Hamid Ziyoyev. To’fon

Ashampoo_Snap_2016.10.23_23h12m09s_002_.pngТуркистон қўзғолонининг 100 йиллигига

1916 йил қўзғолони чор ҳуқуматинг мустамлакачилик сиёсати авжига минган кезда юзага келди. У миллий зулмга, ўлканинг хом ашё манбаига ва тайёр маҳсулотлар бозорига айланишига қарши қаратилган эди. Қўзғолоннинг тарихий аҳамияти шундаки, у бутун Туркистон заминида яшаётган турли миллат ва элатлар сиёсий онги ўсишига ва курашларда чиниқтиришга олиб келди.

Ҳамид ЗИЁЕВ
ТЎФОН
004

Халқ исёни салтанатни йўқ қилди,
Халқ истади: тож ва тахтлар йиқилди…
Халқ истади, озод бўлди, бу ўлка,
Кетди унинг бошидаги кўланка.
Чўлпон

13ed9451acf901b67974aa60d993b93b.jpgАввало, шуни айтиб ўтиш керакки, ўзбек халқи ўзининг кўп асрлик тарихи давомида хорижий давлатларнинг тажовуз ва ҳукмронлигига қарши курашиб келди. Унинг мустақиллик ва озодлик учун олиб борган қонли жанглари тарих саҳифаларида олтин ҳарфлар билан битилган. Бундай курашлар чор Россияси ўзбек хонликларини босиб олгандан кейин ҳам содир бўлди. 1916 йилги халқ қўзғолони бир шаҳар ёки вилоятдагина эмас, балки бутун Ўрта Осиё ва Қозоғистонни қамраб олди. Унда ўзбеклар, тожиклар, қозоқлар, туркманлар, қирғизлар, қорақалпоқлар ва уйғурлар фаол қатнашдилар. Ҳатто ўлканинг баъзи жойларида руслар ҳам иштирок этганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Унинг акс садоси бутун Россия империяси бўйлаб таралди. Қўзғолон чор ҳукуматининг мустамлакачилик ва миллий зулми авж олган вақтда кўтарилди.

Чунончи, 1914 йилда бошланган биринчи жаҳон уруши Россиядаги барча миллату элатларнинг бошига кўпдан-кўп азоб-уқубат ва ташвиш солди. Халқ хўжалигининг издан чиқиб кетиши мамлакатда очарчилик ва қашшоқликни тобора кучайтириб юборди. Бу ҳолат айниқса, Туркистон ўлкасида яққол кўзга ташланди. Чор ҳукумати ва капиталистлар уруш кетаётганлигини рўкач қилиб, ўлка аҳолисини янада баттар талади, зулм остига олди. Оғир иқтисодий вазиятга қарамай, чор ҳукумати Бухоро (Когон-Қарши-Термиз), Фарғона (Қўқон-Наманган-Андижон), Еттисув (Арис-Бурнас) темир йўлларини қурди. Бундан мақсад — ўлкада етиштириладиган деҳқончилик маҳсулотлари ва табиий бойликларни Россияга кўпроқ олиб кетиш эди. 1914—1916 йилларда 41 миллион пуд пахта, 3 миллион пуддан ортиқ пахта ёғи, 200 минг пуд совун, 300 минг пуд гўшт, 474 минг пуд балиқ, 70 минг от, 12797 туя, 270 арава, 1344 ўтов, кўп миқдорда қуруқ мевалар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари Россияга жўнатилган эди. Шунингдек, 1914 йилда Еттисув вилоятидан 34 миллион сўмлик йирик ва майда қорамол, 1915 йилда Сирдарё ҳамда Еттисув вилоятларидан бир миллион бош қўй олиб кетилган. Ўлкада ғалла етиштириш ва чорвачилик орқага кетди. Россиядан ғалла келтириш анча камайди. Натижада рус ғалласига умид боғлаб нуқул пахта эккан ўзбек деҳқони жуда қийин аҳволга тушиб қолди. Озиқ-овқат, кийим-кечак, газлама, қурилиш материалларининг нархи кун сайин ошиб борди. Масалан, газлама нархи 300—400 фоизга, кийим-кечак нархи 200—300 фоизга, қанд нархи 250 фоизга, пойабзаллар нархи 300—400 фоизга кўтарилди. Фарғона водийсида илгари 50 сўм турадиган отнинг нархи 100—200 сўмга, 5—9 сўмлик қўйлар нархи 30—35 сўмга ошди. Ғалла ва нон нархи ҳам кўтарилди. Булар камдек, чор ҳукумати ҳар турли солиғу мажбуриятларни кўпайтирди. Ер солиғи 1914 йилдаги 6859021 сўмдан 1916 йилда 14311771 сўмга етди. Бир пуд пахта толасига 2 сўм 50 тийиндан қўшимча солиқ олиш жорий этилди.

1915 йилнинг 1 январидан бошлаб, туб аҳолидан ҳарбий хизматни ўтамаганликлари эвазига даромадларидан қўшимча 21 фоиз ҳарбий солиқ олиш буюрилди. Уруш туфайли пахтанинг бозор нархи кўтарилди. Бундан пахтакорлар бирмунча фойда кўришлари мумкин эди, лекин чор ҳукумати тўқимачилик саноати эгаларининг талабига кўра пахта савдосини назорат остига олиб, унинг бозор баҳосини 30—31 сўмдан 24,05 сўмга туширди. Бу ҳол деҳқонларга зиён келтирган бўлса, капиталистларнинг чўнтагини тўлдирди. Масалан, биргина Тверь тўқимачилик саноати 1913—1914 йилларда пахтанинг эски нархидан 1893000 сўм фойда кўрган бўлса, уларнинг кейинги 1915—1916 йиллардаги даромади 9931000 сўмни ташкил этди. Деҳқон оммаси банклар, фирмалар ва маҳаллий судхўрлардан олган қарзлари орқасидан ҳам мушкул аҳволга тушиб қолган эдилар. Пахтакорларнинг эҳтиёж ва талабларини амалга оширувчи, ҳимоя қилувчи бирорта ташкилот ёки жамият йўқ эди.

Одатда, эрта баҳордаёқ пахтакорлар рўзғорида озиқ-овқат, кийим-кечак ва маблағга муҳтожлик ниҳоятда кучайиб, уларнинг ер ҳайдаш, уруғлик сотиб олиш ва экиш ишларига ҳеч вақоси қолмас эди. Пайтдан фойдаланувчи фирмачилар банклардан пул олиб, пахта туманларини кезиб, пахтакорлар билан қарзга пул бериш хусусида шартномалар тузардилар. Бу ишни амалга оширишда маҳаллий шароиту урф-одатларни яхши билган маҳаллий маъмурият вакиллари, даллоллар, чистачи[1] ва аравакашлар воситачилик қилардилар. Ҳар бир фирма вакили аввало вилоят ҳокимлари ва оқсоқолларини ўзларига оғдириш учун қуюқ зиёфату совға уюштирганлар. Фирма бўлим ҳокими ва оқсоқоли билан яхши муносабат ўрнатиши ҳамоно унинг фаолияти учун кенг йўл очилган. Туркистонда бўлим оқсоқолию ҳокими пихини ёрган одамлар бўлган. Одатда, оқсоқол ва ҳокимликка бой кишилар сайланган, сайлангунларича ўн минглаб сўм сарфлашдан-да тоймаган, ваҳоланки, унинг бир йиллик маоши 600 сўмга тўғри келган. Лекин ҳокимликни қўлга олиши билан сарфланган пулларини аҳолидан анча ошиғи билан қайтариб олган. Бу харажатларни ундиришнинг асосий оғирлиги пахтакорлар зиммасига тушган. Шу равишда маҳаллий бойлар ҳам меҳнаткаш омма устидан қаттиқ зулм ўрнатган эди.

Хуллас, оғир солиқлар, қарздорлик ва қаҳатчилик деҳқонларни бир парча еридан ҳамда мол-мулкларидан маҳрум бўлишига олиб келди. Натижада мардикорлар ва чорикорлар сони кўпайиб кетди. Уруш баҳонаси билан туб аҳоли қаттиқ таъқиб ва сиқув остига олинди. Ўлкада вазият ғоят оғирлашиб, кескин тус олди. Бундан чўчий бошлаган чор ҳукумати зўр бериб, туб аҳолини рус давлатига нисбатан «содиқ» бўлишликка чақирар, «ватанпарварлик» туйғуларини намойиш этишни талаб этарди. Давлатга қарши қилинган ҳар қандай хатти-ҳаракат дарҳол қўпориб ташланиши ҳақида маҳаллий маъмурият кўрсатма олган эди. Ҳатто мачит-мадрасаларда рус императорига соғлиқ ва узоқ умр тилаган ҳолда «хутба» ўқиш буюрилди. Чор ҳукумати вакилларию капиталистлар маҳаллий маъмуриятга таянган ҳолда меҳнаткаш оммани мустамлакачилик ва миллий зулм исканжасида бениҳоя сиқардики, унга бошқа чидашнинг иложи бўлмай қолди. 1916 йил 25 июнда рус императори Николай II нинг «Империядаги бегона халқлар эркак аҳолисини ҳаракатдаги армия районларида ҳарбий иншоотлар ва шунингдек давлат мудофааси учун зарур бўлган бошқа ҳар қандай ишларга жалб қилиш» ҳақидаги фармони яра устига чиққан чипқон бўлди. Бунга кўра Туркистон ўлкасидаги Сирдарё, Фарғона, Самарқанд, Еттисув ва Каспийорти вилоятларидан 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган кишилар мардикорликка сафарбар этилиши лозим эди. Фармон бутун ўлка аҳолисини ларзага солди. Чунки мардикорликка, асосан камбағаллар олиниши керак эди. Улар кетса аёллар ва фарзандлар боқувчисиз қолиб, ҳалок бўлишлари муқаррар эди. Шунга қарамай чор ҳукумати вакиллари подшоҳ фармони дарҳол амалга оширилишини талаб қилди. Сабр-косаси тўлиб-тошган халқ кўтарилди.

Ashampoo_Snap_2016.10.23_23h42m24s_004_.pngҚўзғолон 1916 йил 4 июлида Хўжанд шаҳрида бошланди. Бу ерда тўпланган 6—7 минглик оломон полиция идорасини қуршаб олиб, мардикорликка бормасликларини шовқин-сурон билан изҳор қилдилар. Оломоннинг олдинги сафларида Абдумадаминов, Дадабой Машарипов, Яҳёхон Қори Олимхонов, Эшонхон Мирза Ўринов сингари кишилар турдилар. Кўтарилган омма орасида аёллар ва болалар ҳам бор эди. Полиция ҳамда аскарларнинг қўзғолончиларга қарата ўқ отишлари натижасида улардан уч киши ўлдирилди, 4 киши ярадор қилинди. Одамлар аскарлар қуролини тортиб олишга уринди. Бу воқеадан кейин аҳоли Самарқанд вилоятининг айрим жойларида ҳам бирин-кетин бош кўтариб, бир неча оқсоқолларни калтаклади, мардикорлик рўйхатларини йиртиб ташлади. 7 июлда Даҳбед қишлоғида қўзғолончилар бўлис бошқарувчисининг мирзаси Қобуловни ўлдиришди. Унга мулла Усмон Абдурасулов, Гадой Абдуқодиров, Холмўмин Холмуродов, Азизқул Муродов, Мухтор Ҳафизов сингари кишилар бошчилик қилган. Қўзғолон қатнашчиларидан 24 киши ҳибсга олинди. 21 июлда Жумабозор қишлоғида 4 минг кишидан иборат оломон тўпланиб, мардикор олинишига қарши норозилик билдирди. Ўша куни Самарқанд шаҳрининг Регистон майдонига тўпланган минглаб одамлар подшоҳ фармони бекор қилинишини талаб этди. Айрим одамлар мардикорга боришдан бош тортиб, гуруҳ-гуруҳ бўлиб бошқа жойларга қоча бошладилар. Масалан, 12 июлда Довул ва Чашмай бўлисларидан одамлар Бухоро хонлигига ўтиб кетадилар. 11—12 июль кунлари Ем, Зомин ва Янгиқўрғон қишлоқлари аҳолиси айрим оқсоқолларни ўлдирди ва мардикорликка бормасликларини изҳор қилдилар.

Халқ қўзғолони, айниқса Жиззах шаҳрида ниҳоятда кучли ўтди. Бу ерда 13 июль куни Назар Хўжа, мулла Маҳамат Раҳим бошчилигидаги оломон чор ҳукумати ҳукмронлигига ва мардикор олинишига қарши бош кўтарди. Прокурорнинг айбномасида кўрсатилишича, найза, сўйил, болта, пичоқ, қилич ва тўппончалар билан қуролланган) оломон 13—17 июль кунлари шаҳар ва унинг атроф жойларида ҳарбий қисмларга, маъмурият вакилларига қарши ҳужум уюштирганлар. Улар кўп жойларда темирйўл изларини кўчирганлар, кўприк ва уйларни ёндирганлар, телефон симларини узганлар, темирйўл казармалари ва қурилишларни остин-устин қилганлар. Шунингдек, қўзғолончилар Жиззах уезди бошлиғи полковник Рукинни, полиция штабс-капитани Зотогловни, уезд бошқармасининг таржимони Мирзаҳамдам Закиржоновни, Жиззах шаҳрининг катта оқсоқоли Комил Жумабоевни, оқсоқол Мирзаёр Худоёров ва рус аскари Ф. Гришенкони ўлдирдилар.

15 июлда Каттақўрғон уездининг Чимбой ва Калқўрғон бўлисларида ҳам ғалаён кўтарилиб, қози Тошғойиб Назаров ўлдирилади, икки оқсоқол тошбўрон қилинади.

18—21 июль кунлари ғалаёнлар Самарқанд вилоятининг Мингариқ, Гадойтопмас ва Серғош бўлисларида юзага келди. 20 июлда Каттақўрғон шаҳридаги қўзғолонда ҳарбий команданинг ўқ узиши натижасида 5 киши ўлиб, кўп кишилар жароҳатланди.

Чор маъмурияти Жиззах қўзғолони қатнашчиларини ваҳшийларча жазолади[2]. Шаҳар ва бир нечта қишлоқлар ер билан яксон қилинди. Шаҳар аҳолиси иссиқ жазирамада чўлга ҳайдаб юборилди. Бу ерда кўп аёллар, болалар ва кексалар мисли кўрилмаган азоб-уқубатларни бошидан кечирдилар. Ҳатто Жиззах фожиаси Петербургда Дума йиғилишида муҳокама этилди. Дума бу масалани, умуман 1916 йилги қўзғолонни бостиришда чор маъмурияти томонидан йўл қўйилган шафқатсизликни текшириш учун Дума аъзоси А. Ф. Керенский бошчилигида махсус комиссия жўнатади. А. Ф. Керенский аҳволни текшириб, туб аҳоли ғалаёнларини бостириш учун белгиланган жазо экспедицияси ўта шафқатсизлик қилиб, нафақат эркакларни, балки аёллар ва болаларни ҳам қириб ташлаган; аҳоли турар-жойларини шу қадар бузиб, яксон қилганларки, бунақаси уруш майдонларида ҳам юз берган эмас (масалан, Жиззах шаҳри бутунлай яксон қилинган), деб топади.

Бундай ҳолат қўзғолончиларнинг эсдаликлари ва халқ оғзаки ижодида ҳам ўз аксини топган:

Тахта кўприк битдими?
Николай подшо ўтдими?
Жиззах шаҳрини вайрон қилиб
Муродига етдими?

Ош кади, палок кади,
Томга чиқиб дод айлади,
Намозгоҳни солдат босиб
Жиззахни вайрон айлади[3].

Халқ қўзғолонлари Сирдарё вилоятида ҳам аланга олди. 11 июль куни Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги полиция бошқармасига борадиган кўчада хотинлар дод-вой кўтариб, мардикорликка ҳеч кимни бермасликларини изҳор этганлар. Уларга эркаклар ҳам қўшилган. Полицмейстр Мочалов миршабларга идорага кирадиган йўлларни тўсишни ва ҳеч кимни қўймасликни буюрган. Бироқ, икки-уч минг кишилик оломон панжараларни синдириб, миршабларни тошбўрон қилиб, ичкарига кирганлар. Хотинлар «мардикорликка бермаймиз», эркаклар эса «бормаймиз, шу ерда ўламиз», деб бақиришган. Қўзғолончилардан бири миршаб Йўлдош Муҳаммад қўлидан тўппончани тортиб олади. Бошқарма идорасининг қоровули Мираҳмад Миракшаев маъмурият ёнини олганлиги учун оломон томонидан ўлдирилган. Шунингдек, халойиқ полиция бошқармасининг мирзаси Трентовеус бошини жароҳатлаган. Тошбўрон туфайли Себзор даҳасининг миршаби Саид Исмоилжонов, Шайхонтоҳур даҳасининг миршаблари Тилла Эшмуҳамедов ва Дониёрхўжа Исахўжаевлар жароҳатланади. Аскарлардан уч киши яраланган. Оломон бошқарма идораси дераза ва эшикларини синдирдилар. Шу пайтда хотинларнинг қўзғолонга қатнашаётганлигини қоралаган Обид уста Азизхўжаев калтакланди. У шаҳар касалхонасида ўлган. Прокурор айбномасида кўрсатилишича, у полиция бошқармаси идораси деразаси тагида туриб, шовқин-сурон кўтариш ва тошбўрон қилиш эркаклар турганда хотинларга муносиб эмас, деган. Шу заҳоти эркаклар ва хотинлар уни кўчага судраб олиб чиқишади. Кимдир биқини ва қорнига пичоқ урган. Қўзғолон вақтида подполковник Н. Е. Колесников бир неча маротаба оломонни тинчлантиришга ҳаракат қилди. Аммо улар қаршилик кўрсатишни тўхтатмадилар. Қўзғолончилардан бири қўлида қиличи билан Н. Е. Колесниковга ташланганида у бу кишини тўппончадан отиб ўлдиради. Шундан кейин халойиқнинг қони қайнаб «Ур!» деган овозлар янгради. Оломон орасида Маҳмуд Мирсоатов исмли гимназия ўқувчиси «Миршабларни уринглар!» деб одамларни ҳужумга чақирган. Қўзғолончилардан Мирқосим Исамуҳаммедов шериги билан телефон симини узган. Оломоннинг бошқарма идорасига бостириб кириши хавфи туғилгандан кейин Н. Е. Колесниковнинг буйруғига кўра уларга ўқ узилди. Натижада 11 киши ўлдирилди ва 15 киши ярадор қилинди. Ўлганлар орасида Абдусамад Абдусоатхўжаев, Шоюнус Абдукаримов ва бошқалар бор эди. Аёллардан Рўзивонбиби Аҳмадхонова ўлдирилди. Зўрбиби Мусамуҳаммедова ярадор қилинди. Уста Одил Алимбоев, Охунбобо Абдулла Азизов, мулла Олим Файзибоев, Пўлат Мирисаев, Шокир Камолов, Эрназархўжа Икромбоев, Содиқ Қориев ва бошқа кишилар яраланган эдилар. Бошқарма ҳовлисида рўй берган фожиадан кўп ўтмай Тошкент шаҳар бошлиғи С. О. Кочин етиб келади. У ўзи кўрган воқеани шундай баён этган: «Мен полиция бошқармасига келганимда кўчада, бошқарма атрофида ва қисман ҳовлисида эркаку хотинлардан ташкил топган оломонга дуч келдим. Оломон бир неча минг кишидан иборат бўлиб, улар орасида ўлганлар ва ярадорлар ётарди… Полиция бошқармасига борадиган кўчада айрим кишилар менга йиғи-сиғи аралаш нималарнидир тушунтиришиб, кимларнингдир устидан шикоят қилмоқчи бўлдилар. Бу ердаги эркаклар ва хотинларнинг ҳаммаси хўрланган ва эзилган кўринади. Полиция бошқармасига кирганимда Эски шаҳар миршабларининг ҳаммасини қўлларида тўппонча ушлаб турганликларини кўрдим. Бошқарма биноси ёнида телефон сими узилган ҳолда ётибди. Идоранинг ичида ғишт ва тош парчаларини, эшик ва деразалар синганини кўрдим. Ҳали ҳарбий қисмлар келмаган эди. Оломоннинг тарқалишини сўраб қилинган таклифлар инобатга олинмай, шовқин-сурон эшитилиб турди. Кўп ўтмай ўликларни ва ярадорларни олишга ва тиббий ёрдам кўрсатишга киришилди. Шу пайтда бошқармага ҳарбий билим юртининг бўлинмаси ва Тошкент Янги шаҳрининг миршаблари келишди. Шундан кейин ҳарбий қисмлар ҳам келиб, оломонни кўча тарафдан ўраб олди ва уларни тарқатишга муваффақ бўлинди. Қўзғолончилардан бир гуруҳи миршаб Миркомилнинг хонадонига ҳужум қилиш учун Бешоғоч томонга кетишган экан».

Чор ҳукумати қўзғолонни бостиргандан кейин кўп кишиларни ҳибсга олди ва суд қилди. Ғалаённинг фаол қатнашчиларидан этикдўз Абдураҳмон Қаюмсўфиев ва қора ишчи Мирқосим Шомуҳаммедов осиб ўлдиришга ҳукм этилди. Ишчилардан Тожибой Юнусхўжаев, Ғулом Камолов, Йўлчи Иброҳимов, Низомиддинхўжа Зайниддинхўжаев, камбағал деҳқон Муродхўжа Маҳмудали Хўжаев, Ёқуб Муроджабоев ва бошқалар узоқ муддатли сургун ёки қамоқ жазосига тортилди. Гарчанд Тошкент қўзғолони бостирилган бўлса-да, унинг акс садоси бутун ўлка бўйлаб таралди. Аввало, ғалаёнлар Тошкент атрофидаги жойларда авжга чиқди. Одамлар 12—14 июль кунлари Хитойтепа, Тўйтепа, Ғишткўприк, Хонобод, Пискент ва Кауфман станцияси (Зангиота)да бош кўтариб, мардикорликка бормасликларини маълум қилдилар. 15—16 июлда Вревский станцияси атрофида ва 84-темирйўл разъездида кўп минг кишилик оломон кўчага чиқди. 20 июлда Булат бўлисида 50 минг, Қибрайда 6 минг кишилик оломон мардикорликка қарши исён кўтарди.

Улар орасида Тўйтепада бўлган кўтарилиш ажралиб туради. Бу ерда халойиқ оқсоқол уйи, идораси ва император Николайнинг суратини ёндириб ташлади. Чор ҳарбий бўлинмаси қўзғолончиларга ўқ узиши натижасида 20 киши нобуд бўлди ва ярадор қилинди.

Сирдарё вилоятига қарашли Амударё бўлимида (Қорақалпоғистон) ҳам қўзғолонлар юзага келганлиги маълумдир. Қўзғолон Фарғона вилоятини ҳам қоплаб олди. 1916 йил 9 июль куни ғалаён Андижон шаҳридаги Жоме мачити майдонида кўтарилди. Бу қўзғолонга А. Ҳакимоқсоқолов, А. Рўзибоев, М. Абдукаримов сингари кишилар бошчилик қилган. Андижон уезди бошлиғи И. А. Бржезискийнинг маълумотига кўра, 500 кишилик оломон чор ҳукуматининг мардикорликка сафарбарлик тўғрисидаги фармонига бўйсунмасликларини айтганлар. Улар уезд бошлиғининг тушунтиришига қулоқ солмай, ундан фармонни бекор қилишни ва мардикорликка сафарбар қилмаслик ҳақида тилхат беришини қатъий равишда талаб этганлар. Аксинча элликбошилар ва бошқа амалдорлар битта қолдирилмай ўлдирилиши ва уларнинг мол-мулклари талон-торож қилинишини уезд бошлиғига билдирганлар. Бу талабга рад жавоб олингандан кейин қўзғолончилар полиция ва ҳарбий отрядга қарши кетмон, тош ва таёқлар билан ташландилар. Бу тўқнашувда ҳарбий бўлинма томонидан ўқ узилиб, қўзғолончилардан 10 киши яраланган ва 3 киши ўлдирилган, аскар ва полицейлардан бир неча киши шикастланган. 10 июлда Олтинкўл бўлисига қарашли Далварзин қишлоғида қўзғолончилар бўлис бошлиғи Муллахонишбек Мулларўзибеков ва унинг икки ҳамроҳини ўлдирдилар. Бунда қишлоқнинг бутун аҳолиси қатнашди. Жазо бўлинмаси етиб келган вақтда уларнинг ҳаммаси қишлоқни тарк этган эдилар.

13 июлда Андижон уезди Майгир бўлисининг Чуам қишлоғида қўзғолон кўтарилиб, оломон қишлоқ оқсоқоли Й. Ҳасанбоев, элликбоши Қипчоқбой ва мулла Йўлдош Султонхўжаевларни уриб ўлдирганлар. Шунингдек, улар амалдорларнинг уйларини бузиб, мол-мулкларини талаганлар. Қишлоқ оқсоқолининг отаси К. Тўрақулбоевнинг кўрсатишича, халойиқ уй-жойларни вайрон қилишдан ташқари, 200 минг сўмлик қарздорлик ҳужжатлари ва векселларни ёндириб ташлаганлар.

Қўзғолонлар жазо бўлинмалари томонидан шафқатсиз бостирилишига қарамай, тобора кенг ёйила борган. 12 июлдан 13 июлга ўтар кечаси Чек Офтобачи ва Чек Ғофир қишлоқларининг 300 кишилик оломони қишлоқ оқсоқолининг уйига бостириб кириб, уни топиб беришларини оила аъзоларидан талаб қилганлар. Бу вақтда оқсоқол ва маъмуриятнинг бошқа вакиллари Андижон шаҳрида яшириниб юрган эдилар. Қўзғолончилар оқсоқолнинг ўғлини ва бошқа қариндошларини боғлаб, оқсоқолни топиб беришмаса, уларни ўлдириш ва уй-жойларини ёндиришни маълум қиладилар. Ҳатто қўзғолончилар оқсоқолни қидириб топиш ва жазолаш мақсадида ўз вакилларини шаҳарга юборганлар. Чек Офтобачи қўзғолончиларининг бошлиғи курашни давом эттириш мақсадида Хонбоғ, Чек Мадиёр каби қишлоқларга ўз вакили мироб Сотиболдиевни юбориб, халқни кўтарилишга, амалдорларни жазолашга даъват этади.

 Қўзғолон Донқўйма қишлоғида ҳам бўлиб ўтган. Бу ерда халойиқ қишлоқ оқсоқоли М. Саримсоқовнинг хонадонига бостириб кириб, мардикорлар рўйхатини ва бошқа ҳужжатларни куйдириб, оқсоқолни топиб беришларини қариндошларидан талаб қилганлар. Халқ қўзғолони Миробод қишлоғида ҳам бўлиб, маҳаллий маъмуриятнинг зулми ва адолатсизлигига қарши курашганлар. Маъмурият вакиллари қўзғолончиларнинг жазосидан шаҳарга қочиб қутулганлар.

Норин, Балиқчи, Жалолқудуқ, Ҳакимобод, Избоскан, Ербоши бўлисларида, Чўжа, Хўжаобод, Капа, Пода кишлоқларида бўлиб ўтган халқ ҳаракатлари ҳам диққатга моликдир. Бу ердаги кўзғолонларда ҳам юқоридаги хатти-ҳаракатлар такрорланган.

Фарғона вилоятидаги энг йирик қўзғолонлардан бири 10 июлда Марғилон шаҳрида бўлиб ўтган эди. 20—25 минг кишидан иборат шаҳар аҳолиси Ўрда майдонида тўпланиб, мардикорликка қарши кўтарилдилар. Қўзғолончилар мардикорликка олиш ҳақидаги Фармонни тушунтириш ва амалга ошириш мақсадида сўзламоқчи бўлган полицмейстер, подполковник Пахотин ва маҳаллий маъмурият вакилларига гап бермай, ҳужум қилганлар. Полковник Пахотин эса тўппончасини ўқталган ҳолда зўрға тўдадан қочиб қутулган. Меҳнаткаш халққа жабр ўтказган оқсоқоллар эса майдонда оломон томонидан калтак, кетмону тошлар билан уриб ўлдирилган. Одамлар тарқаб кетиши ҳамоно қўшимча ҳарбий бўлинма келиб, Ўрда майдони ва бошқа муҳим жойларни эгаллади. Кун давомида қўзғолоннинг фаол қатнашчилари қидирилиб, улардан 63 киши қамоққа олинди. Жинлар қишлоғида эса қўзғолончилар билан жазо бўлинмаси ўртасида тўқнашув рўй берган.

Жазо бўлинмаси, 1916 йил

Ёзёвон бўлисининг турли жойларида бўлиб ўтган қўзғолонларда 36 киши суд жавобгарлигига тортилган. Уларда асосан хотинлар фаол иштирок этгандилар. Шу боисдан аёллар устидан тергов қўзғатилган. Бироқ, жамоат тазйиқидан чўчиган чор маъмурияти аёллар устидан олиб борилган терговни пировардида тўхтатган эди. Аравон бўлисида халойиқ адолатсизлик ва зулмга қарши кўтарилиб, бўлис ҳокимини калтаклаб ўлдирганлар. Ғалаён сабабларини Туркистон тумани муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи М. Н. Волков шундай баён этган: «Қўқон шаҳрида Аравон бўлис ҳокими Иброҳимнинг ўлдирилиши у томонидан аҳолининг қаттиқ зулм остига олиниши натижасида содир бўлди. Бўлис ҳокими сафарбарликка ишчи кучларини жалб этиш ҳақидаги буйруқни олибоқ бўлим мирзаси Ғофир билан маслаҳатлашиб, чақириқ рўйхатига барча кишиларни киритиш ва ким пул берса, уни рўйхатдан ўчиришга қарор қилдилар, бу унинг ўлимига олиб келди. Кўрсатилган бўлим мирзаси Ғофир ойига 25 сўм маош олади. Бироқ, у кейинги икки йил давомида Қўқон шаҳрида 6 минг сўмга яқин баҳода уй сотиб олди. 2000 сўмдан ортиқ пул сарфлаб, ўзи ва укасини уйлантирди. Бундан ташқари унинг 1000 сўм нақд пули бор. Фарғона вилоят бўлислари ҳокимларининг кўпчилиги Аравон бўлис мирзаси каби иш юритадилар». 9 июль куни мазкур бўлиснинг Розиёғлиқ қишлоғи аҳолиси кўтарган қўзғолон жиддий тус олди. Маҳаллий маъмуриятнинг адолатсизлиги ва зулмидан сабр косаси тўлган оломон бўлис ҳокими И. Ҳасанбоев ва унинг ҳамроҳларини уриб ўлдирган. Қўзғолончилардан бири ҳалок бўлган. Қўзғолонни бостириш учун етиб келган жазо бўлинмаси дарҳол оломонни қуршаб олиб, 316 кишини ҳибсга олган. Бу қўзғолонда 2 минг кишидан ортиқ эркак ва аёл қатнашиб, улар Аравон, Калигор, Туркман, Чомошби, Барзанги каби қишлоқлар аҳолисидан ташкил топган эди. Қўзғолонда қатнашган аёллар: «Ўғилларимизу эрларимизга минг сўм берилса ҳам мардикорликка бермаймиз», деб хитоб қилганлар.

Қўзғолонлар тарихида Найманча қишлоғи аҳолисининг кўтарилиши диққатга моликдир. Бунда аёллар жасорат ва ташаббус кўрсатиб оломоннинг биринчи сафида турганлар. Шундан кейин жазо бўлинмаси зўрлик билан аёлларни четлатиб, эркаклар билан юзма-юз бўлган. Шунда оломон орасидан бўлинма бошлиғига қараб тошлар отилган. Бу қўзғолон ҳам бостирилган. 11 июлдан 12 июлга ўтар кечаси 400—500 кишилик оломон Тўда қишлоқ оқсоқоли қўлидан мардикорлик рўйхатини тортиб олиб, куйдирган. Бу вақтда Риштон қишлоғида ҳам М. Бобохонов, Ш. Ҳожиев, П. Йўлдошбоев ва бошқа кишилар раҳбарлигида қўзғолон кўтарилди. 500—600 кишилик оломон Қўқон уезд бошлиғи К. В. Мединскийнинг тушунтиришига қулоқ солмай, бўлис ҳокими М. Жалоловга ташланиб уни ўлдирмоқчи бўлдилар. Бироқ, ҳоким оломон орасидан қутқазиб олинди. К. Мединскийнинг қўзғолончилардан бир неча кишини ушлаб олиши оломонни янада ғазаблантирди. Халойиқ ҳарбий отрядни қуршаб ола бошлади. К. Мединский ва унинг ҳамроҳлари, шу жумладан маҳаллий маъмурият қадам-бақадам қуролларини ўқталган ҳолда чекина бошлайди. Бу вақтда қўзғолончиларнинг бир гуруҳи К. Мединскийнинг орқа томонидан тўсиб олди. Ҳарбий бўлинма ва маъмурият вакиллари кетмон, тош, калтаклар билан қуролланган оломон ҳалқасида қолади. Ҳарбий бўлинма ўт очганда қўзғолончилардан уч киши яраланган, 12 киши қамоққа олинган.

Халқ ғалаёнлари майда қишлоқларда ҳам юз берган. Бундай ҳолларда уч-тўрт қишлоқ аҳли биргаликда ҳаракат қилган. Масалан, Қирқкетмон, Бешкалапоён ва Бешкаллабола қишлоқларидаги халқ оммаси Қудаш қишлоғига тўпланиб, бўлис ҳокимини ўлдирмоқчи бўлиб, қидирганлар. Элликбоши ва унинг ўғлини калтаклаганлар ҳамда уйини бузиб, мол-мулкини талаганлар. Ҳарбий бўлинма томонидан қўзғолон қатнашчиларидан 18 киши ҳибсга олинган. Қўзғолонлар темирйўл ва станциялар, телефон ва телеграф симларини хавф остига қўйган. Шунинг учун ҳам Қўқон жандармерия бошлиғи темирйўлга яқин жойда аҳоли тўпланиб Горчаков станциясини эгаллаш, телефон ва телеграф орқали алоқани бузишга шайланаётганини Фарғона вилояти генерал-губернаторлигига маълум қилган эди. Қўзғолонлар бостирилгани билан барибир чор маъмурияти вакиллари мавқеига зарба берарди. «Кейинги кунлардаги ғалаёнлар,— деб ёзганди Қўқон уездининг бошлиғи К. Мединский,— аҳоли орасида маҳаллий маъмуриятнинг мавқеини анча қўпориб ташлади. Маҳаллий маъмурият ҳаддан ташқари асабийлашган бўлиб, ўзига ишончни йўқотмоқда. Мусулмон байрамининг биринчи кунида (18 июль) умумий қўзғолон кўтарилиши тўғрисида қатъий сўзлар эшитилмоқда. Хавфсизликни таъминлаш учун Қўқон шаҳар гарнизонини тезда кучайтйриш лозим». Шунингдек, бу ҳужжатда темирйўллар хавфсизлигини дарҳол ошириш ҳам баён этилган.

Халқ ғалаёни Наманган уездида ҳам кенг кўламда ўтган эди. 9 июлда минглаб эркак ва аёллар чор ва маҳаллий маъмуриятнинг мардикорликка олиш ҳақидаги фармонини тан олмасликларини билдирганлар. Маъмуриятнинг қўзғолонни тарқатиб юборишга қаратилган ҳаракатлари ҳеч қандай натижа бермади. Аксинча, халқ оммаси тобора кўпайиб борди. Шундан кейин пулемётлар билан қуролланган ҳарбий рота чақирилиб, оломонни қўрқитиш чораси кўрилди. Бироқ, қўзғолончилар рўйхатнинг берилишини қатъий туриб талаб қиладилар. Шу вақтда оломон орасидан «Ур!» деган сўзлар янграб, халқ ротага ташланди. Аскарлар пулемётлардан ўқ узиб, қўзғолончилардан 12 кишини ўлдирдилар ва 38 кишига тан жароҳати етказдилар.

Наманган уезди бошлиғи П. Р. Крашковнинг кўрсатишича, ярадор бўлган қўзғолончилар маъмурларга қарата: «Бу ҳеч нарса эмас, барибир биз ўз мақсадимизни амалга оширамиз!» деб хитоб қилганлар. Қўзғолон вақтида катта-кичик оқсоқоллар, қозилар, полиция, умуман маъмурият вакилларининг ҳаммаси ўлдирилиши ҳақида хитоблар эшитилиб турган. Қонли тўқнашувлардан кейин қўзғолон тарқалиб, унинг фаол қатнашчиларидан 19 киши қамоққа олинган.

12 июлда шу уезднинг Олмос қишлоғида эркак ва аёллар биргаликда бош кўтариб, маҳаллий маъмуриятнинг адолатсизлиги, қийноғига қарши курашдилар. Улар қишлоқ оқсоқоли М. Абдураҳимов ва унинг ёнидаги ҳамроҳларини калтакладилар. Бу хилдаги ҳаракат Жарқўрғон қишлоғида авжга чиқди. 11 июлда бу қишлоқда 1000 га яқин одам тўпланиб, улар маҳаллий маъмурият жойлашган болохонали уйни қуршаб олиб, рўйхатни талаб қилдилар. Қишлоқ оқсоқоли Тожибой рўйхатларни оломон ўртасига ташлашга мажбур бўлди. Бу ҳужжатлар дарҳол йўқ қилинди. Бироқ, қўзғолончилар бу билан қаноатланмай, болохонага бостириб кириб, бўлис ҳокимини ерга ташлаб юборади. Оломон оқсоқолни калтаклаб ўлдиради. Шундан кейин оломон бўлис ҳокими уйини хонавайрон қилиб ташлайди.

Уезднинг Пешқорон, Уйчи, Хўжаобод, Уйғур, Тошқўрғон ва Барзик қишлоқлари аҳолиси бош кўтариб амалдорларнинг уйларига ҳужум қилган ва рўйхатларни ёндириб ташлаганлар. 14 июлда уезднинг Чиндаул қишлоғида катта қўзғолон бўлган. 1000 кишига яқин халқ оммаси маъмуриятнинг сафарбарлик ҳақидаги тушунтириш сўзларига қулоқ солмай, норозилик билдирганлар. Қўзғолончилар полиция ва унинг бошлиғини қуршаб, рўйхатларни тортиб олганлар. Шунингдек,улар бўлис идорасини бузиб ташлаганлар. Қўзғолоннинг 50 нафар фаоллари иши судга оширилган.

15 июлда уезднинг Чодак қишлоғида кўтарилган қўзғолон ҳам эътиборни тортади. Кўп сонли оломон бўлис ҳокими Муллақози Худойбердиевнинг уйига бостириб кирган, уни тепкилаган. Кетмон, таёқ, тош ва болталар билан қуролланган халқ Ш. Тойирбоев, М. Каримов, М. Аширматов каби маъмурларни ҳам дўппослаган. Айрим қўзғолончиларда тўппонча ҳам бўлган. Одамлар қишлоқ оқсоқоли Н. Аминовнинг уйи ва боғини хонавайрон қилиб ташлайди. Шунингдек, оқсоқолнинг 15 минг сўм пули ва 10 минг сўмлик қарздорлик ҳужжатлари ҳамда 10 минг сўмлик уй жиҳозлари ва молларини йўқ қилган. Оқсоқолнинг ўзи Ўш шаҳрига қочиб қутилган. Бу ерда ҳам қўзғолоннинг фаол қатнашчиларидан 90 киши қамоққа олинди.

005

Чор ҳукумати ўлкада қўзғолонларни бостириш учун 14 батальон, 33 казак ҳарбий бўлинмаси, 42 тўп ва 69 пулемёт ажратади. Жазо бўлинмалари шафқатсизлик билан ҳаракат қилдилар. Бу ҳақда генерал-губернатор А. Куропаткиннинг рус императори Николай II га ёзган рапортида шундай сатрлар бор: «Сиз император Олий ҳазратлари ва барчага муқаддас ватан ҳисобланган буюк Россия олдида ўз содиқлигини унутганлиги, жиноий ишлар қилганлиги учун Туркистон аҳолиси қаттиқ жазоланди». Қўзғолон қатнашчиларидан 3000 дан ортиқ киши судга берилиб, улардан 347 таси осиб ўлдиришга ҳукм этилган. Бироқ, вазиятни янада кескинлаштирмаслик учун улардан 51 таси қатл қилиниб, қолганларига ўлим жазоси қамоқ ва сургун билан алмаштирилди. Юзлаб одамлар турли муддат билан қамоққа ҳукм этилди. Айрим шаҳар ва қишлоқлар бутунлай яксон қилинди. Кўплаб уйлар куйдирилди ва мол-мулклари таланди. Айниқса, Жиззах қўзғолончиларига нисбатан ваҳшийларча муносабатда бўлинди. Бу жиҳатдан Жиззах ғалаёни иштирокчиси Тўра Норбойнинг хотиралари бизга кўп нарсани ойдинлаштириб беради. «Жазо бўлинмалари тоғда қочиб юриб, оч қолиб, қишлоқдан овқат олиб келиш учун тушган Мавлон Айматовни ушладилар. У билан яна 7 кишини ушлаб дарахтларга боғладилар. Ўн кунгача ҳар куни бир бор калтаклаб, устидан сув қуйдилар. Аскарлар қишлоқдан кетадиган бўлдилар. Шунда улар бу 7 кишини калтаклаб, ўлдириб кетдилар». Қўзғолон қатнашчиларидан бири Муқим Урдушов Тошкентга қочиб, сўнг Жиззахга қайтиб келиб, бошидан кечирганларини қуйидагича баён этган: «Тошкентдан Жиззахга келдим. Кечаси станцияга етиб, намоз вақтида шаҳарга тушиб кетдим. Йўлда кўп аскарларни кўрдим. Уларни ёнида халқдан талаб олинган қимматли рўзғор ашёлари тоғ-тоғ бўлиб ётибди. Аскарлар қимматли ипак сўзаналарни, атлас ва шоҳи кўрпаларни отларига ёпиб қўйибдилар. Ипак газламаларни, шоҳи кўрпаларни тупроққа ёзиб устида ағнаб ётибдилар. Ҳовлига чиқсалар ҳам шоҳи ва атлас кўрпаларни ёпиниб чиқмоқдалар. Бунда халқдан талаб олинган мингларча от-моллар ва қўйлар турибди. Оёқ остида босилиб ётган қимматли нарсаларни кўриб, жуда раҳмим келди. Эски шаҳар йўлида кетаётганимда Янги шаҳарга қараб қатор-қатор бораётган хотин-қизларни кўрдим. Улар мендан: «Аскарлар талаб кетган нарсаларни қайтариб бераётган эмиш, деб эшитдик, шу тўғрими?» деб сўради. Мен буни кўрмаганлигимни айтдим. Эски шаҳарга тушсам, энг яхши бинолар, маҳаллалар, шаҳар кўчаларидаги тимлар, дўконлар, ошхоналар ва чойхоналар куйиб, ер билан теп-текис бўлган. Бунда бойўғли сайрамоқда. Халқ оч ва яланғоч, жуда оғир аҳволда. Бу аҳволни кўриб кўп ачиндим».

«Бир куни, — деб ёзади қўзғолон иштирокчиси Мамашариф Ҳусаинов, — шаҳар атрофини аскарлар ўраб, ҳар ҳовлига беш-олтитадан бўлиб киравердилар. Одамларни уриб-сўкиб уйларидан қувиб чиқдилар. Бешикдаги болаларни ечиб олишга қўймадилар. Халқни бозор майдонига тўплаб, ёш ва жинсларига қараб тўдаларга ажратдилар. Атрофларига тўп ва пулемётлар ўрнатдилар. Аскарлар баъзи одамларни қулоғидан бураб, тўп оғзига олиб бориб, кейин қўйиб юборадилар. Баъзилари одамларга қараб милтиқларини шарқ-шурқ қилиб қўрқитадилар. Одамлар орасида Оқпошшо Жиззах халқини отиб юборди, энди ҳаммамизни отар экан, деган гап тарқалди. Халқни ваҳима босди. Хотинлар ва болалар йиғлади. Аскарлар уларни милтиқ қўндоғи билан урардилар. Бир вақт Янги шаҳардан бир отлиқ аскар чопиб келиб: «Сиз, маккор Жиззах халқи подшоҳи аъзамнинг олий фармонига итоат қилмаганликларингиз учун подшоҳи аъзам сизларни отувга буюрган эди. Генерал-губернатор Куропаткин сизларнинг гуноҳларингизни Оқпошшодан тилаб олибдилар. Сизлар энди бу шаҳарда яшашдан маҳрум бўлдингиз. Сизларни шаҳардан 25 чақирим нарига сургун қиламиз», деди. Аскарлар, мингбоши ва полициячилар халқни уч томонга бўлиб ҳайдадилар. Кун бениҳоят иссиқ, ҳаммаёқни чанг-тўзон қоплаган, Эски шаҳарга келадиган сув Янги шаҳарда бўғиб қўйилганлиги учун ҳеч жойда сув йўқ. Бизларни аскарлар югуртирди. Бир ерга тўхтатиб, ҳамманинг ёнини кавлаб, бор пулларини қоқиб олди. Яна югуртирди. Чополмай йиқилганларни милтиқ қўндоқлари билан урдилар. У вақтдаги дод-вой оламни тутар эди. Ёш болалар сувсизликдан юраги кўйиб, ўлиб қолаверди. Ҳомиладор хотинлар туғиб ётибди, аскарлар уларга қарашга йўл бермайди. Аскарлар югуришдан бош тортганларни отдилар. Югуриб кетаётган халқни яна тўхтатиб, қўлларидаги узукларни, қулоқларидаги сирғаларини юлиб олдилар. Шу равишда чўлга етиб боргунча неча жойда текшириб, то яхши кийимларигача ечинтириб олдилар. Бизларни шундай азоб-уқубатлар билан шом пайтида Қилич чўлига олиб бориб, ташлаб қайтдилар. Одамларда овқат ҳам, кўрпа-ёстиқ ҳам йўқ эди. Ҳамма оч ва сувсиз қолди. Кечаси биз қишлоқларга бориб овқат олиб келиб, ҳаммага оз-оз улашиб турдик. Бир тўп одамлар оч қолиб, касалликдан ўлдилар. Улар 10 кундан кейин бизга шаҳарга келишга рухсат берди».

Баён этилган сатрларда, асосан қўзғолончиларнинг ота-оналари ва оила аъзоларига қилинган азоб-уқубатлар ҳақида фикр юритилаётир. Қўзғолончиларнинг ўзларига нисбатан қўлланилган жазолар бундан ҳам қаттиқ бўлган. Маъмурлар Жиззахда қўзғолон кўтарилганини рўкач қилишиб 2000 гектар унумдор ерни давлат фойдасига ўтказишади. Шу тариқа деҳқонлар ҳаётининг асосий манбаи ҳисобланган ердан маҳрум этилган. Шулар қаторида ташаббускор қўзғолончилар осиб ўлдирилди. Генерал-губернатор А. Куропаткин баён этилган жазо чораларининг келажакда асқотишини юқорида келтирилган рапортида қуйидагича таърифлаган эди: «Туб аҳоли шуни яхши билсинки, рус қони тўкилган тақдирда айбдорлар осиб ўлдирилиши баробарида уларни ерлари Андижон (Дукчи эшон — Ҳ. З.) қўзғолони иштирокчилариники каби тортиб олинади. Ҳар бир ғалаёндан кейин қатъий равишда қўлланилаётган бу тартиб туб аҳолини рус ҳукуматига қарши қурол кўтармасликка мажбур этиши лозим».

Жазо бўлинмаси, 1916 йил

Шуни айтиб ўтиш керакки, юқори табақа орасида дилида чор ҳукуматига ва мардикорликка олишга қарши бўлган кишилар йўқ эмас эди. Улар ўз мақсадларини ошкор этишдан чўчиб, пинҳона иш юритдилар. Масалан, Андижон шаҳридаги энг йирик миллионер Миркомил Мирмўминбоев Қўқон ва Марғилон шаҳарлари мингбошилари номига қуйидагича хат юборган: «Шаҳрингиздаги аҳоли ва бойларга мардикорликка қарши чиқишларини айтинг. Россиянинг аҳволи жуда танг, шунинг учун ҳеч нарсадан қўрқманглар. Ҳаммангиз бир ёқадан бош чиқариб иш юритсангизлар, мардикор олинишига қарши қўзғолон кўтарилиши осон. Ҳозирги вазиятда ҳукумат амалдорларига пул бўлса бас, ҳамма ишни битирадилар. Менинг халойиқни қўзғолонга ундаш ҳаракатим билиниб текширув ўтказилганда 150 минг сўм бериб ўзимни сақлаб қолдим. Шу боисдан сизлар ҳам хавотирланмай ҳаракат қилаверинглар». Миркомил Мирмўминбоев бундай хатларни бошқа жойларга ҳам юборган. Бироқ, юқори табақа вакиллари қўрқоқлик ва лоқайдлик қилиб қулай фурсатдан фойдалана олмадилар. Ҳатто миллий буржуазия ва зиёлилар заиф бўлганлиги учун ўзларини ўтга уришга чўчидилар. Натижада халқ ғалаёнларини жипслаштирадиган сиёсий куч — раҳбар топилмади. Тош, ғишт парчаси, таёқ, болта, темир-терсак ва бошқа оддий нарсалар билан қуролланган оми омма милтиқ, тўппонча, қилич, пулемёт ва тўпларга эга бўлган империя қўшинларига қарши ўзлари билганича кураш олиб бордилар. Жазо бўлинмаларининг ваҳшийлиги ўлкада жуда хатарли вазиятни юзага келтирди. Бундан ваҳимага тушган маҳаллий табақа вакиллари ва зиёлилар аҳволни юмшатиш, ва тинчликни таъминлаш мақсадида мардикор олишга қаратилган фармонни амалга оширишга чор маъмурларига яқиндан ёрдам беришга жазм этдилар. Ҳатто улар «авом халқни» қўзғолон кўтарганликлари учун истилочи маъмурлардан кечиришларини илтижо қилдилар. Ўша йили «Туркистон вилояти» рўзномасининг саҳифаларида рус императорини кўкларга кўтарувчи ва мардикорликка бориш ҳар бир кишининг ватан олдидаги бурчи эканлиги ҳақида шеъру мақолалар чоп этилди.

Шунингдек, маҳаллий маъмурият, миллий буржуазия ва зиёлилар бошчилигида «маҳаллий ёрдам комитетлари» тузилди. Улар мардикорларни тўплаш, жўнатишга кўмаклашиш билан бир қаторда жамоадан уларнинг эҳтиёжи учун маблағ тўпладилар. Қаҳатчиликдан, жазо бўлинмаларининг қирғинларидан ниҳоятда толиққан халойиқнинг қайта қўзғолон кўтаришга ҳоли қолмади. Баён этилган қулай фурсатлардан фойдаланган чор ҳукумати император фармонини амалга оширишга қатъий равишда киришди.

1916 йил 23 августида А. Куропаткин мардикорликка сафарбар қилиш тадбирлари ҳақида буйруқ чиқарди. Унда мардикорликка олинадиган одамлар сони қуйидагича тақсимланган: Сирдарё вилояти 60 минг, Самарқанд вилояти 32407, Фарғона вилояти — 51233, Еттисув вилояти 43000 ва Каспий орти вилояти 13830 киши белгиланди. Сафарбарлик 1916 йил 18 сентябридан то 1917 йил февраль буржуа-демократик инқилоби ғалабасига қадар давом этди. П. Ковалёвнинг берган маълумотларига кўра, мардикорлар Москва, Петербург, Рязань, Тула, Орёл, Смоленск, Пенза, Брянск, Двинск, Нижний Новгород, Қозон, Самара, Перм, Екатеринбург, Оренбург, Киев, Харьков, Екатеринослав, Одесса, Запорожье, Керч Тбилиси, Ботуми ва бошқа жойларга жўнатилган.

0032

Чор маъмурияти белгиланган 200470 киши ўрнига 123 мингдан ортиқ мардикорларни сафарбар қилишга муваффақ бўлди. Улардан 101600 киши — Россиянинг ғарбий қисмига, 4000 киши — Сибирга, 7405 киши Кавказга юборилган. 10 мингдан ортиқ киши Туркистон ўлкасида ишлатилди. Мардикорлар ҳарбий ва саноат корхоналарида, конларда, темирйўллар қурилишида, ўрмонлар ва айрим капиталистларнинг хўжаликларида бетиним ишлатилди. Улар очликдан, хўрликдан, машаққатли меҳнатдан кўп азият чекдилар. Улар орасида совуқ урушдан, турли касалликлардан ўлганлар ва ногирон бўлиб қолганлар бор эди. Мардикорликка ёлланган аждодларимиз ҳаёти халқ оғзаки ижодиётида қуйидагича акс этган:

Поездингни жилдирган,
Ўтхонаси билан дўнгалаги,
Двинскага кетишди
Мард йигитнинг бир бўлаги.
Двинскага кетмас эди
Мард йигитнинг бир бўлаги,
Двинскага кетказган,
Николай золимнинг замбараги.
Двинскага йўл бўлсин,
Қарағайзоринг кул бўлсин.
Йигитларни қийнаган,
Николайинг йўқ бўлсин.
Сўк ошини ичмайман,
Этигимни ечмайман.
Қорда қарағай кесганман,
Ҳеч ҳақимдан кечмайман…

Ўзбек мардикорлари машаққатли ва оғир ҳаётнинг асири бўлиб қолмай, кураш олиб бордилар. Улар бир неча маротаба иш ташладилар, ҳарбий бўлинмалар билан тўқнашдилар. Улар орасида маҳаллий аҳоли билан биргаликда инқилобий ҳаракатларда фаол қатнашган кишилар бор эди. Мардикорлар февраль буржуа-демократик инқилобидан кейин ўз ватанига қайтишга эришдилар ва ўлканинг кейинги сиёсий-иқтисодий ҳаётида фаоллик кўрсатдилар.

1916 йил қўзғолони чор ҳуқуматинг мустамлакачилик сиёсати авжига минган кезда юзага келди. У миллий зулмга, ўлканинг хом ашё манбаига ва тайёр маҳсулотлар бозорига айланишига қарши қаратилган эди.

Қўзғолоннинг тарихий аҳамияти шундаки, у бутун Туркистон заминида яшаётган турли миллат ва элатлар сиёсий онги ўсишига ва курашларда чиниқтиришга олиб келди. Шунингдек, унда аёлларнинг фаол қатнашиши муҳим воқеа саналади. Бу ҳол тарихда камдан-кам учрайдиган ҳодисадир. Қўзғолон кенг қулоч ёйиши баробарида чор ҳукумати ҳукмронлигидан норози бўлган айрим юқори табақа вакилларини ҳаракатга чорлади. Улар ўлка мустақиллигини тиклаш учун қўзғолондан фойдаланиб қолишга уриндилар. Қўзғолон чор ҳукуматининг ўлкадаги куч-қудратини заифлаштириб, февраль буржуа-демократик инқилоби ғалабасини таъминлаган омиллардан бири ҳисобланади. Унинг ижобий томонларидан яна бири шундаки, рус императорининг мардикорликка сафарбар этиш ҳақидаги фармонининг тўла амалга оширилишига кескин зарба берди. Натижада мўлжалланган мардикорлар сонининг ярими жўнатилди. Бу минглаб оилаларнинг хонавайрон бўлишидан сақлаб қолди. Қўзғолон ўзбек ва бошқа қавмларнинг мустақиллик ва озодлик учун олиб борган кураш тарихида ўчмас из қолдирди.

Манба: “Шарқ юлдузи” журнали, 1992 йил, 3-сон

1916-2-1.jpgTurkiston qo’zg’olonining 100 yilligiga

Hamid ZIYOEV
TO’FON
004

Xalq isyoni saltanatni yo’q qildi,
Xalq istadi: toj va taxtlar yiqildi…
Xalq istadi, ozod bo’ldi, bu o’lka,
Ketdi uning boshidagi ko’lanka.
Cho’lpon

005Avvalo, shuni aytib o’tish kerakki, o’zbek xalqi o’zining ko’p asrlik tarixi davomida xorijiy davlatlarning tajovuz va hukmronligiga qarshi kurashib keldi. Uning mustaqillik va ozodlik uchun olib borgan qonli janglari tarix sahifalarida oltin harflar bilan bitilgan. Bunday kurashlar chor Rossiyasi o’zbek xonliklarini bosib olgandan keyin ham sodir bo’ldi. 1916 yilgi xalq qo’zg’oloni bir shahar yoki viloyatdagina emas, balki butun O’rta Osiyo va Qozog’istonni qamrab oldi. Unda o’zbeklar, tojiklar, qozoqlar, turkmanlar, qirg’izlar, qoraqalpoqlar va uyg’urlar faol qatnashdilar. Hatto o’lkaning ba’zi joylarida ruslar ham ishtirok etganligi haqida ma’lumotlar mavjud. Uning aks sadosi butun Rossiya imperiyasi bo’ylab taraldi. Qo’zg’olon chor hukumatining mustamlakachilik va milliy zulmi avj olgan vaqtda ko’tarildi.

Chunonchi, 1914 yilda boshlangan birinchi jahon urushi Rossiyadagi barcha millatu elatlarning boshiga ko’pdan-ko’p azob-uqubat va tashvish soldi. Xalq xo’jaligining izdan chiqib ketishi mamlakatda ocharchilik va qashshoqlikni tobora kuchaytirib yubordi. Bu holat ayniqsa, Turkiston o’lkasida yaqqol ko’zga tashlandi. Chor hukumati va kapitalistlar urush ketayotganligini ro’kach qilib, o’lka aholisini yanada battar taladi, zulm ostiga oldi. Og’ir iqtisodiy vaziyatga qaramay, chor hukumati Buxoro (Kogon-Qarshi-Termiz), Farg’ona (Qo’qon-Namangan-Andijon), Yettisuv (Aris-Burnas) temir yo’llarini qurdi. Bundan maqsad — o’lkada yetishtiriladigan dehqonchilik mahsulotlari va tabiiy boyliklarni Rossiyaga ko’proq olib ketish edi. 1914—1916 yillarda 41 million pud paxta, 3 million puddan ortiq paxta yog’i, 200 ming pud sovun, 300 ming pud go’sht, 474 ming pud baliq, 70 ming ot, 12797 tuya, 270 arava, 1344 o’tov, ko’p miqdorda quruq mevalar va boshqa oziq-ovqat mahsulotlari Rossiyaga jo’natilgan edi. Shuningdek, 1914 yilda Yettisuv viloyatidan 34 million so’mlik yirik va mayda qoramol, 1915 yilda Sirdaryo hamda Yettisuv viloyatlaridan bir million bosh qo’y olib ketilgan. O’lkada g’alla yetishtirish va chorvachilik orqaga ketdi. Rossiyadan g’alla keltirish ancha kamaydi. Natijada rus g’allasiga umid bog’lab nuqul paxta ekkan o’zbek dehqoni juda qiyin ahvolga tushib qoldi. Oziq-ovqat, kiyim-kechak, gazlama, qurilish materiallarining narxi kun sayin oshib bordi. Masalan, gazlama narxi 300—400 foizga, kiyim-kechak narxi 200—300 foizga, qand narxi 250 foizga, poyabzallar narxi 300—400 foizga ko’tarildi. Farg’ona vodiysida ilgari 50 so’m turadigan otning narxi 100—200 so’mga, 5—9 so’mlik qo’ylar narxi 30—35 so’mga oshdi. G’alla va non narxi ham ko’tarildi. Bular kamdek, chor hukumati har turli solig’u majburiyatlarni ko’paytirdi. Yer solig’i 1914 yildagi 6859021 so’mdan 1916  yilda 14311771 so’mga yetdi. Bir pud paxta tolasiga 2 so’m 50 tiyindan qo’shimcha soliq olish joriy etildi.

1915 yilning 1 yanvaridan boshlab, tub aholidan harbiy xizmatni o’tamaganliklari evaziga daromadlaridan qo’shimcha 21 foiz harbiy soliq olish buyurildi. Urush tufayli paxtaning bozor narxi ko’tarildi. Bundan paxtakorlar birmuncha foyda ko’rishlari mumkin edi, lekin chor hukumati to’qimachilik sanoati egalarining talabiga ko’ra paxta savdosini nazorat ostiga olib, uning bozor bahosini 30—31 so’mdan 24,05 so’mga tushirdi. Bu hol dehqonlarga ziyon keltirgan bo’lsa, kapitalistlarning cho’ntagini to’ldirdi. Masalan, birgina Tver` to’qimachilik sanoati 1913—1914 yillarda paxtaning eski narxidan 1893000 so’m foyda ko’rgan bo’lsa, ularning keyingi 1915—1916 yillardagi daromadi 9931000 so’mni tashkil etdi. Dehqon ommasi banklar, firmalar va mahalliy sudxo’rlardan olgan qarzlari orqasidan ham mushkul ahvolga tushib qolgan edilar. Paxtakorlarning ehtiyoj va talablarini amalga oshiruvchi, himoya qiluvchi birorta tashkilot yoki jamiyat yo’q edi.

Odatda, erta bahordayoq paxtakorlar ro’zg’orida oziq-ovqat, kiyim-kechak va mablag’ga muhtojlik nihoyatda kuchayib, ularning yer haydash, urug’lik sotib olish va ekish ishlariga hech vaqosi qolmas edi. Paytdan foydalanuvchi firmachilar banklardan pul olib, paxta tumanlarini kezib, paxtakorlar bilan qarzga pul berish xususida shartnomalar tuzardilar. Bu ishni amalga oshirishda mahalliy sharoitu urf-odatlarni yaxshi bilgan mahalliy ma’muriyat vakillari, dallollar, chistachi[1] va aravakashlar vositachilik qilardilar. Har bir firma vakili avvalo viloyat hokimlari va oqsoqollarini o’zlariga og’dirish uchun quyuq ziyofatu sovg’a uyushtirganlar. Firma bo’lim hokimi va oqsoqoli bilan yaxshi munosabat o’rnatishi hamono uning faoliyati uchun keng yo’l ochilgan. Turkistonda bo’lim oqsoqoliyu hokimi pixini yorgan odamlar bo’lgan. Odatda, oqsoqol va hokimlikka boy kishilar saylangan, saylangunlaricha o’n minglab so’m sarflashdan-da toymagan, vaholanki, uning bir yillik maoshi 600 so’mga to’g’ri kelgan. Lekin hokimlikni qo’lga olishi bilan sarflangan pullarini aholidan ancha oshig’i bilan qaytarib olgan. Bu xarajatlarni undirishning asosiy og’irligi paxtakorlar zimmasiga tushgan. Shu ravishda mahalliy boylar ham mehnatkash omma ustidan qattiq zulm o’rnatgan edi.

2506161.jpgXullas, og’ir soliqlar, qarzdorlik va qahatchilik dehqonlarni bir parcha yeridan hamda mol-mulklaridan mahrum bo’lishiga olib keldi. Natijada mardikorlar va chorikorlar soni ko’payib ketdi. Urush bahonasi bilan tub aholi qattiq ta’qib va siquv ostiga olindi. O’lkada vaziyat g’oyat og’irlashib, keskin tus oldi. Bundan cho’chiy boshlagan chor hukumati zo’r berib, tub aholini rus davlatiga nisbatan «sodiq» bo’lishlikka chaqirar, «vatanparvarlik» tuyg’ularini namoyish etishni talab etardi. Davlatga qarshi qilingan har qanday xatti-harakat darhol qo’porib tashlanishi haqida mahalliy ma’muriyat ko’rsatma olgan edi. Hatto machit-madrasalarda rus imperatoriga sog’liq va uzoq umr tilagan holda «xutba» o’qish buyurildi. Chor hukumati vakillariyu kapitalistlar mahalliy ma’muriyatga tayangan holda mehnatkash ommani mustamlakachilik va milliy zulm iskanjasida benihoya siqardiki, unga boshqa chidashning iloji bo’lmay qoldi. 1916 yil 25 iyunda rus imperatori Nikolay II ning «Imperiyadagi begona xalqlar erkak aholisini harakatdagi armiya rayonlarida harbiy inshootlar va shuningdek davlat mudofaasi uchun zarur bo’lgan boshqa har qanday ishlarga jalb qilish» haqidagi farmoni yara ustiga chiqqan chipqon bo’ldi. Bunga ko’ra Turkiston o’lkasidagi Sirdaryo, Farg’ona, Samarqand, Yettisuv va Kaspiyorti viloyatlaridan 19 yoshdan 43 yoshgacha bo’lgan kishilar mardikorlikka safarbar etilishi lozim edi. Farmon butun o’lka aholisini larzaga soldi. Chunki mardikorlikka, asosan kambag’allar olinishi kerak edi. Ular ketsa ayollar va farzandlar boquvchisiz qolib, halok bo’lishlari muqarrar edi. Shunga qaramay chor hukumati vakillari podshoh farmoni darhol amalga oshirilishini talab qildi. Sabr-kosasi to’lib-toshgan xalq ko’tarildi.

1916-3.jpgQo’zg’olon 1916 yil 4 iyulida Xo’jand shahrida boshlandi. Bu yerda to’plangan 6—7 minglik olomon politsiya idorasini qurshab olib, mardikorlikka bormasliklarini shovqin-suron bilan izhor qildilar. Olomonning oldingi saflarida Abdumadaminov, Dadaboy Masharipov, Yahyoxon Qori Olimxonov, Eshonxon Mirza O’rinov singari kishilar turdilar. Ko’tarilgan omma orasida ayollar va bolalar ham bor edi. Politsiya hamda askarlarning qo’zg’olonchilarga qarata o’q otishlari natijasida ulardan uch kishi o’ldirildi, 4 kishi yarador qilindi. Odamlar askarlar qurolini tortib olishga urindi. Bu voqeadan keyin aholi Samarqand viloyatining ayrim joylarida ham birin-ketin bosh ko’tarib, bir necha oqsoqollarni kaltakladi, mardikorlik ro’yxatlarini yirtib tashladi. 7 iyulda Dahbed qishlog’ida qo’zg’olonchilar bo’lis boshqaruvchisining mirzasi Qobulovni o’ldirishdi. Unga mulla Usmon Abdurasulov, Gadoy Abduqodirov, Xolmo’min Xolmurodov, Azizqul Murodov, Muxtor Hafizov singari kishilar boshchilik qilgan. Qo’zg’olon qatnashchilaridan 24 kishi hibsga olindi. 21 iyulda Jumabozor qishlog’ida 4 ming kishidan iborat olomon to’planib, mardikor olinishiga qarshi norozilik bildirdi. O’sha kuni Samarqand shahrining Registon maydoniga to’plangan minglab odamlar podshoh farmoni bekor qilinishini talab etdi. Ayrim odamlar mardikorga borishdan bosh tortib, guruh-guruh bo’lib boshqa joylarga qocha boshladilar. Masalan, 12 iyulda Dovul va Chashmay bo’lislaridan odamlar Buxoro xonligiga o’tib ketadilar. 11—12 iyul` kunlari Yem, Zomin va Yangiqo’rg’on qishloqlari aholisi ayrim oqsoqollarni o’ldirdi va mardikorlikka bormasliklarini izhor qildilar.

Xalq qo’zg’oloni, ayniqsa Jizzax shahrida nihoyatda kuchli o’tdi. Bu yerda 13 iyul` kuni Nazar Xo’ja, mulla Mahamat Rahim boshchiligidagi olomon chor hukumati hukmronligiga va mardikor olinishiga qarshi bosh ko’tardi. Prokurorning aybnomasida ko’rsatilishicha, nayza, so’yil, bolta, pichoq, qilich va to’pponchalar bilan qurollangan) olomon 13—17 iyul` kunlari shahar va uning atrof joylarida harbiy qismlarga, ma’muriyat vakillariga qarshi hujum uyushtirganlar. Ular ko’p joylarda temiryo’l izlarini ko’chirganlar, ko’prik va uylarni yondirganlar, telefon simlarini uzganlar, temiryo’l kazarmalari va qurilishlarni ostin-ustin qilganlar. Shuningdek, qo’zg’olonchilar Jizzax uezdi boshlig’i polkovnik Rukinni, politsiya shtabs-kapitani Zotoglovni, uezd boshqarmasining tarjimoni Mirzahamdam Zakirjonovni, Jizzax shahrining katta oqsoqoli Komil Jumaboevni, oqsoqol Mirzayor Xudoyorov va rus askari F. Grishenkoni o’ldirdilar.

15 iyulda Kattaqo’rg’on uezdining Chimboy va Kalqo’rg’on bo’lislarida ham g’alayon ko’tarilib, qozi Toshg’oyib Nazarov o’ldiriladi, ikki oqsoqol toshbo’ron qilinadi.

18—21 iyul kunlari g’alayonlar Samarqand viloyatining Mingariq, Gadoytopmas va Serg’osh bo’lislarida yuzaga keldi. 20 iyulda Kattaqo’rg’on shahridagi qo’zg’olonda harbiy komandaning o’q uzishi natijasida 5 kishi o’lib, ko’p kishilar jarohatlandi.

Chor ma’muriyati Jizzax qo’zg’oloni qatnashchilarini vahshiylarcha jazoladi[2]. Shahar va bir nechta qishloqlar yer bilan yakson qilindi. Shahar aholisi issiq jaziramada cho’lga haydab yuborildi. Bu yerda ko’p ayollar, bolalar va keksalar misli ko’rilmagan azob-uqubatlarni boshidan kechirdilar. Hatto Jizzax fojiasi Peterburgda Duma yig’ilishida muhokama etildi. Duma bu masalani, umuman 1916 yilgi qo’zg’olonni bostirishda chor ma’muriyati tomonidan yo’l qo’yilgan shafqatsizlikni tekshirish uchun Duma a’zosi A. F. Kerenskiy boshchiligida maxsus komissiya jo’natadi. A. F. Kerenskiy ahvolni tekshirib, tub aholi g’alayonlarini bostirish uchun belgilangan jazo ekspeditsiyasi o’ta shafqatsizlik qilib, nafaqat erkaklarni, balki ayollar va bolalarni ham qirib tashlagan; aholi turar-joylarini shu qadar buzib, yakson qilganlarki, bunaqasi urush maydonlarida ham yuz bergan emas (masalan, Jizzax shahri butunlay yakson qilingan), deb topadi.

Bunday holat qo’zg’olonchilarning esdaliklari va xalq og’zaki ijodida ham o’z aksini topgan:

Taxta ko’prik bitdimi?
Nikolay podsho o’tdimi?
Jizzax shahrini vayron qilib
Murodiga yetdimi?

Osh kadi, palok kadi,
Tomga chiqib dod ayladi,
Namozgohni soldat bosib
Jizzaxni vayron ayladi[3].

Xalq qo’zg’olonlari Sirdaryo viloyatida ham alanga oldi. 11 iyul` kuni Toshkentning Eski shahar qismidagi politsiya boshqarmasiga boradigan ko’chada xotinlar dod-voy ko’tarib, mardikorlikka hech kimni bermasliklarini izhor etganlar. Ularga erkaklar ham qo’shilgan. Politsmeystr Mochalov mirshablarga idoraga kiradigan yo’llarni to’sishni va hech kimni qo’ymaslikni buyurgan. Biroq, ikki-uch ming kishilik olomon panjaralarni sindirib, mirshablarni toshbo’ron qilib, ichkariga kirganlar. Xotinlar «mardikorlikka bermaymiz», erkaklar esa «bormaymiz, shu yerda o’lamiz», deb baqirishgan. Qo’zg’olonchilardan biri mirshab Yo’ldosh Muhammad qo’lidan to’pponchani tortib oladi. Boshqarma idorasining qorovuli Mirahmad Mirakshaev ma’muriyat yonini olganligi uchun olomon tomonidan o’ldirilgan. Shuningdek, xaloyiq politsiya boshqarmasining mirzasi Trentoveus boshini jarohatlagan. Toshbo’ron tufayli Sebzor dahasining mirshabi Said Ismoiljonov, Shayxontohur dahasining mirshablari Tilla Eshmuhamedov va Doniyorxo’ja Isaxo’jaevlar jarohatlanadi. Askarlardan uch kishi yaralangan. Olomon boshqarma idorasi deraza va eshiklarini sindirdilar. Shu paytda xotinlarning qo’zg’olonga qatnashayotganligini qoralagan Obid usta Azizxo’jaev kaltaklandi. U shahar kasalxonasida o’lgan. Prokuror aybnomasida ko’rsatilishicha, u politsiya boshqarmasi idorasi derazasi tagida turib, shovqin-suron ko’tarish va toshbo’ron qilish erkaklar turganda xotinlarga munosib emas, degan. Shu zahoti erkaklar va xotinlar uni ko’chaga sudrab olib chiqishadi. Kimdir biqini va qorniga pichoq urgan. Qo’zg’olon vaqtida podpolkovnik N. YE. Kolesnikov bir necha marotaba olomonni tinchlantirishga harakat qildi. Ammo ular qarshilik ko’rsatishni to’xtatmadilar. Qo’zg’olonchilardan biri qo’lida qilichi bilan N. YE. Kolesnikovga tashlanganida u bu kishini to’pponchadan otib o’ldiradi. Shundan keyin xaloyiqning qoni qaynab «Ur!» degan ovozlar yangradi. Olomon orasida Mahmud Mirsoatov ismli gimnaziya o’quvchisi «Mirshablarni uringlar!» deb odamlarni hujumga chaqirgan. Qo’zg’olonchilardan Mirqosim Isamuhammedov sherigi bilan telefon simini uzgan. Olomonning boshqarma idorasiga bostirib kirishi xavfi tug’ilgandan keyin N. YE. Kolesnikovning buyrug’iga ko’ra ularga o’q uzildi. Natijada 11 kishi o’ldirildi va 15 kishi yarador qilindi. O’lganlar orasida Abdusamad Abdusoatxo’jaev, Shoyunus Abdukarimov va boshqalar bor edi. Ayollardan Ro’zivonbibi Ahmadxonova o’ldirildi. Zo’rbibi Musamuhammedova yarador qilindi. Usta Odil Alimboev, Oxunbobo Abdulla Azizov, mulla Olim Fayziboev, Po’lat Mirisaev, Shokir Kamolov, Ernazarxo’ja Ikromboev, Sodiq Qoriev va boshqa kishilar yaralangan edilar. Boshqarma hovlisida ro’y bergan fojiadan ko’p o’tmay Toshkent shahar boshlig’i S. O. Kochin yetib keladi. U o’zi ko’rgan voqeani shunday bayon etgan: «Men politsiya boshqarmasiga kelganimda ko’chada, boshqarma atrofida va qisman hovlisida erkaku xotinlardan tashkil topgan olomonga duch keldim. Olomon bir necha ming kishidan iborat bo’lib, ular orasida o’lganlar va yaradorlar yotardi…

Politsiya boshqarmasiga boradigan ko’chada ayrim kishilar menga yig’i-sig’i aralash nimalarnidir tushuntirishib, kimlarningdir ustidan shikoyat qilmoqchi bo’ldilar. Bu yerdagi erkaklar va xotinlarning hammasi xo’rlangan va ezilgan ko’rinadi. Politsiya boshqarmasiga kirganimda Eski shahar mirshablarining hammasini qo’llarida to’pponcha ushlab turganliklarini ko’rdim. Boshqarma binosi yonida telefon simi uzilgan holda yotibdi. Idoraning ichida g’isht va tosh parchalarini, eshik va derazalar singanini ko’rdim. Hali harbiy qismlar kelmagan edi. Olomonning tarqalishini so’rab qilingan takliflar inobatga olinmay, shovqin-suron eshitilib turdi. Ko’p o’tmay o’liklarni va yaradorlarni olishga va tibbiy yordam ko’rsatishga kirishildi. Shu paytda boshqarmaga harbiy bilim yurtining bo’linmasi va Toshkent Yangi shahrining mirshablari kelishdi. Shundan keyin harbiy qismlar ham kelib, olomonni ko’cha tarafdan o’rab oldi va ularni tarqatishga muvaffaq bo’lindi. Qo’zg’olonchilardan bir guruhi mirshab Mirkomilning xonadoniga hujum qilish uchun Beshog’och tomonga ketishgan ekan».

Chor hukumati qo’zg’olonni bostirgandan keyin ko’p kishilarni hibsga oldi va sud qildi. G’alayonning faol qatnashchilaridan etikdo’z Abdurahmon Qayumso’fiev va qora ishchi Mirqosim Shomuhammedov osib o’ldirishga hukm etildi. Ishchilardan Tojiboy Yunusxo’jaev, G’ulom Kamolov, Yo’lchi Ibrohimov, Nizomiddinxo’ja Zayniddinxo’jaev, kambag’al dehqon Murodxo’ja Mahmudali Xo’jaev, Yoqub Murodjaboev va boshqalar uzoq muddatli surgun yoki qamoq jazosiga tortildi. Garchand Toshkent qo’zg’oloni bostirilgan bo’lsa-da, uning aks sadosi butun o’lka bo’ylab taraldi. Avvalo, g’alayonlar Toshkent atrofidagi joylarda avjga chiqdi. Odamlar 12—14 iyul` kunlari Xitoytepa, To’ytepa, G’ishtko’prik, Xonobod, Piskent va Kaufman stantsiyasi (Zangiota)da bosh ko’tarib, mardikorlikka bormasliklarini ma’lum qildilar. 15—16 iyulda Vrevskiy stantsiyasi atrofida va 84-temiryo’l raz’ezdida ko’p ming kishilik olomon ko’chaga chiqdi. 20 iyulda Bulat bo’lisida 50 ming, Qibrayda 6 ming kishilik olomon mardikorlikka qarshi isyon ko’tardi.

Ular orasida To’ytepada bo’lgan ko’tarilish ajralib turadi. Bu yerda xaloyiq oqsoqol uyi, idorasi va imperator Nikolayning suratini yondirib tashladi. Chor harbiy bo’linmasi qo’zg’olonchilarga o’q uzishi natijasida 20 kishi nobud bo’ldi va yarador qilindi.

Sirdaryo viloyatiga qarashli Amudaryo bo’limida (Qoraqalpog’iston) ham qo’zg’olonlar yuzaga kelganligi ma’lumdir. Qo’zg’olon Farg’ona viloyatini ham qoplab oldi. 1916 yil 9 iyul` kuni g’alayon Andijon shahridagi Jome machiti maydonida ko’tarildi. Bu qo’zg’olonga A. Hakimoqsoqolov, A. Ro’ziboev, M. Abdukarimov singari kishilar boshchilik qilgan. Andijon uezdi boshlig’i I. A. Brjeziskiyning ma’lumotiga ko’ra, 500 kishilik olomon chor hukumatining mardikorlikka safarbarlik to’g’risidagi farmoniga bo’ysunmasliklarini aytganlar. Ular uezd boshlig’ining tushuntirishiga quloq solmay, undan farmonni bekor qilishni va mardikorlikka safarbar qilmaslik haqida tilxat berishini qat’iy ravishda talab etganlar. Aksincha ellikboshilar va boshqa amaldorlar bitta qoldirilmay o’ldirilishi va ularning mol-mulklari talon-toroj qilinishini uezd boshlig’iga bildirganlar. Bu talabga rad javob olingandan keyin qo’zg’olonchilar politsiya va harbiy otryadga qarshi ketmon, tosh va tayoqlar bilan tashlandilar. Bu to’qnashuvda harbiy bo’linma tomonidan o’q uzilib, qo’zg’olonchilardan 10 kishi yaralangan va 3 kishi o’ldirilgan, askar va politseylardan bir necha kishi shikastlangan. 10 iyulda Oltinko’l bo’lisiga qarashli Dalvarzin qishlog’ida qo’zg’olonchilar bo’lis boshlig’i Mullaxonishbek Mullaro’zibekov va uning ikki hamrohini o’ldirdilar. Bunda qishloqning butun aholisi qatnashdi. Jazo bo’linmasi yetib kelgan vaqtda ularning hammasi qishloqni tark etgan edilar.

13 iyulda Andijon uezdi Maygir bo’lisining Chuam qishlog’ida qo’zg’olon ko’tarilib, olomon qishloq oqsoqoli Y. Hasanboev, ellikboshi Qipchoqboy va mulla Yo’ldosh Sultonxo’jaevlarni urib o’ldirganlar. Shuningdek, ular amaldorlarning uylarini buzib, mol-mulklarini talaganlar. Qishloq oqsoqolining otasi K. To’raqulboevning ko’rsatishicha, xaloyiq uy-joylarni vayron qilishdan tashqari, 200 ming so’mlik qarzdorlik hujjatlari va veksellarni yondirib tashlaganlar.

Qo’zg’olonlar jazo bo’linmalari tomonidan shafqatsiz bostirilishiga qaramay, tobora keng yoyila borgan. 12 iyuldan 13 iyulga o’tar kechasi Chek Oftobachi va Chek G’ofir qishloqlarining 300 kishilik olomoni qishloq oqsoqolining uyiga bostirib kirib, uni topib berishlarini oila a’zolaridan talab qilganlar. Bu vaqtda oqsoqol va ma’muriyatning boshqa vakillari Andijon shahrida yashirinib yurgan edilar. Qo’zg’olonchilar oqsoqolning o’g’lini va boshqa qarindoshlarini bog’lab, oqsoqolni topib berishmasa, ularni o’ldirish va uy-joylarini yondirishni ma’lum qiladilar. Hatto qo’zg’olonchilar oqsoqolni qidirib topish va jazolash maqsadida o’z vakillarini shaharga yuborganlar. Chek Oftobachi qo’zg’olonchilarining boshlig’i kurashni davom ettirish maqsadida Xonbog’, Chek Madiyor kabi qishloqlarga o’z vakili mirob Sotiboldievni yuborib, xalqni ko’tarilishga, amaldorlarni jazolashga da’vat etadi.

08Qo’zg’olon Donqo’yma qishlog’ida ham bo’lib o’tgan. Bu yerda xaloyiq qishloq oqsoqoli M. Sarimsoqovning xonadoniga bostirib kirib, mardikorlar ro’yxatini va boshqa hujjatlarni kuydirib, oqsoqolni topib berishlarini qarindoshlaridan talab qilganlar. Xalq qo’zg’oloni Mirobod qishlog’ida ham bo’lib, mahalliy ma’muriyatning zulmi va adolatsizligiga qarshi kurashganlar. Ma’muriyat vakillari qo’zg’olonchilarning jazosidan shaharga qochib qutulganlar.

Norin, Baliqchi, Jalolquduq, Hakimobod, Izboskan, Yerboshi bo’lislarida, Cho’ja, Xo’jaobod, Kapa, Poda kishloqlarida bo’lib o’tgan xalq harakatlari ham diqqatga molikdir. Bu yerdagi ko’zg’olonlarda ham yuqoridagi xatti-harakatlar takrorlangan.

Farg’ona viloyatidagi eng yirik qo’zg’olonlardan biri 10 iyulda Marg’ilon shahrida bo’lib o’tgan edi. 20—25 ming kishidan iborat shahar aholisi O’rda maydonida to’planib, mardikorlikka qarshi ko’tarildilar. Qo’zg’olonchilar mardikorlikka olish haqidagi Farmonni tushuntirish va amalga oshirish maqsadida so’zlamoqchi bo’lgan politsmeyster, podpolkovnik Paxotin va mahalliy ma’muriyat vakillariga gap bermay, hujum qilganlar. Polkovnik Paxotin esa to’pponchasini o’qtalgan holda zo’rg’a to’dadan qochib qutulgan. Mehnatkash xalqqa jabr o’tkazgan oqsoqollar esa maydonda olomon tomonidan kaltak, ketmonu toshlar bilan urib o’ldirilgan. Odamlar tarqab ketishi hamono qo’shimcha harbiy bo’linma kelib, O’rda maydoni va boshqa muhim joylarni egalladi. Kun davomida qo’zg’olonning faol qatnashchilari qidirilib, ulardan 63 kishi qamoqqa olindi. Jinlar qishlog’ida esa qo’zg’olonchilar bilan jazo bo’linmasi o’rtasida to’qnashuv ro’y bergan.

Kazaklardan  iborat jazo bo’linmasi, 1916 yil

Yozyovon bo’lisining turli joylarida bo’lib o’tgan qo’zg’olonlarda 36 kishi sud javobgarligiga tortilgan. Ularda asosan xotinlar faol ishtirok etgandilar. Shu boisdan ayollar ustidan tergov qo’zg’atilgan. Biroq, jamoat tazyiqidan cho’chigan chor ma’muriyati ayollar ustidan olib borilgan tergovni pirovardida to’xtatgan edi. Aravon bo’lisida xaloyiq adolatsizlik va zulmga qarshi ko’tarilib, bo’lis hokimini kaltaklab o’ldirganlar. G’alayon sabablarini Turkiston tumani muhofaza qilish bo’limi boshlig’i M. N. Volkov shunday bayon etgan: «Qo’qon shahrida Aravon bo’lis hokimi Ibrohimning o’ldirilishi u tomonidan aholining qattiq zulm ostiga olinishi natijasida sodir bo’ldi. Bo’lis hokimi safarbarlikka ishchi kuchlarini jalb etish haqidagi buyruqni oliboq bo’lim mirzasi G’ofir bilan maslahatlashib, chaqiriq ro’yxatiga barcha kishilarni kiritish va kim pul bersa, uni ro’yxatdan o’chirishga qaror qildilar, bu uning o’limiga olib keldi. Ko’rsatilgan bo’lim mirzasi G’ofir oyiga 25 so’m maosh oladi. Biroq, u keyingi ikki yil davomida Qo’qon shahrida 6 ming so’mga yaqin bahoda uy sotib oldi. 2000 so’mdan ortiq pul sarflab, o’zi va ukasini uylantirdi. Bundan tashqari uning 1000 so’m naqd puli bor. Farg’ona viloyat bo’lislari hokimlarining ko’pchiligi Aravon bo’lis mirzasi kabi ish yuritadilar». 9 iyul` kuni mazkur bo’lisning Roziyog’liq qishlog’i aholisi ko’targan qo’zg’olon jiddiy tus oldi. Mahalliy ma’muriyatning adolatsizligi va zulmidan sabr kosasi to’lgan olomon bo’lis hokimi I. Hasanboev va uning hamrohlarini urib o’ldirgan. Qo’zg’olonchilardan biri halok bo’lgan. Qo’zg’olonni bostirish uchun yetib kelgan jazo bo’linmasi darhol olomonni qurshab olib, 316 kishini hibsga olgan. Bu qo’zg’olonda 2 ming kishidan ortiq erkak va ayol qatnashib, ular Aravon, Kaligor, Turkman, Chomoshbi, Barzangi kabi qishloqlar aholisidan tashkil topgan edi. Qo’zg’olonda qatnashgan ayollar: «O’g’illarimizu erlarimizga ming so’m berilsa ham mardikorlikka bermaymiz», deb xitob qilganlar.

Qo’zg’olonlar tarixida Naymancha qishlog’i aholisining ko’tarilishi diqqatga molikdir. Bunda ayollar jasorat va tashabbus ko’rsatib olomonning birinchi safida turganlar. Shundan keyin jazo bo’linmasi zo’rlik bilan ayollarni chetlatib, erkaklar bilan yuzma-yuz bo’lgan. Shunda olomon orasidan bo’linma boshlig’iga qarab toshlar otilgan. Bu qo’zg’olon ham bostirilgan. 11 iyuldan 12 iyulga o’tar kechasi 400—500 kishilik olomon To’da qishloq oqsoqoli qo’lidan mardikorlik ro’yxatini tortib olib, kuydirgan. Bu vaqtda Rishton qishlog’ida ham M. Boboxonov, SH. Hojiev, P. Yo’ldoshboev va boshqa kishilar rahbarligida qo’zg’olon ko’tarildi. 500—600 kishilik olomon Qo’qon uezd boshlig’i K. V. Medinskiyning tushuntirishiga quloq solmay, bo’lis hokimi M. Jalolovga tashlanib uni o’ldirmoqchi bo’ldilar. Biroq, hokim olomon orasidan qutqazib olindi. K. Medinskiyning qo’zg’olonchilardan bir necha kishini ushlab olishi olomonni yanada g’azablantirdi. Xaloyiq harbiy otryadni qurshab ola boshladi. K. Medinskiy va uning hamrohlari, shu jumladan mahalliy ma’muriyat qadam-baqadam qurollarini o’qtalgan holda chekina boshlaydi. Bu vaqtda qo’zg’olonchilarning bir guruhi K. Medinskiyning orqa tomonidan to’sib oldi. Harbiy bo’linma va ma’muriyat vakillari ketmon, tosh, kaltaklar bilan qurollangan olomon halqasida qoladi. Harbiy bo’linma o’t ochganda qo’zg’olonchilardan uch kishi yaralangan, 12 kishi qamoqqa olingan.

Xalq g’alayonlari mayda qishloqlarda ham yuz bergan. Bunday hollarda uch-to’rt qishloq ahli birgalikda harakat qilgan. Masalan, Qirqketmon, Beshkalapoyon va Beshkallabola qishloqlaridagi xalq ommasi Qudash qishlog’iga to’planib, bo’lis hokimini o’ldirmoqchi bo’lib, qidirganlar. Ellikboshi va uning o’g’lini kaltaklaganlar hamda uyini buzib, mol-mulkini talaganlar. Harbiy bo’linma tomonidan qo’zg’olon qatnashchilaridan 18 kishi hibsga olingan. Qo’zg’olonlar temiryo’l va stantsiyalar, telefon va telegraf simlarini xavf ostiga qo’ygan. Shuning uchun ham Qo’qon jandarmeriya boshlig’i temiryo’lga yaqin joyda aholi to’planib Gorchakov stantsiyasini egallash, telefon va telegraf orqali aloqani buzishga shaylanayotganini Farg’ona viloyati general-gubernatorligiga ma’lum qilgan edi. Qo’zg’olonlar bostirilgani bilan baribir chor ma’muriyati vakillari mavqeiga zarba berardi. «Keyingi kunlardagi g’alayonlar,— deb yozgandi Qo’qon uezdining boshlig’i K. Medinskiy,— aholi orasida mahalliy ma’muriyatning mavqeini ancha qo’porib tashladi. Mahalliy ma’muriyat haddan tashqari asabiylashgan bo’lib, o’ziga ishonchni yo’qotmoqda. Musulmon bayramining birinchi kunida (18 iyul`) umumiy qo’zg’olon ko’tarilishi to’g’risida qat’iy so’zlar eshitilmoqda. Xavfsizlikni ta’minlash uchun Qo’qon shahar garnizonini tezda kuchaytyrish lozim». Shuningdek, bu hujjatda temiryo’llar xavfsizligini darhol oshirish ham bayon etilgan.

Xalq g’alayoni Namangan uezdida ham keng ko’lamda o’tgan edi. 9 iyulda minglab erkak va ayollar chor va mahalliy ma’muriyatning mardikorlikka olish haqidagi farmonini tan olmasliklarini bildirganlar. Ma’muriyatning qo’zg’olonni tarqatib yuborishga qaratilgan harakatlari hech qanday natija bermadi. Aksincha, xalq ommasi tobora ko’payib bordi. Shundan keyin pulemyotlar bilan qurollangan harbiy rota chaqirilib, olomonni qo’rqitish chorasi ko’rildi. Biroq, qo’zg’olonchilar ro’yxatning berilishini qat’iy turib talab qiladilar. Shu vaqtda olomon orasidan «Ur!» degan so’zlar yangrab, xalq rotaga tashlandi. Askarlar pulemyotlardan o’q uzib, qo’zg’olonchilardan 12 kishini o’ldirdilar va 38 kishiga tan jarohati yetkazdilar.

Namangan uezdi boshlig’i P. R. Krashkovning ko’rsatishicha, yarador bo’lgan qo’zg’olonchilar ma’murlarga qarata: «Bu hech narsa emas, baribir biz o’z maqsadimizni amalga oshiramiz!» deb xitob qilganlar. Qo’zg’olon vaqtida katta-kichik oqsoqollar, qozilar, politsiya, umuman ma’muriyat vakillarining hammasi o’ldirilishi haqida xitoblar eshitilib turgan. Qonli to’qnashuvlardan keyin qo’zg’olon tarqalib, uning faol qatnashchilaridan 19 kishi qamoqqa olingan.

12 iyulda shu uezdning Olmos qishlog’ida erkak va ayollar birgalikda bosh ko’tarib, mahalliy ma’muriyatning adolatsizligi, qiynog’iga qarshi kurashdilar. Ular qishloq oqsoqoli M. Abdurahimov va uning yonidagi hamrohlarini kaltakladilar. Bu xildagi harakat Jarqo’rg’on qishlog’ida avjga chiqdi. 11 iyulda bu qishloqda 1000 ga yaqin odam to’planib, ular mahalliy ma’muriyat joylashgan boloxonali uyni qurshab olib, ro’yxatni talab qildilar. Qishloq oqsoqoli Tojiboy ro’yxatlarni olomon o’rtasiga tashlashga majbur bo’ldi. Bu hujjatlar darhol yo’q qilindi. Biroq, qo’zg’olonchilar bu bilan qanoatlanmay, boloxonaga bostirib kirib, bo’lis hokimini yerga tashlab yuboradi. Olomon oqsoqolni kaltaklab o’ldiradi. Shundan keyin olomon bo’lis hokimi uyini xonavayron qilib tashlaydi.

Uezdning Peshqoron, Uychi, Xo’jaobod, Uyg’ur, Toshqo’rg’on va Barzik qishloqlari aholisi bosh ko’tarib amaldorlarning uylariga hujum qilgan va ro’yxatlarni yondirib tashlaganlar. 14 iyulda uezdning Chindaul qishlog’ida katta qo’zg’olon bo’lgan. 1000 kishiga yaqin xalq ommasi ma’muriyatning safarbarlik haqidagi tushuntirish so’zlariga quloq solmay, norozilik bildirganlar. Qo’zg’olonchilar politsiya va uning boshlig’ini qurshab, ro’yxatlarni tortib olganlar. Shuningdek,ular bo’lis idorasini buzib tashlaganlar. Qo’zg’olonning 50 nafar faollari ishi sudga oshirilgan.

15 iyulda uezdning Chodak qishlog’ida ko’tarilgan qo’zg’olon ham e’tiborni tortadi. Ko’p sonli olomon bo’lis hokimi Mullaqozi Xudoyberdievning uyiga bostirib kirgan, uni tepkilagan. Ketmon, tayoq, tosh va boltalar bilan qurollangan xalq SH. Toyirboev, M. Karimov, M. Ashirmatov kabi ma’murlarni ham do’pposlagan. Ayrim qo’zg’olonchilarda to’pponcha ham bo’lgan. Odamlar qishloq oqsoqoli N. Aminovning uyi va bog’ini xonavayron qilib tashlaydi. Shuningdek, oqsoqolning 15 ming so’m puli va 10 ming so’mlik qarzdorlik hujjatlari hamda 10 ming so’mlik uy jihozlari va mollarini yo’q qilgan. Oqsoqolning o’zi O’sh shahriga qochib qutilgan. Bu yerda ham qo’zg’olonning faol qatnashchilaridan 90 kishi qamoqqa olindi.

Chor hukumati o’lkada qo’zg’olonlarni bostirish uchun 14 batal`on, 33 kazak harbiy bo’linmasi, 42 to’p va 69 pulemyot ajratadi. Jazo bo’linmalari shafqatsizlik bilan harakat qildilar. Bu haqda general-gubernator A. Kuropatkinning rus imperatori Nikolay II ga yozgan raportida shunday satrlar bor: «Siz imperator Oliy hazratlari va barchaga muqaddas vatan hisoblangan buyuk Rossiya oldida o’z sodiqligini unutganligi, jinoiy ishlar qilganligi uchun Turkiston aholisi qattiq jazolandi». Qo’zg’olon qatnashchilaridan 3000 dan ortiq kishi sudga berilib, ulardan 347 tasi osib o’ldirishga hukm etilgan. Biroq, vaziyatni yanada keskinlashtirmaslik uchun ulardan 51 tasi qatl qilinib, qolganlariga o’lim jazosi qamoq va surgun bilan almashtirildi. Yuzlab odamlar turli muddat bilan qamoqqa hukm etildi. Ayrim shahar va qishloqlar butunlay yakson qilindi. Ko’plab uylar kuydirildi va mol-mulklari talandi. Ayniqsa, Jizzax qo’zg’olonchilariga nisbatan vahshiylarcha munosabatda bo’lindi. Bu jihatdan Jizzax g’alayoni ishtirokchisi To’ra Norboyning xotiralari bizga ko’p narsani oydinlashtirib beradi. «Jazo bo’linmalari tog’da qochib yurib, och qolib, qishloqdan ovqat olib kelish uchun tushgan Mavlon Aymatovni ushladilar. U bilan yana 7 kishini ushlab daraxtlarga bog’ladilar. O’n kungacha har kuni bir bor kaltaklab, ustidan suv quydilar. Askarlar qishloqdan ketadigan bo’ldilar. Shunda ular bu 7 kishini kaltaklab, o’ldirib ketdilar». Qo’zg’olon qatnashchilaridan biri Muqim Urdushov Toshkentga qochib, so’ng Jizzaxga qaytib kelib, boshidan kechirganlarini quyidagicha bayon etgan: «Toshkentdan Jizzaxga keldim. Kechasi stantsiyaga yetib, namoz vaqtida shaharga tushib ketdim. Yo’lda ko’p askarlarni ko’rdim. Ularni yonida xalqdan talab olingan qimmatli ro’zg’or ashyolari tog’-tog’ bo’lib yotibdi. Askarlar qimmatli ipak so’zanalarni, atlas va shohi ko’rpalarni otlariga yopib qo’yibdilar. Ipak gazlamalarni, shohi ko’rpalarni tuproqqa yozib ustida ag’nab yotibdilar. Hovliga chiqsalar ham shohi va atlas ko’rpalarni yopinib chiqmoqdalar. Bunda xalqdan talab olingan minglarcha ot-mollar va qo’ylar turibdi. Oyoq ostida bosilib yotgan qimmatli narsalarni ko’rib, juda rahmim keldi. Eski shahar yo’lida ketayotganimda Yangi shaharga qarab qator-qator borayotgan xotin-qizlarni ko’rdim. Ular mendan: «Askarlar talab ketgan narsalarni qaytarib berayotgan emish, deb eshitdik, shu to’g’rimi?» deb so’radi. Men buni ko’rmaganligimni aytdim. Eski shaharga tushsam, eng yaxshi binolar, mahallalar, shahar ko’chalaridagi timlar, do’konlar, oshxonalar va choyxonalar kuyib, yer bilan tep-tekis bo’lgan. Bunda boyo’g’li sayramoqda. Xalq och va yalang’och, juda og’ir ahvolda. Bu ahvolni ko’rib ko’p achindim».

«Bir kuni, — deb yozadi qo’zg’olon ishtirokchisi Mamasharif Husainov, — shahar atrofini askarlar o’rab, har hovliga besh-oltitadan bo’lib kiraverdilar. Odamlarni urib-so’kib uylaridan quvib chiqdilar. Beshikdagi bolalarni yechib olishga qo’ymadilar. Xalqni bozor maydoniga to’plab, yosh va jinslariga qarab to’dalarga ajratdilar. Atroflariga to’p va pulemyotlar o’rnatdilar. Askarlar ba’zi odamlarni qulog’idan burab, to’p og’ziga olib borib, keyin qo’yib yuboradilar. Ba’zilari odamlarga qarab miltiqlarini sharq-shurq qilib qo’rqitadilar. Odamlar orasida Oqposhsho Jizzax xalqini otib yubordi, endi hammamizni otar ekan, degan gap tarqaldi. Xalqni vahima bosdi. Xotinlar va bolalar yig’ladi. Askarlar ularni miltiq qo’ndog’i bilan urardilar. Bir vaqt Yangi shahardan bir otliq askar chopib kelib: «Siz, makkor Jizzax xalqi podshohi a’zamning oliy farmoniga itoat qilmaganliklaringiz uchun podshohi a’zam sizlarni otuvga buyurgan edi. General-gubernator Kuropatkin sizlarning gunohlaringizni Oqposhshodan tilab olibdilar. Sizlar endi bu shaharda yashashdan mahrum bo’ldingiz. Sizlarni shahardan 25 chaqirim nariga surgun qilamiz», dedi. Askarlar, mingboshi va politsiyachilar xalqni uch tomonga bo’lib haydadilar. Kun benihoyat issiq, hammayoqni chang-to’zon qoplagan, Eski shaharga keladigan suv Yangi shaharda bo’g’ib qo’yilganligi uchun hech joyda suv yo’q. Bizlarni askarlar yugurtirdi. Bir yerga to’xtatib, hammaning yonini kavlab, bor pullarini qoqib oldi. Yana yugurtirdi. Chopolmay yiqilganlarni miltiq qo’ndoqlari bilan urdilar. U vaqtdagi dod-voy olamni tutar edi. Yosh bolalar suvsizlikdan yuragi ko’yib, o’lib qolaverdi. Homilador xotinlar tug’ib yotibdi, askarlar ularga qarashga yo’l bermaydi. Askarlar yugurishdan bosh tortganlarni otdilar. Yugurib ketayotgan xalqni yana to’xtatib, qo’llaridagi uzuklarni, quloqlaridagi sirg’alarini yulib oldilar. Shu ravishda cho’lga yetib borguncha necha joyda tekshirib, to yaxshi kiyimlarigacha yechintirib oldilar. Bizlarni shunday azob-uqubatlar bilan shom paytida Qilich cho’liga olib borib, tashlab qaytdilar. Odamlarda ovqat ham, ko’rpa-yostiq ham yo’q edi. Hamma och va suvsiz qoldi. Kechasi biz qishloqlarga borib ovqat olib kelib, hammaga oz-oz ulashib turdik. Bir to’p odamlar och qolib, kasallikdan o’ldilar. Ular 10 kundan keyin bizga shaharga kelishga ruxsat berdi».

006

Bayon etilgan satrlarda, asosan qo’zg’olonchilarning ota-onalari va oila a’zolariga qilingan azob-uqubatlar haqida fikr yuritilayotir. Qo’zg’olonchilarning o’zlariga nisbatan qo’llanilgan jazolar bundan ham qattiq bo’lgan. Ma’murlar Jizzaxda qo’zg’olon ko’tarilganini ro’kach qilishib 2000 gektar unumdor yerni davlat foydasiga o’tkazishadi. Shu tariqa dehqonlar hayotining asosiy manbai hisoblangan yerdan mahrum etilgan. Shular qatorida tashabbuskor qo’zg’olonchilar osib o’ldirildi. General-gubernator A. Kuropatkin bayon etilgan jazo choralarining kelajakda asqotishini yuqorida keltirilgan raportida quyidagicha ta’riflagan edi: «Tub aholi shuni yaxshi bilsinki, rus qoni to’kilgan taqdirda aybdorlar osib o’ldirilishi barobarida ularni yerlari Andijon (Dukchi eshon — H. Z.) qo’zg’oloni ishtirokchilariniki kabi tortib olinadi. Har bir g’alayondan keyin qat’iy ravishda qo’llanilayotgan bu tartib tub aholini rus hukumatiga qarshi qurol ko’tarmaslikka majbur etishi lozim».

Shuni aytib o’tish kerakki, yuqori tabaqa orasida dilida chor hukumatiga va mardikorlikka olishga qarshi bo’lgan kishilar yo’q emas edi. Ular o’z maqsadlarini oshkor etishdan cho’chib, pinhona ish yuritdilar. Masalan, Andijon shahridagi eng yirik millioner Mirkomil Mirmo’minboev Qo’qon va Marg’ilon shaharlari mingboshilari nomiga quyidagicha xat yuborgan: «Shahringizdagi aholi va boylarga mardikorlikka qarshi chiqishlarini ayting. Rossiyaning ahvoli juda tang, shuning uchun hech narsadan qo’rqmanglar. Hammangiz bir yoqadan bosh chiqarib ish yuritsangizlar, mardikor olinishiga qarshi qo’zg’olon ko’tarilishi oson. Hozirgi vaziyatda hukumat amaldorlariga pul bo’lsa bas, hamma ishni bitiradilar. Mening xaloyiqni qo’zg’olonga undash harakatim bilinib tekshiruv o’tkazilganda 150 ming so’m berib o’zimni saqlab qoldim. Shu boisdan sizlar ham xavotirlanmay harakat qilaveringlar». Mirkomil Mirmo’minboev bunday xatlarni boshqa joylarga ham yuborgan. Biroq, yuqori tabaqa vakillari qo’rqoqlik va loqaydlik qilib qulay fursatdan foydalana olmadilar. Hatto milliy burjuaziya va ziyolilar zaif bo’lganligi uchun o’zlarini o’tga urishga cho’chidilar. Natijada xalq g’alayonlarini jipslashtiradigan siyosiy kuch — rahbar topilmadi. Tosh, g’isht parchasi, tayoq, bolta, temir-tersak va boshqa oddiy narsalar bilan qurollangan omi omma miltiq, to’pponcha, qilich, pulemyot va to’plarga ega bo’lgan imperiya qo’shinlariga qarshi o’zlari bilganicha kurash olib bordilar. Jazo bo’linmalarining vahshiyligi o’lkada juda xatarli vaziyatni yuzaga keltirdi. Bundan vahimaga tushgan mahalliy tabaqa vakillari va ziyolilar ahvolni yumshatish, va tinchlikni ta’minlash maqsadida mardikor olishga qaratilgan farmonni amalga oshirishga chor ma’murlariga yaqindan yordam berishga jazm etdilar. Hatto ular «avom xalqni» qo’zg’olon ko’targanliklari uchun istilochi ma’murlardan kechirishlarini iltijo qildilar. O’sha yili «Turkiston viloyati» ro’znomasining sahifalarida rus imperatorini ko’klarga ko’taruvchi va mardikorlikka borish har bir kishining vatan oldidagi burchi ekanligi haqida she’ru maqolalar chop etildi.

Shuningdek, mahalliy ma’muriyat, milliy burjuaziya va ziyolilar boshchiligida «mahalliy yordam komitetlari» tuzildi. Ular mardikorlarni to’plash, jo’natishga ko’maklashish bilan bir qatorda jamoadan ularning ehtiyoji uchun mablag’ to’pladilar. Qahatchilikdan, jazo bo’linmalarining qirg’inlaridan nihoyatda toliqqan xaloyiqning qayta qo’zg’olon ko’tarishga holi qolmadi. Bayon etilgan qulay fursatlardan foydalangan chor hukumati imperator farmonini amalga oshirishga qat’iy ravishda kirishdi.

1916 yil 23 avgustida A. Kuropatkin mardikorlikka safarbar qilish tadbirlari haqida buyruq chiqardi. Unda mardikorlikka olinadigan odamlar soni quyidagicha taqsimlangan: Sirdaryo viloyati 60 ming, Samarqand viloyati 32407, Farg’ona viloyati — 51233, Yettisuv viloyati 43000 va Kaspiy orti viloyati 13830 kishi belgilandi. Safarbarlik 1916 yil 18 sentyabridan to 1917 yil fevral` burjua-demokratik inqilobi g’alabasiga qadar davom etdi. P. Kovalyovning bergan ma’lumotlariga ko’ra, mardikorlar Moskva, Peterburg, Ryazan`, Tula, Oryol, Smolensk, Penza, Bryansk, Dvinsk, Nijniy Novgorod, Qozon, Samara, Perm, Yekaterinburg, Orenburg, Kiev, Xar`kov, Yekaterinoslav, Odessa, Zaporoj`e, Kerch Tbilisi, Botumi va boshqa joylarga jo’natilgan.

e293f59f4ae0fed75a859fdf17db3e7b_XL.jpgChor ma’muriyati belgilangan 200470 kishi o’rniga 123 mingdan ortiq mardikorlarni safarbar qilishga muvaffaq bo’ldi. Ulardan 101600 kishi — Rossiyaning g’arbiy qismiga, 4000 kishi — Sibirga, 7405 kishi Kavkazga yuborilgan. 10 mingdan ortiq kishi Turkiston o’lkasida ishlatildi. Mardikorlar harbiy va sanoat korxonalarida, konlarda, temiryo’llar qurilishida, o’rmonlar va ayrim kapitalistlarning xo’jaliklarida betinim ishlatildi. Ular ochlikdan, xo’rlikdan, mashaqqatli mehnatdan ko’p aziyat chekdilar. Ular orasida sovuq urushdan, turli kasalliklardan o’lganlar va nogiron bo’lib qolganlar bor edi. Mardikorlikka yollangan ajdodlarimiz hayoti xalq og’zaki ijodiyotida quyidagicha aks etgan:

Poezdingni jildirgan,
O’txonasi bilan do’ngalagi,
Dvinskaga ketishdi
Mard yigitning bir bo’lagi.
Dvinskaga ketmas edi
Mard yigitning bir bo’lagi,
Dvinskaga ketkazgan,
Nikolay zolimning zambaragi.
Dvinskaga yo’l bo’lsin,
Qarag’ayzoring kul bo’lsin.
Yigitlarni qiynagan,
Nikolaying yo’q bo’lsin.
So’k oshini ichmayman,
Etigimni yechmayman.
Qorda qarag’ay kesganman,
Hyech haqimdan kechmayman…

O’zbek mardikorlari mashaqqatli va og’ir hayotning asiri bo’lib qolmay, kurash olib bordilar. Ular bir necha marotaba ish tashladilar, harbiy bo’linmalar bilan to’qnashdilar. Ular orasida mahalliy aholibilan birgalikda inqilobiy harakatlarda faol qatnashgan kishilar bor edi. Mardikorlar fevral` burjua-demokratik inqilobidan keyin o’z vataniga qaytishga erishdilar va o’lkaning keyingi siyosiy-iqtisodiy hayotida faollik ko’rsatdilar.

1916 yil qo’zg’oloni chor huqumating mustamlakachilik siyosati avjiga mingan kezda yuzaga keldi. U milliy zulmga, o’lkaning xom ashyo manbaiga va tayyor mahsulotlar bozoriga aylanishiga qarshi qaratilgan edi.

Qo’zg’olonning tarixiy ahamiyati shundaki, u butun Turkiston zaminida yashayotgan turli millat va elatlar siyosiy ongi o’sishiga va kurashlarda chiniqtirishga olib keldi. Shuningdek, unda ayollarning faol qatnashishi muhim voqea sanaladi. Bu hol tarixda kamdan-kam uchraydigan hodisadir. Qo’zg’olon keng quloch yoyishi barobarida chor hukumati hukmronligidan norozi bo’lgan ayrim yuqori tabaqa vakillarini harakatga chorladi. Ular o’lka mustaqilligini tiklash uchun qo’zg’olondan foydalanib qolishga urindilar. Qo’zg’olon chor hukumatining o’lkadagi kuch-qudratini zaiflashtirib, fevral` burjua-demokratik inqilobi g’alabasini ta’minlagan omillardan biri hisoblanadi. Uning ijobiy tomonlaridan yana biri shundaki, rus imperatorining mardikorlikka safarbar etish haqidagi farmonining to’la amalga oshirilishiga keskin zarba berdi. Natijada mo’ljallangan mardikorlar sonining yarimi jo’natildi. Bu minglab oilalarning xonavayron bo’lishidan saqlab qoldi. Qo’zg’olon o’zbek va boshqa qavmlarning mustaqillik va ozodlik uchun olib borgan kurash tarixida o’chmas iz qoldirdi.

Manba: “Sharq yulduzi” jurnali, 1992 yil, 3-son

034

(Tashriflar: umumiy 1 557, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring