Вақт ўтгани сайин Шукур Холмирзаевнинг адабиётимизда тутган ўрни ҳақидаги тушунчаларимиз ўзгариб боради. Энг аввало, унинг шахсиятида ва ижодий фаолиятида намоён бўлган ўзбек адабиёти учун жон куйдирган фидойи инсон ва такрорланмас ёзувчи ҳақидаги фикримиз кучайиб бораётганини таъкидлаш лозим. Яна бир ойдин ҳақиқат шундаки, Шукур Холмирзаев бугун ҳикоя ва шеърлару достонлар қаҳрамонига айланмоқда. Бунгуги саҳифамизда истеъдодли шоир Бобомурод Эралининг Шукур акага бағишланган шеърий туркумини сўзимиз исботи сифатида тақдим этамиз.
Бобомурод Эрали
ШУКУР ХОЛМИРЗАЕВ
1. Соғинч
Қоятошлар орасидан чиқиб келгандек,
Ҳув қотларнинг тепасида турар шовуллаб.
Йўл бермайди бепоён чўл Жайҳунга қадар,
Саратонда қир-адирлар ёниб, ловуллаб.
Етиб келмас бу жойларга Жайҳун сувлари,
Тиканак сим, қумтепалар қирғоқларида.
Қуруқ чўл деб ўйламагин бурун жийириб,
Асотирлар кўмилгандир туфроқларида.
Шамол бўлиб келганида хотираларинг,
Ё шеър каби бирпасдаёқ қўяр шошириб.
Чўпон билан гурунг қилсанг узун тунлари,
Қумғонига қарамайди, чойни тошириб.
Ғир-ғир эсиб турса шамол, майли кечгача,
Ҳув тепада маза қилсанг Бойсунга қараб.
Лойсувоқ уй шундоққина қоя остида,
Бир сулув қиз ўй суради сочини тараб.
Туяқушнинг тухумига ўхшатар эдим,
Ким кўтариб келтирган-а улкан тошларни.
Хаёл сурсанг, ҳеч ким сенга бермаса халал,
Танишларинг саломлашар ирғаб бошларни.
Тонг-азонда эшагини ҳайдаб болалар,
Йўлдан ўтар қанорини тагига солиб.
Бутун шаҳар ғимирлайди, ташвишлари мўл,
Сен шунчаки кузатасан хаёлга толиб.
Қирга қараб чиқиб борар ўнқир-чўнқир йўл,
Ҳализамон унутмадим ўйноқи сойни.
Тошсупада ётганимда аста имлардим,
Кўкда сузиб бораётган тилларанг ойни.
Хўрсинтирар, ҳали-ҳали хотирамдадир,
Тошдан-тошга сакраб юрган олис йилларим.
Сокингина ҳаётимга бермади тинчлик,
Баҳор чоғи оқиб ўтган тошқин селларим.
Бунда тошлар қадрдоним, жўраларимдай,
Баҳордаги қизғалдоқлар яқин эгачим.
Ҳар гал борсам чопиб чиқди йўлга Бойсунжон,
Шуни ўйлаб яшаганда ёришар ичим.
Қандай гўзал ойдинликда турган дарахтлар,
Ғам қотирган бўлса ҳамки, эрийди кўнгил.
Ойга қараб уйқу келмас ёш болалардек,
Юлдузлар ҳам ҳарсангтошда синади чил-чил.
2. Ов
Қоятошлар орасидан чиқиб келгандек,
Ҳув қотларнинг тепасида турар шовуллаб.
Йўл бермайди бепоён чўл Жайҳунга қадар
Саратонда қир-адирлар ёниб, ловуллаб.
Тонг-саҳардан кимдир ўтар милтиқ кўтариб,
Қоятошлар ўшшаяди ёқтирмагандек.
Пир этганча кўтарилар какликлар ҳуркиб,
Овчи унга парво қилмас, сезмаётгандек.
Арчазорлар оралаб жим бораверасан,
Айувларга дуч қилмасин бу ҳаёт сени.
Минг йилларким, дилгир-дилгир шовуллайди сой,
Тақдир сенга раво кўрган, билмайсан нени.
Қорли тоғлар хотирада қотар абадий,
Ов ҳам эсдан чиқар шунда олдинга юрмай.
Илонизи сўқмоқ қайга бурилиб борар,
Қадам босма, ўйламасдан, чамалаб кўрмай.
Бу ҳаёт ҳам овга ўхшар билсанг аслида,
Бой берганинг пайқамайсан ўлжангни дарров.
Ҳув қарагин, ғор оғзига ташлаб кетгандек,
Ёқмоқ учун олиб келган ўтинни биров.
Аёз қисар. Ғор ичида исинайлик, кел,
Ҳеч бўлмаса қаҳрланган шамолдан пана.
Ўтин бизга насиб қилган экан, жўражон,
Қайси овчи илингани – тўшак ҳам ана.
Ёмғир ёғса усту бош ҳам шалаббо бўлар,
Балки ов ҳам татимайди уйга борганда.
Эҳ, унутиб қўйибмиз-ку овхалтада йўқ,
Ўт ёқмоққа гугуртни ҳам милтиқ олганда.
Ўтин қолар, ўрталикда қизийди гурунг,
Ҳув дарага сузиб кетар булутлар ёғмай.
Қанча кийик отганию мерганлигини,
Анчагача мақтанади аканг қарағай.
Сўнг қайтамиз борган йўлдан қовоқ осилиб,
Ўлжасидан қуруқ қолган бўри мисоли.
Иккимиз ҳам уринамиз билдирмасликка,
Ов қилишдан қайтиш йўқ деб албатта ҳали.
Ҳаёт шундай. Йўлга чиққан қанча овчилар,
Довонларда қолиб кетар манзилга етмай.
Қанчалари бой беради ўлжаларини,
Бироқ сирни ичга ютиб, асло сездирмай.
3. Қўҳна тепалар
Қоятошлар орасидан чиқиб келгандек,
Ҳув қотларнинг тепасида турар шовуллаб.
Йўл бермайди бепоён чўл Жайҳунга қадар
Саратонда қир-адирлар ёниб, ловуллаб.
Тепаликлар билсанг оддий тепалар эмас,
Бунда ой ҳам, юлдузлар ҳам ботиб кетгандек.
Маҳшаргача овоз бермас, индамас ҳеч ким,
Ажал майин тотганидан сархуш ётгандек.
Ай, бу макон, улкан қуёш шу ер остида,
Қорайганча сўниб ётар кўтарилолмас.
Тирикликнинг шами ўчган, чарх урар фақат,
Парвоналар арвоҳлардек тиниб-тинчимас.
Шамол чиқиб етаклайди харобаларга,
Бетавозеъ, ҳамма бунда тенг ва баробар.
Хумга қара, бўшаб ётар қиёматгача,
Ҳаёт бунда сўнганидан беради хабар.
Совутлару шамширларни кўтармас ҳеч ким,
Бир чеккада занглаб ётар қиличу қалқон.
Сопол кўза синиқлари олис хотира,
Хаёлларни таъқиб этар, тўхтагин бир он.
Ай, бу ҳаёт дарёсида сузиб илгари,
Соҳилида унутилган қайиқлар бўм-бўш.
Ай, бу жимлик оламида қанча ботирлар,
Ётганига гувоҳ эрур шу сирли оғуш.
Ў, Жарқўтон, Сополтепа, Кучуктепалар,
Кўзаларга қуюлгандир ғаройиб қайғу.
Шамол ғир-ғир эсаётир дўнгликлар оша,
Деворпана жойни топиб чалгани чолғу.
Қизғалдоқлар ёпирилган тепаликларга,
Ҳеч ким энди у тарафга нигоҳин бурмас.
Жимлик аро тўнғигандек, қотиб қолгандек,
Қани, мен ҳам кўрайин деб ўрнидан турмас.
Шоҳу гадо, бой ва фақир, ҳамма жамулжам,
Тирик пайти ухлаб бундай ором олмаган.
Найза тутган ясовуллар йўлни тўсмайди,
Эшикларнинг олдида ҳам биров қолмаган.
Шоҳ саройи бўшаб ётар. Бир-бир тушасан,
Энди шоҳга олиб бормас зинапоялар.
Сену менга ниманидир билдирмоқчидек,
Бу кенгликда айланади фақат соялар.
4. Қоракамар
Қоятошлар орасидан чиқиб келгандек,
Ҳув қотларнинг тепасида турар шовуллаб.
Йўл бермайди бепоён чўл Жайҳунга қадар
Саратонда қир-адирлар ёниб, ловуллаб.
Юлдузларни элагидан ўтказар осмон,
Ойнинг сўник ёғдусида ёришмас сўқмоқ.
Ғам-андуҳлар уюлгандир ер супрасида,
Қизим, ундан пишириб бер менга бир қуймоқ.
Босқонларда зарб қилинар қуёш тангадек,
Кечалари хумдонларда ийланади ой.
Наҳот, сени сескантирмас, эй нодон кулол,
Боболарнинг қони томган бу табаррук лой.
Хаёлимда лопиллайди сопол тобутлар,
Ҳожат йўқдир кўздан силқиб чиққан ёшларга.
Буқаламун дунё, сендан ўч олмоқчидек,
Рўзи Чори расм чизар қоятошларга.
Индамайман, чақирмайман, майли, яйрасин,
Илҳом пайти дуруст эмас халақит бермоқ.
Торозуси кўпайганда ҳалолликнинг ҳам,
Данғиллама уй нима-ю чайлада турмоқ?..
Сўнгги авлод жон сақлаган Қоракамарда,
Ўргимчаклар тўқиётир ўзига гилам.
Ғор оғзини топа олмай шамол овора,
Ғор оғзига сиғмай қайтар бу ёруғ олам.
Орзуларни қатл этар қилич тутган вақт,
Шамол бўлиб яшамоқнинг қандай гашти бор!
Бинафша-ю бойчечакни соғинганимда
Олислардан ўтиб кетар мен кутган баҳор.
Тоғлар узра ёғаётир паға-паға қор,
Дараларнинг совуғида юриб музлайман.
Чулдираган ирмоқларнинг сувидан ичиб,
Ҳуркиб қочган оҳулардек нени излайман?
Осмон салқиб тушар ерга улкан пардадек,
Дарахтлар улгурмасдан остида қолган.
Ҳайратланар, кўкка қарар ажабланишиб,
Аллақачон ҳамма ўзин бир четга олган.
Ҳув юксакда шовуллайди арчазорларим,
Руҳим янглиғ бўйинсунмай ва чақмоқсимон.
Из қолдириб яшай дедим бу ҳаётимни,
Чўққиларга қараб борган бир сўқмоқсимон.
Mуаллиф ҳақида
Бобомурод Эрали 1965 йилда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги Шерози қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни тугатиб, Тошкент Давлат Университетининг (ҳохирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетида таҳсил олди. Сўнгра Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институтида илмий изланишлар олиб борди. Ҳозир Тошкент Ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмасида фаолият юритади.
Bobomurod Erali
SHUKUR XOLMIRZAEV
1. Sog’inch
Qoyatoshlar orasidan chiqib kelgandek,
Huv qotlarning tepasida turar shovullab.
Yo’l bermaydi bepoyon cho’l Jayhunga qadar,
Saratonda qir-adirlar yonib, lovullab.
Yetib kelmas bu joylarga Jayhun suvlari,
Tikanak sim, qumtepalar qirg’oqlarida.
Quruq cho’l deb o’ylamagin burun jiyirib,
Asotirlar ko’milgandir tufroqlarida.
Shamol bo’lib kelganida xotiralaring,
YO she’r kabi birpasdayoq qo’yar shoshirib.
Cho’pon bilan gurung qilsang uzun tunlari,
Qumg’oniga qaramaydi, choyni toshirib.
G’ir-g’ir esib tursa shamol, mayli kechgacha,
Huv tepada maza qilsang Boysunga qarab.
Loysuvoq uy shundoqqina qoya ostida,
Bir suluv qiz o’y suradi sochini tarab.
Tuyaqushning tuxumiga o’xshatar edim,
Kim ko’tarib keltirgan-a ulkan toshlarni.
Xayol sursang, hech kim senga bermasa xalal,
Tanishlaring salomlashar irg’ab boshlarni.
Tong-azonda eshagini haydab bolalar,
Yo’ldan o’tar qanorini tagiga solib.
Butun shahar g’imirlaydi, tashvishlari mo’l,
Sen shunchaki kuzatasan xayolga tolib.
Qirga qarab chiqib borar o’nqir-cho’nqir yo’l,
Halizamon unutmadim o’ynoqi soyni.
Toshsupada yotganimda asta imlardim,
Ko’kda suzib borayotgan tillarang oyni.
Xo’rsintirar, hali-hali xotiramdadir,
Toshdan-toshga sakrab yurgan olis yillarim.
Sokingina hayotimga bermadi tinchlik,
Bahor chog’i oqib o’tgan toshqin sellarim.
Bunda toshlar qadrdonim, jo’ralarimday,
Bahordagi qizg’aldoqlar yaqin egachim.
Har gal borsam chopib chiqdi yo’lga Boysunjon,
Shuni o’ylab yashaganda yorishar ichim.
Qanday go’zal oydinlikda turgan daraxtlar,
G’am qotirgan bo’lsa hamki, eriydi ko’ngil.
Oyga qarab uyqu kelmas yosh bolalardek,
Yulduzlar ham harsangtoshda sinadi chil-chil.
2. Ov
Qoyatoshlar orasidan chiqib kelgandek,
Huv qotlarning tepasida turar shovullab.
Yo’l bermaydi bepoyon cho’l Jayhunga qadar
Saratonda qir-adirlar yonib, lovullab.
Tong-sahardan kimdir o’tar miltiq ko’tarib,
Qoyatoshlar o’shshayadi yoqtirmagandek.
Pir etgancha ko’tarilar kakliklar hurkib,
Ovchi unga parvo qilmas, sezmayotgandek.
Archazorlar oralab jim boraverasan,
Ayuvlarga duch qilmasin bu hayot seni.
Ming yillarkim, dilgir-dilgir shovullaydi soy,
Taqdir senga ravo ko’rgan, bilmaysan neni.
Qorli tog’lar xotirada qotar abadiy,
Ov ham esdan chiqar shunda oldinga yurmay.
Ilonizi so’qmoq qayga burilib borar,
Qadam bosma, o’ylamasdan, chamalab ko’rmay.
Bu hayot ham ovga o’xshar bilsang aslida,
Boy berganing payqamaysan o’ljangni darrov.
Huv qaragin, g’or og’ziga tashlab ketgandek,
Yoqmoq uchun olib kelgan o’tinni birov.
Ayoz qisar. G’or ichida isinaylik, kel,
Hech bo’lmasa qahrlangan shamoldan pana.
O’tin bizga nasib qilgan ekan, jo’rajon,
Qaysi ovchi ilingani – to’shak ham ana.
Yomg’ir yog’sa ustu bosh ham shalabbo bo’lar,
Balki ov ham tatimaydi uyga borganda.
Eh, unutib qo’yibmiz-ku ovxaltada yo’q,
O’t yoqmoqqa gugurtni ham miltiq olganda.
O’tin qolar, o’rtalikda qiziydi gurung,
Huv daraga suzib ketar bulutlar yog’may.
Qancha kiyik otganiyu merganligini,
Anchagacha maqtanadi akang qarag’ay.
So’ng qaytamiz borgan yo’ldan qovoq osilib,
O’ljasidan quruq qolgan bo’ri misoli.
Ikkimiz ham urinamiz bildirmaslikka,
Ov qilishdan qaytish yo’q deb albatta hali.
Hayot shunday. Yo’lga chiqqan qancha ovchilar,
Dovonlarda qolib ketar manzilga yetmay.
Qanchalari boy beradi o’ljalarini,
Biroq sirni ichga yutib, aslo sezdirmay.
3. Qo’hna tepalar
Qoyatoshlar orasidan chiqib kelgandek,
Huv qotlarning tepasida turar shovullab.
Yo’l bermaydi bepoyon cho’l Jayhunga qadar
Saratonda qir-adirlar yonib, lovullab.
Tepaliklar bilsang oddiy tepalar emas,
Bunda oy ham, yulduzlar ham botib ketgandek.
Mahshargacha ovoz bermas, indamas hech kim,
Ajal mayin totganidan sarxush yotgandek.
Ay, bu makon, ulkan quyosh shu yer ostida,
Qoraygancha so’nib yotar ko’tarilolmas.
Tiriklikning shami o’chgan, charx urar faqat,
Parvonalar arvohlardek tinib-tinchimas.
Shamol chiqib yetaklaydi xarobalarga,
Betavoze’, hamma bunda teng va barobar.
Xumga qara, bo’shab yotar qiyomatgacha,
Hayot bunda so’nganidan beradi xabar.
Sovutlaru shamshirlarni ko’tarmas hech kim,
Bir chekkada zanglab yotar qilichu qalqon.
Sopol ko’za siniqlari olis xotira,
Xayollarni ta’qib etar, to’xtagin bir on.
Ay, bu hayot daryosida suzib ilgari,
Sohilida unutilgan qayiqlar bo’m-bo’sh.
Ay, bu jimlik olamida qancha botirlar,
Yotganiga guvoh erur shu sirli og’ush.
O’, Jarqo’ton, Sopoltepa, Kuchuktepalar,
Ko’zalarga quyulgandir g’aroyib qayg’u.
Shamol g’ir-g’ir esayotir do’ngliklar osha,
Devorpana joyni topib chalgani cholg’u.
Qizg’aldoqlar yopirilgan tepaliklarga,
Hech kim endi u tarafga nigohin burmas.
Jimlik aro to’ng’igandek, qotib qolgandek,
Qani, men ham ko’rayin deb o’rnidan turmas.
Shohu gado, boy va faqir, hamma jamuljam,
Tirik payti uxlab bunday orom olmagan.
Nayza tutgan yasovullar yo’lni to’smaydi,
Eshiklarning oldida ham birov qolmagan.
Shoh saroyi bo’shab yotar. Bir-bir tushasan,
Endi shohga olib bormas zinapoyalar.
Senu menga nimanidir bildirmoqchidek,
Bu kenglikda aylanadi faqat soyalar.
4. Qorakamar
Qoyatoshlar orasidan chiqib kelgandek,
Huv qotlarning tepasida turar shovullab.
Yo’l bermaydi bepoyon cho’l Jayhunga qadar
Saratonda qir-adirlar yonib, lovullab.
Yulduzlarni elagidan o’tkazar osmon,
Oyning so’nik yog’dusida yorishmas so’qmoq.
G’am-anduhlar uyulgandir yer suprasida,
Qizim, undan pishirib ber menga bir quymoq.
Bosqonlarda zarb qilinar quyosh tangadek,
Kechalari xumdonlarda iylanadi oy.
Nahot, seni seskantirmas, ey nodon kulol,
Bobolarning qoni tomgan bu tabarruk loy.
Xayolimda lopillaydi sopol tobutlar,
Hojat yo’qdir ko’zdan silqib chiqqan yoshlarga.
Buqalamun dunyo, sendan o’ch olmoqchidek,
Ro’zi Chori rasm chizar qoyatoshlarga.
Indamayman, chaqirmayman, mayli, yayrasin,
Ilhom payti durust emas xalaqit bermoq.
Torozusi ko’payganda halollikning ham,
Dang’illama uy nima-yu chaylada turmoq?..
So’nggi avlod jon saqlagan Qorakamarda,
O’rgimchaklar to’qiyotir o’ziga gilam.
G’or og’zini topa olmay shamol ovora,
G’or og’ziga sig’may qaytar bu yorug’ olam.
Orzularni qatl etar qilich tutgan vaqt,
Shamol bo’lib yashamoqning qanday gashti bor!
Binafsha-yu boychechakni sog’inganimda
Olislardan o’tib ketar men kutgan bahor.
Tog’lar uzra yog’ayotir pag’a-pag’a qor,
Daralarning sovug’ida yurib muzlayman.
Chuldiragan irmoqlarning suvidan ichib,
Hurkib qochgan ohulardek neni izlayman?
Osmon salqib tushar yerga ulkan pardadek,
Daraxtlar ulgurmasdan ostida qolgan.
Hayratlanar, ko’kka qarar ajablanishib,
Allaqachon hamma o’zin bir chetga olgan.
Huv yuksakda shovullaydi archazorlarim,
Ruhim yanglig’ bo’yinsunmay va chaqmoqsimon.
Iz qoldirib yashay dedim bu hayotimni,
Cho’qqilarga qarab borgan bir so’qmoqsimon.
Muallif haqida
Bobomurod Erali 1965 yilda Surxondaryo viloyati Qumqo’rg’on tumanidagi Sherozi qishlog’ida tug’ilgan. O’rta maktabni tugatib, Toshkent Davlat Universitetining (hoxirgi O’zMU) o’zbek filologiyasi fakul`tetida tahsil oldi. So’ngra O’zbekiston Fanlar akademiyasi Alisher Navoiy nomidagi til va adabiyot institutida ilmiy izlanishlar olib bordi. Hozir Toshkent Islom universiteti nashriyot-matbaa birlashmasida faoliyat yuritadi.