Ниҳоят, таниш “қизлар почтаси”хизматидан амаллаб фойдаланиб, Бухоро шаҳридан ўтадиган Шоҳруд ариғи устидаги “Ошиқлар кўприги”да учрашиш хабарини қизга жўнатдим. Аммо ичимни ит тирнарди. Чунки Адибахондан ҳеч қандай жавоб бўлмади.
Жўра ФОЗИЛ
ОШИҚЛАР КЎПРИГИ
Ҳикоя
Тун оқшом бўлдию келмас менинг шамъи шабистоним,
Бу андуҳ ўтидин ҳар дам куяр парвонадек жоним
Алишер Навоий
Азизахон Асрор қизи хотирасига
Ўша олис 1969 йил қаҳратон қишда мен ўта махфий бўлсада, номи тилларда достон Бойқўнғир космодромида эдим ва умумий ҳарбий мажбуриятнинг бир йилдан кўпроғини ўтаб улгургандим.
Бу Бойқўнғир деган маскан худо қарғаган жой бўлиб, биз аскарлар унга олиб келадиган темир йўл бекатини “Турма Том” (асли Тўра Том)дея атардик. Бу албатта ҳазил эди. Лекин ҳар қандай ҳазил замирида аччиқ ҳақиқат ва зил бўлиши ҳеч кимга сир емас. Космодром ўта махфий, тўрт томонга қараб беш юз чақирим йўл боссангиз ҳам, барханлар сийнасига яширилган қитъалар аро ядро ракеталари, уларга қулдек хизмат қиладиган ҳарбийлардан бўлак тирик жонни учратиш амри маҳол эди. Шу боис ушбу масканни аскарий турма деганда ҳам бизнинг ҳақимиз кетарди.
Совуқ шунчалар қаттиқ эдики, ошхонада куружкага қуйилган иссиқ чой юзини зум ўтмай юпқа муз қатлами қопларди.
Аммо аскарий хизматда дахшатли совуқ ҳисобга олинмас, Бойқўнғирнинг ҳеч ким ва ҳеч нимани аямайдиган қонуниятлари бўлиб, 19-20 яшар аскарлар уларга сўзсиз бўйсинишар, шунинг натижасида улкан аслахахонанинг совуқ юраги “гуп-гуп” уриб турарди.
Қоидани бузганларнинг шўри қурир -12253-ҳарбий қисм-требунал хукмлари қаҳратон совуқданда қаттиқроқ, шафқатсизроқ эди.
Юқорида айтганим Бойқўнғирнинг совуқ юраги ҳам хеч кимни аямасди.
Космодромда албатта, бир ярим кўнгилхушликлар ҳам бор эди. 40 даражадан ортиқ совуқда ҳам биз қалин пахтали ҳарбий либос ва пиймаларда футбол ўйнаб турардик, қисмда эркин кураш ва бокс мусобақалари ўтказиб туриларди, ҳафтада 2-3 марта фақат ҳарбий мавзудаги кинофилмлар кўрсатиларди.
Дарвоқе, асосий кўнгил хушликлар сабаби ҳазил-мутойиба бўлиб, биз, бўйдоқлар харбий хизматга келгунга қадар уйланиб улгурган, 3-4 ҳамюрт биродарларимизни у шўрликлар хотинларидан мактуб ола билмай қийналишганида роса мазах қилардик.
Тохир исмли жондорлик йигит турмуш ўртоғидан онда-сонда оладиган хатларини менга қироат билан ўқиттирарди, аёлининг ҳар бир сўзидан лаззат оларди.
Антиқа хатлар ўша йилларда расм бўлган бир хил сўзлар билан бошланиб, бир хил якун топар, овозли мактубларни жон қулоқлари билан тинглаётган хизматдошларимиз Тохирни қаттиқ калака қилишарди.
Хатлар ҳақиқатдан ҳам жуда ўзига хос, уларнинг ҳар бир сатрини кулгига айлантирса бўларди.
“Ул Бойқўнғир шаҳрида ўзининг йигитлик бурчини ўтаб, гулдай очилиб, булбулдай сайраб юрган севгилим Тохиржонга табиатнинг енг нозик жойидан соғинчлик саломлар йўллайман ва тезроқ уйга қайтишингизни истайман…”
Баъзи-баъзида шумлигим тутиб Тохирга савол берардим:
-Тохир, сен гулмисан, булбулмисан?..
Хизматга чақирилгунга қадар Қизилқумнинг Жиллиқоқ яйловида қўй боққан содда, тўпори йигит “билмасам?..”-дея елка қисар, қаттиқ қаҳқаҳа қўналға деразаларни ларзага соларди.
Шу ҳазил сабаб бўлибми командирлар, аскарлар ҳам чўпон йигитни “ей,Соловей!”-дея чақиришарди .
Аскар халқи хийла шум ва топқир бўлади. Табиий ва бошқа барча шароитлар жуда қийин бўлишига қарамай биз, ўзимизни қандай асрашни яхши билардик. Турли -туман, юпанч ва кўнгилхушликларни ўйлаб топаверардик.
Янги, 1970-йилга ўн беш кунча қолганда, жанговар ва сиёсий тайёргарликдан олган “аъло”баҳоларим эвазига юртга бориб келиш учун ўн кеча-кундузлик таътил билан тақдирландим.
Ўша пайтдаги қувончимни тасвирлашга қаламим ҳам, ўзим ҳам ожизман. Сабаби, гарчи биз, бўйдоқлар уйланган дўстларимиз устидан кулсакда, ўзим армияга жўнашдан олдин кўз остига олиб, зўрға танишиб улгурганим-Адибадан мана, етти ойдирки бирорта ҳам хат ола билмай, ўз ёғимга ўзим қовурилардим.
Эртасигаёқ охори аскарий саруполарни кийдимда, Тўра Том (ўша Турма Том) бекатига етиб бордим.
Кечга томон Москва-Ашхобод тез юрар поездининг иссиққина бўлмасига кириб олганимдан сўнг, Бойқўнғирни, дахшатли совуқни вақтинча унутдим. Хаёлларим менсиз ёлғиз яшаётган қари отам, акам, жиянларимда эди.”Адиба нега етти ой мобайнида хат ёзмади экан?”-деган ўй мийямни тўхтовсиз кемириб турарди.
…Она Бухоро мени булутли кун билан кутиб олган эсада, ҳаво хийла илиқ, Қавснинг тонгги аёзи Бойқўнғир кенгликларининг қаҳратони олдида ип эшолмасди.
Ўн кунлик таътилнинг бир кеча-кундузи йўлда ўтди, қолган тўққиз куннинг олти куни хизматдош дўстларимнинг соғинчлик саломларини уларнинг ота-оналарига етказиш билан овора бўлдим.
Адибахондан ҳамон дарак топа олганим йўқ эди .Ўзбекчилик ахлоқ-одобининг кўпгина бандлари бу юмушни жуда чигаллаштириб, мураккаблаш-тириб юборади.
Ниҳоят, таниш “қизлар почтаси”хизматидан амаллаб фойдаланиб, Бухоро шаҳридан ўтадиган Шоҳруд ариғи устидаги “Ошиқлар кўприги”да учрашиш хабарини қизга жўнатдим. Аммо ичимни ит тирнарди. Чунки Адибахондан ҳеч қандай жавоб бўлмади.
Тун бўйи худди ажриққа ағанагандек безовталаниб, ухлаёлмай чиқдим.
Тонг сахарда уйғонганимда эса, хонанинг ниҳоятда ойдинлиги мени ҳайратга солди .Дарҳол ташқарига мўралаган эдим, ҳаммаёқ оппоқ сеҳру-жодуга бурканган, бўралаб паға-паға лайлак қор ёғарди.
Кўнглим бениҳоя ёришиб кетди. Оппоқ қорни яхшилик аломати дея ўйладим. Нонуштани ҳам насия қилиб, отамнинг қаршиликларига қарамай йўлга тушдим.
…Ошиқлар кўпригига етиб келганимда лайлак қор энди бўронга айланиб улгурган, беш-олти қадам наридан ҳеч нарсани кўриб бўлмасди.
Ҳали хийла барвақт, чор-атрофда ҳеч ким йўқ, қўприкда ҳам бирорта оёқ изи кўринмасди.
Шохруд соҳилини ёқалаб, қалин қорни “ғарч-ғурч” босиб, хийла йўл юрдим. Қорбўрон янада кучаяр, сим-сим оқиб ётган қора кўкимтир сув юзига қўнаётган чиройли, митти оқ юлдузчалар оқиб кетарди.
Сувга тикилганимча хаёл сурардим.Қизга йўллаган жавобсиз мактубимда ўзим белгилаган вақтдан анча ўтиб кетган бўлсада, Адибахондан дарак йўқ эди.”Наҳотки келмаса-я?”-деган ўй мени жуда ташвишга сола бошлади.
Орадан яна анча вақт ўтди. Қор қўйнига кўзларим йиртилгудек тикилар эканман, ортимдан қорнинг “ғарч-ғурч”и аралаш енгил қадам товушлари ешитилди-ю, қулоқларим остида ”Ассалом!”-деган хуш калом ешитилди. Шахт билан ўгирилдим. Икки-уч қадам нарида қор қўнган юзларида нурли табассум балқиган туташ қошлари, киприкларида оқ юлдузчалар йилтираб турган Адибани кўрдим-у хурсанчиликдан юрагим ҳаприқди, каловланиб қолдим.
-Яхши келдингизми, Адибахон, қор бўронда қийналмадингизми?
Қиз янада нурлироқ табассум қилди, сўнг,менга эмас,ерга боққанича ўзини оқлаган бўлди.
-Қор кўз очирмади шу боисдан кечикдим-да ! Сизни узоқ кутдирганим учун маъзур тутинг…
Қиз ўзидан хафа бўлмасин дея, гапни ҳазилга бурдим.
-Ҳечқиси йўқ, қайрдадир ўқигандим, қизлар учрашувга кечикмайдилар балки айрим сабабларга кўра андак ушланиб қоладилар, холос.
Аксига олгандай эрта тонгдан бери қорбўрон кучайгандан кучайиб бораётган бўлса, сиз нима қила олардингиз?..
Адиба менга миннатдор нигоҳ ташлади-ю, оқ тусга кирган қирмизи рўмоли, тўқ қизил палтоси, оқ ихчам этикчаларидаги қорни қоқди.
Сўнгра савол назари билан қаради.
-Юринг лабиҳовузга борамиз, айтишларича, у ерда жуда баланд арча безатилган эмиш.
Бегоналар диққатини жалб этмаслик учун қиз Шохруднинг ўнг соҳилидан мен чап соҳилидан секин-аста Лабиҳовуз томонга юра бошладик.
Дам бир-биримизга, дам олдинга қараганимизча чамаси йигирма дақиқалардан сўнг, Лабиҳовузга етиб келдик.
Қош-киприклари оппоқ мўйсафитга ўхшаб қолган Девонбеги хонақоси олдидаги Лабиҳовузга туташ катта очиқ майдонда ҳақиқатан ҳам, осмонўпар арча безатилган, қор қалинлигидан унинг ялдур-юлдур ўйинчоқлари зўрға кўзга ташланар, игна баргли улкан шоҳлари солланиб турарди.
Лабиҳовуз музлаган, унинг устига тўшалган қор кўрпаси беш-олти қарич келарди чоғи .Ҳовузга туташ Шоҳруднинг чўян панжаралари ҳам, оппоқ қорга бурканганди.
Икковлон бу сеҳрли манзараларни маҳлиё бўлиб томоша қилдик. Бирдан арча атрофида хун бўлиб йиғлаётган чамаси уч-тўрт ёшар қизалоқ ва унинг ўзидан сал каттароқ акасига кўзимиз тушди. Болакайларнинг опаси уларни юпатолмай жони ҳалак эди.
Маълум бўлишича, ҳар икки болакайга қорбобо совғаси етмай қолган, шу боисдан улар йиғига зўр беришаётган экан. Буларни бизга болакайларнинг кўзи ёшга тўла опаси сўзлаб берди. Мен армияда тез фикрлаш ва тезда қарор қабул қилишни обдон ўрганган эканман шекилли, ҳамрохим ва болакайларга “Бир зум кутиб туринглар!”-дедимда, шу яқин орадаги “Янги йил совғалари”дўкони томонга югуриб кетдим. Ёнимда ҳарбий қисм томонидан сафар харажатлари учун берилган унча-мунча пул бор эди.
Орадан бир неча дақиқа ўтар-ўтмас, қўлларимда қорбобо сурати туширилган учта қоғоз халтача билан қайтиб келдим.
Болалар мени қий-чув билан қаршилашди. Уларнинг кўзларидаги севинч ёлқинларини кўриб, Адибахон ҳам, мен ҳам хурсанд бўлдик. Қиз шипшигандай бўлиб, мени мақтаб қўйди.Унинг соҳир овозидан кўнглим кўтарилиб кетди.
Кичкинтойларнинг опаси ҳам совға олганидан беҳад хурсанд бўлиб,ука ва синглини Лабиҳовузга туташ жин кўчаларнинг бири томон бошлаб кетди.Ҳар учовлон қор қўйнида, ғойиб бўлиб кеткунларига қадар бизга хайр-хўш маъносида қўл силкитиб турдилар.
Уларни кузатар эканмиз, ҳа деганда ҳар иккимиздан ҳам садо чиқавермади.
-Ака, сизнинг кўнглингиз шунчалар юмшоқ, болажонлигингизни билмаган еканман…Қизнинг овози билинар-билинмас титради.
Худди шу аснода менинг ҳам овозим чиқмай қолгандек бўлди,чуқур тин олдим. Адиба “ялт” этиб менга қаради.
-Мен,ахир, оилада енг кичик, шунинг баробарида, “катта чақалоқ” бўлганман… Уруш, очарчилик йилларининг қурбонлари-тўрт опам ва бир акамнинг дийдорларини ҳеч қачон кўрган эмасман.
Биз бир-биримизга қарай олмасдик.Адиба осмондан ёғилиб турган сон-саноқсиз қор учқунларини томоша қилаётгандек кўринсада, аслида кўз ёшларини яшириш билан овора, мен овозим яна бўғилиб қолишидан қўрқиб бирор сўз айтишдан чўчиб турардим. Бир неча дақиқа давом этган сукутдан сўнг, ўзимни андак тутиб олдим. Адиба киприкларидан қорними, ёшними, сидириб, ғамгин нигоҳ ташлаб сўз қотди:
-Марҳума онангиз шунчалик ғамга қандай бардош берган эканлар-а?..
Яна орага оғир сукунат чўкди. Яна бир-биримиздан кўзларимизни олиб қочишга мажбур бўлдик.
Энди биз арча ёнини тарк этиб, аста-секин одимлаб, қорга бурканган Минорайи Калон томонга кетмоқда эдик. Ҳамон ҳеч биримиздан садо чиқмасди. Кейин бирдан миям тез ишлай бошлади. Яна ўша ҳарбий тажриба қўл келди. “Мен, ахир бу бечорани ғам чекишга олиб келганим йўқ-ку. Қор қўйнидаги Бухоройи Шарифни томоша қилиш учун келганмиз…”
Худди шундай фикрлар қизнинг хаёлидан ҳам кечди шекилли, менга ғамгин-нурли табассум қилиб, шундай деди:
-Қаранг, Минорайи Калон худди улкан шамчироққа ўхшайди-я.
Мен, адибликни даъво қилиб юрган аскар, бу ўхшатиш учун ҳамроҳимга тасаннолар айтдим.
Қор ҳамон бўралаб ёғар, унинг оппоқ сеҳр-жодуси бизни овутар, таскин берар, кўнглимизга ёруғлик олиб кирарди.
Ёшлик эканда, тоқу гумбазлар, фусункор табиат бизни шунчалар сеҳламоқда едики, ҳар иккимиз учрашган пайтимиздаги хандон-хушон кайфиятимизга қайтгандик. Энди бир-биримизга янада яқинлашиб қолгандек эдик.
Кўчалар гавжумлашган, тушлик пайти бўлаёзган, ҳамма-ҳамма байрам тайёргарлиги билан банд .
Қизнинг рўмоли, палтоси яна оппоқ тусга кирган, менинг аскарий қулоқчиним, қора погонларим, узун шинелим, оппоқ-ниқоб халатга ўхшаб қолганди. Энди яна Шохруд ёқалаб борардик. Минораи Калон эса, тобора узоқлашгандек кўринарди.
Сабаби ҳеч кимнинг кўзига кўринишни истамасдик, ўша машҳур шамчироқ томонга кимсасиз жин кўчалар орқали боришга чоғлангандик.
Бу кўчалар ҳали анча йироқда эди. Шохруд соҳили эса, худди охири йўқдай туюларди. Аслида, энди ўйлаб қарасам, қор босган соҳил кўнгилларимизда куртак отаётган, чек-чегараси бўлмаган муҳаббат йўлининг бошланиши экан …
Муҳаббат йўллари…Оо бу йўллар улар олиб борадиган манзиллар шунчалар олис, чағир тошлики, бу йўлларда сарсон-саргардон, фидо бўлганлар неча-неча. Фақат йўл азобига чидаб, нурли манзилга ета олганларгина севги шаробини сипқорадилар, бахту-тахтга сазовор бўладилар.
Биз йўл бошида эдик, ўзимизни қандай синовлар кутаётганини билмасдик. Лекин ҳар иккимиз ҳам бахтдан умид қилардик, унга эришишимизга ишончимиз бор эди. Шу ишонч кўнглимизга яна ёруғлик олиб киргандек бўлди.Икковимизнинг ҳам тинмай ҳазиллашгимиз келарди:
-Адибахон ,-дедим энтикиб, сиз худди қорқизга ўхшаб қолибсиз.
Қиз беғубор жилмайди.
-Сиз эса қорбобосиз! Қор-бо-бо! Ажаб бўпти,алам қилсин!
У этикларини “тап”-”тап” этиб қорга урди, сўнгра бир оёғида сакраб туриб,менга пўписа қилди:
-Агар мени қор буви десангиз, қочиб кетаман, кейин сира учрашмаймиз! Билиб қўйинг, аскар ака.
-Йўқ-йўқ, дедим мен жон ҳолатда, асло ундай демайман! Шундай десам тилим кесилсин!
У томонга ярим қадам ташлагандек бўлдим. Қиз ўзини четга олди .
-Ҳаддингиздан ошманг атрофда шунча одам!
Адиба рост айтмаётганди. Янги йилга бир кун қолган эсада, Шохруд соҳилида одам унча кўп эмасди. Кучли қор ҳаммани панага, уй-уйга ҳайдаб улгурганди.
-Адибахон ,мен ахир, уч кундан сўнг, ҳарбий қисмга жўнаб кетаман!
Қиз тегажоғлик қилишда давом этди.
-Кетсангиз-кетаверинг! Кўзим учиб тургани йўқ.
Мен қарздор бўлиб қолмадим, шартта бурилиб, қадамимни тезлатдим.
Қиз ҳазили бундай тус олишини кутмаганди, шекилли, бир зум ўйланиб тургач, ортимдан юрди.
Лекин кўп машқ қилган аскар қадамига талаба қиз ета олармиди?
У ҳазилни йиғиштириб, нидо қилди.
-Кетманг, мен ахир ҳазиллашдим-ку! Ўзингиз ҳазилни яхши кўрасиз-ку!
Таққа тўхтадим.
-Кечиринг, Адибахон! Мен хам ҳазиллашдим. Шу топда бу масъума, содда, юураги тоза қиз ойоғига йиқилишга тайёр эдим.
У тез юриб ёнимга келди-ю, нозик кўрсаткич бармоғи билан пўписа қилди.
-Сиз катта чақалок эмас, ёмон бола экансиз! Иккинчи бундай қилманг, хафа бўламан.
Мен, ахир, яна бир йил эмас, сизни умр бўйи ҳам кутишга тайёрман!
Қиз энди баралла йиғлаб юбордию, Шоҳруднинг темир панжарасига суяниб қолди.
У мунғайган, афтода қиёфада эди. Луччак шафтоли янглиғ ёш ювган ёноқлари қизарган, туташ қошлари чимирилган, узун киприкларига қўнган қор учқунлари,кўз ёшларига қўшилиб қирмизи юзларига сизиб тушарди.
Ҳар иккимиз қилган ҳазилларимиздан пушаймон эдик.
Адиба сувга тикилганича жим ўтирар, ғамгин қиёфаси юрагимни эзарди.
Ёнига бориб, яна узр сўрадим. Қиз дарҳол кечира қолди. Кўз ёшлари аро шунчалар беғубор, самимий жилмайдики, бу табассум юрак-юрагимга симиллаган оғриқ олиб кирди. Ишонасизми, мен бу оғриқни, ўша беғубор, шунинг баробарида, ғамгин, мунгли табассумни ҳамон унута олганим йўқ, хеч қачон унута олмасам керак!..
Охир оқибат Шохруднинг ўнг ва чап соҳилларини айланавериб-ўргилавериб яна сари пули “ошиқон” (ўша ошиқлар кўприги)га келиб қолганимизни сезмабмиз. Ахир, сезиш имкони ҳам йўқ эди-да! Қор хамон кўз очиргани қўймас, бахтимизга ҳаво илиқ эди.
Акс ҳолда, эрталабдан шаҳар кезаверганимиз учун музлаб қолишимиз ҳеч гап эмасди. Соатга қарасам тушлик вақти бўлиб қолибди. Аскарий таомлар эрталаб, тушда ва кечки пайт ҳар доим бир вақтда бериларди. Шу тахлит, Адибани билмадим-у, ўзим эрта тонгдан туз тотмаганим эсимга тушти. Мен қизни тамадди қилишга таклиф этмоқчи бўлдим. Ўша пайтларда эски шаҳар, Шаҳристон бозорида турли-туман тамаддихона ва қаҳвахоналар кўп бўларди.
Дарвоке, ҳозир келиб қолиб, андак тин олган жойимиз Шахристон бозори ва боришни мўлжаллаган манзилимиз-Пойикалон мажмуасига жуда яқин эдик.
—
Адибахон, дедим юрак ютиб, агар “хўп!”, десангиз йўлимиз устидаги ошхоналардан бирида тамадди қилсак…
Қиз “ялт” этиб менга қаради.
-Йўқ, йўқ керак эмас! Мен ҳеч қачон, хатто ота-онам билан ҳам ошхонага кирмайман! Бегоналар олдида сира овқатлана олмайман…
-Агар сиз жуда очқаган бўлсангиз, бемалол ,овқатланаверинг, мен бирор пана жойда кутиб тураман.
Унинг айтганлари самимий эканига ишондим, қорним таталаётган бўлсада, сир бой бермадим.
-Йўғе, дедим, сира оч эмасман.
Шундай дедим-у, барханлар кўксига яширилган ракеталарни қўриқлаш чоғида оч наҳор юрганларимни эсладим. Баъзи-баъзида интендант хизмати эътиборсизлиги ёки ноқулай об-ҳаво шароитида шундай узулишлар бўлиб турарди. Бу ҳам ўзига хос, ҳарбий сир, ҳеч қачон расман тан олинмасди.
Шундай қилиб таклифим ўз кучини йўқотди. Ва биз бозорни, анвойи хидлар анқиб турган ошхоналарни четлаб ўтиб, қисқа фурсатда Пойи Калонга етиб келдик .
Пойи Калон деганим – Минораи калон, Масжиди Калон ва Мири Араб мадрасаси. Бу ноёб архитектура ансамбили шахарнинг энг табаррук қадамжоси.
Ноёб обидалар олдидаги кенг майдонга қадам қойишимиз биланоқ, бизни уларнинг салобати босди.
Қор кўрпаси остида янада маҳобатлироқ тус олган майдонда бир неча сайёҳ, болалар, ўсмирлардан бошқа одам кўринмасди. Ҳаво яхши кунларда бу ерга одам сиғмайди.
Уч буюк обида-Уч пахлавондек чуқур сукутда. Табиат бино қўйиб, қордан оро берган, ажойиб меъморий нақшлар чизган Минораи Калон — Арслонхон минораси оппоқ салла ўраган мўйсафед мударрисдай Ислом тарихи ва бугуни ҳамда келажагидан узундан-узоқ маъруза ўқиётгандек туюларди.
Мири Араб ва Масжиди Калон эса, ўша оғир сукутда унга соме эдилар.
Чор атрофдаги илоҳий сокинлик ҳаммани, атроф жавониб, ҳатто, бутун борлиқни сеҳрлаб қўйганди.
“Ё, Худо! Инсон юраги бу улуғворликка дош бера олармикан?”..
Хаёлимдан шу фикр ўтиши биланоқ, Адибага ўғринча қараб қўйдим. Унинг юзлари илоҳий нурдан ёришган, кўзлари янада ёрқинроқ порлаб турарди.
Биз ҳар қанча истамасакда, хайрлашиш вақти келди. Талаба қиз уйига қайтадиган вақт бўлиб қолганди.
Менинг хайрлашгим, қизнинг кетгиси келмас, лекин буни у жон жаҳти билан яширарди.
Нихоят хайрлашдик. У нималар деди, мен нималардир дедим, хар иккимизнинг қулоғимизга гап кирмасди.
Қиз қор қуюни бағрига сингиб, кўздан ғойиб бўлгунча, менга бир неча марта қўл силкитиб, қорли ва нурли табассум қилди.
“Адиба! Адиба!” -дея ҳайқиргим, ортидан югургим келаётган эсада, шарт бурилдим-у, ўз йўлимга кетдим…
…Таътил муддати тугагач яна ўша аскарий турмага жўнадим.
Бойқўнғирда яна бир баҳор ва ёзни ўтказдим. Баҳор жуда қисқа умр кўрувчи оч қирмизи ва оч сариқ рангли лолалари билан хийла чиройли, қақироқ чўл ёзи эса, қаттиқ иссиқ ,сув тақчиллиги билан тинкани қуритарди.
Сўнгра аскарий бурч ва тақдирий илоҳий тақозоси мен хизмат қилаётган ҳарбий қисмни Узоқ Шарқ Амур вилоятининг Совет-Хитой чегарасидан андак ичкарироқдаги “Мустахкамланган раён”га обориб ташлади.
***
Мен Адибахон билан эллик уч йил бахтли ҳаёт кечирдим. Фарзандлар, неваралар, эваралар кўрдик. Невара келин, невара куёвлар хизматимизда бўлишди.
Мен Бойқўнғирни кўп эслайман, ҳатто қўмсайман ҳам. Нега шундайлигини хизматдан қайтганимдан сўнг, орадан эллик беш йил ўтгачгина тушунгандай бўламан. Мен ўша улкан аслахахонани эмас, ёшлигимни қўмсар эканман.
Ҳа, Бойқўнғирни кўп эслайман, соғинаман. Аслида эса, фақат ёшлигимни эмас, Адибахон қалбимга солган чин муҳаббатни такрор-такрор ёдга оламан.
Энди қўлимни кўксимга қўйиб тан оладиган бўлсам Бойқўнғирнинг темир интизоми, азоб-уқубатлари, фақат ўзигагина хос сирлилиги бўлмаса,ёзувчи сифатида шакллана олмасдим.Зеро адибга кучли ички интизом, ҳар бир асарда эса сир, қандайдир сирлилик бўлиши керак.
Кучли қор ёғиб, бўрон бўлганда , ўзимни қўйарга жой топа олмай қоламан.
Ўша олис-олисларда қолиб кетган минг тўққиз юз олтмиш тўққизинчи йил, янги йил арафасидаги қорбўронли кунни, Адибахоннинг хайрлашаётган пайтдаги қўл силкитишлари, қорли-нурли табассумини эслайман. Онг шуурим равшанлашса-да, юрагимга ширин, азобли оғриқ киради. Ташқарида эллик даража иссиқ, юз-кўзимга қор урилгандек туюлади, баданим жунжикиб кетади.
Ярим қулочча қор қоплаган Ошиқлар кўпригидан икковлон тиззагача ботиб, қандай ўтганимизни ёдга оламан. Қулоқларим остида қорнинг “ғарч-ғурч” и эшитилади.
Ўшанда биз, икки ёш оддий, хокисор муҳаббат кўпригидан ўтдикми, ёинки, “Сари пули ошиқон”дан чин севги манзилига қадам қўйдикми? Бу-ёлғиз Аллоҳгагина маълум…
…Яқинда Бойқўнғирдан навбатдаги халқаро экипаж коинотга парвоз этди. Мен яна беихтиёр ҳат-ҳудудсиз ўша чўлни эсладим. Хотиралар ёмғирли булутдек ёпирилиб кела бошлади.
Тасвирчи ракета учириш майдончасидан анча узоқдаги ўша қирмизи ва сариқ лолаларни шундоқ нигохларим қаршисига келтириб қўйди.
Юрагим хаприқиб кетди. Кўнглим хис туйғулар бўронидан ларзага тушди.
Лолалар бепоён кенгликларнинг сар-сари шамолида ҳол-беҳол тебраниб туришарди. Эҳтимол улар ўзлари жуда қисқа-етти кунгина умр кўришларини билишса керак.
Ўша ерда хизмат қилган чоғимда қирмизи лолаларни ўн етти яшар қизларга, сариқ лолаларни эса, уйни соғиниб зериккан, юзлари сарғайган ўн тўққиз яшар аскарларга қиёслардим.Ўшанда мен ва Адибахон икки рангли лолаларга ўхшардикми, йўқми, бунисини билмайман.
Бизнинг қисматимиз Бойқўнғирнинг умри қисқа лолаларига ўхшамади.
Чўл лолалари жуда киска умр кўришсада ўз қисматларидан нолимайдилар. Зеро, улар табиат юрагининг қони, жонидирлар.
Чин муҳаббат лолалари улардан кескин фарқ қиладилар. Ҳеч қачон сўлмайдилар, ўлмайдилар. Юракдан-юракка мангу кўчиб юрадилар. Уларнинг барҳаётлиги юраклар қонидан сув ичишларидадир.
Дарвоқе тўйимиздан сўнг ,отам янги келин ва мен тўққиз ой бирга яшадик.
Орадан ўтган ярим асирдан кўп вақт нуқтайи назаридан , ҳозир ўйлаб қарасам , ўша кунлар бизнинг энг осуда, бахтли дамларимиз экан.
Рўзғор таъминоти бус-бутун отамнинг гарданларида, биз эса бир -биримизга маҳлиё бўлиб юрардик. Ана шундай кунларнинг бирида турмуш ўртоғим уй юмушлари билан банд отам икковимиз чой ичиб, чақчақлашиб ўтирардик.
Отам ошхона томонга нигоҳ ташлаб шундай дедилар:
-Келиннинг қадрига ет, ўғлим. Агар у ўз сўзида турмаганида,сен қизни ота—онасининг чорбоғидан атиргул ғунчасидек узиб олабилмасдинг… Энди у гул бўлиб ҳаётингни безайди. Қишлоқ ўқитувчиси, камтар-камсуқум, босиқ- вазмин киши бўлган отам Абдувохоб ака башорат қилган эканлар.
Ҳамал ойининг 2-15- саналари.
Ромитан.
Nihoyat, tanish “qizlar pochtasi”xizmatidan amallab foydalanib, Buxoro shahridan o‘tadigan Shohrud arig‘i ustidagi “Oshiqlar ko‘prigi”da uchrashish xabarini qizga jo‘natdim. Ammo ichimni it tirnardi. Chunki Adibaxondan hech qanday javob bo‘lmadi.
Jo‘ra FOZIL
OSHIQLAR KO‘PRIGI
Hikoya
Tun oqshom bo‘ldiyu kelmas mening sham’i shabistonim,
Bu anduh o‘tidin har dam kuyar parvonadek jonim
Alisher Navoiy
Azizaxon Asror qizi xotirasiga
O‘sha olis 1969 yil qahraton qishda men o‘ta maxfiy bo‘lsada, nomi tillarda doston Boyqo‘ng‘ir kosmodromida edim va umumiy harbiy majburiyatning bir yildan ko‘prog‘ini o‘tab ulgurgandim.
Bu Boyqo‘ng‘ir degan maskan xudo qarg‘agan joy bo‘lib, biz askarlar unga olib keladigan temir yo‘l bekatini “Turma Tom” (asli To‘ra Tom)deya atardik. Bu albatta hazil edi. Lekin har qanday hazil zamirida achchiq haqiqat va zil bo‘lishi hech kimga sir yemas. Kosmodrom o‘ta maxfiy, to‘rt tomonga qarab besh yuz chaqirim yo‘l bossangiz ham, barxanlar siynasiga yashirilgan qit’alar aro yadro raketalari, ularga quldek xizmat qiladigan harbiylardan bo‘lak tirik jonni uchratish amri mahol edi. Shu bois ushbu maskanni askariy turma deganda ham bizning haqimiz ketardi.
Sovuq shunchalar qattiq ediki, oshxonada kurujkaga quyilgan issiq choy yuzini zum o‘tmay yupqa muz qatlami qoplardi.
Ammo askariy xizmatda daxshatli sovuq hisobga olinmas, Boyqo‘ng‘irning hech kim va hech nimani ayamaydigan qonuniyatlari bo‘lib, 19-20 yashar askarlar ularga so‘zsiz bo‘ysinishar, shuning natijasida ulkan aslaxaxonaning sovuq yuragi “gup-gup” urib turardi.
Qoidani buzganlarning sho‘ri qurir -12253-harbiy qism-trebunal xukmlari qahraton sovuqdanda qattiqroq, shafqatsizroq edi.
Yuqorida aytganim Boyqo‘ng‘irning sovuq yuragi ham xech kimni ayamasdi.
Kosmodromda albatta, bir yarim ko‘ngilxushliklar ham bor edi. 40 darajadan ortiq sovuqda ham biz qalin paxtali harbiy libos va piymalarda futbol o‘ynab turardik, qismda erkin kurash va boks musobaqalari o‘tkazib turilardi, haftada 2-3 marta faqat harbiy mavzudagi kinofilmlar ko‘rsatilardi.
Darvoqe, asosiy ko‘ngil xushliklar sababi hazil-mutoyiba bo‘lib, biz, bo‘ydoqlar xarbiy xizmatga kelgunga qadar uylanib ulgurgan, 3-4 hamyurt birodarlarimizni u sho‘rliklar xotinlaridan maktub ola bilmay qiynalishganida rosa mazax qilardik.
Toxir ismli jondorlik yigit turmush o‘rtog‘idan onda-sonda oladigan xatlarini menga qiroat bilan o‘qittirardi, ayolining har bir so‘zidan lazzat olardi.
Antiqa xatlar o‘sha yillarda rasm bo‘lgan bir xil so‘zlar bilan boshlanib, bir xil yakun topar, ovozli maktublarni jon quloqlari bilan tinglayotgan xizmatdoshlarimiz Toxirni qattiq kalaka qilishardi.
Xatlar haqiqatdan ham juda o‘ziga xos, ularning har bir satrini kulgiga aylantirsa bo‘lardi.
“Ul Boyqo‘ng‘ir shahrida o‘zining yigitlik burchini o‘tab, gulday ochilib, bulbulday sayrab yurgan sevgilim Toxirjonga tabiatning yeng nozik joyidan sog‘inchlik salomlar yo‘llayman va tezroq uyga qaytishingizni istayman…”
Ba’zi-ba’zida shumligim tutib Toxirga savol berardim:
-Toxir, sen gulmisan, bulbulmisan?..
Xizmatga chaqirilgunga qadar Qizilqumning Jilliqoq yaylovida qo‘y boqqan sodda, to‘pori yigit “bilmasam?..”-deya yelka qisar, qattiq qahqaha qo‘nalg‘a derazalarni larzaga solardi.
Shu hazil sabab bo‘libmi komandirlar, askarlar ham cho‘pon yigitni “yey,Solovey!”-deya chaqirishardi .
Askar xalqi xiyla shum va topqir bo‘ladi. Tabiiy va boshqa barcha sharoitlar juda qiyin bo‘lishiga qaramay biz, o‘zimizni qanday asrashni yaxshi bilardik. Turli -tuman, yupanch va ko‘ngilxushliklarni o‘ylab topaverardik.
Yangi, 1970-yilga o‘n besh kuncha qolganda, jangovar va siyosiy tayyorgarlikdan olgan “a’lo”baholarim evaziga yurtga borib kelish uchun o‘n kecha-kunduzlik ta’til bilan taqdirlandim.
O‘sha paytdagi quvonchimni tasvirlashga qalamim ham, o‘zim ham ojizman. Sababi, garchi biz, bo‘ydoqlar uylangan do‘stlarimiz ustidan kulsakda, o‘zim armiyaga jo‘nashdan oldin ko‘z ostiga olib, zo‘rg‘a tanishib ulgurganim-Adibadan mana, yetti oydirki birorta ham xat ola bilmay, o‘z yog‘imga o‘zim qovurilardim.
Ertasigayoq oxori askariy sarupolarni kiydimda, To‘ra Tom (o‘sha Turma Tom) bekatiga yetib bordim.
Kechga tomon Moskva-Ashxobod tez yurar poyezdining issiqqina bo‘lmasiga kirib olganimdan so‘ng, Boyqo‘ng‘irni, daxshatli sovuqni vaqtincha unutdim. Xayollarim mensiz yolg‘iz yashayotgan qari otam, akam, jiyanlarimda edi.”Adiba nega yetti oy mobaynida xat yozmadi ekan?”-degan o‘y miyyamni to‘xtovsiz kemirib turardi.
…Ona Buxoro meni bulutli kun bilan kutib olgan esada, havo xiyla iliq, Qavsning tonggi ayozi Boyqo‘ng‘ir kengliklarining qahratoni oldida ip esholmasdi.
O‘n kunlik ta’tilning bir kecha-kunduzi yo‘lda o‘tdi, qolgan to‘qqiz kunning olti kuni xizmatdosh do‘stlarimning sog‘inchlik salomlarini ularning ota-onalariga yetkazish bilan ovora bo‘ldim.
Adibaxondan hamon darak topa olganim yo‘q edi .O‘zbekchilik axloq-odobining ko‘pgina bandlari bu yumushni juda chigallashtirib, murakkablash-tirib yuboradi.
Nihoyat, tanish “qizlar pochtasi”xizmatidan amallab foydalanib, Buxoro shahridan o‘tadigan Shohrud arig‘i ustidagi “Oshiqlar ko‘prigi”da uchrashish xabarini qizga jo‘natdim. Ammo ichimni it tirnardi. Chunki Adibaxondan hech qanday javob bo‘lmadi.
Tun bo‘yi xuddi ajriqqa ag‘anagandek bezovtalanib, uxlayolmay chiqdim.
Tong saxarda uyg‘onganimda esa, xonaning nihoyatda oydinligi meni hayratga soldi .Darhol tashqariga mo‘ralagan edim, hammayoq oppoq sehru-joduga burkangan, bo‘ralab pag‘a-pag‘a laylak qor yog‘ardi.
Ko‘nglim benihoya yorishib ketdi. Oppoq qorni yaxshilik alomati deya o‘yladim. Nonushtani ham nasiya qilib, otamning qarshiliklariga qaramay yo‘lga tushdim.
…Oshiqlar ko‘prigiga yetib kelganimda laylak qor endi bo‘ronga aylanib ulgurgan, besh-olti qadam naridan hech narsani ko‘rib bo‘lmasdi.
Hali xiyla barvaqt, chor-atrofda hech kim yo‘q, qo‘prikda ham birorta oyoq izi ko‘rinmasdi.
Shoxrud sohilini yoqalab, qalin qorni “g‘arch-g‘urch” bosib, xiyla yo‘l yurdim. Qorbo‘ron yanada kuchayar, sim-sim oqib yotgan qora ko‘kimtir suv yuziga qo‘nayotgan chiroyli, mitti oq yulduzchalar oqib ketardi.
Suvga tikilganimcha xayol surardim.Qizga yo‘llagan javobsiz maktubimda o‘zim belgilagan vaqtdan ancha o‘tib ketgan bo‘lsada, Adibaxondan darak yo‘q edi.”Nahotki kelmasa-ya?”-degan o‘y meni juda tashvishga sola boshladi.
Oradan yana ancha vaqt o‘tdi. Qor qo‘yniga ko‘zlarim yirtilgudek tikilar ekanman, ortimdan qorning “g‘arch-g‘urch”i aralash yengil qadam tovushlari yeshitildi-yu, quloqlarim ostida ”Assalom!”-degan xush kalom yeshitildi. Shaxt bilan o‘girildim. Ikki-uch qadam narida qor qo‘ngan yuzlarida nurli tabassum balqigan tutash qoshlari, kipriklarida oq yulduzchalar yiltirab turgan Adibani ko‘rdim-u xursanchilikdan yuragim hapriqdi, kalovlanib qoldim.
-Yaxshi keldingizmi, Adibaxon, qor bo‘ronda qiynalmadingizmi?
Qiz yanada nurliroq tabassum qildi, so‘ng,menga emas,yerga boqqanicha o‘zini oqlagan bo‘ldi.
-Qor ko‘z ochirmadi shu boisdan kechikdim-da ! Sizni uzoq kutdirganim uchun ma’zur tuting…
Qiz o‘zidan xafa bo‘lmasin deya, gapni hazilga burdim.
-Hechqisi yo‘q, qayrdadir o‘qigandim, qizlar uchrashuvga kechikmaydilar balki ayrim sabablarga ko‘ra andak ushlanib qoladilar, xolos.
Aksiga olganday erta tongdan beri qorbo‘ron kuchaygandan kuchayib borayotgan bo‘lsa, siz nima qila olardingiz?..
Adiba menga minnatdor nigoh tashladi-yu, oq tusga kirgan qirmizi ro‘moli, to‘q qizil paltosi, oq ixcham etikchalaridagi qorni qoqdi.
So‘ngra savol nazari bilan qaradi.
-Yuring labihovuzga boramiz, aytishlaricha, u yerda juda baland archa bezatilgan emish.
Begonalar diqqatini jalb etmaslik uchun qiz Shoxrudning o‘ng sohilidan men chap sohilidan sekin-asta Labihovuz tomonga yura boshladik.
Dam bir-birimizga, dam oldinga qaraganimizcha chamasi yigirma daqiqalardan so‘ng, Labihovuzga yetib keldik.
Qosh-kipriklari oppoq mo‘ysafitga o‘xshab qolgan Devonbegi xonaqosi oldidagi Labihovuzga tutash katta ochiq maydonda haqiqatan ham, osmono‘par archa bezatilgan, qor qalinligidan uning yaldur-yuldur o‘yinchoqlari zo‘rg‘a ko‘zga tashlanar, igna bargli ulkan shohlari sollanib turardi.
Labihovuz muzlagan, uning ustiga to‘shalgan qor ko‘rpasi besh-olti qarich kelardi chog‘i .Hovuzga tutash Shohrudning cho‘yan panjaralari ham, oppoq qorga burkangandi.
Ikkovlon bu sehrli manzaralarni mahliyo bo‘lib tomosha qildik. Birdan archa atrofida xun bo‘lib yig‘layotgan chamasi uch-to‘rt yoshar qizaloq va uning o‘zidan sal kattaroq akasiga ko‘zimiz tushdi. Bolakaylarning opasi ularni yupatolmay joni halak edi.
Ma’lum bo‘lishicha, har ikki bolakayga qorbobo sovg‘asi yetmay qolgan, shu boisdan ular yig‘iga zo‘r berishayotgan ekan. Bularni bizga bolakaylarning ko‘zi yoshga to‘la opasi so‘zlab berdi. Men armiyada tez fikrlash va tezda qaror qabul qilishni obdon o‘rgangan ekanman shekilli, hamroxim va bolakaylarga “Bir zum kutib turinglar!”-dedimda, shu yaqin oradagi “Yangi yil sovg‘alari”do‘koni tomonga yugurib ketdim. Yonimda harbiy qism tomonidan safar xarajatlari uchun berilgan uncha-muncha pul bor edi.
Oradan bir necha daqiqa o‘tar-o‘tmas, qo‘llarimda qorbobo surati tushirilgan uchta qog‘oz xaltacha bilan qaytib keldim.
Bolalar meni qiy-chuv bilan qarshilashdi. Ularning ko‘zlaridagi sevinch yolqinlarini ko‘rib, Adibaxon ham, men ham xursand bo‘ldik. Qiz shipshiganday bo‘lib, meni maqtab qo‘ydi.Uning sohir ovozidan ko‘nglim ko‘tarilib ketdi.
Kichkintoylarning opasi ham sovg‘a olganidan behad xursand bo‘lib,uka va singlini Labihovuzga tutash jin ko‘chalarning biri tomon boshlab ketdi.Har uchovlon qor qo‘ynida, g‘oyib bo‘lib ketkunlariga qadar bizga xayr-xo‘sh ma’nosida qo‘l silkitib turdilar.
Ularni kuzatar ekanmiz, ha deganda har ikkimizdan ham sado chiqavermadi.
-Aka, sizning ko‘nglingiz shunchalar yumshoq, bolajonligingizni bilmagan yekanman…Qizning ovozi bilinar-bilinmas titradi.
Xuddi shu asnoda mening ham ovozim chiqmay qolgandek bo‘ldi,chuqur tin oldim. Adiba “yalt” etib menga qaradi.
-Men,axir, oilada yeng kichik, shuning barobarida, “katta chaqaloq” bo‘lganman… Urush, ocharchilik yillarining qurbonlari-to‘rt opam va bir akamning diydorlarini hech qachon ko‘rgan emasman.
Biz bir-birimizga qaray olmasdik.Adiba osmondan yog‘ilib turgan son-sanoqsiz qor uchqunlarini tomosha qilayotgandek ko‘rinsada, aslida ko‘z yoshlarini yashirish bilan ovora, men ovozim yana bo‘g‘ilib qolishidan qo‘rqib biror so‘z aytishdan cho‘chib turardim. Bir necha daqiqa davom etgan sukutdan so‘ng, o‘zimni andak tutib oldim. Adiba kipriklaridan qornimi, yoshnimi, sidirib, g‘amgin nigoh tashlab so‘z qotdi:
-Marhuma onangiz shunchalik g‘amga qanday bardosh bergan ekanlar-a?..
Yana oraga og‘ir sukunat cho‘kdi. Yana bir-birimizdan ko‘zlarimizni olib qochishga majbur bo‘ldik.
Endi biz archa yonini tark etib, asta-sekin odimlab, qorga burkangan Minorayi Kalon tomonga ketmoqda edik. Hamon hech birimizdan sado chiqmasdi. Keyin birdan miyam tez ishlay boshladi. Yana o‘sha harbiy tajriba qo‘l keldi. “Men, axir bu bechorani g‘am chekishga olib kelganim yo‘q-ku. Qor qo‘ynidagi Buxoroyi Sharifni tomosha qilish uchun kelganmiz…”
Xuddi shunday fikrlar qizning xayolidan ham kechdi shekilli, menga g‘amgin-nurli tabassum qilib, shunday dedi:
-Qarang, Minorayi Kalon xuddi ulkan shamchiroqqa o‘xshaydi-ya.
Men, adiblikni da’vo qilib yurgan askar, bu o‘xshatish uchun hamrohimga tasannolar aytdim.
Qor hamon bo‘ralab yog‘ar, uning oppoq sehr-jodusi bizni ovutar, taskin berar, ko‘nglimizga yorug‘lik olib kirardi.
Yoshlik ekanda, toqu gumbazlar, fusunkor tabiat bizni shunchalar sehlamoqda yediki, har ikkimiz uchrashgan paytimizdagi xandon-xushon kayfiyatimizga qaytgandik. Endi bir-birimizga yanada yaqinlashib qolgandek edik.
Ko‘chalar gavjumlashgan, tushlik payti bo‘layozgan, hamma-hamma bayram tayyorgarligi bilan band .
Qizning ro‘moli, paltosi yana oppoq tusga kirgan, mening askariy quloqchinim, qora pogonlarim, uzun shinelim, oppoq-niqob xalatga o‘xshab qolgandi. Endi yana Shoxrud yoqalab borardik. Minorai Kalon esa, tobora uzoqlashgandek ko‘rinardi.
Sababi hech kimning ko‘ziga ko‘rinishni istamasdik, o‘sha mashhur shamchiroq tomonga kimsasiz jin ko‘chalar orqali borishga chog‘langandik.
Bu ko‘chalar hali ancha yiroqda edi. Shoxrud sohili esa, xuddi oxiri yo‘qday tuyulardi. Aslida, endi o‘ylab qarasam, qor bosgan sohil ko‘ngillarimizda kurtak otayotgan, chek-chegarasi bo‘lmagan muhabbat yo‘lining boshlanishi ekan …
Muhabbat yo‘llari…Oo bu yo‘llar ular olib boradigan manzillar shunchalar olis, chag‘ir toshliki, bu yo‘llarda sarson-sargardon, fido bo‘lganlar necha-necha. Faqat yo‘l azobiga chidab, nurli manzilga yeta olganlargina sevgi sharobini sipqoradilar, baxtu-taxtga sazovor bo‘ladilar.
Biz yo‘l boshida edik, o‘zimizni qanday sinovlar kutayotganini bilmasdik. Lekin har ikkimiz ham baxtdan umid qilardik, unga erishishimizga ishonchimiz bor edi. Shu ishonch ko‘nglimizga yana yorug‘lik olib kirgandek bo‘ldi.Ikkovimizning ham tinmay hazillashgimiz kelardi:
-Adibaxon ,-dedim entikib, siz xuddi qorqizga o‘xshab qolibsiz.
Qiz beg‘ubor jilmaydi.
-Siz esa qorbobosiz! Qor-bo-bo! Ajab bo‘pti,alam qilsin!
U etiklarini “tap”-”tap” etib qorga urdi, so‘ngra bir oyog‘ida sakrab turib,menga po‘pisa qildi:
-Agar meni qor buvi desangiz, qochib ketaman, keyin sira uchrashmaymiz! Bilib qo‘ying, askar aka.
-Yo‘q-yo‘q, dedim men jon holatda, aslo unday demayman! Shunday desam tilim kesilsin!
U tomonga yarim qadam tashlagandek bo‘ldim. Qiz o‘zini chetga oldi .
-Haddingizdan oshmang atrofda shuncha odam!
Adiba rost aytmayotgandi. Yangi yilga bir kun qolgan esada, Shoxrud sohilida odam uncha ko‘p emasdi. Kuchli qor hammani panaga, uy-uyga haydab ulgurgandi.
-Adibaxon ,men axir, uch kundan so‘ng, harbiy qismga jo‘nab ketaman!
Qiz tegajog‘lik qilishda davom etdi.
-Ketsangiz-ketavering! Ko‘zim uchib turgani yo‘q.
Men qarzdor bo‘lib qolmadim, shartta burilib, qadamimni tezlatdim.
Qiz hazili bunday tus olishini kutmagandi, shekilli, bir zum o‘ylanib turgach, ortimdan yurdi.
Lekin ko‘p mashq qilgan askar qadamiga talaba qiz yeta olarmidi?
U hazilni yig‘ishtirib, nido qildi.
-Ketmang, men axir hazillashdim-ku! O‘zingiz hazilni yaxshi ko‘rasiz-ku!
Taqqa to‘xtadim.
-Kechiring, Adibaxon! Men xam hazillashdim. Shu topda bu mas’uma, sodda, yuuragi toza qiz oyog‘iga yiqilishga tayyor edim.
U tez yurib yonimga keldi-yu, nozik ko‘rsatkich barmog‘i bilan po‘pisa qildi.
-Siz katta chaqalok emas, yomon bola ekansiz! Ikkinchi bunday qilmang, xafa bo‘laman.
Men, axir, yana bir yil emas, sizni umr bo‘yi ham kutishga tayyorman!
Qiz endi baralla yig‘lab yubordiyu, Shohrudning temir panjarasiga suyanib qoldi.
U mung‘aygan, aftoda qiyofada edi. Luchchak shaftoli yanglig‘ yosh yuvgan yonoqlari qizargan, tutash qoshlari chimirilgan, uzun kipriklariga qo‘ngan qor uchqunlari,ko‘z yoshlariga qo‘shilib qirmizi yuzlariga sizib tushardi.
Har ikkimiz qilgan hazillarimizdan pushaymon edik.
Adiba suvga tikilganicha jim o‘tirar, g‘amgin qiyofasi yuragimni ezardi.
Yoniga borib, yana uzr so‘radim. Qiz darhol kechira qoldi. Ko‘z yoshlari aro shunchalar beg‘ubor, samimiy jilmaydiki, bu tabassum yurak-yuragimga simillagan og‘riq olib kirdi. Ishonasizmi, men bu og‘riqni, o‘sha beg‘ubor, shuning barobarida, g‘amgin, mungli tabassumni hamon unuta olganim yo‘q, xech qachon unuta olmasam kerak!..
Oxir oqibat Shoxrudning o‘ng va chap sohillarini aylanaverib-o‘rgilaverib yana sari puli “oshiqon” (o‘sha oshiqlar ko‘prigi)ga kelib qolganimizni sezmabmiz. Axir, sezish imkoni ham yo‘q edi-da! Qor xamon ko‘z ochirgani qo‘ymas, baxtimizga havo iliq edi.
Aks holda, ertalabdan shahar kezaverganimiz uchun muzlab qolishimiz hech gap emasdi. Soatga qarasam tushlik vaqti bo‘lib qolibdi. Askariy taomlar ertalab, tushda va kechki payt har doim bir vaqtda berilardi. Shu taxlit, Adibani bilmadim-u, o‘zim erta tongdan tuz totmaganim esimga tushti. Men qizni tamaddi qilishga taklif etmoqchi bo‘ldim. O‘sha paytlarda eski shahar, Shahriston bozorida turli-tuman tamaddixona va qahvaxonalar ko‘p bo‘lardi.
Darvoke, hozir kelib qolib, andak tin olgan joyimiz Shaxriston bozori va borishni mo‘ljallagan manzilimiz-Poyikalon majmuasiga juda yaqin edik.
—
Adibaxon, dedim yurak yutib, agar “xo‘p!”, desangiz yo‘limiz ustidagi oshxonalardan birida tamaddi qilsak…
Qiz “yalt” etib menga qaradi.
-Yo‘q, yo‘q kerak emas! Men hech qachon, xatto ota-onam bilan ham oshxonaga kirmayman! Begonalar oldida sira ovqatlana olmayman…
-Agar siz juda ochqagan bo‘lsangiz, bemalol ,ovqatlanavering, men biror pana joyda kutib turaman.
Uning aytganlari samimiy ekaniga ishondim, qornim tatalayotgan bo‘lsada, sir boy bermadim.
-Yo‘g‘e, dedim, sira och emasman.
Shunday dedim-u, barxanlar ko‘ksiga yashirilgan raketalarni qo‘riqlash chog‘ida och nahor yurganlarimni esladim. Ba’zi-ba’zida intendant xizmati e’tiborsizligi yoki noqulay ob-havo sharoitida shunday uzulishlar bo‘lib turardi. Bu ham o‘ziga xos, harbiy sir, hech qachon rasman tan olinmasdi.
Shunday qilib taklifim o‘z kuchini yo‘qotdi. Va biz bozorni, anvoyi xidlar anqib turgan oshxonalarni chetlab o‘tib, qisqa fursatda Poyi Kalonga yetib keldik .
Poyi Kalon deganim – Minorai kalon, Masjidi Kalon va Miri Arab madrasasi. Bu noyob arxitektura ansambili shaxarning eng tabarruk qadamjosi.
Noyob obidalar oldidagi keng maydonga qadam qoyishimiz bilanoq, bizni ularning salobati bosdi.
Qor ko‘rpasi ostida yanada mahobatliroq tus olgan maydonda bir necha sayyoh, bolalar, o‘smirlardan boshqa odam ko‘rinmasdi. Havo yaxshi kunlarda bu yerga odam sig‘maydi.
Uch buyuk obida-Uch paxlavondek chuqur sukutda. Tabiat bino qo‘yib, qordan oro bergan, ajoyib me’moriy naqshlar chizgan Minorai Kalon — Arslonxon minorasi oppoq salla o‘ragan mo‘ysafed mudarrisday Islom tarixi va buguni hamda kelajagidan uzundan-uzoq ma’ruza o‘qiyotgandek tuyulardi.
Miri Arab va Masjidi Kalon esa, o‘sha og‘ir sukutda unga some edilar.
Chor atrofdagi ilohiy sokinlik hammani, atrof javonib, hatto, butun borliqni sehrlab qo‘ygandi.
“Yo, Xudo! Inson yuragi bu ulug‘vorlikka dosh bera olarmikan?”..
Xayolimdan shu fikr o‘tishi bilanoq, Adibaga o‘g‘rincha qarab qo‘ydim. Uning yuzlari ilohiy nurdan yorishgan, ko‘zlari yanada yorqinroq porlab turardi.
Biz har qancha istamasakda, xayrlashish vaqti keldi. Talaba qiz uyiga qaytadigan vaqt bo‘lib qolgandi.
Mening xayrlashgim, qizning ketgisi kelmas, lekin buni u jon jahti bilan yashirardi.
Nixoyat xayrlashdik. U nimalar dedi, men nimalardir dedim, xar ikkimizning qulog‘imizga gap kirmasdi.
Qiz qor quyuni bag‘riga singib, ko‘zdan g‘oyib bo‘lguncha, menga bir necha marta qo‘l silkitib, qorli va nurli tabassum qildi.
“Adiba! Adiba!” -deya hayqirgim, ortidan yugurgim kelayotgan esada, shart burildim-u, o‘z yo‘limga ketdim…
…Ta’til muddati tugagach yana o‘sha askariy turmaga jo‘nadim.
Boyqo‘ng‘irda yana bir bahor va yozni o‘tkazdim. Bahor juda qisqa umr ko‘ruvchi och qirmizi va och sariq rangli lolalari bilan xiyla chiroyli, qaqiroq cho‘l yozi esa, qattiq issiq ,suv taqchilligi bilan tinkani quritardi.
So‘ngra askariy burch va taqdiriy ilohiy taqozosi men xizmat qilayotgan harbiy qismni Uzoq Sharq Amur viloyatining Sovet-Xitoy chegarasidan andak ichkariroqdagi “Mustaxkamlangan rayon”ga oborib tashladi.
***
Men Adibaxon bilan ellik uch yil baxtli hayot kechirdim. Farzandlar, nevaralar, evaralar ko‘rdik. Nevara kelin, nevara kuyovlar xizmatimizda bo‘lishdi.
Men Boyqo‘ng‘irni ko‘p eslayman, hatto qo‘msayman ham. Nega shundayligini xizmatdan qaytganimdan so‘ng, oradan ellik besh yil o‘tgachgina tushunganday bo‘laman. Men o‘sha ulkan aslaxaxonani emas, yoshligimni qo‘msar ekanman.
Ha, Boyqo‘ng‘irni ko‘p eslayman, sog‘inaman. Aslida esa, faqat yoshligimni emas, Adibaxon qalbimga solgan chin muhabbatni takror-takror yodga olaman.
Endi qo‘limni ko‘ksimga qo‘yib tan oladigan bo‘lsam Boyqo‘ng‘irning temir intizomi, azob-uqubatlari, faqat o‘zigagina xos sirliligi bo‘lmasa,yozuvchi sifatida shakllana olmasdim.Zero adibga kuchli ichki intizom, har bir asarda esa sir, qandaydir sirlilik bo‘lishi kerak.
Kuchli qor yog‘ib, bo‘ron bo‘lganda , o‘zimni qo‘yarga joy topa olmay qolaman.
O‘sha olis-olislarda qolib ketgan ming to‘qqiz yuz oltmish to‘qqizinchi yil, yangi yil arafasidagi qorbo‘ronli kunni, Adibaxonning xayrlashayotgan paytdagi qo‘l silkitishlari, qorli-nurli tabassumini eslayman. Ong shuurim ravshanlashsa-da, yuragimga shirin, azobli og‘riq kiradi. Tashqarida ellik daraja issiq, yuz-ko‘zimga qor urilgandek tuyuladi, badanim junjikib ketadi.
Yarim qulochcha qor qoplagan Oshiqlar ko‘prigidan ikkovlon tizzagacha botib, qanday o‘tganimizni yodga olaman. Quloqlarim ostida qorning “g‘arch-g‘urch” i eshitiladi.
O‘shanda biz, ikki yosh oddiy, xokisor muhabbat ko‘prigidan o‘tdikmi, yoinki, “Sari puli oshiqon”dan chin sevgi manziliga qadam qo‘ydikmi? Bu-yolg‘iz Allohgagina ma’lum…
…Yaqinda Boyqo‘ng‘irdan navbatdagi xalqaro ekipaj koinotga parvoz etdi. Men yana beixtiyor hat-hududsiz o‘sha cho‘lni esladim. Xotiralar yomg‘irli bulutdek yopirilib kela boshladi.
Tasvirchi raketa uchirish maydonchasidan ancha uzoqdagi o‘sha qirmizi va sariq lolalarni shundoq nigoxlarim qarshisiga keltirib qo‘ydi.
Yuragim xapriqib ketdi. Ko‘nglim xis tuyg‘ular bo‘ronidan larzaga tushdi.
Lolalar bepoyon kengliklarning sar-sari shamolida hol-behol tebranib turishardi. Ehtimol ular o‘zlari juda qisqa-yetti kungina umr ko‘rishlarini bilishsa kerak.
O‘sha yerda xizmat qilgan chog‘imda qirmizi lolalarni o‘n yetti yashar qizlarga, sariq lolalarni esa, uyni sog‘inib zerikkan, yuzlari sarg‘aygan o‘n to‘qqiz yashar askarlarga qiyoslardim.O‘shanda men va Adibaxon ikki rangli lolalarga o‘xshardikmi, yo‘qmi, bunisini bilmayman.
Bizning qismatimiz Boyqo‘ng‘irning umri qisqa lolalariga o‘xshamadi.
Cho‘l lolalari juda kiska umr ko‘rishsada o‘z qismatlaridan nolimaydilar. Zero, ular tabiat yuragining qoni, jonidirlar.
Chin muhabbat lolalari ulardan keskin farq qiladilar. Hech qachon so‘lmaydilar, o‘lmaydilar. Yurakdan-yurakka mangu ko‘chib yuradilar. Ularning barhayotligi yuraklar qonidan suv ichishlaridadir.
Darvoqe to‘yimizdan so‘ng ,otam yangi kelin va men to‘qqiz oy birga yashadik.
Oradan o‘tgan yarim asirdan ko‘p vaqt nuqtayi nazaridan , hozir o‘ylab qarasam , o‘sha kunlar bizning eng osuda, baxtli damlarimiz ekan.
Ro‘zg‘or ta’minoti bus-butun otamning gardanlarida, biz esa bir -birimizga mahliyo bo‘lib yurardik. Ana shunday kunlarning birida turmush o‘rtog‘im uy yumushlari bilan band otam ikkovimiz choy ichib, chaqchaqlashib o‘tirardik.
Otam oshxona tomonga nigoh tashlab shunday dedilar:
-Kelinning qadriga yet, o‘g‘lim. Agar u o‘z so‘zida turmaganida,sen qizni ota—onasining chorbog‘idan atirgul g‘unchasidek uzib olabilmasding… Endi u gul bo‘lib hayotingni bezaydi. Qishloq o‘qituvchisi, kamtar-kamsuqum, bosiq- vazmin kishi bo‘lgan otam Abduvoxob aka bashorat qilgan ekanlar.
Hamal oyining 2-15- sanalari.
Romitan.