Ismoil Mirpanjiy. Asirlikdagi xotiralar. Birinchi qism & Safoiddin Tabarriyon. Xvorasmiya (Xorazm) tarixidan bir shingil

072    Тахминимизча, сарҳанг Исмоил Мирпанжий тарихда маълум бўлган 1265 йилги ( 1846) Теҳрон исёни, амир Кабирга қарши Озарбайжон сарбозларига бошлиқ-Исмоил бўлиши мумкин.Бу гумонимизнинг далили сифатида ўша даврда мазкур Исмоил Мирпанжийдан бошқа шу номдаги зобит бўлмаган. Шунингдек, “Озарбайжон” сарбозларининг амири Кабирга қарши кўтарилган исёнга Исмоилхон фаррошбоши лақабли киши бошчилик қилган ва у Мирзо Оғахон Нурийнинг қўл остидаги одам бўлган.У эса амири Кабирнинг биринчи ашаддий душмани эди. Булардан ташқари муаллифнинг ўзи очиқдан-очиқ айтадки, амир Кабир вазифасининг бошланишидан сал олдин уни генераллик рутбасидан маҳрум қилишган ва полковник даражасига туширишган.

Сафоиддин ТАБАРРИЁН
ХВОРАСМИЯ ( ХОРАЗМ ) ТАРИХИДАН БИР ШИНГИЛ
Сўз боши ўрнида
05

Бисмиллоҳир раҳмонир роҳийм..
Шафқатли ва раҳмдил Оллоҳнинг номи ила ушбу рисолани бошлаймиз…

09Исломий ва ғайрисломий манбаларда бу ўлканинг номи “ Хаварасмия” ёхуд “Хорасмия” деб аталадир. Оташпарастликнинг муқаддас китоби “Авесто”да ориё қавмининг илк ватани деб тилга олинади. Жайхуннинг қуйи оқимидаги бу диёр ҳақида ёзилган китоблар жуда кўп. Жумладан, Ластернаж ўзининг “Шарқ халифатлиги ўлкаларининг тарихий жуғрофияси “ номли китобида шундай ёзади: “Ўрта асрлар бошида Хоразм пойтахти иккита бўлган. Бири Жайхун дарёсининг ғарб томонида жойлашган Журжония ёки Урганч, иккинчиси ўша дарёнинг шарқий томон тарафида жойлашган Кат (Кот) шаҳридир. Кат шаҳри ( муаллиф бу ерда ҳозирги Қорақалпоғистондаги Беруний тумани марказини назарда тутмоқда-У.Бекмуҳаммад) ҳозирги даврга қадар сақланган, аммо ҳозирги Катнинг жанубий шарқидан бир неча мил нарида жойлашган. 10 аср бошларида Жайхун дарёсининг тошқини Кат шаҳрининг бир қисмини вайрон қилган. Натижада дарёнинг шу минтақадаги кенглиги икки фарсахга етди” ( 1 фарсах-6 км-У.Б.)

Жайхуннинг ўнг соҳилида қаълага яқин ердан Жардур деб аталувчи анҳор ўтган. Шаҳарнинг бозори мана шу анҳорнинг ҳар икки томонидан узунасига бир мил келадиган масофада жойлашган эди. Шу даврда Катда бир қаъла бор эдики, уни дарё тошқини бир зумда вайрон этиб кетди. Хоразмшоҳ деб аталмиш бу юрт подшоҳининг қасри ҳам қаъла ортида жойлашганди. Жайҳун тўғони бу муҳташам иморатни ҳам шундай вайрон қилдики, Ибн Ховқал замонига келиб ундан асар ҳам қолмади.Оқибатда дарё тошқинлари етказаётган зарар ва вайронагарчиликлардан ўзини ҳимоя қилиш учун эски шаҳарнинг шарқий қисми Жайхундан узоқроқда янги шаҳар барпо қилдилар.

Эронийлар шаҳарни эъзозлаб “Шаҳристон” , яъни пойтахт-марказ деб атадилар. Унинг ҳудудлари Хуросоннинг Нишопурича келар эди. Шоҳ ( катта ) масжиди бозор ўртасида жойлашган ва унда эркак кишининг қоматидай келадиган қора тошдан йўнилган устунлар қад кўтарганди.Ҳукумат бошлиқларининг қароргоҳи шаҳар марказидан ўрин олган эди. Бироқ тошқин вайрон қилган қаълани қайта қурмадилар, у хароба аҳволда қолиб кетган.Шаҳар ичидан кўплаб каналлар ўтган. Кат шаҳри Озарбайжоннинг Ардабил шаҳрига нисбатан озода бўлмаган, лекин бу шаҳарнинг аҳолиси жуда бой ва тўқ яшарди. Бозорларида истаган нарса топилар эди. Меъморлари ўз ишининг моҳир усталари бўлишган.Шу туфайли ҳам Кат ҳашаматли ва муҳим шаҳарлардан бири сифатида савлат тўкиб турган.

Аммо бу муҳташамлик ва бу кўркамлик узоққа чўзилмади, уни тошқин вайрон этди.
Хоразмнинг иккинчи пойтахти Гурганж мамлакатнинг энг муҳим шаҳарларидан бирига айланади. Араблар уни Журжония деб атаганлар.Кейинчалик у Урганч номи билан машҳур бўлди.

Исломий тарихларда нақл қилинишича, Қутайба бошлиқ араблар Хоразмга бостириб келган ҳижрий 93 йилда ( 712 милодий) Хоразм пойтахти уларнинг тасарруфига ўтди. Ўша даврларда уни Алфия деб ҳам аташарди, кейинчалик араблар бу шаҳарни Мансура дея номладилар. Айтадиларки, бу шаҳар Жайхун дарёсидан узоқроқда жойлашган. Аммо Жайхун туғёни Мансурани ҳам нобуд қилди ва ўрнини Журжонияга бўшатди. Ўрта асрларда Журжония Хоразмнинг иккинчи пойтахти бўлган бўлсада, Кат мазкур мамлакатнинг энг асосий савдо-сотиқ марказларидан бири бўлиб қолаверди. Бу ер чекка давлатлардан келиб Хуросон ўлкаларига йўл олувчи карвонларнинг барчаси тўпланиб жамулжам бўладиган бозори эди.

Ибн Асирнинг таъкидлашича, 728 йилда ( ҳижрий 110) кўҳна Хоразм яқинида янги шаҳар қад кўтарди. Мурхон ва Ёқутларнинг айтишларича, мўғул ҳужумидан илгари Хоразмнинг қадимий пойтахтидан уч фарсах ( 18 км) масофада жойлашган “Кичик Гурганж” деб аталадиган бир шаҳар бўлган. Уни эронийлар Гурганжак дея аташган. Эҳтимол, янги Хоразм мана шу “Кичик Гурганж” ўрнида бунёд бўлган бўлиши мумкин.

7 асрнинг иккинчи ярмида яшаб ижод этган Қазвиний ўз китобида бундай деб ёзади: “Гурганж-забардаст темирчилар ва дурадгорлар, фил суягидан ва қора дарахтдан турли хил коса, жом ва бошқа кундалик зарур молларни ясайдиган моҳир қўли гул усталари билан шуҳрат топган шаҳардир”.

Рус қомусида ёзилишича, Доро 2 нинг қадимий ёзувларида ва “Авесто” Хоразм сўзи учрайди. Шунингдек, мутафаккирларнинг кўпчилиги “Авесто”да Хоразмни биринчи зардуштий мамлакати сифатида зикр қилинганлигини жуда яхши билишган.Айтиладики, хоразмликлар милоддан илгариги 7-6 асрларда бутун Ўрта Осиё, Эрон шарқининг бир қисмини ўз ичига олган қабилаларнинг ягона иттифоқини бошқариб турган. Айни пайтда бу иттифоқнинг энг ривожланган ўлкаси Буюк Хоразм деб номланган. Эҳтимол бу юрт Мурғоб ва Ҳерируд дарёларининг сув ҳавзаларига жойлашган бўлиши мумкин.Хоразм воҳасида қишлоқ хўжалигининг беқиёс даражада ривожланганлигининг бош омили сунъий дарёларга асосланган суғориш тармоқларининг мавжудлигида бўлган. Бу ўз навбатида Хоразм мамлакатининг равнақ топишида катта роль ўйнаган.

Милоддан олдинги 6 аср ўрталарида Аҳамонийлар давлати Доро 2 замонида Хоразмни Эронга қўшиб олган. Милет ( Милтус) шаҳридан чиққан юнон тарихчиси Хикитаус хоразмийлар ўлкаси Хоразмия шаҳри тўғрисида илк бора маълумот берган олим ҳисобланади. Герадотнинг ёзишича, Хоразм Сўғдиёна ва Ориё билан бир қаторда Аҳамонийлар давлатининг ўн олтинчи мухтор вилояти ҳисобланган. Қадимий ёзувларни тадқиқ қилиш шуни кўрсатадики, Ардашер 2 замонида ( милоддан илгариги 404 йилдан то 358 йилгача) Хоразм алоҳида мухтор давлат бўлган ва унинг маркази кўпгина ҳарбий истеҳкомларга эга бўлган.Фил (Қир) қаъла шаҳар бўлган деган фикрлар бор. Александр Македонскийнинг шарқ томонга қўшин тортган даврида Хоразм мустақил давлат эди.

Милоддан илгариги 328 йилнинг баҳорида Хоразм подшоҳи Фарасман ( ёки Фаротофран) музокара қилиш учун Македонский қароргоҳига борган. Милоддан олдинги 4-3 асрларда Хоразм иқтисодий ва маданий юксалиш маркази бўлган.Деҳқончилик ва майда ҳунармандчилик тез ривожланган. Айниқса, сунъий суғориш шохобчалари кенгайган, янги шаҳарлар, Қўйқирилганқаъла каби дин марказлари қад кўтарган.

Хоразмда зардуштийлик динининг ўзига хос шакли кенг тарқалган.Баъзи қаълалардан топилган оташкадалар бу фактни тасдиқлайди.Хоразмда машҳур меъморчиликнинг ўзига хос томони, унинг ҳашаматли бинолар ва хом ғиштга ўхшаш махсус моддалардан тайёрланадиган ташқи безак ва оройишларга бўлган диққат эътибори билан ажралиб турган.Баланд шифтли ва гумбазли бинолар устунлар тепасида қурилиши расм бўлган.Шаҳарлар тўғри бурчакли лойиҳада қурилиб, бир йўналиш бўйича чўзилган уйлар мажмуасидан иборат кўчалардан ташкил топган. Шаҳарларнинг бурждор деворлари мудофаа вазифасини ўтаган. Аҳоли зич жойлашган ерларда ибодатхоналар ва муқаддас оловни сақлаш учун тошдан тўшалган муқаддас жойлар мавжуд бўлган. Қаълайи Гир ( милоддан олдинги 5-4 асрлар) ва Тупроққаъла ( милодий 2-3 асрлар) каби қасрлар айвон ва долонларга эга бўлиб, улар кўплаб хоналар ва заллардан иборат бўлган. Қишлоқлардаги аҳоли уйларининг барчаси хом ғиштдан кўтарилган ва деярлик ҳаммасида хоналарнинг эшиклари даҳлизга очиладиган қилиб қурилган.

Хоразмда ҳайкалтарошлик ва наққошлик санъати меъморчиликнинг равнақ топиши билан бир вақтга тўғри келади. Бу санъат намуналарини табиий бўёқлар билан жилоланган турли хил ажойиб нақш ва гуллар акс этган мужассамалар шаклида Тупроққаълада кўриш мумкин. Хоразм ҳунармандчилигининг алоҳида ажралиб турадиган шакли милоддан олдинги 5 асрда яратилган мужассамаларда ва нақшинкор ғиштларда яққол кўзга ташланади. Довруғи афсоналарда тарқалишига сабаб бўлган етук асарларни милоддан илгариги 4-3 асрларга оид санъат намуналарида кўриш мумкин.

Берунийнинг ёзишича, Фариғун шоҳ (Африғ) милодий 305 йилда Хоразм салтанати тахтига кўтарилади ва унинг сулоласи Катда мудофаа қаъласи барпо этдиради. Кат яқинида кейинчалик Берунийнинг туғилган шаҳри қад кўтаради. Абу Райҳон Беруний ўз асарида Хоразмнинг 21 подшоҳи рўйхатини келтиради. Кейинги даврдаги қўлёзма ва етарли далиллар милодий 7-8 асрлар билан боғлиқ бўлган Беруний рўйхатининг жуда ҳам аниқ эканлигини таъкидлайди.

712 йил ( ҳижрий-қамарий 94 йил) араблар Хоразмни фатҳ этишди. Беруний ёзадики, араб қўшинларининг қўмондони олд мудофаа қаълани истило қилади. Фариғунийлар ҳижрий 4 асргача ( милодий 10 аср) Катда ҳукмронлик қилдилар.Ўша пайтларда ( милодий 995 йил-ҳижрий 385 йил) Маъмун ибн Муҳаммад ҳар икки Хоразмни бирлаштиради.Маъмун ва унинг вориси Маъмун 2нинг ҳукмронлиги даврида Хоразм яна ҳам равнақ топади. Абу Райҳон Беруний ва Ибн Сино каби алломалар Урганчга келишди. Маҳмуд Ғазнавий 408 йилда ( милодий 1017 йил) Хоразмни босиб олди, аммо у милодий 1043 йили салжуқийлар қўлига ўтди. Ҳижрий 5 аср охирларида ( милодий 11 аср) Урганчда Хоразмшоҳлар давлати қудрат топди. Хоразмшоҳлар мамлакатни кенгайтириш сиёсатини илгари суриб, унинг ғарбий шимолидан то Европа чегарасигача давом этдирдилар. Хоразмшоҳ Отсизнинг невараси ва Арслоннинг ўғли Такаш ( ҳижрий 591 йил- милодий 1194 йил) салжуқийларни Хоразмдан бутунлай қувиб чиқарди.

Такашнинг ўғли Муҳаммад Аловуддин замонида Хоразмшоҳлар давлати ҳар қачонгидан ҳам ривож топди.Каспий денгизидан то Ҳиндгача бўлган ҳудудни эгаллади. Савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, илму-фан ўша даврда беқиёс тараққий этди.Пишиқ ва рангли ғиштлар қурилишларда ишлатила бошланган.
1220 йилда ( ҳижрий-қамарий 617-618 йиллар) Чингизхон Хоразмга ҳужум қилди ва Хоразмшоҳлар инқирозга юз тутиб, ўлка Жўжихон ихтиёрига ўтди. 14 асрнинг иккинчи ярмида Хоразм маданий ўзгаришлар ва яхшиланишларга юз бурди, муҳташам иморатлар пайдо бўлди. Хоразм ҳукмдорлари яна мустақил бўлишди.Хоразмнинг турклашиши ўша даврда ниҳоясига етди.

ХИВАНИНГ ЎТМИШИ

Амир Темур ҳукмронлиги давридан сўнг Хива аста-секин Урганчни ўз соясида қолдира бошлади, у Хоразм пойтахтига айланди. Ғарб геогрофлари Хивани милодий 4 асрларда кичик шаҳар сифатида бир неча бор номини тилга олганлар.Унинг то сайёҳ Ёқут Ҳамавий замонигача бўлган номи “Хивак” тарзида талаффуз этилган.
17 аср бошларида Хива Хоразм пойтахтига айланди ва шундан кейин Европа, Рус ёзма манбаларида Хива хонлиги деган ибора пайдо бўлди. Бироқ ўз ўрнида Хоразм давлати номи ҳам ишлатилар эди.

1920-24 йилларда Хоразм Халқ Совет Республикаси деган ном ана шу сўздан олинди. Муқаддасий Хива ўрнини Жайхуннинг чап томонидан ажралиб чиққан анҳор қирғоқидаги чўлнинг чекка қисмида жойлашган деб таъкидлайди. У “ Хива масжидлари кўп, фаравон, катта ва муҳим шаҳар”, дея ёзади. Ёқут Ҳамавий эса унинг номини “ Хивақ” деб атайди ва яна Хива аҳолиси шофеъий, ваҳоланки бошқа шаҳарлар ҳанафий мазҳабида бўлганликларини илова қилади.Ўша пайтларда Хива шу жиҳатдан шон-шуҳрат топган.Зеро, бу диёр шайх Нажмиддин Кубро таваллуд топган табаррук жойдир.Мўғуллар ҳужуми даврида Шайх Нажмиддин Кубронинг Урганч мудофааси учун қўшган ҳиссаси беқиёс бўлди.У мўғуллар томонидан қатл этилган.Ибн Баттутанинг ёзишига кўра, бир асрдан сўнг унинг қабри умумхалқ зиёратгоҳига айланган эди.

Мавлоно Шарофиддин Али Яздий ўз китобида ( “Зафарнома” кўзда тутилмоқда-У.Б.) Хива хусусида тўхтатилиб, Амир Темурга ўзининг ёшлик йилларида Хивада бўлиб ўтган бир ибратли ҳодисани зикр қилади. Амир Темур Хиванинг қаъла-деворларини таъмирлаш учун фармон берган экан.

Хива шаҳри ўша замондан то ҳозирги кунга қадар обод, тараққий этган шаҳарлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда у Хива туманининг маркази ҳисобланади.
Ғулом Ҳусайн Мухосиб Форс қомусида бу шаҳар ҳақида шундай дейди: “Хива олдинлари Хивақ деб юритилган. Ўзбекистон Республикасидаги шаҳар, Хоразм вилоятида, Қорақум биёбони яқинида, Амударё ғарбидан 40 км, Урганч темир йўл вокзалидан 32 км ( бугунги кунда Урганч ва Хива оралиғидаги масофа 25 кмни ташкил этади-У.Б.) масофа узоқликда жойлашган”

ХОРАЗМ ВА ҚОЖОРЛАР СУЛОЛАСИ

…Эрон шоҳининг Хоразм ва унинг маркази Хивага нисбатан қизиқиши ортган кўринарди. Муҳаммадшоҳ ва Мирзо Аббоснинг Ҳирот томонга қилган баъзи юришлари, буюк амирнинг Мирзатакихон томонидан Ризоқулихоннинг элчи сифатида юборилиши, Хуросон ҳукмдори Хусомусалтананинг Сарахс томонга қилган ҳарбий ҳаракатлари, Қожария султонларининг ўз мамлакати шимолий-шарқига, айниқса Хоразмга бўлган диққат эътиборининг нишонаси ҳисобланади.  Масалан, ҳижрий 1269 ( милодий 1852) йили Хусомуссалтана томонидан ҳарбий қўмондон Исмоил Мирпанжийнинг Марвга қилган юриши тафсилотлари ҳам ушбу рисолада акс этдирилган. Ушбу юришнинг асл сабаблари минтақада тинчлик ўрнатиш, у ерда хавфсизликни таъминлаш, савдо-тижорат йўлларини муҳофаза қилиш ва Хива туркманлари босқинининг олдини олиш билан боғлиқ эди.

Бу юришда 3681 нафар сарбоз ва 4 та тўп замбарак бор эди. Уруш бошда яхши натижалар беради, лекин Хуросон ҳукумати томонидан зарур чоралар кўрилмаганлиги сабабли Исмоил Мирпанжий мағлубиятга учрайди. Ҳатто армия қўмондони ҳам исёнчилар тўдасига асир тушиб рақибларига топширилган ва ўн йил давомида Хива хонлигида асирликда қолган. Сўнгра Теҳрон ҳукуматининг заррача кўмагисиз йўлини топиб, оғир машаққатлар билан қочишга муваффақ бўлади ва Эронга қайтиб келади.Бу ҳарбий юриш ҳикояси ўша вақт ҳукуматининг норасо беғамлигига қарши қаратилган қораловномадир.

Ўша даврдаги мансабдор шахслар озгина ҳаракат қилиш ўрнига туркман ҳужумларини рўкач қилиб ва турли хил баҳоналар билан ҳар куни марказий давлат хазинасидан пул маблағларини ўз чўнтакларига урдилар. Қўмондон Мирпанжийнинг туркман кадхудолари ва раислари ҳақидаги ғамгин тассурот уйғотувчи ҳикоясидан бир парчаси бу ҳақиқатни янада ойдинлаштиради: “Биз, туркманларнинг, мол-мулкимиз, бола-чақамиз омон қолиши учун Урганч ва Хивақнинг қум саҳроларидан паноҳ излардик. Мақсад аёлларимиз, болаларимиз асир тушмасалар ва мол-мулк талон-тарож бўлмаса…Ўша даврда бизнинг 5-6 минг от ва туяларимиз сувсизликдан, жазирама иссиқдан ҳамда пашша-чивинлар дастидан қирилиб кетди. Аҳли аёлимиз орасида касалликлар тарқалди. Давлат бизлардан юз ўгирди. Мутаҳаам ва бадном бўлдик. Мабодо туркманлар Теҳронга борсалар, ҳали шаҳарга кирмасданоқ ҳар хил бўҳтонлар билан уларни бадном қилишарди”.

Қўмондон Исмоилни каломуллоҳ номи билан қасам ичишга мажбур қилишади.Раҳм-шафқат, нажоту мурувват илтимоси тўла аризани подшоҳга бериб юборишади. Аммо, афсуски, давлат арбобларининг ҳаммаси чуқур “ уйқу”га кетишганди. Ўша даврнинг икки қудратли империяси бу минтақада ўз мавқеини аста-секин мустаҳкамлади. Инглизлар Хива ва Марвда сармоя қўйиш, маҳаллий ҳукмдорларни ўзларига жалб этиш билан машғул бўлди. Россия давлати намояндалари эса қаъла ва ҳарбий иншоотлар қуришарди. Ҳар икки тараф ҳам ҳар хил совға-саломлар билан халқ ҳурматига сазовор бўлишга интилардилар.Эрон давлати ўзининг чекланган ҳарбий кучларига пул ва зарурий ашёлар юбориш у ёқда турсин, ҳатто маҳбус қўмондонни ( Исмоил Мирпанжий назарда тутилмоқда-У.Б.) қутқариш учун ҳеч қандай чора тадбир кўрмаган эди…

Яна бир мушоҳада шуки, Исмоил Мирпанжий зиндондан қутилгандан кейин Носириддин шоҳнинг фармойиши билан ўз зиммасига юклатилган ҳарбий топшириқ ҳисоботини қоғозга туширади. У топшириқ тафсилотлари охирида шундай деб ёзган эди: “ Ўн йиллик ранжу машаққатлар , асирлик азоблари ва аянчли ғурбат қийноқларидан кейин худонинг фазлу карами билан ва шоҳимизнинг ўз қулига қилган беқиёс ёрдами орқали зиндондан қутилиб, Хива подшоҳининг узоқ ўлкасидан яна ҳазратимнинг даргоҳига сажда қилишга муяссар бўлдим. Халос бўлиш ҳиссиёти уйғонган кундан бошлаб сафар ҳақидаги кундалик тафсилотларни ёза бошладим.Унда бу ўлканинг расм-русумлари Хивақ ва Марвда яшайдиган туркман, ўзбек, сариқ ва салур тоифалари ҳақида, шунингдек, Хоразм аҳолисининг истеъдоди, нуқсонлари, шаҳар ва қишлоқларининг серҳосил ерлари, зироати ва бошқа ҳолатлари акс этган шарҳ баён этилди. Худой таоло ва унинг ердаги сояси, яъни Эронга таауллуқли барча мамлакатларнинг бош мураббийси ва валийнеъматига миннатдорчилик изҳор этиб олдин ўз ғам-ғуссаларимнинг қиссасини, ундан кейин мақтовга лойиқ Хоразм ва Хивақ тафсилоти ҳамда мамлакат аҳволини ўз ичига олган муқаддима ва ўн беш боьдан, хотимадан иборат бўлди”.

“Хоразм ва Хивақ таърифи кундалиги “ деб номланган мазкур китобни биз “ Асирликдаги хотиралар” деб атадик.Бу китоб муқаддас Машҳаддан Марвга қилган ҳарбий юришдаги қизиқарли ва эътиборга молик хабарларни, ушбу минтақанинг географик мавқеияти, халқнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, ҳукумат тизими, пул қийматининг қадри, солиқ ундириш усуллари, раиятнинг яшаш аҳволи, расм-русумлари, рус ва инглиз давлатларининг маҳаллий ҳукмдор хонлар билан алоқалари ҳақида ва яна бошқа бир қанча масалаларни ўз ичига олади. Шубҳасиз, бу ахборот Эроннинг ҳозирги тарихининг хира бурчакларини равшан қилишда ва ўша давр сабоқлари билан боғлиқ ноаниқликларни тушунишга катта ёрдам беради.

Қисқа қилиб айтганда, Хива хони Муҳаммад Аминхон тахминан ҳижрий 1269 йили Муҳаммадниёзбойни Марв ҳукмдори этиб тайинлади. Бу шахс ўта золим ва ситамкор бўлганлиги сабабли халқ нафратига учради ва ўша минтақа туркманлари томонидан ўлдирилади. Хива хони Марв ҳокимининг ўлдирилишини баҳона қилиб қатлу ғарот мақсадида Сарук ва Марвга лашкар солди.

Ўша вақтдан сал илгари шаҳзода Хусамуссалтана томонидан Ҳиротнинг фатҳ этилиши бу ер ва унинг атрофларидаги элатларнинг парокандалигига сабаб бўлганди. Бундан фойдаланган Хива хони ҳийла-найранг йўли билан босиб олинган Панждеҳ ерларини қайтариб беришни ваъда қилади ва қабила-элат кишиларини алдаб Марвга олиб боради ва асоратда қолдириб зиндонбанд қилади. Хива хонининг ҳар йилги кетма-кет ҳужумлари, аҳолини талон-тарож қилиши Марв карвон йўлининг беркитилишига сабаб бўлди.

Натижада туркманлар Бухоро ҳукмдорига илтижо қиладилар ва ундан умид бўлмагач, Эрон давлатидан ёрдам кутадилар.Бир неча мактублар жўнатиб Хусамуссалтанадан мадад сўрайдилар. Ушбу воқеалар Исмоилхоннинг бу минтақага йўл олишига сабаб бўлади. Ўша пайтда сарпанж ( полковник унвонига тенг-У.Б.) Исмоилхон ўлган акасининг ўрнида қолган эди. Уни босқинчиларни таг-томири билан юлиб ташлаш, туркманларни ёвузликдан қутқариш мақсадида ҳарбий кучлар қўмондони этиб тайинлашади.

Аммо сафар олдидан қилинган ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, мазкур минтақада юз бераётган талон-тарожлик ва ошуфта вазият етарли даражада қўшин, сарбозлар учун олти ойлик озиқ-овқат ва кийим-кечак, узлуксиз мадад кучлари юборилиб турилишини тақозо этарди. Албатта, Хуросон ҳукумати бунга жон деб рози бўлди ва фарзандига полковник, унинг ўзига эса генераллик даражасини беришга сўз берадилар. Афсуски, Хуросон ҳукмдорлари ўз аҳду қарорларига аҳамият бермайдилар. Албатта, Эрон давлати 1271 ҳижрий-қамарий йилда Муҳаммад Аминхоннинг янги тажовузини дафъ қилиш мақсадида бошқатдан лашкар солди. Муҳаммад Аминхон ўша йили ўзининг моҳир лашкарлари билан Сарахсга ҳужум қилиб уни эгаллаган эди.

Наибуссалтана Аббос Мирзонинг бешинчи ўғли генерал-губернатор Фаридун Мирзо 1270 ҳижрий-қамарий йилда ўз туғишган акаси Султонмурод Мирзо Хусамуссалтана ўрнига Хуросон вилоятига ҳоким бўлган эди. У икки минг нафар отлиқ ҳамда пиёда лашкарларни Оқдарбандга юборди ва орқасидан ўзи ҳам бир қисм ( полк) ва тўпхона ( артиллерия) олиб Машҳаддан Оқдарбанд томон йўл олди. Олдин бораётган илғор қисмлари Хива хони яқинлашиб қолган Сарахс томон юришларига буйруқ берилди. Илғор қисмлар етиб бормасдан бутун маҳаллий суворийлар билан Хива отлиқлари ўртасида жанг бошланиб кетган эди.

Кейинчалик илғор қисмлар етиб келдилар ва гарчи туркманлар тахминан қирқ минг кишидан иборат бўлса-да, мағлубиятга учрашди. Қалутепа юқорисида Зарнигор чодирда ўз маҳрамлари билан жанг боришини кузатаётган хонни тўралар ва беклар ташлаб қочдилар. Бу вазиятни кўрган хон ҳам қочмоқчи бўлди. Лекин Эрон саркардаларидан бири Қурбонгул Марвий хонни тўралари билан бирга қўлга олди. Сўнгра Ўрозхон Сарахсийнинг ўғли Сиҳатниёзхон билан биргаликда ҳаммасининг бошини кесиб чиқишди. Хонни қатл этиш вақтида Сарахс, Марв ва Хуросоннинг бошқа қўшинлари орасида бир низо кўтарилди.Сабаби уларнинг ҳар бири хоннинг бошини кесиш учун биринчи бўлиб улгуришга, бу билан улар “ фахр ва ифтихор” соҳиби бўлишга ҳаракат қилардилар. Натижада улардан ўн икки нафари бу ўзига хос “мусобақа”да ўлдирилди.

Хоннинг ҳамроҳлари ва саркардалари кўплаб миқдорда Эрон қўшинларига асир тушдилар.Жангда Хива хони билан бир қаторда ўн тўрт нафар Хоразм тўраси ва хонга ҳамроҳ бўлган кўплаб саркардалар ўлдирилди. Бу Мирзо Оғахон Нурий бош вазир бўлган замондаги воқеалардан бири эди.

Исмоилхон Сарханг ўзи келтирган шарҳга кўра, фалокатга юз тутди. Ўзи билан биргаликда унинг фарзанди ва қўшиннинг бир қанча зобити асир тушиб Хивага жўнатилади. У ўн йилдан сўнг асирликдан қутилди. Дастлаб Хуросон, сўнгра Теҳронга қараб йўл олди.

Юқорида қайд қилиб ўтганимиздек, у ўз ҳисоботини ёзди ва Носириддин шоҳга топширди. Бу ҳисобот маданий кузатув ва изланишлар бошқармаси архивида сақланиб, бугунги кунга қадар ҳеч ким бу нусха мавжудлиги ҳақида маълумот бермаган. Ваҳоланки, бу нусха ҳар томонлама муҳим ва эътиборга молик ҳужжат ҳисобланади. Унда ҳар хил маълумотлар талайгина, жумладан шаҳарлар ва уларнинг баъзиларининг тузилиши, географик ўрни, Хивадан то Марвгача бўлган йўллар тасвири, шунингдек, бошқа муҳим қаълалар, бу ўлканинг иқтисодий вазияти, турмуш тарзи ҳақида ёзилган.

Бу ўлкада кўплаб туркманлар қабила-қабила бўлиб чорва-мол боқиш билан шуғулланишган.Така, Салур, Саруқ, Тажаний, Сарахсий, Аҳолий, Жамшидий, Қораёбий, ёвмут, гўклан, ўзбек, қорақалпоқ ва бошқа қавмлар туячилик ва подачиликдан ташқари савдо билан машғул бўлишарди. Табиийки, бундай шароитда буғдой ва бошқа истеъмол молларининг нархи кўтариларди.Зеро, бу минтақада яшовчи халқлар экин экиш ва зироат қилиш учун етарли уруғ-донга эга эмасдилар.

Маълум бўлишича, уларнинг яшаш манбаи иккита асосий иқтисодий омилга таянган: чорвачилик ва деҳқончилик.Туячилик ва қўйчилик қабила-элатларнинг муҳим иқтисодий омилларидан ҳисобланган. Чодирнишинлик- у ердан бу ерга кўчиш, туя, от, қўй боқиш минтақада кенг тарқалган. Бундай вазият иқтисодий ривожланишга, унинг сармоя ва савдо-сотиқ асосида тараққий этишига унча аҳамият бермас эди. Чунончи, тижорат фаолиятининг йўқлиги, бозорнинг касод ҳолатида бўлиши ҳамда йўллар тинч эмаслиги шуларга асос бўла оларди. Ҳар қалай иқтисод зироатчилик билан боғлиқ эди.Зероки, аҳолининг асосий қисми деҳқончилик билан кун кечирарди.Ижтимоий соҳада ҳам уруғ-династия муносабатларида ота уруғчилиги ( патриархат) тартиби ҳукм сурарди.

Хотин-қизларнинг жамоатда ўрни паст бўлиб, уларнинг вазифаси бир хизматкорнинг ишидан кам бўлмаган. Уларнинг иши бола боқиш, кир ювиш, овқат пишириш ва эрига қараш каби юмушлардан иборат эди. Уйланиш фақат қози ёки шайх орқали амалга оширилган. Уйланиш маросимида қизнинг ёнида бир коса сув қўйиб, ўз танини йигитга бағишлашини сўрашган.Қиз ҳам “бағишладим” деб жавоб берар экан. Сўнгра сувни ичиб бошқа гувоҳларга узатишган.

Чилим чекиш, суннат тўйи ва аза маросимлари ҳам ўрганишга лойиқдир. Асирлар билан муомила қилганда туркманлар ўз эътиқод ва одатларига қаттиқ амал қилишган. Масалан, бирор асирни далил-исботсиз ўлдириш ўта бадкорлик саналган.Асирлардан бирор ишда фойдаланиш ва келажакда уларнинг қочиб кетишларининг олдини олиш мақсадида асирларни маҳаллий аёлларга уйланишга мажбур этиб, кундалик зарур ашёлар миқдорида пул бериб туришган.

Туркманларнинг она тили туркий тил эди, аммо форсий тил ҳам муомила воситаси ҳисобланган. Уларнинг дини ислом, мазҳаби ( чорёр, суннага) риоя қилишади. Шубҳасиз, шунга ўхшаган масалалар ҳам халқнинг хон билан муносабатлари, бошқарув низоми, солиқ ундириш тарзи ва ижтимоий расм-русумлар бу китобдан ўрин олган.

КИТОБ МУАЛЛИФИ ҲАҚИДА

Ушбу рисоланинг муаллифи ҳақида деярлик ҳеч нима билмаймиз, десак ҳам бўлаверади. Юқорида қайд этиб ўтганимиздек, унинг исми Исмоил Мирпанжий, ота-бобосидан тортиб етти пуштигача қожорлар тарбиясида бўлган экан. Аслида унинг бу даъвоси лаганбардорлик юзасидан айтилган бўлиб, ҳақиқатдан йироқ кўринади.Чунки, биринчидан, қожор салтанатининг бошланиши ( Оға Муҳаммадхон 1197 ҳижрий йил )дан, бу рисоланинг ёзилиши ( Носириддин шоҳ 1280 йил) гача қожорлар салтанатидан фақат тўрт авлод яшаб ўтган эди. Иккинчидан, агар Эронда расм бўлган ҳар бир авлод умрини ўттиз йил деб оладиган бўлсак, муаллифнинг еттинчи аждоди ундан тақрибан икки юз йил олдин, яъни сафавийлар замонида “ қожорлар хонадони тарбиясида” бўлган дейиш мумкин.Аслида бундай бўлиши мумкин эмас.

Тахмин қилиш мумкинки, Исмоилхон Мирпанжий 1849 йил охирларида Теҳрондан Хуросонга йўл олган Хуросон волийси Хусамуссалтана томонидан Хоразм хони Муҳаммад Аминхон тажовузкорликларининг олдини олиш мақсадида Марв халқига ёрдамга юборилган. Бу ҳолни 1850 йил воқеалари зикрида айтиб ўтган муаллиф ўз кундалиги муқаддимасида подшоҳ Маъфур, яъни Муҳаммадшоҳ замонида Озарбайжон мамлакатидаги Муғон аҳлидан Шаҳсун ва Ардабилнинг ҳарбий кучлари бош қўмондони бўлган.

Унинг Шахсун ва Ардабилдаги руслар билан боғлиқ бўлган айрим хизматлари учун валиаҳд Носириддин Мирзо генераллик даражасини бериш тўғрисидага фармонга имзо чеккан. Носириддин Мирзо шоҳ бўлгач, Озарбайжондан Теҳронга келади. Теҳронда бош амир Мирзотақийхон ундан генераллик рутбасини қайтариб олгач, уни полковник-сарханг этиб тайинлайди. Шундан сўнг у хуросонлик ўқчи аскарларни ўқитиш учун Машҳадга боради. У ерда хизмат қилаётган акаси Аббосқулихон Мирпанжий оламдан ўтгач, бош министр Мирзо Оғахон кўрсатмасига биноан марҳум Мирпанжийга тегишли маъмурий ишлар унинг зиммасига юклатилади.У Хуросонда юрган даврида Хива хонининг тажовузлари яна бошланади.Хусамуссалтана томонидан Марвга ҳарбий хизмат сафарига юборилади.

Ёзувчи ҳар жойда ўзи ва Хуросонда вафот этган акасининг шон ва шавкати хусусида муфассал сўзлашга фурсат топади ва ўзини давлат учун жон куйдирадиган ўз ишининг билимдони сифатида кўрсатади.( Мирпанжий ўз хотираларини асирликдан қутилиб келгач, Эронда қоғозга туширганини назарда тутмоқ лозим.Чунки ҳарбий қўмондон-генерал бўлгач, Хиваликларга Эрон армияси сирларини ошкор этмаган, ўз давлатининг садоқатли фуқароси сифатида қожорлар сулоласига хизмат қилувчи шахс сифатида кўрсатиш учун ҳам ҳисобот-хотирасида шунга урғу берган бўлиши мумкин-У.Бекмуҳаммад). Унинг турли масалалар бўйича берган шарҳларидан кўринадики, у ҳисобот юзасидан ишлари аниқ ва ёзувчилик қоидаларидан огоҳ бўлган кишидир.Аммо қизиқарли томони шундаки, қожорлар давридаги матнларда ўша давр хусусида гап кетганда, бу соҳиб ўзига хос муҳим шахс сифатида кўзга ташланмайди.( қожорлар давлатида полковник ва генераллар кўп бўлгани, уларга юклатилган вазифадан келиб чиқиб сарой ҳужжатларида иш юритилганини ҳисобга олсак, Мирпанжий номи учрамаслиги мумкин-У.Б.).

Носирий Хуржуний ўзининг “Ҳақойиқ -ул-ахбор” асарида шундай дейди: “…уч гуруҳ хуросонлик сарбоз, беш юз нафар суворий, олти тўп замбарак билан Аббосқулихон Мирпанжий, иниси Исмоилхон Сарханг ( полковник-У.Б.) бошчилигида Марв халқига ёрдамга борди”

Тахминимизча, сарханг Исмоил Мирпанжий тарихда маълум бўлган 1265 йилги ( 1846) Теҳрон исёни, амир Кабирга қарши Озарбайжон сарбозларига бошлиқ — Исмоил бўлиши мумкин.Бу гумонимизнинг далили сифатида ўша даврда мазкур Исмоил Мирпанжийдан бошқа шу номдаги зобит бўлмаган. Шунингдек, “Озарбайжон” сарбозларининг амири Кабирга қарши кўтарилган исёнга Исмоилхон фаррошбоши лақабли киши бошчилик қилган ва у Мирзо Оғахон Нурийнинг қўл остидаги одам бўлган.У эса амири Кабирнинг биринчи ашаддий душмани эди. Булардан ташқари муаллифнинг ўзи очиқдан-очиқ айтадки, амир Кабир вазифасининг бошланишидан сал олдин уни генераллик рутбасидан маҳрум қилишган ва полковник даражасига туширишган.

Шу билан бирга, Носиршоҳнинг бош вазири бўлган амири Кабирни Мирзотақийхон сифатида тилга олади.Ваҳоланки, унинг номи Мирзо Оғахон бўлган. Эҳтимол, амири Кабирнинг норозилиги сабаби унинг Шахсун ва Муғандаги айрим хизматлари бўлса ажаб эмас.Унинг “хизмати” бир неча марта рус чегарачи командирлари билан пинҳона учрашганлигидан иборат эди. Натижада амири Кабир бундан хабар топиб, унга танбеҳ бериш учун Теҳронга чақиртиради. Бош вазир Мирзо Оғахон томонидан Исмоилхонни Теҳрондан Хуросон қўшинларини ўқитиш учун юборилиши табиийдек кўринади. Негаки, бу Исмоил Мирпанжийдек “тиниб-тинчимас” зобитни пойтахтдан узоқроқ ерга жўнатиш ва бу билан унинг кирдикорларидан қутилиш чораси ҳисобланарди. Масаланинг яна бир нозик томони шуки, у ўн йил давомида асирликда ётганида уни қутқариб олиш учун Эрон ҳукумати томонидан қаътий ҳаракат қилинмаганлиги юқоридаги тахминларимизни яна бир карра исботлайди.

Эрон маданий маърифий илмий-текшириш маҳкамаси,
Теҳрон шаҳри, Фаришта кўчаси, 128-уй, сана 1370 ҳижрий йил.

Исмоил МИРПАНЖИЙ
АСИРЛИКДАГИ ХОТИРАЛАР
Биринчи қисм
012

МУҚАДДИМА

Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим…

077

1270 (1854) йил раббиус соний ойида олампаноҳ шаҳриёр, жаннатмакон шаҳаншоҳ Мағфурхоннинг фармони ила мен 500 нафар навкарим билан Марв устига жангга отландим. Шунгача Озарбайжон ўлкасининг Муғон вилоятидаги Шахсун ва Ардабил қаълалари ҳокими эдим. Ҳазрат олийларига бошимдан ўтган воқеалар ҳақида тўла ҳисобот ёзиб бермоқчи бўлиб қўлимга қалам олдим.

..Ҳазратимнинг муборак фармонлари билан Шахсун ва Ардабилдаги рус чегарачи соҳиблари билан бўлган хизматларим сабабли ҳузурларига чақиртирилдим ва генераллик мансабимдан бенасиб бўлдим.Ҳумоюн Нусрат раҳбарлигида Озарбайжондан Теҳронга қайтиб келдим ва яна она Ватанимга хизмат қилиш билан машғул бўлдим…

Хуросонда бўлиб ўтган қўзғолонлардан кейин жангчиларга ҳарбий таълим бериш мақсадида ўша минтақага юборилдим.Хизмат сафаридан олдин мазкур ҳудудда марҳум акам Аббосқулихон Мирпанжий хизмат қиларди .( у Хуросонга исённи бостириш учун юборилган эди).Мирзо Тақийхон Озарбайжонда эришган генераллик рутбамни полковник даражасига туширишга ҳукм қилди.Забардаст давлатимиз раҳбарлари фармони билан Аббосқулихон Мирпанжий вафотидан илгари Хуросонда сарбозларга ҳарбий таълим бера бошладим. У ерда гоҳ Ҳирот, гоҳ Сарахс ва гоҳ Хуросоннинг бошқа қаълаларида хизмат тадбирларини амалга ошириб юрдим.Бош вазир Мирзо Оғахон ва бошқа давлат арбоблари қарори билан марҳум Мирпанжийга тегишли маъмурий идора менга топширилди.Шундан сўнг то Марв топшириғигача қанча янги фармон бўлса, шунисини амалга ошириб келдим.

МАРВ ВИЛОЯТИ ВА УНИНГ ХИВАЛИКЛАР ТОМОНИДАН ЗАБТ ЭТИЛИШИ

Хуросонга келишимдан ўн икки йил илгари Хивақ хони Муҳаммад Амин таниқли ўзбек улуғларидан бири Муҳаммад Ниёзбойни Марв вилоятига ҳоким этиб тайинлаган эди.У ўқув салоҳияти йўқ, бераҳм киши эди. У ўн икки йил давомида фуқароларни қийноққа солиб келган. Муҳаммад Ниёзбойнинг жабр-зулмидан безор бўлган солур, саруқ ва така каби туркман уруғлари тил бириктириб уни қатл этдилар. Бу хабарни эшитган Хивақ хони соруқ элига нисбатан ўз адоватини кучайтирди.У ҳар йили минглаб яхши қуролланган суворийлар билан Марв устига юриш қиларди. Хон Марвдан ярим фарсанг масофада жойлашган Қораёб қишлоғининг обод бўлишида хизмат кўрсатди. Мустаҳкам қаъла барпо этди.Асли ўша ер аҳолиси бўлган, кейинчалик кетиб қолган солур, соруқ, ахал, така, Сарахс така, ва тажан туркманларидан уч тўрт минг оилани келтириб ҳудудга қайта жойлаштирди.

Мираҳмадхон Жамшидий Қораёбда ҳоким бўлди.Унинг истилоси нафақат Марвга, балки Ахал, Сарахс, Така туркманларига ҳам жабр зулм кўрсатарди.Шундан сўнг бу элатларнинг барча гуноҳларини саруқ элининг гарданига тўнкаришди ва ўзлари Хивақ хони хизматига ўтиб кетди.

Жаннатмакон шаҳаншоҳ Мағфур Ҳирот шаҳрини қамал қилиш ва рақибларни қўлга олишни буюрганларидан сўнг фуқароларнинг тинчи бузилиб ҳар томонга тарқалиб кета бошлади. Жамшидий эли Мурғоб тепасига қочиб ўтди. Ёрмуҳаммадхон Ҳиротни мухосара қилгандан сўнг Мираҳмадхон, Оллоқулихон, Маҳдийқулихон, Абдуллахон сингари Жамшидий элнинг машҳур кишиларини “Нега Сизнинг қавмларингиз Ҳирот ва унинг атрофини ташлаб Мурғоб, Шибирғон ва Маймана томон кетишди? “ деган айб билан қамаб қўйди. Бир томондан Хивақ хони ҳар йили Марвга келар ва Мурғоб тепасига бориб, Жамшидий элини “ сизларга барча имтиёзларга эга бўлган ажойиб Панждеҳни бераман” ва солур элини “Панждеҳдан Йўлутонга кўчираман”, деган ёлғон ваъдалар билан чалғитарди.Ўтон қаъласи Марвдан тўрт фарсах масофада жойлашган. Хуллас, тақдир тақозоси билан тарқалиб кетган жамшидий эли бир жойга тўпланди. Уларга на Йўлутон ва на Панждеҳдан жой беришди, балки тўғридан тўғри Хиваққа олиб бориб бошпана беришгач, раият халқасини кийдиришди. Бир неча йил шу тарзда ўтди. Жамшидий элининг оқсоқоллари “ пароканда бўлган халқимизни тўплаб Ҳиротга келтирамиз”,-дея Ёрмуҳаммад вазирни ишонтириб элдан кетишди. Улар Хиваққа етиб келишгач, хон раиятига айланишди.

Хивақ хони ҳар йили Марв атрофига ҳужум қилавергач, шаҳар харобага айланди. Марв орқали борди-келди қиладиган карвон йўли бутунлай ёпилиб қолди.Ўша даврда Қораёб ҳокимлигига Мираҳмадхон Жамшидий номзод эди. У Жамшидий элидан минг нафар суворий, тўрт беш минг нафар пиёда ва бир неча туяларни олиб Қораёбга равона бўлди.
Хон томонидан ҳар йили ҳарбий харажатлар учун ўттиз минг Хивақ тиллоси харж қилинарди. Унинг ҳар бир тиллоси Эронда юриб турган олти минг беш юз динорга тенг келарди. Бу маблағ Марвни харобга айлантиришга етарлик эди.Марв воқеаларидан сўнгги Мираҳмадхоннинг кўзга ташланган ишларидан бири Каримдодхонни қатл этиши бўлди. Ёрмуҳаммадхон вафот қилганидан сўнг давлат раҳбарлари томонидан Ҳирот ҳукумати унинг ўғли Саидмуҳаммадга топширилди.Хазоро ҳокими Каримдодхонга Ҳиротга бориб ўз эли орасида Саидмуҳаммадхонга ёрдам бериш, уни қўллаб-қувватлаш вазифаси юклатилди. Бу ҳолдан хабар топган Мираҳмадхон ахал, така, тажан, солур ва саруқ туркманларидан тўрт-беш минг суворий олиб яшин тезлигида Каримдодхон устига юриш қилди ва уни қатл этди. Баъзиларини асир олиб, молларини талон-тарож қилиб Қораёбга қайтди.
Саруқ туркманлари Марв воқеаларидан сўнг атрофдагилардан ёрдам сўраб гоҳ Ҳирот ҳокимига ва гоҳ Бухоро амирига қайта-қайта илтижо этишарди. Бироқ ҳеч қайси томондан ёрдам қўли чўзилмади.Натижада улар паноҳ излаб Эрон давлатига боришди.

Шавкатли давлатимиз амри билан Хусомуссалтана Далихон Марвга хизмат сафарига жўнатилди. У бироз вақт ҳокимиятни бошқаргандан сўнг ажали етиб дорулбақога жўнади.Шундан сўнг унинг ўғли Баҳодир Ҳовархонга бу вазифа юклатилди.У ҳам бу катта ишда тажрибасизлик қилди.На Баҳодирхон ва унинг отаси барҳаёт вақтларида аҳвол яхшиланмади.Қимматчилик бошланди. Ғалланинг қиймати осмонга кўтарилди.Марв ва Саруқ кадхудолари боши берк кўчага кириб қолдилар.

ХУРОСОН ВА МАРВГА ҚАРШИ ЮРИШНИНГ КЕЧИКТИРИЛИШИ

Акам Аббосқулихон Мирпанжий вафот этгандан сўнг мол-мулки ва хизмат вазифаси менга ўтди.Навоб Хусомуссалтана мени Қандаҳор ва Қобул ғалаёнларини бостириш мақсадида Ҳирот атрофидаги туманларга маъмур этиб тайинлади. Тезда Машҳадга келишим ҳақида буйруқ олдим.

Сафар тайёргарликлари арафасида Каримберди эшоннинг укаси Раҳимберди эшон саруқ элининг жами кадхудолари билан Навоб Хусомуссалтана олдига келишди. Улар саруқ элини Каримберди эшон билан бирга Машҳадга чақириб олиш ёки қораёбийларнинг жабр-зулмини дафъ қилиш тўғрисида арз қилишди: “Агар биз бечораларга ёрдам берилмаса ва бирор чора кўрилмаса ёки Хивақ хонининг зулмлари тўхтатилмаса, қораёбий босқинчилари зулмига барҳам берилмаса, биз ватанни тарк этамиз”,-деб нолидилар.

Бу арзнома шоҳ саройига етказилди ва бу шарафда топшириқни бажариш ҳукми содир бўлди.Ҳоким менга уч гуруҳ сарбоз, Хуросон аҳлидан чекланган миқдорда суворий, бир неча тўп-замбарак олиб Марвдаги тартибсизликларга барҳам бериш, қораёбий босқинчиликларидан халқни халос қилиш вазифасини топширди…Олдин бу вазифани Воло Сомхон Элхонийга буюрган эди. Лекин у : “Биз Ҳиротда уч ой бўлиб келдик, навкарларим урушга тайёр эмаслар”,-деб баҳона қилди. Элхонни ўзини олиб қочгач, бош адъютант бўлиб ишлаётган Алиқулихон Мирпанжийни тайинлашди. У ҳам бу хизматдан бош тортди.

Сомхон ва Алиқулихон Мирпанжийнинг мазкур вазифани бажара олмасликлари тўғрисидаги ёзма ахборот шоҳ саройига етказилди: “ Агар жаноби олийларининг фармони олийлари чиқса, марҳум Аббосқулихон Мирпанжийнинг укаси Исмоилхон Сарханг бу хизматга тайин қилинса, билакс акаси вафотидан сўнг қандай вазифа берилган бўлса, барисини қойилмақом қилиб аъло даражада бажарган. Акасининг вафотидан сўнг унинг барча назму навоси билан бирга уч гуруҳ ( 500 нафар суворий) унга топширилди. Шу даврга қадар уларга меҳрибонлик билан тарбия бериб келмоқда. Ана шу жиҳатларини инобатга олиб, бу вазифани унга топшириш мақсадга мувофиқдир”.Шундан сўнг давлат Волийлари мени маъмур тайин этиб, ҳар томонлама ёрдам берилсин, деб ҳукм чиқардилар.Ноиб Воло мени чақириб бу хабарни аён қилди.Мен унга «Камина полк қўмондониман.Биз хизмат кишисимиз ва итоат этиш шоиримиз.Танамизда бир томчи қон бор экан, давлат хизматини бажараверамиз»,-дедим.  Аммо полковник рутбасидаги ойлик маош камлик қилишини билдирдим. У эътироз билдирмади ва сўнгра Машҳаднинг мутаваллийси бўлган Мирзо Абдулбоқий мунажжимбоши, шаҳзода Муҳаммадюсуф , генерал Асқархон Афшор ва бошқа зобитларни чақириб мажлис қилди.
-Бу лавозимга бошқа даъвогар борми?,-деб сўрадилар.

Мен арз қилдимки, Хуросондаги вазифалар давомида бирор хизматдан ҳеч вақт бўйин товлаган эмасман.Ҳозир ҳам, агар бу иш шунчалик зарур экан, мен тайёрман.Мутаваллибоши шаҳзода Муҳаммадюсуф, генерал Асқархон ва бошқа зобитларнинг барчаси фақирнинг арзини тасдиқлайдилар.Ноиб Воло бу хизмат сафарига қандай нарсалар тайёрлаш зарурлигини сўради.Унга жавобан дедимки:
— Илгари қаерда маъмур бўлган бўлсам, Эрон давлатига тауллуқли Хуросон ўлкаси, у ҳам ғам-ташвишсиз, яъни тинч ҳудуд ҳисобланиб, унчалик сарфу харажатни талаб қилмасди.

Аммо Марв вилояти бир тўда босқинчи йўлтўсарлардан иборат душман чегарасидир.Аввало мен атиги бир полкка эгаман, қолаверса, қўшин тўқ, яхши таъминланган бўлиши керак, олти ойлик озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зарур нарсаларни жамлаб олсак.Давлат раҳбарияти томонидан учта полк ажратилиши ва меним бош қўмондон этиб тайинланишимга фармон берилса, жасур ва мард зобитлар жонбозлик кўрсатувчи сарбозлар танлаб олинса.Чунончи, агар у ерда иш оғир кўчадиган бўлса, мадад кучлари юборилиши кечиктирилмасин ва лоқайдлик қилинмасин.

Ноиб Воло меним сўзларимни маъқул топди:
-Бироқ давлат ҳукмини чиқаришга ва ўғлингни майорликдан полковник даражасига кўтаришга ваъда бераман.Сен Марвга етиб борганингдан кўп вақт ўтмасдан, имзо чекилган буйруқ қўлингга тегади. Сен билан эса олти ойлик озиқ-овқат ва кийим-кечак, анжомлар, ўқ-дорилар ва тўртта тўп бўлади. Шунингдек, муовиним Ҳусайнқулибек ҳамроҳлигида нақд етти минг туман ва яна совға-салом тарзида минг туман пул юбораман,-дея ваъда берди.

У мени шу шарт билан Марвга маъмур этиб тайинлади.Анча гап сўз ва ваъдалардан сўнг Ноиб Воло ўзимга ажратилган минг тумандан беш юз туманга чек келтиришимни ва сафарга тайёргарлик кўраверишимни , фармойиш тайёрлигини айтди.

Бу фармойишга кўра, 500туман қолдирилиб, яна икки юз туман қўшиб берди.У яна тез орада пойтахтдан пул келиши ва қўшимча уч юз туман берилишини айтди.Марвда Ҳусайнқулибекка чек ёзиб, яна 3500 туман оласан, деди.Сафарга тайёрланган учта полк, тўпхона зобитлари, без юз нафар суворий, ва юз эллик фитилди милтиқ, уч ойлик озиқ-овқат берилди.Шундай бўлса-да, юқоридаги ваъдаларга ишониб ўтирмай, икки минг туман нақд пул қарз олдим ва зарур нарсаларга ишлатдим.Баъзи минтақаларда сув топилмаслиги эҳтимолини инобатга олиб, ҳар бир кишига бир катта мешда сув олишни буюрдим.Белкурак, қирки, болта ва бошқа зарур нарсаларни муҳайё қилиб жангчиларга тарқатилди. Шу тариқа Ноиб Воло ҳукми билан ўрда шаҳардан чиқдик.Манзил-ма манзил Хуросоннинг бошқа ёнлари, хусусан Машҳаддан йигирма фарсах масофада жойлашган Оқдарбандгача ҳамроҳ бўлиб боришди.Оқдарбанд манзилида икки кун давомида тўхтаб, жойларнинг номи, тартиби хусусида маълумотлар берган бўлди. Улар қуйидагилар:

-Катакушдан Работи моҳийгача беш фарсах йўл.
-Аскариядан Катакушгача тўрт фарсах йўл.
-Катакушдан Работи Моҳийгача беш фарсах йўл.
-Работи Моҳийдан Чорўмбадгача беш фарсах йўл.
-Чорўмбаддан Оқдарбандгача тўрт фарсах йўл.

ЮРИШ АРАФАСИДАГИ ВОҚЕАЛАР БАЁНИ

Шаҳзода ва Хуросон аъёнлари Оқдарбандда икки кун тўхтаганларидан сўнг Ноиб Воло менга бутун навкарларни оёққа турғазиб ҳаракатга солиш, чодир қуриш ишларини амалга оширишимни буюрди. Шундай қилиб у тайёргарлик қай даражада эканлигини кузатди.Менга алам қиладиган жойи шуки баъзи бир қайсар ғаламислар кўрганларидек, бу вазифани рад этмай қабул қилдим.Ўйладиларки, агарда бу хизмат адо этилса, меним мансаб ва мартабам кўтарилади.Айрим фисқу-фасод гап-сўзлар иш бошланишиданоқ юзага чиқа бошлади.Мен бу аҳволдан огоҳ бўлиб зобитларга мурожаат қилиб шундай дедим:
-Мен сизлар каби соҳибмансабман ва сизлардан устунлик қилишга ҳеч қандай даъвом йўқ. Агар бирор хизмат кўрсатадиган бўлсак, ҳаммамиз яхши ном билан машҳур ва маъруф бўламиз.Давлат томонидан ҳар на илтифот кўрсатилса, ҳаммамиз бир мақомда ҳақ-ҳуқуққа эга бўлажакмиз.

Шундан сўнг улар бироз фисқу фасод хаёлотларидан фориғ бўлиб тинчландилар.Кейин Оқдарбанддан минг қадамча нарида жойлашган Дарбандга равона бўлдик.Дарбандда лашкар учун жой аниқланиб олингач чодирлар қурилди.

Ҳарбий сафарда мен билан ҳамроҳ бўлганларнинг тафсилотлари:
Пиёда ва отлиқ сарбозлар;
Омборхона ва тўпхона зобитлари: 31 нафар,
Тўпхона зобит соҳибмансаблари: 26 нафар,
Зобитлар: Ҳусайин Султон, Муҳаммадбек Ноиб, Аббос Алибек Вакил, Жаъфарбек ва бошқалар: 22 нафар,
Омборхона зобитлари: беш нафар ( Ғаффор Султон ва бошқалар),
Сарбозлар: уч полк навкар ( каминанинг полки, Козимхон бошчилигидаги Таршижий полки, Маҳмудхон Гургурий бошчилигидаги Таршижий полки, Маҳмудхон Гургурий бошчилигидаги Нишопур полки. Ҳар қайси полк минг нафар сарбоздан иборат эди.

Шунингдек, ўқчи суворийлар, Нажафхон Курд ва Насруллоҳхон Хофий бошчилигидаги хуросонлик ва жомлик суворийлар беш юз нафар ва ҳар бир полкда элликтадан 150 та пилта милтиқ, тўртта замбарак ва тўпхона, ўқ-дорилар бор эди.

Машҳад томонидан Оқдарбандга юрилади. Дарбанднинг икки томонида иккита тоғ бор, бири Калот томон чўзилган ва кейингиси Паскамар томонга кетган.У бориб Бадгис ва Ҳиротнинг Кўҳистонига бориб тақалади. Бу тоғнинг тупроқ билан текисланган ўтиш этаги ўн беш зар ( тахминан 15,5 метр) келади. Худди ўша ерни Дарбанд дейилади. Бу масофанинг икки томонини беркитишган эдики, ҳатто суворий ҳам ўта олмасди.Ўша тоғ деворнинг баландлиги икки зар ва қалинлиги ҳам икки зар ( бир зар: 104 см) эди. Мазкур мавзеъдан фақат икки нафар отлиқ ўта оладиган бурж (башня) урилган.Бу икки тоғнинг ҳар икки томонидан тоғнинг ўткир уч қисмигача эллик қадам масофада ҳимоя постлари ташкил этилган.

Калот тарафдаги тоғда ҳам бошқа Дарбанд мавжудки, у Мозандарон дарбанди номи билан машҳурдир.Бу дарбанд анча кенг бўлиб ўттиз-қирқ нафар суворий ўта олади ва Калотгача бошқа йўл йўқ.Мозандарон дарбандида бир кичкина қўрғон барпо этилган, у ҳам соқчисиз бўлмайди.Оқдарбанд деб аталмиш уч юзта оилали қаъла то Дарбандгача милтиқ ўқи етадиган масофада жойлашган. Ҳозирги кунда у хароб аҳволда.Сабаби марҳум Ҳасанали Мирзо Шоҳссалтана ҳукумати даврида ва чегара можаролари вақтида Олллоқулихон ва Хивақ беклари фурсат топиб, бу қаълага юриш қилдилар.Қаъла аҳолиси аёллари ва бола-чақалари билан бирга асир олинди, молу-мулки ғорат қилинди.Чунончи ҳозир ҳам ўша замондаги асирлардан баъзилари Хиваққа олиб кетилган.Уларни Хивақдан тўрт фарсах масофада бир қаъла қуриб ўша ерда жойлаштиришди ва қаъла номини “Оқдарбанд” деб аташди.( ушбу қишлоқ ҳозирда ҳам мавжуд бўлиб Хоразм вилоятининг Қўшкўпир тумани ҳудудида-У.Б.)

Энди асл Оқдарбандга келадиган бўлсак, у аста-секин вайронага айланди ва бошқа ободончилик юзини кўрмади.Хивақ хони Мозандарон қаъласига борди.У ер аҳолисини сийлаб, навозишлар қилиб Мозандарон тоғи этакларига жойлаштирди.Бундан мақсад шу эдики, улар мудофаа чизиғи вазифасини бажарар эдилар…

Мен Оқдарбанддан чиқиб Дарбанд қаъласи яқинида чодир қурдирдим.Қўшиннинг тўрт томонидан мудофаа учун етти қадам масофада хандақ қаздириб, тупроғини чодир томонга тўкдирдим.Қўшиннинг фақат икки тарафида сув ўтин ва бошқа зарур нарсаларни келтириш учун йўл қолдирдим.Хандақ қазишдан олдин барча сарбозлар милтиқларини бир жойга қўйдилар ва қоровул тайинланди.Жами соҳибмансаблар ва қоровуллар ўз жойларини эгалладилар.Сарбозлар хандақни қазишга киришдилар.Хандақни қазишгандан сўнг чодир қуриб ўлжа ичига киришарди. Шундай кўрсатма берилди:
-Бундан буён биз Эрон ҳудудидан ташқаридамиз, қаерда бўлмасин, ўрда ҳамиша мана шу ҳолатда ҳаракат қилиши керак.

Икки кундан сўнг Навоб Хусомуссалтана ва Хуросон аъёнлари ўрдага келишди.Лагернинг орасталигини, тўпхона ва қурхоналарнинг интизомини кўриб, кўп таҳсин ва офаринлар айтди.Сўнгра узоқ вақтлардан бери адолат истаб паноҳ тилаб юрган Саруқ кадхудоларидан ўн кишини ва Раҳимберди эшонни менга топширди ва буюрди:
— Тезда Паскамар манзилига бор ва бугун кечқурун катта шайх ва Саруқ кадхудоларидан икки-уч нафарини сўқмоқ йўл орқали Марвга жўнат, токи мадад кучларини тайёрлаб туришларини хабар қилсинлар.Мабодо хабар кеч борса, Қораёбий душманларининг хатаридан паришон бўлиб ташвишланамиз. Икки-уч кун Паскамарда тўхта ва майда-чуйда ишларингни қилиб, кўзинг йўлда бўлсин.Тўфангдор Ҳусайнқулибекни етти минг туман нақд пул, нишон ва мукофотлар учун беш юз туман, уч ойлик озиқ-овқат ва олти ой муддатга сарбоз ва суворийлари билан сенга юбораман.Бу ердан минг туя юкдан иборат катта карвон ўтиши керак.Шу пайтгача йўл қароқчиларининг дастидан ҳаракат қилолмасдан ўтиришибди. Сен билан ҳамроҳ бўлган така кадхудоларидан ўн киши, шаҳзода Муҳаммадюсуф ва Муҳаммадризохон Теймурий етти юз суворий келтириб сенга топширадилар.Шаҳзода Муҳаммадюсуф ва Муҳаммадризохон Темурий бу суворийлар билан Хотун кўпригигача кузатиб қўйиб қайтадилар.Ўша ўн нафар така кадхудоларига кўрсатма бер, Қораёбийга борсинлар.Лутфу иноятлар билан Хивадан юз ўгириб Эрон давлати хизматига ўтсинлар.Булар зарур чоралардан бир бўлаги, албатта. Зора Қораёбий така қавмлари ғала-ғовуридан осонроқ қутулиб, ўз йўлларига тушиб кетсалар.Ҳусайнқулибек ҳам сен билан ҳамроҳ бўлади.Ҳар нима лозим бўлса, тилхат бериб олавер, ҳоҳлаган нарсангга ишлат.Бу тадбирларга қўшимча қилиб, агар ҳар қачон ғалла ёки кийим-кечак бўлсин, ҳар қандай масалада ёрдам бериб, керак нарсаларни узлуксиз равишда етказиб тураман,-деди.
Худойимнинг фазлу инояти, қолаверса шоҳ ҳазратларининг кўмаги билан то баҳорга қадар бу ишлар албатта амалга ошади.Кўнглимни тинч қилиб, хотиржам бораверишим мумкинлиги, мадад кучларини ўз вақтида етказишда лоқайдлик қилмаслиги тўғрисида ваъда берди.

У ердан ҳаракат қилиб Марвгача бўлган йўл маълумотларини аниқ билиш мақсадида ҳар бир манзилни таққослаб кузатиб бордик.Юнон географлари хулосаларидан ташқари туркманлар ҳисоб-китоб юритган манбаларда Оқдарбанддан то Марвгача бўлган масофа қуйидагича ёритилган:
-Оқдарбанддан то Паскамаргача тўрт фарсах;
-Паскамардан то Сарахс дарёсигача етти фарсах;
-Сарахс дарёсидан то Қорақумгача етти фарсах;
-Қорақумдан то Хавзи хонгача етти фарсах;
-Хавзи хондан то Дошработгача етти фарсах;
-Дошработдан то Марвгача саккиз фарсах;
Ҳаммаси қирқ фарсах йўл.

Машҳаддан давлат қўшинларининг ҳаракат қиладиган ва тўплар осон юра оладиган йўллардан бири мана шу Оқдарбанд ҳисобланади.Кейингилари эса Мозандарон ва Калот йўлларидир.Мазкур учала йўл орқали Марвга ҳам, Сарахсга ҳам бориш мумкин.Лекин Оқдарбанд йўли ўтин, озуқа йиғиш осонлиги ва равонлиги жиҳатидан юқоридаги ҳар иккала йўлдан яхшироқ ва қулайроқдир.

ҚЎШИНЛАРНИНГ ОҚДАРБАНД ОРҚАЛИ МАРВГА ЮРИШИ

Навоб Хусомуссалтана (ҳоким) ва шаҳзода Муҳаммадюсуф бизни Паскамаргача кузатиб келди. Сўнг билиндики, шаҳзода махсус кишилар орқали Баҳодирхон ҳоким, Каримберди эшон ва Марвнинг кадхудолари ҳамда оқсоқолларига бир неча нома ёзиб юборган экан. Номада катта мадад кучлари ва ёрдам келаётганлигидан хабар берилган. Эрон қўшинлари жуда ҳам тез суръатда етиб келади деб уларни қаттиқ ишонтирган. Ўша куни кечқурун шаҳзода Муҳаммадюсуф ва Муҳаммадризохон Теймурий етти юз нафар суворий билан тўфангдор Ҳусайнқулибек, минг туя юки бор бўлган Бухоро карвонини ва така кадхудоларидан ўн кишини менга топшириб, далолотнома олдилар.Кечаси улар шу ерда тунадилар.Эртаси куни қўшинни эски тартибида йўлга солиб жўнадик.

Қоровул олдинда, бошқалар атрофда ўша тартиб, ўша дастур билан боришарди.Шаҳзода Муҳаммадюсуф билан бирга келган така қавмидан бир неча кишини қоровулга қўшиб ҳаракат қилдик.Йўлда бизни Сарахс кадхудолари 100 нафар суворий билан кутиб олдилар.Мен давлат намоёндалари томонидан уларнинг ҳурматини жойига қўйиб тавозеълар қилдим.Уларнинг ўн нафар раис ва кадхудосини қароргоҳга келтириб, ўзим алоҳида мезбонлик қилдим. Шунингдек, юз нафар суворийга қароргоҳ ташқарисидан бир майдон масофада жой кўрсатиб, дўстона илтифотлар қилдим ва зиёфат бердим. Сарбозларга гурунч, ёғ ва бошқа зарур нарсалар, кадхудоларга қанд, чой, бир қанча эътиборга лойиқ кишиларга сарупо бериб тўн кийгаздим.Эртаси куни қўшин билан Ховзихон манзилига келдик ва уларни у ердан Сарахсга жўнатдим.Кечаси Ховзихон манзилида одатдаги тартибда қўшинни тўхтатдим ва ўша ердан зарур миқдорда сув олишларини буюрдим.Эртаси куни Ховзизондан Кўчанқум йўли орқали Дошработ манзилига қараб йўл олдик.Йўлда бизнинг қўшин қоровули қораёбийлар қоровулига тўқнашиб қолди. Жангу жадал бошланиб кетиб кўп қирғин бўлди.Подшоҳимизнинг баланд иқболи туфайли қўшин қоровули ғалаба қозонди. Қўшин қоровули навкарларига уч нафар асир ва икки танидан жудо бўлган бош ўлжа тушди.

Ўша ҳудуддаги шарт-шароитларни ҳисобга олиб сарбозларни икки қисмга ажратдик.Кўп йўл юрилмаган ҳам эдики, олдиндаги қоровуллар биёбоннинг чап томонидан чамаси ўн-ўн икки минг яхши қуролланган душман суворийлари кўринганлиги ҳақида хабар бердилар.Камина отни чоптириб бир баландликка кўтарилдим.Кузатиб туриб жанг майдонини аниқлай бошладим.Дарҳол тўрт тарафдаги қоровулни қаъла ичига киргиздим.Душманнинг тўрт томонини нишонга олиш учун тўрт аррода тўпни ҳозирлатиб қўйдим.Бир аррода тўпни эскадрон олдида ва яна бир аррода тўпни алоқа қисмлари орқасида ва қолган иккита тўпдан бирини лашкарларнинг ўнг томонига жойлаштирдим.Душман важоҳатига эътибор бермасдан суворийлар ҳужумга ўтди, лекин тўплар зарбига дучор бўлишди.Араб отларига минган мағрур суворийларимиз ҳатто йўталиб ҳам қўймадилар.Душман томондан эллик-олтмиш киши ҳалок бўлиб, баъзилари мажруҳ бўлдилар.Бизнинг суворийлардан фақат икки-уч нафардан ортиқ ярадор бўлмади.У ҳам бўлса жаҳоншоҳ шаҳаншоҳимизнинг баланд иқболлари туфайли.Душман ҳар қайси томонга жангу жадал қилиб жасорат кўрсатмасин, уларга бахт кулиб боқмади…

Қўшин ниҳоятда ораста ва покиза фаолият қилиб йўлга тушдилар ва душман паришонхотир қолаверди.Қуёш ботаётган маҳал Дошработга етиб бордик.Душман чаққонлик қилиб аллақачон Работни эгаллаган эди.Бироқ жасур жангчиларимиз Работга ҳужум қилиб қайнаб тошган ҳолда душман қўлидан уни тортиб олдилар.Камоли жасорат ва эпчиллик билан Работни ўзларининг тўхтаб олишлари учун истеҳком манзили этиб, чодирлар ва бошқа йўл анжомларини шу ерга туширишди.Узундан узун истеҳком атрофига қоровул тайин этиб, қўшиннинг тўрт томонида тўрт тўп қўйилди.Ҳар бир киши ўз ўрнини эгаллаб қўшинни қоровуллашга машғул бўлдилар.Работдан юз қадам нарида жойлашган кичкина қаълада эллик нафар шамхолчи ва эллик нафар сарбозни қоровул этиб, олдинги тартибда қароргоҳга соқчилик қилиш билан машғул бўлдилар.Ховузхон манзилида олинган сувни икки кеча кундуз истеъмол қилишиб, ўша ерда қарор топдилар.

ТУРКМАНЛАР БИЛАН ЖАНГ ҚИЛГАНИМ ВА АСИР ТУШГАНИМ

Эртаси куни Дошработдан Марв томон юрдик. Аросатда қолган туркманлар Марвга бир фарсах қолгунча жанг қилиб чекиндилар ва охири мағлубиятга учраганликларини фаҳмлаб, Қораёбга томон қочдилар.Қаршимизда қадимий Марв қаъласи кўриниб турар эди.Саруқ кадхудолари мешларни тўлдириб олдимизга пешвоз чиқдилар.Сувга яқин тепаликда қўшин чодирларини тикиб жойлашдик.Атрофга соқчиларни қўйдик.

Марв аҳолиси Бухоро, Хивақ, Ҳирот ва улардан узоқ бўлмаган жойлардаги халқлардан таркиб топган. Қолган аҳоли ҳарбийлар лагерини томоша қилгани ташқарига чиққан эдилар.Аскарлар ўз ҳарбий кийимларини кийиб олишган, айниқса, соҳибмансаб зобитлар ажралишиб туришарди. Жасур жангчилар қўлга тушган асирлар ва танасидан жудо қилинган каллаларни кўз-кўз қилишарди.Шодиёна ва байрамона тус бериш мақсадида тўплардан бараварига бир йўла ( ўн битта тўпдан) ўқ отишди.Сўнгра ҳар бир киши ўз манзилига ва чодирига тарқалишди.Марв аҳолиси, Каримберди эшон, Баҳодирхон ва Марвлик бошқа саруқ элининг кадхудолари мени кўриш мақсадида қўшин ичкарисига ташриф буюришди.Жаҳонпаноҳ шаҳаншоҳнинг лутфу мурувватларидан уларни умидвор қилиб ҳар бирига ниҳоятда илтифот ва эҳтиромлар кўргаздим.

Ўзаро қутловлар изҳор этилгач, қуйидагича баёнот берилди:
-Бухоро карвонига ўз карвонларингизни қўшиб Бухорога жўнатингиз.Ҳирот, Маймана карвонлари, шунингдек, бошқа хорижий карвонлар ҳоҳлаган тарафга ҳаракат қилаверишсин ва атрофдагиларнинг тинчлиги ва осойишталиги хушхабарини тарқатишсин.Махсус чопарлар юбориб барча халойиқ огоҳ қилинсин.Марвнинг обод ва фаравон бўлиши учун агар бирор жойда хавф сезилса, чопар ёки бирон пиёда орқали менга хабар берсинлар: чунончи, саруқ кадхудоларига аҳамият беришлари зарурлигини айтдим.
Қораёбга юриш қилиш учун беш юз нафар суворий ва пиёда тайёргарлик кўра бошласин, деб уйларига кетишга рухсат бердим.

Шу билан биргаликда сипоҳийларга одамгарчилик ва меҳмондорчилик юзасидан Бухоро карвонини чегарагача кузатиб тезда қайтиб келишларини тайинладим.Бошқа ҳамроҳ сарбоз ва суворийлар эски Марвгача бориб, у ердан карвоннни Чаҳоржўб ( Чоржўй) йўлигача кузатиб, кейин қайтиб келишлари керак эди.
Энди Марв қаъласи хусусида тўхталиб ўтамиз.

Марв шаҳри икки қисмдан иборат: Бири Муҳаммадниёзбой томонидан лой ва ғиштдан қурилган, дарё бўйида жойлашган, ҳозир хароба аҳволда.Иккинчиси дарёнинг у томонидан тўртта фарсах масофада жойлашган, ўтроқ туркманларга дахли бўлмаган марҳум Ҳожимуҳаммад Ҳусайинхон, Марвийнинг аждоди Байрам Алихон томонидан тикланган. Марвликлар дарё қирғоғини банд этиб, сувни Марвга олиб боришар ва зироатчилик қилишарди. Қаъла кўплаб дўконлар, бозор, масжид-мадраса ва ҳаммомни ўз ичига олади.Бироқ хароба аҳволда.Қаъла марвликлар қўлидан Бухоро амири тасарруфига ўтган.Абдулфайзхон Бухорий бу ерни хароб қилган. Марҳум Ҳожимуҳаммад Ҳусайнхон маърифатли хоқон одил шаҳаншоҳ жаннатмакон Фатҳалишоҳ саройига хизмат қилиш учун Теҳронга боргани худди ўша пайтда бўлган эди.

Сарбоз ва суворийлар ўша қаълага карвон билан бирга боришган. Уч кундан сўнг улар қайтиб келишади, карвон эса Чаҳоржўб томон йўл олган.Бу воқеалардан сал кейин Марвга савдогарчилик қилишга келган Сарахс туркманлари Оқдарбандга Навоб Фармондор келганлиги ҳақидаги хабарни келтиришди.Бир неча кундан сўнг така уруғи карвони Сарахсдан етиб келди.Мухолиф жанобларининг интизомсизликлари Фармондор ( генерал-губернатор-У.Б.) келганлигини эшитгач авжига чиқди. Кечалари яна мажлислар бошланди.Чоршанба куни бутун сарбозлар чодирим атрофида туриб:
-Бизга нон бер ёки бу ердан кетайлик,-дея туриб олишди.

Мен эса уларга жавобан:
-Салгина сабр қилинглар, юборган карвонларингиз қайтиб келсин.Ана шундан кейин ҳар нима десангиз, рози бўлайлик,-дедим.Шунингдек:
-Ҳозирча мана така ( туркманларнинг така уруғи назарда тутилмоқда-У.Б.) карвони келибди, хотиржам бўлинглар, улардан ғалла-дон олиб сизларга бераман,-дея юпатдим ҳам.

Аммо улар:
-Бир кун ҳам қолмаймиз,-дея унашмади.
Мен уларга:
-Шунча вақт жонингизни жабборга бериб подшоҳи оламга хизмат қилдингизлар.Қораёбда кўп заҳмат чекдингиз.Марвда кўп ранжу маломатлар кўрдингиз.Салур ва саруқ босқинчилари билан мардона жанглар қилдингиз.Хизмат хиёнатга ва заҳмат жиноятга айланишига йўл қўйманг,-дедим.

Ўзимни мисол қилиб кўрсатдим:
-Ота томондан етти пуштим мана шу давлатга хизмат қилди. Агар сиз ношукурлик қилсангиз, мен қандай қилиб ўз бурчимни адо этай. Агарда ўз фикрингиздан қайтмасангиз, худонинг олдида шарманда-ю, шармисор ва подшоҳнинг олдида гуноҳкор бўласиз.Атиги икки кундан сўнг катта мадад билан Фармондор ( генерал губернатор-У.Б.) етиб келади.Сизнинг ҳамма хизматларингиз муносиб тақдирланади, ҳеч ким четда қолмайди, барчангиз халат ва нишонларга эга бўласиз.Марвни ҳимоя ва муҳофаза қилиш жуда катта хизмат ҳисобланади ва бу хизматни сиз уддаладингиз, -дея сархангу сарбоз ва соҳибмансабларнинг ҳар бирини яхши сўз насиҳатлар билан, баъзиларини эса қўрқитиш билан умидвор қилдим.

Аммо ғанимлар Машҳаддан Жаъфар оғо Келотийга қуйидагича хабар етказишибди:
-Навоб Фармондор Хуросон волийси бўлгандан сўнг катта тайёргарлик билан бу томон келаяпти.Агар у келса ҳеч ким бу ердан кета олмайди.
Қўшин катталаридан Амирҳусайнхон, Баҳодирхон ва сархангларни тўплаб, уларнинг фикрини билмоқчи бўлдим.Бу амалнинг иложи фақат нон эканлигини айтишди улар.
-Агар бир ойлик озиқ-овқат топиб берсам, нима дейсизлар?,-дедим.

Улар:
-Сен бизга бирор нарса берадиган бўлсанг, ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас,-деб айтишди.

Шу тариқа улар бироз мулойимлашдилар ва ҳаммалари озуқа бериладиган бўлса, тўхтаяжакларини айтиб подшоҳ нон-тузи билан қасам ичдилар.Уларнинг гап-сўзларига умид боғладим.Аммо бошқа даъват қилиш ва тушунтириш ишларининг фойдаси йўқ эди.Зеро, кетиш илинжи уларни тинч қўймасди ва бу қасамлар ёлғон қасамлар эди.Ҳар ҳолда мазкур қўмондонларнинг қасамёдларидан кейин Бухорога йўл олган савдо-сотиқ карвони йўл хавфсизлигини таъминлаганлиги сабабли Марвга етиб келган эди. Марвликлар бу ишларни Марв муҳофазаси ва давлат равнақи учун қилаётганимни кўрдилар. Қўшинлар кетиб қоладиган бўлса, бола-чақалари қораёбийларга асир тушажагини ўйлаб улар ҳам қудрати етганича куч-ғайратларини аяшмади.Шу куни Элхонийдан мактуб келди. У “бир неча кундан сўнг шаҳзода мадад кучларини юборади, уларнинг кетидан ўзи ҳам етиб келади”, дея ёзибди. Шунингдек у мактубида яна “Навкарлар то тирик эканлар Марвда қолаверишади.Бу ерда гарнизон барпо этиш учун Хуросон навкарларидан бошқа киши йўқ.Хуросон аҳли офат ва заҳматга гирифтор бўлади, кимда нимаики бўлса дарҳол сотиб харж қилиши лозим”, дея уқтирибди.

Мен бу гаплардан бехабар эдим.Амир Ҳусайнхон хуросонлик навкар ва соҳибмансабларни чақириб мажлис ўтказибди. Элхонийнинг хатини кўрсатиб аҳволни баён қилган ўша кечаси қолишга, маълум муддатга тўхтаб туришга қасам ичган бу “ботирлар” ўз қасамларини бузишди. Нима бўлганда ҳам, қўшинни пароканда қилиб бу ердан кетамиз, дея аҳд қилишган.Ўша куннинг эртаси барча мансабдорлар ун ва қўйларни тақсимлаш учун кетишган эди.Тўсатдан навкарларнинг фарёд саслари ва қий-чувлари эшитилди. Одам юбориб мансабдорларни чақириб ҳол-аҳвол сўрадим. Уларнинг айтишича, булар сарбозларнинг одатдаги қий-чувлари , ҳеч гап бўлгани йўқ:
-Ҳозир бориб уларни тинчлантирамиз,-дейишди.

Улар отрядга борган маҳал бақириқ-чақириқлар баттар авжга чиқди. Бир соат ўтар-ўтмас, сарбозлар меним чодирим томон ёпирилиб келишди. Кўп тартибсизликлар кўрсатиб омборхона туяларини тортиб олишди.Тўпчиларни йўлга тушишга ундаб кўришди.Тўпхона соҳиблари маслаҳат сўраб меним олдимга келишди.
Амир Ҳусайнхон, Баҳодирхон, сарханглар ва суворий қисмларининг зобитларини чақириб бир ерга тўпладим ва уларга арз қилдим:
-Жаноблар! Сизларга нима бўлди? Шу пайтгача “очмиз, нон бер” дедингиз.Шунча нарсани гаровга қўйиб сизлар учун егулик гўшт-ёғ муҳайё қилдим.

Зобитлар бунга жавобан:
-Сиз уларга озиқ-овқат бердингиз, энди қолган барча гап-сўзлар бемаънигарчилик.Ҳозирнинг ўзида бориб уларни тинчлантирамиз. Модомики, биз уларнинг раҳбари эканмиз ва сизнинг олдингизда қолар эканмиз, улар қандай қилиб кетишсин.Сиз тўпчи зобитларни ҳузурингизда ушлаб туринг, биз бориб уларни орқага қайтарамиз,-дейишди.

Шундан сўнг тўс-тўполон авжига чиқди.Бу исён эди.
Соҳибмансабларнинг жами навкарни орқага қайтариш тўғрисида берган ваъдаси мени умидлантирган эди.Бироқ тонг отгач, маълум бўлдики, навкарлар кетиб қолишган, ёнимда қолганлар эса бир неча тўпчи соҳибмансаблар эди, холос.Ўз-ўзимга турли хил саволлар бериб уларга ўзим жавоб излардим.

“Шунча озиқ-овқат муҳайё қилган бўлсам? ..Нима учун шаҳзоданинг Оқдарбанддан Марвга келишини лоақал беш кунгина кутишмади? Агар ҳаммаси ҳамфикр бўлмаганида эди, мени асоратда ташлаб кетишармиди? Амир Ҳусайинхонга қарашли етти юз нафар, Баҳодирхонга қарашли беш юз нафар ва ўзимнинг уч юз нафар, жами бир минг беш юз нафар суворийнинг фикри қандай қилиб менга аён бўлмади?” Ўзимни ўзим шундай дея овунтирардим.

Яна ўйлардимки: “ Ноиб бир полкни йўлга солиши мумкин, аммо унинг уч минг нафар сарбоздан, бир минг етти юз нафар суворийдан иборат қўшинни қай тарзда йўлдан уриши мумкин? Буларнинг ҳаммаси давлатга нисбатан ҳурматсизлиги ва ношукурлиги, менга нисбатан адовати туфайли эди.Агар шундай бўлмаса, мени ҳам ўзлари билан кетишга ундашмасмиди? Бинобарин, давлат рухсатисиз кетаётган киши қилаётган ишининг хиёнат эканлигини наҳотки тушунмаса? Ҳа, бу ватанга хоинлик эди…”
Қочоқлар озиқ-овқатларни олиб жўнаб қолишган. Марв дарёси ёқалаб ўн етти кунда Ҳиротга етиб боришган. Ушбу воқеалардан хабар топган марвликлар ҳеч кимга билинтирмасдан хуфия равишда Қораёбга одам юборибди. Улар Мир Аҳмадхонга “навкарлар қочиб кетишди.Биз Исмоилхон ва унинг бир неча навкарини сақлаб турибмиз.Бизнинг сизга хизмат қилишдан бўлак ўй-хаёлимиз йўқ”, дея нома ёзишибди.

Бунга жавобан Мир Аҳмад ҳам Қораёбда яшовчи марвлик икки минг саруқ суворийсини равона қилибди.Яъни бизнинг устимизга юборибди. Шунда биз Оллоҳнинг амри, тақдир тақозосига бўйсунишдан бошқа чора қолмаганлигини англадик…Узоқ маслаҳатлардан сўнг мени ва бошқа асирларни Қораёбга, сўнг Қораёбдан сўқмоқ орқали ўн беш кунда Хиваққа олиб боришди. Хивақ аҳли шодмон бўлиб хурсандчилик ила бизни қарши олишди. Мен билан асир тушган кишилар қуйидагилар эди: тўпчилар Ҳусайн Султон, Ғаффор Султон, Муҳаммадиёрбек Вакил, Ноиб Алибек, Жаъфарбек Саржуха ва беш нафар таъби ( прапоршик) тўпчи, навкарлар тўққиз киши ва ўғлим-жами йигирма бир киши эдик.Бизни Ёқуб меҳтар уйига жойлаштирдилар.Ўша куни кечқурун мени унинг ҳузурида олиб қолишди.

Теҳрон, 1280 ҳижрий ( милодий 1864) йил.

* Форс тилидан Набибулло Ҳасан таржимаси.
нашрга тайёрловчилар: Комил Нуржон, Умид Бекмуҳаммад.

ДАВОМИ БОР

011Taxminimizcha, sarhang Ismoil Mirpanjiy tarixda maʼlum boʻlgan 1265 yilgi ( 1846) Tehron isyoni, amir Kabirga qarshi Ozarbayjon sarbozlariga boshliq-Ismoil boʻlishi mumkin.Bu gumonimizning dalili sifatida oʻsha davrda mazkur Ismoil Mirpanjiydan boshqa shu nomdagi zobit boʻlmagan. Shuningdek, “Ozarbayjon” sarbozlarining amiri Kabirga qarshi koʻtarilgan isyonga Ismoilxon farroshboshi laqabli kishi boshchilik qilgan va u Mirzo Ogʻaxon Nuriyning qoʻl ostidagi odam boʻlgan.U esa amiri Kabirning birinchi ashaddiy dushmani edi. Bulardan tashqari muallifning oʻzi ochiqdan-ochiq aytadki, amir Kabir vazifasining boshlanishidan sal oldin uni generallik rutbasidan mahrum qilishgan va polkovnik darajasiga tushirishgan.

Safoiddin TABARRIYON
XVORASMIYA ( XORAZM ) TARIXIDAN BIR SHINGIL
So’z boshi o’rnida
05

Bismillohir rahmonir rohiym..
Shafqatli va rahmdil Ollohning nomi ila ushbu risolani boshlaymiz…

09Islomiy va g’ayrislomiy manbalarda bu o’lkaning nomi “ Xavarasmiya” yoxud “Xorasmiya” deb ataladir. Otashparastlikning muqaddas kitobi “Avesto”da oriyo qavmining ilk vatani deb tilga olinadi. Jayxunning quyi oqimidagi bu diyor haqida yozilgan kitoblar juda ko’p. Jumladan, Lasternaj o’zining “Sharq xalifatligi o’lkalarining tarixiy jug’rofiyasi “ nomli kitobida shunday yozadi: “O’rta asrlar boshida Xorazm poytaxti ikkita bo’lgan. Biri Jayxun daryosining g’arb tomonida joylashgan Jurjoniya yoki Urganch, ikkinchisi o’sha daryoning sharqiy tomon tarafida joylashgan Kat (Kot) shahridir. Kat shahri ( muallif bu yerda hozirgi Qoraqalpog’istondagi Beruniy tumani markazini nazarda tutmoqda-U.Bekmuhammad) hozirgi davrga qadar saqlangan, ammo hozirgi Katning janubiy sharqidan bir necha mil narida joylashgan. 10 asr boshlarida Jayxun daryosining toshqini Kat shahrining bir qismini vayron qilgan. Natijada daryoning shu mintaqadagi kengligi ikki farsaxga yetdi” ( 1 farsax-6 km-U.B.)

Jayxunning o’ng sohilida qa’laga yaqin yerdan Jardur deb ataluvchi anhor o’tgan. Shaharning bozori mana shu anhorning har ikki tomonidan uzunasiga bir mil keladigan masofada joylashgan edi. Shu davrda Katda bir qa’la bor ediki, uni daryo toshqini bir zumda vayron etib ketdi. Xorazmshoh deb atalmish bu yurt podshohining qasri ham qa’la ortida joylashgandi. Jayhun to’g’oni bu muhtasham imoratni ham shunday vayron qildiki, Ibn Xovqal zamoniga kelib undan asar ham qolmadi.Oqibatda daryo toshqinlari yetkazayotgan zarar va vayronagarchiliklardan o’zini himoya qilish uchun eski shaharning sharqiy qismi Jayxundan uzoqroqda yangi shahar barpo qildilar.

Eroniylar shaharni e’zozlab “Shahriston” , ya’ni poytaxt-markaz deb atadilar. Uning hududlari Xurosonning Nishopuricha kelar edi. Shoh ( katta ) masjidi bozor o’rtasida joylashgan va unda erkak kishining qomatiday keladigan qora toshdan yo’nilgan ustunlar qad ko’targandi.Hukumat boshliqlarining qarorgohi shahar markazidan o’rin olgan edi. Biroq toshqin vayron qilgan qa’lani qayta qurmadilar, u xaroba ahvolda qolib ketgan.Shahar ichidan ko’plab kanallar o’tgan. Kat shahri Ozarbayjonning Ardabil shahriga nisbatan ozoda bo’lmagan, lekin bu shaharning aholisi juda boy va to’q yashardi. Bozorlarida istagan narsa topilar edi. Me’morlari o’z ishining mohir ustalari bo’lishgan.Shu tufayli ham Kat hashamatli va muhim shaharlardan biri sifatida savlat to’kib turgan.

Ammo bu muhtashamlik va bu ko’rkamlik uzoqqa cho’zilmadi, uni toshqin vayron etdi.
Xorazmning ikkinchi poytaxti Gurganj mamlakatning eng muhim shaharlaridan biriga aylanadi. Arablar uni Jurjoniya deb ataganlar.Keyinchalik u Urganch nomi bilan mashhur bo’ldi.

Islomiy tarixlarda naql qilinishicha, Qutayba boshliq arablar Xorazmga bostirib kelgan hijriy 93 yilda ( 712 milodiy) Xorazm poytaxti ularning tasarrufiga o’tdi. O’sha davrlarda uni Alfiya deb ham atashardi, keyinchalik arablar bu shaharni Mansura deya nomladilar. Aytadilarki, bu shahar Jayxun daryosidan uzoqroqda joylashgan. Ammo Jayxun tug’yoni Mansurani ham nobud qildi va o’rnini Jurjoniyaga bo’shatdi. O’rta asrlarda Jurjoniya Xorazmning ikkinchi poytaxti bo’lgan bo’lsada, Kat mazkur mamlakatning eng asosiy savdo-sotiq markazlaridan biri bo’lib qolaverdi. Bu yer chekka davlatlardan kelib Xuroson o’lkalariga yo’l oluvchi karvonlarning barchasi to’planib jamuljam bo’ladigan bozori edi.

Ibn Asirning ta’kidlashicha, 728 yilda ( hijriy 110) ko’hna Xorazm yaqinida yangi shahar qad ko’tardi. Murxon va Yoqutlarning aytishlaricha, mo’g’ul hujumidan ilgari Xorazmning qadimiy poytaxtidan uch farsax ( 18 km) masofada joylashgan “Kichik Gurganj” deb ataladigan bir shahar bo’lgan. Uni eroniylar Gurganjak deya atashgan. Ehtimol, yangi Xorazm mana shu “Kichik Gurganj” o’rnida bunyod bo’lgan bo’lishi mumkin.

7 asrning ikkinchi yarmida yashab ijod etgan Qazviniy o’z kitobida bunday deb yozadi: “Gurganj-zabardast temirchilar va duradgorlar, fil suyagidan va qora daraxtdan turli xil kosa, jom va boshqa kundalik zarur mollarni yasaydigan mohir qo’li gul ustalari bilan shuhrat topgan shahardir”.

Rus qomusida yozilishicha, Doro 2 ning qadimiy yozuvlarida va “Avesto” Xorazm so’zi uchraydi. Shuningdek, mutafakkirlarning ko’pchiligi “Avesto”da Xorazmni birinchi zardushtiy mamlakati sifatida zikr qilinganligini juda yaxshi bilishgan.Aytiladiki, xorazmliklar miloddan ilgarigi 7-6 asrlarda butun O’rta Osiyo, Eron sharqining bir qismini o’z ichiga olgan qabilalarning yagona ittifoqini boshqarib turgan. Ayni paytda bu ittifoqning eng rivojlangan o’lkasi Buyuk Xorazm deb nomlangan. Ehtimol bu yurt Murg’ob va Herirud daryolarining suv havzalariga joylashgan bo’lishi mumkin.Xorazm vohasida qishloq xo’jaligining beqiyos darajada rivojlanganligining bosh omili sun’iy daryolarga asoslangan sug’orish tarmoqlarining mavjudligida bo’lgan. Bu o’z navbatida Xorazm mamlakatining ravnaq topishida katta rol` o’ynagan.

Miloddan oldingi 6 asr o’rtalarida Ahamoniylar davlati Doro 2 zamonida Xorazmni Eronga qo’shib olgan. Milet ( Miltus) shahridan chiqqan yunon tarixchisi Xikitaus xorazmiylar o’lkasi Xorazmiya shahri to’g’risida ilk bora ma’lumot bergan olim hisoblanadi. Geradotning yozishicha, Xorazm So’g’diyona va Oriyo bilan bir qatorda Ahamoniylar davlatining o’n oltinchi muxtor viloyati hisoblangan. Qadimiy yozuvlarni tadqiq qilish shuni ko’rsatadiki, Ardasher 2 zamonida ( miloddan ilgarigi 404 yildan to 358 yilgacha) Xorazm alohida muxtor davlat bo’lgan va uning markazi ko’pgina harbiy istehkomlarga ega bo’lgan.Fil (Qir) qa’la shahar bo’lgan degan fikrlar bor. Aleksandr Makedonskiyning sharq tomonga qo’shin tortgan davrida Xorazm mustaqil davlat edi.

Miloddan ilgarigi 328 yilning bahorida Xorazm podshohi Farasman ( yoki Farotofran) muzokara qilish uchun Makedonskiy qarorgohiga borgan. Miloddan oldingi 4-3 asrlarda Xorazm iqtisodiy va madaniy yuksalish markazi bo’lgan.Dehqonchilik va mayda hunarmandchilik tez rivojlangan. Ayniqsa, sun’iy sug’orish shoxobchalari kengaygan, yangi shaharlar, Qo’yqirilganqa’la kabi din markazlari qad ko’targan.

Xorazmda zardushtiylik dinining o’ziga xos shakli keng tarqalgan.Ba’zi qa’lalardan topilgan otashkadalar bu faktni tasdiqlaydi.Xorazmda mashhur me’morchilikning o’ziga xos tomoni, uning hashamatli binolar va xom g’ishtga o’xshash maxsus moddalardan tayyorlanadigan tashqi bezak va oroyishlarga bo’lgan diqqat e’tibori bilan ajralib turgan.Baland shiftli va gumbazli binolar ustunlar tepasida qurilishi rasm bo’lgan.Shaharlar to’g’ri burchakli loyihada qurilib, bir yo’nalish bo’yicha cho’zilgan uylar majmuasidan iborat ko’chalardan tashkil topgan. Shaharlarning burjdor devorlari mudofaa vazifasini o’tagan. Aholi zich joylashgan yerlarda ibodatxonalar va muqaddas olovni saqlash uchun toshdan to’shalgan muqaddas joylar mavjud bo’lgan. Qa’layi Gir ( miloddan oldingi 5-4 asrlar) va Tuproqqa’la ( milodiy 2-3 asrlar) kabi qasrlar ayvon va dolonlarga ega bo’lib, ular ko’plab xonalar va zallardan iborat bo’lgan. Qishloqlardagi aholi uylarining barchasi xom g’ishtdan ko’tarilgan va deyarlik hammasida xonalarning eshiklari dahlizga ochiladigan qilib qurilgan.

Xorazmda haykaltaroshlik va naqqoshlik san’ati me’morchilikning ravnaq topishi bilan bir vaqtga to’g’ri keladi. Bu san’at namunalarini tabiiy bo’yoqlar bilan jilolangan turli xil ajoyib naqsh va gullar aks etgan mujassamalar shaklida Tuproqqa’lada ko’rish mumkin. Xorazm hunarmandchiligining alohida ajralib turadigan shakli miloddan oldingi 5 asrda yaratilgan mujassamalarda va naqshinkor g’ishtlarda yaqqol ko’zga tashlanadi. Dovrug’i afsonalarda tarqalishiga sabab bo’lgan yetuk asarlarni miloddan ilgarigi 4-3 asrlarga oid san’at namunalarida ko’rish mumkin.

Beruniyning yozishicha, Farig’un shoh (Afrig’) milodiy 305 yilda Xorazm saltanati taxtiga ko’tariladi va uning sulolasi Katda mudofaa qa’lasi barpo etdiradi. Kat yaqinida keyinchalik Beruniyning tug’ilgan shahri qad ko’taradi. Abu Rayhon Beruniy o’z asarida Xorazmning 21 podshohi ro’yxatini keltiradi. Keyingi davrdagi qo’lyozma va yetarli dalillar milodiy 7-8 asrlar bilan bog’liq bo’lgan Beruniy ro’yxatining juda ham aniq ekanligini ta’kidlaydi.

712 yil ( hijriy-qamariy 94 yil) arablar Xorazmni fath etishdi. Beruniy yozadiki, arab qo’shinlarining qo’mondoni old mudofaa qa’lani istilo qiladi. Farig’uniylar hijriy 4 asrgacha ( milodiy 10 asr) Katda hukmronlik qildilar.O’sha paytlarda ( milodiy 995 yil-hijriy 385 yil) Ma’mun ibn Muhammad har ikki Xorazmni birlashtiradi.Ma’mun va uning vorisi Ma’mun 2ning hukmronligi davrida Xorazm yana ham ravnaq topadi. Abu Rayhon Beruniy va Ibn Sino kabi allomalar Urganchga kelishdi. Mahmud G’aznaviy 408 yilda ( milodiy 1017 yil) Xorazmni bosib oldi, ammo u milodiy 1043 yili saljuqiylar qo’liga o’tdi. Hijriy 5 asr oxirlarida ( milodiy 11 asr) Urganchda Xorazmshohlar davlati qudrat topdi. Xorazmshohlar mamlakatni kengaytirish siyosatini ilgari surib, uning g’arbiy shimolidan to Yevropa chegarasigacha davom etdirdilar. Xorazmshoh Otsizning nevarasi va Arslonning o’g’li Takash ( hijriy 591 yil- milodiy 1194 yil) saljuqiylarni Xorazmdan butunlay quvib chiqardi.

Takashning o’g’li Muhammad Alovuddin zamonida Xorazmshohlar davlati har qachongidan ham rivoj topdi.Kaspiy dengizidan to Hindgacha bo’lgan hududni egalladi. Savdo-sotiq, hunarmandchilik, ilmu-fan o’sha davrda beqiyos taraqqiy etdi.Pishiq va rangli g’ishtlar qurilishlarda ishlatila boshlangan.
1220 yilda ( hijriy-qamariy 617-618 yillar) Chingizxon Xorazmga hujum qildi va Xorazmshohlar inqirozga yuz tutib, o’lka Jo’jixon ixtiyoriga o’tdi. 14 asrning ikkinchi yarmida Xorazm madaniy o’zgarishlar va yaxshilanishlarga yuz burdi, muhtasham imoratlar paydo bo’ldi. Xorazm hukmdorlari yana mustaqil bo’lishdi.Xorazmning turklashishi o’sha davrda nihoyasiga yetdi.

XIVANING O’TMISHI

Amir Temur hukmronligi davridan so’ng Xiva asta-sekin Urganchni o’z soyasida qoldira boshladi, u Xorazm poytaxtiga aylandi. G’arb geogroflari Xivani milodiy 4 asrlarda kichik shahar sifatida bir necha bor nomini tilga olganlar.Uning to sayyoh Yoqut Hamaviy zamonigacha bo’lgan nomi “Xivak” tarzida talaffuz etilgan.
17 asr boshlarida Xiva Xorazm poytaxtiga aylandi va shundan keyin Yevropa, Rus yozma manbalarida Xiva xonligi degan ibora paydo bo’ldi. Biroq o’z o’rnida Xorazm davlati nomi ham ishlatilar edi.

1920-24 yillarda Xorazm Xalq Sovet Respublikasi degan nom ana shu so’zdan olindi. Muqaddasiy Xiva o’rnini Jayxunning chap tomonidan ajralib chiqqan anhor qirg’oqidagi cho’lning chekka qismida joylashgan deb ta’kidlaydi. U “ Xiva masjidlari ko’p, faravon, katta va muhim shahar”, deya yozadi. Yoqut Hamaviy esa uning nomini “ Xivaq” deb ataydi va yana Xiva aholisi shofe’iy, vaholanki boshqa shaharlar hanafiy mazhabida bo’lganliklarini ilova qiladi.O’sha paytlarda Xiva shu jihatdan shon-shuhrat topgan.Zero, bu diyor shayx Najmiddin Kubro tavallud topgan tabarruk joydir.Mo’g’ullar hujumi davrida Shayx Najmiddin Kubroning Urganch mudofaasi uchun qo’shgan hissasi beqiyos bo’ldi.U mo’g’ullar tomonidan qatl etilgan.Ibn Battutaning yozishiga ko’ra, bir asrdan so’ng uning qabri umumxalq ziyoratgohiga aylangan edi.

Mavlono Sharofiddin Ali Yazdiy o’z kitobida ( “Zafarnoma” ko’zda tutilmoqda-U.B.) Xiva xususida to’xtatilib, Amir Temurga o’zining yoshlik yillarida Xivada bo’lib o’tgan bir ibratli hodisani zikr qiladi. Amir Temur Xivaning qa’la-devorlarini ta’mirlash uchun farmon bergan ekan.

Xiva shahri o’sha zamondan to hozirgi kunga qadar obod, taraqqiy etgan shaharlardan biri hisoblanadi. Bugungi kunda u Xiva tumanining markazi hisoblanadi.
G’ulom Husayn Muxosib Fors qomusida bu shahar haqida shunday deydi: “Xiva oldinlari Xivaq deb yuritilgan. O’zbekiston Respublikasidagi shahar, Xorazm viloyatida, Qoraqum biyoboni yaqinida, Amudaryo g’arbidan 40 km, Urganch temir yo’l vokzalidan 32 km ( bugungi kunda Urganch va Xiva oralig’idagi masofa 25 kmni tashkil etadi-U.B.) masofa uzoqlikda joylashgan”

XORAZM VA QOJORLAR SULOLASI

…Eron shohining Xorazm va uning markazi Xivaga nisbatan qiziqishi ortgan ko’rinardi. Muhammadshoh va Mirzo Abbosning Hirot tomonga qilgan ba’zi yurishlari, buyuk amirning Mirzatakixon tomonidan Rizoqulixonning elchi sifatida yuborilishi, Xuroson hukmdori Xusomusaltananing Saraxs tomonga qilgan harbiy harakatlari, Qojariya sultonlarining o’z mamlakati shimoliy-sharqiga, ayniqsa Xorazmga bo’lgan diqqat e’tiborining nishonasi hisoblanadi. Masalan, hijriy 1269 ( milodiy 1852) yili Xusomussaltana tomonidan harbiy qo’mondon Ismoil Mirpanjiyning Marvga qilgan yurishi tafsilotlari ham ushbu risolada aks etdirilgan. Ushbu yurishning asl sabablari mintaqada tinchlik o’rnatish, u yerda xavfsizlikni ta’minlash, savdo-tijorat yo’llarini muhofaza qilish va Xiva turkmanlari bosqinining oldini olish bilan bog’liq edi.

Bu yurishda 3681 nafar sarboz va 4 ta to’p zambarak bor edi. Urush boshda yaxshi natijalar beradi, lekin Xuroson hukumati tomonidan zarur choralar ko’rilmaganligi sababli Ismoil Mirpanjiy mag’lubiyatga uchraydi. Hatto armiya qo’mondoni ham isyonchilar to’dasiga asir tushib raqiblariga topshirilgan va o’n yil davomida Xiva xonligida asirlikda qolgan. So’ngra Tehron hukumatining zarracha ko’magisiz yo’lini topib, og’ir mashaqqatlar bilan qochishga muvaffaq bo’ladi va Eronga qaytib keladi.Bu harbiy yurish hikoyasi o’sha vaqt hukumatining noraso beg’amligiga qarshi qaratilgan qoralovnomadir.

O’sha davrdagi mansabdor shaxslar ozgina harakat qilish o’rniga turkman hujumlarini ro’kach qilib va turli xil bahonalar bilan har kuni markaziy davlat xazinasidan pul mablag’larini o’z cho’ntaklariga urdilar. Qo’mondon Mirpanjiyning turkman kadxudolari va raislari haqidagi g’amgin tassurot uyg’otuvchi hikoyasidan bir parchasi bu haqiqatni yanada oydinlashtiradi: “Biz, turkmanlarning, mol-mulkimiz, bola-chaqamiz omon qolishi uchun Urganch va Xivaqning qum sahrolaridan panoh izlardik. Maqsad ayollarimiz, bolalarimiz asir tushmasalar va mol-mulk talon-taroj bo’lmasa…O’sha davrda bizning 5-6 ming ot va tuyalarimiz suvsizlikdan, jazirama issiqdan hamda pashsha-chivinlar dastidan qirilib ketdi. Ahli ayolimiz orasida kasalliklar tarqaldi. Davlat bizlardan yuz o’girdi. Mutahaam va badnom bo’ldik. Mabodo turkmanlar Tehronga borsalar, hali shaharga kirmasdanoq har xil bo’htonlar bilan ularni badnom qilishardi”.

Qo’mondon Ismoilni kalomulloh nomi bilan qasam ichishga majbur qilishadi.Rahm-shafqat, najotu muruvvat iltimosi to’la arizani podshohga berib yuborishadi. Ammo, afsuski, davlat arboblarining hammasi chuqur “ uyqu”ga ketishgandi. O’sha davrning ikki qudratli imperiyasi bu mintaqada o’z mavqeini asta-sekin mustahkamladi. Inglizlar Xiva va Marvda sarmoya qo’yish, mahalliy hukmdorlarni o’zlariga jalb etish bilan mashg’ul bo’ldi. Rossiya davlati namoyandalari esa qa’la va harbiy inshootlar qurishardi. Har ikki taraf ham har xil sovg’a-salomlar bilan xalq hurmatiga sazovor bo’lishga intilardilar.Eron davlati o’zining cheklangan harbiy kuchlariga pul va zaruriy ashyolar yuborish u yoqda tursin, hatto mahbus qo’mondonni ( Ismoil Mirpanjiy nazarda tutilmoqda-U.B.) qutqarish uchun hech qanday chora tadbir ko’rmagan edi…

Yana bir mushohada shuki, Ismoil Mirpanjiy zindondan qutilgandan keyin Nosiriddin shohning farmoyishi bilan o’z zimmasiga yuklatilgan harbiy topshiriq hisobotini qog’ozga tushiradi. U topshiriq tafsilotlari oxirida shunday deb yozgan edi: “ O’n yillik ranju mashaqqatlar , asirlik azoblari va ayanchli g’urbat qiynoqlaridan keyin xudoning fazlu karami bilan va shohimizning o’z quliga qilgan beqiyos yordami orqali zindondan qutilib, Xiva podshohining uzoq o’lkasidan yana hazratimning dargohiga sajda qilishga muyassar bo’ldim. Xalos bo’lish hissiyoti uyg’ongan kundan boshlab safar haqidagi kundalik tafsilotlarni yoza boshladim.Unda bu o’lkaning rasm-rusumlari Xivaq va Marvda yashaydigan turkman, o’zbek, sariq va salur toifalari haqida, shuningdek, Xorazm aholisining iste’dodi, nuqsonlari, shahar va qishloqlarining serhosil yerlari, ziroati va boshqa holatlari aks etgan sharh bayon etildi. Xudoy taolo va uning yerdagi soyasi, ya’ni Eronga taaulluqli barcha mamlakatlarning bosh murabbiysi va valiyne’matiga minnatdorchilik izhor etib oldin o’z g’am-g’ussalarimning qissasini, undan keyin maqtovga loyiq Xorazm va Xivaq tafsiloti hamda mamlakat ahvolini o’z ichiga olgan muqaddima va o’n besh bo`dan, xotimadan iborat bo’ldi”.

“Xorazm va Xivaq ta’rifi kundaligi “ deb nomlangan mazkur kitobni biz “ Asirlikdagi xotiralar” deb atadik.Bu kitob muqaddas Mashhaddan Marvga qilgan harbiy yurishdagi qiziqarli va e’tiborga molik xabarlarni, ushbu mintaqaning geografik mavqeiyati, xalqning ijtimoiy-iqtisodiy ahvoli, hukumat tizimi, pul qiymatining qadri, soliq undirish usullari, raiyatning yashash ahvoli, rasm-rusumlari, rus va ingliz davlatlarining mahalliy hukmdor xonlar bilan aloqalari haqida va yana boshqa bir qancha masalalarni o’z ichiga oladi. Shubhasiz, bu axborot Eronning hozirgi tarixining xira burchaklarini ravshan qilishda va o’sha davr saboqlari bilan bog’liq noaniqliklarni tushunishga katta yordam beradi.

Qisqa qilib aytganda, Xiva xoni Muhammad Aminxon taxminan hijriy 1269 yili Muhammadniyozboyni Marv hukmdori etib tayinladi. Bu shaxs o’ta zolim va sitamkor bo’lganligi sababli xalq nafratiga uchradi va o’sha mintaqa turkmanlari tomonidan o’ldiriladi. Xiva xoni Marv hokimining o’ldirilishini bahona qilib qatlu g’arot maqsadida Saruk va Marvga lashkar soldi.

O’sha vaqtdan sal ilgari shahzoda Xusamussaltana tomonidan Hirotning fath etilishi bu yer va uning atroflaridagi elatlarning parokandaligiga sabab bo’lgandi. Bundan foydalangan Xiva xoni hiyla-nayrang yo’li bilan bosib olingan Panjdeh yerlarini qaytarib berishni va’da qiladi va qabila-elat kishilarini aldab Marvga olib boradi va asoratda qoldirib zindonband qiladi. Xiva xonining har yilgi ketma-ket hujumlari, aholini talon-taroj qilishi Marv karvon yo’lining berkitilishiga sabab bo’ldi.

Natijada turkmanlar Buxoro hukmdoriga iltijo qiladilar va undan umid bo’lmagach, Eron davlatidan yordam kutadilar.Bir necha maktublar jo’natib Xusamussaltanadan madad so’raydilar. Ushbu voqealar Ismoilxonning bu mintaqaga yo’l olishiga sabab bo’ladi. O’sha paytda sarpanj ( polkovnik unvoniga teng-U.B.) Ismoilxon o’lgan akasining o’rnida qolgan edi. Uni bosqinchilarni tag-tomiri bilan yulib tashlash, turkmanlarni yovuzlikdan qutqarish maqsadida harbiy kuchlar qo’mondoni etib tayinlashadi.

Ammo safar oldidan qilingan hisob-kitoblar shuni ko’rsatadiki, mazkur mintaqada yuz berayotgan talon-tarojlik va oshufta vaziyat yetarli darajada qo’shin, sarbozlar uchun olti oylik oziq-ovqat va kiyim-kechak, uzluksiz madad kuchlari yuborilib turilishini taqozo etardi. Albatta, Xuroson hukumati bunga jon deb rozi bo’ldi va farzandiga polkovnik, uning o’ziga esa generallik darajasini berishga so’z beradilar. Afsuski, Xuroson hukmdorlari o’z ahdu qarorlariga ahamiyat bermaydilar. Albatta, Eron davlati 1271 hijriy-qamariy yilda Muhammad Aminxonning yangi tajovuzini daf’ qilish maqsadida boshqatdan lashkar soldi. Muhammad Aminxon o’sha yili o’zining mohir lashkarlari bilan Saraxsga hujum qilib uni egallagan edi.

Naibussaltana Abbos Mirzoning beshinchi o’g’li general-gubernator Faridun Mirzo 1270 hijriy-qamariy yilda o’z tug’ishgan akasi Sultonmurod Mirzo Xusamussaltana o’rniga Xuroson viloyatiga hokim bo’lgan edi. U ikki ming nafar otliq hamda piyoda lashkarlarni Oqdarbandga yubordi va orqasidan o’zi ham bir qism ( polk) va to’pxona ( artilleriya) olib Mashhaddan Oqdarband tomon yo’l oldi. Oldin borayotgan ilg’or qismlari Xiva xoni yaqinlashib qolgan Saraxs tomon yurishlariga buyruq berildi. Ilg’or qismlar yetib bormasdan butun mahalliy suvoriylar bilan Xiva otliqlari o’rtasida jang boshlanib ketgan edi.

Keyinchalik ilg’or qismlar yetib keldilar va garchi turkmanlar taxminan qirq ming kishidan iborat bo’lsa-da, mag’lubiyatga uchrashdi. Qalutepa yuqorisida Zarnigor chodirda o’z mahramlari bilan jang borishini kuzatayotgan xonni to’ralar va beklar tashlab qochdilar. Bu vaziyatni ko’rgan xon ham qochmoqchi bo’ldi. Lekin Eron sarkardalaridan biri Qurbongul Marviy xonni to’ralari bilan birga qo’lga oldi. So’ngra O’rozxon Saraxsiyning o’g’li Sihatniyozxon bilan birgalikda hammasining boshini kesib chiqishdi. Xonni qatl etish vaqtida Saraxs, Marv va Xurosonning boshqa qo’shinlari orasida bir nizo ko’tarildi.Sababi ularning har biri xonning boshini kesish uchun birinchi bo’lib ulgurishga, bu bilan ular “ faxr va iftixor” sohibi bo’lishga harakat qilardilar. Natijada ulardan o’n ikki nafari bu o’ziga xos “musobaqa”da o’ldirildi.

Xonning hamrohlari va sarkardalari ko’plab miqdorda Eron qo’shinlariga asir tushdilar.Jangda Xiva xoni bilan bir qatorda o’n to’rt nafar Xorazm to’rasi va xonga hamroh bo’lgan ko’plab sarkardalar o’ldirildi. Bu Mirzo Og’axon Nuriy bosh vazir bo’lgan zamondagi voqealardan biri edi.

Ismoilxon Sarxang o’zi keltirgan sharhga ko’ra, falokatga yuz tutdi. O’zi bilan birgalikda uning farzandi va qo’shinning bir qancha zobiti asir tushib Xivaga jo’natiladi. U o’n yildan so’ng asirlikdan qutildi. Dastlab Xuroson, so’ngra Tehronga qarab yo’l oldi.

Yuqorida qayd qilib o’tganimizdek, u o’z hisobotini yozdi va Nosiriddin shohga topshirdi. Bu hisobot madaniy kuzatuv va izlanishlar boshqarmasi arxivida saqlanib, bugungi kunga qadar hech kim bu nusxa mavjudligi haqida ma’lumot bermagan. Vaholanki, bu nusxa har tomonlama muhim va e’tiborga molik hujjat hisoblanadi. Unda har xil ma’lumotlar talaygina, jumladan shaharlar va ularning ba’zilarining tuzilishi, geografik o’rni, Xivadan to Marvgacha bo’lgan yo’llar tasviri, shuningdek, boshqa muhim qa’lalar, bu o’lkaning iqtisodiy vaziyati, turmush tarzi haqida yozilgan.

Bu o’lkada ko’plab turkmanlar qabila-qabila bo’lib chorva-mol boqish bilan shug’ullanishgan.Taka, Salur, Saruq, Tajaniy, Saraxsiy, Aholiy, Jamshidiy, Qorayobiy, yovmut, go’klan, o’zbek, qoraqalpoq va boshqa qavmlar tuyachilik va podachilikdan tashqari savdo bilan mashg’ul bo’lishardi. Tabiiyki, bunday sharoitda bug’doy va boshqa iste’mol mollarining narxi ko’tarilardi.Zero, bu mintaqada yashovchi xalqlar ekin ekish va ziroat qilish uchun yetarli urug’-donga ega emasdilar.

Ma’lum bo’lishicha, ularning yashash manbai ikkita asosiy iqtisodiy omilga tayangan: chorvachilik va dehqonchilik.Tuyachilik va qo’ychilik qabila-elatlarning muhim iqtisodiy omillaridan hisoblangan. Chodirnishinlik- u yerdan bu yerga ko’chish, tuya, ot, qo’y boqish mintaqada keng tarqalgan. Bunday vaziyat iqtisodiy rivojlanishga, uning sarmoya va savdo-sotiq asosida taraqqiy etishiga uncha ahamiyat bermas edi. Chunonchi, tijorat faoliyatining yo’qligi, bozorning kasod holatida bo’lishi hamda yo’llar tinch emasligi shularga asos bo’la olardi. Har qalay iqtisod ziroatchilik bilan bog’liq edi.Zeroki, aholining asosiy qismi dehqonchilik bilan kun kechirardi.Ijtimoiy sohada ham urug’-dinastiya munosabatlarida ota urug’chiligi ( patriarxat) tartibi hukm surardi.

Xotin-qizlarning jamoatda o’rni past bo’lib, ularning vazifasi bir xizmatkorning ishidan kam bo’lmagan. Ularning ishi bola boqish, kir yuvish, ovqat pishirish va eriga qarash kabi yumushlardan iborat edi. Uylanish faqat qozi yoki shayx orqali amalga oshirilgan. Uylanish marosimida qizning yonida bir kosa suv qo’yib, o’z tanini yigitga bag’ishlashini so’rashgan.Qiz ham “bag’ishladim” deb javob berar ekan. So’ngra suvni ichib boshqa guvohlarga uzatishgan.

Chilim chekish, sunnat to’yi va aza marosimlari ham o’rganishga loyiqdir. Asirlar bilan muomila qilganda turkmanlar o’z e’tiqod va odatlariga qattiq amal qilishgan. Masalan, biror asirni dalil-isbotsiz o’ldirish o’ta badkorlik sanalgan.Asirlardan biror ishda foydalanish va kelajakda ularning qochib ketishlarining oldini olish maqsadida asirlarni mahalliy ayollarga uylanishga majbur etib, kundalik zarur ashyolar miqdorida pul berib turishgan.

Turkmanlarning ona tili turkiy til edi, ammo forsiy til ham muomila vositasi hisoblangan. Ularning dini islom, mazhabi ( choryor, sunnaga) rioya qilishadi. Shubhasiz, shunga o’xshagan masalalar ham xalqning xon bilan munosabatlari, boshqaruv nizomi, soliq undirish tarzi va ijtimoiy rasm-rusumlar bu kitobdan o’rin olgan.

KITOB MUALLIFI HAQIDA

Ushbu risolaning muallifi haqida deyarlik hech nima bilmaymiz, desak ham bo’laveradi. Yuqorida qayd etib o’tganimizdek, uning ismi Ismoil Mirpanjiy, ota-bobosidan tortib yetti pushtigacha qojorlar tarbiyasida bo’lgan ekan. Aslida uning bu da’vosi laganbardorlik yuzasidan aytilgan bo’lib, haqiqatdan yiroq ko’rinadi.Chunki, birinchidan, qojor saltanatining boshlanishi ( Og’a Muhammadxon 1197 hijriy yil )dan, bu risolaning yozilishi ( Nosiriddin shoh 1280 yil) gacha qojorlar saltanatidan faqat to’rt avlod yashab o’tgan edi. Ikkinchidan, agar Eronda rasm bo’lgan har bir avlod umrini o’ttiz yil deb oladigan bo’lsak, muallifning yettinchi ajdodi undan taqriban ikki yuz yil oldin, ya’ni safaviylar zamonida “ qojorlar xonadoni tarbiyasida” bo’lgan deyish mumkin.Aslida bunday bo’lishi mumkin emas.

Taxmin qilish mumkinki, Ismoilxon Mirpanjiy 1849 yil oxirlarida Tehrondan Xurosonga yo’l olgan Xuroson voliysi Xusamussaltana tomonidan Xorazm xoni Muhammad Aminxon tajovuzkorliklarining oldini olish maqsadida Marv xalqiga yordamga yuborilgan. Bu holni 1850 yil voqealari zikrida aytib o’tgan muallif o’z kundaligi muqaddimasida podshoh Ma’fur, ya’ni Muhammadshoh zamonida Ozarbayjon mamlakatidagi Mug’on ahlidan Shahsun va Ardabilning harbiy kuchlari bosh qo’mondoni bo’lgan.

Uning Shaxsun va Ardabildagi ruslar bilan bog’liq bo’lgan ayrim xizmatlari uchun valiahd Nosiriddin Mirzo generallik darajasini berish to’g’risidaga farmonga imzo chekkan. Nosiriddin Mirzo shoh bo’lgach, Ozarbayjondan Tehronga keladi. Tehronda bosh amir Mirzotaqiyxon undan generallik rutbasini qaytarib olgach, uni polkovnik-sarxang etib tayinlaydi. Shundan so’ng u xurosonlik o’qchi askarlarni o’qitish uchun Mashhadga boradi. U yerda xizmat qilayotgan akasi Abbosqulixon Mirpanjiy olamdan o’tgach, bosh ministr Mirzo Og’axon ko’rsatmasiga binoan marhum Mirpanjiyga tegishli ma’muriy ishlar uning zimmasiga yuklatiladi.U Xurosonda yurgan davrida Xiva xonining tajovuzlari yana boshlanadi.Xusamussaltana tomonidan Marvga harbiy xizmat safariga yuboriladi.

Yozuvchi har joyda o’zi va Xurosonda vafot etgan akasining shon va shavkati xususida mufassal so’zlashga fursat topadi va o’zini davlat uchun jon kuydiradigan o’z ishining bilimdoni sifatida ko’rsatadi.( Mirpanjiy o’z xotiralarini asirlikdan qutilib kelgach, Eronda qog’ozga tushirganini nazarda tutmoq lozim.Chunki harbiy qo’mondon-general bo’lgach, Xivaliklarga Eron armiyasi sirlarini oshkor etmagan, o’z davlatining sadoqatli fuqarosi sifatida qojorlar sulolasiga xizmat qiluvchi shaxs sifatida ko’rsatish uchun ham hisobot-xotirasida shunga urg’u bergan bo’lishi mumkin-U.Bekmuhammad). Uning turli masalalar bo’yicha bergan sharhlaridan ko’rinadiki, u hisobot yuzasidan ishlari aniq va yozuvchilik qoidalaridan ogoh bo’lgan kishidir.Ammo qiziqarli tomoni shundaki, qojorlar davridagi matnlarda o’sha davr xususida gap ketganda, bu sohib o’ziga xos muhim shaxs sifatida ko’zga tashlanmaydi.( qojorlar davlatida polkovnik va generallar ko’p bo’lgani, ularga yuklatilgan vazifadan kelib chiqib saroy hujjatlarida ish yuritilganini hisobga olsak, Mirpanjiy nomi uchramasligi mumkin-U.B.).

Nosiriy Xurjuniy o’zining “Haqoyiq -ul-axbor” asarida shunday deydi: “…uch guruh xurosonlik sarboz, besh yuz nafar suvoriy, olti to’p zambarak bilan Abbosqulixon Mirpanjiy, inisi Ismoilxon Sarxang ( polkovnik-U.B.) boshchiligida Marv xalqiga yordamga bordi”

Taxminimizcha, sarxang Ismoil Mirpanjiy tarixda ma’lum bo’lgan 1265 yilgi ( 1846) Tehron isyoni, amir Kabirga qarshi Ozarbayjon sarbozlariga boshliq — Ismoil bo’lishi mumkin.Bu gumonimizning dalili sifatida o’sha davrda mazkur Ismoil Mirpanjiydan boshqa shu nomdagi zobit bo’lmagan. Shuningdek, “Ozarbayjon” sarbozlarining amiri Kabirga qarshi ko’tarilgan isyonga Ismoilxon farroshboshi laqabli kishi boshchilik qilgan va u Mirzo Og’axon Nuriyning qo’l ostidagi odam bo’lgan.U esa amiri Kabirning birinchi ashaddiy dushmani edi. Bulardan tashqari muallifning o’zi ochiqdan-ochiq aytadki, amir Kabir vazifasining boshlanishidan sal oldin uni generallik rutbasidan mahrum qilishgan va polkovnik darajasiga tushirishgan.

Shu bilan birga, Nosirshohning bosh vaziri bo’lgan amiri Kabirni Mirzotaqiyxon sifatida tilga oladi.Vaholanki, uning nomi Mirzo Og’axon bo’lgan. Ehtimol, amiri Kabirning noroziligi sababi uning Shaxsun va Mug’andagi ayrim xizmatlari bo’lsa ajab emas.Uning “xizmati” bir necha marta rus chegarachi komandirlari bilan pinhona uchrashganligidan iborat edi. Natijada amiri Kabir bundan xabar topib, unga tanbeh berish uchun Tehronga chaqirtiradi. Bosh vazir Mirzo Og’axon tomonidan Ismoilxonni Tehrondan Xuroson qo’shinlarini o’qitish uchun yuborilishi tabiiydek ko’rinadi. Negaki, bu Ismoil Mirpanjiydek “tinib-tinchimas” zobitni poytaxtdan uzoqroq yerga jo’natish va bu bilan uning kirdikorlaridan qutilish chorasi hisoblanardi. Masalaning yana bir nozik tomoni shuki, u o’n yil davomida asirlikda yotganida uni qutqarib olish uchun Eron hukumati tomonidan qa’tiy harakat qilinmaganligi yuqoridagi taxminlarimizni yana bir karra isbotlaydi.

Eron madaniy ma’rifiy ilmiy-tekshirish mahkamasi,Tehron shahri, Farishta ko’chasi, 128-uy, sana 1370 hijriy yil.

Ismoil MIRPANJIY
ASIRLIKDAGI XOTIRALAR
Birinchi qism
012

MUQADDIMA

Bismillohir rahmonir rahim…

077

1270 (1854) yil rabbius soniy oyida olampanoh shahriyor, jannatmakon shahanshoh Mag’furxonning farmoni ila men 500 nafar navkarim bilan Marv ustiga jangga otlandim. Shungacha Ozarbayjon o’lkasining Mug’on viloyatidagi Shaxsun va Ardabil qa’lalari hokimi edim. Hazrat oliylariga boshimdan o’tgan voqealar haqida to’la hisobot yozib bermoqchi bo’lib qo’limga qalam oldim.

..Hazratimning muborak farmonlari bilan Shaxsun va Ardabildagi rus chegarachi sohiblari bilan bo’lgan xizmatlarim sababli huzurlariga chaqirtirildim va generallik mansabimdan benasib bo’ldim.Humoyun Nusrat rahbarligida Ozarbayjondan Tehronga qaytib keldim va yana ona Vatanimga xizmat qilish bilan mashg’ul bo’ldim…

Xurosonda bo’lib o’tgan qo’zg’olonlardan keyin jangchilarga harbiy ta’lim berish maqsadida o’sha mintaqaga yuborildim.Xizmat safaridan oldin mazkur hududda marhum akam Abbosqulixon Mirpanjiy xizmat qilardi .( u Xurosonga isyonni bostirish uchun yuborilgan edi).Mirzo Taqiyxon Ozarbayjonda erishgan generallik rutbamni polkovnik darajasiga tushirishga hukm qildi.Zabardast davlatimiz rahbarlari farmoni bilan Abbosqulixon Mirpanjiy vafotidan ilgari Xurosonda sarbozlarga harbiy ta’lim bera boshladim. U yerda goh Hirot, goh Saraxs va goh Xurosonning boshqa qa’lalarida xizmat tadbirlarini amalga oshirib yurdim.Bosh vazir Mirzo Og’axon va boshqa davlat arboblari qarori bilan marhum Mirpanjiyga tegishli ma’muriy idora menga topshirildi.Shundan so’ng to Marv topshirig’igacha qancha yangi farmon bo’lsa, shunisini amalga oshirib keldim.

MARV VILOYATI VA UNING XIVALIKLAR TOMONIDAN ZABT ETILISHI

Xurosonga kelishimdan o’n ikki yil ilgari Xivaq xoni Muhammad Amin taniqli o’zbek ulug’laridan biri Muhammad Niyozboyni Marv viloyatiga hokim etib tayinlagan edi.U o’quv salohiyati yo’q, berahm kishi edi. U o’n ikki yil davomida fuqarolarni qiynoqqa solib kelgan. Muhammad Niyozboyning jabr-zulmidan bezor bo’lgan solur, saruq va taka kabi turkman urug’lari til biriktirib uni qatl etdilar. Bu xabarni eshitgan Xivaq xoni soruq eliga nisbatan o’z adovatini kuchaytirdi.U har yili minglab yaxshi qurollangan suvoriylar bilan Marv ustiga yurish qilardi. Xon Marvdan yarim farsang masofada joylashgan Qorayob qishlog’ining obod bo’lishida xizmat ko’rsatdi. Mustahkam qa’la barpo etdi.Asli o’sha yer aholisi bo’lgan, keyinchalik ketib qolgan solur, soruq, axal, taka, Saraxs taka, va tajan turkmanlaridan uch to’rt ming oilani keltirib hududga qayta joylashtirdi.

Mirahmadxon Jamshidiy Qorayobda hokim bo’ldi.Uning istilosi nafaqat Marvga, balki Axal, Saraxs, Taka turkmanlariga ham jabr zulm ko’rsatardi.Shundan so’ng bu elatlarning barcha gunohlarini saruq elining gardaniga to’nkarishdi va o’zlari Xivaq xoni xizmatiga o’tib ketdi.

Jannatmakon shahanshoh Mag’fur Hirot shahrini qamal qilish va raqiblarni qo’lga olishni buyurganlaridan so’ng fuqarolarning tinchi buzilib har tomonga tarqalib keta boshladi. Jamshidiy eli Murg’ob tepasiga qochib o’tdi. Yormuhammadxon Hirotni muxosara qilgandan so’ng Mirahmadxon, Olloqulixon, Mahdiyqulixon, Abdullaxon singari Jamshidiy elning mashhur kishilarini “Nega Sizning qavmlaringiz Hirot va uning atrofini tashlab Murg’ob, Shibirg’on va Maymana tomon ketishdi? “ degan ayb bilan qamab qo’ydi. Bir tomondan Xivaq xoni har yili Marvga kelar va Murg’ob tepasiga borib, Jamshidiy elini “ sizlarga barcha imtiyozlarga ega bo’lgan ajoyib Panjdehni beraman” va solur elini “Panjdehdan Yo’lutonga ko’chiraman”, degan yolg’on va’dalar bilan chalg’itardi.O’ton qa’lasi Marvdan to’rt farsax masofada joylashgan. Xullas, taqdir taqozosi bilan tarqalib ketgan jamshidiy eli bir joyga to’plandi. Ularga na Yo’luton va na Panjdehdan joy berishdi, balki to’g’ridan to’g’ri Xivaqqa olib borib boshpana berishgach, raiyat xalqasini kiydirishdi. Bir necha yil shu tarzda o’tdi. Jamshidiy elining oqsoqollari “ parokanda bo’lgan xalqimizni to’plab Hirotga keltiramiz”,-deya Yormuhammad vazirni ishontirib eldan ketishdi. Ular Xivaqqa yetib kelishgach, xon raiyatiga aylanishdi.

Xivaq xoni har yili Marv atrofiga hujum qilavergach, shahar xarobaga aylandi. Marv orqali bordi-keldi qiladigan karvon yo’li butunlay yopilib qoldi.O’sha davrda Qorayob hokimligiga Mirahmadxon Jamshidiy nomzod edi. U Jamshidiy elidan ming nafar suvoriy, to’rt besh ming nafar piyoda va bir necha tuyalarni olib Qorayobga ravona bo’ldi.
Xon tomonidan har yili harbiy xarajatlar uchun o’ttiz ming Xivaq tillosi xarj qilinardi. Uning har bir tillosi Eronda yurib turgan olti ming besh yuz dinorga teng kelardi. Bu mablag’ Marvni xarobga aylantirishga yetarlik edi.Marv voqealaridan so’nggi Mirahmadxonning ko’zga tashlangan ishlaridan biri Karimdodxonni qatl etishi bo’ldi. Yormuhammadxon vafot qilganidan so’ng davlat rahbarlari tomonidan Hirot hukumati uning o’g’li Saidmuhammadga topshirildi.Xazoro hokimi Karimdodxonga Hirotga borib o’z eli orasida Saidmuhammadxonga yordam berish, uni qo’llab-quvvatlash vazifasi yuklatildi. Bu holdan xabar topgan Mirahmadxon axal, taka, tajan, solur va saruq turkmanlaridan to’rt-besh ming suvoriy olib yashin tezligida Karimdodxon ustiga yurish qildi va uni qatl etdi. Ba’zilarini asir olib, mollarini talon-taroj qilib Qorayobga qaytdi.
Saruq turkmanlari Marv voqealaridan so’ng atrofdagilardan yordam so’rab goh Hirot hokimiga va goh Buxoro amiriga qayta-qayta iltijo etishardi. Biroq hech qaysi tomondan yordam qo’li cho’zilmadi.Natijada ular panoh izlab Eron davlatiga borishdi.

Shavkatli davlatimiz amri bilan Xusomussaltana Dalixon Marvga xizmat safariga jo’natildi. U biroz vaqt hokimiyatni boshqargandan so’ng ajali yetib dorulbaqoga jo’nadi.Shundan so’ng uning o’g’li Bahodir Hovarxonga bu vazifa yuklatildi.U ham bu katta ishda tajribasizlik qildi.Na Bahodirxon va uning otasi barhayot vaqtlarida ahvol yaxshilanmadi.Qimmatchilik boshlandi. G’allaning qiymati osmonga ko’tarildi.Marv va Saruq kadxudolari boshi berk ko’chaga kirib qoldilar.

XUROSON VA MARVGA QARSHI YURISHNING KECHIKTIRILISHI

Akam Abbosqulixon Mirpanjiy vafot etgandan so’ng mol-mulki va xizmat vazifasi menga o’tdi.Navob Xusomussaltana meni Qandahor va Qobul g’alayonlarini bostirish maqsadida Hirot atrofidagi tumanlarga ma’mur etib tayinladi. Tezda Mashhadga kelishim haqida buyruq oldim.

Safar tayyorgarliklari arafasida Karimberdi eshonning ukasi Rahimberdi eshon saruq elining jami kadxudolari bilan Navob Xusomussaltana oldiga kelishdi. Ular saruq elini Karimberdi eshon bilan birga Mashhadga chaqirib olish yoki qorayobiylarning jabr-zulmini daf’ qilish to’g’risida arz qilishdi: “Agar biz bechoralarga yordam berilmasa va biror chora ko’rilmasa yoki Xivaq xonining zulmlari to’xtatilmasa, qorayobiy bosqinchilari zulmiga barham berilmasa, biz vatanni tark etamiz”,-deb nolidilar.

Bu arznoma shoh saroyiga yetkazildi va bu sharafda topshiriqni bajarish hukmi sodir bo’ldi.Hokim menga uch guruh sarboz, Xuroson ahlidan cheklangan miqdorda suvoriy, bir necha to’p-zambarak olib Marvdagi tartibsizliklarga barham berish, qorayobiy bosqinchiliklaridan xalqni xalos qilish vazifasini topshirdi…Oldin bu vazifani Volo Somxon Elxoniyga buyurgan edi. Lekin u : “Biz Hirotda uch oy bo’lib keldik, navkarlarim urushga tayyor emaslar”,-deb bahona qildi. Elxonni o’zini olib qochgach, bosh ad’yutant bo’lib ishlayotgan Aliqulixon Mirpanjiyni tayinlashdi. U ham bu xizmatdan bosh tortdi.

Somxon va Aliqulixon Mirpanjiyning mazkur vazifani bajara olmasliklari to’g’risidagi yozma axborot shoh saroyiga yetkazildi: “ Agar janobi oliylarining farmoni oliylari chiqsa, marhum Abbosqulixon Mirpanjiyning ukasi Ismoilxon Sarxang bu xizmatga tayin qilinsa, bilaks akasi vafotidan so’ng qanday vazifa berilgan bo’lsa, barisini qoyilmaqom qilib a’lo darajada bajargan. Akasining vafotidan so’ng uning barcha nazmu navosi bilan birga uch guruh ( 500 nafar suvoriy) unga topshirildi. Shu davrga qadar ularga mehribonlik bilan tarbiya berib kelmoqda. Ana shu jihatlarini inobatga olib, bu vazifani unga topshirish maqsadga muvofiqdir”.Shundan so’ng davlat Voliylari meni ma’mur tayin etib, har tomonlama yordam berilsin, deb hukm chiqardilar.Noib Volo meni chaqirib bu xabarni ayon qildi.Men unga «Kamina polk qo’mondoniman.Biz xizmat kishisimiz va itoat etish shoirimiz.Tanamizda bir tomchi qon bor ekan, davlat xizmatini bajaraveramiz»,-dedim. Ammo polkovnik rutbasidagi oylik maosh kamlik qilishini bildirdim. U e’tiroz bildirmadi va so’ngra Mashhadning mutavalliysi bo’lgan Mirzo Abdulboqiy munajjimboshi, shahzoda Muhammadyusuf , general Asqarxon Afshor va boshqa zobitlarni chaqirib majlis qildi.
-Bu lavozimga boshqa da’vogar bormi?,-deb so’radilar.

Men arz qildimki, Xurosondagi vazifalar davomida biror xizmatdan hech vaqt bo’yin tovlagan emasman.Hozir ham, agar bu ish shunchalik zarur ekan, men tayyorman.Mutavalliboshi shahzoda Muhammadyusuf, general Asqarxon va boshqa zobitlarning barchasi faqirning arzini tasdiqlaydilar.Noib Volo bu xizmat safariga qanday narsalar tayyorlash zarurligini so’radi.Unga javoban dedimki:
— Ilgari qaerda ma’mur bo’lgan bo’lsam, Eron davlatiga taulluqli Xuroson o’lkasi, u ham g’am-tashvishsiz, ya’ni tinch hudud hisoblanib, unchalik sarfu xarajatni talab qilmasdi.

Ammo Marv viloyati bir to’da bosqinchi yo’lto’sarlardan iborat dushman chegarasidir.Avvalo men atigi bir polkka egaman, qolaversa, qo’shin to’q, yaxshi ta’minlangan bo’lishi kerak, olti oylik oziq-ovqat, kiyim-kechak va boshqa zarur narsalarni jamlab olsak.Davlat rahbariyati tomonidan uchta polk ajratilishi va menim bosh qo’mondon etib tayinlanishimga farmon berilsa, jasur va mard zobitlar jonbozlik ko’rsatuvchi sarbozlar tanlab olinsa.Chunonchi, agar u yerda ish og’ir ko’chadigan bo’lsa, madad kuchlari yuborilishi kechiktirilmasin va loqaydlik qilinmasin.

Noib Volo menim so’zlarimni ma’qul topdi:
-Biroq davlat hukmini chiqarishga va o’g’lingni mayorlikdan polkovnik darajasiga ko’tarishga va’da beraman.Sen Marvga yetib borganingdan ko’p vaqt o’tmasdan, imzo chekilgan buyruq qo’lingga tegadi. Sen bilan esa olti oylik oziq-ovqat va kiyim-kechak, anjomlar, o’q-dorilar va to’rtta to’p bo’ladi. Shuningdek, muovinim Husaynqulibek hamrohligida naqd yetti ming tuman va yana sovg’a-salom tarzida ming tuman pul yuboraman,-deya va’da berdi.

U meni shu shart bilan Marvga ma’mur etib tayinladi.Ancha gap so’z va va’dalardan so’ng Noib Volo o’zimga ajratilgan ming tumandan besh yuz tumanga chek keltirishimni va safarga tayyorgarlik ko’raverishimni , farmoyish tayyorligini aytdi.

Bu farmoyishga ko’ra, 500tuman qoldirilib, yana ikki yuz tuman qo’shib berdi.U yana tez orada poytaxtdan pul kelishi va qo’shimcha uch yuz tuman berilishini aytdi.Marvda Husaynqulibekka chek yozib, yana 3500 tuman olasan, dedi.Safarga tayyorlangan uchta polk, to’pxona zobitlari, bez yuz nafar suvoriy, va yuz ellik fitildi miltiq, uch oylik oziq-ovqat berildi.Shunday bo’lsa-da, yuqoridagi va’dalarga ishonib o’tirmay, ikki ming tuman naqd pul qarz oldim va zarur narsalarga ishlatdim.Ba’zi mintaqalarda suv topilmasligi ehtimolini inobatga olib, har bir kishiga bir katta meshda suv olishni buyurdim.Belkurak, qirki, bolta va boshqa zarur narsalarni muhayyo qilib jangchilarga tarqatildi. Shu tariqa Noib Volo hukmi bilan o’rda shahardan chiqdik.Manzil-ma manzil Xurosonning boshqa yonlari, xususan Mashhaddan yigirma farsax masofada joylashgan Oqdarbandgacha hamroh bo’lib borishdi.Oqdarband manzilida ikki kun davomida to’xtab, joylarning nomi, tartibi xususida ma’lumotlar bergan bo’ldi. Ular quyidagilar:

-Katakushdan Raboti mohiygacha besh farsax yo’l.
-Askariyadan Katakushgacha to’rt farsax yo’l.
-Katakushdan Raboti Mohiygacha besh farsax yo’l.
-Raboti Mohiydan Choro’mbadgacha besh farsax yo’l.
-Choro’mbaddan Oqdarbandgacha to’rt farsax yo’l.

YURISH ARAFASIDAGI VOQEALAR BAYONI

Shahzoda va Xuroson a’yonlari Oqdarbandda ikki kun to’xtaganlaridan so’ng Noib Volo menga butun navkarlarni oyoqqa turg’azib harakatga solish, chodir qurish ishlarini amalga oshirishimni buyurdi. Shunday qilib u tayyorgarlik qay darajada ekanligini kuzatdi.Menga alam qiladigan joyi shuki ba’zi bir qaysar g’alamislar ko’rganlaridek, bu vazifani rad etmay qabul qildim.O’yladilarki, agarda bu xizmat ado etilsa, menim mansab va martabam ko’tariladi.Ayrim fisqu-fasod gap-so’zlar ish boshlanishidanoq yuzaga chiqa boshladi.Men bu ahvoldan ogoh bo’lib zobitlarga murojaat qilib shunday dedim:
-Men sizlar kabi sohibmansabman va sizlardan ustunlik qilishga hech qanday da’vom yo’q. Agar biror xizmat ko’rsatadigan bo’lsak, hammamiz yaxshi nom bilan mashhur va ma’ruf bo’lamiz.Davlat tomonidan har na iltifot ko’rsatilsa, hammamiz bir maqomda haq-huquqqa ega bo’lajakmiz.

Shundan so’ng ular biroz fisqu fasod xayolotlaridan forig’ bo’lib tinchlandilar.Keyin Oqdarbanddan ming qadamcha narida joylashgan Darbandga ravona bo’ldik.Darbandda lashkar uchun joy aniqlanib olingach chodirlar qurildi.

Harbiy safarda men bilan hamroh bo’lganlarning tafsilotlari:
Piyoda va otliq sarbozlar;
Omborxona va to’pxona zobitlari: 31 nafar,
To’pxona zobit sohibmansablari: 26 nafar,
Zobitlar: Husayin Sulton, Muhammadbek Noib, Abbos Alibek Vakil, Ja’farbek va boshqalar: 22 nafar,
Omborxona zobitlari: besh nafar ( G’affor Sulton va boshqalar),
Sarbozlar: uch polk navkar ( kaminaning polki, Kozimxon boshchiligidagi Tarshijiy polki, Mahmudxon Gurguriy boshchiligidagi Tarshijiy polki, Mahmudxon Gurguriy boshchiligidagi Nishopur polki. Har qaysi polk ming nafar sarbozdan iborat edi.

Shuningdek, o’qchi suvoriylar, Najafxon Kurd va Nasrullohxon Xofiy boshchiligidagi xurosonlik va jomlik suvoriylar besh yuz nafar va har bir polkda elliktadan 150 ta pilta miltiq, to’rtta zambarak va to’pxona, o’q-dorilar bor edi.

Mashhad tomonidan Oqdarbandga yuriladi. Darbandning ikki tomonida ikkita tog’ bor, biri Kalot tomon cho’zilgan va keyingisi Paskamar tomonga ketgan.U borib Badgis va Hirotning Ko’histoniga borib taqaladi. Bu tog’ning tuproq bilan tekislangan o’tish etagi o’n besh zar ( taxminan 15,5 metr) keladi. Xuddi o’sha yerni Darband deyiladi. Bu masofaning ikki tomonini berkitishgan ediki, hatto suvoriy ham o’ta olmasdi.O’sha tog’ devorning balandligi ikki zar va qalinligi ham ikki zar ( bir zar: 104 sm) edi. Mazkur mavze’dan faqat ikki nafar otliq o’ta oladigan burj (bashnya) urilgan.Bu ikki tog’ning har ikki tomonidan tog’ning o’tkir uch qismigacha ellik qadam masofada himoya postlari tashkil etilgan.

Kalot tarafdagi tog’da ham boshqa Darband mavjudki, u Mozandaron darbandi nomi bilan mashhurdir.Bu darband ancha keng bo’lib o’ttiz-qirq nafar suvoriy o’ta oladi va Kalotgacha boshqa yo’l yo’q.Mozandaron darbandida bir kichkina qo’rg’on barpo etilgan, u ham soqchisiz bo’lmaydi.Oqdarband deb atalmish uch yuzta oilali qa’la to Darbandgacha miltiq o’qi yetadigan masofada joylashgan. Hozirgi kunda u xarob ahvolda.Sababi marhum Hasanali Mirzo Shohssaltana hukumati davrida va chegara mojarolari vaqtida Ollloqulixon va Xivaq beklari fursat topib, bu qa’laga yurish qildilar.Qa’la aholisi ayollari va bola-chaqalari bilan birga asir olindi, molu-mulki g’orat qilindi.Chunonchi hozir ham o’sha zamondagi asirlardan ba’zilari Xivaqqa olib ketilgan.Ularni Xivaqdan to’rt farsax masofada bir qa’la qurib o’sha yerda joylashtirishdi va qa’la nomini “Oqdarband” deb atashdi.( ushbu qishloq hozirda ham mavjud bo’lib Xorazm viloyatining Qo’shko’pir tumani hududida-U.B.)

Endi asl Oqdarbandga keladigan bo’lsak, u asta-sekin vayronaga aylandi va boshqa obodonchilik yuzini ko’rmadi.Xivaq xoni Mozandaron qa’lasiga bordi.U yer aholisini siylab, navozishlar qilib Mozandaron tog’i etaklariga joylashtirdi.Bundan maqsad shu ediki, ular mudofaa chizig’i vazifasini bajarar edilar…

Men Oqdarbanddan chiqib Darband qa’lasi yaqinida chodir qurdirdim.Qo’shinning to’rt tomonidan mudofaa uchun yetti qadam masofada xandaq qazdirib, tuprog’ini chodir tomonga to’kdirdim. Qo’shinning faqat ikki tarafida suv o’tin va boshqa zarur narsalarni keltirish uchun yo’l qoldirdim.Xandaq qazishdan oldin barcha sarbozlar miltiqlarini bir joyga qo’ydilar va qorovul tayinlandi.Jami sohibmansablar va qorovullar o’z joylarini egalladilar.Sarbozlar xandaqni qazishga kirishdilar.Xandaqni qazishgandan so’ng chodir qurib o’lja ichiga kirishardi. Shunday ko’rsatma berildi:
-Bundan buyon biz Eron hududidan tashqaridamiz, qaerda bo’lmasin, o’rda hamisha mana shu holatda harakat qilishi kerak.

Ikki kundan so’ng Navob Xusomussaltana va Xuroson a’yonlari o’rdaga kelishdi.Lagerning orastaligini, to’pxona va qurxonalarning intizomini ko’rib, ko’p tahsin va ofarinlar aytdi.So’ngra uzoq vaqtlardan beri adolat istab panoh tilab yurgan Saruq kadxudolaridan o’n kishini va Rahimberdi eshonni menga topshirdi va buyurdi:
— Tezda Paskamar manziliga bor va bugun kechqurun katta shayx va Saruq kadxudolaridan ikki-uch nafarini so’qmoq yo’l orqali Marvga jo’nat, toki madad kuchlarini tayyorlab turishlarini xabar qilsinlar.Mabodo xabar kech borsa, Qorayobiy dushmanlarining xataridan parishon bo’lib tashvishlanamiz. Ikki-uch kun Paskamarda to’xta va mayda-chuyda ishlaringni qilib, ko’zing yo’lda bo’lsin.To’fangdor Husaynqulibekni yetti ming tuman naqd pul, nishon va mukofotlar uchun besh yuz tuman, uch oylik oziq-ovqat va olti oy muddatga sarboz va suvoriylari bilan senga yuboraman.Bu yerdan ming tuya yukdan iborat katta karvon o’tishi kerak.Shu paytgacha yo’l qaroqchilarining dastidan harakat qilolmasdan o’tirishibdi. Sen bilan hamroh bo’lgan taka kadxudolaridan o’n kishi, shahzoda Muhammadyusuf va Muhammadrizoxon Teymuriy yetti yuz suvoriy keltirib senga topshiradilar.Shahzoda Muhammadyusuf va Muhammadrizoxon Temuriy bu suvoriylar bilan Xotun ko’prigigacha kuzatib qo’yib qaytadilar.O’sha o’n nafar taka kadxudolariga ko’rsatma ber, Qorayobiyga borsinlar.Lutfu inoyatlar bilan Xivadan yuz o’girib Eron davlati xizmatiga o’tsinlar.Bular zarur choralardan bir bo’lagi, albatta. Zora Qorayobiy taka qavmlari g’ala-g’ovuridan osonroq qutulib, o’z yo’llariga tushib ketsalar.Husaynqulibek ham sen bilan hamroh bo’ladi.Har nima lozim bo’lsa, tilxat berib olaver, hohlagan narsangga ishlat.Bu tadbirlarga qo’shimcha qilib, agar har qachon g’alla yoki kiyim-kechak bo’lsin, har qanday masalada yordam berib, kerak narsalarni uzluksiz ravishda yetkazib turaman,-dedi.
Xudoyimning fazlu inoyati, qolaversa shoh hazratlarining ko’magi bilan to bahorga qadar bu ishlar albatta amalga oshadi.Ko’nglimni tinch qilib, xotirjam boraverishim mumkinligi, madad kuchlarini o’z vaqtida yetkazishda loqaydlik qilmasligi to’g’risida va’da berdi.

U yerdan harakat qilib Marvgacha bo’lgan yo’l ma’lumotlarini aniq bilish maqsadida har bir manzilni taqqoslab kuzatib bordik.Yunon geograflari xulosalaridan tashqari turkmanlar hisob-kitob yuritgan manbalarda Oqdarbanddan to Marvgacha bo’lgan masofa quyidagicha yoritilgan:
-Oqdarbanddan to Paskamargacha to’rt farsax;
-Paskamardan to Saraxs daryosigacha yetti farsax;
-Saraxs daryosidan to Qoraqumgacha yetti farsax;
-Qoraqumdan to Xavzi xongacha yetti farsax;
-Xavzi xondan to Doshrabotgacha yetti farsax;
-Doshrabotdan to Marvgacha sakkiz farsax;
Hammasi qirq farsax yo’l.

Mashhaddan davlat qo’shinlarining harakat qiladigan va to’plar oson yura oladigan yo’llardan biri mana shu Oqdarband hisoblanadi.Keyingilari esa Mozandaron va Kalot yo’llaridir.Mazkur uchala yo’l orqali Marvga ham, Saraxsga ham borish mumkin.Lekin Oqdarband yo’li o’tin, ozuqa yig’ish osonligi va ravonligi jihatidan yuqoridagi har ikkala yo’ldan yaxshiroq va qulayroqdir.

QO’SHINLARNING OQDARBAND ORQALI MARVGA YURISHI

Navob Xusomussaltana (hokim) va shahzoda Muhammadyusuf bizni Paskamargacha kuzatib keldi. So’ng bilindiki, shahzoda maxsus kishilar orqali Bahodirxon hokim, Karimberdi eshon va Marvning kadxudolari hamda oqsoqollariga bir necha noma yozib yuborgan ekan. Nomada katta madad kuchlari va yordam kelayotganligidan xabar berilgan. Eron qo’shinlari juda ham tez sur’atda yetib keladi deb ularni qattiq ishontirgan. O’sha kuni kechqurun shahzoda Muhammadyusuf va Muhammadrizoxon Teymuriy yetti yuz nafar suvoriy bilan to’fangdor Husaynqulibek, ming tuya yuki bor bo’lgan Buxoro karvonini va taka kadxudolaridan o’n kishini menga topshirib, dalolotnoma oldilar.Kechasi ular shu yerda tunadilar.Ertasi kuni qo’shinni eski tartibida yo’lga solib jo’nadik.

Qorovul oldinda, boshqalar atrofda o’sha tartib, o’sha dastur bilan borishardi.Shahzoda Muhammadyusuf bilan birga kelgan taka qavmidan bir necha kishini qorovulga qo’shib harakat qildik.Yo’lda bizni Saraxs kadxudolari 100 nafar suvoriy bilan kutib oldilar.Men davlat namoyondalari tomonidan ularning hurmatini joyiga qo’yib tavoze’lar qildim.Ularning o’n nafar rais va kadxudosini qarorgohga keltirib, o’zim alohida mezbonlik qildim. Shuningdek, yuz nafar suvoriyga qarorgoh tashqarisidan bir maydon masofada joy ko’rsatib, do’stona iltifotlar qildim va ziyofat berdim. Sarbozlarga gurunch, yog’ va boshqa zarur narsalar, kadxudolarga qand, choy, bir qancha e’tiborga loyiq kishilarga sarupo berib to’n kiygazdim.Ertasi kuni qo’shin bilan Xovzixon manziliga keldik va ularni u yerdan Saraxsga jo’natdim.Kechasi Xovzixon manzilida odatdagi tartibda qo’shinni to’xtatdim va o’sha yerdan zarur miqdorda suv olishlarini buyurdim.Ertasi kuni Xovzizondan Ko’chanqum yo’li orqali Doshrabot manziliga qarab yo’l oldik.Yo’lda bizning qo’shin qorovuli qorayobiylar qorovuliga to’qnashib qoldi. Jangu jadal boshlanib ketib ko’p qirg’in bo’ldi.Podshohimizning baland iqboli tufayli qo’shin qorovuli g’alaba qozondi. Qo’shin qorovuli navkarlariga uch nafar asir va ikki tanidan judo bo’lgan bosh o’lja tushdi.

O’sha hududdagi shart-sharoitlarni hisobga olib sarbozlarni ikki qismga ajratdik.Ko’p yo’l yurilmagan ham ediki, oldindagi qorovullar biyobonning chap tomonidan chamasi o’n-o’n ikki ming yaxshi qurollangan dushman suvoriylari ko’ringanligi haqida xabar berdilar.Kamina otni choptirib bir balandlikka ko’tarildim.Kuzatib turib jang maydonini aniqlay boshladim.Darhol to’rt tarafdagi qorovulni qa’la ichiga kirgizdim.Dushmanning to’rt tomonini nishonga olish uchun to’rt arroda to’pni hozirlatib qo’ydim.Bir arroda to’pni eskadron oldida va yana bir arroda to’pni aloqa qismlari orqasida va qolgan ikkita to’pdan birini lashkarlarning o’ng tomoniga joylashtirdim.Dushman vajohatiga e’tibor bermasdan suvoriylar hujumga o’tdi, lekin to’plar zarbiga duchor bo’lishdi.Arab otlariga mingan mag’rur suvoriylarimiz hatto yo’talib ham qo’ymadilar.Dushman tomondan ellik-oltmish kishi halok bo’lib, ba’zilari majruh bo’ldilar.Bizning suvoriylardan faqat ikki-uch nafardan ortiq yarador bo’lmadi.U ham bo’lsa jahonshoh shahanshohimizning baland iqbollari tufayli.Dushman har qaysi tomonga jangu jadal qilib jasorat ko’rsatmasin, ularga baxt kulib boqmadi…

Qo’shin nihoyatda orasta va pokiza faoliyat qilib yo’lga tushdilar va dushman parishonxotir qolaverdi.Quyosh botayotgan mahal Doshrabotga yetib bordik.Dushman chaqqonlik qilib allaqachon Rabotni egallagan edi.Biroq jasur jangchilarimiz Rabotga hujum qilib qaynab toshgan holda dushman qo’lidan uni tortib oldilar.Kamoli jasorat va epchillik bilan Rabotni o’zlarining to’xtab olishlari uchun istehkom manzili etib, chodirlar va boshqa yo’l anjomlarini shu yerga tushirishdi.Uzundan uzun istehkom atrofiga qorovul tayin etib, qo’shinning to’rt tomonida to’rt to’p qo’yildi.Har bir kishi o’z o’rnini egallab qo’shinni qorovullashga mashg’ul bo’ldilar.Rabotdan yuz qadam narida joylashgan kichkina qa’lada ellik nafar shamxolchi va ellik nafar sarbozni qorovul etib, oldingi tartibda qarorgohga soqchilik qilish bilan mashg’ul bo’ldilar.Xovuzxon manzilida olingan suvni ikki kecha kunduz iste’mol qilishib, o’sha yerda qaror topdilar.

TURKMANLAR BILAN JANG QILGANIM VA ASIR TUSHGANIM

Ertasi kuni Doshrabotdan Marv tomon yurdik. Arosatda qolgan turkmanlar Marvga bir farsax qolguncha jang qilib chekindilar va oxiri mag’lubiyatga uchraganliklarini fahmlab, Qorayobga tomon qochdilar.Qarshimizda qadimiy Marv qa’lasi ko’rinib turar edi.Saruq kadxudolari meshlarni to’ldirib oldimizga peshvoz chiqdilar.Suvga yaqin tepalikda qo’shin chodirlarini tikib joylashdik.Atrofga soqchilarni qo’ydik.

Marv aholisi Buxoro, Xivaq, Hirot va ulardan uzoq bo’lmagan joylardagi xalqlardan tarkib topgan. Qolgan aholi harbiylar lagerini tomosha qilgani tashqariga chiqqan edilar.Askarlar o’z harbiy kiyimlarini kiyib olishgan, ayniqsa, sohibmansab zobitlar ajralishib turishardi. Jasur jangchilar qo’lga tushgan asirlar va tanasidan judo qilingan kallalarni ko’z-ko’z qilishardi.Shodiyona va bayramona tus berish maqsadida to’plardan baravariga bir yo’la ( o’n bitta to’pdan) o’q otishdi.So’ngra har bir kishi o’z manziliga va chodiriga tarqalishdi.Marv aholisi, Karimberdi eshon, Bahodirxon va Marvlik boshqa saruq elining kadxudolari meni ko’rish maqsadida qo’shin ichkarisiga tashrif buyurishdi.Jahonpanoh shahanshohning lutfu muruvvatlaridan ularni umidvor qilib har biriga nihoyatda iltifot va ehtiromlar ko’rgazdim.

O’zaro qutlovlar izhor etilgach, quyidagicha bayonot berildi:
-Buxoro karvoniga o’z karvonlaringizni qo’shib Buxoroga jo’natingiz.Hirot, Maymana karvonlari, shuningdek, boshqa xorijiy karvonlar hohlagan tarafga harakat qilaverishsin va atrofdagilarning tinchligi va osoyishtaligi xushxabarini tarqatishsin.Maxsus choparlar yuborib barcha xaloyiq ogoh qilinsin.Marvning obod va faravon bo’lishi uchun agar biror joyda xavf sezilsa, chopar yoki biron piyoda orqali menga xabar bersinlar: chunonchi, saruq kadxudolariga ahamiyat berishlari zarurligini aytdim.  Qorayobga yurish qilish uchun besh yuz nafar suvoriy va piyoda tayyorgarlik ko’ra boshlasin, deb uylariga ketishga ruxsat berdim.

Shu bilan birgalikda sipohiylarga odamgarchilik va mehmondorchilik yuzasidan Buxoro karvonini chegaragacha kuzatib tezda qaytib kelishlarini tayinladim.Boshqa hamroh sarboz va suvoriylar eski Marvgacha borib, u yerdan karvonnni Chahorjo’b ( Chorjo’y) yo’ligacha kuzatib, keyin qaytib kelishlari kerak edi.  Endi Marv qa’lasi xususida to’xtalib o’tamiz.

Marv shahri ikki qismdan iborat: Biri Muhammadniyozboy tomonidan loy va g’ishtdan qurilgan, daryo bo’yida joylashgan, hozir xaroba ahvolda.Ikkinchisi daryoning u tomonidan to’rtta farsax masofada joylashgan, o’troq turkmanlarga daxli bo’lmagan marhum Hojimuhammad Husayinxon, Marviyning ajdodi Bayram Alixon tomonidan tiklangan. Marvliklar daryo qirg’og’ini band etib, suvni Marvga olib borishar va ziroatchilik qilishardi. Qa’la ko’plab do’konlar, bozor, masjid-madrasa va hammomni o’z ichiga oladi.Biroq xaroba ahvolda.Qa’la marvliklar qo’lidan Buxoro amiri tasarrufiga o’tgan.Abdulfayzxon Buxoriy bu yerni xarob qilgan. Marhum Hojimuhammad Husaynxon ma’rifatli xoqon odil shahanshoh jannatmakon Fathalishoh saroyiga xizmat qilish uchun Tehronga borgani xuddi o’sha paytda bo’lgan edi.

Sarboz va suvoriylar o’sha qa’laga karvon bilan birga borishgan. Uch kundan so’ng ular qaytib kelishadi, karvon esa Chahorjo’b tomon yo’l olgan.Bu voqealardan sal keyin Marvga savdogarchilik qilishga kelgan Saraxs turkmanlari Oqdarbandga Navob Farmondor kelganligi haqidagi xabarni keltirishdi.Bir necha kundan so’ng taka urug’i karvoni Saraxsdan yetib keldi.Muxolif janoblarining intizomsizliklari Farmondor ( general-gubernator-U.B.) kelganligini eshitgach avjiga chiqdi. Kechalari yana majlislar boshlandi.Chorshanba kuni butun sarbozlar chodirim atrofida turib:
-Bizga non ber yoki bu yerdan ketaylik,-deya turib olishdi.

Men esa ularga javoban:
-Salgina sabr qilinglar, yuborgan karvonlaringiz qaytib kelsin.Ana shundan keyin har nima desangiz, rozi bo’laylik,-dedim.Shuningdek:
-Hozircha mana taka ( turkmanlarning taka urug’i nazarda tutilmoqda-U.B.) karvoni kelibdi, xotirjam bo’linglar, ulardan g’alla-don olib sizlarga beraman,-deya yupatdim ham.

Ammo ular:
-Bir kun ham qolmaymiz,-deya unashmadi.
Men ularga:
-Shuncha vaqt joningizni jabborga berib podshohi olamga xizmat qildingizlar.Qorayobda ko’p zahmat chekdingiz.Marvda ko’p ranju malomatlar ko’rdingiz.Salur va saruq bosqinchilari bilan mardona janglar qildingiz.Xizmat xiyonatga va zahmat jinoyatga aylanishiga yo’l qo’ymang,-dedim.

O’zimni misol qilib ko’rsatdim:
-Ota tomondan yetti pushtim mana shu davlatga xizmat qildi. Agar siz noshukurlik qilsangiz, men qanday qilib o’z burchimni ado etay. Agarda o’z fikringizdan qaytmasangiz, xudoning oldida sharmanda-yu, sharmisor va podshohning oldida gunohkor bo’lasiz.Atigi ikki kundan so’ng katta madad bilan Farmondor ( general gubernator-U.B.) yetib keladi.Sizning hamma xizmatlaringiz munosib taqdirlanadi, hech kim chetda qolmaydi, barchangiz xalat va nishonlarga ega bo’lasiz.Marvni himoya va muhofaza qilish juda katta xizmat hisoblanadi va bu xizmatni siz uddaladingiz, -deya sarxangu sarboz va sohibmansablarning har birini yaxshi so’z nasihatlar bilan, ba’zilarini esa qo’rqitish bilan umidvor qildim.

Ammo g’animlar Mashhaddan Ja’far og’o Kelotiyga quyidagicha xabar yetkazishibdi:
-Navob Farmondor Xuroson voliysi bo’lgandan so’ng katta tayyorgarlik bilan bu tomon kelayapti.Agar u kelsa hech kim bu yerdan keta olmaydi.
Qo’shin kattalaridan Amirhusaynxon, Bahodirxon va sarxanglarni to’plab, ularning fikrini bilmoqchi bo’ldim.Bu amalning iloji faqat non ekanligini aytishdi ular.
-Agar bir oylik oziq-ovqat topib bersam, nima deysizlar?,-dedim.

Ular:
-Sen bizga biror narsa beradigan bo’lsang, hech qanday gap bo’lishi mumkin emas,-deb aytishdi.

Shu tariqa ular biroz muloyimlashdilar va hammalari ozuqa beriladigan bo’lsa, to’xtayajaklarini aytib podshoh non-tuzi bilan qasam ichdilar.Ularning gap-so’zlariga umid bog’ladim.Ammo boshqa da’vat qilish va tushuntirish ishlarining foydasi yo’q edi.Zero, ketish ilinji ularni tinch qo’ymasdi va bu qasamlar yolg’on qasamlar edi.Har holda mazkur qo’mondonlarning qasamyodlaridan keyin Buxoroga yo’l olgan savdo-sotiq karvoni yo’l xavfsizligini ta’minlaganligi sababli Marvga yetib kelgan edi. Marvliklar bu ishlarni Marv muhofazasi va davlat ravnaqi uchun qilayotganimni ko’rdilar. Qo’shinlar ketib qoladigan bo’lsa, bola-chaqalari qorayobiylarga asir tushajagini o’ylab ular ham qudrati yetganicha kuch-g’ayratlarini ayashmadi.Shu kuni Elxoniydan maktub keldi. U “bir necha kundan so’ng shahzoda madad kuchlarini yuboradi, ularning ketidan o’zi ham yetib keladi”, deya yozibdi. Shuningdek u maktubida yana “Navkarlar to tirik ekanlar Marvda qolaverishadi.Bu yerda garnizon barpo etish uchun Xuroson navkarlaridan boshqa kishi yo’q.Xuroson ahli ofat va zahmatga giriftor bo’ladi, kimda nimaiki bo’lsa darhol sotib xarj qilishi lozim”, deya uqtiribdi.

Men bu gaplardan bexabar edim.Amir Husaynxon xurosonlik navkar va sohibmansablarni chaqirib majlis o’tkazibdi. Elxoniyning xatini ko’rsatib ahvolni bayon qilgan o’sha kechasi qolishga, ma’lum muddatga to’xtab turishga qasam ichgan bu “botirlar” o’z qasamlarini buzishdi. Nima bo’lganda ham, qo’shinni parokanda qilib bu yerdan ketamiz, deya ahd qilishgan.O’sha kunning ertasi barcha mansabdorlar un va qo’ylarni taqsimlash uchun ketishgan edi.To’satdan navkarlarning faryod saslari va qiy-chuvlari eshitildi. Odam yuborib mansabdorlarni chaqirib hol-ahvol so’radim. Ularning aytishicha, bular sarbozlarning odatdagi qiy-chuvlari , hech gap bo’lgani yo’q:
-Hozir borib ularni tinchlantiramiz,-deyishdi.

Ular otryadga borgan mahal baqiriq-chaqiriqlar battar avjga chiqdi. Bir soat o’tar-o’tmas, sarbozlar menim chodirim tomon yopirilib kelishdi. Ko’p tartibsizliklar ko’rsatib omborxona tuyalarini tortib olishdi.To’pchilarni yo’lga tushishga undab ko’rishdi.To’pxona sohiblari maslahat so’rab menim oldimga kelishdi.
Amir Husaynxon, Bahodirxon, sarxanglar va suvoriy qismlarining zobitlarini chaqirib bir yerga to’pladim va ularga arz qildim:
-Janoblar! Sizlarga nima bo’ldi? Shu paytgacha “ochmiz, non ber” dedingiz.Shuncha narsani garovga qo’yib sizlar uchun yegulik go’sht-yog’ muhayyo qildim.

Zobitlar bunga javoban:
-Siz ularga oziq-ovqat berdingiz, endi qolgan barcha gap-so’zlar bema’nigarchilik.Hozirning o’zida borib ularni tinchlantiramiz. Modomiki, biz ularning rahbari ekanmiz va sizning oldingizda qolar ekanmiz, ular qanday qilib ketishsin.Siz to’pchi zobitlarni huzuringizda ushlab turing, biz borib ularni orqaga qaytaramiz,-deyishdi.

Shundan so’ng to’s-to’polon avjiga chiqdi.Bu isyon edi.
Sohibmansablarning jami navkarni orqaga qaytarish to’g’risida bergan va’dasi meni umidlantirgan edi.Biroq tong otgach, ma’lum bo’ldiki, navkarlar ketib qolishgan, yonimda qolganlar esa bir necha to’pchi sohibmansablar edi, xolos.O’z-o’zimga turli xil savollar berib ularga o’zim javob izlardim.

“Shuncha oziq-ovqat muhayyo qilgan bo’lsam? ..Nima uchun shahzodaning Oqdarbanddan Marvga kelishini loaqal besh kungina kutishmadi? Agar hammasi hamfikr bo’lmaganida edi, meni asoratda tashlab ketisharmidi? Amir Husayinxonga qarashli yetti yuz nafar, Bahodirxonga qarashli besh yuz nafar va o’zimning uch yuz nafar, jami bir ming besh yuz nafar suvoriyning fikri qanday qilib menga ayon bo’lmadi?” O’zimni o’zim shunday deya ovuntirardim.

Yana o’ylardimki: “ Noib bir polkni yo’lga solishi mumkin, ammo uning uch ming nafar sarbozdan, bir ming yetti yuz nafar suvoriydan iborat qo’shinni qay tarzda yo’ldan urishi mumkin? Bularning hammasi davlatga nisbatan hurmatsizligi va noshukurligi, menga nisbatan adovati tufayli edi.Agar shunday bo’lmasa, meni ham o’zlari bilan ketishga undashmasmidi? Binobarin, davlat ruxsatisiz ketayotgan kishi qilayotgan ishining xiyonat ekanligini nahotki tushunmasa? Ha, bu vatanga xoinlik edi…”

Qochoqlar oziq-ovqatlarni olib jo’nab qolishgan. Marv daryosi yoqalab o’n yetti kunda Hirotga yetib borishgan. Ushbu voqealardan xabar topgan marvliklar hech kimga bilintirmasdan xufiya ravishda Qorayobga odam yuboribdi. Ular Mir Ahmadxonga “navkarlar qochib ketishdi.Biz Ismoilxon va uning bir necha navkarini saqlab turibmiz.Bizning sizga xizmat qilishdan bo’lak o’y-xayolimiz yo’q”, deya noma yozishibdi.

Bunga javoban Mir Ahmad ham Qorayobda yashovchi marvlik ikki ming saruq suvoriysini ravona qilibdi.Ya’ni bizning ustimizga yuboribdi. Shunda biz Ollohning amri, taqdir taqozosiga bo’ysunishdan boshqa chora qolmaganligini angladik…Uzoq maslahatlardan so’ng meni va boshqa asirlarni Qorayobga, so’ng Qorayobdan so’qmoq orqali o’n besh kunda Xivaqqa olib borishdi. Xivaq ahli shodmon bo’lib xursandchilik ila bizni qarshi olishdi. Men bilan asir tushgan kishilar quyidagilar edi: to’pchilar Husayn Sulton, G’affor Sulton, Muhammadiyorbek Vakil, Noib Alibek, Ja’farbek Sarjuxa va besh nafar ta’bi ( praporshik) to’pchi, navkarlar to’qqiz kishi va o’g’lim-jami yigirma bir kishi edik.Bizni Yoqub mehtar uyiga joylashtirdilar.O’sha kuni kechqurun meni uning huzurida olib qolishdi.

Tehron, 1280 hijriy ( milodiy 1864) yil.

* Fors tilidan Nabibullo Hasan tarjimasi.
nashrga tayyorlovchilar: Komil Nurjon, Umid Bekmuhammad.

DAVOMI BOR

011

(Tashriflar: umumiy 797, bugungi 1)

Izoh qoldiring