Feruz. Devon & Dilmurod Bobojonov. Ma’rifatparvar Feruzxon

401d.jpg    Муҳаммад Раҳимхон Соний — Феруз ҳақиқатан ҳам беназир шоир ва маърифатпарвар ҳукмдор эди. Аммо, шу билан бирга у ўз замондошлари бўлмиш Бухоро амири Музаффар ва Қўқон хони Худоёр билан тенгма-тенг юртимизни чор Россияси томонидан босиб олиниши ва талон-тарож этилишига қарши бирон бир жиддий тайёргарлик кўрмаган давлат бошлиғи ҳам эди. Унинг ажойиб шоирлигини пеш қилаверсагу она тарихимизнинг қора саҳифалари ҳақида гапирмасак ҳақиқатнинг фақат бир томонини айтган бўламиз.  Муҳаммад Раҳимхон Сонийнинг шоирлиги ва маърифатпарварлиги нечоғли диққатимизга сазовор бўлса, унинг сиёсий фаолиятининг ночорлиги шунчалик хотирамизнинг бир четида ўчмасдан туриши керак.

Хуршид Даврон

Дилмурод БОБОЖОНОВ
МАЪРИФАТПАРВАР ФЕРУЗХОН
09

044 Муҳаммад Раҳимхон II- Феруз, Сайид Муҳаммадхоннинг тўнғич ўғли бўлиб, 1844 йилнинг баҳорида Хива шаҳрининг Кўҳна Арк саройида туғилган. Отаси унга бобосидек буюк инсон бўлсин деб Бобожон тўра деб исм қўйган. Шаҳзода ёшлигида с аройдаги муаллимлардан сабоқ олиб, мадраса ёшига етганда мадрасада ўқиган, отасининг ўлими туфайли мадрасани тугата олмаган, шундай бўлса ҳам туркий, форсийда ўқиб, ёзиб, гапириб билган, арабчани оз-моз билган. Ўсмирлик пайтларида мироб, шоир ва сарой тарихчиси Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийдан сабоқ олиб комил инсон бўлиб етишган. .

Муҳаммад Раҳим тўра 1864 йил 22 сентябрда 19 ёшида отаси ўрнига тахтга ўтирган.
Хоразм санъатининг сайқал топиши, абадийликка юз тутиши, бугунги авлодларга бой ва туганмас хазина сифатида етиб келиши бевосита Муҳаммад Раҳимхон Феруз номи билан чамбарчас боғлиқ. Муҳаммад Раҳимхоннинг доимий ҳомийлиги туфайли ўнлаб созанда, гўяндалар етишиб чиққан. Матяқуб позачи, Матяқуб Девон, Абдулла, Оллаберган сўта, Муҳаммад Амин межана, Худайберган Мухркон, Бобожон дўст, Абу Шариф Махсум, Машариф тўрғай, Бобожон Буломончи, Оташ Кал, Полли дўзчи, Қуржи ота, Девонбобо, Мадраҳим Шерозий, Бола бахши, Мутриб, Сафо Муғанний каби истеъдодли санъаткорлар шулар жумласидандир. Ферузнинг адабиёт ва санъат аҳлига ғамхўр фидойилигига яна бир мисол: 1882 йилда Муҳаммад Раҳимхон Соний “Хоразм мақомлари халқнинг дахлсиз мулки деб эълон қилинсин” дея махсус фармон чиқарган. “Ушбу фармони олийга шак келтирган ва мақомларни камситган ёйинки уни бузиб ижро эткан кимсалар қаттиқ жазолансин!” деб алоҳида таъкидлаган. Муҳаммад Раҳимхон II томонидан саройга йиғилган шоирлар, хонанда ва гўяндалар тўғрисида Ходим, яъни Бобожон Тарроҳ Азизов ўзининг “Хоразм новозандалари” асарида Хоразмда яшаган шоирлар тўғрисида қисқа лекин мукаммал маълумотлар берган.

Масалан: Шоир Муҳаммад Раҳимхон II нинг баёни: Хоразмнинг подшоси бўлиб, номи Муҳаммад Раҳим иккинчи, отасининг номи Сайид Муҳаммадхон бўлғон, Муҳаммад Раҳимнинг адабий номи Феруз (бахтли, толеъли деган маънони беради) эди. Бу тахаллусни Муҳаммад Раҳимхоннинг ўзи танлоған. Лекин бунда Полвон Мирзобошининг ҳам иштироки бўлғон…”

Қўқон хонлиги ва Бухора амирлигини босиб олган Россия империяси 1873 йилда Хива хонлигини ҳам босиб олди. 1873 йил 12 августда Россия ва Хива ўртасида сулҳ шарномаси имзоланди. “Гандимён шартномаси” номи билан тарихда из қолдирган ва 18 моддадан иборат мазкур ҳужжат Хива хонлигини ярим мустамлака ва қарам (вассал) давлатга айлантирди. Шартноманинг 1 моддасида хон мустақил ташқи сиёсат ва савдо-сотиқ амалга ошириш, ҳарбий юришлар қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Шартномага биноан Амударёнинг ўнг соҳилларидаги ерлар Россия тасарруфига ўтказилди. Рус қўшинларини жойлаштириш мақсадида Петро-Александровск шаҳри бунёд этилиб, у янги ташкил этилган Амударё бўлими маркази қилиб белгиланди. Ушбу бўлим бошлиғи этиб тайинланган полковник Н.И.Ивановга Хива хони устидан назорат ўрнатиш ҳуқуқи берилди ва Дирисқул исмли мингбоши қўмондонлигида аскар ва бир неча тўп қолдирилди.

Ashampoo_Snap_2015.08.11_00h59m22s_004_.pngРус подшоси нафақат хонлик ерларининг бир қисмини тортиб олди, балки уларни мустамлакачи маъмурларнинг таянчига айлантиришга интилди. Натижада 1874 йилда Хива хонлиги ҳудудига Ўрол казаклари ва 1882 йилда Повольжедан меннонит немисларини кўчириб келтиришга рухсат берилди. Русларга Петро-Александровск (Тўрткўл) дан Чоржўйгача бўлган масофада Амударёда балиқ овлаш ва кемада сузишга рухсат этилган бир вақтда, маҳаллий халқнинг бу иш билан шуғулланиши тақиқланди.

Шартномага биноан Амударёда пароход қатнови йўлга қўйилиши, рус савдогарларининг ҳуқуқ ва имтиёзлари ҳимоя этилиши, уларнинг хонлик шаҳар ва қишлоқларида эркин ва божсиз савдо қилишига шароитлар яратилиши кўрсатилганди. Рус ишбилармонларига хонлик ҳудудида ер сотиб олиш, саноат корхоналари, уй-жой қуриш, кўчмас мулкка эга бўлиш ҳуқуқи ҳам берилди. Русларни маҳаллий қозилар томонидан суд қилинишига рухсат берилмасди. Шартноманинг 17-моддасига биноан хонликда қул савдоси тугатилди. Хива хони урушга сарфланган 2 млн 200 минг сўм товон (контрибуция)ни 20 йил муддатда тўлаш мажбуриятини олди.

Гандимён шартномаси Хоразмнинг табиий ва нотабиий бойликлари (пахта, пилла, жун, балиқ, олтин заҳиралари, нозик санъат асарлари) таланишига, меҳнаткаш оммани маҳаллий бойлар қатори рус амалдорлари томонидан экспулатация қилинишга, завод ва фабрикаларнинг қурилиши натижасида воҳадаги айрим ҳунармандчилик (мискарлик, кўнчилик, кулолчилик) соҳаларининг инқирозга юз тутишига кенг йўл очиб берди. Судхўрлар чангалига тушган ҳунармандлар ва деҳқонлар ўз меҳнати эвазига етиштирадиган моддий бойликлардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлдилар.

Хиванинг истило қилиниши вақтида ҳарбийлар билан бир қаторда рус подшосининг қариндош-уруғлари, олимлар, ҳарбий тарихчилар, топограф, гидрологлар савдо-саноат корхоналари агентлари, айрим ҳолларда чет эл журналистлари (уларга рухсат берилмасада) ҳам қатнашишга интилганлар. Улар қаторида шарқшунос А.Л.Кун, зоолог М.Н.Богданов, фармацевт И.И.Краузе, ҳарбий топограф, майор Адеркас, аграном Сировацкий, америкалик журналист Артур Януариус Мак Гахан бор эди. Уларнинг кўплари кейинчалик ҳам хонлик ҳаёти билан танишишни давом эттирганлари, айримлари эса ўз хотиралари ва кузатишлари асосида жуда қизиқарли китобларни нашр қилдирганлар.

Хива хонлигининг тахти ва хазинаси Россияга олиб кетилди. Хон саройини эгаллаган генерал Н.И.Головачевга хон хазинасига кириб, у ердаги нарсаларни назоратдан ўтказган. У билан бирга хазинага кирган шарқшунос А.Л.Кун бор нарсаларни рўйҳатга олган.

“Хон саройини мусодара қилишда 300 жилдан иборат Шарқ қўлёзма намуналарини йиғиштириб олганман, – деб ёзганди А.Л.Кун. — Уларнинг каттагина қисмини тарихий асарлар ташкил қилади. Кўпчилиги ҳозирги хон, яъни қўнғиротлар сулоласи даврида форс тилидан Хива, турк лаҳжасига таржима қилинган. Бу асарларнинг форс тилидаги асл нусхаси билан бирга сақланаётганлиги, уларнинг қадр-қимматини янада оширади”. Хазинадан олинган ва Рус императори кутубхонасига жўнатилган тарихий ёдгорликлар орасида 129 та ноёб китоб ва 140 та боғлам тарихий қўлёзмалар, 30 жилддан иборат шарқ шоирларининг девонлари, 50 томлик 40 та ҳуқуқ ва динга оид асарлар, 18 та “Қуръон” ва 50 та дарслик китоблари бор эди. Улар орасида Алишер Навоий, Мирхонд, Мунис, Огаҳий, Комил Хоразмий, Абулғозий Баҳодирхон каби алломаларнинг “Ҳамса”, “Равзат ус-сафо”, “Қиссаи-ул анбиё”, “Тавсифи Қуръон”, “Шарҳи даламлюл ҳайрат”, “Миратти каннот”, “Китоби-рамлъ”, “Фирдавс ул-иқбол”, “Шоҳиди иқбол”, “Дастони Қосим ва Гўрўғли”, “Китоби Саййид”, “Тавсифи Кабир”, “Шажараи турк” каби китоблар бор эди. Ушбу халқимизнинг бебаҳо бойлиги ҳисобланган ёдгорликлар ҳозирда Санкт Петербургдаги Эрмитаж музейи, Салтиков-Шчедрин номидаги Давлат кутубхонаси ва Шарқшунослик институтида сақланмоқда.

Хазинадаги сандиқларнинг аксарияти бўш бўлиб, фақат биттасининг ичи тўла танга эди. Улар орасида 20 та тилла ва 5 та кумуш муҳрлар, темурийлар даврига мансуб 172 та ва Хива хонлари зарб қилдирган кўплаб олтин тангалар, қўшотар милтиқ, тўппонча, олтин ва зумрад билан безатилган қилич, ханжар, совут, дубулғалар, танга зарб қилинадиган 200 та қолиплар бор эди”.

“Саройдаги ҳарам хоналаридан олинган нарсалар ҳақида Мак Гахан шундай деб ёзганди: “Кашмир шалилар (рўмоллари) дан ташқари бизнинг қўлимизга тушган қимматли нарсалар орасида 1000 дан ортиқ қадимги хитой чиннилари бор эди. Улар орасида кичик чойнаклардан тортиб, каттароқ косалар, пиёлалар, 10 литргача суюқлик сиғадиган кўзалар бор эди. Уларнинг кўплари оқ ва кўк рангда бўлсада, яшил, пушти ва қизил ранглилари ҳам бор эди. Бир неча авлодлар томонидан йиғилган нодир чинни буюмлар синдириб-бузиб, солдатлар томонидан ағдар-тўнтар қилинган. Айримлари эса уларнинг баҳосини биладиган офицерлар қўлига тушганди”.

Шундан кейинги Муҳаммад Раҳимхон II нинг 37 йиллик ҳукмдорлик даври Россияга қарамликда ўтди. Бу даврда Россия бутун Марказий Осиё хонликларини босиб олган эди. Шундан кейин хонликлар ўртасидаги ўзаро уришлар тўхтади, қуллик тизими тугатилди. Тинчлик билан давлат ишларини бошқариш ва бунёдкорлик ишлари бошланди. Хон саройидан ва Хива шаҳридан талаб олиб кетилган китобларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида хон 1874 йилда Хива шаҳрида Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб тош босмани ишга туширди, Эрондан Иброҳим Султон исмли устани чақиртирди ва Хива тошбосмахонасини ишга туширди, натижада жуда кўплаб нодир китоблар чоп қилинди, устани ишини кейинчалик хивалик шогирди Отажон Обдал ўғли давом қилдириб, уни санъат даражасиги олиб чиқди. Кейинчалик Худойберган Девонов сураткашликни машқ қилиб, Хивада Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб фото-кино санъатига асос солди, уни Муҳаммад Раҳимхон ўз ҳимоясига олиб ҳомийлик қилди.

Ҳадисларда айтилганки: — “Мўмин кишига вафотидан сўнг савоби етадиган амали: — Тарқатган илми, қолдирган солиҳ фарзанди, мерос қолдирган иморатидир”. Қурилган иморатдан фойдаланган халқдан “раҳмат” эшитиш, бу катта савобдир. Ҳар ким имкониятига қараб, биров мадраса ё масжид, яна биров қудуқ қаздирса, биров дарахт ўтказган. Қурилган иморат ёки қаздирилган ариқ шу кишининг номи билан номланган. Хивада бундай ишларга Ферузхоннинг ўзи бош-қош бўлиб унинг ҳиссаси жуда каттадир. Унинг даврида қурилган иморатлардан 30 тадан зиёди ҳозиргача сақланган. Хоннинг ўзи Паҳлавон Маҳмуд мақбарасида ёзги масжид ва айвон қурдирди. Хон Нуруллабек ва Тозабоғ ҳудудида кўп кишиларни ватанли қилиб, уларга масжидлар қуриб берди. Ўзига Нуруллобойда ва Қибла Тоза боғда ёз кунлари халқнинг арзини тинглайдиган арзхона ва яшайдиган уйларни қурдирган. Шоҳимардон дарвозаси жануби-ғарбида битта қорихона ва масжид қурдирди. Қишлоқларда янги ариқлар қаздирди ва боғлар барпо қилди. Хон Кўҳна Арк қаршисида 76 ҳужрали килиб, катта мадраса қурдирди. Мадрасани олдинги қисми икки қават ичкари қисми бир қават бўлиб ҳовлисидаги тўрт пештоқда Огаҳийнинг шеърлари кошинпаз усталар томонидан битилган. Муҳаммад Раҳимхон II даврида Матниёз девонбеги, Матмурод девонбеги, Иброҳимхўжа, Юсуп ясовулбоши, Ҳусайин Муҳаммадбой, Дўст Алъам, қозикалон Салим охун, Ислом хўжа, Муҳаммадпанобой, Матрасул мирзабоши ва бир қанча амалдорлар хондан ўрнак олиб кўплаб мадрасаларни қурдилар. Хивадаги саройлар ва қасрлар орасида энг машҳурларидан бири Муҳаммад Раҳимхон II томонидан 1897-1910 йиллари қурилган Қибла Тоза боғ қасридир. Қаср кенглиги, меъморий услуби, Хива айвонларининг турли-туманлиги, техникасининг бетакрорлиги билан ажралиб туради. Сарой учта катта мажмуадан иборат: — биринчи ҳовли хон ва сарой аҳли, хизматкорлари учун. Иккинчи ҳовли — хон ва унинг оила аъзолари учун бир неча айвон, учинчи ҳовли – Европа услубида қурилган айвон ва катта хоналардан иборат, ўртасида катта ҳовуз ва гулзорлар бор. Қасрнинг гир атрофи боғ билан ўраб олинган. Хон бундан ташқари Кўҳна Аркда жойлашган ҳарам ҳовлисини ҳам қайта қурдирган.

Муҳаммад Раҳимхоннинг 1898 йил 12 апрелдаги фармони билан хонлик ҳудудларида қадимдан қолган музейбоп буюмлар тўпланила бошланди. Хоннинг вилоят ҳокимликларига юборган буйруғи шундай эди: — “Қадимдан қолғон ёдгор нима нарсаларни йўқ қилдурмасунлар, ҳар бир тариқа кўҳна жой ва қалъа ва иморат бўлса не тариқа бино бўлғонларни ва кўҳна тилла ва танга ва пуллар бўлса борлаб топиб мунда юборсинлар. Хоразм асори-атиқалари 1890 йилда Тошкентда, 1895 йилда Нижний Новгородда. Бутунроссия кўрказмасида, 1900 йилда Парижда, 1904 йилда АҚШнинг Миссурий штатида ўтган халқаро кўргазмаларда намойиш қилинди. Муҳаммад Раҳимхон даврида бошланган бу хайрли ишлар ҳозирги кунларимизда ҳам амалга оширилмоқда.

Муҳаммад Раҳимхон олдинги хонлар каби хонликни маъмурий бошқариш ишини такомиллаштиришга ҳаракат қилди. Хивадаги Кўҳна Арк ва Тошҳовли саройида ишлаб турган қонун чиқарувчи, маъмурий ва суд органи вазифасини бажарган Олий Кенгашда ички ва ташқи сиёсатнинг муҳим масалалари муҳокама этилиб турган. Кенгашда нуфузли аъёнлар – қушбеги, меҳтар, девонбеги, нақиб, шайхулислом, қозикалон, оталиқ, бий, хоннинг яқин қариндошлари қатнашардилар. Хонликда мавжуд 26 бекликни бошқарган бек ва ҳокимлар хон томонидан тайинланган. Ўзбеклар яшайдиган бекликлар ноиблик ва мачит-қавмларга бўлиниб, уларни ноиблар ва оқсоқоллар бошқаришган. Қозоқ-қорақалпоқлар яшайдиган ҳудудлар 66 бий ва оталиқлар томонидан идора этиларди. Туркманлар уруғларини эса сардорлар ва оқсоқол муҳрдорлар бошқаришган. Қозилар шариат ва одат қонунларига асосан ҳукм чиқарганлар.

Муҳаммад Раҳимхон даврида мавжуд отлиқ навкарлар ва сарбозлардан иборат пиёда аскарлардан мунтазам ҳарбий қўшин бўлиб, у вақти вақти билан 40-70 мингга етган. Хон қўшини дастлаб қилич, қалқон, найза билан қуролланган. Кейинчалик рус тўплари, инглиз милтиқлари ҳам олиб келина бошлади. Туркман ва жамшидлар хон қўшиннинг асосини ташкил қилган навкарлар 13 мингга яқин бўлиб, уларга ер-сув ажратилган ва солиқлар кам солинган. Хивада хоннинг шахсий соқчилари, дарвозабонлар, миршаблар, тунги назоратчилар ҳам бўлган.

1870 йилда Хива шаҳрида тахминан 700 дан ортиқ майда ҳунарманд косибларнинг устахонаси бўлган. Шу жумладан, шаҳардаги 54 бўёқчилик, 37 та этикдўзлик, 33 маҳси-кавушдўзлик, 16 та кўнчилик устахоналари хон буюртмаси ва аҳолининг кундалик заруратини қондириш учун ишларди. Шаҳарда дўконлари бор 200 дан ортиқ савдогарларнинг 56 нафари баққоллик, 38 таси баззозлик, 32 таси чой ва тамакифурушлик, 15 таси чопонфурушлик қиларди. 1882 йилда Муҳаммад Раҳимхон илк бор Русияга сафар қилди ва император Александр III дан хонликнинг иқтисодиёти учун зарур завод ва фабрикаларни қуриш, савдо-сотиқ алоқаларини мустаҳкамлаш, бир вақтлар сиёсий маҳбус сифатида ҳибсга олинган амалдорларни озод қилишни сўради. Вазиятнинг ўзгарганлиги ва хоннинг итоатгўйлиги боис юқоридаги илтимосларнинг айримлари қондирилди. Хива ва Россия ўртасидаги салкам чорак асрлик иқтисодий, сиёсий ва маданий алоқалар ХХ асрда амалга ошириладиган тадбирлар учун кенг йўл очиб, янги имкониятларни яратди.

Хива хонлигидаги экин майдонларининг аксариятини дон экинлари, биринчи навбатда жўхори эгаллаган. Пахта етиштиришга эса руслар истилосидан кейин сезиларли даражада эътибор қаратила бошланди. Аммо хонликда азалдан экилиб келинаётган Миср навли ғўзадан олинган хом-ашё Россия тўқимачилик корхоналари дастгоҳларига тўғри келмади. Шу даврда Туркистон ўлкасида Жанубий Америкадан келтирилган пахтанинг “Сиайленд” навини тажриба тариқасида экиш бошланганди. Янги навнинг ҳосил тўплаш даври узун бўлиб, 1880 йилда у Мексикадан келтирилган тезпишар “Упланд” пахта нави билан алмаштирилди. 1885 йилда Дьюков фирмаси Хива хони девонбегиси ажратган ерга 10 пуд америка пахтаси уруғини экди ва ундан 150 пуд соф пахта толаси олди. Хива хонлиги ерларига 1901 йилдан бошлаб “Упланд” пахта нави кенг кўламда экила бошланди.

XIX аср охирларида Хива хонлигидаги суғориладиган ер майдони 1 млн танобдан зиёд бўлган. Хонликда давлат (подшолик) ерлари, хусусий кишиларга қарашли мулк (атойи ва ёрлиқли) ҳамда диний муассасаларга берилган вақф ер эгалиги мавжуд эди. Энг унумдор ва суғорилиши қулай ерлар хон ва унинг яқинлари, бойлар, амалдорлар, диндорларга тегишли эди. Хоннинг ерлари “атойи мулк” ва “ёрлиқли мулк” деб аталган ҳамда авлоддан-авлодга мерос бўлиб ёки ёрлиқ билан берилган. Хон ўз ерларини мулкдорларга ва ижарачи деҳқон (батрак, мардикор, коранда, беватан) ларга фойдаланиш учун маълум муддатга берарди. Хонликда диний муассасалар, масжид, мадраса, қабристон ва муқаддас жойларга хон, амалдорларга ажратилган вақф ерлар мавжуд эди. Улардан солиқ деярлик олинмас ва ерсиз, от-уловсиз деҳқонлар ишлатилиб, даромад қилинарди.

Ер майдонлари ҳажмига қараб қишлоқда яшаётган мулкдорлар аъло, авсат ва адно деган гуруҳларга ажратилган. Солиқ солишда 10 танобдан ортиқ ерга эга бўлган “аъло” мулк эгалари йилига 3 тилла, 10 танобгача ери бўлган “авсат” мулки эагаларига 2 тилла ва 5 танобгача ери бўлган “адно” мулки эгаларига 1 тилла тўлаш мажбурияти юкланган. Ижарачилар 15 таноб ердан 34 танга, 10 таноб учун – 22,6 ва ниҳоят 5 танобгача ер учун – 11,3 танга миқдорида солиқ тўлаганлар. Ўтроқ ва чорвадор аҳолиси хирож (ер солиғи) ва закот (чорва-мол) солиғи тўлашга мажбур эдилар. Бундан ташқари, жузья (жон бошига), савдо солиғи (тамға), боғ солиғи (танобона) каби солиқлар бўлган. Аҳоли қазув, бегар, ҳачи, отланув, бож пули, тарози ҳақи, миробона, дарбозабон, мир туман ҳақи каби қўшимча солиқ ва мажбуриятларни ҳам бажарарди. Хон оиласи ва унинг қариндошлари, оқсоқоллар, беклар, диндорлар, сипоҳилар, амалдорлар, сарбозлар, навкарлар, юзбошилар, 13 ёшга етмаган ва васийлари бўлмаган етимлар солиқлардан озод этилганлар.

. 1910 йил 16 августда хон 66 ёшида дунёдан ўтди Унинг жасади Саййид Моҳирўйи жаҳон мақбарасига дафн қилинди. Тахтда 47 йил 15 кун ўтирган Муҳаммад Раҳим Баҳодирхон шубҳасиз Хива хонлиги тарихида ўчмас из қолдирган давлат арбобларидан бири эди.

Муҳаммад Раҳимхон ўзининг узоқ йиллар давомидаги хонлик даврида жуда кўп воқеаларнинг гувоҳи бўлди. “Маълум бўлсинким, хон ҳазратлари бағоят мушфиқ фуқаро ва бағоят хайрдўст киши эрдилар”-деб ёзганди Баёний.

045em>   Muhammad Rahimxon Soniy- Feruz haqiqatan ham benazir shoir va ma’rifatparvar hukmdor edi. Ammo, shu bilan birga u o’z zamondoshlari bo’lmish Buxoro amiri Muzaffar va Qo’qon xoni Xudoyor  bilan tengma-teng yurtimizni chor Rossiyasi tomonidan bosib olinishi va talon-taroj etilishiga qarshi biron bir jiddiy tayyorgarlik ko’rmagan davlat boshlig’i ham edi. Uning ajoyib shoirligini pesh qilaversagu ona tariximizning qora sahifalari haqida gapirmasak haqiqatning faqat bir tomonini aytgan bo’lamiz. Muhammad Rahimxon Soniyning shoirligi va ma’rifatparvarligi nechog’li diqqatimizga sazovor bo’lsa, uning siyosiy faoliyatining nochorligi shunchalik xotiramizning bir chetida o’chmasdan turishi kerak.

Xurshid Davron


Dilmurod BOBOJONOV
MA’RIFATPARVAR FERUZXON
09

05 Muhammad Rahimxon II-Feruz, Sayid Muhammadxonning to’ng’ich o’g’li bo’lib, 1844 yilning bahorida Xiva shahrining Ko’hna Ark saroyida tug’ilgan. Otasi unga bobosidek buyuk inson bo’lsin deb Bobojon to’ra deb ism qo’ygan. Shahzoda yoshligida s aroydagi muallimlardan saboq olib, madrasa yoshiga yetganda madrasada o’qigan, otasining o’limi tufayli madrasani tugata olmagan, shunday bo’lsa ham turkiy, forsiyda o’qib, yozib, gapirib bilgan, arabchani oz-moz bilgan. O’smirlik paytlarida mirob, shoir va saroy tarixchisi Muhammad Rizo Erniyozbek o’g’li Ogahiydan saboq olib komil inson bo’lib yetishgan. .

Muhammad Rahim to’ra 1864 yil 22 sentyabrda 19 yoshida otasi o’rniga taxtga o’tirgan.
Xorazm san’atining sayqal topishi, abadiylikka yuz tutishi, bugungi avlodlarga boy va tuganmas xazina sifatida yetib kelishi bevosita Muhammad Rahimxon Feruz nomi bilan chambarchas bog’liq. Muhammad Rahimxonning doimiy homiyligi tufayli o’nlab sozanda, go’yandalar yetishib chiqqan. Matyaqub pozachi, Matyaqub Devon, Abdulla, Ollabergan so’ta, Muhammad Amin mejana, Xudaybergan Muxrkon, Bobojon do’st, Abu Sharif Maxsum, Masharif to’rg’ay, Bobojon Bulomonchi, Otash Kal, Polli do’zchi, Qurji ota, Devonbobo, Madrahim Sheroziy, Bola baxshi, Mutrib, Safo Mug’anniy kabi iste’dodli san’atkorlar shular jumlasidandir. Feruzning adabiyot va san’at ahliga g’amxo’r fidoyiligiga yana bir misol: 1882 yilda Muhammad Rahimxon Soniy “Xorazm maqomlari xalqning daxlsiz mulki deb e’lon qilinsin” deya maxsus farmon chiqargan. “Ushbu farmoni oliyga shak keltirgan va maqomlarni kamsitgan yoyinki uni buzib ijro etkan kimsalar qattiq jazolansin!” deb alohida ta’kidlagan. Muhammad Rahimxon II tomonidan saroyga yig’ilgan shoirlar, xonanda va go’yandalar to’g’risida Xodim, ya’ni Bobojon Tarroh Azizov o’zining “Xorazm novozandalari” asarida Xorazmda yashagan shoirlar to’g’risida qisqa lekin mukammal ma’lumotlar bergan.

Masalan: Shoir Muhammad Rahimxon II ning bayoni: Xorazmning podshosi bo’lib, nomi Muhammad Rahim ikkinchi, otasining nomi Sayid Muhammadxon bo’lg’on, Muhammad Rahimning adabiy nomi Feruz (baxtli, tole’li degan ma’noni beradi) edi. Bu taxallusni Muhammad Rahimxonning o’zi tanlog’an. Lekin bunda Polvon Mirzoboshining ham ishtiroki bo’lg’on…”

Qo’qon xonligi va Buxora amirligini bosib olgan Rossiya imperiyasi 1873 yilda Xiva xonligini ham bosib oldi. 1873 yil 12 avgustda Rossiya va Xiva o’rtasida sulh sharnomasi imzolandi. “Gandimyon shartnomasi” nomi bilan tarixda iz qoldirgan va 18 moddadan iborat mazkur hujjat Xiva xonligini yarim mustamlaka va qaram (vassal) davlatga aylantirdi. Shartnomaning 1 moddasida xon mustaqil tashqi siyosat va savdo-sotiq amalga oshirish, harbiy yurishlar qilish huquqidan mahrum etildi. Shartnomaga binoan Amudaryoning o’ng sohillaridagi yerlar Rossiya tasarrufiga o’tkazildi. Rus qo’shinlarini joylashtirish maqsadida Petro-Aleksandrovsk shahri bunyod etilib, u yangi tashkil etilgan Amudaryo bo’limi markazi qilib belgilandi. Ushbu bo’lim boshlig’i etib tayinlangan polkovnik N.I.Ivanovga Xiva xoni ustidan nazorat o’rnatish huquqi berildi va Dirisqul ismli mingboshi qo’mondonligida askar va bir necha to’p qoldirildi.

055

Rus podshosi nafaqat xonlik yerlarining bir qismini tortib oldi, balki ularni mustamlakachi ma’murlarning tayanchiga aylantirishga intildi. Natijada 1874 yilda Xiva xonligi hududiga O’rol kazaklari va 1882 yilda Povol`jedan mennonit nemislarini ko’chirib keltirishga ruxsat berildi. Ruslarga Petro-Aleksandrovsk (To’rtko’l) dan Chorjo’ygacha bo’lgan masofada Amudaryoda baliq ovlash va kemada suzishga ruxsat etilgan bir vaqtda, mahalliy xalqning bu ish bilan shug’ullanishi taqiqlandi.

Shartnomaga binoan Amudaryoda paroxod qatnovi yo’lga qo’yilishi, rus savdogarlarining huquq va imtiyozlari himoya etilishi, ularning xonlik shahar va qishloqlarida erkin va bojsiz savdo qilishiga sharoitlar yaratilishi ko’rsatilgandi. Rus ishbilarmonlariga xonlik hududida yer sotib olish, sanoat korxonalari, uy-joy qurish, ko’chmas mulkka ega bo’lish huquqi ham berildi. Ruslarni mahalliy qozilar tomonidan sud qilinishiga ruxsat berilmasdi. Shartnomaning 17-moddasiga binoan xonlikda qul savdosi tugatildi. Xiva xoni urushga sarflangan 2 mln 200 ming so’m tovon (kontributsiya)ni 20 yil muddatda to’lash majburiyatini oldi.

Gandimyon shartnomasi Xorazmning tabiiy va notabiiy boyliklari (paxta, pilla, jun, baliq, oltin zahiralari, nozik san’at asarlari) talanishiga, mehnatkash ommani mahalliy boylar qatori rus amaldorlari tomonidan ekspulatatsiya qilinishga, zavod va fabrikalarning qurilishi natijasida vohadagi ayrim hunarmandchilik (miskarlik, ko’nchilik, kulolchilik) sohalarining inqirozga yuz tutishiga keng yo’l ochib berdi. Sudxo’rlar changaliga tushgan hunarmandlar va dehqonlar o’z mehnati evaziga yetishtiradigan moddiy boyliklardan foydalanish imkoniyatidan mahrum bo’ldilar.

Xivaning istilo qilinishi vaqtida harbiylar bilan bir qatorda rus podshosining qarindosh-urug’lari, olimlar, harbiy tarixchilar, topograf, gidrologlar savdo-sanoat korxonalari agentlari, ayrim hollarda chet el jurnalistlari (ularga ruxsat berilmasada) ham qatnashishga intilganlar. Ular qatorida sharqshunos A.L.Kun, zoolog M.N.Bogdanov, farmatsevt I.I.Krauze, harbiy topograf, mayor Aderkas, agranom Sirovatskiy, amerikalik jurnalist Artur Yanuarius Mak Gaxan bor edi. Ularning ko’plari keyinchalik ham xonlik hayoti bilan tanishishni davom ettirganlari, ayrimlari esa o’z xotiralari va kuzatishlari asosida juda qiziqarli kitoblarni nashr qildirganlar.

Xiva xonligining taxti va xazinasi Rossiyaga olib ketildi. Xon saroyini egallagan general N.I.Golovachevga xon xazinasiga kirib, u yerdagi narsalarni nazoratdan o’tkazgan. U bilan birga xazinaga kirgan sharqshunos A.L.Kun bor narsalarni ro’yhatga olgan.

“Xon saroyini musodara qilishda 300 jildan iborat Sharq qo’lyozma namunalarini yig’ishtirib olganman, – deb yozgandi A.L.Kun. — Ularning kattagina qismini tarixiy asarlar tashkil qiladi. Ko’pchiligi hozirgi xon, ya’ni qo’ng’irotlar sulolasi davrida fors tilidan Xiva, turk lahjasiga tarjima qilingan. Bu asarlarning fors tilidagi asl nusxasi bilan birga saqlanayotganligi, ularning qadr-qimmatini yanada oshiradi”. Xazinadan olingan va Rus imperatori kutubxonasiga jo’natilgan tarixiy yodgorliklar orasida 129 ta noyob kitob va 140 ta bog’lam tarixiy qo’lyozmalar, 30 jilddan iborat sharq shoirlarining devonlari, 50 tomlik 40 ta huquq va dinga oid asarlar, 18 ta “Qur’on” va 50 ta darslik kitoblari bor edi. Ular orasida Alisher Navoiy, Mirxond, Munis, Ogahiy, Komil Xorazmiy, Abulg’oziy Bahodirxon kabi allomalarning “Hamsa”, “Ravzat us-safo”, “Qissai-ul anbiyo”, “Tavsifi Qur’on”, “Sharhi dalamlyul hayrat”, “Miratti kannot”, “Kitobi-raml’”, “Firdavs ul-iqbol”, “Shohidi iqbol”, “Dastoni Qosim va Go’ro’g’li”, “Kitobi Sayyid”, “Tavsifi Kabir”, “Shajarai turk” kabi kitoblar bor edi. Ushbu xalqimizning bebaho boyligi hisoblangan yodgorliklar hozirda Sankt Peterburgdagi Ermitaj muzeyi, Saltikov-Shchedrin nomidagi Davlat kutubxonasi va Sharqshunoslik institutida saqlanmoqda.

Xazinadagi sandiqlarning aksariyati bo’sh bo’lib, faqat bittasining ichi to’la tanga edi. Ular orasida 20 ta tilla va 5 ta kumush muhrlar, temuriylar davriga mansub 172 ta va Xiva xonlari zarb qildirgan ko’plab oltin tangalar, qo’shotar miltiq, to’pponcha, oltin va zumrad bilan bezatilgan qilich, xanjar, sovut, dubulg’alar, tanga zarb qilinadigan 200 ta qoliplar bor edi”.

“Saroydagi haram xonalaridan olingan narsalar haqida Mak Gaxan shunday deb yozgandi: “Kashmir shalilar (ro’mollari) dan tashqari bizning qo’limizga tushgan qimmatli narsalar orasida 1000 dan ortiq qadimgi xitoy chinnilari bor edi. Ular orasida kichik choynaklardan tortib, kattaroq kosalar, piyolalar, 10 litrgacha suyuqlik sig’adigan ko’zalar bor edi. Ularning ko’plari oq va ko’k rangda bo’lsada, yashil, pushti va qizil ranglilari ham bor edi. Bir necha avlodlar tomonidan yig’ilgan nodir chinni buyumlar sindirib-buzib, soldatlar tomonidan ag’dar-to’ntar qilingan. Ayrimlari esa ularning bahosini biladigan ofitserlar qo’liga tushgandi”.

Shundan keyingi Muhammad Rahimxon II ning 37 yillik hukmdorlik davri Rossiyaga qaramlikda o’tdi. Bu davrda Rossiya butun Markaziy Osiyo xonliklarini bosib olgan edi. Shundan keyin xonliklar o’rtasidagi o’zaro urishlar to’xtadi, qullik tizimi tugatildi. Tinchlik bilan davlat ishlarini boshqarish va bunyodkorlik ishlari boshlandi. Xon saroyidan va Xiva shahridan talab olib ketilgan kitoblarning o’rnini to’ldirish maqsadida xon 1874 yilda Xiva shahrida Markaziy Osiyoda birinchilardan bo’lib tosh bosmani ishga tushirdi, Erondan Ibrohim Sulton ismli ustani chaqirtirdi va Xiva toshbosmaxonasini ishga tushirdi, natijada juda ko’plab nodir kitoblar chop qilindi, ustani ishini keyinchalik xivalik shogirdi Otajon Obdal o’g’li davom qildirib, uni san’at darajasigi olib chiqdi. Keyinchalik Xudoybergan Devonov suratkashlikni mashq qilib, Xivada Markaziy Osiyoda birinchilardan bo’lib foto-kino san’atiga asos soldi, uni Muhammad Rahimxon o’z himoyasiga olib homiylik qildi.

Hadislarda aytilganki: — “Mo’min kishiga vafotidan so’ng savobi yetadigan amali: — Tarqatgan ilmi, qoldirgan solih farzandi, meros qoldirgan imoratidir”. Qurilgan imoratdan foydalangan xalqdan “rahmat” eshitish, bu katta savobdir. Har kim imkoniyatiga qarab, birov madrasa yo masjid, yana birov quduq qazdirsa, birov daraxt o’tkazgan. Qurilgan imorat yoki qazdirilgan ariq shu kishining nomi bilan nomlangan. Xivada bunday ishlarga Feruzxonning o’zi bosh-qosh bo’lib uning hissasi juda kattadir. Uning davrida qurilgan imoratlardan 30 tadan ziyodi hozirgacha saqlangan. Xonning o’zi Pahlavon Mahmud maqbarasida yozgi masjid va ayvon qurdirdi. Xon Nurullabek va Tozabog’ hududida ko’p kishilarni vatanli qilib, ularga masjidlar qurib berdi. O’ziga Nurulloboyda va Qibla Toza bog’da yoz kunlari xalqning arzini tinglaydigan arzxona va yashaydigan uylarni qurdirgan. Shohimardon darvozasi janubi-g’arbida bitta qorixona va masjid qurdirdi. Qishloqlarda yangi ariqlar qazdirdi va bog’lar barpo qildi. Xon Ko’hna Ark qarshisida 76 hujrali kilib, katta madrasa qurdirdi. Madrasani oldingi qismi ikki qavat ichkari qismi bir qavat bo’lib hovlisidagi to’rt peshtoqda Ogahiyning she’rlari koshinpaz ustalar tomonidan bitilgan. Muhammad Rahimxon II davrida Matniyoz devonbegi, Matmurod devonbegi, Ibrohimxo’ja, Yusup yasovulboshi, Husayin Muhammadboy, Do’st Al’am, qozikalon Salim oxun, Islom xo’ja, Muhammadpanoboy, Matrasul mirzaboshi va bir qancha amaldorlar xondan o’rnak olib ko’plab madrasalarni qurdilar. Xivadagi saroylar va qasrlar orasida eng mashhurlaridan biri Muhammad Rahimxon II tomonidan 1897-1910 yillari qurilgan Qibla Toza bog’ qasridir. Qasr kengligi, me’moriy uslubi, Xiva ayvonlarining turli-tumanligi, texnikasining betakrorligi bilan ajralib turadi. Saroy uchta katta majmuadan iborat: — birinchi hovli xon va saroy ahli, xizmatkorlari uchun. Ikkinchi hovli — xon va uning oila a’zolari uchun bir necha ayvon, uchinchi hovli – Yevropa uslubida qurilgan ayvon va katta xonalardan iborat, o’rtasida katta hovuz va gulzorlar bor. Qasrning gir atrofi bog’ bilan o’rab olingan. Xon bundan tashqari Ko’hna Arkda joylashgan haram hovlisini ham qayta qurdirgan.

Muhammad Rahimxonning 1898 yil 12 apreldagi farmoni bilan xonlik hududlarida qadimdan qolgan muzeybop buyumlar to’planila boshlandi. Xonning viloyat hokimliklariga yuborgan buyrug’i shunday edi: — “Qadimdan qolg’on yodgor nima narsalarni yo’q qildurmasunlar, har bir tariqa ko’hna joy va qal’a va imorat bo’lsa ne tariqa bino bo’lg’onlarni va ko’hna tilla va tanga va pullar bo’lsa borlab topib munda yuborsinlar. Xorazm asori-atiqalari 1890 yilda Toshkentda, 1895 yilda Nijniy Novgorodda. Butunrossiya ko’rkazmasida, 1900 yilda Parijda, 1904 yilda AQShning Missuriy shtatida o’tgan xalqaro ko’rgazmalarda namoyish qilindi. Muhammad Rahimxon davrida boshlangan bu xayrli ishlar hozirgi kunlarimizda ham amalga oshirilmoqda.

Muhammad Rahimxon oldingi xonlar kabi xonlikni ma’muriy boshqarish ishini takomillashtirishga harakat qildi. Xivadagi Ko’hna Ark va Toshhovli saroyida ishlab turgan qonun chiqaruvchi, ma’muriy va sud organi vazifasini bajargan Oliy Kengashda ichki va tashqi siyosatning muhim masalalari muhokama etilib turgan. Kengashda nufuzli a’yonlar – qushbegi, mehtar, devonbegi, naqib, shayxulislom, qozikalon, otaliq, biy, xonning yaqin qarindoshlari qatnashardilar. Xonlikda mavjud 26 beklikni boshqargan bek va hokimlar xon tomonidan tayinlangan. O’zbeklar yashaydigan bekliklar noiblik va machit-qavmlarga bo’linib, ularni noiblar va oqsoqollar boshqarishgan. Qozoq-qoraqalpoqlar yashaydigan hududlar 66 biy va otaliqlar tomonidan idora etilardi. Turkmanlar urug’larini esa sardorlar va oqsoqol muhrdorlar boshqarishgan. Qozilar shariat va odat qonunlariga asosan hukm chiqarganlar.

Muhammad Rahimxon davrida mavjud otliq navkarlar va sarbozlardan iborat piyoda askarlardan muntazam harbiy qo’shin bo’lib, u vaqti vaqti bilan 40-70 mingga yetgan. Xon qo’shini dastlab qilich, qalqon, nayza bilan qurollangan. Keyinchalik rus to’plari, ingliz miltiqlari ham olib kelina boshladi. Turkman va jamshidlar xon qo’shinning asosini tashkil qilgan navkarlar 13 mingga yaqin bo’lib, ularga yer-suv ajratilgan va soliqlar kam solingan. Xivada xonning shaxsiy soqchilari, darvozabonlar, mirshablar, tungi nazoratchilar ham bo’lgan.

1870 yilda Xiva shahrida taxminan 700 dan ortiq mayda hunarmand kosiblarning ustaxonasi bo’lgan. Shu jumladan, shahardagi 54 bo’yoqchilik, 37 ta etikdo’zlik, 33 mahsi-kavushdo’zlik, 16 ta ko’nchilik ustaxonalari xon buyurtmasi va aholining kundalik zaruratini qondirish uchun ishlardi. Shaharda do’konlari bor 200 dan ortiq savdogarlarning 56 nafari baqqollik, 38 tasi bazzozlik, 32 tasi choy va tamakifurushlik, 15 tasi choponfurushlik qilardi. 1882 yilda Muhammad Rahimxon ilk bor Rusiyaga safar qildi va imperator Aleksandr III dan xonlikning iqtisodiyoti uchun zarur zavod va fabrikalarni qurish, savdo-sotiq aloqalarini mustahkamlash, bir vaqtlar siyosiy mahbus sifatida hibsga olingan amaldorlarni ozod qilishni so’radi. Vaziyatning o’zgarganligi va xonning itoatgo’yligi bois yuqoridagi iltimoslarning ayrimlari qondirildi. Xiva va Rossiya o’rtasidagi salkam chorak asrlik iqtisodiy, siyosiy va madaniy aloqalar XX asrda amalga oshiriladigan tadbirlar uchun keng yo’l ochib, yangi imkoniyatlarni yaratdi.

Xiva xonligidagi ekin maydonlarining aksariyatini don ekinlari, birinchi navbatda jo’xori egallagan. Paxta yetishtirishga esa ruslar istilosidan keyin sezilarli darajada e’tibor qaratila boshlandi. Ammo xonlikda azaldan ekilib kelinayotgan Misr navli g’o’zadan olingan xom-ashyo Rossiya to’qimachilik korxonalari dastgohlariga to’g’ri kelmadi. Shu davrda Turkiston o’lkasida Janubiy Amerikadan keltirilgan paxtaning “Siaylend” navini tajriba tariqasida ekish boshlangandi. Yangi navning hosil to’plash davri uzun bo’lib, 1880 yilda u Meksikadan keltirilgan tezpishar “Upland” paxta navi bilan almashtirildi. 1885 yilda D`yukov firmasi Xiva xoni devonbegisi ajratgan yerga 10 pud amerika paxtasi urug’ini ekdi va undan 150 pud sof paxta tolasi oldi. Xiva xonligi yerlariga 1901 yildan boshlab “Upland” paxta navi keng ko’lamda ekila boshlandi.

XIX asr oxirlarida Xiva xonligidagi sug’oriladigan yer maydoni 1 mln tanobdan ziyod bo’lgan. Xonlikda davlat (podsholik) yerlari, xususiy kishilarga qarashli mulk (atoyi va yorliqli) hamda diniy muassasalarga berilgan vaqf yer egaligi mavjud edi. Eng unumdor va sug’orilishi qulay yerlar xon va uning yaqinlari, boylar, amaldorlar, dindorlarga tegishli edi. Xonning yerlari “atoyi mulk” va “yorliqli mulk” deb atalgan hamda avloddan-avlodga meros bo’lib yoki yorliq bilan berilgan. Xon o’z yerlarini mulkdorlarga va ijarachi dehqon (batrak, mardikor, koranda, bevatan) larga foydalanish uchun ma’lum muddatga berardi. Xonlikda diniy muassasalar, masjid, madrasa, qabriston va muqaddas joylarga xon, amaldorlarga ajratilgan vaqf yerlar mavjud edi. Ulardan soliq deyarlik olinmas va yersiz, ot-ulovsiz dehqonlar ishlatilib, daromad qilinardi.

Yer maydonlari hajmiga qarab qishloqda yashayotgan mulkdorlar a’lo, avsat va adno degan guruhlarga ajratilgan. Soliq solishda 10 tanobdan ortiq yerga ega bo’lgan “a’lo” mulk egalari yiliga 3 tilla, 10 tanobgacha yeri bo’lgan “avsat” mulki eagalariga 2 tilla va 5 tanobgacha yeri bo’lgan “adno” mulki egalariga 1 tilla to’lash majburiyati yuklangan. Ijarachilar 15 tanob yerdan 34 tanga, 10 tanob uchun – 22,6 va nihoyat 5 tanobgacha yer uchun – 11,3 tanga miqdorida soliq to’laganlar. O’troq va chorvador aholisi xiroj (yer solig’i) va zakot (chorva-mol) solig’i to’lashga majbur edilar. Bundan tashqari, juz`ya (jon boshiga), savdo solig’i (tamg’a), bog’ solig’i (tanobona) kabi soliqlar bo’lgan. Aholi qazuv, begar, hachi, otlanuv, boj puli, tarozi haqi, mirobona, darbozabon, mir tuman haqi kabi qo’shimcha soliq va majburiyatlarni ham bajarardi. Xon oilasi va uning qarindoshlari, oqsoqollar, beklar, dindorlar, sipohilar, amaldorlar, sarbozlar, navkarlar, yuzboshilar, 13 yoshga yetmagan va vasiylari bo’lmagan yetimlar soliqlardan ozod etilganlar.

. 1910 yil 16 avgustda xon 66 yoshida dunyodan o’tdi Uning jasadi Sayyid Mohiro’yi jahon maqbarasiga dafn qilindi. Taxtda 47 yil 15 kun o’tirgan Muhammad Rahim Bahodirxon shubhasiz Xiva xonligi tarixida o’chmas iz qoldirgan davlat arboblaridan biri edi.

Muhammad Rahimxon o’zining uzoq yillar davomidagi xonlik davrida juda ko’p voqealarning guvohi bo’ldi. “Ma’lum bo’lsinkim, xon hazratlari bag’oyat mushfiq fuqaro va bag’oyat xayrdo’st kishi erdilar”-deb yozgandi Bayoniy.

Muhammad Rahimxon Feruz. Elga shohu Ishqqa qul (Devon) by Khurshid Davron on Scribd

045

(Tashriflar: umumiy 2 270, bugungi 1)

Izoh qoldiring