Javlon Jovliyev. Buxoro, Buxoro, Buxoro…

Ashampoo_Snap_2018.04.09_19h00m00s_006_.pngЎша пайтларда энг кўп эшитган сўзим Бухоро эди. Бухоро, Бухоро, Бухоро… Хаёлимда бу жой осмонларда, оппоқ булутлар орасидаги ялтироқ тошлардан қурилган сарой, дунёдаги барча эртакларнинг тугайдиган манзили эди…

Жавлон Жовлиев
БУХОРО, БУХОРО, БУХОРО…
033

05Жавлон Жовлиев (Жовлиев Жавлонбек Ортиқович) – 1991 йил Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани, Ғиштли қишлоғида туғилган. 2010–2014 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг «Санъатшунослик журналистикаси» йўналишида таҳсил олган. 2015 йилдан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Санъатшунослик ва маданиятшунослик” кафедраси, “Санъат назарияси ва тарихи” (Саҳна ва экран драматургияси) йўналиши магистранти. Ҳозирги кунда ўқиш билан биргаликда, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг «Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси» нашриётида муҳаррир сифатида фаолият олиб бормоқда. “Ёшлик”, “Театр”, “Инфолиб” журналларида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ҳуррият”, “Тошкент оқшоми” ва бошқа матбуот нашрларида ижодий ишлари ва мақолалари чоп этилган. Жовлиев Жавлон бугунги кунда ижодий ишлари билан биргаликда “Мустақиллик йилларида саҳнада акс этган мутафаккир зиёлилари образи” (Ўзбек Миллий Академик драма театр мисолида) мавзусида илмий иш устида ишламоқда.

991

Ўша йили қиш жуда совуқ келган экан-да! Эс-эс биламанки, бирга ўйнайдиган серкиприк афғон болаларининг киприклари бир-бирига ёпишиб, қиров тушгандай оқариб қоларди. Худди ҳозирги қорбоболарнинг ясама киприкларини эслатади. Мен афғон болалари билан тез тил топишиб кетганман. Гарчанд улар мендан бўйчан, бунинг устига, бир-икки ёш катта бўлишса ҳам! Синглим Ойшабиби эса уйдан чиқмасди. Уйда отам бухороча танча қурганди. Шунинг атрофида турли латта-путталардан нимадир тикиб ўйнаганлари эсимда… Онам эса куну тун акам билан овора. Акам зотилжам билан оғригани учун бизни ёнига қўйишмасди. Синглим Ойшабиби билан дераза дарчасидан чўпдай озиб кетган, рангпар, кўзлари киртайиб, сўлғин боқувчи акамга соатлаб тикилиб турардик. У ҳам бизни кўриб «яхшиман», деган маънода қоқшол қўлларини кўтариб силкиб қўярди. Тез орада акам тузалиб, чопқиллаб кетишига шубҳа қилмасдик.

Отам бозорда ҳаммоллик қиларди. У гоҳ-гоҳ оппоқ, майин бир ширинлик олиб келгани эсимда! Жуда мазали, тилда эриб кетарди. Унинг номини ҳозиргача аниқ билмайман. Аммо онам биринчи марта ширинликни кўрганда йиғлаб юборганди. Шунда Ойша онамнинг тиззаларига ўтириб, жажжи қўллари билан юзларини силар, кўз ёшларини артиб қўярди.

– Нега йиғлайсиз?
– Бухорони эслатди, қизим!

817b3dce099da45218da52e9bdbq--kartiny-i-panno-buhara-ansambl-poi-kalyan.jpgЎша пайтларда энг кўп эшитган сўзим Бухоро эди. Бухоро, Бухоро, Бухоро… Хаёлимда бу жой осмонларда, оппоқ булутлар орасидаги ялтироқ тошлардан қурилган сарой, дунёдаги барча эртакларнинг тугайдиган манзили эди. Бухорода туғилган бўлсам ҳам, эсимни Қобил яқинидаги қишлоқда таниганман… Шу ерда отам сафар пулларини қайсидир қаллобга бой берган-у, биз камбағаллик кўчасига ирғитилганмиз.

Энг ёмони – акамнинг касал бўлиб қолган эди. Мен унинг соғлом пайтини қанчалик эслашга уринмай эслолмайман. Фақат бир куни у йўталганча (ўша пайт ҳам озиб-тўзиб кетган эди) уйимиздан чиқиб кетгани ёдимда. У ишга кетаётиб, бизни ўпиб қўйганди. У ўша пайтларда анча улуғ одамдек кўринар, онам ҳам, отам ҳам унга ишонарди.

Онам акамнинг олдидан бери келмасди. Унга кўп суюқлик ичирар, терларини артар, оёқ-қўлларини уқаларди. У бизга, акангнинг касали юқумли, деб уқтирарди-ю, ўзи унинг юз-кўзларидан босиб-босиб ўпарди. Онам ҳам ёш, ўша пайтлар бор бўлса, ўттиздан эндигина сакраган жувон эди. Қоп-қора сочлари узун, қошлари қалин, кўзлари меҳр билан боқувчи, оппоқ юзларида кулгичи бор бухоролик аёл эди. Мен билан Ойша онамга, акам эса кўпроқ отамга ўхшарди. Унинг кўзлари маллатоблиги эсимда. Биз Ҳожи Аҳмад деган савдогарнинг икки хонали пастқам уйида ижарага турардик. У ҳам бизни қўллаган. Айниқса, акамга даво бўладиган танқис меваларни бир ёқлардан топтириб келарди.

Аммо акам қишдан чиқмади. Бизни у билан хайрлашгани ҳам қўйишмади. Онамнинг ўкириб-ўкириб йиғлаганини эшитиб, бир бурчакда қунишиб ўтирардик. Мен у пайтларда ўлим, ўлиш сўзларини эшитгандим-у, унинг таг замирини тушуниб етмагандим. Мен акам ўлади-ю, биз соғинганда қайтиб келади, деб ўйлардим. Бир ҳафта ўтди, бир йил ҳам ўтди, аммо у қайтиб келмади. Бир куни онам чопонимизни кийдириб(ўзиники жуда юпун эди) акамнинг олдига олиб борди. Биз акамизни кўрамиз деб қувнар, осмонларга учардик. Ўша куни атрофни қалин туман қоплаган бўлиб, ўз кавушларимизни ҳам аниқ-тиниқ кўрмасдик. Осмондан бир нималар ёғар, аммо чопонимиз нам бўлмасди. Кейин кўз олдимизда дўппайган тупроқлар пайдо бўлди. Туртиниб-суртиниб кета бошладик. Ниҳоят, онам тўхтади. Кўзларини бўртиб турган, ён атрофига қалин ёғочлар қўйилган қора тупроқдан узмасди.

– Бу ерда аканг ётибди – деди онам.

– Қани-қани? – дедик биз акамнимас, тупроқ уюмини кўриб, хаёлимда ҳозир тупроқ кўтарилади-ю, ичидан акам, усти-боши чанг бўлиб чиқиб келадигандай эди.

– Акам совуқ емайдими? – деди Ойша.

– Йўқ! У иссиқда ётибди, – деди онам ва ҳўнграб йиғлаб юборди.

– Қўрқяпман, – деди Ойша. Онам Ойшанинг бу гапидан кейин йиғламади, аммо анча вақтгача онамнинг елкалари учиб турди, ҳансираши босилмади.

Биз ҳам йиғладик. Мен ўша пайтлар беш-олти ёшларда эдим. Акам ўлиб, мен– катта фарзанд бўлиб қолгандим. Аммо онамни қандай овутишни билмас, кўз ёшимни тиёлмасдим.

Бу кўз ёшлари ҳеч қачон эсимдан чиққан эмас!!!

Эҳ, Онажоним!

Онамнинг кулгиларидан кўра, йиғисини кўп эслайман… У анча ёш бўлса ҳам, сочларига оқ тушган, негадир, умуман кулмасди. Акам ўлгандан кейин бутунлай тунд аёлга айланди.

Отам туну кун ишлаб, қорнимиз зўрға тўядиган таом олиб келарди. Оёқлари оғриб, оқсаб юрар, қўллари ёрилиб, ириб кетганлари эсимда!

Қишлар ўтаверди, баҳорлар ўтаверди, аммо онамнинг кўз ёшлари адо бўлмади. Ҳовлимиздаги ўрик гуллади. Онам буни кўриб яна йиғлади.

– Она, нега йиғлайсиз?

– Бухорони соғиндим – деди Онам. Айтишларича, бобомиз– онамнинг оталари Бухородаги энг бой одамлардан бўлган. Онам ўша фаровонликда ўтган кунларни жуда қўмсаб эслар, эслаб яна… – Уйимга кетгим келяпти! Уйимга!..

– Бухоро қандай жой ўзи? Нега бунча йиғлайверасиз… Айтинг, она… Бухоро қандай жой ўзи?

– Йиғламайдиган жой, болам, йиғламайдиган..!

Ҳар куни шу аҳвол эди. Бирон кун йўқ эдики, онам Бухоро учун, бевақт ўлган акам учун йиғламаган бўлса? Йиғлаганда ҳам эзилиб, кўзлари ёшга қорилиб, ҳўнграб-ҳўнграб йиғларди. Бухородаги қариндошлари, катта боғ ҳовлиларини эсларди…

Онамнинг эслаб азобланмаслиги учун Бухордан олиб келган ҳамма нарсаларни яшириб ташлардим. Ҳатто ярим ой шаклидаги тахта тароғини ҳам. Аммо бу ҳаракатимининг ҳеч фойдаси тегмади. Онамга ҳамма нарса Бухорони эслатар, осмонда учиб ўтган қалдирғоч ҳам, мусичанинг аҳмоқона “ку-ку”лашлари ҳам, афғон шамолининг кўпириши ҳам Бухорони ёдга солар, ва онам бечора йиғлайверарди.

Бу ғамлар навниҳол онамни адо қилди. Отам уни чалғисин дедими, ишга қўйди. Уй-ичидаги юмушларини мен қиладиган бўлдим. Аммо бир қора кунда ип-газлама тўқийдиган заводдан онамнинг ўлигини олиб келишди. Онам ҳам сил бўлган экан…

Бизга онам билан хайрлашишга ҳеч ким тўсқинлик қилолмади. Мен онамнинг юзларини ўпаётганимда, Ойша унинг совиб улгурган пинжига ётиб олганди. У онамнинг қўлларини силар, уни ҳеч кимга бермайман деб бўзларди. Онам уйғонса, мени ўпиб қўяди, дерди. Мен синглимни кўрганим сайин ўкириб-ўкириб йиғлагим келар, аммо отамни ўйлаб ўзимни босардим. Ойша онамнинг қўйнидан чиқишни истамай, “менга онамни тирилтириб бер”, дегандай илтижоли термилиб турарди.

– Онам қачон туради?
– Кейинроқ, Ойша! Сен нариги уйга бор!

– Қачон турасиз, она, гапиринг, гапиринг! – дея онамнинг оппоқ юзларига жажжи лабларини босарди.

Онам жуда гўзал бўлиб ётарди. Бухоронинг гўзали, париси…

Ойша ўлим нималигини сезиб турса-да, буни тан олгиси келмасди. Ойшани онамнинг бағридан юлиб олишганида, у шунақанги чирилладики, бу овоз кўксимга энг даҳшатли, энг аламли, энг дардли азоб бўлиб, қўзғалмас қозиқдек қоқилиб қолди.

Жойингиз жаннатдан бўлсин, Онажон!!!

***

Дунёда нима кўп – касал кўп, дунёда нима кўп – бало кўп. Қадамда дуч келади, қадамдан ушлайди. Айниқса, беватан бўлсанг, мусофир бўлсанг, – балолар қадам олишингни пойлаб ҳам турмай босиб келавераркан… Аммо не бўлганда ҳам, биз акам учун, онам учун яшашимиз, нафас олишимиз керак эди.

Ўша қора кунларда биз ўзимиз учун бир таскин топдик. Бу таскин бизни онамнинг ортидан қора ерга кириб кетмасликка ундарди. Бу олий таскин Бухоро деган сўз эди.

Отам онамнинг жойларини Жаннатдан тиларди, биз Ойша билан онамнинг жойи Бухоро бўлсин, деб дуо қилардик… Чунки ўша пайтларда мен учун энг ёруғ, энг тиниқ, энг тинч жой Бухоро эди… Ойша менга қувлик қилиб савол бериб қоларди…

–Онам Бухорога кетган бўлса, қачон келади, ака?

–Бухорога борган одам келмайди. У осмонларда, булутлар орасида, уйлари олтиндан, егани асал, ҳолва, шашлик!

–Нимага онам билан акам бизни ташлаб кетди? Бухорода бизга жой йўқми? У ерда нима бор ўзи?

–Ватан бор!
–Ким?
–Ватан!
–Ким у?

–Мен уни билмайман. Отам билади, онам, акам, билади. Уни танийди. У Бухорода яшаса керак…

–Бўлмаса биз ҳам кетайлик Бухорога… Кетайлик!
–Ҳозир кетолмаймиз!
–Нимага?

–Отам қўймайди. Лекин, албатта, бир кун кетамиз!
–Йўқ! Бугун кетамиз, бугун, ака…

Шундан сўнг Ойша ҳар куни “Бухорога кетамиз”, деб туриб оладиган бўлди. У ҳар сафар хархаша бошлаганида отам ҳам кўзига ёш олиб, эзилиб-эзилиб титрарди. Падаримнинг йиғилаётганини кўриб, мен биринчи марта ишга чиқишим кераклигимни англаганман. Ўша пайтлар етти-саккиз ёшли болакай эдим. Мусофирлик одамни тез ўстиради, тез катта қилади.

Мактабни ташлаб, акам бир пайтлар ишлаган заводга ишга кириб олдим. Отам у ерда ишлашимни хоҳламасди. Чунки пахта заводида болалар шафқатсизлик билан ишлатилар, иш учун эса уларга арзимаган чақа-танга бериларди. Аммо шу пулларсиз Бухорога қайтиб бўлмаслигини билардим!

Бетон девор билан ўралган завод ичида улкан станоклар гувиллаб айланар, улар тонналаб пахтани ютиб юборар, биз барини кўриб турардиг-у, пахтага қўшиб бизларни ҳам эзиб, ўлим томон тортиб кетаётганини билмасдик. Тинмай ишлар, ишлар ва яна ишлайверардик.

Заводнинг эгаси биз томонга қадам ҳам босмасди. Уни фақат узоқдан кўрардик. Бир куни унинг ити цех дарвозаси ёнида пайдо бўлиб, таққа тўхтаб қолди. Оппоқ жунлари тароқ билан таралгандай ҳилпирарди. Итдан қандайдир атирнинг ҳиди келарди. Негадир барча болалар ишни унутиб, дарвоза олдида турган итга қараб қолганди. Биз итни, ит эса исқирт болаларни томоша қилмоқда эди. Толалар чиялашиб, тиқилиб, станоклар азобдан чийиллаб юборганда ҳам, биз итдан кўз узмадик. Юз-кўзимиздан бизни таниб бўлмас, фақат қорачиқларимизгина тирик одам эканлигимизни билдириб нур сочиб турарди. Шу сўлғин ва умидсиз нигоҳлар билан оппоқ бўйнига кумуш медальён боғланган кучукка болаларча беғуборлик билан тикилиб, исқирт хона ва аламларни бир дам эсдан чиқариб, бахтли болалар каби ўй суришни истаб қолгандик. Кучук қондай қизил тилини осилтирганча, кирсамми-йўқми, дегандай иккиланиб турарди. Охири, у бурилиб, кўм-кўк майсалар қопланган хиёбон томон чопиб кетди. Биздан жирканди, шекилли…

Мен бу ерда тўққиз ой ишладим. Тўққиз ой ичида 14 бола ишдан кетди. Билардикки, улар нафақат ишдан, балки бу ёруғ оламдан ҳам… кетишганди.

Бу ерда кўп ишлашнинг охири сил, сил эса мени акам ва онамнинг олдига олиб кетишини билардим. Шунинг учун инглиз тилини ўрганишни ва тозароқ бўлимга ўтишни истардим. У ерда ойлик ҳам, иш ҳам дуруст эди. Бунинг учун инглизча оддий сўзларни билишнинг ўзи кифоя. Кечалари ухламай инглиз тилидаги барча ҳарфларни ёд олдим. Кейин дуч келган газеталарни ўқий бошладим. Буни кўпчиликка билдирмасдим. Чунки болаларнинг кўпи ўта мутаассиб фикрлар билан улғайган, ғайридинларнинг тилини ўрганишни исташмас, буни макруҳлик, диндан қайтиш деб билишарди. Бунинг учун сил бўлиб, ўлиб кетишга ҳам тайёр эдилар. Мен инглиз тилини ўлмаслик учун ўргандим. Бундай ҳолда тил ўрганиш осон кечади, устознинг ҳам кераги йўқ!

Бир ойлар ўтиб танловда қатнашдим ва яхши балл тўпладим. Мени итхонага, хўжайиннинг итига масъул қилиб қўйишди. Мен энди уйга кам борар, итхона ёнида ухлардим. Ёз кунлари осмонда чиққан тўлин ой ёруғида бир пайтлар ошхона қошидан топиб олган Жек Лондоннинг “Мартен Иден” романини ўқиб ўтирардим. Кейин ҳисобласам, бу китобни 68 марта ўқиб чиққан эканман. Бу китоб менга нафақат инглиз тилини ўрганишимга, балки матонатли, чидамли, кучли бўлишимга ҳам сабабчи… Мен бу китобни ўқир эканман ўзимни итхона қошида, бетонга тўшалган шолча устида эмас, кенг ва ёрқин океанда бахт томон сузиб кетаётган улкан кемадаги қудратли ва эркин инсон сифатида ҳис қилардим. Бу– менинг аҳволимдаги болалар учун жуда қимматли туйғу!

Адабиёт менга кучли бўлишни ўргатгани учун мен ундан доим қарздорман! Ҳозир ҳам!

Хўжайин ҳар сафар ит билан сайрга чиққанида менга чақа-танга туҳфа қилар, бу эса бир ойга бориб ойлигим баробарида пул йиғилиши учун қўр бўларди. Бунинг ярмини такаббур ва ўлгудай қўпол иш бошқарувчиси олиб қўяр, қолганини отамга берардим. Пуллар Ойшабиби синглимнинг ўқишига сарфланарди.

Бир куни хўжайин Жек Лондоннинг китобини овоз чиқариб ўқиётганимни кўриб қолди. У олдимга келиб, ҳайрон бўлиб менга қараб турди. Айнан ўша маҳал қориндор, юзлари шишмол иш бошқарувчи кириб келди. У менга: «Хўжайин инглиз тилини бузиб гапирадиганларни жуда ёмон кўради, оғзингдан бир оғиз сўз чиқмасин»–деб тайинлаганди. Менинг инглизча гапириб қўйганимни билиб иш бошқарувчи шунчалик қаҳрли қарадики, итнинг қозиқ тишларида титилиб кетадиган колбасадек янчилиб кетай дедим. Чунки унинг болаларни ваҳшийларча қийнашини ҳамма биларди.

Хўжайин менга кулиб қаради. Аммо ундан ҳамма нарсани кутиш мумкин эди. Айби қидирилган одамнинг ҳар қадамида гуноҳ.

Эй… мусофирликда улғайган мен каби болалар учун бундай хўрликлар биринчиси эмасди. Шунинг учун қўрқув, ҳадиксираш, ҳаммадан ўзимни паст тутиш каби ўйлар, хоҳламасам ҳам, бўйим билан бирга юрагимда ўсиб борарди. Чунки мен беватан, қулоқ қилинган оиланинг фарзанди эдим. Буни афғонлар ҳам, инглизлар ҳам, дунёдаги барча одамлар ҳам яхши билишига ишончим комил эди. Улар менинг мусофир эканлигимни пешонамга қарабгина эмас, узоқдан соямни кўриш билан билар ва хўрлашга арзийдиган одам пайдо бўлганидан суюнишади деб ўйлардим.

–Инглизча равон ўқиркансан! Қаерда ўргангансан? – Мен саволга жавоб берайми йўқми, деб иш бошқарувчига қарадим. У ҳамон кўзларимга қаҳр билан тикилиб турарди. Довдираганимдан фойдаланиб, ўзи жавоб берди.

–У қаердан ҳам биларди, жаноб! Бу бир келгинди бўлса…

–Йўқ, билади? Биласан-а?
–Йўқ-йўқ!

–Э-э, сайраб туриб, тил билмайман, дейишингни қара?! Қизиқ-ку! Юр-чи, мен билан.

Мен умримда бундай ҳашамдор уйга кирмагандим. Оғзим ланг очилиб қолди. Уйга киришим билан атиргул ҳидига ўхшаш бир ширин ифор димоғимга урилди. Кир оёғим билан унинг оппоқ эрон гиламларини босайми-йўқми деб, иккиланиб туриб қолдим. Хўжайин менинг билагимдан ушлаб, уйга имлади. Ичкаридаги оппоқ ҳайкаллар, чиройли вазалар, шоҳона суратларга маҳлиё бўлиб, гандираклаб, бошим айланиб кетди. Руфларнинг хонадонига биринчи қадам қўйган Мартин Иден[1] ҳолига тушгандим, гўё.

Мен шунда ўзимнинг ямалган, йиртиқ эгнимга қарадим, уялдим. Буни сезган, хўжайин уй хизматчисини чақириб, мени ювинтиришни айтди. Хизматчи менга қовоғини эмас, оппоқ тишларини кўрсатиб табассум қилди. Ваннахонага олиб кириб, ҳамма жойимга оппоқ қорга ўхшаш нарса ишқаб ташлади. Бутун танам яйрагани рост. Аммо ҳамон қўрқар, у мени ювинтириб, кейин ўлдирмоқчими, деб ҳам ўйладим. Чўмилиб бўлгач менга янги кийим беришди. Бу кийимда мен бутунлай бошқа болага айлангандай эдим. Шоҳона либосларни кийиб, яйраб кетдим. Ўлимни ўйламай қўйдим.

Жаноб мени кутиб турган экан, иккинчи қаватга бошлади. Унинг ортидан боряпман-у, вужудимни яна қўрқув қоплади. Боя мени чўмилтирган одам ҳам кўзимга шубҳали кўриниб кетди. Аммо жаноб иккинчи қаватдаги тахтали эшикни очганда ҳайратдан тошга айландим. У ердаги китоблар– менинг ҳайрат оламимга сиғмасди. Мен китобларни кўздан кечирарканман, ҳаётимдан ўлим ҳам, қўрқув, очлик, ишсизлик ҳам – бари-бари лаҳза ичида йўқолди. Онам эсимга тушиб кетди. Фақат у менинг бахтиёрлигимни сезиб, кўриб тургандай эди.

Хўжайин исталган вақтда бу ердан китоб олишим мумкинлигини айтди. Кейин жойига қўйиб қўйсам бўлгани экан. Бор-йўғи шарти шу!

Мен энди ҳар куни, бўш вақтим бўлди дегунча, китоб ўқир, газеталарни варақлардим. У ерда мен тушунмайдиган тиллардаги китоблар бисёр эди. Мен ўзбек, форс, афғон ва инглиз тилларида ёзилган китобларни ўқир, аммо кўпига тушунмасдим. Бу мутолаалар мени иш бошқарувчининг зуғумидан ҳам қутқарди. У менинг китоб ўқиб ўтирганимни кўрганида, кўрмасликка олиб ўтиб кетадиган бўлди.

Мен тинмай китоб ўқирдим. Тиббиёт, бизнес, тарихга оид китобларнинг жиннисига айландим. Психологияга муҳаббат қўйдим! Шундай қилиб, итбоқар, бўлиб ишлаган олти йилим ҳаётим пойдеворини илм билан кўтаришга имкон берди. Бу орада отам Ойшани куёвга узатди. Синглим ҳали ёш эди. Аммо куёв Бухородан келган, биз каби ўзбек оиласи бўлгани учун, отам совчиларга йўқ деёлмади. Куёвнинг ёши синглимдан 12, мендан 10 ёш катта эди. Йигит кўп йиллар бухоролик қиз ахтариб, уйланмай юрган экан. Куёвнинг ёши катта бўлса ҳам, мендан юқорига чиқмай ўтирарди. Улар кўп ўтмай Ойшани олиб Туркияга кўчиб кетишди. Мен батамом ёлғизланиб қолдим!

Шу йили хўжайин Англияга кетадиган бўлди. У мени ҳам ўзи билан олиб кетмоқчи эди. Аммо бахтсиз ҳодиса юз бериб, цехга ўт кетди. Иш бошқарувчи ҳам, хўжайин ҳам, унинг ити ҳам ҳалок бўлди. У ерда ишлайдиганлардан 38 та бола тирик қолди, холос.

Бу фожиадан кейин бу ерда қололмаслигимни билдим. Қандай қилиб бўлса ҳам, Европага кетиш учун йўл қидира бошладим. Тилни яхши билганим учун мени бир овропалик савдогар ишга олди. У газлама савдоси билан шуғулланар, газлама орасига эса турли оғуларни жойлаб Эронга, у ердан Европага ўтказарди. Ўта паст одам бўлиб, арзимаган пул эвазига мени эшакдек ишлатарди. Унинг фирмаси орқали четга чиқиш мумкин эканлиги учунгина, тишимни-тишимга қўйиб, қулай вақт келишини кутиб юрдим. У кечаси билан ухламай ҳисоб-китоб қилишга мажбур қилар, бунинг учун ойига 25 доллар берарди, холос.

Мен кутган вақт бир йилдан сўнг келди. У пайт мен 18 ёшда эдим. Савдогарнинг эронлик хотини туғадиган бўлиб, Европага мени жўнатадиган бўлди. Чунки мен ҳисоб-китобга унинг ўзидан ҳам пишиқроқ эдим.

Шундай қилиб йўлга отландим.

Туркияга етиб боргач, унинг газлама орасидаги барча оғуларини балчиққа улоқтирдим, сўнгра қиммат газламаларни сотиб, Италияга, у ерда озроқ ишлагач, анча йўл босиб Англияга етиб бордик. У ерда икки ой туриб, АҚШга кемада жўнадим.

АҚШга кириб келганимда тушлик қилишга ҳам пулим йўқ эди. Ўлгудай оч эдим. Неча кунлар плакатларга тўла кўчаларда иш қидириб, итдай изғиб юрдим. Қаҳратон совуқ, муттасил очлик ва уйқусизликдан кўзларим қизариб, юзларим кўкариб, ғалати доначалар босиб кетди. Ўша кунларнинг бирида Худойимнинг ўзи мени кекса Ричерга дуч қилди. У менинг товуқдай бетартиб ахлат идишларини титишимни кўриб, жаҳли чиқди. Кекса Ричер менга бу “соҳа”нинг ҳам ўзига хос сирлари борлигини айтиб, қайси халтани очишни-ю, қайсиларига умуман тегмасликни, бу бефойда эканлигини ўргатди. Уйсизлигимни билиб, кулбасидан жой берди. Кекса Ричернинг на хотини, на болалари бор эди. Ичкилик туфайли яқинлари уни ташлаб кетишган. У туни билан ичар, ҳўнграб йиғларди. Аммо тонгда тетик турар, ҳеч нима бўлмагандай мен билан бирга “ишга” отланарди. Биз кун бўйи ахлат идишларни титиб, кечаси анча-мунча “бойиб” кулбага қайтардик. Аммо тонгларнинг бирида кекса Ричер уйғонмади. Қабр тошига ўзи васият қилган: “Кекса Ричер сизларни жуда яхши кўради” – деган сўзларни ёздириб қўйдим. Кекса Речир қачонлардир хотини ё фарзандлари уни ахтариб келишига ишонарди.

Шундан сўнг бор пулларимни йиғиб, кекса Ричердан мерос қолган кулбани ҳам сотиб, ўз савдо ишларимни бошладим. Аммо рақобатчилар мени “янчиб” ташлашди. Олти ой ўтмасдан банкрот бўлдим, бу ҳам етмагандай, ҳам уйсиз, ҳам бир чақасиз қолдим. Аммо хорлик устун келган кунларда орзуларимни ўлдирмадим, уларни асраб-авайладим, курашдим.
Отам бу пайт Ойшаларнинг Истанбулдаги уйига кўчиб борди.

Кейинчалик очган цехим ҳали бир ёшга тўлмасидан банкротга учради. Банклар қарзини сўраб қўймасди. Мен эски ишимнинг азасини тутмай, янги иш бошлар, бири бўлмаса, бир мени бой қилишига ишонардим. Энг охири, реклама қоғозлар ишлаб чиқарадиган кичкина типография очдим. У ҳам беш ойдан сўнг касодга учради. Мен хатоларим устида қаттиқ ишладим. Ўқиган китобларимдан олган хулосаларимни амалда қўлладим.

Мен яна реклама қоғозлари билан шуғуллана бошладим. Аста-секин мижозларим сони ортиб борди. Мен эса туну кун меҳнат қилар, ишхонада ухлаб, шу ерда тамадди қилардим! Ва ниҳоят, мен биринчи марта ўзимнинг корхонам учун ишчи ёлладим – улар Ҳиндистон ва Хитойдан келган талаба йигитлар эди. Биз учаламиз тинмай меҳнат қилиб, ҳафтасига 50 доллар оладиган ишимизни, ҳафтасига 50 минг доллар оладиган катта фирмага айлантирдик.

Биз биринчилардан бўлиб, бозор телевидениясини ривожлантиришга ҳаракат қилдик ва бунинг учун катта кредит олиб, иш бошладик. Бу “ТВ–бозор” менга кутилмаганда улкан бойликни, қудратни олиб келди. Аммо шунда ҳам мен ҳали мақсадимга етмаганимни билардим! Биз двигателлар ишлаб чақиришни бошладик ва тез орада дунё бозорига чиқиб бордик. Иккинчи йилданоқ жаҳон бозорида бизнинг двигателларга талаб ошиб, 20 дан ортиқ мамлакат билан шартнома имзолашга эришдик. Бу битимларни тузиб, Флоридадаги велламга қайтган куним онам Бухородан олиб келган тароққа қараб, ўкириб-ўкириб йиғлаганман.

У пайтга келиб турк хотиним менга тўрт нафар ўғил туҳфа қилганди. Отам неваралар бағрида, яхши кунларимни кўриб бандаликни бажо келтирди. Болаларим ўзбекча, туркча билишади, аммо инглизча ёзишади, гаплашишади… Мен эса… Мен…

***

Мана, неча йиллар ўтиб, ниҳоят, қартайиб-чуртайган пайтимда Бухорога – ота ватанимга келдим! 90 йил ўтиб…

Эй Бухоро!!! Мана, мен! Мана, мен!

Сенинг ўғлинг, фарзандинг, 90 йил ўтиб бағрингга келди!

Нега шу пайтгача қайтмадим?! Олий орзуйимни, онамнинг, отамнинг армонини нега шу пайтгача бажармадим?! Нимага?

Ёки хаёлимдаги, орзуйимдаги, ўша булутлар орасидаги гўзал, мўъжизали Бухорони йўқотиб қўйишдан қўрқдимми?!

Биласизми, келиш тугул, мен харитадан Ўзбекистонга қарашга ҳам қўрқардим! Ўйларим сароб бўлиб чиқишидан қўрқардим, Бухоро йўқ бўлиб чиқишидан қўрқардим. Эҳ… Бу ерга келиб акамни, онамни тополмасликдан қўрқардим! Ахир, улар мен учун шу маҳалгача Бухорода эдилар, Бухорода!!!

Эй Бухоро! Бундан 90 йил аввал қувғин қилинган ўғлинг келди… Миллионлаб сургун қилинган фарзандларингдан бир вакил бўлиб келди… Очликдан, қувғинликдан, тутқунликдан, хорликдан, зўрликлардан ўлиб кетмаган, барига чидаган боланг келди. У тирик!

Ватан нималигини билмай кетган чақалоқ, онаси, акаси, ўтмиши, ватанини қидириб келди. Эй ота юрт, биласанми, қанчадан-қанча одамлар сенга етолмай, сени бир бора кўришга зор бўлиб, беватан, бекафан ўлиб кетдилар. Улар бир бора Ватаннинг мусаффо ҳавосини сипқариш учун, бир марта кўҳна ғиштларингни силаш учун жонларини беришга ҳам тайёр эдилар.

Худо уларга қанча кўз ёш берган бўлса, сен учун тўкишди, қанча сўз берган бўлса, сени дуо қилишди. Эй Ватан, Ватан, сен уларни унутмадингми?! Мени танияпсанми?!

Менинг икки куним бор! Бир йилнинг фақат икки кунида менга ҳеч ким иш ҳақида гапирмайди, чунки шу кунларда мен байрам қиламан! Ўша кунлари менинг уйим олдида бева-бечоралар учун эҳсон берилади. Хайрия акциялари ўтказилади, миллионлаб пулларни улар учун сарф айлайман. Ҳар йили шу икки кун келишини кутиб яшайман. Бу кунларнинг бири – 24 июль. Ўша куни менинг «Мовий кўзли бургутлар» деб номланган двигатель заводим ишга тушган ва мен бу кунни азобларим ариган, иродам ғалаба қилган, акам, онам, отам ва синглимнинг орзулари ушалган кун сифатида нишонлайман!

Иккинчи куним– 2 июнь! Нью-Йорк осмонида, БМТ биноси олдида озод ва ҳур Ўзбекистон байроғи ҳилпираган кун!

Ўша куни мен «Мовий кўзли бургутлар» заводимнинг филиалини Японияда очиш учун битим имзолашга кетаётгандим. БМТ қароргоҳи ёнидан ўтаётиб кўзим Унга тушди-ю, қотиб қолдим. Кўзларимдан ёш отилиб чиқиб кетди. Покистонлик шеригим ҳайрон бўлиб нималар деганини эслолмайман… У йўлнинг ўртасида тушиб, қаерга кетиб қолганимни ҳам билмай қолди. Ўша куни БМТ осмонида бир улкан, ёруғ , нурли ҳисларга тўла халқимни кўрдим. Мен ўзбекча гапирганча, тиз чўкиб йиғлар, ўткинчиларнинг туртишлари-ю, елкамга тасалли учун қўл чўзишларига парво қилмас, онамга ўхшаб ўкириб-ўкириб, елкаларим учиб-учиб, бақириб-бақириб, силтаниб-силтаниб йиғлардим. Шунча йиллик мусофирлигим, онам, акам, миллионлаб сургунга учраган халқим вакиллари учун йиғлардим.

Байроқ тепада эди, осмонда эди, аммо у шунчалик менга яқин эдики, унинг майин толалари юзимни силар, кўз ёшимни артарди… Эҳ Ватаним!

Бу Ватан байроғи эди..

Мен ватанимнинг нафасини туйгандай, Бухорони қучгандай бўлдим…

Отажон, Флоридадаги сиз ётган қабрнинг тупроғидан олиб келиб Бухоро узра сочяпман! Бу тупроқ ота-боболарингиз тупроғи билан қовушади. Бахтиёрмисиз, ота? Мана, ватаннинг тупроғига, чангларига–аждодлар хокига, шамолларга қўшилиб учинг! Миноралар устидаги лайлаклар билан бирга парвоз қилинг, Отажон!

Она, мен бекорга шунча вақт кутган эканман. Эртароқ бу ерга келсам, бу тупроқни қучсам бўларкан… Сизнинг Бухорога кетганингизни билардим-у, у ердан тополмасам нима қиламан деб ўйлардим?! У ерга борсам, болаликдаги беғубор тасаввурларим тўзғиб кетишидан, шубҳалар орасида қолиб кетишидан қўрқардим. Бекор қилган эканман! Нега бунча кутдим?

Бухорода экан ҳамма-ҳаммаси… Барчаси менга, болаларим, невараларимга ўхшаркан – юз-кўзи, қошу кўзи… Болаларим…
Онажон, акажон, Бухоро минорасига чиқиб, сиз ётган Афғонистон тарафга қараб турибман… Тинч ётибсизми? Энди хурсандмисиз?!

Мана, орзуларингиз ушалди, 90 йил ўтиб бўлса ҳам! Орзулар ўлмайди, ўлмайди… Дарёлар оқишдан тинмаганидек, шамоллар, нурлар, гуллар, баҳорлар мангу яшнаганидай чин орзулар ҳам ўлмайди, онажон! Осмондан гоҳ қор, гоҳ ёмғир ёғаверганидай, ой-юлдузлар мангу боқавергандай, қишда учиб кетган қушлар, баҳорда қайтгандай мен ҳам қайтдим, қайтдим!!!

Дунёда нима кўп зулм кўп, бало кўп, жазо кўп! Аммо бегуноҳ инсони мажбурлаб, ўзи туғилган жойидан, ўзининг элидан, ўзининг нонидан, ўзининг сувидан, ўзининг дарахтларидан, ўзининг дарёларидан, ўзининг мозоридан, ўзининг меҳробидан, ўзининг осмонидан айириш, жудо қилиш дунёдаги энг катта гуноҳ, даҳшат ва шафқатсизларча қилинган ваҳшийликдир!

***

Сизни топдим, она! Бозорда кўрдим! Дўппи сотаётган экансиз! Ўхшатдимми дедим, йўқ, қуйиб-қуйган ўзингиз… Кейин қишлоқларда ҳам кўрдим! Бухорода бир эмас, кўп экансиз Онажон! Ҳа, аниқ сиз!

Акамни ҳам кўрдим! Айниқса, новвой йигит акамга Ҳасан Ҳусанига ўхшагандай ўхшайди. Қойил!

Лекин алдаган экансиз, она, алдаган экансиз! Бухоро қандай жой деганимда: «Йиғламайдиган жой» дегандингиз… Мен келганимдан бери йиғлаяпман… Сизни кўриб, акамни кўриб, Бухорони кўриб…

Мана, мен келдим, Бухоро!!! 90 йил ўтиб…

bukhara--2575720-5.jpgO‘sha paytlarda eng ko‘p eshitgan so‘zim Buxoro edi. Buxoro, Buxoro, Buxoro… Xayolimda bu joy osmonlarda, oppoq bulutlar orasidagi yaltiroq toshlardan qurilgan saroy, dunyodagi barcha ertaklarning tugaydigan manzili edi…

Javlon Jovliyev
BUXORO, BUXORO, BUXORO…
033

Javlon Jovliyev (Jovliyev Javlonbek Ortiqovich) – 1991 yil Qashqadaryo viloyati, Qamashi tumani, G‘ishtli qishlog‘ida tug‘ilgan. 2010–2014 yillarda O‘zbekiston davlat san’at va madaniyat institutining “San’atshunoslik jurnalistikasi” yo‘nalishida tahsil olgan. 2015 yildan boshlab O‘zbekiston davlat san’at va madaniyat instituti “San’atshunoslik va madaniyatshunoslik” kafedrasi, “San’at nazariyasi va tarixi” (Sahna va ekran dramaturgiyasi) yo‘nalishi magistranti. Hozirgi kunda o‘qish bilan birgalikda, Alisher Navoiy nomidagi O‘zbekiston Milliy kutubxonasining “Alisher Navoiy nomidagi O‘zbekiston Milliy kutubxonasi” nashriyotida muharrir sifatida faoliyat olib bormoqda. “Yoshlik”, “Teatr”, “Infolib” jurnallarida, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Hurriyat”, “Toshkent oqshomi” va boshqa matbuot nashrlarida ijodiy ishlari va maqolalari chop etilgan. Jovliyev Javlon bugungi kunda ijodiy ishlari bilan birgalikda “Mustaqillik yillarida sahnada aks etgan mutafakkir ziyolilari obrazi” (O‘zbek Milliy Akademik drama teatr misolida) mavzusida ilmiy ish ustida ishlamoqda.

991

r15000_buxara-chor.jpgO‘sha yili qish juda sovuq kelgan ekan-da! Es-es bilamanki, birga o‘ynaydigan serkiprik afg‘on bolalarining kipriklari bir-biriga yopishib, qirov tushganday oqarib qolardi. Xuddi hozirgi qorbobolarning yasama kipriklarini eslatadi. Men afg‘on bolalari bilan tez til topishib ketganman. Garchand ular mendan bo‘ychan, buning ustiga, bir-ikki yosh katta bo‘lishsa ham! Singlim Oyshabibi esa uydan chiqmasdi. Uyda otam buxorocha tancha qurgandi. Shuning atrofida turli latta-puttalardan nimadir tikib o‘ynaganlari esimda… Onam esa kunu tun akam bilan ovora. Akam zotiljam bilan og‘rigani uchun bizni yoniga qo‘yishmasdi. Singlim Oyshabibi bilan deraza darchasidan cho‘pday ozib ketgan, rangpar, ko‘zlari kirtayib, so‘lg‘in boquvchi akamga soatlab tikilib turardik. U ham bizni ko‘rib “yaxshiman”, degan ma’noda qoqshol qo‘llarini ko‘tarib silkib qo‘yardi. Tez orada akam tuzalib, chopqillab ketishiga shubha qilmasdik.

Otam bozorda hammollik qilardi. U goh-goh oppoq, mayin bir shirinlik olib kelgani esimda! Juda mazali, tilda erib ketardi. Uning nomini hozirgacha aniq bilmayman. Ammo onam birinchi marta shirinlikni ko‘rganda yig‘lab yuborgandi. Shunda Oysha onamning tizzalariga o‘tirib, jajji qo‘llari bilan yuzlarini silar, ko‘z yoshlarini artib qo‘yardi.

– Nega yig‘laysiz?
– Buxoroni eslatdi, qizim!

O‘sha paytlarda eng ko‘p eshitgan so‘zim Buxoro edi. Buxoro, Buxoro, Buxoro… Xayolimda bu joy osmonlarda, oppoq bulutlar orasidagi yaltiroq toshlardan qurilgan saroy, dunyodagi barcha ertaklarning tugaydigan manzili edi. Buxoroda tug‘ilgan bo‘lsam ham, esimni Qobil yaqinidagi qishloqda taniganman… Shu yerda otam safar pullarini qaysidir qallobga boy bergan-u, biz kambag‘allik ko‘chasiga irg‘itilganmiz.

Eng yomoni – akamning kasal bo‘lib qolgan edi. Men uning sog‘lom paytini qanchalik eslashga urinmay eslolmayman. Faqat bir kuni u yo‘talgancha (o‘sha payt ham ozib-to‘zib ketgan edi) uyimizdan chiqib ketgani yodimda. U ishga ketayotib, bizni o‘pib qo‘ygandi. U o‘sha paytlarda ancha ulug‘ odamdek ko‘rinar, onam ham, otam ham unga ishonardi.

Onam akamning oldidan beri kelmasdi. Unga ko‘p suyuqlik ichirar, terlarini artar, oyoq-qo‘llarini uqalardi. U bizga, akangning kasali yuqumli, deb uqtirardi-yu, o‘zi uning yuz-ko‘zlaridan bosib-bosib o‘pardi. Onam ham yosh, o‘sha paytlar bor bo‘lsa, o‘ttizdan endigina sakragan juvon edi. Qop-qora sochlari uzun, qoshlari qalin, ko‘zlari mehr bilan boquvchi, oppoq yuzlarida kulgichi bor buxorolik ayol edi. Men bilan Oysha onamga, akam esa ko‘proq otamga o‘xshardi. Uning ko‘zlari mallatobligi esimda. Biz Hoji Ahmad degan savdogarning ikki xonali pastqam uyida ijaraga turardik. U ham bizni qo‘llagan. Ayniqsa, akamga davo bo‘ladigan tanqis mevalarni bir yoqlardan toptirib kelardi.

Ammo akam qishdan chiqmadi. Bizni u bilan xayrlashgani ham qo‘yishmadi. Onamning o‘kirib-o‘kirib yig‘laganini eshitib, bir burchakda qunishib o‘tirardik. Men u paytlarda o‘lim, o‘lish so‘zlarini eshitgandim-u, uning tag zamirini tushunib yetmagandim. Men akam o‘ladi-yu, biz sog‘inganda qaytib keladi, deb o‘ylardim. Bir hafta o‘tdi, bir yil ham o‘tdi, ammo u qaytib kelmadi. Bir kuni onam choponimizni kiydirib(o‘ziniki juda yupun edi) akamning oldiga olib bordi. Biz akamizni ko‘ramiz deb quvnar, osmonlarga uchardik. O‘sha kuni atrofni qalin tuman qoplagan bo‘lib, o‘z kavushlarimizni ham aniq-tiniq ko‘rmasdik. Osmondan bir nimalar yog‘ar, ammo choponimiz nam bo‘lmasdi. Keyin ko‘z oldimizda do‘ppaygan tuproqlar paydo bo‘ldi. Turtinib-surtinib keta boshladik. Nihoyat, onam to‘xtadi. Ko‘zlarini bo‘rtib turgan, yon atrofiga qalin yog‘ochlar qo‘yilgan qora tuproqdan uzmasdi.

– Bu yerda akang yotibdi – dedi onam.

– Qani-qani? – dedik biz akamnimas, tuproq uyumini ko‘rib, xayolimda hozir tuproq ko‘tariladi-yu, ichidan akam, usti-boshi chang bo‘lib chiqib keladiganday edi.

– Akam sovuq yemaydimi? – dedi Oysha.

– Yo‘q! U issiqda yotibdi, – dedi onam va ho‘ngrab yig‘lab yubordi.

– Qo‘rqyapman, – dedi Oysha. Onam Oyshaning bu gapidan keyin yig‘lamadi, ammo ancha vaqtgacha onamning yelkalari uchib turdi, hansirashi bosilmadi.

Biz ham yig‘ladik. Men o‘sha paytlar besh-olti yoshlarda edim. Akam o‘lib, men– katta farzand bo‘lib qolgandim. Ammo onamni qanday ovutishni bilmas, ko‘z yoshimni tiyolmasdim.

Bu ko‘z yoshlari hech qachon esimdan chiqqan emas!!!

Eh, Onajonim!

Onamning kulgilaridan ko‘ra, yig‘isini ko‘p eslayman… U ancha yosh bo‘lsa ham, sochlariga oq tushgan, negadir, umuman kulmasdi. Akam o‘lgandan keyin butunlay tund ayolga aylandi.

Otam tunu kun ishlab, qornimiz zo‘rg‘a to‘yadigan taom olib kelardi. Oyoqlari og‘rib, oqsab yurar, qo‘llari yorilib, irib ketganlari esimda!

Qishlar o‘taverdi, bahorlar o‘taverdi, ammo onamning ko‘z yoshlari ado bo‘lmadi. Hovlimizdagi o‘rik gulladi. Onam buni ko‘rib yana yig‘ladi.

– Ona, nega yig‘laysiz?

– Buxoroni sog‘indim – dedi Onam. Aytishlaricha, bobomiz– onamning otalari Buxorodagi eng boy odamlardan bo‘lgan. Onam o‘sha farovonlikda o‘tgan kunlarni juda qo‘msab eslar, eslab yana… – Uyimga ketgim kelyapti! Uyimga!..

– Buxoro qanday joy o‘zi? Nega buncha yig‘layverasiz… Ayting, ona… Buxoro qanday joy o‘zi?

– Yig‘lamaydigan joy, bolam, yig‘lamaydigan..!

Har kuni shu ahvol edi. Biron kun yo‘q ediki, onam Buxoro uchun, bevaqt o‘lgan akam uchun yig‘lamagan bo‘lsa? Yig‘laganda ham ezilib, ko‘zlari yoshga qorilib, ho‘ngrab-ho‘ngrab yig‘lardi. Buxorodagi qarindoshlari, katta bog‘ hovlilarini eslardi…

Onamning eslab azoblanmasligi uchun Buxordan olib kelgan hamma narsalarni yashirib tashlardim. Hatto yarim oy shaklidagi taxta tarog‘ini ham. Ammo bu harakatimining hech foydasi tegmadi. Onamga hamma narsa Buxoroni eslatar, osmonda uchib o‘tgan qaldirg‘och ham, musichaning ahmoqona “ku-ku”lashlari ham, afg‘on shamolining ko‘pirishi ham Buxoroni yodga solar, va onam bechora yig‘layverardi.

Bu g‘amlar navnihol onamni ado qildi. Otam uni chalg‘isin dedimi, ishga qo‘ydi. Uy-ichidagi yumushlarini men qiladigan bo‘ldim. Ammo bir qora kunda ip-gazlama to‘qiydigan zavoddan onamning o‘ligini olib kelishdi. Onam ham sil bo‘lgan ekan…

Bizga onam bilan xayrlashishga hech kim to‘sqinlik qilolmadi. Men onamning yuzlarini o‘payotganimda, Oysha uning sovib ulgurgan pinjiga yotib olgandi. U onamning qo‘llarini silar, uni hech kimga bermayman deb bo‘zlardi. Onam uyg‘onsa, meni o‘pib qo‘yadi, derdi. Men singlimni ko‘rganim sayin o‘kirib-o‘kirib yig‘lagim kelar, ammo otamni o‘ylab o‘zimni bosardim. Oysha onamning qo‘ynidan chiqishni istamay, “menga onamni tiriltirib ber”, deganday iltijoli termilib turardi.

– Onam qachon turadi?
– Keyinroq, Oysha! Sen narigi uyga bor!

– Qachon turasiz, ona, gapiring, gapiring! – deya onamning oppoq yuzlariga jajji lablarini bosardi.

Onam juda go‘zal bo‘lib yotardi. Buxoroning go‘zali, parisi…

Oysha o‘lim nimaligini sezib tursa-da, buni tan olgisi kelmasdi. Oyshani onamning bag‘ridan yulib olishganida, u shunaqangi chirilladiki, bu ovoz ko‘ksimga eng dahshatli, eng alamli, eng dardli azob bo‘lib, qo‘zg‘almas qoziqdek qoqilib qoldi.

Joyingiz jannatdan bo‘lsin, Onajon!!!

***

Dunyoda nima ko‘p – kasal ko‘p, dunyoda nima ko‘p – balo ko‘p. Qadamda duch keladi, qadamdan ushlaydi. Ayniqsa, bevatan bo‘lsang, musofir bo‘lsang, – balolar qadam olishingni poylab ham turmay bosib kelaverarkan… Ammo ne bo‘lganda ham, biz akam uchun, onam uchun yashashimiz, nafas olishimiz kerak edi.

O‘sha qora kunlarda biz o‘zimiz uchun bir taskin topdik. Bu taskin bizni onamning ortidan qora yerga kirib ketmaslikka undardi. Bu oliy taskin Buxoro degan so‘z edi.

Otam onamning joylarini Jannatdan tilardi, biz Oysha bilan onamning joyi Buxoro bo‘lsin, deb duo qilardik… Chunki o‘sha paytlarda men uchun eng yorug‘, eng tiniq, eng tinch joy Buxoro edi… Oysha menga quvlik qilib savol berib qolardi…

–Onam Buxoroga ketgan bo‘lsa, qachon keladi, aka?

–Buxoroga borgan odam kelmaydi. U osmonlarda, bulutlar orasida, uylari oltindan, yegani asal, holva, shashlik!

–Nimaga onam bilan akam bizni tashlab ketdi? Buxoroda bizga joy yo‘qmi? U yerda nima bor o‘zi?

–Vatan bor!
–Kim?
–Vatan!
–Kim u?

–Men uni bilmayman. Otam biladi, onam, akam, biladi. Uni taniydi. U Buxoroda yashasa kerak…

–Bo‘lmasa biz ham ketaylik Buxoroga… Ketaylik!
–Hozir ketolmaymiz!
–Nimaga?

–Otam qo‘ymaydi. Lekin, albatta, bir kun ketamiz!
–Yo‘q! Bugun ketamiz, bugun, aka…

Shundan so‘ng Oysha har kuni “Buxoroga ketamiz”, deb turib oladigan bo‘ldi. U har safar xarxasha boshlaganida otam ham ko‘ziga yosh olib, ezilib-ezilib titrardi. Padarimning yig‘ilayotganini ko‘rib, men birinchi marta ishga chiqishim kerakligimni anglaganman. O‘sha paytlar yetti-sakkiz yoshli bolakay edim. Musofirlik odamni tez o‘stiradi, tez katta qiladi.

Maktabni tashlab, akam bir paytlar ishlagan zavodga ishga kirib oldim. Otam u yerda ishlashimni xohlamasdi. Chunki paxta zavodida bolalar shafqatsizlik bilan ishlatilar, ish uchun esa ularga arzimagan chaqa-tanga berilardi. Ammo shu pullarsiz Buxoroga qaytib bo‘lmasligini bilardim!

Beton devor bilan o‘ralgan zavod ichida ulkan stanoklar guvillab aylanar, ular tonnalab paxtani yutib yuborar, biz barini ko‘rib turardig-u, paxtaga qo‘shib bizlarni ham ezib, o‘lim tomon tortib ketayotganini bilmasdik. Tinmay ishlar, ishlar va yana ishlayverardik.

Zavodning egasi biz tomonga qadam ham bosmasdi. Uni faqat uzoqdan ko‘rardik. Bir kuni uning iti sex darvozasi yonida paydo bo‘lib, taqqa to‘xtab qoldi. Oppoq junlari taroq bilan taralganday hilpirardi. Itdan qandaydir atirning hidi kelardi. Negadir barcha bolalar ishni unutib, darvoza oldida turgan itga qarab qolgandi. Biz itni, it esa isqirt bolalarni tomosha qilmoqda edi. Tolalar chiyalashib, tiqilib, stanoklar azobdan chiyillab yuborganda ham, biz itdan ko‘z uzmadik. Yuz-ko‘zimizdan bizni tanib bo‘lmas, faqat qorachiqlarimizgina tirik odam ekanligimizni bildirib nur sochib turardi. Shu so‘lg‘in va umidsiz nigohlar bilan oppoq bo‘yniga kumush medalyon bog‘langan kuchukka bolalarcha beg‘uborlik bilan tikilib, isqirt xona va alamlarni bir dam esdan chiqarib, baxtli bolalar kabi o‘y surishni istab qolgandik. Kuchuk qonday qizil tilini osiltirgancha, kirsammi-yo‘qmi, deganday ikkilanib turardi. Oxiri, u burilib, ko‘m-ko‘k maysalar qoplangan xiyobon tomon chopib ketdi. Bizdan jirkandi, shekilli…

Men bu yerda to‘qqiz oy ishladim. To‘qqiz oy ichida 14 bola ishdan ketdi. Bilardikki, ular nafaqat ishdan, balki bu yorug‘ olamdan ham… ketishgandi.

Bu yerda ko‘p ishlashning oxiri sil, sil esa meni akam va onamning oldiga olib ketishini bilardim. Shuning uchun ingliz tilini o‘rganishni va tozaroq bo‘limga o‘tishni istardim. U yerda oylik ham, ish ham durust edi. Buning uchun inglizcha oddiy so‘zlarni bilishning o‘zi kifoya. Kechalari uxlamay ingliz tilidagi barcha harflarni yod oldim. Keyin duch kelgan gazetalarni o‘qiy boshladim. Buni ko‘pchilikka bildirmasdim. Chunki bolalarning ko‘pi o‘ta mutaassib fikrlar bilan ulg‘aygan, g‘ayridinlarning tilini o‘rganishni istashmas, buni makruhlik, dindan qaytish deb bilishardi. Buning uchun sil bo‘lib, o‘lib ketishga ham tayyor edilar. Men ingliz tilini o‘lmaslik uchun o‘rgandim. Bunday holda til o‘rganish oson kechadi, ustozning ham keragi yo‘q!

Bir oylar o‘tib tanlovda qatnashdim va yaxshi ball to‘pladim. Meni itxonaga, xo‘jayinning itiga mas’ul qilib qo‘yishdi. Men endi uyga kam borar, itxona yonida uxlardim. Yoz kunlari osmonda chiqqan to‘lin oy yorug‘ida bir paytlar oshxona qoshidan topib olgan Jek Londonning “Marten Iden” romanini o‘qib o‘tirardim. Keyin hisoblasam, bu kitobni 68 marta o‘qib chiqqan ekanman. Bu kitob menga nafaqat ingliz tilini o‘rganishimga, balki matonatli, chidamli, kuchli bo‘lishimga ham sababchi… Men bu kitobni o‘qir ekanman o‘zimni itxona qoshida, betonga to‘shalgan sholcha ustida emas, keng va yorqin okeanda baxt tomon suzib ketayotgan ulkan kemadagi qudratli va erkin inson sifatida his qilardim. Bu– mening ahvolimdagi bolalar uchun juda qimmatli tuyg‘u!

Adabiyot menga kuchli bo‘lishni o‘rgatgani uchun men undan doim qarzdorman! Hozir ham!

Xo‘jayin har safar it bilan sayrga chiqqanida menga chaqa-tanga tuhfa qilar, bu esa bir oyga borib oyligim barobarida pul yig‘ilishi uchun qo‘r bo‘lardi. Buning yarmini takabbur va o‘lguday qo‘pol ish boshqaruvchisi olib qo‘yar, qolganini otamga berardim. Pullar Oyshabibi singlimning o‘qishiga sarflanardi.

Bir kuni xo‘jayin Jek Londonning kitobini ovoz chiqarib o‘qiyotganimni ko‘rib qoldi. U oldimga kelib, hayron bo‘lib menga qarab turdi. Aynan o‘sha mahal qorindor, yuzlari shishmol ish boshqaruvchi kirib keldi. U menga: “Xo‘jayin ingliz tilini buzib gapiradiganlarni juda yomon ko‘radi, og‘zingdan bir og‘iz so‘z chiqmasin”–deb tayinlagandi. Mening inglizcha gapirib qo‘yganimni bilib ish boshqaruvchi shunchalik qahrli qaradiki, itning qoziq tishlarida titilib ketadigan kolbasadek yanchilib ketay dedim. Chunki uning bolalarni vahshiylarcha qiynashini hamma bilardi.

Xo‘jayin menga kulib qaradi. Ammo undan hamma narsani kutish mumkin edi. Aybi qidirilgan odamning har qadamida gunoh.

Ey… musofirlikda ulg‘aygan men kabi bolalar uchun bunday xo‘rliklar birinchisi emasdi. Shuning uchun qo‘rquv, hadiksirash, hammadan o‘zimni past tutish kabi o‘ylar, xohlamasam ham, bo‘yim bilan birga yuragimda o‘sib borardi. Chunki men bevatan, quloq qilingan oilaning farzandi edim. Buni afg‘onlar ham, inglizlar ham, dunyodagi barcha odamlar ham yaxshi bilishiga ishonchim komil edi. Ular mening musofir ekanligimni peshonamga qarabgina emas, uzoqdan soyamni ko‘rish bilan bilar va xo‘rlashga arziydigan odam paydo bo‘lganidan suyunishadi deb o‘ylardim.

–Inglizcha ravon o‘qirkansan! Qayerda o‘rgangansan? – Men savolga javob beraymi yo‘qmi, deb ish boshqaruvchiga qaradim. U hamon ko‘zlarimga qahr bilan tikilib turardi. Dovdiraganimdan foydalanib, o‘zi javob berdi.

–U qayerdan ham bilardi, janob! Bu bir kelgindi bo‘lsa…

–Yo‘q, biladi? Bilasan-a?
–Yo‘q-yo‘q!

–E-e, sayrab turib, til bilmayman, deyishingni qara?! Qiziq-ku! Yur-chi, men bilan.

Men umrimda bunday hashamdor uyga kirmagandim. Og‘zim lang ochilib qoldi. Uyga kirishim bilan atirgul hidiga o‘xshash bir shirin ifor dimog‘imga urildi. Kir oyog‘im bilan uning oppoq eron gilamlarini bosaymi-yo‘qmi deb, ikkilanib turib qoldim. Xo‘jayin mening bilagimdan ushlab, uyga imladi. Ichkaridagi oppoq haykallar, chiroyli vazalar, shohona suratlarga mahliyo bo‘lib, gandiraklab, boshim aylanib ketdi. Ruflarning xonadoniga birinchi qadam qo‘ygan Martin Iden[1] holiga tushgandim, go‘yo.

Men shunda o‘zimning yamalgan, yirtiq egnimga qaradim, uyaldim. Buni sezgan, xo‘jayin uy xizmatchisini chaqirib, meni yuvintirishni aytdi. Xizmatchi menga qovog‘ini emas, oppoq tishlarini ko‘rsatib tabassum qildi. Vannaxonaga olib kirib, hamma joyimga oppoq qorga o‘xshash narsa ishqab tashladi. Butun tanam yayragani rost. Ammo hamon qo‘rqar, u meni yuvintirib, keyin o‘ldirmoqchimi, deb ham o‘yladim. Cho‘milib bo‘lgach menga yangi kiyim berishdi. Bu kiyimda men butunlay boshqa bolaga aylanganday edim. Shohona liboslarni kiyib, yayrab ketdim. O‘limni o‘ylamay qo‘ydim.

Janob meni kutib turgan ekan, ikkinchi qavatga boshladi. Uning ortidan boryapman-u, vujudimni yana qo‘rquv qopladi. Boya meni cho‘miltirgan odam ham ko‘zimga shubhali ko‘rinib ketdi. Ammo janob ikkinchi qavatdagi taxtali eshikni ochganda hayratdan toshga aylandim. U yerdagi kitoblar– mening hayrat olamimga sig‘masdi. Men kitoblarni ko‘zdan kechirarkanman, hayotimdan o‘lim ham, qo‘rquv, ochlik, ishsizlik ham – bari-bari lahza ichida yo‘qoldi. Onam esimga tushib ketdi. Faqat u mening baxtiyorligimni sezib, ko‘rib turganday edi.

Xo‘jayin istalgan vaqtda bu yerdan kitob olishim mumkinligini aytdi. Keyin joyiga qo‘yib qo‘ysam bo‘lgani ekan. Bor-yo‘g‘i sharti shu!

Men endi har kuni, bo‘sh vaqtim bo‘ldi deguncha, kitob o‘qir, gazetalarni varaqlardim. U yerda men tushunmaydigan tillardagi kitoblar bisyor edi. Men o‘zbek, fors, afg‘on va ingliz tillarida yozilgan kitoblarni o‘qir, ammo ko‘piga tushunmasdim. Bu mutolaalar meni ish boshqaruvchining zug‘umidan ham qutqardi. U mening kitob o‘qib o‘tirganimni ko‘rganida, ko‘rmaslikka olib o‘tib ketadigan bo‘ldi.

Men tinmay kitob o‘qirdim. Tibbiyot, biznes, tarixga oid kitoblarning jinnisiga aylandim. Psixologiyaga muhabbat qo‘ydim! Shunday qilib, itboqar, bo‘lib ishlagan olti yilim hayotim poydevorini ilm bilan ko‘tarishga imkon berdi. Bu orada otam Oyshani kuyovga uzatdi. Singlim hali yosh edi. Ammo kuyov Buxorodan kelgan, biz kabi o‘zbek oilasi bo‘lgani uchun, otam sovchilarga yo‘q deyolmadi. Kuyovning yoshi singlimdan 12, mendan 10 yosh katta edi. Yigit ko‘p yillar buxorolik qiz axtarib, uylanmay yurgan ekan. Kuyovning yoshi katta bo‘lsa ham, mendan yuqoriga chiqmay o‘tirardi. Ular ko‘p o‘tmay Oyshani olib Turkiyaga ko‘chib ketishdi. Men batamom yolg‘izlanib qoldim!

Shu yili xo‘jayin Angliyaga ketadigan bo‘ldi. U meni ham o‘zi bilan olib ketmoqchi edi. Ammo baxtsiz hodisa yuz berib, sexga o‘t ketdi. Ish boshqaruvchi ham, xo‘jayin ham, uning iti ham halok bo‘ldi. U yerda ishlaydiganlardan 38 ta bola tirik qoldi, xolos.

Bu fojiadan keyin bu yerda qololmasligimni bildim. Qanday qilib bo‘lsa ham, Yevropaga ketish uchun yo‘l qidira boshladim. Tilni yaxshi bilganim uchun meni bir ovropalik savdogar ishga oldi. U gazlama savdosi bilan shug‘ullanar, gazlama orasiga esa turli og‘ularni joylab Eronga, u yerdan Yevropaga o‘tkazardi. O‘ta past odam bo‘lib, arzimagan pul evaziga meni eshakdek ishlatardi. Uning firmasi orqali chetga chiqish mumkin ekanligi uchungina, tishimni-tishimga qo‘yib, qulay vaqt kelishini kutib yurdim. U kechasi bilan uxlamay hisob-kitob qilishga majbur qilar, buning uchun oyiga 25 dollar berardi, xolos.

Men kutgan vaqt bir yildan so‘ng keldi. U payt men 18 yoshda edim. Savdogarning eronlik xotini tug‘adigan bo‘lib, Yevropaga meni jo‘natadigan bo‘ldi. Chunki men hisob-kitobga uning o‘zidan ham pishiqroq edim.

Shunday qilib yo‘lga otlandim.

Turkiyaga yetib borgach, uning gazlama orasidagi barcha og‘ularini balchiqqa uloqtirdim, so‘ngra qimmat gazlamalarni sotib, Italiyaga, u yerda ozroq ishlagach, ancha yo‘l bosib Angliyaga yetib bordik. U yerda ikki oy turib, AQSHga kemada jo‘nadim.

AQSHga kirib kelganimda tushlik qilishga ham pulim yo‘q edi. O‘lguday och edim. Necha kunlar plakatlarga to‘la ko‘chalarda ish qidirib, itday izg‘ib yurdim. Qahraton sovuq, muttasil ochlik va uyqusizlikdan ko‘zlarim qizarib, yuzlarim ko‘karib, g‘alati donachalar bosib ketdi. O‘sha kunlarning birida Xudoyimning o‘zi meni keksa Richerga duch qildi. U mening tovuqday betartib axlat idishlarini titishimni ko‘rib, jahli chiqdi. Keksa Richer menga bu “soha”ning ham o‘ziga xos sirlari borligini aytib, qaysi xaltani ochishni-yu, qaysilariga umuman tegmaslikni, bu befoyda ekanligini o‘rgatdi. Uysizligimni bilib, kulbasidan joy berdi. Keksa Richerning na xotini, na bolalari bor edi. Ichkilik tufayli yaqinlari uni tashlab ketishgan. U tuni bilan ichar, ho‘ngrab yig‘lardi. Ammo tongda tetik turar, hech nima bo‘lmaganday men bilan birga “ishga” otlanardi. Biz kun bo‘yi axlat idishlarni titib, kechasi ancha-muncha “boyib” kulbaga qaytardik. Ammo tonglarning birida keksa Richer uyg‘onmadi. Qabr toshiga o‘zi vasiyat qilgan: “Keksa Richer sizlarni juda yaxshi ko‘radi” – degan so‘zlarni yozdirib qo‘ydim. Keksa Rechir qachonlardir xotini yo farzandlari uni axtarib kelishiga ishonardi.

Shundan so‘ng bor pullarimni yig‘ib, keksa Richerdan meros qolgan kulbani ham sotib, o‘z savdo ishlarimni boshladim. Ammo raqobatchilar meni “yanchib” tashlashdi. Olti oy o‘tmasdan bankrot bo‘ldim, bu ham yetmaganday, ham uysiz, ham bir chaqasiz qoldim. Ammo xorlik ustun kelgan kunlarda orzularimni o‘ldirmadim, ularni asrab-avayladim, kurashdim.
Otam bu payt Oyshalarning Istanbuldagi uyiga ko‘chib bordi.

Keyinchalik ochgan sexim hali bir yoshga to‘lmasidan bankrotga uchradi. Banklar qarzini so‘rab qo‘ymasdi. Men eski ishimning azasini tutmay, yangi ish boshlar, biri bo‘lmasa, bir meni boy qilishiga ishonardim. Eng oxiri, reklama qog‘ozlar ishlab chiqaradigan kichkina tipografiya ochdim. U ham besh oydan so‘ng kasodga uchradi. Men xatolarim ustida qattiq ishladim. O‘qigan kitoblarimdan olgan xulosalarimni amalda qo‘lladim.

Men yana reklama qog‘ozlari bilan shug‘ullana boshladim. Asta-sekin mijozlarim soni ortib bordi. Men esa tunu kun mehnat qilar, ishxonada uxlab, shu yerda tamaddi qilardim! Va nihoyat, men birinchi marta o‘zimning korxonam uchun ishchi yolladim – ular Hindiston va Xitoydan kelgan talaba yigitlar edi. Biz uchalamiz tinmay mehnat qilib, haftasiga 50 dollar oladigan ishimizni, haftasiga 50 ming dollar oladigan katta firmaga aylantirdik.

Biz birinchilardan bo‘lib, bozor televideniyasini rivojlantirishga harakat qildik va buning uchun katta kredit olib, ish boshladik. Bu “TV–bozor” menga kutilmaganda ulkan boylikni, qudratni olib keldi. Ammo shunda ham men hali maqsadimga yetmaganimni bilardim! Biz dvigatellar ishlab chaqirishni boshladik va tez orada dunyo bozoriga chiqib bordik. Ikkinchi yildanoq jahon bozorida bizning dvigatellarga talab oshib, 20 dan ortiq mamlakat bilan shartnoma imzolashga erishdik. Bu bitimlarni tuzib, Floridadagi vellamga qaytgan kunim onam Buxorodan olib kelgan taroqqa qarab, o‘kirib-o‘kirib yig‘laganman.

U paytga kelib turk xotinim menga to‘rt nafar o‘g‘il tuhfa qilgandi. Otam nevaralar bag‘rida, yaxshi kunlarimni ko‘rib bandalikni bajo keltirdi. Bolalarim o‘zbekcha, turkcha bilishadi, ammo inglizcha yozishadi, gaplashishadi… Men esa… Men…

***

Mana, necha yillar o‘tib, nihoyat, qartayib-churtaygan paytimda Buxoroga – ota vatanimga keldim! 90 yil o‘tib…

Ey Buxoro!!! Mana, men! Mana, men!

Sening o‘g‘ling, farzanding, 90 yil o‘tib bag‘ringga keldi!

Nega shu paytgacha qaytmadim?! Oliy orzuyimni, onamning, otamning armonini nega shu paytgacha bajarmadim?! Nimaga?

Yoki xayolimdagi, orzuyimdagi, o‘sha bulutlar orasidagi go‘zal, mo‘jizali Buxoroni yo‘qotib qo‘yishdan qo‘rqdimmi?!

Bilasizmi, kelish tugul, men xaritadan O‘zbekistonga qarashga ham qo‘rqardim! O‘ylarim sarob bo‘lib chiqishidan qo‘rqardim, Buxoro yo‘q bo‘lib chiqishidan qo‘rqardim. Eh… Bu yerga kelib akamni, onamni topolmaslikdan qo‘rqardim! Axir, ular men uchun shu mahalgacha Buxoroda edilar, Buxoroda!!!

Ey Buxoro! Bundan 90 yil avval quvg‘in qilingan o‘g‘ling keldi… Millionlab surgun qilingan farzandlaringdan bir vakil bo‘lib keldi… Ochlikdan, quvg‘inlikdan, tutqunlikdan, xorlikdan, zo‘rliklardan o‘lib ketmagan, bariga chidagan bolang keldi. U tirik!

Vatan nimaligini bilmay ketgan chaqaloq, onasi, akasi, o‘tmishi, vatanini qidirib keldi. Ey ota yurt, bilasanmi, qanchadan-qancha odamlar senga yetolmay, seni bir bora ko‘rishga zor bo‘lib, bevatan, bekafan o‘lib ketdilar. Ular bir bora Vatanning musaffo havosini sipqarish uchun, bir marta ko‘hna g‘ishtlaringni silash uchun jonlarini berishga ham tayyor edilar.

Xudo ularga qancha ko‘z yosh bergan bo‘lsa, sen uchun to‘kishdi, qancha so‘z bergan bo‘lsa, seni duo qilishdi. Ey Vatan, Vatan, sen ularni unutmadingmi?! Meni taniyapsanmi?!

Mening ikki kunim bor! Bir yilning faqat ikki kunida menga hech kim ish haqida gapirmaydi, chunki shu kunlarda men bayram qilaman! O‘sha kunlari mening uyim oldida beva-bechoralar uchun ehson beriladi. Xayriya aksiyalari o‘tkaziladi, millionlab pullarni ular uchun sarf aylayman. Har yili shu ikki kun kelishini kutib yashayman. Bu kunlarning biri – 24 iyul. O‘sha kuni mening “Moviy ko‘zli burgutlar” deb nomlangan dvigatel zavodim ishga tushgan va men bu kunni azoblarim arigan, irodam g‘alaba qilgan, akam, onam, otam va singlimning orzulari ushalgan kun sifatida nishonlayman!

Ikkinchi kunim– 2 iyun! Nyu-York osmonida, BMT binosi oldida ozod va hur O‘zbekiston bayrog‘i hilpiragan kun!

O‘sha kuni men “Moviy ko‘zli burgutlar” zavodimning filialini Yaponiyada ochish uchun bitim imzolashga ketayotgandim. BMT qarorgohi yonidan o‘tayotib ko‘zim Unga tushdi-yu, qotib qoldim. Ko‘zlarimdan yosh otilib chiqib ketdi. Pokistonlik sherigim hayron bo‘lib nimalar deganini eslolmayman… U yo‘lning o‘rtasida tushib, qayerga ketib qolganimni ham bilmay qoldi. O‘sha kuni BMT osmonida bir ulkan, yorug‘ , nurli hislarga to‘la xalqimni ko‘rdim. Men o‘zbekcha gapirgancha, tiz cho‘kib yig‘lar, o‘tkinchilarning turtishlari-yu, yelkamga tasalli uchun qo‘l cho‘zishlariga parvo qilmas, onamga o‘xshab o‘kirib-o‘kirib, yelkalarim uchib-uchib, baqirib-baqirib, siltanib-siltanib yig‘lardim. Shuncha yillik musofirligim, onam, akam, millionlab surgunga uchragan xalqim vakillari uchun yig‘lardim.

Bayroq tepada edi, osmonda edi, ammo u shunchalik menga yaqin ediki, uning mayin tolalari yuzimni silar, ko‘z yoshimni artardi… Eh Vatanim!

Bu Vatan bayrog‘i edi..

Men vatanimning nafasini tuyganday, Buxoroni quchganday bo‘ldim…

Otajon, Floridadagi siz yotgan qabrning tuprog‘idan olib kelib Buxoro uzra sochyapman! Bu tuproq ota-bobolaringiz tuprog‘i bilan qovushadi. Baxtiyormisiz, ota? Mana, vatanning tuprog‘iga, changlariga–ajdodlar xokiga, shamollarga qo‘shilib uching! Minoralar ustidagi laylaklar bilan birga parvoz qiling, Otajon!

Ona, men bekorga shuncha vaqt kutgan ekanman. Ertaroq bu yerga kelsam, bu tuproqni quchsam bo‘larkan… Sizning Buxoroga ketganingizni bilardim-u, u yerdan topolmasam nima qilaman deb o‘ylardim?! U yerga borsam, bolalikdagi beg‘ubor tasavvurlarim to‘zg‘ib ketishidan, shubhalar orasida qolib ketishidan qo‘rqardim. Bekor qilgan ekanman! Nega buncha kutdim?

Buxoroda ekan hamma-hammasi… Barchasi menga, bolalarim, nevaralarimga o‘xsharkan – yuz-ko‘zi, qoshu ko‘zi… Bolalarim…
Onajon, akajon, Buxoro minorasiga chiqib, siz yotgan Afg‘oniston tarafga qarab turibman… Tinch yotibsizmi? Endi xursandmisiz?!

Mana, orzularingiz ushaldi, 90 yil o‘tib bo‘lsa ham! Orzular o‘lmaydi, o‘lmaydi… Daryolar oqishdan tinmaganidek, shamollar, nurlar, gullar, bahorlar mangu yashnaganiday chin orzular ham o‘lmaydi, onajon! Osmondan goh qor, goh yomg‘ir yog‘averganiday, oy-yulduzlar mangu boqaverganday, qishda uchib ketgan qushlar, bahorda qaytganday men ham qaytdim, qaytdim!!!

Dunyoda nima ko‘p zulm ko‘p, balo ko‘p, jazo ko‘p! Ammo begunoh insoni majburlab, o‘zi tug‘ilgan joyidan, o‘zining elidan, o‘zining nonidan, o‘zining suvidan, o‘zining daraxtlaridan, o‘zining daryolaridan, o‘zining mozoridan, o‘zining mehrobidan, o‘zining osmonidan ayirish, judo qilish dunyodagi eng katta gunoh, dahshat va shafqatsizlarcha qilingan vahshiylikdir!

***

Sizni topdim, ona! Bozorda ko‘rdim! Do‘ppi sotayotgan ekansiz! O‘xshatdimmi dedim, yo‘q, quyib-quygan o‘zingiz… Keyin qishloqlarda ham ko‘rdim! Buxoroda bir emas, ko‘p ekansiz Onajon! Ha, aniq siz!

Akamni ham ko‘rdim! Ayniqsa, novvoy yigit akamga Hasan Husaniga o‘xshaganday o‘xshaydi. Qoyil!

Lekin aldagan ekansiz, ona, aldagan ekansiz! Buxoro qanday joy deganimda: “Yig‘lamaydigan joy” degandingiz… Men kelganimdan beri yig‘layapman… Sizni ko‘rib, akamni ko‘rib, Buxoroni ko‘rib…

Mana, men keldim, Buxoro!!! 90 yil o‘tib…

04

(Tashriflar: umumiy 1 487, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring