Ibodat Rajabova. Yangi she’rlar

67Ўз услубига эга истеъдодли шоира Ибодат Ражабованинг янги шеърларини катта мамнуният билан тақдим этамиз.

Ибодат РАЖАБОВА
ЯНГИ ШЕЪРЛАР

Ибодат РАЖАБОВА – Бухоро вилояти, Пешку туманида туғилган. Самарқанд давлат университетининг филология ҳамда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетларини тамомлаган.
Турли йилларда унинг “Осмондаги фаришта”, “Қуш киприги”, “Бухорнур ёки етти пир”, “Бухорода гужум гуллади”, “Варазруд гулоби” сингари шеърий ва бир қатор насрий-тарихий китоблари нашр этилган.

БУХОРО

Боғсўқмоқлар жаннатга пайванд,
Жўйзарларнинг авлоди баҳор.
Гулчорбоғдан келин туширар,
Майхум бошин қиздириб омбор.

Қалъаларда Тангри излари,
Қишлоқларга уйланган қуёш.
Бухоргужум пойида абад
Афросиёб қўйиб ётар бош.

Тиллосидан туғилган тарих,
Ҳар бир тонги илоҳий дийдор.
Пок хокига айланган мардлар
Томиридан унар мажнунтол.

Зарафшонда юз ювди толеъ,
Минорига суянди осмон.
Деворининг тун сабоғидан
Донишмандга айланди қалқон.

Ризвонрафтор оқ балхийлардан
Пайғамбар ҳам тут териб еди.
Онам ётган тупроғин Худо
Майсаларга тўй қилиб, берди.

***
Озғинман-у, шаҳарда сиғмам,
Тўғзинман-у, эмасман укпар.
Спитамен уруғин таниб,
Чўнтагимга солиб кетди зар.

Нонжийдалар рақсин санадим,
Мушкдонимга сиғмади ахтар.
Ўқ илдизим майса бўлганин
Момотутлар берганда хабар.

Сутбалиқлар елин чиқарди,
Майхумсурат олди бу дунё.
Бухоронинг дарахтларини
Бориб соғай, сут бергин Худо!

ЭРТА СИЗНИ КЎРИШГА БОРГУМ…

Эрта Сизни кўришга боргум,
Адоғимга кияман шамол.
Рўмолимни дазмоллаб берар
Майин сочи билан мажнунтол.

Камзулимга тугма қадайди –
Тўмарисни кўрган ниначи.
Қирқ туяга миниб чиқади –
Абдуллахон ҳамёнин ичи!

Ҳавзи бобо ҳомуза тортар,
Атрофида кўзалар қатор.
Боларилар Боғи Ойимдан
Лабларига суртиб чиқар бол.

Мўлиёндан шарбат оламан.
Зарафшондан бир дунё ҳилол.
Оқ жўхори бошларин ювиб,
Ширин-ширин суради хаёл.

Чирмандалар гир-гир айланар,
Боришимни қилиб овоза.
Калитларин менга ишонар,
Бухорода ўн бир дарвоза.

Моҳонкўлдан бугун қайтаман,
Ойбалиқлар сутини ичиб
Ва Кубродан дуо оламан
Ҳассасига бошимни қўйиб.

Эрта Сизни кўришга боргум…

***
Онам боғдай гўзал қариди,
Сочлар оппоқ, кўйлаклар узун.
Дуолардан саҳар бўларди –
Бобом, Румий, Мажнун кўрган тун.

Маҳсисига гулоб суртарди,
Тўйпаловдан қошларига ёғ.
Кўк сомсага кўнгли кетарди,
Ҳут-ҳут келиб, яшиллангач боғ.

Дарчаларни очиб қўярди,
Хом туш кўрса, чиқарарди ис.
Кўк чойига қаймоқ бўларди,
Гулмихларда қуриган ялпиз.

Қишлоқ рўзғор – ҳандалак – қоқ,
Гужум япроқ бўлганда совун.
Қўшнига ҳам чиқиб борарди,
Сандалида исинган қовун.

Нима топса, қирққа бўларди,
Шукронасин Худодога йўллаб.
Қачон борсам тўйчопон тикиб,
Ўтирардим қиблага қараб.

***
Чироқларнинг тилидай куйдим,
Ёғду мени обдон таратди.
Ҳовучини тўлдириб олди,
Нурзаррамдан Сулаймон тахти.

Тоғдан тушди пилопоялар,
Гулажриқлар кетди тўлишиб.
Хожа Минор эртакка кирди,
Қанотини қушларга қўшиб.

Вақтоларлар додини бердим,
Ҳаққуш кўзин олмади мендан.
Юрагимни тонглар, бўйнига
Емхалтадай илди оқ саман.

Кубро қоши ўсиб чарчамас,
Спитамен ёдлар “Авесто”.
Қосим Шайхнинг Кўҳакда қилган
Дуолари қилмайди қазо.

ИБОДАТ…

Капалаклар билан ўйнадим,
Сўнг йиғладим, кўнглим пойида.
Шамшодгуллар расмимни чизди,
Торобийнинг темир ёйида.

Тоштобутни уд қилиб чалдим,
Гирдоблардан тиктирдим, салла.
Минор титраб кетди мен, мен
Азон билан югурган палла.

Афросиёб ёқасин тутди,
Озиб кетди, Лайли мушкдони.
Қаламимга писта-мағз бўлди
Хайригуллар ям-яшил қони.

Искандарнинг шохини уздим,
Тоштандирда куйдирсам, тутун
Гужум касов учини тишлаб,
Мени кутди овлоқда минг кун.

Бонобийнинг базмига бордим,
Жар ҳам солдим: “Душманлар гаранг!”
Онам тиккан нимчамни кийиб,
Алвастилар билан қилдим, жанг.

Ғолиб бўлдим. Ғовларни буз, деб
Қўшкиприкдан қурдим кошона.
Шом туғларнинг тўйига бориб,
Ўйнаб, айтдим широқтарона.

***
Мажнун билан жунун талашдик,
Битта йўлда минг бор адашдик.
Ой ортига бориб ярашдик,
Кўнглим дардин қудуққа айтдим,
Бурғу чалиб жанггоҳдан қайтдим.

Зуннун тиши менга йиғади,
Шайх Санъонни кўнгли тиғлади.
Дажлани ким жанда михлади,
Кўнглим дардин қудуққа айтдим,
Бурғу чалиб жанггоҳдан қайтдим.

Робияни булутга сотдим,
Қизил рангнинг қарзига ботдим.
Минг бир вулқон пойида ётдим,
Кўнглим дардин қудуққа айтдим,
Бурғу чалиб жанггоҳдан қайтдим.

Савдом билан бозор тенг эмас,
Тарозийлар, мени қил алас.
Исо уйғон томчиларда дарз,
Кўнглим дардин қудуққа айтдим,
Бурғу чалиб жанггоҳдан қайтдим.

– Она, – дедим, – қишлоқ иму жим…
Энди қайдан топаман, дедим.
Кўзларимдан тўкилди кўнглим,
Кўнглим дардин қудуққа айтдим,
Бурғу чалиб жанггоҳдан қайтдим.

Шоир Баҳриддин Садриддиновга

Ҳазорадан йўлимни топдим,
Ревартундан дунё калитин.
Қосим Шайхнинг жойнамозидан
Хом симобдай тин олди кўнглим.

Малик чўлдан совға олдим от,
Бир сакраса, Минор берди тан.
Юрагимда михлаб қўяй, деб
Навоийдан қарз олдим расан.

Бой Хатирчи кўрмана берди,
Аҳадхондан Бухоро тахти…
Қизил дўнан пешонасидан
Келиб ўпди, Кармана бахти.

Сармаст тошган Кўҳак дарёга
Яктагини отди Деггарон.
Нур Атолар булоқларини
Ўзингдай шўх қилдинг, Художон.

Нурафшоннинг нурлари серпушт,
Йўлсардоба Худога яқин.
Шайх Шоди салласин ечиб,
Йигитларнинг боғлади белин.

Миёнколнинг уруғи – жаннат,
Тотли булоқ – Кавсар қўшиғи.
Зарметаннинг сутлари ёғу.
Қанддай қаттиқ бўлди қатиғи.

Баҳриддин ака!
Юзга киринг, Ой ортидан
Дуо қилар Нурсаид Баҳром.
“Пахтачи”нинг момиғин солиб,
Ўзим Сизга тикаман чопон.

СОҒИНЧ…

Нилуфар япроғи куйдими,
Оқ ажриқ гуллари хафақон.
Муҳаббат фироқин қилмиши –
Мажнунда куяди биёбон.

Шамолда сочининг ҳиди йўқ,
Йўлларда, о, нега йўқ изи?
Бошимни ёстиқдан кўтарсам,
Хобхонам девори қирмизи…

Сувратлар гоҳ куйган, гоҳ йиртиқ,
Мактублар гоҳ мағрур, гоҳ дарвеш,
Мен кеча қўнғироқ ўйнадим,
Бугун-чи арилар урди ниш.

Кўксимни чангаллаб ўйнадим,
Булутни чангаллаб йиртдим шом.
Жамшиднинг кулоҳин кул қилсам,
Пойимда синди-я мингта жом.

Шишапаз дўкони девона,
Доронинг уйида йўқдир том.
Мен энди муаллақ яшайман,
Муаллақ борлиқда, Художон.

ҲАСРАТ

Бир ойнинг нуридан тўймадим,
Ўзини мезонда ўлчади Маҳшар.
Ровийлар жамъ бўлиб ваъз айтди:
“Сен энди кўнглингдек бутхона ахтар!”

Қўзғалдим, Варозруд қўзғалди,
Майхона дурдаси – шабчароғ.
Ҳассасин ҳамроҳ деб юборди,
Маъбудга айланган Боботоғ.

Қуюнман, изимни тутатманг,
Шамолман, кўнглимда йўқ макон.
Бир сакраб йиқилсам, ҳавода –
На бўшлиқ, на тўкин, на нишон.

Тошларда ўтирсам, тош куйди,
Қушман-у, устимда йўқ чопон.
Ё энди йўқликда йўқ бўлгум,
Ё гиёҳ едирар биёбон…

Мажнуннинг тақдири елкамда,
Ерўчоқ ютиниб бўлди гум.
Толеъни осмондан туш, десам,
Сув кўза ичидан чиқди қум.

Лолалар унарин унутди,
Шеъримни куйдирди гулдурак.
Пешонам битигин эритдим,
Мен энди қайтиб келмасам керак!

ЮРТ ИШҚИ

Токгулларни хумга кўрсатдим,
Қувноқ ўтди Мавлиён ёзи.
Суткосадан тонгда янгради
Ҳаққуш боққан онам овози.

Шолизорлар рақсига қараб,
Тўйдастурхон тиксам гуллардан.
Чирмовиқлар чилкоса бўлиб,
Ойқулоқдан туғилди махзан.

Деворларнинг бели Алпомиш,
Қишлоқ, шаҳар – Пирлар белбоғи.
Бешикларни қўшиқчи қилди
Қаймоқ бўлган бодомзор ёғи…

Олтин балиқ қасрига бордим,
“Ку-ку”, дедим, мен ҳам олтин қуш.
Сўра мендан сўровларингни –
Мен базм кетсам, сувга айтма туш…”

Широқ тушин кўзгуда кўрдим,
Қўшнай чалдим: “Мен ҳам Тўмарис!”
Ўнг, чап ёнинг яшил бўстон деб,
Қаторимга қўшилди қирқ қиз.

ЗОМИН ТОҒЛАРИДА

Хонқизининг нимчаси қалин,
Сутбалиқнинг келар ҳаваси.
Ойга ёзган мактубимни тонг
Олиб кетди турналар саси.

Шаршаралар бунча шовқинчи…
Тошлоқ сойлар қолишмас ундан.
Дўланагул мени ўғирлаб
Кетмасин, деб ҳайиқдим тундан.

Теракларни пойлоқчи қўйдим
Зубтурумлар чиқарди кокил.
“Кўкдан сенга мактуб келди”, деб
Тўрт томонни уйғотди булбул.

Дуобада қисилиб қолдим,
Зира териб бир оз шошдим-да…
Қаймоқларин юзимга суртиб,
Эчки сути келди бошимга.

Пуф-пуф десам, қоқигул шишди,
Қушқўнмасда сиғмади жоним.
Чопиб чиқсам, тоғ сўқмоқларнинг
Музларида куйди товоним.

МЕН…

Қадим саҳролардан ой миниб ўтдим,
Қадим уббаларда ўтирдим чилла.
Девор, дизаларнинг пойида чўксам,
Маъбуд момотутлар пиширди тилла.

Ўчоқ, ертандирлар олов сўради,
Қари тегирмонлар қаноти – қайроқ.
Махфий йўллар кўнглин сўрашга кирсам,
Мироншоҳ қўлимга тутқазди байроқ.

Зарпат чопонимнинг зарлари уйғоқ,
Гулли сарбандимдан туғилар чаман.
Оқсоқ Бухорхудот уюрин боқиб,
Қаққуш миниб олиб, ҳамон йўлдаман.

Мосаф дарёмизнинг тўйига бордим,
Қирқ қалъа қирқ қулоч ўйнади: “Ё, ҳу!..”
Қайтишда енгимга совға солди руд,
Тонг, очиб қарасам, қирқта туя бу…

Бухорий ҳовлимда деворим ўркач,
Бухорий шифтимда қалдирғоч қатор.
Сиз мени: “Шамолни ҳайдовчи туғ” деманг,
Феълимнинг фаслида қайнар хумча бор.

КЎЗГУДАГИ АКСИМ ИҚРОРИ

Дарвеш ман-у, саножим уруғ,
Сочим пастга қараб ўсган туғ.
Икки кўзим қудуқ, қудуқки ёруғ,
Шукр Худо…

Йўлларим чангида тилла бор,
Ҳассамнинг излари узумзор.
Узумзор ичида ҳар куни бозор –
Бор бўл-о-о-о!

Нафсимни ит қилдим, ортимда…
У бошин тирнайди, панжаси яра.
Ўпқонни кўрсатдим: “Аксингга қара…”
Тавалло…

Биз Худо излашга кетдик туну кун,
Хонақоҳ тўлғониб туғилди Мажнун.
Енгимдан нонкабоб пиширди қуюн,
Тасанно…

Гул топдим. Гул томон отдим,
Пул топдим – титроққа ботдим.
Ишқдурда туз бўлди, туздонда ётдим,
Ҳақ – даво…

Қуш кўзи сувкосам – майвожиб…
Ҳақфидо рангида кетдим бойиб.
Ваҳдатда рақс тушсам, кетмадим тойиб,
Ҳуббао!!!

САҲАР

Эски шаҳар уйғониб кетди,
Толтарновлар тортди хомуза.
Қовун тўла араваларга
Бағрин очди ўн бир дарвоза.

Долонлардан қичқирди хўроз,
Воҳа бўйлаб ёйилди азон.
Дув тўкилган нонжийдалардан
Мусичалар ёзди дастурхон.

Шоҳ эшигин очди саломлар,
Пойгакларда ўтирди ковуш.
Қаймоқ тўла гулкосаларга
Қошиқ бўлиб эгилди кумуш.

Чопиб чиқди тандирлардан нон,
Қирқ бўлакка бўлинди майиз.
Кеча томга чиқариб қўйган
Майхумларда қайнади набиз.

Чойхумларда ҳовуз неъмати,
Ванғозидан келди нашвати.
Салом, алик, тўйхабарлардан
Тўлиб кетди шаҳристон ичи.

Чорраҳанинг ўртасида тик,
Қишлоққайтар арава кутдим.
Афросиёб тожига “Хайр…” деб,
Мен онамни кўришга кетдим.

ЗЕБУННИСО МЕН БИЛАН ЮРДИ

Пахта терди, арава минди,
Буғдой ўриб, юклади саҳар.
Сигир соғиб, сутчелак ювса,
Тушларига кўп кирди саҳар.

Янтоқ чопди, боғчайла қурди,
Толбувакдан сас берди: “ув”, “ув”,
Шийпончининг озғин аёли
Кўзларидан ёш тўкди дув-дув.

Этик кийди, лой ҳам қорди,
Ғўзапоя туширди томдан.
Шинди ичиб, хомток терса –
Қиш ўтинни ўпди Зарметан.

Кўйлагининг гули ўсмади,
Ковушини тешди ёмғир, қор.
Юрагини чилтаноб қилиб,
Симобларга соттирди баҳор.

Шаҳар келди, ижара қиммат,
Пул ўлчамга ўтган тарози.
Кўчаларда сарғайма бўлди –
Чўнтаги йўқ қишлоқнинг нози.

Ўқишларга пули етмади,
Сув янчишга ўтди ҳовонча.
Боғчайларда қолган китобин
Ёмғир ўқиб чиқди тонггача!

Зебуннисо мен билан юрди.

ҚАМБАР ОТА

Мансур Ҳаллож изин босган пир,
Фақат сочин тешиб ўтар тир…
Ундан олам олмас хавотир –
Қамбар ота!

Ғамларини ўзидан ҳам яширади,
Учиб кетар, қанотларин қоққач ари.
Ҳаво яктак тикиб сотар – ип аҳрамий –
Қамбар ота!

Муридларин гужумзордан олди танлаб,
Само – салла, ариқ – ҳамён, қуёш – замлаб,
Меҳварни ҳам даст кўтарди аҳли тараб,
Қамбар ота!

Изларини супурмади чумолилар,
Гулпарилар бозбанд қилиб муҳрин тақар.
Дунё қолиб, қуш инига қилар сафар
Қамбар ота!

Дарахтларнинг суҳбатига кетди ботиб,
Хандонписта гултомирдан олди топиб,
Кўнгилларга ой олдилар кўкка сотиб…
Қамбар ота!

Сизни ўзига боғлаб қўяр у ҳар куни,
Соч-соқолин сутга бўяр ой кукуни.
Ҳаяжондан жанда бўлди гулнинг жуни…
Қамбар ота!

* * *
Тўғон бир кун тўзадир,
Сархуш дунё бўзадир.
Заминнинг-ку оғзи бор,
Қуёш ҳар кун рўзадир.

Чумолини хас емас,
Пирҳасса бу – кам эмас…
Дунё ризқдан тўлса ҳам,
Дарахт оч қолдим демас.

Ҳо дарвешо, ҳо дарвеш,
Қаноатда ишинг беш!
Бир кун менинг суратим
Юрагингга урса ниш –

Тасбеҳинг – олтин ковуш,
Икки қўлинг – она қуш.
Ҳассангнинг фарёдидан
Уйғонади Алпомиш.

ХОЖА БАРГИЙ

У тўрт кун дунёга сиғди,
Аёлига “пиш” деди, кетдик.
Бугун менинг юким тортмоққа
“Шамол шамшод, кўприклар тетик”.

Бозорларнинг нозига миниб,
Дуо қилса осма тарози,
Метинработ омборларидан
Бўлиб кетди Худога қози.

Шўх булбулга ёқача тикди.
Боларига йиғиб берди бол.
Кишмиш гули ҳалвоча бўлмай,
Пичир-пичир қилди мажнунтол.

Қулоғини булоққа қўйди,
Чирмовиққа ясади эгар.
Анорзорга: “Чорлаб кетдинг”, деб,
Зарафшондан сиқиб берди зар.

Аёлига йўрма тўқиди,
Сув мавжидан тиктирди ковуш.
Сарбандидан қуёшни ечса,
Уй шифтида ин қурди Ҳаққуш.

Ой изини кўксидан топди,
Ушлаб кўрди, сохтамас, мумтоз.
Сўнг соясин гулмеҳроб кўриб,
Бор кўнглида ёзди жойнамоз.

“ЮРТИ БОР”ЛИКНИНГ ИМТИЁЗИ

Суткосага кўнглимни очдим,
Дуоларга қўшилдим саҳар.
Қулфаклардай япроқ чиқарсам,
Ваҳий кўкдан ташлади назар.

Ван Гог мисол чирмовиқ бўлдим,
Тортиш кучин улашди ахтар.
Боларилар хартумларидан
Сочларимнинг ҳиди таралар.

Карвонларнинг сафари яшил,
Чимилдиқнинг бор-буди қўшиқ.
Бир кунгина боққа чиқмасам,
Қушлар менга қилади “тумшуқ”.

Беданалар – жонли дастхатим,
Қуш киприги – Тоҳирга сандиқ.
Бухор Хотун зарбоф кундалин
Шеърларимга айлагач тортиқ.

“Рақсизону”, “Савти занг” урдим,
Токзорларга гап отдим: “Ку-ку!”
Бамижкатда ерилдиз бўлган
Афросиёб сас берди: “Ё, ҳу!”

Суткосага кўнглимни очдим…

НИЯТ

Шаҳристондан ҳовлича олсам,
Ўнгим сиғиб, чапим сиғмаса.
Равоғида ўтириб учсам,
Хонгул хомуш, Мўлиён кулса.

Деворига солсам нақши жом,
Тарновидан тўкилса бода.
Афросиёб туғларни чорлаб,
Миноргача келса пиёда.

Занжирини зулфи ток, десам,
Қулф жойида ўтирсам чилла.
Дарпардасин Саккокий берса,
“Бор, жандамни Худодан сўра”.

Чопиб чиқсам, томига ҳар тонг,
Гумбаз мисол қурсам чордона,
Болорлари бошин чиқариб,
“Э, бор бўл”, деб айтса тарона.

Тандирини кафтимда қурсам,
Ўчоғида пиширсам ғоза,
Чироғини кўчада ёқиб,
Исо қўлдан қурсам дарвоза.

Уй деворлар менга қилса ноз,
Айвонида ўтласа кийик.
Шундан бухормомо тутларин,
Қоматлари бўлармикан тик?

Oʻz uslubiga ega iste’dodli shoira Ibodat Rajabovaning yangi she’rlarini katta mamnuniyat bilan taqdim etamiz.

Ibodat RAJABOVA
YANGI SHE’RLAR


Ibodat RAJABOVA – Buxoro viloyati, Peshku tumanida tugʻilgan. Samarqand davlat universitetining filologiya hamda Toshkent davlat universiteti (hozirgi Oʻzbekiston Milliy universiteti)ning jurnalistika fakultetlarini tamomlagan.
Turli yillarda uning “Osmondagi farishta”, “Qush kiprigi”, “Buxornur yoki yetti pir”, “Buxoroda gujum gulladi”, “Varazrud gulobi” singari she’riy va bir qator nasriy-tarixiy kitoblari nashr etilgan.


BUXORO

Bogʻsoʻqmoqlar jannatga payvand,
Joʻyzarlarning avlodi bahor.
Gulchorbogʻdan kelin tushirar,
Mayxum boshin qizdirib ombor.

Qal’alarda Tangri izlari,
Qishloqlarga uylangan quyosh.
Buxorgujum poyida abad
Afrosiyob qoʻyib yotar bosh.

Tillosidan tugʻilgan tarix,
Har bir tongi ilohiy diydor.
Pok xokiga aylangan mardlar
Tomiridan unar majnuntol.

Zarafshonda yuz yuvdi tole’,
Minoriga suyandi osmon.
Devorining tun sabogʻidan
Donishmandga aylandi qalqon.

Rizvonraftor oq balxiylardan
Paygʻambar ham tut terib yedi.
Onam yotgan tuprogʻin Xudo
Maysalarga toʻy qilib, berdi.

***
Ozgʻinman-u, shaharda sigʻmam,
Toʻgʻzinman-u, emasman ukpar.
Spitamen urugʻin tanib,
Choʻntagimga solib ketdi zar.

Nonjiydalar raqsin sanadim,
Mushkdonimga sigʻmadi axtar.
Oʻq ildizim maysa boʻlganin
Momotutlar berganda xabar.

Sutbaliqlar yelin chiqardi,
Mayxumsurat oldi bu dunyo.
Buxoroning daraxtlarini
Borib sogʻay, sut bergin Xudo!

ERTA SIZNI KOʻRISHGA BORGUM…

Erta Sizni koʻrishga borgum,
Adogʻimga kiyaman shamol.
Roʻmolimni dazmollab berar
Mayin sochi bilan majnuntol.

Kamzulimga tugma qadaydi –
Toʻmarisni koʻrgan ninachi.
Qirq tuyaga minib chiqadi –
Abdullaxon hamyonin ichi!

Havzi bobo homuza tortar,
Atrofida koʻzalar qator.
Bolarilar Bogʻi Oyimdan
Lablariga surtib chiqar bol.

Moʻliyondan sharbat olaman.
Zarafshondan bir dunyo hilol.
Oq joʻxori boshlarin yuvib,
Shirin-shirin suradi xayol.

Chirmandalar gir-gir aylanar,
Borishimni qilib ovoza.
Kalitlarin menga ishonar,
Buxoroda oʻn bir darvoza.

Mohonkoʻldan bugun qaytaman,
Oybaliqlar sutini ichib
Va Kubrodan duo olaman
Hassasiga boshimni qoʻyib.

Erta Sizni koʻrishga borgum…

***
Onam bogʻday goʻzal qaridi,
Sochlar oppoq, koʻylaklar uzun.
Duolardan sahar boʻlardi –
Bobom, Rumiy, Majnun koʻrgan tun.

Mahsisiga gulob surtardi,
Toʻypalovdan qoshlariga yogʻ.
Koʻk somsaga koʻngli ketardi,
Hut-hut kelib, yashillangach bogʻ.

Darchalarni ochib qoʻyardi,
Xom tush koʻrsa, chiqarardi is.
Koʻk choyiga qaymoq boʻlardi,
Gulmixlarda qurigan yalpiz.

Qishloq roʻzgʻor – handalak – qoq,
Gujum yaproq boʻlganda sovun.
Qoʻshniga ham chiqib borardi,
Sandalida isingan qovun.

Nima topsa, qirqqa boʻlardi,
Shukronasin Xudodoga yoʻllab.
Qachon borsam toʻychopon tikib,
Oʻtirardim qiblaga qarab.

***
Chiroqlarning tiliday kuydim,
Yogʻdu meni obdon taratdi.
Hovuchini toʻldirib oldi,
Nurzarramdan Sulaymon taxti.

Togʻdan tushdi pilopoyalar,
Gulajriqlar ketdi toʻlishib.
Xoja Minor ertakka kirdi,
Qanotini qushlarga qoʻshib.

Vaqtolarlar dodini berdim,
Haqqush koʻzin olmadi mendan.
Yuragimni tonglar, boʻyniga
Yemxaltaday ildi oq saman.

Kubro qoshi oʻsib charchamas,
Spitamen yodlar “Avesto”.
Qosim Shayxning Koʻhakda qilgan
Duolari qilmaydi qazo.

IBODAT…

Kapalaklar bilan oʻynadim,
Soʻng yigʻladim, koʻnglim poyida.
Shamshodgullar rasmimni chizdi,
Torobiyning temir yoyida.

Toshtobutni ud qilib chaldim,
Girdoblardan tiktirdim, salla.
Minor titrab ketdi men, men
Azon bilan yugurgan palla.

Afrosiyob yoqasin tutdi,
Ozib ketdi, Layli mushkdoni.
Qalamimga pista-magʻz boʻldi
Xayrigullar yam-yashil qoni.

Iskandarning shoxini uzdim,
Toshtandirda kuydirsam, tutun
Gujum kasov uchini tishlab,
Meni kutdi ovloqda ming kun.

Bonobiyning bazmiga bordim,
Jar ham soldim: “Dushmanlar garang!”
Onam tikkan nimchamni kiyib,
Alvastilar bilan qildim, jang.

Gʻolib boʻldim. Gʻovlarni buz, deb
Qoʻshkiprikdan qurdim koshona.
Shom tugʻlarning toʻyiga borib,
Oʻynab, aytdim shiroqtarona.

***
Majnun bilan junun talashdik,
Bitta yoʻlda ming bor adashdik.
Oy ortiga borib yarashdik,
Koʻnglim dardin quduqqa aytdim,
Burgʻu chalib janggohdan qaytdim.

Zunnun tishi menga yigʻadi,
Shayx San’onni koʻngli tigʻladi.
Dajlani kim janda mixladi,
Koʻnglim dardin quduqqa aytdim,
Burgʻu chalib janggohdan qaytdim.

Robiyani bulutga sotdim,
Qizil rangning qarziga botdim.
Ming bir vulqon poyida yotdim,
Koʻnglim dardin quduqqa aytdim,
Burgʻu chalib janggohdan qaytdim.

Savdom bilan bozor teng emas,
Taroziylar, meni qil alas.
Iso uygʻon tomchilarda darz,
Koʻnglim dardin quduqqa aytdim,
Burgʻu chalib janggohdan qaytdim.

– Ona, – dedim, – qishloq imu jim…
Endi qaydan topaman, dedim.
Koʻzlarimdan toʻkildi koʻnglim,
Koʻnglim dardin quduqqa aytdim,
Burgʻu chalib janggohdan qaytdim.

Shoir Bahriddin Sadriddinovga

Hazoradan yoʻlimni topdim,
Revartundan dunyo kalitin.
Qosim Shayxning joynamozidan
Xom simobday tin oldi koʻnglim.

Malik choʻldan sovgʻa oldim ot,
Bir sakrasa, Minor berdi tan.
Yuragimda mixlab qoʻyay, deb
Navoiydan qarz oldim rasan.

Boy Xatirchi koʻrmana berdi,
Ahadxondan Buxoro taxti…
Qizil doʻnan peshonasidan
Kelib oʻpdi, Karmana baxti.

Sarmast toshgan Koʻhak daryoga
Yaktagini otdi Deggaron.
Nur Atolar buloqlarini
Oʻzingday shoʻx qilding, Xudojon.

Nurafshonning nurlari serpusht,
Yoʻlsardoba Xudoga yaqin.
Shayx Shodi sallasin yechib,
Yigitlarning bogʻladi belin.

Miyonkolning urugʻi – jannat,
Totli buloq – Kavsar qoʻshigʻi.
Zarmetanning sutlari yogʻu.
Qandday qattiq boʻldi qatigʻi.

Bahriddin aka!
Yuzga kiring, Oy ortidan
Duo qilar Nursaid Bahrom.
“Paxtachi”ning momigʻin solib,
Oʻzim Sizga tikaman chopon.

SOGʻINCH…

Nilufar yaprogʻi kuydimi,
Oq ajriq gullari xafaqon.
Muhabbat firoqin qilmishi –
Majnunda kuyadi biyobon.

Shamolda sochining hidi yoʻq,
Yoʻllarda, o, nega yoʻq izi?
Boshimni yostiqdan koʻtarsam,
Xobxonam devori qirmizi…

Suvratlar goh kuygan, goh yirtiq,
Maktublar goh magʻrur, goh darvesh,
Men kecha qoʻngʻiroq oʻynadim,
Bugun-chi arilar urdi nish.

Koʻksimni changallab oʻynadim,
Bulutni changallab yirtdim shom.
Jamshidning kulohin kul qilsam,
Poyimda sindi-ya mingta jom.

Shishapaz doʻkoni devona,
Doroning uyida yoʻqdir tom.
Men endi muallaq yashayman,
Muallaq borliqda, Xudojon.

HASRAT

Bir oyning nuridan toʻymadim,
Oʻzini mezonda oʻlchadi Mahshar.
Roviylar jam’ boʻlib va’z aytdi:
“Sen endi koʻnglingdek butxona axtar!”

Qoʻzgʻaldim, Varozrud qoʻzgʻaldi,
Mayxona durdasi – shabcharogʻ.
Hassasin hamroh deb yubordi,
Ma’budga aylangan Bobotogʻ.

Quyunman, izimni tutatmang,
Shamolman, koʻnglimda yoʻq makon.
Bir sakrab yiqilsam, havoda –
Na boʻshliq, na toʻkin, na nishon.

Toshlarda oʻtirsam, tosh kuydi,
Qushman-u, ustimda yoʻq chopon.
YO endi yoʻqlikda yoʻq boʻlgum,
YO giyoh yedirar biyobon…

Majnunning taqdiri yelkamda,
Yeroʻchoq yutinib boʻldi gum.
Tole’ni osmondan tush, desam,
Suv koʻza ichidan chiqdi qum.

Lolalar unarin unutdi,
She’rimni kuydirdi guldurak.
Peshonam bitigin eritdim,
Men endi qaytib kelmasam kerak!

YURT ISHQI

Tokgullarni xumga koʻrsatdim,
Quvnoq oʻtdi Mavliyon yozi.
Sutkosadan tongda yangradi
Haqqush boqqan onam ovozi.

Sholizorlar raqsiga qarab,
Toʻydasturxon tiksam gullardan.
Chirmoviqlar chilkosa boʻlib,
Oyquloqdan tugʻildi maxzan.

Devorlarning beli Alpomish,
Qishloq, shahar – Pirlar belbogʻi.
Beshiklarni qoʻshiqchi qildi
Qaymoq boʻlgan bodomzor yogʻi…

Oltin baliq qasriga bordim,
“Ku-ku”, dedim, men ham oltin qush.
Soʻra mendan soʻrovlaringni –
Men bazm ketsam, suvga aytma tush…”

Shiroq tushin koʻzguda koʻrdim,
Qoʻshnay chaldim: “Men ham Toʻmaris!”
Oʻng, chap yoning yashil boʻston deb,
Qatorimga qoʻshildi qirq qiz.

ZOMIN TOGʻLARIDA

Xonqizining nimchasi qalin,
Sutbaliqning kelar havasi.
Oyga yozgan maktubimni tong
Olib ketdi turnalar sasi.

Sharsharalar buncha shovqinchi…
Toshloq soylar qolishmas undan.
Doʻlanagul meni oʻgʻirlab
Ketmasin, deb hayiqdim tundan.

Teraklarni poyloqchi qoʻydim
Zubturumlar chiqardi kokil.
“Koʻkdan senga maktub keldi”, deb
Toʻrt tomonni uygʻotdi bulbul.

Duobada qisilib qoldim,
Zira terib bir oz shoshdim-da…
Qaymoqlarin yuzimga surtib,
Echki suti keldi boshimga.

Puf-puf desam, qoqigul shishdi,
Qushqoʻnmasda sigʻmadi jonim.
Chopib chiqsam, togʻ soʻqmoqlarning
Muzlarida kuydi tovonim.

MEN…

Qadim sahrolardan oy minib oʻtdim,
Qadim ubbalarda oʻtirdim chilla.
Devor, dizalarning poyida choʻksam,
Ma’bud momotutlar pishirdi tilla.

Oʻchoq, yertandirlar olov soʻradi,
Qari tegirmonlar qanoti – qayroq.
Maxfiy yoʻllar koʻnglin soʻrashga kirsam,
Mironshoh qoʻlimga tutqazdi bayroq.

Zarpat choponimning zarlari uygʻoq,
Gulli sarbandimdan tugʻilar chaman.
Oqsoq Buxorxudot uyurin boqib,
Qaqqush minib olib, hamon yoʻldaman.

Mosaf daryomizning toʻyiga bordim,
Qirq qal’a qirq quloch oʻynadi: “YO, hu!..”
Qaytishda yengimga sovgʻa soldi rud,
Tong, ochib qarasam, qirqta tuya bu…

Buxoriy hovlimda devorim oʻrkach,
Buxoriy shiftimda qaldirgʻoch qator.
Siz meni: “Shamolni haydovchi tugʻ” demang,
Fe’limning faslida qaynar xumcha bor.

KOʻZGUDAGI AKSIM IQRORI

Darvesh man-u, sanojim urugʻ,
Sochim pastga qarab oʻsgan tugʻ.
Ikki koʻzim quduq, quduqki yorugʻ,
Shukr Xudo…

Yoʻllarim changida tilla bor,
Hassamning izlari uzumzor.
Uzumzor ichida har kuni bozor –
Bor boʻl-o-o-o!

Nafsimni it qildim, ortimda…
U boshin tirnaydi, panjasi yara.
Oʻpqonni koʻrsatdim: “Aksingga qara…”
Tavallo…

Biz Xudo izlashga ketdik tunu kun,
Xonaqoh toʻlgʻonib tugʻildi Majnun.
Yengimdan nonkabob pishirdi quyun,
Tasanno…

Gul topdim. Gul tomon otdim,
Pul topdim – titroqqa botdim.
Ishqdurda tuz boʻldi, tuzdonda yotdim,
Haq – davo…

Qush koʻzi suvkosam – mayvojib…
Haqfido rangida ketdim boyib.
Vahdatda raqs tushsam, ketmadim toyib,
Hubbao!!!

SAHAR

Eski shahar uygʻonib ketdi,
Toltarnovlar tortdi xomuza.
Qovun toʻla aravalarga
Bagʻrin ochdi oʻn bir darvoza.

Dolonlardan qichqirdi xoʻroz,
Voha boʻylab yoyildi azon.
Duv toʻkilgan nonjiydalardan
Musichalar yozdi dasturxon.

Shoh eshigin ochdi salomlar,
Poygaklarda oʻtirdi kovush.
Qaymoq toʻla gulkosalarga
Qoshiq boʻlib egildi kumush.

Chopib chiqdi tandirlardan non,
Qirq boʻlakka boʻlindi mayiz.
Kecha tomga chiqarib qoʻygan
Mayxumlarda qaynadi nabiz.

Choyxumlarda hovuz ne’mati,
Vangʻozidan keldi nashvati.
Salom, alik, toʻyxabarlardan
Toʻlib ketdi shahriston ichi.

Chorrahaning oʻrtasida tik,
Qishloqqaytar arava kutdim.
Afrosiyob tojiga “Xayr…” deb,
Men onamni koʻrishga ketdim.

ZEBUNNISO MEN BILAN YURDI

Paxta terdi, arava mindi,
Bugʻdoy oʻrib, yukladi sahar.
Sigir sogʻib, sutchelak yuvsa,
Tushlariga koʻp kirdi sahar.

Yantoq chopdi, bogʻchayla qurdi,
Tolbuvakdan sas berdi: “uv”, “uv”,
Shiyponchining ozgʻin ayoli
Koʻzlaridan yosh toʻkdi duv-duv.

Etik kiydi, loy ham qordi,
Gʻoʻzapoya tushirdi tomdan.
Shindi ichib, xomtok tersa –
Qish oʻtinni oʻpdi Zarmetan.

Koʻylagining guli oʻsmadi,
Kovushini teshdi yomgʻir, qor.
Yuragini chiltanob qilib,
Simoblarga sottirdi bahor.

Shahar keldi, ijara qimmat,
Pul oʻlchamga oʻtgan tarozi.
Koʻchalarda sargʻayma boʻldi –
Choʻntagi yoʻq qishloqning nozi.

Oʻqishlarga puli yetmadi,
Suv yanchishga oʻtdi hovoncha.
Bogʻchaylarda qolgan kitobin
Yomgʻir oʻqib chiqdi tonggacha!

Zebunniso men bilan yurdi.

QAMBAR OTA

Mansur Halloj izin bosgan pir,
Faqat sochin teshib oʻtar tir…
Undan olam olmas xavotir –
Qambar ota!

Gʻamlarini oʻzidan ham yashiradi,
Uchib ketar, qanotlarin qoqqach ari.
Havo yaktak tikib sotar – ip ahramiy –
Qambar ota!

Muridlarin gujumzordan oldi tanlab,
Samo – salla, ariq – hamyon, quyosh – zamlab,
Mehvarni ham dast koʻtardi ahli tarab,
Qambar ota!

Izlarini supurmadi chumolilar,
Gulparilar bozband qilib muhrin taqar.
Dunyo qolib, qush iniga qilar safar
Qambar ota!

Daraxtlarning suhbatiga ketdi botib,
Xandonpista gultomirdan oldi topib,
Koʻngillarga oy oldilar koʻkka sotib…
Qambar ota!

Sizni oʻziga bogʻlab qoʻyar u har kuni,
Soch-soqolin sutga boʻyar oy kukuni.
Hayajondan janda boʻldi gulning juni…
Qambar ota!

* * *
Toʻgʻon bir kun toʻzadir,
Sarxush dunyo boʻzadir.
Zaminning-ku ogʻzi bor,
Quyosh har kun roʻzadir.

Chumolini xas yemas,
Pirhassa bu – kam emas…
Dunyo rizqdan toʻlsa ham,
Daraxt och qoldim demas.

Ho darvesho, ho darvesh,
Qanoatda ishing besh!
Bir kun mening suratim
Yuragingga ursa nish –

Tasbehing – oltin kovush,
Ikki qoʻling – ona qush.
Hassangning faryodidan
Uygʻonadi Alpomish.

XOJA BARGIY

U toʻrt kun dunyoga sigʻdi,
Ayoliga “pish” dedi, ketdik.
Bugun mening yukim tortmoqqa
“Shamol shamshod, koʻpriklar tetik”.

Bozorlarning noziga minib,
Duo qilsa osma tarozi,
Metinrabot omborlaridan
Boʻlib ketdi Xudoga qozi.

Shoʻx bulbulga yoqacha tikdi.
Bolariga yigʻib berdi bol.
Kishmish guli halvocha boʻlmay,
Pichir-pichir qildi majnuntol.

Qulogʻini buloqqa qoʻydi,
Chirmoviqqa yasadi egar.
Anorzorga: “Chorlab ketding”, deb,
Zarafshondan siqib berdi zar.

Ayoliga yoʻrma toʻqidi,
Suv mavjidan tiktirdi kovush.
Sarbandidan quyoshni yechsa,
Uy shiftida in qurdi Haqqush.

Oy izini koʻksidan topdi,
Ushlab koʻrdi, soxtamas, mumtoz.
Soʻng soyasin gulmehrob koʻrib,
Bor koʻnglida yozdi joynamoz.

“YURTI BOR”LIKNING IMTIYOZI

Sutkosaga koʻnglimni ochdim,
Duolarga qoʻshildim sahar.
Qulfaklarday yaproq chiqarsam,
Vahiy koʻkdan tashladi nazar.

Van Gog misol chirmoviq boʻldim,
Tortish kuchin ulashdi axtar.
Bolarilar xartumlaridan
Sochlarimning hidi taralar.

Karvonlarning safari yashil,
Chimildiqning bor-budi qoʻshiq.
Bir kungina boqqa chiqmasam,
Qushlar menga qiladi “tumshuq”.

Bedanalar – jonli dastxatim,
Qush kiprigi – Tohirga sandiq.
Buxor Xotun zarbof kundalin
She’rlarimga aylagach tortiq.

“Raqsizonu”, “Savti zang” urdim,
Tokzorlarga gap otdim: “Ku-ku!”
Bamijkatda yerildiz boʻlgan
Afrosiyob sas berdi: “YO, hu!”

Sutkosaga koʻnglimni ochdim…

NIYAT

Shahristondan hovlicha olsam,
Oʻngim sigʻib, chapim sigʻmasa.
Ravogʻida oʻtirib uchsam,
Xongul xomush, Moʻliyon kulsa.

Devoriga solsam naqshi jom,
Tarnovidan toʻkilsa boda.
Afrosiyob tugʻlarni chorlab,
Minorgacha kelsa piyoda.

Zanjirini zulfi tok, desam,
Qulf joyida oʻtirsam chilla.
Darpardasin Sakkokiy bersa,
“Bor, jandamni Xudodan soʻra”.

Chopib chiqsam, tomiga har tong,
Gumbaz misol qursam chordona,
Bolorlari boshin chiqarib,
“E, bor boʻl”, deb aytsa tarona.

Tandirini kaftimda qursam,
Oʻchogʻida pishirsam gʻoza,
Chirogʻini koʻchada yoqib,
Iso qoʻldan qursam darvoza.

Uy devorlar menga qilsa noz,
Ayvonida oʻtlasa kiyik.
Shundan buxormomo tutlarin,
Qomatlari boʻlarmikan tik?

52

(Tashriflar: umumiy 3, bugungi 3)

Izoh qoldiring