Кимдир: «Шунча бойлигиа қарамай, тўнғиздек семириб кетганига қарамай,тўйдим демайди», деган эди, ўша заҳоти сени эсладим. Яна кимдир: «Қорни тўқу,аммо доим кўзи оч», деган эди,тағин сен ёдимга келдинг. Бошқа биров: «Ўзи жаллод эмасу лекин кўп бегуноҳ одамни пичоқсиз сўйган» деган эди, тағин сен ёдимга тушдинг.
ГУЛ ПОЧА УЛФАТ
УЧ МАНСУРА ВА БИР ҲИКОЯ
Гулпоча Улфат (1909-1977) ( Гул Поча Улфат тарзида ҳам ёзилади) Афғонистоннинг Машриқий вилоятига қарашли Лағмон қишлоғида руҳоний оилада дунёга келади. Дастлабки таълимни қишлоғида якунлагач,Жалолобод ва Кобилда таҳсил олади. Пушту тилида ижод қилган. Шеърият билан баробар илм билан машғул бўлади. Унинг қуйидаги шеърий,насрий ва адабиётшуносликка оид асарлари босилиб чиққан: «Баҳор нағмаси»,»Ёнган чироқ»,»Луғавий тадқиқот»,»Афғон қўшиқлари», «Олий фикрлар», «Нима ёзиш керак ёки стилистика», «Адабий баҳслар»,»Озодлик хабари», «Танланган шеърлар», «Олий хаёллар ва теран фикрлар», «Ёзув илми» ва ҳ.к.
Гул Поча Улфат 1956 йилда Афғон Тарих ва Адабиёт Академияси («Пушту тўлана») нинг Президентлигига тайинланади. Унинг ташабббуси билан бу даврда мамлакатда илмий,маданий ва адабий ҳаёт янги босқичга кўтарилади.
Гул Поча Улфатнинг ижодида қисқа аллегорик ҳикоялар муҳим ўрин тутади. Бу ҳикояларни белгилаб турувчи,ўзига хос хусусиятлар сабабини адибни ўраб турган ижтимоий муҳитнинг характеридан излаш керак бўлади.
МИЛТИҚ
Бу воқеага бир неча йил бўлди. Афридий қабиласидан бўлган Тўмасхон моманд қабилалари яшайдиган тоғли вилоятдан қишлоғига ўтиб кетаётганди. Қўлида милтиғи бор, ҳеч нарсадан қўрқмасди.
Моманд қабиласидан бўлган Банорасхон Тўмасхоннинг елкасидаги ажойиб милтиқни кўриб, ақлини йўқотаёзди. Момандлар бировнинг қўлида яхшироқ қурол кўриб қолишса, мол-жонини ҳам аямай, уни қўлга киритишга уринишади.
Тўмасхон қишлоқдан анча узоқлашганда орқасидан изма-из келаётган Банорасхон бир пана жойдан туриб:
— Ҳой, милтиғингни дарров ташла-да, бу ердан тезроқ йўқол,—деб бақирди.
Тўмасхон дарров катта бир тошнинг панасига ўтиб олиб, овоз чиққан томонга ўқ узди. Афғон ўлса ўладики, қўлидаги яроғини бировга бермайди.
Қўрқоқлик қилиб, қуролидан ажралган афғондан ҳатто бола-чақалари ҳам ор қилиб, юз ўгиради.
Тўмасхон ўқ овозини зшитиб момандлар Банорасхонга ёрдамга келмшини яхши биларди. Шунинг учун у ўз рақибини тезроқ бир ёқлик қилиши керак эди. Банорасхонга ўқ тегиб, кўксини чангаллаганича ерга йиқилди. Тўмасхон шу ёққа келаётган момандларнинг шовқин- суронини эшитиб қолиб, кучи борича тепаликка қочди.
Тўмасхон момандлар ўқидан зўрға жон сақлаб, югурганча бир тепаликдан ошиб ўтди. Қараса, яна момандлар қишлоғидан чиқиб қолибди. Момандлардан қочиб қутулишига кўзи етмай, дарё ёқасидаги кичикроқ бир уйга кириб, бошпана сўради. Тўмасхон қотил бўлса ҳам, афғон афғонга паноҳ бўлишини яхши биларди. Бу афғонларнинг муқаддас меҳмондўстлик одатидир.
Тўмасхон уйга кириб олгач, хавфдан қутулдим, деб ўйлади. Уй эгаси моманд бўлган тақдирда ҳам меҳмонга ёмонлик қилмайди.
Шу пайт бир тўда милтиқли моманд- лар уйни қуршаб олишди.
— Уйингда яшириниб ётган қочоқ — қотил! У ўғлингни отиб ўлдирди!— деб улар бир-бирларига гал бермай уй эгаси Мир Акбархонга қичқиришарди. Шу пайт момандлар Банорасхоннинг мурдасини келтиришди. Мир Акбархон ўғлининг жасадини кўриб, бир зум донг қотиб қолди. Ғам-андуҳда қолган чолга қарар экан, Тўмасхоннинг ранги оқарди.
Тақдири тушмагур, нега уни бошқа уйга етакламади экан? Нима учун у ўз оёғи билан ўлимини ахтариб келди?
Мир Акбархон бошини қуйи солганча, индамай мурдага тикилиб турарди.
Қани энди иложи бўлса-ю, пичоғини шартта суғуриб, қотилни бўғизлаб ташласа! Ота қалбида икки ҳис-ҳаяжон олишарди; ўғли учун қасос олиш бурчи, ҳамда меҳмонни иззат-ҳурмат қилиш бурчи.
Ниҳоят, иккинчи бурч ғолиб чиқди.
Чол аламдан қовжираб қолган лабларини зўрға қимирлатиб, бўридек қутуриб турган қабиладошларига вазминлик билан деди:
— Яхши, меҳмоним ўлдирган бўлса, менинг ўғлимни ўлдирибди. Унинг гуноҳидан ўтиш — менинг ишим. Агар у бўлак одамни ўлдирганда уни ҳимоя қила олмасдим, — у овозини сал баландлаб сўзини давом эттирди:— Шу гапларим қулоғингизда бўлсин. Сизлар унга ёмонлик қила олмайсиз, чунки у, яхшими, ёмонми, менинг меҳмоним. У бошпана сўрб келди. Уйимга яхши ният билан келиб, тақдирини менга топширган одамни ўлдира олмайман. Пуштунвалай* одатини бузишга ҳақим йўқ. Агар бу одамни сизларга топширсам, бечорани ўлдирасизлар. Унда мен ўзимни бадном қилиб, моманд қабиласи шаънига доғ туширган бўламан. Бу ишимизни эшитиб бошқа қабилалар, ота-боболаримизнинг муқаддас урф-одатини оёқ ости қилишибди, деб нафрат билан қарашади.
Мир Акбархоннинг гапи ҳаммага маъқул тушди. Момандлар Тўмасхонга қўл тегизишмади. У севимли милтиғини елкасига ташлаб, момандлар кузатувида ўз қабиласи — афридийлар яшайдиган қишлоққа омон-эсон етиб олди.
————————
* Пуштунларнинг урф-одатлар мажмуаси «Пуш» тунвалай» деб аталади. Бу урф-одат қонун тусига кирган.
УЧ МАНСУРА
БЕГУНОҲ МАҲБУС
Бўшатинг! Бегуноҳ маҳбусни бўшатинг!
Қўрқманг! Уни озод этилишидан ҳеч қандай хавф -хатар йўқ.
У ҳеч қачон ғалаён кўтармайди.
Уни банда қилишнинг ўзи катта гуноҳ.
Бу маҳбус бегуноҳ зиндонга ташланган.
Озод этилса,истиқболингизга қайғуради,келажагингиз ғамини ейди.
Бўшатинг! Бегуноҳ маҳбусни бўшатинг!
Озод этилса мамлакат тартибга келади,очлар тўяди,яланғочлар кийинади.
Бу ажойиб одамни зах зиндонга ташламанг.
Шеру йўлбарсларга ем қилманг.
Бўшатинг! Бегуноҳ маҳбусни бўшатинг!
У сиз иситма аралаш кўрган тушларингизнинг таъбирини айта олади.
У келажагингизни олдиндан кўра олади.
Табиатнинг сиру асрорини тушунади.
Бўшатинг! Бегуноҳ маҳбусни бўшатинг!
Агар у озод этилса,илму фан гуллайди,кўрларнинг кўзи очилади.
Ватан нурга тўлиб,элу юрт фаравон бўлади.
Сизни хато йўлдан тўғри йўлга бошлайди.
Мен бир туш кўрдим: бу маҳбус, албатта,озод бўлади ва салтанат тахтига ўтиради.
Яхшилаб ўйлаб кўринг!
Бу маҳбус ким?
Kимлигини мен сизга айтай:
Бу маҳбус — фикрдир,фикр!
СЕН ЁДИМГА КЕЛДИНГ
Кимдир: «Шунча бойлигиа қарамай, тўнғиздек семириб кетганига қарамай,тўйдим демайди», деган эди, ўша заҳоти сени эсладим.
Яна кимдир: «Қорни тўқу,аммо доим кўзи оч», деган эди, тағин сен ёдимга келдинг.
Бошқа биров: «Ўзи жаллод эмасу лекин кўп бегуноҳ одамни пичоқсиз сўйган» деган эди, тағин сен ёдимга тушдинг.
Бир одам «Қўллари шерникига ўхшамайди-ю, ўзи йиртқич ва қонхўр», деганда, дарров сен кўз олдимга келдинг.
Қоронғи,зах зиндонларда инграётган бегуноҳ маҳбусларни кўрганимда, яна сен ёдимга келдинг.
Тунов куни бир ошнам мендан: «Ўғриларнинг пири,золимлар золими,мазлумлар душмани,ноҳақликнинг дўсти,қотиллар ҳомийси ким?»- деб сўраганда, бу гал ҳам сен ёдимга келдинг.
АЖИБ ИНСОН
Кўр эмасу ўз айбини кўрмайди.
Кар эмасу ўзидан бошқани гапини эшитмайди.
Дили бору ўзгаларга мутлақо юраги ачимайди.
Зиғирдай илми ўзига бир олам кўринади, ўзининг кўп дунёси оз кўринади.
Одамлар мени кўрганда қўл қовуштирсин деб, хўжайинлар олдида икки қўлини кўксига қўйиб, иршайгани-иршайган.
Юқори мансабдаги кишиларнинг оёғини ялайди,ўзидан қуйи мансабдагиларни эса оёқ учида кўрсатади.
Золимлик йўлида қул бўлишга тайёр,иззати йўлида ҳар қандай пасткашликдан қайтмайди.
Дин, мазҳаб, имонини пулга сотади.
Инсон бўлиб инсонмас, ҳайвон бўлиб ҳайвонмас.
От эмас, аммо ортига ўтган одамни қўш оёқлаб тепади.
Шохлари бўлмаса-да, ҳўкиздек қайсар ва сартамба*.
Ўзи бефаросат, калтафаҳм бўлса ҳам гердайгани гердайган.
Сиз мендан: «Бу ажиб инсон ким?» деб сўрарсиз.
Бу — нодон зўравон!
* Сартамба — айтганидан қайтмайдиган,ўта такаббур одам
Ориф Усмон таржимаси
Kimdir: «Shuncha boyligiga, to’ng’izdek semirib ketganiga qaramay, to’ydim demaydi», degan edi,o’sha zahoti seni esladim. Yana kimdir: «Qorni to’qu, ammo doim ko’zi och», degan edi, tag’in sen yodimga kelding.
GUL POCHA ULFAT
UCH MANSURA
Gul Pocha Ulfat (1909-1977) (Gulpocha Ulfat tarzidayam yoziladi; pushtucha: گل پاچا الفت ) Afg’onistonning Mashriqiy viloyatiga qarashli Lag’mon qishlog’ida ruhoniy oilada dunyoga keladi. Dastlabki ta’limni qishlog’ida yakunlagach,Jalolobod va Kobilda tahsil oladi. Pushtu tilida ijod qilgan. She’riyat bilan barobar ilm bilan mashg’ul bo’ladi. Uning quyidagi she’riy,nasriy va adabiyotshunoslikka oid asarlari bosilib chiqqan: «Bahor nag’masi»,»Yongan chiroq»,»Lug’aviy tadqiqot»,»Afg’on qo’shiqlari», «Oliy fikrlar», «Nima yozish kerak yoki stilistika», «Adabiy bahslar»,»Ozodlik xabari», «Tanlangan she’rlar», «Oliy xayollar va teran fikrlar», «Yozuv ilmi» va h.k.
Gul Pocha Ulfat 1956 yilda Afg’on Tarix va Adabiyot Akademiyasi («Pushtu to’lana») ning Prezidentligiga tayinlanadi. Uning tashabbbusi bilan bu davrda mamlakatda ilmiy,madaniy va adabiy hayot yangi bosqichga ko’tariladi. Gul Pocha Ulfatning ijodida qisqa allegorik hikoyalar muhim o’rin tutadi. Bu hikoyalarni belgilab turuvchi,o’ziga xos xususiyatlar sababini adibni o’rab turgan ijtimoiy muhitning xarakteridan izlash kerak bo’ladi.
MILTIQ
Bu voqeaga bir necha yil bo’ldi. Afridiy qabilasidan bo’lgan To’masxon momand qabilalari yashaydigan tog’li viloyatdan qishlog’iga o’tib ketayotgandi. Qo’lida miltig’i bor, hech narsadan qo’rqmasdi.
Momand qabilasidan bo’lgan Banorasxon To’masxonning yelkasidagi ajoyib miltiqni ko’rib, aqlini yo’qotayozdi. Momandlar birovning qo’lida yaxshiroq qurol ko’rib qolishsa, mol-jonini ham ayamay, uni qo’lga kiritishga urinishadi.
To’masxon qishloqdan ancha uzoqlashganda orqasidan izma-iz kelayotgan Banorasxon bir pana joydan turib:
— Hoy, miltig’ingni darrov tashla-da, bu yerdan tezroq yo’qol,—deb baqirdi.
To’masxon darrov katta bir toshning panasiga o’tib olib, ovoz chiqqan tomonga o’q uzdi. Afg’on o’lsa o’ladiki, qo’lidagi yarog’ini birovga bermaydi.
Qo’rqoqlik qilib, qurolidan ajralgan afg’ondan hatto bola-chaqalari ham or qilib, yuz o’giradi.
To’masxon o’q ovozini zshitib momandlar Banorasxonga yordamga kelmshini yaxshi bilardi. Shuning uchun u o’z raqibini tezroq bir yoqlik qilishi kerak edi. Banorasxonga o’q tegib, ko’ksini changallaganicha yerga yiqildi. To’masxon shu yoqqa kelayotgan momandlarning shovqin- suronini eshitib qolib, kuchi boricha tepalikka qochdi.
To’masxon momandlar o’qidan zo’rg’a jon saqlab, yugurgancha bir tepalikdan oshib o’tdi. Qarasa, yana momandlar qishlog’idan chiqib qolibdi. Momandlardan qochib qutulishiga ko’zi yetmay, daryo yoqasidagi kichikroq bir uyga kirib, boshpana so’radi. To’masxon qotil bo’lsa ham, afg’on afg’onga panoh bo’lishini yaxshi bilardi. Bu afg’onlarning muqaddas mehmondo’stlik odatidir.
To’masxon uyga kirib olgach, xavfdan qutuldim, deb o’yladi. Uy egasi momand bo’lgan taqdirda ham mehmonga yomonlik qilmaydi.
Shu payt bir to’da miltiqli momand- lar uyni qurshab olishdi.
— Uyingda yashirinib yotgan qochoq — qotil! U o’g’lingni otib o’ldirdi!— deb ular bir-birlariga gal bermay uy egasi Mir Akbarxonga qichqirishardi. Shu payt momandlar Banorasxonning murdasini keltirishdi. Mir Akbarxon o’g’lining jasadini ko’rib, bir zum dong qotib qoldi. G’am-anduhda qolgan cholga qarar ekan, To’masxonning rangi oqardi.
Taqdiri tushmagur, nega uni boshqa uyga yetaklamadi ekan? Nima uchun u o’z oyog’i bilan o’limini axtarib keldi?
Mir Akbarxon boshini quyi solgancha, indamay murdaga tikilib turardi.
Qani endi iloji bo’lsa-yu, pichog’ini shartta sug’urib, qotilni bo’g’izlab tashlasa! Ota qalbida ikki his-hayajon olishardi; o’g’li uchun qasos olish burchi, hamda mehmonni izzat-hurmat qilish burchi.
Nihoyat, ikkinchi burch g’olib chiqdi.
Chol alamdan qovjirab qolgan lablarini zo’rg’a qimirlatib, bo’ridek quturib turgan qabiladoshlariga vazminlik bilan dedi:
— Yaxshi, mehmonim o’ldirgan bo’lsa, mening o’g’limni o’ldiribdi. Uning gunohidan o’tish — mening ishim. Agar u bo’lak odamni o’ldirganda uni himoya qila olmasdim, — u ovozini sal balandlab so’zini davom ettirdi:— Shu gaplarim qulog’ingizda bo’lsin. Sizlar unga yomonlik qila olmaysiz, chunki u, yaxshimi, yomonmi, mening mehmonim. U boshpana so’rb keldi. Uyimga yaxshi niyat bilan kelib, taqdirini menga topshirgan odamni o’ldira olmayman. Pushtunvalay* odatini buzishga haqim yo’q. Agar bu odamni sizlarga topshirsam, bechorani o’ldirasizlar. Unda men o’zimni badnom qilib, momand qabilasi sha’niga dog’ tushirgan bo’laman. Bu ishimizni eshitib boshqa qabilalar, ota-bobolarimizning muqaddas urf-odatini oyoq osti qilishibdi, deb nafrat bilan qarashadi.
Mir Akbarxonning gapi hammaga ma’qul tushdi. Momandlar To’masxonga qo’l tegizishmadi. U sevimli miltig’ini yelkasiga tashlab, momandlar kuzatuvida o’z qabilasi — afridiylar yashaydigan qishloqqa omon-eson yetib oldi.
————————
* Pushtunlarning urf-odatlar majmuasi «Push» tunvalay» deb ataladi. Bu urf-odat qonun tusiga kirgan.
UCH MANSUA
BEGUNOH MAHBUS
Bo’shating! Begunoh mahbusni bo’shating!
Qo’rqmang! Uni ozod etilishidan hech qanday xavf xatar yo’q.
U hech qachon g’alayon ko’tarmaydi.
Uni banda qilishning o’zi katta gunoh.
Bu mahbus begunoh zindonga tashlangan.
Ozod etilsa,istiqbolingizga qayg’uradi,kelajagingiz g’amini yeydi.
Bo’shating! Begunoh mahbusni bo’shating!
Ozod etilsa mamlakat tartibga keladi,ochlar to’yadi,yalang’ochlar kiyinadi.
Bu ajoyib odamni zax zindonga tashlamang.
Sheru yo’lbarslarga yem qilmang.
Bo’shating! Begunoh mahbusni bo’shating!
U siz isitma aralash ko’rgan tushlaringizning ta’birini ayta oladi.
U kelajagingizni oldindan ko’ra oladi.
Tabiatning siru asrorini tushunadi.
Bo’shating! Begunoh mahbusni bo’shating!
Agar u ozod etilsa,ilmu fan gullaydi,ko’rlarning ko’zi ochiladi.
Vatan nurga to’lib,elu yurt faravon bo’ladi.
Sizni xato yo’ldan to’g’ri yo’lga boshlaydi.
Men bir tush ko’rdim: bu mahbus, albatta,ozod bo’ladi va saltanat taxtiga o’tiradi.
Yaxshilab o’ylab ko’ring!
Bu mahbus kim?
Kimligini men sizga aytay:
Bu mahbus — fikrdir,fikr!
SEN YODIMGA KELDING
Kimdir: ««Shuncha boyligiga, to’ng’izdek semirib ketganiga qaramay, to’ydim demaydi», degan edi,o’sha zahoti seni esladim.
Yana kimdir: «Qorni to’qu, ammo doim ko’zi och», degan edi, tag’in sen yodimga kelding., to’ydim demaydi», degan edi, o’sha zahoti seni esladim.
Yana kimdir: «Qorni to’qu,ammo doim ko’zi och», degan edi, tag’in sen yodimga kelding.
Boshqa birov: «O’zi jallod emasu lekin ko’p begunoh odamni pichoqsiz so’ygan» degan edi, tag’in sen yodimga tushding.
Bir odam «Qo’llari shernikiga o’xshamaydi-yu, o’zi yirtqich va qonxo’r», deganda, darrov sen ko’z oldimga kelding.
Qorong’i,zax zindonlarda ingrayotgan begunoh mahbuslarni ko’rganimda,yana sen yodimga kelding.
Tunov kuni bir oshnam mendan: «O’g’rilarning piri,zolimlar zolimi,mazlumlar dushmani,nohaqlikning do’sti,qotillar homiysi kim?»- deb so’raganda, bu gal ham sen
yodimga kelding.
AJIB INSON
Ko’r emasu o’z aybini ko’rmaydi.
Kar emasu o’zidan boshqani gapini eshitmaydi.
Dili boru o’zgalarga mutlaqo yuragi achimaydi.
Zig’irday ilmi o’ziga bir olam ko’rinadi, o’zining ko’p dunyosi oz ko’rinadi.
Odamlar meni ko’rganda qo’l qovushtirsin deb, xo’jayinlar oldida ikki qo’lini ko’ksiga qo’yib,irshaygani-irshaygan.
Yuqori mansabdagi kishilarning oyog’ini yalaydi,o’zidan quyi mansabdagilarni esa oyoq uchida ko’rsatadi.
Zolimlik yo’lida qul bo’lishga tayyor, izzati yo’lida har qanday pastkashlikdan qaytmaydi.
Din,mazhab,imonini pulga sotadi.
Inson bo’lib insonmas, hayvon bo’lib hayvonmas.
Ot emas, ammo ortiga o’tgan odamni qo’sh oyoqlab tepadi.
Shoxlari bo’lmasa-da, ho’kizdek qaysar va sartamba*.
O’zi befarosat, kaltafahm bo’lsa ham gerdaygani gerdaygan.
Siz mendan: «Bu ajib inson kim?» deb so’rarsiz.
Bu — nodon zo’ravon!
* Sartamba — aytganidan qaytmaydigan,o’ta takabbur odam
Orif Usmon tarjimasi
«Xurshid Davron kutubxonasi» tahriri ostida tayyorlandi
Ajoyib hikoya!