Ismoil Mirpanjiy. Asirlikdagi xotiralar. Ikkinchi qism

     Энди асирликда ўтган ўн йил воқеаларини бир бошдан ҳикоя қилиб берай. Мен тутқунликда ҳаёт кечирган йилларда Хивақда тўрт марта тўс-тўпалон ва сарой тўнтаришлари -қонли воқеалар бўлиб ўтди. Замоннинг зайли билан тўрт киши хон бўлиб тахтга ўтирди.Муҳаммад Аминхон икки ярим йил хонлик қилди. У Марвга қарши юриш қилганлиги учун азиз бошидан жудо бўлди.Ундан сўнг Абдуллахон бир йил хонлик қилди ва Юмралидаги жангда ҳалок бўлди. Унинг ўрнига Қутлимурод Муҳаммадназар Иноқ тахтга ўтирди, у туркманлар томонидан қатл этилди. Сўнгра Саидмуҳаммад ҳукмронлик қилди. Унинг хонлик тахтига ўтирганига олти йил тўлганда, бошимга бахт қуши қўнди.Мен асирликдан қочдим.

Исмоил МИРПАНЖИЙ
АСИРЛИКДАГИ ХОТИРАЛАР* 
Давоми
012

АСИРЛИКДА ЎТГАН ЎН ЙИЛ

09Хивақ қаъласи ва хоразмликлар хусусида бор фикр мулоҳазаларимни қўлингиздаги рисоланинг сўнггида қисқача баён этаман.Энди асирликда ўтган ўн йил воқеаларини бир бошдан ҳикоя қилиб берай.

Мен тутқунликда ҳаёт кечирган йилларда Хивақда тўрт марта тўс-тўпалон ва сарой тўнтаришлари -қонли воқеалар бўлиб ўтди. Замоннинг зайли билан тўрт киши хон бўлиб тахтга ўтирди.Муҳаммад Аминхон икки ярим йил хонлик қилди. У Марвга қарши юриш қилганлиги учун азиз бошидан жудо бўлди.Ундан сўнг Абдуллахон бир йил хонлик қилди ва Юмралидаги жангда ҳалок бўлди. Унинг ўрнига Қутлимурод Муҳаммадназар Иноқ тахтга ўтирди, у туркманлар томонидан қатл этилди. Сўнгра Саидмуҳаммад ҳукмронлик қилди. Унинг хонлик тахтига ўтирганига олти йил тўлганда, бошимга бахт қуши қўнди.Мен асирликдан қочдим.

…Хивақ хонлари расм-русумларидан шу нарсани айтишим жоизки, мамлакат ишларини бошқаришда уларга уч вазир ёрдам беради:Улардан бири “Меҳтар”, иккинчиси “қушбеги” ва учинчиси “девонбеги”дир. Меҳтар салғут ( солиқ тўплаш назарда тутилмоқда-У.Б.) йиғади. Солғут катта молиявий улушнинг ярми бўлиб, у ҳарбий ишларга, чет мамлакатларга элчи тайёрлаш ва юбориш, элчиларни кутиб олиш каби давлат ишларига харж қилинади. Агар молиявий ишларда камомад чиқса, меҳтар жавобгар ҳисобланади. У кунда бир марта хон саломига (ҳукмдор қабулига маъносида-У.Б.) кириб фотиҳа олади ва сўнгра ўзига юклатилган ишлар билан машғул бўлади ва бошқа хон олдига кирмайди. Мабодо хон уни йўқласа, бирон муҳимроқ иш чиқиб қолса, хон ҳузурига у навбатсиз кираверади.

Қушбеги молия маблағининг иккинчи ярмига ҳокимлик қилади. У ички ва ташқи ишлар, расмий маросимлар , совға-салом ва инъомларни ўз зиммасига олган.Хизмат тақозоси билан истаган пайтида хон билан мулоқот қила олади.

Девонбеги атрофдаги элатлардан, савдогарлардан божхона ва закот пулларини қабул қилиш билан шуғулланади.У бемаврид хон ҳузурига киришга ёки саломга келиш салоҳиятига эга эмас.Магар хон ўзи истаса у бундан мустасно.Агар унинг хонга арзи бўлса, меҳтар ёки қушбеги орқали амалга оширади.Меним асирлик пайтимдаги Муҳаммад Аминхоннинг уччала вазири ( аслида Хива хонлигида вазирлар кўп бўлиб, Исмоил Мирпанжий асирликда бўлган даврида ўзи кузатган, эшитган, хонга таъсирини ўтказа оладиган нуфузли учта давлат амалдорини назарда тутмоқда-У.Б.) қуйидагилар эди: Меҳтар-Ёқуб вазир, қушбеги-Муҳаммадкарим ва девонбеги Ҳасанбой деган шахслар эди.

…Муборак рамазон ойининг олтинчи кунида бизни Хиваққа олиб келишди.Дастлаб Меҳтарнинг уйида бўлдик.У мен билан мулойим муомилада бўлди. Ҳар хил нарсалар хусусида суҳбатлашдик.Таом келтириб овқатланишга таклиф қилдилар.Овқатдан сўнг ҳам бироз савол-жавоб қилиб ўтирдик.Кечгача шу ерда қолдик.Сўнгра мени хон ҳузурига олиб боришди.
Меҳтар менга ўзбек таомили ва урф-одати бўйича хон ҳузурида салом бериш, фотиҳа ўқиш, соғ-омонлик тилаб дуо қилишни ўргатиб борди. Хон ҳузурига кирганимда у чилим келтиришларини сўради ва чилим чекиш билан машғул бўлди.Қабул муҳити ва хоннинг чилим чекиши ғалати бир вазиятни вужудга келтирди. Хон чилим чекаркан, мен унга салом бериб, фотиҳага қўл очиб дуо қилдим.Хон саломимга алик олиб деди:
-Хуш келибсиз.

Мен қувониб кетдим ва “ нима қилай?” дегандек меҳтарга кўз тикдим. У менга секин “қуллуқ, тақсир” дейиш кераклигини уқтирди. Мен мусулмон урф-одатларига кўра:
-Қуллуқ хон ҳазратлари,-дедим эгилиб.

Хон меҳтарга юзланиб:
-Мусофирдан сўранг-чи, қайси тилда сўзлашурмиз?-деди.
-Қайси тил – форсийми, туркийми ҳазрат олийларига мақбул бўлса, шу тилда сўзлашурмиз,-дедим.
-Эрон лашкарларининг миқдори қанча?,-қизиқди хон.
-Пиёдалар уч юз минг, суворийлар ва чегарачилар сони 200 минг киши келадир,-жавоб бердим.

-Тўп-замбараклар сони қанча?,-яна сўради Эроннинг ҳарбий лаёқатига қизиқиб хон.
-Ўн икки минг отлиқ аскар, тўпхона ва қурол аслаҳаларнинг ҳисоби йўқдир,-дедим.
-Эрон шоҳига қарашли давлат ерларининг молиявий аҳволидан сўзлангиз,-буюрди ҳукмдор.
-Ўттиз қурдан кам эмас,-дедим мен.
-Қур не маънодадир?,-сўради хон.
-Беш юз минг таноб ер бир қурдир,-дедим.

-Давлат чегаралари неча кунлик йўл?,-дея савол берди хон.
-Мамлакат бўйлаб мағрибдан машриққа томон юрилса олти ойлик йўлдир,-дедим жавоб бериб.
-Ҳммм…дуруст,-деди хон ва меҳтарга юзланиб:
-Мусофир меҳмонга шуни қаттиқ уқтириб айтгинки, мабодо Муҳаммад Валихонга ўхшаб қочадиган бўлса ва яна қўлга тушса, беаёв қийноқ азобларига гирифтор бўладир.
-Хон ҳазратлари,-дедим мен дарҳол,-бир қошиқ қонимдан ўтсангиз, икки оғиз сўз айтурман.
-Айтинг,-буюрди ҳукмдор.
-Ҳеч ким мени жангда ғалаба билан қўлга олгани йўқ.Меним бахтим чопмай иқболим сустлик қилди холос.Энди Сизнинг қулингизман.Киши аввало қочмаслиги ва қочса қўлга тушмаслиги лозимдир,-дедим.

Шундан сўнг хон менга маъноли қараб қўйди ва кетишга ижозат берди.Биз ташқарига чиқдик.Меҳтар мени койий бошлади:
-Жонингдан тўйганмисан ? Нега хон билан бунақа муомилада бўлдинг? Агар Муҳаммад Валихон каби қочадиган бўлсанг ва яна қўлга тушсанг, омон қолишингга ҳеч қанақа умид бўлиши мумкин эмас.

..Осифуддавла ҳукумати даврида Муҳаммад Валихонни Машҳаднинг Иноятобод қишлоғида туркманлар асир олиб Хиваққа келтиришган. Ўша вақтда Хивақ хони Муҳаммад Аминхон “иноқ” валиҳад эди. Туркманлар Муҳаммад Валини хонга тортиқ қилиб уч юз туман инъом олдилар. У бир қанча вақт Хивақда яшади. Эрон ҳукумати томонидан уни товон тўлаб чақириб олувчи кимса топилмади. Хивага келган инглиз ва рус элчилари Эрон давлатининг ҳоҳишига биноан уни сўраб кўришди. Лекин хон уларнинг илтимосини рад қилди. Унинг асирлик муддати чўзилаверди ва бирон жойдан ҳеч қандай нажот топилмади.Охири унинг ўзи аскар асирларга ташвиқот қила бошлаган:
-Агар сизлар менга ёрдам бериб, мен билан бирга Эронга қочсангизлар, катта лавозим ва инъомга эга бўласиз,-деб ваъда берган ва қочиб кетган.

Бу хабарни эшитган хон ўзининг қўшини илғор суворийларига буйруқ берган ва кўп ўтмасдан улар яна қўлга тушган. Хон унинг барча ҳамроҳларига сиёсат кўргазиб қатл этдирди. Уни ҳам ўлдирмоқчи бўлганида, Муҳаммад Аминхон Иноқ шафоат сўради ва хон уни қатл этишдан воз кечди.Бироз вақт ўтгач, хон ўз ёрдамчисини Эронга элчи қилиб юборди ва Муҳаммад Валини яхши қўшничилик изҳори сифатида Эрон шоҳи саройига жўнатди.

Мен меҳтар бу гапларни нима мақсадда айтаётганини англадим.Биринчидан қочишни хаёлимга ҳам келтирмаслик, иккинчиси ўзимни халос этиш учун хат-ариза ёзиб Эрон давлати томонидан расмий равишда элчи юборилишини илтимос қилиш умидим бор эди.

Алқисса, бу гаплардан сўнг мени, ўғлим ва яна бир навкаримни ўз уйида қамаб, ишончли навкарларидан беш кишини посбон этиб қўйди. Қолган асирларни Али Султон тўпчибошига топшириб, уларни қўриқлаш ва кундалик овқат беришни буюрди.Бошқаларга унчалик қаттиққўллик қилишмади.Чунки Хивақдан уларнинг қочиб кетмасликларига ишонишарди.
Хўш, Али Султон қандай қилиб бу ерларга келиб қолган?

Маълум бўлишича, марҳум Осифуддавла ҳукумати даврида таниқли ва машҳур Азимбек Хуросондаги тўпхона бошлиғи эди.Салор исёни кўтарилган пайтда у қочиб туркманларнинг така қавмига боради. Али Султон эса ҳамиша у билан бирга бўлган.Кейинчалик улар орасида келишмовчилик пайдо бўлиб така Қора ўғлон билан Хиваққа келишган ва ўз ихтиёри билан Муҳаммад Аминхоннинг тўпхона қисмларида тўпчи бўлиб хизмат қила бошлашган.Бир қанча вақтдан сўнг, Муҳаммад Аминхон ўлдирилгандан сўнг, бир неча муддат Абдуллахон хизматида бўлган.Кейин навбатдаги Хивақ тўполонларидан бирида қочиб Бухорога борган. Унинг кейинги тақдири бизга қоронғу.

Биз Хиваққа келган ўша рамазон ойида хон асир тўпчиларнинг тўп отиш маҳоратларини синаш истагини билдирди. Али Султон асир тўпчиларни келтиришларини буюрди. Мен тўпчиларга:
-Яхши отинглар, мабодо уларга ёқиб қолсангизлар, сизларга нисбатан яхшироқ муносабатда бўлишга ҳаракат қилишади,-деб маслаҳат бердим.
Улар ҳам меним сўзларимни маъқул топдилар, аммо ҳарчанд ўқ отишмасин, ҳеч бири нишонга тегмади.Хон ғазабланди ва асирларни яна меҳтарга топшириб, яхшироқ сақлашни буюрди.

МУҲАММАД АМИНХОННИНГ САРАХСГА ЮРИШИ ВА ҲАЛОК БЎЛИШИ

Муҳаммад Аминхон қўшин тўплаб Марв устига юриш қилди.Қаъла атрофларидаги салур ва саруқ уруғларини бутунлай ўзига тобе этгач, Сарахсдаги туркманларнинг така уруғини ҳам бўйсундириш учун юришни давом этдирди.

Сарахслик туркманлар Хуросон шаҳзодасидан ҳимоят сўраб мактуб йўлладилар. Шаҳзода уларнинг илтимосларига жавобан Сарахс ҳимоясига мунтазам армиядан мадад кучлари юбориб, изидан ўзи ҳам бормоқчи эканини билдирди.Хуросонлик ғанимлар шаҳзодани йўлдан оздирмоқчи бўлдилар ва унинг Сарахсга боришига қаршилик кўрсатдилар.

Сарахс туркманлари билан хиваликлар ўртасида қаттиқ жанг бўлди.Жангда хон ҳалок бўлди. Натижада хиваликлар орқага қараб қоча бошладилар.Така уруғи аҳли уларни Марвгача таъқиб этиб борди.Талаб олинган мол-мулкларини қайтариб олишди.Хива навкарлари орасида парокандалик бошланди ва бу ҳаракат исёнга айланиши хавфи туғилди. Шундан сўнг хонликнинг мўътабар кишиси Ёқуб меҳтар марҳум хоннинг жияни Абдулла бекни хон деб эълон қилди ( Туркистонликлар ўз подшоҳларини “хон”, шаҳзодани “тўра”, агар у валиаҳд бўлса “иноқ” деб атайдилар).

Валиаҳд юришларида ўрда ( штаб) бошлиғи вазифасини бажаради.Ушбу юришда хоннинг Мусо тўра, Саид Муҳаммад тўра исмли ўғиллари ҳамроҳ эди.Мусо тўра жангда ҳалок бўлди. Саид Муҳаммад тўра эса тиряк (банги) чекишга муккасидан кетганлиги учун уни хон сайламадилар.  Хоразм навкарлари марҳум хоннинг жияни Абдулла бекни мутлоқ ҳоким-хон деб тан олдилар. Чунки у жангда ботирлиги ва эпчиллиги билан эл оғзига тушган халқ баҳодирларидан бири саналар эди.

Кунлардан бир кун бизни хон ўз ҳузурига чақиртирди.Мен ўз ҳамроҳларим Ҳусайн Султон, Ғаффор Султон, Муҳаммадёрбек ва ўғлим билан хон саройига бордик. Хон ҳазратлари билан бизнинг ўртамизда қуйидаги музокара бўлиб ўтди.
-Сизни танийман, Мирпанжий жаноблари, бизни шерикларингиз билан таништирсангиз.
-Хўп бўлади, хон ҳазратлари.Бу мусулмонлар Оллоҳ Таолонинг бандалари.Сизнинг содиқ қулларингиз, исми шарифлари…-дея ҳамроҳларимни таништирдим.
-Дуруст-дуруст.Қани бу мўмин-мусулмонлардан сўрангчи.Хоразм мамлакатига хизмат қилиш ҳоҳиш-истаклари бормикан?
-Хон ҳазратлари, гарчи биз Эрон мамлакатининг фуқаролари бўлсак-да, ҳозир Сизнинг асирингизман ва Сизга хизмат қилмоқ учун ҳам қарз, ҳам фарздир.Яратган эгамнинг ҳукми шу…-дедим.

Бошқа ҳамроҳларим жим туришарди.Аслида жавоб беришга ҳозирлик ҳам кўришмади.Меним бу сўзларимдан хоннинг жаҳли чиқди:
-Биз,-деди у,-Эрон давлати билан ёғий-душманмиз, уларда бизнинг қасдимиз бор.Зеро, дойим Муҳаммад Аминхонни Эрон давлатининг навкарлари ўлдирдилар.Ҳар ҳолда агар ўртада дўстлик бўлганида, бирор баҳона билан элчи юбориб сени унга ҳамроҳ қилиб жўнатсам бўларди.Ҳозирча сен тутқин-қулсан…
Шундан сўнг хон , меҳтарга учалла тўпчини тўпхонага олиб бориб, уларга иш тайинлашни ва мени ўғлим билан уйига олиб бориб, кундалик ейимлигимизни қисқартиришни буюрди.Хуфя равишда қоровул ҳам белгилашди. Юқоридаги савол-жавобдан сўнг минг хил ўй-изтироб билан меҳтарнинг уйига келдим.Меҳтар ҳам хон ҳукмига мувофиқ тўпчиларни тўпхонада қолдириб, меним бир навкаримни ахлат ташувчи аравкаш қилиб тайинлади.Ўша навкарим аравкашлик қилиб топган хизмат ҳақи эвазига бериладиган овқатнинг бир қисмини бизга олиб келарди.Бир неча кун сабр-қаноат қилиб, худога шукурлар айтиб ўтирдим…

Бир куни Оллоҳга таваккал қилиб пинҳона равишда Ҳусайин Султон ва бошқа ҳамроҳларимга имкон топиб:
-Фақирнинг уйига келинглар, очлик муаммоси ва бошқа нарсаларни ўзаро маслаҳатлашайлик,-деб хабар бердим.
Улар бир неча кун келишга қўрқиб юришди.Ниҳоят бир куни келиб азбаройи хондан қўрққанимиздан:
-Сен билан мажлис қургани журъат этолмаймиз,-дейишди.
-Дўстлар,-дедим мен,-бирор чора кўринглар, очлик талафот бермасин.
Улар айтдиларки:
— Хақберди Машҳадий исмли бир савдогар Хиваққа келган, уни сенинг олдингга олиб келурмиз, шояд бирор нафи тегса.

Шундай қилиб, Ҳақберди Машҳадий билан учрашишга рози бўлдим.Ўртоқларим уни олдимга олиб келишди.Меним аянчли аҳволимдан хабар топгач у хон ҳузурига кирган.У хонга айтибдики:
— Мирпанжий Сизнинг қўлингизда асирдир. У Эрон давлатининг генерали ва ўғли полковник даражасидаги кишилар ҳисобланади.Уларни ўлдиринг ёки тўйгулик нонини беринг.Агарда Эрон давлати билан алоқа истасангиз, элчи юбориб уни ҳам подшоҳ ҳузурига қўшиб равона қилинг. Мусулмонликда асирни айбсиз ўлдириш гуноҳи азим ҳисобланади.Зеро, ҳар қачон айбсизларга жазо берилса, халқ қўзғолади…

Ўша савдогар Ҳақберди Машҳадий яна бир келганида:
-Теҳрон томон йўл олаяпман,-деди.
Ундан эллик тилло қарз олдим. Эронда бир тилло олти минг риёлга баробар эди. Уйдагилар учун пул юбордим.Илгари мен билан яхши муносабатда бўлган дўстлар, аъёнлар , раҳбар ходимларга мактублар ёздим. Ҳар биридан алоҳида-алоҳида меним халос бўлишим чора-тадбирларини кўришларини илтимос қилдим. Савдогарлардан яна шуни илтимос қилдимки, агар иложини топса, Эрон подшоҳи ҳузурига кириб фақир тўғрисида арз қилғайлар.Савдогар меним илтимосимни бажаришга ваъда берди.
Бир-биримиз билан видолашиб худодан ёрдам сўрадик.Кейин маълум бўлдики, у подшоҳ қабулига киришга мушарраф бўлиб, аҳволимни баён этибди.Аъёнлар мени қутқариб олиш учун изн берибдилар.Аммо бахтим чопмаган экан…Токи кавкаб юлдузи тепамда порламагунча, ишимиз юришмади.

АБДУЛЛА ХОННИНГ ЎЛДИРИЛИШИ

Абдуллахоннинг ҳукмронлик даври бир йил давом этди.У иш бошлаганида тўралар ҳасад ила Абдуллахон ва меҳтар билан мухолифлик қила бошлашди.Муҳаммадалихоннинг ўғли Абдулла тўра ва Худойқули тўра икки юз, уч юз нафар собиқ эроний асирлар билан Абдуллахонни ўлдириб, унинг ўрнига Муҳаммад Аминхоннинг ўғлини ўтқазишни аҳду паймон қилишган. Жаъфар оға Келотий Эрон давлатидан юз ўгириб бу ерларга келиб қолган экан.Жаъфар Келотий исмли айғоқчи Қуръони каримни ўртага қўйиб ичилган қасамни бузади ва бўлган гапларни оқизмай-томизмай Ёқуб меҳтарга етказадилар. Меҳтар ўша заҳоти хонни огоҳ қилади.Хон фитна қатнашчиларини дарҳол ҳибсга олдиради ва қатл этдиради.

Хивақда яшовчи ёвмут, гўклан, олайли, қардош юмрали , човдир тоифаларидан бўлган кишилар бир қанча тўралар билан хонга қарши яна тил бириктиради.Тўралар яна бошқа кишиларнинг хонга қарши суиқасд қилишга тайёрланаётганлигини эшитган Абдуллахон уларни қатл этган, баъзиларини мансаб ва амалларидан четлаштирган, халқ эса ваҳимага тушиб қўрқиб қолган эди. Бекларнинг тартибсизликлари кундан-кун ошиб, ҳар хил тўполонлар кўтарила бошлади.Ҳатто вазият шу даражага бориб етдики, туркманлар Хивақ дарвозалари ортида жангу жадаллар билан фуқароларни талар, асирлар олиб кетишар, хон эса ҳеч нима қила олмас эди.Охир-оқибатда у баъзи аъёнлари билан маслаҳатлашиб Хивақ қаъласидан навкар тўплаб Ҳусайн Султон бошчилигида тўрт тўп билан ёвмутлар устига ҳужум қилди.Хивақдан ўн фарсах масофада жойлашган Муҳаммадамин ( Мадаминия) қишлоғида туркманлар билан қаттиқ жанг бўлди.Хон ўз қилмишларига яраша жазо олиб, урушда ўлдирилди.Туркманлар Ҳусайн Султонни тўпчилари билан қўлга олиб, уни Отамуродхонга топширишади.Кейинчалик Ҳусайин Султон Астрободга, Жаъфархон олдига жўнатилади. Отамуродхон туркманлар хони деб эълон қилинади.  Ушбу жангда Абдуллахоннинг мулозимларидан Мираҳмадхон, Ҳирот шаҳзодаларидан Муҳаммадюсуфнинг укаси ҳам ўлдирилади.Шундан сўнг хивақли ва бошқа ўзбек қавмларининг боши ғавғодан чиқмай қолди.

Юқорида Келотий Жаъфар оға хусусида фикр баён этамиз дегандик.Бу ҳамромхўр Келотда яшаб фақат фисқу фасод билан шуғулланарди.Хуросонда, унинг атрофидаги қаълаларда, Машҳадда Жаъфар оғанинг ўртоқлари бўлиб, нимаики ҳодиса юз берса, унга ёзишарди.У бўлса, атрофдаги душманларга хабар берарди.Жаъфар Келотийни мен Машҳаддалигимдан бери танир эдим. Айғоқчилик унинг ота “касби”. У Хуросонда юз берган барча воқеаларни пойтахтга етказиб турарди. Жумладан, мен Марвда яшаган кунларим Мираҳмадхон ёнидаги ўртоқларим шу айғоқчи туфайли қанчалик азият чекканларини билсангиз эди. Ҳатто у Эрон шаҳзодасини ҳам ўз тузоғига илинтирмоқчи бўлган.Хивақ хони уни ҳар кунига 10 тилло бериб ўзига оғдириб олган экан.Натижада у хоннинг Марв ва Сарахс сафарида бирга бўлган. Хон унга ёвмут, салур, саруқ, така суворийларидан 5-6 минг нафарини бериб, Келотни босиб олишга ваколат берган. У Келот оқсоқолларига бир неча мактублар йўллаб урушсиз қаълага кирмоқчи бўлган.

Келотликлар олдин унга ишонишди.Биринчи кечаси ҳаммаси дарвоза ортида пистирмага ўтириб олишди.Агар дарвоза очилса улар бирданига ичкарига ҳужум қилиб Келотни забт қилишмоқчи эди.Дарвоза қўриқчилари унинг ҳийласини пайқаб уларни ўққа тутдилар.Жаъфар Келотий мағлуб бўлди ва орқасига қайтди.Унга Марв ва Сарахсда икки-уч вазифа берилди, эплай олмади.Хон олдида шарманда бўлди. Кейинчалик хоннинг ўзи ҳам шу сафарда ҳалок бўлди.Жаъфар Келотий Хиваққа келиб ҳурмат топмади.Абдуллахон замонида асирлар ва тўралар қатл этилган чоқда у хон хизматига ошиқди ва сотқинликда обрўй орттирди.

ҚУТЛИМУРОДХОН ХОНЛИГИ ДАВРИ

Абдуллахон ўлдирилганидан сўнг Ёқуб меҳтар унинг васиятига мувофиқ Қутлимуродбекни хон этиб кўтаради.У атиги олти ой хонлик гаштини сурди, холос.Негаки, унда аввалги хонларнинг савлати, қуввати, ақл-заковати йўқ эди. Унинг хонлиги фақат номигагина бўлди.Қилган иши шу бўлдики, меним ҳолимдан хабар топгач, кундалик маошим фойдаси учун меҳтарнинг маслаҳати билан мени ва ўғлимни аравакаш этиб Муҳаммадкарим девонга топширди.

Бу даврда Хоразмда аҳвол кундан-кунга оғирлашди, тўс-тўполонлар кўпая борди.Меҳтар Ёқубнинг хаёлига бир ажойиб фикр келди.У ёвмут кадхудоларига бир неча муҳаббатомуз мактублар ёзди: “Биз сизлар билан ҳамфикрмиз, ватанимиз бир ва динимиз бир.Шундай экан, нима учун бизларнинг орамизда адоват бўлиши керак? Хиваққа келинглар, биргаликда сулҳ тузайлик, ўткинчи бу дунё самарини бирга топайлик” каби сўзлар хатларда ўз аксини топган эди. Бу хатлардан мақсад ёвмут катталарини Хиваққа келтириб, уларни ҳийла билан қўлга тушириш, гаров сифатида уларни зиндонда сақлаш эди.

Аслида ёвмут катхудолари Ёқуб меҳтарнинг бир сўзига ҳам ишонишмас ва пайт пойлаб Хиваққа лашкар тортиб келишни орзу қилар эдилар.Кунлардан бир кун туркман сардорлари 50-60 суворийлар билан Хиваққа келиб сулҳ тузмоқ бўлишади.Сулҳ шартномаларини имзолаш чоғида қуролларини яшириб келган туркман суворийлари Қутлимурод хоннинг тождор бошини қиличдан ўтказадилар.Саройда тўс-тўполон бошланиб кетди, одамлар саросимага тушдилар.Шу пайт Ёқуб меҳтар қаъла дарвозаси устига жарчиларни чиқариб,” кимдаким ёвмут ўлдирса ёки бошини олиб келса, асир бўлса озод этилади”, деб жар солдиради.Ҳамма ёвмутлар устига ёпирилади.Ариқлар қон бўлиб оқди.Ёвмутлар ночор аҳволда қолиб, қочиб кетдилар.

Ёқуб меҳтар ўша куни ёвмутлар ишини охирига етказгач, Муҳаммад Раҳимхоннинг ўғли-Саид Муҳаммадга хонлик рутбасини топширди ва унинг тоғасини Амирул-умаро деб эълон қилди. Мазкур ҳукмдор ҳозиргача ( яъни Мирпанжий китобини ёзиб бошлаган 1864 йилгача-У.Б.) тахтда барқарордир.Хивақдаги қўзғолон ва исён даврида ўзбекларнинг аҳволи яхши бўлмади. Айримлари воҳада яшайдиган бошқа туркманларнинг қўлига тушиб ўлдирилди.20 минг киши асир қилиб Гургон ва Бухоро ерларига олиб бориб сотилди. Ана шу фурсатдан фойдаланган Амир Аҳмадхоннинг укаси Маҳмудқулихон етти минг оиладан иборат жамшидий элатини Урганч яқинидаги Қиличбой қаъласидан кўчириб дарё ёқалаб Чаҳоржўб ( Чоржўй) вилоятидаги Майманага ва Боламурғобга олиб кетди. Жамшидийлар қочиб кетганидан сўнг Хоразм вилоятида катта заифлик ланжлик ҳукм сурди.Ўша даврда ўн-ўн икки мингдан зиёд асирлар Бухоро ва Машҳад томонга қочиб кетишди.Меним шерикларим Ғаффор Султон, Муҳаммадёрбек Ноиб ва яна бир қанча тўпчилар ҳам қочиб кетишди.Сўнг билсам, улар йўлда така элига асир тушибдилар ва бир неча йилдан сўнг товон пули тўлаб озод бўлишибди. Сўнгра Машҳадга кетишибди.Биз, ўғлим, мен, яна бир навкар Муҳаммадкарим девон уйида маҳбус бўлганлигимиз сабабли ўз жойимизда қолавердик.

САИД МУҲАММАДХОН ДАВРИДАГИ ҲОДИСАЛАР БАЁНИ

Саид Муҳаммадхон мустақил хонлик қила бошлагач , хориждан бирин-кетин бир хил мазмундаги хабарлар келаверди. Унда Эрон шоҳи Муҳаммад Аминхонни баланд тепаликка дафн қилиб, унинг устига ҳашаматли мақбара қурдирибди.Гумбази баланд ва иморати бебаҳо экан.Эрон давлати томонидан кўрсатилган бундай ҳурмат эътиборга Хивақда ҳеч ақл бовар қилмасди.

Айтишларича, Хивақнинг қозикалони Руссияга борганида у ердан Румий (Туркия) мамлакатига ва у ердан Маккайи муаззама ва Мадинаи тоййибага борган. Қозикалон у ердан қайтишда хоннинг амри биланми, Теҳронга тушади. У хон мақбараси устига бориб Қуръон фотиҳа ўқийди. Сўнгра Астробод йўли орқали Хиваққа қайтади. Хивақнинг бошқа ҳукмдорларига Эроннинг Муҳаммад Аминхонга кўрсатган муруввати, мақбара хусусида батафсил сўзлаб беради.Жумладан у шундай дейди:
-Биз бутун Эрон халқини рофезий ( суннат аҳлини шия мазҳабидагиларга нисбатан ишлатадиган ҳақоратомуз сўзи-У.Б.) ишлатиб, ўзимизни мусулмон ҳисоблардик.Улар бизнинг бир ўлик мурдамиз учун шунчалик эҳтиром кўрсатибдилар, биз бўлсак уларнинг бир неча асир одамларини қамаб қўйиб, нон-сувдан қисиб ёки туяларни ўтлатиш, аравакашлик каби паст ишларда қўйибмиз.

Шунингдек қозикалон Истамбулда бўлганида Рум султони Хивақ хонлари асирларига нисбатан яхши муомилада бўлмайдилар, дея таъна қилганини ҳам қўшиб қўйган эди.
Алқисса, Хивақда асли Бижинвар аҳлидан бўлган Хўжаш маҳрам исмли бир хизматкор бор эди. Хиваликлар одати бўйича маҳрам навкарини, яқин кишилардан, ёши улуғ, ишончли одамлардан тайин қиладилар. Мазкур Хўжаш маҳрам Муҳаммад Раҳимхон ва Оллоқулихоннинг маҳрам навкарларидан бўлган, ёши тахминан етмиш-саксонларга бориб қолган. Энди эса ҳозирги хоннинг маҳрами эди. У ботиний шия мазҳабида бўлиб, шу сабабли бўлса керак, қозикалоннинг барча гапларини менга айтиб берди.
-Айниқса сенинг оғир аҳволинг, чекаётган азобларингни таъкидлаб, хонга кўп панду насиҳатлар қилди.Гарчи хоннинг қалбида сенга нисбатан илиқлик бўлмасада, қозикалоннинг сўзларини эшитгач, бошқаларнинг қаршилигига қарамасдан сени ҳузурига чорламоқчи.Сен қолишни танла, ана шунда сенга нисбатан хоннинг шубҳа-гумонлари тарқайди.Агар кетишни ихтиёр этсанг сени бир қанча туркман қўлига топшириб зоҳиран амр: “йўлда буни йўқотинглар ёки бирор жойга олиб бориб сотинглар”, деб фармойиш беради,-деди у.

Хўжаш маҳрамнинг бу кўрсатмаларини қулоғимга илиб олдим.Эртаси куни хон мени ўз ҳузурига чорлади.Расмона салом-аликдан сўнг хон шундай деди:
-Оллоҳнинг ҳоҳиш-иродаси шу экан.Сиз бизнинг қўлимизда омонат кишисиз.Чунки шавкатли Эрон шоҳининг садоқатли навкарисиз.Таассуфки, ҳанузгача Эрон ҳукумати Сизни йўқламабдур.Агар она юртингизга кетишни ихтиёр этсангиз, биз монелик қилмасмиз…Сиз озодсиз!
-Қуллик, хон ҳазратлари,-дедим аранг.

Аслида Хўжаш маҳрамнинг панду насиҳатлари тилимни лол қилиб қўйган эди.Шунда хоннинг ёнида турган катталардан бири:
-Хон ҳазратлари кўрсатган ушбу иноят ва илтифотларини яхшилаб ўйланг тақсир,-деди.
-Албатта, ўйлаб кўраман…-дедим.
-Боринг, Сизга рухсат, икки кун муҳлат берурмиз,-деди хон.Мен кетдим ва эртаси куниёқ хон ҳузурига келиб:
-Бир умр солиқ қулингизман, то ўлгунча шу ерда қолажакман,-дедим.

…Яна аввалгидек Муҳаммадкаримнинг эшигида қолавердим.Шу тариқа яна олти ой вақт ўтди. Ҳар икки уч ойда бир марта хон олдига саломга бориб қайтардик. Бобохон исмли бир танишим бор эди. Уни Ашхабоддаги туркманларнинг така уруғлари олдига юбориб, бирор чора излаб йўлга чиқишларини илтимос қилдим.Лекин улар :”Биз олиб кетишга журъат эта олмаймиз, аммо сен ўзинг қочиб келсанг, ҳеч қийинчилик бўлмайди”,-деб жавоб юбордилар.Яна ярим йилча шу тарзда вақт ўтди.

Бир куни Хўжаш маҳрам мени чақириб бундай деди:
-Тақсир, хон ҳазратларининг қарори шуки, Хоразмда бутунлай қолмоқчи экансиз.Сизни ва ўғлингизни покиза чўрилардан бирига уйлантириб қўймоқчимиз.
-Хон ҳазратларининг қарорлари бизга маъқул, аммо лекин биргина узримиз бордир,-дедим.
-Қанақа узр?,-сўради у.
-Бизга хасми ҳалол бўладиган аёл ўзбек қизларидан бўлса, мен розиман.Нега деганда эроний аёллар бизга ёмон кўз ила қарайдурлар,-дедим.

Хўжаш маҳрамнинг юзи ёришиб бундай деди:
-Ҳазилга бало борми, озодлик ва ҳам фариштадек Хива қизига уйлантирсак, бунинг устига яна кунига уч танга пул нафақа тайинласак, худога шукурлар қилмайсизми?
-Қуллуқ, ҳазратим, қуллуқ, мингдан минг розиман,-дедим.
Хуллас, мени уйлантиришди.Марв томонларга қўшин юбориладиган бўлса, хон ҳузурига машваратга чақиришарди. Шу тариқа ойлар кетидан ойлар, йиллар кетидан йиллар ўтаверди.Бироқ меним қочиб кетишим ҳақидаги режаларим чигаллашар, Ватан ҳақидаги орзуларим саробдек туюларди.

…Бир куни Хивага Россия мамлакатидан элчи келди. Мени бир киши билан Мадаминия қишлоғига юборишди.Бунинг сабаби кейин маълум бўлди.Рус элчиси Эрон ҳукумати раҳбарларининг илтимосларини тил учи Хива хонига етказибди.у хон жанобларига тахминан шундай деб айтган экан:
-Эрон шоҳининг амалдор навкарларидан бири Сизнинг асирингиз экан.Барча асирларни элчиларга қўшиб Эронга жўнатилса айни мудаао бўлғай…
-Элчи жаноблари, эронлик асирлар Бухорои шарифда ҳам кўпдур.Агар улар асирларни озод этсалар, биз фақат бу ҳақда ўйлаб кўргаймиз…

…Аслида тутқинликда азоб чекаётган эронлик фақирлар тақдири ҳеч кимни қизиқтирмаган.Рус элчисининг тилмочи Мирзо Жаъфар Табризий қайсидир боғбонга ўн бажуқий тилло бериб мени йўқлатган. Худди ўша куни мени атайлаб Мадаминияга жўнатишгани, биз эса у пайтда қишлоқда элчи билан учраштирмаслик мақсадида ўн етти кун қолиб кетганимиз аён бўлганди.

Хўжаш маҳрам рус элчиси билан бўлиб ўтган гапларни менга айтиб берди.Элчи мезбонларнинг узрини қабул қилиб, бир неча йилдан бери асирликда юрган бошқа бир кишини сўраб олишади ва ўз юртларига олиб кетишади.Кейинчалик маълум бўлишича, элчи томонидан қилинган барча ишлар Мирзо Оғахон ҳоҳиши билан қилинган экан. Эрон раҳбарларига қанча мактуб йўлламай ва қанча илтижолар қилмай, бари-бир қутилиш чораси топилмади.
Ўн йил давомида Астрободлик савдогарлар ҳам, бошқалар ҳам келишди.Хўжайинлардан пул олиб ҳаммасини оиламдагиларга жўнатдим. От-уловларни шайлаб қўйдим. Аммо натижа бўлмади. Бу давр ичида Жаҳонгир Мирзо, Али Накихон, Муҳаммад Валихон, Келот маъмурлари ва Хуросон ҳукмдорларига қайта-қайта мактуб йўлладим. Лекин қочишимнинг имкони бўлмади. Дилим ғурбатга, кўзларим ёшга тўла эди…

АСИРЛИКДАН ҚОЧИШИМ ВА МАШҲАД ОРҚАЛИ ТЕҲРОНГА КЕЛИШИМ

1280 ҳижрий-қамарий йил зулқаъдда ойининг 15-куни кечга ( 1864 йил) уйимиз эшиги олдида хаёлот дарёсига чўмиб ўтирганимда бир туркман йигити келиб сўради:
-Исмоилхон Сартининг (тўпчи маъносида-У.Б.) уйи қаерда?
-Нима ишинг бор эди?,-сўрадим.
-Савоб бўлади, унинг уйини кўрсат!,-деди у яна.
-Исмоилхон Сарти менман,-дедим унга. У ишонқирамай:
-Қасам ич!,-деди.
-Қуръони карим урсин, мен Исмоилхон отанг бўламан,-дедим. Унинг қаттиқ хавотирда эканлиги сезилиб турарди.
-Суюнчи бер, мени Марвдан Мустафоқул Сартининг ўғли Лутфи Алихон юборди.Мактуб ҳам бор,-деди қувонтириб.
-Қани ўша мактуб?-қизиқишим ошиб сўрадим.
-Нома ишончли жойда.Мен така туркманларининг карвон қўриқчи-чопари бўлиб келдим. Хон ва қушбеги билан учрашдим.
-Агар гапларингиз рост бўлса, ўша хатни кўрсатинг,-дедим.

Эртаси куни кечқурун удумга мувофиқ дастурхон ёздим ва палов пишириб олдларига қўйдим. Ўзимнинг одамлар ҳисобланган икки-уч ўзбек ва ўғлимни бир баҳона топиб бошқа бир жойга юбордим.Исмлари Тўрамчи ва Маммисардор экан.Маммисардор қўлини менга узатиб жуббасининг остидан хатни чиқариб узатди. Уларга чой ва чилим бериб, хатга қарадим. Лутфи Алихон хатни қуйидаги мазмунда ёзган экан:
“Эй қиблагоҳ! Марвдаги вазиятни эшитган бўлсангиз керак.Худога шукур! Ҳозир аҳвол яхши.Яқинда Машҳадга бориб у ердан Теҳронга ўтдим. У ерда ҳазрат подшоҳимизнинг хоки пойларини ўпишга мушарраф бўлдим. Мен Сизнинг олдингизда беҳад қарздорман.Ҳамма вақт Марвда Сизни суриштирдим. Кейинчалик Сизнинг ўзбеклар қўлига асир тушганингизни эшитдим. Дарвоқе, така аҳлининг кадхудолари дедиларким, Сиз ҳозир ташқарига чиқиб эркин юра олар ва қочиш фикрида экансиз.Мазкур хатни олиб борувчи Маммисардор Сизни олиб келишга мени ишонтирди.Орзу истак айб эмас, бироқ биргаликда қасам ичинглар ва ҳеч қайсингиз иккилик қилмагайсизлар.Агар у Сизни эсон-омон олиб чиқса, икки минг туман нақд пул ва юзта халъат олишига ваъда бердим.Кўринишдан ёмон одамларга ўхшамайдилар. Ҳар на иш қилсангиз, охирида кина-кудурат бўлмасин. Мабодо Марв йўлидан келсангиз ишингиз оғирооқ кечади. Бизларга ўхшаб беш-ўн туман пора талаб қилишади.Ҳурмат билан Лутфи Алихон”.

Хатни ўқиб:
-Ахир меним ўз от-уловим бўлса, нега яна икки минг туман?,-дея савол бердим.
Улар:
-Тўғри айтасиз, лекин биз ҳам ҳаётимизни хавф остида қолдираяпмиз.Агар бизни ушлаб олишса, албатта ўлдирадилар.
Ўн йил азобдан қутулиш чораларини изладим, аммо энди халос бўлиш бахти келганда буни қўлдан бой бермаслик зарур эди.Дарҳол уларга чилим бердим.
-Икки минг туман нақд пул ва юзта халат бераман,-дея қасам ичдим.
-Эртага ўғлингни тайин қилинган жойга юбор, керакли нарсаларни ҳозирла, худо ҳоҳласа, чоршанба куни кечаси жўнаймиз,-дейишди.

Худога шукурлар айтиб ўғлимни бу хабардан огоҳ қилдим. Ҳошим исмли бир навкарим бор эди. Уни олти йил олдин хотини, ўғли ва қизи учун товон тўлаб озод қилган эдим. У фармойишимга биноан отларни тайинлаб қўйди. Пешин вақти ваъдага мувофиқ Хиванинг Шайх дарвозасидан ташқарига чиқдик. Маммисардор учрашиш учун бир дарахт тагини белгилаган эди. Бундан бир неча кун илгари қум саҳрога бориб ўтин олиб келган , мақсадим ҳеч кимда шубҳа уйғотмаслик эди. Қочиш куни келганда Давлат исмли хизматкорга тайинладим:
-Мен яна саҳрога кетаяпман. Агар хон одамлари сўрасалар, бизни тўйга кетди деб айт. Агарки яна келсалар “ҳозир шу ер эдилар, бирон ерга кетди шекилли”, дегин, дея уқтирдик.

Ҳошимга бўлса:
-Шаҳар ташқарисидаги тўйга бориб келамиз. Уч-тўрт кун одамлар билан шу тарзда савол-жавоб қилиб тур.Биз тезда қайтамиз.Мабодо хоннинг одамлари билиб қолсалар, яхши бўлмайди,-деб тайинладим.
Ўша кунлари мешларни сув билан тўлдирдим.Қочиш учун зарур барча анжомларни тўпладим.Чоршанба куни кечаси отларни эгарлаб, хуржунларни орқага юклаб “ худо ёр бўлсин”, деб ўғлимга ташқарига чиқишга рухсат бердим. Орқасидан ўзим ҳам йўлга тушдим. Учрашув жойига етиб олдик ва бир-биримизни топиб, такалар (туркманларнинг уруғи вакиллари кўзда тутилмоқда-У.Б.) билан оллоҳга таваккал қилиб қочдик.

Қора қум бошланганда пиёда юрдик, сув устидан чиқиб қолганда мешларни тўлдирдик.Бошимизга туркман телпак, қалбимизга Оллоҳ каломини жо этиб ёвмут “Ободий” йўли орқали кетавердик.
Тўрамчи сардор:
-Фалоний, қаерга кетаяпсан?-деб сўради.
-Мен билан ишинг бўлмасин, сардорлик бугун кечқурун меники, эртага эрталаб йўлни сен бошлайсан,-дедим.
Хиваликларнинг феълини яхши билардим, агар асир қочса, уни қум ўртасида ёки Хуросон тоғларига етган бўлса ҳам ушлаб қайтаришарди.Агар иккинчи маротаба ушласалар, қулоқ-бурнидан кесишарди.

Ўша куни ўзим йўлбошчилик қилдим.Кўп йўл босиб, тонгга яқин Мадаминия қишлоғига етиб келдик. У ер Хиваққача йигирма беш фарсах йўл.Ҳамроҳларимга:
-Ўтин излаб юрган кишилардек кетаверинг,-дедим.
Эрталаб ёвмутларнинг юк ташувчи моллари кўринди.Бу манзилдан ҳам эсон-омон ўтиб олдик.Ўша куни кечаси ўттиз фарсах йўл юргандай бўлдик. Тўрамчи менга юзланиб:
-Яхши сардорлик қилдинг.Аммо қирқ эллик фарсах йўлни узайтирдинг, энди йўлни топиб олишимиз мушкул бўлади,-дедим нолиниб.
Эртаси куни ҳам жадал ҳаракат қилдик.Пешинга яқин отлардан тушиб у ён бу ёқни кўздан кечирдик.Сув тугай деб қолган экан.Отлар ҳам, одамлар ҳам сувсизликдан ташна бўлиб, чарчаб ҳаракат қилишга мадори қолмади.Тўрамчи сукунатни тузиб сўз бошлади:
-Харжиғон қудуғигача қирқ фарсах йўл бор, у ердан бошқа ерда сув йўқ. Агар рухсат этсангизлар, мен бориб сув олиб келай. Сизлар эса аста-секин орқамдан келаверинглар.

Ўзимнинг энг яхши кўрган отимни унга бердим. У мешларни олиб сув излаб кетди.Қуёш ботгунча ундан хабар бўлмади.Кўз илғай олгунча унинг оти оёғи изидан боравердик.Чанқаганимизда саҳро ўт-майсаларини шимидик.Кечаси ҳар жой-ҳар жойда гулхан ёқиб қўйдик. Тўрамчи қоронғи кечада келиб қолса, бизни топиши осон бўларди.Ўша кеча-кундуз аҳволимиз шу қадар ёмонлашдики, худодан ўлим тилай бошладик.Эртаси куни пешиндан кейин Тўрамчи олти фарсах наридан ёмғир суви топиб қайтиб келди.Парвардигорга шукроналар айтдик.Сувдан тўйиб ичдик. Отларга арпа бериб, сўнгра йўлга тушдик.Кунботар пайти Ахал туркманларининг “Қизилсоқол” қаъласига етдик.
Бир қудуқ тепасида тўхтаб отларни суғордик.Ўзимизга бироз таскин бердик.Чиндан ҳам Марв йўлига қараганда бу йўл тинчроқ экан. Эртаси куни кундузи соат икки яримларда саҳро ўртасида ўттиз-қирқ туя келаётганини кўрдик.Тўрамчи от чоптириб бориб қайтиб келди. Маълум бўлдики, “Ободий” қишлоғи яқин бўлиб, у ерга туялар сув олиб келгани кетишаётган экан.Бир соатдан сўнг қишлоққа етиб бордик.Йўлда Тўрамчи:
-Агар сизлардан биров бирор нарса сўраса, биз хивақнинг савдогарларимиз, мол ва туямиз йўқолиб қолди, шуни излаб юрибмиз деб айтинглар,-дея уқтирдик.

Бу ерда Тўрамчининг қавмидан бир киши бор экан. Бизга эҳтиромлар кўргазиб меҳмонга чақирди.Овқатланиб бўлгач Тўрамчи, “ туринглар, тезроқ кетайлик”, дея ишора қилди.
Ўрнимиздан туриб манзилга отландик, бироз масофа ўтгач Ахалга етиб келдик. Ўзларимизни бироз ўнглаб олдик.Гўктепада яна тўхтаб олдик, андак нафас ростладик.Бу ерлар ўзбеклар тасарруфига кирмасди. Сиримиз ошкор бўлмасдан бурун Машҳадга бориш режасини тузиб қўйдик.Иттифоқо Мамммисардорнинг отаси Тошлибой Гўктепада экан. Тўрамчининг ҳам баъзи қариндошлари шу жойда бор экан. Маммисардор биринчи кеча уйига кетди. Отасига мен тўғримда гапирибди.Тошлибой бизга ниҳоятда эҳтиром кўрсатиб қуюқ меҳмондорчилик қилди. Мен Маммисардор ва Тўрамчидан илтимос қилардимки,” мен тўғримда ҳеч кимга оғиз очманглар, бирон нохуш воқеага дучор бўлишимиз мумкин”, деб. Шунга қарамасдан беш соат ўтар-ўтмас, ўттиз-қирқ минг оилали Гўктепа туркманларининг барчаси биздан хабардор бўлибдилар.

Уларнинг кадхудолари тўда-тўда бўлишиб мени кўргани келишар, салом-алик қилишиб бизга ҳамдардлик билдиришарди.Бироз суҳбатлашиб овқатланиб ўтиргач, йўл чарчоғини ёзиш учун мизғидим. Улар ўзаро суҳбат мавзуини бошқа йўсинга буришди:
-Биз энди Маммисардорнинг бу қилмиши туфайли хиваликларга душман бўлдик.Демак карвонларимиз Хиваққа бора олмайди.
Тошлибой ҳам ўғлининг фойдаси учун ва ўзи кўп пул ва инъом олишни кўзда тутиб,уларнинг гапларини маъқуллашди.

Улар ўзаро маслаҳатлашиб мени яна Хиваққа қайтаришга қарор қилишди.Мамммисардор мени уйғотиб воқеадан хабардор қилди. Қаттиқ изтиробга тушдим.
-Сатангга ва бошқа кадхудоларга айт.Улар бу фикрларидан қайтишсин, уларга кўп инъомлар ва эҳсонлар бераман,-дея ёлвора бошладим.Шу қадар тушкунликка тушдимки, бу кулфатлардан қутулиш учун ўзимни ўлдирмоқчи ҳам бўлдим.Худойим олампаноҳ шаҳаншоҳимнинг остоналарини яна бир марта зиёрат қилишимни ҳоҳлагани учун ҳам бу иш содир бўлмади.Ниҳоят Тошлибой билан яна бир марта учрашиб унинг оёғини ўпдим.Лекин бу билан иш битмади.Қуръони каримни ўртага қўйиб қасам ичдим.400 туман пул, 30 чопон инъом этишга ваъда бердим. Сўзларимга ишонишмади.Ўғлимни гаровга қўйишга тўғри келди.

Эртаси куни Ахал катхудолари Авазбердихон, Шихлибой, Муҳаммад Қўшоқлар бизни йўқлаб келдилар. Бир пиёла чой устида улар билан суҳбатлашиб ўтирдик.
Кези келганда уларнинг фикр мулоҳазаларини айтиб ўтиш лозим деб ҳисоблайман:
-Биз, туркманларнинг орзу-умидимиз Эрон давлатига жонимизни қурбон қилиб унга хизмат қилишдир. Мамлакат осойишталиги йўлида бу давлатга хизмат қилиш биз учун қарздир.Қадимдан биз бу пойдор давлатнинг вафодор хизматкори бўлганмиз.Жаннатмакон хоқон Фатхалихон саройида туркманлар бир неча йил юқори мансабларда бўлишган.Хуросон хонлари ўз фойдаларини кўзлаб хиёнаткорона сафсата, бўҳтонларни тарқатиб бизни ноумид мутаҳҳамга айлантирдилар.Эндиликда агар хотин, бола-чақамиз бир парча чит лозим бўлиб қолса, тирикчилик қилиш учун Бухоро ёки Хиваққа боришимиз керак. Ҳар қалай ўша пайтларда Дажоз ва Бибинвардга бориб эҳтиёжимизни қондирардик.Агар биз туркманлар орасида бирор ўғри қароқчи ёки қотил чиқиб қолса, дарров уларга хабар бериб огоҳлантирардик.Агар бу одатларини ташлашмаса, юртдан қувардик ва оғир гуноҳ қилган бўлса, уни ўлдирардик. Магар ўзимиз бу ишни амалга ошира олмасак, Хуросон ҳокимларига ахборот берардик.

Марвдан то Қизилравотгача юз минг хонадон туркман оиласи истиқомат қилишади.Деҳқончилик, баъзилари тижорат билан шуғулланадилар.Албатта, улар тинч-омон яшашни ҳоҳлайдилар ва атрофдаги барча давлатлардан кўра Эрон ҳимоясига кўпроқ муҳтождирлар.

Зеро, деҳқончилик , тижорат билан машғул бўлган халқ тинч ва осуда ўтириши учун давлат паноҳида бўлиши керак.Бирон нохуш кор-ҳол юз берса, туркманлар мол-мулки, бола-чақаси омон қолиши учун Урганч ва Хивақнинг қум саҳроларидан паноҳ излайди.Мақсад аёллар, болалар асир тушмаслиги ва мол-мулк, талон-тарож бўлмаслиги керак.Уларнинг беш-олти минг от ва туяси сувсизликдан, жазирама иссиқлик ва пашша-чивинлар дастидан қирилиб кетган.Улар дейдиларки:
-Аҳли аёлимиз ичида касаллик тарқалди.Давлат бизлардан бутунлай юз ўгирди.Мутаҳҳам ва бадном бўлдик.Хуросон хонлари Теҳронга борсалар, ҳали шаҳарга кирмасданоқ ҳар хил бўҳтонлар билан туркманларни бадном қилишарди.Амммо марҳум аканг Аббосқулихон Мирпанжий Хуросон сарҳадларида маъмур бўлганида туркманлар билан яхши муомилада бўлардинглар.Агар биздан бирор нарса зарур бўлса, акангдан ҳеч нарсани дариғ тутмасдик.Эндиликда ҳам мана шундай муносабатлар бўлишини истаймиз.Эрон подшоҳининг худога шукур, катта-катта ўғлонлари бор…

Мазкур гаплардан сўнг ёнларидан Қуръони Каримни чиқариб,
— Биз айтган барча сўзларни бекаму-кўст подшоҳ ҳузурида айтиб бераман, деб қасам ич,-дейишди,-умидимиз-худонинг марҳамати, каломи мажиднинг баракати билан зора биз бечораларнинг сўзлари подшоҳнинг муборак қалбларига таъсир қилса.
Мен уларнинг арзини подшоҳга етказиш салоҳиятим йўқлигини айтдим.
-Подшоҳ саройида катта амалдорлар кўп, ўшаларга ёзинглар.Албатта улар арзингизни шаҳаншоҳга етказадилар ёки Хуросон валийси шаҳзода Хусамуссалтанага мурожаат қилинглар,-дедим.
Улар илова қилиб яна шуни дедиларки:
-Биз туркманлар ичида ватанпарвар ва содиқ кишилар бор бўлиши билан бир қаторда йўлтўсар ва қароқчилар ҳам бор. Ҳар тоифадан бир неча суворий олиб йўлга тушинг, агар йўлда бирор кори-ҳол юз берадиган бўлсак, уларнинг ўзлари чорасини кўрадилар.

Эртаси куни толе ёр бўлиб, ўғлимни гаровга қолдириб, ҳар тоифадан етмиш киши билан ҳар бирига уч туман ва бир халат ваъда қилиб , йўлга тушдим. Қушхона қишлоғи, Гармоб қаъласи яқинига бориб, улар орқага қайтдилар. Ўн йиллик асирликдан сўнг ўзимни Эрон сарҳадида кўриб худога шукурлар қилиб, саждага бош қўйдим. Кейинги куни Қушхонада манзил қилдик. Оллоёрхон Қушхоначи мени ва ҳамроҳларимни меҳмон қилиб ниҳоятда ҳурмат эҳтиромимизни жойига қўйди. Сўнгги кун Ширвон Кўчанга келдик. Амир Ҳусайнхоннинг онаси бизни уч кун меҳмон қилди. У ердан Хуросон вазири Мирзо Муҳаммад Ҳусайнга, акам Аббосқулихон Мирпанжийнинг ўғли Мустафоқулига ва Хуросондаги бошқа аъёнлар ва дўстларимга қочиб келганлигим хусусида бир қанча хат ёзиб юбордим.Улар ҳам катта эҳтиром билан истиқболимга чиқдилар.

Худонинг марҳамати билан зулқаъда ойининг йигирма еттинчи куни Машҳадга кириб келдим. Даставвал бориб Али бин Мусо Ар-Ризо қабрини зиёрат қилишга мушарраф бўлдим. Сўнгра вазир Мирзо Муҳаммад Ҳусайн уйида манзил тутиб давлат раҳбарлари номига қайтиб келганлигимни билдириб нома ёздим. Ундан сўнг ўғлимни қутқариш ва пул тўплаш фикрига келдим. Ўн-ўн беш кун давомида Мирзо Ҳасанали ва бошқа таниш савдогарлардан туркманларга ваъда қилинган пул ва уч юз элликта халат ҳамда бошқа нарсалардан иборат анжомларни тайёрлаб қўйдим. Эҳтиёт чораларини кўриб, Амир Ҳусайнхондан эллик нафар шомхолчи ва Мирзоаҳмад Ҳусайндан бир неча суворий олиб, мабодо туркманлар ҳийла-найранг қилмасин деган хаёл билан Машҳаддан Қушхонага келдим. Бир юз эллик суворий ёллаб Гармобга бордим. Туркманларни йиғиб орамизда неки аҳду паймон қилинган бўлса, ҳаммасини келтирганлигимни айтдим. Кўчон кадхудоларининг гаров одати бўйича уларнинг уйига бордим, аммо халатларни бермай турдим. Улар ҳам мақсадимни дарҳол тушунишди ва ўғлимни келтиришди ва ўзларига аталган пулларни, халатларни олишди. Саҳро элининг таомили бўйича уларнинг мўътабар одамларини яна бир кеча-кундуз эҳтиром қилиб зиёфат бердим. Ўша куни кечаси менга ҳамроҳ бўлиб, Машҳаддан келган айрим шахслар шундай дедилар:
-Бундай қулай фурсат ҳеч кимга насиб қилмайди. Ўттиз-қирқ нафар туркманни қўлга олиб, берган ҳамма нарсаларингни қайтариб ол.Бунинг устига туркманлар ҳар бир кадхудо учун ўн минг тилло товон пули беришади.

Мен бу иғвогарона гаплардан аччиқландим:
-Сиз Хуросон аҳли, ҳеч қачон ўз аҳду паймонингизда турмагансиз ва турмайсизлар.Агар сиз шу ишни қилмоқ истасангиз, танимда жоним бор экан, бунга йўл қўймайман. Албатта, сиз бунинг оқибатини ўйламайсиз. Ахир туркманлар ичида ўн-ўн беш минг давлат навкар ва сарбозлари бор. Бу гап уларнинг қулоғига етса, у бечораларнинг заволига сабаб бўласиз. Қолаверса, халқлар орасида мурувват ва ишонч йўқолади. Иккинчидан, шу пайтгача эл орасида мени тўғри сўз деб билишади. Одамзод ўз обрўсига эътибор қилиб яшаши керак.
Бу гаплардан сўнг уларни хотиржам қилиб, туркманларни сийлаб хушнуд этиб, ўз йўлига кузатиб қўйдим. Ўғлим ва бошқа ҳамроҳларим билан яна Машҳадга қайтиб келдим.
Етти ой давомида ҳоким хизматида бўлдим. Қарзларимни қандай адо этиш тадбирини топа олмадим ва шаҳаншоҳ ҳузурига йўл изладим. Машҳадда яшаган ўша пайтда ( 1280 ҳижрий йилнинг жумадил аввал ойида) Кушедхон ва Нурбердихон ҳамда бошқа така уруғи кадхудолари ўз аризалари билан шаҳзода Хусомуссалтана даргоҳига кирдилар. Шунда ҳақиқатан ҳам уларга марҳамат шафқат эшигини очиб, меҳрибонликлар кўрсатиб халат ва инъомлар берди. Уларнинг ҳар бири учун кунига бир туман пул тайин қилди. Аризанинг жавобига келсак, у шундай мазмунда эди: “ Сизнинг Эрон ҳукумати ҳимоясига ўтиш истагингиз садоқат ва хизматга боғлиқ. Подшоҳим навкар ва раиятни жуда севади. Сиз туркманларнинг гуноҳингиз агар давлат тўпларини қайтариб берсангиз, албатта кечириласиз”.

Туркманлар тўплар тайёр турганлигини, бироқ уларни тортиш учун махсус аравалар йўқлигини айтишди. Тўпчи ва отлар юборсалар, албатта олиб келамиз, деб ваъда беришди.
Бу гапларни шаҳаншоҳ даргоҳларига қарз сўраб борганимда эшитдим. Кейин не воқеалар содир бўлгани менга қоронғу.Лекин шу нарса аён бўлдики, туркманлар ваъда этилган тўпларни қайтариб беришмабди.

ХИВАҚ ( ХОРАЗМ )НИНГ ЕР МАЙДОНИ

Бу мамлакат-Хоразм деб аталади. Жайхун бўйлаб чўзилган бу ўлканинг узунлиги тахминан қирқ фарсах келади. Жайхун соҳилининг ҳар икки томонида экинзорлар ва ўзбек қаълалари жойлашган. Ер майдони оз, эни тор, кичик ўлка.Дарёнинг ҳар икки соҳилида экиладиган ерлари кўп эмас.Хивақнинг шимолий ва жанубий йўналиши бўйлаб аҳоли яшайдиган жойларнинг ҳар икки томонини катта қумлик эгаллаган. Қумликда ободончилик нишонаси топилмайди. Қорақум бир юз етмиш фарсах масофани ташкил этади. Шўрахон, Бухоро ва Хўқанд йўналишида-Хивақ шимолида жойлашган. Шимолда Хоразм кўли ( Орол денгизи) яқинларида қозоқ, қорақалпоқ элатлари яшайдилар. Жанубий-шарқда Марв, Ахал, Тажан, Машҳад ва Астробод жойлашган.

Қирқ фарсах масофали ер майдонидан ўн беш фарсахи обод ва экиладиган жойлар ҳисобланади. Қаъла яқинида қишлоқлар кўзга ташланади. Хивақ тасарруфидаги асосий қаълалар сони бешта: Бу қаълалар дарё бўйида жойлашган:
Биринчи қаъла Ҳазорасп. Жайхун лабигача бир фарсах масофага эга. Бу қаъла Хоразмнинг энг қадимий қаълаларидан бири саналади.Мустаҳкам ва яхши бино этилган. Унинг тўрт томони беш юз қадам хандақ билан ўраб олинган.
Атрофдаги ариқларга сув келганда қаъла атрофида юриш мумкин бўлмай қолади. Тевараги тўқайзор ва қамишзор.Қаъла аҳолиси тахминан саккиз минг киши. Қаъла атрофидагиларни ҳам ҳисобга олсак, йигирма минг кишини ташкил этади.
Иккинчи қаъла -Хонага ( Хонқа қаъласи назарда тутилаяпти-У.Б.) ҳисобланади. Ободон ва меъморчилиги ўртача шаҳар. Шаҳар аҳолиси саккиз минг киши. Атрофдагиларни қўшиб ҳисоблаганда ўн беш минг кишини ташкил этади.
Учинчи қаъла-Янги Урганчдир. Янги Урганч Жайхундан бир ярим фарсах масофада жойлашган. Хонқага қараганда обод ва тараққий этган шаҳар. Аҳолиси ўттиз минг кишини ташкил этади.
Тўртинчи қаъла-Хоразм пойтахти Хивақ шаҳри. Дарё билан оралиғи олти фарсах.Аҳолиси тахминан 40000 ( қирқ минг) кишидир. Хоразмнинг мўътабар шаҳридир.
Бешинчи қаъла-Гурланг ( Гурлан назарда тутилаяпти-У.Б.) Унинг аҳолиси атрофдагиларни ҳам қўшганда ўн беш минг кишидан ошади. Бу беш қаъланинг барчаси Жайхун соҳиллари бўйлаб жойлашган.

Хивақ (Хоразм ) ерининг бошланиши Питнак қаъласидан шимолга қараб чўзилади ва Кўҳна Урганч, Қўнғиротга бориб тақалади. Кўҳна Урганч Жайхунгача икки фарсах масофани ташкил этади.Хароб аҳволда. Тахминан етмиш-саксон оила истиқомат қилади.  Мазкур беш қаъладан ташқари кўплаб эътиборга лойиқ қишлоқлар ва қаълалар бор.Масалан, Шўрахон қаъласи ёки қорақалпоқ элати яшайдиган “Бек” қаъласи ва бошқалар…

Хоразмнинг жами аҳолиси беш юз минг кишини ташкил этади.Шундан уч юз минг киши ўзбеклар; ўзбеклар икки тоифага бўлинади: биринчиси манғит ва иккинчиси қипчоқлардир. Ўзбеклардан ташқари бошқа қавмларни сарт атайдилар.Зичлиги жиҳатдан ўзбеклар сартлардан кўпдир. Ўзбеклар сартларни ўз навкар қўриқчилари деб биладилар. Бутун халқ деҳқончилик билан кун кечиради. Ҳатто хоннинг ўзи деҳқончилик ва зироатга бош-қош бўлади. Уларнинг асосий экинлари буғдой, шоли, мош, кунжут, пахта, жўхори ҳисобланади.Полиз экинларидан қовун –тарвуз, қовоқ, бодирнг кўп. Бу мамлакат-бойлар ватани.Меваларидан энг зўри узум ва олмадир. Нашвати ( нок), ўрик, олхўри ҳам кўп ва ранг-барангдир.Аммо аҳолиси унчалик мевахўр эмас, фақат табиб буюрса дори-дармон сифатида кўпроқ тановвул қилишлари мумкин.

ҲАРБИЙ КУЧЛАР ВА ҚЎШИНЛАР СОНИ

Ҳарбий қўшин ўзбек, қозоқ ва қорақалпоқлардан иборат .Сарой навкарларининг умумий сони саккиз минг нафар.Туркманларнинг аниқ бир лашкари йўқ.Хонликда икки шохали, ўн икки тўпи бор.Шулардан олтитаси от билан ҳаракат қилишга мўлжалланган.Тўпларни ҳаракат қилдириш Эроннинг қадимги усуллари тарзида қўриқхонасиз ҳаракатланади.Ҳарбий сафарларда тўпларнинг ўқ-дори ва снарядларини бошқа-бошқа араваларга юклаб олиб юришади.

Зобит ва ҳарбий мансабдорлар сони минг кишига етади.Хивақ ҳарбий қўшинларининг навкарлари касб-кори, ҳунари йўқ одамлардан иборат.Уларнинг ўн минг нафар қўшинидан ораста ва муаззам бўлинма сифатида иккита отряд полкни ажратиб олиш мумкин.Уларнинг “Туркистоний” деб шуҳрат қозонишига туркманлар сабаб. Туркманлар ўзбекларни фақат икки жиҳатдан ҳимоя қилишади. Бири-диний мазҳабий бирлик ва яна бири асир сотиб олиш. Агар туркманларнинг Хивақ ва Бухородан бошқа асирларни олиб бориб сотадиган жойи бўлганда эди, Хивақ ва бухоролиларнинг ўзларини ҳам олиб бориб сотишарди. Хивақ хонларидан бир нечтасини туркманлар ўлдирган. Хивақ давлатининг куч-қудрати ёки заифлиги ўша туркманларга боғлиқ бўлган.Чунончи, асир бўлиб юрган пайтларим баъзи ёвмут ва гўклан мўйсафидлари Эрон давлатини истаб арзи-ҳол қилишарди.
Айтишардики, агар Эрон давлати туркманларнинг асир сотиш расмини жорий қилса, беш йил ичида давлатга душман бўлган туркманларни бола-чақаси билан бирга Эронга келтириб сотган бўларди. Ҳозирги пайтда Русия давлати Жайхун соҳили бўйлаб бутун Туркистонни босиб олиш ниятида, инглизлар давлати эса Афғонистон йўли орқали келиб, бу ўлкани олиш фикрида. Қайсиниси уларни олдин босиб олади, буни бир худо билади.

ВОҲАДА ЯШОВЧИ ҚОЗОҚ, ҚОРАҚАЛПОҚ ВА ТУРКМАН ЭЛАТЛАРИ, ХОРАЗМ ХОНИНИНГ УЛАРГА МУНОСАБАТИ ҲАҚИДА

Хонликда тўрт миллат кишилари яшайдилар. Улар ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ ва туркманлардир.Туркманлар ёвмут, юмрали, қорадошли, алиэли , гўклан ва бошқа қавмлардан иборат. Ёвмут элидан бошқа ҳамма туркманлар Эронга тобе бўлишган.Яъни Кучан ва Даржез хонларининг тасарруфида эди. Туркманлардан йигирма минг нафари аҳли ёвмут ҳисобланади.Бу элатни Оллоқулихон ва Муҳаммад Раҳимхон замонида Гургон, Қораёб қаъласи Даржез, Обивард ва Нисо тоғлари этакларидан истило қилиб олиб келишган.Уларни қум этагида жойлаштиришган.Сўнгра ўн йил давомидаги тартибсизликлар ва Муҳаммад Аминхон ўлдирилганидан сўнг, улар ўзларининг қадимий масканларига кетишди. Хуросонда бир мард йўқки, уларни ўз томонига оғдириб ўзларига тобе қилса.
Човдур эли қадимда Хожи Тархон атрофида макон тутган. Уларни Оллоқулихон ва Муҳаммад Раҳимхон ўзларининг кучга тўлган пайтлари Хожи Тархондан олиб келиб Хўжайли ва Қўнғирот қаълаларидан манзил берган. Бу қозоқ, қорақалпоқ, човдур ва бошқа туркманлар икки юз минг киши бўлган.Улардан бир юз йигирма мингини қозоқлар, ўттиз мингини қорқалпоқлар ташкил этган. Мазкур қозоқ, қорақалпоқларни тўнтариш ва тартибсизликлар даврида руслар босиб олди ва ҳозир улар рус давлатининг мулки ҳисобланади.Ночор қаровсиз қолган қорақалпоқлардан тахминан ўн минг оила боқиманда бўлиб Хивақ хонларига тобедирлар.

ХИВАҚ ХОНИНИНГ АЙРИМ РАСМ-РУСУМЛАРИ

Хон либос кийиш жиҳатидан бошқа одамлардан унчалик фарқ қилмайди. Яъни хон кийинишда ўзгача зеб бермайди, фақат бош кийимида қимматбаҳо жиғаси бўлади.Хон жиғасининг баҳоси эллик-олтмиш туман бўлса керак. Отлиқ юрганида отнинг думига ялтироқ кумуш безаклар тақилади. Отга миниш олдидан уч марта сурнай чалинади. Отга миниши билан бир бор карнай чаладилар.

Хоннинг ғайри одатий қилиқларидан бири шуки, унинг ўзи чилим чекмайди. Маҳрам деб айтилувчи хизматчи-чилимни яхши чекиб, тутунига коса тўлгандан сўнг, тутунни чиқармасдан хоннинг рўпарасига келиб ўтиради ва чилимнинг найини унинг оғзига тутади. Чилимнинг орқа томонида бир кичик тешиги борки, ўша жойни маҳрам тутун ташқарига чиқмаслиги учун бармоғи билан беркитиб туради.Сўнгра ўша тешикка лабини қўйиб пуфлайди, хон ҳамма тутунни оғзига тўлдириб, кейин нафас чиқаради…Буни мен хон ҳузурида бўлганимда, яъни саломга кирганимда бир неча бор кузатганман.

…Хон келганларни қабул қилиш учун девонхонада ўтиради.Саломга кирувчи шахслар муайян аниқ кишилар эмас.Балки ким ҳоҳласа, ўша одам бемалол унинг олдига кира олади.Хон меҳтар тўра ва шунга ўхшаган катта мартабали кишиларга ўтиришга изн беради.Бошқа тоифадаги кишилар эса хон ҳузурида салом бериб, қоидага кўра фотиҳа ўқиб қўлини юзи ва соқолига тортиб қайтиб кетадилар. Агар бирор киши ҳадя олиб келса, хон очиқ чеҳра билан қабул қилади. Масалан, биров ўн дона олма келтиради, яна бошқа биров бир барра қўзичоқ.Хонга нимаики ҳадъя келтирса, айб саналмайди.Ҳатто мен шундай бир ҳодисанинг гувоҳи бўлдимки, бир куни қайсидир бир қассоб хонга ҳадъя тарзида қўйнинг юрак-бағри ва бир неча қўчқор тухумини келтирди. У эса бундан бағоят хурсанд бўлди.

“САЛҒУТ” ДЕБ АТАЛУВЧИ МОЛИЯ ЙИҒИМИ ТЎҒРИСИДА

Хивақда зироат ва деҳқончилик билан кенг миқёсда шуғулланувчи катта ер эгаси йўқ. Мўътабар амалдорлар ва мол-мулк эгалари ҳамда ер соҳибларидан уч тилло қуйма олтин олинади.Бунинг қиймати олтита кичик тилла тангага тенг.  Ўртаҳол одамлардан икки тилло, унча бой бўлмаган ва озгина ери бўлган кишилардан бир тилло солиқ олинади.Фақир халқ бундан мустасно.Улар хон девонига мутлақо ҳеч нарса тўлашмайди.Умумий солиқ миқдори бир юз эллик минг тиллога тенг келади.

Хивақ тасарруфида қолган ўн-ўн икки минг қорақалпоқ элидан олинадиган солиққа “мадди закот” деб аташади. Солиқ ундириш қуйидагича: бир қўй-Эроннинг уч аббосий пулига тўғри келадиган бир танга; бир сигир икки танга, бир от-уч танга, бир туя-беш танга, ҳаммаси бўлиб ўн икки тиллодан ошмайди.
Хивақнинг бошқа даромади бож ва хирождан келади. Чит газламалардан қирқдан бир улуш олинади. Агар йўллар очиқ ва тинч бўлиб карвонлар борди-келди қилиб турса, ундан йилига йигирма беш минг тилло даромад олинади. Қул ёки чўри сотган бир тилло бож тўлайди. Чилим тамаксидан алоҳида бож олинади ва у ўттиз минг тиллони ташкил қилади.Ҳаммаси бўлиб жами вилоятлар давлатга икки юз эллик минг тилло фойда келтиради.Хивақ хонининг яна бошқа манфаатлари “иноқ”, яъни валиаҳд ёки бошқа аъёнлар ва акобирларга боғлиқдир.

Дарҳақиқат, фуқаролар гарданида солғутга ўхшаган солиқнинг яна бир тури мавжуд.У ҳам бўлса, катта Жайхун дарёсидан саксонта канал қазилиб, Хоразм дашт-саҳроларига сув боргач, ерлар ўзлаштирилиб деҳқончилик қилинади.Ҳар йили бир марта мазкур каналлар баҳор пайтида ( ўттиз кун давомида) тозаланади.Буни туркий тилда “қазув” дейдилар.Мазкур ишни амалга ошириш учун раиятга яна солиқ солинади.Чунончи, кимки бир тилло “солғут” берган бўлса, бир тилло қазувга ҳавола қилади.

Хоразмда хоннинг ўзи аъёнлари билан бирга беш-олти кун манзил-беманзил то Жайхунгача тўхтаб ўтади.Яъни, ўша анҳордан экинзорларни суғориб ўтирган кишилар оғирини енгил қилиш мақсадида канални тозалаш учун ҳар бир беш жерибига (беш гектар) битта ёлланма ишчи беради.Ана шу тарзда Жайхунга бориб туташувчи сув йўли очилади.Сув керак бўлмай қолган пайтда яна канални соқасидан беркитадилар.Майда қумлар кўп тўкилиб қолиши сабабли каналлар бир йилда икки марта тозаланади.

Хоразмликларнинг номаъқул одатларидан бири чилим ёки нос чекишидир.Оддий фуқародан тортиб хонларгача нос ёки чилим чекишни одат қилганлар.Бир мулло кишини вилоят муҳтасиби этиб сайладилар ва унга раис деб ном бердилар. У шариат талабларини ҳамда бозордаги нарх-навони белгиланган меъёрдан ( фармон бўйича) ошиб кетмаслигини назорат қилади. Агар бировнинг қўлида , ҳоҳ қозикалон бўлсин, ҳоҳ бошқа амалдорлар бўлсин, чилим кўриб қолса, уни чекиш бидъатдир ва бу ўз молини ёқишдир, деб танбеҳ беради.
Раис чақирилмаган жойга бормайди. Агар изнсиз бировнинг уйига борадиган бўлса, у ерда чилимни кўрса, унинг таъзирини беради.Агар раис бирор вақт иш билан хон мажлисига бориб қолса ёки хоннинг ўзи уни чақиртирса, ушбу мажлисда чилим келтириш маън этилади. Хон унинг олдида чилим чекишга журъат этолмас экан, бошқаларга йўл бўлсин.

РУСИЯНИНГ ХОРАЗМ ТЕВАРАК-АТРОФЛАРИНИ БОСИБ ОЛИШИ

Русия бундан ўн-ўн беш йиллар олдин Ҳўқанд хонлигининг асосий қаълаларидан бири Оқмасжидни (1853 йилда-У.Б.) босиб олди.Сўнгра бошқа жойга юриш қила олмади. Хоразмга юриш қилиш амримаҳол эди.Зеро, чўл-қумдан иборат бир юз эллик фарсах масофа йўл босиш, тўп ва лашкарни ҳаракатга келтириш жуда мушкул ишдир.

Бироқ руслар яхши тадбирлар белгилаб қозоқ ва қорақалпоқ элини ўзларига тобе этдилар.Уларни солиқдан озод этишди. Қозоқ ва қорақалпоқларнинг кадхудоларини давлат хизматчиси сифатида иззат-икром кўрсатдилар. Айримларини Масков, Петербург саёҳатига олиб кетдилар.Ўрислар дарё лабларида қаълаларини шароитларига қараб ҳарбий истеҳком сифатида қура бошладилар. Бу тадбирлар Сирдарёнинг денгизга қуйиладиган жойидан уч фарсах масофада амалга оширилди. Натижада ҳозиргача тахминан қирқ-элликта қаъла қуриб, уларни зарурий ўқ-дори, солдатлар билан тўлдириб мустаҳкам қилди. Мазкур қаълаларда қирқ минг нафар қўшин билан гарнизон ташкил этди ва қўшимча равишда ўттизта жанговар кемани дарёда тайёрлаб қўйди.Чамаси уч йил олдин Тошкентни босиб олди. Тошкент, Ҳўқанднинг машҳур ва мўътабар қаълаларидан ҳисобланади. Руслар Тошкентни олгандан сўнг Туркистон ва Хоразмни тўла босиб олиш режасини тузиб қўйдилар.

Илгари Хивақ хонлари ҳар қандай ёвга монеъ бўла олишарди ва русларнинг дарёдан ўтиб бирор ерни тасарруф этишига имкон бермасдилар. Аммо бу ўн-ўн икки йил ичидаги тартибсизликлар ва исёнлар Хоразм ўзбекларини ҳолдан тойдирди. Фурсатдан фойдаланган руслар Хоразм атрофларида бемалол юқоридаги катта ишларни олиб бордилар. Шу кунларда улар Қўнғиротдан тўрт фарсах нарида жойлашган ҳудудларда юқорида айтилган ишларни амалга оширмоқдалар. Агар ерлик аҳолидан бирон киши уларга зиён етказмоқчи бўлса, улар илтифотлар билан:
-Сиз Хоразм халқи оч-ночор бўлиб қолдингиз, келинглар, биз сизларга пул, озуқа берайлик,-деб уларни ўзларига оғдиришмоқда.

Бухоро амири ҳам русларга қарши ҳеч қачон таарруз қилмагани сабаби инглизларнинг иккинчи Ҳиндистони бўлиб қолишидан қўрқишади. Оллоқулихон ва Муҳаммад Раҳимхон 1 каби иқтидорли Хивақ хонлари ҳар йили чегара атрофидагиларнинг адабини берар ва денгиздан чиқишга мутлақо йўл қўйишмасди. Ҳозир бўлса ўзбек хонларида бундай жасорат йўқ. Руслар шу фурсатдан фойдаланиб ҳоҳлаган ишларини қилмоқдалар…

ХИВАҚ ХОНЛАРИНИНГ ЧЕТ ЭЛЛАР БИЛАН МУНОСАБАТЛАРИ

Хивақ хонлари ён қўшнилари Бухоро, Қўқон, Усмонли Турк ва Эрон мамлакатлари билан турлича муносабатда бўлиб келганлар. Айниқса, Рум султони Халифатуллоҳнинг номини масжид минбарларидан дуо-фотиҳага қўшиб ўқитганлар.

Қадимда кимки Хивақ хони бўлса фахрланиб юриши учун Усмонли Турк давлатидан “юқори” мансабга эга бўлган ва буни ифтихор рамзи деб билган. Ҳозир унақа ҳис-туйғу йўқ. Аммо аввал айтилганидек хайриҳоҳлик ва вафодорлик изҳор қилишади. Инглиз давлати ҳам улар қалбига йўл топган ва Хивақ ҳам ўз манфаатларини кўзлаб дўстона ташқи сиёсатини илгари сурмоқда.

Баъзан инглиз давлатидан бу ерга элчилар келиб русларга денгиз бўйларида қаъла қуриш масалалари бўйича маслаҳатлар беради ва аҳён-аҳёнда агар тўплар ўқ-дори лозим бўлса, ҳожатини чиқаради. Чунончи, Хиванинг тўпларини инглиз давлатидан муҳандис ва тўпсозлари келиб қўйишган. Хиванинг ҳамсоя давлатлардан фақат Эрондан хавфи бор. Тўғри, улар Эрондан бир неча марта зиён заҳмат кўришган. Нафақат хиваликлар, балки Бухоро ва бошқа Турон давлатлари ҳам хавотирдалар. Асирлик давримда эшитган эдимки, Марвда туркманлар қўлига тушган Эрон давлати тўпларининг ҳар бирига бухороликлар беш минг туман бериб сотиб олишаркан.

Хивақдан Бухорогача бир юз қирқ фарсах ва Ҳўқандгача бир юз саксон фарсах йўл. Ҳиротгача ҳам бир юз саксон фарсах ва Қобулгача ҳам шунча келади.
Хивақдан то Марвгача бўлган масофа бир юз йигирма фарсах.Бутун йўл давомида ободончилик оз, сув ҳам сероб эмас.Бу масофани туя карвони ўн тўрт кунда босиб ўтади. Суворий ўн бир кунда етиб боради. Бу масофанинг еттита мавзесида сув олиш учун қудуқлар қазишган. Бу ердаги қудуқлар сони ҳар хил, баъзи ерда олти-еттита ва баъзи ерда ўн-ўн иккита. Уларнинг чуқурлиги ҳам бир-биридан фарқ қилади.Яъни йигирма газдан (1метр) етмиш газгача. Уларнинг оралиғи ва номлари қуйидаги тартибдадир: Хивақдан Сокчагача-тўққиз фарсах.Қабоқли қудуғидан Хонқуйигача-йигирма бир фарсах. Хонқуйидан Ожиқуйигача-йигирма беш фарсах.Бу қудуқнинг суви озгина талхроқ.Шу сабабли “ожи” дерлар. Ожиқуйидан Чашмагача йигирма беш фарсах.Чашмадан Қизилқумгача ўн беш фарсах.У жойнинг қуми қизил бўлганлиги сабабли Қизилқум дейдилар. Қизилқумдан Марвгача ўн фарсах йўлдир.

Бу қудуқлар шу даража серсувки, ҳар бири ўн мингдан ортиқ одамни сув билан таъминлайди. Мазкур қудуқларнинг оғзи беш-олти метр келади. Бу қудуқлардан сув олган отлиқ-суворийлар иложи борича кўпроқ йўл юришлари ва қаерда кеч тушса шу ерда тунаб ўтишлари лозим. Марвдан Машҳадгача бўлган манзилларнинг номини илгари айтган эдик.Хивақдан Даржезгача бўлган масофа бир юз қирқ фарсахдир.

Хивақдан тўққиз фарсах масофа йўл юриб Соқчага келиш керак ва Даржез йўли бу ерда Марв йўлидан ажралади. Соқчадан Саробгача ўттиз фарсах.Саробдан Шўрқуйигача йигирма беш фарсах.Шарқуйидан Хонқуйигача ҳам йигирма беш фарсах ва бу Хонқуйи Марв йўлидаги Хонқуйи эмас.Хонқуйидан то Ишқободгача ўн бир фарсах.Ишқободдан Даржезгача йигирма фарсах йўлдир. Хивақдан Астрободгача икки юз фарсах ва бу йўлларнинг кўпчилиги ободончиликдан йироқдир.Бу манзиллардан ўзим юрмаганлигим сабабли ўша жойлар номини ёзишни лозим топмадим.

ХОРАЗМЛИКЛАРНИНГ АЙРИМ РАСМ-РУСУМЛАРИ ВА ОДАТЛАРИ ҲАҚИДА

Хон хизматидаги энг мўътабар шахсларга “иноқ”-валиаҳд, сўнгра меҳтар, қушбеги ва девонбегилар киради. Ундан кейин ўз иши билан машғул мироб, раис, девон ходими, қозикалон, аскарлар қозиси, ва маҳаллалари муллолари каби ўттиз икки амалдор бор. Бу кишиларни жой-жойига қўйишлар, ўз мансабидан тушириш ёки кўтариш хоннинг вазифасига киради. Фақат маҳалла муллалари раис ихтиёрида. Шунингдек, бу шахслардан бўлак кишилар ўз расмий муҳрларига эга эмас эдилар.Мазкур учала вазир ўттиз икки амалдордан бошқа шахсларга ҳам мансаб ва нишон сифатида расмий муҳр беради.

Хивақда расмиятчилик шу даражада кучлики, агар бир ўймакор ёки ҳунармандга юз туман пул берилиши лозим бўлса, хон рухсатисиз муҳр қўйишмайди. Агар бирор кишининг ер-мулк эгаси эканлиги ҳақидаги ҳужжати ёки қарз олганлиги тўғрисидаги тилхати бўлса, қози муҳр босади. Бошқа барча зарур ишлар-никоҳ варақасидан тортиб то хон , иноқ, тўра, меҳтар ва бошқа аъёнларнинг вазифасигача қозикалон вазифасига киради. Тасодифий ёки бахтсиз ҳодисалар тўғрисида ҳукм чиқариш ҳарбий қози зиммасида ҳисобланади.
Хоразмликларнинг ейиш ичиши жуда оддий. Тўй ва зиёфатларда овқатнинг бир тури билан қаноатланадилар. От ва сигир гўштини кўп истеъмол қилишади, қўй гўшти кам истеъмол қилинади.

Хивақда кўпинча зиғир ёғи ва пахта ёғи ишлатилади. Хон ва катта амалдорлар думба ва кунжут ёғидан қилинган таомларни тановвул қилишади. Мол ва қўй ёғини ширчойга солишади.  Паловни қобулий деб атайдилар. Хон ва амалдорлар ҳар ойда бир, икки мартадан кўп қобулий емайдилар ва кўпроқ от ёки мол гўштидан пиширилган қайнатма шўрвани хуш кўрадилар.

Тўй-маъракаларда энг кўп харж этиладиган базм хатна тўйидир. Ҳар қанақа дабдаба ва хурсандчилик шу тўйга хос.Хатна қилинадиган болани хўб зийнатлаб кийинтиришади. Отга миндириб уйига яқин бўлган кўчаларни айлантириб келишади.Бир неча кун айш-ишрат ва хурсандчилик билан машғул бўлишади.
Никоҳ тўйларида қози бир косада сув тўлдириб қизнинг олдига қўяди:
-Ўз танингни фалонкасга бағишладингми ё йўқ?-деб сўрайди.
Қиз:
-Бағишладим,-деб жавоб беради

Шундан сўнг қози ўша сувдан ичиб “ бисмиллоҳу оллоҳу акбар” дейди. Бошқа ўтирганлар ҳам шу сувдан ичадилар ва қози никоҳ битимини жорий этади.
Уларнинг қалин пули тўққиз сонидан айланади. Масалан, икки тўққиз тилло, учта тўққиз тилло ёхуд тўққиз-тўққиз патир нон каби.

Хон ва бошқа аъёнларнинг қизлари учун тўқсонта тўққиз тиллогача қалин пули белгиланади. Аза-мотам йиғинларида Эрондагидек хатми Қуръон ва бошқа эҳтиромлар йўқ. Кимки таъзияга келса, ёддан бир-икки оят тиловат қилиб кетаверади.Майитнинг ризолиги учун ҳайрот қилиш одат бўлиб қолган.Ҳайротнинг мазмуни шундан иборатки, йиғинга икки-уч мулло келтирилади.Майитнинг қариндошлари ўртага бир қилич қўйиб унинг дастасига рўмол боғлаб рўмолнинг бир бурчагига қудрати етганича пул ўраб туради. Шу тариқа ўлган кишининг тарк этилган рўза намозининг гуноҳларини ўз гарданларига олиш учун ҳалиги муллоларни рози қилишади. Муллолар пулни олиб “маййит қарзидан фориғ бўлди” деб сийқа ўқийдилар.

Хоразмнинг барча шаҳарларида ҳафтада икки марта бозор бўлади. Баъзи шаҳар ва қишлоқларда душанба ва пайшанба , баъзиларида шанба ва чоршанба кунлари ва яна ҳар хил. Бутун ўзбек зоти ҳамиша махси билан юради. Ҳатто хон ҳам эрталаб чакмонини кийдими то ётиш вақтигача ечмайди.Таҳорат қилганда махси юзидан масҳ тортадилар.Қисқача қилиб айтганда уйда ўтирганда ҳам, саломга борганда ҳам, масжид ва бошқа эҳтиромли жойларда юрганда ҳам, қўйингки ифлос ёмон жойларда ҳам махсида юришади.Агар намоз ўқимоқчи бўлишса, махсини газлик ( этик пичоғи) билан тозалаб уйга кирадилар.

Ҳукм чиқарганларида ҳеч кимни аямайдилар. Ҳар кимнинг хонга арзи бўлса муаяйн пайтда, ҳеч қаршиликсиз унинг ҳузурига кира олади. Хонга таауллуқли ҳар нима бўлса, унинг ўзи чуқур текшириб кўриб ҳукм қилади.Агар шариат билан боғлиқ иш бўлса, қозига мурожаат этади. Маҳаллалардаги майда-чуйда ишларни эса зикр этилган кичкина муллолар ҳал этади.Хон девонидан чиқадиган ҳукм ва фармонлар қисқа, лўнда ва аниқ бўлади.
Фақир шу холис сўзлар ила яхши ирим қилиб кундалигимни поёнига етказдим.” Алҳамдуллилоҳу аввалан ва охиран ва зоҳиран ва ботинан”.

Теҳрон, 1280 ҳижрий ( милодий 1864) йил.

Комил  НУРЖОН, Умид БЕКМУҲАММАД
МИРПАНЖИЙНИНГ НОЁБ МЕРОСИ
  Сўнгсўз ўрнида
05

077

Эрон ва Турон халқларининг сиёсий, ижтимоий, савдо ва маданий алоқалари тарихи эрамиздан аввалги минг йилликларнинг ўрталарига бориб тақалади. Буни кўҳна Суғдиёна ва Хоразм давлатларининг қадимий Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарлари, “Авесто” ва “Шоҳнома” асарлари, қадимий ёзувлар, ашёвий ёдгорликлар, афсона, эртак ва достонлар ҳамда Хоразм воҳасидаги ва бошқа ҳудудларимиздаги форсий топонимлар исботлайди.

Туркийзабон халқлар Абулқосим Фирдавсий, Хисрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Саъдий Шерозий, Камол Хўжандий каби забардаст шоир ва алломаларнинг асарларини ўз она тилларида ўқиганларидек, Ал-Хоразмий, Беруний, Паҳлавон Маҳмуд, Нажмиддин Кубро,Лутфий, Навоий, Огаҳий асарларини эронийлар ўз она тилларида ўқиганлар. Қолаверса, аждодларимизнинг ижодий, илмий асарларини форс тилларида ҳам битганлигини ҳам назарда тутсак, форс тилида битилган юксак ижод, илм намуналари туркий тилга Ферузхон даврида таржима қилиш кенг йўлга қўйилгани ҳам маданий алоқалар ўз ўтмишига эга эканлигини кўрсатади.

Форс-тожик адабиёти дурдоналарини туркий тилга ўгиришдек шарафли ишни Навоий ва Огаҳийлар юксак маҳорат билан бажаришганди.Ушбу хайрли иш Бобур Мирзо ва Муҳаммад Раҳимхон 2-Ферузхон даврида янада юксакликка кўтарилди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, сўнгги юз эллик йил давомида Эронда туркийшунослик, Ўзбекистон ва бошқа чет элларда эроншунослик фани вужудга келди. Ўзбек ва хориж эроншунослари Х.Риттер, П.Шпулер, В.Хинц, Ж.Камерон, Х.Бейли, В.В.Струве, А.Ю.Якубовский, Е.Э.Бертельс, Ш.Шомуҳаммедов, Б.Ғофуров,Б.Маннонов, З.Раҳмонқулова, О.Масолиева, О.Муталов, Н.Полвонов,Исмоил Бекжон, каби олимлар бу соҳада салмоқли ишларни амалга оширдилар.Лекин уларнинг эълон қилган асарлари адабиёт, санъат ва маданият тарихига бағишлангандир. Айни чоқда Эрон ва Турон халқларининг сўнгги асрлардаги ҳарбий ва фуқаролик тарихи бўйича таржима асарлари жуда оздир.
Бироқ Россиядаги шарқшунослик, хусусан эроншуносларнинг олиб борган илмий фаолиятларига, хусусан улар чоп этдирган китобларга назар ташласак, уларда фаннинг бу тармоғи жадал ривож топаётганини кўриш мумкин.

Жумладан, А.Готовцев, Г.Бендеров, А.Домонтович, Ф.И.Елисеев, А.Г.Емельянов, И.Е.Захарин, Д.И.Исмаил-зада,Н.Г.Корсун,В.С. Марков, М.Х.Мугуев, А.В. Шишов, А.Б.Оришев, С.М.Алиев, З.А.Арабаджян, А.В.Басов, С.Е.Беликов, О.К.Березин, М.И. Володарский, И.Генин, И.А.Гилязов, Ю.Г.Голуб, А.И.Демин, Е.А. Дорошенко, А.С. Ерусалимский, И.И.Коробойников, Ю.Л.Кузнец, Н.М. Мамедова, А.Б.Оришев, И.И. Палюкайтис, С.П.Рудних, Л.Хавас сингари юзлаб тадқиқотчиларни ва улар чоп этдирган кўплаб китобларни мисол келтириш мумкин.

Шу каби айнан Мирпанжий асирликка тушган давр ҳақидаги АҚШнинг Йель университети профессори Феруз Қосимзоданинг “Борьба за виляние в Персии .Дипломатическое противостояние России и Англии” номли китоби ҳам Москвадаги “Центрполиграф” нашриётида 2004 йилда чоп қилинди.
Бундан ташқари Эроннинг ўзида ҳам Россия ва шарқдаги бошқа қўшни давлатлар билан Эроннинг муносабатлари, дипломатик алоқалари бўйича ҳам кўплаб асарлар чоп қилинган бўлиб, улардан ҳам Хоразм тарихига оид маълумотларни олиш мумкин.

Х.Аҳмадий, М.Х.Адамиёт, Ф.Бино, А. Жаханбоний, Манучеҳр Муҳаммадий, А.Масудий, А.Х.Маҳдавий, С. Нафисий, М.А.Форуғий, М.Г. Ҳидоят, М.А. Шамидий, А.М. Эҳташам-Олуя сингари олимларнинг асарларини юқоридаги туркумга киритиш мумкин.

Ўша даврга оид ҳар икки дўст халқнинг яқин ўтмишдаги тарихини акс этдирувчи мемуар асарлар озмунча яратилмаган.Шу жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, 1854-64 йилларда Хивада асирликда бўлган Эрон генерали Исмоилхон Мирпанжийнинг 1280 ҳижрий ( милодий 1864) йилда ёзилган ва 1991 йилда Теҳронда нашр этилган “Асирликдаги хотиралар” номли мемуар асари диққатга сазовордир. Айнан истиқлол шарофати боис ушбу рисола ўзбек тилига таржима қилинди.

Асарни шартли равишда уч қисмга ажратиш мумкин. Биринчи қисмда ( Сафоиддин Таббариённинг сўзбошисида) қадимги Хоразм ва Эрон-Хоразм муносабатлари ҳақида, иккинчи қисмда Эрон генерали Исмоил Мирпанжийнинг Марв, Хивада бошидан кечирган саргузаштлари, учинчи қисмда эса хоразмликларнинг 19 аср ўрталаридаги ижтимоий-сиёсий аҳволи, урф-одатлари, қўшни мамлакатлар -Эрон, Туркия, Афғонистон, Россия, Бухоро билан савдо, маданий алоқалари тўғрисида фикр юритилади.
Мазкур асарда баён этилган тарихий воқеалар Огаҳийнинг “Жомъе-ал-воқеати султоний”, “Гулшани давлат”, Баёнийнинг “Шажарайи Хоразмшоҳий” китобларидаги тилга олинган ижтимоий-сиёсий ҳодисаларни тасдиқлайди ва тўлдиради, аниқлик киритади.

Маълумки, қудратли Эрон давлати Нодиршоҳ (1688 -1747 )ҳокимиятни эгаллаган 1736 йилдан кучайди. У туркийларнинг афшор уруғига мансуб бўлиб, у нафақат Эрондан, балки Кавказдан то Ҳинд дарёсигача бўлган ҳудудда империя ташкил этди. Афсуски, 1747 йилдаги Нодиршоҳнинг ўлимидан сўнгги 3 йил ичида Нодиршоҳ барпо этган Афшорийлар сулоласи ( 1736-1795) бир неча бўлакка бўлиниб кетди. Нодиршоҳдан сўнгги Али Одил, Иброҳим, Шоҳруҳ сулола вакиллари даврида сулола вакиллари даврида давлат янада ожизланиб қолди.Афшорийлар итоатида фақат Хуросон қолди.

Эронда бўлса лур қабиласига мансуб Муҳаммад Карим Занд (1750-1794) бошбошдоқликдан фойдаланиб ҳокимиятни эгаллади.
Натижада, 19 асрнинг иккинчи чорагидан бошлаб Марв, Сарахс, Байрамали, Маздурон, Дарагаз, Машҳад, Нишопур ва Мозандарондаги Астробод туманлари Хива хонлиги билан Эрон шоҳлари ўртасидаги талаш майдонларига айланди.
Бу ҳудудларга хонлик фуқароларининг босқини кўплаб уюштирилиб, аҳолининг асир сифатида Хива, Бухоро бозорларига олиб бориб сотилиши, эронликларнинг ҳам жавоб ҳужумлари уюштирилиб туриши 19 асрда одатий ҳолга айланиб қолганди.

Хива хонлари 1825-1855 йилларда бир неча бор Машҳад, Оқдарбанд, Марв, Сарахс қаълалари учун жанг олиб бордилар. Шундай жанглардан бирида Хива хони Муҳаммад Аминхон бошидан жудо этилади.Эрон генерали Мирпанжий бўлса қўшинлари ичидаги ихтилоф боис асирга айланади.
Огаҳий ўзининг “Жомеъ-ал-воқеати султоний” асарида қуйидагиларни ёзиб қолдирган: “ Исмоилхон сартиб ҳибсга олинди”.Ушбу воқеа ҳижрий йил ҳисоби 1270 йил рамазон ойида ( 1853-54 йиллар) Қораёбда содир бўлган эди.

Мирпанжий, унинг ўғли ва ҳамроҳлари хонликда асирликда сақланаётган кам сонли кишилар эмасди. Эрондан 1842 йилда элчи қилиб юборилган Муҳаммад Алихон Ғафурнинг “Хоразм сафари кундалиги”, 1851 йили Хивага келган Ризоқулихон Ҳидоятнинг “Сафоратномайи Хоразм” номли хотираларига таянадиган бўлсак, ўша даврларда биргина Хива хонлигида 30 мингга яқин Эронлик асирлар сақланарди.Уларнинг кўпчилиги босқин-талаш, урушлар сабаб хонликка келтирилган ва воҳада турли юмушлар билан банди инсонлар эди.

Ўша даврда 30 минг нафар инсон хонлик учун каттагина рақам-аҳоли ҳисобланарди. Агарки вақтдан илгарилаб, 1903 йилда нашр этилган В.Гиршфельд, Н.М.Галкиннинг “ Военно-статическое описание Хивинского оазиса” ( Тошкент, стр-113-114) китобига мурожаат қиладиган бўлсак, ХХ аср бошида хонлик аҳолиси 519 439 киши бўлган. 27 беклик, мавзедан иборат , Бухоро амирлигидан Оролбўйларигача ва туркман қўмликларидан Эронгача бўлган ҳудудда табиийки, 19 аср ўрталари, Мирпанжий асир тушган даврда янада озроқ аҳоли истиқомат қилган бўлиши мумкин.

Агарки, Мирпанжийнинг ушбу асаридаги маълумотга таянадиган бўлсак, Ҳазораспда 20 минг, Хонқада 15 минг, Янги Урганчда 30 минг, Хивада 40 минг, Гурланда 15 минг киши истиқмат қилган.  Хонликда аҳоли асосан беклик марказларидагина гавжум бўлиб яшар, овул, қишлоқларда хуторхўжалик шаклидаги деҳқонлар оммаси яшар, табиийки улар орасида эронлик қуллар ҳам кўп эди.

ХХ аср бошларида, Бухоро амирлигига чегара Питнакда 1000 хонадонда ўртача 7 кишидан истиқомат қилган бўлса, туркманлар кўпроқ Қарадошли мавзесидаги 200 хонадонда ўртача 7 кишидан истиқомат этарди. Бироқ пойтахт Хивада 10000 хонадон бўлиб, бу шаҳардаям ўртача 7 кишидан яшаб истиқмат қилган.(ЎзМАРДАВАРХИВ, и-125, 1-рўйхат, 526, 528 саҳифалар).
Хива бозоридаги қуллар савдоси эса энг кўп савдо қизғин жой бўлиб, бадавлат, ўзининг қайсидир ишига арзон ишчи кучи керак пулдор ҳоҳлаганча қулни сотиб олиши мумкин эди. Табиийки, ўтмишдаги иллатли бу вазият 19 аср ўрталарида хонлик тузуми учун одатий ҳол бўлган.
Бу ҳақда юқорида эслатилган эронлик элчиларнинг асарларидан ўқиб билиб олиш мумкин.Табиийки, Эрон давлати хонликдаги қулларни озод қилиш учун музокаралар олиб борган.Бундай дипломатик музокаралар Ялангтўшхон, Ҳожи Мирзо Эътимодуддавла, Нодир Мирзо, Муҳаммад Алихон Ғафур, Ризоқулихон Ҳидоятлар томонидан 19 асрнинг турли йилларида Хива хонлигига уюштирилган.

Шу билан бирга Эрон билан яхши муносабатларни сақлаб қолиш ва алоқаларни кучайтириш мақсадида 1812-1852 йиллар оралиғида Хоразмдан Эронга Бекиш халифа, Нодир сардор, умаршайх, амирхон, Бадирхонбек, Муҳаммад Ҳусайнбек, Бекниёз маҳрам, Дурдибек, Муҳаммад Шариф сингари элчилар ҳам бориб келишган.
Ҳар иккала мусулмон , бир-бирига қўшни, дўстона миллатлар ўртасидаги алоқаларни ўша вақтдаги иккита қудратли империя- Чор Россияси ва Британия сингари мустамлакачи давлатлар кузатиб туришган.Улар Ўрта Осиё борасида рақобатлашаётган, ўз манфаатларидан келиб чиқиб воқеаларга нигоҳ ташлаб туришган, воқеликни ўз стратегиясига мослаб ўзгартиришни истовчи давлатлар эди. Уларнинг бундай ҳатти-ҳаракатига тарихий фактлар мавжуд.

Масалан, қожорлар сулоласидан бўлган Муҳаммадшоҳ Хива ва Бухорога Ҳожи Мирзо Эътимодуддавлани элчи қилиб жўнатмоқчи бўлганида, бундан хабар топган инглизлар ўзларининг Теҳрондаги элчиси ўринбосари полковник Шелни элчига ҳамроҳ қилиб қўймоқчи бўлишади. Табиийки, бундай ҳамроҳнинг элчилик ишига халақит беришини англаган Эрон давлати, мазкур сафарни турли баҳоналар билан кечиктиришади.1842 йилдаги Муҳаммад Алихон Ғафурнинг элчилигига эса ҳамроҳ сифатида Англиянинг Теҳрондаги вакилларидан Вильям Томсон танланади.

Агарки, Муҳаммад Алихон Ғафурнинг хотираларига мурожаат қиладиган бўлсак, Британия фуқаросининг эронлик элчи билан Хивада бўлиши, дипломатик фаолиятга зарар етказган. Масалан, Томсон дипломатия этикаси доирасидан чиқиб, М.А.Ғафурни ўзбошимчаликлари ва айрим қилиқлари билан мушкул аҳволга солиб қўйишади.
Шарқшунос Исмоил Бекжоннинг мулоҳазасича, “ албатта уларнинг бу ишлари тагида Эрон-Хива алоқаларини бузишга, тезроқ уруш чиқаришга интилиш каби найранглари борлиги яққол сезилиб туради.Маълумки, бундай можаронинг оқибатлари Эрон ва Ўрта Осиё мамлакатлари учун жуда фожиали бўлиши ва яна ҳар хил кутилмаган ҳодисаларга олиб келиши муқаррар эди.Бундай урушда икки томон ҳам заифлашса ёки кутилмаган сабабларга кўра у чўзилиб кетса, бу юртларга кўз олайтираётганларнинг ошиғи олчи бўлажаги маълум эди.Шу сабабли ҳам Оллоқулихон уларнинг Эрон элчиси билан бирга келганликларини ёқтирмайди ва буни элчига очиқ айтиб қаттиқ хафа бўлади. Аммо Муҳаммад Алихон Ғафур Хива хони эътирозига қарши сўз тополмайди, бу билан эса уларни чорасизликдан олиб келганини билдиради. Хуллас, икки ой давом этган музокаралар деярли натижасиз тугайди. Хоразмдаги ўттиз минг нафар эронлик тутқунлардан бирортаси ҳам озод қилинмайди”.

Бу 1842 йилдаги, Мирпанжий асирликда сақланмасдан олдинги ҳолат.Аҳволнинг шу тарзда қолаверишини Чор Россияси ҳам кузатиб турганди. Маълумки, Кавказдаги рус-эрон урушида енгилган Қожорлар сулоласи давлатининг шимолий-шарқий ҳудудига Чоризм ҳам кўз олайтираётган давр эди ўшанда. Минтақа бўйича Англия-Россия рақобатининг кучаётгани Эронни Хива хонлиги билан мустаҳкам , яхши қўшничиликни йўлга қўйиш, биргаликда ғарбдан бўладиган мустамлакачилик босқинларининг олдини олиш чораларини излашга мажбур қиларди.Илгари Қожорлар сулоласи хиваликлар босқини борасида ҳар иккала империяга мурожаат қилиб янглишганди.
Масалан, 1839 йил бошларида Чоризмнинг Теҳрондаги элчиси Эрон ташқи ишлар маҳкамасига мурожаат қилиб, Каспий бўйидаги Ново-Александровск қаъласига 1833 йили хиваликлар ҳужум уюштираётганини, шу сабабли Россиянинг уруш ҳаракатларини бошлаб юборишга тайёрлиги маълум қилинганди.
Қожорлар сулоласининг Россиядан босқинлар бўйича ёрдам сўраб қилган мурожаати оқибатда ўзларига душман бўлиб чиққани Эрон ҳукуматини ташвишга солади.Негаки, чор қўшинлари Каспийдан чиқиб ҳужум қилишса, Сарахс, Ахал, Тажан, Нисо, Обивард, Марвни тезда қўлга киритар, бу эса илгари қожорларларга қарашли ҳудуднинг чор империяси қўлига бир умр ўтишини англатарди.

Айнан шунинг учун ҳам Теҳрон ҳукумати ҳар иккала империя воситачилигисиз, ўз элчилари орқали бевосита Хива хонлари билан мулоқот қилишга киришадилар.Ялангтўшхон, Ҳожи Мирзо, Нодир Мирзо, Ризоқулихон сингари дипломатларнинг Хоразмга қилинган элчилиги айнан шу мақсадда амалга оширилганди.
Маълумки, самара бериши ёки натижасиз тугашига қарамай, дипломатия соҳаси давом этаверади, ёхуд қисман муаммоларга ечим топилади.Юқоридаги ва бошқа элчиларнинг сафарлари ҳам шундай бўлди.Афсуски, Эрон давлатининг генерали Мирпанжий 10 йил асирликда сақланаётган даврда савдо-сотиқ алоқалари кучайган бўлишига қарамай, асирликдаги қўмондонни озод қилишга Теҳрон ҳукумати шошилмади.
Табиийки, ўзга элда ўн йил тутқунликда сақланиш инсон учун катта жабр.Бироқ Мирпанжийдек ҳарбий қўмондоннинг асирлиги ҳарбийларга хос кузатувчанлик соҳиби учун кейинчалик қўл келди.

Эрон генерали ўн йил Хива хонларининг асири сифатида сақланган 1854-64 йилларда, Хоразм ва унинг атрофларида кўрган ва эшитган воқеаларини қамраб олган ҳисобот тайёрлади. Ҳарбий қўмондоннинг қожорлар сулоласи ҳумдорига ҳисобот тарзида тайёрлаган асарида воқеалар холисона ёритган.Тўғри, у айрим сиёсий тарихий воқеаларни ўз нуқтаи назардан ,Эрон генерали сифатида шарҳлайди ва баҳолайди.

Бироқ у “Русия Хивақ ва Қўқон хонликлари чегараларида 30-40 қаъла-истеҳкомлар қурдилар.Тошкентни босиб олдилар, энди бутун Туркистон ва Хоразмни босиб олишни кўзламоқдалар”, деганида минг карра ҳақ бўлиб чиқди.
“Асирликдаги хотиралар”нинг муаллифи Исмоил Мирпанжий аравакашлик қилиб юрган 1863 йилда венгер сайёҳ олими Ҳерман Вамбери Хивага дарвеш қиёфасида келиб кетгани тарихдан маълум. Тақдир бу икки жаҳонгаштани Хивада учраштирмади.Лекин улар бир хил мавзуда бир-бирига ўхшаш асар ёздилар.Ҳар иккала муаллифнинг асарлари Хиванинг ҳарбий стратегрик йўллари, иқтисодий географияси ва урф-одатларини таъриф ва тавсиф этади.

Мемуарнинг аҳамиятли томони шуки, унда Мирпанжий давр тақозоси билан Огаҳий, Баёний каби бобокалонларимиз айта олмай кетган тарихий воқеаларни тўла англашга ёрдам беради. Муҳаммад Алихон Ғафур, Ризоқулихон Ҳидоя каби эронлик дипломатларнинг асарларидаги воқеаларни тўлдирувчи манба ҳисобланади. Мемуар тарих, география ўқитувчиларига, тарихшунос, ўлкашунос тадқиқотчиларга тарихимизни ўрганишда бошқа асарларга таққослаб ўрганувчи манба ҳисобланади.

Мемуарнинг илмий маънавий аҳамиятини чуқур англаб, уни хориж сафаридан олиб келган шарқшунос Қувомиддин Мунировга, таржимон Набибулло Ҳасанга, ўз амалий маслаҳатларини берган, Урганч Давлат Университети доценти, шарқшунос Абдулла Аҳмедовга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Мирпанжийнинг хотиралари хонликка қарашли туркманлар қўлида асирликда сақланган француз капрали Гулибеф де Блоквилнинг асарини эсга солади. Маълумки, Эрон давлати одатий ҳужум- Марвни босиб олишга тайёргарлик кўриб ўз қўшини сафига француз капралини ҳам киритганди. Қўшинга махсус чақиртирлган француз мутахассиси Блоквил Марв атрофидаги суғориладиган ерларнинг харитасини тузиб, Эрон шоҳига тақдим қилиши лозим эди. Табиийки, Европалик капрал ўз хавфсизлигини ўйлаб, мабодо туркманлар қўлига асир тушгудек бўлса, уларнинг қўлидан қутқарилиши тўғрисида Эрон ҳукмдори Насриддиннинг муҳри билан тасдиқланган шартнома тузганди.

1860 йилда ( яъни Мирпанжий Хивада асирликда аравкашлик қилиб юрганида) Эрон қўшини Хива хонлигига тобе туркманлар билан бўлган жангда енгилади. Натижада француз капрали Блоквил асир тушиб, туркманлар зиндонига ташланади. 28 яшар ёш капрал умрининг 14 ойини Марвнинг Қўнғир қишлоғида маҳкумликда ўтказишга мажбур бўлади.
Уни туркманлар бандилигидан қутқариб олиш, шартномада тасдиқланган ҳолатга кўра сотиб олишга Эрон ҳукумати ҳаракат қилмайди .Жорж Анри Гулибеф де Блоквилни катта пул эвазига сотиш умидидаги хўжайини Эгамуроднинг ҳам ҳафсаласи пир бўлади.

Шу тариқа Блоквил Қўнғир қишлоғидаги пастқам зиндонда тўрт юз йигирма кун тутқунликда сақланади. Кейинчалик у озодликка эришгач “Туркман диёридаги ўн тўрт ой асирлик” номли хотира китоб ёзиб, бутун дунёга машҳур бўлиб кетди.

Хива хонлигида бандиликда сақланган бу француз асари, умуман ўз ўлкаси тарихини яхши билган туркман адиби Отажон Тоғон, ана шу кундалик асосида “ Бегона” номли роман ёзди. 1965 йилда Москвадаги Жаҳон Адабиёти институтини тугатиб то 1993 йилгача Россияда, ёзувчилар уюшмасида туркман адабиёти бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаган Отажон Тоғоннинг бу асари француз ва туркман киночилари томонидан экранлаштирилди. Натижада Отажон Тоғон номи ҳам, Гулибеф де Блоквил номи ҳам бутун дунёга қайтадан машҳур бўлди.

Агарки, Исмоил Мирпанжий асари, ёки юқорида эслатганимиз Муҳаммад Алихон Ғафур, Ризоқулихон Ҳидоятларнинг сафарлари ҳам бадиий фильмга айлантирилса, 19 аср Хива хонлигида рўй берган воқелик кино экранлари орқали кенг оммага намоён бўларди.

Хуллас, тарихда ўрганса, сабоқ чиқарса арзийдиган воқеалар, асарлар кўп.  Эронлик Исмоилхон Мирпанжийнинг мемуари ҳам бизнингча шундай асарлар жумласидандир.

* Форс тилидан Набибулло Ҳасан таржимаси.
Нашрга тайёрловчилар: Комил Нуржон, Умид Бекмуҳаммад.

04Endi asirlikda oʻtgan oʻn yil voqealarini bir boshdan hikoya qilib beray. Men tutqunlikda hayot kechirgan yillarda Xivaqda toʻrt marta toʻs-toʻpalon va saroy toʻntarishlari -qonli voqealar boʻlib oʻtdi. Zamonning zayli bilan toʻrt kishi xon boʻlib taxtga oʻtirdi.Muhammad Aminxon ikki yarim yil xonlik qildi. U Marvga qarshi yurish qilganligi uchun aziz boshidan judo boʻldi.Undan soʻng Abdullaxon bir yil xonlik qildi va Yumralidagi jangda halok boʻldi. Uning oʻrniga Qutlimurod Muhammadnazar Inoq taxtga oʻtirdi, u turkmanlar tomonidan qatl etildi. Soʻngra Saidmuhammad hukmronlik qildi. Uning xonlik taxtiga oʻtirganiga olti yil toʻlganda, boshimga baxt qushi qoʻndi.Men asirlikdan qochdim.

Ismoil MIRPANJIY
ASIRLIKDAGI XOTIRALAR
Davomi
012

ASIRLIKDA O’TGAN O’N YIL

09Xivaq qa’lasi va xorazmliklar xususida bor fikr mulohazalarimni qo’lingizdagi risolaning so’nggida qisqacha bayon etaman.Endi asirlikda o’tgan o’n yil voqealarini bir boshdan hikoya qilib beray.

Men tutqunlikda hayot kechirgan yillarda Xivaqda to’rt marta to’s-to’palon va saroy to’ntarishlari -qonli voqealar bo’lib o’tdi. Zamonning zayli bilan to’rt kishi xon bo’lib taxtga o’tirdi.Muhammad Aminxon ikki yarim yil xonlik qildi. U Marvga qarshi yurish qilganligi uchun aziz boshidan judo bo’ldi.Undan so’ng Abdullaxon bir yil xonlik qildi va Yumralidagi jangda halok bo’ldi. Uning o’rniga Qutlimurod Muhammadnazar Inoq taxtga o’tirdi, u turkmanlar tomonidan qatl etildi. So’ngra Saidmuhammad hukmronlik qildi. Uning xonlik taxtiga o’tirganiga olti yil to’lganda, boshimga baxt qushi qo’ndi.Men asirlikdan qochdim.

…Xivaq xonlari rasm-rusumlaridan shu narsani aytishim joizki, mamlakat ishlarini boshqarishda ularga uch vazir yordam beradi:Ulardan biri “Mehtar”, ikkinchisi “qushbegi” va uchinchisi “devonbegi”dir. Mehtar salg’ut ( soliq to’plash nazarda tutilmoqda-U.B.) yig’adi. Solg’ut katta moliyaviy ulushning yarmi bo’lib, u harbiy ishlarga, chet mamlakatlarga elchi tayyorlash va yuborish, elchilarni kutib olish kabi davlat ishlariga xarj qilinadi. Agar moliyaviy ishlarda kamomad chiqsa, mehtar javobgar hisoblanadi. U kunda bir marta xon salomiga (hukmdor qabuliga ma’nosida-U.B.) kirib fotiha oladi va so’ngra o’ziga yuklatilgan ishlar bilan mashg’ul bo’ladi va boshqa xon oldiga kirmaydi. Mabodo xon uni yo’qlasa, biron muhimroq ish chiqib qolsa, xon huzuriga u navbatsiz kiraveradi.

Qushbegi moliya mablag’ining ikkinchi yarmiga hokimlik qiladi. U ichki va tashqi ishlar, rasmiy marosimlar , sovg’a-salom va in’omlarni o’z zimmasiga olgan.Xizmat taqozosi bilan istagan paytida xon bilan muloqot qila oladi.

Devonbegi atrofdagi elatlardan, savdogarlardan bojxona va zakot pullarini qabul qilish bilan shug’ullanadi.U bemavrid xon huzuriga kirishga yoki salomga kelish salohiyatiga ega emas.Magar xon o’zi istasa u bundan mustasno.Agar uning xonga arzi bo’lsa, mehtar yoki qushbegi orqali amalga oshiradi.Menim asirlik paytimdagi Muhammad Aminxonning uchchala vaziri ( aslida Xiva xonligida vazirlar ko’p bo’lib, Ismoil Mirpanjiy asirlikda bo’lgan davrida o’zi kuzatgan, eshitgan, xonga ta’sirini o’tkaza oladigan nufuzli uchta davlat amaldorini nazarda tutmoqda-U.B.) quyidagilar edi: Mehtar-Yoqub vazir, qushbegi-Muhammadkarim va devonbegi Hasanboy degan shaxslar edi.

…Muborak ramazon oyining oltinchi kunida bizni Xivaqqa olib kelishdi.Dastlab Mehtarning uyida bo’ldik.U men bilan muloyim muomilada bo’ldi. Har xil narsalar xususida suhbatlashdik.Taom keltirib ovqatlanishga taklif qildilar.Ovqatdan so’ng ham biroz savol-javob qilib o’tirdik.Kechgacha shu yerda qoldik.So’ngra meni xon huzuriga olib borishdi.
Mehtar menga o’zbek taomili va urf-odati bo’yicha xon huzurida salom berish, fotiha o’qish, sog’-omonlik tilab duo qilishni o’rgatib bordi. Xon huzuriga kirganimda u chilim keltirishlarini so’radi va chilim chekish bilan mashg’ul bo’ldi.Qabul muhiti va xonning chilim chekishi g’alati bir vaziyatni vujudga keltirdi. Xon chilim chekarkan, men unga salom berib, fotihaga qo’l ochib duo qildim.Xon salomimga alik olib dedi:
-Xush kelibsiz.

Men quvonib ketdim va “ nima qilay?” degandek mehtarga ko’z tikdim. U menga sekin “qulluq, taqsir” deyish kerakligini uqtirdi. Men musulmon urf-odatlariga ko’ra:
-Qulluq xon hazratlari,-dedim egilib.

Xon mehtarga yuzlanib:
-Musofirdan so’rang-chi, qaysi tilda so’zlashurmiz?-dedi.
-Qaysi til – forsiymi, turkiymi hazrat oliylariga maqbul bo’lsa, shu tilda so’zlashurmiz,-dedim.
-Eron lashkarlarining miqdori qancha?,-qiziqdi xon.
-Piyodalar uch yuz ming, suvoriylar va chegarachilar soni 200 ming kishi keladir,-javob berdim.

-To’p-zambaraklar soni qancha?,-yana so’radi Eronning harbiy layoqatiga qiziqib xon.
-O’n ikki ming otliq askar, to’pxona va qurol aslahalarning hisobi yo’qdir,-dedim.
-Eron shohiga qarashli davlat yerlarining moliyaviy ahvolidan so’zlangiz,-buyurdi hukmdor.
-O’ttiz qurdan kam emas,-dedim men.
-Qur ne ma’nodadir?,-so’radi xon.
-Besh yuz ming tanob yer bir qurdir,-dedim.

-Davlat chegaralari necha kunlik yo’l?,-deya savol berdi xon.
-Mamlakat bo’ylab mag’ribdan mashriqqa tomon yurilsa olti oylik yo’ldir,-dedim javob berib.
-Hmmm…durust,-dedi xon va mehtarga yuzlanib:
-Musofir mehmonga shuni qattiq uqtirib aytginki, mabodo Muhammad Valixonga o’xshab qochadigan bo’lsa va yana qo’lga tushsa, beayov qiynoq azoblariga giriftor bo’ladir.
-Xon hazratlari,-dedim men darhol,-bir qoshiq qonimdan o’tsangiz, ikki og’iz so’z ayturman.
-Ayting,-buyurdi hukmdor.
-Hech kim meni jangda g’alaba bilan qo’lga olgani yo’q.Menim baxtim chopmay iqbolim sustlik qildi xolos.Endi Sizning qulingizman.Kishi avvalo qochmasligi va qochsa qo’lga tushmasligi lozimdir,-dedim.

Shundan so’ng xon menga ma’noli qarab qo’ydi va ketishga ijozat berdi.Biz tashqariga chiqdik.Mehtar meni koyiy boshladi:
-Joningdan to’yganmisan ? Nega xon bilan bunaqa muomilada bo’lding? Agar Muhammad Valixon kabi qochadigan bo’lsang va yana qo’lga tushsang, omon qolishingga hech qanaqa umid bo’lishi mumkin emas.

..Osifuddavla hukumati davrida Muhammad Valixonni Mashhadning Inoyatobod qishlog’ida turkmanlar asir olib Xivaqqa keltirishgan. O’sha vaqtda Xivaq xoni Muhammad Aminxon “inoq” valihad edi. Turkmanlar Muhammad Valini xonga tortiq qilib uch yuz tuman in’om oldilar. U bir qancha vaqt Xivaqda yashadi. Eron hukumati tomonidan uni tovon to’lab chaqirib oluvchi kimsa topilmadi. Xivaga kelgan ingliz va rus elchilari Eron davlatining hohishiga binoan uni so’rab ko’rishdi. Lekin xon ularning iltimosini rad qildi. Uning asirlik muddati cho’zilaverdi va biron joydan hech qanday najot topilmadi.Oxiri uning o’zi askar asirlarga tashviqot qila boshlagan:
-Agar sizlar menga yordam berib, men bilan birga Eronga qochsangizlar, katta lavozim va in’omga ega bo’lasiz,-deb va’da bergan va qochib ketgan.

Bu xabarni eshitgan xon o’zining qo’shini ilg’or suvoriylariga buyruq bergan va ko’p o’tmasdan ular yana qo’lga tushgan. Xon uning barcha hamrohlariga siyosat ko’rgazib qatl etdirdi. Uni ham o’ldirmoqchi bo’lganida, Muhammad Aminxon Inoq shafoat so’radi va xon uni qatl etishdan voz kechdi.Biroz vaqt o’tgach, xon o’z yordamchisini Eronga elchi qilib yubordi va Muhammad Valini yaxshi qo’shnichilik izhori sifatida Eron shohi saroyiga jo’natdi.

Men mehtar bu gaplarni nima maqsadda aytayotganini angladim.Birinchidan qochishni xayolimga ham keltirmaslik, ikkinchisi o’zimni xalos etish uchun xat-ariza yozib Eron davlati tomonidan rasmiy ravishda elchi yuborilishini iltimos qilish umidim bor edi.

Alqissa, bu gaplardan so’ng meni, o’g’lim va yana bir navkarimni o’z uyida qamab, ishonchli navkarlaridan besh kishini posbon etib qo’ydi. Qolgan asirlarni Ali Sulton to’pchiboshiga topshirib, ularni qo’riqlash va kundalik ovqat berishni buyurdi.Boshqalarga unchalik qattiqqo’llik qilishmadi.Chunki Xivaqdan ularning qochib ketmasliklariga ishonishardi.
Xo’sh, Ali Sulton qanday qilib bu yerlarga kelib qolgan?

Ma’lum bo’lishicha, marhum Osifuddavla hukumati davrida taniqli va mashhur Azimbek Xurosondagi to’pxona boshlig’i edi.Salor isyoni ko’tarilgan paytda u qochib turkmanlarning taka qavmiga boradi. Ali Sulton esa hamisha u bilan birga bo’lgan.Keyinchalik ular orasida kelishmovchilik paydo bo’lib taka Qora o’g’lon bilan Xivaqqa kelishgan va o’z ixtiyori bilan Muhammad Aminxonning to’pxona qismlarida to’pchi bo’lib xizmat qila boshlashgan.Bir qancha vaqtdan so’ng, Muhammad Aminxon o’ldirilgandan so’ng, bir necha muddat Abdullaxon xizmatida bo’lgan.Keyin navbatdagi Xivaq to’polonlaridan birida qochib Buxoroga borgan. Uning keyingi taqdiri bizga qorong’u.

Biz Xivaqqa kelgan o’sha ramazon oyida xon asir to’pchilarning to’p otish mahoratlarini sinash istagini bildirdi. Ali Sulton asir to’pchilarni keltirishlarini buyurdi. Men to’pchilarga:
-Yaxshi otinglar, mabodo ularga yoqib qolsangizlar, sizlarga nisbatan yaxshiroq munosabatda bo’lishga harakat qilishadi,-deb maslahat berdim.
Ular ham menim so’zlarimni ma’qul topdilar, ammo harchand o’q otishmasin, hech biri nishonga tegmadi.Xon g’azablandi va asirlarni yana mehtarga topshirib, yaxshiroq saqlashni buyurdi.

MUHAMMAD AMINXONNING SARAXSGA YURISHI VA HALOK BO’LISHI

Muhammad Aminxon qo’shin to’plab Marv ustiga yurish qildi.Qa’la atroflaridagi salur va saruq urug’larini butunlay o’ziga tobe etgach, Saraxsdagi turkmanlarning taka urug’ini ham bo’ysundirish uchun yurishni davom etdirdi.

Saraxslik turkmanlar Xuroson shahzodasidan himoyat so’rab maktub yo’lladilar. Shahzoda ularning iltimoslariga javoban Saraxs himoyasiga muntazam armiyadan madad kuchlari yuborib, izidan o’zi ham bormoqchi ekanini bildirdi.Xurosonlik g’animlar shahzodani yo’ldan ozdirmoqchi bo’ldilar va uning Saraxsga borishiga qarshilik ko’rsatdilar.

Saraxs turkmanlari bilan xivaliklar o’rtasida qattiq jang bo’ldi.Jangda xon halok bo’ldi. Natijada xivaliklar orqaga qarab qocha boshladilar.Taka urug’i ahli ularni Marvgacha ta’qib etib bordi.Talab olingan mol-mulklarini qaytarib olishdi.Xiva navkarlari orasida parokandalik boshlandi va bu harakat isyonga aylanishi xavfi tug’ildi. Shundan so’ng xonlikning mo»tabar kishisi Yoqub mehtar marhum xonning jiyani Abdulla bekni xon deb e’lon qildi ( Turkistonliklar o’z podshohlarini “xon”, shahzodani “to’ra”, agar u valiahd bo’lsa “inoq” deb ataydilar).

Valiahd yurishlarida o’rda ( shtab) boshlig’i vazifasini bajaradi.Ushbu yurishda xonning Muso to’ra, Said Muhammad to’ra ismli o’g’illari hamroh edi.Muso to’ra jangda halok bo’ldi. Said Muhammad to’ra esa tiryak (bangi) chekishga mukkasidan ketganligi uchun uni xon saylamadilar. Xorazm navkarlari marhum xonning jiyani Abdulla bekni mutloq hokim-xon deb tan oldilar. Chunki u jangda botirligi va epchilligi bilan el og’ziga tushgan xalq bahodirlaridan biri sanalar edi.

Kunlardan bir kun bizni xon o’z huzuriga chaqirtirdi.Men o’z hamrohlarim Husayn Sulton, G’affor Sulton, Muhammadyorbek va o’g’lim bilan xon saroyiga bordik. Xon hazratlari bilan bizning o’rtamizda quyidagi muzokara bo’lib o’tdi.
-Sizni taniyman, Mirpanjiy janoblari, bizni sheriklaringiz bilan tanishtirsangiz.
-Xo’p bo’ladi, xon hazratlari.Bu musulmonlar Olloh Taoloning bandalari.Sizning sodiq qullaringiz, ismi shariflari…-deya hamrohlarimni tanishtirdim.
-Durust-durust.Qani bu mo’min-musulmonlardan so’rangchi.Xorazm mamlakatiga xizmat qilish hohish-istaklari bormikan?
-Xon hazratlari, garchi biz Eron mamlakatining fuqarolari bo’lsak-da, hozir Sizning asiringizman va Sizga xizmat qilmoq uchun ham qarz, ham farzdir.Yaratgan egamning hukmi shu…-dedim.

Boshqa hamrohlarim jim turishardi.Aslida javob berishga hozirlik ham ko’rishmadi.Menim bu so’zlarimdan xonning jahli chiqdi:
-Biz,-dedi u,-Eron davlati bilan yog’iy-dushmanmiz, ularda bizning qasdimiz bor.Zero, doyim Muhammad Aminxonni Eron davlatining navkarlari o’ldirdilar.Har holda agar o’rtada do’stlik bo’lganida, biror bahona bilan elchi yuborib seni unga hamroh qilib jo’natsam bo’lardi.Hozircha sen tutqin-qulsan…
Shundan so’ng xon , mehtarga uchalla to’pchini to’pxonaga olib borib, ularga ish tayinlashni va meni o’g’lim bilan uyiga olib borib, kundalik yeyimligimizni qisqartirishni buyurdi.Xufya ravishda qorovul ham belgilashdi. Yuqoridagi savol-javobdan so’ng ming xil o’y-iztirob bilan mehtarning uyiga keldim.Mehtar ham xon hukmiga muvofiq to’pchilarni to’pxonada qoldirib, menim bir navkarimni axlat tashuvchi aravkash qilib tayinladi.O’sha navkarim aravkashlik qilib topgan xizmat haqi evaziga beriladigan ovqatning bir qismini bizga olib kelardi.Bir necha kun sabr-qanoat qilib, xudoga shukurlar aytib o’tirdim…

Bir kuni Ollohga tavakkal qilib pinhona ravishda Husayin Sulton va boshqa hamrohlarimga imkon topib:
-Faqirning uyiga kelinglar, ochlik muammosi va boshqa narsalarni o’zaro maslahatlashaylik,-deb xabar berdim.
Ular bir necha kun kelishga qo’rqib yurishdi.Nihoyat bir kuni kelib azbaroyi xondan qo’rqqanimizdan:
-Sen bilan majlis qurgani jur’at etolmaymiz,-deyishdi.
-Do’stlar,-dedim men,-biror chora ko’ringlar, ochlik talafot bermasin.
Ular aytdilarki:
— Xaqberdi Mashhadiy ismli bir savdogar Xivaqqa kelgan, uni sening oldingga olib kelurmiz, shoyad biror nafi tegsa.

Shunday qilib, Haqberdi Mashhadiy bilan uchrashishga rozi bo’ldim.O’rtoqlarim uni oldimga olib kelishdi.Menim ayanchli ahvolimdan xabar topgach u xon huzuriga kirgan.U xonga aytibdiki:
— Mirpanjiy Sizning qo’lingizda asirdir. U Eron davlatining generali va o’g’li polkovnik darajasidagi kishilar hisoblanadi.Ularni o’ldiring yoki to’ygulik nonini bering.Agarda Eron davlati bilan aloqa istasangiz, elchi yuborib uni ham podshoh huzuriga qo’shib ravona qiling. Musulmonlikda asirni aybsiz o’ldirish gunohi azim hisoblanadi.Zero, har qachon aybsizlarga jazo berilsa, xalq qo’zg’oladi…

O’sha savdogar Haqberdi Mashhadiy yana bir kelganida:
-Tehron tomon yo’l olayapman,-dedi.
Undan ellik tillo qarz oldim. Eronda bir tillo olti ming riyolga barobar edi. Uydagilar uchun pul yubordim.Ilgari men bilan yaxshi munosabatda bo’lgan do’stlar, a’yonlar , rahbar xodimlarga maktublar yozdim. Har biridan alohida-alohida menim xalos bo’lishim chora-tadbirlarini ko’rishlarini iltimos qildim. Savdogarlardan yana shuni iltimos qildimki, agar ilojini topsa, Eron podshohi huzuriga kirib faqir to’g’risida arz qilg’aylar.Savdogar menim iltimosimni bajarishga va’da berdi.
Bir-birimiz bilan vidolashib xudodan yordam so’radik.Keyin ma’lum bo’ldiki, u podshoh qabuliga kirishga musharraf bo’lib, ahvolimni bayon etibdi.A’yonlar meni qutqarib olish uchun izn beribdilar.Ammo baxtim chopmagan ekan…Toki kavkab yulduzi tepamda porlamaguncha, ishimiz yurishmadi.

ABDULLA XONNING O’LDIRILISHI

Abdullaxonning hukmronlik davri bir yil davom etdi.U ish boshlaganida to’ralar hasad ila Abdullaxon va mehtar bilan muxoliflik qila boshlashdi.Muhammadalixonning o’g’li Abdulla to’ra va Xudoyquli to’ra ikki yuz, uch yuz nafar sobiq eroniy asirlar bilan Abdullaxonni o’ldirib, uning o’rniga Muhammad Aminxonning o’g’lini o’tqazishni ahdu paymon qilishgan. Ja’far og’a Kelotiy Eron davlatidan yuz o’girib bu yerlarga kelib qolgan ekan.Ja’far Kelotiy ismli ayg’oqchi Qur’oni karimni o’rtaga qo’yib ichilgan qasamni buzadi va bo’lgan gaplarni oqizmay-tomizmay Yoqub mehtarga yetkazadilar. Mehtar o’sha zahoti xonni ogoh qiladi.Xon fitna qatnashchilarini darhol hibsga oldiradi va qatl etdiradi.

Xivaqda yashovchi yovmut, go’klan, olayli, qardosh yumrali , chovdir toifalaridan bo’lgan kishilar bir qancha to’ralar bilan xonga qarshi yana til biriktiradi.To’ralar yana boshqa kishilarning xonga qarshi suiqasd qilishga tayyorlanayotganligini eshitgan Abdullaxon ularni qatl etgan, ba’zilarini mansab va amallaridan chetlashtirgan, xalq esa vahimaga tushib qo’rqib qolgan edi. Beklarning tartibsizliklari kundan-kun oshib, har xil to’polonlar ko’tarila boshladi.Hatto vaziyat shu darajaga borib yetdiki, turkmanlar Xivaq darvozalari ortida jangu jadallar bilan fuqarolarni talar, asirlar olib ketishar, xon esa hech nima qila olmas edi.Oxir-oqibatda u ba’zi a’yonlari bilan maslahatlashib Xivaq qa’lasidan navkar to’plab Husayn Sulton boshchiligida to’rt to’p bilan yovmutlar ustiga hujum qildi.Xivaqdan o’n farsax masofada joylashgan Muhammadamin ( Madaminiya) qishlog’ida turkmanlar bilan qattiq jang bo’ldi.Xon o’z qilmishlariga yarasha jazo olib, urushda o’ldirildi.Turkmanlar Husayn Sultonni to’pchilari bilan qo’lga olib, uni Otamurodxonga topshirishadi.Keyinchalik Husayin Sulton Astrobodga, Ja’farxon oldiga jo’natiladi. Otamurodxon turkmanlar xoni deb e’lon qilinadi. Ushbu jangda Abdullaxonning mulozimlaridan Mirahmadxon, Hirot shahzodalaridan Muhammadyusufning ukasi ham o’ldiriladi.Shundan so’ng xivaqli va boshqa o’zbek qavmlarining boshi g’avg’odan chiqmay qoldi.

Yuqorida Kelotiy Ja’far og’a xususida fikr bayon etamiz degandik.Bu hamromxo’r Kelotda yashab faqat fisqu fasod bilan shug’ullanardi.Xurosonda, uning atrofidagi qa’lalarda, Mashhadda Ja’far og’aning o’rtoqlari bo’lib, nimaiki hodisa yuz bersa, unga yozishardi.U bo’lsa, atrofdagi dushmanlarga xabar berardi.Ja’far Kelotiyni men Mashhaddaligimdan beri tanir edim. Ayg’oqchilik uning ota “kasbi”. U Xurosonda yuz bergan barcha voqealarni poytaxtga yetkazib turardi. Jumladan, men Marvda yashagan kunlarim Mirahmadxon yonidagi o’rtoqlarim shu ayg’oqchi tufayli qanchalik aziyat chekkanlarini bilsangiz edi. Hatto u Eron shahzodasini ham o’z tuzog’iga ilintirmoqchi bo’lgan.Xivaq xoni uni har kuniga 10 tillo berib o’ziga og’dirib olgan ekan.Natijada u xonning Marv va Saraxs safarida birga bo’lgan. Xon unga yovmut, salur, saruq, taka suvoriylaridan 5-6 ming nafarini berib, Kelotni bosib olishga vakolat bergan. U Kelot oqsoqollariga bir necha maktublar yo’llab urushsiz qa’laga kirmoqchi bo’lgan.

Kelotliklar oldin unga ishonishdi.Birinchi kechasi hammasi darvoza ortida pistirmaga o’tirib olishdi.Agar darvoza ochilsa ular birdaniga ichkariga hujum qilib Kelotni zabt qilishmoqchi edi.Darvoza qo’riqchilari uning hiylasini payqab ularni o’qqa tutdilar.Ja’far Kelotiy mag’lub bo’ldi va orqasiga qaytdi.Unga Marv va Saraxsda ikki-uch vazifa berildi, eplay olmadi.Xon oldida sharmanda bo’ldi. Keyinchalik xonning o’zi ham shu safarda halok bo’ldi.Ja’far Kelotiy Xivaqqa kelib hurmat topmadi.Abdullaxon zamonida asirlar va to’ralar qatl etilgan choqda u xon xizmatiga oshiqdi va sotqinlikda obro’y orttirdi.

QUTLIMURODXON XONLIGI DAVRI

Abdullaxon o’ldirilganidan so’ng Yoqub mehtar uning vasiyatiga muvofiq Qutlimurodbekni xon etib ko’taradi.U atigi olti oy xonlik gashtini surdi, xolos.Negaki, unda avvalgi xonlarning savlati, quvvati, aql-zakovati yo’q edi. Uning xonligi faqat nomigagina bo’ldi.Qilgan ishi shu bo’ldiki, menim holimdan xabar topgach, kundalik maoshim foydasi uchun mehtarning maslahati bilan meni va o’g’limni aravakash etib Muhammadkarim devonga topshirdi.

Bu davrda Xorazmda ahvol kundan-kunga og’irlashdi, to’s-to’polonlar ko’paya bordi.Mehtar Yoqubning xayoliga bir ajoyib fikr keldi.U yovmut kadxudolariga bir necha muhabbatomuz maktublar yozdi: “Biz sizlar bilan hamfikrmiz, vatanimiz bir va dinimiz bir.Shunday ekan, nima uchun bizlarning oramizda adovat bo’lishi kerak? Xivaqqa kelinglar, birgalikda sulh tuzaylik, o’tkinchi bu dunyo samarini birga topaylik” kabi so’zlar xatlarda o’z aksini topgan edi. Bu xatlardan maqsad yovmut kattalarini Xivaqqa keltirib, ularni hiyla bilan qo’lga tushirish, garov sifatida ularni zindonda saqlash edi.

Aslida yovmut katxudolari Yoqub mehtarning bir so’ziga ham ishonishmas va payt poylab Xivaqqa lashkar tortib kelishni orzu qilar edilar.Kunlardan bir kun turkman sardorlari 50-60 suvoriylar bilan Xivaqqa kelib sulh tuzmoq bo’lishadi.Sulh shartnomalarini imzolash chog’ida qurollarini yashirib kelgan turkman suvoriylari Qutlimurod xonning tojdor boshini qilichdan o’tkazadilar.Saroyda to’s-to’polon boshlanib ketdi, odamlar sarosimaga tushdilar.Shu payt Yoqub mehtar qa’la darvozasi ustiga jarchilarni chiqarib,” kimdakim yovmut o’ldirsa yoki boshini olib kelsa, asir bo’lsa ozod etiladi”, deb jar soldiradi.Hamma yovmutlar ustiga yopiriladi.Ariqlar qon bo’lib oqdi.Yovmutlar nochor ahvolda qolib, qochib ketdilar.

Yoqub mehtar o’sha kuni yovmutlar ishini oxiriga yetkazgach, Muhammad Rahimxonning o’g’li-Said Muhammadga xonlik rutbasini topshirdi va uning tog’asini Amirul-umaro deb e’lon qildi. Mazkur hukmdor hozirgacha ( ya’ni Mirpanjiy kitobini yozib boshlagan 1864 yilgacha-U.B.) taxtda barqarordir.Xivaqdagi qo’zg’olon va isyon davrida o’zbeklarning ahvoli yaxshi bo’lmadi. Ayrimlari vohada yashaydigan boshqa turkmanlarning qo’liga tushib o’ldirildi.20 ming kishi asir qilib Gurgon va Buxoro yerlariga olib borib sotildi. Ana shu fursatdan foydalangan Amir Ahmadxonning ukasi Mahmudqulixon yetti ming oiladan iborat jamshidiy elatini Urganch yaqinidagi Qilichboy qa’lasidan ko’chirib daryo yoqalab Chahorjo’b ( Chorjo’y) viloyatidagi Maymanaga va Bolamurg’obga olib ketdi. Jamshidiylar qochib ketganidan so’ng Xorazm viloyatida katta zaiflik lanjlik hukm surdi.O’sha davrda o’n-o’n ikki mingdan ziyod asirlar Buxoro va Mashhad tomonga qochib ketishdi.Menim sheriklarim G’affor Sulton, Muhammadyorbek Noib va yana bir qancha to’pchilar ham qochib ketishdi.So’ng bilsam, ular yo’lda taka eliga asir tushibdilar va bir necha yildan so’ng tovon puli to’lab ozod bo’lishibdi. So’ngra Mashhadga ketishibdi.Biz, o’g’lim, men, yana bir navkar Muhammadkarim devon uyida mahbus bo’lganligimiz sababli o’z joyimizda qolaverdik.

SAID MUHAMMADXON DAVRIDAGI HODISALAR BAYONI

Said Muhammadxon mustaqil xonlik qila boshlagach , xorijdan birin-ketin bir xil mazmundagi xabarlar kelaverdi. Unda Eron shohi Muhammad Aminxonni baland tepalikka dafn qilib, uning ustiga hashamatli maqbara qurdiribdi.Gumbazi baland va imorati bebaho ekan.Eron davlati tomonidan ko’rsatilgan bunday hurmat e’tiborga Xivaqda hech aql bovar qilmasdi.

Aytishlaricha, Xivaqning qozikaloni Russiyaga borganida u yerdan Rumiy (Turkiya) mamlakatiga va u yerdan Makkayi muazzama va Madinai toyyibaga borgan. Qozikalon u yerdan qaytishda xonning amri bilanmi, Tehronga tushadi. U xon maqbarasi ustiga borib Qur’on fotiha o’qiydi. So’ngra Astrobod yo’li orqali Xivaqqa qaytadi. Xivaqning boshqa hukmdorlariga Eronning Muhammad Aminxonga ko’rsatgan muruvvati, maqbara xususida batafsil so’zlab beradi.Jumladan u shunday deydi:
-Biz butun Eron xalqini rofeziy ( sunnat ahlini shiya mazhabidagilarga nisbatan ishlatadigan haqoratomuz so’zi-U.B.) ishlatib, o’zimizni musulmon hisoblardik.Ular bizning bir o’lik murdamiz uchun shunchalik ehtirom ko’rsatibdilar, biz bo’lsak ularning bir necha asir odamlarini qamab qo’yib, non-suvdan qisib yoki tuyalarni o’tlatish, aravakashlik kabi past ishlarda qo’yibmiz.

Shuningdek qozikalon Istambulda bo’lganida Rum sultoni Xivaq xonlari asirlariga nisbatan yaxshi muomilada bo’lmaydilar, deya ta’na qilganini ham qo’shib qo’ygan edi.
Alqissa, Xivaqda asli Bijinvar ahlidan bo’lgan Xo’jash mahram ismli bir xizmatkor bor edi. Xivaliklar odati bo’yicha mahram navkarini, yaqin kishilardan, yoshi ulug’, ishonchli odamlardan tayin qiladilar. Mazkur Xo’jash mahram Muhammad Rahimxon va Olloqulixonning mahram navkarlaridan bo’lgan, yoshi taxminan yetmish-saksonlarga borib qolgan. Endi esa hozirgi xonning mahrami edi. U botiniy shiya mazhabida bo’lib, shu sababli bo’lsa kerak, qozikalonning barcha gaplarini menga aytib berdi.
-Ayniqsa sening og’ir ahvoling, chekayotgan azoblaringni ta’kidlab, xonga ko’p pandu nasihatlar qildi.Garchi xonning qalbida senga nisbatan iliqlik bo’lmasada, qozikalonning so’zlarini eshitgach, boshqalarning qarshiligiga qaramasdan seni huzuriga chorlamoqchi.Sen qolishni tanla, ana shunda senga nisbatan xonning shubha-gumonlari tarqaydi.Agar ketishni ixtiyor etsang seni bir qancha turkman qo’liga topshirib zohiran amr: “yo’lda buni yo’qotinglar yoki biror joyga olib borib sotinglar”, deb farmoyish beradi,-dedi u.

Xo’jash mahramning bu ko’rsatmalarini qulog’imga ilib oldim.Ertasi kuni xon meni o’z huzuriga chorladi.Rasmona salom-alikdan so’ng xon shunday dedi:
-Ollohning hohish-irodasi shu ekan.Siz bizning qo’limizda omonat kishisiz.Chunki shavkatli Eron shohining sadoqatli navkarisiz.Taassufki, hanuzgacha Eron hukumati Sizni yo’qlamabdur.Agar ona yurtingizga ketishni ixtiyor etsangiz, biz monelik qilmasmiz…Siz ozodsiz!
-Qullik, xon hazratlari,-dedim arang.

Aslida Xo’jash mahramning pandu nasihatlari tilimni lol qilib qo’ygan edi.Shunda xonning yonida turgan kattalardan biri:
-Xon hazratlari ko’rsatgan ushbu inoyat va iltifotlarini yaxshilab o’ylang taqsir,-dedi.
-Albatta, o’ylab ko’raman…-dedim.
-Boring, Sizga ruxsat, ikki kun muhlat berurmiz,-dedi xon.Men ketdim va ertasi kuniyoq xon huzuriga kelib:
-Bir umr soliq qulingizman, to o’lguncha shu yerda qolajakman,-dedim.

…Yana avvalgidek Muhammadkarimning eshigida qolaverdim.Shu tariqa yana olti oy vaqt o’tdi. Har ikki uch oyda bir marta xon oldiga salomga borib qaytardik. Boboxon ismli bir tanishim bor edi. Uni Ashxaboddagi turkmanlarning taka urug’lari oldiga yuborib, biror chora izlab yo’lga chiqishlarini iltimos qildim.Lekin ular :”Biz olib ketishga jur’at eta olmaymiz, ammo sen o’zing qochib kelsang, hech qiyinchilik bo’lmaydi”,-deb javob yubordilar.Yana yarim yilcha shu tarzda vaqt o’tdi.

Bir kuni Xo’jash mahram meni chaqirib bunday dedi:
-Taqsir, xon hazratlarining qarori shuki, Xorazmda butunlay qolmoqchi ekansiz.Sizni va o’g’lingizni pokiza cho’rilardan biriga uylantirib qo’ymoqchimiz.
-Xon hazratlarining qarorlari bizga ma’qul, ammo lekin birgina uzrimiz bordir,-dedim.
-Qanaqa uzr?,-so’radi u.
-Bizga xasmi halol bo’ladigan ayol o’zbek qizlaridan bo’lsa, men roziman.Nega deganda eroniy ayollar bizga yomon ko’z ila qaraydurlar,-dedim.

Xo’jash mahramning yuzi yorishib bunday dedi:
-Hazilga balo bormi, ozodlik va ham farishtadek Xiva qiziga uylantirsak, buning ustiga yana kuniga uch tanga pul nafaqa tayinlasak, xudoga shukurlar qilmaysizmi?
-Qulluq, hazratim, qulluq, mingdan ming roziman,-dedim.
Xullas, meni uylantirishdi.Marv tomonlarga qo’shin yuboriladigan bo’lsa, xon huzuriga mashvaratga chaqirishardi. Shu tariqa oylar ketidan oylar, yillar ketidan yillar o’taverdi.Biroq menim qochib ketishim haqidagi rejalarim chigallashar, Vatan haqidagi orzularim sarobdek tuyulardi.

…Bir kuni Xivaga Rossiya mamlakatidan elchi keldi. Meni bir kishi bilan Madaminiya qishlog’iga yuborishdi.Buning sababi keyin ma’lum bo’ldi.Rus elchisi Eron hukumati rahbarlarining iltimoslarini til uchi Xiva xoniga yetkazibdi.u xon janoblariga taxminan shunday deb aytgan ekan:
-Eron shohining amaldor navkarlaridan biri Sizning asiringiz ekan.Barcha asirlarni elchilarga qo’shib Eronga jo’natilsa ayni mudaao bo’lg’ay…
-Elchi janoblari, eronlik asirlar Buxoroi sharifda ham ko’pdur.Agar ular asirlarni ozod etsalar, biz faqat bu haqda o’ylab ko’rgaymiz…

…Aslida tutqinlikda azob chekayotgan eronlik faqirlar taqdiri hech kimni qiziqtirmagan.Rus elchisining tilmochi Mirzo Ja’far Tabriziy qaysidir bog’bonga o’n bajuqiy tillo berib meni yo’qlatgan. Xuddi o’sha kuni meni ataylab Madaminiyaga jo’natishgani, biz esa u paytda qishloqda elchi bilan uchrashtirmaslik maqsadida o’n yetti kun qolib ketganimiz ayon bo’lgandi.

Xo’jash mahram rus elchisi bilan bo’lib o’tgan gaplarni menga aytib berdi.Elchi mezbonlarning uzrini qabul qilib, bir necha yildan beri asirlikda yurgan boshqa bir kishini so’rab olishadi va o’z yurtlariga olib ketishadi.Keyinchalik ma’lum bo’lishicha, elchi tomonidan qilingan barcha ishlar Mirzo Og’axon hohishi bilan qilingan ekan. Eron rahbarlariga qancha maktub yo’llamay va qancha iltijolar qilmay, bari-bir qutilish chorasi topilmadi.
O’n yil davomida Astrobodlik savdogarlar ham, boshqalar ham kelishdi.Xo’jayinlardan pul olib hammasini oilamdagilarga jo’natdim. Ot-ulovlarni shaylab qo’ydim. Ammo natija bo’lmadi. Bu davr ichida Jahongir Mirzo, Ali Nakixon, Muhammad Valixon, Kelot ma’murlari va Xuroson hukmdorlariga qayta-qayta maktub yo’lladim. Lekin qochishimning imkoni bo’lmadi. Dilim g’urbatga, ko’zlarim yoshga to’la edi…

ASIRLIKDAN QOCHISHIM VA MASHHAD ORQALI TEHRONGA KELISHIM

1280 hijriy-qamariy yil zulqa’dda oyining 15-kuni kechga ( 1864 yil) uyimiz eshigi oldida xayolot daryosiga cho’mib o’tirganimda bir turkman yigiti kelib so’radi:
-Ismoilxon Sartining (to’pchi ma’nosida-U.B.) uyi qaerda?
-Nima ishing bor edi?,-so’radim.
-Savob bo’ladi, uning uyini ko’rsat!,-dedi u yana.
-Ismoilxon Sarti menman,-dedim unga. U ishonqiramay:
-Qasam ich!,-dedi.
-Qur’oni karim ursin, men Ismoilxon otang bo’laman,-dedim. Uning qattiq xavotirda ekanligi sezilib turardi.
-Suyunchi ber, meni Marvdan Mustafoqul Sartining o’g’li Lutfi Alixon yubordi.Maktub ham bor,-dedi quvontirib.
-Qani o’sha maktub?-qiziqishim oshib so’radim.
-Noma ishonchli joyda.Men taka turkmanlarining karvon qo’riqchi-chopari bo’lib keldim. Xon va qushbegi bilan uchrashdim.
-Agar gaplaringiz rost bo’lsa, o’sha xatni ko’rsating,-dedim.

Ertasi kuni kechqurun udumga muvofiq dasturxon yozdim va palov pishirib oldlariga qo’ydim. O’zimning odamlar hisoblangan ikki-uch o’zbek va o’g’limni bir bahona topib boshqa bir joyga yubordim. Ismlari To’ramchi va Mammisardor ekan.Mammisardor qo’lini menga uzatib jubbasining ostidan xatni chiqarib uzatdi. Ularga choy va chilim berib, xatga qaradim. Lutfi Alixon xatni quyidagi mazmunda yozgan ekan:
“Ey qiblagoh! Marvdagi vaziyatni eshitgan bo’lsangiz kerak.Xudoga shukur! Hozir ahvol yaxshi.Yaqinda Mashhadga borib u yerdan Tehronga o’tdim. U yerda hazrat podshohimizning xoki poylarini o’pishga musharraf bo’ldim. Men Sizning oldingizda behad qarzdorman.Hamma vaqt Marvda Sizni surishtirdim. Keyinchalik Sizning o’zbeklar qo’liga asir tushganingizni eshitdim. Darvoqe, taka ahlining kadxudolari dedilarkim, Siz hozir tashqariga chiqib erkin yura olar va qochish fikrida ekansiz.Mazkur xatni olib boruvchi Mammisardor Sizni olib kelishga meni ishontirdi.Orzu istak ayb emas, biroq birgalikda qasam ichinglar va hech qaysingiz ikkilik qilmagaysizlar.Agar u Sizni eson-omon olib chiqsa, ikki ming tuman naqd pul va yuzta xal’at olishiga va’da berdim.Ko’rinishdan yomon odamlarga o’xshamaydilar. Har na ish qilsangiz, oxirida kina-kudurat bo’lmasin. Mabodo Marv yo’lidan kelsangiz ishingiz og’irooq kechadi. Bizlarga o’xshab besh-o’n tuman pora talab qilishadi.Hurmat bilan Lutfi Alixon”.

Xatni o’qib:
-Axir menim o’z ot-ulovim bo’lsa, nega yana ikki ming tuman?,-deya savol berdim.
Ular:
-To’g’ri aytasiz, lekin biz ham hayotimizni xavf ostida qoldirayapmiz.Agar bizni ushlab olishsa, albatta o’ldiradilar.
O’n yil azobdan qutulish choralarini izladim, ammo endi xalos bo’lish baxti kelganda buni qo’ldan boy bermaslik zarur edi.Darhol ularga chilim berdim.
-Ikki ming tuman naqd pul va yuzta xalat beraman,-deya qasam ichdim.
-Ertaga o’g’lingni tayin qilingan joyga yubor, kerakli narsalarni hozirla, xudo hohlasa, chorshanba kuni kechasi jo’naymiz,-deyishdi.

Xudoga shukurlar aytib o’g’limni bu xabardan ogoh qildim. Hoshim ismli bir navkarim bor edi. Uni olti yil oldin xotini, o’g’li va qizi uchun tovon to’lab ozod qilgan edim. U farmoyishimga binoan otlarni tayinlab qo’ydi. Peshin vaqti va’daga muvofiq Xivaning Shayx darvozasidan tashqariga chiqdik. Mammisardor uchrashish uchun bir daraxt tagini belgilagan edi. Bundan bir necha kun ilgari qum sahroga borib o’tin olib kelgan , maqsadim hech kimda shubha uyg’otmaslik edi. Qochish kuni kelganda Davlat ismli xizmatkorga tayinladim:
-Men yana sahroga ketayapman. Agar xon odamlari so’rasalar, bizni to’yga ketdi deb ayt. Agarki yana kelsalar “hozir shu yer edilar, biron yerga ketdi shekilli”, degin, deya uqtirdik.

Hoshimga bo’lsa:
-Shahar tashqarisidagi to’yga borib kelamiz. Uch-to’rt kun odamlar bilan shu tarzda savol-javob qilib tur.Biz tezda qaytamiz.Mabodo xonning odamlari bilib qolsalar, yaxshi bo’lmaydi,-deb tayinladim.
O’sha kunlari meshlarni suv bilan to’ldirdim.Qochish uchun zarur barcha anjomlarni to’pladim.Chorshanba kuni kechasi otlarni egarlab, xurjunlarni orqaga yuklab “ xudo yor bo’lsin”, deb o’g’limga tashqariga chiqishga ruxsat berdim. Orqasidan o’zim ham yo’lga tushdim. Uchrashuv joyiga yetib oldik va bir-birimizni topib, takalar (turkmanlarning urug’i vakillari ko’zda tutilmoqda-U.B.) bilan ollohga tavakkal qilib qochdik.

Qora qum boshlanganda piyoda yurdik, suv ustidan chiqib qolganda meshlarni to’ldirdik.Boshimizga turkman telpak, qalbimizga Olloh kalomini jo etib yovmut “Obodiy” yo’li orqali ketaverdik.
To’ramchi sardor:
-Faloniy, qaerga ketayapsan?-deb so’radi.
-Men bilan ishing bo’lmasin, sardorlik bugun kechqurun meniki, ertaga ertalab yo’lni sen boshlaysan,-dedim.
Xivaliklarning fe’lini yaxshi bilardim, agar asir qochsa, uni qum o’rtasida yoki Xuroson tog’lariga yetgan bo’lsa ham ushlab qaytarishardi.Agar ikkinchi marotaba ushlasalar, quloq-burnidan kesishardi.

O’sha kuni o’zim yo’lboshchilik qildim.Ko’p yo’l bosib, tongga yaqin Madaminiya qishlog’iga yetib keldik. U yer Xivaqqacha yigirma besh farsax yo’l.Hamrohlarimga:
-O’tin izlab yurgan kishilardek ketavering,-dedim.
Ertalab yovmutlarning yuk tashuvchi mollari ko’rindi.Bu manzildan ham eson-omon o’tib oldik.O’sha kuni kechasi o’ttiz farsax yo’l yurganday bo’ldik. To’ramchi menga yuzlanib:
-Yaxshi sardorlik qilding.Ammo qirq ellik farsax yo’lni uzaytirding, endi yo’lni topib olishimiz mushkul bo’ladi,-dedim nolinib.
Ertasi kuni ham jadal harakat qildik.Peshinga yaqin otlardan tushib u yon bu yoqni ko’zdan kechirdik.Suv tugay deb qolgan ekan.Otlar ham, odamlar ham suvsizlikdan tashna bo’lib, charchab harakat qilishga madori qolmadi.To’ramchi sukunatni tuzib so’z boshladi:
-Xarjig’on qudug’igacha qirq farsax yo’l bor, u yerdan boshqa yerda suv yo’q. Agar ruxsat etsangizlar, men borib suv olib kelay. Sizlar esa asta-sekin orqamdan kelaveringlar.

O’zimning eng yaxshi ko’rgan otimni unga berdim. U meshlarni olib suv izlab ketdi.Quyosh botguncha undan xabar bo’lmadi.Ko’z ilg’ay olguncha uning oti oyog’i izidan boraverdik.Chanqaganimizda sahro o’t-maysalarini shimidik.Kechasi har joy-har joyda gulxan yoqib qo’ydik. To’ramchi qorong’i kechada kelib qolsa, bizni topishi oson bo’lardi.O’sha kecha-kunduz ahvolimiz shu qadar yomonlashdiki, xudodan o’lim tilay boshladik.Ertasi kuni peshindan keyin To’ramchi olti farsax naridan yomg’ir suvi topib qaytib keldi.Parvardigorga shukronalar aytdik.Suvdan to’yib ichdik. Otlarga arpa berib, so’ngra yo’lga tushdik.Kunbotar payti Axal turkmanlarining “Qizilsoqol” qa’lasiga yetdik.

Bir quduq tepasida to’xtab otlarni sug’ordik.O’zimizga biroz taskin berdik.Chindan ham Marv yo’liga qaraganda bu yo’l tinchroq ekan. Ertasi kuni kunduzi soat ikki yarimlarda sahro o’rtasida o’ttiz-qirq tuya kelayotganini ko’rdik.To’ramchi ot choptirib borib qaytib keldi. Ma’lum bo’ldiki, “Obodiy” qishlog’i yaqin bo’lib, u yerga tuyalar suv olib kelgani ketishayotgan ekan.Bir soatdan so’ng qishloqqa yetib bordik.Yo’lda To’ramchi:
-Agar sizlardan birov biror narsa so’rasa, biz xivaqning savdogarlarimiz, mol va tuyamiz yo’qolib qoldi, shuni izlab yuribmiz deb aytinglar,-deya uqtirdik.

Bu yerda To’ramchining qavmidan bir kishi bor ekan. Bizga ehtiromlar ko’rgazib mehmonga chaqirdi.Ovqatlanib bo’lgach To’ramchi, “ turinglar, tezroq ketaylik”, deya ishora qildi. O’rnimizdan turib manzilga otlandik, biroz masofa o’tgach Axalga yetib keldik. O’zlarimizni biroz o’nglab oldik.Go’ktepada yana to’xtab oldik, andak nafas rostladik.Bu yerlar o’zbeklar tasarrufiga kirmasdi. Sirimiz oshkor bo’lmasdan burun Mashhadga borish rejasini tuzib qo’ydik.Ittifoqo Mammmisardorning otasi Toshliboy Go’ktepada ekan. To’ramchining ham ba’zi qarindoshlari shu joyda bor ekan. Mammisardor birinchi kecha uyiga ketdi. Otasiga men to’g’rimda gapiribdi.Toshliboy bizga nihoyatda ehtirom ko’rsatib quyuq mehmondorchilik qildi. Men Mammisardor va To’ramchidan iltimos qilardimki,” men to’g’rimda hech kimga og’iz ochmanglar, biron noxush voqeaga duchor bo’lishimiz mumkin”, deb. Shunga qaramasdan besh soat o’tar-o’tmas, o’ttiz-qirq ming oilali Go’ktepa turkmanlarining barchasi bizdan xabardor bo’libdilar.

Ularning kadxudolari to’da-to’da bo’lishib meni ko’rgani kelishar, salom-alik qilishib bizga hamdardlik bildirishardi.Biroz suhbatlashib ovqatlanib o’tirgach, yo’l charchog’ini yozish uchun mizg’idim. Ular o’zaro suhbat mavzuini boshqa yo’singa burishdi:
-Biz endi Mammisardorning bu qilmishi tufayli xivaliklarga dushman bo’ldik.Demak karvonlarimiz Xivaqqa bora olmaydi.
Toshliboy ham o’g’lining foydasi uchun va o’zi ko’p pul va in’om olishni ko’zda tutib,ularning gaplarini ma’qullashdi.

Ular o’zaro maslahatlashib meni yana Xivaqqa qaytarishga qaror qilishdi.Mammmisardor meni uyg’otib voqeadan xabardor qildi. Qattiq iztirobga tushdim.
-Satangga va boshqa kadxudolarga ayt.Ular bu fikrlaridan qaytishsin, ularga ko’p in’omlar va ehsonlar beraman,-deya yolvora boshladim.Shu qadar tushkunlikka tushdimki, bu kulfatlardan qutulish uchun o’zimni o’ldirmoqchi ham bo’ldim.Xudoyim olampanoh shahanshohimning ostonalarini yana bir marta ziyorat qilishimni hohlagani uchun ham bu ish sodir bo’lmadi.Nihoyat Toshliboy bilan yana bir marta uchrashib uning oyog’ini o’pdim.Lekin bu bilan ish bitmadi.Qur’oni karimni o’rtaga qo’yib qasam ichdim.400 tuman pul, 30 chopon in’om etishga va’da berdim. So’zlarimga ishonishmadi.O’g’limni garovga qo’yishga to’g’ri keldi.

Ertasi kuni Axal katxudolari Avazberdixon, Shixliboy, Muhammad Qo’shoqlar bizni yo’qlab keldilar. Bir piyola choy ustida ular bilan suhbatlashib o’tirdik.
Kezi kelganda ularning fikr mulohazalarini aytib o’tish lozim deb hisoblayman:
-Biz, turkmanlarning orzu-umidimiz Eron davlatiga jonimizni qurbon qilib unga xizmat qilishdir. Mamlakat osoyishtaligi yo’lida bu davlatga xizmat qilish biz uchun qarzdir.Qadimdan biz bu poydor davlatning vafodor xizmatkori bo’lganmiz.Jannatmakon xoqon Fatxalixon saroyida turkmanlar bir necha yil yuqori mansablarda bo’lishgan.Xuroson xonlari o’z foydalarini ko’zlab xiyonatkorona safsata, bo’htonlarni tarqatib bizni noumid mutahhamga aylantirdilar.Endilikda agar xotin, bola-chaqamiz bir parcha chit lozim bo’lib qolsa, tirikchilik qilish uchun Buxoro yoki Xivaqqa borishimiz kerak. Har qalay o’sha paytlarda Dajoz va Bibinvardga borib ehtiyojimizni qondirardik.Agar biz turkmanlar orasida biror o’g’ri qaroqchi yoki qotil chiqib qolsa, darrov ularga xabar berib ogohlantirardik.Agar bu odatlarini tashlashmasa, yurtdan quvardik va og’ir gunoh qilgan bo’lsa, uni o’ldirardik. Magar o’zimiz bu ishni amalga oshira olmasak, Xuroson hokimlariga axborot berardik.

Marvdan to Qizilravotgacha yuz ming xonadon turkman oilasi istiqomat qilishadi.Dehqonchilik, ba’zilari tijorat bilan shug’ullanadilar.Albatta, ular tinch-omon yashashni hohlaydilar va atrofdagi barcha davlatlardan ko’ra Eron himoyasiga ko’proq muhtojdirlar.

Zero, dehqonchilik , tijorat bilan mashg’ul bo’lgan xalq tinch va osuda o’tirishi uchun davlat panohida bo’lishi kerak.Biron noxush kor-hol yuz bersa, turkmanlar mol-mulki, bola-chaqasi omon qolishi uchun Urganch va Xivaqning qum sahrolaridan panoh izlaydi.Maqsad ayollar, bolalar asir tushmasligi va mol-mulk, talon-taroj bo’lmasligi kerak.Ularning besh-olti ming ot va tuyasi suvsizlikdan, jazirama issiqlik va pashsha-chivinlar dastidan qirilib ketgan.Ular deydilarki:
-Ahli ayolimiz ichida kasallik tarqaldi.Davlat bizlardan butunlay yuz o’girdi.Mutahham va badnom bo’ldik.Xuroson xonlari Tehronga borsalar, hali shaharga kirmasdanoq har xil bo’htonlar bilan turkmanlarni badnom qilishardi.Ammmo marhum akang Abbosqulixon Mirpanjiy Xuroson sarhadlarida ma’mur bo’lganida turkmanlar bilan yaxshi muomilada bo’lardinglar.Agar bizdan biror narsa zarur bo’lsa, akangdan hech narsani darig’ tutmasdik.Endilikda ham mana shunday munosabatlar bo’lishini istaymiz.Eron podshohining xudoga shukur, katta-katta o’g’lonlari bor…

Mazkur gaplardan so’ng yonlaridan Qur’oni Karimni chiqarib,
— Biz aytgan barcha so’zlarni bekamu-ko’st podshoh huzurida aytib beraman, deb qasam ich,-deyishdi,-umidimiz-xudoning marhamati, kalomi majidning barakati bilan zora biz bechoralarning so’zlari podshohning muborak qalblariga ta’sir qilsa.
Men ularning arzini podshohga yetkazish salohiyatim yo’qligini aytdim.
-Podshoh saroyida katta amaldorlar ko’p, o’shalarga yozinglar.Albatta ular arzingizni shahanshohga yetkazadilar yoki Xuroson valiysi shahzoda Xusamussaltanaga murojaat qilinglar,-dedim. Ular ilova qilib yana shuni dedilarki:
-Biz turkmanlar ichida vatanparvar va sodiq kishilar bor bo’lishi bilan bir qatorda yo’lto’sar va qaroqchilar ham bor. Har toifadan bir necha suvoriy olib yo’lga tushing, agar yo’lda biror kori-hol yuz beradigan bo’lsak, ularning o’zlari chorasini ko’radilar.

Ertasi kuni tole yor bo’lib, o’g’limni garovga qoldirib, har toifadan yetmish kishi bilan har biriga uch tuman va bir xalat va’da qilib , yo’lga tushdim. Qushxona qishlog’i, Garmob qa’lasi yaqiniga borib, ular orqaga qaytdilar. O’n yillik asirlikdan so’ng o’zimni Eron sarhadida ko’rib xudoga shukurlar qilib, sajdaga bosh qo’ydim. Keyingi kuni Qushxonada manzil qildik. Olloyorxon Qushxonachi meni va hamrohlarimni mehmon qilib nihoyatda hurmat ehtiromimizni joyiga qo’ydi. So’nggi kun Shirvon Ko’changa keldik. Amir Husaynxonning onasi bizni uch kun mehmon qildi. U yerdan Xuroson vaziri Mirzo Muhammad Husaynga, akam Abbosqulixon Mirpanjiyning o’g’li Mustafoquliga va Xurosondagi boshqa a’yonlar va do’stlarimga qochib kelganligim xususida bir qancha xat yozib yubordim.Ular ham katta ehtirom bilan istiqbolimga chiqdilar.

Xudoning marhamati bilan zulqa’da oyining yigirma yettinchi kuni Mashhadga kirib keldim. Dastavval borib Ali bin Muso Ar-Rizo qabrini ziyorat qilishga musharraf bo’ldim. So’ngra vazir Mirzo Muhammad Husayn uyida manzil tutib davlat rahbarlari nomiga qaytib kelganligimni bildirib noma yozdim. Undan so’ng o’g’limni qutqarish va pul to’plash fikriga keldim. O’n-o’n besh kun davomida Mirzo Hasanali va boshqa tanish savdogarlardan turkmanlarga va’da qilingan pul va uch yuz ellikta xalat hamda boshqa narsalardan iborat anjomlarni tayyorlab qo’ydim. Ehtiyot choralarini ko’rib, Amir Husaynxondan ellik nafar shomxolchi va Mirzoahmad Husayndan bir necha suvoriy olib, mabodo turkmanlar hiyla-nayrang qilmasin degan xayol bilan Mashhaddan Qushxonaga keldim. Bir yuz ellik suvoriy yollab Garmobga bordim. Turkmanlarni yig’ib oramizda neki ahdu paymon qilingan bo’lsa, hammasini keltirganligimni aytdim. Ko’chon kadxudolarining garov odati bo’yicha ularning uyiga bordim, ammo xalatlarni bermay turdim. Ular ham maqsadimni darhol tushunishdi va o’g’limni keltirishdi va o’zlariga atalgan pullarni, xalatlarni olishdi. Sahro elining taomili bo’yicha ularning mo»tabar odamlarini yana bir kecha-kunduz ehtirom qilib ziyofat berdim. O’sha kuni kechasi menga hamroh bo’lib, Mashhaddan kelgan ayrim shaxslar shunday dedilar:
-Bunday qulay fursat hech kimga nasib qilmaydi. O’ttiz-qirq nafar turkmanni qo’lga olib, bergan hamma narsalaringni qaytarib ol.Buning ustiga turkmanlar har bir kadxudo uchun o’n ming tillo tovon puli berishadi.

Men bu ig’vogarona gaplardan achchiqlandim:
-Siz Xuroson ahli, hech qachon o’z ahdu paymoningizda turmagansiz va turmaysizlar.Agar siz shu ishni qilmoq istasangiz, tanimda jonim bor ekan, bunga yo’l qo’ymayman. Albatta, siz buning oqibatini o’ylamaysiz. Axir turkmanlar ichida o’n-o’n besh ming davlat navkar va sarbozlari bor. Bu gap ularning qulog’iga yetsa, u bechoralarning zavoliga sabab bo’lasiz. Qolaversa, xalqlar orasida muruvvat va ishonch yo’qoladi. Ikkinchidan, shu paytgacha el orasida meni to’g’ri so’z deb bilishadi. Odamzod o’z obro’siga e’tibor qilib yashashi kerak.

Bu gaplardan so’ng ularni xotirjam qilib, turkmanlarni siylab xushnud etib, o’z yo’liga kuzatib qo’ydim. O’g’lim va boshqa hamrohlarim bilan yana Mashhadga qaytib keldim.
Yetti oy davomida hokim xizmatida bo’ldim. Qarzlarimni qanday ado etish tadbirini topa olmadim va shahanshoh huzuriga yo’l izladim. Mashhadda yashagan o’sha paytda ( 1280 hijriy yilning jumadil avval oyida) Kushedxon va Nurberdixon hamda boshqa taka urug’i kadxudolari o’z arizalari bilan shahzoda Xusomussaltana dargohiga kirdilar. Shunda haqiqatan ham ularga marhamat shafqat eshigini ochib, mehribonliklar ko’rsatib xalat va in’omlar berdi. Ularning har biri uchun kuniga bir tuman pul tayin qildi. Arizaning javobiga kelsak, u shunday mazmunda edi: “ Sizning Eron hukumati himoyasiga o’tish istagingiz sadoqat va xizmatga bog’liq. Podshohim navkar va raiyatni juda sevadi. Siz turkmanlarning gunohingiz agar davlat to’plarini qaytarib bersangiz, albatta kechirilasiz”.

Turkmanlar to’plar tayyor turganligini, biroq ularni tortish uchun maxsus aravalar yo’qligini aytishdi. To’pchi va otlar yuborsalar, albatta olib kelamiz, deb va’da berishdi. Bu gaplarni shahanshoh dargohlariga qarz so’rab borganimda eshitdim. Keyin ne voqealar sodir bo’lgani menga qorong’u.Lekin shu narsa ayon bo’ldiki, turkmanlar va’da etilgan to’plarni qaytarib berishmabdi.

XIVAQ ( XORAZM )NING YER MAYDONI

Bu mamlakat-Xorazm deb ataladi. Jayxun bo’ylab cho’zilgan bu o’lkaning uzunligi taxminan qirq farsax keladi. Jayxun sohilining har ikki tomonida ekinzorlar va o’zbek qa’lalari joylashgan. Yer maydoni oz, eni tor, kichik o’lka.Daryoning har ikki sohilida ekiladigan yerlari ko’p emas.Xivaqning shimoliy va janubiy yo’nalishi bo’ylab aholi yashaydigan joylarning har ikki tomonini katta qumlik egallagan. Qumlikda obodonchilik nishonasi topilmaydi. Qoraqum bir yuz yetmish farsax masofani tashkil etadi. Sho’raxon, Buxoro va Xo’qand yo’nalishida-Xivaq shimolida joylashgan. Shimolda Xorazm ko’li ( Orol dengizi) yaqinlarida qozoq, qoraqalpoq elatlari yashaydilar. Janubiy-sharqda Marv, Axal, Tajan, Mashhad va Astrobod joylashgan.

Qirq farsax masofali yer maydonidan o’n besh farsaxi obod va ekiladigan joylar hisoblanadi. Qa’la yaqinida qishloqlar ko’zga tashlanadi. Xivaq tasarrufidagi asosiy qa’lalar soni beshta: Bu qa’lalar daryo bo’yida joylashgan:
Birinchi qa’la Hazorasp. Jayxun labigacha bir farsax masofaga ega. Bu qa’la Xorazmning eng qadimiy qa’lalaridan biri sanaladi.Mustahkam va yaxshi bino etilgan. Uning to’rt tomoni besh yuz qadam xandaq bilan o’rab olingan.
Atrofdagi ariqlarga suv kelganda qa’la atrofida yurish mumkin bo’lmay qoladi. Tevaragi to’qayzor va qamishzor.Qa’la aholisi taxminan sakkiz ming kishi. Qa’la atrofidagilarni ham hisobga olsak, yigirma ming kishini tashkil etadi.
Ikkinchi qa’la -Xonaga ( Xonqa qa’lasi nazarda tutilayapti-U.B.) hisoblanadi. Obodon va me’morchiligi o’rtacha shahar. Shahar aholisi sakkiz ming kishi. Atrofdagilarni qo’shib hisoblaganda o’n besh ming kishini tashkil etadi.
Uchinchi qa’la-Yangi Urganchdir. Yangi Urganch Jayxundan bir yarim farsax masofada joylashgan. Xonqaga qaraganda obod va taraqqiy etgan shahar. Aholisi o’ttiz ming kishini tashkil etadi.
To’rtinchi qa’la-Xorazm poytaxti Xivaq shahri. Daryo bilan oralig’i olti farsax.Aholisi taxminan 40000 ( qirq ming) kishidir. Xorazmning mo»tabar shahridir.
Beshinchi qa’la-Gurlang ( Gurlan nazarda tutilayapti-U.B.) Uning aholisi atrofdagilarni ham qo’shganda o’n besh ming kishidan oshadi. Bu besh qa’laning barchasi Jayxun sohillari bo’ylab joylashgan.

Xivaq (Xorazm ) yerining boshlanishi Pitnak qa’lasidan shimolga qarab cho’ziladi va Ko’hna Urganch, Qo’ng’irotga borib taqaladi. Ko’hna Urganch Jayxungacha ikki farsax masofani tashkil etadi.Xarob ahvolda. Taxminan yetmish-sakson oila istiqomat qiladi. Mazkur besh qa’ladan tashqari ko’plab e’tiborga loyiq qishloqlar va qa’lalar bor.Masalan, Sho’raxon qa’lasi yoki qoraqalpoq elati yashaydigan “Bek” qa’lasi va boshqalar…

Xorazmning jami aholisi besh yuz ming kishini tashkil etadi.Shundan uch yuz ming kishi o’zbeklar; o’zbeklar ikki toifaga bo’linadi: birinchisi mang’it va ikkinchisi qipchoqlardir. O’zbeklardan tashqari boshqa qavmlarni sart ataydilar.Zichligi jihatdan o’zbeklar sartlardan ko’pdir. O’zbeklar sartlarni o’z navkar qo’riqchilari deb biladilar. Butun xalq dehqonchilik bilan kun kechiradi. Hatto xonning o’zi dehqonchilik va ziroatga bosh-qosh bo’ladi. Ularning asosiy ekinlari bug’doy, sholi, mosh, kunjut, paxta, jo’xori hisoblanadi.Poliz ekinlaridan qovun –tarvuz, qovoq, bodirng ko’p. Bu mamlakat-boylar vatani.Mevalaridan eng zo’ri uzum va olmadir. Nashvati ( nok), o’rik, olxo’ri ham ko’p va rang-barangdir.Ammo aholisi unchalik mevaxo’r emas, faqat tabib buyursa dori-darmon sifatida ko’proq tanovvul qilishlari mumkin.

HARBIY KUCHLAR VA QO’SHINLAR SONI

Harbiy qo’shin o’zbek, qozoq va qoraqalpoqlardan iborat .Saroy navkarlarining umumiy soni sakkiz ming nafar.Turkmanlarning aniq bir lashkari yo’q.Xonlikda ikki shoxali, o’n ikki to’pi bor.Shulardan oltitasi ot bilan harakat qilishga mo’ljallangan.To’plarni harakat qildirish Eronning qadimgi usullari tarzida qo’riqxonasiz harakatlanadi.Harbiy safarlarda to’plarning o’q-dori va snaryadlarini boshqa-boshqa aravalarga yuklab olib yurishadi.

Zobit va harbiy mansabdorlar soni ming kishiga yetadi.Xivaq harbiy qo’shinlarining navkarlari kasb-kori, hunari yo’q odamlardan iborat.Ularning o’n ming nafar qo’shinidan orasta va muazzam bo’linma sifatida ikkita otryad polkni ajratib olish mumkin.Ularning “Turkistoniy” deb shuhrat qozonishiga turkmanlar sabab. Turkmanlar o’zbeklarni faqat ikki jihatdan himoya qilishadi. Biri-diniy mazhabiy birlik va yana biri asir sotib olish. Agar turkmanlarning Xivaq va Buxorodan boshqa asirlarni olib borib sotadigan joyi bo’lganda edi, Xivaq va buxorolilarning o’zlarini ham olib borib sotishardi. Xivaq xonlaridan bir nechtasini turkmanlar o’ldirgan. Xivaq davlatining kuch-qudrati yoki zaifligi o’sha turkmanlarga bog’liq bo’lgan.Chunonchi, asir bo’lib yurgan paytlarim ba’zi yovmut va go’klan mo’ysafidlari Eron davlatini istab arzi-hol qilishardi.
Aytishardiki, agar Eron davlati turkmanlarning asir sotish rasmini joriy qilsa, besh yil ichida davlatga dushman bo’lgan turkmanlarni bola-chaqasi bilan birga Eronga keltirib sotgan bo’lardi. Hozirgi paytda Rusiya davlati Jayxun sohili bo’ylab butun Turkistonni bosib olish niyatida, inglizlar davlati esa Afg’oniston yo’li orqali kelib, bu o’lkani olish fikrida. Qaysinisi ularni oldin bosib oladi, buni bir xudo biladi.

VOHADA YASHOVCHI QOZOQ, QORAQALPOQ VA TURKMAN ELATLARI, XORAZM XONINING ULARGA MUNOSABATI HAQIDA

Xonlikda to’rt millat kishilari yashaydilar. Ular o’zbek, qozoq, qoraqalpoq va turkmanlardir.Turkmanlar yovmut, yumrali, qoradoshli, alieli , go’klan va boshqa qavmlardan iborat. Yovmut elidan boshqa hamma turkmanlar Eronga tobe bo’lishgan.Ya’ni Kuchan va Darjez xonlarining tasarrufida edi. Turkmanlardan yigirma ming nafari ahli yovmut hisoblanadi.Bu elatni Olloqulixon va Muhammad Rahimxon zamonida Gurgon, Qorayob qa’lasi Darjez, Obivard va Niso tog’lari etaklaridan istilo qilib olib kelishgan.Ularni qum etagida joylashtirishgan.So’ngra o’n yil davomidagi tartibsizliklar va Muhammad Aminxon o’ldirilganidan so’ng, ular o’zlarining qadimiy maskanlariga ketishdi. Xurosonda bir mard yo’qki, ularni o’z tomoniga og’dirib o’zlariga tobe qilsa.

Chovdur eli qadimda Xoji Tarxon atrofida makon tutgan. Ularni Olloqulixon va Muhammad Rahimxon o’zlarining kuchga to’lgan paytlari Xoji Tarxondan olib kelib Xo’jayli va Qo’ng’irot qa’lalaridan manzil bergan. Bu qozoq, qoraqalpoq, chovdur va boshqa turkmanlar ikki yuz ming kishi bo’lgan.Ulardan bir yuz yigirma mingini qozoqlar, o’ttiz mingini qorqalpoqlar tashkil etgan. Mazkur qozoq, qoraqalpoqlarni to’ntarish va tartibsizliklar davrida ruslar bosib oldi va hozir ular rus davlatining mulki hisoblanadi.Nochor qarovsiz qolgan qoraqalpoqlardan taxminan o’n ming oila boqimanda bo’lib Xivaq xonlariga tobedirlar.

XIVAQ XONINING AYRIM RASM-RUSUMLARI

Xon libos kiyish jihatidan boshqa odamlardan unchalik farq qilmaydi. Ya’ni xon kiyinishda o’zgacha zeb bermaydi, faqat bosh kiyimida qimmatbaho jig’asi bo’ladi.Xon jig’asining bahosi ellik-oltmish tuman bo’lsa kerak. Otliq yurganida otning dumiga yaltiroq kumush bezaklar taqiladi. Otga minish oldidan uch marta surnay chalinadi. Otga minishi bilan bir bor karnay chaladilar.

Xonning g’ayri odatiy qiliqlaridan biri shuki, uning o’zi chilim chekmaydi. Mahram deb aytiluvchi xizmatchi-chilimni yaxshi chekib, tutuniga kosa to’lgandan so’ng, tutunni chiqarmasdan xonning ro’parasiga kelib o’tiradi va chilimning nayini uning og’ziga tutadi. Chilimning orqa tomonida bir kichik teshigi borki, o’sha joyni mahram tutun tashqariga chiqmasligi uchun barmog’i bilan berkitib turadi.So’ngra o’sha teshikka labini qo’yib puflaydi, xon hamma tutunni og’ziga to’ldirib, keyin nafas chiqaradi…Buni men xon huzurida bo’lganimda, ya’ni salomga kirganimda bir necha bor kuzatganman.

…Xon kelganlarni qabul qilish uchun devonxonada o’tiradi.Salomga kiruvchi shaxslar muayyan aniq kishilar emas.Balki kim hohlasa, o’sha odam bemalol uning oldiga kira oladi.Xon mehtar to’ra va shunga o’xshagan katta martabali kishilarga o’tirishga izn beradi.Boshqa toifadagi kishilar esa xon huzurida salom berib, qoidaga ko’ra fotiha o’qib qo’lini yuzi va soqoliga tortib qaytib ketadilar. Agar biror kishi hadya olib kelsa, xon ochiq chehra bilan qabul qiladi. Masalan, birov o’n dona olma keltiradi, yana boshqa birov bir barra qo’zichoq.Xonga nimaiki had’ya keltirsa, ayb sanalmaydi.Hatto men shunday bir hodisaning guvohi bo’ldimki, bir kuni qaysidir bir qassob xonga had’ya tarzida qo’yning yurak-bag’ri va bir necha qo’chqor tuxumini keltirdi. U esa bundan bag’oyat xursand bo’ldi.

“SALG’UT” DEB ATALUVCHI MOLIYA YIG’IMI TO’G’RISIDA

Xivaqda ziroat va dehqonchilik bilan keng miqyosda shug’ullanuvchi katta yer egasi yo’q. Mo»tabar amaldorlar va mol-mulk egalari hamda yer sohiblaridan uch tillo quyma oltin olinadi.Buning qiymati oltita kichik tilla tangaga teng. O’rtahol odamlardan ikki tillo, uncha boy bo’lmagan va ozgina yeri bo’lgan kishilardan bir tillo soliq olinadi.Faqir xalq bundan mustasno.Ular xon devoniga mutlaqo hech narsa to’lashmaydi.Umumiy soliq miqdori bir yuz ellik ming tilloga teng keladi.

Xivaq tasarrufida qolgan o’n-o’n ikki ming qoraqalpoq elidan olinadigan soliqqa “maddi zakot” deb atashadi. Soliq undirish quyidagicha: bir qo’y-Eronning uch abbosiy puliga to’g’ri keladigan bir tanga; bir sigir ikki tanga, bir ot-uch tanga, bir tuya-besh tanga, hammasi bo’lib o’n ikki tillodan oshmaydi.
Xivaqning boshqa daromadi boj va xirojdan keladi. Chit gazlamalardan qirqdan bir ulush olinadi. Agar yo’llar ochiq va tinch bo’lib karvonlar bordi-keldi qilib tursa, undan yiliga yigirma besh ming tillo daromad olinadi. Qul yoki cho’ri sotgan bir tillo boj to’laydi. Chilim tamaksidan alohida boj olinadi va u o’ttiz ming tilloni tashkil qiladi.Hammasi bo’lib jami viloyatlar davlatga ikki yuz ellik ming tillo foyda keltiradi.Xivaq xonining yana boshqa manfaatlari “inoq”, ya’ni valiahd yoki boshqa a’yonlar va akobirlarga bog’liqdir.

Darhaqiqat, fuqarolar gardanida solg’utga o’xshagan soliqning yana bir turi mavjud.U ham bo’lsa, katta Jayxun daryosidan saksonta kanal qazilib, Xorazm dasht-sahrolariga suv borgach, yerlar o’zlashtirilib dehqonchilik qilinadi.Har yili bir marta mazkur kanallar bahor paytida ( o’ttiz kun davomida) tozalanadi.Buni turkiy tilda “qazuv” deydilar.Mazkur ishni amalga oshirish uchun raiyatga yana soliq solinadi.Chunonchi, kimki bir tillo “solg’ut” bergan bo’lsa, bir tillo qazuvga havola qiladi.

Xorazmda xonning o’zi a’yonlari bilan birga besh-olti kun manzil-bemanzil to Jayxungacha to’xtab o’tadi.Ya’ni, o’sha anhordan ekinzorlarni sug’orib o’tirgan kishilar og’irini yengil qilish maqsadida kanalni tozalash uchun har bir besh jeribiga (besh gektar) bitta yollanma ishchi beradi.Ana shu tarzda Jayxunga borib tutashuvchi suv yo’li ochiladi.Suv kerak bo’lmay qolgan paytda yana kanalni soqasidan berkitadilar.Mayda qumlar ko’p to’kilib qolishi sababli kanallar bir yilda ikki marta tozalanadi.

Xorazmliklarning noma’qul odatlaridan biri chilim yoki nos chekishidir.Oddiy fuqarodan tortib xonlargacha nos yoki chilim chekishni odat qilganlar.Bir mullo kishini viloyat muhtasibi etib sayladilar va unga rais deb nom berdilar. U shariat talablarini hamda bozordagi narx-navoni belgilangan me’yordan ( farmon bo’yicha) oshib ketmasligini nazorat qiladi. Agar birovning qo’lida , hoh qozikalon bo’lsin, hoh boshqa amaldorlar bo’lsin, chilim ko’rib qolsa, uni chekish bid’atdir va bu o’z molini yoqishdir, deb tanbeh beradi.
Rais chaqirilmagan joyga bormaydi. Agar iznsiz birovning uyiga boradigan bo’lsa, u yerda chilimni ko’rsa, uning ta’zirini beradi.Agar rais biror vaqt ish bilan xon majlisiga borib qolsa yoki xonning o’zi uni chaqirtirsa, ushbu majlisda chilim keltirish ma’n etiladi. Xon uning oldida chilim chekishga jur’at etolmas ekan, boshqalarga yo’l bo’lsin.

RUSIYANING XORAZM TEVARAK-ATROFLARINI BOSIB OLISHI

Rusiya bundan o’n-o’n besh yillar oldin Ho’qand xonligining asosiy qa’lalaridan biri Oqmasjidni (1853 yilda-U.B.) bosib oldi.So’ngra boshqa joyga yurish qila olmadi. Xorazmga yurish qilish amrimahol edi.Zero, cho’l-qumdan iborat bir yuz ellik farsax masofa yo’l bosish, to’p va lashkarni harakatga keltirish juda mushkul ishdir.

Biroq ruslar yaxshi tadbirlar belgilab qozoq va qoraqalpoq elini o’zlariga tobe etdilar.Ularni soliqdan ozod etishdi. Qozoq va qoraqalpoqlarning kadxudolarini davlat xizmatchisi sifatida izzat-ikrom ko’rsatdilar. Ayrimlarini Maskov, Peterburg sayohatiga olib ketdilar.O’rislar daryo lablarida qa’lalarini sharoitlariga qarab harbiy istehkom sifatida qura boshladilar. Bu tadbirlar Sirdaryoning dengizga quyiladigan joyidan uch farsax masofada amalga oshirildi. Natijada hozirgacha taxminan qirq-ellikta qa’la qurib, ularni zaruriy o’q-dori, soldatlar bilan to’ldirib mustahkam qildi. Mazkur qa’lalarda qirq ming nafar qo’shin bilan garnizon tashkil etdi va qo’shimcha ravishda o’ttizta jangovar kemani daryoda tayyorlab qo’ydi.Chamasi uch yil oldin Toshkentni bosib oldi. Toshkent, Ho’qandning mashhur va mo»tabar qa’lalaridan hisoblanadi. Ruslar Toshkentni olgandan so’ng Turkiston va Xorazmni to’la bosib olish rejasini tuzib qo’ydilar.

Ilgari Xivaq xonlari har qanday yovga mone’ bo’la olishardi va ruslarning daryodan o’tib biror yerni tasarruf etishiga imkon bermasdilar. Ammo bu o’n-o’n ikki yil ichidagi tartibsizliklar va isyonlar Xorazm o’zbeklarini holdan toydirdi. Fursatdan foydalangan ruslar Xorazm atroflarida bemalol yuqoridagi katta ishlarni olib bordilar. Shu kunlarda ular Qo’ng’irotdan to’rt farsax narida joylashgan hududlarda yuqorida aytilgan ishlarni amalga oshirmoqdalar. Agar yerlik aholidan biron kishi ularga ziyon yetkazmoqchi bo’lsa, ular iltifotlar bilan:
-Siz Xorazm xalqi och-nochor bo’lib qoldingiz, kelinglar, biz sizlarga pul, ozuqa beraylik,-deb ularni o’zlariga og’dirishmoqda.

Buxoro amiri ham ruslarga qarshi hech qachon taarruz qilmagani sababi inglizlarning ikkinchi Hindistoni bo’lib qolishidan qo’rqishadi. Olloqulixon va Muhammad Rahimxon 1 kabi iqtidorli Xivaq xonlari har yili chegara atrofidagilarning adabini berar va dengizdan chiqishga mutlaqo yo’l qo’yishmasdi. Hozir bo’lsa o’zbek xonlarida bunday jasorat yo’q. Ruslar shu fursatdan foydalanib hohlagan ishlarini qilmoqdalar…

XIVAQ XONLARINING CHET ELLAR BILAN MUNOSABATLARI

Xivaq xonlari yon qo’shnilari Buxoro, Qo’qon, Usmonli Turk va Eron mamlakatlari bilan turlicha munosabatda bo’lib kelganlar. Ayniqsa, Rum sultoni Xalifatullohning nomini masjid minbarlaridan duo-fotihaga qo’shib o’qitganlar.

Qadimda kimki Xivaq xoni bo’lsa faxrlanib yurishi uchun Usmonli Turk davlatidan “yuqori” mansabga ega bo’lgan va buni iftixor ramzi deb bilgan. Hozir unaqa his-tuyg’u yo’q. Ammo avval aytilganidek xayrihohlik va vafodorlik izhor qilishadi. Ingliz davlati ham ular qalbiga yo’l topgan va Xivaq ham o’z manfaatlarini ko’zlab do’stona tashqi siyosatini ilgari surmoqda.

Ba’zan ingliz davlatidan bu yerga elchilar kelib ruslarga dengiz bo’ylarida qa’la qurish masalalari bo’yicha maslahatlar beradi va ahyon-ahyonda agar to’plar o’q-dori lozim bo’lsa, hojatini chiqaradi. Chunonchi, Xivaning to’plarini ingliz davlatidan muhandis va to’psozlari kelib qo’yishgan. Xivaning hamsoya davlatlardan faqat Erondan xavfi bor. To’g’ri, ular Erondan bir necha marta ziyon zahmat ko’rishgan. Nafaqat xivaliklar, balki Buxoro va boshqa Turon davlatlari ham xavotirdalar. Asirlik davrimda eshitgan edimki, Marvda turkmanlar qo’liga tushgan Eron davlati to’plarining har biriga buxoroliklar besh ming tuman berib sotib olisharkan.

Xivaqdan Buxorogacha bir yuz qirq farsax va Ho’qandgacha bir yuz sakson farsax yo’l. Hirotgacha ham bir yuz sakson farsax va Qobulgacha ham shuncha keladi.
Xivaqdan to Marvgacha bo’lgan masofa bir yuz yigirma farsax.Butun yo’l davomida obodonchilik oz, suv ham serob emas.Bu masofani tuya karvoni o’n to’rt kunda bosib o’tadi. Suvoriy o’n bir kunda yetib boradi. Bu masofaning yettita mavzesida suv olish uchun quduqlar qazishgan. Bu yerdagi quduqlar soni har xil, ba’zi yerda olti-yettita va ba’zi yerda o’n-o’n ikkita. Ularning chuqurligi ham bir-biridan farq qiladi.Ya’ni yigirma gazdan (1metr) yetmish gazgacha. Ularning oralig’i va nomlari quyidagi tartibdadir: Xivaqdan Sokchagacha-to’qqiz farsax.Qaboqli qudug’idan Xonquyigacha-yigirma bir farsax. Xonquyidan Ojiquyigacha-yigirma besh farsax.Bu quduqning suvi ozgina talxroq.Shu sababli “oji” derlar. Ojiquyidan Chashmagacha yigirma besh farsax.Chashmadan Qizilqumgacha o’n besh farsax.U joyning qumi qizil bo’lganligi sababli Qizilqum deydilar. Qizilqumdan Marvgacha o’n farsax yo’ldir.

Bu quduqlar shu daraja sersuvki, har biri o’n mingdan ortiq odamni suv bilan ta’minlaydi. Mazkur quduqlarning og’zi besh-olti metr keladi. Bu quduqlardan suv olgan otliq-suvoriylar iloji boricha ko’proq yo’l yurishlari va qaerda kech tushsa shu yerda tunab o’tishlari lozim. Marvdan Mashhadgacha bo’lgan manzillarning nomini ilgari aytgan edik.Xivaqdan Darjezgacha bo’lgan masofa bir yuz qirq farsaxdir.

Xivaqdan to’qqiz farsax masofa yo’l yurib Soqchaga kelish kerak va Darjez yo’li bu yerda Marv yo’lidan ajraladi. Soqchadan Sarobgacha o’ttiz farsax.Sarobdan Sho’rquyigacha yigirma besh farsax.Sharquyidan Xonquyigacha ham yigirma besh farsax va bu Xonquyi Marv yo’lidagi Xonquyi emas.Xonquyidan to Ishqobodgacha o’n bir farsax.Ishqoboddan Darjezgacha yigirma farsax yo’ldir. Xivaqdan Astrobodgacha ikki yuz farsax va bu yo’llarning ko’pchiligi obodonchilikdan yiroqdir.Bu manzillardan o’zim yurmaganligim sababli o’sha joylar nomini yozishni lozim topmadim.

XORAZMLIKLARNING AYRIM RASM-RUSUMLARI VA ODATLARI HAQIDA

Xon xizmatidagi eng mo»tabar shaxslarga “inoq”-valiahd, so’ngra mehtar, qushbegi va devonbegilar kiradi. Undan keyin o’z ishi bilan mashg’ul mirob, rais, devon xodimi, qozikalon, askarlar qozisi, va mahallalari mullolari kabi o’ttiz ikki amaldor bor. Bu kishilarni joy-joyiga qo’yishlar, o’z mansabidan tushirish yoki ko’tarish xonning vazifasiga kiradi. Faqat mahalla mullalari rais ixtiyorida. Shuningdek, bu shaxslardan bo’lak kishilar o’z rasmiy muhrlariga ega emas edilar.Mazkur uchala vazir o’ttiz ikki amaldordan boshqa shaxslarga ham mansab va nishon sifatida rasmiy muhr beradi.

Xivaqda rasmiyatchilik shu darajada kuchliki, agar bir o’ymakor yoki hunarmandga yuz tuman pul berilishi lozim bo’lsa, xon ruxsatisiz muhr qo’yishmaydi. Agar biror kishining yer-mulk egasi ekanligi haqidagi hujjati yoki qarz olganligi to’g’risidagi tilxati bo’lsa, qozi muhr bosadi. Boshqa barcha zarur ishlar-nikoh varaqasidan tortib to xon , inoq, to’ra, mehtar va boshqa a’yonlarning vazifasigacha qozikalon vazifasiga kiradi. Tasodifiy yoki baxtsiz hodisalar to’g’risida hukm chiqarish harbiy qozi zimmasida hisoblanadi.
Xorazmliklarning yeyish ichishi juda oddiy. To’y va ziyofatlarda ovqatning bir turi bilan qanoatlanadilar. Ot va sigir go’shtini ko’p iste’mol qilishadi, qo’y go’shti kam iste’mol qilinadi.

Xivaqda ko’pincha zig’ir yog’i va paxta yog’i ishlatiladi. Xon va katta amaldorlar dumba va kunjut yog’idan qilingan taomlarni tanovvul qilishadi. Mol va qo’y yog’ini shirchoyga solishadi.
Palovni qobuliy deb ataydilar. Xon va amaldorlar har oyda bir, ikki martadan ko’p qobuliy yemaydilar va ko’proq ot yoki mol go’shtidan pishirilgan qaynatma sho’rvani xush ko’radilar.

To’y-ma’rakalarda eng ko’p xarj etiladigan bazm xatna to’yidir. Har qanaqa dabdaba va xursandchilik shu to’yga xos.Xatna qilinadigan bolani xo’b ziynatlab kiyintirishadi. Otga mindirib uyiga yaqin bo’lgan ko’chalarni aylantirib kelishadi.Bir necha kun aysh-ishrat va xursandchilik bilan mashg’ul bo’lishadi.

Nikoh to’ylarida qozi bir kosada suv to’ldirib qizning oldiga qo’yadi:
-O’z taningni falonkasga bag’ishladingmi yo yo’q?-deb so’raydi.
Qiz:
-Bag’ishladim,-deb javob beradi

Shundan so’ng qozi o’sha suvdan ichib “ bismillohu ollohu akbar” deydi. Boshqa o’tirganlar ham shu suvdan ichadilar va qozi nikoh bitimini joriy etadi.
Ularning qalin puli to’qqiz sonidan aylanadi. Masalan, ikki to’qqiz tillo, uchta to’qqiz tillo yoxud to’qqiz-to’qqiz patir non kabi.

Xon va boshqa a’yonlarning qizlari uchun to’qsonta to’qqiz tillogacha qalin puli belgilanadi. Aza-motam yig’inlarida Erondagidek xatmi Qur’on va boshqa ehtiromlar yo’q. Kimki ta’ziyaga kelsa, yoddan bir-ikki oyat tilovat qilib ketaveradi.Mayitning rizoligi uchun hayrot qilish odat bo’lib qolgan.Hayrotning mazmuni shundan iboratki, yig’inga ikki-uch mullo keltiriladi.Mayitning qarindoshlari o’rtaga bir qilich qo’yib uning dastasiga ro’mol bog’lab ro’molning bir burchagiga qudrati yetganicha pul o’rab turadi. Shu tariqa o’lgan kishining tark etilgan ro’za namozining gunohlarini o’z gardanlariga olish uchun haligi mullolarni rozi qilishadi. Mullolar pulni olib “mayyit qarzidan forig’ bo’ldi” deb siyqa o’qiydilar.

Xorazmning barcha shaharlarida haftada ikki marta bozor bo’ladi. Ba’zi shahar va qishloqlarda dushanba va payshanba , ba’zilarida shanba va chorshanba kunlari va yana har xil. Butun o’zbek
zoti hamisha maxsi bilan yuradi. Hatto xon ham ertalab chakmonini kiydimi to yotish vaqtigacha yechmaydi.Tahorat qilganda maxsi yuzidan mas’h tortadilar.Qisqacha qilib aytganda uyda o’tirganda ham, salomga borganda ham, masjid va boshqa ehtiromli joylarda yurganda ham, qo’yingki iflos yomon joylarda ham maxsida yurishadi.Agar namoz o’qimoqchi bo’lishsa, maxsini gazlik ( etik pichog’i) bilan tozalab uyga kiradilar.

Hukm chiqarganlarida hech kimni ayamaydilar. Har kimning xonga arzi bo’lsa muayayn paytda, hech qarshiliksiz uning huzuriga kira oladi. Xonga taaulluqli har nima bo’lsa, uning o’zi chuqur tekshirib ko’rib hukm qiladi.Agar shariat bilan bog’liq ish bo’lsa, qoziga murojaat etadi. Mahallalardagi mayda-chuyda ishlarni esa zikr etilgan kichkina mullolar hal etadi.Xon devonidan chiqadigan hukm va farmonlar qisqa, lo’nda va aniq bo’ladi.
Faqir shu xolis so’zlar ila yaxshi irim qilib kundaligimni poyoniga yetkazdim.” Alhamdullilohu avvalan va oxiran va zohiran va botinan”.

Tehron, 1280 hijriy ( milodiy 1864) yil.

Komil NURJON, Umid BEKMUHAMMAD
MIRPANJIYNING NOYOB MEROSI
So’ngso’z o’rnida
05

077

Eron va Turon xalqlarining siyosiy, ijtimoiy, savdo va madaniy aloqalari tarixi eramizdan avvalgi ming yilliklarning o’rtalariga borib taqaladi. Buni ko’hna Sug’diyona va Xorazm davlatlarining qadimiy Samarqand, Buxoro, Xiva shaharlari, “Avesto” va “Shohnoma” asarlari, qadimiy yozuvlar, ashyoviy yodgorliklar, afsona, ertak va dostonlar hamda Xorazm vohasidagi va boshqa hududlarimizdagi forsiy toponimlar isbotlaydi.

Turkiyzabon xalqlar Abulqosim Firdavsiy, Xisrav Dehlaviy, Abdurahmon Jomiy, Sa’diy Sheroziy, Kamol Xo’jandiy kabi zabardast shoir va allomalarning asarlarini o’z ona tillarida o’qiganlaridek, Al-Xorazmiy, Beruniy, Pahlavon Mahmud, Najmiddin Kubro,Lutfiy, Navoiy, Ogahiy asarlarini eroniylar o’z ona tillarida o’qiganlar. Qolaversa, ajdodlarimizning ijodiy, ilmiy asarlarini fors tillarida ham bitganligini ham nazarda tutsak, fors tilida bitilgan yuksak ijod, ilm namunalari turkiy tilga Feruzxon davrida tarjima qilish keng yo’lga qo’yilgani ham madaniy aloqalar o’z o’tmishiga ega ekanligini ko’rsatadi.

Fors-tojik adabiyoti durdonalarini turkiy tilga o’girishdek sharafli ishni Navoiy va Ogahiylar yuksak mahorat bilan bajarishgandi.Ushbu xayrli ish Bobur Mirzo va Muhammad Rahimxon 2-Feruzxon davrida yanada yuksaklikka ko’tarildi.

Shuni alohida qayd etish joizki, so’nggi yuz ellik yil davomida Eronda turkiyshunoslik, O’zbekiston va boshqa chet ellarda eronshunoslik fani vujudga keldi. O’zbek va xorij eronshunoslari X.Ritter, P.Shpuler, V.Xints, J.Kameron, X.Beyli, V.V.Struve, A.YU.Yakubovskiy, YE.E.Bertel`s, SH.Shomuhammedov, B.G’ofurov,B.Mannonov, Z.Rahmonqulova, O.Masolieva, O.Mutalov, N.Polvonov,Ismoil Bekjon, kabi olimlar bu sohada salmoqli ishlarni amalga oshirdilar.Lekin ularning e’lon qilgan asarlari adabiyot, san’at va madaniyat tarixiga bag’ishlangandir. Ayni choqda Eron va Turon xalqlarining so’nggi asrlardagi harbiy va fuqarolik tarixi bo’yicha tarjima asarlari juda ozdir. Biroq Rossiyadagi sharqshunoslik, xususan eronshunoslarning olib borgan ilmiy faoliyatlariga, xususan ular chop etdirgan kitoblarga nazar tashlasak, ularda fanning bu tarmog’i jadal rivoj topayotganini ko’rish mumkin.

Jumladan, A.Gotovtsev, G.Benderov, A.Domontovich, F.I.Yeliseev, A.G.Yemel`yanov, I.YE.Zaxarin, D.I.Ismail-zada,N.G.Korsun,V.S. Markov, M.X.Muguev, A.V. Shishov, A.B.Orishev, S.M.Aliev, Z.A.Arabadjyan, A.V.Basov, S.YE.Belikov, O.K.Berezin, M.I. Volodarskiy, I.Genin, I.A.Gilyazov, YU.G.Golub, A.I.Demin, YE.A. Doroshenko, A.S. Yerusalimskiy, I.I.Koroboynikov, YU.L.Kuznets, N.M. Mamedova, A.B.Orishev, I.I. Palyukaytis, S.P.Rudnix, L.Xavas singari yuzlab tadqiqotchilarni va ular chop etdirgan ko’plab kitoblarni misol keltirish mumkin.

Shu kabi aynan Mirpanjiy asirlikka tushgan davr haqidagi AQShning Yel` universiteti professori Feruz Qosimzodaning “Bor`ba za vilyanie v Persii .Diplomaticheskoe protivostoyanie Rossii i Anglii” nomli kitobi ham Moskvadagi “Tsentrpoligraf” nashriyotida 2004 yilda chop qilindi. Bundan tashqari Eronning o’zida ham Rossiya va sharqdagi boshqa qo’shni davlatlar bilan Eronning munosabatlari, diplomatik aloqalari bo’yicha ham ko’plab asarlar chop qilingan bo’lib, ulardan ham Xorazm tarixiga oid ma’lumotlarni olish mumkin.

X.Ahmadiy, M.X.Adamiyot, F.Bino, A. Jaxanboniy, Manuchehr Muhammadiy, A.Masudiy, A.X.Mahdaviy, S. Nafisiy, M.A.Forug’iy, M.G. Hidoyat, M.A. Shamidiy, A.M. Ehtasham-Oluya singari olimlarning asarlarini yuqoridagi turkumga kiritish mumkin.

O’sha davrga oid har ikki do’st xalqning yaqin o’tmishdagi tarixini aks etdiruvchi memuar asarlar ozmuncha yaratilmagan.Shu jihatdan olib qaraydigan bo’lsak, 1854-64 yillarda Xivada asirlikda bo’lgan Eron generali Ismoilxon Mirpanjiyning 1280 hijriy ( milodiy 1864) yilda yozilgan va 1991 yilda Tehronda nashr etilgan “Asirlikdagi xotiralar” nomli memuar asari diqqatga sazovordir. Aynan istiqlol sharofati bois ushbu risola o’zbek tiliga tarjima qilindi.

Asarni shartli ravishda uch qismga ajratish mumkin. Birinchi qismda ( Safoiddin Tabbariyonning so’zboshisida) qadimgi Xorazm va Eron-Xorazm munosabatlari haqida, ikkinchi qismda Eron generali Ismoil Mirpanjiyning Marv, Xivada boshidan kechirgan sarguzashtlari, uchinchi qismda esa xorazmliklarning 19 asr o’rtalaridagi ijtimoiy-siyosiy ahvoli, urf-odatlari, qo’shni mamlakatlar -Eron, Turkiya, Afg’oniston, Rossiya, Buxoro bilan savdo, madaniy aloqalari to’g’risida fikr yuritiladi. Mazkur asarda bayon etilgan tarixiy voqealar Ogahiyning “Jom’e-al-voqeati sultoniy”, “Gulshani davlat”, Bayoniyning “Shajarayi Xorazmshohiy” kitoblaridagi tilga olingan ijtimoiy-siyosiy hodisalarni tasdiqlaydi va to’ldiradi, aniqlik kiritadi.

Ma’lumki, qudratli Eron davlati Nodirshoh (1688 -1747 )hokimiyatni egallagan 1736 yildan kuchaydi. U turkiylarning afshor urug’iga mansub bo’lib, u nafaqat Erondan, balki Kavkazdan to Hind daryosigacha bo’lgan hududda imperiya tashkil etdi. Afsuski, 1747 yildagi Nodirshohning o’limidan so’nggi 3 yil ichida Nodirshoh barpo etgan Afshoriylar sulolasi ( 1736-1795) bir necha bo’lakka bo’linib ketdi. Nodirshohdan so’nggi Ali Odil, Ibrohim, Shohruh sulola vakillari davrida sulola vakillari davrida davlat yanada ojizlanib qoldi.Afshoriylar itoatida faqat Xuroson qoldi.

Eronda bo’lsa lur qabilasiga mansub Muhammad Karim Zand (1750-1794) boshboshdoqlikdan foydalanib hokimiyatni egalladi. Natijada, 19 asrning ikkinchi choragidan boshlab Marv, Saraxs, Bayramali, Mazduron, Daragaz, Mashhad, Nishopur va Mozandarondagi Astrobod tumanlari Xiva xonligi bilan Eron shohlari o’rtasidagi talash maydonlariga aylandi.
Bu hududlarga xonlik fuqarolarining bosqini ko’plab uyushtirilib, aholining asir sifatida Xiva, Buxoro bozorlariga olib borib sotilishi, eronliklarning ham javob hujumlari uyushtirilib turishi 19 asrda odatiy holga aylanib qolgandi.

Xiva xonlari 1825-1855 yillarda bir necha bor Mashhad, Oqdarband, Marv, Saraxs qa’lalari uchun jang olib bordilar. Shunday janglardan birida Xiva xoni Muhammad Aminxon boshidan judo etiladi.Eron generali Mirpanjiy bo’lsa qo’shinlari ichidagi ixtilof bois asirga aylanadi.

Ogahiy o’zining “Jome’-al-voqeati sultoniy” asarida quyidagilarni yozib qoldirgan: “ Ismoilxon sartib hibsga olindi”.Ushbu voqea hijriy yil hisobi 1270 yil ramazon oyida ( 1853-54 yillar) Qorayobda sodir bo’lgan edi.

Mirpanjiy, uning o’g’li va hamrohlari xonlikda asirlikda saqlanayotgan kam sonli kishilar emasdi. Erondan 1842 yilda elchi qilib yuborilgan Muhammad Alixon G’afurning “Xorazm safari kundaligi”, 1851 yili Xivaga kelgan Rizoqulixon Hidoyatning “Saforatnomayi Xorazm” nomli xotiralariga tayanadigan bo’lsak, o’sha davrlarda birgina Xiva xonligida 30 mingga yaqin Eronlik asirlar saqlanardi.Ularning ko’pchiligi bosqin-talash, urushlar sabab xonlikka keltirilgan va vohada turli yumushlar bilan bandi insonlar edi.

O’sha davrda 30 ming nafar inson xonlik uchun kattagina raqam-aholi hisoblanardi. Agarki vaqtdan ilgarilab, 1903 yilda nashr etilgan V.Girshfel`d, N.M.Galkinning “ Voenno-staticheskoe opisanie Xivinskogo oazisa” ( Toshkent, str-113-114) kitobiga murojaat qiladigan bo’lsak, XX asr boshida xonlik aholisi 519 439 kishi bo’lgan. 27 beklik, mavzedan iborat , Buxoro amirligidan Orolbo’ylarigacha va turkman qo’mliklaridan Erongacha bo’lgan hududda tabiiyki, 19 asr o’rtalari, Mirpanjiy asir tushgan davrda yanada ozroq aholi istiqomat qilgan bo’lishi mumkin.

Agarki, Mirpanjiyning ushbu asaridagi ma’lumotga tayanadigan bo’lsak, Hazoraspda 20 ming, Xonqada 15 ming, Yangi Urganchda 30 ming, Xivada 40 ming, Gurlanda 15 ming kishi istiqmat qilgan. Xonlikda aholi asosan beklik markazlaridagina gavjum bo’lib yashar, ovul, qishloqlarda xutorxo’jalik shaklidagi dehqonlar ommasi yashar, tabiiyki ular orasida eronlik qullar ham ko’p edi.

XX asr boshlarida, Buxoro amirligiga chegara Pitnakda 1000 xonadonda o’rtacha 7 kishidan istiqomat qilgan bo’lsa, turkmanlar ko’proq Qaradoshli mavzesidagi 200 xonadonda o’rtacha 7 kishidan istiqomat etardi. Biroq poytaxt Xivada 10000 xonadon bo’lib, bu shahardayam o’rtacha 7 kishidan yashab istiqmat qilgan.(O’zMARDAVARXIV, i-125, 1-ro’yxat, 526, 528 sahifalar).
Xiva bozoridagi qullar savdosi esa eng ko’p savdo qizg’in joy bo’lib, badavlat, o’zining qaysidir ishiga arzon ishchi kuchi kerak puldor hohlagancha qulni sotib olishi mumkin edi. Tabiiyki, o’tmishdagi illatli bu vaziyat 19 asr o’rtalarida xonlik tuzumi uchun odatiy hol bo’lgan. Bu haqda yuqorida eslatilgan eronlik elchilarning asarlaridan o’qib bilib olish mumkin.Tabiiyki, Eron davlati xonlikdagi qullarni ozod qilish uchun muzokaralar olib borgan.Bunday diplomatik muzokaralar Yalangto’shxon, Hoji Mirzo E’timoduddavla, Nodir Mirzo, Muhammad Alixon G’afur, Rizoqulixon Hidoyatlar tomonidan 19 asrning turli yillarida Xiva xonligiga uyushtirilgan.

Shu bilan birga Eron bilan yaxshi munosabatlarni saqlab qolish va aloqalarni kuchaytirish maqsadida 1812-1852 yillar oralig’ida Xorazmdan Eronga Bekish xalifa, Nodir sardor, umarshayx, amirxon, Badirxonbek, Muhammad Husaynbek, Bekniyoz mahram, Durdibek, Muhammad Sharif singari elchilar ham borib kelishgan.
Har ikkala musulmon , bir-biriga qo’shni, do’stona millatlar o’rtasidagi aloqalarni o’sha vaqtdagi ikkita qudratli imperiya- Chor Rossiyasi va Britaniya singari mustamlakachi davlatlar kuzatib turishgan.Ular O’rta Osiyo borasida raqobatlashayotgan, o’z manfaatlaridan kelib chiqib voqealarga nigoh tashlab turishgan, voqelikni o’z strategiyasiga moslab o’zgartirishni istovchi davlatlar edi. Ularning bunday hatti-harakatiga tarixiy faktlar mavjud.

Masalan, qojorlar sulolasidan bo’lgan Muhammadshoh Xiva va Buxoroga Hoji Mirzo E’timoduddavlani elchi qilib jo’natmoqchi bo’lganida, bundan xabar topgan inglizlar o’zlarining Tehrondagi elchisi o’rinbosari polkovnik Shelni elchiga hamroh qilib qo’ymoqchi bo’lishadi. Tabiiyki, bunday hamrohning elchilik ishiga xalaqit berishini anglagan Eron davlati, mazkur safarni turli bahonalar bilan kechiktirishadi.1842 yildagi Muhammad Alixon G’afurning elchiligiga esa hamroh sifatida Angliyaning Tehrondagi vakillaridan Vil`yam Tomson tanlanadi.

Agarki, Muhammad Alixon G’afurning xotiralariga murojaat qiladigan bo’lsak, Britaniya fuqarosining eronlik elchi bilan Xivada bo’lishi, diplomatik faoliyatga zarar yetkazgan. Masalan, Tomson diplomatiya etikasi doirasidan chiqib, M.A.G’afurni o’zboshimchaliklari va ayrim qiliqlari bilan mushkul ahvolga solib qo’yishadi.

Sharqshunos Ismoil Bekjonning mulohazasicha, “ albatta ularning bu ishlari tagida Eron-Xiva aloqalarini buzishga, tezroq urush chiqarishga intilish kabi nayranglari borligi yaqqol sezilib turadi.Ma’lumki, bunday mojaroning oqibatlari Eron va O’rta Osiyo mamlakatlari uchun juda fojiali bo’lishi va yana har xil kutilmagan hodisalarga olib kelishi muqarrar edi.Bunday urushda ikki tomon ham zaiflashsa yoki kutilmagan sabablarga ko’ra u cho’zilib ketsa, bu yurtlarga ko’z olaytirayotganlarning oshig’i olchi bo’lajagi ma’lum edi.Shu sababli ham Olloqulixon ularning Eron elchisi bilan birga kelganliklarini yoqtirmaydi va buni elchiga ochiq aytib qattiq xafa bo’ladi. Ammo Muhammad Alixon G’afur Xiva xoni e’tiroziga qarshi so’z topolmaydi, bu bilan esa ularni chorasizlikdan olib kelganini bildiradi. Xullas, ikki oy davom etgan muzokaralar deyarli natijasiz tugaydi. Xorazmdagi o’ttiz ming nafar eronlik tutqunlardan birortasi ham ozod qilinmaydi”.

Bu 1842 yildagi, Mirpanjiy asirlikda saqlanmasdan oldingi holat.Ahvolning shu tarzda qolaverishini Chor Rossiyasi ham kuzatib turgandi. Ma’lumki, Kavkazdagi rus-eron urushida yengilgan Qojorlar sulolasi davlatining shimoliy-sharqiy hududiga Chorizm ham ko’z olaytirayotgan davr edi o’shanda. Mintaqa bo’yicha Angliya-Rossiya raqobatining kuchayotgani Eronni Xiva xonligi bilan mustahkam , yaxshi qo’shnichilikni yo’lga qo’yish, birgalikda g’arbdan bo’ladigan mustamlakachilik bosqinlarining oldini olish choralarini izlashga majbur qilardi.Ilgari Qojorlar sulolasi xivaliklar bosqini borasida har ikkala imperiyaga murojaat qilib yanglishgandi. Masalan, 1839 yil boshlarida Chorizmning Tehrondagi elchisi Eron tashqi ishlar mahkamasiga murojaat qilib, Kaspiy bo’yidagi Novo-Aleksandrovsk qa’lasiga 1833 yili xivaliklar hujum uyushtirayotganini, shu sababli Rossiyaning urush harakatlarini boshlab yuborishga tayyorligi ma’lum qilingandi.
Qojorlar sulolasining Rossiyadan bosqinlar bo’yicha yordam so’rab qilgan murojaati oqibatda o’zlariga dushman bo’lib chiqqani Eron hukumatini tashvishga soladi.Negaki, chor qo’shinlari Kaspiydan chiqib hujum qilishsa, Saraxs, Axal, Tajan, Niso, Obivard, Marvni tezda qo’lga kiritar, bu esa ilgari qojorlarlarga qarashli hududning chor imperiyasi qo’liga bir umr o’tishini anglatardi.

Aynan shuning uchun ham Tehron hukumati har ikkala imperiya vositachiligisiz, o’z elchilari orqali bevosita Xiva xonlari bilan muloqot qilishga kirishadilar.Yalangto’shxon, Hoji Mirzo, Nodir Mirzo, Rizoqulixon singari diplomatlarning Xorazmga qilingan elchiligi aynan shu maqsadda amalga oshirilgandi.

Ma’lumki, samara berishi yoki natijasiz tugashiga qaramay, diplomatiya sohasi davom etaveradi, yoxud qisman muammolarga yechim topiladi.Yuqoridagi va boshqa elchilarning safarlari ham shunday bo’ldi.Afsuski, Eron davlatining generali Mirpanjiy 10 yil asirlikda saqlanayotgan davrda savdo-sotiq aloqalari kuchaygan bo’lishiga qaramay, asirlikdagi qo’mondonni ozod qilishga Tehron hukumati shoshilmadi. Tabiiyki, o’zga elda o’n yil tutqunlikda saqlanish inson uchun katta jabr.Biroq Mirpanjiydek harbiy qo’mondonning asirligi harbiylarga xos kuzatuvchanlik sohibi uchun keyinchalik qo’l keldi.

Eron generali o’n yil Xiva xonlarining asiri sifatida saqlangan 1854-64 yillarda, Xorazm va uning atroflarida ko’rgan va eshitgan voqealarini qamrab olgan hisobot tayyorladi. Harbiy qo’mondonning qojorlar sulolasi humdoriga hisobot tarzida tayyorlagan asarida voqealar xolisona yoritgan.To’g’ri, u ayrim siyosiy tarixiy voqealarni o’z nuqtai nazardan ,Eron generali sifatida sharhlaydi va baholaydi.

Biroq u “Rusiya Xivaq va Qo’qon xonliklari chegaralarida 30-40 qa’la-istehkomlar qurdilar.Toshkentni bosib oldilar, endi butun Turkiston va Xorazmni bosib olishni ko’zlamoqdalar”, deganida ming karra haq bo’lib chiqdi.
“Asirlikdagi xotiralar”ning muallifi Ismoil Mirpanjiy aravakashlik qilib yurgan 1863 yilda venger sayyoh olimi Herman Vamberi Xivaga darvesh qiyofasida kelib ketgani tarixdan ma’lum. Taqdir bu ikki jahongashtani Xivada uchrashtirmadi.Lekin ular bir xil mavzuda bir-biriga o’xshash asar yozdilar.Har ikkala muallifning asarlari Xivaning harbiy strategrik yo’llari, iqtisodiy geografiyasi va urf-odatlarini ta’rif va tavsif etadi.

Memuarning ahamiyatli tomoni shuki, unda Mirpanjiy davr taqozosi bilan Ogahiy, Bayoniy kabi bobokalonlarimiz ayta olmay ketgan tarixiy voqealarni to’la anglashga yordam beradi. Muhammad Alixon G’afur, Rizoqulixon Hidoya kabi eronlik diplomatlarning asarlaridagi voqealarni to’ldiruvchi manba hisoblanadi. Memuar tarix, geografiya o’qituvchilariga, tarixshunos, o’lkashunos tadqiqotchilarga tariximizni o’rganishda boshqa asarlarga taqqoslab o’rganuvchi manba hisoblanadi.

Memuarning ilmiy ma’naviy ahamiyatini chuqur anglab, uni xorij safaridan olib kelgan sharqshunos Quvomiddin Munirovga, tarjimon Nabibullo Hasanga, o’z amaliy maslahatlarini bergan, Urganch Davlat Universiteti dotsenti, sharqshunos Abdulla Ahmedovga o’z minnatdorchiligimizni bildiramiz.

Mirpanjiyning xotiralari xonlikka qarashli turkmanlar qo’lida asirlikda saqlangan frantsuz kaprali Gulibef de Blokvilning asarini esga soladi. Ma’lumki, Eron davlati odatiy hujum- Marvni bosib olishga tayyorgarlik ko’rib o’z qo’shini safiga frantsuz kapralini ham kiritgandi. Qo’shinga maxsus chaqirtirlgan frantsuz mutaxassisi Blokvil Marv atrofidagi sug’oriladigan yerlarning xaritasini tuzib, Eron shohiga taqdim qilishi lozim edi. Tabiiyki, Yevropalik kapral o’z xavfsizligini o’ylab, mabodo turkmanlar qo’liga asir tushgudek bo’lsa, ularning qo’lidan qutqarilishi to’g’risida Eron hukmdori Nasriddinning muhri bilan tasdiqlangan shartnoma tuzgandi.

1860 yilda ( ya’ni Mirpanjiy Xivada asirlikda aravkashlik qilib yurganida) Eron qo’shini Xiva xonligiga tobe turkmanlar bilan bo’lgan jangda yengiladi. Natijada frantsuz kaprali Blokvil asir tushib, turkmanlar zindoniga tashlanadi. 28 yashar yosh kapral umrining 14 oyini Marvning Qo’ng’ir qishlog’ida mahkumlikda o’tkazishga majbur bo’ladi.
Uni turkmanlar bandiligidan qutqarib olish, shartnomada tasdiqlangan holatga ko’ra sotib olishga Eron hukumati harakat qilmaydi .Jorj Anri Gulibef de Blokvilni katta pul evaziga sotish umididagi xo’jayini Egamurodning ham hafsalasi pir bo’ladi.

Shu tariqa Blokvil Qo’ng’ir qishlog’idagi pastqam zindonda to’rt yuz yigirma kun tutqunlikda saqlanadi. Keyinchalik u ozodlikka erishgach “Turkman diyoridagi o’n to’rt oy asirlik” nomli xotira kitob yozib, butun dunyoga mashhur bo’lib ketdi.

Xiva xonligida bandilikda saqlangan bu frantsuz asari, umuman o’z o’lkasi tarixini yaxshi bilgan turkman adibi Otajon Tog’on, ana shu kundalik asosida “ Begona” nomli roman yozdi. 1965 yilda Moskvadagi Jahon Adabiyoti institutini tugatib to 1993 yilgacha Rossiyada, yozuvchilar uyushmasida turkman adabiyoti bo’yicha maslahatchi bo’lib ishlagan Otajon Tog’onning bu asari frantsuz va turkman kinochilari tomonidan ekranlashtirildi. Natijada Otajon Tog’on nomi ham, Gulibef de Blokvil nomi ham butun dunyoga qaytadan mashhur bo’ldi.

Agarki, Ismoil Mirpanjiy asari, yoki yuqorida eslatganimiz Muhammad Alixon G’afur, Rizoqulixon Hidoyatlarning safarlari ham badiiy fil`mga aylantirilsa, 19 asr Xiva xonligida ro’y bergan voqelik kino ekranlari orqali keng ommaga namoyon bo’lardi.

Xullas, tarixda o’rgansa, saboq chiqarsa arziydigan voqealar, asarlar ko’p. Eronlik Ismoilxon Mirpanjiyning memuari ham bizningcha shunday asarlar jumlasidandir.

* Fors tilidan Nabibullo Hasan tarjimasi.
Nashrga tayyorlovchilar: Komil Nurjon, Umid Bekmuhammad.

04

(Tashriflar: umumiy 1 049, bugungi 1)

Izoh qoldiring