Dilfuza Komilova. Adabiyotdagi axloqsizliklar haqida ikki maqola

03   Дилфуза Комилова бу мавзуни ёритар экан,назаримизни аниқ муаллифлар ва китобларга қаратади ва жуда кўпчилигимизни анчадан буён қийнаб келаётган бу муаммо оддий муаммо эмас,бу миллий маънавиятимизга катта хавф солиши,солаётганини айтиб бизни фикрлашга, баҳслашишга,керак бўлса,миллий маънавиятимизни,бобомерос ахлоқий қадриятларимизни ҳимоя қилишга чорлайди.
Мен мақолада тилга олинган муаллифларнинг «Озодлик» радиосининг мухбирига берган интервьюлари билан танишдим.Бу интервьюларда  бу «ёзғувчи»ларнинг манманликлари шу даражадаки,улардан бири,ёзганларини тушунмаётганликда айблаб,бутун бир халқни «оломон» деб айблашгача боради.Манманларнинг буюклик даъво қилишлари,»ахир,мен фалончиман-ку!» — деган иддаолари шеъриятимиз хазинасидан муносиб ўрин олган машҳур шеърдаги олтин балиқчани эсга солади.

 «Озодлик» радиосининг мухбири  эса овлаётган балиқлари тўрдан чиқиб кетмаслигини ўйлаб шу даражада ҳовлиқади-ки,тезроқ ўзига керак гапларни ёзиб олишни ўйлайди.У ҳатто муаллифларнинг бири бугунги ўзбек адабиётидаги янги номларни санай бошлаганда,»Ҳа.булар совет пайтида ижод қилган-ку,янги номлар эмас-ку!» деган гапни айтиб,ўзининг саводсизлигини,бугунги ўзбек адабиётидаги жараёнлар,номлар хусусида мутлақо бир тушунчага эга эмаслигини кўрсатади.Ҳалбуки.тилга олинган номлар мустақиллик даврида адабиётимизда пайдо бўлган номлар эди.

Ростини айтсам, Дилфуза Комилованинг биринчи мақоласи билан танишганимда,мен ҳам кўпчилик қатори «Ҳа,энди шу эканда!» деб қўя қолган эдим.
Кейин эса Саломат Вафони ҳимоя қилиб чиққан Баҳром Рўзимуҳаммаднинг мақоласини ўқиб қолдим. Айни шу мақола мени ташвишга солди. Яна такрорлайман Баҳром Рўзимуҳаммаднинг мақоласи мени чинакамига ўйлантириб қўйди. Унинг гапларига бўлган муносабатимни шошмасдан қоғозга тушира бошладим.
Дилфуза Комилованинг иккинчи мақоласи билан танишгач ўзим ёзмоқчи бўлган гапларнинг асосий қисми унда акс этганини кўрдим ва Б.Р. мақоласи туфайли ҳозирча ёзилган фикр мулоҳазаларимни бироз таҳрир қилиб яқин кунларда сизга ҳавола этишни ўйлаб қўйдим.

Хуршид Даврон


Дилфуза Комилова

БИРИНЧИ МАҚОЛА: «…ИЗМ»ЛАРДАН «ҲИРСИЗМ»ГА
ЁХУД АДАБИЁТДАГИ АХЛОҚСИЗЛИКЛАР

05

Истиқлол барча соҳалар қатори адабиётга, ёзувчиларга энг асосий неъматни — эркинликни берди. Эркинлик истеъдодни ўртамиёначиликдан, хиралашиб, ўтмаслашиб қолишдан сақлайди. Албатта, истеъдод эгаси адабиётдаги эркинликни тўғри маънода тушунса, шундай. Аммо, ёзувчилик даъво қилаётган одам эркинликни этакни бошга ёпиб, шармандаликни «тараннум этиш» деб тушунса, эркинлик замони экан деб, ахлоқли одам ўз жуфти ҳалолининг қулоғига ҳам айтишга ийманадиган нарсалар ҳақида қоғоз қоралаб, минглаб нусха китоб ҳолида чоп эттирса, адабиётни Худо урди деяверинг!

«Оқ қоғознинг тили, забони йўқ — нимани ёзсангиз чидайберади, аммо истеъдоднинг истеъдодлиги шундаки, у нимани ёзишни билишдан ташқари, нимани ёзмаслик кераклигини ҳам яхши билиши керак» — бу ҳаққоний фикрлар атоқли адабиётшунос олим ва адиб Озод Шарафиддиновга тегишли. Афсуски, ёзувчилик даъво қилиб, ҳар ойда биттадан семизгина «асар» ёзиб битираётганлар айнан нимани ёзмаслик кераклигини англамай ёки англашни истамай «ижод» қилаётганликлари туфайли ҳам, ҳар китоб чиқарганларида адабиёт булоғини булғаётганларини такрор исбот этмоқдалар. Тўғри, ҳар жиҳатдан силлиқ, қўғирчоқдек ялтираб турадиган, идеал ёзувчи бўлмайди. Адабиётни муқаддас биладиган мутафаккир ёзувчи бўлади. Бу муқаддасликни ҳис қилолмайдиганлар эса сувга бавл қиладиган ҳайвон каби ўзларининг ишлари булғанч эканини ҳам англамайдилар.
Асл адабиёт ҳеч қандай «…из컬лар қолипига, ҳеч бир андозаларга сиғмаслигини, ҳеч қайси «…изм»лар қаричига мослашмаслигини яқин ўтган тарих исботлаб берди. Лекин ҳозир адабиётимизда яна бир «…изм», тўғрироғи, «ҳирсизм» деган услуб пайдо бўлгандай…
Китоб дўконларига бир назар ташланг. Ялтироқ, қалин жилдли китоблар сифат борасида дунёнинг исталган давлатидаги сифатли китоблар билан беллаша олади. Лекин бу зоҳиран шундай. (Бу гаплар атоқли ёзувчиларимизнинг асл асарларига тааллуқли эмас). Енгил-елпи мазмундаги аксарият китобларнинг жилди кишига бир нималарни ваъда қилаётгандай, ишвали боқиб турган, деярли ярим яланғоч аёлларнинг суратлари билан «безалган». Безакчи рассомлар ҳам муқова учун бош оғритиб ўтиришни исташмаган чоғи, суратлар интернет саҳифаларидан шундоққина кўчириб олиниб, «коллаж» қилинган. Деярли ҳаммасида аёл, пул (албатта, доллар), автомашина суратлари акс этган, «асар»даги мазмунга қараб гоҳо янчилган гул, кишан ёки илон сурати ҳам «коллаж»нинг таркибий қисмига киритилган. Ниҳоятда сийқа услуб! Лекин гап бунда ҳам эмас.
Боя бежизга «ҳирсизм» деган услуб пайдо бўлганга ўхшайди, демадик. Бир ойда иккитадан китоб чиқараётган айрим «адиỬларнинг бир неча «асар»ларини ўқиб кўргач туғилди бу шубҳа. Тўғри, мен бунақа китобларнинг ҳаммасини ўқиб битирганим йўқ, ўзимга бундай зулмни раво кўролмайман. Лекин шундай ўйдаманки, айрим «ёзувчи»ларимизнинг ижодхонаси ётоқхонасида жойлашганга ўхшайди.
Бир «ёзувчи» кеча-кундуз ухламай, ҳаловатидан кечиб «асар»лар битаётгани учун ҳам ижоди шунақа «сермаҳсул» бўлаётганини айтган эди. Бу гап тўғрилигини унинг «ишқ қиссалари» исботлаб турибди: баайни уйқусираб, «оро컬дан, «ҳаловат»дан кечиб ёзилган ва кечиб қўйилган «ҳаловат»ларнинг аламини қоғоздан олинган. «Муҳаббат» тасвирлари ур¬ғочисининг ҳидига тўймаган қўч¬қорнинг қилиқларидек бетизгин, очиқ-ошкор, жазавали… Эҳтимол, бундайлар оромларидан кечмай, уйқуга ва бошқа нарсаларга мириқиб тўйиб олганларида, ғовлаган, таъмирталаб калла билан ёзилган «асар»лар сони камайиб, бундан адабиётимизга наф етган бўлармиди, дейман-да.
Журналист бирор соҳани қайсидир масала юзасидан танқид қилишга киришар экан, танқиддан олдин масаланинг кўп томонини ўйлайди, танқид қилинаётган кишини тушунишга ҳаракат ҳам қилади. Лекин гап ўз ватандошларига, миллатдошларига ўзининг пала-партиш ёзилган, бемаъни қораламаларини «роман», «қисса» деган жарангдор номлар билан тақдим этиб, ўқигувчини бетаҳорат қилиб қўядиган «асар»лари учун халқдан мақтов, эътибор кутадиган, керак бўлса мукофот талаб этадиган адабиёт чайқовчилари ҳақида кетадиган бўлса…

«Декамерон»… чўт бўлмай қоляпти

«Шахсан мен шоир ва адибларни жамиятнинг олдинги сафларида юрадиган, ҳаётни кузатиб, одамларнинг юрагида, дунёқарашида бўлаётган ўзгаришларни ҳаммадан аввал сезиб, уларни таъсирчан образлар, ёрқин бадиий бўёқлар орқали маҳорат билан ёритиб бера оладиган, эл-юрт учун ку¬йиниб яшайдиган фидойи инсонлар, деб биламан», дейди Юртбошимиз ишонч билан «Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор» номли рисоласида (8-бет). Бу ишончни оқлаётган ижодкорларимиз кўп. Лекин…
Бир қанча китоб дўконларини айланиб, одамларимизнинг қандай китобларни сотиб олиб ўқиётганларини кузатдик. Шукрки, китоб дўконларимиз гавжум. Чиройли пештахталарга таниқли адибларимиздан тортиб ҳаваскор ёзувчиларнинг асарларигача қатор терилган. Лекин, асл адибларнинг китоблари эмас, юқорида таърифланган муқовали китоб¬лар деярли ҳамма китоб дўконларида кўзга яққол ташланадиган жойларга қўйилган: «Ишқ ороми», «Жинсий тарбия сирлари», «Дубайдаги минг бир кеча», «Макрми ё муҳаббат?», «Қасос ва муҳаббат», «Қатортол томонларда» «Дунёдаги энг гўзал аёл», «Арвоҳ жазман», «Қўш узук», «Қора қаср асираси — 1», «Қора қаср асираси — 2», «Гўр қизи», «Ёвузлик фариштаси», «Ажал пирамидаси», «Қотилликнинг қора тарихи», «Марҳум кеч соат саккизда келади»… Баъзи китобларнинг жилдидаги суратларни кўрганда уялиб кетади киши, баъзи китобларнинг номини ўқигандаёқ эт сесканиб кетади. Одамларимиз қандай китобларни кўпроқ сотиб олаётганлари билан қизиқдик.
— Асосан детектив жанридаги ва… — қизаринқираб, тутилиб қолади сотувчи. — Анавинақа… масалан, Ҳабиб Темировнинг китоблари кўпроқ кетади…
«Макрми ё муҳаббат?», «Қасос ва муҳаббат», «Дунёдаги энг гўзал аёл», «Қўш узук», «Қора қаср асираси — 1», «Қора қаср асираси — 2» — Ҳабиб Темировнинг «Севги қиссалари» рукнида чоп этилган, «кўп кетадиган» китоблари шулар экан. «Дунёдаги энг гўзал аёл» номли китобнинг жилдида ярим ялан¬ғоч аёлнинг сурати, кириш қисмида бу асарда рассом йигитнинг «муҳаббатлари» тарихи ёритилгани айтилган. Шу ўринда бир фикр: муҳаббат, меҳр — бу дунёда ёвузликдан ғолиб келадиган, унга қарши тура оладиган ягона қудратли куч. Меҳру муҳаббат ёмонликларнинг буткул ғоратини бериб, гумдон қилолмаса ҳам, ҳарқалай муқаррар тарзда улардан устун келади, дунёни асрайди. Афсуски, кейинги вақтларда ҳатто адабиётимизда ҳам «муҳаббат» сўзи тор маънода, жисмоний севги маъносини англатадиган сўз тарзида қўлланилаётган ҳоллар учраяпти.
Ҳабиб Темировнинг бир неча китобларини ўқиб кўрдим. Унинг «Қора қаср асираси — 2» китобини ўқигач, хаёлимга келган биринчи фикр шу бўлди: бу «асар» «Декамерон»ни ҳам чангида қолдириб кетибди! «Асар»да қаҳрамонларнинг ишрат саҳналари шундай берилиб, миридан-сиригача тасвирланганки, ўқиган одам «парнофильм» кўргандай бўлади. Иймонлироқ одам ўқиса, кўнгли кирланади, бунақа нарсаларга кўнгли суст кетадиган одам ўқигандан кейин чўмилиб покланмаса, бўлмайди. Эҳтимол, муаллиф бу «асар»и¬ орқали қандайдир иллатларни қораламоқчи бўлгандир, лекин ҳирсий саҳналарга «ишлов» беришга шундай киришиб кетганки, ёмонликларни фош этмоқчи бўлган хайрли ният тилини тишлаб қолаверган…
Асарнинг айрим қисмларида ўқигувчининг ростмана кўнгли айнийди: «Хоним тушмагур тун бўйи ухлатмагани етмагандек, эрталаб туриб: «Ичингизда ит ўлганми, нима бало, хонани бунақа саситиб юборибсиз», дея иддао ҳам қилади» (28-бет). Хўш, хонимчанинг айни шу инжиқлиги бу тахлит хунук тасвир этилмаса, асарнинг мазмун-моҳияти ўзгариб кетар эдими?!
Ҳабиб Темиров қаламига мансуб, кириш сўзида «одамлар орасидаги меҳр-муҳаббатдан, яхшилик ва оқибатдан ҳикоя қилади», дейилган «Қўш узук» қиссасида ҳам қаҳрамонларнинг ўта шахсий, энг нозик дақиқалардаги эҳтиросли шивирлашлари, нозланишлари тасвири берилиб баён этилган. Боз устига, эпизодик образ бўлган гараж механиги Абдусамат ака асар қаҳрамони — ўзидан ўн икки ёш кичик қизни иккинчи хотинликка олган Шамойилга қарата шундай дейди: «Ёшинг улғайиб, ҳаёт лаззатларининг маънисини тушуниб, тажрибанг ошган чоғда қиз олиб, яшаш оҳ-оҳ, жоннинг ҳузури-ку!..». Бу «асар»даги ҳаётийликдан йироқ, зўрма-зўраки саҳналар, мужмал жумлалар ҳақида-ку, гапирмай қўя қолайлик.
Келинг, шу ўринда филология фанлари доктори Йўлдош Солижоновнинг «Шарқ юлдузи» журналининг 2011 йилдаги 4-сонида чоп этилган «21-аср насри масалалари» мақоласидаги фикрларга эътибор қаратамиз:
«…Бадиий асарда воқеанавислик энг жиддий қусурлардан бири саналади. Ёзувчи воқеаларни бирин-кетин қалаштириб ташлаш ва ҳиссиз баён қилишдан эҳтиёт бўлиши лозим. Чунки қаҳрамон кўп воқеалар юки остида қолиб, муаллифнинг асосий ғоявий ниятини ечимга қадар кўтариб кетолмай қолади. С.Вафо, Ж.Халил, Ҳ.Темиров, Н.Исмоилов, Н.Ҳошимов, М.Исмоилов каби ёзувчиларнинг асарларида ана шу қусур кўпроқ кўзга ташланади. Бунинг устига улар яратган персонажлар кўпинча муаллифнинг карнайи бўлиб хизмат қиладилар. Асар муаллифи нимани хоҳласа, шуни айтадилар, қандай ишни буюрса, ўшани бажарадилар ва охир-оқибатда ўзига хосликдан маҳрум бўладилар. Тўғри, асар учун танланган персонажлар одатда, ёзувчининг ғоявий ниятини ўқувчига етказиш воситаси бўлиб хизмат қилади. Бироқ, чинакам ёзувчи ўз қаҳрамонларини нима ишни бажаришга, қандай гапни гапиришга мажбур қилиши кераклигини билиши нечоғлиқ муҳим бўлса, нималарни қилиш ёки қандай сўзларни гапиришга мажбур этолмаслигини билиши ундан ҳам муҳимроқдир. Бадиийлик меъёри шуни талаб қилади. Меъёрни ҳис қилмай туриб ҳақиқий ижодкор бўлиш мумкин эмас.
Унутмайликки, адабиёт ҳар доим поклик, гўзаллик, адолат, ҳақиқат, иймон ва эътиқод кўзгуси бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоғи лозим. Ёзувчи ҳар қандай разолат ва қабоҳат, ифлослик ва иймонсизлик, разиллик ва ахлоқсизлик заминида ўзининг покиза эстетик идеалини илгари суришни унутмаслиги шарт. Бусиз ўқувчини эзгулик руҳида тарбиялаб бўлмайди…».
Чиндан ҳам, Ҳабиб Темиров асарларидаги қаҳрамонлар фақат муаллифнинг маънавий-ахлоқий даражасида сўзлаб, ўйлаб, шунга кўра ҳаракат қиладилар. Миллатимизнинг ахлоқий қарашлари муаллиф учун икки пулдек, «асар»ларида шаҳвоний тасвирларга зўр беради. Бу нима, миллатга, эркинликка беписандликми? Адабиёт — кўнгли айниган одам келиб қайт қилса бўлаверадиган жоймидики, уни бемалол расво қилмоқдалар?!

Ёзгувчи инсофни унутса…

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг «ijod.uz» веб-сайтидаги наср саҳифасида Саломат Вафонинг «Поезд» номли ҳикоясини ўқидим. Лекин муаллиф бу ҳикояда нима демоқчи, не мақсадда қўлига қалам олган — шунисига тишим ўтмади. Англаганим шу бўлдики, бу аёл яна ёзувчиликни даъво қилиб, шу йўсинда «ижод» қилаверса, ҳурмат тополмаса керак. Бу ҳам майли, аёлликнинг дилбар дунёсига путур етказиб қўйиши ҳам тайин. Бу айбловлар бесабаб эмас. Ҳабиб Темировнинг «Қора қаср асираси — 2» китобининг айрим ўринларини ўқиган одамнинг ростмана кўнгли айнийди, дегандик. Саломат Вафонинг «Поезд» ҳикоясини мутолаа қилиш бахтсизлигига учраб қолган одам эса ростмана қайт қилиб юборади, ҳатто у қадар нозиктаъб бўлмаса ҳам.
Муаллиф эридан калтак еб жағи синган аёлнинг поезддаги кўрган-кечирганларини қаҳрамон тилидан ҳикоя қилган. Асли буларни матбуотда ёзишнинг ўзи ножоиз-у, лекин фикрлар исботсиз, қуруқ бўлиб қолмаслиги учун айтай: ҳикояда аёлни поезд¬даги ҳамроҳларининг ҳар бир жирканч қилиқлари, одобсизликлари шу қадар батафсил тасвирланганки, геморройи операция қилинган бир кишининг (ҳикояда у киши қори(!) деб тасвирланган) вагон ҳавосини қандай булғашлари-ю, бир тўда гиёҳ¬вандларнинг (баъзиларининг «эгнида иштони ҳам йўқ» дейилган) оғзидан чиқаётган ифлос гап-сўзлар, фоҳишаларнинг бепарда суҳбатлари, поездда олиб кетилаётган, ярим чирик ўликлар тасвири-ю, ҳикоя қаҳрамони бўлмиш аёлнинг қайт қиламан деб иштонини қандай ҳўл қилиб қўйганлари тафсилотини ўқиган одам шуларни аёл киши ёзганига ишонолмайди. «Ўғри бўл, «писмадон» бўл, инсоф билан бўл», деган гап бор халқда. Номи тилга олинаётган «ёзувчи»ларимизда қобилият ва фаросат каби инсоф ҳам йўқ шекилли. Йўқ, булар ўз миллатини ҳам ҳурмат қилмайди. Эътибор беринг, ҳикоя¬да икки гиёҳванднинг ўзаро суҳбати орасида шундай гаплар бор:
«… — Намунча хасиссан, шу шиприцдан иккинчи кун урвотсан. Гигиена деган нарсани биласанми?
— Ўзбекча психология…».
Икки-уч исқирт гиёҳванднинг қилиқлари билан ўлчанадиган бўлганми ўзбекча психология?! «Асар»ида бир бетайиннинг тилидан «гигиенани билмайди», дея бутун бошли халқ¬қа иддао қилаётган, хунук қилиқлардан тап тортмайдиган, меровсифат «қаҳрамон»ига қориликдек мўътабар мартабани тақаб, мазах қилаётган муаллиф ўзининг миясидаги «ахлат»ларни бир тозалаб олиб, кейин қўлига қалам олса, маъқул бўларди.
Келинг, яна филология фанлари доктори Йўлдош Солижоновнинг фикрларига диққат қилайлик: «…Хаёлимда Саломат Вафо ва Ҳабиб Темиров асарларидаги персонажлар, айниқса, аёллар нега қатъиятли эмас? Нега бир-икки учрашувдаёқ эркак кишининг хоҳиш-иродасига бўйсуниб, иффатини бой бериб қўяверадилар? Нега улар аёллик шаънини улуғламайди? Нега улар иқтисодий қи¬йинчиликка бардош беролмай, енгил-елпи йўлларни излайдилар? — деган изтиробли саволлар пайдо бўлади ва уларга ижобий жавоб топгим келади. Аммо тополмай, охир-оқибатда, бу ёзувчиларнинг эстетик идеали тиниқ эмаслигига ишончим ҳосил бўлади…».
Азамат Қоржововнинг «Дубайдаги минг бир кеча» номли китобининг муқоваси ҳам ярим яланғоч нозанин, дубайлик бойвачча сурати ва яна бир қанча деталлар билан «зийнатланган». Бу «асар» асримизнинг глобал муаммоси — одам савдоси ҳақида битилган экан. Муаллиф хайрли мақсадни кўзлаб қўлига қалам олгандир-у, лекин бир қадар уқувсизлик қилиб, ўз ниятига путур етказган. Воқеалар ривожи, тасвирлар, қаҳрамонларнинг ўзаро суҳбатлари ўқувчининг меъдасига урар даражада сийқа, анчайин ишонарсиз, ниҳоятда эзмалик билан баён этилган. Ёзувчининг ўз «ёғига ўзи қоврилиб, минг хил ижод изтиробларини бошдан кечириб, матн устида жон куйдириб» ишламагани, тўғрироғи бунақа ишлашни хаёлига ҳам келтирмагани шундоққина кўриниб турибди. Лекин фоҳишаликка мажбурланаётган қизнинг шаҳватпараст эркаклар майлига кўнишдан бошқа иложи қолмаган ҳолатлари мароқ билан баён этилган, шу ўринларда ёзувчи астойдилроқ тер тўкканга ўхшайди. «Асар»¬нинг «бозорбоп» қилиб ёзилганини унинг номи ҳам айтиб турибди…
Мазкур мақолани тайёрлаш жараёнида ундаги маълумотларни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси мутасаддилари эътиборига ҳавола этмоқ ниятида эдик. Ҳарқалай, бу нуфузли даргоҳдагиларнинг адабиётга қайишишидан, адабиётга шак келтираётганларга нисбатан қатъий чоралар кўриши мумкинлигидан умидимиз йўқ эмасди. Аммо… юқорида эслатганимиздек, Саломат Вафонинг «Поезд» номли кўнгилайнитар ҳикоясини айнан Ёзувчилар уюшмасининг веб-сайти саҳифаларида ўқидик…

Аталадай суюлдилар…

Адабиётимизнинг дунё танийдиган, дунё тан олган дарғалари кўп. Улар адабиётимизнинг чинорлари. Асарлари кўзга сурт¬гудек азиз, номлари мукаррам, ҳаёт йўллари — ибрат. Аммо минг афсус, бугунги кунда юқоридаги каби ёзувчиликни даъво қилаётганларнинг «хизматлари» туфайлими, ижодкорларнинг эл аро ҳурмати ҳавас қилгудек эмас.
Яширишнинг ҳожати йўқ, кўпгина (моддий томондан бақувват) идоралар раҳбарлари учун бугунги кун ёзувчиси — «Янги китоб чиқармоқчиман, шунга ҳомийлик қилсангиз» дея, эшикни ёпса тешикдан кирадиган ялтоқи бир шахсни англатадиган бўлиб қолган. Кўпинча, ўша «ёзувчи»нинг китоб қилинаётган «асар»и зўр бўлгани учун эмас, унинг тинимсиз қўнғироқлари-ю, бемаврид ташрифларидан, ўзи хизмат қилмаётган маънавиятни пеш қилиб, хиралик билан иддао қилишидан безган раҳбарлар «Кел, шундан қутулай», деган ўйда ҳомийлик маблағи берадилар. Китобларнинг аҳволи эса ҳалигидай…
Яна бир жиҳатга эътибор қаратинг. Ўқигувчида ахлоқсизликка зимдан ҳавас уйғотадиган, шайтоний ҳисларни қўзғатадиган тасвирлар билан гуноҳнинг «гул юзи»ни суюмли кўрсатаётган «асар»¬ларнинг муаллифлари йигирма, ўттиз яшар ғўр йигит-қизлар эмас, ҳаётнинг паст-баландини кўрган, камида эллик-олтмиш ёшни уриб қўйган кишилар! Уларни «ҳали ёш-да, ғўр, қони қайноқ» деган баҳоналар билан ҳам оқлолмайсиз, «вақтлар ўтиб, қуюлиб қолади» дея умид ҳам қилолмайсиз. Бўлари бўлган!
Нодир ёзувчимиз, устоз Абдулла Қаҳҳорнинг академик Ўрозбоев юбилейига бағишлаб ёзган мақолаларида дўстига қарата айтилган бундай сатрлари бор: «Майли, юзга киргин-у, лекин бир тоғора аталадай суюлиб кетмай киргин…». Бу иборани бугун ана ўша қариб қуюлолмаётган ёки қуюлишни истамаётган «ёзувчи»ларимизга тилак сифатида айтишимиз керакка ўхшайди.
Бунақа «адиб»лар одамларимизга фақат «парноқисса»лар, «парнороман»лар керак деган хомхаёлдалар шекилли ёки ҳожатхонага оид ишларни ҳам «бадиий тасвир» сифатида асарга киритсак, одамлар буни «янгича услуб» деб тушуниб, ютоқиб ўқийверишади, деб ўйласалар керак. Лекин адабиёт олдида юзлари қора бўлаётганини, адабиётнинг қарғишига қолаётганларини англамаётганлари аниқ.
Халқимиз улар ўйлаган даражада гўл эмас. Ҳамма даврдаги каби бугун ҳам тарбиявий, ахлоқий, маънавий-маърифий руҳдаги асарлар қўлма-қўл бўлиб ўқиляпти, уларнинг муаллифларини халқ дуо қиляпти, эъзозлаяпти.
Лекин, инкор этиб бўлмайдиган бир ҳақиқат шуки, бир чимдимгина балчиқ бир челак зилол сувни булғайди. Бугун адабиётимизнинг тоза булоғига балчиқ отаётганлар кўпайиб кетди…

Арзимас туюлган вайронкор ғоя

«Бугунги кунда нашриётларга тўла эркинлик берилган, уларнинг фаолиятига ҳеч ким четдан туриб аралаша олмайди. Лекин ана шу эркинликни тўғри тушуниш, масалага масъулият билан ёндашиш даркор. Яъни, фақат иқтисодий манфаат ортидан қувиб бадиий жиҳатдан заиф, миллий маънавиятимиз, қадриятларимизга тўғри келмайдиган, адабиётнинг обрўсини туширадиган китоблар нашр этилишига йўл қўймаслик керак», дея қатъий таъкидлаган эди юртимиз раҳбари (И.Каримов, «Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор», 34-бет.)
Бу таъкид бежизга эмас. Бир вақтлар арзимаган мактуб тарзидаги қораламаларнинг эътиборсизлик туфайли қўлма-қўл бўлиб кетиши тарихда унча-мунча одамнинг хаёлига ҳам келмаган вайронкор ғоянинг шаклланишига сабаб бўлганди. Гап «садизм» назарияси ҳақида. Бу назариянинг асосчиси ҳисобланадиган Маркиз де Саднинг ҳақиқий исми Донасьен Альфонс Франсуа бўлиб, 1740 йилда Парижда туғилган бу йигит йигирма уч ёшидаёқ жамиятдаги ахлоқий меъёр ва қоидаларни инкор этиб, бузуқчиликка боши билан шўнғиб кетганди. Бу қилмишлари учун у қамоқ жазосига ҳукм этилади, лекин ҳибсхонада ҳам тийилмайди. Ўзининг тийиқсиз ҳиссиётлари, бузуқ ўй-фикрлари битилган мактубларни қамоқхона бошлиғига йўллай бошлайди. Қамоқхона бошлиғи бу мактубларнинг ошкор этилиши жамият учун хатарли жиноятчини, онгни мағлуб этадиган буз¬ғунчи ғоя яратувчисини шакллантириши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаган ҳолда, уларни жамият аъзоларига тақдим этади. Саднинг исми тиллардан тушмай қолади. У ахлоқий бузуқликни тарғиб этишнинг осон йўлини топганини англаб, кишини ахлоқсизликка рағбатлантирувчи бир қанча «асар»лар ёзади. Қисқа вақт ичида бу «асар»лар ўз ўқувчиларини топиб улгуради, қўлма-қўл бўлиб ўқилади. Сад «асар»ларини жиддий ўрганиб, таҳлил этган Э.Фром садизмга шундай баҳо беради: «Садист — кишиларга жисмоний ёки руҳий азоб бериш ва жинсий майлларини қондириш орқали роҳатланувчи шахсдир. У жоҳиллик ва ёвузликнинг тимсоли».
Асарларини юз йилдан буён дунёда нашр этиш маън этилган Сад «Фоҳишахонадаги фалсафа» китобида ўзининг асл ниятини шундай ифодалайди: «Биз бутун дунёни эгалламоғимиз учун бундан буён катта муҳорабаларда қатнашишимиз, жанги жадаллар юритиб, дунёнинг қай бир узоқ ўлкаларида фаранг аскари ҳалок бўлиши-ю, унинг жасади ва этикларининг чириб битиши мутлақо шарт эмас. Агар биз бошқа мамлакатларга, хусусан, Шарққа ахлоқсизликни меникидай китоблар ва бошқа йўллар билан тарқата олсак, уни ўша халқларнинг турмуш тарзига айлантира билсак, жумлаи жаҳон оёғимиз остига ўзи юкиниб келади, бутун одамзотнинг қалбига эгалик қилишга муваффақ бўламиз…».
Сад китобларини доимий ўқиган одамда садизмга мойиллик аста-аста шакллана боргани аллақачонлар исботланган ҳақиқат. Хўш, бу ҳақиқатни инкор этолмас эканмиз, нега инсонни шаҳвоний ҳирсга, ахлоқсизликларга киши билмас мойил қилиб қўядиган «асар»¬ларнинг кўпайиб бораётгани, қўлма-қўл бўлиб ўқилаётгани ҳеч биримизни — на бу ишга мутасаддиларни ва на бошқаларни ташвишга солмаяпти?! Улардаги «лаззатдан мислсиз лаззат олиш»га тарғиб бизга безиёндай кўриняптими ё? Ғофил бўлмайликки, кўпчилик ютоқиб ўқиётган бу тахлит «асар»ларда меъёрни унутишга ундаш бор. Ваҳоланки, Афлотун: «Ҳар нарсада меъёр бўлиши шарт. Меъёрни унутган одам ҳатто лаззатда ҳам тубанликка юз тутади», деган бўлса, Абу Райҳон Беруний ҳазратлари: «Инсон ҳаётида лаззат меъёрининг бузилиши уни ҳалокатга етаклайди», дея огоҳлантирган эдилар.

Сўнгги сўз: Кечагина «хорижий мамлакатларда тайёрланган ва халқимизга таклиф этилаётган фильм ва китобларда зўравонлик, одобсизлик, ахлоқсизлик, ҳаёсизлик, тошбағирлик тарғиб этиляпти», дея ташвишга тушаётган эдик. Бугун шу балолар ўзимиздан чиқди. Юқоридаги каби бетамиз «адиб»ларнинг халқимизга маънавий зарар етказадиган «асар»ларини бирор чет эллик одам айтиб туриб ёздираётгани йўқ. Бу китоблар ўзга тилдан таржима қилинаётгани ҳам йўқ, ўзбек тилида ёзилиб, ўзбек нашриётларида нашр¬га тайёрланиб, ўзбек босмахоналарида чоп этилиб, ўзимизнинг китоб дўконларимизда сотиляпти. Биз бепарво. Бу бепарволик кўп жиҳатларда ўзининг катта зиёнларини кўрсата бошлаётган бўлса ҳам, жиммиз. Тўғри, бизда баҳслашиш маданияти ҳаминқадар. Ҳатто энг яқин дўстингнинг аён камчилигини юзига айтиб қўйсанг ҳам, сени ўзининг душмани деб эълон қилвориши, ўзингнинг юзта айбингни айтиб ноғора қоқиши мумкин. Шуларни ўйлаб ҳам, танқид қилишдан безилласак керак. Лекин, юқорида айтиб ўтганларимиз чакана муаммолар эмас. Уларнинг оқибати бахайр бўлмаслиги аён. Ёки бу бемаъниликларга чек қўйишга қаршимизда яна битта вайронкор «…изм» пайдо бўлгандан кейингина уринамизми?!


ИККИНЧИ МАҚОЛА:

БЕОЗОРЛИК НИҚОБИДАГИ ХАВФ
Мавзуга қайтиб
08

Газетамизнинг шу йил 14 феврал (7-(315)) сонида эълон қилинган «…изм»лардан «ҳирсизм»га… Ёхуд адабиётдаги ахлоқсизликлар» номли мақолани барча муштарийларимиз ўқиган эдилар. Мақола кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди, жонкуяр юртдошларимиз ушбу мавзу юзасидан мактублар, телефон қўнғироқлари орқали ўзларининг холис фикр-мулоҳазаларини, мақолага муносабатларини билдирдилар.
Мақолада ижоди бир қадар муҳокама қилинган ёзувчиларнинг ҳам исталган оммавий ахборот воситалари орқали муносабат билдиришга ҳақлари бор эди. Лекин бу муносабат 2012 йилнинг 15 март куни Ўзбекистон ҳақидаги нохолис фикрлар жарчиси бўлган «Озодлик» радиоси мухбирига интервью бериш орқали билдирилганлиги ҳақида бизга хабар келди. Ёзувчи Саломат Вафо ва таҳририятимизга: «Мендан газета орқали кечирим сўралишини ва раддия берилишини талаб қиламан. Раддия ўзимнинг ёки ўзим танлаган холис адабиёт мутахассисининг имзоси билан берилиши лозим», дея такаббурона талабнома жўнатган Ҳабиб Темиров жаноблари «Озодлик» радиосининг Шуҳрат исмли мухбирига (гўёки жабрдийда, туҳматга қолган одам сифатида) дардларини дастурхон қилибдилар.
Нохолислик билан, бир ёқлама тарзда тайёрланган бу эшиттиришдан сўнг бизда мавзуга қайтиб иш кўришга эҳтиёж сезилди.

Ҳар бир халқ ва ҳар бир жамиятнинг ўзига хос маънавий тарбия тизими бўлади. Ўз устида маънавий тарбия олиб бормаган миллат келажагини бой беришга маҳкумдир. Маънавий тарбия чуқур маъноли тушунча, унинг кўлами кенг. Маънавий тарбияда адабиёт, санъат турлари, тарихий анъаналар, миллий қадриятлар, ахлоқ-одоб тушунчалари, халқнинг ўзига хос хислатлари, албатта ҳисобга олинади. Ҳеч бир авлод миллий маънавиятни янгитдан яратмайди, балки ўз аждодлари томонидан яратилган маънавий бойликларни мерос қилиб олади.
Қайси халқ ўзлигини сақлаб қололмас экан, унинг мустақиллиги, озодлиги ҳақида гап бўлиши мумкинмас. Шунинг учун ҳам Президентимиз «Миллий қадриятларни асраш керак», деган ғояни қайта-қайта уқтиришдан чарчамайди.
Огоҳ бўлишимиз керакки, бутун дунёда инсон қалби ва онги учун шиддатли кураш кетаётган бир даврда, бизнинг руҳиятимизга нисбатан қилинаётган маънавий-мафкуравий экспансиянинг усуллари ва йўллари ҳам тобора «маданийлашиб», нозиклашиб бормоқда. Ёвузликлар, ахлоқсизликлар, ёлғончиликлар, хиёнатлар чиройли бир тарзда тарғиб қилинган кинофильмлар, сериаллар орқали, радиоэшиттиришлар, газета-журналлар, бадиий асарлар орқали, интернет тармоғи ва бошқа йўналишлар орқали узлуксиз тиқиштирилаётгани — бизнинг миллий тушунчаларимизни барбод этишга, ёшларимиз ахлоқини дурагайлаштиришга, дунёқарашини бузишга қаратилган тажовуз эканини кўриб, билиб турибмиз. Айрим кучлар томонидан «демократия тарғиботи» шаклида амалга оширилаётган ишлар Ғарб турмуш тарзини тўғридан-тўғри тиқиштиришга айланиб кетаётгани ҳам сир эмас. «Демократия», «эркинлик» ниқоби остида беҳаёлик, уятсизлик, шафқатсизлик, зўравонлик каби ғайриинсоний тушунчалар «экспорт» қилиняпти. Миллатнинг яхшилик ва ёмонлик, оқ ва қора, савоб ва гуноҳ, рост ва ёлғон ҳақидаги азалий тасаввур ва тушунчаларини ўзгартиришга уринишлар бўляпти.
Орамизда Ғарб маданиятини қаттиқ ҳимоя қилувчи ғарбпараст элитани, интеллегенцияни шакллантириш эвазига ўз мақсадига эришишни ният қилган кучлар машҳур кишилар — санъаткорлар, ёзувчилар, олимларни ўз тарафига оғдириш, уларни Ғарб маданияти ва ғарбона турмуш тарзининг тарғиботчилари, ҳимоячиларига айлантиришга уринмоқдалар. Бунда консюрмеризмдан, яъни ўз миллий анъаналаридан кечиб, ғарбона турмуш тарзини ўзлаштирганларни, ғарб андозалари асосида яшовчиларни жамиятнинг машҳур ва таниқли қатлами сифатида кўрсатиш усулидан фойдаланмоқдалар. Лекин бизда жинси кийиб, пицца еб, CNN янгиликларини киприк қоқмай кўрадиган, Ғарбдаги эркин (аслида тийиқсиз), сиртдан ялтироқ ҳаётни зўр бериб мақтайдиган, ўз ижодига очиқ тўшактасвирларни тап тортмай олиб кирадиган одам — «замонавий шахс», «замонавий ижодкор», деб ҳисобланмаслигини ё билмайдилар ёки билсалар ҳам тан олмайдилар. Асл ўзбек учун Ғарбдаги юз эллик қаватли бинодан кўра Улуғбек мадрасаси йўлагига ётқизилган битта тошнинг, миллион долларлаб даромад топадиган, овози ўткир Ғарб қўшиқчисининг олтин дискка муҳрланган қўшиғидан кўра «Муножот»нинг, гамбургеру чизбургерлардан кўра бир бурда ширмой ноннинг қадри баландроқ эканини тан олгилари келмайди.

Миллий тарбияда «арзимайдиган нарса йўқ»

Маънавий ҳаётимизни издан чиқаришга қаратилган жиддий хатарлар аксарият ҳолларда ошкора кўзга ташланмайди, уларни ҳамма ҳам билавермайди. Лекин агар улар вақтида бартараф этилмаса, кейин кеч бўлади. Бу хатарларнинг энг каттаси — Ғарб оламида кенг тарқалган, эркинлик ниқобидаги ахлоқсизлик фалсафасидир. Бу иллат инсониятга ақидапарастликдан кам зарар етказмайди.
«Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар» рисоласида ахлоқсиз ғояларни ёйиб, халқни маънавий жиҳатдан бузишга интилишлар мафкуравий таҳдид сифатида кўрсатиб ўтилган. Демак, «кишиларга бузуқ ғояларни тарғиб қилиш, уларда одамийликка зид сифатларни қарор топтиришга бўлган ҳар қандай уринишларни ғоявий таҳдид деб баҳоламоқ керак» («Миллий ғоя ва раҳбар масъулияти», Тошкент. 2007 йил. 517-бет).
Ўтган мақолада бугунги кун адабиётида, тўғрироғи айрим ёзғувчилар асарларида ахлоқсизликлар тасвирига зўр берилаётгани ва бу масалада тартибга солиш тизимини яратиш эҳтиёжи кун сайин етилиб келаётгани айтилган эди, шу заҳоти демократияни байроқ қилиб, «эркинлигимиз бўғиляпти», «цензура таклиф қилиняпти», дея аюҳаннос соладиганлар топилди. Айримлар бўлса, бу бузилишларни «оддий ҳол», «эътибор беришга арзимайдиган нарса» сифатида баҳоладилар. Биз ана шу «арзимас нарса»нинг айни арзийдиган нарса эканини, миллий тарбияда майда-чуйда нарса бўлмаслигини, ўзбек халқи ахлоқсизликни табиий бир ҳол деб қабул қилишга асло тоқат қила олмаслигини таъсирлироқ тушунтириб беришга масъулмиз. Зеро, бугунги замон ҳеч нарсани ҳаспўшламай, ҳамма нарсага очиқ кўз билан, реал қарашни талаб этмоқда. Бундан ташқари, ўтган мақолада биз бир-иккита ижодкорнинг асари ҳақидагина баҳслашмаган эдик, баҳс анча жиддий масала устида — мустақил юртимизнинг мустақил адабиёти тўғрисида борган эди.

Навоийнинг бешигини тебратган эл адабиётни тушунмай қолиши мумкинми?!

Ғарбона маданият бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган ахлоқий қадриятларимизга зид бўлгани учун ҳам уни халқимиз қабул қилмайди. Аммо ҳали ўз ҳаётий ўрни шаклланиб улгурмаган ёшларимиз ҳақида бундай дейиш мумкин эмас. Чунки уларда ёт ғояларга нисбатан ижтимоий иммунитет ҳали заиф. Ғарбпарастлар айнан мана шу жиҳатларни кўздан қочирмайдилар.
Юртимиздаги Америка Қўшма Штатлари элчихонасининг «Дўстлик» номли ўзбек тилидаги нашрининг 2010 йил март санасидаги саҳифасида шундай ёзилади:
«2004 йилда чоп этилган ҳамда ўзбек адабиётида эркак ва аёл ўртасидаги интим муносабатларнинг аёл ёзувчи томонидан тадқиқ этилиши билан янгилик бўлган «Тилсим салтанати» романи муаллифи Саломат Вафо яқинда бутун дунё ёзувчиларига мўлжалланган дастурда иштирок этиб қайтиб келди. Айова университетида ташкил этиладиган ушбу дастур дунёга машҳур бадиий ижод дастурининг таркибий қисмидир… «Бадиий ижод» дастурининг «Орзудаги адабиёт» семинарида у «Тилсим салтанати» романини муҳокамага қўйди. Китобда Орол денгизи бўйида яшаган жангчи аёллар — амазонкалар жамиятидаги эркак-аёл муносабатлари тасвирланади. Ўзининг айтишича, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси роман нашр этилишига қаршилик қилган, чунки замонавий адабиётнинг зарур унсурларидан бўлган тақиқланган мавзулар тадқиқи анъанавий ўзбек адабиётига хос эмас.
— Бироқ «Шарқ» нашриёти «Тилсим салтанати»ни нашр этди ва у, айниқса, ёш ўқувчилар (!) орасида машҳур бўлиб кетди. «Йилнинг энг яхши романи» деб тан олинди ва рус тилига ҳам таржима қилинди, — дейди Саломат Вафо».
Эркак ва аёл ўртасидаги интим муносабатлар тадқиқ қилинганлиги учун нашр этилишига қаршилик қилинган бу асарнинг «ёш ўқувчилар орасида машҳур бўлиб» кетиши бизнинг хавотирларимиз, куйинишларимиз бежиз эмаслигини тасдиқламаяптими?
Ҳар қандай қудратли давлат ҳам ўз халқининг ўзига хос хусусиятларини акс эттирган ўқ илдиз асосида бунёд бўлади. Ўзбек халқининг ўзига хослигини акс эттирувчи ўзак, ўқ илдиз — бу юксак ахлоқдир. Агар мана шу негиз (қандай кўринишда бўлишидан қатъий назар) рад этиладиган, тан олинмайдиган бўлса, асл маънавият сиқиб чиқарилиб, унинг ўрнида мутацияга учраган «маънавият» пайдо қилиниши ҳеч гапмас. Кейинги йилларда давлатларни маҳв этишнинг шу усули урчиб бормоқда. «Биз барча олтинларимизни, моддий бойликларимизни кишилар онгини ўзгартиришга йўналтирамиз, — дея ёзган эди америкалик олим Аллен Даллес (Аслида Аллен Даллес олим эмас,ЦРУнинг раҳбари (1953—1961) бўлган.Х.Д.). — Инсонлар онгида бошбошдоқлик уруғларини сепиб, уларнинг қадриятларини сохта қадриятларга алмаштириб қўямиз ҳамда бу сохта қадриятларга ишонтиришга киришамиз. Аста-секин бутун бир халқнинг ҳалокати, ўзликни англашнинг йўқолишига гувоҳ бўламиз. Чунки биз шу халқнинг маънавий илдизларини қўпориб ташлаган бўламиз» (В.Лисичкин, Л.Шелепин. «Третья мировая информационно-психологическая война», Москва, 1999).
«Озодлик» радиоси орқали «Мен эркин ижодкорман, нимани хоҳласам шуни ёзаман» деяётган Саломат Вафонинг ҳам бу ҳақиқатларни билмаслиги мумкин эмас. Бу ёзувчи бундан 12 йил олдин «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 32-сонида босилган «Ёшлар насри ўз йўлидан боради…» номли мақолада: «Бугунги жаҳон адабиёти биз ишонган, ўрганган эстетик қарашларга асосланмайди, у тақдир ва қисмат курашларидан безган, миллийлик чегараларидан чиқиб кетганига кўп бўлган», дея ёзган эди. Унинг охирги йиллардаги ижодини кузатар эканман, ёзувчи ўзи айтмоқчи «миллийлик чегараларидан чиқиб кетган» жаҳон адабиётига ҳавас қилган, адабиётда миллийлик чегараларини бузиб ўтишни ижобий ҳол сифатида баҳолаган экан, деган фикрга келдим. (Лекин жаҳон халқлари адабиётининг ҳаммаси ҳам «миллийлик чегараларидан чиқиб кетган» эмас!).
Саломат Вафо «Озодлик» радиоси мухбирининг саволларига жавоб берар экан, мени адабиётни тушунмасликда айблаб, «Агар «Поезд» ҳикоясини тўғридан-тўғри тушунилса, мақолада айтилган маъно келиб чиқади… Бу ҳикояни тушуниш учун киши фалсафа, тасаввуф, символизмлардан хабардор бўлиши керак», деди. Мутахассислигим филолог бўлгани ҳолда, мен ўзимни адабиётни тушунмайдиганлар сирасига қўшмайман. Эҳтимол, модернистлардан бўлган Саломат Вафо ва унинг ғарбпараст издошлари (минг бор узр, одобдан бўлмаса ҳам, айтишга мажбурман) кап-катта кишининг жамоат транспортида баралла ел чиқариши ва аёл кишининг поездда қайт қилиши-ю, иштонини ҳўллаб қўйиши тасвирларининг берилиб баён қилинишидан қандайдир «фалсафа» топар, аммо ақли бутун одам бадахлоқ қилиқлар билан на фалсафани ва на тасаввуфни боғламайди! Ҳарқалай, элга кулги бўлишни истамаган одам тасаввуфдаги рамзларни бу ҳикояга аралаштирмагани маъқул.
Интервьюда «Мен ҳар қандай одам эмасман, мен Саломат Вафоман!» дея ўзига баланд баҳо берган адиба (гўё Саломат Вафо деган ном бирор унвон ёки исталган ишни қилиш мумкинлигига имтиёздек!) «Мен нима қилайки, менинг ёзганларимни англашмаса…», «Ижодкорлардан бири айтганидай, «қачон халқ бўлади бу оломон»…» каби иддаолар қилди. Нима, халқ «оломонсан» деган иддаога дучор бўлмаслик учун ўзбек адибасининг эркак ва аёл ўртасидаги интим муносабатлари тасвирини адабиётга бемалол олиб киришига, аёл боши билан ҳирсий саҳналарга, яланғоч тасвирларга зўр беришига кўникиши, унинг асарларидаги ёқимсиз тимсолларни «ўзимизнинг қиёфамиз» дея қабул қилиши керакми?!
Адиба интервьюда «Ўзбек адабиётида ҳаё, андиша ўзбек аёлини безайдиган тож сифатида кўрсатиб келинган, менинг асарларимда эса ундай эмас», деган гапни айтди. Эҳтимол, айнан шунинг учун ҳам, маънавият бешиги бўлган юртда яшайдиган, ор-номусни, ҳаё ва андишани ҳар нарсадан юқори қўядиган бутун бошли халқ унинг кўзига «оломон» бўлиб кўринаётгандир?
Ижодкор бирор асар яратдими, бас, ўйлаб кўриши шарт: бу асарни нега яратди, кимга мўлжаллаб, нима мақсадда яратди, у кимларнинг қўлига бориб етади, таъсири қандай бўлади…
Навоийнинг бешигини тебратган эл адабиётни тушунмай қолиши мумкинми?! Ўз адабиётига суқилиб кираётган бегона, бешарм ғояларни қабул қилмайдиган халқни фақат ғараз ниятлиларгина айблайдилар. Ўз қадриятларини ҳимоя қилаётган халқларни «қолоқ», «замондан ортда қолган», «халқ бўлолмаган оломон» дея айблаш — демократия ғоясидан шунчаки восита сифатида фойдаланадиган, ўзга мамлакатнинг миллий хусусиятлари, менталитетини бир пулга олмаган ҳолда, у ерда «чегараланмаган эркинлик ғояси» — тийиқсизликни тарғиб этувчи ғаразгўйлар ва уларга хизмат қилувчиларга хосдир.
Саломат Вафонинг асарларига (жумладан, «Тилсим салтанати» романига ҳам) сўзбоши ёзган Қозоқбой Йўлдошнинг кўплаб ижодкорлар ҳақидаги мақолалари жамланган «Ёниқ сўз» китобида адиба ижодига қуйидагича баҳо берилган: «Саломат Вафо асарларида сўзни авайлаб, пуфлаб ишлатмайди. Куйдирувчи сўзни ҳам, музлатувчи сўзни ҳам ўрни келса, аямай қўллайверади. Шунинг учун ҳам унинг қаламидан чиққан тимсоллар бир қадар совуқроқ, бирмунча ёқимсизроқ бўлади ва шу жиҳати билан… кишининг эсида узоқ сақланиб қолади. Сараланмаган оғриқли сўзлар эсдан чиқмайдиган образ яратишга хизмат қилади. Саломат ҳикояларига одамнинг чанг-чунгини қоқиб, ғижимларини текислаб киритмайди». Буни мақтов деб тушуниш керакми ёки танқид дебми? Майли, Саломат Вафо асарларига «одамнинг чанг-чунгини қоқиб, ғижимларини текислаб» киритмасин ва буни «замонавий адабиёт»нинг талаби деб тушунтираберсин ҳам, лекин айтса уят бўладиган гапларни, одамнинг ўта шахсий, (кечирасиз-у) фақат ҳожатхонада қилиши керак бўлган ишларини, ҳирсий тасвирларни адабиётга олиб киришига унга қайси «йўналиш» йўл берди, ким ҳуқуқ берди?!
«Озодлик» радиоси орқали Саломат Вафо: «Менинг ютуқларим кимларгадир ёқмаяпти шекилли», «Бу газета ва унинг ортида турган кучларга нисбатан, албатта чора кўриш керак», дея ваҳима кўтарди. «Озодлик» мухбири учун бу гаплар айни муддао, у ҳам дарров: «Сиз чет элларда ўзбек адабиёти ҳақида танқидий фикрлар билдиряпсиз, шунинг учун ҳам танқидга нишон бўлдингиз», дея «фол» очди. Нақадар аҳмоқона хулоса!
Менинг ўзим 2000 йилларда Саломат Вафо ижодидаги ўзига хосликлардан бир қадар завқланар эдим. Унинг ўша йилларда ёзилган «Сукунат туни» ҳикоясида модерн йўлнинг миллийликка таянган ҳолда қўлланганини ёқлаганлардан бири бўлган эдим. Лекин энди Саломат Вафо андиша пардаси ортида қолиши керак бўлган нарсалар тасвирига ўтган экан, унинг ижодига бўлган муносабатимни қайта кўриб чиқишга ҳаққим бор ва шундай қилдим ҳам. Бу ўринда, адиба «газета ортида турган кучлар» ҳақида хаёлий васвасага берилиб, ваҳима қилмаса ҳам бўлади.

Мақсадимиз – хавфдан огоҳ этиш!

«Озодлик» радиосига интервью берганлaрдан яна бири — ўтган мақолада ижоди танқид қилинган «ёзувчи» Ҳабиб Темиров бўлди. (Маъзур тутасизлар, бу кишига нисбатан ёзувчи сўзини қўштирноқсиз ишлатсак, асл ёзувчиларга нисбатан инсофсизлик қилган бўламиз).
Албатта, мен танқид қилинганлардан бу мақолам учун раҳматлар ёки гулдасталар кутган эмасман. Лекин, бу «ёзувчи» ҳам айбини тан олиш бир мардлик эканини тан олмайдиганлар хилидан экан. «Мен асарларимда ахлоқ-одоб доирасидан четга чиқмаганман, менга туҳмат қилишди» дея ўзини «Озодлик» орқали оқламоқчи бўлган бу одамнинг асарларида ахлоқсизлик тарғиби юқори даражада эканлигини яна бир мақола орқали таъкидлаб ўтиришни ҳайф билдик. Лекин «Маърифат гулшани» газетаси Ҳабиб Темировга ҳеч қандай туҳмат қилинмаганлигини, мақолада айни ҳақиқатлар баён қилинганлигини аниқ фактлар асосида суд орқали исботлаб беришга ҳам тайёр эканини билдирамиз. Бу одамнинг ёзганлари ахлоқ нормаларига зид эканидан ташқари, уларда адабий-бадиий қоидаларнинг бузилгани, жумлалар тузишдаги бемаъниликлар, сўзларни ноўрин ва палапартиш, асл маъносига эътибор бермаган ҳолда қўллаш, тасвирларда ортиқча юкнинг кўплиги билан адабиёт талабларига умуман жавоб бермаслиги ҳам ҳақиқат ва агар Ҳабиб Темиров жаноблари исбот талаб қилсалар, бу ҳақиқатлар исботи билан тегишли жойларга тақдим этилади. (Шу ўринда азиз ўқувчиларимизга Ҳабиб Темировнинг «асар»лари биринчи бор танқид қилинмаётганини, аввалроқ ҳам адабиётшунос олимлар томонидан рад этиб бўлмас далиллар билан, мақолалар орқали танқид қилинганини маълум қиламиз).
«Озодлик» радиосининг мухбири эшиттиришда бу «ёзувчи»ни салкам даҳо сифатида талқин этиб, «Китоб дўконларида Абдулла Қаҳҳор, Мурод Муҳаммад Дўст кабиларнинг асарлари сотилмай ётгани ҳолда, Ҳабиб Темировнинг китоблари битта қолмай сотилиб кетяпти» деган гапларни айтди. Бу айёрликка лаққа тушган Ҳабиб Темиров жаноблари «Мен ўзимнинг шундай машҳур ёзувчи эканимни, тўғриси сиздан эшитиб турибман» дея, ҳаяжонланишдан тийилолмай қолдилар. Билмайдиларки, «Озодлик»нинг ўзи туғилиб ўсган юртига тош отишдан завқ топадиган, ўз ватани шаънига иғво уюштириб бериш эвазига қорин тўйдирадиган мухбири бу гаплари билан «ўзбеклар ахлоқсизлик баён этилган китобларни қўлма-қўл қилиб ўқимоқдалар», дея жар солмоқчи бўлди.
Эшиттириш давомида Саломат Вафонинг «Шуҳрат» деб мурожаат қилишидан билдикки, бу мухбирнинг исми шундай. Ўша Шуҳратнинг Ҳабиб Темиров билан қилган савол-жавобидаги мана бу ўринларга эътибор беринг:
«- Габриэл Гарсиа Маркеснинг асарларида одам ўқишга уяладиган саҳифа-саҳифа жойлар бор, «Римлик аёл» деган асар бор… Лекин сизни ахлоқсизликлар ҳақида ёзади, дея танқид қилишяпти. Қуюшқон торайибдими?…».
— Шундай! — бу Ҳабиб Темировнинг жавоби. Бу ғарбпарастларга бир ҳақиқатни тушунтириб қўйишга мажбурмиз:
Шарқ ва Ғарб адабиёти ўртасида адабиётшунослар яхши биладиган ва кўп таъкидлашадиган, «кўрга ҳасса бўлгудек» бир фарқ бор: Шарқда адабиёт («адаб» сўзидан олинганлигига кўра) ахлоқ-одобга чорловчи, яхшиликка, гўзалликка, эзгуликка хизмат қилувчи восита. Ғарб литератураси эса асло Шарқ адабиёти сингари эмас. Литература сўзининг келиб чиқиши лотинча «литера» — «ҳарф» сўзига бориб тақалади. Шунга кўра, литература — ҳаётни ҳарфлар, сўзлар ёрдамида ифодалаш, яна ҳам тўғрироғи «ёзилган нарса» деганидир. Номланишнинг ўзидаёқ шунча фарқ!
Шарқда адабиёт маълум бир чекланиш ва меъёрларга эга, яъни асарлар андиша, ахлоқ-одоб чегараларидан чиқмаган ҳолда битилади ва шу жиҳати билан Ғарб адабиётидан устундир. «Литература»да эса бу меъёрлар амал қилмайди, чекловлар йўқ. Мисол учун олсак, Ғарбда ароқнинг кайфи ҳақидаги шеърлар ёки қадаҳ сўзлари санъат даражасида берилиши, ҳирсий туйғулар ҳақида бемалол достон ҳам ёзилавериши мумкин, лекин Шарқ адабиётига бу нарсаларни тиқиштириш — бориб турган одобсизлик, ўқувчига нисбатан ҳақорат, беписандлик ҳисобланади.
Адабиётнинг барча санъат воситаларига таъсири ниҳоятда катта. Жумладан, кино санъатига ҳам. Ғарб литературасида чекловлар йўқлиги, онгдан, кўнгилдан ўтганини пардаламай, бемалол ёзилавериши мумкинлиги учун ҳам, катта асарлар асосида яратилган Ғарб фильмларида шаҳвоний саҳналар очиқдан-очиқ акс эттирилаверади. Шунинг учун ҳам, улар ҳар қанча юксак режиссёрлик ва актёрлик маҳорати асосида, миллион долларлаб маблағ сарф этиш ҳисобига суратга олинган, бир неча номинациялар бўйича «Оскар»га лойиқ кўрилган бўлмасин, бизнинг бу фильмларга ижобий муносабатда бўлишимизга шарқона одобимиз, ахлоқсизликнинг руҳиятимизга сингмаслиги монелик қилиб тураверади.
Жумладан, Жованни Боккаччо қаламига мансуб, Европа уйғониш даври адабиётининг дастлабки насрий асари «Декамерон» ҳам жаҳон адабиёти дурдоналаридан саналади. «Аммо «Декамерон»да тасвирланган «ахлоқ», «эҳтирос», «ҳирс», «муҳаббат» тушунчалари Шарқ дунёсига мутлақо тўғри келмайди. Асарда тасвирланган ҳаётдан ўқувчининг кўр-кўрона нусха кўчириши эса уни ахлоқий тубанликка олиб келиши шубҳасиз. Чунки асарда тасвирланган ҳаёт ҳаё ва уят тушунчаларидан йироқ бўлган, аксарият ҳолларда биологик ҳирсга асосланган яланғоч муҳаббатни тараннум этади. «Декамерон»нинг Европа Уйғониш даврини белгилаб берган ва унга даъват этган буюк асар эканини эътироф этган ҳолда, унинг Европа ахлоқий муҳити учун маълум маънода андоза вазифасини ўтаганини қайд этиш лозим… Тутқунликдан кейинги эркинлик инсонлар юзидаги ҳаё пардасини йиртиб ташлади. Эндиликда инсоният мазкур ҳолатидан қутулиш чорасини топишдан ожиз, тизгин аллақачон қўлдан кетган, вақт эса бой бериб бўлинган», дейилади «Миллий ғоя ва раҳбар масъулияти» китобида (374-бет). Бизнинг ахлоқсиз саҳналар тасвири кўпайиб кетган «асар»лар ҳақида бонг уришдан мақсадимиз ҳам шу хавфни англатиб қўйиш эди!

«Истасангиз буни талаб денг, истасангиз қонун деб атанг!»

Шу ўринда атоқли адабиётшунос олим ва адиб Озод Шарафиддиновнинг мана бу фикрларини келтиришни жоиз деб билдик:
«Ҳеч қайси ёзувчига янги замонда «фалондай жанрда, писмадондай мавзуда ёз», деган маънода фармойишлар ёки кўрсатмалар бериб бўлмайди — бу масалада мустақиллик туфайли ҳамма ижодкорлар эркинликка эришди. Бироқ, мен юз фоиз аминманки, мустақил юртнинг адабиёти, албатта, битта хусусиятга эга бўлмоғи шарт. Шартгина эмас, мажбур! Истасангиз буни талаб денг, истасангиз қонун деб атанг — ихтиёр сизда. Лекин нима десангиз ҳам, шуниси аниқки, мустақиллик адабиёти бадиий жиҳатдан жуда юксак даражада турмоғи, у том маънодаги санъат бўлмоғи, бетакрор нафосат ва тенгсиз гўзаллик унинг етакчи белгиси бўлмоғи керак. Токи бизнинг адабиётимизга мурожаат қилган, унинг намуналарини қўлига олиб ўқийдиган китобхон кимлигидан, ёшу қарилигидан, дунёнинг қайси бурчагида яшаётганидан қатъий назар, бу адабиётдан чексиз эстетик завқ ола билсин; бу асарлардан нафақат унинг шуури, ақли, балки қалби, туйғулари ҳам баҳра олсин…».
Адабиётимизни «литературалаштириш»га уринаётган ва ғарбона руҳдаги «асар»ларини бир-иккита пулпараст нашриётларда чоп эттириб, уч-тўрт ғарбпараст одамларнинг мақтовидан қувониб, ўзига керагидан ортиқ баланд баҳо бериб юрган ёзғувчилар Ғарбнинг эмас, айнан Ўзбекистоннинг нонини еяётганларини, шу заминда бемалол, хотиржам яшаётганларини унутмай, неча асрлик муқаддас ахлоқий қадриятларга эга ўз халқини «оломон» деб аташ — халқ юзига оёқ қўйиш эканини, ўз халқи болаларининг ахлоқини издан чиқарадиган «асар»лар битиш — бориб турган кўрнамаклик эканини вақтида англаб олсалар, яхши бўлар эди.

Ғаразгўйларнинг талвасаси

«Озодлик» радиосининг ўша Шуҳрат деган мухбири Ўзбекистондаги адабий муҳитни таҳлил қилишдан олдин, мунаққид билан журналистнинг фарқини ажратиб олса, маъқул бўларди. Буни фарқлашга фаросати етмагани учун ҳам, мени эшиттириш давомида нуқул «мунаққид» деб атади. Яна саводсизларча: «Мен Дилфуза Комил деган мунаққид ҳақида эшитмаган эканман. Агар Озод Шарафиддинов даражасида бўлганида эшитган бўлардик», деб ҳам қўяди. Албатта, эшитмайди-да. Негаки, Ўзбекистонда Дилфуза Комил деган танқидчи йўқ. Агар бу мухбир ўз эшиттиришини холис тарзда тайёрлашга уринганида, унда холис фикрларни беришга ҳаракат қилганида эди, албатта биз билан ҳам боғланган, ҳеч бўлмаганда мутахассислигимиз билан қизиққан бўларди. Лекин интервью давомида мақоланинг «Маърифат гулшани» газетасида босилгани ҳақида ҳам лом-мим дейилмади.
«Яшаш қаерда яхши бўлса, шу ер мен учун ватан», деб юрганлар тоифасидан бўлмиш бу Шуҳрат деганлари эшиттириш давомида Ўзбекистондаги адабий муҳитни, мустақиллик даври ёш ижодкорларини лойлаш учун бор маҳоратини ишга солишга уринди. Юртимиздаги айрим ҳолатларни ўз қаричи билан ўлчаб, шарҳламоқчи бўлаётган бу мухбир бунақа ҳаракатлари билан ўзининг ва «ҳамфикр»ларининг талвасада эканини кўрсатиб қўйганини ўзи англадимикин? Ҳа, ғаразгўйлар талвасада! Ўзбекистон матбуотидаги демократия, ҳурфикрлилик, танқидга кенг йўл берилаётгани бундайларни жазавага солмоқда. Негаки, уларнинг тош отишга, иғво қилишга, ёмонлашга баҳоналари камайиб бораётир.
Четдан туриб «демократия, демократия» деб оғиз тўлдираётганлар бизга келганда бир ҳақиқатни айтгилари келмайди: демократия — бу ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш эркинлиги, дегани ҳамдир. Бизни бу ҳақиқатдан бехабар деб ўйлашса керак-да.
Умуман олганда, Европанинг барча демократик давлатларининг ҳар бири ўз миллий руҳи, анъаналарини ҳам сақлаган. Кўпгина катта давлатларда, (масалан, Япония, Корея, Малайзияда) демократик тузум миллий ва диний-эътиқодий удумлар негизида амал қилади. Шубҳасиз, бизнинг юртда ҳам шундай бўлишига интилмоқдамиз. Юртбошимизнинг барча саъй-ҳаракатларида, асарларида бунга алоҳида эътибор қилиниб, миллий ахлоқ-одобни мустаҳкамлаш учун жаҳд қилинаётир. Юртимизда демократик давлат қуришнинг ўзига хос йўли танланган, демократиянинг «ўзбек модели» яратилган.
Фикрларимизга четдан туриб истеҳзо билан қарагувчиларга Ғарбнинг битта файласуфи айтган гапни айтай: «Менинг муштим эркин ҳаракатланиши мумкин, лекин унинг эркинлигини ёнимдаги одамнинг бурни четлаб туради». Ҳа, бу Ғарбда машҳур қоида. «Озодлик» орқали вайсайдиганлар бу қоида билан ҳам бир танишиб қўйсалар бўларди.
Шу ўринда бир савол туғилади: ўз ота юртидан, улғайтириб, ҳаётга йўлланма берган қавм-қариндошларидан, халқи, миллатидан бегоналашиб, ўзга юртларда ўз ватанига ёмон қараш қилиб юрган БЕГОНАларнинг бизнинг юртдаги ҳодиса ва ўзгаришларни, воқеликларни тафтиш қилишга, баҳолашга нима ҳаққи бор?! Бундайлар Ватанга нима хизмат қилиб қўйгандики, дунёнинг у чеккасида туриб олиб, бўлар-бўлмас иғволар, туҳматлар тарқатади, ишимизга бурун суқади?! Маслаҳатимиз, ойнага қарасинлар-да, ўзларига савол берсинлар: СЕН ЎЗБЕКИСТОНГА КИМСАН?
Мана шу саволга жўяли жавоб тополсалар, майли, катта гапиришсин, йўқса, …!

Сўнгги сўз: Юртимиз бор ҳолича — ютуқ ва камчиликлари билан бизники! Биз уни яхши кўрамиз! Яхши-ёмон кунларида бағридамиз, қўлимиздан келганича унга хизмат қилаяпмиз. Энг асосийси, «Ватан менга нима берди?» деб эмас, «Мен Ватан учун, унинг келажаги учун нима қила оляпман?» — дея, ўз фаолиятимизни сарҳисоб қилишни унутмай яшаяпмиз.
Адабиётдаги камчиликлар ҳақида четдагиларга ҳасрат қилаётган юқоридаги каби ижодкорларимиз ҳам унутмасинларки, бу камчиликлар ўзимизники. Бизга аждодларимиздан дунёни лол қолдирган, тоза ва мукаммал адабиёт мерос қолган. Уни шу ҳолича асролмаётган эканмиз, демак айб ўзимизда. Бу камчиликларни ҳеч ким четдан келиб бартараф этиб бермайди. Ҳарқалай, ахлоқсизликнинг боши берк кўчаларига кириб қолган Ғарбнинг биздан бошқа ташвиши ҳам бордир?..
Халқимиз «уйдаги гапни кўчага ташиган одам шарманда бўлади», дейди. Бунинг исботини ҳаётда кўп кўрганмиз.
«Ит ҳуради — карвон ўтаверади». Юртбошимиз таъкидлаганларидек, «Биз демократик жамият барпо этиш мақсади сари қадамларимизни кимгадир яхши кўриниш, кимгадир ҳисобот бериш ва сохта обрў топиш учун эмас, аввало, халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танлаб олган, миллий манфаатларимизга жавоб берадиган манзилга босқичма-босқич ривожланиш йўли билан етиб бориш учун қўймоқдамиз. Ана шу йўлимиздан асло қайтмаймиз.
Шу билан бирга очиқ айтиш керакки, Ўзбекистонни олиб бораётган мустақил сиёсатидан қайтариш, кимгадир қарам қилиш мақсадида четдан туриб ички ишимизга аралашиш, турли ниқоблар остида бизга қарши тазйиқ ва зўравонлик ўтказиш сиёсатини мутлақо қабул қилмаймиз» (Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари — энг олий қадрият. «Халқ сўзи», 2005 йил, 8 декабр).

054

(Tashriflar: umumiy 2 332, bugungi 1)

11 izoh

  1. «Маърифат гулшани» газетасининг ёпилишига мана шу мақола сабаб бўлдими?

  2. Катта ижодкорлар қилиши керак бўлган ишни, яъни адабиётни қандайдир бефойда асарлардан ҳимоя қилишдек ишни Дилфуза Комилова исмли журналист бажаргани жуда олқишга сазовордир. Катта ёзувчиларимиз бу мавзу ҳақида сўз очишга уялишадими, қўрқишадими ё «танқиддан ҳам тубан» деб қўл силташадими, билмадиму, китобхоннинг савиясини ўтмаслаштирадиган бундай «асар»ларга қарши «ўт очиш вақти» аллақачон келиб бўлганку

  3. Alloh taolo Qur’oni karimda er-hotin o’rtasidagi jinsiy nozik masalalarni
    birovlardan sir tutishlariga gapirmasliklariga buyurdi. Garchi ular bir birlariga halol bo’lsalarda. Shariatda uyatsiz, hayosiz narsalar haqida gapirish harom qilinganda, uni yozishga yo’l bo’lsin…

    Maqolani o’qib bo’lgach google orqali Salomat Vafo kim ekanligini qidirdim. «Erotic literature in Uzbekistan» Salomat Vafo, kabilar
    chiqa boshladi…Dahshat ayniqsa ayol kishiga, o’zbek ayoliga…
    Uyat, or nomus, andisha qayoqda qoldi?
    Bunaqalar qanday qilib o’zbek adabiyoti san’atida paydo bo’layapti? Kim ularga joy berayapti?
    Kitoblari nashrdan chiqib, do’konlarga etib kelib sotilayotgan ekan. Ana shu vaqtgacha nahotki hech kim nazorat qilmadi..?

    Jurnalist Dilfuza Komilovaga qolaversa maqolaga o’z fikrlarini bildirgan, uni saytga joylab biz muhlislarga taqdim etgan Xurshid Davronga tashakkurlarimizni aytib qolamiz.

  4. Дилфузахон Комиловадек қизни вояга етказган ота онасига катта рахмат. Ватанимиз ва миллий қадриятларимиз учун бундай ижодкор қизларимиз бор бўлсин.

  5. Афсус, ўз вақтида «Маърифат гулшани»ни ҳимоя қила олмадик. Энг ажабланарлиси, маҳкама (суд) маънавият илдизига болта урувчиларнинг ёнини олди, миллиф маънавиятимизнинг «кўча маданияти»да асрайлик деган чақириқ билан чиққан газетни ёпди.

  6. Assalomu Aleykum, zo’r maqola chiqibdi. To’g’risini aytsam man shu paytgacha bu «yozuvchivachcha»larni eshitmagan ekanman. Qayerdan paydo bo’lidi ekan bular? Shukur Holmirzayev, O’tkir hoshimov, Said Ahmad, Mirkarim Osim va boshqa katta katta yozuvchilarni asarlarini o’qib yurib, bizni yurtda bunaqangi asarlar chop etilishi yoki yozilishi mumkinligi va chiqarilishi haqida yetti uxlab tushimga ham kirmagan ekan. Maqolani o’qib hayratda qoldim. Hayratimki, bu «yozuvchivachcha»lar yozishga yozibdi ammo asarlarini keng ommaga chiqarishga kim ruxsat berdi ekan? Salomat Vafo deganlari hali ham bormi deyman. Internetda hikoyalari turibdi.
    Hurmatli Xurshid Davron aka bu maqolani iloji boricha saytingizning oldingi sahifalariga qayta qayta qo’yingki, saytga yangi kirganlar ham o’qisin. Man bu sahifani qidiruv tizimidan chiqgan havoladan o’tib o’qidim.

  7. Assalomu Aleykum hurmatli Xurshid Davron, 5 kun oldin sharq nashiriyoti kitob do’koniga borgan edim. Do’kondan bir nechta kitoblar oldim. Kitoblarni ko’ra turib «Qora qasr asirasi» kitobiga ko’zim tushib qoldi. Bir dona qolgan ekan, huddi meni kutib turgandek. Kitobni ko’rdimu ushbu maqola esimga tushib ketdi. Kitoblarim orasiga buni ham qo’shdim. Kitoblarni sotib olishimdan bir kun oldin Tohir Malikning «VOY, ONAJONIM…» kitobini o’qib tugatdim. Menga juda ham yoqdi, bu kitob haqida ko’pdan ko’p iliq gaplarni aytish mumkin. Ammo yozayotganimning sababi bu asar emas. Alqissa, «Qora qasr asirasini» 3 kunda, hozirgina buni yozishimdan bir oz oldin o’qib tugatdim. Kitob haqidagi fikrlarimni bildirar ekanman: bu kitobni yuqorida Dilfuza Komilova kuyib pishib yozganlaridek behayo deb bo’lmaydi. To’g’ri bu asarda birorta ham ijobiy qahramon yo’q. Hamma qahramonlarning o’ziga yarasha iflosgarchiliklari bor. Asarda jamiyatimizdagi eng iflos, razil, manfuur, ikkiyuzlamachi, shayton malaylari hayoti ko’rsatib berilgan. Oddiygina qisqa qilib aytganda ODOBNI BEOBOBDAN O’RGAN degan naql asarning mazmunini tashkil qiladi desam adashmagan bo’laman. Asarni menga yoqgan tomoni bu bir jurnalistning ya’ni qalamkashning shaxsiy kuzatuvlari asosida yozilganidir. Biz o’quvchilarni atrofimizda shunaqangi voqealar bo’layotganligidan ogohlantirmoqda. Ya’ni bu voqealar real hayotdan olingan. Eng yomoni voqealar biz yashab turgan mamlakatda bo’layotgani, razil kimsalar bizning oramizda ekanligi insonni tashvishga soladi.
    Men jurnalis emasman, oddiygina bir bankirman, shuning uchun fikrimni qisqacha qilib ifodalab qo’ydim. Yuqorida Tohir Malikning «VOY, ONAJONIM…» kitobini bekorga tilga olmadim. Kitobning orqasida shu kitob chiqargan nashiriyot tomonidan yangi kitoblarning reklamasi ham joy olgan ekan. Shu kitoblar ichida «Qora qasr asirasi 3» ham chiqibdi. Demak hali voqealar tugamagan.

  8. Мақола ҳақиқатан яхши ёзилган.Лекин шундай ўткир мақолалар босиладиган газеталар ёпилиши ҳам ўйлантиради.Бундай бозорбоп адабиётнинг ривож топишига , китоб дўконларига чиқадиган адабиётнинг назардан ўтказилмаслиги ҳам сабаб. Ёмон ўсимликнинг кўпайиши осон ё бемаза қовуннинг уруғи кўп бўлармиш.Халқимиз маънавиятини ҳимоя қилиш ва ўзича эмин эркин ижод қилиб бемаза уруғ тарқатиш орасида ҳамиша жанг бўлган ва бўлаверади.

  9. Assalomu alaykum! Yoshlarimizni, aniqroq qilib aytganda farzandlarimizni (ha aynan, yo sizning yoki mening farzandim) kelajagini o’ylab jon kuydirayotgan insonlar borligiga shukur! Bu masalada barchamiz jon kuydirishimiz, havotirlanishimiz zarur. No’shirvoni odil aytganidek, yomonlik ham olidin ozgina edi. Xalq, millat sifatida yashab qolishni hoxlar ekanmiz, milliy g’urur, or-nomusimizni o’z hayotimiz darajasida himoya qilmog’miz zarur. Ertaga kech bo’lmasin…

  10. Бу ёзилган мақолалар ўша китобларни укишга ундаяпди холос

Izoh qoldiring