Ahmad Abdullaev. «She’rimda uzoq bir ishqning sharhi bor…»

097
Шоирнинг ўзи эътироф этишича, у шеърларида «узоқ бир ишқнинг шарҳини» берадики, бу «узоқлик» замиридаги ишқ илоҳийми ёхуд реалми, мажозийми, уни аниқ ҳис этиш мушкул. Усмон Азимнинг «Сайланма», «Куз» ва бошқа мажмуаларидан ўрин олган қатор шеърларидан аёнки, унинг «узоқ ишқи» оллоҳ ишқи ёхуд ўзи ўзига қоим зотнинг муҳаббати эмас. Балки бу – лирик қаҳрамоннинг реал ишқи бўлиб, ҳаётдаги маҳбубанинг васлига етиш машаққатлари ҳажридир. Шу тариқа, Усмон Азим ижодидаги муҳаббат ҳаётга муҳаббат ва инсон севгиси бўлиб, у орзулар ва самимий ҳиссиёт билан ифода этилади.

калам

Аҳмад Абдуллаев.
«ШЕЪРИМДА УЗОҚ БИР ИШҚНИНГ ШАРҲИ БОР…»

Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг шеърларида ишқ ва муҳаббат дарди мумтоз адабиётимизга хос сўз ва мастона оҳангда эмас, балки замонавий тарзда, жиддийлик ва бардамлик услубида ифодаланганини сезамиз. Шоир шеъриятида ақл, идрок муҳокама ва мулоҳазалар иштирокида, солим ҳиссиёт билан фикр юритилади. Масалан, шоир «Ёшлик» шеърида ёзишича: «севги қайғу, фалокат эмас, у ям-яшил ўтлоқ ва бахмалсимон орзулар», сирасида намоён бўлади..

Яна бир жиҳат. Шоирнинг ўзи эътироф этишича, у шеърларида «узоқ бир ишқнинг шарҳини» берадики, бу «узоқлик» замиридаги ишқ илоҳийми ёхуд реалми, мажозийми, уни аниқ ҳис этиш мушкул. Усмон Азимнинг «Сайланма», «Куз» ва бошқа мажмуаларидан ўрин олган қатор шеърларидан аёнки, унинг «узоқ ишқи» оллоҳ ишқи ёхуд ўзи ўзига қоим зотнинг муҳаббати эмас. Балки бу – лирик қаҳрамоннинг реал ишқи бўлиб, ҳаётдаги маҳбубанинг васлига етиш машаққатлари ҳажридир. Шу тариқа, Усмон Азим ижодидаги муҳаббат ҳаётга муҳаббат ва инсон севгиси бўлиб, у орзулар ва самимий ҳиссиёт билан ифода этилади.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, замонавий шеъриятда нафис оҳанг ва туйғулар таассуроти бошқача шаклда намоён бўлмоқда. Эндиликда, шоирлар шеърларини ўқувчининг эстетик диди, савияси, орзу-истаги ва дил изҳорини ҳисобга олган ҳолда, шабададек майин, шабнам каби тарутоза, гулдек назокатга бой шаклда оро бериб тақдим этадилар. Ўқувчи шеър ўқиганида хаёлот билан чулғанган орзу-армонларга ғарқ бўлади ва нафосат дунёсига шўнғийди. У шеърдаги сўзлар ҳароратидан, гўзаллигидан, балки сўз эмас, дилкаш оҳангидан масрурлик ҳис этади. Усмон Азим нозик ҳиссиёт билан ёзади, шеърни майин наво, таъсирчан туйғу ва юракдан жой оладиган муҳаббат деб билади. Унинг сатрларига бир эътибор беринг-а:

Гулим…
Кўчадан сотиб олдим сени,
Кўкламга ярашиқсан…
(«Гулим» шеъридан)

Жоним маним,
Қалбим маним,
Кўзим маним,
Ўзга вужуд аро топган ўзим маним,
Юзсиз қолган бу дунёда юзим маним.
Кўзим маним,
Кўзимдаги сўзим маним…
(«Бир севги» шеъридан)

Тун бўйи гувлади тақдир шамоли
Тушимда,
Жонимда,
Қалбимда эсди.
Учди сукунатнинг бахтли камоли.
(«Кичкина бахт» шеъридан).

Усмон Азим шеърияти – тақдирлар давоми ва йиллар орзуси. Шоир шеърлари ҳаёт каби гўзаллик нашидасидан сарчашма олган туйғу ва, айни пайтда, метин каби мустаҳкам нидолардир. Ҳар бир шеъри яхлит шаклга эга ва уларни синчиклаб ўрганиш натижасида ижодкорнинг маҳоратини илғаб олиш мумкин. Жумладан, унинг «Сарсон қушлар» шеърида салмоқ билан айтилган қуйидаги мисраларига диққатни қаратайлик:

Қанотлари кесилган қушлар
Ер ҳукмига этиб риоя,
Умрларин этагин ушлаб
Яшайдилар монанди соя.
Тушларида энтикиш, парвоз,
Аммо тушнинг умри қисқадир.
Ҳамма ташвиш – бахтга иқтибос,
Чин ҳаётдан чала нусхадир.

Шоирнинг сўзларида бир соҳирлик мавжуд. Уларни киши ўқиб баъзан ҳайрон қолади: улар ихтиёрсиз равишда ўқувчини ўзига тортади, алоҳида кайфият бағишлаб, давомли илиқ қисса каби ширин орзуларга чорлайди. Бу борада «Куз» мажмуасидаги биринчи, эпиграф сифатида келтирилган «Ёмғир ҳиди» номли хаёломуз шеърнинг бошланишига эътибор берайлик:

Ёмғирли кечада фалакка учдим,
Шамоллар юзимга ёпишди ивиб.
Юлдузлар армонли шивирга тушди:
Ёмғирнинг ҳиди-ку, ёмғирнинг ҳиди!

Шоир шундай сеҳрли ва назокатли шеър ёзиши лозим. Шеър фақат қофия, радиф, вазн ва санъатлар тизимидан иборат бўлмайди. У оддий сўз бўлса-ю, аммо ўқувчини мафтун этса, хаёлот дунёсига чорласа ва бу саёҳат орзую армонларга чулғаниб кишини коинотга олиб чиқса – бу ҳақиқий мушоҳада ва таассуротдан иборат оҳангдор сўз бўлади, янги руҳдаги эъжозмонанд шеърга айланади. Усмон Азим шеърларининг кўпчилиги шу тарзда яратилган ва ундаги шоирона дид, назарий ғоя ва теран мулоҳазалар ҳиссиёт туфайли кучли жозиба ва қувват касб этган.

Таъкидлаганимиздек, Усмон Азим шеърлари образ ва топилмаларга бой. Шоирона образлар тизими, шеърий гардишлар, нодир санъатлар силсиласи шоир шеърларига жозиба бахш этиб, уларни сержило тимсолларга айлантирган. Шоир маҳбубанинг шамолда ҳилпираётган енгини семурғнинг қанот қоқишига қиёслаб, рангоранг манзаравий бир ҳолат яратадики, ўқувчи уни ўқиб ўйга чўмади:

Семурғнинг қанотидай
Нега ҳилпирар енгинг?
Мен ҳам дашт ҳаётимни –
Сени соғиниб келдим.

Соғиниш – кимгадир ва нимагадир қаттиқ интилиб, қўмсашдир. Даштдаги ҳаётни соғиниш юртни соғинишдир; у билан лирик қаҳрамоннинг тақдири боғланган; унинг қучоғида туғилиб, улғайган. Шунинг учун лирик қаҳрамон дашт ҳаётини эслаганда, унинг шамоли, ўзига хос кўриниши, ҳар бир фаслнинг бир-биридан фарқли қиёфаси, баҳордаги рангоранг гуллари ҳақидаги туйғуларини ифода этади:

Шамол менинг тақдирим
Баҳорда бир очилмоқ.

Усмон Азим бошқа бир шеърида тун манзарасини ифодалаб, коинотдаги Сомон йўлига эътибор қаратади ва уни тоғдан тушаётган узун шаршарага қиёслайди. Ушбу қиёс сабаб теран шоирона дид ва гўзал тахайюлот ёдга тушади. Сомон йўли ҳақиқатдан шаршарага ўхшайди: ранги билан ҳам, ҳаракати билан ҳам.

Сомон йўли – шаршарани
Шопирар боғ узра тун.
Қучоғида капалакни
Босиб-босиб ухлар гул.

Шоирнинг «Безовта баҳор» шеърида шундай сатрлар бор:

Қўлингда ҳеч нарса йўқ эди сенинг,
Аммо…
Топмоқ истаб кўнглимни
Худди гулдастадай тутдинг қўлингни.

Қандай ҳайратбахш сўз! Ушбу сатрлар ўқувчи руҳиятини ҳаяжонга келтиради.
Бечора ошиқ маҳбуба кўнглини топиш учун бир даста гулга ҳам кучи етмайди. Лекин у иложини топади. Қўлини худди гулдастадек қилиб, уни маҳбуба томон узатади. Маҳбуба эса ошиқнинг бу ҳолатини пайқайди ва ҳайрат билан унинг кайфиятига боқиб, қандай қилиб уни ўйлаб топганини сўрайди. Шу сўраш катта бир аломатга айланади. Бу ҳолат уларни бир-бирига яқинлаштиради, кўнгилларнинг қўшилишига сабаб бўлади.

Усмон Азим шеърларидаги образ ва топилмалар бадиий тасвирнинг жисм-жони ва вужудига айланган. Яъни, айтмоқчимизки, шоир шеърларида тасвир санъати кучли. Шоир нимани тасвирга туширса худди рассомдек унга жон, жозиба ва куч-қувват бахш этади. Шунда унинг тасвирлари шеърий партретга ўхшаб кетади, тинмай ўзига тортади. Масалан, у юракни моҳирлик билан ҳарирга ўраб, унга шоирона ранг бериб, сифатлашга харакат қилади. Натижада, образлар бирин-кетин ҳаракатга тушиб, тасвир қудратли бир тимсолга айланиб, юрак деган тушунча яхлит бир кучга дўнади ва дунё миқёсидаги мадад-баракат манбаи бўлади:

Юрак, сен мавждирсан, мавждаги ойсан,
Дарёсан, қудратсан, мангу ҳаракат.
Тиниқ оқишларга ҳамиша бойсан,
Қақраган дунёга мадад-баракат.

Инсон юраги шоирона тасвир туфайли илоҳий қудратга айланган, дунё тимсоли ва унинг вужуди бўлган юрак ҳақиқатан шундай кучга эга, аммо уни шоирона тасаввурот ила тасвирга тушириш санъатдир. Шоирнинг бошқа бир шеърида гўзал либосга ўраниб хиромон бораётган ҳурилиқо маҳбуба кейинги сатрлар оғушида келинчакдек безанган шакл-шамойилда тасвирга туширилади:

Сенинг либосларинг қандай чиройли,
Уфурар бўйнингда қандай атирлар?
Борасан – гўёки бир гўзал ойни
Авайлаб чулғамиш ҳарир абрлар.

Мазкур сатрлар биноси дилкаш иборалар орқали қад ростлаган. «Чиройли либос», «атрлар ифори», «гўзал ой», «ҳарир абрлар» назокат билан айтилган ҳусноро иборалар бўлиб, шеърга нафосат, сокинлик, хушбўйлик ва чирой бахш этган. Шоирона бадиийлик ва жонфизо тасвирлар шундай бўлади. Аммо зебо либосга ўраниб бораётган ойдек маҳбубанинг йўли туганмасдир, лирик қаҳрамон бутун умри давомида уни кутади ва йўлига интизор бўлади, лекин маҳбуба етиб келмайди: мақсади ёрга азоб бериш, уни интиқ қилиш ва унга тоқат, сабр-бардош тилашдир. Охир-оқибат маҳбуба йўлидан қайтади, уйга киради ва фароғат топади. Тонгда у деразани очса, атроф оппоқ қор… У йўлга чиқмайди.

Қандай тасвир бу? Ошиқона ва шоирона тахайюлга ўраб айтилган бир туйғу ва орзу бўлса керак, албатта. Мақсад ширин сўзлар, нозик адолар ва ёқимли ҳикоятлар билан шоирона илҳомдан башорат бериш ва уни ўқувчи хаёлотига жойлаштириш, унинг завқини келтириш ва нафосат дунёсига олиб киришдир. Шеъриятдаги бундай ташбеҳлар шоирона ҳунар бўлиб, у адабий тахайюл, деб аталади. Усмон Азим эса бу санъатнинг донишманд вакили сифатида саҳнага чиққан ва унинг янграган майин таронаси бу оҳангда жилва этган:

Умрим тугаяпти – йўқдир дарагинг,
Сенсиз вужудимда қанча тоқат бор?
Тонгда деразани очдинг, қарадинг –
Ташқарида қордир, ташқарида қор.

Шоирона нафис тасвир ва чексиз тахайюл Усмон Азим шеърларининг моҳиятини ташкил этади. Зотан, шеър тахайюлсиз бўлмайди, унда бадиий хаёлот асосий ўринда туради. Усмон Азим шеъриятида эса бу ҳунар бутун жозибаси билан намоён бўлади. Тасвир ва тахайюл, ўз навбатида, образли сўзларни вужудга келтиради.

Икки қошинг – иккита қанот
Икки кўзинг – икки умидқуш…
Дунё каби кўнглим ёришсин,
Қон ичида кулгу ярат… кул.
Лабларимда маним очилсин
Шафақ рангли ғунча – қизил гул.

Мазкур шафақ рангли мисралар ҳақиқатан кўнгилларни ёритадиган дилкушо кучга эга. Маҳбуба кулгуси ва табассуми – ошиқ учун жонбахш озуқа ва тирилтирувчи куч. Шу боис, шоир орзу-умид ва қизил гул нашидаси тарафдори, уларни меҳр билан тасвирлайди. Бу эса Усмон Азимнинг шеърий дунёси ва ул шеърлар дунёнинг рангинкамони, нафосату иссиқлиги. Шунинг учун ҳам унинг шеърлари адабий-бадиий ва илмий-услубий таҳлилга лойиқ.

Усмон Азим бир суҳбатида ногаҳон модерн шеърияти ҳақида икки оғиз сўз айтди ва ундан шуни англадимки, у модернга бепарво ва лоқайд. У модернни анъанавий ва янги йўналишдаги шеърлардан устун қўймайди, аниқроғи, ёқтирмайди. Аммо «Куз» мажмуасига қарасак, модерн шеърларининг намуналари кўп учрайди ва бу санъат нафосат билан айтилган жозибали шеърлар либосида намоён бўлади. Аммо модернда кўпроқ рамзу киноя, сарбаста мазмунлар, ўқувчи англамайдиган мавҳум нидолар, лирик қаҳрамоннинг ҳаётига, борлиққа бўлган ички муносабати, уларнинг қандай шаклда кераклиги, муаммоларнинг муҳокамаси, изтироби, сирли фикрлари ҳукм сурадики, Усмон Азим улар ҳақида бошқача фикрдадир. Унингча, модерн шаклидаги шеърлар ёзиш учун рамзу киноя ва нидолар шарт эмас – улар агар ёлғон ва ёхуд тўқима бўлса-чи?!

Жумладан, у модерндаги «иккиюзламачи» тасвирлар, ички муносабатларнинг ноаниқлиги, лирик қаҳрамоннинг зўрма-зўраки гаплари, сохта изтироблару сирли андишаларнинг мавҳумлиги, хунук ва ноўрин нидоларни яхши кўрмайди ва шунинг учун уларга эътибори йўқ.

Таниқли мунаққид Умарали Норматов Ҳамидулла Болтабоев билан адабиёт назарияси масалалари ҳақида яқинда қилган бир баҳсида бугунги адабий жараён муаммоларига ҳам тўхтаб, модерн ва унинг намояндаларига бундай баҳо беради: «Кундай равшан» Чўлпон-Ойбек – Рауф Парфи ижоди орқали муайян тамойил тусини олган тўқсон йиллик миллий модерн шеъриятимиз мавжуд. Бугунги кунда бу анъанани янгича кўринишда давом эттираётган Абдували Қутбиддин, Фахриёр, Баҳром Рўзимуҳаммад каби ўнлаб забардаст модерн шоирларимиз бор», («Тафаккур» журнали, 2009 йил, №1, 77-бет).

Фахриёр ва Баҳром Рўзимуҳаммадни билмайман-у, Абдували Қутбиддин ҳақида «забардаст модерн шоир» – деган таъбир баландпарвоз кўринади. Бугунги ўқувчи ёлғон ва ножоиз рамзу кинояларга ўраб берилган пастмазмун шеърларни ёқтирмайди. Уни илиқ туйғулардан иборат шеърий ҳиссиёт қизиқтиради; унга ширин оҳанг билан айтилган нафис ва нозик изтироб, муҳаббат, садоқат, ва самимият керак ва уларни айрим шоирларимиз, жумладан, Усмон Азим жуда монанд ҳолда, тонг насими ва шабнам каби назокатли ҳамда, нурли адолар либосида айта олади.

Абдували Қутбиддиннинг бир шеърида қуйидаги мисрани учратдим: «Мабодо алдасам, қўлларим синсин». Рауф Парфининг мисраси ёдимга тушди: «Сен мени алдамайсанми, алдамайсанми?». Алдаш билан қўлларининг синиши ўртасида қандай боғлиқлик бор? Лирик қаҳрамон маҳбуба олдида алдоқчи бўлган бўлса, унга нисбатан аниқ ва мувофиқ таъбир ишлатиш керак. Яна, Абдували Қутбиддиннинг Ватан ҳақида айтган бир мисрасига эътибор берамиз: «Нурим, қорачиққинам, ёрим, онажонгинам». Ватан «онажонгинам» бўлса, унга нисбатан «ёрим» дейиш мантиқан тўғри бўладими?

Мана, сизга модерннинг айрим кайфияти ва тузилиши. Шеър шеърият одобини талаб қилади. XVI асрда машҳур ёзувчи Зайниддин Маҳмуд Восифий Самарқандга келиб, адабий кечада иштирок этаётган шоирдан бир байт эшитиб, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборади. Мажлис аҳли ҳайрон қолиб унга қарайди. Шунда Восифий айтади: «Тақсир, сиз «тахаллус» билан «тажассус» сўзларини қофияда келтириб хато қилдингиз. Икки охирги «с» – лар икки шаклда: биттаси (тахаллус) «сод» билан, иккинчиси (тажассус) «син» билан ёзилади», дейди. Биз ҳозир модерн деб қофия, радиф, вазн ва таносубга талаб даражасида риоя қилмасак, рамзу кинояларни ноўрин ишлатсак, сўзларнинг муносабатига эътибор бермасак, сохта мазмун ва паришон хаёлларни пардапўш қилиб уларни юксакка кўтарсак, шеъриятда ножоизлик бўлмайдими?

Менимча, Усмон Азим юқорида қайд этилган суҳбатида шу ҳақда ўйлаган эди ва шунинг учун унинг модернга нисбатан лоқайлигини мен тушундим. Аслида, Усмон Азим шу шеърий услубнинг тарафдори ва шеърларида ундан фойдаланади. Унинг шеърларида анъана ҳам бор, лекин улар янги типдаги замонавий ижод намуналари ва бугунги ўқувчига маъқул ҳамда мақбул тушадиган санъат тароналаридир. Шоир сўзда таносуб санъатига қаттиқ риоя қилади. Унинг шеърларида ҳар бир сўз, таъбир, ибора услубий ҳамоҳангликка эга ва, шу сабаб, улар маржонга ўхшаб кетади, равон ва мусалсал ўқилади, ўқувчи диққатини тортиб, бошдан охиригача лангар каби мавзун ва мусиқа каби муассир ва муқтадир шеърлар сирасини эслатади. Масалан, қуйидаги байтларда гулларга ўралган шамол ва ундан таассуротга ботган юрак бир-бирига пайванд тарзда, занжир каби силсиладор оҳангда тасвирланади. Шоирнинг ҳамма сўзлари таносубда ва улардан сўз эмас, дилнавоз оҳанг эшитилади, ўқувчи бир олам хаёлотга ботади. Бу байтларни шабада ва шабнамга ўхшаган нафосатли дилжў шеърлар намунаси дейиш мумкин.

О, боғлар гуллади,
Илиди шамол.
Ёмғирга елка тут – ўсасан юрак…
Сен қандай яхшисан –
Мана, бемалол
Айланиб-айланиб
Турасан фалак.

Усмон Азим шеърларининг яна бир хусусияти уларнинг қанот қоқиб баланд парвоз қилишида. Масалан, уларнинг баъзилари чаманоро қушга ўхшаб, гох майин, гоҳ ғулғуладор парвоз қилса, баъзилари юксакликни забт этиш учун шиддат касб этади. Зотан, агар шеър шоир остонасидан нари ўтмаса, хира ва қоронғуда қолиб, ўз хусусиятини йўқотса, муаллифни барвақт маҳв этади.

Шоирнинг руҳият нафаси билан оғушта шеърлари, биринчи навбатда, гўзаллик тимсоли ва сарчашмасидир. Шу боис, уларнинг парвози ҳақиқатан лочин парвозига ўхшайди ва ўзларидан табиий бир нур таратади. Усмон Азим шеърлари шундай хусусиятга эга. Чунончи, шивирлаб осойишта ўқиладиган қуйидаги таъсирли мисралардан мазкур ранг-баранглик ҳолатига ғарқ бўлиш аниқ ва бу ҳолатлар эса мафтункор ва эъзозли қуёш зиёсига ўхшаб кетади:

Ариқларда оқиб борар ой –
Ариқ борар кўтариб фонус.
Ойдин кунда кечганича лой,
Пишқирмасдан сув ичар полиз.
О, қанақа эртакдан тушди –
Ёнарқурт-ку бу тирик олов?!
Унинг митти шафағин қучди
Юлдуз каби тўкилди қиров.
О, нақадар фароғатда дил –
Дил ой каби сочади зиё.
Мени нега қийнадинг қирқ йил,
Бахтли бўлиш осон-ку, дунё?!

Усмон Азим ижоди серқирра ғояларга бой. Мен фақат унинг айрим замонавий шеърларини кўриб чиқдим. Шоирнинг лирик ва эпик шеърлари бир уммон. Уларнинг асос моҳияти ишқ муҳаббатдан иборат ва биз уларнинг айрим намуналари билан танишдик. Шоир шеърлари кўпинча ақлий муҳокамалар билан қоришиб кетган. Бу эса жиддийлик ҳамда донишмандлик самараси ва аломати. Замон билан ҳамнафас шоир шеърлари мазмундор ва бугунги хаёт оҳангини акс эттираётган гўзал асарлардир.

Усмон Азимнинг достон ва драмалари унинг ижодий имконият доираси янаям кенглигидан далолат беради. У киносценарий соҳасида ҳам самарали ижод қилмоқда. Бахшиёна оҳангдаги шеърлари халқона ва ўйноқи хусусияти билан алоҳида ажралиб туради. Бу халқона ва ўйноқилик замирида жуда катта фалсафий донишмандлик ва ижодий тажриба ётади. Шоир кўп насрий асарлар, жумладан, қисса, ҳикоялар муаллифи ҳамдир. Буларнинг ҳаммаси Усмон Азимнинг ижодий салоҳияти кенглиги ҳамда мўллигини кўрсатади. Олтмиш ёшга тўлган ижодкорнинг ижодий олами янаям тўлишиб бораверсин.

Мақола «Шарқ юлдузи» журналининг 2010 йилги 1-сонидан олинди

(Tashriflar: umumiy 190, bugungi 1)

Izoh qoldiring