Ўзига хос мавзу, бухороча оҳанглар шоираси Ибодат Ражабованинг янги шеърларини тақдим этмоқдамиз. Шоирага энг самимий тилакларимизни йўллаймиз…
Ибодат РАЖАБОВА
ЯНГИ ШЕЪР ДАФТАРИДАН
Ибодат Ражабова 1956 йилда Бухорода туғилган. Самарқанд Давлат педагогика институтининг филология ҳамда Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетларида ўқиган. Унинг “Осмондаги фаришта”, “Бухорода гужумлар гуллади”, “Қуш киприги” сингари шеърий ҳамда бир қатор насрий-тарихий асарлари чоп этилган.
ОНАМ КЕТГАЧ…
Гулқошиқлар ранги тўкилди,
Сутчелакка кўнмади шабнам.
Туршак тўрва томда қишлади,
Чилла кетиб, хутхут келса ҳам.
Тасбеҳни-ку босиб кетди чанг.
Сурмадоннинг юмилди кўзи.
Қулоғи йўқ чўлчумчуқларга
Ишкомларнинг ўтмади сўзи.
Оқ жўхорий сарғайиб кетди.
Қув эчкини соғмади ҳеч ким.
Наъматакдан шинди қилмаган
Шаҳардан ҳам тўлмади кўнглим.
Уфқ билан ўймоқ санадик.
Омборлардан тинмасак ғалвир.
Ҳидлай десам гулқоқиларнинг
Борлиғидан чиқиб кетди тер.
КЎНГЛИМДА КЎТАРИБ ЮРАМАН
Мажнунлар кўз ёшин ёғини,
Лайлилар оқ кўнглин доғини
Исонинг сочюлар чоғини,
Кўнглимда кўтариб юраман.
Кўнглимда кўтариб юраман.
Ҳавволар соч ўпар тароғин
Алпомиш сеҳрли яроғин,
Отамнинг тўйчопон ямоғин
Кўнглимда кўтариб юраман.
Кўнглимда кўтариб юраман.
Майхумлар чапани, майдурда чақин
Токзорлар уруғи Худога яқин
Ҳеч гап йўқ, бўриилар уввлашин-
Кўнглимда кўтариб юраман.
Кўнглимда кўтариб юраман.
Ой хомуш, мен хомуш, қушлар қўш,
Тоҳирлар сандиғи, нега бўш?
Бу ҳолни қилибким пардапўш-
Кўнглимда кўтариб юраман.
Кўнглимда кўтариб юраман.
Тўмарис фақат ой ғамни йер,
Гўшанга гуллари туғар шер.
Шу элни, шерни менга бер!
Кўнглимда кўтариб юраман.
Кўнглимда кўтариб юраман.
Аразлаб кетишлар машраба,
Жунунлар жандапўш, оҳларим яра…
Бир келинг, ергамас, кафтимда
Кўнглимда кўтариб юраман.
Кўнглимда кўтариб юраман.
***
Ёсуманга ёй отдим
Қорайди қора Ботир
Бу дунёда ёмонни
Бор, Сен Ҳудога топшир.
Сулаймоннинг узугин
Тубига тушдим ҳаққо.
Яна ҳамма сўфи-ю,
Мансурдан ўтмиш хато.
Соҳилларга урилдим.
Дарё суви бўлди шўр.
Дардимни билмоқ эрсанг
Девдарадан ўтиб кўр
Сен кетдингу мен кетдим
Осмонга соқчи гадо!
Ортимга қайтай десам
Кўприклар қилмиш хато.
Ёсуманга ёй отдим….
***
Лолаларга минган Исоман,
Ҳофиз бериб кетган садоман.
Мансурларга шеъри шифоман,
Чилтор менинг торимга етмас.
Кўчатларнинг қарори – байтим,
Тўмарисман – сулҳ тузар пайтим.
Ойда яшаб сўнг сутга қайтдим.
Чилтор менинг торимга етмас
Қушман – иним дарахт бошлари
Меҳробларим Мажнун қошлари.
Сураткашим ўша сувпари-
Чилтор менинг торимга етмас
Қўлим чўзсам гулдурак – отим,
Анғиззорда нурларга ботдим.
Киприкларим гул чизди – қадим
Чилтор менинг торимга етмас
Бир “Ҳайт” дедим, Хизрдан ўтдим.
Миришкорнинг пойини ўпдим.
Сўнг “Мақом”га юбордим қайтим,
Чилтор менинг торимга етмас
НАРШАҲ ҚАЛЪА ДЕВОРИГА БИТИК
Оёғингни ерга маҳкам бос
Кўзларингни очгин каттароқ
Сен бўлмасанг Наршоҳ қалъада
Эртагаёқ сўнади чароғ.
Қоматингни қуёшга кўрсат.
Дема: “Эртам моли ёсуман.
Кечалари қалъага келиб,
Мен Сен билан тикка тураман.
Вобкентдарё, айтдим, сув берар.
Эрта чопон келтиргум, белбоғ.
Тиззаларинг йиртилган бўлса,
Қўл кафтимдан қиламан ямоқ.
Сен тан олма, мен ҳам билмайман.
Уким ўзи қумурсқа ўлим.
Бухорога девору дарё –
Шоир керак, албатта, дўстим.
Сен тан олма…
***
Кўйлаб, кўйлаб кўнглимни топдим.
Руҳим базми қадим Зарафшон.
Тонг, лолалар қондоши бўлиб,
Гўрўғлига изладим макон.
Ватанимнинг сутлари серёғ
Қалъаларин девори қалин.
Болариси она бўлади,
Гулчангларга эргашган сайин.
Алпомишни зафар кўтарди.
Далатандир пиширди патир.
Майсаларин тинчитиб келдим:
“Энди қишдан олма хавотир!”
Танобимни қўшиқлар тортди.
Ва ўзимга келтирди чорлов.
Мақом айтсам, икки елкамда,
Куни билан гуллади олов!
Дунё кезиб, Сизгача келдим.
Хизр билан талашдик дийдор.
Киприкларим чилтор бўлгунча
Ўймоғимга зар солди ҳилол,
Кўйлаб, кўйлаб…
КУЗАК РАНГИ
Қушлар изи ҳавода қолди.
Зайтунзорнинг ёғи товада.
Яйловларнинг нафаси қиров,
Отингизни келтиринг, Ота!
Майрам кампир танча қурди.
Томтарновин узиб кетди дўл.
Полиз каппа ёғочларига
“Кел” дейишга етмай қолди қўл.
Отохурда энди кишмиш йўқ.
Токзорларни ихчам қилди йил…
Кўп узумхўр Сиёвуш руҳин
Вараҳшада чорладим: “Тирил”…!
Далмун сувин Ушмиюн ютди.
Субуғтепа ҳали ҳам ёлғиз.
Унинг олтин тошбитикларин
Ярим туни ўқийди анғиз.
Туронтепа ичида вулқон.
Атрофида ғарқ гуллар юлғун.
Дашт зирасин соч мушкларидай,
Хуржунини тўлдирди Мажнун.
***
Мен ўзимга ўнгдан қарадим.
Ва такрорки, қарадим чапдан.
Менга саҳро сотиб олмоқ чун,
Балдоғини сотди Ойтуман.
Қулфлар қўлин кесдим қиличда,
Тўсиқларга “пуф” дедим, “Кет, Кет.”
Қўл кафтимда бош қўйиб ётсам,
Кутгабоқар бисоти – бир бет…
Харсангтошлар ёзди дастурхон.
Ниначилар қаноти сочиқ.
Тилла калит тилин ўргансам,
Пастдартомнинг тўғони очиқ…
Сурат чиздим, тўрида ўзим.
Хатлар битдим, жавоб-забарак…
Қоқишга қош йўқ, десам, кулиб,
Қарқарага айланди варрак.
Ёмғирларни сўрамай ютди.
Симоб бўлдим, мучалим чилтор.
Худо билан ҳисоблаб кўрсак,
Мен ўзимдан минг карра қарздор…
ОТАМ ҚИШЛОҒИДА…
Кузги буғдой илдизи узун .
Ғарамлардан туғилади ёғ.
Вассажуфтлар Доро бўлади,
Қалдирғочлар ота бўлган чоғ.
Тўрваларни тўлдирар уруғ.
Чорчаманни қитиқлар шамол.
Шоҳ бешикка номзод бўлади,
Афросиёб сийлаб кетган тол.
Ертандирни висолга чорлар,
Бисбирийнинг сеп-семиз дони.
Чимилдиққа хутба ўқийди,
Бобом қўйиб кетган чопони.
Отам тулпор миниб қуш бўлар.
Морс ёрилар томчилар ичи.
Онам қўлин кафтига тушар,
От ёлидан тўкилган томчи.
Синглим сочи эртакдай узун,
Акамга кўз қисади қизлар.
Ҳар бир ҳовли файзин оширган.
Боғсўрилар дийдори гўзал.
БУРҒУЛАР НАФАСИ ФАРИШТА
Кўнглимнинг чокини ямадим.
Сув билан сув ичдим тўлғониб.
Ёсуман шамолин михладим-
Тарози ўнгида мен – ғолиб.
Қамишлар райҳонга эгачи
Майсалар қўшинга қоровул.
Жужжалар каптарга айланиб,
Мен билан шоҳ бўлди мингта қул.
Тожимнинг чаппаси чиннигул.
Ўнгида ҳумонинг суврати.
Юртдевор пойидан ўпгандим,
Белида мингта от қуввати…
Сарахбор ишқимнинг жарчиси.
Бурғулар онаси фаришта.
Қанотли туялар туғилиб,
Қуёшни асради тишида.
Келажак кунларнинг тенгиман.
Китобим деворлар девори.
Шўх ҳутни уйғотиб қўймасам,
Тўкилар тоқ ойнинг оҳори..
***
Оқ тераклар йўл пойлар хомуш,
Чорминорнинг кўзларида нам.
Катта минор тумшуғи осиғ,
Уларни бир бориб кўрмасам.
Заргароннинг зари тўкилар,
Азонғалат Хожам Аъзам…
Долонларга кирмайди ҳаво,
Уларни бир бориб кўрмасам.
Пули ошиқин ошиқдан жудо,
Майса кўрмас саҳарлар шабнам.
Тимчаларга кирмас тиллақош,
Уларннии бир бориб кўрмасам..
Хожа Ислом ҳааммоми хаста,
Гулбозорда нималардир кам.
Аркдан чиқмаас ноғорахабар-
Уларни бир бориб кўрмасам.
ДАНКО БИЛАН…
Данко билан юрак алмашдик,
Ойлар билан талашдик ёмғир.
Саллалардан ҳовуз ясасам,
Бутпарастлар юраги оғриқ.
Робиадан устун ясадим,
Майсага ҳам бериб кетдим қарз.
Сиз Бухоро гулчангларига
Энг қулайи – мени қилинг нарз.
Абу Ҳафснинг белбоғин топдим,
Хуржунига солиб қўйдим сут.
Моҳи Хоса чорбоғларидан,
Бу оламнинг ками бўлди буд.
Азон тортдим, қўл кафтим қўшнай,
Мўжизага уйланди буғдой.
Бўрибоғи чўпонларига
Боқиб бердим юздан ортиқ той.
Қумри билан ёздик тўйхабар,
Йўллар билан ёздик оқ қанот.
Шолизорнинг хуснига тўймай,
Кўнгил боқдим – шу адабиёт.
***
Хайригуллар эшигин қоқдим,
Ертандирдан кетмадим йироқ.
Кийикларга қўшиклар айтсам,
Сутчелакка берибди қайноқ.
Шаҳар билан кўприклар эгиз,
Сарҳовузни елпийди оқ тол.
Мен ҳайронман оддий ари ҳам,
Бол йиғади мисоли хаёл.
Сув излари дарё бўлади,
Девор изи, албатта, қалқон.
Бухорода қибла девордан.
Дуо сўрар минг битта полвон.
Гужум ҳасса Ҳорунга мадад,
Ниначи ҳам боқар ўғил-қиз.
Оддий хумлар таклиф ҳам кутмай,
Куз ойлари пиширар набиз.
ТОҒДАГИ ТАШЛАНДИҚ ҚИШЛОҚ МАНЗАРАЛАРИ
Симёғочлар эрта қариган,
Юлғунзони кесиб кетган қиш.
Хароб бўлган токзор оралаб,
Совуқ шамол бошлайди “юриш”
Шоли ери ёрилган тарс-тарс,
Чаққон ариқ бошидан ботил.
Ертандирлар тушида энди,
Ёнбош бичак пишади ҳил-ҳил…
Отохурлар хаёли дайди…
Сувохурда дам олар шабнам.
Қовоқари солган инларни,
Аравага юклаган ғарам…
Жундан бўлган кигизлар парча,
Нонсаватлар кетилган ташлаб,
Эски масжид ғариб саҳнида,
Гўё дастхат қолдирган Машраб.
Қўй кўрадан фақат девор из,
Чаппа ётар тешилган челак.
Мазахўрак бўлган бўрилар,
Энди бунда келмаса керак!
БУХОРО САНЪАТ МУЗЕЙИ
ТАСВИРЛАРИДА…
Адрас чопон кийган қозининг,
Бу даргоҳда салласи ярим.
Изин излаб чиқган тутунни,
Тандирларга қайтармоқ қийин.
Ерда ухлар долон сояси,
Том устида чордара – ялло…
Хуржун ташлаб олган эшакка,
Дарча очар Қўрғони боло.
Кўкка учиб кетар найзалар,
Садоқдонлар гурунг хобгоҳи.
Кўзи билан шаҳар қаричлар,
Деразадан кўринган пари.
Рўмолларга осилар тарих,
Чимилдиқлар умри бир узун.
Қудуқларнинг ҳансирашидан,
Шоҳ мажлисга ўхшаб кетар кун.
Мозий набзи – деворлар, тасвир,
Мўйқаламдан туғилган дунё.
Ботаётган қуёш ранглари
Мансаб мисол қилмайди қазо.
Жанггоҳларда бақирган оғриқ,
Майхумларни оздирган бода.
Қушлар қўнган симёғоч шавқи,
Уйимгача келди пиёда…
ҲУТНИНГ 1-ҲАФТАСИ
Булутларнинг қовоғи осиғ,
Гулдуракни туғдирди шамол.
Ёмғир ёғиб майдурда бўлгач,
Майса уруғ бўлмади увол.
Шохаларда тизилди томчи,
Деразалар нафаси намчил.
Мўлиённинг тошган сувига,
Соч-соқолин хўб ювди Хизр.
Гулчорвоқни топди болари,
Хонқизининг холлари йирик.
Бойчиборлар ёл ёйган қирда,
Афросиёб ҳали ҳам тирик.
Чопиб кетди тоғга ҳавасим,
Минорага куёв чорминор.
Аҳмад Дониш салласин ечиб,
Ҳут рангида суради хаёл.
Гулчанглардан зувала қордим,
Оқ қандакка ошиқ камзулим.
Тўмариснинг қирқ бир сочига,
Минг шеъримни “Уч” деб боғладим.
Метанработ тушига кирмай,
Энди қишлоқ қайтсам ҳам бўлар.
Ҳандалакмас учар нақ ҳатда
Омбор мисол хуржуним тўлар.
КОВУШИМ ҚУМҚАЙИҚ
Бу дунё йилдан йил кўп қарир,
Камалак бўлмади дўл, ёмғир.
Кўнглимда бир дунё хавотир,
Мен Сизни кўришга бораман.
Эртаклар хуржуни ямоқий
Машрабнинг кул бўлди тишининг оқи.
Қудуққа айланди бу кўнглим чоки,
Мен Сизни кўришга бораман.
Кафтимда чўғ тутиб исиндим,
Жийдазор хаёли – мунажжим.
Бу фалак калитин топмоқ-ку қийин,
Мен Сизни кўришга бораман.
Ёрилтош тош эмас бўлар мум,
Дарёга айланар Ҳавзи қулдурум.
Ғуссалар дурдаси – табассум,
Мен Сизни кўришга бораман.
Мансурким тушида кўрар туш,
Кипригин шамъ қилар мингта қуш.
Ковушим қумқайиқ, сочларим кумуш,
Мен Сизни кўришга бораман.
***
Саъдий мисол камзулим худранг,
Машрабдайин ковушим қайиқ.
Бобом уйин шифтида ухлар,
Урушларда чарчаган милтиқ.
Широқ шамшод бўлиб кечаси,
Шовуллади томим устида
Туриб осмон йиртиғин тикдим,
Набирамнинг каму кўстига.
Сўқмоқ йўллар сочимга туташ,
Икки енгим илоҳий кўприк.
Олтин балиқ кўклардан тушиб,
Менга қараб сузаверди тик.
-Дўстим, деди бир куни дарвиш,
Пулинг борми, мен нурдан қарздор.
Хижолатнинг шаробин тортдим,
-Юрагимдан бўлак нимам бор!
ЮСУФ ҲАМАДОНИЙ МАКТАБИ
Эшиклари учиб кетган қуш,
Томларида ўтлар ғизола.
Тарновига лабини қўйиб,
Шабнам йиғар сопол пиёда.
Деразаси шамол йўлаги,
Равоғида бўй чўзар райҳон.
Меҳробининг ҳавзакларидан,
Арш борлиғи бўлар намоён.
Китоблари ўзин ўқийди,
Жойнамози Тангри этаги.
Тасбиҳининг юлдуз санаши,
Сувохурмас кўнглимнинг таги…
Руҳлар олов ёқиб исинар,
Осмонқават яктагда мақом.
Бухоронинг ҳар бир гузари,
Ошиқликдан келтирар пайғом.
Дарсхонаси Зарафшонмижоз,
Остонаси илоҳий хилқат.
Қаламларин пўст ташлашидан,
Куйиб кетди минг битта иллат.
БОТИР БИЛАН КАМОНИМ БИТТА
Шамол йиғлаб топган болангман,
Сархуш мезон оппоқ толангман.
Бурғу жангда чолган нолангман,
Исо билан хумдоним битта.
Йиллар мендан чиқиб чопган аҳд,
Ҳаққуш мени топиб олиб бахт.
Қишлоқ кўприк мен беҳушга тахт,
Лайли билан гулдоним битта.
“Ватан” десам гавҳар терлайди,
Гул гардини кулга бермайди.
Душман ҳаққи ўлимхат, дайди –
Ботир билан камоним битта.
Юрт борлиғи борлиғимда жо,
Чирмовиқи чирмашган маъво,
Серпушт бағри атои Худо,
Пирлар билан осмоним битта.
Нафас олсам боғлар семирар,
Зарафшонда сувлар ташир зар.
Оддий туғи Авлиё Ахтар,
Ҳурлар билан ризвоним битта.
Учиб кетсам қайтишим шарор,
Қуш тўқ юрса, мен ҳам бахтиёр.
Жуфт елкамда битта Ватан,
Султон билан туздоним битта.
ОТА
Марсия
Маҳсингизда шамол ухлайди,
Саллангизнинг қатида ялпиз.
Жойнамознинг уйқуси оғир-
Қишлоқ борсам, Ота, Сиз йўқсиз.
Ҳовлитомим аҳволи оғир,
Ёғган ёмғир тушиб кетар, тиз…
“Бир чораси топиларми” деб,
Қишлоқ борсам, Ота, Сиз йўқсиз.
Кузак хазон чорловсиз, чаққон,
Ғарамларга қўшилди анғиз.
Ток кўмишга ёрдам берай, деб
Қишлоқ борсам, Ота, Сиз йўқсиз.
Уруғликка қолмабди буғдой,
Сопол кўза қайнатмас қимиз.
Яктагингиз укамга кетди,
Қишлоқ борсам, Ота, Сиз йўқсиз.
Оқ, қора ранг ўртасидаман,
Ғам, ташвишлар туғилар эгиз.
“Бир маслаҳат олай” деб энди,
Қишлоқ борсам, Ота, Сиз йўқсиз.
***
Майса билан дунёнг бир хил,
Қумриларга ёзгансан баёт.
Шаҳарни қўй, қишлоққа қайтгин,
Қирга айтиб, олиб берай от.
Гулчангларни ҳутда йиғамиз,
Бодом мисол сурамиз хаёл.
Олтин балиқ қасрин топмасак,
Унинг мулки бўлади увол.
Чанқовузни уйғотиб келдим,
Чилдирмага айтгин, ўйнасин.
Чигирткалар ғавғо солиши,
Сенга, менга, иллаҳ, бир тийин.
Чопонингни Аркка берамиз,
Саллангни бер, боғласин минор.
Лайлак билан тортишиб юрма,
Ростин айтсам, менда қанот бор!
Боғчайлада қурамиз суҳбат,
Нурдан тўлар бу олам ичи.
Бахтимизга чанг сололмайди,
Ўша ношуд полиз қўриқчи…
O‘ziga xos mavzu, buxorocha ohanglar shoirasi Ibodat Rajabovaning yangi she’rlarini taqdim etmoqdamiz. Shoiraga eng samimiy tilaklarimizni yo‘llaymiz…
Ibodat RAJABOVA
YANGI SHЕ’R DAFTARIDAN
Ibodat Rajabova 1956 yilda Buxoroda tug‘ilgan. Samarqand Davlat pedagogika institutining filologiya hamda Toshkent Davlat universitetining jurnalistika fakultetlarida o‘qigan. Uning “Osmondagi farishta”, “Buxoroda gujumlar gulladi”, “Qush kiprigi” singari she’riy hamda bir qator nasriy-tarixiy asarlari chop etilgan.
ONAM KЕTGACH…
Gulqoshiqlar rangi to‘kildi,
Sutchelakka ko‘nmadi shabnam.
Turshak to‘rva tomda qishladi,
Chilla ketib, xutxut kelsa ham.
Tasbehni-ku bosib ketdi chang.
Surmadonning yumildi ko‘zi.
Qulog‘i yo‘q cho‘lchumchuqlarga
Ishkomlarning o‘tmadi so‘zi.
Oq jo‘xoriy sarg‘ayib ketdi.
Quv echkini sog‘madi hech kim.
Na’matakdan shindi qilmagan
Shahardan ham to‘lmadi ko‘nglim.
Ufq bilan o‘ymoq sanadik.
Omborlardan tinmasak g‘alvir.
Hidlay desam gulqoqilarning
Borlig‘idan chiqib ketdi ter.
KO‘NGLIMDA KO‘TARIB YURAMAN
Majnunlar ko‘z yoshin yog‘ini,
Laylilar oq ko‘nglin dog‘ini
Isoning sochyular chog‘ini,
Ko‘nglimda ko‘tarib yuraman.
Ko‘nglimda ko‘tarib yuraman.
Havvolar soch o‘par tarog‘in
Alpomish sehrli yarog‘in,
Otamning to‘ychopon yamog‘in
Ko‘nglimda ko‘tarib yuraman.
Ko‘nglimda ko‘tarib yuraman.
Mayxumlar chapani, maydurda chaqin
Tokzorlar urug‘i Xudoga yaqin
Hech gap yo‘q, bo‘riilar uvvlashin-
Ko‘nglimda ko‘tarib yuraman.
Ko‘nglimda ko‘tarib yuraman.
Oy xomush, men xomush, qushlar qo‘sh,
Tohirlar sandig‘i, nega bo‘sh?
Bu holni qilibkim pardapo‘sh-
Ko‘nglimda ko‘tarib yuraman.
Ko‘nglimda ko‘tarib yuraman.
To‘maris faqat oy g‘amni yer,
Go‘shanga gullari tug‘ar sher.
Shu elni, sherni menga ber!
Ko‘nglimda ko‘tarib yuraman.
Ko‘nglimda ko‘tarib yuraman.
Arazlab ketishlar mashraba,
Jununlar jandapo‘sh, ohlarim yara…
Bir keling, yergamas, kaftimda
Ko‘nglimda ko‘tarib yuraman.
Ko‘nglimda ko‘tarib yuraman.
***
Yosumanga yoy otdim
Qoraydi qora Botir
Bu dunyoda yomonni
Bor, Sen Hudoga topshir.
Sulaymonning uzugin
Tubiga tushdim haqqo.
Yana hamma so‘fi-yu,
Mansurdan o‘tmish xato.
Sohillarga urildim.
Daryo suvi bo‘ldi sho‘r.
Dardimni bilmoq ersang
Devdaradan o‘tib ko‘r
Sen ketdingu men ketdim
Osmonga soqchi gado!
Ortimga qaytay desam
Ko‘priklar qilmish xato.
Yosumanga yoy otdim….
***
Lolalarga mingan Isoman,
Hofiz berib ketgan sadoman.
Mansurlarga she’ri shifoman,
Chiltor mening torimga yetmas.
Ko‘chatlarning qarori – baytim,
To‘marisman – sulh tuzar paytim.
Oyda yashab so‘ng sutga qaytdim.
Chiltor mening torimga yetmas
Qushman – inim daraxt boshlari
Mehroblarim Majnun qoshlari.
Suratkashim o‘sha suvpari-
Chiltor mening torimga yetmas
Qo‘lim cho‘zsam guldurak – otim,
Ang‘izzorda nurlarga botdim.
Kipriklarim gul chizdi – qadim
Chiltor mening torimga yetmas
Bir “Hayt” dedim, Xizrdan o‘tdim.
Mirishkorning poyini o‘pdim.
So‘ng “Maqom”ga yubordim qaytim,
Chiltor mening torimga yetmas
NARSHAH QAL’A DЕVORIGA BITIK
Oyog‘ingni yerga mahkam bos
Ko‘zlaringni ochgin kattaroq
Sen bo‘lmasang Narshoh qal’ada
Ertagayoq so‘nadi charog‘.
Qomatingni quyoshga ko‘rsat.
Dema: “Ertam moli yosuman.
Kechalari qal’aga kelib,
Men Sen bilan tikka turaman.
Vobkentdaryo, aytdim, suv berar.
Erta chopon keltirgum, belbog‘.
Tizzalaring yirtilgan bo‘lsa,
Qo‘l kaftimdan qilaman yamoq.
Sen tan olma, men ham bilmayman.
Ukim o‘zi qumursqa o‘lim.
Buxoroga devoru daryo –
Shoir kerak, albatta, do‘stim.
Sen tan olma…
***
Ko‘ylab, ko‘ylab ko‘nglimni topdim.
Ruhim bazmi qadim Zarafshon.
Tong, lolalar qondoshi bo‘lib,
Go‘ro‘g‘liga izladim makon.
Vatanimning sutlari seryog‘
Qal’alarin devori qalin.
Bolarisi ona bo‘ladi,
Gulchanglarga ergashgan sayin.
Alpomishni zafar ko‘tardi.
Dalatandir pishirdi patir.
Maysalarin tinchitib keldim:
“Endi qishdan olma xavotir!”
Tanobimni qo‘shiqlar tortdi.
Va o‘zimga keltirdi chorlov.
Maqom aytsam, ikki yelkamda,
Kuni bilan gulladi olov!
Dunyo kezib, Sizgacha keldim.
Xizr bilan talashdik diydor.
Kipriklarim chiltor bo‘lguncha
O‘ymog‘imga zar soldi hilol,
Ko‘ylab, ko‘ylab…
KUZAK RANGI
Qushlar izi havoda qoldi.
Zaytunzorning yog‘i tovada.
Yaylovlarning nafasi qirov,
Otingizni keltiring, Ota!
Mayram kampir tancha qurdi.
Tomtarnovin uzib ketdi do‘l.
Poliz kappa yog‘ochlariga
“Kel” deyishga yetmay qoldi qo‘l.
Otoxurda endi kishmish yo‘q.
Tokzorlarni ixcham qildi yil…
Ko‘p uzumxo‘r Siyovush ruhin
Varahshada chorladim: “Tiril”…!
Dalmun suvin Ushmiyun yutdi.
Subug‘tepa hali ham yolg‘iz.
Uning oltin toshbitiklarin
Yarim tuni o‘qiydi ang‘iz.
Turontepa ichida vulqon.
Atrofida g‘arq gullar yulg‘un.
Dasht zirasin soch mushklariday,
Xurjunini to‘ldirdi Majnun.
***
Men o‘zimga o‘ngdan qaradim.
Va takrorki, qaradim chapdan.
Menga sahro sotib olmoq chun,
Baldog‘ini sotdi Oytuman.
Qulflar qo‘lin kesdim qilichda,
To‘siqlarga “puf” dedim, “Ket, Ket.”
Qo‘l kaftimda bosh qo‘yib yotsam,
Kutgaboqar bisoti – bir bet…
Xarsangtoshlar yozdi dasturxon.
Ninachilar qanoti sochiq.
Tilla kalit tilin o‘rgansam,
Pastdartomning to‘g‘oni ochiq…
Surat chizdim, to‘rida o‘zim.
Xatlar bitdim, javob-zabarak…
Qoqishga qosh yo‘q, desam, kulib,
Qarqaraga aylandi varrak.
Yomg‘irlarni so‘ramay yutdi.
Simob bo‘ldim, muchalim chiltor.
Xudo bilan hisoblab ko‘rsak,
Men o‘zimdan ming karra qarzdor…
OTAM QISHLOG‘IDA…
Kuzgi bug‘doy ildizi uzun .
G‘aramlardan tug‘iladi yog‘.
Vassajuftlar Doro bo‘ladi,
Qaldirg‘ochlar ota bo‘lgan chog‘.
To‘rvalarni to‘ldirar urug‘.
Chorchamanni qitiqlar shamol.
Shoh beshikka nomzod bo‘ladi,
Afrosiyob siylab ketgan tol.
Yertandirni visolga chorlar,
Bisbiriyning sep-semiz doni.
Chimildiqqa xutba o‘qiydi,
Bobom qo‘yib ketgan choponi.
Otam tulpor minib qush bo‘lar.
Mors yorilar tomchilar ichi.
Onam qo‘lin kaftiga tushar,
Ot yolidan to‘kilgan tomchi.
Singlim sochi ertakday uzun,
Akamga ko‘z qisadi qizlar.
Har bir hovli fayzin oshirgan.
Bog‘so‘rilar diydori go‘zal.
BURG‘ULAR NAFASI FARISHTA
Ko‘nglimning chokini yamadim.
Suv bilan suv ichdim to‘lg‘onib.
Yosuman shamolin mixladim-
Tarozi o‘ngida men – g‘olib.
Qamishlar rayhonga egachi
Maysalar qo‘shinga qorovul.
Jujjalar kaptarga aylanib,
Men bilan shoh bo‘ldi mingta qul.
Tojimning chappasi chinnigul.
O‘ngida humoning suvrati.
Yurtdevor poyidan o‘pgandim,
Belida mingta ot quvvati…
Saraxbor ishqimning jarchisi.
Burg‘ular onasi farishta.
Qanotli tuyalar tug‘ilib,
Quyoshni asradi tishida.
Kelajak kunlarning tengiman.
Kitobim devorlar devori.
Sho‘x hutni uyg‘otib qo‘ymasam,
To‘kilar toq oyning ohori..
***
Oq teraklar yo‘l poylar xomush,
Chorminorning ko‘zlarida nam.
Katta minor tumshug‘i osig‘,
Ularni bir borib ko‘rmasam.
Zargaronning zari to‘kilar,
Azong‘alat Xojam A’zam…
Dolonlarga kirmaydi havo,
Ularni bir borib ko‘rmasam.
Puli oshiqin oshiqdan judo,
Maysa ko‘rmas saharlar shabnam.
Timchalarga kirmas tillaqosh,
Ularnnii bir borib ko‘rmasam..
Xoja Islom haammomi xasta,
Gulbozorda nimalardir kam.
Arkdan chiqmaas nog‘oraxabar-
Ularni bir borib ko‘rmasam.
DANKO BILAN…
Danko bilan yurak almashdik,
Oylar bilan talashdik yomg‘ir.
Sallalardan hovuz yasasam,
Butparastlar yuragi og‘riq.
Robiadan ustun yasadim,
Maysaga ham berib ketdim qarz.
Siz Buxoro gulchanglariga
Eng qulayi – meni qiling narz.
Abu Hafsning belbog‘in topdim,
Xurjuniga solib qo‘ydim sut.
Mohi Xosa chorbog‘laridan,
Bu olamning kami bo‘ldi bud.
Azon tortdim, qo‘l kaftim qo‘shnay,
Mo‘jizaga uylandi bug‘doy.
Bo‘ribog‘i cho‘ponlariga
Boqib berdim yuzdan ortiq toy.
Qumri bilan yozdik to‘yxabar,
Yo‘llar bilan yozdik oq qanot.
Sholizorning xusniga to‘ymay,
Ko‘ngil boqdim – shu adabiyot.
***
Xayrigullar eshigin qoqdim,
Yertandirdan ketmadim yiroq.
Kiyiklarga qo‘shiklar aytsam,
Sutchelakka beribdi qaynoq.
Shahar bilan ko‘priklar egiz,
Sarhovuzni yelpiydi oq tol.
Men hayronman oddiy ari ham,
Bol yig‘adi misoli xayol.
Suv izlari daryo bo‘ladi,
Devor izi, albatta, qalqon.
Buxoroda qibla devordan.
Duo so‘rar ming bitta polvon.
Gujum hassa Horunga madad,
Ninachi ham boqar o‘g‘il-qiz.
Oddiy xumlar taklif ham kutmay,
Kuz oylari pishirar nabiz.
TOG‘DAGI TASHLANDIQ QISHLOQ MANZARALARI
Simyog‘ochlar erta qarigan,
Yulg‘unzoni kesib ketgan qish.
Xarob bo‘lgan tokzor oralab,
Sovuq shamol boshlaydi “yurish”
Sholi yeri yorilgan tars-tars,
Chaqqon ariq boshidan botil.
Yertandirlar tushida endi,
Yonbosh bichak pishadi hil-hil…
Otoxurlar xayoli daydi…
Suvoxurda dam olar shabnam.
Qovoqari solgan inlarni,
Aravaga yuklagan g‘aram…
Jundan bo‘lgan kigizlar parcha,
Nonsavatlar ketilgan tashlab,
Eski masjid g‘arib sahnida,
Go‘yo dastxat qoldirgan Mashrab.
Qo‘y ko‘radan faqat devor iz,
Chappa yotar teshilgan chelak.
Mazaxo‘rak bo‘lgan bo‘rilar,
Endi bunda kelmasa kerak!
BUXORO SAN’AT MUZЕYI
TASVIRLARIDA…
Adras chopon kiygan qozining,
Bu dargohda sallasi yarim.
Izin izlab chiqgan tutunni,
Tandirlarga qaytarmoq qiyin.
Yerda uxlar dolon soyasi,
Tom ustida chordara – yallo…
Xurjun tashlab olgan eshakka,
Darcha ochar Qo‘rg‘oni bolo.
Ko‘kka uchib ketar nayzalar,
Sadoqdonlar gurung xobgohi.
Ko‘zi bilan shahar qarichlar,
Derazadan ko‘ringan pari.
Ro‘mollarga osilar tarix,
Chimildiqlar umri bir uzun.
Quduqlarning hansirashidan,
Shoh majlisga o‘xshab ketar kun.
Moziy nabzi – devorlar, tasvir,
Mo‘yqalamdan tug‘ilgan dunyo.
Botayotgan quyosh ranglari
Mansab misol qilmaydi qazo.
Janggohlarda baqirgan og‘riq,
Mayxumlarni ozdirgan boda.
Qushlar qo‘ngan simyog‘och shavqi,
Uyimgacha keldi piyoda…
HUTNING 1-HAFTASI
Bulutlarning qovog‘i osig‘,
Guldurakni tug‘dirdi shamol.
Yomg‘ir yog‘ib maydurda bo‘lgach,
Maysa urug‘ bo‘lmadi uvol.
Shoxalarda tizildi tomchi,
Derazalar nafasi namchil.
Mo‘liyonning toshgan suviga,
Soch-soqolin xo‘b yuvdi Xizr.
Gulchorvoqni topdi bolari,
Xonqizining xollari yirik.
Boychiborlar yol yoygan qirda,
Afrosiyob hali ham tirik.
Chopib ketdi tog‘ga havasim,
Minoraga kuyov chorminor.
Ahmad Donish sallasin yechib,
Hut rangida suradi xayol.
Gulchanglardan zuvala qordim,
Oq qandakka oshiq kamzulim.
To‘marisning qirq bir sochiga,
Ming she’rimni “Uch” deb bog‘ladim.
Metanrabot tushiga kirmay,
Endi qishloq qaytsam ham bo‘lar.
Handalakmas uchar naq hatda
Ombor misol xurjunim to‘lar.
KOVUSHIM QUMQAYIQ
Bu dunyo yildan yil ko‘p qarir,
Kamalak bo‘lmadi do‘l, yomg‘ir.
Ko‘nglimda bir dunyo xavotir,
Men Sizni ko‘rishga boraman.
Ertaklar xurjuni yamoqiy
Mashrabning kul bo‘ldi tishining oqi.
Quduqqa aylandi bu ko‘nglim choki,
Men Sizni ko‘rishga boraman.
Kaftimda cho‘g‘ tutib isindim,
Jiydazor xayoli – munajjim.
Bu falak kalitin topmoq-ku qiyin,
Men Sizni ko‘rishga boraman.
Yoriltosh tosh emas bo‘lar mum,
Daryoga aylanar Havzi quldurum.
G‘ussalar durdasi – tabassum,
Men Sizni ko‘rishga boraman.
Mansurkim tushida ko‘rar tush,
Kiprigin sham’ qilar mingta qush.
Kovushim qumqayiq, sochlarim kumush,
Men Sizni ko‘rishga boraman.
***
Sa’diy misol kamzulim xudrang,
Mashrabdayin kovushim qayiq.
Bobom uyin shiftida uxlar,
Urushlarda charchagan miltiq.
Shiroq shamshod bo‘lib kechasi,
Shovulladi tomim ustida
Turib osmon yirtig‘in tikdim,
Nabiramning kamu ko‘stiga.
So‘qmoq yo‘llar sochimga tutash,
Ikki yengim ilohiy ko‘prik.
Oltin baliq ko‘klardan tushib,
Menga qarab suzaverdi tik.
-Do‘stim, dedi bir kuni darvish,
Puling bormi, men nurdan qarzdor.
Xijolatning sharobin tortdim,
-Yuragimdan bo‘lak nimam bor!
YUSUF HAMADONIY MAKTABI
Eshiklari uchib ketgan qush,
Tomlarida o‘tlar g‘izola.
Tarnoviga labini qo‘yib,
Shabnam yig‘ar sopol piyoda.
Derazasi shamol yo‘lagi,
Ravog‘ida bo‘y cho‘zar rayhon.
Mehrobining havzaklaridan,
Arsh borlig‘i bo‘lar namoyon.
Kitoblari o‘zin o‘qiydi,
Joynamozi Tangri etagi.
Tasbihining yulduz sanashi,
Suvoxurmas ko‘nglimning tagi…
Ruhlar olov yoqib isinar,
Osmonqavat yaktagda maqom.
Buxoroning har bir guzari,
Oshiqlikdan keltirar payg‘om.
Darsxonasi Zarafshonmijoz,
Ostonasi ilohiy xilqat.
Qalamlarin po‘st tashlashidan,
Kuyib ketdi ming bitta illat.
BOTIR BILAN KAMONIM BITTA
Shamol yig‘lab topgan bolangman,
Sarxush mezon oppoq tolangman.
Burg‘u jangda cholgan nolangman,
Iso bilan xumdonim bitta.
Yillar mendan chiqib chopgan ahd,
Haqqush meni topib olib baxt.
Qishloq ko‘prik men behushga taxt,
Layli bilan guldonim bitta.
“Vatan” desam gavhar terlaydi,
Gul gardini kulga bermaydi.
Dushman haqqi o‘limxat, daydi –
Botir bilan kamonim bitta.
Yurt borlig‘i borlig‘imda jo,
Chirmoviqi chirmashgan ma’vo,
Serpusht bag‘ri atoi Xudo,
Pirlar bilan osmonim bitta.
Nafas olsam bog‘lar semirar,
Zarafshonda suvlar tashir zar.
Oddiy tug‘i Avliyo Axtar,
Hurlar bilan rizvonim bitta.
Uchib ketsam qaytishim sharor,
Qush to‘q yursa, men ham baxtiyor.
Juft yelkamda bitta Vatan,
Sulton bilan tuzdonim bitta.
OTA
Marsiya
Mahsingizda shamol uxlaydi,
Sallangizning qatida yalpiz.
Joynamozning uyqusi og‘ir-
Qishloq borsam, Ota, Siz yo‘qsiz.
Hovlitomim ahvoli og‘ir,
Yog‘gan yomg‘ir tushib ketar, tiz…
“Bir chorasi topilarmi” deb,
Qishloq borsam, Ota, Siz yo‘qsiz.
Kuzak xazon chorlovsiz, chaqqon,
G‘aramlarga qo‘shildi ang‘iz.
Tok ko‘mishga yordam beray, deb
Qishloq borsam, Ota, Siz yo‘qsiz.
Urug‘likka qolmabdi bug‘doy,
Sopol ko‘za qaynatmas qimiz.
Yaktagingiz ukamga ketdi,
Qishloq borsam, Ota, Siz yo‘qsiz.
Oq, qora rang o‘rtasidaman,
G‘am, tashvishlar tug‘ilar egiz.
“Bir maslahat olay” deb endi,
Qishloq borsam, Ota, Siz yo‘qsiz.
***
Maysa bilan dunyong bir xil,
Qumrilarga yozgansan bayot.
Shaharni qo‘y, qishloqqa qaytgin,
Qirga aytib, olib beray ot.
Gulchanglarni hutda yig‘amiz,
Bodom misol suramiz xayol.
Oltin baliq qasrin topmasak,
Uning mulki bo‘ladi uvol.
Chanqovuzni uyg‘otib keldim,
Childirmaga aytgin, o‘ynasin.
Chigirtkalar g‘avg‘o solishi,
Senga, menga, illah, bir tiyin.
Choponingni Arkka beramiz,
Sallangni ber, bog‘lasin minor.
Laylak bilan tortishib yurma,
Rostin aytsam, menda qanot bor!
Bog‘chaylada quramiz suhbat,
Nurdan to‘lar bu olam ichi.
Baxtimizga chang sololmaydi,
O‘sha noshud poliz qo‘riqchi…