Vinsent Van Gog: O’z yo’lingdan chekinma!..

033   Ван Гогнинг мактубларини бундан қарайб 40 йилча аввал ўқиганман. Мактублар билан танишганимда, уларда покиза қалбли,муҳаббати рад этилган, таҳқирланган, асарлари узоқ вақт тан олинмаганидан беҳад изтироб чеккан,ижодий изланишларидан доимо қониқмаган инсон қисмати мужассам бўлганини дил-дилдан сезиб,изтироб чекканман. Мана шу таассурот натижаси ўлароқ, мусаввирга бағишлаб шеър ёзганман, унинг бир мактубидан олинган ва муҳаббати учун ҳар қандай азобу қийноққа тайёр инсон юрагининг нидоси акс этган парчани «Бибихоним қиссаси» асаримга эпиграф қилиб олган эдим. Мана ўша парча: «Мен ёниб турган чироқ устида қўлимни тутиб: “Қўлимни қанча тутиб туришга чидасам, шу вақт ичида уни кўришга имкон беринг”, — деб ўтиндим. Аммо, улар чироқни ўчириб, “Сен уни кўрмайсан”, — дедилар…» (Хуршид Давроннинг «Пол Верлен, Винсент Ван Гог ва Рауф Парфи» мақоласидан)

«ЎЗ ЙЎЛИНГДАН ЧЕКИНМА!..»
Винсент Ван Гог мактубларидан иқтибослар
Азиз Имомов тайёрлади
09

044Ҳаётлиги чоғида тан олинмаган даҳо, жунунваш мусаввир Винсент Ван Гог (30.03.1853—29.07.1890) сиймоси ғаройиб афсоналарга йўғрилган. Беором қалб соҳибини ўртаган ўй-хаёллар, қайғу ва изтиробларни англаш, ҳис этиш осон эмас. Айнан шу сабаб рассомнинг бебаҳо картиналари билан ёндошликда битилган шахсий мактублари ҳам биз учун қимматли. Қуйида келтирилган битиклар Винсентнинг ягона сирдоши ва дўсти — укаси Тео Ван Гогга йўллаган кўп сонли мактубларидан иқтибослардир. Ҳаёт дафтарига айланган бу кўнгил изҳорлари мусаввирнинг ижоди, мураккаб тақдирига янада теран назар солишга имкон беради.

09

Менинг тақдир сувратимга битилган бахтсизликлар қанчалик оғир ва давомли бўлмасин, қалбим тубида ҳамиша соф гармония ва мусиқа яшайди. Энг фақирона кулбаларда, ғуборли ошёнларда мен ўз қалам чизгиларим, картиналаримнинг сюжетларини кўраман ва енгилмас бир куч мени шу томонга чорлайверади. Ана шу олам бағрига қанчалик чуқур кирганим  сари бошқа мақсадларим ўз аҳамиятини йўқотаётганини сезаман ва улардан озод бўлганим сари кўзларим гўзалликни шу қадар ўткир кўради. Санъат қатъиятли меҳнатни, ҳеч нарсага қарамай ижод қилишни ҳамда доимий кузатувчанликни талаб қилади. Қатъият замирида мен нафақат оғир меҳнатни, балки турли одамлар эътирозига қарамасдан, ўз йўлингдан  чекинмасликни ҳам тушунаман.

Ҳаёт ўтиб бораётир ва уни орқага қайтаролмайсан, бироқ айнан шу сабабли мен бор кучимни ижодга бағишламокдаман. Афсуски, ижод қилишинг учун доимо имкон бўлавермайди. Менинг ҳолатимда (бу ўринда рассом ўзи йўлиққан руҳий дардни назарда тутмоқда) эса бу янада оғир, ахир одатий хуружлардан кучлироқ бўлган руҳий тапваса мени рассом сифатида бутунлай йўқ қилиши мумкин.

Кўпчиликнинг айтишича, мен ҳаддан зиёд тез ишлайман. Бунга сира ишонма. Мени бошқарувчи кучлар — табиатни ҳис эта билишдаги самимият, ҳаяжон гоҳида шу қадар қудратли бўладики, ўзинг сезмаган ҳолда ишлайсан, суртма кетидан суртма худди нутқдаги ёки хатдаги сўзлар каби табиий кўринишда туғилаверади. Фақат шуни ёдда тутмоқ керакки, бундай сермаҳсуллик доим ҳам бўлавермайди ва келажакда сени талайгина қийин кунлар — илҳом учқунлари сўнган кунлар  кутади. Демак, темирни қизиғида бос,вақтни фақат чўкичланган асарларни бир четга суришга сарфла. Менда ҳали намойишга қўйиш мумкин бўлган эллик асарнинг ярми ҳам тайёр эмас ва шу йил охиригича барчасини битиришим керак. Аввалдан шуни биламанки, уларни, албатта, тезпишарликда айблашади.

Жиддий истеъдодга эга рассом меҳнатлари самарасини кўришга умид қилиши шарт эмас. Афсуски, импрессионистларни тушунишга ва суюшга қодир даражада ақлли бўлган мухлисларнинг салмоқли қисми уларнинг асарларини сотиб олиш учун ҳаддан ташқари камбағал.

Бордию рассом бўлганингда, эҳтимол, кўп нарсалар, хусусан, рангтасвир ва у билан боғлиқ барча машғулотлар жисмоний жиҳатдан оғир меҳнатни талаб қилишини кўриб ҳайратга тушардинг. Ақл ғайрати ва қалб туғёнларидан ташқари у сендан янада кўпроқ нарсани сўрайди ва бу жараён кундан кунга кучаяверади. Қурбонликлар шу қадар улканки, рангтасвир билан шуғулланиш ҳарбий юришда, жангда ёки урушда қатнашиш билан баробар.

Касаллик мени тўшакка михлаган вақтда ташқарида ҳўл қор ёғди. Беҳисоб оқ парчалар юлдузларнинг музга айланган кўз ёшлари мисол меҳр тафтини излаб ер бағрига талпинар, бир зумда эриб кетарди. Бир куни тунда ўрнимдан турдим ва деразам қаршисида узоқ вақт  бу манзарани завқ билан томоша қилдим. Оҳ, табиат ҳали менга бу қадар кўнгилга яқин ва руҳиятга бой қиёфада кўринмаган эди.

Ҳар сафар юлдузларга боқаману беихтиёр орзуларга эрк бераман, худди жуғрофий харитада шаҳарлар белгиланган қора нуқталарни томоша қилгандек ҳайрат оғушига чўмаман. Ўзимга савол бераман: нега Франция харитасидаги қора нуқталардан кўра кўкдаги ёруғ нуқталарга етишиш мушкул? Поезд бизни елдириб Руанга ёки Тарасконга олиб боргани каби ўлим ҳам бизни юлдузлар томон элтади. Шундай бўлса-да, бу мулоҳазалар орасида фақат бир нарса баҳс уйғотмайди: токи биз тирик эканмиз юлдузларга етолмаймиз, худди ҳаётдан кўз юмганимиздан сўнг поездга ўтиролмаганимиз сингари.

Аслида бизнинг номимиздан фақат картиналаримиз сўзлаши керак! Ҳа, азиз укажон, мен ҳамиша буни сенга таъкидлаганман ва ҳозир хаёлларимни қатъий ирода кучи ила бир жойга жамлаб, шуни жиддий суратда такрорлайман — сен Коро картиналарини сотувчи оддий савдогар эмассан. Мен орқали сен ҳам баъзи картиналаримни яратишда иштирок этдинг ва бу ижод намуналари ҳатто бўрон чоғидаям сокинлик сақлашга қодир. Уларни биз яратдик ва бизнинг шарофатимиз билан барчаси мавжуд. Маълум бир инқироз сабаб вафот этган рассомларнинг асарларини сотувчилар ҳамда тирик рассомларга тегишли асарлар савдоси билан шуғулланувчилар ўртасидаги муносабатлар кескинлашган айни вақтда сенга айтмоқчи бўлган асосий гапим шу. На илож, ижодим учун ўз ҳаётим ила ҳисоблашдим ва унинг баҳоси идрокимнинг қоқ ярмига тўғри келди.

Юқорида келтирилган сўнгги битик 1890 йил 29 июл куни Оверсюр-Уазда тўппонча ўқидан яраланиб вафот этган Винсент Ван Гогнинг ёнидан топилган охирги мактубидан иқтибос қилинди. Акасининг бевақт ўлими Теонинг руҳиятига кучли таъсир қилди ва орадан олти ой ўтиб, у оғир тушкунлик оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Теонинг ўғли Винсент Виллем Ван Гог ташаббусига кўра 1960 йили машҳур мусаввир номи билан аталувчи жамғарма ташкил этилди. 1973 йилда эса Амстердамда Винсент Ван Гог музейи очилди. Рассомга тегишли кўплаб картиналар, мактуб ҳамда ҳужжатлар ҳозирда ушбу даргоҳда сақланмокда.

Ван Гог ҳақида яна қуйидаги мақолаларда ўқишингиз мумкин:
Хуршид Даврон. Пол Верлен, Винсент Ван Гог ва Рауф Парфи
Ёшико Шибаки. Ван Гогнинг қабри

   Van Gogning maktublarini bundan qarayb 40 yilcha avval o’qiganman. Maktublar bilan tanishganimda, ularda pokiza qalbli,muhabbati rad etilgan, tahqirlangan, asarlari uzoq vaqt tan olinmaganidan behad iztirob chekkan,ijodiy izlanishlaridan doimo qoniqmagan inson qismati mujassam bo’lganini dil-dildan sezib,iztirob chekkanman. Mana shu taassurot natijasi o’laroq, musavvirga bag’ishlab she’r yozganman, uning bir maktubidan olingan va muhabbati uchun har qanday azobu qiynoqqa tayyor inson yuragining nidosi aks etgan parchani «Bibixonim qissasi» asarimga epigraf qilib olgan edim. Mana o’sha parcha: «Men yonib turgan chiroq ustida qo’limni tutib: “Qo’limni qancha tutib turishga chidasam, shu vaqt ichida uni ko’rishga imkon bering”, — deb o’tindim. Ammo, ular chiroqni o’chirib, “Sen uni ko’rmaysan”, — dedilar…» (Xurshid Davronning «Pol Verlen, Vinsent Van Gog va Rauf Parfi» maqolasidan)

«O’Z YO’LINGDAN CHEKINMA!..»
Vinsent Van Gog maktublaridan iqtiboslar
Aziz Imomov tayyorladi
09

Hayotligi chog’ida tan olinmagan daho, jununvash musavvir Vinsent Van Gog (30.03.1853—29.07.1890)  siymosi g’aroyib afsonalarga yo’g’rilgan. Beorom qalb sohibini o’rtagan o’y-xayollar, qayg’u va iztiroblarni anglash, his etish oson emas. Aynan shu sabab rassomning bebaho kartinalari bilan yondoshlikda bitilgan shaxsiy maktublari ham biz uchun qimmatli. Quyida keltirilgan bitiklar Vinsentning yagona sirdoshi va do’sti — ukasi Teo Van Gogga yo’llagan ko’p sonli maktublaridan iqtiboslardir. Hayot daftariga aylangan bu ko’ngil izhorlari musavvirning ijodi, murakkab taqdiriga yanada teran nazar solishga imkon beradi.

09

Mening taqdir suvratimga bitilgan baxtsizliklar qanchalik og’ir va davomli bo’lmasin, qalbim tubida hamisha sof garmoniya va musiqa yashaydi. Eng faqirona kulbalarda, g’uborli oshyonlarda men o’z qalam chizgilarim, kartinalarimning syujetlarini ko’raman va yengilmas bir kuch meni shu tomonga chorlayveradi. Ana shu olam bag’riga qanchalik chuqur kirganim sari boshqa maqsadlarim o’z ahamiyatini yo’qotayotganini sezaman va ulardan ozod bo’lganim sari ko’zlarim go’zallikni shu qadar o’tkir ko’radi. San’at qat’iyatli mehnatni, hech narsaga qaramay ijod qilishni hamda doimiy kuzatuvchanlikni talab qiladi. Qat’iyat zamirida men nafaqat og’ir mehnatni, balki turli odamlar e’tiroziga qaramasdan, o’z yo’lingdan chekinmaslikni ham tushunaman.

Hayot o’tib borayotir va uni orqaga qaytarolmaysan, biroq aynan shu sababli men bor kuchimni ijodga bag’ishlamokdaman. Afsuski, ijod qilishing uchun doimo imkon bo’lavermaydi. Mening holatimda(bu o’rinda rassom o’zi yo’liqqan ruhiy dardni nazarda tutmoqda) esa bu yanada og’ir, axir odatiy xurujlardan kuchliroq bo’lgan ruhiy tapvasa meni rassom sifatida butunlay yo’q qilishi mumkin.

Ko’pchilikning aytishicha, men haddan ziyod tez ishlayman. Bunga sira ishonma. Meni boshqaruvchi kuchlar — tabiatni his eta bilishdagi samimiyat, hayajon gohida shu qadar qudratli bo’ladiki, o’zing sezmagan holda ishlaysan, surtma ketidan surtma xuddi nutqdagi yoki xatdagi so’zlar kabi tabiiy ko’rinishda tug’ilaveradi. Faqat shuni yodda tutmoq kerakki, bunday sermahsullik doim ham bo’lavermaydi va kelajakda seni talaygina qiyin kunlar — ilhom uchqunlari so’ngan kunlar kutadi. Demak, temirni qizig’ida bos,vaqtni faqat cho’kichlangan asarlarni bir chetga surishga sarfla. Menda hali namoyishga qo’yish mumkin bo’lgan ellik asarning yarmi ham tayyor emas va shu yil oxirigicha barchasini bitirishim kerak. Avvaldan shuni bilamanki, ularni, albatta, tezpisharlikda ayblashadi.

Jiddiy iste’dodga ega rassom mehnatlari samarasini ko’rishga umid qilishi shart emas. Afsuski, impressionistlarni tushunishga va suyushga qodir darajada aqlli bo’lgan muxlislarning salmoqli qismi ularning asarlarini sotib olish uchun haddan tashqari kambag’al.

Bordiyu rassom bo’lganingda, ehtimol, ko’p narsalar, xususan, rangtasvir va u bilan bog’liq barcha mashg’ulotlar jismoniy jihatdan og’ir mehnatni talab qilishini ko’rib hayratga tusharding. Aql g’ayrati va qalb tug’yonlaridan tashqari u sendan yanada ko’proq narsani so’raydi va bu jarayon kundan kunga kuchayaveradi. Qurbonliklar shu qadar ulkanki, rangtasvir bilan shug’ullanish harbiy yurishda, jangda yoki urushda qatnashish bilan barobar.

Kasallik meni to’shakka mixlagan vaqtda tashqarida ho’l qor yog’di. Behisob oq parchalar yulduzlarning muzga aylangan ko’z yoshlari misol mehr taftini izlab yer bag’riga talpinar, bir zumda erib ketardi. Bir kuni tunda o’rnimdan turdim va derazam qarshisida uzoq vaqt bu manzarani zavq bilan tomosha qildim. Oh, tabiat hali menga bu qadar ko’ngilga yaqin va ruhiyatga boy qiyofada ko’rinmagan edi.

Har safar yulduzlarga boqamanu beixtiyor orzularga erk beraman, xuddi jug’rofiy xaritada shaharlar belgilangan qora nuqtalarni tomosha qilgandek hayrat og’ushiga cho’maman. O’zimga savol beraman: nega Frantsiya xaritasidagi qora nuqtalardan ko’ra ko’kdagi yorug’ nuqtalarga yetishish mushkul? Poezd bizni yeldirib Ruanga yoki Taraskonga olib borgani kabi o’lim ham bizni yulduzlar tomon eltadi. Shunday bo’lsa-da, bu mulohazalar orasida faqat bir narsa bahs uyg’otmaydi: toki biz tirik ekanmiz yulduzlarga yetolmaymiz, xuddi hayotdan ko’z yumganimizdan so’ng poezdga o’tirolmaganimiz singari.

Aslida bizning nomimizdan faqat kartinalarimiz so’zlashi kerak! Ha, aziz ukajon, men hamisha buni senga ta’kidlaganman va hozir xayollarimni qat’iy iroda kuchi ila bir joyga jamlab, shuni jiddiy suratda takrorlayman — sen Koro kartinalarini sotuvchi oddiy savdogar emassan. Men orqali sen ham ba’zi kartinalarimni yaratishda ishtirok etding va bu ijod namunalari hatto bo’ron chog’idayam sokinlik saqlashga qodir. Ularni biz yaratdik va bizning sharofatimiz bilan barchasi mavjud. Ma’lum bir inqiroz sabab vafot etgan rassomlarning asarlarini sotuvchilar hamda tirik rassomlarga tegishli asarlar savdosi bilan shug’ullanuvchilar o’rtasidagi munosabatlar keskinlashgan ayni vaqtda senga aytmoqchi bo’lgan asosiy gapim shu. Na iloj, ijodim uchun o’z hayotim ila hisoblashdim va uning bahosi idrokimning qoq yarmiga to’g’ri keldi.

Yuqorida keltirilgan so’nggi bitik 1890 yil 29 iyul kuni Oversyur-Uazda to’pponcha o’qidan yaralanib vafot etgan Vinsent Van Gogning yonidan topilgan oxirgi maktubidan iqtibos qilindi. Akasining bevaqt o’limi Teoning ruhiyatiga kuchli ta’sir qildi va oradan olti oy o’tib, u og’ir tushkunlik oqibatida hayotdan ko’z yumdi. Teoning o’g’li Vinsent Villem Van Gog tashabbusiga ko’ra 1960 yili mashhur musavvir nomi bilan ataluvchi jamg’arma tashkil etildi. 1973 yilda esa Amsterdamda Vinsent Van Gog muzeyi ochildi. Rassomga tegishli ko’plab kartinalar, maktub hamda hujjatlar hozirda ushbu dargohda saqlanmokda.

Van Gog haqida yana quyidagi maqolalarda o’qishingiz mumkin:
Xurshid Davron. Pol Verlen, Vinsent Van Gog va Rauf Parfi
Yoshiko Shibaki. Van Gogning qabri

021

(Tashriflar: umumiy 1 607, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring