Xiva xonligi tarixidan 11 lavha

011   Эронлик генерал Исмоил Мирпанжийнинг «Асирликдаги хотиралар» китобининг биринчи қисми билан танишдингиз. Иккинчи қисмни диққатингизга тақдим этишдан аввал асарда акс этган 1854-64 йиллардаги айрим воқеалар, ўша давр шахслари, хонликда ҳукм сурган сулолалар, умуман ўша давр муҳитига оид лавҳалар билан таништиришни лозим деб топдим. Ўйлайманки, бу мақолалар Мирпанжий тасвирлаган даврни янада кўз ўнгингизда ойдинроқ тасаввур қилишга ёрдам беради (Муаллиф изоҳи).

 ХИВА ХОНЛИГИ ТАРИХИДАН
ЛАВҲАЛАР

Умид БЕКМУҲАММАД
012

МИНОРАСИ БИТМАГАН МАДАМИНХОН

077

— Сиз подшоҳсиз, мен эса бир қулингизман, мақсадингиз мени ўлдириш бўлса, ўлдиринг, қулни ўлдириш учун ҳам туҳматомуз сўзлар айтиб, баҳона излаб ўтирасизми?-деди Бекниёз девонбеги Хива хони Абдуллахонга таъзим бажо айлаганича…  Ёқуб меҳтарнинг ғийбати боис девонбегини ғоят ёмон кўриб қолган хон қаътий ҳукм қилди.Унга кўра, Бекниёз девонбегининг тишлари уриб синдирилиб, Англиядан келтирилган аслаҳа-тўп оғзига солиб отилди.

1855 йилда бўлган юқоридаги ўта даҳшатли ҳукмга сабаб, яқиндагина Хива ҳукмдори қилиб Ёқуб меҳтар томонидан кўтарилган Абдуллахон , Бекниёз девонбегининг халқ орасидаги обрўсидан қўрқиб, у мени нолойиқ кўраяпти, деб ўйлаганида эди. Зеро, девонбеги Сарахсда ўлдирилган хон-Мадаминхонга ғоят садоқатли бўлиб, улар Абдуллани эмас, бошқа бир адолатпарвар шаҳзода Саййид Маҳмуд тўрани хон қилиб кўтармоқчи эдилар.Негаки, юртга Мадаминхоннинг амалга ошмаган ниятларини рўёбга чиқарадиган ислоҳотчи хон керак эди.иМадаминхоннинг эса кўпдан кўп ниятлари ўзи бино қилдираётган минора сингари чала қолди.

1846-55 йилларда Хива хони сифатида ҳукм сурган Мадаминхон тарихда Хоразмнинг довруғини таратган хонлардан саналади.Унинг даврида бўйсунмас ёвмутлар ҳам тўла итоат этдирилади.Хонликда солиқлар камайтирилади.Деҳқончилик ривож топади.

Айниқса, 1850 йилдан қурила бошлаган 130 ҳужрадан иборат мадраса 3 йил ичида тўла битказилади.Хивадаги энг катта мадрасалардан бўлган Мадаминхон мадрасасига ажратилган вақф ердан йилига 12000 ботмон (1 ботмон -20 кг) ва 5000 тилло даромад олинар ва бу маблағ мадраса мударриси ҳамда талабаларга тақсимлаб бериларди. Шунингдек, Ангариқ қишлоғида боғ ҳамда хоннинг ҳовлиси ҳам қуриб бошланганди. Мадаминхон номини тарихда қолдирган ва гарчи қурилиши тугалланмаган бўлсада, ғоят маҳобатли Калтаминорни Хивадаги энг машҳур ёдгорлик, деса бўлади.  1853 йилдан барпо этила бошланган минорага кошинлардан сержило безаклар берилган бўлиб, ўша давр шоир ва тарихчилари ҳали битмаган минорани “Фалак айвонига қўйилган устун”, дея таърифлагандилар.

Айтганларича бор эди.Зотан, битмаган минора бўлсада, у Ичан қаълага кўрк бағишлаб турибди.Афсоналарга кўра, Мадаминхон минора тепасидан Бухоро кўриниб турсин, деб қурувчиларга кўрсатма берган.Негаки, хон Бухоро мирининг қизини ўғлига олиб бермоқчи, келиннинг ташрифини минорага чиқиб томоша қилмоқчи экан.

Ўша даврда тез-тез урушлар бўлиб тургани боис келажакда энг буюк мўъжизавий минора бўлади, деб ҳисобланаётган бунёдкорлик иши тўхтаб қолади.1855 йили Мадаминхон Марв яқинидаги Сарахс қаъласини қамал қилади.Ушбу қамалдан олдинги Йўлбарстепадаги жангда омад хиваликларга кулиб боққанди.Ўша жангда Мадаминхон буйруғига кўра, тўпчибоши Ҳошимхон иккита сариқ уруғилик жангчини тўп билан уриб, тилка-пора қилган ва саксон тилла мукофот олганди.

Сарахс қамалида эса Мадаминхонга ўқ тегиб, отдан йиқилади.Қурбонкал исмли душман жангчиси хонга қилич урмоқчи бўлади.Шундан кейин қози Раҳмонберди, Мусо тўралар ҳам хонни қутқаролмай, ўзлари шаҳид кетадилар.Сарахслик жангчи Ўроз Мадаминхоннинг ва яна олти нафар Хива аслзодасининг бошини танасидан ажратиб, Эронга олиб кетади.Гарчи Ўрозхон, Эрон шоҳи шу ишим учун мени тақдирлайди, деб ўйласада, хато қилганди.Негаки, ўша давр таомилига кўра, душман бўлса ҳам жангда давлат раҳбарининг бошини танасидан жудо қилиш гуноҳ ҳисобланарди.Шу боисдан Эрон шоҳи Насриддин Ўрозхонни бу қилмиши учун жазолаб, Мадаминхоннинг бошини ислом динига кўра ювиб, кафанга ўраб, дафн этдиради.Мадаминхон дафн этилган жойга махсус жавоҳиру тошлардан гумбазли мақбара бунёд қилдиради.

Шундан кейин хонликда:
Мадрасаси битиб минораси битмаган,
Мадаминхон муродига етмаган,
деган нақл пайдо бўлади.Ана шу воқеадан сўнг барпо этилаётган минора ҳам чала қолди.Бу вақтда Хивада хоннинг энг содиқ девонбегиси Бекниёз Бухоро амирининг қизини шаҳзода Абдулла тўрага унаштириб, тўй тараддудида юрганди.Отасининг ўлимидан сўнг Абдулла амирнинг қизига уйланишга журъат қилмади.Қиз ҳам унаштирилгани боис, ҳеч кимга турмушга чиқмай қариб вафот этади.

Бекниёз девонбеги янги хон Абдулла ( Мадаминхоннинг ўғли эмас, бошқа-У.Б.) томонидан тўп оғзига солиб отиб юборилганидан кейин Мадаминхоннинг ниятлари амалга ошмади.Сўнгги хонлардан ҳеч бири минорани тугаллашга журъат қилолмади.Чунки, сўнгги хонлар ирим қилиб, Мадаминхон Эрон билан бўлган жангда ўлдирилиб, боши у ёқда, танаси буёқда дафн этилганидан, минорани давом этдирсам, меним ҳам қисматим шундай тугаши мумкин, дея чўчишган.Қолаверса, ундан сўнг кўплаб хонлар тез-тез алмашиб, сарой ўйинлари, фисқу фасодлар уларни бу ишдан узоқроқ юришга мажбур қилган.Аммо чала қолган Калтаминорнинг ўзиёқ Хивага кўрк бўлиши билан бирга Мадаминхоннинг номини тарих зарварақларига абадий муҳрлади.

САМАРАСИЗ САФАР

“Хон ҳазратнинг овқатлари, асосан, от гўштидан тайёрланади, хон отнинг дурқуни ва нафсини ейди.Қаерда от ёки ёбу суйсалар, уларнинг дурқуни ҳамда нафси ул жанобникидир.Ҳеч кимнинг уни ейишга ҳаққи йўқ, фақат хон ҳазратлари учунгина йиғиб келтирилади.Хон уларни ўз қўли билан тозалайди, майдалайди ва пишириб ейди.Бу унинг энг яхши ва тансиқ таомидир…”

Юқоридаги жумлалар бевосита 1842 йили Хива хони билан учрашган ва воҳада бир қанча вақт бўлган эронлик элчи томонидан ёзилган.Муҳаммад Алихон Ғофурнинг сафаридан мақсад эса ҳар иккала давлат ўртасидаги зиддиятларни бартараф этишдан иборат эди.Келишмовчиликка сабаб хонликка қарашли ёвмудларнинг кўплаб эронийларни ўғирлаб, асир олиб, Хивада сотишлари бўлган.Бундан ташқари, Англия ва чор империяси турли баҳоналар билан ўз ҳудудларини Ўрта Осиё ерлари ҳисобига кенгайтираётган бир даврда, Хива ҳамда Бухоро амирлигидаги қул бозорларида 30 мингдан зиёд пирсиён-эронийликлар сотилганди.Шундай вазиятда Эрон ҳукмдорининг асирларни озод қилиш ҳақидаги таклифи билан элчи Хивага келганди.

— Очиғи, мен бу таклифнинг уддасидан чиқа олмайман.Одамни қийин аҳволга солиб қўядиган оғир таклиф.Сабаб шундаки, асирларнинг бариси раият ва халқ қўлида.Улар ҳаммасига пул тўлаб, харид қилганлар.Халқдан мулкини тортиб олиб, бундай жабр ўтказиш мамлакатимиз қонун-қоидасига тўғри келмайди.Асирларнинг умумий баҳоси ҳам чакана эмас.Майли, унча-мунча бўлганда бир иложини қилардим, аммо кўпини сотиб олишга қийналамиз.Яна таъкидлайман, халқдан зўрлик билан тортиб олиш қонунларимизга мутлақо зиддир.Орамизда шундай келишув бор: раиятдан ундирадиганимиздан бир динор ҳам ошиқча олмаймиз.Ҳаққимиз йўқ.Олсак, ҳар куни бизни минг маломатга дучор қилишади, ўз ҳолимизга қўймайдилар,-дея Хива ҳукмдори Оллоқулихон вазиятни тушунтириб, таклифни рад қилди.

Шу тахлит Алихон Ғафур ва у билан бирга Хивага келган инглиз Томсон (Вильям Тейлор Томсон-1837-1855 йиллар оралиғида Англиянинг Теҳрондаги элчихонасида молия масалалари бўйича атташе бўлиб ишлаган.Эрон подшоси сафарга халқаро миқёсда расмий тус берган бўлиб, униям элчига қўшиб юборганди.Томсон 1883 йили вафот этган) бир неча бор хон ва амалдорлари ила музокара олиб боришди.Бу вақт мобайнида Алихон Ғафур ва ҳамроҳи Хивада кўплаб воқеаларнинг гувоҳи бўлдилар.

“ …Хон ҳазрат салтанат ишларида шундай тартиб-интизом ўрнатганки, ортиғини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.Кунлардан бир куни бир амалдор шахснинг белбоғи дарахт остида ётган экан.Четдан келган бир одам белбоғни олиб, эгаси топилиб қолар, деган ниятда дарахт шохига илиб қўйибди.Белбоғ эгаси хон ҳазратга шикоят қилибди.Топган киши эса : “эгаси топиб осон бўлиши учун шундай қилган эдим”, деб ҳақиқатни сўзлаб берибди.Хон унинг қўлини кесишга ҳукм қилибди.Яъни, уни қуйидаги айб билан гуноҳкор деб топибди:” нима учун бировнинг молига рухсатсиз тегдинг? Ўзганинг молини дарахт шохига беижобат илишга қандай ҳаддинг сиғди?.

Хоразмда ўғри деган гапнинг ўзи бўлмаган. Бир мисол. Айтайлик, Ҳиротдан хоразмликлар кўчириб олиб келган жамшидий элидан биттаси ўғирлик билан қўлга тушибди.Хон ҳазрат биринчи марта уни огоҳлантириш билан чекланибди. Анча вақт ўтиб ўша одам яна ўғирликка қўл урибди.
— Сенга, бизнинг ҳудудда ўғирлик йўқ, демаганмидим? Тағин нега бу ёмон қилиқни такрорладинг?-сўрабди хон.
— Биз қабилачилик расми билан яшаймиз, қоида шу-жавоб берибди ўғирликда айбланган жамшидий.
Хон ҳазратнинг жаҳли чиқибди:
— Бизнинг қоидани ҳам биласанми?
— Йўқ.
— Бўлмаса билиб қўй, бизнинг қоидамиз-одам сўймоқ!-дебди хон.Сўнг ўғрининг гарданига урмоққа ( яъни, умуртқа поғонасини бўйин қисмидан синдириб, қаттиқ қийноқ билан ўлдиришга) ҳукм берибди.Хуллас, Хоразмда ўғри зоти-анқонинг уруғи”.

Гарчи хонликда Оллоқулихон шундай қаттиқ тартиб ўрнатган бўлса-да, давлатнинг ҳарбий қудрати ғоят паст эди. Шу боис ҳам бу ҳолни кузатган Алихон Ғафур ўз кундалигига киноя билан шундай битган:

Ту пиндори кэ тупаш қаълакуб аст?
Барои лулэйи хўб аст.

Яъни:
Тўпини қаълаларни вайрон қилувчи десанг, янглишасан,
Улар фаввора қувуридан ўзгага ярамайди.

Чунки,” хон ҳазратнинг доимий бўлмаган қўшинини йиққан пайтда чавандоз ва пиёда ҳаммаси бўлиб ўттиз мингга етади.Лекин суворийлардан шу ўттиз мингта ичида фақат тўрт-беш мингтасигина ишга яроқлидир.Чунки қолганлари туя ва ёбу минганлар.Ҳар ўнтадан фақат битта сарбозгина тўла ҳарбий аслаҳа билан қуролланган ва ўша тўрт-беш минг чавандоз ҳам эронлик жамшидий, темурий қабилалари ҳамда хуросонликлардан иборат.Ўн, ўн икки ғилдиракли ва тўрт дона уловга юклаб юриладиган тўплари бор, қолганлари улов ерда судраб юрувчи замбараклардир.Тўпхонасида уч юз ман борут дори(порох) ва тўрт юз дона ўқи бор”.

Алихон Ғафур ўз кундалигида Хива тасвири, озиқовқатлар тури, асирларнинг аҳволи, пойтахт билан бекликлар орасидаги масофа сингари кузатган-билганларини ҳам ёзиб қолдирган.

Шу тарзда 1842 йил икки ойдан кўпроқ давом этган музокаралардан сўнг, Алихон Ғафур ҳамроҳлари билан ватанига қайтиб кетди.Гарчи элчининг сафари ҳеч бир натижасиз тугаган ва улар асирлар масаласида мақсадига ета олмаган бўлсалар-да, “Рўзномайи сафари Хоразм” номли Ғафурнинг кундалиги 19 асрдаги Хоразм тарихини ўрганишда бошқа манбаларга таққослаб кўриладиган қимматли асар бўлиб қолди.

РИЗОҚУЛИХОННИНГ КЎРГАН КЕЧИРГАНЛАРИ

“Қишда лой ва ёзда тупроқ кўплигидан йўллар ва кўчаларда этиксиз юриш қийин. Хоразмда қиш шунақа совуқ бўладики, барча ҳовузлар, анҳорлар қаттиқ музлайди.Ҳатто, тошқин оқар улкан Жайхун дарёси суви устки қатлами пиёда-ю, от-аравада бемалол юрадиган даражада музлаб, одамлар ундан у қирғоққа, бу қирғоққа ўтиб қайтадилар. Ёзда Хоразм ҳавоси ниҳоятда иссиқ бўлади. Рўза кунлари ўша ерда бўлганимда кун узунлиги ўн олти соатга етган, ҳаво ҳам жуда иссиқ эди. Иссиқликка чидай олмай, баландлиги йигирма саккиз заръ бўлган ва ел тортувчи Кўшкка чиқиб олдим. Шунда ҳам кечаси иссиқдан димиқиб, пашшалар ниши ҳамласидан қўрқиб, сира ухлай олмасдим”.
Ушбу хотиралар Хоразмдан анча узоқ бўлган Европаликнинг эмас, унга қўшни Эронлик элчи Ризоқулихон Ҳидоятнинг сафарномасидан олинди.

Ҳа, Хоразмнинг нафақат табиати, географик жойлашуви, балки инсонларнинг феъл атвори, этнографияси, яшаш тарзи ҳам шундоқ қўшни давлат дипломатларини ҳайратлантирган .
Маълумки, ибтидоий иллат-қул савдоси туфайли 1873 йилгача сақланиб келган эроний асирларнинг хонликда сақланиши, ҳар иккала давлат ўртасидаги муносабатларни қайта кўриб чиқишга ундаган.Дипломатик сафар учун эса салоҳиятли, дунёқараши кенг инсон элчи қилиб тайинланган.

Эрон тарихида машҳур шоир, адиб, ношир, маърифатпарвар инсон сифатида қолган Ризоқулихон 1800 йили қожорлар сулоласига хизмат қилган Муҳаммад Ҳодихон оиласида Теҳронда туғилган эди. Ризоқулихоннинг шажараси асли Ўрта Осиёлик, бироқ ҳаётининг сўнгги даврларини Табрихда ўтказган , шу шаҳарга дафн қилинган Камол Хўжандийга бориб тақаларди. Айнан Эронда шу боис Ризоқулихоннинг авлод-аждоди обрў-эътиборли инсонлардан саналган.Ризоқулихоннинг ўзи ҳам Муҳаммадшоҳ Қожорнинг ўғли Аббос Мирзога мураббийлик қилган, вилоятларга ҳокимлик қилган.

Ризоқулихондан адабиёт ва тарихга оид кўплаб асарлар, нашр этдирган китоблар мерос бўлиб қолган. Ана шу асарлари орасида Хива хонлиги элчилигига доир “ Сафоратномайи Хоразм” номли хотираларидир. Ризоқулихон йўл машаққатларини енгиб ўтиб, тўрт ой давомида Хива хони, амалдорлари, эронлик тутқунлар, умуман воҳа аҳли билан мулоқотда бўлади.Табиийки, зиёлиларга, элчиларга оид ён атрофни синчиклаб кузатади.Уни Хоразмнинг тарихи ҳам, халқнинг урф-одати, маданий ва иқтисодий ҳаёт, воҳа табиати, хонликнинг бошқа давлатлар билан муносабатлари қизиқтирган.

Тан олиш керак, Ризоқулихон хонликка келган даврда Эронда олиб борилган ислоҳотлар, Европа давлатлари билан алоқаларнинг кучайганлиги сабаб, улар устунликка эга эдилар. Айнан шундан келиб чиқиб Ризоқулихон хонликка , одамлар турмуш тарзига шу нуқтаи назардан келиб чиқиб разм солади.

У хон амалдорларининг ўзига берилган зиёфатини шундай тасвирлайди: “ дастурхон келтириб қўйдилар, уларнинг қонуни бўйича ноннинг бир четидан ушатиб, оғзимга солдим. Сўнг чой келтирдилар. Шундан кейин таом тордилар. Таомлари хусусида ҳам айтайлик: гурунчни кунжут ёғи билан қайнатиб сўнг дамлайдилар. Шу қозонда пиширилган қўй гўштини ҳам дастурхонга алоҳида тортадилар. Фаррош боши таомларни дастурхонга териб чиқади. Хизматчи белининг чап томонига боғлаганча осилтириб қўйган пичоқ билан гўштларни суягидан ажратиб, таом устига қўяди. Туёқ суякларини уй эгаси олдига қўяди. Мабодо, ўтиришда жуда азизроқ бир киши бўлса, ўшанинг олдига қўяди. Қовуриб ва қайнатиб пиширилган сабзи ҳам шу таом устига қўйилади. Қайнатилган қўй калласини туёқли пойча билан алоҳида битта идишга солиб келтириб қўядилар. Гурунчга бироз сут қўшиб ош пиширадилар. Тортганда устида кунжут ёғи, унинг ичида эса қуриган ўрик ва бухоро олуси ва шунга ўхшаш нарсалар солинган бўлади. Хўришига гўшт ҳам пишириб қўйилади. Қовун, узум ёки анжир, ўрик каби қайси пишган мевадан бўлмасин, гоҳо уларнинг хоми, яъни довуччасини ҳам дастурхонга қўяверадилар. Катта-катта рус қанди, оқ новвот ва гулобни битта катта баркашга териб, дастурхон ўртасига қўядилар. Гўштни пиёз билан аралаштириб қовурсалар, уни чалов дейдилар ва бу уларнинг энг яхши овқатидир.

Хуллас, мен ул вилоятнинг энг яхши полиз меваси бўлган қовундан озгина ва нондан ҳам бир бўлагини синдириб, олма мураббоси билан едим. Сўнг дастурхон йиғиштирилиб , қўлларини ҳам шу дастурхонга атрдилар. Ёнимда олиб борганим офтоба ( қумғон) ва лаган бор эди, хизматкорларим дарров ҳозир қилишди. Қўлимни ювиб, сочиқча билан артдим. Шундан сўнг қўлимни юзим ва соқолимга тортиб, фотиҳа ўқидим. Қаҳва тайёрлайдиган асбобларни ҳам ўзим билан олиб борган эдим, одамларим қаҳва қайнатиб келтиришди. Ҳар бир кишига биттадан финжонда узатдилар. Мулло Муҳаммадназар бирданига ичиб юбориб, оғзини куйдириб олди. Қаҳванинг аччиқлиги ҳам унга ёқмади. Отаниёз маҳрам муллога , “ бу қаҳва дегани бўлади, уни Рум ва Эронда ичиш расм, овқатни ҳазм қилдиради”, дея тушунтирди. Мулла Муҳаммадназар эса “ қандай фойдаси бўлмасин, энди ҳеч қачон бу қаҳва деган нарсани ичмайман, тилим ва оғзим пишди”, деди”.

Орадан бир икки кун ўтгач, худди баҳсга киришгандай хоннинг девонбегиси ва меҳтари ҳам Ризоқулихонни уйига зиёфатга чақиришади. Эрон элчиси зиёфатга бориб қатнашади . Табиийки, Ризоқулихон ҳам ушбу зиёфатларга жавобан хон амалдорларини ўзининг тушган уйида меҳмон сифатида сийлайди.

“ Бу ўтириш учун қирқ-эллик кишига мўлжаллаб турли-туман таом ва овқатлар тайёрлашни буюрган эдим. Ўтириш вақти етишгач, чақирган меҳмонларим бир-бир келиб, салом бериб, этикларини ечмай оёқ кийимлари билан гиламлар устига чиқиб ўтирдилар. Хизматчиларим қаҳва, чой, гулоб ва чилим келтириб қўйишди. Шундан сўнг дастурхон ҳозирлаб, турли туман овқатлар, паловлар келтирдилар. Дастурхонга ҳалволар, гуруч қайнатмасидан қилинган чанқоқбосди ичимлик, мева шарбати, сабзавот шарбати, қовун каби дастурхон зийнатларидан ташқари қўзи гўштидан қилинган кабоб, қовурилган жўжа сингари тансиқ таомлардан келтириб, дастурхонда очиқ жой қолдирмай бир-бирининг устига қалаб ташладилар. Табиийки, меҳмонларим бу ейимлик-ичимликлардан кўпчилигининг нималигини ҳам билмасдилар. Отаниёз маҳрам Теҳронда бўлиб, буларни кўргани учун баъзиларини уларга айтиб, тушунтирган бўлди. Ея олганларича едилар, ёнида қанча навкарлари ва қизиқиб келган кишилар бўлса, улар ҳам тўйгунча ошадилар. Ундан ташқари овқат ва ширинликларнинг анчасини ўша кечаси ва эртасига шу атрофда яшаётган эронлик тутқунларга бердик, улар ҳам баҳраманд бўлишди.

 Мен уюштирган бу ўтиришдан кейин, бошқа бировнинг бизни меҳмонга чақиришга юраги дов бермади.чунки, бизнинг зиёфат олдида ўзлари берган ўтиришдан жуда уялиб қолишганди. Хивақда ҳамма нарса жуда арзон ва мўл-кўл бўла туриб, шундай дастурхон безай олмасликлари ва зиёфатни нозу неъматларга тўла ҳолда кўнгилдагидек ўтказа олмасликлари уларни жуда хижолатга солиб қўйганди. Ҳа-да, бўлмаса ўша мен берган зиёфатга ҳеч қанча ҳам пул сарфланмади. Хивада арзончилик-да, арзончилик”, дея 1851 йилда Хивадаги турмуш тарзини тасвирлайди элчи.

Бундан ташқари Ризоқулихон Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ, уларнинг ҳаётлари тўғрисидаям,Хоразмда эшитганлари, ўқиганлари бўйича қўшни Бухоро ва Қўқон давлатлари, у ердаги вазият, шаҳарлари ҳақидаям кўплаб қизиқарли маълумотлар келтириб ўтади.

Хива хонларининг тарихига оид, хонларнинг тахтга ўтириш маросими, умуман ҳукмдорлар фаолияти, қўшни давлатлар билан муносабатига оид кузатишларини ҳам асарида баён этиб ўтади.Шу каби Эрондан Хивагача бўлган, шаҳарлар орасидаги масофа, у ердаги вазият ҳақидаям тўхталади.

Умуман олганда Ризоқулихоннинг ушбу асари Огаҳий, Баёний асарларидаги воқеаларни тўлдиради, воқеаларни реал тасвирлайди.Агарки, бошқа бир элчи Муҳаммад Алихон Ғафур, асирликда сақланган Мирпанжий асарларига қараганда ҳам кенг қамровда эканлигини назарда тутсак, хотираларнинг аҳамияти катта эканлигига амин бўламиз.
Ризоқулихоннинг асарини таржима қилган Исмоил Бекжондан шу боисдан миннатдор бўлсак арзийди.

ЕТТИ ХОНГА ХИЗМАТ ҚИЛГАН ЯСОВУЛБОШИ

“Бўри баковул экан, тулки ясовул экан” , дея бошланадиган эртакни кўпчилик эшитган.Аммо бизнинг ушбу битигимиз эртак эмас, ҳаётий ҳақиқат, тарихий факт.Яъни Хива хонларидан етти нафарига ясовулбошилик қилган ,давлатдаги муҳим мансабни эгаллаган тарихий шахс-Раҳматулло ясовулбоши ҳақида.Унинг эгаллаб турган мансаби “тулки”ликни талаб қилиши эса хонлар давридаги сарой ўйинлари боис янада эътиборли бўлган…

Хива хонлигидаги энг муҳим давлат амалдорларидан бири ясовулбошилик мансаби бўлиб, ушбу амал эгаси хон фармонига мувофиқ, аскарларга қўмондонлик қиларди.Уруш бўлган тақдирда ясовулбоши аскарларни жангга бошлаб борар, тинч даврларда эса хонлар фуқароларнинг турли илтимосларини қабул қиладиган маросимларда ҳозиру нозир эди.
Ясовулбоши шунингдек, ёвумуд ва човудур сингаври туркман уруғларидан тузилган аскарий қисмларга ҳам бошчилик қилган.Шу боис, хонликда иккита ясовулбоши мансаби бўлиб, бири кўчманчи аскарий қисмларга қўмондонлик қиларди.Иккинчиси эса миршаблар орқали пойтахт Хивадаги Ичан қаълани қўриқлаб турган.Шу мақсадда қаъланинг тўртта дарвозасида ясовулбоши бошчилигидаги миршаблар гуруҳи фаолият кўрсатарди.

Хива хонлиги тарихида энг узоқ вақт ясовулбошилик қилиб, донг қозонгани Раҳматулло ясовулбоши бўлган.Унинг бобоси Қурбон Ниёз ясовулбоши ҳам кўп йиллар Хива хонларига садоқат билан хизмат қилган эди.Отаси Муҳаммад Ниёз ҳам Оллоқулихоннинг (1825-1842 йиллар ҳукмдор бўлган) энг ишончли амалдорларидан бўлиб, у хонга кўп юришларда ғалаба қозонишига ёрдам берган эди.

1839йил 10 ноябрдаги жанглар вақтида у вафот этади.Оллоқулихон ясовулбошининг ўғлида ҳам отаси каби уддабуронлик,мардлигу матнонат борлигини сезиб, Раҳматуллони ҳам шу тариқа энг муҳим давлат амалдорлари қаторига қўшади. Ана шу тарзда Раҳматулло ясовулбоши 1890 йилгача 7 нафар хон салтанатида хизмат қилади.Ўша давр анъанасига кўра, Раҳматулло ясовулбоши бўлгани учун камарига пичоқ тақиб юрарди.Унинг даврига келиб, эски пайтдаги каби ясовулбошининг кумуш қалпоқлик асо олиб юриши бекор қилинганди.
Раҳматуллонинг бир нечта ёрдамчиси бўлиб, улар ясовуллар деб аталарди.Агарки, хон бир арз юзасидан келган шикоятни текширишга фармон берса, ҳодиса юз берган жойга шикоятчи билан бирга ясовул ҳам борарди. Ясовулбоши Ичанқаъла мудофааси учун жавобгар шахс бўлгани боис, агар шикоятни текширишга ўзи борадиган бўлса, саройдан бошлаб босилган ҳар бир тош( 18 чақирим) масофа учун арзчидан ўз фойдасига уч ярим танга ундириб оларди…

Раҳматулло човдур ва ёвмуд туркманларидан иборат 2 минг нафар аскарга қўмондонлик қилгани сабабли, мунтазам равишда бўлиб турадиган урушларда қатнашарди.Хусусан, ясовулбошилик мансабида турган 1839 йилдан 1890 йилгача бўлган даврда Хивада еттита хон: Оллоқулихон, Раҳимқулихон, Муҳаммад Аминхон, Абдуллахон,Қутлимуродхон,Сайид Муҳаммадхон ва Ферузхон каби ҳукмдорлар ҳам бор эди.Табиийки, уларнинг аксарияти ҳар йили Чоржўй, Марв ва Эронга юриш қилиб турар, гоҳида қўшни хонликлар-Бухоро ҳамда Эроннинг уларга ҳужуми бўлиб турардики, бу даврда Раҳматулло Хива қўшинига бошчилик қилиб, урушларда қатнашарди.

Айниқса, 1873 йил Чор Россиясининг босқини даврида Раҳматулло ясовулбоши қўшини русларга шунчалик талафот етказганки, Хива хонлиги эгаллангач, айнан у асирга олиниб, Россияга сургун қилинади.Раҳматулло шу тахлит ватан мудофаасида кўрсатган қаҳрамонлиги учун 7 йил Казалида ҳижрон азобида ўртаниб яшайди.Фақатгина Ферузхоннинг император Александр 2 га қилган илтимосларидан сўнггина у авф этилиб, 1880 йилда Хивага қайтиб келди.Феруз уни яна ясовулбоши қилиб тайинлагач, Раҳматулло олдингидек ўз ишини масъуллик билан бажариб юраверди.

“Материалы по истории туркмен и Туркмении” китобида ёзилишича, “Ишончли саркардалардан бўлган Раҳматулло ясовулбоши ёвмуд ва йимрали қўшинларига бошлиқ бўлиб тайинланган” (ўша асар, 2 том, 507 бет, М-Л, 1938 йил). Шунингдек, ясовулбоши Хивада миршаблар, қамоқхона ва хонни қўриқловчи шотирларга ҳам раҳбарлик қилар, махфий фармонларни ҳам айнан унга ишониб топширарди.

Табиийки, хоннинг энг ишончли кишиси бўлгани боис, Раҳматуло хазинадан анчагина маош ва эҳтиёжи учун керакли харажатларни олиб турган.Хива хонлиги архив маълумотларига кўра, 1845 йилда Раҳматулло ясовулбоши ўз мушрифи жомли Ғозидан 4550 ботмон буғдой, 213 ботмон кунжут, 30 ботмон жўхори, 116 ботмон тариқ, 30 ботмон шоли, 4 ботмон мош, 4 ботмон пахта, жами 5047 ботмон дон олган.  1849 -52 йилнинг рамазон ойида Раҳматулло ясовулбошининг омборида 2747 ботмон дон бўлгани архив ҳужжатларида қайд этилган.

Шунингдек, хонлик архив маълумотларига кўра, Раҳматулло ясовулбоши 1848-56 йилларда 40 тиллодан, 1857 йилдан бошлаб эса 10 тиллодан маош олиб турган.Табиийки, бу маош ва юқоридаги харажатлар бир оила учун каттагина даромад эдики, шу боис, ясовулбоши хонга садоқат билан хизмат қиларди.
1890 йилда эса Хива хонлари тарихида энг узоқ муддат ясовулбошилик қилган, бунинг устига 7 нафар хон хизматида бўлган мард ва ватанпарвар Раҳматулло касаллик туфайли вафот этди.

ХОННИНГ ЯҚИН ОДАМИ

Ҳукмдорнинг саройдаги ишонган кишилари маҳрамлар бўлишган.Улар хазинадан катта миқдорда маош, сарполар олиб туришарди.Баъзида маҳрамлар хон ҳазратлари ўрнига муҳр босиш ваколатига ҳам эга эдилар. Гарчи маҳрамнинг девонбеги ёки ясовулбоши сингари сон-саноқсиз навкарлари бўлмаса-да, у бевосита хон билан муомила қилган.Маҳрамлар куни билан хон ёнида бўлгани туфайли давлатни бошқариш ишига ҳам таъсир ўтказа олишарди.

Маҳрамлар кимнидир ёмон кўриб қолишса ёки шахсий келишмовчилик боис оқни қора десалар, яхши инсон ҳам ёмонотлиқ бўлиб кетаверарди.чунки, хон уларга ишонган. Одатда, хон қабулхонаси ҳисобланган кўринишхонада ҳукмдор оғзаки фармойиш берар, буйруқни бажаришни маҳрам эълон қиларди.Фақат бирор кишини мансабга тайинлаш, ер бериш, элчиликка оид фармойишларгина ёзма равишда бериларди.Хон чиқарган бошқа ҳар қандай амру фармонни маҳрам оғзаки айтар, бажарилишини назорат қиларди.Шунингдек, ёзма фармойишларга хон имзо чекмас, фақат муҳр босиларди.Бу ишни ҳам табиийки ишонеган одами-маҳрам бажарарди.

Хива хонлиги архив ҳужжатларига кўра, маҳрамлар хоннинг оромхонасига кириш ҳуқуқигаям эга бўлишган.Ўнта маҳрамга бошлиқ кишини маҳрам даҳбоши, эллик маҳрамга раҳбарлик қилувчини панжо садбоши, дея атаганлар. Офтобачи, шарбатбардор, бўхчабардор, соатбардор сингари сарой хизматкорлариям маҳрам саналган. Ўзбекистон Фанлар академияси шарқшунослик институти қўлёзмалар фондидаги 9320-рақамли ҳужжатга кўра, “сарой хизматчилари ва хизматкорларнинг ҳаммаси поянда маҳрам деб аталарди”.

Хива хонлиги архив ҳужжатларида 19 асрнинг ўрталарида маҳрамларнинг хазинадан беш-ўн тилло миқдорида маош, сарполар олиб туришгани қайд этилган.Хонлик архивига оид 63-дафтардаги 39-варақда “1281 (милодий 1865) йили Гандумконда турувчи Паҳлавон Ниёз жарчига 4 яхлит тилло берилди”.”1288 (1870) йили ражаб ойида Паҳлавон жарчига 5 тилла берилди” ,дейилган.Жарчи ҳам хон саройидаги маҳрамлар қаторида саналарди.

Хон учун зарур бўлган буюмларни ҳам маҳрамлар олиб туришган.Архив манбаларида “Хон ҳазратлари учун Паҳлавон маҳрамга тўрт юмалоқ чой ва бир ботмон тамаки берилди, нархи 11 тилла”, дейилади. Маҳрамлар баъзида ҳоким даражасига кўтарилган.Масалан, 19 аср ўрталарида Абдулла маҳрам ҳоким қилиб тайинланган эди.

1863 йилда Хоразмга келган Ҳерман Вамбери маҳрам ҳақида шундай ёзган эди: “хоннинг шон-шавкат аломати бўлган бир талай хизматкор ва малайлар унга хизмат қиладилар.Маҳрам ана шулардан бири.Унинг вазифаси хоннинг шахсий мулозимига ўхшасада, аслида махфий кенгашчидир.Маҳрам сарой ҳаётидан ташқари давлат ишларига ҳам аралашади ва хон олдида таъсири ҳам зўр”.

“ИШОНЧ ҚОҒОЗИ” СИЗ МАОШ

Хазинадор маош олгани келган шотир, фаррош ва маҳрамни кўриб ажабланмади.Негаки, бу неча йиллардан бери давом этиб келаётган одатий ҳол эди.Амалдорларнинг маошини улар ишончини қозонган кишилар олишарди…

Хива хонлиги архив ҳужжатларига кўра, саройда хизмат қилувчи турли даражадаги амалдорлар кўп бўлиб, турли миқдорда маош олиб туришган.Масалан, ясовулбоши 10-40 тилло, амирул-умаро 50 тилло, мингбоши 40 тилло, бошқа амалдорлар ҳам ўз даражаси, қилаётган ишига қараб хазинадан маош олишган.Бироқ , айримларни истисно қилганда, аксарият хон амалдорлари маош олиш учун хазинага ўзлари боришмаган.

Хонлик архивига оид Россия Фанлар Академияси шарқшунослик институтида сақланаётган 82-дафтарнинг 16-варағида ёзилишича, амалдорлар ўрнига маошни фаррош, шотир, маҳрам каби мулозимлар олишган.

19 асрнинг 60-йилларида Тангриқулибек учун маош пулини Абдураҳмон маҳрам, Мусотўра учун Паҳлавонбек дарға, Абдуллабек учун Ҳасан маҳрам, 1880 йилларда эса Шайхулислом Авазхўжа учун халфаси Иброҳим тайлоқ олиб турган.Табиийки, маҳрам, шотир, фаррошлар хазинадан олган пулни ўз эгаларига элтиб топширишарди.Юзбошига иоат этувчи сарой хизматкорлари орасида фаррош ҳам бўлиб, улар хон ҳовлиси, саройни супургани, баъзида келган элчиларга хизмат қилгани боис 10 тилло маош олишарди.У ҳар ойда хазинага маош олиш борганида ўзиникини олиб бўлгач, юзбоши ва мингбошининг тиллолариниям санаб қабул қиларди.Чунки амалдорлар уларга ишониб шу ишни топширгандилар.Бунинг ҳеч қандай “ишонч қоғози” нинг кераги йўқ, ўртада лафз, алдагудек бўлса , жаллод қўлига тушишдан қўрқув бор эди, холос.

“ ОТАЛИҚНИНГ МОЛИН БОҚДИМ…”

“ Оталиқнинг молин боқдим баҳорда,
Ўзи турмай, уйғотарди саҳарда…”

Машҳур ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг ушбу мисралар билан бошланувчи қўшиғи кўпчиликка маълум.. Унда атоқли санъаткор ўзининг ўспиринлик даврида авваллари оталиқнинг молини боққанлар ижро этиб юрган меҳнаткаш омма дардини куйлаган.

Хўш, оталиқ ким ва унинг молини кимлар боққан?Қолаверса, оталиқ қандай нуфузга эга эдики, ўзи турмай молини боқадиганларни саҳарда уйғота оларди?…  Хива хонлиги архив ҳужжатларига кўра, 19 аср ўрталарида хон саройида 718 нафар амалдор маош олган. Улар орасида оталиқ ҳам бўлиб, у катта нуфузга эга эди.

Асрлар давомида қоида тусини олган анъанага кўра, хоннинг чап томонидан ҳукмдорнинг юракка яқин, энг ишончли амалдорлари жой оларди. Бу тоифа орасида оталиқ ҳам бўлган. Луғавий маъносига кўра, оталиқ “ ота” сўзидан олинган бўлиб, иноқ бошчилигидаги “ тўпа” га бирлашган уруғ бошлиғи эди. Хива хони Абулғозихон доимий равишда қабул маросимларида ёнида ўтириш учун тўрт оталиққа жой белгилаган. “ Ана шу анъанага кўра, тўрт оталиқ хоннинг чап томонида тавозе қилиб турар, бир оталиқ хондан нарироқда, тўққизинчи ўринда ўтирган, қолган учтаси эса шайхулисломдан кейин ўн бир ва ўн тўртинчи ўринни эгалларди” ( Россия фанлар академияси шарқшунослик институти, 33 фонд, 19 варақ).

Саройда ана шундай нуфузга эга бўлган оталиқлар хон ишончига сазовор бўлганидан гоҳида ҳоким вазифасига ҳам тайинланган.Хусусан, 19 аср ўрталарида Тўра оталиқ Шоҳобод ( Комилжон Отаниёзов таваллуд топган туман) га ҳоким қилиб юборилганди. Бундан ташқари, оталиқ лавозимидаги шахс хонлик хазинасидан катта маош олиб турган.Чунончи, 1830-1858 йилларда оталиқ мансабига эга бўлган Оллоберди оталиқ, Тўра оталиқ, Аннабой оталиқ, Солиҳ оталиқ, Ҳаким оталиқ, Муҳаммад оталиқ каби кишилар 100 тиллодан маош олишарди. Шунингдек, хонликдаги анъанага кўра, ҳар бир мансаб эгаси ўзининг бирор белгиси билан ажралиб турган. Баёнийнинг “ Хоразм тарихи” асарида ёзилишича, “ оталиқ қилич ва пичоқ таққан”.

Огаҳий оталиқ унвони берилиши билан боғлиқ бир воқеани қаламга олади. Унга кўра, “ жума куни, раббиалохир ойининг тўртинчи куни 1269 ( 1853 йил 15 январ) хон ҳазратлари ўзларининг Худоёр бий ва Шомурод иноқ деган аёнларини Марв вилояти, Марв шаҳри яқинидаги хандакда қолган Хива қўшинига ёрдамга йўллаганлар. Сари фитначиларни мағлуб этиб, тумтарақай қилган Оллоёрхонга жаноб ҳазрат оталиқ унвони берганлар, Марвга жўнатилган Худоёр бий ва Шомурод иноқ орқали ёрлиқ билан бирга унга тобшириш учун олтин пичоқ, зарбоф чопон ва кўп миқдорда пул юборилганди”.

Хива хонлиги архив маълумотларига кўра, саройдаги нуфузли оталиқлардан ташқари, яна бошқа оталиқлар ҳам бўлган.Чунончи, бекликлардаги нуфузли кишилар, баъзида эса айрим уруғ вакиллариям оталиқ унвонини олган. 1872 йили турли туркман уруғларидан олти кишига, 1873 йилда қорқалпоқлардан тўрт кишига оталиқ унвони берилган.Бироқ жойлардаги ва ўша уруғлардаги оталиқлар саройдаги тўрт оталиққа қараганда анча кам маош оларди.Жумладан, 19 асрнинг 60-80 йилларида турли жойлардаги Ҳасан Омон, Паҳлавон, Ўроз Муҳаммад, Уйшун, Эшниёз, Қилич, Мурод исмли оталиқлар 10-20 тиллодан маош олишган.
Хуллас, Хива хонлигида оталиқлар муҳим ўрин тутишган.

КАРНАЙЧИГА БЕШ ТИЛЛО!

Қадимда хон ҳазратларининг яқинлашаётганини, саройдан чиққани ва унга қайтаётганини карнай –сурнай овозидан билиб олишарди. Зеро, Хива хонлигида хон сафарга чиққанида сурнайчи ва карнайчи ҳамиша мулозимлар қаторида юриши шарт бўлган.
Агар хон бирор бекликка, зиёрат ёки қандайдир маросим, тўй-маъракага бораркан, белгиланган манзилгача сафарга тантанали тус бериларди.Энг олдинда жанда кийган 10-12 нафар қаландар пиёда кетиб борарди.Улар ҳукмдорни мақтаб, мадҳ айтиб кетишган.Бу хизматлари учун эса ўша қаландарларга тўрт-беш тилло маош беришарди.
Хоннинг ўзини эса тансоқчилари бўлган қизил тўнли, қўнғироқли камар боғлаган шотирлар кузатиб, эҳтиётлаб боришарди.Саройда ўн шотир бўлиб, тўрттаси хон отининг жиловини галма-гал ушлаб юрар, иккитаси эса икки ёндан узангини ушлаб борган.Бу фаолиятлари учун хазинадан шотирларнинг иккитаси саккиз тиллодан, қолганлари беш тиллодан маош олишарди.

Шотирлар-ку, ўз вазифасини бажариб, жим кетиб боришарди. Удайчи ва жарчилар эса доимо бақириб-чақириб юрар, бу иши учун удайчи 15-20 тилло, жарчи беш тилло маош билан сийланган. Улар хон ёнида ортиқча бақир-чақир қилмас, хон халойиқнинг олдига чиққан пайтдагина удайчи ўз ҳукмдори овозини аяб, унинг ўрнига халқни қутларди.Удайчилардан бири хон ўрнига “ ассалому алайкум” деб халққа салом берса, бошқа ҳамкасби эса хон учун халойиқ жавобига “ ва алайкум ассалом!” деб қўярди.  Жарчилар эса хон келаётганида қичқириб, халқни огоҳ қилиб боришар, шунингдек, янги ҳукмдор тайинланганида шаҳар айланиб, халойиққа эълон қилардилар.Уруш пайтларида улар хон билан айрим ҳарбий қисмлар ўртасида алоқачилик вазифасиниям уддалашган.

Хива хонлиги архив маълумотларига кўра, хон сафарга, шикорга, ҳатто, урушга борганида ҳам тўққиз сурнайчи ва олти карнайчи унга ҳамроҳ бўлган. Сурнайчи ва карнайчига беш тиллодан маош ажратиш билан бирга хон ҳазратлари дон ҳам берган. Хива хонлиги архивига тегишли 36 –дафтарнинг 14-варағида 1850-51 йилларда 5 сурнайчи ва 5 карнайчига тўрт юз ботмон тариқ ва икки юз ботмон маккажўхори берилгани қайд этилган.

Хива хонлиги саройида турли даражадаги мулозимлар кўп бўлиб, улар халқнинг машаққатли меҳнати эвазига тўпланган хазинадаги пуллардан, бақирганию, чақиргани, карнай-сурнай чалгани учун маош олишарди.

ИЧКАРИДА КИМЛАР БОР, ЭШИКОҒА?

Деҳқону чорвадор, савдогару қассоб, хуллас, барча фуқаро арзи бўлса, саройга келиб, хон олдига киришга ҳақли эди. Аммо ҳеч ким тўппа-тўғри ташқаридан келиб, хон қаршисига боришга ботинаолмасди. Арзга келган фуқаро саройга кираверишда бир кишига учраши ва унинг ижозати билангина хон олдига кириши мумкин эди. У шахснинг лавозими эшикоға эди…

Хивада 1857—1864 йилларда асирликда сақланган Эрон генерали Исмоил Мирпанжий хотираларига кўра, “Ҳар кимнинг хонга арзи бўлса, муайян пайтда, ҳеч қандай қаршиликсиз унинг ҳузурига кира оларди. Хонга тааллуқли ҳар нима бўлса, унинг ўзи чуқур текшириб кўриб, ҳукм қилади. Агар шариат билан боғлиқ иш бўлса, қозига мурожаат этади. Маҳаллалардаги майда-чуйда ишларни эса зикр этилган кичкина муллолар ҳал қилади. Хон девонидан чиқадиган ҳукм ва фармонлар қисқа, лўнда ва аниқ бўлади”.

Хонга мурожаат қилиш учун эса эшикоғага учраш керак лозим эди.Эшикоғасини арзга келган ҳар бир киши ойболтасидан танирди. Ана шу қурол унинг мансаб аломати эди. Эшикоғаси фуқароларнинг нима хусусида келганини суриштириб, агар арзгўйлар кўп бўлса, навбат белгилар ва осойишталикни сақлашни қаътий буюрарди.

1873 йилда Хивага рус қўшинлари билан келган Соломанин деган астроном “ қўлида таёқ ушлаб , Хива хони саройида тартиб ўрнатиб юрган бир чолни кўрдим” дея ёзганди (“Военний сборник”, 1874 йил, 3-сон). Ўша чол эшикоғаси бўлган.

Хонлик архив ҳужжатларига кўра, “Эшикоғаси сарой мулозими бўлиб, унда битта ойболта бўлиши шарт эди. 1872 йили янги тайинланган эшикоғаси Ёқуббойга бир пичоқ билан бир ойболта тақдим қилган бўлиб, унинг баҳоси 20 тилло эди”. Эшикоғасидан нафақат арзгўйлар, балки сарой амалдорлари ҳам хон ҳузурига киришдан олдин “ ичкарида кимлар бор, эшикоға?” дея ижозат сўраши шарт бўлган. Негаки , эшикоғаси фақат сарой дарвозаси ва эшигинигина эмас, ҳукмдорнинг ўзини ҳам қўриқлаши керак эди.Шу билан бирга, ушбу лавозим эгасига навкарлар, карнайчи, сурнайчи, шотир, сарбон, жарчилар ҳам итоат этарди.

19 асрда Хива хонлигида Паҳлавон кенагасли эшикоға, Ҳусайн Вайс эшикоға,Муҳаммад Карим Урганжий эшикоға, Муҳаммадқули эшикоға,Раҳмон эшикоға, Оллаберган эшикоға каби сарой мулозимлари бўлган.Уларда 25-50 тача навкар ҳам бор эди.

Агар эшикоға хизмат сафари билан саройдан бошқа ерга чиқса, унга пул ва от бериларди. Архив маълумотларига қараганда, 1867 йил ражаб ойининг 20-сида Муҳаммадқули эшикоға ёвмудлар туманига сафар қилганида, унга 10 тилло, шунингдек, навкарларига ҳам муафян миқдорда пул берилган.Бу пуллар саҳрога бориб келишда озиқ-овқатга ишлатиш учун эди. Яна ўша йилги бир ҳужжатда “Ҳожининг қўлидаги отни Муҳаммадқули эшикоғасига олиб берилсин”, “ Раҳмонберди эшикоғасининг навари Юсуф шотирга Муҳаммад Ниёз тўпончи қўлидаги саман от олиб берилсин”, дея қайд этилган.

Ҳукмдорнинг эшикоғаси сафарга чиққанида пул ва от инъом қилганича бор эди.Зеро, эшикоғаси саройда хоннинг хавфсизлиги ва осойишталигини сақловчи энг ишонган мулозими бўлган.

ҚУЛ САВДОСИ

Ўтмишда инсонни нафақат қул қилиб ишлатишган, балки сотишган ҳам.Қуллар билангина савдо қилинадиган бозорлар ҳам мавжуд бўлган.Хива хонлигидаги қул бозорларига, асосан, ёвмудлар одамларни Эрон, Афғонистон томонлардан олиб қочиб, баъзида эса савдо карвонларини талаб, банди қилиб олиб келишарди…

Хивадаги қул бозорини Оллоқулихон Обдол бобо қабристони ёнида барпо қилдирган бўлиб, у “Г” шаклида қурилган ва саккиз хонадан иборат эди. Хоналарда сотиладиган қуллар сақланарди. Ёз фаслида савдо айвонга кўчирилган. Шунингдек, Хивадан ташқари, Кўҳна Урганч, Чимбой, Хўжайли, Хонқа ва Қўнғирот бекликларида ҳам қул бозорлари бўларди. Қул сотиб олмоқчи бўлган киши уларнинг жисмонан бақувватлигига эътибор берар, баъзида овқат едириб кўрар, иштаҳаси зўри ишни ҳам кўп қилади, деган қараш бор эди.
Шарқшунос А.Куннинг маълумотларига кўра, хонлик бозорларида ёш қул қизнинг баҳоси 40 дан 250 тиллогача бўлган. Навқирон, бақувват қул эса 30 дан 250 тиллогача сотилган. 1 тиллога 80 кг буғдой берадиган даврда қулнинг нархи қанчалик баланд бўлганини ўзингиз тасаввур қилаверинг.Шунча пулга қул сотиб олган киши, табиийки, қулнинг умрбод эгасига айланарди.

Рус зобити А.П.Хорошхиннинг маълумот беришича, “ 1873 йилда биргина шаҳарнинг ўзида 10 000 нафар қул бўлган, хоннинг бош амалдори Матмурод девонбегининг 150 нафар қули бор эди.Ҳар бозорда ўртача 200 та қул савдога қўйиларди” ( Хорошин А.П. “Сборник статьей” СПБ, 186-484 бет).Умуман олганда, хонликнинг барча шаҳар ва қишлоқларида эркак, хотин-қиз қуллар сони 35 806 нафарни ташкил этган.Фақатгина хонга хизмат қиладиган қуллар сони 1 500 кишидан иборат эди.

Аммо хонликдаги қуллар миқдори тўғрисида турли хил манбалар мавжуд.Масалан Хоразмга босқин пайтида иштирок қилган Америкалик журналист Мак Гаханнинг “ Военние действия на Оксусе и падение Хиви” ( М, 1875, с 228) асарида ёзилишича, Хива хонлигида 30 мингтача эронлик бўлиб, уларнинг 27 минги қуллардир дейилади.

Шу каби 1873 йилги босқин пайтида қатнашган полковник Алиханов-Аварскийнинг йўл дафтарида ( “Поход в Хиву”, М 1873.СПб, 1899. с 217-218, 280) эронликларга мансуб қуллар 20 ёки 25 мингдан кам бўлмаганлиги айтилиб, ўзи Хивада гаплашган Эронлик қул Аббоснинг фикрига кўра, сўнгги 40 йил ичида (яъни 1833 йилдан кейин) хонликка сотилган эронликлар 40 мингдан ошиб кетган.

Хоразмлик тарихчи Баёний ҳам “Шажараи Хоразмшоҳий” асарида 1873 йил 12 ююндаги хон фармони билан озод бўлган эронлик асирларнинг “Ҳаммалари йигирма етти мингта эркандир” дея таъкидлаб ўтилади. Эронлик элчи сифатида 1842 йили Хивага келган Муҳаммад Алихон Ғафурнинг кундалигида ҳам ( “Рўзномайи сафари Хоразм”) 30 мингта эроний қуллар Хоразмда бўлганлиги келтириб ўтилади. Булар эроний қуллар тўғрисидаги турлича маълумотлар.Хонликда эса бундан ташқари рус қуллари ҳам бўлган.

Хуллас, хонликда 19 асрнинг 73 йилида, яъни бутун дунёда қулдорлик тугатилиб, жаҳон маданий тараққиёт сари ХХ асрга қадам қўяётган даврда қуллар меҳнатидан фойдаланиларди. Бунга сабаб қолоқ деҳқончилик услубида иш юритадиган қишлоқ хўжалигининг кўп меҳнат талаб қилиши ва ёвмудлар, уларни қўллаб турган хон амалдорлари ўртасидаги жиноий занжир риштасидек одам савдосининг бағоят кўп даромад келтирилаётганлиги эди.

Маълумки, Хоразмда қишлоқ хўжалиги сунъий суғоришга асосланган бўлиб, юрт ва деҳқончилик тақдири шунга боғлиқ эди.Бу ҳолат эса ғоят сермашаққат бўлган ёпларни тозалашни талаб қиларди.Қуллар эса шу ишларга жалб қилинган. Масалан, 1830 йилларда Хива хонлигида асирликда бўлган рус фуқароси Пётр Масловнинг Полвон, Шоҳобод арналарини тозалашда иштирок этиши ( М.И.Иванин “ Хива и река Амударья” , Туркестанский сборник, Т 50, с 311), ундан олдин—1717 йилдаги Бекович экспедицияси пайтида асирга олинган ураллик казак Андрей Бородиннинг Хива хонлигида ҳар йили баҳорда қулларнинг арналарни тозалашга ҳайдалиши, “Русский инвалид” газетасининг бу ҳақда ( “Очерки Хивинского ханства”, Туркестанкий сборник, Т, 72, с-4) мақола чоп этиши рус асирлари ҳам қул ўрнида ишлатилганининг далолатидир.

О.Шкапскийнинг “ Аму-дарьинские очерки” (Т, 1900, с-194) китобида бу ҳақда “ хонликда ер эгалари 1873 йилга қадар катта-катта ер майдонларида қулларнинг кучи билан деҳқончилик қилганлар” дея ёзганди. Мак Гахан эса ўз асарида дарёнинг ҳар иккала соҳилида беҳисоб ерлари бўлган Матмурод девонбегининг 400 тача қули бўлганини қайд этганди.
1870-73 йилларда хонликда қулликда бўлган Ураллик аскар Илья Ильичковнинг ўз бошидан кечирганлари тўғрисидаги ҳикоясида қозоқлар томонидан улар Каспий денгизининг Шарташ кўрфазидан асир олиниб, хон амалдорларига сотилганлиги, казак унтер-зобити Сухорцев ва казак Черновлар билан хоннинг Гандимиён боғида қишин ёзин эрталабдан кечгача ер қазиш ва аравада ерга гўнг чиқариш ишларида ишлаганликлари ( “Расскази пленних из Хиви” Туркестанский сборник, Т, 46, с-265) баён этилган эди.

Ўша вақтдаги анъанага кўра, хон ва унинг амалдорлари, бойлар томонидан ўз уйларини худди қаъладек баланд мудофаа деворлари билан ўраб қўрғонли қилиб қуриш урф бўлганди.Табиийки, бундай ишларни бажаришда рус ва эроний қуллардан фойдаланилган.

Хонликдаги қулларнинг сони турли йўллар билан гоҳ кўпайиб, Эрон элчилари келса уларга қўшилиб бериб юборилиши натижасида эса камайиб ҳам борган.Эроний қулларни асосан ёвмуд ва бошқа уруғдаги кишилар ўғирлаб келиб Хивадаги қул бозорида сотганлар. Рус ва казакларни эса Каспий бўйларида балиқчилик қилиб юрганларида турли миллатлардан иборат қароқчи тўдалари ўғирлаб келтиришарди.

Бундан ташқари бўлиб турадиган давлатлар ўртасидаги ҳарбий тўқнашувлардаям асирлар қулга айланган.Масалан, Абулғозихоннинг ҳукмронлик даврида Бухоро амирлигининг Тажан, Чоржўй ва бошқа қўшни халқлар ҳудудларига қилган юришларида кўплаб амир аскарлари асир олиниб, Хоразмга олиб келинган.1717 йилдаги Бекович юриши ва унинг ҳалокатидан сўнг бўлса, унинг қўшинидаги барча аскарлар ҳам қулга айланган эди.

Натижада 1717-20 йилларда хонликда Россия фуқароларининг сони 1500 кишига етди.Ўша вақтда асирликда бўлган Андрей Бородиннинг гувоҳлик беришича, Хива шаҳрининг ўзидаги рус ва бошқа ажнабий асирлар сони тахминан 3 минг кишини ташкил этган.

Н.Веселовскийнинг “ Очерк истроико-георгафифических сведений о Хивинском ханстве от древнейших времен до настояшего “ СПБ, 1877 , с-208) асарида ёзилишича, Хива хонлигидаги русиялик асирлар сони ўша вақтда 2-3 мингтагача бўлган.

Бундай оғир ҳолатда қул қилинган рус асирлари тўғрисида “Санкт-Петербурские ведомости” газетаси 1875 йилда мақола ҳам чоп этдирганди.

Чор Россияси ҳукумати ўз фуқароларини озод қилиш борасида иш олиб бориб, музокаралар олиб борган ва Хива хонлигидан асирларни озод қилиш учун йилига 3 минг рубль миқдорида маблағ ажратсада, бу ҳаракат ҳеч бир натижа бермади.Қайтага Россиянинг пул ажратиши хон амалдорлари ва шерикларининг инсонларни ўғирлаб келтириб, уларни озод қилиш бўйича пул айрибошлашдек даромад манбаига айланди.Натижада, рус асирлари кўпайиб бораверди.

Бироқ рус ҳукуматининг саъйи ҳаракатлари билан 1837 йилда 25 таси, 1839 йилда 80 та, 1840 йилда 423 тас қуллар озод қилинган.Кейинчалик бундай озодликка қулларни юбориш тўхтаб қолди.

Эронлик масаласига келсак, 1841 йили ёзида зиёратчилар карвонига ҳужум уюштирган талончилар гуруҳи Машҳад атрофини ҳам босқин қилиб, у ердагиларни, хусусан Хуросон волийсининг ўғли Осаф уд-давла акасининг ўғли Вали Муҳаммадхонни ҳам ов қилиб юрганида ушлаб, хиваликларга сотиб юборишади.Шундай олийнасабларни асир олиш кейинчалик ҳам давом қилаверган.Масалан, Эрон шаҳзодаси Султонмуроднинг 1861 йилда Марвга қилган юришида мағлубиятга учраши натижасида, асир олинган 20 мингтача асирнинг аксарияти , полковник Алиханов-Аварскийнинг йўл дафтарида ( “Поход в Хиву”, М 1873.СПб, 1899. с 217-218, 280) кўрсатилишича қул қилиб Хиваликларга сотилган.
Қуллар шунингдек қўшни Бухородан ҳам келтирилган.Масалан, Хива хони Оллоқулихон 1840 йили Амударёдан ўтиб, Бухоронинг бир нечта шаҳар ва қишлоқларига бостириб кириб, уларни вайрон қилганича, аҳолисини асир олиб Кўҳна Урганч атрофларига жойлаштирган. Н.Веселовскийнинг ёзишича, ўша ҳужумдан сўнг хонликка келтирилган бухоролик асирларни хон амалдорлари ва бойлар сотиб олган.

М.И.Иванин (“ Хива и река Амударья” , Туркестанский сборник, Т 50, с 311) нинг ёзишига кўра, хонликда асирликда бўлганларнинг маълумотларига кўра, 1838 йилда хонликда россиялик фуқароларга 30 тилладан 90 тиллагача, эронликларга эса 15 тилладан 30 тиллагача нарх белгиланган.Ўша вақтда хонлик бозорларида туя 4 тилладан 12 тиллагача, буғдойнинг ботмони 60 тийиндан 1 рублгача, жўхорининг бир ботмони эса 40 тийиндан 80 тийингача сотилган.

1873 йилда Кауфман хонликка юриши арафасида асирларнинг нархи кўтарилиб, русларга 100 тилладан 200 тиллагача, Эрондан келтирилганларга бўлса 70 тилладан, эронликларнинг хотинлари ва 14 ёшгача бўлган болалар эса 60 тилладан 300 тиллагача бозордаги хариддан келиб чиқиб баҳо белгиланган. Рус қулларига асосан улар техникани билганликлари учун хон армиясига керакли замбарак ва тўплар ҳам ишониб, аммо кузатув остида тобширилган. Масалан, 1838 йилда хоннинг тўпчилари бошлиғи бўлиб хизмат қилган Василий Лаврентьев Каспий бўйидан асир олиниб, Хивада сотилган Русия фуқароси эди. Оллоқулихоннинг 1842 йилги Бухорога юришида хон навкарларининг тўпчиларига бошчилик этган Сергей исмли рус ҳам асир қул бўлган.

Қуллар яхши ишлашлари учун вақтида овқатлантирилиб, доимо кузатув остида бўлиб, хонга қарашли ерларни ва асосан, унинг дала ҳовлисидаги боғларни парвариш қилишарди.Биргина Ропаник ҳовлисида 1847-1850 йилларда 41 дан 53 тагача қул ишлаб, улар ихтиёрида 31 от ва 30 ҳўкиз бўлган. Гулланбоғ ҳовлисида эса ўша йиллари 8-10 қул ишлаб, улар 7 от ва 7 ҳўкиздан фойдаланган.Оқмачитдаги ҳовлида эса 20 тача қул ишларди.
Шу каби беклар, амалдорлар, савдогару руҳонийлар ихтиёрида ҳам кўплаб қуллар хизмат қилар, 19 аср ўрталарида хонликдаги 400 та бадавлат киши қулларнинг хизматидан фойдаланарди.

Қуллар буюрилган ишларнигина бажарар, агар улардан фойдалироқ ташаббус таклиф чиқиб қолса, эгаси уни амалга оширарди. Хотин-қиз қуллар кўпинча уй ишларини бажарган.Эркак қуллар эса деҳқончиликка жалб қилинган.Архив маълумотларига кўра, 1849-1850 хўжалик йилида Қизилтақир мавзеида қуллар ишлаган деҳқончиликдан 6 минг ботмон буғдой олинган. Қилич Ниёзбой мавзеидаги ерлардан эса қуллар ўша йили 400 ботмон шоли, 40 ботмон ғўза, 30 ботмон жўхори, 150 ботмон мош ҳосил олган. Табиийки, шунча ҳосилга эга бўлган ер соҳиби ишлатган қулига егулигидан ташқари яна у-бу нарса берарди.Шунингдек, қулга кийим-кечак учун ҳам пул ажратарди. Биргина Ҳасан девонбеги, архив маълумотларига кўра, 52 қулга кийим-бош олиш учун 104 тилло ажратган.Шунингдек, яна бошқа ҳужжатларда 1866-67 йилларда “ кийим-бош сотиб олиш учун 5 қулга 5 тилло берилди” , дейилган.Ёхуд шу йили Отажон тўранинг муҳаррам ойидан жумодил-аввал ойигача хизматида бўлган икки қулга 4 ойлик овқат учун 16 ботмон буғдой бергани, рамазон ойида сотиб олинган қулни кийинтириш учун 2 тилло сарфлангани Хива хонлари архивида қайд этилган.

Умуман олганда, қулга қандай иш қилиш кераклиги буюрилар, уларни едириб-ичириш, кийинтириш учун ўз вақтида пул бериларди. Исмоил Мирпанжийга ўхшаш эрон генерали бўлган қуллар эса хонликдан уйлантирилиб ҳам қўйилган. Беш бармоқ баробар бўлмаганидек, қулни одам ўрнида кўрмайдиганлар ҳам топилар, мабодо қайси қул қочса ва тутилса, жазоланарди. Иқтидорли ва ғайратли қуллар эса озод бўлиб, ҳатто амалдор ҳам бўлиб кетган. Масалан, 19 аср ўрталаридаги хон маҳрамлари Матмурод ва Хўжали маҳрамлар аввал қул бўлган.Ҳатто, Хива хони Ферузхоннинг энг суюкли хотини Ширинбика ҳам ёшлигида Эрондан ёвмудлар томонидан олиб келиниб, Хивадаги қул бозорида ҳарамхонадагиларга сотилганди.Хуллас, ўтмишда ғайрату шижоатли қуллар интилишлари билан тутқинликдан озод бўлиб, Матмурод маҳрам ва Ширинбикага ўхшаб, хоннинг энг ардоқли кишилари қаторидан жой олган.

Хуллас, Ўрта Осиё ҳудудида қулдорлик жамияти 4-5 асрлардаёқ тугатилиб кетган бўлсада, Хива хонлиги ва Бухоро амирлигида бундай қул кучидан фойдаланишдек ўтмишдан сақланиб қолган фожиавий иллатли сарқит , афсуски 1873 йилгача сақланиб келди.

ҚОЖОРЛАР СУЛОЛАСИ

Қожорлар сулоласининг асосчиси Оға Муҳаммад 1741 йилда давлат хизматчиси оиласида туғилганди. Унинг отаси туркийларнинг қожор уруғига мансуб Муҳаммад Ҳасан, Эрон шоҳи Нодирнинг жияни Одил ҳузурида сарой эшикоғаси бўлган. Нодиршоҳ ўлимидан сўнг давлатда бошбошдоқлик, таназзул бошланиб Афғонлар Қандаҳорда мустақиллигини эълон қилишади.Эроннинг ўзидаги тахт талашишлар натижасида эса 1750 йили лур қабиласига мансуб Муҳаммад Карим Занд ҳокимиятга келади. У зандийларга қарши курашган мухолифларни , хусусан Муҳаммад Ҳасанни ҳам қатл этдиради. Бу вақтда ёшгина бола бўлган Оға Муҳаммад эса Занд буйруғига кўра бичиб қўйилади ва зиндонга ташланади.

1779 йилда Муҳаммад Карим Занднинг ўлимидан сўнг, Эронда яна бошбошдоқлик бошлангач, Оға Муҳаммад вазиятдан фойданганича Шероздаги маҳкумликдан қочади. Иззат-нафси поймол этилган Оға Муҳаммад атрофига содиқ кишилар тўплаб, Мозандарон ва Ғилон ҳудудларини ўзига бўйсундиради. 1785 йилда Зиндларга пойтахт бўлиб турган Исфахонни забт қилади. Бирин кетин Қум, Теҳрон шаҳарлиаям қожорларга қарам бўлади.Теҳрон пойтахтга айлантирилади.1791 йил баҳорида Зандийларнинг пойтахти Шероз буткул вайронага айлантирилади. Оға Муҳаммад болалигида ўзининг иззати-ғурурини поймол этган, бу пайтда ўлиб кетган Карим Зандни мутлақо кечирмаганди.Шу боис уни.. гўрдан чиқариб Теҳрондаги сарой остонасига кўмдиради.Ваҳшийликлар шу даражада кучаядики,” зандларнинг сўнгги таянчи Кирмонда 20 минг эркак кўр қилинади, 8 минг аёл аскарларга топширилади.Қолган аҳоли қул қилинади.600 кесилган бошдан минора ясалади. Сўнгги Зангий ҳукмдор Лутф Алихоннинг кўзи ўйилди, сўнг оёқ-қўллари кесиб ташланди” ( Шодмон Воҳидов, Алишер Қодиров, “Шарқнинг машҳур сулолалари”, Т, “Академнашр”, 2013, 573 бет).

Оға Муҳаммад шу тарзда ўз мухолифларидан аёвсизларча ўч олади. Хуросонга, Грузияга, Россияга қарши юриш қилади. 1796 йил баҳорида Муғон чўлидаги қурултойда Эрон шоҳи сифатида Оға Муҳаммад қожорлар сулоласига асос солади.Бироқ орадан бир йил ўтиб Шушада қароргоҳида хизматкорлари томонидан ўлдирилади.
Қожорлар сулоласи тахтига Оға Муҳаммаднинг жияни Фатҳ Али ўтиради. Унинг даврида ( 1797-1834) рус-эрон урушлари бўлиб, Эрон мағлубиятга учрайди ва Кавказдаги талончилик қилиб олдинги ҳукмдорлар даврида қўлга киритилган ҳудудларидан ажралади.

Шундан сўнг Фатҳ Али Англия билан яқинлашиш, иттифоқдошлик ўрнатишга интилади.Аммо бу интилишлар айтарли самара бермайди. 1834 йилда Қожорларнинг иккинчи ҳукмдори вафот этгач, тахтга унинг невараси Муҳаммад ( 1810-1848) ўтиради.24 яшар ёш қожор шоҳи Муҳаммад даврида Эронни асоратга олиш бўйича Англия ва Россия рақобатлаша бошлайди.Муҳаммад амалдорлари билан кенгашиб, ҳар иккала империя билан ҳам муросага келади, турли битимлар имзолайди.

1848 йилдаги Муҳаммад Қожорийнинг ўлимидан сўнг ўғли Насриддин тахтга чиқади. У Европага яқинлашиш сиёсатини олиб бориб 1873, 1878 , 1879 йилларда кўҳна қитъага сайёҳатга чиқади.Сафардан қайтиб фанатик диний аристократлар, нафси ҳакалак отган амалдорлар давлатини европалаштиришга интилади.Табиийки, бу борада қаттиқ қаршиликка учрайди.Бироқ шундай бўлсада, мамлакатга телеграф тортилади, европача ҳарбий мактаб ишга тушади, Эронга француз мутахассислари келиб турли соҳаларда иш бошлашади.Теҳронда француз мактаби иш бошлайди.

Ана шундай оз бўлсада бошланган ислоҳотлар қаршиликка учраб, Эронда бобийлар номи билан боғлиқ қўзғолон юзага келади.Қўзғолон раҳбари Боб-Саид Али Муҳаммад ( 1820-1850) эди. Бобийлар ҳам ўзларига яраша ислоҳот режасини ишлаб чиққан, аммо 1843 йилда бошланган норозилик, қўзғолонлар бобийнинг 1850 йилдаги ўлимидан сўнг ҳам -то 1869 йилгача ожиз ҳолатдаям давом этиб, шу йили бутунлай сўниб битди.

Насриддин 48 йиллик ҳукмдорлиги даврида Ҳирот, Машҳад, Ҳиндистондаги инглизлар, Хива хонлиги, Салор туркманлари билан кўплаб урушлар олиб борди.У 1896 йили суиқасд сабаб ўлдирилади. Қожорлар тахтига Насриддиннинг иккинчи ўғли Музафарридин ( 1853 -1907) чиқади. Кўп йиллар Озарбайжон ноиби бўлган, Табризда яшаган қожорий сулола вакили француз тилини билар, отаси каби европага интилган киши эди. Унинг даврида француз, немис, инглиз, рус китоблари форс тилига таржима этилади, “Носирий” номли газетага асос солинади.

Бироқ Эрон бу пайтда иқтисодий инқироз ҳолатда эди. Ҳаттоки Эрон шоҳи бўлган Музаффариддин уч марта Европага сайёҳат қилганидаям Россия императори Николай 2дан қарз олишга мажбур бўлганди.Айнан Европа сафари пайтида у кинога қизиқиб, Парижда эрон киносига асос солади.Аммо бу интилиши ҳам қарз ҳисобига амалга ошади. Натижада у кинога ҳомийлик қилган фирмаларга Эрон бозори ва саноатини назорат қилиш имкониятини беришга мажбур бўлади. Натижада Эронлик амалдорлар унга қарши иттифоқ тузиб, Музаффариддиннни парламент тузиш, давлат маблағини шу асосда назорат қилишга ҳаракат этишади.Шу ниятда 1906 йил октябрда Қожорий шоҳлар ҳокимиятини чекловчи концтитуция қабул қилинади.Бу зарбалар Музаффариддинга қаттиқ таъсир қилиб 40 кундан сўнг, юрак хуружидан вафот қилади, Тахтга марҳумнинг катта ўғли Муҳаммад Али (1872-1924) ўтиради. Унга амалдорлар отаси давридаги чекловлардан иборат концтитуцияга амал қилишни талаб қилишади.Янги ҳукмдор гарчи бунга ваъда берсада, бунга амал қилмайди. Натижада 1908 йил 15 февралида ҳукмдорга қарши суиқасд уюштирилади. Ўртада юзага келган зиддият сабаб, Муҳаммад Али 24 июнда парламентни тарқатиб юборади.
Натижада зиддият авж олиб, Табриз, Исфахон,Ғилон , Бушер, Бандар Аббос ва бошқа шаҳарларда шоҳга қарши исён кўтарилади. 1909 йил 13 июлда исёнчилар Теҳронни ҳам забт қилиб, фавқулдда кенгаш чақиришади ва ҳукмдорни тахтдан тушириб, ўрнига 11 яшар ўғли Аҳмадни тахтга кўтаришади. Натижада Муҳаммад Али ҳаётидан хавфсираб Россияга кетишга мажбур бўлади. У рус қўшинларидан мадад олиб, 1911 йилда Астрабодда ҳокимиятни эгаллашга уриниб кўради. Аммо мағлубиятга учраб, Россияга қайтиб Одессада яшашга мажбур бўлади. 1920 йилда Истанбулга, сўнгра Италияга кўчиб, 1924 йилда вафот этади.

Эрондаги қожорлар сулоласини эса номигагина 11 яшарлигида тахтга чиқарилган Аҳмад ( 1898-1930) бошқаради.Унинг номидан Эронни бахтиёрлар қабиласи сардорлари эгаллашган.1923 йилда сўнгги қожорий шоҳ Аҳмад Европага сургун қилинади. Расман эса 1925 йил 31 октябрда Ризо Паҳлавий томонидан тахтдан маҳрум қилинади ва 1930 йилдаги вафотигача Францияда қувғинда яшайди.

Шу тариқа дунё давлатчилигидаги энг қадимий ҳудуд Эронда қожорлар сулоласи 1797 йилдан 1925 йилгача давом этган.

007  Eronlik general Ismoil Mirpanjiyning “Asirlikdagi xotiralar” kitobining birinchi qismi bilan tanishdingiz. Ikkinchi qismni diqqatingizga taqdim etishdan avval asarda aks etgan 1854-64 yillardagi ayrim voqealar, oʻsha davr shaxslari, xonlikda hukm surgan sulolalar, umuman oʻsha davr muhitiga oid lavhalar bilan tanishtirishni lozim deb topdim. Oʻylaymanki, bu maqolalar Mirpanjiy tasvirlagan davrni yanada koʻz oʻngingizda oydinroq tasavvur qilishga yordam beradi (Muallif izohi).

XIVA XONLIGI TARIXIDAN
LAVHALAR

Umid BEKMUHAMMAD
012

MINORASI BITMAGAN MADAMINXON

077

— Siz podshohsiz, men esa bir qulingizman, maqsadingiz meni o’ldirish bo’lsa, o’ldiring, qulni o’ldirish uchun ham tuhmatomuz so’zlar aytib, bahona izlab o’tirasizmi?-dedi Bekniyoz devonbegi Xiva xoni Abdullaxonga ta’zim bajo aylaganicha… Yoqub mehtarning g’iybati bois devonbegini g’oyat yomon ko’rib qolgan xon qa’tiy hukm qildi.Unga ko’ra, Bekniyoz devonbegining tishlari urib sindirilib, Angliyadan keltirilgan aslaha-to’p og’ziga solib otildi.

1855 yilda bo’lgan yuqoridagi o’ta dahshatli hukmga sabab, yaqindagina Xiva hukmdori qilib Yoqub mehtar tomonidan ko’tarilgan Abdullaxon , Bekniyoz devonbegining xalq orasidagi obro’sidan qo’rqib, u meni noloyiq ko’rayapti, deb o’ylaganida edi. Zero, devonbegi Saraxsda o’ldirilgan xon-Madaminxonga g’oyat sadoqatli bo’lib, ular Abdullani emas, boshqa bir adolatparvar shahzoda Sayyid Mahmud to’rani xon qilib ko’tarmoqchi edilar.Negaki, yurtga Madaminxonning amalga oshmagan niyatlarini ro’yobga chiqaradigan islohotchi xon kerak edi. Madaminxonning esa ko’pdan ko’p niyatlari o’zi bino qildirayotgan minora singari chala qoldi.

1846-55 yillarda Xiva xoni sifatida hukm surgan Madaminxon tarixda Xorazmning dovrug’ini taratgan xonlardan sanaladi.Uning davrida bo’ysunmas yovmutlar ham to’la itoat etdiriladi.Xonlikda soliqlar kamaytiriladi.Dehqonchilik rivoj topadi.

Ayniqsa, 1850 yildan qurila boshlagan 130 hujradan iborat madrasa 3 yil ichida to’la bitkaziladi.Xivadagi eng katta madrasalardan bo’lgan Madaminxon madrasasiga ajratilgan vaqf yerdan yiliga 12000 botmon (1 botmon -20 kg) va 5000 tillo daromad olinar va bu mablag’ madrasa mudarrisi hamda talabalarga taqsimlab berilardi. Shuningdek, Angariq qishlog’ida bog’ hamda xonning hovlisi ham qurib boshlangandi. Madaminxon nomini tarixda qoldirgan va garchi qurilishi tugallanmagan bo’lsada, g’oyat mahobatli Kaltaminorni Xivadagi eng mashhur yodgorlik, desa bo’ladi. 1853 yildan barpo etila boshlangan minoraga koshinlardan serjilo bezaklar berilgan bo’lib, o’sha davr shoir va tarixchilari hali bitmagan minorani “Falak ayvoniga qo’yilgan ustun”, deya ta’riflagandilar.

Aytganlaricha bor edi.Zotan, bitmagan minora bo’lsada, u Ichan qa’laga ko’rk bag’ishlab turibdi.Afsonalarga ko’ra, Madaminxon minora tepasidan Buxoro ko’rinib tursin, deb quruvchilarga ko’rsatma bergan.Negaki, xon Buxoro mirining qizini o’g’liga olib bermoqchi, kelinning tashrifini minoraga chiqib tomosha qilmoqchi ekan.

O’sha davrda tez-tez urushlar bo’lib turgani bois kelajakda eng buyuk mo»jizaviy minora bo’ladi, deb hisoblanayotgan bunyodkorlik ishi to’xtab qoladi.1855 yili Madaminxon Marv yaqinidagi Saraxs qa’lasini qamal qiladi.Ushbu qamaldan oldingi Yo’lbarstepadagi jangda omad xivaliklarga kulib boqqandi.O’sha jangda Madaminxon buyrug’iga ko’ra, to’pchiboshi Hoshimxon ikkita sariq urug’ilik jangchini to’p bilan urib, tilka-pora qilgan va sakson tilla mukofot olgandi.

Saraxs qamalida esa Madaminxonga o’q tegib, otdan yiqiladi.Qurbonkal ismli dushman jangchisi xonga qilich urmoqchi bo’ladi.Shundan keyin qozi Rahmonberdi, Muso to’ralar ham xonni qutqarolmay, o’zlari shahid ketadilar.Saraxslik jangchi O’roz Madaminxonning va yana olti nafar Xiva aslzodasining boshini tanasidan ajratib, Eronga olib ketadi.Garchi O’rozxon, Eron shohi shu ishim uchun meni taqdirlaydi, deb o’ylasada, xato qilgandi.Negaki, o’sha davr taomiliga ko’ra, dushman bo’lsa ham jangda davlat rahbarining boshini tanasidan judo qilish gunoh hisoblanardi.Shu boisdan Eron shohi Nasriddin O’rozxonni bu qilmishi uchun jazolab, Madaminxonning boshini islom diniga ko’ra yuvib, kafanga o’rab, dafn etdiradi.Madaminxon dafn etilgan joyga maxsus javohiru toshlardan gumbazli maqbara bunyod qildiradi.

Shundan keyin xonlikda:
Madrasasi bitib minorasi bitmagan,
Madaminxon murodiga yetmagan,
degan naql paydo bo’ladi.Ana shu voqeadan so’ng barpo etilayotgan minora ham chala qoldi.Bu vaqtda Xivada xonning eng sodiq devonbegisi Bekniyoz Buxoro amirining qizini shahzoda Abdulla to’raga unashtirib, to’y taraddudida yurgandi.Otasining o’limidan so’ng Abdulla amirning qiziga uylanishga jur’at qilmadi.Qiz ham unashtirilgani bois, hech kimga turmushga chiqmay qarib vafot etadi.

Bekniyoz devonbegi yangi xon Abdulla ( Madaminxonning o’g’li emas, boshqa-U.B.) tomonidan to’p og’ziga solib otib yuborilganidan keyin Madaminxonning niyatlari amalga oshmadi.So’nggi xonlardan hech biri minorani tugallashga jur’at qilolmadi.Chunki, so’nggi xonlar irim qilib, Madaminxon Eron bilan bo’lgan jangda o’ldirilib, boshi u yoqda, tanasi buyoqda dafn etilganidan, minorani davom etdirsam, menim ham qismatim shunday tugashi mumkin, deya cho’chishgan.Qolaversa, undan so’ng ko’plab xonlar tez-tez almashib, saroy o’yinlari, fisqu fasodlar ularni bu ishdan uzoqroq yurishga majbur qilgan.Ammo chala qolgan Kaltaminorning o’ziyoq Xivaga ko’rk bo’lishi bilan birga Madaminxonning nomini tarix zarvaraqlariga abadiy muhrladi.

SAMARASIZ SAFAR

“Xon hazratning ovqatlari, asosan, ot go’shtidan tayyorlanadi, xon otning durquni va nafsini yeydi.Qaerda ot yoki yobu suysalar, ularning durquni hamda nafsi ul janobnikidir.Hech kimning uni yeyishga haqqi yo’q, faqat xon hazratlari uchungina yig’ib keltiriladi.Xon ularni o’z qo’li bilan tozalaydi, maydalaydi va pishirib yeydi.Bu uning eng yaxshi va tansiq taomidir…”

Yuqoridagi jumlalar bevosita 1842 yili Xiva xoni bilan uchrashgan va vohada bir qancha vaqt bo’lgan eronlik elchi tomonidan yozilgan.Muhammad Alixon G’ofurning safaridan maqsad esa har ikkala davlat o’rtasidagi ziddiyatlarni bartaraf etishdan iborat edi.Kelishmovchilikka sabab xonlikka qarashli yovmudlarning ko’plab eroniylarni o’g’irlab, asir olib, Xivada sotishlari bo’lgan.Bundan tashqari, Angliya va chor imperiyasi turli bahonalar bilan o’z hududlarini O’rta Osiyo yerlari hisobiga kengaytirayotgan bir davrda, Xiva hamda Buxoro amirligidagi qul bozorlarida 30 mingdan ziyod pirsiyon-eroniyliklar sotilgandi.Shunday vaziyatda Eron hukmdorining asirlarni ozod qilish haqidagi taklifi bilan elchi Xivaga kelgandi.

— Ochig’i, men bu taklifning uddasidan chiqa olmayman.Odamni qiyin ahvolga solib qo’yadigan og’ir taklif.Sabab shundaki, asirlarning barisi raiyat va xalq qo’lida.Ular hammasiga pul to’lab, xarid qilganlar.Xalqdan mulkini tortib olib, bunday jabr o’tkazish mamlakatimiz qonun-qoidasiga to’g’ri kelmaydi.Asirlarning umumiy bahosi ham chakana emas.Mayli, uncha-muncha bo’lganda bir ilojini qilardim, ammo ko’pini sotib olishga qiynalamiz.Yana ta’kidlayman, xalqdan zo’rlik bilan tortib olish qonunlarimizga mutlaqo ziddir.Oramizda shunday kelishuv bor: raiyatdan undiradiganimizdan bir dinor ham oshiqcha olmaymiz.Haqqimiz yo’q.Olsak, har kuni bizni ming malomatga duchor qilishadi, o’z holimizga qo’ymaydilar,-deya Xiva hukmdori Olloqulixon vaziyatni tushuntirib, taklifni rad qildi.

Shu taxlit Alixon G’afur va u bilan birga Xivaga kelgan ingliz Tomson (Vil`yam Teylor Tomson-1837-1855 yillar oralig’ida Angliyaning Tehrondagi elchixonasida moliya masalalari bo’yicha attashe bo’lib ishlagan.Eron podshosi safarga xalqaro miqyosda rasmiy tus bergan bo’lib, uniyam elchiga qo’shib yuborgandi.Tomson 1883 yili vafot etgan) bir necha bor xon va amaldorlari ila muzokara olib borishdi.Bu vaqt mobaynida Alixon G’afur va hamrohi Xivada ko’plab voqealarning guvohi bo’ldilar.

“ …Xon hazrat saltanat ishlarida shunday tartib-intizom o’rnatganki, ortig’ini tasavvur ham qilib bo’lmaydi.Kunlardan bir kuni bir amaldor shaxsning belbog’i daraxt ostida yotgan ekan.Chetdan kelgan bir odam belbog’ni olib, egasi topilib qolar, degan niyatda daraxt shoxiga ilib qo’yibdi.Belbog’ egasi xon hazratga shikoyat qilibdi.Topgan kishi esa : “egasi topib oson bo’lishi uchun shunday qilgan edim”, deb haqiqatni so’zlab beribdi.Xon uning qo’lini kesishga hukm qilibdi.Ya’ni, uni quyidagi ayb bilan gunohkor deb topibdi:” nima uchun birovning moliga ruxsatsiz tegding? O’zganing molini daraxt shoxiga beijobat ilishga qanday hadding sig’di?.

Xorazmda o’g’ri degan gapning o’zi bo’lmagan. Bir misol. Aytaylik, Hirotdan xorazmliklar ko’chirib olib kelgan jamshidiy elidan bittasi o’g’irlik bilan qo’lga tushibdi.Xon hazrat birinchi marta uni ogohlantirish bilan cheklanibdi. Ancha vaqt o’tib o’sha odam yana o’g’irlikka qo’l uribdi.
— Senga, bizning hududda o’g’irlik yo’q, demaganmidim? Tag’in nega bu yomon qiliqni takrorlading?-so’rabdi xon.
— Biz qabilachilik rasmi bilan yashaymiz, qoida shu-javob beribdi o’g’irlikda ayblangan jamshidiy.
Xon hazratning jahli chiqibdi:
— Bizning qoidani ham bilasanmi?
— Yo’q.
— Bo’lmasa bilib qo’y, bizning qoidamiz-odam so’ymoq!-debdi xon.So’ng o’g’rining gardaniga urmoqqa ( ya’ni, umurtqa pog’onasini bo’yin qismidan sindirib, qattiq qiynoq bilan o’ldirishga) hukm beribdi.Xullas, Xorazmda o’g’ri zoti-anqoning urug’i”.

Garchi xonlikda Olloqulixon shunday qattiq tartib o’rnatgan bo’lsa-da, davlatning harbiy qudrati g’oyat past edi. Shu bois ham bu holni kuzatgan Alixon G’afur o’z kundaligiga kinoya bilan
shunday bitgan:

Tu pindori ke tupash qa’lakub ast?
Baroi luleyi xo’b ast.

Ya’ni:
To’pini qa’lalarni vayron qiluvchi desang, yanglishasan,
Ular favvora quvuridan o’zgaga yaramaydi.

Chunki,” xon hazratning doimiy bo’lmagan qo’shinini yiqqan paytda chavandoz va piyoda hammasi bo’lib o’ttiz mingga yetadi.Lekin suvoriylardan shu o’ttiz mingta ichida faqat to’rt-besh mingtasigina ishga yaroqlidir.Chunki qolganlari tuya va yobu minganlar.Har o’ntadan faqat bitta sarbozgina to’la harbiy aslaha bilan qurollangan va o’sha to’rt-besh ming chavandoz ham eronlik jamshidiy, temuriy qabilalari hamda xurosonliklardan iborat.O’n, o’n ikki g’ildirakli va to’rt dona ulovga yuklab yuriladigan to’plari bor, qolganlari ulov yerda sudrab yuruvchi zambaraklardir.To’pxonasida uch yuz man borut dori(porox) va to’rt yuz dona o’qi bor”.

Alixon G’afur o’z kundaligida Xiva tasviri, oziqovqatlar turi, asirlarning ahvoli, poytaxt bilan bekliklar orasidagi masofa singari kuzatgan-bilganlarini ham yozib qoldirgan.

Shu tarzda 1842 yil ikki oydan ko’proq davom etgan muzokaralardan so’ng, Alixon G’afur hamrohlari bilan vataniga qaytib ketdi.Garchi elchining safari hech bir natijasiz tugagan va ular asirlar masalasida maqsadiga yeta olmagan bo’lsalar-da, “Ro’znomayi safari Xorazm” nomli G’afurning kundaligi 19 asrdagi Xorazm tarixini o’rganishda boshqa manbalarga taqqoslab ko’riladigan qimmatli asar bo’lib qoldi.

RIZOQULIXONNING KO’RGAN KECHIRGANLARI

“Qishda loy va yozda tuproq ko’pligidan yo’llar va ko’chalarda etiksiz yurish qiyin. Xorazmda qish shunaqa sovuq bo’ladiki, barcha hovuzlar, anhorlar qattiq muzlaydi.Hatto, toshqin oqar ulkan Jayxun daryosi suvi ustki qatlami piyoda-yu, ot-aravada bemalol yuradigan darajada muzlab, odamlar undan u qirg’oqqa, bu qirg’oqqa o’tib qaytadilar. Yozda Xorazm havosi nihoyatda issiq bo’ladi. Ro’za kunlari o’sha yerda bo’lganimda kun uzunligi o’n olti soatga yetgan, havo ham juda issiq edi. Issiqlikka chiday olmay, balandligi yigirma sakkiz zar’ bo’lgan va yel tortuvchi Ko’shkka chiqib oldim. Shunda ham kechasi issiqdan dimiqib, pashshalar nishi hamlasidan qo’rqib, sira uxlay olmasdim”.
Ushbu xotiralar Xorazmdan ancha uzoq bo’lgan Yevropalikning emas, unga qo’shni Eronlik elchi Rizoqulixon Hidoyatning safarnomasidan olindi.

Ha, Xorazmning nafaqat tabiati, geografik joylashuvi, balki insonlarning fe’l atvori, etnografiyasi, yashash tarzi ham shundoq qo’shni davlat diplomatlarini hayratlantirgan .
Ma’lumki, ibtidoiy illat-qul savdosi tufayli 1873 yilgacha saqlanib kelgan eroniy asirlarning xonlikda saqlanishi, har ikkala davlat o’rtasidagi munosabatlarni qayta ko’rib chiqishga undagan.Diplomatik safar uchun esa salohiyatli, dunyoqarashi keng inson elchi qilib tayinlangan.

Eron tarixida mashhur shoir, adib, noshir, ma’rifatparvar inson sifatida qolgan Rizoqulixon 1800 yili qojorlar sulolasiga xizmat qilgan Muhammad Hodixon oilasida Tehronda tug’ilgan edi. Rizoqulixonning shajarasi asli O’rta Osiyolik, biroq hayotining so’nggi davrlarini Tabrixda o’tkazgan , shu shaharga dafn qilingan Kamol Xo’jandiyga borib taqalardi. Aynan Eronda shu bois Rizoqulixonning avlod-ajdodi obro’-e’tiborli insonlardan sanalgan.Rizoqulixonning o’zi ham Muhammadshoh Qojorning o’g’li Abbos Mirzoga murabbiylik qilgan, viloyatlarga hokimlik qilgan.

Rizoqulixondan adabiyot va tarixga oid ko’plab asarlar, nashr etdirgan kitoblar meros bo’lib qolgan. Ana shu asarlari orasida Xiva xonligi elchiligiga doir “ Saforatnomayi Xorazm” nomli xotiralaridir. Rizoqulixon yo’l mashaqqatlarini yengib o’tib, to’rt oy davomida Xiva xoni, amaldorlari, eronlik tutqunlar, umuman voha ahli bilan muloqotda bo’ladi.Tabiiyki, ziyolilarga, elchilarga oid yon atrofni sinchiklab kuzatadi.Uni Xorazmning tarixi ham, xalqning urf-odati, madaniy va iqtisodiy hayot, voha tabiati, xonlikning boshqa davlatlar bilan munosabatlari qiziqtirgan.

Tan olish kerak, Rizoqulixon xonlikka kelgan davrda Eronda olib borilgan islohotlar, Yevropa davlatlari bilan aloqalarning kuchayganligi sabab, ular ustunlikka ega edilar. Aynan shundan kelib chiqib Rizoqulixon xonlikka , odamlar turmush tarziga shu nuqtai nazardan kelib chiqib razm soladi.

U xon amaldorlarining o’ziga berilgan ziyofatini shunday tasvirlaydi: “ dasturxon keltirib qo’ydilar, ularning qonuni bo’yicha nonning bir chetidan ushatib, og’zimga soldim. So’ng choy keltirdilar. Shundan keyin taom tordilar. Taomlari xususida ham aytaylik: gurunchni kunjut yog’i bilan qaynatib so’ng damlaydilar. Shu qozonda pishirilgan qo’y go’shtini ham dasturxonga alohida tortadilar. Farrosh boshi taomlarni dasturxonga terib chiqadi. Xizmatchi belining chap tomoniga bog’lagancha osiltirib qo’ygan pichoq bilan go’shtlarni suyagidan ajratib, taom ustiga qo’yadi. Tuyoq suyaklarini uy egasi oldiga qo’yadi. Mabodo, o’tirishda juda azizroq bir kishi bo’lsa, o’shaning oldiga qo’yadi. Qovurib va qaynatib pishirilgan sabzi ham shu taom ustiga qo’yiladi. Qaynatilgan qo’y kallasini tuyoqli poycha bilan alohida bitta idishga solib keltirib qo’yadilar. Gurunchga biroz sut qo’shib osh pishiradilar. Tortganda ustida kunjut yog’i, uning ichida esa qurigan o’rik va buxoro olusi va shunga o’xshash narsalar solingan bo’ladi. Xo’rishiga go’sht ham pishirib qo’yiladi. Qovun, uzum yoki anjir, o’rik kabi qaysi pishgan mevadan bo’lmasin, goho ularning xomi, ya’ni dovuchchasini ham dasturxonga qo’yaveradilar. Katta-katta rus qandi, oq novvot va gulobni bitta katta barkashga terib, dasturxon o’rtasiga qo’yadilar. Go’shtni piyoz bilan aralashtirib qovursalar, uni chalov deydilar va bu ularning eng yaxshi ovqatidir.

Xullas, men ul viloyatning eng yaxshi poliz mevasi bo’lgan qovundan ozgina va nondan ham bir bo’lagini sindirib, olma murabbosi bilan yedim. So’ng dasturxon yig’ishtirilib , qo’llarini ham shu dasturxonga atrdilar. Yonimda olib borganim oftoba ( qumg’on) va lagan bor edi, xizmatkorlarim darrov hozir qilishdi. Qo’limni yuvib, sochiqcha bilan artdim. Shundan so’ng qo’limni yuzim va soqolimga tortib, fotiha o’qidim. Qahva tayyorlaydigan asboblarni ham o’zim bilan olib borgan edim, odamlarim qahva qaynatib keltirishdi. Har bir kishiga bittadan finjonda uzatdilar. Mullo Muhammadnazar birdaniga ichib yuborib, og’zini kuydirib oldi. Qahvaning achchiqligi ham unga yoqmadi. Otaniyoz mahram mulloga , “ bu qahva degani bo’ladi, uni Rum va Eronda ichish rasm, ovqatni hazm qildiradi”, deya tushuntirdi. Mulla Muhammadnazar esa “ qanday foydasi bo’lmasin, endi hech qachon bu qahva degan narsani ichmayman, tilim va og’zim pishdi”, dedi”.

Oradan bir ikki kun o’tgach, xuddi bahsga kirishganday xonning devonbegisi va mehtari ham Rizoqulixonni uyiga ziyofatga chaqirishadi. Eron elchisi ziyofatga borib qatnashadi . Tabiiyki, Rizoqulixon ham ushbu ziyofatlarga javoban xon amaldorlarini o’zining tushgan uyida mehmon sifatida siylaydi.

“ Bu o’tirish uchun qirq-ellik kishiga mo’ljallab turli-tuman taom va ovqatlar tayyorlashni buyurgan edim. O’tirish vaqti yetishgach, chaqirgan mehmonlarim bir-bir kelib, salom berib, etiklarini yechmay oyoq kiyimlari bilan gilamlar ustiga chiqib o’tirdilar. Xizmatchilarim qahva, choy, gulob va chilim keltirib qo’yishdi. Shundan so’ng dasturxon hozirlab, turli tuman ovqatlar, palovlar keltirdilar. Dasturxonga halvolar, guruch qaynatmasidan qilingan chanqoqbosdi ichimlik, meva sharbati, sabzavot sharbati, qovun kabi dasturxon ziynatlaridan tashqari qo’zi go’shtidan qilingan kabob, qovurilgan jo’ja singari tansiq taomlardan keltirib, dasturxonda ochiq joy qoldirmay bir-birining ustiga qalab tashladilar. Tabiiyki, mehmonlarim bu yeyimlik-ichimliklardan ko’pchiligining nimaligini ham bilmasdilar. Otaniyoz mahram Tehronda bo’lib, bularni ko’rgani uchun ba’zilarini ularga aytib, tushuntirgan bo’ldi. Yeya olganlaricha yedilar, yonida qancha navkarlari va qiziqib kelgan kishilar bo’lsa, ular ham to’yguncha oshadilar. Undan tashqari ovqat va shirinliklarning anchasini o’sha kechasi va ertasiga shu atrofda yashayotgan eronlik tutqunlarga berdik, ular ham bahramand bo’lishdi.

Men uyushtirgan bu o’tirishdan keyin, boshqa birovning bizni mehmonga chaqirishga yuragi dov bermadi.chunki, bizning ziyofat oldida o’zlari bergan o’tirishdan juda uyalib qolishgandi. Xivaqda hamma narsa juda arzon va mo’l-ko’l bo’la turib, shunday dasturxon bezay olmasliklari va ziyofatni nozu ne’matlarga to’la holda ko’ngildagidek o’tkaza olmasliklari ularni juda xijolatga solib qo’ygandi. Ha-da, bo’lmasa o’sha men bergan ziyofatga hech qancha ham pul sarflanmadi. Xivada arzonchilik-da, arzonchilik”, deya 1851 yilda Xivadagi turmush tarzini tasvirlaydi elchi.

Bundan tashqari Rizoqulixon Najmiddin Kubro, Pahlavon Mahmud, Sulton Muhammad Xorazmshoh, ularning hayotlari to’g’risidayam,Xorazmda eshitganlari, o’qiganlari bo’yicha qo’shni Buxoro va Qo’qon davlatlari, u yerdagi vaziyat, shaharlari haqidayam ko’plab qiziqarli ma’lumotlar keltirib o’tadi.

Xiva xonlarining tarixiga oid, xonlarning taxtga o’tirish marosimi, umuman hukmdorlar faoliyati, qo’shni davlatlar bilan munosabatiga oid kuzatishlarini ham asarida bayon etib o’tadi.Shu kabi Erondan Xivagacha bo’lgan, shaharlar orasidagi masofa, u yerdagi vaziyat haqidayam to’xtaladi.

Umuman olganda Rizoqulixonning ushbu asari Ogahiy, Bayoniy asarlaridagi voqealarni to’ldiradi, voqealarni real tasvirlaydi.Agarki, boshqa bir elchi Muhammad Alixon G’afur, asirlikda saqlangan Mirpanjiy asarlariga qaraganda ham keng qamrovda ekanligini nazarda tutsak, xotiralarning ahamiyati katta ekanligiga amin bo’lamiz.
Rizoqulixonning asarini tarjima qilgan Ismoil Bekjondan shu boisdan minnatdor bo’lsak arziydi.

YETTI XONGA XIZMAT QILGAN YASOVULBOSHI

“Bo’ri bakovul ekan, tulki yasovul ekan” , deya boshlanadigan ertakni ko’pchilik eshitgan.Ammo bizning ushbu bitigimiz ertak emas, hayotiy haqiqat, tarixiy fakt.Ya’ni Xiva xonlaridan yetti nafariga yasovulboshilik qilgan ,davlatdagi muhim mansabni egallagan tarixiy shaxs-Rahmatullo yasovulboshi haqida.Uning egallab turgan mansabi “tulki”likni talab qilishi esa xonlar davridagi saroy o’yinlari bois yanada e’tiborli bo’lgan…

Xiva xonligidagi eng muhim davlat amaldorlaridan biri yasovulboshilik mansabi bo’lib, ushbu amal egasi xon farmoniga muvofiq, askarlarga qo’mondonlik qilardi.Urush bo’lgan taqdirda yasovulboshi askarlarni jangga boshlab borar, tinch davrlarda esa xonlar fuqarolarning turli iltimoslarini qabul qiladigan marosimlarda hoziru nozir edi.
Yasovulboshi shuningdek, yovumud va chovudur singavri turkman urug’laridan tuzilgan askariy qismlarga ham boshchilik qilgan.Shu bois, xonlikda ikkita yasovulboshi mansabi bo’lib, biri ko’chmanchi askariy qismlarga qo’mondonlik qilardi.Ikkinchisi esa mirshablar orqali poytaxt Xivadagi Ichan qa’lani qo’riqlab turgan.Shu maqsadda qa’laning to’rtta darvozasida yasovulboshi boshchiligidagi mirshablar guruhi faoliyat ko’rsatardi.

Xiva xonligi tarixida eng uzoq vaqt yasovulboshilik qilib, dong qozongani Rahmatullo yasovulboshi bo’lgan.Uning bobosi Qurbon Niyoz yasovulboshi ham ko’p yillar Xiva xonlariga sadoqat bilan xizmat qilgan edi.Otasi Muhammad Niyoz ham Olloqulixonning (1825-1842 yillar hukmdor bo’lgan) eng ishonchli amaldorlaridan bo’lib, u xonga ko’p yurishlarda g’alaba qozonishiga yordam bergan edi.

1839yil 10 noyabrdagi janglar vaqtida u vafot etadi.Olloqulixon yasovulboshining o’g’lida ham otasi kabi uddaburonlik,mardligu matnonat borligini sezib, Rahmatulloni ham shu tariqa eng muhim davlat amaldorlari qatoriga qo’shadi. Ana shu tarzda Rahmatullo yasovulboshi 1890 yilgacha 7 nafar xon saltanatida xizmat qiladi.O’sha davr an’anasiga ko’ra, Rahmatullo yasovulboshi bo’lgani uchun kamariga pichoq taqib yurardi.Uning davriga kelib, eski paytdagi kabi yasovulboshining kumush qalpoqlik aso olib yurishi bekor qilingandi.
Rahmatulloning bir nechta yordamchisi bo’lib, ular yasovullar deb atalardi.Agarki, xon bir arz yuzasidan kelgan shikoyatni tekshirishga farmon bersa, hodisa yuz bergan joyga shikoyatchi bilan birga yasovul ham borardi. Yasovulboshi Ichanqa’la mudofaasi uchun javobgar shaxs bo’lgani bois, agar shikoyatni tekshirishga o’zi boradigan bo’lsa, saroydan boshlab bosilgan har bir tosh( 18 chaqirim) masofa uchun arzchidan o’z foydasiga uch yarim tanga undirib olardi…

Rahmatullo chovdur va yovmud turkmanlaridan iborat 2 ming nafar askarga qo’mondonlik qilgani sababli, muntazam ravishda bo’lib turadigan urushlarda qatnashardi.Xususan, yasovulboshilik mansabida turgan 1839 yildan 1890 yilgacha bo’lgan davrda Xivada yettita xon: Olloqulixon, Rahimqulixon, Muhammad Aminxon, Abdullaxon,Qutlimurodxon,Sayid Muhammadxon va Feruzxon kabi hukmdorlar ham bor edi.Tabiiyki, ularning aksariyati har yili Chorjo’y, Marv va Eronga yurish qilib turar, gohida qo’shni xonliklar-Buxoro hamda Eronning ularga hujumi bo’lib turardiki, bu davrda Rahmatullo Xiva qo’shiniga boshchilik qilib, urushlarda qatnashardi.

Ayniqsa, 1873 yil Chor Rossiyasining bosqini davrida Rahmatullo yasovulboshi qo’shini ruslarga shunchalik talafot yetkazganki, Xiva xonligi egallangach, aynan u asirga olinib, Rossiyaga surgun qilinadi.Rahmatullo shu taxlit vatan mudofaasida ko’rsatgan qahramonligi uchun 7 yil Kazalida hijron azobida o’rtanib yashaydi.Faqatgina Feruzxonning imperator Aleksandr 2 ga qilgan iltimoslaridan so’nggina u avf etilib, 1880 yilda Xivaga qaytib keldi.Feruz uni yana yasovulboshi qilib tayinlagach, Rahmatullo oldingidek o’z ishini mas’ullik bilan bajarib yuraverdi.

“Materiali po istorii turkmen i Turkmenii” kitobida yozilishicha, “Ishonchli sarkardalardan bo’lgan Rahmatullo yasovulboshi yovmud va yimrali qo’shinlariga boshliq bo’lib tayinlangan” (o’sha asar, 2 tom, 507 bet, M-L, 1938 yil). Shuningdek, yasovulboshi Xivada mirshablar, qamoqxona va xonni qo’riqlovchi shotirlarga ham rahbarlik qilar, maxfiy farmonlarni ham aynan unga ishonib topshirardi.

Tabiiyki, xonning eng ishonchli kishisi bo’lgani bois, Rahmatulo xazinadan anchagina maosh va ehtiyoji uchun kerakli xarajatlarni olib turgan.Xiva xonligi arxiv ma’lumotlariga ko’ra, 1845 yilda Rahmatullo yasovulboshi o’z mushrifi jomli G’ozidan 4550 botmon bug’doy, 213 botmon kunjut, 30 botmon jo’xori, 116 botmon tariq, 30 botmon sholi, 4 botmon mosh, 4 botmon paxta, jami 5047 botmon don olgan. 1849 -52 yilning ramazon oyida Rahmatullo yasovulboshining omborida 2747 botmon don bo’lgani arxiv hujjatlarida qayd etilgan.

Shuningdek, xonlik arxiv ma’lumotlariga ko’ra, Rahmatullo yasovulboshi 1848-56 yillarda 40 tillodan, 1857 yildan boshlab esa 10 tillodan maosh olib turgan.Tabiiyki, bu maosh va yuqoridagi xarajatlar bir oila uchun kattagina daromad ediki, shu bois, yasovulboshi xonga sadoqat bilan xizmat qilardi.
1890 yilda esa Xiva xonlari tarixida eng uzoq muddat yasovulboshilik qilgan, buning ustiga 7 nafar xon xizmatida bo’lgan mard va vatanparvar Rahmatullo kasallik tufayli vafot etdi.

XONNING YAQIN ODAMI

Hukmdorning saroydagi ishongan kishilari mahramlar bo’lishgan.Ular xazinadan katta miqdorda maosh, sarpolar olib turishardi.Ba’zida mahramlar xon hazratlari o’rniga muhr bosish vakolatiga ham ega edilar. Garchi mahramning devonbegi yoki yasovulboshi singari son-sanoqsiz navkarlari bo’lmasa-da, u bevosita xon bilan muomila qilgan.Mahramlar kuni bilan xon yonida bo’lgani tufayli davlatni boshqarish ishiga ham ta’sir o’tkaza olishardi.

Mahramlar kimnidir yomon ko’rib qolishsa yoki shaxsiy kelishmovchilik bois oqni qora desalar, yaxshi inson ham yomonotliq bo’lib ketaverardi.chunki, xon ularga ishongan.
Odatda, xon qabulxonasi hisoblangan ko’rinishxonada hukmdor og’zaki farmoyish berar, buyruqni bajarishni mahram e’lon qilardi.Faqat biror kishini mansabga tayinlash, yer berish, elchilikka oid farmoyishlargina yozma ravishda berilardi.Xon chiqargan boshqa har qanday amru farmonni mahram og’zaki aytar, bajarilishini nazorat qilardi.Shuningdek, yozma farmoyishlarga xon imzo chekmas, faqat muhr bosilardi.Bu ishni ham tabiiyki ishonegan odami-mahram bajarardi.

Xiva xonligi arxiv hujjatlariga ko’ra, mahramlar xonning oromxonasiga kirish huquqigayam ega bo’lishgan.O’nta mahramga boshliq kishini mahram dahboshi, ellik mahramga rahbarlik qiluvchini panjo sadboshi, deya ataganlar. Oftobachi, sharbatbardor, bo’xchabardor, soatbardor singari saroy xizmatkorlariyam mahram sanalgan. O’zbekiston Fanlar akademiyasi sharqshunoslik instituti qo’lyozmalar fondidagi 9320-raqamli hujjatga ko’ra, “saroy xizmatchilari va xizmatkorlarning hammasi poyanda mahram deb atalardi”.
Xiva xonligi arxiv hujjatlarida 19 asrning o’rtalarida mahramlarning xazinadan besh-o’n tillo miqdorida maosh, sarpolar olib turishgani qayd etilgan.Xonlik arxiviga oid 63-daftardagi 39-varaqda “1281 (milodiy 1865) yili Gandumkonda turuvchi Pahlavon Niyoz jarchiga 4 yaxlit tillo berildi”.”1288 (1870) yili rajab oyida Pahlavon jarchiga 5 tilla berildi” ,deyilgan.Jarchi ham xon saroyidagi mahramlar qatorida sanalardi.

Xon uchun zarur bo’lgan buyumlarni ham mahramlar olib turishgan.Arxiv manbalarida “Xon hazratlari uchun Pahlavon mahramga to’rt yumaloq choy va bir botmon tamaki berildi, narxi 11 tilla”, deyiladi. Mahramlar ba’zida hokim darajasiga ko’tarilgan.Masalan, 19 asr o’rtalarida Abdulla mahram hokim qilib tayinlangan edi.

1863 yilda Xorazmga kelgan Herman Vamberi mahram haqida shunday yozgan edi: “xonning shon-shavkat alomati bo’lgan bir talay xizmatkor va malaylar unga xizmat qiladilar.Mahram ana shulardan biri.Uning vazifasi xonning shaxsiy mulozimiga o’xshasada, aslida maxfiy kengashchidir.Mahram saroy hayotidan tashqari davlat ishlariga ham aralashadi va xon oldida ta’siri ham zo’r”.

“ISHONCH QOG’OZI” SIZ MAOSH

Xazinador maosh olgani kelgan shotir, farrosh va mahramni ko’rib ajablanmadi.Negaki, bu necha yillardan beri davom etib kelayotgan odatiy hol edi.Amaldorlarning maoshini ular ishonchini qozongan kishilar olishardi…

Xiva xonligi arxiv hujjatlariga ko’ra, saroyda xizmat qiluvchi turli darajadagi amaldorlar ko’p bo’lib, turli miqdorda maosh olib turishgan.Masalan, yasovulboshi 10-40 tillo, amirul-umaro 50 tillo, mingboshi 40 tillo, boshqa amaldorlar ham o’z darajasi, qilayotgan ishiga qarab xazinadan maosh olishgan.Biroq , ayrimlarni istisno qilganda, aksariyat xon amaldorlari maosh olish uchun xazinaga o’zlari borishmagan.

Xonlik arxiviga oid Rossiya Fanlar Akademiyasi sharqshunoslik institutida saqlanayotgan 82-daftarning 16-varag’ida yozilishicha, amaldorlar o’rniga maoshni farrosh, shotir, mahram kabi mulozimlar olishgan.

19 asrning 60-yillarida Tangriqulibek uchun maosh pulini Abdurahmon mahram, Musoto’ra uchun Pahlavonbek darg’a, Abdullabek uchun Hasan mahram, 1880 yillarda esa Shayxulislom Avazxo’ja uchun xalfasi Ibrohim tayloq olib turgan.Tabiiyki, mahram, shotir, farroshlar xazinadan olgan pulni o’z egalariga eltib topshirishardi.Yuzboshiga ioat etuvchi saroy xizmatkorlari orasida farrosh ham bo’lib, ular xon hovlisi, saroyni supurgani, ba’zida kelgan elchilarga xizmat qilgani bois 10 tillo maosh olishardi.U har oyda xazinaga maosh olish borganida o’zinikini olib bo’lgach, yuzboshi va mingboshining tillolariniyam sanab qabul qilardi.Chunki amaldorlar ularga ishonib shu ishni topshirgandilar.Buning hech qanday “ishonch qog’ozi” ning keragi yo’q, o’rtada lafz, aldagudek bo’lsa , jallod qo’liga tushishdan qo’rquv bor edi, xolos.

“ OTALIQNING MOLIN BOQDIM…”

“ Otaliqning molin boqdim bahorda,
O’zi turmay, uyg’otardi saharda…”

Mashhur hofiz Komiljon Otaniyozovning ushbu misralar bilan boshlanuvchi qo’shig’i ko’pchilikka ma’lum.. Unda atoqli san’atkor o’zining o’spirinlik davrida avvallari otaliqning molini boqqanlar ijro etib yurgan mehnatkash omma dardini kuylagan.

Xo’sh, otaliq kim va uning molini kimlar boqqan?Qolaversa, otaliq qanday nufuzga ega ediki, o’zi turmay molini boqadiganlarni saharda uyg’ota olardi?… Xiva xonligi arxiv hujjatlariga ko’ra, 19 asr o’rtalarida xon saroyida 718 nafar amaldor maosh olgan. Ular orasida otaliq ham bo’lib, u katta nufuzga ega edi.

Asrlar davomida qoida tusini olgan an’anaga ko’ra, xonning chap tomonidan hukmdorning yurakka yaqin, eng ishonchli amaldorlari joy olardi. Bu toifa orasida otaliq ham bo’lgan. Lug’aviy ma’nosiga ko’ra, otaliq “ ota” so’zidan olingan bo’lib, inoq boshchiligidagi “ to’pa” ga birlashgan urug’ boshlig’i edi. Xiva xoni Abulg’ozixon doimiy ravishda qabul marosimlarida yonida o’tirish uchun to’rt otaliqqa joy belgilagan. “ Ana shu an’anaga ko’ra, to’rt otaliq xonning chap tomonida tavoze qilib turar, bir otaliq xondan nariroqda, to’qqizinchi o’rinda o’tirgan, qolgan uchtasi esa shayxulislomdan keyin o’n bir va o’n to’rtinchi o’rinni egallardi” ( Rossiya fanlar akademiyasi sharqshunoslik instituti, 33 fond, 19 varaq).

Saroyda ana shunday nufuzga ega bo’lgan otaliqlar xon ishonchiga sazovor bo’lganidan gohida hokim vazifasiga ham tayinlangan.Xususan, 19 asr o’rtalarida To’ra otaliq Shohobod ( Komiljon Otaniyozov tavallud topgan tuman) ga hokim qilib yuborilgandi. Bundan tashqari, otaliq lavozimidagi shaxs xonlik xazinasidan katta maosh olib turgan.Chunonchi, 1830-1858 yillarda otaliq mansabiga ega bo’lgan Olloberdi otaliq, To’ra otaliq, Annaboy otaliq, Solih otaliq, Hakim otaliq, Muhammad otaliq kabi kishilar 100 tillodan maosh olishardi. Shuningdek, xonlikdagi an’anaga ko’ra, har bir mansab egasi o’zining biror belgisi bilan ajralib turgan. Bayoniyning “ Xorazm tarixi” asarida yozilishicha, “ otaliq qilich va pichoq taqqan”.

Ogahiy otaliq unvoni berilishi bilan bog’liq bir voqeani qalamga oladi. Unga ko’ra, “ juma kuni, rabbialoxir oyining to’rtinchi kuni 1269 ( 1853 yil 15 yanvar) xon hazratlari o’zlarining Xudoyor biy va Shomurod inoq degan ayonlarini Marv viloyati, Marv shahri yaqinidagi xandakda qolgan Xiva qo’shiniga yordamga yo’llaganlar. Sari fitnachilarni mag’lub etib, tumtaraqay qilgan Olloyorxonga janob hazrat otaliq unvoni berganlar, Marvga jo’natilgan Xudoyor biy va Shomurod inoq orqali yorliq bilan birga unga tobshirish uchun oltin pichoq, zarbof chopon va ko’p miqdorda pul yuborilgandi”.

Xiva xonligi arxiv ma’lumotlariga ko’ra, saroydagi nufuzli otaliqlardan tashqari, yana boshqa otaliqlar ham bo’lgan.Chunonchi, bekliklardagi nufuzli kishilar, ba’zida esa ayrim urug’ vakillariyam otaliq unvonini olgan. 1872 yili turli turkman urug’laridan olti kishiga, 1873 yilda qorqalpoqlardan to’rt kishiga otaliq unvoni berilgan.Biroq joylardagi va o’sha urug’lardagi otaliqlar saroydagi to’rt otaliqqa qaraganda ancha kam maosh olardi.Jumladan, 19 asrning 60-80 yillarida turli joylardagi Hasan Omon, Pahlavon, O’roz Muhammad, Uyshun, Eshniyoz, Qilich, Murod ismli otaliqlar 10-20 tillodan maosh olishgan.
Xullas, Xiva xonligida otaliqlar muhim o’rin tutishgan.

KARNAYCHIGA BESH TILLO!

Qadimda xon hazratlarining yaqinlashayotganini, saroydan chiqqani va unga qaytayotganini karnay –surnay ovozidan bilib olishardi. Zero, Xiva xonligida xon safarga chiqqanida surnaychi va karnaychi hamisha mulozimlar qatorida yurishi shart bo’lgan.
Agar xon biror beklikka, ziyorat yoki qandaydir marosim, to’y-ma’rakaga borarkan, belgilangan manzilgacha safarga tantanali tus berilardi.Eng oldinda janda kiygan 10-12 nafar qalandar piyoda ketib borardi.Ular hukmdorni maqtab, madh aytib ketishgan.Bu xizmatlari uchun esa o’sha qalandarlarga to’rt-besh tillo maosh berishardi.
Xonning o’zini esa tansoqchilari bo’lgan qizil to’nli, qo’ng’iroqli kamar bog’lagan shotirlar kuzatib, ehtiyotlab borishardi.Saroyda o’n shotir bo’lib, to’rttasi xon otining jilovini galma-gal ushlab yurar, ikkitasi esa ikki yondan uzangini ushlab borgan.Bu faoliyatlari uchun xazinadan shotirlarning ikkitasi sakkiz tillodan, qolganlari besh tillodan maosh olishardi.

Shotirlar-ku, o’z vazifasini bajarib, jim ketib borishardi. Udaychi va jarchilar esa doimo baqirib-chaqirib yurar, bu ishi uchun udaychi 15-20 tillo, jarchi besh tillo maosh bilan siylangan. Ular xon yonida ortiqcha baqir-chaqir qilmas, xon xaloyiqning oldiga chiqqan paytdagina udaychi o’z hukmdori ovozini ayab, uning o’rniga xalqni qutlardi.Udaychilardan biri xon o’rniga “ assalomu alaykum” deb xalqqa salom bersa, boshqa hamkasbi esa xon uchun xaloyiq javobiga “ va alaykum assalom!” deb qo’yardi. Jarchilar esa xon kelayotganida qichqirib, xalqni ogoh qilib borishar, shuningdek, yangi hukmdor tayinlanganida shahar aylanib, xaloyiqqa e’lon qilardilar.Urush paytlarida ular xon bilan ayrim harbiy qismlar o’rtasida aloqachilik vazifasiniyam uddalashgan.

Xiva xonligi arxiv ma’lumotlariga ko’ra, xon safarga, shikorga, hatto, urushga borganida ham to’qqiz surnaychi va olti karnaychi unga hamroh bo’lgan. Surnaychi va karnaychiga besh tillodan maosh ajratish bilan birga xon hazratlari don ham bergan. Xiva xonligi arxiviga tegishli 36 –daftarning 14-varag’ida 1850-51 yillarda 5 surnaychi va 5 karnaychiga to’rt yuz botmon tariq va ikki yuz botmon makkajo’xori berilgani qayd etilgan.

Xiva xonligi saroyida turli darajadagi mulozimlar ko’p bo’lib, ular xalqning mashaqqatli mehnati evaziga to’plangan xazinadagi pullardan, baqirganiyu, chaqirgani, karnay-surnay chalgani uchun maosh olishardi.

ICHKARIDA KIMLAR BOR, ESHIKOG’A?

Dehqonu chorvador, savdogaru qassob, xullas, barcha fuqaro arzi bo’lsa, saroyga kelib, xon oldiga kirishga haqli edi. Ammo hech kim to’ppa-to’g’ri tashqaridan kelib, xon qarshisiga borishga botinaolmasdi. Arzga kelgan fuqaro saroyga kiraverishda bir kishiga uchrashi va uning ijozati bilangina xon oldiga kirishi mumkin edi. U shaxsning lavozimi eshikog’a edi…

Xivada 1857—1864 yillarda asirlikda saqlangan Eron generali Ismoil Mirpanjiy xotiralariga ko’ra, “Har kimning xonga arzi bo’lsa, muayyan paytda, hech qanday qarshiliksiz uning huzuriga kira olardi. Xonga taalluqli har nima bo’lsa, uning o’zi chuqur tekshirib ko’rib, hukm qiladi. Agar shariat bilan bog’liq ish bo’lsa, qoziga murojaat etadi. Mahallalardagi mayda-chuyda ishlarni esa zikr etilgan kichkina mullolar hal qiladi. Xon devonidan chiqadigan hukm va farmonlar qisqa, lo’nda va aniq bo’ladi”.

Xonga murojaat qilish uchun esa eshikog’aga uchrash kerak lozim edi.Eshikog’asini arzga kelgan har bir kishi oyboltasidan tanirdi. Ana shu qurol uning mansab alomati edi. Eshikog’asi fuqarolarning nima xususida kelganini surishtirib, agar arzgo’ylar ko’p bo’lsa, navbat belgilar va osoyishtalikni saqlashni qa’tiy buyurardi.

1873 yilda Xivaga rus qo’shinlari bilan kelgan Solomanin degan astronom “ qo’lida tayoq ushlab , Xiva xoni saroyida tartib o’rnatib yurgan bir cholni ko’rdim” deya yozgandi (“Voenniy sbornik”, 1874 yil, 3-son). O’sha chol eshikog’asi bo’lgan.

Xonlik arxiv hujjatlariga ko’ra, “Eshikog’asi saroy mulozimi bo’lib, unda bitta oybolta bo’lishi shart edi. 1872 yili yangi tayinlangan eshikog’asi Yoqubboyga bir pichoq bilan bir oybolta taqdim qilgan bo’lib, uning bahosi 20 tillo edi”. Eshikog’asidan nafaqat arzgo’ylar, balki saroy amaldorlari ham xon huzuriga kirishdan oldin “ ichkarida kimlar bor, eshikog’a?” deya ijozat so’rashi shart bo’lgan. Negaki , eshikog’asi faqat saroy darvozasi va eshiginigina emas, hukmdorning o’zini ham qo’riqlashi kerak edi.Shu bilan birga, ushbu lavozim egasiga navkarlar, karnaychi, surnaychi, shotir, sarbon, jarchilar ham itoat etardi.

19 asrda Xiva xonligida Pahlavon kenagasli eshikog’a, Husayn Vays eshikog’a,Muhammad Karim Urganjiy eshikog’a, Muhammadquli eshikog’a,Rahmon eshikog’a, Ollabergan eshikog’a kabi saroy mulozimlari bo’lgan.Ularda 25-50 tacha navkar ham bor edi.

Agar eshikog’a xizmat safari bilan saroydan boshqa yerga chiqsa, unga pul va ot berilardi. Arxiv ma’lumotlariga qaraganda, 1867 yil rajab oyining 20-sida Muhammadquli eshikog’a yovmudlar tumaniga safar qilganida, unga 10 tillo, shuningdek, navkarlariga ham muafyan miqdorda pul berilgan.Bu pullar sahroga borib kelishda oziq-ovqatga ishlatish uchun edi. Yana o’sha yilgi bir hujjatda “Hojining qo’lidagi otni Muhammadquli eshikog’asiga olib berilsin”, “ Rahmonberdi eshikog’asining navari Yusuf shotirga Muhammad Niyoz to’ponchi qo’lidagi saman ot olib berilsin”, deya qayd etilgan.

Hukmdorning eshikog’asi safarga chiqqanida pul va ot in’om qilganicha bor edi.Zero, eshikog’asi saroyda xonning xavfsizligi va osoyishtaligini saqlovchi eng ishongan mulozimi bo’lgan.

QUL SAVDOSI

O’tmishda insonni nafaqat qul qilib ishlatishgan, balki sotishgan ham.Qullar bilangina savdo qilinadigan bozorlar ham mavjud bo’lgan.Xiva xonligidagi qul bozorlariga, asosan, yovmudlar odamlarni Eron, Afg’oniston tomonlardan olib qochib, ba’zida esa savdo karvonlarini talab, bandi qilib olib kelishardi…

Xivadagi qul bozorini Olloqulixon Obdol bobo qabristoni yonida barpo qildirgan bo’lib, u “G” shaklida qurilgan va sakkiz xonadan iborat edi. Xonalarda sotiladigan qullar saqlanardi. Yoz faslida savdo ayvonga ko’chirilgan. Shuningdek, Xivadan tashqari, Ko’hna Urganch, Chimboy, Xo’jayli, Xonqa va Qo’ng’irot bekliklarida ham qul bozorlari bo’lardi. Qul sotib olmoqchi bo’lgan kishi ularning jismonan baquvvatligiga e’tibor berar, ba’zida ovqat yedirib ko’rar, ishtahasi zo’ri ishni ham ko’p qiladi, degan qarash bor edi.
Sharqshunos A.Kunning ma’lumotlariga ko’ra, xonlik bozorlarida yosh qul qizning bahosi 40 dan 250 tillogacha bo’lgan. Navqiron, baquvvat qul esa 30 dan 250 tillogacha sotilgan. 1 tilloga 80 kg bug’doy beradigan davrda qulning narxi qanchalik baland bo’lganini o’zingiz tasavvur qilavering.Shuncha pulga qul sotib olgan kishi, tabiiyki, qulning umrbod egasiga aylanardi.

Rus zobiti A.P.Xoroshxinning ma’lumot berishicha, “ 1873 yilda birgina shaharning o’zida 10 000 nafar qul bo’lgan, xonning bosh amaldori Matmurod devonbegining 150 nafar quli bor edi.Har bozorda o’rtacha 200 ta qul savdoga qo’yilardi” ( Xoroshin A.P. “Sbornik stat`ey” SPB, 186-484 bet).Umuman olganda, xonlikning barcha shahar va qishloqlarida erkak, xotin-qiz qullar soni 35 806 nafarni tashkil etgan.Faqatgina xonga xizmat qiladigan qullar soni 1 500 kishidan iborat edi.

Ammo xonlikdagi qullar miqdori to’g’risida turli xil manbalar mavjud.Masalan Xorazmga bosqin paytida ishtirok qilgan Amerikalik jurnalist Mak Gaxanning “ Voennie deystviya na Oksuse i padenie Xivi” ( M, 1875, s 228) asarida yozilishicha, Xiva xonligida 30 mingtacha eronlik bo’lib, ularning 27 mingi qullardir deyiladi.

Shu kabi 1873 yilgi bosqin paytida qatnashgan polkovnik Alixanov-Avarskiyning yo’l daftarida ( “Poxod v Xivu”, M 1873.SPb, 1899. s 217-218, 280) eronliklarga mansub qullar 20 yoki 25 mingdan kam bo’lmaganligi aytilib, o’zi Xivada gaplashgan Eronlik qul Abbosning fikriga ko’ra, so’nggi 40 yil ichida (ya’ni 1833 yildan keyin) xonlikka sotilgan eronliklar 40 mingdan oshib ketgan.

Xorazmlik tarixchi Bayoniy ham “Shajarai Xorazmshohiy” asarida 1873 yil 12 yuyundagi xon farmoni bilan ozod bo’lgan eronlik asirlarning “Hammalari yigirma yetti mingta erkandir” deya ta’kidlab o’tiladi. Eronlik elchi sifatida 1842 yili Xivaga kelgan Muhammad Alixon G’afurning kundaligida ham ( “Ro’znomayi safari Xorazm”) 30 mingta eroniy qullar Xorazmda bo’lganligi keltirib o’tiladi. Bular eroniy qullar to’g’risidagi turlicha ma’lumotlar.Xonlikda esa bundan tashqari rus qullari ham bo’lgan.

Xullas, xonlikda 19 asrning 73 yilida, ya’ni butun dunyoda quldorlik tugatilib, jahon madaniy taraqqiyot sari XX asrga qadam qo’yayotgan davrda qullar mehnatidan foydalanilardi. Bunga sabab qoloq dehqonchilik uslubida ish yuritadigan qishloq xo’jaligining ko’p mehnat talab qilishi va yovmudlar, ularni qo’llab turgan xon amaldorlari o’rtasidagi jinoiy zanjir rishtasidek odam savdosining bag’oyat ko’p daromad keltirilayotganligi edi.

Ma’lumki, Xorazmda qishloq xo’jaligi sun’iy sug’orishga asoslangan bo’lib, yurt va dehqonchilik taqdiri shunga bog’liq edi.Bu holat esa g’oyat sermashaqqat bo’lgan yoplarni tozalashni talab qilardi.Qullar esa shu ishlarga jalb qilingan. Masalan, 1830 yillarda Xiva xonligida asirlikda bo’lgan rus fuqarosi Pyotr Maslovning Polvon, Shohobod arnalarini tozalashda ishtirok etishi ( M.I.Ivanin “ Xiva i reka Amudar`ya” , Turkestanskiy sbornik, T 50, s 311), undan oldin—1717 yildagi Bekovich ekspeditsiyasi paytida asirga olingan urallik kazak Andrey Borodinning Xiva xonligida har yili bahorda qullarning arnalarni tozalashga haydalishi, “Russkiy invalid” gazetasining bu haqda ( “Ocherki Xivinskogo xanstva”, Turkestankiy sbornik, T, 72, s-4) maqola chop etishi rus asirlari ham qul o’rnida ishlatilganining dalolatidir.

O.Shkapskiyning “ Amu-dar`inskie ocherki” (T, 1900, s-194) kitobida bu haqda “ xonlikda yer egalari 1873 yilga qadar katta-katta yer maydonlarida qullarning kuchi bilan dehqonchilik qilganlar” deya yozgandi. Mak Gaxan esa o’z asarida daryoning har ikkala sohilida behisob yerlari bo’lgan Matmurod devonbegining 400 tacha quli bo’lganini qayd etgandi.
1870-73 yillarda xonlikda qullikda bo’lgan Urallik askar Il`ya Il`ichkovning o’z boshidan kechirganlari to’g’risidagi hikoyasida qozoqlar tomonidan ular Kaspiy dengizining Shartash ko’rfazidan asir olinib, xon amaldorlariga sotilganligi, kazak unter-zobiti Suxortsev va kazak Chernovlar bilan xonning Gandimiyon bog’ida qishin yozin ertalabdan kechgacha yer qazish va aravada yerga go’ng chiqarish ishlarida ishlaganliklari ( “Rasskazi plennix iz Xivi” Turkestanskiy sbornik, T, 46, s-265) bayon etilgan edi.

O’sha vaqtdagi an’anaga ko’ra, xon va uning amaldorlari, boylar tomonidan o’z uylarini xuddi qa’ladek baland mudofaa devorlari bilan o’rab qo’rg’onli qilib qurish urf bo’lgandi.Tabiiyki, bunday ishlarni bajarishda rus va eroniy qullardan foydalanilgan.

Xonlikdagi qullarning soni turli yo’llar bilan goh ko’payib, Eron elchilari kelsa ularga qo’shilib berib yuborilishi natijasida esa kamayib ham borgan.Eroniy qullarni asosan yovmud va boshqa urug’dagi kishilar o’g’irlab kelib Xivadagi qul bozorida sotganlar. Rus va kazaklarni esa Kaspiy bo’ylarida baliqchilik qilib yurganlarida turli millatlardan iborat qaroqchi to’dalari o’g’irlab keltirishardi.

Bundan tashqari bo’lib turadigan davlatlar o’rtasidagi harbiy to’qnashuvlardayam asirlar qulga aylangan.Masalan, Abulg’ozixonning hukmronlik davrida Buxoro amirligining Tajan, Chorjo’y va boshqa qo’shni xalqlar hududlariga qilgan yurishlarida ko’plab amir askarlari asir olinib, Xorazmga olib kelingan.1717 yildagi Bekovich yurishi va uning halokatidan so’ng bo’lsa, uning qo’shinidagi barcha askarlar ham qulga aylangan edi.

Natijada 1717-20 yillarda xonlikda Rossiya fuqarolarining soni 1500 kishiga yetdi.O’sha vaqtda asirlikda bo’lgan Andrey Borodinning guvohlik berishicha, Xiva shahrining o’zidagi rus va boshqa ajnabiy asirlar soni taxminan 3 ming kishini tashkil etgan.

N.Veselovskiyning “ Ocherk istroiko-georgafificheskix svedeniy o Xivinskom xanstve ot drevneyshix vremen do nastoyashego “ SPB, 1877 , s-208) asarida yozilishicha, Xiva xonligidagi rusiyalik asirlar soni o’sha vaqtda 2-3 mingtagacha bo’lgan.

Bunday og’ir holatda qul qilingan rus asirlari to’g’risida “Sankt-Peterburskie vedomosti” gazetasi 1875 yilda maqola ham chop etdirgandi.

Chor Rossiyasi hukumati o’z fuqarolarini ozod qilish borasida ish olib borib, muzokaralar olib borgan va Xiva xonligidan asirlarni ozod qilish uchun yiliga 3 ming rubl` miqdorida mablag’ ajratsada, bu harakat hech bir natija bermadi.Qaytaga Rossiyaning pul ajratishi xon amaldorlari va sheriklarining insonlarni o’g’irlab keltirib, ularni ozod qilish bo’yicha pul ayriboshlashdek daromad manbaiga aylandi.Natijada, rus asirlari ko’payib boraverdi.

Biroq rus hukumatining sa’yi harakatlari bilan 1837 yilda 25 tasi, 1839 yilda 80 ta, 1840 yilda 423 tas qullar ozod qilingan.Keyinchalik bunday ozodlikka qullarni yuborish to’xtab qoldi.

Eronlik masalasiga kelsak, 1841 yili yozida ziyoratchilar karvoniga hujum uyushtirgan talonchilar guruhi Mashhad atrofini ham bosqin qilib, u yerdagilarni, xususan Xuroson voliysining o’g’li Osaf ud-davla akasining o’g’li Vali Muhammadxonni ham ov qilib yurganida ushlab, xivaliklarga sotib yuborishadi.Shunday oliynasablarni asir olish keyinchalik ham davom qilavergan.Masalan, Eron shahzodasi Sultonmurodning 1861 yilda Marvga qilgan yurishida mag’lubiyatga uchrashi natijasida, asir olingan 20 mingtacha asirning aksariyati , polkovnik Alixanov-Avarskiyning yo’l daftarida ( “Poxod v Xivu”, M 1873.SPb, 1899. s 217-218, 280) ko’rsatilishicha qul qilib Xivaliklarga sotilgan.
Qullar shuningdek qo’shni Buxorodan ham keltirilgan.Masalan, Xiva xoni Olloqulixon 1840 yili Amudaryodan o’tib, Buxoroning bir nechta shahar va qishloqlariga bostirib kirib, ularni vayron qilganicha, aholisini asir olib Ko’hna Urganch atroflariga joylashtirgan. N.Veselovskiyning yozishicha, o’sha hujumdan so’ng xonlikka keltirilgan buxorolik asirlarni xon amaldorlari va boylar sotib olgan.

M.I.Ivanin (“ Xiva i reka Amudar`ya” , Turkestanskiy sbornik, T 50, s 311) ning yozishiga ko’ra, xonlikda asirlikda bo’lganlarning ma’lumotlariga ko’ra, 1838 yilda xonlikda rossiyalik fuqarolarga 30 tilladan 90 tillagacha, eronliklarga esa 15 tilladan 30 tillagacha narx belgilangan.O’sha vaqtda xonlik bozorlarida tuya 4 tilladan 12 tillagacha, bug’doyning botmoni 60 tiyindan 1 rublgacha, jo’xorining bir botmoni esa 40 tiyindan 80 tiyingacha sotilgan.

1873 yilda Kaufman xonlikka yurishi arafasida asirlarning narxi ko’tarilib, ruslarga 100 tilladan 200 tillagacha, Erondan keltirilganlarga bo’lsa 70 tilladan, eronliklarning xotinlari va 14 yoshgacha bo’lgan bolalar esa 60 tilladan 300 tillagacha bozordagi xariddan kelib chiqib baho belgilangan. Rus qullariga asosan ular texnikani bilganliklari uchun xon armiyasiga kerakli zambarak va to’plar ham ishonib, ammo kuzatuv ostida tobshirilgan. Masalan, 1838 yilda xonning to’pchilari boshlig’i bo’lib xizmat qilgan Vasiliy Lavrent`ev Kaspiy bo’yidan asir olinib, Xivada sotilgan Rusiya fuqarosi edi. Olloqulixonning 1842 yilgi Buxoroga yurishida xon navkarlarining to’pchilariga boshchilik etgan Sergey ismli rus ham asir qul bo’lgan.

Qullar yaxshi ishlashlari uchun vaqtida ovqatlantirilib, doimo kuzatuv ostida bo’lib, xonga qarashli yerlarni va asosan, uning dala hovlisidagi bog’larni parvarish qilishardi.Birgina Ropanik hovlisida 1847-1850 yillarda 41 dan 53 tagacha qul ishlab, ular ixtiyorida 31 ot va 30 ho’kiz bo’lgan. Gullanbog’ hovlisida esa o’sha yillari 8-10 qul ishlab, ular 7 ot va 7 ho’kizdan foydalangan.Oqmachitdagi hovlida esa 20 tacha qul ishlardi.
Shu kabi beklar, amaldorlar, savdogaru ruhoniylar ixtiyorida ham ko’plab qullar xizmat qilar, 19 asr o’rtalarida xonlikdagi 400 ta badavlat kishi qullarning xizmatidan foydalanardi.

Qullar buyurilgan ishlarnigina bajarar, agar ulardan foydaliroq tashabbus taklif chiqib qolsa, egasi uni amalga oshirardi. Xotin-qiz qullar ko’pincha uy ishlarini bajargan.Erkak qullar esa dehqonchilikka jalb qilingan.Arxiv ma’lumotlariga ko’ra, 1849-1850 xo’jalik yilida Qiziltaqir mavzeida qullar ishlagan dehqonchilikdan 6 ming botmon bug’doy olingan. Qilich Niyozboy mavzeidagi yerlardan esa qullar o’sha yili 400 botmon sholi, 40 botmon g’o’za, 30 botmon jo’xori, 150 botmon mosh hosil olgan. Tabiiyki, shuncha hosilga ega bo’lgan yer sohibi ishlatgan quliga yeguligidan tashqari yana u-bu narsa berardi.Shuningdek, qulga kiyim-kechak uchun ham pul ajratardi. Birgina Hasan devonbegi, arxiv ma’lumotlariga ko’ra, 52 qulga kiyim-bosh olish uchun 104 tillo ajratgan.Shuningdek, yana boshqa hujjatlarda 1866-67 yillarda “ kiyim-bosh sotib olish uchun 5 qulga 5 tillo berildi” , deyilgan.Yoxud shu yili Otajon to’raning muharram oyidan jumodil-avval oyigacha xizmatida bo’lgan ikki qulga 4 oylik ovqat uchun 16 botmon bug’doy bergani, ramazon oyida sotib olingan qulni kiyintirish uchun 2 tillo sarflangani Xiva xonlari arxivida qayd etilgan.

Umuman olganda, qulga qanday ish qilish kerakligi buyurilar, ularni yedirib-ichirish, kiyintirish uchun o’z vaqtida pul berilardi. Ismoil Mirpanjiyga o’xshash eron generali bo’lgan qullar esa xonlikdan uylantirilib ham qo’yilgan. Besh barmoq barobar bo’lmaganidek, qulni odam o’rnida ko’rmaydiganlar ham topilar, mabodo qaysi qul qochsa va tutilsa, jazolanardi. Iqtidorli va g’ayratli qullar esa ozod bo’lib, hatto amaldor ham bo’lib ketgan. Masalan, 19 asr o’rtalaridagi xon mahramlari Matmurod va Xo’jali mahramlar avval qul bo’lgan.Hatto, Xiva xoni Feruzxonning eng suyukli xotini Shirinbika ham yoshligida Erondan yovmudlar tomonidan olib kelinib, Xivadagi qul bozorida haramxonadagilarga sotilgandi.Xullas, o’tmishda g’ayratu shijoatli qullar intilishlari bilan tutqinlikdan ozod bo’lib, Matmurod mahram va Shirinbikaga o’xshab, xonning eng ardoqli kishilari qatoridan joy olgan.

Xullas, O’rta Osiyo hududida quldorlik jamiyati 4-5 asrlardayoq tugatilib ketgan bo’lsada, Xiva xonligi va Buxoro amirligida bunday qul kuchidan foydalanishdek o’tmishdan saqlanib qolgan fojiaviy illatli sarqit , afsuski 1873 yilgacha saqlanib keldi.

QOJORLAR SULOLASI

Qojorlar sulolasining asoschisi Og’a Muhammad 1741 yilda davlat xizmatchisi oilasida tug’ilgandi. Uning otasi turkiylarning qojor urug’iga mansub Muhammad Hasan, Eron shohi Nodirning jiyani Odil huzurida saroy eshikog’asi bo’lgan. Nodirshoh o’limidan so’ng davlatda boshboshdoqlik, tanazzul boshlanib Afg’onlar Qandahorda mustaqilligini e’lon qilishadi.Eronning o’zidagi taxt talashishlar natijasida esa 1750 yili lur qabilasiga mansub Muhammad Karim Zand hokimiyatga keladi. U zandiylarga qarshi kurashgan muxoliflarni , xususan Muhammad Hasanni ham qatl etdiradi. Bu vaqtda yoshgina bola bo’lgan Og’a Muhammad esa Zand buyrug’iga ko’ra bichib qo’yiladi va zindonga tashlanadi.

1779 yilda Muhammad Karim Zandning o’limidan so’ng, Eronda yana boshboshdoqlik boshlangach, Og’a Muhammad vaziyatdan foydanganicha Sherozdagi mahkumlikdan qochadi. Izzat-nafsi poymol etilgan Og’a Muhammad atrofiga sodiq kishilar to’plab, Mozandaron va G’ilon hududlarini o’ziga bo’ysundiradi. 1785 yilda Zindlarga poytaxt bo’lib turgan Isfaxonni zabt qiladi. Birin ketin Qum, Tehron shaharliayam qojorlarga qaram bo’ladi.Tehron poytaxtga aylantiriladi.1791 yil bahorida Zandiylarning poytaxti Sheroz butkul vayronaga aylantiriladi. Og’a Muhammad bolaligida o’zining izzati-g’ururini poymol etgan, bu paytda o’lib ketgan Karim Zandni mutlaqo kechirmagandi.Shu bois uni.. go’rdan chiqarib Tehrondagi saroy ostonasiga ko’mdiradi.Vahshiyliklar shu darajada kuchayadiki,” zandlarning so’nggi tayanchi Kirmonda 20 ming erkak ko’r qilinadi, 8 ming ayol askarlarga topshiriladi.Qolgan aholi qul qilinadi.600 kesilgan boshdan minora yasaladi. So’nggi Zangiy hukmdor Lutf Alixonning ko’zi o’yildi, so’ng oyoq-qo’llari kesib tashlandi” ( Shodmon Vohidov, Alisher Qodirov, “Sharqning mashhur sulolalari”, T, “Akademnashr”, 2013, 573 bet).

Og’a Muhammad shu tarzda o’z muxoliflaridan ayovsizlarcha o’ch oladi. Xurosonga, Gruziyaga, Rossiyaga qarshi yurish qiladi. 1796 yil bahorida Mug’on cho’lidagi qurultoyda Eron shohi sifatida Og’a Muhammad qojorlar sulolasiga asos soladi.Biroq oradan bir yil o’tib Shushada qarorgohida xizmatkorlari tomonidan o’ldiriladi.
Qojorlar sulolasi taxtiga Og’a Muhammadning jiyani Fath Ali o’tiradi. Uning davrida ( 1797-1834) rus-eron urushlari bo’lib, Eron mag’lubiyatga uchraydi va Kavkazdagi talonchilik qilib oldingi hukmdorlar davrida qo’lga kiritilgan hududlaridan ajraladi.

Shundan so’ng Fath Ali Angliya bilan yaqinlashish, ittifoqdoshlik o’rnatishga intiladi.Ammo bu intilishlar aytarli samara bermaydi. 1834 yilda Qojorlarning ikkinchi hukmdori vafot etgach, taxtga uning nevarasi Muhammad ( 1810-1848) o’tiradi.24 yashar yosh qojor shohi Muhammad davrida Eronni asoratga olish bo’yicha Angliya va Rossiya raqobatlasha boshlaydi.Muhammad amaldorlari bilan kengashib, har ikkala imperiya bilan ham murosaga keladi, turli bitimlar imzolaydi.

1848 yildagi Muhammad Qojoriyning o’limidan so’ng o’g’li Nasriddin taxtga chiqadi. U Yevropaga yaqinlashish siyosatini olib borib 1873, 1878 , 1879 yillarda ko’hna qit’aga sayyohatga chiqadi.Safardan qaytib fanatik diniy aristokratlar, nafsi hakalak otgan amaldorlar davlatini yevropalashtirishga intiladi.Tabiiyki, bu borada qattiq qarshilikka uchraydi.Biroq shunday bo’lsada, mamlakatga telegraf tortiladi, yevropacha harbiy maktab ishga tushadi, Eronga frantsuz mutaxassislari kelib turli sohalarda ish boshlashadi.Tehronda frantsuz maktabi ish boshlaydi.

Ana shunday oz bo’lsada boshlangan islohotlar qarshilikka uchrab, Eronda bobiylar nomi bilan bog’liq qo’zg’olon yuzaga keladi.Qo’zg’olon rahbari Bob-Said Ali Muhammad ( 1820-1850) edi. Bobiylar ham o’zlariga yarasha islohot rejasini ishlab chiqqan, ammo 1843 yilda boshlangan norozilik, qo’zg’olonlar bobiyning 1850 yildagi o’limidan so’ng ham -to 1869 yilgacha ojiz holatdayam davom etib, shu yili butunlay so’nib bitdi.

Nasriddin 48 yillik hukmdorligi davrida Hirot, Mashhad, Hindistondagi inglizlar, Xiva xonligi, Salor turkmanlari bilan ko’plab urushlar olib bordi.U 1896 yili suiqasd sabab o’ldiriladi. Qojorlar taxtiga Nasriddinning ikkinchi o’g’li Muzafarridin ( 1853 -1907) chiqadi. Ko’p yillar Ozarbayjon noibi bo’lgan, Tabrizda yashagan qojoriy sulola vakili frantsuz tilini bilar, otasi kabi yevropaga intilgan kishi edi. Uning davrida frantsuz, nemis, ingliz, rus kitoblari fors tiliga tarjima etiladi, “Nosiriy” nomli gazetaga asos solinadi.

Biroq Eron bu paytda iqtisodiy inqiroz holatda edi. Hattoki Eron shohi bo’lgan Muzaffariddin uch marta Yevropaga sayyohat qilganidayam Rossiya imperatori Nikolay 2dan qarz olishga majbur bo’lgandi.Aynan Yevropa safari paytida u kinoga qiziqib, Parijda eron kinosiga asos soladi.Ammo bu intilishi ham qarz hisobiga amalga oshadi. Natijada u kinoga homiylik qilgan firmalarga Eron bozori va sanoatini nazorat qilish imkoniyatini berishga majbur bo’ladi. Natijada Eronlik amaldorlar unga qarshi ittifoq tuzib, Muzaffariddinnni parlament tuzish, davlat mablag’ini shu asosda nazorat qilishga harakat etishadi.Shu niyatda 1906 yil oktyabrda Qojoriy shohlar hokimiyatini cheklovchi kontstitutsiya qabul qilinadi.Bu zarbalar Muzaffariddinga qattiq ta’sir qilib 40 kundan so’ng, yurak xurujidan vafot qiladi, Taxtga marhumning katta o’g’li Muhammad Ali (1872-1924) o’tiradi. Unga amaldorlar otasi davridagi cheklovlardan iborat kontstitutsiyaga amal qilishni talab qilishadi.Yangi hukmdor garchi bunga va’da bersada, bunga amal qilmaydi. Natijada 1908 yil 15 fevralida hukmdorga qarshi suiqasd uyushtiriladi. O’rtada yuzaga kelgan ziddiyat sabab, Muhammad Ali 24 iyunda parlamentni tarqatib yuboradi.
Natijada ziddiyat avj olib, Tabriz, Isfaxon,G’ilon , Busher, Bandar Abbos va boshqa shaharlarda shohga qarshi isyon ko’tariladi. 1909 yil 13 iyulda isyonchilar Tehronni ham zabt qilib, favquldda kengash chaqirishadi va hukmdorni taxtdan tushirib, o’rniga 11 yashar o’g’li Ahmadni taxtga ko’tarishadi. Natijada Muhammad Ali hayotidan xavfsirab Rossiyaga ketishga majbur bo’ladi. U rus qo’shinlaridan madad olib, 1911 yilda Astrabodda hokimiyatni egallashga urinib ko’radi. Ammo mag’lubiyatga uchrab, Rossiyaga qaytib Odessada yashashga majbur bo’ladi. 1920 yilda Istanbulga, so’ngra Italiyaga ko’chib, 1924 yilda vafot etadi.

Erondagi qojorlar sulolasini esa nomigagina 11 yasharligida taxtga chiqarilgan Ahmad ( 1898-1930) boshqaradi.Uning nomidan Eronni baxtiyorlar qabilasi sardorlari egallashgan.1923 yilda so’nggi qojoriy shoh Ahmad Yevropaga surgun qilinadi. Rasman esa 1925 yil 31 oktyabrda Rizo Pahlaviy tomonidan taxtdan mahrum qilinadi va 1930 yildagi vafotigacha Frantsiyada quvg’inda yashaydi.

Shu tariqa dunyo davlatchiligidagi eng qadimiy hudud Eronda qojorlar sulolasi 1797 yildan 1925 yilgacha davom etgan.

044

(Tashriflar: umumiy 4 065, bugungi 1)

Izoh qoldiring