Mahmud Rajab. She’rlar

Ashampoo_Snap_2017.03.06_02h02m24s_001_a.png     Устознинг уйларига юрак ҳовучлаб, дорда юргандай борардик. Устоз қанчалар бағри кенг бўлмасин, ёнларида хато гапириб қўйиб унга озор етказишдан қўрқар эдик. Устознинг нафақат ҳар сўзи, ҳар бир ҳатти-ҳаракати ҳам маъноли эди. Биз ҳам шунга монанд ҳаракатланишга тиришардик (Маҳмуд Ражабнинг атоқли шоир Матназар Абдулҳаким ҳақидаги хотираларидан. Хотираларни яқин кунларда эълон қиламиз).

Маҳмуд РАЖАБ
ШЕЪРЛАР
007

 DSC_6956_filtered.jpg  Маҳмуд Ражаб 1963 йил Хоразм вилоят Гурлан туманидаги Эшимжирон қишлоқ кенгашига қарашли Чолиш овулида туғилган. 1980 йилда Шанғи қишлоғидаги А. Қодирий номли ўрта мактабни тугаллаб, 1980-84 йилларда Бухоро давлат педагогика олийгоҳининг мусиқа куллиётида таҳсил олди. Олийгоҳни тамомлаб, ўзи ўқиган мактабда муаллимлик қилди. “Хоразм” нашриётида “Дард мавсуми”(1993), “Кўзлардаги кўзгу”(1999), “Ойкокил”(2010), рус тилида “Застенчивый месяц”(2010) шеърий китоблари, “Шанғи” (2005) рисоласи, “Сарагул” (2014) ҳикоялар тўплами босилиб чиққан. Шеър ва ҳикоялари республика матбуотида эълон қилинган. Ҳозирда “Ma’rifat” ва “Учитель Узбекистана” газеталарининг Хоразм вилоят мухбири бўлиб ишламоқда.

007

БЕҚАРОРЛИК

Ўзгармас қарорим беқарорликдир,
Бир шохада тура олмайман доим.
Ўтириб олганим шох қуриётса,
Гуллаган шохларга ўзгарар жойим.

Янада беқарор бўлурман баттар,
Тарози устига чиқмоқчи чоғим.
Нисбий бўлса агар адолат, ўлчов,
Икки паллададир икки оёғим.

АГАРДА…

Эҳ, нақадар зерикарлидир,
Фақат ҳақиқатга ишонмоқ.
Севаман деб алдагин мени.
Сўнгра эса,
Қучоғингда тутиб қолмасанг,
Ёрилиб ўламан севинчдан.
Оғушингдан жой сўрармидим
Бу дунёга сиғолганимда.

ИЛЛЮЗИЯ

Терак тепасида ўтирган ойни,
Яшириб қўймоққа топдилар имкон.
Ой-ку этак билан ёпилмас, лекин,
Кўзни этак билан ёпмоқ мумкиндир.
Шамол келаётир дарғазаб, чунки
Шамолга тўнкади
Теракни
Қимирлатиб кетган кимсалар.

ТИНЧЛИК СУВРАТИ

Милтиқ кўтарилиб
ҳуркитар бирдан
Қаноти бор ҳамма нарсани.
Қушлар талвасада учар,
фойдасиз,
Ўқ барибир қувиб етади.
Шунда бирдан қайдандир келиб
Милтиқнинг учига қўнар ниначи.

ВАҲИМАЛИ ТУН

Зорланиб-зорланиб маърайди бузоқ,
Гўдак чирқирайди бешикда.
Итлар увиллайди қайғули, узоқ,
Товушлар лашкари эшикда.

Қувонч ғойиб бўлган билдирмай секин,
Узоқларга қочиб кетгандир уйқу.
Эшик тамбаланган мустаҳкам, лекин
Бостириб киради хонага қўрқув.

1989

ГУЛ ФАЛСАФАСИ

Мен оддий гул, менда чирой йўқ,
Сизда эса теран кўзлар бор.
Хушбўй эмас менинг ҳидларим,
Сизда бордир сезгир димоқлар.
Етиб богунимча идрокингизга
Гўзаллаштирарлар минг чандон,
Муболаға қилиб сезгиларингиз,
Асли ўзим бир оддий гулман.

БЕНАСИБ

Интиқ бораяпман кўзимни юмиб,
Лабларингга – қуёшга томон.
Зўраяр тобора оловли нафас,
Эс-ҳушим йўқолиб бормоқда.

Ҳали шунча узоқ, мен йўл-йўлакай,
Эриб йўқ бўламан ҳароратингдан.

ДИЙДОР КЎРИШАМИЗ ХАЁЛДА

Лаблар олис, нафаслар олис,
Нигоҳ олис, вужуд йироқда,
Аммо биз эмасмиз фироқда.

Ҳеч кимнинг кўзига кўринмай,
Дийдор кўришамиз хаёлда,
Энтикамиз бахт – висолда.

Энг хилват макон бу – хаёлдир,
Хоҳласам сен томон учаман.
Мен сени ҳеч кимга кўрсатмай,
Ҳоҳлаган пайтимда қучаман.

МЕНИНГ СОЯМ ВА ОТАМНИНГ ЧИРОҒИ

Вақт қайчиси киндигин кесар
Ҳар куним – эртанинг дояси.
Келажагим юзини тўсар
Ўтмишимнинг узун сояси.

Ҳосилин ўн беш кун ўрди-ю, қочди
Зулматга бекинди ойнинг ўроғи.
Юзимни ёритиб турибди ҳануз
Отамнинг токчада қолган чироғи.

ШАВКАТ РАҲМОННИ ЎҚИБ
1

Тоғлар тош кийимин ечмагай
Унутмас ҳеч қачон дўстини.
Ахир тоғлар Шавкат Раҳмоннинг
Ечиб ташлаб кетган пўстини.

2

Тоғлар айрилдилар яқин дўстидан,
Тоғларнинг кўксида қолди доғ бўлиб.
Мазмун кенгаяркан сиқилса одам
Кичик бир тош бўлди катта тоғ бўлиб.

Кичик тош
кафтимга жойланди қулай,
Ёради бошини мудҳиш осмоннинг.
Қани олиб кўр-чи, ҳей ажал, кел-ей,
Менинг чангалимдан Шавкат Раҳмонни.

ЖАЛОЛИДДИН

Бу гаплар тарихда қолиб кетганмас,
У дамга борган пайт юз бераверар.
Фақат биз кўришга чидам топсак бас,
Ўғлини қайтадан чўктираверар.

Бир гўдак қиличга бўйнин тик тутар,
Ҳайратдан лол қотар жумлаи жаҳон.
Бир ота минг йилки кунда қон ютар,
Сув ютиб ўлади кунда бир ўғлон.

ОДАМНИНГ ФЕЪЛИ

Ҳавас-ла қорилган асли зувола,
Кўнглини қўлига қилсанг ҳавола,
Ерда ўйинчоққа кўмсанг, овунмас,
Елкангга миндирсанг тинчийди бола.

ЕТИМ ЭРТАК

Мен эртакни юрдим етаклаб
Ва йиғлатиб қолдириб кетдим
Ўсмирлигим остонасида
Ука, энди уни сен овут.
Бувим сендан чаққонроқ экан
Чайир экан нозик беллари.
Кетди уни опичиб олиб
Кетаверди мозийга томон…
Етим эди, бувимдай қилиб
Кўтармади эртакни замон.
Ҳар болага эргашиб келиб
Остонадан қайтар беомон.

ЎЗИМГА

Ўзим ёмон йигит эмасман,
Бўлгим келар янада хўброқ.
Бировларга ўхшай демасман,
Мен ўзимга ўхшайин кўпроқ.

Сувратимда ўзиммас эдим,
Менга қараганнинг кўзиман.
Ёлғиз боқиб ойнага, дедим:
Мен ўзимнинг худди ўзиман.

ҲАҚ

Кулгинг келди, жилмайиб қўйдинг –
Бу мукофот юксак бахтимдан.
Бу гуноҳинг шу қадар оғир –
Уриб қолдинг менинг ҳаққимдан.

ЧАЁН

Ҳеч кимни чақмади анчадан буён,
Сиғмаган заҳарин сарф этар қаён,
Ғижиниб ўзини уради ҳар ён,
Ҳеч кимни чақмаса ўлиши аён.

2014, Саратон

ТЎРТЛИК

Дард чекдингу оҳинг чиқмади,
Йўлингдан ўз чоҳинг чиқмади,
Бахт қушини бошингга боғлаб
Шоҳ бўлдингу шоҳинг чиқмади.
(Искандарнинг шоҳи йўқ)

ИСМ

1

Исм – бизга умрлик либос,
Ҳамма ундан таниб қарайди.
Ким оёққа қилар пайтава,
Кимдир эса бошга ўрайди.

2

Одам – буюм, исми – тутқичи,
Ҳар кимга мос – билиб қўярлар.
Ундан ушлаб тортар ўзига,
Ё нарироқ суриб қўярлар.

ЖАҲЛДОР ҚИШ

1
Қиш тиш қайраб югуриб келди,
Уни қайраб юборди кимдир.
Изғиб юрди кўчама-кўча,
Кириб чиқди уйларга бир-бир.

Баданимни совутди пуфлаб,
Ямлаб кўрди, иссиқ ютмади.
Суягимни ғажиди эзиб,
Юрагимга тиши ўтмади.

2
Кесакпечман совуққа қарши,
Қаҳринг ортса исир қучоғим.
Пуфлаганда аланга олар
Юрагимдир қишнинг ўчоғи.

* * *

Тасбеҳ донасидай ўтарди йиллар…
Улкан айвондаги ёлғиз ўрадай –
Отамнинг сўзларин шимарди диллар
Мадинада нозил бўлган сурадай.

Отам борган жойлар табаррук, фахр,
Қутлуғ пойқадами етди охирга.
Мен нега қўрқайин ўлимдан, ахир,
Отам айлантирди уни фахрга.

Тасбеҳ донасидай ўтмоқда йиллар,
Тасбеҳ донасидай тугаб борар тез…

ЗИЁРАТ

Паҳлавон Маҳмудга кирмай ўтолмас,
Хивага қадами етган ҳар сайёҳ.
Токи йўлиқаркан одимда нодон,
Токи учрар экан ҳар қадамда чоҳ.

Қиёматга қадар бани одамнинг,
Бундан узилмагай токи оёғи.
Ҳаммага етади Полвон отамнинг
Осмону фалакдан ортган бўёғи.

Дорда юрган каби келар ёнига,
Ҳайбати босса ҳам қарар ботиниб.
Кафтида лиммо-лим юрак қонига,
Ҳар кимса қалбини олар ботириб.

Жавонмард тоғининг ғорида ухлаб,
Ҳар тонг уйғонаман ўнг ёним билан.
Осмоним бўяйман нодон очса лаб,
Зиёратдан олган дил қоним билан.

* * *

Чиройи кўнгилни ўзига тортар,
Боши са-ал эгилса лоланинг.
Ширинлиги янада ортар,
Дўпписи қийшайса боланинг.

ҚЎЗИҚОРИН

Бир неча соатда кексайиб қолган
Тонг чоғи туғилган оппоқ боладир.
Фақат ёмғирдан сўнг бир неча соат,
Мусаффо ҳаётда яшай оладир.

ТОНГ ВАСЛИ

Мен ҳар куни бир бор кечиб ўтаман,
Тун дея аталмиш қора дарёни.
Кафтимда кўтариб ечиб ўтаман,
Бўйнимга осилган юрак – тўрвони.

Сув мени ҳар оқшом тубига тортар,
Тимма- тик тонг деган қирғоғи рошнинг.
Оғирлиги эса кун сайин ортар,
Елкамда бош деган керакли тошнинг.

Гоҳида ер билан битта бўламан,
Гоҳо юмалайди кафтимда дунё.
Гоҳ тун кўлмагида чўкиб қоламан,
Гоҳ тўпиққа чиқмас тошса-да дарё.

Баъзан тун зулмати сарҳадсиз уммон,
Баъзан тун жилғасин ҳатлаб ўтаман.
Ҳар сафар соҳилга чиқаман омон,
Ҳар гал тонг васлига қайта етаман.

ҲИКМАТ

Тўқсон ёшли ота ёнида
Шу дунёда қолгиси келар.
Етмишидан ўтган ҳолида
Эркаланиб олгиси келар.

Орасидан қочмади ҳеч гап,
Сезилмади оғзи олалик.
Етмиш йилки уни етаклаб,
Улғайтмади “бахтли болалик”.

Нафасидан оловлар сачраб,
Кўзларидан чўқ отмаганлар.
Бола бўлар, ота бўлолмас,
Отасини йўқотмаганлар.

РУҲ ҚУШЛАРИ

Эртага руҳ қушлари бир-бир учади,
Биз қоламиз чунки товуқмиз ҳаммамиз.
Паҳлавон Маҳмуд

Сув ҳам керак, дон ҳам керак товуққа,
Қушга нима керак булардан бўлак.
Қўшиқ керак унга, дарахтлар керак,
Парвоз керак, қанотлар керак.
Қанот ҳам бор унда, қаноат ҳам бор!
Қушга энг кераги – Осмон! Озодлик!

ШОИР ТАБИАТИ

Ишга шўнғиб кетаб кетиб борлиғи билан
Игнасин йўқотар энг зўр тикувчи.
Қулоққа қистирган қаламин топмай
Роса хуноб бўлар энг зўр дурадгор.
Илҳом парилари эс-ҳушин олса
Мавзусин йўқотиб қўяди шоир.
Шоир йўқотади ҳамма нарсасин
Йўқотар ҳаттоки ўзини, бироқ
Қаламин йўқотмас ҳеч қачон шоир.

ДУДАҲАН
Дудаҳан – хоразм талаффузида “дудан”, форсча икки оғизли дегани. Балиқ овлаш учун дарахт чивиқларидан тўқиб ясаладиган асбоб. Бир оғзи нон-хўрак қўйиш учун, иккинчиси эса балиқ кириши учундир. Дуданнинг оғзи доим очиқ турса ҳам, унга кирган балиқ қайтиб чиқолмайди.

Ётишинг ўхшайди чўккан кемага,
Писиб сув остини айладинг ватан.
Икки қулоқ берган Тангри ҳаммага,
Нега сенинг оғзинг икки, дудаҳан.

Макринг пухта сенинг, тоқатинг собит,
Ҳийланг ҳам хийла ҳам чала бўлмаган.
Қорнингда қанча нон бўлгандир нобуд,
Икки оғзинг ҳеч вақт ола бўлмаган.

Балиқлар оғзи бор, тили йўқ фақир,
Нафсга эргашгани бўлдилар қурбон.
Сенинг яратувчинг худомас ахир,
Сени чиғиртолдан ясаган инсон.

ПАЙВАНДШЕЪР

Майдалашар одамлар.
Отабек Одил

1
Аллоҳ қилиб мушкулинг осон,
Босганингда шахдам қадамлар.
Кириб келар пинжингга чандон,
Ҳимоясиз майда одамлар.

Улар билан ҳисоблашмоқ шарт,
Майда дея бўлма нописанд.
Тупроқ ўзи гарчи майда гард,
Боссанг чиқар бошингдан баланд.

Дўконларда майда ўлчовлар,
Майда гапга харидор тайин.
Майдалашиб боради девлар,
Қараш нуқтанг кенгайган сайин.

Гарчи, Довуд суянган асо –
Асрларни қулатар, йиқар,
Тасаввурга сиғмаган дунё,
Термитларнинг оғзига сиғар.

2
Чинорлари юксак тоғлардан,
Хазонлари болта чиритар.
Хавф йўқ йўғон сасли зоғлардан,
Майда ўтлар боғни қуритар.

…Хаёл Одам Атодай кезар,
Гиёҳ унган барча юртларни.
Ихлосимнинг алангалари
Қовжиратар майда ўтларни.

ҚИЁС

“Сен кир, сен чиқ” деган ўйин бор,
Ким қўл, ким бош – ёқа билан енг.
Диёнатнинг эшиклари тор,
Хиёнатнинг кўчалари кенг.

Нафс подасин бўш қўйиб боқсанг,
Ўз кўнглинга ўзинг берсанг эрк.
Лаънат тавқин бўйнинга тақсанг,
Диёнатнинг эшиклари берк.

Сўнгги йўлга отлансанг магар,
Не истасанг бари топилар.
Инсон қайтиб келмаса агар,
Нега эшик секин ёпилар?

Ҳар ким ўзин боғлаб келтирган,
Тошқин кўча-куйлар кўринар.
Диёнатнинг эшиклари ланг,
Эшиги йўқ уйлар кўринар.

16 май 2016 йил

* * *

Белбоғи бўш бойланган
Ул*дан шоир чиқмагай.
Тили кесилмай қолган
“Тил”дан шоир чиқмагай.

Кўнгли дард туғмайдиган
Тулдан шоир чиқмаган.
Шоҳдан шоир чиқару
Қулдан шоир чиқмагай.

Бир-бирини элаган
Элдан шоир чиқмагай.
Бир бор кирса юракка
Дилдан шоир чиқмагай.

Ул*-  ўғил

ДИЙДОРЛАШУВ

Шеъриятнинг шоҳкўчасига
Осилади фақат шоҳбайтлар.
Чорласа ҳам шоҳона сарой
Йўл тополмас унга лоқайдлар.

Шоҳсатрлар шоҳсупасида
Ўқилади энг олий фармон.
Мангуликка йўлланма олмоқ
Шоирларга умрлик армон.

Келар олис чекка жойлардан
Бугун, оқшом, минг йилдан нари.
Отланаркан улуғ сафарга
Шоҳбекатда учрашар бари.

МЕҲМОННИНГ ЎЛИМИ

Макон тутган танамни оғриқ,
Ҳайдаш билан кетмас бу меҳмон.
Фақат унинг емиши соғлиқ,
Кетади еб тугатган замон.

Ҳар кун унинг ризқини териб,
Уйга дарҳол чопиб келаман.
Ўзимни еб битирмасидан
Унга емиш топиб келаман.

Бўлсам ҳамки гарчи измида,
Бўш келмайман мен ундан сира.
Унга ўлмас ошини бериб,
Тўплаяпман улкан заҳира.

Гоҳ аждардай қорнин тўйғизсам,
Бироз мизғиб олади фақат.
Касаллик ҳам касалланаркан
Еса овқат устига овқат.

Уни очдан ўлдириб бўлмас,
Очлик билан кулдириш мумкин.
Бундай нафси ёмон меҳмонни
Фақат тўйда ўлдириш мумкин.

ИЛҲОМ ПАРИСИ

Сени таърифласам, юлдузлар эриб,
Ойнинг юзи, куннинг ичи куйгани.
Сени таърифласам, ўзига зеб бериб,
Илҳом парилари келар суйканиб.

“АССАЛОМУ АЛАЙКУМ”
“Ассалому алайкум” – ёввойи ўт номи бўлиб, бугун чопиб ташланса эртага яна ўсиб чиқавергани сабабли деҳқонлар уни шу ном билан аташади
.
Салом бериш вожиб деб билган
Ер остида ётар одамлар.
Нонуштада саломин еган
Ўтар қатор-қатор одамлар.

Йўқлигига одобнинг боши
Сон-соноқсиз одамлар кўнди.
Куч бердими ётганлар лоши
Салом бериб майсалар унди.

Ўт деган сўз шундандир балки,
Деҳқон жонин ўтларга ёқиб,
Уруғини қуритса ҳамки
Келаверар ариқдан оқиб.

Неча йилки мана одамзод,
Бош кесмоқни канда қилмайди.
Майсалардай авж олар ҳаёт,
Банда бандалигин қилмайди.

Мунаққиднинг кетмонида занг,
Қотар манглайда совуқ терлар.
Қилаётир бошларни гаранг
“Ассалому алайкум” шеърлар.

Ҳарфлардай ризқини териб,
Ҳар ким ичсин ҳалол ошини.
Ўз жойига қўйинг келтириб,
Одобнинг кесилган бошини.

 

ЗЕРИККАН БОҒ

Гилос бўлиб юкидан халос,
Қўлларини ёзди керишиб –
Ўтирибди энди зерикиб.

Сувга олма отиб ўйнаган
Кунларини эслайди олма –
Сув бўйида эснайди олма.

Қиш уйқуси ҳали узоқда
Мудроқ ёзга қийин кўникиш –
Бошланади умумзерикиш.

Келар эди дармони қуриб,
Чарчаган йил аста чўзилар
Соя-салқин боғларга кириб.

ТИЛАК

Сенда иймон доим бус-бутун,
Ғолиблик – чоҳ, мағлублик – шараф.
Бўлмасанг ҳам дунёга устун,
Сенга қибла эрур тўрт тараф.

Ҳақ томонсан, эмас куч томон,
Нур йўлини кўзёш тиқмасин.
Сенга садқа бўлсин уч томон,
Кунботардан қуёш чиқмасин.

СЎЗ ҚУДРАТИ

Сўз ёқимли баётдан кўра,
Меҳрга тўқ ота кўзлари.
Ширин эди ҳаётдан кўра,
“Яша ўғлим” деган сўзлари.

Қиймалайди боқса дилингни,
Кампирингнинг қийиқ кўзлари.
Тотли қилиб қўйди ўлимни
“Ўлинг-э!” деб айтган сўзлари.

 

ЯНГИ КУН

Тандир каби қизиган ҳаво,
Юзлари қизарган нон каби…
Гармсел – онамнинг нафаси,
Онам – қуёш қизи ердаги.

Шимол сари кетган совуқнинг
Болалари ухлар тоғларда.
Уйғонади саррин шамоллар –
Адашади улкан боғларда.

Ўта олмай қалин шохлардан
Ялангликдан юради аста
Шабадалар – митти болалар.

Худонинг куни кўп бўлса-да
Бир-бирига кун бермас кунлар
Бир-бирини босар, итарар.

Туғаверар қуёш ва она
Яна янги кунни жилмайиб.

 

МАВСУМ ОХИРИДА

Ўзи ҳам пахтага айланди деҳқон,
Ғўзалари билан юрар гаплашиб.
Булар ғўза эмас, одам-ку ахир,
Ана пайкалларда турар сафлашиб.
Ғўзанинг жони бор – оғрийди гоҳи,
Чаноқда пахтамас кўзининг оқи.

— Билагингда куч бор, дилингда ғайрат,
Теримчим, ишингни қойил қиласан.
Бургут ўлжасига чанг солганидай
Пахтани чаноқдан юлиб оласан.
Авайлаб ушлагин қўлингга токи,
Булар пахта эмас кўзимнинг оқи.

Тонг чоғи сийраклаб қолгандек юлдуз,
Бу ерлар даламас осмоннинг тоқи.
Сўнгги чаноқларда кўринар йилт-йилт
Булар пахталармас кўзларнинг оқи.
Сўнгги хулосага келасан боқиб,
Булар пахта эмас кўзларнинг оқи.

ТАРАДДУД

Онанг кетаяпти сигир соққани,
Йиғлаб остонада турмай уйга кир!
Келар у ўчоққа олов ёққани,
Ўғлим, айрилиққа тайёрланиб тур!

Ортимдан термулма шаҳарга кетсам.
Хомсиқиб* қолмагин, чоп, ўйна, югур!
Ажабмас уч кун ё ҳафталаб кутсанг,
Ўғлим, айрилиққа тайёрланиб тур!

Бувинг отланаркан олис сафарга,
Унинг қучоғидек йўқ энди ҳузур.
Йиғлаб уйғонарсан ҳар тонг саҳарда,
Ўғлим, айрилиққа тайёрланиб тур!

Ёнингда бўлишин истадинг тун-кун,
Узоқ кутганларинг қайтдилар, шукур.
Бир зумга кетиб ҳам қайтмаслик мумкин,
Ўғлим, айрилиққа тайёрланиб тур!

Ўтмоқда ҳафталар, ойлар ва йиллар,
Турнадек айланар тегрангда бир қур.
Бир зот бор узилган ипларни улар,
Ўғлим, дийдорга ҳам тайёрланиб тур!

* Хомсиқиб — хомушланиб

САМИМИЯТ

“Овқат пишди, чой ҳам қайнади”
Овоз берар эрига аёл.
Ўйламайсан ҳар буюм номи
Келмаслигин ўзига малол.

Сўзлар учар дастурхон узра,
Ҳайдамайди ҳеч ким чивиндай.
Жой йўқ дилда қўнмоққа ҳадик,
Хавотир йўқ юракда жиндай.

Ўзгартмаган уй либосини
Оломоннинг ичида ҳатто.
Гаплашади эр билан хотин
Ўша овоз, ўша ҳолатда.

Муҳрланар ҳар бир ҳаракат,
Ҳар битта сўз қолади ёдда.
Гўё Чехов асари каби
Қаҳрамонлар самимий, содда.

Воқеалар кечар ўзидан,
Таҳрир қилмас матнни ҳеч ким.
Мен ўқишда давом этаман,
Бу асардан келмайди кечгим…

АРОСАТ

Мен ўзимни севаман қаттиқ,
Мен ўзимни ёмон кўраман.
Тўфон босган дунёни,
ёлғиз
Мен ўзимни омон кўраман.

Қизиғи йўқ менга ҳаётнинг,
Мен ҳаётдан ҳайратланаман.
Дафн бўлиб ҳар куни юз бор,
Туғиламан юз бор яна ман.

Қайдалигим, кимлигим билмам,
Мўйсафиду норасидаман.
Ўлим-ҳаёт чегарасида –
Ўт билан сув орасидаман.

АЙТИЛМАГАН АЁЛ ИЗҲОРИ

Гумон олиб қочар мени,
Олиб қочар хаёллар.
Бермай менга зарра имкон
Ва бермасдан саволлар.

Уйқу қопга солар ҳар тун,
Отга босар хаёллар.
Журъатсиз эр қўлларида
Ишқ бўлади уволлар.

Мен армоннинг қўлида банд
Қутилолмам хаёлдан.
Сиз сўрайсиз нега изн
Ихтиёрсиз аёлдан.

ҲИСОБОТ

Мен ушбу йил осмонга
Ўн иккита ой бердим.
Ўн биринчи ойни мен
Шеър ёзмасдан бой бердим.

Чиқиб сомон йўлига
Отлар сурон солдилар,
Келажагим қўлига
Гижинглаган той бердим.

Ғиротнинг туёғидан
Тушган кумуш тақа – ой,
Ҳасан билан Ҳусанга
Камалакдан ёй бердим.

Қирқ йил қирғиндан омон
Чиққанда оч руҳимга,
Асал тўла ариқ, ҳам
Сутга тўла сой бердим.

Осмон тўла, ер тўла
Сўзларга йўқ ҳеч ўрин,
Етим қолган дардимга
Дафтаримдан жой бердим.

Эллик тўрт йил осмонга
Қуёш бердим, ой бердим,
Мангулик тақвимига
Мен умримдан жой бердим.

* * *

Кесиб ўтмайди у йўлимни, тўсар
Дев каби баҳайбат қора мушук – тун.
Сичқондай болалаб лаҳзада ўсар,
Кўкрак қафасимда ташвишлар тутқун.

Бизнинг ғамимизни еб тугатолмас,
Кун-тун – ола мушук орамиздаги.
Юзингда хол эмас
Ичимда ётган
Қирқ девнинг ризқидир бир майиздаги.

 

БИР СЎЗ БИЛАН

Бир ўқ билан, бир кўз билан
Урар эдинг
Икки қуённи.

Бир дўқ билан, бир сўз билан
Тарқатардинг
Икки қулоқ
Йиғган гумонни.

Бир сўз билан бир умрга
Талтайтирдинг
Болангни.
Бир сўз билан бир лаҳзада
Қартайтирдинг
Отангни.

 

ТАРИҚАТ

Ғилдирак рельсга ёпишар қаттиқ,
Улар бир-бирини тушунар сўзсиз.
Умримиз аслида кимгадир тортиқ,
Исмоил бош эгиб, чўкканидай тиз.

Азоб дилни ишққа боғлайди кўпроқ,
Иброҳим тушган ўт – жаннатий боғлар.
Тоғларга дўнади ёнганда тупроқ.
Темирга айланар эриса тоғлар.

Ғилдирак рельсни севади қаттиқ,
Муҳаббат измида – роҳатда юрак.
Умримиз кимгадир сир тўла тортиқ,
Бу сирни бандаси билмаса керак.

 

БЕЛИ БОҒЛИ

Дунё матоҳларин совуриб фалак,
Пушти камаримиз сақлаб қўйибди.
Боғлаб қўйган эмас бизни дунёга,
Дунёни бизларга боғлаб қўйибди.

Имон тўсиб турар тўфон йўлини,
Нуҳ дуо йўлламас элларимизга.
Дунё улкан кема, унинг ипини
Боғлаб қўйган экан белларимизга.

* * *

Келган ҳар бир фурсатни
Йиллар бўйи пойладим.
Лаҳзаларнинг ичига
Чўнг йилларни жойладим.

Имкон исканжасида
Долни алиф айладим.
Қозиқ қилиб қаддимни
Вақт ипини бойладим.

О, нақадар ожиз мен,
Ё, Эгамнинг қудрати!
Кетар ипин узиб от,
Ё қозиғин судратиб.

 

“ҚИЗИЛҚУМДА БИР КУН”
(Шавкат Раҳмонни ўқиб)

Бу улкан саҳрода
Қанча қум зарралари бўлса
Шунча дона жимлик ҳукмрон.

Шу саҳрода нечта жонивор бўлса
Шароитга қараб мослашар
Сохталик қобиғи остида
Хавотир ичида
Яшайди бари.

Митти зарраларнинг баҳайбат жимлиги
Домига тортади
Бунга қадам босган кимсани.

Қимирлаган тирик жон бор-ки
Сохталикдан холи бўлолмас.
Шу сабаб азага келганлар бир-бир
Қўшилади умумжимликка.
Сон-саноқсиз тарқоқ зарралар
Ягона жимликка бирлашар.

 

* * *

Кетишга чоғландинг ортингга боқмай,
Минг йилга чўзилди тараддуд.
Бирдан кетиб қолдинг киприк ҳам қоқмай,
Ногахон узилди тараддуд.

Минг йил ботмай турган қуёш ҳам ботди,
Бошини ололмас сенинг пойингдан.
Тонг зулмат ортида муз бўлиб қотди,
Кун чиқа олмайди ботган жойидан.

 

ТАНИШ ТУЙҒУЛАР
Ҳаёт Шодмонга ёндошиб

1
Кайфият –
Кўнгил дарчасидан кирган шабада,
Тетиклаштиради хаста руҳимни.
Ҳайдаб солар хилватхонадан
Номаҳрамни – бор Андуҳимни.

Ўз-ўзига ҳукм чиқарар
Ўз уйида ётган маҳбус – Сир.
Соғинч келар узоқ йўл босиб,
Кира олмай қайтар барибир.

2
Орзунинг макони жудаям олис,
Умид Таъма билан сибошиқ* қўнгши.
Орзу кириб бўлмас қасрда яшар.
Илинж ижарада юрар ўнгишиб.

Юрибман уйма-уй, эшикма-эшик,
Чолдириш** – кўнгилнинг кўча-куйлари.
Учрар ҳар қадамда чироғи ўчган
Армоннинг бузилиб кетган уйлари.

*Сибошиқ қўнгши (қўшни) – туташ ҳовли.
**Чолдириш – чалкаш.

ЁМОН НИЯТ

Чолварини ўзи кийолган,
Уялишни бошлаган бола
Бирга ўйнар қўшни қиз билан –
Бир қўшиқни қилишар нола.
“Оққой, боққой
Қараганнинг кўзи ситилиб оққой!”

Вақт оқади, Бахт боқади –
Қўшиқлар кундан-кун ёқади.
Кўпаяр элнинг сўзлари,
Каттаяр осмон кўзлари.
Ҳамон дилда биринчи қўшиқ:
“Оққой, боққой
Қараганнинг кўзи ситилиб оққой!”

Қиз юзидан неча оқшомлар
Ҳаё пардасини олмади.
Ва нияти бўлди ижобат
Қиз тилаги қисир қолмади.
Биров қараб тургандай гўё
Ловуллади, қизарди юзи.
Туйнугидан қараган заҳот
Оқиб тушди осмоннинг кўзи.

ГУРЛАН ОҲАНГЛАРИДА

ҚИСИНЧОҚ

Санго томоқ қириб қомоқ,
Жуйсиз ерга болта сомоқ.
Игаррака кетавирсанг,
Сенсиз турғон ерим қомоқ.

Ахир кўзинг дим қоп-қоро,
Ахир тишинг сенинг дим оқ.
Сен моқтониб юрган холинг
Монглойинго тушган ямоқ.

Бир амаллаб қорийғойсонг,
Ёмон қийин кўзди омоқ.
Чойғо солиб ютқим келар,
Юз қилқиниб бўлдим томоқ.
Ўромолинг учин туйдинг,
Ничча чечиб-кийдим тимоқ.

ҚИЙШИҚ ЖИЙДА

Шу қийшиқ жийданинг қошинда
манго қийшаймадинг деб,
Шу сори гуллардинг тийинда сорғайдим.
Жийданинг юзина қон югурганда,
Менинг бари ерима жон югурганда,
Қўрқасан кундузи келишдан,
Жийдадай қизариб юришдан.
Куннинг қизилини кетириб
Қоппо-қоронғида
Сармалаб товишмадиқ.
Экавмиз бир-биравга
Шаппикдай ёвушмадиқ.
Жийдамиз қуриб қолди,
Мен сеннан қури қолдим.

ОЙКАКИЛ
(Отом зомондоғи қўшиқ)

Кўринг анов узикди,
Топпай меннан тузикди,
Ҳамма ерда кўзини
Сузавириб кўзикди.

Кўринг минов қиззиқди,
Монго чизиб чиззиқди,
Қарийвириб ойнаға
Ўз-ўзина қиззиқди.

Кўринг минов қиззиқди,
Мойға тушкан жиззиқди,
Совчи борса уйина
Ширасини қиз зиқди.

Кўринг минов бир қизди,
Сочин ювиб сирқизди,
Босирниқдим, тушимда
Ойкакилдай қўрқизди.

Кўринг минов тирсиқди,
Солма бўйда кир сиқди,
Сиғишвийдим, қўлимди
Кирга қўшиб бир сиқди.

ТАНДИР

Бетинг исси, йимшоқ, тандирдан
Ҳозир чиққан нонға ўхшийди.
Ҳеч оёмой тикач босилиб,
Сувом ёлотқонға ўхшийди.

Зуволонгди этганда: “Тандир –
Қиздимо” деб сўраб қўйдилар.
Шамолларда қойзатмасин деб,
Ўромолға ўраб қўйдилар.

Кўрпачани устинга йовуб,
Супрасининг чонгин қоқдилар.
Сени меннан йошириб қўйиб,
Ичима кўп ўтлар йоқдилар.

Тишларимди тикачдай босиб,
Сўнг юзингди сувлоб туромон.
Қучоғимнан чиғиб кетсангам,
Чўғим ўчмай ловлоб туромон.

АНЖИР МУРОББО

Вох, мени қўёвир, анжирлар сени
Кўрганда овзиннон боллор томоди.
Анжирга суяндим сени соғиниб,
Оёқ-қўлларимда ҳоллор қомоди.

Муробболиқ анжир пишди милтироб,
Сени кўргим келди милтироб кўзим.
Сўзинг шакарина билғодинг мени
Бирам мозолимон ўзима ўзим.

Қўлимди сен ёққо узотжоқ бўсом,
Анжир шохосиндай бойлониб қолор.
Шакар лабларинга етганда анжир
Ўзи муроббоға ойлониб қолор.

ТЎРТЛИК

Мени кўрганингда чўрчи-иб тушдинг-а,
Осмон узилдима, ерга тушдима?
“Уф-ф!” – дединг бармоғинг лабинга босиб,
Биргана ўпганда овзинг пишдима.

ТУЮҚ

Туюқ деб ёзғоним туюқ бўмийди,
Сув-тўрпоғим онгсот уюқ бўмийди,
Кавним пахса ийди чўкди, ёрилди,
Минг ёмоб илой сурт у юқ бўмийди.

4_1.jpg Ustozning uylariga yurak hovuchlab, dorda yurganday borardik. Ustoz qanchalar bag‘ri keng bo‘lmasin, yonlarida xato gapirib qo‘yib unga ozor yetkazishdan qo‘rqar edik. Ustozning nafaqat har so‘zi, har bir hatti-harakati ham ma’noli edi. Biz ham shunga monand harakatlanishga tirishardik (Mahmud Rajabning atoqli shoir Matnazar Abdulhakim haqidagi xotiralaridan. Xotiralarni yaqin kunlarda e’lon qilamiz).

Mahmud RAJAB
SHE’RLAR
007

 838_n.jpg  Mahmud Rajab 1963 yil Xorazm viloyat Gurlan tumanidagi Eshimjiron qishloq kengashiga qarashli Cholish ovulida tug‘ilgan. 1980 yilda Shang‘i qishlog‘idagi A. Qodiriy nomli o‘rta maktabni tugallab, 1980-84 yillarda Buxoro davlat pedagogika oliygohining musiqa kulliyotida tahsil oldi. Oliygohni tamomlab, o‘zi o‘qigan maktabda muallimlik qildi. “Xorazm” nashriyotida “Dard mavsumi”(1993), “Ko‘zlardagi ko‘zgu”(1999), “Oykokil”(2010), rus tilida “Zastenchivыy mesyas”(2010) she’riy kitoblari, “Shang‘i” (2005) risolasi, “Saragul” (2014) hikoyalar to‘plami bosilib chiqqan. She’r va hikoyalari respublika matbuotida e’lon qilingan. Hozirda “Ma’rifat” va “Uchitel Uzbekistana” gazetalarining Xorazm viloyat muxbiri bo‘lib ishlamoqda.

007

BЕQARORLIK

O‘zgarmas qarorim beqarorlikdir,
Bir shoxada tura olmayman doim.
O‘tirib olganim shox quriyotsa,
Gullagan shoxlarga o‘zgarar joyim.

Yanada beqaror bo‘lurman battar,
Tarozi ustiga chiqmoqchi chog‘im.
Nisbiy bo‘lsa agar adolat, o‘lchov,
Ikki palladadir ikki oyog‘im.

AGARDA…

Eh, naqadar zerikarlidir,
Faqat haqiqatga ishonmoq.
Sevaman deb aldagin meni.
So‘ngra esa,
Quchog‘ingda tutib qolmasang,
Yorilib o‘laman sevinchdan.
Og‘ushingdan joy so‘rarmidim
Bu dunyoga sig‘olganimda.

ILLYUZIYA

Terak tepasida o‘tirgan oyni,
Yashirib qo‘ymoqqa topdilar imkon.
Oy-ku etak bilan yopilmas, lekin,
Ko‘zni etak bilan yopmoq mumkindir.
Shamol kelayotir darg‘azab, chunki
Shamolga to‘nkadi
Terakni
Qimirlatib ketgan kimsalar.

TINCHLIK SUVRATI

Miltiq ko‘tarilib
hurkitar birdan
Qanoti bor hamma narsani.
Qushlar talvasada uchar,
foydasiz,
O‘q baribir quvib yetadi.
Shunda birdan qaydandir kelib
Miltiqning uchiga qo‘nar ninachi.

VAHIMALI TUN

Zorlanib-zorlanib ma’raydi buzoq,
Go‘dak chirqiraydi beshikda.
Itlar uvillaydi qayg‘uli, uzoq,
Tovushlar lashkari eshikda.

Quvonch g‘oyib bo‘lgan bildirmay sekin,
Uzoqlarga qochib ketgandir uyqu.
Eshik tambalangan mustahkam, lekin
Bostirib kiradi xonaga qo‘rquv.

1989

GUL FALSAFASI

Men oddiy gul, menda chiroy yo‘q,
Sizda esa teran ko‘zlar bor.
Xushbo‘y emas mening hidlarim,
Sizda bordir sezgir dimoqlar.
Yetib bogunimcha idrokingizga
Go‘zallashtirarlar ming chandon,
Mubolag‘a qilib sezgilaringiz,
Asli o‘zim bir oddiy gulman.

BЕNASIB

Intiq borayapman ko‘zimni yumib,
Lablaringga – quyoshga tomon.
Zo‘rayar tobora olovli nafas,
Es-hushim yo‘qolib bormoqda.

Hali shuncha uzoq, men yo‘l-yo‘lakay,
Erib yo‘q bo‘laman haroratingdan.

DIYDOR KO‘RISHAMIZ XAYOLDA

Lablar olis, nafaslar olis,
Nigoh olis, vujud yiroqda,
Ammo biz emasmiz firoqda.

Hech kimning ko‘ziga ko‘rinmay,
Diydor ko‘rishamiz xayolda,
Entikamiz baxt – visolda.

Eng xilvat makon bu – xayoldir,
Xohlasam sen tomon uchaman.
Men seni hech kimga ko‘rsatmay,
Hohlagan paytimda quchaman.

MЕNING SOYAM VA OTAMNING CHIROG‘I

Vaqt qaychisi kindigin kesar
Har kunim – ertaning doyasi.
Kelajagim yuzini to‘sar
O‘tmishimning uzun soyasi.

Hosilin o‘n besh kun o‘rdi-yu, qochdi
Zulmatga bekindi oyning o‘rog‘i.
Yuzimni yoritib turibdi hanuz
Otamning tokchada qolgan chirog‘i.

SHAVKAT RAHMONNI O‘QIB
1

Tog‘lar tosh kiyimin yechmagay
Unutmas hech qachon do‘stini.
Axir tog‘lar Shavkat Rahmonning
Yechib tashlab ketgan po‘stini.

2

Tog‘lar ayrildilar yaqin do‘stidan,
Tog‘larning ko‘ksida qoldi dog‘ bo‘lib.
Mazmun kengayarkan siqilsa odam
Kichik bir tosh bo‘ldi katta tog‘ bo‘lib.

Kichik tosh
kaftimga joylandi qulay,
Yoradi boshini mudhish osmonning.
Qani olib ko‘r-chi, hey ajal, kel-yey,
Mening changalimdan Shavkat Rahmonni.

JALOLIDDIN

Bu gaplar tarixda qolib ketganmas,
U damga borgan payt yuz beraverar.
Faqat biz ko‘rishga chidam topsak bas,
O‘g‘lini qaytadan cho‘ktiraverar.

Bir go‘dak qilichga bo‘ynin tik tutar,
Hayratdan lol qotar jumlai jahon.
Bir ota ming yilki kunda qon yutar,
Suv yutib o‘ladi kunda bir o‘g‘lon.

ODAMNING FE’LI

Havas-la qorilgan asli zuvola,
Ko‘nglini qo‘liga qilsang havola,
Yerda o‘yinchoqqa ko‘msang, ovunmas,
Yelkangga mindirsang tinchiydi bola.

YETIM ERTAK

Men ertakni yurdim yetaklab
Va yig‘latib qoldirib ketdim
O‘smirligim ostonasida
Uka, endi uni sen ovut.
Buvim sendan chaqqonroq ekan
Chayir ekan nozik bellari.
Ketdi uni opichib olib
Ketaverdi moziyga tomon…
Yetim edi, buvimday qilib
Ko‘tarmadi ertakni zamon.
Har bolaga ergashib kelib
Ostonadan qaytar beomon.

O‘ZIMGA

O‘zim yomon yigit emasman,
Bo‘lgim kelar yanada xo‘broq.
Birovlarga o‘xshay demasman,
Men o‘zimga o‘xshayin ko‘proq.

Suvratimda o‘zimmas edim,
Menga qaraganning ko‘ziman.
Yolg‘iz boqib oynaga, dedim:
Men o‘zimning xuddi o‘ziman.

HAQ

Kulging keldi, jilmayib qo‘yding –
Bu mukofot yuksak baxtimdan.
Bu gunohing shu qadar og‘ir –
Urib qolding mening haqqimdan.

CHAYON

Hech kimni chaqmadi anchadan buyon,
Sig‘magan zaharin sarf etar qayon,
G‘ijinib o‘zini uradi har yon,
Hech kimni chaqmasa o‘lishi ayon.

2014, Saraton

TO‘RTLIK

Dard chekdingu ohing chiqmadi,
Yo‘lingdan o‘z chohing chiqmadi,
Baxt qushini boshingga bog‘lab
Shoh bo‘ldingu shohing chiqmadi.
(Iskandarning shohi yo‘q)

ISM

1

Ism – bizga umrlik libos,
Hamma undan tanib qaraydi.
Kim oyoqqa qilar paytava,
Kimdir esa boshga o‘raydi.

2

Odam – buyum, ismi – tutqichi,
Har kimga mos – bilib qo‘yarlar.
Undan ushlab tortar o‘ziga,
Yo nariroq surib qo‘yarlar.

JAHLDOR QISH

1
Qish tish qayrab yugurib keldi,
Uni qayrab yubordi kimdir.
Izg‘ib yurdi ko‘chama-ko‘cha,
Kirib chiqdi uylarga bir-bir.

Badanimni sovutdi puflab,
Yamlab ko‘rdi, issiq yutmadi.
Suyagimni g‘ajidi ezib,
Yuragimga tishi o‘tmadi.

2
Kesakpechman sovuqqa qarshi,
Qahring ortsa isir quchog‘im.
Puflaganda alanga olar
Yuragimdir qishning o‘chog‘i.

* * *

Tasbeh donasiday o‘tardi yillar…
Ulkan ayvondagi yolg‘iz o‘raday –
Otamning so‘zlarin shimardi dillar
Madinada nozil bo‘lgan suraday.

Otam borgan joylar tabarruk, faxr,
Qutlug‘ poyqadami yetdi oxirga.
Men nega qo‘rqayin o‘limdan, axir,
Otam aylantirdi uni faxrga.

Tasbeh donasiday o‘tmoqda yillar,
Tasbeh donasiday tugab borar tez…

ZIYORAT

Pahlavon Mahmudga kirmay o‘tolmas,
Xivaga qadami yetgan har sayyoh.
Toki yo‘liqarkan odimda nodon,
Toki uchrar ekan har qadamda choh.

Qiyomatga qadar bani odamning,
Bundan uzilmagay toki oyog‘i.
Hammaga yetadi Polvon otamning
Osmonu falakdan ortgan bo‘yog‘i.

Dorda yurgan kabi kelar yoniga,
Haybati bossa ham qarar botinib.
Kaftida limmo-lim yurak qoniga,
Har kimsa qalbini olar botirib.

Javonmard tog‘ining g‘orida uxlab,
Har tong uyg‘onaman o‘ng yonim bilan.
Osmonim bo‘yayman nodon ochsa lab,
Ziyoratdan olgan dil qonim bilan.

* * *

Chiroyi ko‘ngilni o‘ziga tortar,
Boshi sa-al egilsa lolaning.
Shirinligi yanada ortar,
Do‘ppisi qiyshaysa bolaning.

QO‘ZIQORIN

Bir necha soatda keksayib qolgan
Tong chog‘i tug‘ilgan oppoq boladir.
Faqat yomg‘irdan so‘ng bir necha soat,
Musaffo hayotda yashay oladir.

TONG VASLI

Men har kuni bir bor kechib o‘taman,
Tun deya atalmish qora daryoni.
Kaftimda ko‘tarib yechib o‘taman,
Bo‘ynimga osilgan yurak – to‘rvoni.

Suv meni har oqshom tubiga tortar,
Timma- tik tong degan qirg‘og‘i roshning.
Og‘irligi esa kun sayin ortar,
Yelkamda bosh degan kerakli toshning.

Gohida yer bilan bitta bo‘laman,
Goho yumalaydi kaftimda dunyo.
Goh tun ko‘lmagida cho‘kib qolaman,
Goh to‘piqqa chiqmas toshsa-da daryo.

Ba’zan tun zulmati sarhadsiz ummon,
Ba’zan tun jilg‘asin hatlab o‘taman.
Har safar sohilga chiqaman omon,
Har gal tong vasliga qayta yetaman.

HIKMAT

To‘qson yoshli ota yonida
Shu dunyoda qolgisi kelar.
Yetmishidan o‘tgan holida
Erkalanib olgisi kelar.

Orasidan qochmadi hech gap,
Sezilmadi og‘zi olalik.
Yetmish yilki uni yetaklab,
Ulg‘aytmadi “baxtli bolalik”.

Nafasidan olovlar sachrab,
Ko‘zlaridan cho‘q otmaganlar.
Bola bo‘lar, ota bo‘lolmas,
Otasini yo‘qotmaganlar.

RUH QUSHLARI

Ertaga ruh qushlari bir-bir uchadi,
Biz qolamiz chunki tovuqmiz hammamiz.
Pahlavon Mahmud

Suv ham kerak, don ham kerak tovuqqa,
Qushga nima kerak bulardan bo‘lak.
Qo‘shiq kerak unga, daraxtlar kerak,
Parvoz kerak, qanotlar kerak.
Qanot ham bor unda, qanoat ham bor!
Qushga eng keragi – Osmon! Ozodlik!

SHOIR TABIATI

Ishga sho‘ng‘ib ketab ketib borlig‘i bilan
Ignasin yo‘qotar eng zo‘r tikuvchi.
Quloqqa qistirgan qalamin topmay
Rosa xunob bo‘lar eng zo‘r duradgor.
Ilhom parilari es-hushin olsa
Mavzusin yo‘qotib qo‘yadi shoir.
Shoir yo‘qotadi hamma narsasin
Yo‘qotar hattoki o‘zini, biroq
Qalamin yo‘qotmas hech qachon shoir.

DUDAHAN
Dudahan – xorazm talaffuzida “dudan”, forscha ikki og‘izli degani. Baliq ovlash uchun daraxt chiviqlaridan to‘qib yasaladigan asbob. Bir og‘zi non-xo‘rak qo‘yish uchun, ikkinchisi esa baliq kirishi uchundir. Dudanning og‘zi doim ochiq tursa ham, unga kirgan baliq qaytib chiqolmaydi.

Yotishing o‘xshaydi cho‘kkan kemaga,
Pisib suv ostini aylading vatan.
Ikki quloq bergan Tangri hammaga,
Nega sening og‘zing ikki, dudahan.

Makring puxta sening, toqating sobit,
Hiylang ham xiyla ham chala bo‘lmagan.
Qorningda qancha non bo‘lgandir nobud,
Ikki og‘zing hech vaqt ola bo‘lmagan.

Baliqlar og‘zi bor, tili yo‘q faqir,
Nafsga ergashgani bo‘ldilar qurbon.
Sening yaratuvching xudomas axir,
Seni chig‘irtoldan yasagan inson.

PAYVANDSHE’R

Maydalashar odamlar.
Otabek Odil

1
Alloh qilib mushkuling oson,
Bosganingda shaxdam qadamlar.
Kirib kelar pinjingga chandon,
Himoyasiz mayda odamlar.

Ular bilan hisoblashmoq shart,
Mayda deya bo‘lma nopisand.
Tuproq o‘zi garchi mayda gard,
Bossang chiqar boshingdan baland.

Do‘konlarda mayda o‘lchovlar,
Mayda gapga xaridor tayin.
Maydalashib boradi devlar,
Qarash nuqtang kengaygan sayin.

Garchi, Dovud suyangan aso –
Asrlarni qulatar, yiqar,
Tasavvurga sig‘magan dunyo,
Termitlarning og‘ziga sig‘ar.

2
Chinorlari yuksak tog‘lardan,
Xazonlari bolta chiritar.
Xavf yo‘q yo‘g‘on sasli zog‘lardan,
Mayda o‘tlar bog‘ni quritar.

…Xayol Odam Atoday kezar,
Giyoh ungan barcha yurtlarni.
Ixlosimning alangalari
Qovjiratar mayda o‘tlarni.

QIYOS

“Sen kir, sen chiq” degan o‘yin bor,
Kim qo‘l, kim bosh – yoqa bilan yeng.
Diyonatning eshiklari tor,
Xiyonatning ko‘chalari keng.

Nafs podasin bo‘sh qo‘yib boqsang,
O‘z ko‘nglinga o‘zing bersang erk.
La’nat tavqin bo‘yninga taqsang,
Diyonatning eshiklari berk.

So‘nggi yo‘lga otlansang magar,
Ne istasang bari topilar.
Inson qaytib kelmasa agar,
Nega eshik sekin yopilar?

Har kim o‘zin bog‘lab keltirgan,
Toshqin ko‘cha-kuylar ko‘rinar.
Diyonatning eshiklari lang,
Eshigi yo‘q uylar ko‘rinar.

16 may 2016 yil

* * *

Belbog‘i bo‘sh boylangan
Ul*dan shoir chiqmagay.
Tili kesilmay qolgan
“Til”dan shoir chiqmagay.

Ko‘ngli dard tug‘maydigan
Tuldan shoir chiqmagan.
Shohdan shoir chiqaru
Quldan shoir chiqmagay.

Bir-birini elagan
Eldan shoir chiqmagay.
Bir bor kirsa yurakka
Dildan shoir chiqmagay.

Ul*- o‘g‘il

DIYDORLASHUV

She’riyatning shohko‘chasiga
Osiladi faqat shohbaytlar.
Chorlasa ham shohona saroy
Yo‘l topolmas unga loqaydlar.

Shohsatrlar shohsupasida
O‘qiladi eng oliy farmon.
Mangulikka yo‘llanma olmoq
Shoirlarga umrlik armon.

Kelar olis chekka joylardan
Bugun, oqshom, ming yildan nari.
Otlanarkan ulug‘ safarga
Shohbekatda uchrashar bari.

MЕHMONNING O‘LIMI

Makon tutgan tanamni og‘riq,
Haydash bilan ketmas bu mehmon.
Faqat uning yemishi sog‘liq,
Ketadi yeb tugatgan zamon.

Har kun uning rizqini terib,
Uyga darhol chopib kelaman.
O‘zimni yeb bitirmasidan
Unga yemish topib kelaman.

Bo‘lsam hamki garchi izmida,
Bo‘sh kelmayman men undan sira.
Unga o‘lmas oshini berib,
To‘playapman ulkan zahira.

Goh ajdarday qornin to‘yg‘izsam,
Biroz mizg‘ib oladi faqat.
Kasallik ham kasallanarkan
Yesa ovqat ustiga ovqat.

Uni ochdan o‘ldirib bo‘lmas,
Ochlik bilan kuldirish mumkin.
Bunday nafsi yomon mehmonni
Faqat to‘yda o‘ldirish mumkin.

ILHOM PARISI

Seni ta’riflasam, yulduzlar erib,
Oyning yuzi, kunning ichi kuygani.
Seni ta’riflasam, o‘ziga zeb berib,
Ilhom parilari kelar suykanib.

“ASSALOMU ALAYKUM”
“Assalomu alaykum” – yovvoyi o‘t nomi bo‘lib, bugun chopib tashlansa ertaga yana o‘sib chiqavergani sababli dehqonlar uni shu nom bilan atashadi
.
Salom berish vojib deb bilgan
Yer ostida yotar odamlar.
Nonushtada salomin yegan
O‘tar qator-qator odamlar.

Yo‘qligiga odobning boshi
Son-sonoqsiz odamlar ko‘ndi.
Kuch berdimi yotganlar loshi
Salom berib maysalar undi.

O‘t degan so‘z shundandir balki,
Dehqon jonin o‘tlarga yoqib,
Urug‘ini quritsa hamki
Kelaverar ariqdan oqib.

Necha yilki mana odamzod,
Bosh kesmoqni kanda qilmaydi.
Maysalarday avj olar hayot,
Banda bandaligin qilmaydi.

Munaqqidning ketmonida zang,
Qotar manglayda sovuq terlar.
Qilayotir boshlarni garang
“Assalomu alaykum” she’rlar.

Harflarday rizqini terib,
Har kim ichsin halol oshini.
O‘z joyiga qo‘ying keltirib,
Odobning kesilgan boshini.

ZЕRIKKAN BOG‘

Gilos bo‘lib yukidan xalos,
Qo‘llarini yozdi kerishib –
O‘tiribdi endi zerikib.

Suvga olma otib o‘ynagan
Kunlarini eslaydi olma –
Suv bo‘yida esnaydi olma.

Qish uyqusi hali uzoqda
Mudroq yozga qiyin ko‘nikish –
Boshlanadi umumzerikish.

Kelar edi darmoni qurib,
Charchagan yil asta cho‘zilar
Soya-salqin bog‘larga kirib.

TILAK

Senda iymon doim bus-butun,
G‘oliblik – choh, mag‘lublik – sharaf.
Bo‘lmasang ham dunyoga ustun,
Senga qibla erur to‘rt taraf.

Haq tomonsan, emas kuch tomon,
Nur yo‘lini ko‘zyosh tiqmasin.
Senga sadqa bo‘lsin uch tomon,
Kunbotardan quyosh chiqmasin.

SO‘Z QUDRATI

So‘z yoqimli bayotdan ko‘ra,
Mehrga to‘q ota ko‘zlari.
Shirin edi hayotdan ko‘ra,
“Yasha o‘g‘lim” degan so‘zlari.

Qiymalaydi boqsa dilingni,
Kampiringning qiyiq ko‘zlari.
Totli qilib qo‘ydi o‘limni
“O‘ling-e!” deb aytgan so‘zlari.

YANGI KUN

Tandir kabi qizigan havo,
Yuzlari qizargan non kabi…
Garmsel – onamning nafasi,
Onam – quyosh qizi yerdagi.

Shimol sari ketgan sovuqning
Bolalari uxlar tog‘larda.
Uyg‘onadi sarrin shamollar –
Adashadi ulkan bog‘larda.

O‘ta olmay qalin shoxlardan
Yalanglikdan yuradi asta
Shabadalar – mitti bolalar.

Xudoning kuni ko‘p bo‘lsa-da
Bir-biriga kun bermas kunlar
Bir-birini bosar, itarar.

Tug‘averar quyosh va ona
Yana yangi kunni jilmayib.

MAVSUM OXIRIDA

O‘zi ham paxtaga aylandi dehqon,
G‘o‘zalari bilan yurar gaplashib.
Bular g‘o‘za emas, odam-ku axir,
Ana paykallarda turar saflashib.
G‘o‘zaning joni bor – og‘riydi gohi,
Chanoqda paxtamas ko‘zining oqi.

— Bilagingda kuch bor, dilingda g‘ayrat,
Terimchim, ishingni qoyil qilasan.
Burgut o‘ljasiga chang solganiday
Paxtani chanoqdan yulib olasan.
Avaylab ushlagin qo‘lingga toki,
Bular paxta emas ko‘zimning oqi.

Tong chog‘i siyraklab qolgandek yulduz,
Bu yerlar dalamas osmonning toqi.
So‘nggi chanoqlarda ko‘rinar yilt-yilt
Bular paxtalarmas ko‘zlarning oqi.
So‘nggi xulosaga kelasan boqib,
Bular paxta emas ko‘zlarning oqi.

TARADDUD

Onang ketayapti sigir soqqani,
Yig‘lab ostonada turmay uyga kir!
Kelar u o‘choqqa olov yoqqani,
O‘g‘lim, ayriliqqa tayyorlanib tur!

Ortimdan termulma shaharga ketsam.
Xomsiqib* qolmagin, chop, o‘yna, yugur!
Ajabmas uch kun yo haftalab kutsang,
O‘g‘lim, ayriliqqa tayyorlanib tur!

Buving otlanarkan olis safarga,
Uning quchog‘idek yo‘q endi huzur.
Yig‘lab uyg‘onarsan har tong saharda,
O‘g‘lim, ayriliqqa tayyorlanib tur!

Yoningda bo‘lishin istading tun-kun,
Uzoq kutganlaring qaytdilar, shukur.
Bir zumga ketib ham qaytmaslik mumkin,
O‘g‘lim, ayriliqqa tayyorlanib tur!

O‘tmoqda haftalar, oylar va yillar,
Turnadek aylanar tegrangda bir qur.
Bir zot bor uzilgan iplarni ular,
O‘g‘lim, diydorga ham tayyorlanib tur!

* Xomsiqib — xomushlanib

SAMIMIYAT

“Ovqat pishdi, choy ham qaynadi”
Ovoz berar eriga ayol.
O‘ylamaysan har buyum nomi
Kelmasligin o‘ziga malol.

So‘zlar uchar dasturxon uzra,
Haydamaydi hech kim chivinday.
Joy yo‘q dilda qo‘nmoqqa hadik,
Xavotir yo‘q yurakda jinday.

O‘zgartmagan uy libosini
Olomonning ichida hatto.
Gaplashadi er bilan xotin
O‘sha ovoz, o‘sha holatda.

Muhrlanar har bir harakat,
Har bitta so‘z qoladi yodda.
Go‘yo Chexov asari kabi
Qahramonlar samimiy, sodda.

Voqealar kechar o‘zidan,
Tahrir qilmas matnni hech kim.
Men o‘qishda davom etaman,
Bu asardan kelmaydi kechgim…

AROSAT

Men o‘zimni sevaman qattiq,
Men o‘zimni yomon ko‘raman.
To‘fon bosgan dunyoni,
yolg‘iz
Men o‘zimni omon ko‘raman.

Qizig‘i yo‘q menga hayotning,
Men hayotdan hayratlanaman.
Dafn bo‘lib har kuni yuz bor,
Tug‘ilaman yuz bor yana man.

Qaydaligim, kimligim bilmam,
Mo‘ysafidu norasidaman.
O‘lim-hayot chegarasida –
O‘t bilan suv orasidaman.

AYTILMAGAN AYOL IZHORI

Gumon olib qochar meni,
Olib qochar xayollar.
Bermay menga zarra imkon
Va bermasdan savollar.

Uyqu qopga solar har tun,
Otga bosar xayollar.
Jur’atsiz er qo‘llarida
Ishq bo‘ladi uvollar.

Men armonning qo‘lida band
Qutilolmam xayoldan.
Siz so‘raysiz nega izn
Ixtiyorsiz ayoldan.

HISOBOT

Men ushbu yil osmonga
O‘n ikkita oy berdim.
O‘n birinchi oyni men
She’r yozmasdan boy berdim.

Chiqib somon yo‘liga
Otlar suron soldilar,
Kelajagim qo‘liga
Gijinglagan toy berdim.

G‘irotning tuyog‘idan
Tushgan kumush taqa – oy,
Hasan bilan Husanga
Kamalakdan yoy berdim.

Qirq yil qirg‘indan omon
Chiqqanda och ruhimga,
Asal to‘la ariq, ham
Sutga to‘la soy berdim.

Osmon to‘la, yer to‘la
So‘zlarga yo‘q hech o‘rin,
Yetim qolgan dardimga
Daftarimdan joy berdim.

Ellik to‘rt yil osmonga
Quyosh berdim, oy berdim,
Mangulik taqvimiga
Men umrimdan joy berdim.

* * *

Kesib o‘tmaydi u yo‘limni, to‘sar
Dev kabi bahaybat qora mushuk – tun.
Sichqonday bolalab lahzada o‘sar,
Ko‘krak qafasimda tashvishlar tutqun.

Bizning g‘amimizni yeb tugatolmas,
Kun-tun – ola mushuk oramizdagi.
Yuzingda xol emas
Ichimda yotgan
Qirq devning rizqidir bir mayizdagi.

BIR SO‘Z BILAN

Bir o‘q bilan, bir ko‘z bilan
Urar eding
Ikki quyonni.

Bir do‘q bilan, bir so‘z bilan
Tarqatarding
Ikki quloq
Yig‘gan gumonni.

Bir so‘z bilan bir umrga
Taltaytirding
Bolangni.
Bir so‘z bilan bir lahzada
Qartaytirding
Otangni.

TARIQAT

G‘ildirak relsga yopishar qattiq,
Ular bir-birini tushunar so‘zsiz.
Umrimiz aslida kimgadir tortiq,
Ismoil bosh egib, cho‘kkaniday tiz.

Azob dilni ishqqa bog‘laydi ko‘proq,
Ibrohim tushgan o‘t – jannatiy bog‘lar.
Tog‘larga do‘nadi yonganda tuproq.
Temirga aylanar erisa tog‘lar.

G‘ildirak relsni sevadi qattiq,
Muhabbat izmida – rohatda yurak.
Umrimiz kimgadir sir to‘la tortiq,
Bu sirni bandasi bilmasa kerak.

BЕLI BOG‘LI

Dunyo matohlarin sovurib falak,
Pushti kamarimiz saqlab qo‘yibdi.
Bog‘lab qo‘ygan emas bizni dunyoga,
Dunyoni bizlarga bog‘lab qo‘yibdi.

Imon to‘sib turar to‘fon yo‘lini,
Nuh duo yo‘llamas ellarimizga.
Dunyo ulkan kema, uning ipini
Bog‘lab qo‘ygan ekan bellarimizga.

* * *

Kelgan har bir fursatni
Yillar bo‘yi poyladim.
Lahzalarning ichiga
Cho‘ng yillarni joyladim.

Imkon iskanjasida
Dolni alif ayladim.
Qoziq qilib qaddimni
Vaqt ipini boyladim.

O, naqadar ojiz men,
Yo, Egamning qudrati!
Ketar ipin uzib ot,
Yo qozig‘in sudratib.

“QIZILQUMDA BIR KUN”
(Shavkat Rahmonni o‘qib)

Bu ulkan sahroda
Qancha qum zarralari bo‘lsa
Shuncha dona jimlik hukmron.

Shu sahroda nechta jonivor bo‘lsa
Sharoitga qarab moslashar
Soxtalik qobig‘i ostida
Xavotir ichida
Yashaydi bari.

Mitti zarralarning bahaybat jimligi
Domiga tortadi
Bunga qadam bosgan kimsani.

Qimirlagan tirik jon bor-ki
Soxtalikdan xoli bo‘lolmas.
Shu sabab azaga kelganlar bir-bir
Qo‘shiladi umumjimlikka.
Son-sanoqsiz tarqoq zarralar
Yagona jimlikka birlashar.

* * *

Ketishga chog‘landing ortingga boqmay,
Ming yilga cho‘zildi taraddud.
Birdan ketib qolding kiprik ham qoqmay,
Nogaxon uzildi taraddud.

Ming yil botmay turgan quyosh ham botdi,
Boshini ololmas sening poyingdan.
Tong zulmat ortida muz bo‘lib qotdi,
Kun chiqa olmaydi botgan joyidan.

TANISH TUYG‘ULAR
Hayot Shodmonga yondoshib

1
Kayfiyat –
Ko‘ngil darchasidan kirgan shabada,
Tetiklashtiradi xasta ruhimni.
Haydab solar xilvatxonadan
Nomahramni – bor Anduhimni.

O‘z-o‘ziga hukm chiqarar
O‘z uyida yotgan mahbus – Sir.
Sog‘inch kelar uzoq yo‘l bosib,
Kira olmay qaytar baribir.

2
Orzuning makoni judayam olis,
Umid Ta’ma bilan siboshiq* qo‘ngshi.
Orzu kirib bo‘lmas qasrda yashar.
Ilinj ijarada yurar o‘ngishib.

Yuribman uyma-uy, eshikma-eshik,
Choldirish** – ko‘ngilning ko‘cha-kuylari.
Uchrar har qadamda chirog‘i o‘chgan
Armonning buzilib ketgan uylari.

*Siboshiq qo‘ngshi (qo‘shni) – tutash hovli.
**Choldirish – chalkash.

YOMON NIYAT

Cholvarini o‘zi kiyolgan,
Uyalishni boshlagan bola
Birga o‘ynar qo‘shni qiz bilan –
Bir qo‘shiqni qilishar nola.
“Oqqoy, boqqoy
Qaraganning ko‘zi sitilib oqqoy!”

Vaqt oqadi, Baxt boqadi –
Qo‘shiqlar kundan-kun yoqadi.
Ko‘payar elning so‘zlari,
Kattayar osmon ko‘zlari.
Hamon dilda birinchi qo‘shiq:
“Oqqoy, boqqoy
Qaraganning ko‘zi sitilib oqqoy!”

Qiz yuzidan necha oqshomlar
Hayo pardasini olmadi.
Va niyati bo‘ldi ijobat
Qiz tilagi qisir qolmadi.
Birov qarab turganday go‘yo
Lovulladi, qizardi yuzi.
Tuynugidan qaragan zahot
Oqib tushdi osmonning ko‘zi.

GURLAN OHANGLARIDA

QISINCHOQ

Sango tomoq qirib qomoq,
Juysiz yerga bolta somoq.
Igarraka ketavirsang,
Sensiz turg‘on yerim qomoq.

Axir ko‘zing dim qop-qoro,
Axir tishing sening dim oq.
Sen moqtonib yurgan xoling
Mongloyingo tushgan yamoq.

Bir amallab qoriyg‘oysong,
Yomon qiyin ko‘zdi omoq.
Choyg‘o solib yutqim kelar,
Yuz qilqinib bo‘ldim tomoq.
O‘romoling uchin tuyding,
Nichcha chechib-kiydim timoq.

QIYSHIQ JIYDA

Shu qiyshiq jiydaning qoshinda
mango qiyshaymading deb,
Shu sori gullarding tiyinda sorg‘aydim.
Jiydaning yuzina qon yugurganda,
Mening bari yerima jon yugurganda,
Qo‘rqasan kunduzi kelishdan,
Jiydaday qizarib yurishdan.
Kunning qizilini ketirib
Qoppo-qorong‘ida
Sarmalab tovishmadiq.
Ekavmiz bir-biravga
Shappikday yovushmadiq.
Jiydamiz qurib qoldi,
Men sennan quri qoldim.

OYKAKIL
(Otom zomondog‘i qo‘shiq)

Ko‘ring anov uzikdi,
Toppay mennan tuzikdi,
Hamma yerda ko‘zini
Suzavirib ko‘zikdi.

Ko‘ring minov qizziqdi,
Mongo chizib chizziqdi,
Qariyvirib oynag‘a
O‘z-o‘zina qizziqdi.

Ko‘ring minov qizziqdi,
Moyg‘a tushkan jizziqdi,
Sovchi borsa uyina
Shirasini qiz ziqdi.

Ko‘ring minov bir qizdi,
Sochin yuvib sirqizdi,
Bosirniqdim, tushimda
Oykakilday qo‘rqizdi.

Ko‘ring minov tirsiqdi,
Solma bo‘yda kir siqdi,
Sig‘ishviydim, qo‘limdi
Kirga qo‘shib bir siqdi.

TANDIR

Beting issi, yimshoq, tandirdan
Hozir chiqqan nong‘a o‘xshiydi.
Hech oyomoy tikach bosilib,
Suvom yolotqong‘a o‘xshiydi.

Zuvolongdi etganda: “Tandir –
Qizdimo” deb so‘rab qo‘ydilar.
Shamollarda qoyzatmasin deb,
O‘romolg‘a o‘rab qo‘ydilar.

Ko‘rpachani ustinga yovub,
Suprasining chongin qoqdilar.
Seni mennan yoshirib qo‘yib,
Ichima ko‘p o‘tlar yoqdilar.

Tishlarimdi tikachday bosib,
So‘ng yuzingdi suvlob turomon.
Quchog‘imnan chig‘ib ketsangam,
Cho‘g‘im o‘chmay lovlob turomon.

ANJIR MUROBBO

Vox, meni qo‘yovir, anjirlar seni
Ko‘rganda ovzinnon bollor tomodi.
Anjirga suyandim seni sog‘inib,
Oyoq-qo‘llarimda hollor qomodi.

Murobboliq anjir pishdi miltirob,
Seni ko‘rgim keldi miltirob ko‘zim.
So‘zing shakarina bilg‘oding meni
Biram mozolimon o‘zima o‘zim.

Qo‘limdi sen yoqqo uzotjoq bo‘som,
Anjir shoxosinday boylonib qolor.
Shakar lablaringa yetganda anjir
O‘zi murobbog‘a oylonib qolor.

TO‘RTLIK

Meni ko‘rganingda cho‘rchi-ib tushding-a,
Osmon uzildima, yerga tushdima?
“Uf-f!” – deding barmog‘ing labinga bosib,
Birgana o‘pganda ovzing pishdima.

TUYUQ

Tuyuq deb yozg‘onim tuyuq bo‘miydi,
Suv-to‘rpog‘im ongsot uyuq bo‘miydi,
Kavnim paxsa iydi cho‘kdi, yorildi,
Ming yomob iloy surt u yuq bo‘miydi.

003

(Tashriflar: umumiy 1 178, bugungi 1)

Izoh qoldiring