Кенг кўнгил, яхши кунлар, устимиздан хатар-хавотир чодири ёпилган, кечалари қўрқиб чиқаман, ўзи кундузи ҳам шу электр қўнғироқдан бир сакраб тушардим, энди кечаси, айниқса тонг-саҳарда жиринглаб қолса, юрагимга бир совуқ тиғ санчилгандек бўлади – укам Афғонда! Аввал Қозоғистоннинг чўлидаги Отар деган жойда эди, кейин Чирчиққа олиб келишди, бу ерда сара десант батальони тузилиб, шу батальонда тинчгина хизмат қилиб юрарди, шанба-яқшанба кунлари мен кўргани борар, Чирчиқнинг суюқ муз сувида чўмилиб, ака-ука дилдираб ҳордиқ чиқарар эдик. Укам бизни афғонга олиб бориб ташлайди-ёв, дер эди, бир куни ҳақиқатан ҳам хуфия олиб кетиб қолди. Мен бехабар қолдим.
АҲМАД АЪЗАМ
МАКОНДА ЛОМАКОН
“Гапхона” туркумидан
Аҳмад Аъзам 1949 йили Самарқанд вилояти Жомбой тумани Ғазира қишлоғида туғилган. 1971 йили Самарқанд давлат университетининг ўзбек ва тожик филологияси факултетини битирган. Шу йили Алишер Навоий номидаги музейда иш бошлаган. Кейин “Гулистон” журнали, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Совет Ўзбекистони санъати” журнали редаксияларида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаган, сиёсий фаолият билан шуғулланган, “Бирлик” халқ ҳаракати ҳамраиси, “Эрк” демократик партияси бош котиби бўлган. Олий Мажлис депутатлигига сайланган (1999-2004 йиллар).
1995 йилдан Ўзбекистон телевидениесида бош муҳаррир, “Ўзбекистон” телеканали бош директори, “Ўзбектелефилм” студияси бош директори лавозимларида ишлаган. Ўзбекистон телевидениесида юзлаб кўрсатувлар ва ҳужжатли филмлар қилган, улардан энг машҳурлари: “Ўзлик”, “Халқнинг кўнгли”, Тўртинчи ҳокимият” .
“Ойнинг гардиши”, “Бу куннинг давоми”, “Асқартоғ томонларда”, “Соясини йўқотган одам”, “Ҳали ҳаёт бор” деган насрий асарлар, “Масъул сўз” деган адабий-танқидий мақолалар тўпламлари, “Ўзи уйланмаган совчи”, “Рўё ёхуд Ғулистонга сафар” романлари чоп этилган.
Аҳмад Аъзам узоқ давом этган хасталикдан кейин 2014 йил 4 январида вафот этган
Қўналғам Чорсу бозорига туташадиган кўчанинг бошларида. Олдимда масжид, ёнимда чойхона. Ҳайҳотдай ҳовлида ёлғиз ўзим. Ҳовлининг пасти, дарвоза ёнида, илгари отхона бўлганми, бостирмага ўхшаган пастак томға техникум толиблари кириб-чиқиб юрарди, совуқлик қилдими, қиш олдидан қоралари ўчди. Аввалбошда илондан хавотир қилардим, мени бу ижарага олиб келган Олим дўстимга чойхонадаги кунда-шунда улфатлари: “Ўртоғингга айтиб қўй, бу уйнинг илони бор, қўрқмасин, одамга тегмайди, тағин ўлдираман деб юрмасин, жуфти келиб ўч олади”, деган, қўрқмадим-у, лекин худди кунжак-пунжакдан чиқиб келадигандек сесканиб юрдим, кейин э-э бор-е деб, қўл силтадим, кўнглимга илон хавотири ҳам сиғмай қолди.
Кундузлари яхши, ишга бораман, келаман, шанба-якшанбада ҳам шоир-ёзувчи дўстлар ёлғиз қўймайди. Келишса, ғирра бозорга тушиб, олти-етти сўмлик каттакон қовун кўтариб чиқаман. Чўнтакда шамол ҳуштак чалиши афсона эмас, турган гап, бунчага чоғим етмайди, энди тушган қовун тўкмасига бориб, ширасидан тумшуғи тарс ёрилгани ё тагда қолиб сал эзилганини танлаб, жиддий савдога киришаман: харидор заха еган қовунни олмайди, пўласи офтобнинг кўзида икки соатга бормай айнийди, мен, майли, увол кетмасин, ҳозир олиб бориб сўяман, фалон-туган, хуллас, ерга уриб, нархини бир сўмга тушираман. Дўстларим ўзимга ўхшаган нашр ё матбуот батраклари, арзонқўл мардикорлар, чўнтакларимиз ҳам бир-бирига оғайни, қовуннинг арзони ҳузури шундан жа бошқача. Қовун билан бирга худонинг ўзи бирон нарсани етказади, ҳангомаларимиз кун бўйи, тез-тез тонггача ҳам чўзилади, бу ёлғизликнинг жуда узун йўлларини салгина безаб туради.
Кенг кўнгил, яхши кунлар, устимиздан хатар-хавотир чодири ёпилган, кечалари қўрқиб чиқаман, ўзи кундузи ҳам шу электр қўнғироқдан бир сакраб тушардим, энди кечаси, айниқса тонг-саҳарда жиринглаб қолса, юрагимга бир совуқ тиғ санчилгандек бўлади – укам Афғонда! Аввал Қозоғистоннинг чўлидаги Отар деган жойда эди, кейин Чирчиққа олиб келишди, бу ерда сара десант батальони тузилиб, шу батальонда тинчгина хизмат қилиб юрарди, шанба-яқшанба кунлари мен кўргани борар, Чирчиқнинг суюқ муз сувида чўмилиб, ака-ука дилдираб ҳордиқ чиқарар эдик. Укам бизни афғонга олиб бориб ташлайди-ёв, дер эди, бир куни ҳақиқатан ҳам хуфия олиб кетиб қолди. Мен бехабар қолдим. Укам борганида афғонда инқилоб бўлиб ўтган, энди тинч, лекин садо келмас, хат-хабар қатағон эди. Кейин бирдан тўполон чиқди, уруш, тобут учиб кела бошлади. Укам нима бўлаётганини биз билмайдиган ўша қирғинбаротнинг ичида. Қани эди бирон дараги келиб қолса! Йўқ, ўша зим-зиёга ютилиб кетган!
Ёмон хабардан қўрқишим ана шунда бошланди. Кечалари уйқум ўчади, бутун вужудим бир бўлиб, шу қўнғироқ товуши санчилишини кутаман, доим юрагим бежо. Бир жияним поезддан саҳар тушиб, тўғри келиб, қўнғироқни босган экан, сенга амаки бўлганимга ижарам ҳам карвонсаройми, худо кўтарсин, ўзи кийиб юрган пайпоғининг ҳидига чидамас эдим, аҳмоқни шундай сўкдим, шундай ер қилдим, энди қадамини узиб кетса керак, қутулдим деб ўйлаган эдим, йўқ, тўнка – ҳеч сўкиш эшитмагандек келиб-кетиб юраверди. Тавба дейман, пайпоғингни ювмасанг ҳам бўлаверади деб, биров мандат берганми бунга! Поезддан тушиб тўғри келаверасан, бир-икки соат вокзалда ўтириб тур, ўлмайсан, саҳарлаб меникида пишириб қўйибдими!
Ўзи укамни ўйлаб ўртанаман, болаликда кўп хафа қилгандек бўлавераман, бир марта йиғлатиб урганим кўз олдимга келиб эзилиблар кетаман. Мактабда вақти пахта териб, ғишт қуйиб магнитaфонли радиога йиққан пулини ўзим сенга зўридан олиб бераман деб еб кетганимдан виждоним энди қийналади. Баъзида тушимда йиғлаб чиқаман, бошқа сиқинтилар ҳам қўшилса керак, хаёлимнинг бир чеккасида туш кўриб ётганимни билиб, тўйиб йиғлаб оламан. Саҳар уйғониб кетиб енгил тортаман десам, қўнғироқ ваҳимаси кутиб турган бўлади.
Бир вақти бир энли ҳат келиб қолди-ку! Умуман ёзиш мумкин эмас экан, ҳаммаси маҳфий, укам шу мактубчани бир учувчидан жўнатибди, учувчи бошқа фамилия қўйиб, почтадан менга юборибди. Байрам! Укам соғ-омон! Аммо Афғондан тобут келиши кўпайса кўпайдики, камаймади. Кўнглимда қўнғироқнинг ҳам ваҳшати пасаймади.
Йўқ, худога айтганим бор экан, бир ой ўтмай укам Чирчиққа қайтиб келди. Анча улғайган, мўйлов қўйган, салга асабийлашади, лекин одамга меҳрибон, анча мулоҳазали ҳам бўлиб қолган. Менга битта эмас, бир нечта Швейцария соати олиб келибди. Яна бир-иккита майда-чуйда. “Самолётга чиқишимиздан олдин тинтув қилиб, боримизни олиб қўйди. Сизга деб магнитофон олган эдим, у ҳам кетди”, деди. “Э-э, укам ўзингни олиб келибсан-ку, шунисига шукр!”, дедим. Ҳа, уларга уйга хат ёзиш мамну, афғонга бориб, тўнтариш қилиб келганини энди ҳам ҳеч ким билмаслиги керак.
Укам Чирчиқда хизматни давом эттиряпти, мен журналда ишлаб юрибман. Лекин интернационал бурчини бажарганларнинг тобути пайдар-пай келяпти, қабристонларга бориб ерга киряпти, устидан бир хил узун нотўғри тўртбурчак оқ мармар сағаналар чаппа ханжардек ўсиб чиқяпти. Азадор уйларга уйларга киргулик қилмасин, ғуссага кўмилиб қоласиз…
Хонамда ишлаб ўтирган эдим, эшик қийқ этиб қия очилди. Қарийб мен қатори икки киши, сен кир, мен кир туртишади, бу нима туриш, киринглар-да, деганимдан кейин ўзларини ичкари олишди. Бир-бирига қарайди, хижолатчилик. Мажбурлаб ўтирғиздим. Чой дамламоқчи эдим, қўйишмади.
— Сўраб-сўраб топиб келдик сизни, – деб ийманиб гап бошлади каттароғи.
Сездимки, нима гап бўлмасин, ишимга, санъат журналига алоқаси йўқ. Ё ҳаваскор рассомлармикан? Тахминлаб билолмадим. Қани, келинглар, дедиму бошқа нима дейишни билмай гапни ўзларидан кутдим. Кўзларида ялиниш.
— Шу… – деди шу каттароғи, лекин тили тутилиб, кичигини туртди. – Сен айт. Менинг кўнглим ғалати бўлиб кетяпти.
Кичиги худди бир гуноҳ қилгандек менга бир қараб олди.
— Шу, ака… шу укангиз афғондан келиб, ҳозир Чирчиқда экан?
Яна олиб кетса-я, деган тубсиз хавотирдан юрагим шувиллаб кетди.
— Ҳа, ҳа, шундай. Тинчликми? Нима нима қилди унга? – деб унга ҳеч нима тусмол қилиб турган бўлсам-да, кўнглимдаги таҳликани ҳайдамадим.
Кичиги ерга қараб каловланди, каттаси менга тинчлик, укангиз ҳам тинч бўлса керак деб, ўзининг укасига далда билан қараб қўйди.
— Бизлар ака-укамиз. Учта эдик. Кенжамиз… шу, бирон нарсаси қолдимикан, деб келдик. Укангиздан сўрасангиз, бирон хебе кўйлагими, тароғими… пайпоғи, ювилмаган бўлса ҳам майли. Бувимиз ҳеч кўнишмаяпти, шу пайпоғини искасам ҳам, боламнинг ҳидидан биламан, деб…
Каттаси унинг гапини бўлиб тушунтириш берди:
— Тўртта солдат келиб очдирмади-да. Бувим додлаб тобутнинг устига ётиб ҳам олди, оч, ноинсоф, совук бетини кўргани ҳам қўймайсанми, деб, йўқ, мумкин эмас экан. Шу рух тобутни очмай кўмиб, додлаб қолавердик. Энди бувим ҳар куни йиғлайди, аскар боламдан бу оламда бирон белги қолган чиқар, деб…
Кичиги гапдан қолмади:
— Адо бўлиб қолди ўзи ҳам. Кўрсангиз чўп дейсиз.
Ҳамма гапни англаб тургандай эдим-у, лекин бирдан ақлим юрмай қолди.
— Ким? – деб сўрабман.
— Бувимиз-да, – деди у шоша пиша. – Сира чидашмаяпти куйикка. Шунга ака-ука икковимиз умид билан келдик, бирон нарсаси топилиб қолар деб. Кампир одам-да, бир искаб кўрсалар, ишониб, бўйинларига олар эдиларми деб…
Ака суҳбат жиловини яна қўлига олди:
— Сизни айтишди, укаси афғондан қайтган, мумкин укаларинг билан бирга хизмат қилган бўлса деб. Шунга келдик: укангиздан сўраб берсангиз, билса, бирон нарсаси қолган бўлса… Биз ҳам қийналиб юрибмиз-у лекин бувимиз жуда азобда қолдилар – да. Супрақоқди суюмлироқ бўлар эканми, сира кўнмаяптилар.
— Бир-икки кун кутиб ўтирамиз, – деди ука.
Ака-уканинг иккаласи бир сиқим умид, бу умид сизга термилиб турса, сиз нима қилишни билмасангиз…
— Эртага бориб келамиз, – дедим.
Ака бир зум тин олди-да:
— Йўқ, боролмаймиз, – деди. – Кўпчиликнинг ичида кўзимизнинг сувини шўрғалатиб, тўйдик. Энди юрак кўтармайди…
Ишда бемалол эдим, эртаси куниёқ Чирчиққа бордим. Ҳарбий қисм эшигидан укамни чақиртириб олдим. Ўша ернинг ўзидаёқ гапни бошладим: шунақа-шунақа, шу Фарғонадан Мирзараҳим деган йигитнинг ўлиги келган экан афғондан, акалари сени эшитиб менинг олдимга келишди, оналари сира тинчимаётган экан, боламдан қолган бирон белгини кўрай, бағримга босай деб,.. Хуллас, тушунтирдим.
— Мирзараҳим? Фарғоналикми? – деб сўради укам ҳайрон бўлиб. – Ҳа, биламан. Лекин у ўлгани йўқ.
— Рух тобутда олиб бориб кўмишибди-ку, балки бошқа Мирзараҳимдир? –
Юрагимга бир илиқ нарса оқиб кирдию ўша заҳоти музлаб қолди.
— Ўзи батальонимиздан ўн икки аскар ўлди. Булар ҳам ўққа учмаган, БТРнинг ичида гранатомётни очиб кўрамиз деб. Уларнинг орасида Мирзараҳим йўқ, – деди укам қатъий. – Ўлганларнинг ҳаммасини биламан-ку. Хоҳласангиз, ҳозир чақираман, ўз кўзингиз билан кўрасиз.
Ўлик одамнинг тиригини кўришдан сескандим, билмадим, нимагадир у бўйнимга осиладигандек туюлиб кетди.
— Йўқ, мен кўриб нима қиламан? Бориб акаларига айтай, -дедим суст босиб.
— Қизиқ, – деди укам ажабланиб. – Унда кимнинг тобути бўлса? Каттақўрғонлик бир бола йўқолиб қолди, шумикан? Лейтенантимиз Солижон, дўстим, ҳеч кимга айтманг, ичимиздан битта шу йигит бедарак, уйига нима деб ёзишни билмаяпмиз, деган эди… Даҳшат, ота-онаси ўғлимиз афғонда жанг қиляпти деб юрган бўлса-да, бирдан тобути борса! Э-э, даҳшат!
— Шунақа… – деб бошқа гапира олмадим.
— Ҳа, Мирзараҳим тирик бўлгандан кейин, тобутини кавлаб олиб, ўша эгаларига топширади-да.
Айтдим-ку, укам афғондан анча қуйилиб қайтди, деб. Мен тасаввур қилолмайдиган нарсаларни аниқ-аниқ айтиб беряпти…
Эртаси куни кўзлари жавдироқ ака-ука олдимга келди.
— Ҳа, бирон нимаси топилдими? – деди ака ўша кўзида йилтираб қотган умид билан.
Уларни хурсанд қилмоқчи бўлиб:
— Ҳеч нимаси топилмади, – дедим, кейин томдан тараша тушгандек, – лекин ўзи топилди, – дедим.
Ака-ука иккови ҳам гапимни унча англамай оғзимга тикилиб қолишди.
— Мирзараҳим укаларинг ўлмаган, Чирчиқда эсон-омон хизмат қилиб юрибди экан, – дедим дона-дона қилиб.
Энди икковининг ҳам оғзи очилиб, бир-бирига қарашди: гапим ҳалигача тўлиқ етиб боргани йўқ.
Ниҳоят ака энтикиб:
— Ростданми? Рост айтяпсизми? – деб яна сўради. – Ҳазиллашманг!
— Рост! Рост! – дедим ўзим ҳам таъсирланиб. – Шунақа гапдан ҳам ҳазил бўладими?
Ука учиб туриб акани қучоқлаб олди. Ака шунча ақли билан ҳам каловланиб қолди. Нуқул ака, дейди титраб, менга қарайди.
— Ўзим кўрмадим-у, лекин ростдан ҳам рост, – дедим.
Ука ирғишлаб кетди:
— Кетдик, ака! Мирзараҳимжонни бориб кўриб, ўзимиз билан олиб кетамиз. Бир ҳафтага бўлса ҳам командирлардан сўраб.
Ака бирдан ўзини ўнглаб олди, укани бир қучоқлаб, бошини чайқади:
— Йўқ, Мирзараҳмат! Боришга-ку, ҳозир борамиз, иссиқ юзини ҳам кўрамиз. Лекин олиб кетмаймиз.
Ука Мирзараҳмат яна бир ирғиб тушди.
— Ий-я, бувимизни қувонтирмаймизми? Кўришсин-да, ахир!
Ака бир зум эзилиб ўйланди.
— Хай, бориб кўрайлик. Лекин ҳозир уйга олиб борсак, тирик кўрсатамиз деб бувимнинг ўзини ўлдириб қўямиз. Шилққа ташлаб юборадилар, юраклари кўтармайди.
Ука Мирзарахматнинг тушунгиси келмади. У Мирзараҳимнинг ўзини кўришдан ҳам кўра уни бувисига кўрсатишга шошиларди:
— Аввал Мираҳмад амакимникига бекитиб турамиз, айтиб, кейин кўрсатамиз.
Ака, унинг оти Мирзаҳаким экан, бош чайқади, у энди Мирзаpaxимнинг тириклиги эмас, онасини ўлдириб қўймаслик ғами босган эди.
— Мирзараҳмат! – деди кескин оҳангда. – Ҳовлиқма, худога шукр қил! Мирзараҳимни кўрамиз-да, ҳиди келадиган нарсасини бирон олиб, уйга кетамиз. Ўзимиз! Бувимга ўша нарсани бериб, гапни секин узоқдан оламиз: шу… суриштирдик, бирга хизмат қилганлардан биронтаси Мирзараҳматнинг ўлигини кўрмаган экан, номаълум кетганми, ўлганми – номаълум, кейин, армияда тобут адашиб кетиши ҳам кўп бўляпти экан, ўғлингиз тирик ҳам бўлиши мумкин, деб бир ўн беш кун бувимизни тайёрлаб борамиз. Кейин яна бир Тошкентга бориб суриштириб келайлик-чи, зора тирик бўлса, деб келиб, Мирзараҳимни олиб борамиз. Шунда ҳам бирдан кўрсатмаймиз, майли, ана, Мираҳмад амакимникига қўйиб туриб, бувини кўндириб… Маъқулми? Нима дедингиз, ака?
Мен нима дейишни билмадим.
Мирзараҳмат шалвираб:
-Эҳ-ҳе! – деб юборди. – Шунча вақт куттирамизми? Унгача ўлиб қолмасинлар тағин.
— Айтдим-ку, – деди Мирзаҳаким энди жўяли қилиб. – Ўлгани қўймаймиз – яхши гапириб, кўнгилларини олиб бораверамиз…
— Ҳай, кетдик, – деди ука Мирзараҳмат сабри чидамай.
— Ҳа, кетдик, – ака Мирзаҳаким енгил тортиб…
Мен қолдим, кўнглим анча енгил тортган эди, энди тобут борадиган ўша Каттақўрғондагими оилада қандай қиёмат қўпишини ўйлаб, хонамга, ишхонамга сиғмай қолдим, ториқиб кетдим. Урушнинг тўхтайдиган сиёғи йўқ, укамни яна олиб кетиб қолмасмикан? Бирон одам билан гаплашмасам, торс ёрилиб кетаман. Чўнтагимда саккиз сўм бор экан, етар. Қайси дўстимнинг олдига боришни билмасам ҳам, ишни ташлаб кетиб юбордим. Биронта шерик албатта топилади.
Укамнинг хизмати тугашига ҳали икки ой бор, шунча қон кечиб келгандан кейин энди жавоб берса ўладими бу ҳарбийлар!
Ака-ука Чирчиққа кетди, укани кўргани, уларни бошқа кўрмадим, лекин кўнглимда қизиқиш қолди, одамни баъзан ғийбат гапларни ҳам қувлаб юради, бу ғийбат эмас, тирик жоннинг тақдири-ку. Кейин укам айтиб берди, ака-ука ўн-беш йигирма кунда эмас, бир ҳафтада узун-қисқа бўлиб қайтибди: кампирни авраб тинчитишнинг сира иложи бўлмабди, Мирзараҳимнинг бир-икки ювилган йўл-йўл десантчи кўйлагини олиб боришган экан, кампир бир ҳидлабдию, болам ўлмаган, ўзини топиб берасизлар, мана, бу тирик боламнинг кўйлаги, мана, ҳиди ўлик боламнинг эмас, тирик боламники, ҳали эскирмаган, деб вовайло кўтарибди. Яна ҳар куни илгаригидан беш баттар йиғи, бетига сув сепишлар. Шунга ноилож тағин Мирзараҳматни кўрмай бир нарса бўлиб қолмасин деб қайтиб келиб, командирлардан ўн кунга жавоб сўраб олиб боришган экан, алдаб-сулдаб тайёрлаб қўйишган бўлса ҳам Мирзараҳим эшикдан кўриниш бериши билан кампир шилққа ташлаб юборибди. Дўхтир ҳам буларга амаки, ҳам бурч, ҳам қизиқишдан тайёр турган экан, дарров эмлаб, сув сепиб кўзини очдирибди – бу ёғи хайриятчилик, тўрт кўз тугал.
Мирзараҳимнинг жасади деб кўмилган руҳ тобут-чи, у қаёққа кетган? Уни билолмадик, ҳарбий сир, маҳфий, борган жойида ўзи тупроққа кириб, оқ мармар сағанага айланиб ўсиб чиққан бўлса ҳам пешанаси шўр бебахт ота-она, жоначир яқинлар кўнглида кўмила олмай лопиллаб келаётгандир. Чирқираб сарсон бу руҳни ким кўмади…
Ўтганларнинг охирати обод бўлсин!
2013 й.
AHMAD A’ZAM
MAKONDA LOMAKON
“Gapxona” turkumidan
Ahmad A’zam 1949 yili Samarqand viloyati Jomboy tumani G’azira qishlog’ida tug’ilgan. 1971 yili Samarqand davlat universitetining o’zbek va tojik filologiyasi fakultetini bitirgan. Shu yili Alisher Navoiy nomidagi muzeyda ish boshlagan. Keyin “Guliston” jurnali, “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi, “Sovet O’zbekistoni san’ati” jurnali redaksiyalarida, O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasida ishlagan, siyosiy faoliyat bilan shug’ullangan, “Birlik” xalq harakati hamraisi, “Erk” demokratik partiyasi bosh kotibi bo’lgan. Oliy Majlis deputatligiga saylangan (1999-2004 yillar).
1995 yildan O’zbekiston televideniesida bosh muharrir, “O’zbekiston” telekanali bosh direktori, “O’zbektelefilm” studiyasi bosh direktori lavozimlarida ishlagan. O’zbekiston televideniesida yuzlab ko’rsatuvlar va hujjatli filmlar qilgan, ulardan eng mashhurlari: “O’zlik”, “Xalqning ko’ngli”, To’rtinchi hokimiyat” .
“Oyning gardishi”, “Bu kunning davomi”, “Asqartog’ tomonlarda”, “Soyasini yo’qotgan odam”, “Hali hayot bor” degan nasriy asarlar, “Mas’ul so’z” degan adabiy-tanqidiy maqolalar to’plamlari, “O’zi uylanmagan sovchi”, “Ro’yo yoxud G’ulistonga safar” romanlari chop etilgan.
Ahmad A’zam uzoq davom etgan xastalikdan keyin 2014 yil 4 yanvarida vafot etgan
Qo‘nalg‘am Chorsu bozoriga tutashadigan ko‘chaning boshlarida. Oldimda masjid, yonimda choyxona. Hayhotday hovlida yolg‘iz o‘zim. Hovlining pasti, darvoza yonida, ilgari otxona bo‘lganmi, bostirmaga o‘xshagan pastak tomg‘a texnikum toliblari kirib-chiqib yurardi, sovuqlik qildimi, qish oldidan qoralari o‘chdi. Avvalboshda ilondan xavotir qilardim, meni bu ijaraga olib kelgan Olim do‘stimga choyxonadagi kunda-shunda ulfatlari: “O‘rtog‘ingga aytib qo‘y, bu uyning iloni bor, qo‘rqmasin, odamga tegmaydi, tag‘in o‘ldiraman deb yurmasin, jufti kelib o‘ch oladi”, degan, qo‘rqmadim-u, lekin xuddi kunjak-punjakdan chiqib keladigandek seskanib yurdim, keyin e-e bor-ye deb, qo‘l siltadim, ko‘nglimga ilon xavotiri ham sig‘may qoldi.
Kunduzlari yaxshi, ishga boraman, kelaman, shanba-yakshanbada ham shoir-yozuvchi do‘stlar yolg‘iz qo‘ymaydi. Kelishsa, g‘irra bozorga tushib, olti-yetti so‘mlik kattakon qovun ko‘tarib chiqaman. Cho‘ntakda shamol hushtak chalishi afsona emas, turgan gap, bunchaga chog‘im yetmaydi, endi tushgan qovun to‘kmasiga borib, shirasidan tumshug‘i tars yorilgani yo tagda qolib sal ezilganini tanlab, jiddiy savdoga kirishaman: xaridor zaxa yegan qovunni olmaydi, po‘lasi oftobning ko‘zida ikki soatga bormay ayniydi, men, mayli, uvol ketmasin, hozir olib borib so‘yaman, falon-tugan, xullas, yerga urib, narxini bir so‘mga tushiraman. Do‘stlarim o‘zimga o‘xshagan nashr yo matbuot batraklari, arzonqo‘l mardikorlar, cho‘ntaklarimiz ham bir-biriga og‘ayni, qovunning arzoni huzuri shundan ja boshqacha. Qovun bilan birga xudoning o‘zi biron narsani yetkazadi, hangomalarimiz kun bo‘yi, tez-tez tonggacha ham cho‘ziladi, bu yolg‘izlikning juda uzun yo‘llarini salgina bezab turadi.
Keng ko‘ngil, yaxshi kunlar, ustimizdan xatar-xavotir chodiri yopilgan, kechalari qo‘rqib chiqaman, o‘zi kunduzi ham shu elektr qo‘ng‘iroqdan bir sakrab tushardim, endi kechasi, ayniqsa tong-saharda jiringlab qolsa, yuragimga bir sovuq tig‘ sanchilgandek bo‘ladi – ukam Afg‘onda! Avval Qozog‘istonning cho‘lidagi Otar degan joyda edi, keyin Chirchiqqa olib kelishdi, bu yerda sara desant bataloni tuzilib, shu batalonda tinchgina xizmat qilib yurardi, shanba-yaqshanba kunlari men ko‘rgani borar, Chirchiqning suyuq muz suvida cho‘milib, aka-uka dildirab hordiq chiqarar edik. Ukam bizni afg‘onga olib borib tashlaydi-yov, der edi, bir kuni haqiqatan ham xufiya olib ketib qoldi. Men bexabar qoldim. Ukam borganida afg‘onda inqilob bo‘lib o‘tgan, endi tinch, lekin sado kelmas, xat-xabar qatag‘on edi. Keyin birdan to‘polon chiqdi, urush, tobut uchib kela boshladi. Ukam nima bo‘layotganini biz bilmaydigan o‘sha qirg‘inbarotning ichida. Qani edi biron daragi kelib qolsa! Yo‘q, o‘sha zim-ziyoga yutilib ketgan!
Yomon xabardan qo‘rqishim ana shunda boshlandi. Kechalari uyqum o‘chadi, butun vujudim bir bo‘lib, shu qo‘ng‘iroq tovushi sanchilishini kutaman, doim yuragim bejo. Bir jiyanim poyezddan sahar tushib, to‘g‘ri kelib, qo‘ng‘iroqni bosgan ekan, senga amaki bo‘lganimga ijaram ham karvonsaroymi, xudo ko‘tarsin, o‘zi kiyib yurgan paypog‘ining hidiga chidamas edim, ahmoqni shunday so‘kdim, shunday yer qildim, endi qadamini uzib ketsa kerak, qutuldim deb o‘ylagan edim, yo‘q, to‘nka – hech so‘kish eshitmagandek kelib-ketib yuraverdi. Tavba deyman, paypog‘ingni yuvmasang ham bo‘laveradi deb, birov mandat berganmi bunga! Poyezddan tushib to‘g‘ri kelaverasan, bir-ikki soat vokzalda o‘tirib tur, o‘lmaysan, saharlab menikida pishirib qo‘yibdimi!
O‘zi ukamni o‘ylab o‘rtanaman, bolalikda ko‘p xafa qilgandek bo‘laveraman, bir marta yig‘latib urganim ko‘z oldimga kelib eziliblar ketaman. Maktabda vaqti paxta terib, g‘isht quyib magnitafonli radioga yiqqan pulini o‘zim senga zo‘ridan olib beraman deb yeb ketganimdan vijdonim endi qiynaladi. Ba’zida tushimda yig‘lab chiqaman, boshqa siqintilar ham qo‘shilsa kerak, xayolimning bir chekkasida tush ko‘rib yotganimni bilib, to‘yib yig‘lab olaman. Sahar uyg‘onib ketib yengil tortaman desam, qo‘ng‘iroq vahimasi kutib turgan bo‘ladi.
Bir vaqti bir enli hat kelib qoldi-ku! Umuman yozish mumkin emas ekan, hammasi mahfiy, ukam shu maktubchani bir uchuvchidan jo‘natibdi, uchuvchi boshqa familiya qo‘yib, pochtadan menga yuboribdi. Bayram! Ukam sog‘-omon! Ammo Afg‘ondan tobut kelishi ko‘paysa ko‘paydiki, kamaymadi. Ko‘nglimda qo‘ng‘iroqning ham vahshati pasaymadi.
Yo‘q, xudoga aytganim bor ekan, bir oy o‘tmay ukam Chirchiqqa qaytib keldi. Ancha ulg‘aygan, mo‘ylov qo‘ygan, salga asabiylashadi, lekin odamga mehribon, ancha mulohazali ham bo‘lib qolgan. Menga bitta emas, bir nechta Shveysariya soati olib kelibdi. Yana bir-ikkita mayda-chuyda. “Samolyotga chiqishimizdan oldin tintuv qilib, borimizni olib qo‘ydi. Sizga deb magnitofon olgan edim, u ham ketdi”, dedi. “E-e, ukam o‘zingni olib kelibsan-ku, shunisiga shukr!”, dedim. Ha, ularga uyga xat yozish mamnu, afg‘onga borib, to‘ntarish qilib kelganini endi ham hech kim bilmasligi kerak.
Ukam Chirchiqda xizmatni davom ettiryapti, men jurnalda ishlab yuribman. Lekin internatsional burchini bajarganlarning tobuti paydar-pay kelyapti, qabristonlarga borib yerga kiryapti, ustidan bir xil uzun noto‘g‘ri to‘rtburchak oq marmar sag‘analar chappa xanjardek o‘sib chiqyapti. Azador uylarga uylarga kirgulik qilmasin, g‘ussaga ko‘milib qolasiz…
Xonamda ishlab o‘tirgan edim, eshik qiyq etib qiya ochildi. Qariyb men qatori ikki kishi, sen kir, men kir turtishadi, bu nima turish, kiringlar-da, deganimdan keyin o‘zlarini ichkari olishdi. Bir-biriga qaraydi, xijolatchilik. Majburlab o‘tirg‘izdim. Choy damlamoqchi edim, qo‘yishmadi.
— So‘rab-so‘rab topib keldik sizni, – deb iymanib gap boshladi kattarog‘i.
Sezdimki, nima gap bo‘lmasin, ishimga, san’at jurnaliga aloqasi yo‘q. Yo havaskor rassomlarmikan? Taxminlab bilolmadim. Qani, kelinglar, dedimu boshqa nima deyishni bilmay gapni o‘zlaridan kutdim. Ko‘zlarida yalinish.
— Shu… – dedi shu kattarog‘i, lekin tili tutilib, kichigini turtdi. – Sen ayt. Mening ko‘nglim g‘alati bo‘lib ketyapti.
Kichigi xuddi bir gunoh qilgandek menga bir qarab oldi.
— Shu, aka… shu ukangiz afg‘ondan kelib, hozir Chirchiqda ekan?
Yana olib ketsa-ya, degan tubsiz xavotirdan yuragim shuvillab ketdi.
— Ha, ha, shunday. Tinchlikmi? Nima nima qildi unga? – deb unga hech nima tusmol qilib turgan bo‘lsam-da, ko‘nglimdagi tahlikani haydamadim.
Kichigi yerga qarab kalovlandi, kattasi menga tinchlik, ukangiz ham tinch bo‘lsa kerak deb, o‘zining ukasiga dalda bilan qarab qo‘ydi.
— Bizlar aka-ukamiz. Uchta edik. Kenjamiz… shu, biron narsasi qoldimikan, deb keldik. Ukangizdan so‘rasangiz, biron xebe ko‘ylagimi, tarog‘imi… paypog‘i, yuvilmagan bo‘lsa ham mayli. Buvimiz hech ko‘nishmayapti, shu paypog‘ini iskasam ham, bolamning hididan bilaman, deb…
Kattasi uning gapini bo‘lib tushuntirish berdi:
— To‘rtta soldat kelib ochdirmadi-da. Buvim dodlab tobutning ustiga yotib ham oldi, och, noinsof, sovuk betini ko‘rgani ham qo‘ymaysanmi, deb, yo‘q, mumkin emas ekan. Shu rux tobutni ochmay ko‘mib, dodlab qolaverdik. Endi buvim har kuni yig‘laydi, askar bolamdan bu olamda biron belgi qolgan chiqar, deb…
Kichigi gapdan qolmadi:
— Ado bo‘lib qoldi o‘zi ham. Ko‘rsangiz cho‘p deysiz.
Hamma gapni anglab turganday edim-u, lekin birdan aqlim yurmay qoldi.
— Kim? – deb so‘rabman.
— Buvimiz-da, – dedi u shosha pisha. – Sira chidashmayapti kuyikka. Shunga aka-uka ikkovimiz umid bilan keldik, biron narsasi topilib qolar deb. Kampir odam-da, bir iskab ko‘rsalar, ishonib, bo‘yinlariga olar edilarmi deb…
Aka suhbat jilovini yana qo‘liga oldi:
— Sizni aytishdi, ukasi afg‘ondan qaytgan, mumkin ukalaring bilan birga xizmat qilgan bo‘lsa deb. Shunga keldik: ukangizdan so‘rab bersangiz, bilsa, biron narsasi qolgan bo‘lsa… Biz ham qiynalib yuribmiz-u lekin buvimiz juda azobda qoldilar – da. Supraqoqdi suyumliroq bo‘lar ekanmi, sira ko‘nmayaptilar.
— Bir-ikki kun kutib o‘tiramiz, – dedi uka.
Aka-ukaning ikkalasi bir siqim umid, bu umid sizga termilib tursa, siz nima qilishni bilmasangiz…
— Ertaga borib kelamiz, – dedim.
Aka bir zum tin oldi-da:
— Yo‘q, borolmaymiz, – dedi. – Ko‘pchilikning ichida ko‘zimizning suvini sho‘rg‘alatib, to‘ydik. Endi yurak ko‘tarmaydi…
Ishda bemalol edim, ertasi kuniyoq Chirchiqqa bordim. Harbiy qism eshigidan ukamni chaqirtirib oldim. O‘sha yerning o‘zidayoq gapni boshladim: shunaqa-shunaqa, shu Farg‘onadan Mirzarahim degan yigitning o‘ligi kelgan ekan afg‘ondan, akalari seni eshitib mening oldimga kelishdi, onalari sira tinchimayotgan ekan, bolamdan qolgan biron belgini ko‘ray, bag‘rimga bosay deb,.. Xullas, tushuntirdim.
— Mirzarahim? Farg‘onalikmi? – deb so‘radi ukam hayron bo‘lib. – Ha, bilaman. Lekin u o‘lgani yo‘q.
— Rux tobutda olib borib ko‘mishibdi-ku, balki boshqa Mirzarahimdir? –
Yuragimga bir iliq narsa oqib kirdiyu o‘sha zahoti muzlab qoldi.
— O‘zi batalonimizdan o‘n ikki askar o‘ldi. Bular ham o‘qqa uchmagan, BTRning ichida granatomyotni ochib ko‘ramiz deb. Ularning orasida Mirzarahim yo‘q, – dedi ukam qat’iy. – O‘lganlarning hammasini bilaman-ku. Xohlasangiz, hozir chaqiraman, o‘z ko‘zingiz bilan ko‘rasiz.
O‘lik odamning tirigini ko‘rishdan seskandim, bilmadim, nimagadir u bo‘ynimga osiladigandek tuyulib ketdi.
— Yo‘q, men ko‘rib nima qilaman? Borib akalariga aytay, -dedim sust bosib.
— Qiziq, – dedi ukam ajablanib. – Unda kimning tobuti bo‘lsa? Kattaqo‘rg‘onlik bir bola yo‘qolib qoldi, shumikan? Leytenantimiz Solijon, do‘stim, hech kimga aytmang, ichimizdan bitta shu yigit bedarak, uyiga nima deb yozishni bilmayapmiz, degan edi… Dahshat, ota-onasi o‘g‘limiz afg‘onda jang qilyapti deb yurgan bo‘lsa-da, birdan tobuti borsa! E-e, dahshat!
— Shunaqa… – deb boshqa gapira olmadim.
— Ha, Mirzarahim tirik bo‘lgandan keyin, tobutini kavlab olib, o‘sha egalariga topshiradi-da.
Aytdim-ku, ukam afg‘ondan ancha quyilib qaytdi, deb. Men tasavvur qilolmaydigan narsalarni aniq-aniq aytib beryapti…
Ertasi kuni ko‘zlari javdiroq aka-uka oldimga keldi.
— Ha, biron nimasi topildimi? – dedi aka o‘sha ko‘zida yiltirab qotgan umid bilan.
Ularni xursand qilmoqchi bo‘lib:
— Hech nimasi topilmadi, – dedim, keyin tomdan tarasha tushgandek, – lekin o‘zi topildi, – dedim.
Aka-uka ikkovi ham gapimni uncha anglamay og‘zimga tikilib qolishdi.
— Mirzarahim ukalaring o‘lmagan, Chirchiqda eson-omon xizmat qilib yuribdi ekan, – dedim dona-dona qilib.
Endi ikkovining ham og‘zi ochilib, bir-biriga qarashdi: gapim haligacha to‘liq yetib borgani yo‘q.
Nihoyat aka entikib:
— Rostdanmi? Rost aytyapsizmi? – deb yana so‘radi. – Hazillashmang!
— Rost! Rost! – dedim o‘zim ham ta’sirlanib. – Shunaqa gapdan ham hazil bo‘ladimi?
Uka uchib turib akani quchoqlab oldi. Aka shuncha aqli bilan ham kalovlanib qoldi. Nuqul aka, deydi titrab, menga qaraydi.
— O‘zim ko‘rmadim-u, lekin rostdan ham rost, – dedim.
Uka irg‘ishlab ketdi:
— Ketdik, aka! Mirzarahimjonni borib ko‘rib, o‘zimiz bilan olib ketamiz. Bir haftaga bo‘lsa ham komandirlardan so‘rab.
Aka birdan o‘zini o‘nglab oldi, ukani bir quchoqlab, boshini chayqadi:
— Yo‘q, Mirzarahmat! Borishga-ku, hozir boramiz, issiq yuzini ham ko‘ramiz. Lekin olib ketmaymiz.
Uka Mirzarahmat yana bir irg‘ib tushdi.
— Iy-ya, buvimizni quvontirmaymizmi? Ko‘rishsin-da, axir!
Aka bir zum ezilib o‘ylandi.
— Xay, borib ko‘raylik. Lekin hozir uyga olib borsak, tirik ko‘rsatamiz deb buvimning o‘zini o‘ldirib qo‘yamiz. Shilqqa tashlab yuboradilar, yuraklari ko‘tarmaydi.
Uka Mirzaraxmatning tushungisi kelmadi. U Mirzarahimning o‘zini ko‘rishdan ham ko‘ra uni buvisiga ko‘rsatishga shoshilardi:
— Avval Mirahmad amakimnikiga bekitib turamiz, aytib, keyin ko‘rsatamiz.
Aka, uning oti Mirzahakim ekan, bosh chayqadi, u endi Mirzapaximning tirikligi emas, onasini o‘ldirib qo‘ymaslik g‘ami bosgan edi.
— Mirzarahmat! – dedi keskin ohangda. – Hovliqma, xudoga shukr qil! Mirzarahimni ko‘ramiz-da, hidi keladigan narsasini biron olib, uyga ketamiz. O‘zimiz! Buvimga o‘sha narsani berib, gapni sekin uzoqdan olamiz: shu… surishtirdik, birga xizmat qilganlardan birontasi Mirzarahmatning o‘ligini ko‘rmagan ekan, noma’lum ketganmi, o‘lganmi – noma’lum, keyin, armiyada tobut adashib ketishi ham ko‘p bo‘lyapti ekan, o‘g‘lingiz tirik ham bo‘lishi mumkin, deb bir o‘n besh kun buvimizni tayyorlab boramiz. Keyin yana bir Toshkentga borib surishtirib kelaylik-chi, zora tirik bo‘lsa, deb kelib, Mirzarahimni olib boramiz. Shunda ham birdan ko‘rsatmaymiz, mayli, ana, Mirahmad amakimnikiga qo‘yib turib, buvini ko‘ndirib… Ma’qulmi? Nima dedingiz, aka?
Men nima deyishni bilmadim.
Mirzarahmat shalvirab:
-Eh-he! – deb yubordi. – Shuncha vaqt kuttiramizmi? Ungacha o‘lib qolmasinlar tag‘in.
— Aytdim-ku, – dedi Mirzahakim endi jo‘yali qilib. – O‘lgani qo‘ymaymiz – yaxshi gapirib, ko‘ngillarini olib boraveramiz…
— Hay, ketdik, – dedi uka Mirzarahmat sabri chidamay.
— Ha, ketdik, – aka Mirzahakim yengil tortib…
Men qoldim, ko‘nglim ancha yengil tortgan edi, endi tobut boradigan o‘sha Kattaqo‘rg‘ondagimi oilada qanday qiyomat qo‘pishini o‘ylab, xonamga, ishxonamga sig‘may qoldim, toriqib ketdim. Urushning to‘xtaydigan siyog‘i yo‘q, ukamni yana olib ketib qolmasmikan? Biron odam bilan gaplashmasam, tors yorilib ketaman. Cho‘ntagimda sakkiz so‘m bor ekan, yetar. Qaysi do‘stimning oldiga borishni bilmasam ham, ishni tashlab ketib yubordim. Bironta sherik albatta topiladi.
Ukamning xizmati tugashiga hali ikki oy bor, shuncha qon kechib kelgandan keyin endi javob bersa o‘ladimi bu harbiylar!
Aka-uka Chirchiqqa ketdi, ukani ko‘rgani, ularni boshqa ko‘rmadim, lekin ko‘nglimda qiziqish qoldi, odamni ba’zan g‘iybat gaplarni ham quvlab yuradi, bu g‘iybat emas, tirik jonning taqdiri-ku. Keyin ukam aytib berdi, aka-uka o‘n-besh yigirma kunda emas, bir haftada uzun-qisqa bo‘lib qaytibdi: kampirni avrab tinchitishning sira iloji bo‘lmabdi, Mirzarahimning bir-ikki yuvilgan yo‘l-yo‘l desantchi ko‘ylagini olib borishgan ekan, kampir bir hidlabdiyu, bolam o‘lmagan, o‘zini topib berasizlar, mana, bu tirik bolamning ko‘ylagi, mana, hidi o‘lik bolamning emas, tirik bolamniki, hali eskirmagan, deb vovaylo ko‘taribdi. Yana har kuni ilgarigidan besh battar yig‘i, betiga suv sepishlar. Shunga noiloj tag‘in Mirzarahmatni ko‘rmay bir narsa bo‘lib qolmasin deb qaytib kelib, komandirlardan o‘n kunga javob so‘rab olib borishgan ekan, aldab-suldab tayyorlab qo‘yishgan bo‘lsa ham Mirzarahim eshikdan ko‘rinish berishi bilan kampir shilqqa tashlab yuboribdi. Do‘xtir ham bularga amaki, ham burch, ham qiziqishdan tayyor turgan ekan, darrov emlab, suv sepib ko‘zini ochdiribdi – bu yog‘i xayriyatchilik, to‘rt ko‘z tugal.
Mirzarahimning jasadi deb ko‘milgan ruh tobut-chi, u qayoqqa ketgan? Uni bilolmadik, harbiy sir, mahfiy, borgan joyida o‘zi tuproqqa kirib, oq marmar sag‘anaga aylanib o‘sib chiqqan bo‘lsa ham peshanasi sho‘r bebaxt ota-ona, jonachir yaqinlar ko‘nglida ko‘mila olmay lopillab kelayotgandir. Chirqirab sarson bu ruhni kim ko‘madi…
O‘tganlarning oxirati obod bo‘lsin!
2013 y.