Luqmon Bo’rixon. Tokchadagi tumor

02ф
Маҳобатли, муҳташам музейнинг озғин – ориқ, сап –сариқ, сийрак сочлари силлиқ таралган, бет, бўйин терилари буришган кекса ходимаси султон ва малика муҳаббати ҳақида ҳикоя қиларкан товуши алланечук титраб чиқар, тевараги ойнабанд,ичи митти чироқлар ёғдусидан чарағон токчада куйиб қовжираган юракдек тиришибгина ётган экспонатга тез – тез ишора қилар, гоҳо,ўз айтганларини пайдар – пай таржима қилаётган толхивичдек йигитга, гоҳо ҳазин ҳикоятдан ҳаяжонланиб сомеъ қотган, кўргазмадаги қоп қора тумор томон ихлос ва эҳтиром ила интилаётган сайёҳларга сарғиш гардишли кўзойнаги остидан саволчан – синовчан тикилар эди.

012

09
Луқмон Бўрихон
ТОКЧАДАГИ ТУМОР
01

  Луқмон Бўрихон 1965 йил 15 февралда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги Янгиобод қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1991). Дастлабки ҳикояси — «Бегимқул катта» (1987). Шундан сўнг ёзувчининг «Ялангоёқ» (1991), «Сирли муаллим» (2006), «Хизр кўрган йигит» (2007) cингари ҳикоя ва қиссалар тўпламлари нашр этилган. «Жазирамадаги одамлар» (2005) романи муаллифи.

01

034Не–не шонли, шавкатли, зафарли ҳарбу зарбларидан кўра никоҳида биргина аёл бўлганлиги боис тарихда ёруғ ном қолдирган салжуқлар султони Салими Соний суронли кунларнинг бирида галдаги жангу жадалга отлана туриб суюли рафиқаси Дуйгу бегимга қадим момоларидан мерос қолган , айтишларича, сирли бир тарзда жуфтларнинг муҳаббатига муҳаббат, садоқатига садоқат қўшадиган муқаддас туморни тақдим этган, аммо ўша муҳоробадан ўзи омон қайтмаган, бутун мамлакат буюк ҳукмдорга мотам тутган, Дуйгу бегим эса эрининг қурбон бўлганига ишонмай не – не аслзодалар юборган шилқим совчиларни рад этиб, охир – оқибат саройдан бош олиб чиқиб кетган, мамлакат сарҳадларида қўним топиб, шу жойда момолардан мерос ўша муқаддас туморни кўсига маҳкам босганича эрини гирёна кутган, шу алфозда ўн икки йил, умрининг сўнгги нафасигача овлоқ адирларда саросар кезиниб йўл қараган, жони чиқар пайти ҳам эрининг номини оҳиста пичирлаб, чеҳраси алланечук нурланиб, бутун вужудидан хушбўй ҳидлар таралиб турган, ривоятларга кўра, қавму қариндошлар, оқсочу хизматкорлар марҳума малика кўксида маҳкам тутган ўша муқаддас туморни уч кун урина – урина аранг бармоқлари орасидан ажратиб олишган, ва эъзозу эҳтиром ила пойтахтга жўнатишган, ўша жажжигина табаррук тумор султон саройининг энг бебаҳо мулки, илоҳий муҳаббатнинг тимсоли сифатида йиллар, асрлар бўйи кўз қорачиғидек сақланган экан.
Маҳобатли, муҳташам музейнинг озғин – ориқ, сап –сариқ, сийрак сочлари силлиқ таралган, бет, бўйин терилари буришган кекса ходимаси султон ва малика муҳаббати ҳақида шу тахлит ҳикоя қиларкан товуши алланечук титраб чиқар, тевараги ойнабанд,ичи митти чироқлар ёғдусидан чарағон токчада куйиб қовжираган юракдек тиришибгина ётган экспонатга тез – тез ишора қилар, гоҳо,ўз айтганларини пайдар – пай таржима қилаётган толхивичдек йигитга, гоҳо ҳазин ҳикоятдан ҳаяжонланиб сомеъ қотган, кўргазмадаги қоп қора тумор томон ихлос ва эҳтиром ила интилаётган сайёҳларга сарғиш гардишли кўзойнаги остидан саволчан – синовчан тикилар эди. Томоша талаблар тўпида тойранглаб турган кенгсойлик Тўлқин фермер ачинганнамо бош чайқаб, устма -уст уфф тортиб, эҳ, аттанг деб юборди. Ходиманинг титроқ тўла товушиданми ё ўн икки кундан бери олисларда юриб, юртни қумсаганиданми, ишқилиб, не – не севги саҳналари, ишқ можаролари акс этган ҳинд киноларини кўравериб дийдаси қотиб кетган бўлишига қарамай, маҳзун муҳаббат ҳақидги ҳикоядан у хийла таъсирланган эди . Ҳатто, қирма – қир гирёна чарх уриб юрган бева малика хаёлида икки – уч жонланиб, кўзларига беихтиёр ёш қалқиб чиққандай бўлди, узоқ бу мамлакатга бир гуруҳ тадбиркорлар билан пишлоқ ишлаб чиқариш сир – асрорларини ўрганиш мақсадида келганини ҳам, серҳашам бу музейга ҳамроҳларининг қутқусига учиб, чала – ярим кийинган сатангларни томоша қилиш илинжида кириб қолганини ҳам унутди. Эсу дарди чарағон ойна остида маҳкам тугилган муштдек бўлиб ётган буюк муҳаббат, чексиз садоқат тимсолида бўлиб қолди.
“ Мен шу туморни сотиб олмоқчиман”,- деди у бир пайт таржимонга юзланиб.

Таржимон Тўлқинга бир зум тажжубланиб тикилиб турдида, сўнг унинг сўзларини ходимага етказди. Қари ходима мулойим жилмайиб, вазмин бош чайқади. Чиял бозорида савдолашавериб кўзи пишиб кетган Тўлқин фермер кампирнинг табассумини,бўшашибгина бош чайқашини ўзича тушиниб баттар қизишди.
“ Икки баробар ҳақ тўлайман!”- деб гувранди.

Гап нима ҳақда бораётганини англаган баъзи бир чет сайёҳлар Тўлқин фермерга таажжубланиб тикилишар, ҳойнаҳой, юксак инсоний туйғуларни қадрлай билувчи шундай танти бойваччани кўрибтуришганидан ҳайратланишар,ўзаро хайрихоҳ пичирлашар эди. Ҳатто, унда – мунда фотоанжомлар кенгсойлик меҳмон томон тўғирланиб бир икки ёғду сочиб олди. Шу пайт бошқа бир музей экспонати қошида гангиб турган пишлоқпарвар гуруҳ раҳбари эс – ҳушини йиғиб олдию Тўлқин фермернинг қўлидан тортқилаб уни ташқарига олиб чиқди.

“ Маст – паст эмасмисиз, ака, — деб ғазабини сочди раҳбар, -нима қилганингиз бу? Бутун дунёга шарманда қилдингиз — ку?”
Тўлқин ширакайф одамдай сузилди.
“Хотинимга совға қилмоқчи эдим”.
“ Ўша матоҳнинг нархини биласизми ўзи? Лўли аёллар тўп – тўп сотиб юрадиган туморлардан деб ўйлаяпсиз, шекилли.”
Тўлқин фермер саросималаниб қолди. У чинданҳам зиёратгоҳлар теварагида хотин – халаж сотиб юрадиган, ҳар хил бало қазодан сақлашга кафолат берувчи тақинчоқларни эслаб, ойнабанд токчадаги тумор баҳоси ҳам худди ўшаларникидай деб чамалаган эди.
“ Ҳа, шундай”, — деб ғудранди Тўлқин.
Раҳбарнинг фиғони фалакка чиқди.

“Камида уч – тўрт миллион дўллур туради у! Анови аёл каттаконлари билан маслаҳатлашиб, бўпти, сотамиз деб қолганида нима қилардингиз, а, нима қилардингиз? Ҳазиллашдим дермидингиз. Бу ерда унақа ҳазиллар кетмайди, ака. Ё сўзингизда турасиз ё… майнавозчилик қилганингиз учун мўмайгина жарима тўлайсиз, жаримаси ҳам юз минг, икки юз минг дўллурдан кам эмас…”

Гуруҳ раҳбарининг лаб – даҳанидан учаётган бу иддаолар бошқа пайт балки қоқ қаншарга тушган муштдай Тўлқиннинг кўзлардан кўкиш- яшил учқунлар сачратиб юборар, сафарга отланишган куни ташкилотчилар майда- чуйда харажатларга деб улашган кенгсойлик тадбиркор емай- ичмай чўнтагида асраб юрган уч – тўрт тангани маҳкам чангаллаган кўйи орқасига қарамай қочиб қоларди. Аммо айни чоғда Тўлқин фермер худди жодулангандай кўзлари чақнаб, мийиғида илжайиб, жунунваш тебранибтурар, кўз ўнгида сершовқин, серҳашам шаҳар, маҳобатли, муаззам музей эмас, бир бирига елка тутиб кетган беҳудуд қир- адирлар, бийдай дала- дашт ястаниб кўринар, оппоқ юзига ҳасрат соя солган, қуралай кўзлари мунгли, жингил сочлари тўзғин, мотамсаро малика у томон талпинаётгандек туюлар, юрагида соғинчга, интиқ –интизорликка ўхшаш ҳислар чарх уриб айланар, тинимсиз танбеҳ бераётган раҳбарнинг, қўлларидан тортқилаб уни автобус томон етаклаётган ҳамроҳларининг гап – сўзлари ҳам қулоғига бамисли олис – олислардан, элас –элас, узук – юлуқ эшитилар эди. Не тонгки, сафар муддати тугаб, кечки пайт баҳайбат Боинг ўриндиқларига ястаниб ортга қайтишар экан ҳали – ҳануз ўша тилсимли,тотли туйғулар талошида тебраниб, ичу таши сержило ранглар жилвасидан ёришиб, гўёки учоқ ичида эмас, ўзи қанот чиқариб, укпар булутлар билан ўйнашиб, юлдузлар билан бўйлашиб парвоз этиб борарди.

Тун тимқора чодирини шоша пиша йиғиб теварак тиниқ тортаётган бир пайтда Тошкентга келиб қўнишди.Аэропорт ҳамишагидек гавжум. Баланд бино биқинидаги панжара ортида кутувчилар, хира киракашлар ғира – шира кўзга ташланади.
Тўлқин учоқда тузукроқ мизғий олмаган бўлса-да, ўзини тетик, бардам ҳис қилар, кўринган билан кўришгиси, қучиб ўпкиси келарди.

Кимдир уйқусираган товушда минғирлади:
“ Бола –чақага арзигулик совға –салом ҳам олалмадик. Юринглар, ҳозир тўппа тўғри Отчопар бозорига бориб у – бу нарса сотиб оламиз.”
“ Яхши таклиф бўлди -ку – я, — деди кимдир қитмирларча томоқ қириб, — амолекин Тўлқинбойни олиб бормаймиз. Худди музуйдагидай кўтара савдо қилсалар бизга ҳеч нарса қолмайди.”
Ўнгу сўлда пиқ пиқ кулгу саслари эшитилди.

Тўлқин ҳазил – ҳузулларга парво қилмади. У айни пайтда чиндан ҳам ўзини бой – бадавлат, қўли узун, тили узун ҳис этар, юриш – туришида, нигоҳларида алланечук виқор ва салобат шарпалари кезинарди. Шу сабабдан бўлса керак ҳамроҳлари билан Отчопар бозоридан совға –саломлик харид қилганида сотувчилар, тиқилинч автобусга ўтириб ўз туманига жўнаганида ҳайдовчилар, бошқа йўловчилар унга ажабсиниб, қизиқсиниб қараб –қараб қўйишарди.

“ Тўлқин ака, сафар сизга жуда ёқибди,- деди таниш киракаш уни туман марказидан қишлоғига элтиб қўяркан, — ўн икки кун ичида анча ўзгариб кетибсиз. Тўғриси, таниёлмай қолдим.”
Жаҳонгашта фермер эътирофларга илжайибгина бош ирғаб қўяр, кўрган кечирганлари ҳақида одатдагидек овозини баралла қўйиб гапирса, баралла кулса, гўё шундоққина кўз ўнгида товланиб, ораланиб турган ғоят нозик, ғоят нафис бир хилқатни чўчитиб юборадигандек, ўзи тубсиз зулмат қаърига қулайдигандек, бор бисотидан ажралиб қоладигандек т уюларди.

Кўп ўтмай Кенгсой дала дашти, баланд –паст қир – тепаликлар кўзга ташланиб қолди. Туйқус хаёлотида тағин тоғу тошлар оралаб гирёна юрган мотамсаро малика жонландию Тўлқиннинг тану жонига тотли титроқ таралди. Юраги гурс – гурс ура кетди.
“Шу ерда тўхтатиб юборинг,”- деди у ғудраниб.
“Нега?- ажабланди ҳайдовчи, — ҳали уйингизга анча бор –ку?”
“Сал пиёда юрмоқчиман, оёқнинг томири тортиб қолди.”
“Уйингизгача олиб бориб янгамдан суюнчи сўрайман дегандим-да.”
“Мен қир ошиб боргунча, бемалол хабар етказишга улгурасиз.”
“Келишдик,”- деб кулди ҳайдовчи.

Тўлқин фермер ғайри ихтиёрий бир тарзда, шоша –пиша машинадан тушиб қолди. Назарида ерга эмас бир парча булут устига оёқ босгандай ҳануз ҳаволаниб, боши андаккина айланиб турарди.
“Тўғри қилдим, — хаёлан ўз қилимишини ўзи оқлашга уриниди у, — анови тепаликдан липпа ошиб ўтсам, уйимнинг устидан тушиб бораман. Йўл- йўлакай лалмидаги экинимга кўз ташлайман.”

Кун асрдан оққан эди. Қиш қаҳридан эндигина қутилган қир – адирлар қуёшнинг илиқ тафтига яланғоч яғринларини топлаб ётарди. Нам тупорқ иси, кўклаб қолган майсалар ифори димоқларга хуш урилади.
Тўлқин сафар тўрвасини елкасига осиб, сон- саноқсиз мол –ҳол изи бўйлаб тепаликка кўтарила бошлади. Димоғи чоғ, кўнгли кундай равшан эди. Нагоҳ шундоққина қаршисида, қирнинг қиясида, қайларгадир интиқ – интизор тикилиб жонсарак турган аёлга кўзи тушдию таққа тўхтади. Тўхтадию ўз хотинини таниб хаёллари алғов -далғов бўлиб кетди.
“Ия, Матлуба – ку?! Бу ерда нима қилиб юрибди? Ё бирор мол –пол житириб қўйдимикан?”

Балки бошқа пайт бўлганида кўз ўнгида бадар кетган жонивори жонланиб жаҳонгашта фермер жаҳл отига миниб, жундор бармоқлари беихтиёр муштга айланарди. Аммо айни чоғда… гўё қуввати қуриб қўналғасига қўнаётган қуёш Матлубанинг сарғиш –қизғиш либосидан қайта чўғланаётгандек, чўғлар бир парча алангага айланиб унинг юрагига ҳарорат, ҳаловат индираётгандек туюлди. Беихтиёр қийқириб хотини томон имо- ишора қилишга чоғланди. Бироқ аёл шартта ортига бурилдию қияликдан пилдираганича эниб кетди. Тўлқин қичқириб уни тўхтатмоқчи бўлди, лекин ҳаяжондан қурқшаб қолган бўғзидан бор- йўғи заифгина ҳирқироқ ситилиб чиқди. У сафар халтасини орқалаганича жон ҳолатда қир устига интилди. Бироқ улгурмади. Тўлқин тепалик устидан ҳансираган кўйи кўз ташлаганда хотини аллақачон ҳовлисида куймаланиб турганини кўрди.

Балки бошқа пайт бўлганида хотинининг бефаросатлигидан фиғони фалакка чиқиб, тишлари ғазабдан қайралиб, ортидан тошлар отиб қоларди. Аммо айни чоғда… пастга пилдирабгина Матлуба эмас, неча кунки кўз ўнгида жилоланиб, жилваланиб турган хилқат сарғиш – қизғиш этакларини силкитиб гўёки нозу истиғно билан ортидан чорлаб уйи томон эниб кетгандай туюлди. Юз – кўзига табассум қалқди. Юраги завқ – шавқдан ҳаприқди. Худди шу завқ – шавқ мавжида ҳовлисига қандай кириб борганини сезмай қолди.
— Ассалам…

Матлуба иккала қўлини ҳам кўксига қўйиб, негадир эрига эмас, унинг оёлари остига тикилган кўйи пешвоз чиқди. Тўлқин фермер бош ирғаб алик олган бўлди. Негадир илк марта қаллиғи билан учрашувга чиққан йигитдай довдиради. Хотини илдам интилиб эрининг қўлидаги тўрва – халтани олаётган пайт ногоҳ кўзлар тўқнашдилар. Шундагина Тўлқин Матлубанинг қароғлари қувончданми, йиғиданми намиқиб, хира йилтиллаб турганини пайқади.

— Яхши ўтирибсиларми, — деб қўйди у пайабзалини ечиб ичкарига кираркан.
— Тузук…
— Боллар кўринмайди.
— Салимингиз қўзиларни ҳайдаб кетган, Сардор ҳали мактабдан қайтмади, йўл – йўлакай тоғамникига ҳам кириб чиқаман деганди.

Ахборот Тўлқиннинг қулоғига деярли кирмади. Ўз хонадонининг таниш, жуда таниш ҳидларидан боши айланиб кўзи тиниб кетди. Шоша -пиша уст кийимларини еча бошлади. Шу лаҳза хона тўридаги, бир пайтлар Матлуба сепига қўшиб олиб келган, олди ойнабанд сервантга кўзи тушди. Кўзи тушдию ўша музейда кўргани, ёп – ёруғ ойнабанд токча туйқус хаёлида жонланди. Беихтиёр сервант томон юрди у. Қизиқсиниб ойина ортига қаради. Қарадию бир қалқиб тушди. Ахир ойина ортидаги сервант токчасида худди ўша музейда кўргани каби, олачипор боғичли, қоп – қора қопламали тумор эшилиб ётарди! Тўлқин кўзларига ишонмагандек қароғларини катта – катта очди. Тани жонига титроқ иниб ойина ортига яна диққат билан қаради. Рост! Худди ўша туморга ўхшайди!
— Матлуба!- беихтиёр қичқириб юборди Тўлқин.

Эрининг оёқ кийимини артиб даҳлизга қўйётган хотини чопқиллаб кириб келди.
— Лаббай.
Тўлқин ботинмайгина сервант токчасига ишора қилди.
— Анови нима?
— Ҳа, уми, — деди Матлуба ўша томон ажабсиниб кўз ташларкан, — тумор-ку.
— Тумор?! Қанақа тумор?
Матлуба оҳиста пичирлади.
-Раҳматли қойнанам берганди… момолардан қолган мерос экан.
-Нега у бу ерда ётибди? Тумор тақиб юрилмайдими?
— Тақиб юрардим, — деб пичирлади Матлуба, — ўзингиз… бунингдан тер иси келаркан, ечиб ташла, дегандингиз- ку, шунинг учун … шу ерда ётибди.
— Йўғ-е…

Тўлқин сервант ойинасини очиб туморни қўлига олди. Бироз иккиланиб тургач, уни секин ҳидлаб кўрди.
— Чин, — деди бурнини жийириб, — бунингдан тер иси келаркан. Майли, ҳозирча шу ерда тура турсин.
— Ихтиёрингиз, — деб пичирлади Матлуба.

Тўлқин ер остидан секин хотинига қараб жилмайди. Айни чоғда… қаршисида нозланиб, солланиб турган аёл неча кундан бери хаёлида жонланиб, орому тинчини ўғрилаган маликанинг ўзгинаси эканлигига сўзсиз иқрор бўлди.

014

09
Luqmon Bo’rixon
TOKCHADAGI TUMOR
01

Luqmon Bo’rixon 1965 yil 15 fevralda Qashqadaryo viloyatining G’uzor tumanidagi Yangiobod qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tamomlagan (1991). Dastlabki hikoyasi — «Begimqul katta» (1987). Shundan so’ng yozuvchining «Yalangoyoq» (1991), «Sirli muallim» (2006), «Xizr ko’rgan yigit» (2007) cingari hikoya va qissalar to’plamlari nashr etilgan. «Jaziramadagi odamlar» (2005) romani muallifi.

01

034Ne–ne shonli, shavkatli, zafarli harbu zarblaridan ko’ra nikohida birgina ayol bo’lganligi bois tarixda yorug’ nom qoldirgan saljuqlar sultoni Salimi Soniy suronli kunlarning birida galdagi jangu jadalga otlana turib suyuli rafiqasi Duygu begimga qadim momolaridan meros qolgan , aytishlaricha, sirli bir tarzda juftlarning muhabbatiga muhabbat, sadoqatiga sadoqat qo’shadigan muqaddas tumorni taqdim etgan, ammo o’sha muhorobadan o’zi omon qaytmagan, butun mamlakat buyuk hukmdorga motam tutgan, Duygu begim esa erining qurbon bo’lganiga ishonmay ne – ne aslzodalar yuborgan shilqim sovchilarni rad etib, oxir – oqibat saroydan bosh olib chiqib ketgan, mamlakat sarhadlarida qo’nim topib, shu joyda momolardan meros o’sha muqaddas tumorni ko’siga mahkam bosganicha erini giryona kutgan, shu alfozda o’n ikki yil, umrining so’nggi nafasigacha ovloq adirlarda sarosar kezinib yo’l qaragan, joni chiqar payti ham erining nomini ohista pichirlab, chehrasi allanechuk nurlanib, butun vujudidan xushbo’y hidlar taralib turgan, rivoyatlarga ko’ra, qavmu qarindoshlar, oqsochu xizmatkorlar marhuma malika ko’ksida mahkam tutgan o’sha muqaddas tumorni uch kun urina – urina arang barmoqlari orasidan ajratib olishgan, va e’zozu ehtirom ila poytaxtga jo’natishgan, o’sha jajjigina tabarruk tumor sulton saroyining eng bebaho mulki, ilohiy muhabbatning timsoli sifatida yillar, asrlar bo’yi ko’z qorachig’idek saqlangan ekan.
Mahobatli, muhtasham muzeyning ozg’in – oriq, sap –sariq, siyrak sochlari silliq taralgan, bet, bo’yin terilari burishgan keksa xodimasi sulton va malika muhabbati haqida shu taxlit hikoya qilarkan tovushi allanechuk titrab chiqar, tevaragi oynaband,ichi mitti chiroqlar yog’dusidan charag’on tokchada kuyib qovjiragan yurakdek tirishibgina yotgan eksponatga tez – tez ishora qilar, goho,o’z aytganlarini paydar – pay tarjima qilayotgan tolxivichdek yigitga, goho hazin hikoyatdan hayajonlanib some’ qotgan, ko’rgazmadagi qop qora tumor tomon ixlos va ehtirom ila intilayotgan sayyohlarga sarg’ish gardishli ko’zoynagi ostidan savolchan – sinovchan tikilar edi. Tomosha talablar to’pida toyranglab turgan kengsoylik To’lqin fermer achingannamo bosh chayqab, ustma -ust uff tortib, eh, attang deb yubordi. Xodimaning titroq to’la tovushidanmi yo o’n ikki kundan beri olislarda yurib, yurtni qumsaganidanmi, ishqilib, ne – ne sevgi sahnalari, ishq mojarolari aks etgan hind kinolarini ko’raverib diydasi qotib ketgan bo’lishiga qaramay, mahzun muhabbat haqidgi hikoyadan u xiyla ta’sirlangan edi . Hatto, qirma – qir giryona charx urib yurgan beva malika xayolida ikki – uch jonlanib, ko’zlariga beixtiyor yosh qalqib chiqqanday bo’ldi, uzoq bu mamlakatga bir guruh tadbirkorlar bilan pishloq ishlab chiqarish sir – asrorlarini o’rganish maqsadida kelganini ham, serhasham bu muzeyga hamrohlarining qutqusiga uchib, chala – yarim kiyingan satanglarni tomosha qilish ilinjida kirib qolganini ham unutdi. Esu dardi charag’on oyna ostida mahkam tugilgan mushtdek bo’lib yotgan buyuk muhabbat, cheksiz sadoqat timsolida bo’lib qoldi.
“ Men shu tumorni sotib olmoqchiman”,- dedi u bir payt tarjimonga yuzlanib.

Tarjimon To’lqinga bir zum tajjublanib tikilib turdida, so’ng uning so’zlarini xodimaga yetkazdi. Qari xodima muloyim jilmayib, vazmin bosh chayqadi. Chiyal bozorida savdolashaverib ko’zi pishib ketgan To’lqin fermer kampirning tabassumini,bo’shashibgina bosh chayqashini o’zicha tushinib battar qizishdi.
“ Ikki barobar haq to’layman!”- deb guvrandi.

Gap nima haqda borayotganini anglagan ba’zi bir chet sayyohlar To’lqin fermerga taajjublanib tikilishar, hoynahoy, yuksak insoniy tuyg’ularni qadrlay biluvchi shunday tanti boyvachchani ko’ribturishganidan hayratlanishar,o’zaro xayrixoh pichirlashar edi. Hatto, unda – munda fotoanjomlar kengsoylik mehmon tomon to’g’irlanib bir ikki yog’du sochib oldi. Shu payt boshqa bir muzey eksponati qoshida gangib turgan pishloqparvar guruh rahbari es – hushini yig’ib oldiyu To’lqin fermerning qo’lidan tortqilab uni tashqariga olib chiqdi.

“ Mast – past emasmisiz, aka, — deb g’azabini sochdi rahbar, -nima qilganingiz bu? Butun dunyoga
sharmanda qildingiz — ku?”

To’lqin shirakayf odamday suzildi.
“Xotinimga sovg’a qilmoqchi edim”.
“ O’sha matohning narxini bilasizmi o’zi? Lo’li ayollar to’p – to’p sotib yuradigan tumorlardan deb o’ylayapsiz, shekilli.”
To’lqin fermer sarosimalanib qoldi. U chindanham ziyoratgohlar tevaragida xotin – xalaj sotib yuradigan, har xil balo qazodan saqlashga kafolat beruvchi taqinchoqlarni eslab, oynaband tokchadagi tumor bahosi ham xuddi o’shalarnikiday deb chamalagan edi.
“ Ha, shunday”, — deb g’udrandi To’lqin.
Rahbarning fig’oni falakka chiqdi.

“Kamida uch – to’rt million do’llur turadi u! Anovi ayol kattakonlari bilan maslahatlashib, bo’pti, sotamiz deb qolganida nima qilardingiz, a, nima qilardingiz? Hazillashdim dermidingiz. Bu yerda unaqa hazillar ketmaydi, aka. YO so’zingizda turasiz yo… maynavozchilik qilganingiz uchun mo’maygina jarima to’laysiz, jarimasi ham yuz ming, ikki yuz ming do’llurdan kam emas…”

Guruh rahbarining lab – dahanidan uchayotgan bu iddaolar boshqa payt balki qoq qansharga tushgan mushtday To’lqinning ko’zlardan ko’kish- yashil uchqunlar sachratib yuborar, safarga otlanishgan kuni tashkilotchilar mayda- chuyda xarajatlarga deb ulashgan kengsoylik tadbirkor yemay- ichmay cho’ntagida asrab yurgan uch – to’rt tangani mahkam changallagan ko’yi orqasiga qaramay qochib qolardi. Ammo ayni chog’da To’lqin fermer xuddi jodulanganday ko’zlari chaqnab, miyig’ida iljayib, jununvash tebranibturar, ko’z o’ngida sershovqin, serhasham shahar, mahobatli, muazzam muzey emas, bir biriga yelka tutib ketgan behudud qir- adirlar, biyday dala- dasht yastanib ko’rinar, oppoq yuziga hasrat soya solgan, quralay ko’zlari mungli, jingil sochlari to’zg’in, motamsaro malika u tomon talpinayotgandek tuyular, yuragida sog’inchga, intiq –intizorlikka o’xshash hislar charx urib aylanar, tinimsiz tanbeh berayotgan rahbarning, qo’llaridan tortqilab uni avtobus tomon yetaklayotgan hamrohlarining gap – so’zlari ham qulog’iga bamisli olis – olislardan, elas –elas, uzuk – yuluq eshitilar edi. Ne tongki, safar muddati tugab, kechki payt bahaybat Boing o’rindiqlariga yastanib ortga qaytishar ekan hali – hanuz o’sha tilsimli,totli tuyg’ular taloshida tebranib, ichu tashi serjilo ranglar jilvasidan yorishib, go’yoki uchoq ichida emas, o’zi qanot chiqarib, ukpar bulutlar bilan o’ynashib, yulduzlar bilan bo’ylashib parvoz etib borardi.

Tun timqora chodirini shosha pisha yig’ib tevarak tiniq tortayotgan bir paytda Toshkentga kelib qo’nishdi.Aeroport hamishagidek gavjum. Baland bino biqinidagi panjara ortida kutuvchilar, xira kirakashlar g’ira – shira ko’zga tashlanadi.
To’lqin uchoqda tuzukroq mizg’iy olmagan bo’lsa-da, o’zini tetik, bardam his qilar, ko’ringan bilan ko’rishgisi, quchib o’pkisi kelardi.

Kimdir uyqusiragan tovushda ming’irladi:
“ Bola –chaqaga arzigulik sovg’a –salom ham olalmadik. Yuringlar, hozir to’ppa to’g’ri Otchopar bozoriga borib u – bu narsa sotib olamiz.”
“ Yaxshi taklif bo’ldi -ku – ya, — dedi kimdir qitmirlarcha tomoq qirib, — amolekin To’lqinboyni olib bormaymiz. Xuddi muzuydagiday ko’tara savdo qilsalar bizga hech narsa qolmaydi.”
O’ngu so’lda piq piq kulgu saslari eshitildi.

To’lqin hazil – huzullarga parvo qilmadi. U ayni paytda chindan ham o’zini boy – badavlat, qo’li uzun, tili uzun his etar, yurish – turishida, nigohlarida allanechuk viqor va salobat sharpalari kezinardi. Shu sababdan bo’lsa kerak hamrohlari bilan Otchopar bozoridan sovg’a –salomlik xarid qilganida sotuvchilar, tiqilinch avtobusga o’tirib o’z tumaniga jo’naganida haydovchilar, boshqa yo’lovchilar unga ajabsinib, qiziqsinib qarab –qarab qo’yishardi.

“ To’lqin aka, safar sizga juda yoqibdi,- dedi tanish kirakash uni tuman markazidan qishlog’iga eltib qo’yarkan, — o’n ikki kun ichida ancha o’zgarib ketibsiz. To’g’risi, taniyolmay qoldim.”
Jahongashta fermer e’tiroflarga iljayibgina bosh irg’ab qo’yar, ko’rgan kechirganlari haqida odatdagidek ovozini baralla qo’yib gapirsa, baralla kulsa, go’yo shundoqqina ko’z o’ngida tovlanib, oralanib turgan g’oyat nozik, g’oyat nafis bir xilqatni cho’chitib yuboradigandek, o’zi tubsiz zulmat qa’riga qulaydigandek, bor bisotidan ajralib qoladigandek t uyulardi.

Ko’p o’tmay Kengsoy dala dashti, baland –past qir – tepaliklar ko’zga tashlanib qoldi. Tuyqus xayolotida tag’in tog’u toshlar oralab giryona yurgan motamsaro malika jonlandiyu To’lqinning tanu joniga totli titroq taraldi. Yuragi gurs – gurs ura ketdi.
“Shu yerda to’xtatib yuboring,”- dedi u g’udranib.
“Nega?- ajablandi haydovchi, — hali uyingizga ancha bor –ku?”
“Sal piyoda yurmoqchiman, oyoqning tomiri tortib qoldi.”
“Uyingizgacha olib borib yangamdan suyunchi so’rayman degandim-da.”
“Men qir oshib borguncha, bemalol xabar yetkazishga ulgurasiz.”
“Kelishdik,”- deb kuldi haydovchi.

To’lqin fermer g’ayri ixtiyoriy bir tarzda, shosha –pisha mashinadan tushib qoldi. Nazarida yerga emas bir parcha bulut ustiga oyoq bosganday hanuz havolanib, boshi andakkina aylanib turardi.
“To’g’ri qildim, — xayolan o’z qilimishini o’zi oqlashga urinidi u, — anovi tepalikdan lippa oshib o’tsam, uyimning ustidan tushib boraman. Yo’l- yo’lakay lalmidagi ekinimga ko’z tashlayman.”

Kun asrdan oqqan edi. Qish qahridan endigina qutilgan qir – adirlar quyoshning iliq taftiga yalang’och yag’rinlarini toplab yotardi. Nam tuporq isi, ko’klab qolgan maysalar ifori dimoqlarga xush uriladi.
To’lqin safar to’rvasini yelkasiga osib, son- sanoqsiz mol –hol izi bo’ylab tepalikka ko’tarila boshladi. Dimog’i chog’, ko’ngli kunday ravshan edi. Nagoh shundoqqina qarshisida, qirning qiyasida, qaylargadir intiq – intizor tikilib jonsarak turgan ayolga ko’zi tushdiyu taqqa to’xtadi. To’xtadiyu o’z xotinini tanib xayollari alg’ov -dalg’ov bo’lib ketdi.
“Iya, Matluba – ku?! Bu yerda nima qilib yuribdi? YO biror mol –pol jitirib qo’ydimikan?”

Balki boshqa payt bo’lganida ko’z o’ngida badar ketgan jonivori jonlanib jahongashta fermer jahl otiga minib, jundor barmoqlari beixtiyor mushtga aylanardi. Ammo ayni chog’da… go’yo quvvati qurib qo’nalg’asiga qo’nayotgan quyosh Matlubaning sarg’ish –qizg’ish libosidan qayta cho’g’lanayotgandek, cho’g’lar bir parcha alangaga aylanib uning yuragiga harorat, halovat indirayotgandek tuyuldi. Beixtiyor qiyqirib xotini tomon imo- ishora qilishga chog’landi. Biroq ayol shartta ortiga burildiyu qiyalikdan pildiraganicha enib ketdi. To’lqin qichqirib uni to’xtatmoqchi bo’ldi, lekin hayajondan qurqshab qolgan bo’g’zidan bor- yo’g’i zaifgina hirqiroq sitilib chiqdi. U safar xaltasini orqalaganicha jon holatda qir ustiga intildi. Biroq ulgurmadi. To’lqin tepalik ustidan hansiragan ko’yi ko’z tashlaganda xotini allaqachon hovlisida kuymalanib turganini ko’rdi.

Balki boshqa payt bo’lganida xotinining befarosatligidan fig’oni falakka chiqib, tishlari g’azabdan qayralib, ortidan toshlar otib qolardi. Ammo ayni chog’da… pastga pildirabgina Matluba emas, necha kunki ko’z o’ngida jilolanib, jilvalanib turgan xilqat sarg’ish – qizg’ish etaklarini silkitib go’yoki nozu istig’no bilan ortidan chorlab uyi tomon enib ketganday tuyuldi. Yuz – ko’ziga tabassum qalqdi. Yuragi zavq – shavqdan hapriqdi. Xuddi shu zavq – shavq mavjida hovlisiga qanday kirib borganini sezmay qoldi.
— Assalam…

Matluba ikkala qo’lini ham ko’ksiga qo’yib, negadir eriga emas, uning oyolari ostiga tikilgan ko’yi peshvoz chiqdi. To’lqin fermer bosh irg’ab alik olgan bo’ldi. Negadir ilk marta qallig’i bilan uchrashuvga chiqqan yigitday dovdiradi. Xotini ildam intilib erining qo’lidagi to’rva – xaltani olayotgan payt nogoh ko’zlar to’qnashdilar. Shundagina To’lqin Matlubaning qarog’lari quvonchdanmi, yig’idanmi namiqib, xira yiltillab turganini payqadi.

— Yaxshi o’tiribsilarmi, — deb qo’ydi u payabzalini yechib ichkariga kirarkan.
— Tuzuk…
— Bollar ko’rinmaydi.
— Salimingiz qo’zilarni haydab ketgan, Sardor hali maktabdan qaytmadi, yo’l – yo’lakay tog’amnikiga ham kirib chiqaman degandi.

Axborot To’lqinning qulog’iga deyarli kirmadi. O’z xonadonining tanish, juda tanish hidlaridan boshi aylanib ko’zi tinib ketdi. Shosha -pisha ust kiyimlarini yecha boshladi. Shu lahza xona to’ridagi, bir paytlar Matluba sepiga qo’shib olib kelgan, oldi oynaband servantga ko’zi tushdi. Ko’zi tushdiyu o’sha muzeyda ko’rgani, yop – yorug’ oynaband tokcha tuyqus xayolida jonlandi. Beixtiyor servant tomon yurdi u. Qiziqsinib oyina ortiga qaradi. Qaradiyu bir qalqib tushdi. Axir oyina ortidagi servant tokchasida xuddi o’sha muzeyda ko’rgani kabi, olachipor bog’ichli, qop – qora qoplamali tumor eshilib yotardi! To’lqin ko’zlariga ishonmagandek qarog’larini katta – katta ochdi. Tani joniga titroq inib oyina ortiga yana diqqat bilan qaradi. Rost! Xuddi o’sha tumorga o’xshaydi!
— Matluba!- beixtiyor qichqirib yubordi To’lqin.

Erining oyoq kiyimini artib dahlizga qo’yyotgan xotini chopqillab kirib keldi.
— Labbay.
To’lqin botinmaygina servant tokchasiga ishora qildi.
— Anovi nima?
— Ha, umi, — dedi Matluba o’sha tomon ajabsinib ko’z tashlarkan, — tumor-ku.
— Tumor?! Qanaqa tumor?
Matluba ohista pichirladi.
-Rahmatli qoynanam bergandi… momolardan qolgan meros ekan.
-Nega u bu yerda yotibdi? Tumor taqib yurilmaydimi?
— Taqib yurardim, — deb pichirladi Matluba, — o’zingiz… buningdan ter isi kelarkan, yechib tashla, degandingiz- ku, shuning uchun … shu yerda yotibdi.
— Yo’g’-ye…

To’lqin servant oyinasini ochib tumorni qo’liga oldi. Biroz ikkilanib turgach, uni sekin hidlab ko’rdi.
— Chin, — dedi burnini jiyirib, — buningdan ter isi kelarkan. Mayli, hozircha shu yerda tura tursin.
— Ixtiyoringiz, — deb pichirladi Matluba.

To’lqin yer ostidan sekin xotiniga qarab jilmaydi. Ayni chog’da… qarshisida nozlanib, sollanib turgan ayol necha kundan beri xayolida jonlanib, oromu tinchini o’g’rilagan malikaning o’zginasi ekanligiga so’zsiz iqror bo’ldi.

09

(Tashriflar: umumiy 334, bugungi 1)

Izoh qoldiring