Ishq mulkining amiri.

995
Амирий мажозий муҳаббатни куйлаганми ё ҳақиқий ишқними деган саволни қўйиш ортиқча. Чунки анъаналар йўлидан борган шоир салафлари каби дунёвий ишқ лаззатларидан сўз айтиш баробарида, кўнгул маърифати, банданинг ягона меҳварга интилишлари, инсоний комиллик ҳақида ҳам сўзламаслиги мумкин эмас эди.

09у

Зебо Қобилова
ИШҚ МУЛКИНИНГ АМИРИ

Ўзбек мумтоз сўз санъати тарихида алоҳида ҳодиса бўлган Қўқон адабий муҳитининг вужудга келиши ҳамда ривож топишида Амир Умархоннинг ҳам хизмати катта бўлган. У Амирий тахаллуси билан ўзбек ва форс-тожик тилларида бирдай маҳорат билан қалам тебратган зуллисонайн шоирдир.
Мумтоз адабий анъанада бўлгани каби унинг ижодида ҳам мажозий ва ҳақиқий ишқ бир-бирини тўлдиради, бири иккинчисига восита сифатида қаралади. Ишқни ҳаётнинг маъноси, ижоднинг илҳомчиси ҳисоблаган шоир кўплаб ғазалларида ўзини “ишқ мулкининг амири”, “мулки дил амири”, “кўнгил тахти амири”, “жунун шаҳри амири”, “иқлими вафо амири” сифатлари билан лутф этади.
Амирий девонидан жой олган лирик турнинг қатор жанрларига оид намуналар образ ва образлилик билан зийнатланган. Уларда инсоннинг инсонга, табиатга, жамият ва илоҳиётга муносабати акс этади, шоир уларда асрлар давомида шаклланиб келган анъанавий образ ва бадиий тасвир воситаларига қайсидир жиҳатдан янгича маъно юклайди.
Хусусан, қуйидаги ғазални кўздан кечирганда унинг бошқа ғазаллардан зоҳиран унча катта фарққа эга эмаслигини кўриш мумкин. Аммо, ботинан шоир муқояса усулини қўллаш орқали ёр жамоли, унинг малоҳатини ўта серзавқ, таъсирчан байтлар мазмунига сингдиради:

Мениким мастлиғдин кўзларинг ўлтурди, соғ ўлсун,
Кўзум сарчашмаси ул икки оҳуға булоғ ўлсун.

(Амирий. Девон. ЎзРФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, инв. -№642. -149а варақ.
Бундан кейин ушбу манбадан ғазал олинганда, шартли равишда Т деб ва қўқонлик адабиёт ихлосманди С.Йўлдошев шахсий кутубхонасидаги девондан ғазал олинганда эса, С деб, саҳифаси қавс ичида кўрсатилади.)

Байт марказида маъшуқанинг кўзини васф этиш турибди. Маъшуқанинг кўзи хумор бўлмаганида, ошиқнинг кўзи булоқ бўлмас эди. Натижада, иккинчи мисрадаги “оҳу” ташбеҳи ошиқнинг кўзёш тўкиш ҳолати билан бирикиб, маъшуқа кўзининг гўзал тасвири берилган. Мастона кўзларнинг нигоҳи ошиқни ўлдиргандай бўлди. Барибир, улар соғ бўлсинлар, дейди ошиқ. Икки оҳу эса ёрнинг ўша икки кўзи. Кўзёшини тинимсиз тўкаётган ошиқнинг кўзлари эса ўша икки оҳу сув ичадиган булоқ кабидир. Шоир бу ерда сарчашма сўзини жуда ўринли ишлатган. Чунки у ҳам булоқ маъносини беради. (“Кўзум сарчашмаси”.)

Иккинчи байтнинг мазмуни эса бундай: “Ширин лабингдан озгина уятчанлик билан кулиб қўйгин. Ўшанда шакарханд қилгандай бўлади. Ундан эса гулғунча бедимоғ бўлади (чунки унинг ўша лаб табассумдаги гўзаллигига рашки келади). Шоир лабни ғунчага ўхшатиш баробарида, ташхис санъати асосида, лабнинг ширинлигидан хижолат бўлиб, ғунчанинг латиф ҳидидан маҳрум бўлганлигини маҳорат билан тасвирлайди:

Табассум зоҳир эт, ширин лабингдин инфиол айлаб,
Шакарханд айласун, гулғунча андин бедимоғ ўлсун.
(Т. -149а.)

Лабдан кейин тиш тасвири келади. Бунда ёр тишларининг гўзаллигига урғу бериш билан бирга, гавҳардек тишларнинг гўзаллигидан мутаассир бўлган ошиқнинг ҳолати ҳам кўрсатилади:

Кўзум то кўрди гавҳардек тишингни лаъли ноб ичра,
Ажаб эрмас сиришкимдинки, дурри шабчироғ ўлсун.
(Т. -149а.)

Байтда тиш қизил лаъл ичидаги гавҳарга ўхшатилади. Уни кўрган кўз ёш тўкади. Бу ёшлар шабчироғнинг дури кабидир. Агар “дурри шабчироғ” бирикмаси маъшуқа тишининг нур сочувчилик хусусиятига ишора қилса, навбатдаги байтда тасвир доираси янада кенгайтирилади:

Сени гавҳар тишингни васфини дарёға арз айлай,
Садаф они эшитмоқға саропо бир қулоғ ўлсун.
(Т. -149а.)

Тишни дур (гавҳар, инжу, марварид)га ўхшатиш – анъанавий ташбеҳ. Лекин садафга жон ато этиш – ташхис санъатидан фойдаланиб, маъшуқа гўзаллигига урғу бериш катта маҳоратни тақозо этади.

Юз ва гулшан – доимий ҳамроҳ образлар. Амирий ғазалида гул ўзининг ёр юзи, чиройи олдидаги нотавонлигидан ёқасини чок-чок этиб, фарёд кўтаради. Байтнинг бадиий қурилишидан шоирнинг ташхис санъатига ниҳоятда эътибор бераётганлигининг яна бир исботини топиш мумкин. Яна ҳам тўғрироғи, бу ғазал тўлалигича ташхис санъати асосига қурилган. Чунки байтнинг иккинчи мисрасида маҳбуба юзидаги холни кўрса, аламдан лоланинг кўксидаги доғи устига доғ қўшилади:

Юзинг гулшанда очким, гул ёқасин чок-чок этсун,
Қаро холингни кўрсат, лола доғ устида доғ ўлсун.
(Т. -149а. )

Қуйидаги байт ҳам анъанавий тасвирий воситалар замирига қурилган. Ошиқ энди ташбеҳ сифатида ишланувчи ташқи воситалардан ўз жисми майдонида мавжуд маъшуқага алоқадор воситалар тасвирига ўтади. Кўнгулнинг ёр сочига тароғ бўлиши – азалий ташбеҳ. Лекин, бу ўринда, Амирий янада янгича йўл тутади, байт мазмунига халқона руҳ беради. Машшота мумтоз адабиётда анчайин кенг қўлланган образ. Машшота – қиз ва келинларнинг сочларини тараб, оро берувчи, безантирувчи пардозчи хотин. Демак, лирик қаҳрамоннинг паришонлиги, шу пардозчи аёл қўлидан-да рашк қилиши, табиий бир вазиятни юзага келтирадиким, натижада, ёр сочига кўнгулнинг тароқ бўлиши ҳаётий манзарани ҳосил қилади:

Паришонҳолмен машшота илги рашкидин ҳар дам,
Ани сочиға, ё Раб, хаста кўнглумдан тароғ ўлсун
(Т. -149а.)

Кейинги байтда аввалги фикр давом эттирилади. Лирик қаҳрамон маъшуқа холига гирифтор бўлибдими, сочнинг шу сайд (овчи – ошиқ) учун тузоқ бўлиши тасвирга янада жонлилик бахш этади:

Менингдек ким дамодам донаи холингни майл айлар,
Кўнгул сайдиға, ё Раб, ҳалқаи зулфунг тузоғ ўлсун.
(Т. -149а. )

Мақтаъда бу фикрлар ўз якунини топади. Ёр гулшани теварагида мафтуну маҳлиё бўлиб учиб юрган кўнгул қушлари бу гулшаннинг ягона, беқиёс гулзорига шайдо. Бу қушлар – амирми, подшоҳми, булбулми, зоғми – аҳамиятли эмас. Муҳими, маъшуқа – тенги йўқ гўзал:

Бу гулшан қушлари гулзори рухсорингни шайдоси,
Амиру ё гадодир, хоҳ булбул, хоҳи зоғ ўлсун.
(Т. -149а. )

Девонда бу каби тавсифий ғазаллар анчагина. Улар анъанавий характерда бўлса ҳам, шоир маҳоратини белгиловчи аҳамиятга эгалиги жиҳатидан ажралиб туради.

Амирий лирикасини инсон характерининг ўзига хос ифодаси дейиш мумкин. Негаки, шоир маъшуқани куйлайдими, унинг жабру ситамларидан эзилган, кўнгул кечинмаларини бадиий талқин этадими, маъшуқадан марҳамат кутган, унинг тараҳҳум қилишини истаган ошиқнинг ҳолатини кўрсатадими, булардан қатъи назар, барчасида кўнгул мулкини таҳлил қилади.

“Ошиқмен – ишқ ўтида бағрим кабобдур” мисраси билан бошланадиган ғазал бу жиҳатдан диққатга сазовордир. Ғазал матлаъсиданоқ бепарво маъшуқа дардида парвонадек куйган ҳақиқий ошиқ ҳолати аниқ намоён бўлади. Ошиқлик – ишқпарастлик. Ишқпарастлик эса мажнунлик сари етаклайди. Мажнуннинг эса ишқ ўтида бағри кабоб, ёрининг жамолидин бир лаҳза бенасиб бўлиб қолса, ҳоли хароб бўлиши аниқ:

Ошиқмен – ишқ ўтида бағрим кабобдур,
Бир лаҳза кўрмасам ани ҳолим харобдур.
(С. — 38б.)

Мана шу сабабга кўра, ошиқ ёрдан айрилишни ўзи учун фожиа, деб билади. Фироқнинг ошиқ руҳиятини тарбиялаш, унинг камолотини таъминлашдаги ўрни аллақачон ўз исботини топган. Бинобарин: “Айрилса ёр мендин, ўларман фироқида”, деб нола чеккан ошиқ: “Жоним ғамида ташнау қоним шаробдур”, дея маъшуқани огоҳлантиради. Агарчи маъшуқа ўзидаги “хунрезлик”ни ташламаса, ошиқ руҳи такомилдан нарига ўтиб, йўқлик сари юз тутиши табиий. Мана шу илинж билан ошиқ илтижо қилади. Байтдаги “савоб” сўзи инсон қавмигагина хос.

Ишқ ўти тушти жонима ҳаргиз илож йўқ,
Ҳолимға раҳм айласангизлар савобдур.
(С. — 39а.)

Мазкур ғазал бошдан-охир ёрга мурожаат руҳида ёзилган. Амирий ҳижрон домига ташланган ошиқ тортаётган азоб-уқубатларни, у кечираётган мураккаб туйғу-кечинмаларни, гўзал маъшуқа томон талпиниши ҳамда висолдан умидворлигини қатор бадиий тасвир воситалари орқали жуда таъсирчан ифодалаган. Айниқса, маъшуқа жабр-зулмидан ошиқнинг тонг отгунча уйқусиз – бедор бўлиши, оҳу нолалар чекиши каби ҳолатлар деярли барча шоирларда учрайди. Бундай ҳолатлар тасвири серқирра: бир томондан, вафода собит ошиқнинг туну кун ёр хаёли билан яшаши, иккинчи томондан, маъшуқанинг бепарво ҳолати. Учинчи томондан эса, инсон руҳиятидаги курашлар, уларнинг кучли ва заиф томонлари намоён бўлади. Шоир буларни тушунарли тасвирлар орқали баён этади:

Дардимни чорасини қилинг, беқарорман,
Тонг откунча ишим кечалар печутобдур.

Бағрим эзилди, куйди таним, кетди тоқатим,
Бечора хаста жонима қандоқ азобдур.
(С. – 39 а. )

Шу сабабли маъшуқа инсофга чақирилади. Рақиблар сўзига кириб, турфа азоблар гирдобига ошиқни улоқтириш маъшуқага хос бўлса-да, барибир, унинг тараҳҳум айлаши зарурлигига илтижо бор, умид бор: кунлар келадиким, маъшуқа ҳам ўз хатоларини англаб етади, ошиқ ҳолатини, садоқатини тушуниб, ундан ўз меҳр-мурувватини дариғ тутмайди:

Беҳуда эл сўзиға кириб, қовлама мени,
Бу жонсипор банда эшикингда бобдур.
(С. — 39а.)

Кейинги байт ғазалнинг шоҳбайти сифатида кўзга ташланади. Ошиқ чеккан дард-ситамлар, унинг унсиз фарёдлари ҳамда ошиқ ва маъшуқа ўртасидаги мураккаб муносабатлар моҳиятини бир-икки сўз билан баён этиб бўлмайди. Уни тушуниш учун кенг идрок этиш зарур:

Оқилга бир ишорат эрур – қисса мухтасар,
Фаҳм айлаган кишига бу сўз бир китобдур.
(С. — 39а.)

Ғазал мақтаъсида шоир бу байтларни “ҳусн дафтаридан интихоб” қилингани, яъни, танлангани, тўғрироғи, тақдир этилган маъшуқадан шикоят эканлигига яна бир карра ишорат қилади. Аммо, бу шикоят ўта меҳрибонлик, ўта одамийлик қатига ўраб берилади ва бутун дард аҳли (ошиқлар, маъшуқалар) кўнгул сирларини очиқ баён эта олади:

Нечун қошиға боғламайин кўнглуми, Амир,
Бу байт ҳусн дафтаридин интихобдур.
(С. – 39а. )

Маъшуқа жамоли таърифи қадимдан ғазал жанрининг асосий хусусияти бўлиб келган. Воқеан, ғазал истилоҳининг ўзи ҳам арабчада аёлни мадҳ этиш, унга ошиқона муносабатда бўлиш маъносини билдиради. Ғазал, дастлаб, ишқий мавзуда ёзилган бўлса ҳам, кейинчалик, унинг тематик доираси кенгая борди. Маъшуқа тимсолида гўзал инсон сиймоси жилоланса-да, ҳар бир ижоткор бу образни турфа рангларда янгича сайқал топтиришга интилади.

Жумладан, Амирий ғазалларида маъшуқанинг суратини тасвирлашда муболаға усулидан кенг фойдаланилади. Қуёш – маъшуқанинг жамоли, унинг олдида ошиқ гўё бир заррага айланиб қолади:

Менки ул рухсори нурафзоя ошиқ бўлмишам,
Зарра янглиғ бир қуёшсиймоя ошиқ бўлмишам.
(С. — 98а.)

Амирий маъшуқа жамолини тасвирлашда янги, халқона ташбеҳларни қўллайдики, улар маъшуқани реал ҳаётга анчайин яқинлаштиради. Уларда беором қалбнинг бани башаргагина хос талпинишларига, олижаноб руҳнинг бетакрор манзараларига дуч келамиз:

То қадам қўйдум тариқи фақра ишқ ичра Амир,
Мулки оламда ўзумдек бир қаландар кўрмадим.
(С. – 128б.)

Байтда ботиний (илоҳий) ишқ ҳақида гап бораётганини истилоҳ ва сўзлардан илғаб олиш мумкин. Тасаввуф истилоҳига кўра, фақирлик – биз тушунган маънодаги камбағаллик, бечоралик эмас, балки Оллоҳ олдидаги ғариблик, ожизликдир. Ушбу қарашга кўра, “фақир шундай кишики, у фақат Ҳақ маърифатига етишга муҳтож бўлади, холос”. Фақр эса тариқатнинг тўртинчи мақоми бўлиб, “тарки дунё қилиб, ҳаётга қўл силташ эмас, балки олами ботинни поклашдир”. Айни пайтда, “шу мартабада комиллик рутбасини қозониш ҳам”.

Бу ўринда, Амирий мажозий муҳаббатни куйлаганми ё ҳақиқий ишқними деган саволни қўйиш ортиқча. Чунки анъаналар йўлидан борган шоир салафлари каби дунёвий ишқ лаззатларидан сўз айтиш баробарида, кўнгул маърифати, банданинг ягона меҳварга интилишлари, инсоний комиллик ҳақида ҳам сўзламаслиги мумкин эмас эди.

Манба: «Шарқ юлдузи» журнали.2012-5

(Tashriflar: umumiy 430, bugungi 1)

Izoh qoldiring