchaygan bo’ladi uning balg’ami,
Issiqlik narsaning bu dardning emi.
5967. Poyma-poy, betartibdir ba’zi biri,
Ey jasur, bularning yo’qdir ta’biri.
5968. Neni o’ylab, shuni ko’rsa tushida,
Uni ta’bir etmoq erur behuda.
5969. Yana bir tush borki, shaytoniy bo’lgay,
Bu tushni ko’rganda g’usl lozim bo’lgay.
5970. Tushda o’z hunarin ko’rguvchi ko’pdir,
Bunday tushlarning ham ta’biri yo’qdir.
5971. Buning barin aqldan o’tkazmoq kerak,
Ajratib olgach, ta’bir etmoq kerak.
5972. Nima der eshitgin ta’birchi hakim,
Fikrini so’rasin gar tush ko’rsa kim.
5973. Bilib bilmay tushga ta’bir aytmagil,
Qanday ta’bir berilsa, bo’lar shu xil.
5974. Tushda tashvish tortsa, xursand bo’ladi,
Shodlikni ko’rsa gar qayg’u keladi.
5975. Bir xil bo’lmas aslo tushning ta’biri,
Puxta o’ylash kerak uning har birin.
5976. Avomning tushiga ta’bir boshqacha,
Beglarning tushi ham butkul boshqacha.
5977. Tushda sevinsa gar, ko’rsa raqs, o’yin,
Qayg’u, alamlarning ochilgay yo’li
5978. Tushida yosh to’kib, tortsa u kulfat,
Shod bo’lib rohatda yashagay albat.
5979. Shunday tushlar borki, diqqat qil bunga,
Foydasi birovga naf yo’qdir senga.
5980. Odamga qarab ta’bir bo’lar tush,
Arziga mos kelar unga aqlu hush.
5981. Tush shundayki, beg bo’lar birov ko’rib,
Bu tushdan birov xasta, kasri urib.
5982. Qarindosh, bular barin bilmoq kuerak,
Shundan so’ng tushga ta’bir aytmoq kerak.
5983. Sen tushingni aytib ber menga ochiq,
Ta’birin aytayin, ma’nosin ochib.

YETMISH OLTINCHI BOB
O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA TUSH
KO’RGANINI AYTGANI BAYONI

5984. O’dg’urmish aytdi: Fikrim bayon aylayin,
Gaplarim sen dilingga jo aylagin.
5985. Narvon ko’rdim, pog’onalari ellik,
U tiklab qo’yilgan, baland ham enli.
5986. Bir-bir bosib, yuksakka o’rlab chiqdim,
Pog’onasin erinmay sanab chiqdim.
5987. Tepada bir qassob suv tutdi shirin,
Sipqorib ichdim men anglamay sirin.
5988. Shundan so’ng charx urib, men ko’kka uchdim,
Ko’zdan g’oyib bo’ldim, havoni quchdim.

YETMISH YETTINCHI BOB
O’GDULMISHNING BU TUSHGA
TA’BIR BERGANI BAYONI

5989. Javob berdi O’gdulmish: Bu ajib tushdir,
Foydasi ko’p uning, ko’ngilga xushdir.
5990. Nechuk yomon ta’bir berarsan unga,
Ey sofdil, yaxshi ta’bir joiz unga.
5991. Tushda ko’tarilish e’zozdan nishon,
Yuksalish-la ulug’lik kelar, ishon.
5992. Ko’tarilsa, davlat bo’lgay ziyoda,
Hurmatu obro’yi ortar dunyoda.
5993. Narvonga chiqqandek ortadi quti,
Ulug’ bo’lib elda yoyilgay oti.
5994. Bunga ushbu so’z aynan mos bo’libdi,
Tush ta’birin yaxshilikka yo’yibdi:
5995. Azizlik nishonasi tushda narvon,
Har bir pog’onasi bitta hurmat, shon.
5996. Qancha ko’tarilsa, shuncha qadr topar,
Adadsiz mol-dunyo, saodat topar.
5997. Yaxshilik nishonasi suv ichganing ham,
Hayoting ildizi bo’lgay mustahkam.
5998. Ko’kka butkul ko’tarilib ketganing,
Haq yorlaqab, orzularga yetganing.

YETMISH SAKKIZINCHI BOB
O’DG’URMISHNING BU TUSHGA
BOSHQACHA TA’BIR BERGANI BAYONI

5999. Javoban O’dg’urmish aytdi: Bu tushim,
Ta’biri bundaymas, mehribon eshim.
6000. Bu tushni sen ko’rsang ta’biri ayni,
Sen aytgandek go’zal bo’lar baayni.
6001. Himmating bu dunyo uchun bo’lajak,
Bu dunyo istovchi uni topajak.
6002. Dunyoni tark etib, qochib yuribman,
Mashaqqatlar chekib, bunda turibman.
6003. To’g’ri ta’bir etmading tushni menga,
Quloq sol, ta’birin aytayin senga.
6004. Baland pog’onali narvon ko’rganim,
Ta’bircha, qarindosh, tirik yurganim.
6005. Narvon tepasiga qadar chiqqanim,
Yoshim yashab, rizqimni yeb bitganim.
6006. Yuksakka chiqqanda qassob suv tutdi,
Suvin ichdim, o’zligimni unutdim.
6007. U shunday qassobki, otalilarni,
Otasiz qilaru ezar dillarni.
6008. U shunday qassobki, neki obodon,
Ba’rini buzadi, qo’ymas tirik jon.
6009. Idishdagi suvni tugal ichishim,
Tiriklikka yo’yding, o’zayitding yoshim.
6010. Suv sen aytgandek tiriklik erur,
Gar yarmini ichsa, yarim umr qolur.
6011. Suvning yarmin ichib, qolsaydi yarmi,
Qolgan bo’lar edi hayotim yarmi.
6012. Suvning ba’rin ichdim va bo’ldim xushhol,
Tiriklik tugadi, jigar yaxshi qol.
6013. Eshit, zakovatli dono ne degay,
Donolarning so’zi so’z mag’zi bo’lgay.
6014. Gar tushda u suvning ichilsa yarmi,
Bilginki, hayoting tugadi yarmi.
6015. Idishdagi suv gar tugal ichilgay,
Tiriklik tugaydi, lahad qazilgay.
6016. Ko’kka o’rlab, samolarga uchganim,
Ayon ramzdir, havolarni quchganim.
6017. Qindan chiqib uchib ketdi shirin jon,
O’z joyiga qaytib kelmas hech qachon.
6018. Ayon qildi qismatim tushda Egam,
Qazoga hozirlik kerakdir bu dam.

6019. Bu tushning ta’biri shunday, bilarsan,
Lek uni boshqacha ta’bir qilarsan.
6020. Yupatmoq bo’larsan, ko’nglim olarsan,
Ajvl yetdi, qanday chora toparsan.
6021. Ey xushyor, olamga nazar solib ko’r,
O’limdan yer yuzi son-sanoqsiz go’r.
6022. Qancha qasr, o’rda, bezakli saroy,
O’lim vayron etdi, ahvoliga voy.
6023. Qancha jasur beglar holin boqib, bil,
O’lim yerga tiqdi, o’ylab fikr qil.
6024. Ne-ne zo’r bilaklar etganini jam,
Nest-nobud ayladi shum ajal birdan.
6025. O’lim saodat emas, inson o’lar,
Barcha tin olguvchi o’luvchi bo’lar.
6026. Vo ajab, o’luvchi o’zligin bilmay,
O’limni unutib, lof urar tinmay.
6027. G’ofil inson bilsa hamki o’lishin,
Sira tark aylamas g’aflat uyqusin.
6028. O’lim haq, yo’q erur chora-tadbiri,
Ko’z yumilgach ne kechadi taqdirim?
6029. Ey hamdamim, faqat shudir tashvishim,
O’limdan so’ng o’nglanarmikin Haq ishim?
6030. Boriga shukr qilib, kechirdim kunim,
Ko’p mashaqqat tortdim, yoridi tunim.
6031. Qo’lni qisqa qildim, mol-mulk termadim,
Hoyu-havaslarga ko’ngil bermadim.
6032. Shu kunga bor yukim qilganman mo’ljal,
Gunohdan forig’ bo’lmoq yetmay ajal.
6033. Nima der eshitgin, bilim berugvchi,
Jon koyitib, pand-nasihat qilguvchi:
6034. G’ofil bo’lma, tirish, yengillat yuking,
Qildan ham nozikdir o’tar ko’priging.
6035. Bugungi zahmattan qo’rqma, o’lmassan,
Ketar chog’i sira azob ko’rmassan.
6036. Yana aytdi: Ey qarindosh, ketarman,
Ketma-ket orqamdan borib yetarsan.
6037. Bir talay so’zim bor senga aytayin,
Yodda tut ularni sen mendan keyin.
6038. Tirigimda mehr nishonasi bo’lgay,
O’limdan so’ng so’zlarim yodgor qolgay.

YETMISH TO’QQIZINCHI BOB
O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA PAND-NASIHAT
QILGANI BAYONI

6039. So’zim shu qarindosh, g’ofil bo’lmagin,
Yomonlikka umring zoe qilmagin.
6040. Yo’qotma to’g’ri yo’l, doim to’g’ri bo’l,
Tilakka yetkazgay albat ushbu yo’l.
6041. Barcha tirik jonga ko’rsat mehr-shafqat,
Ko’ngil, tilni tuz qil, qilgin ibodat.
6042. Kam tashvish qil, mudom ibodatda bo’l,
Shoshganda og’ir, g’azabda sokin bo’l.
6043. O’limni unutma, hozirlikni qil,
Kimliging unutma, nasl-nasabing bil.
6044. Dunyoga suq bo’lma, afsus chekarsan,
Dunyo qolar, sen o’kinchda ketarsan.
6045. Xudo hukmiga ko’n, ne kelsa ko’tar,
Naf yetkaz xalqingga imkoni qadar.
6046. Chin so’zla, so’zing tugal, but bo’lgay,
Yolg’onchi kishilar tuban, pas bo’lgay.
6047. Shirin so’z, xushxulq bo’l, chehrang ochiq tut,
Davron kulib boqar, kelaverar qut.
6048. Xushfe’lu sahiy bo’l, non-tuz yedirgin,
Birov aybin ochma darrov yashirgin.
6049. Havasni bos, g’azabda o’zingni tiy,
Nafsing hakkalak otsa, jilovlab tiy.
6050. O’zing emas, yurt nafini ko’zla sen,
Elga yuking ortma, yukchi bo’lgin sen.
6050. Mol-mulking barini elga hadya qil,
Ey dono, shu bilan elni shodmon qil.
6051. Asil odam birovning kuniga yarar,
Birov uchun jonini fido aylar.
6052. Behad yaxshi aytmish ko’p sara kishi,
Aqlli, bilimli, es-hushli kishi:
6053. Insonlar sarasi foydali kishi,
Odamlar ulug’i mehribon kishi.
6054. Insoniylik ikki fazldan iborat,
Biri – mehribonlik, biri – sahovat.
6055. Ko’r, aql-zakovat aytar bundan-da xo’p,
Aql-zakovat yo’lin tutsang nafi ko’p.
6056. Saxiy deb atarlar, kimdir u saxiy,
Jon fido aylab, o’tar birov haqin.
6057. Saxiylik emasdir ulashmoq kumush,
Saxovat el-yurtga jon fido etish.
6058. Saxiy mulkin xalqqa oqizsa suvdek,
Odamlar u tomon oqadi suvdek.
6059. Dunyo shuhrati ikki narsa erur,
Bri – mol-tovar, biri – obro’ erur,
6060. Ikkisin topib, ming yil yashasa ham,
Ahvol bo’lak bo’lar, ajal yetgan dam.
6061. Avom xizmat qilsa, beg buyuk bo’lar,
Uzanggi bormi, jilov mahkam bo’lar.
6062. El-yurt, davlat foydasi shudir elig,
Yetish mahol, yetganda qariydi beg.
6063. O’zing ko’chuvchisan, noming o’chuvchi,
Bir kun keladi – o’lim, ko’chirguvchi.
6064. Ko’chuvchi kishi qurmas qasru saroy,
Yuruvchi yo’lda qolmas o’n ikki oy.
6065. O’zingni yo’lovchi bilgin, qarindosh,
Ortiqcha quvonma, bekor kerma qosh.
6066. Bu dunyo o’tkinchi, boqiy qolgusiz,
O’luvchi erur jon, kuni belgisiz.
6067. O’limning changali tayyor turajak,
G’ofil bo’lsang, shum qarmog’i ilajak.
6068. Bu dunyo taomdir, sen yeyuvchining,
Nomini aytaqol, holim yo’q mening.
6069. Orzu ketidan quvma, havasni tiy,
Birovni g’iybat qilma, tilingni tiy.
6070. Nima deydi quloq sol ko’ngli xushyor,
Unga amal qilsang, zahmat bo’lmas yor.
6071. Orzuga berilmak ko’p totli erur,
Ertaga so’rog’i ko’p og’ir erur.
6072. Shiringa – bemaza, chuchukka – achchiq,
O’rlashga tushish bor, balanga botik.
6073. Jilvakor suluvga o’xshaydi dunyo,
Ey xusnixulq, avrab qo’ymasin ro’yo.
6074. Xarob qildi dunyo sendek ko’plarni,
O’tkazdi eligdek talay beglarni.
6075. Ko’z ochib, sizlarga qo’lin tutdi, bil,
Ey xulqi pokiza, bo’lmagin g’ofil.
6076. Nima bergan bo’lsa, qaytib olgay u,
Nima yiqqan bo’lsa, qaytib sochgay u.
6077. Qancha kuldirsa-da, oxir yig’latar,
Qancha obod qilsa, shuncha qiyratar.
6078. Fe’li tuban, qilmishi jafo butun,
Nuri kamdir, aksariyati tutun.
6079. Bezanib o’zini u ko’z-ko’z qilar,
Ko’ngil bersang, oyoq tirab noz qilar.
6080. Shakar bilan kutib, so’ng bergay og’u,
Ey dono, bevafo baxtning fe’li shu.
6081. Ne deydi eshit taqvodorlar boshi,
Gapin uq, ey sohibi davlat kishi:
6082. Qolguvchi dunyoga sen berma ko’ngil,
Ey vazmin atvorli, jafokashdir ul.
6083. Aql-zakovatda tengi yo’q bir er,
Yaxshi fikr aytmish, tingla nima der:
6084. Bevafo qutni deb yo’ldan adashma,
Qut ishonchsiz, yo’rig’ingni almashma.
6085. Bu dunyo va davlat misli ko’lanka,
Bir yerda turmagay hech vaqt ko’lanka.
6086. Diningni qadrla, dunyoni xor bil,
Ey ilmi daryo, din qadrli qilar, bil.
6087. Rohatga mast bo’lma, sevinma, o’yla,
Xudoni yodda tut, toatni ko’zla.
6088. Davlat mast qilmasin seni qarindosh,
Hushing yiqqach, shaksiz to’lar ko’zga yosh.
6089. Yurtga bosh bo’lgan beg ne deydi, tingla,
Aqlan sinab aytgan so’zini angla:
6090. Kimni avrab mast qilsa, davlat kelib,
Yer qa’rida dodlar yurak yorilib.
6091. Ulug’likka mast bo’lib haddan oshar,
U qora yer qa’rida azob tortar.
6092. Yigitlik, boylik, qut mastligi yomon,
Sharob mastligidan battar begumon.
6093. Ichuvchi mast bo’lsa, ichimlik ichib,
Hushyor tortar turgach, uyqisi o’chib.
6094. Davlat mast qilsa, kishi xushyor tortmas,
Ajal yetmaguncha uyg’ona olmas.
6095. Noming qul bo’ldi, qilma beglar ishin,
Olloh qulligin qil, ey yaxshi kishi.
6096. Tiriklik kunlari bil ko’pga bormas,
Ulug’lik shavkati uzoqqa bormas.
6097. Minga kirsa hamki, inson o’lguvchi,
Ulangan tan-jon bari uzilguvchi.
6098. Bunga monand kelar, eshit ushbu so’z,
Dilingga jo etgin, ters o’girma yuz.
6099. Barcha orzu tilakka yetsang-da gar,
Tiriklik suvin topib ichsang agar.
6100. Qo’l sunub osmonni tutsang agarda,
Bosh ko’kka yetsa-da, yurgaysan yerda.
6101. Senga to’g’ri gapni aytay, qarindosh,
Neni yashirayin, ey dili tutash.
6102. Nechuk suymas inson dunyo mollarin,
Bu ne’mat, go’zal yuz noz-ishvalari.
6103. Farog’at, ne’matdan kechganim hamon,
Eshigini yopdi vafosiz jahon.
6104. Haqdan insonni yiroq etgay dunyo,
Ezgu ishdan qaytarib turgay dunyo.
6105. Shuning-chun undan kechar dono om,
Zahmat chekib yugurar, kezar olam.
6106. Qay biri tog’da yurar, ungur uyi,
Yemish – ildiz, ichishi yomg’ir suvi.
6107. Qaysi biri cho’llarda sarson kezar,
Haq qo’rqinchi bilan nadomat chekar.
6108. Biri juldir kiygan, bukirdir xarob,
Biri olam kezar, ko’z yoshi selob.
6109. Biri ovqat yemay o’zin qiynaydi,
Biri tik oyoqda, ko’zin yummaydi.
6110. Shu zayil yurarlar uyg’ongan kishi,
Biz g’aflatga botgan – g’ofillar boshi.
6111. O’zingni asragin endi, qarindosh,
Dunyo senikidir, unga o’zing bosh.
6112. Nafs bo’ynini uz, hoyu-havasga bos,
Aqlu hush, mardlikning nishonasi shu, bas.
6113. Ikkisi-la o’zin yo’qatar inson,
Bularga kim asir, kuyar xonumon.
6114. Paymonam to’lgandir, vaqti o’lgulik,
Sening yo’ling shu, qilgin ezgulik.
6115. Yomonga qo’shilma, fe’ling yaxshi qil,
Yomon ikki olamda baloda, bil.
6116. Ne der eshit, ko’nglini tiygan kishi,
O’limdan oldin ishini qilgan kishi:
6117. Yomonlikka jahdli bug’ro tuyadek,
Yomon bo’lgin, yomon oshi og’dek.
6118. Ayo yo’rig’i ko’p budun o’ktami,
Boq, o’lim buzgaydir tiriklik tomin.
6119. Ayo men deguvchi, bas qilgin meni,
O’limga hozirlan, u istar seni.
6120. Ey baxl, ko’zi och, dunyoning quli,
O’lim ko’zin tikkan tutgani qo’ling.
6121. Ey qarindosh, afsus bilan ketarman,
Ikki holdan qattiq tashvish chekarman.
6122. Biri – toat-ibodat to’xtab qolar,
Ikkinchisi – Haq yodi tildan qolar.
6123. Bugun yoki erta yumilsa ko’zim,
Duoga hojandmand bo’lurman o’zim.
6124. Duoda unutma meni qarindosh,
Orqamdan keluvchi sen ham bir izdosh.
6125. Ahvolimga boqqin, undan ibrat ol,
Najot topgin, o’lim kelmasdan avval.
6126. Qazo yetdi, afsus bilan ketarman,
Hozirlik ko’r, sen izimdan yetarsan.
6127. Sendan ayrilarman dilda g’am bilan,
Qachon topishgayman men Egam bilan.
6128. Nima deydi eshit, o’luvchi kishi,
So’nggi damda boshin uruvchi kishi:
6129. Ko’z yoshim shash qator, shafqatsiz o’lim,
Shirinni bemaza qilar bu o’lim.
6130. Ikki yo’l bor erur, tutganda o’lim,
Qay biri bo’lar, bilmam, mening yo’lim.
6131. Yana aytdi: Qarindosh menga qara,
Hasratimda qilmagin ko’ngling yara.
6132. Mendan keyin yig’lama, ko’ngling buzma,
O’zing bos, fikr et, duoying uzma.
6133. Yig’i-sig’i qilma, sabrli bo’l o’zing,
Xudoning amri bu, bas qilgin so’zing.
6134. Izingga qayt endi, tez uyingga bor,
Qayg’u, hasrat chekib, ko’ngling qilma tor.
6135. Zarur gaplarimni bayon ayladim,
Unutma ularni, dilga joylagin.
6136. Eligga yetkazgin sen mendan salom,
Ey dono, bu so’nggi salom, vassalom.

O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI

6137. Seni tashlab ketsam, deydi O’gdulmish,
Bo’lmaydimi axir tuban, uyat ish.
6138. Yolg’izlikda qiynar seni og’ir dard,
Zoti pok, yoningda lozim bir hamdard.

O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA JAVOBI

6139. Yana aytdi O’dg’urmish: Tashvish qilma,
Ketaver, sen mening g’amimni yema.
6140. Haq yodi ovutar, tasalli berib,
Ishlarim o’nglagay, ahvolim ko’rib.
6141. Kimni Egam aziz qilsa, ulug’lab,
Omad bergay hamma ishini o’nglab.
6142. Behad yaxshi aytmish to’g’ri so’z kishi,
Ko’p ishlarni ko’rgan tiyrak ko’z kishi:

6143. Xuds kimni qo’llab, bersa inoyat,
Ikki dunyo obod, topar saodat.
6144. Xudo fazlin topgan, topar baxt-iqbol,
Topar ikki dunyo, soz bo’lar ahvol.
6145. Kimni xor aylasa, agarda Holiq,
Xoh it, xoh bo’ri, tang bo’lar holi.
6146. So’zin bo’lib aytdi u: Ey qarindosh,
Endi ket, omon bo’l, sira to’kma yosh.

………………

6147. O’gdulmish quchoqlab o’pdi jigarin,
O’ksinib yig’ladi, ezib jigarin.
6148. U g’ordan o’pkasin bosolmay chiqdi,
Ot minib, noiloj u yo’lga chiqdi.
6149. Uyiga yetdi u g’amnok, bechora,
Shodligi yo’qoldi, dil g’amdan pora.
6150. Nechog’li zaifdir, ko’r inson holin,
Sevinch oz, tashvishdan zabun ahvoli.
6151. Tilgiga yetsa, sevinch quvnatar,
Qayg’u kelsa agar alam yig’latar.
6152. Suyganini topsa, sevinsa kulib,
Ayriliq oni qolar ma’yus bo’lib.
6153. Goho ovuntirar visol shodligi,
Goho yig’latadi firoq otligi.
6154. Firoqdan qattiqroq nima bor biron,
Firoq qayg’ulari dengizdan teran.
6155. Tirik ayrilsalar yana topishar,
Qidirib, izlashib, qayta qovushar.
6156. O’lim barchasidan qattiqroq firoq,
O’limga chora yo’q, yo’q tadbir, yaroq.
6157. Har narsa firoqi yaqin yo yiroq,
O’limning firoqi yiroq bir firoq.
6158. Bunga monand bu baytni albat o’qi,
O’qisang ochilgay mag’zining to’qi:
6159. O’lim barchasidan qattiqroq firoq,
Yosh to’kar firofni ko’ruvchi qaroq.
6160. Vasl umidi bor, tirik yetsa firoq,
O’lgan visolidan umid yo’q biroq.

………………

6161. Yeb-ichib O’gdulmish dam oldi bir oz,
Taxoratin olib, o’qidi namoz.

6162. Quyosh ufqdan og’ib, yashirda yuzin,
Qora osmon izladi uning izin.
6163. O’ringa kirdi-yu, tinchib yotmadi,
Qayg’u, alam bilan mijja qoqmadi.
6164. Tashqariga chiqdi, ko’zdan to’kib yosh,
Osmon yuzi bo’lgan go’yoki habash.
6165. Uyga kirib, yana yotdi bir muddat,
Yuragi xun, dardi ortdi beadad.
6166. O’zin pastga oldi oy – Rumiy qizi,
Yanada qoraydi osmonning yuzi.
6167. Uyqu kelmay ko’zin samoga tikdi,
Hulkar og’ib qoldi, demak tun bitdi.
6168. Ko’zin ko’kdan uzmay xo’rsindi uzun,
Zulmat quyuqlashdi, ado bo’lmas tun.
6169. Shu zayilda yotib, ko’zlari toldi,
Ezilgan ahvolda u uxlab qoldi.
6170. Sharqdan yonib chiqdi Mushtariy lov-lov,
Yog’ining o’tidek yonar u olov.
6171. Boshini ko’tardi Yetti qaroqchi,
Yildiriq, Ayg’ir kuyiga og’moqchi.
6172. Erantiz boshini egdi yer tamon,
Quyosh ilk nurini sochdi shu zamon.
6173. Yuvinib, namozni ado etdi u,
Ollohga hamd-sano, shukr aytdi u.
6174. Oltin tusin oldi hududsiz olam,
Yonog’i qizardi dunyoning shu dam.
6175. Otin minib, darrov yo’lga tushdi u,
Elig huzuriga yeldek uchdi u.
6176. Ildam yurib, ichkariga shoshdi u,
Taklif kutib, o’zin zo’rg’a bosdi u.
6177. Elig hayron bo’ldi unga bir qarab,
Ko’ngli cho’kkan edi, ahvoli xarob.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

6178. Elig aytdi: Holing nechuk, ayt qani,
Ey sabri, alamnok ko’rdim seni.
6179. Ne tashvish ortildi boshingga bu kun,
G’am nishonin ko’rdim, manglaying tugun.
6180. Nechuk qizil yuzing so’lib, sarg’aydi,
Nega dunyo seni bargdek sarg’aytdi?
6181. Hali o’girmadi sendan qut yuzin,
Vafosiz baxt, dunyo o’ynatar ko’zin.
6182. Falak charx uradi ra’yingcha sening,
Oyu kun, vaqt tug’ar maylingcha sening.
6183. Sira siolganim yo’q men qoshu qovoq,
Bag’rim ochiq, o’zim tutarman quvnoq.
6184. Senga kim yetkaz bunchalar alam,
Darding ayt, ahvoling bayon et, bolam.
6185. Bu qanday g’am-tashvish soati erur,
Fe’li sobit, rostin bilmog’im zarur.
6186. Boshingga mashaqqat, g’am tushsa sening,
Aytgin, haldovatim bo’lgaymi mening?

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

6187. O’gdulmish arz etdi dilda borini,
Qarindoshin dardi va ahvolini.
6188. Huzuriga borib nelar ko’rganin,
Aytdi qanday pandu o’git berganin.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

6189. Elig ko’ngli buzilib, oqdi yoshi,
Dedi: Attang, edi ko’p yaxshi kishi.
6190. Tangri nisor etsin uning jonini,
Quritmasin aslo qaynoq qonini.
6191. Yana aytdi: Hozir ahvoli nechuk?
Tashlab kelmoqqa ko’ngling ko’ndi nechuk?
6192. Holi ne kechadi axir qarovsiz?
Kim xabar oladi, bo’lsa u yolg’iz?
6193. Sabr etmading nechun boshida turib?
Kimga tashlab kelding, shu holda ko’rib?

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

6194. Aytdim, deya javob berdi O’gdulmish,
Ko’p o’tindim, ey ilmi daryo bo’lmish.
6195. Meni qaytardi u, quloq solmadi,
Yalinib-yolbordim, gapim yoqmadi.

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

6196. Elig aytdi: Tangri asrasin uni,
Dardga shifo berib, turg’izsin uni.
6197. Kim agar Ollohga bog’lasa ko’ngil,
Uni xor aylamas Egam, ey o’g’il.
6198. Qay bir qul hammadan o’girsa yuzin,
Yaratgan Holiqqa topshirsa o’zin,

6199. Shubhasiz asragay qudratli Bayot,
Tilakka yetkazgay, topar yaxshi ot.
6200. Bu so’zga quloq sol, mos kelar unga,
Dilingga jo ayla, amal qil unga.
6201. Haqqa sig’in, hamma narsadan qo’l uz,
Til, ko’ngilni pok tut, fe’lingni qil tuz.
6202. Xudo bergusidir barcha tilaging,
Shaytonga o’t ochgin, Haqni tilagin.
6203. Elig yana aytdi: Ey O’gdulmish, bas,
G’am-g’ussaga cho’mib yurgulik emas.
6204. U taqvo timsoli, yaxshidir o’zi,
O’lsa yorlaqagay Egamning o’zi.
6205. Ey dono, bizga ham navbat yetadi,
Ne topdik olamda bari yitadi.
6206. Afsus, biz umrni zoe qilibmiz,
Nafs yomon, nafsga qul aqlu dilimiz.
6207. O’tgan kunlarimiz bugun bo’ldi tush,
Nechuk kechganiga guvoh tengu tush.
6208. Zoe qilmaslik kerak bu qolgan umr,
Hoyu-havasga dil bermaslik zarur.
6209. Ne tadbir qilmagin jon oxir o’lar,
O’limdan so’ng ming bir pushaymon bo’lar.
6210. Bundan buyon nafsing etmasin sehr,
Elning dardin tinglab, ko’rsatgin mehr.
6211. Qutqarmoqqa intil o’zingu meni,
Ajriga ko’rsatgay rohat yo’lini.
6212. Eshitgin nima der fe’li muloyim,
Egam qullariga mehribon doim.
6213. Yaxshilikka gar kim yaxshilik qilgay,
Ko’zing och, Haq unga ajrini bergay.
6214. Yomonlik qilsa kim o’ziga qilar,
Yomonlik javobi yomonlik bo’lar.
6215. Yomonlik istasang mayli qil uni,
Javobi qaqshatar,bilib qo’y shuni.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

6216. O’gdulmish aytdiki: Ey dono elig,
O’git ber bizlarga, o’rgatgin bilig.
6217. Shunda odil qonun bo’lgay hukmron,
Olloh yorlaqagay begliging har on.
6218. Baxt quchib yashasin uzoq hoqonim,
Fido bo’lsin unga bu tanu jonim.
6219. O’luvchiga faqat yaxshi nom bo’lgay,
Parvardigor bu nomni boqiy qilgay.
6220. O’lim pusib kelar, g’aflatda yotma,
O’tkinchi dunyo-la o’zing ovutma.
6221. Yaxshi so’zlar aytmish bilimdon tili,
Shu yanglig’ bo’lajak taqvodor tili.
6222. Yashirin turadi ko’rinmas ajal,
Mahv bo’lar qulf urgan umid bemahal.
6223. Qaro yer bo’ladi yaxshiyu-yomon,
Qazo yetib, kuni bitsa begumon.

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

6225. Elig aytdi: Haq bersa menga tavfiq,
Hukm ijro etay shunga muvofiq.

………………

6226. So’zin bo’lib elig hayolga toldi,
O’gdulmish tashqari tomon yo’l oldi.
6227. O’gdulmishning ko’ngli zimiston bo’ldi,
G’am-tashvishda yurak-bag’ri qon bo’ldi.
6228. Qarindosh g’amida ado bo’ldi u,
Kuyib, o’zligidan judo bo’ldi u.
6229. Joni ko’p achidi qarindoshiga,
Borishga ahd qildi uning qoshiga.
6230. Elig huzuriga borib yukindi,
Elig uning holin ko’rib o’kindi.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

6231. O’tindi u: Jigarim yoniga boray,
Ijozat ber, holidan xabar olay.
6232. Yolg’iz holi ne kechdi ekan bilay,
Tirik bo’lsa agar holini so’ray.

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

6233. Elig aytdi: borsang ko’p yaxshi bo’lar,
Yaqinlik, oqibat ziyoda bo’lar.
6234. Tezroq bor, men uchun ham hol so’ra,
Dardiga shifo top, ko’ngliga qara.

………………

6235. Ho’sh, debon uyiga shoshdi O’gdulmish,
Hoziroq lozimdir tog’ tomon yurish.
6236. Tamaddi qildi-yu, otin tutdi u,
Qarindoshi tomon yeldek uchdi u.
6237. Yaqin kelgach toqaa piyoda yurdi,
Eshik taqillatib, ijozat so’rdi.

SAKSONINCHI BOB
QUMORUNING O’GDULMISHGA O’DG’URMISHNING
VAFOT ETGANINI AYTGANI BAYONI

6238. Ovoz berdi darrov Qumoru (5) chiqib,
Salom berdi, ko’zlaridan yosh oqib.
6239. Yaqin kelib dedi: Bag’ring tig’lama,
Xudo sabr bersin, aslo yig’lama.
6240. Qarindoshing ketdi dunyoni tashlab,
O’zingni qiynama ko’zingni yoshlab.
6241. Oh urib aylama joningni halak,
O’limga chora yo’q sabrdan bo’lak.
6242. Tug’ilgan o’lajak, ketar shirin jon,
Na beg, na qul, rasul qolmas hech qachon.
6243. Biz uchun ham o’lim tayyor buni uq,
O’limga bir tadbir, yarog’, chora yo’q.

5. Qumoru – vasiyat, meros. Bu yerda O’gdulmishning xizmatkori

6244. O’gdulmish oh urdi, yoshi shashqator,
Bag’rini tig’ladi, bo’lib beqaror.

SAKSON BIRINCHI BOB
QUMORUNING O’GDULMISHGA TA’ZIYA
BILDIRGANI BAYONI

6245. Qumoru to’xtatdi, ochma deb aza,
Haq hukmiga bo’lgin chin dildan rizo.
6246. Hammaga o’limning kelar payti bor,
U ketdi, sen ham bo’l qazoga tayyor.
6247. Nega oh-voh qilib, o’zing qiynaysan,
Ranj chekkan mazlumdek tinmay yig’laysan.
6248. Tangri ato etgan edi shirin jon,
Qaytarib oldi u bu ruhi ravon.
6248. Qaytarib kelmoqning yo’qdir imkoni,
Biz ham albat topshirarmiz bu jonni.
6249. Ziyorat qil qarindoshing qabrini,
Taskin topib, oshirarsan sabringni.

SAKSON IKKINCHI BOB
O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA MOTAM
TUTGANI BAYONI

6250. Borib ko’rdi qorindoshi qabrini,
Duo birla ko’zdan to’kdi abrini.
6251. Ey jigarim, bir bor boqsang netgaydi,
Hasratlarim bari arib ketgaydi.
6252. Vaslingga yetmoqqa bor edi umid,
Vo darig’, shum ajal qildi noumid.
6253. Endi nechuk halovat topgay jonim,
Alamdan o’rtangay ruhi ravonim.
6254. Hayot deganlari tush kabi ro’yo,
Tunu kun haqingga qilgayman duo.
/ Matn tushib qolgan /

SAKSON UCHINCHI BOB
ELIGNING O’GDULMISHGA TA’ZIYA
BILDIRGANI BAYONI

6255. Bu xabarni bilib darrov keldi xon,
Astoydil o’kindi, ko’zlari giryon.
6256. Elig aytdi: O’zing bos, yig’ib ol aql,
Endi yodlar haqiga duolar qil.
6257. Xudo yorlaqasin bu O’dg’urmishni,
Avf etsin endi gunoh – qilmishini.
6258. G’amingni aritsin, ko’rma yomonlik,
Quvonch barsin, do’zoxdan top omonlik.
6259. Tambalab eshik, tarki dunyo etma,
Gung bo’lib, elu yurtdan nari ketma.
6259. Bu yanglig’ fe’l-atvor senga yarashmas,
Es-hushli odamsan, yo’ldan adashma.
6260. Birov zulm qildimi, yastini aytgin,
Ranjitdimi birov, shashtingdan qaytma.
6261. Ollohning hukmi shu-etgandir qazo,
Qazoga rozi bo’l, ochmagin aza.
6262. Ko’z yoshi ne uchun, oh urmoq bekor,
Bu yomon qiliqdan voz kechmoq darkor.
6263. Yuksalgan pasayar, tug’ilgan o’lar,
Berilgan olinar, tinadi yurar.
6264. Qarindosh o’limi senga bo’lsin pand,
Sabr qilsang topib savob, yersan qand.
6265. O’lim – ibrat, bilsa tirik qolguvchi,
Bu saboqdir, qani ibrat olguvchi.
6266. O’lim padini tingla, holimga boq,
Qazo yetdi, senga ham kelar, evoh.
6267. Bunga monand bu baytni tinmay yod et,
Ma’nosin uqib ol, dilingga jo et:
6268. Sendan avval o’tgan olamda minglar,
Holiga boq deya nasihat qilar.
6269. Vaqtimni chog’ etib yurdim g’aflatda,
Qazo yetdi, ketdim, qolma g’aflatda.
6270. O’gdulmishdan takror so’radi elig,
Qanday o’lganin ayt, lozim bilgulik.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

6271. Bayon etdi neki ko’rib, bilganin,
O’dg’urmish neni nasihat qilganin.
6272. Rakva (6) bilan aso bor-yo’q esdalik,
Oldiga qo’ydi u ko’rsin deb elig.

6. Rakva – yuvinishda ishlatiladigan meshga o’xshagan charm idish

6273. Qarindoshim menga qoldirgani shu,
Dunyoda orttirgan bisotidir bu.
6274. Niyat qilib elig birini olgay,
Baxt keltirgay, kuniga yarab qolgay.

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

6275. Qo’l uzatib, asoni oldi elig,
Baxt keltirsin, dedi ushbu esdalik.
6276. Rakvani sen olgin, sog’insang uni,
Unga boqib, ko’rgandek bo’l yuzini.
6277. O’gdulmish qo’l sunib, rakvani oldi,
Yuragi ezilib, ko’zga yosh oldi.
6278. Elig aytdi: Yaxshi ibratdir bu kun,
O’ylab ko’rsa, aqli bor oqil uchun.
6279. U ajib yashadi, qoldi bu olam,
Ey dili pok, ortib qoldi bizga ham.
6280. Eshit, nima deydi xulqi muloyim,
Ishga aql birla qo’l urguvchi doim:
6281. Bu dunyo narsasi hech ortib qolmas,
Qancha oz bo’lmasin hech yetmay qolmas.
6282. Qusuri ming, fazilati bir olam,
Taqdirda neki bor, ko’nikar odam.
6283. O’lgandan so’ng molu dunyo ne hojat,
Topganlar quvonar, o’lgan behojat.
6284. Qarindoshing tark etdi dunyo molini,
Yupun kiyib, yedi arpa nonini.
6285. Shu zayilda yashadi, o’lib qolmadi,
Tekinxo’rlarga hech vaqo qolmadi.
6286. Tunu kun jahd qildi, aridi tashvish,
Pisand qilmadi u ne zahmat, yumush.
6287. Tadbirin ko’rdi u, qutildi bu kun,
Holimiz ne kechar, bu jumboq, tugun.

………………

6288. Pand berdi elig yaxshi so’zlar bilan,
Ezgulik istadi chin dili bilan.
6289. Qasriga yo’l oldi u gapin bo’lib,
Uyiga kirdi u hasratga to’lib.

………………

6290. Bir necha kun O’gdulmish ochdi aza,
Qayg’u alamlardan yuragi zada.
6291. Asta-sekin unutildi bu alam,
Zavq-shavqdan qayta qulf urdi qalbi ham.

6292. Yaxshi aytmish el-yurtni boshlar kishi,
Bilim birla el ishin ishlar kishi:
6293. Qayg’u seni qancha etmasin asir,
Qancha yig’lamasin ko’z kular axir.
6294. Dunyoning yo’rig’i shu ko’pdan buyon,
Vaqt o’tgan sayin ortar yaxshi-yomon.
6295. O’gdulmish qayg’usin unutdi tamom,
Xizmatin ettirdi qaytadan davom.
6296. Xarislik bilan u kirishda ishga,
Tunu kun band bo’ldi faqat yumushga.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

6298. Elig O’gdulmishni chaqirdi xoli,
So’radi yurt ishin, xalqning ahvolin.
6299. Dedi: Xalq ahvoli, yurt ishi nechuk?
El bizdan rozimi, kun o’tar nechuk?
6300. Menga ko’z-quloqsan, yurtning jilovi,
Qo’lingdadir, topgin har ish qalovin.
6301. Saltanatdan chetlab, chekding g’am-alam,
Ishlaring tuzukmi, ruhingmi bardam.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

6302. O’gdulmish aytdiki: Ey g’amxo’r hoqon,
Elning kayfi yaxshi, duoda har on.
/ matn tushib qolgan/
6303. Koni zarar so’z, ko’z, nafs, shahvat o’ti,
Bular erur ibodatning ofati.
6304. Kimki nafsin tiysa, kamroq so’zlasa,
Yomonlarni o’zdan nari quvlasa.
6305. Orzu-havasga bo’lolsa ega,
G’azab oni hukmi o’tsa o’ziga.
6306. Shu erur bilimdon, shu erur oqil,
Oqil, tamkib inson sifatli, bil.
6307. Jon ozig’i oqillarning so’zlari,
To’g’ri, haqgo’y bo’lar ular o’zlari.
6308. Yomonlarga tutmas o’zni yaqin,
Keraksizga boqmas, saqlagay haqin.
ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

6309. Elig aytdi6 Behad go’zal so’zlading,
Foydalidir ham samimiy so’zlaring.
/ matn tushib qolgan/

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

/ matn tushib qolgan/
6310. Baloyi nafs jafokor, gustoh erur,
Zulmga zulm qilib, o’zni tiymoq zarur.
6311. Kishi nafsin suysa, yaxshilik qilib,
Javob qaytarar monlik qilib.
6312. Juda yaxshi aytmish kishi sarasi,
Bu so’z erur jafokor nafs chorasi:
6313. Kimga vafo qilsang, jafoga shay bo’l,
Jafokor zulmini qilar, tayyor bo’l.
6314. Kimni yaqin tutsang, doim hushyor bo’l,
Qaqshatgay yomonlik bilan seni ul.
6315. Bu uchining semizi yomon erur,
Biri – it, biri – qush, biri – nafs erur.
6316. Izmingga solishni istasang och qo’y,
Bo’ynin egib, yo’lga kirar, cho’zmas bo’yin.
6317. To’q bo’lsa qush agar hech don izlamas,
It semirib ketsa, ovni ovlamas.
6318. Nor tuyadek qutirar, gar qonsa nafs,
Yaxshilikni tashlab, qochadi abas.
6319. Qushing ov qilmasa, bir o’rdak zarar,
Iting ov qilmasa, bir suvsar ketar.
6320. Nafsing xuruj qilsa – bo’yni yo’g’ondir,
O’tga tashlr seni, qismat fig’ondir.
6321. Tinch yashaydi faqir, hech vaqosi yo’q,
Boriga shukr qilar, o’tar ko’ngli to’q.
6322. Qorin oshga to’yib, gar engil bitar,
Yumushin bajarar, ibodat etar.
6323. Bu davlat, ulug’lik, iqbol kishini,
Takabbur qiladi, buzar ishini.
6324. G’urur yiroq aylar Xudodan qulni,
Oqillar tutmas sira bunday yo’lni.
6325. Faqir qolmas dunyoda, boy ham o’lar,
Oq kafanga o’ralib, qora yer bo’lar.
6326. Faqir o’lsa qutular, mehnat bitar,
Boy o’lsa mol qolar, g’am olib ketar.
6327. Bunga mos kelar bu so’z, o’yla, fikr et,
Sen undan foyda ol, dilga zikr et:
6328. Ey ne’mat sohibi, mehtaning – o’lim,
Ey ne’mat sohibi, ne’mating – o’lim.
6329. Faqir o’lsa qutilar, tugaydi azob,
Boy o’lsa boshlanar azobli hisob.

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

6330. Elig aytdi: Ko’pdir bu dunyo ichi,
Ilonu chayonga to’la deguvchi.
6331. Yemishi juda oz, zaharlari ko’p,
Maqtarli ishi oz, nuqsonlari ko’p.
6332. Oqil qo’li qisqa, olar narsa yo’q,
Olimlar och yurar, tuz-namagi yo’q.
6333. Nodonlarga jannat erur bu jahon,
Muhtojlik neligin bilmas hech qachon.
6334. Oqilga bu dunyo tikonzor, toshloq,
Jarohat bo’ladi gar bossa oyoq.
6335. Donoga bu dunyo bamisli zindon,
Qorni nonga to’ymay o’tar bilimdon.
6336. Bor-yo’g’idan kechib zog’id bo’ldi u,
Taqvo yo’lin tutdi, obid bo’ldi u.
6337. Biz dunyo domiga tushgan faqirmiz,
Egam rahmetmasa, holi haqirmiz.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

6338. Gaplaring haq erur, dedi O’gdulmish,
Har jihat aqlga muvofiq kelmish.
6339. Dunyo harakati fe’liga monand,
Go’yoki b to’ymas ajdarho monand.
6340. O’zi semirtirib, asraydi o’zi,
Sillasin quritib, go’shtin yer o’zi.
6341. Bu ishlarga boqib, hayrating oshar,
Anglayolmay dunyoni aqling shoshar.
6342. Bilmay gunoh qildi Odamu Havvo,
Noravo bo’ldi ul jannatul ma’vo.
6343. Shundan buyon kechdi talay asrlar,
Kelib ketdi talay ne beg, ne erlar.
6344. Biri olim yaraldi, mard o’lg’on,
Biri tik qoyadek mag’ruru nodon.
6345. Biri aql sohibi, tengsiz donishdir,
Biri telba, nodon, ishi koyishdir.
6346. Tug’ildi qancha rasul, omil da’vatchi,
Haq hukmi-la chin yo’lga hidoyatchi.

6347. Biri oz yashadi, biri ko’p uzun,
Biri jonin tikib, uqtirdi so’zin.
6348. Qay shakkok iblisdek Haqqa tosh otdi,
Dunyoning razolat loyiga botdi.
6349. Bu baytni o’qigin, mag’zini chaqqin,
O’zingni tuzatgin, holingga boqqin.
6350. Xoh olim bo’l, xoh yasha talay zamon,
Xoh davron sur bo’lib sen sohibqiron.
6351. Baribir o’larsan, qora yer makon,
Qazo yetganida chekkung pushaymon.
6352. Ne-ne bilimdonu betimsol dono,
Boqiy qolmadilar, topdilar fano.
6353. Go’yo yashamagan dunyoga kelib,
Qora yer qa’rida yotarlar chirib.
6354. Bu olamda turli inson bitdi, ko’r,
Sovuq tuproq birin qo’ymay yutdi, ko’r.
6355. Muhtasham saroyu qasrdan ketib,
Tuproqda yotarlar mahsharni kutib.
6356. Uyqudami, uyg’oq, butmi jon, tani,
Hollari ne kechar, biluvchi qani?
6357. Bu kun muhtoj ular bir ezgulikka,
Chog’lari kelmagay yeb-ichgulikka.
6358. G’amgin bo’lib tinmay anduh chekarlar,
Bir ilinji – bizdan duo kutarlar.
6359. Xudo ato etdi bizga bu kunni,
Uvoldir behuda otkazsak uni.
6360. Tavfiq bersin bizga mehribon Egam,
Barcha ezgulikni aylasin hamdam.

………………

6361. Eligning sha’niga aytdi ko’p olqish,
Madh etdi, uzoq umr tilab O’gdulmish.
6362. Naslu nasabingga yetmasin zavol,
Sensiz qolsa olam bo’ladi uvol.
6363. Orzularing bo’l nedan iborat,
Tangri yorlaqasin qilib hidoyat.
6364. Yana qanday tilak bo’lsa yetkazsin,
Egam murodingni to’liq bitkazsin.
6365. Uzoq umr ko’rgin sen shodu xurram,
Farog’atda yasha bo’lib mukarram.
6366. Sek kishi o’lsa, yurtga musibat,
Qaro yerda chirisa, g’ussa albat.
6367. Nachora, shunday erur dunyo ishi,
Haq shunday tartib bergan, beglar boshi.
6368. Sendaylar o’zi ketsa, nomi o’lmas,
Qilgan ezguligi hech adobo’lmas.
6369. Bevaqt ketsang yoki yashasang uzun,
Ezgu noming, baribir, bo’lgay fuzun.
6370. Do’stlaring ko’paysin, orttirib mehring,
Dushmaning mahv bo’lsin, kengaysin yering.

………………

6371. Turib yer o’pdi u, tugatdi so’zin,
Otin minib, uy tomon bdi yuzin.
6372. Yeb-ichdi-yu, birdan charchoq bilindi,
O’ringa cho’zilib, ko’zi ilindi.
6373. Barvaqt turib yana kirishdi ishga,
Buyurdi, kuzatdi, ovundi ish-la.
6374. Ko’ngil, tilin, fe’l-atvorin tuzatdi,
Egrini tuz yo’lga solib, kuzatdi.
6375. Dunyo obod bo’ldi, ortti mehr-vafo,
Iqbolga yor bo’ldi el, bitdi jafo.
6376. Yaxshi o’tib ketgay, yo’qolmas oti,
Nomi tildan tushmas, ibrat hayoti.

………………

6377. O’ylab ko’rgin endi, bu yanglig’ kishi,
Odammi, farishtaga o’xshar ishi.
6378. Shunday pok zotlar edi burungilar,
Kim deb ataladi, ayt, burungilar.
6379. Ey dono, biz inson atalsak shaksiz,
U zotlar farishta erur shubhasiz.
6380. Ularning fe’l-atvori hamda so’zin,
Bilmoq kerak naq saodatning o’zi.
6381. Uquvli uqadi, bilimli bilar,
Inson o’lar, bu dunyo undan qolar.
6382. Umring g’animat bil, zoe bo’lmagay,
Toat qil, bundan ortiq naf bo’lmagay.
6383. Oldinglar o’tdi, qaytib kelmagay,
Bundan ortiq pand-nasihat bo’lmagay.
6384. Bari qolar – qasr, saroy, o’rda, oshyon.
Nechuk bundan ibrat olmaydi inson.
6385. Qancha o’rda, qancha metin istehkom,
O’lim buzib, qildi yer bilan yakson.
6386. Qancha shahar, qishloq, qancha bog’-bo’ston,
O’lim vayron etdi, qilib ship-shiydon.

6387. Qasr, o’rda, saroylar senga qolajak,
Fikr et, shuning o’zi o’git bo’lajak.
6388. Behisob lashkaring sohibi qani?
Yer ostin makon etdi, bitgach kuni.
6389. Qani, elim oz deb ochko’zlik qilgan?
Qayga ketdi bugun ko’p elni olgan?
6390. Qani birov mulkin ko’zlagan yovqur?
Ikki quloch yerda tinchgina yotur.
6391. Qani u musulmon qonin to’kkuvchi?
Nechuk yerga kirdi, ishlatmas kuchin?
6392. Barchani ranjitgan fosiq, dilozor,
Tuproqqa teng bo’lib yotibdi nochor.
6393. Dunyoni talashgan qani zo’ravon,
Dunyo joyidadir, u bo’ldi vayron.
6394. Qani dunyo mol-mulkin yiqqan ochko’z,
Olib ketdi faqat ikki parcha bo’z.
6395. Qani hududsiz yer istagan kishi,
Ikki gaz yer yetdi, tugadi ishi.
6396. Dunyoning ahvoli shu yanglig’ erur,
Puxta tahlil etib, anglamoq zarur.
6397. Rohati – mashaqqat, shodliklari – g’am,
Qadrlashi – xorlik, ovunchi – alam.
6398. Boshingga ne kelsa, chida, zorlanma,
Rohating zahmati bordir, orlanma.
6399. Sen ey, mashaqqatga sabr qilguvchi,
Quloq sol, nima der ta’lim berguvchi:
6400. Ey ne’mat sohibi, shukr qil, yegil,
Ey mehnat sohibi, sabr qil, egil.
6401. Mehnat ne’mat bo’lar, agar sabr qilsang,
Ne’mat ortiq bo’lar, agar shukr qilsang.
6402. Bu kungi davronga, dono, nazar sol,
Yo’l-yo’riq o’zgardi, o’zgacha ahvol.
6403. Bilimli xor bo’ldi, o’zin tutgaylar,
Donolar lol bo’ldi, so’zin yutgaylar.
6404. El-yurtda ko’paydi yaramas kishi,
Yuvosh ozor chekdi, xam bo’ldi boshi.
6405. Yuz yuvishni bilmaydigan benamoz,
Mard-botir ataldi, topib imtiyoz.
6406. Fasod tarqatuvchi ataldi asil,
May ichmas pokdomon ataldi baxil.
6407. Nomozxon, ro’zador, taqvoli kishi,
Munofiq ataldi, ey yurtning boshi.
6408. Harom avjga chiqdi, halol toptaldi,
Haromxo’rlar dilin mog’or qopladi.

6409. Halol nomi qoldi, asli o’zi yo’q,
Harom qaroqchi bo’ldi, tiyuvchi yo’q.
6410. Qani u haromni harom deguvchi,
Haromdan voz kechib, halol yeguvchi.
6411. Haqiqiy taqvodor kishi kim, qani?
Qiyomatda taqvo qo’llagay uni.
6412. Harom birla behad qoraydi ko’ngil,
Halolni qaerdan toparsan, o’g’il.
6413. Bunga monand keldi, eshitgin bu so’z,
Yaxshilab uqib ol, ayo ko’ngli tuz.
6414. Harom birla ko’nglim bo’ldi qora, kir,
Bilimga amal qilmadim yuzdan bir.
6415. Tan-jon bo’yin bermas, havoga asir,
Toatga toqat yo’q, ochaqolay sir.
6416. Olam tarzi mutloq bo’lak bo’ldi, ko’r,
Odam ko’ngli tildan bo’lak bo’ldi, ko’r.
6417. Vafo bitdi, jafo avj oldi chunon,
Yo’q ishonib, tayangudek bir inson.
6418. Jigarlar oqibatdan voz kechdilar,
Do’stlar sadoqatni tark etdilar.
6419. Kichikda odob yo’q, kattada bilim,
Qo’pollar ko’p erur, yo’qdir muloyim.
6420. Yaqinlik bo’ldi, bas, faqat pul uchun,
Ish qilguvchi qani faqat Haq uchun.
6421. Omonat nomi bor, tutguvchi qani?
Nasihat so’zi bor, qilguvchi qani?
6422. Amri ma’rifqilguvchi kishi qani?
Nahiy munkar etguvchi kishi qani
6423. Savdogar omonat vasfin tark etdi,
Hunarmand pand-o’git nafin tark etdi.
6424. To’g’ri ayta olmas bilimli so’zin,
Ayolda hayo yo’q, yashirmas yuzin.
6425. To’g’rilik yo’ldoshi, keldi egrilik,
Olamda qolmadi biron Tangrili.
6426. Bari olam pulning quli bo’ldilar,
Kimda kumush bo’lsa, bo’yin egdilar.
6427. Jamoat ko’p edi, masjid esa oz,
Endi masjid ko’pu jamaotlar oz.
6428. Nima der eshitgin taqvodor kishi,
Buni dilga jo et, yaxshilar boshi.
6429. Qani u, to’g’rilik qilguvchi, qani?
Haq uchun do’st bo’lib yurguvchi qani?
6430. Afsus, yalpisiga buzildi olam,
Yo’q bundan hayratga tushguvchi odam.

6431. Musulmon yovlashib, go’shtin yeyishar,
Kofirlar xotirjam davron surishar.
6432. Talon-taroj bo’ldi musulmon moli,
Kim bor halol-haromni ajratgali.
6433. Tunlar uxlatmas fisq-fujur suroni,
Ovozi chiqmaydi ilmu Qur’onning.
6434. Tillar behad yumshoq, dillar tosh qotdi,
To’g’rilik yo’qoldi, zulmatga botdi.
6435. Otalik qiladi otaga o’g’il,
O’g’il hokim bo’ldi, ota esa qul.
6436. Ochko’zlik ko’paydi, g’am-tashvish bisyor,
Shodlik zavol topdi, hayot tangu tor.
6437. Faqir, tul, yetimni qo’llaguvchi yo’q,
Olam o’zgardi, hayron bo’lguvchi yo’q.
6438. Behad yaxshi aytmish dono, ilmi keng,
Dunyoni ko’p ko’rgan, sahiy, fe’li keng.
6439. Zamon oxirlashdi, qonun buzildi,
Yomonlarni ko’rib, yaxshi buzildi.
6440. Bilimdon anglaydi, oqil tushungay,
Oy-kun o’tgan sayin olam buzilgay.
6441. O’g’il-qiz unutdi ota hurmatin,
So’kishga aylandi keksaning oti.
6442. Qonunlar buzildi, qadri qolmadi,
Oq bilan qoraning farqi qolmadi.
6443. Bu bari qiyomat nishoni erur,
Nishoni ko’ringan kun albat kelur.
6444. Qodir Egam imonimiz saqlasin,
Balo-qazo, qitnalardan saqlasin.

………………

6445. Tugatdim to’rt oltmish ikkinchi yil,
Qalb qori-la jilo berdim, o’qib bil.
6446. Chog’im yetguncha so’zim bitdim men,
Ey o’quvchim, zora hissa olsang sen.
6447. Qanday bo’lmoq kerak yo’iing, yo’ling,
Fikrim aytdim, puxtala asos – uling.
6448. Bu dinning yo’lidir ham dunyo yo’li,
Bu yo’ldan og’ishma, yo’qotma yo’ling.
6449. Dunyoni tilasang uning yo’li shu,
Oxirat istasang uning izmi shu.
6450. Bajo et qulliging, Xudo bergay kuch,
Bir yo’l tanla, niyatingni qilma uch.
6451. Ey tangrim, sharh etdim dildagi so’zim,
Maqsadim neligin bilarsan o’zing.
6452. Niyat shuhrat emas, topmoq yaxshi ot,
Birov g’amin yedim, xoh o’z, xohi yot.
6453. Kitobxon o’qisa meni yod etgay,
Umidim, haqimga u duo etgay.
6454. Tilagim shu edi, umid shu faqat,
O’quvchim duoda yod etsa albat.
6455. Tilim bayon etdi va yozdi qo’lim,
Tilu qo’limga ham yetadi o’lim.
6456. Til, qo’lning nishoni shu kitob erur,
Uni senga hadya etdim, ey mag’rur.
6457. Unutma meni sen tirik kitobxon,
Dunyodan ketib men tuproq quchgan on.

………………

6458. Sen mangu behojat, ulug’ Egamsan,
Avf etib, qulingning g’amin yegaysan.
6459. Haq yo’ldan adashgan gumroh o’zimman,
Gunohim kechirgin, Egam o’zing san.
6460. Sen Egamsan, men quling, qul oti qul,
Egamsan, fozilsan, menga ega bo’l.
6461. Ojiz qulman, sen xojasan, ey g’afur,
O’zing qo’lla, gunohlarim et afu.
6462. Jumla mo’minlarni o’zing yorlaqa,
Sharqdan G’arbgacha barini alqa.
6463. Tubanman, tubandan keladi paslik,
Rahmdilsan, kech gunohim qilmay sustlik.
6464. Ifordan ifor tarqab, etgay sarxush,
Paliddan hid kelar badbo’y va noxush.
6465. Umidim o’zingsan, yolg’iz quvonchim,
Umidim uzmasman sendan tayanchim.
6466. Gunohkor qulingman, qilmishim jafo,
Vafodor Egamsan, qil menga vafo.
6467. Ey Egam, jafodan keladi jafo,
Vafoning oqbati faqat vafo.
6468. Yorlaqagin jumla mo’minni Egam,
Ko’p qatori afu ayla meni ham.
6469. Salomimni yetkaz ulug’ elchiga,
Haq yo’lga boshlovchi dono yo’lchiga.
6470. Chohar lariga mendan ko’p salom,
Yetkazgin Xudoyim mendan bardavom.

SAKSON TO’RTINCHI BOB
YOSHLIKKA ACHINIB, QARILIK HAQIDA
AYTGANLARI

6471. Suzuvchi bulutdek yigitlik o’tdi,
O’tkinchi yel kabi tiriklik bitdi.
6472. Esiz yigitligim, o’t-olov yoshlik,
Tutib qololmadim, ketding beboshlik.
6473. Yoshligim koshki yana qaytib kelgay,
E’zozlay men uni, shohiga burkay.
6474. Yoshligim qaylarga ketdi, bilmadim,
Daragin topmadim, tinmay izladim.
6475. Jonning rohatidir hayot lazzati,
Yoshlikdek hech narsa yo’qdir lazzatli.
6476. Murg’aklik lazzatin, yoshlik rohatin,
Kerak payt yo’qotdim umr farog’atin.
6477. Qaridim, g’oz turgandan manfaat yo’q,
Umrni zoe etdim, endi najot yo’q.
6478. O’tgan yoshligimga kuygum, vodarig’,
Bor ko’rkimdan ayrilb bo’ldim karih.
6479. Qizil yuzim edi misli arg’uvon,
Unga urug’ sepdi bugun za’faron.
6480. Ifordek qora boshga kofur sochildi,
To’lin oydek yuzga chakich sanchildi.
6481. Bahoriy bog’ edim, gul to’la ahsan,
Quritdi barini bu fasli xazon.
6482. Chinordek bo’yim to’g’ri edi o’qdek,
Yoy kabi egildim, munkaydim yo’qdek.
6483. Hayotim behuda shod-xurram o’tdi,
Bugun-chi ko’zlarim qonli yosh to’kdi.
6484. Sabiylik bitdi, yoshligim yo’qotdim,
Kunim qaro bo’ldi, yo’lim yo’qotdim.
6485. Yeb-ichish bo’lsa, yeb-ichdim mol kabi,
Havasning ketidan quvm yel kabi.
6486. Orzu qush ovuga bo’ldim mahliyo,
Yoshlik o’tdi, jilov uzgan toy go’yo.
6487. Do’stlarimga bo’ldim suyukli jondek,
G’animlarni qo’rqitdim nayza – tikondek.
6488. Zulm o’tkazdim qancha begunoh jonga,
Til, qo’lim uzun qildim insonga.
6489. Yovni yenggan mardlar kabi kekkaydam,
Qoyo toshdek mag’rurona tikkaydim.
6490. G’aflatda ekanman mastdek, uyg’ondim,
Adashganim bilib Haqdan uyaldim.

6491. Toatni qo’yib insonga yukindim,
O’zim har yon urib, tinmay yugurdim.
6492. Orzu ketidan quvib, har yon chopdim,
Qutirgan bo’ridek barchani qopdim.
6493. Insonni bandi qilib, oldim pulin,
Zulm qilib og’ritdim ko’pning dilin.
6494. Buning hisobini so’rasa Egam,
Uyatdan topolmam bir bahona ham.
6495. Bundan ortiq telbalik bo’lmas hayhot,
Kunlarga mahliyo kechirdim hayot.
6496. Sevinch bitgshanidek mashaqqat chekdim,
Oy, kunlar o’kinchda behuda o’tar.
6497. Farazan va Xisrov, Qaysardek bo’ldim,
Od va Shamshoddek bog’i Eram qurdim.
6498. Iskandardek jahonni oldim to’la,
Yashamadim Nuh umrin bira to’la.
6499. Na chaqmoq qilichli hazrat Aliman,
Na olamga mashhur Rustam valiman.
6500. Na Isodek samolarga uchdim men,
Nushiravondek adolat tutdim men.
6401. YO Qorun mol-dunyosidek ganjim yo’q,
YO As’hobi Ra’sidek temir shahrim yo’q.
6502. Hamon yerga qaytgach, bularni netdim,
Dunyo qoldi, faqat bo’z olib ketdim.
6503. Yalong’och keldim, yerga shunday kirgum,
Nechun dunyoga buncha ko’ngil bergum.
6504. O’tkinchi dunyo yeldek o’tdi-ketdi,
Bu dunyoga o’zimni asir etdim.
6505. Hayotda foydali ne yu`ush etdim,
Ezgulik donini qaylarga ekdim.
6506. Nima ekkan bo’lsam shuni o’rgumdir,
Nima o’rsam shu bilan shod bo’lgumdir.
6507. Yoshlik o’tdi, yetib keldi qarilik,
Ne so’z aytdim, lozim tavba qilgulik.
6508. Uzun tunlar uxlamay ibodat qil,
Gunohkor bandasan, vaqt g’animat bil,
6509. Asragan tanangni qurt, ilon yeydir,
Buncha parvalishlash boisi nedir.
6510. Ey g’ofil, xushyor tort, g’aflatdan uyg’on,
Ibodatga shoshil, yeldek o’tar on.
6511. Keksalik keldi-yu, yigitlik ketdi,
Ketar yo’l tayindir, halovat bitdi.
6512. Ko’hna dunyo ko’p avradi odamni,
Qay birin dey, muncha sevdim olamni.

6513. YO rab, g’ofil emas, xushyor qil meni,
Mehring darig’ tutma, pok et dilimni.
6514. Gunohim kechguvchi o’zingsan faqat,
Men darrov unutgum, sen qil marhamat.

SAKSON BESHINCHI BOB
ZAMONA BUZUQLIGI VA DO’STLAR
JAFOKORLIGI BAYONI

6515. Turayin, yurayin, olam kezayin,
Dunyoda vafodor bormi, izlay men.
6516. Odam qahat bo’ldi, chin inson qayda,
Topish mumkin bo’lsa, tinmay izlay men.
6517. Bor tilagim topdim, odam topmadim,
Agar topsam, yuzlariga boqay men.
6518. Vafo qahat, dunyo jafoga to’ldi,
Kimda vafo bo’lsa, ozroq so’ray men.
6519. Agar topsam sodiq, sahiy odamni,
Boshimga ko’tarib, ko’zga suray men.
6520. Gar topmasam men vafodor kishini,
Yovvoyi kiyik birla umr so’ray men.
6521. Ildiz yebon, yomg’ir suvin ichayin,
Qumda yotib, kanopdan to’n kiyay men.
6522. Vahshiy bo’lib, dashtlar aro yugurib,
Odamdan qochib, olamdan ketay men.
6523. Bu kam bo’lsa, dunyoni butkul tashlab,
Daryo kabi oqay, eldek to’zay men.
6524. G’amga botdim, vafosizlarga uchrab,
Kim vafodor bo’lsa, jonni tikay men.
6525. Odam nomi qoldi, odamiylik yo’q,
Odamiylik qayda, izlab boray men.
6526. Mehribon kimsa yo’q, izlab topmadim,
Bemehrga qanday ko’ngil beray men.
6527. Ko’zdek yaqin tutsam kimni o’zimga,
Shaytondek yov bo’ldi, nima qilay men.
6528. Kimni suysam, jonimdan ortiq bildim,
Undan jafo ko’rdim, kimni sevay men.
6529. Ko’ngilni bilmoqqa so’zi kifoya,
Til, dili boshqa, kimga ishonay men.
6530. Musibat oni kimni hamroh qilay,
Kimga ishonib, kimni do’st tutay men.
6531. Kimga ko’ngil qo’yib, kimga dard aytay,
G’amga botdim, dardim kimga to’kay men.
6532. Yoru birodarlarga umid qolmadi,
Jigarlar yotdek, nechuk til ochay men.
6533. Ishonchu aminlik ont bilan bo’lsa,
Qasamni tutguvchini mard atay men.
6534. Nonu tuz haqini bilguvchi bormi,
Oltin, kumush, gavharga g’arq atay men.

6535. G’am-tashvishga sherik qo’shnilar qani,
Bisotimda bor-yo’g’imni beray men.
6536. Ishonsa bo’lgudek yor-do’stdan kim bor,
Uni hukdor qilib, quli bo’lay men.
6537. Chin inson topmadi, hasrat chekarmi,
Alamlardan bezdim, shodon kulay men.
6538. Nechun aynidi el, odatin buzib,
Qanday kunga qoldim, qayga ketay men.
6538. Telba bo’ldimmikin yo aqldan ozdim,
Nelarni so’zladim, aytgin, uqay men.
6539. YO savdo zo’rayib, aynidi miyam,
YO shunday tuyular, dori ichay men.
6540. YO menga duch keldi shunday kishilar,
YO tole’im ters, fikrimdan kechay men.
6541. Vafodan lof urgan kishilar qani,
Vafo nomi qoldi olqish aytay men.
6542. Ular tuzgan nizom, tartibi qani,
Agar mavjud bo’lsa, quvnab yayray men.
6543. Yo’q ersa aytsinlar qanday bo’lishin,
Yaxshi to’rga chiqsin, pasni hayday men.
6544. Yaxshilar o’tdi, tartib-yo’sin bitdi,
Yomon qoldi, qaydan yaxshi topay men.
6545. Bo’yi borning bari inson sanalsa,
Ular farishtamidi, ne bilay men.
6546. Ular o’ldi, bular bilan qoldim men,
Qanday yuray, qay bir ishga yaray men.
6547. Qancha so’zlamayin ado bo’lmas so’z,
So’zning ozi yaxshi, endi netay men.
6548. Menga bundan ortiq yaxshilik yo’qdir,
Yurtni tashlab, odamlardan qochay men.
6549. Otim bilmay o’zimni ko’rmasinlar,
Izlab topmasinlar, so’z tugatay men.
6550. Chayondek chaqarlar, chivindek so’rib,
Itdek qoparlar, qay birin uray men.
6551. Zor yig’ladim, paskashlarga duch keldim,
Afsus-nadomatda qonlar yutgaymen.
6552. Jabru sitam menga kelmasin tinmay,
Razil, paskashlardan setroq yuray men.
6553. Iloho, Rasulning vaslin nasib et,
Chohor yuzlarini ko’ray men.

SAKSON OLTINCHI BOB
KITOB EGASI YUSUF XOS HOJIBNING O’ZIGA
NASIHAT QILGANI BAYONI

6554. Bilim o’rgan, bilim to’rdan joy berar,
Bilim mustahkam qo’rg’on olam aro.
6555. Bilimsiz qalb, til nimaga ham yarar,
Ilm birla suvdek el kuniga yara.
6556. Bilaman deb ilmdan yiroq bo’lgaysan,
Nodon sanalasan olimlar aro.
6557. Qancha bilsang hamki, o’rganuvchi bo’l,
Orzuying ushalgay, yana ilm so’ra.
6558. Bilim hududi va tubi yo’q dengiz,
Sinchalak qanchalik suv ichib – so’rar.
6559. Ozroq ilming bilan boshing aylanar,
Bilmas o’zingni o’zingdan et yiroq.
6560. Bilimli yozilmas, o’y-fikrga g’arqdir,
Nodon doim shodmon, qahqaha urar.
6561. Dononing g’ami ko’p, u nechuk kulgay,
Bilimsiz takadek o’ynoqlab yurar.
6562. Dono zanjirbanddir, bilimsiz ozod,
Nodon kishanlansa, kishanni uzar.
6563. Bilim istab, ma’rifatga qo’l cho’zdim,
So’zdan inju terdim, fikrni tuzar.
6564. Turkcha so’zlar misli yovvoyi kiyik,
Zo’rg’a tutdim uni, sho’x javlon urar.
6565. Silab erkalatdim, bo’yin berdi tez,
Shunda ham hurkib, o’zin har yon urar.
6566. So’zni tutib, orqasidan ergashdim,
Ifor kabi atri anqib, gurkirar.
6567. To’g’ri so’z so’zladim, achchig’u dag’al,
Haq so’zni ko’targan unib, gurkirar.
6568. O’quvchimga malol kelmasin deya,
Uzrimni aytaman unga ming bora.
6569. To’g’ri so’zdan boshqa so’zni so’z dema,
To’g’ri-yu, egrining farqi oq, qora.
6570. Bitdim to’rt yuz oltmish ikkinchi yilda,
So’zim aytdim, jonim etib sadpora.
6571. So’zim tamomladim o’n sakkiz oyda,
Terib, saraladim, bo’ldim ovora.
6572. Rango-rang chechakdek atri ufurar,
Har bir so’zga berlim jilo-yu, oro.
6573. Bu so’zlarni aytib, tugallardi kim,
Buloqdek oqar tinmay olam aro.

6574. Ey Yusuf, kerak so’zni so’zla ro’y-rost,
Yomon so’zni yashir, qilmishi qora.
6575. So’zni ko’p so’zlading, ta’mi ketmasin,
Ko’p so’zdan insonlar zerikib borar.
6576. Dunyo bevafodir, qilmishi jafo,
Ey oqil, undan o’zing tutgin ayro.
6577. Dunyoga sen behad mehr qo’ygaysan,
Tezroq undan ko’ngil uzib, bo’l ayro.
6578. Dunyoga ishonma, bo’lmagin emin,
Xudoga sig’ingin qattiq yolbora.
6579. Bevafo bu dunyo ko’plarni ko’rdi,
Ne zotlar adashib bo’ldi yuz qora.
6580. Senga tuzoq qo’ydi, bezanib, kulib,
Aldanib mehr qo’yma unga bir bora.
6581. Davron surgan ne-ne dunyo beglari,
O’lim tutgach, ketdi yig’lab yolbora.
6582. Yoshlik zoe ketdi, esiz kunlarim,
Umr tugab borar, yurak ming pora.
6583. Necha ming yashama, o’lim muqarrar,
Mol-dunyoying qolar, bo’lma ovora.
6584. Umidim o’zingdan, asragin Egam,
G’aflat uyqusidan uyg’otib, qara.
6585. Sendan qochib, talay gunohlar qildim,
Bugun sig’inarman senga yolbora.
6586. Nega ishongansan bechora manman,
Nimaga tayangansan bila ko’ra.
6587. Yo’rig’u yo’lingni tuzatgin tezroq,
Ikkala olamda chiqqaysan to’ra.
6588. Shodlikdan asar yo’q dunyoda sira,
O’z holimga qo’ymas bu dunyo, qara.
6589. Tilu nafsingni tiy, ortiq uxlama,
Ko’zing yum, quloq yop, rohatda yur-a.
6590. YO Rab, mo’minlarni o’zing yorlaqa,
Yashasin quvonib, rahmating aro.
6591. Rasulga yetkazgin salomim mening,
Chohar yorlar hurmatin etgum ado.

065

(Tashriflar: umumiy 1 511, bugungi 1)

Izoh qoldiring