Ma’suma Ahmedova. Ikki hikoya

045    Нимадир керак бўлиб, эски қутиларни титкилади, шу маҳал қути ичи аралаш-қуралаш бўлиб, бир нарса гиламга тушиб, юмалади. У эгилиб, қўлига олди: ялтироқ, яшил тугма. Кўнгли ёришди. Беихтиёр ёдига беғубор талабалик йиллари, олис етмишинчи йиллар ортида қолган ёшлик даври тушди.

Маъсума Аҳмедова
ИККИ ҲИКОЯ
066

034Маъсума Аҳмедова Тошкент вилоятининг Паркент туманида туғилган.Тошкент Давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тугатган.
“Офтобли кун”, “Бировнинг ҳаёти”, “Ҳикоялар” ва “Жўнатилмаган мактуб” номли қисса ва ҳикоялар тўпламлари нашр қилинган. У насрда ижод қилиш билан бирга бадиий таржима билан ҳам шуғулланади. Таниқли озарбойжон ёзувчиси Чингиз Ҳусайновнинг “Муҳаммад, Мамад, Мамиш” романини, япон, вьетнам ҳикояларини, Аргентина ёзувчиси Хулио Кортасар ҳикояларини таржима қилган.Ҳозир янги қисса ва ҳикоялар тўплами ҳамда машҳур рус ёзувчиси Леонид Андреевнинг ҳикоялар тўплами ўзбек тилида нашрга тайёрланмоқда.

066

Яшил пальто

Отам Тўхтамурод Аҳмедовнинг порлоқ хотирасига бағишлайман

Нимадир керак бўлиб, эски қутиларни титкилади, шу маҳал қути ичи аралаш-қуралаш бўлиб, бир нарса гиламга тушиб, юмалади. У эгилиб, қўлига олди: ялтироқ, яшил тугма. Кўнгли ёришди. Беихтиёр ёдига беғубор талабалик йиллари, олис етмишинчи йиллар ортида қолган ёшлик даври тушди.

***

Шундоқ ёнгинасидаги курант соати ўн бешта кам олтига келиб бонг урди. Ҳаво тунд, совуқ. У биргина енгил кўйлакда, устида жун кўкранг жемпер. Худога шукур, бу кийимлари яп-янги. Бу йил ўқишга кирди, онаси авжи пишиқчилик пайти ҳовлидаги шотутни терди, бозорга укасини жўнатиб, соттирди, пулига ана шу кўйлак билан жемперни олиб берди. Янги кийим яхши-да. Кийсанг, ўзингни эркин сезасан, кайфиятинг ҳам кўтаринки бўлади, муҳими, атрофингдагиларнинг камситгандай назарларини пайқамайсан. Қиз шунинг учун, кийиб олган кийимлари туппа-тузуклиги учун ҳам автобус бекатида бемалол тураверди. Кун бўлса, совуқ, ахир декабрь кирди.

Мана, қор ҳам учқунлаб турибди, автобусдан эса ҳамон дарак йўқ. Эти жунжикди. У жемперини баданига яхшилаб ўраб олди: ана энди совқотмайди. “Мен совқотмаяпман, сираям”, ўзига-ўзи қатъий шундай деди. Бу сўзлар ёрдам бердими, энди совуқни сезмай қўйди.

Бекатда анчадан бери унга ҳамроҳ бўлиб турган она-ўғил шекилли, иккалови автобус кутиб, чарчадиларми, ўрниларидан турдилар-да, пиёда кетдилар, сал нарироққа бориб, такси тутдилару жўнаб кетдилар. Энди автобус бекатида якка ўзи қолди. Курант соати яна бонг урди. Бу гал икки марта занг чалди.

Қор учқунлари ҳавода чирпирак бўлиб ўйнади. Бошини кўтариб, курантга қаради. Қор учқунлари кўзларига кирди, қорни кафтлари билан артиб, соатга яна қаради: миллари олтини кўрсатиб туриб қолди. Соат олти бўлди-я, ҳалигача автобус келмаяпти. Ҳозиргина учқунлаган қор энди расмана ёға бошлади.

Изғирин турди, совуқ жун жемперини тешиб ўтиб, баданига қадалди: “Йўқ, мен совқотмаяпман!” Қиз бекатда уёқдан-буёққа юрди, назарида вужуди илиди. Бир, икки, уч… Ҳа-я, нега хаёлига келмаган экан, юриб санаса, вақт ҳам ўтади, совқотмайдиям. Санайвериб, икки юзтага етказди ҳамки, ниҳоят узоқда ёғаётган қор тўзони орасида автобус кўринди. Автобус қор пардасини ёриб ўтиб, бекат сари яқинлашиб келаверди.

Қиз қувонганидан сакраб кетаёзди: мана, ахири автобус ҳам келди, у бўлса сира-сира совқотмади!

***

Куни кеча бўралаб ёққан қор бугун буткул эриди, совуқ ташлади. Энди тўқ хонадон қизлари бўлмиш айрим курсдошлари унинг биргина жигарранг кўйлагу кўк жемпердагина юришига ортиқ аҳамият бермай қўйдилар. Қиз буни курсдошларининг ачиниш аралаш кибрли нигоҳларидан сезарди. Бугун у бундай назарларни пайқамади. Балки улар бунга кўниккандирлар? Қиз ўжарлик билан қўл силтади: энди шулар ола қарайди, деб ўқишга ҳам келмасинми, ҳечам-да!

У совқотмайман, дея биргина кўйлагу жемперда ҳафтани салкам поёнига етказди. Ниҳоят шанба куни етиб келди.

Талаба зоти борки, уйга борар кунни интиқ бўлиб кутади: аввало соғинч, кейин уйдагилар меҳри, ҳали томоғидан кетмаган ўсмирлигу болалигининг ширин лаҳзалари, қадрдон жойлар ҳавоси, айтинг, кимни чорламаган?

Автостанциядан уйи томон шошилди: тез юрганидан нафаси ўпкасига тиқилаёзди. Азбаройи тез юрганидан терлаб ҳам кетди, исиб, жигарранг кўйлаги баданига ёпишди. Ана, ана, олисдан уйлари кўринди!

Узоқдан укалари-ю, сингиллари унга пешвоз югурдилар: ана, опачам келяпти!

Маълум бўлишича, уни уйда жуда катта хушхабар кутаётган экан! Ука-сингиллари шошиб, ҳовлиқиб, ундан суюнчи олмоққа чоғландилар:
– Опача, опача, дадам сизга пальто сотиб олдилар!
– Шундай чиройли, ям-яшил! – шошиб, ҳовлиқиб деди синглиси Фазилат.

– Ўзиям қиммат, олтмиш тўрт сўм экан! – деди катталардай, худди киссасидан нақ олтмиш тўрт сўм чиқариб, пальто сотиб олгандай укаси Неъмат.

– Энди ҳадеб менга у керак, бу керак, деб хархаша қилавермай яхши ўқиларинг, дедилар ойимлар. Ахир опангга пальто сотиб олдик, дедилар! – деди насиҳат қилганнамо синглиси Адолат. – Битта биз эмас, сиз ҳам яхши ўқинг!

Улар шу зайлда қувонишиб, ҳовлиққанларича уйларига кириб келдилар. Қиз югургилаб, пойабзалини еча солиб, уйга кирди. Юраги севинчга тўлди, тўлқинланиб, питирлади: ура, энди унинг ҳам пальтоси бор!

Уйга кира солиб, дадаси, ойиси билан наридан-бери кўришиб, пальтони кийиб кўришга ошиқди. Ҳа, синглиси Фазилатнинг мақтаганича бор экан, пальто ям-яшил, шундай чиройли, шундай чиройли! Тугмалари ялтироқ, кўзни олиб товланади, ёқалари ҳам шундай бежирим! Иссиқ! У пальтони ечгиси келмай уй ичида айланди.

– Ёқдими, қизим? – сўради дадаси мамнун жилмайиб
–Ёқмайдими! – деди у дадасига қандай миннатдорлигини билдиришини билмай хурсанд бўлиб.

Ҳа, у ўша қишда ҳам, ундан кейинги қишларда ҳам чинакамига сира совқотмади. Ҳозиргача ўша яшил пальто тафтини ҳис қилади. Бундан кейин умрида қанча-қанча пальтолар кийди, ҳеч бири эсда қолмади.

Бу пальто биргина унинг эмас, оиладаги ҳаммаларининг зиммасига масъулият юклади: аввало яхши ўқиш, яхши юриш, тарбияли, одобли қиз бўлиш, борини тежаш, барига қаноат қилиш…
Ҳа, мана, орадан қирқ-қирқ беш йиллар чамаси вақт ўтибди. У ўша пайтлар бу туйғуларни ҳозиргидай ҳис қилмаган эди чоғи: аслида яшил пальто оиладаги ҳаммага, айниқса унга бир синов, қилажак яхши ишлари, сабрларига ибрат бўларли мукофот бўлган экан.

У қўлидаги тугмани авайлаб яна қутига солиб қўйди.

Ҳамдардлик

Неча кундан бери ичи ғаш. “Нима қилсам экан?” – деган савол уни қанча вақтдан бери қийнайди.

Бугун эрталаб уйдан қандай чиққанини билмади. Эри кеча оқшом ҳам уйга келмади. Ўғли шамоллаб қолган чоғи, қув-қув йўталди, овқатдан номига тотинган бўлди, беҳол ётиб олди. Қизи эса хонасидан чиқмай, компьютердан бош кўтармади. Нима қиляпсан, деса, кўрмаяпсизми, ойи, дарс қиляпман-ку, дейди. Ҳали учиниб турган ўғлини ўраб-чирмаб аранг мактабга кузатди, қизи эса шунча ялинса ҳам иштаҳам йўқ дея, нонушта қилмасдан ўқишга жўнади.

Мана, неча ойдирки, шу аҳвол, ҳаммаларининг кайфияти йўқ. Эри кун ўтказиб, қўйни қўнжини тўлдириб, бозор қилиб келган бўлади, аллақандай йўқ сафарларни важ қилганича уйга бирровгина қўниб, яна қочиб қолади. Нима қилсин, юраги алангайи оташ бўлиб ёняпти. У нима гаплигини аллақачон сезган, барини англаб етган эди. “Эрининг жазмани бор!” Аёл қалби хиёнатни дарров сезади. Ўзингиз ўйланг, не-не умидлар билан бир ёстиққа бош қўйган жуфти ҳалоли бирдан хотинини ёқтирмай, хуш кўрмай қолса, ўзга аёлни ундан афзал билса, бундан ортиқ хўрлик бўладими дунёда? Бундай кунни, бундай савдони Худойим ҳеч бир аёлнинг бошига солмасин, бундай туйғуни сезгулик қилмасин!

Қулоғига олислардан онасининг байт айтган овози чалинади:

Кет десанг, маҳшар кетарман,
Ҳаммадан хўрлик ёмон…

Онаси димоғида хиргойи қилган байт мағзига ўшанда тушуниб етмаган экан… “Бундай яшаб бўлмайди! Тезроқ эри билан гаплашиб, орани очди қилиб олиши керак, бугуноқ! Керак бўлса ажрашади, ўзини ерга уриб ўтирмайди. Эрими, ана, катта кўча, истаган томонига кетаверсин! Токи хотиним, болаларим бор деб, уларнинг юзини қилмай бошқасини маъқул кўрибдими, ўша топган жонони билан бахтли яшайверсин!” У ўйлаб-ўйлаб шундай қарорга келди.

Ишга келса, кабинети олдида анча одам тўпланиб қолибди. Бугун муҳим иши бор, қачон кўриб бўлади шунча аёлни! Йўқ, бекорга ваҳима қилган экан, қабул куни тугамасданоқ кўриб бўлди уларни.

– Дилдора, қаранг-чи, яна биров қолдими? – дея ҳамширага юзланди-да, телефонини чиқариб, соатига қаради. У эрининг ишхонасига айтмасдан бориб, гаплашиб олишни фикр қилди. Қўнғироқ қилиб борса, эри атайин хотинининг телефонини кўтармайди ёки кўтарсаям бирор баҳона қилиб, суҳбатни кейинга қолдиради, бу аниқ. Эрининг шундай қилишини кўнгли сезарди.

– Ҳабиба Комиловна, ҳеч ким қолмади шекилли, – ҳамшира шундай дейишини билади, бирдан эшик қия очилди, бир жувон бош суқиб хонага мўралади.

– Мумкинми? – жувон ийманибгина сўради.
– Киринг! – деди ноилож.

Ўттиз беш ёшлар чамаси нозик аёл аста унинг қаршисидаги курсига чўкди. Жувон руҳсиз кўринар, анчадан бери сартарош қўли тегмаган шекилли, бир шаклга келмаган сочларини орқасига шунчаки сочтўғнағич билан тўғнаб қўйганди. Эгнига ҳам туссиз кофтаю қора юбка кийган, оёғига илган туфлисининг ҳам чанги артилмаган, хуллас, унинг афти ангори неча кунлар оғир беморга қараб ўтирган одам кепатасида бўлгани сингари тушкун, ҳорғин кўринарди.

– Эшитаман, – у олдидаги қоғоздан кўзини узиб, аёлга қаради.

Жувон бир неча муддат нима дейишини билмай каловланиб қолди.

– Доктор… – жувон нима дейишига ҳайрондай бир ютиниб олди. – Мен…
– Гапиринг… – жувонни тезгина кўрмоқчи эди, шу сабабли унинг чайналишидан бетоқат бўлди. – Хўш?..

Жувон ахири ўзини қўлга олди. Омонат ўтирган курсига жойлашиб ўтирди. Сўнг шартта деди:
– Мен туғмоқчиман!

Жувон бу сўзларни шундай қатъият билан айтдики, у ажабланиб аёлга қаради. Худди назарида аёл сўзлари унга: “Мен ўзимни ўлдирмоқчиман!” – дегани каби жаранглади.
– А? – шундай деди-ю, кейин ичида ўзини койиди. “Сен ахир гинеколог бўлсанг, аёл киши ҳузурингга нима учун келади, уларнинг дардларидан бири – туғиш бўлса. Нега ажабланасан?”

– Доктор, мен шунга сизга кўринай, анализлар бўлса топширай дегандим, – деди жувон энди осойишта. Афтидан, у ўзини босиб олган, доктор қабулига нима мақсадда келганини тушунтиришга қодир бўлиб турарди.

У бу орада ўзини қўлга олди, одатда қабулига келган аёлларга савол бергани каби сўради:
– Ёшингиз нечада? – аёлга синчиклаб назар солди. – Туғмаганмисиз?

Жувон доктордан айнан шу саволни кутгандай, безовта бўлди, ўзига келдими, бир оздан сўнг деди:
– Ўттиз олтига чиқдим, иккита ўғлим бор.

“Мендан тўрт ёш кичик экан”, негадир хаёлига шу ўй келди. Бу ўйни хаёлидан қувди-да, яна жувонни сўроққа тутди:

– Қийналасиз, туғиш учун ёшингиз бир оз катталик қилади, – деди зимдан жувонга разм соларкан. – Бор экан-ку ўғилларингиз, шуларни катта қилавермайсизми. Ёки қиз кўрмоқчимисиз?
Жувон каловланиб қолди, асабийлик билан қўлларини қаерга қўйишни билмагандай тортқилади. Сўнг секин деди:

– Барибир…

Унинг тоқати тоқ бўлди, телефонини очиб, яна соатга қаради: қабули тугаб қолибди, ахир бугун ўта муҳим ишни бажаришни мўлжаллаган бўлса… Бу жувоннинг туғишдан бошқа дарди бор, кўриниб турибди. У қўл силтади, туғмоқчи экан, туғавермайдими, унга нима? Шошилиб, мана шу анализларни топшириб келинг, ана, ҳамшира ёзиб беради. Кейин сиз билан гаплашамиз. Ҳозир креслога чиқинг, суртма оламан, демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган, энди ўрнидан туришга ҳозирланган эди ҳамки, жувон чаққонлик қилиб қолди:

– Эримнинг ўйнаши бор…

У жувоннинг бу сўзларини эшитиб, ўрнига қайта ўтирди. Назарида бир онда аллақандай ҳамдардликка ўхшаш ғалати туйғу бутун вужудини қамраб олди.

– Шунинг учун туғмоқчиман, – жувон ниҳоят ичидаги борини тўкиб, енгил тортгандай докторга қаради. – Учта болани ташлаб кетолмайди.

У сўнгги қарорини қатъий айтган жувонга бошдан-оёқ тикилди. Бошқа пайт бўлганида, ҳа, бундан бир йиллар муқаддам бўлганида ҳам шундай масалада қабулига кирган бу жувонга шундай деган бўларди: “Синглим, сиз яхшиси, аввал психологга бир кўрининг, маслаҳатини олинг, кейин олдимга келасиз”, дея мулойимлик билан кузатиб юборган бўларди. Лекин ҳозир…

– Бола оилани ушлаб қолади, деб ким айтди сизга? – у қаршисида ўзига бениҳоя умид билан тикилган жувоннинг кўзларига қараб. – Ишонинг, бола эр-хотин муносабатларини сақлаб қололмайди.

Бу гапларни қандай айтди, бу сўзлар тилига қайдан келди, ўзи ҳам билмайди. Яна сўзлар кўнглидан қуйилиб кела бошлади.

– Болани учта қилиб… кўнгли яримларни кўпайтириб нима қиласиз? Ундан кўра эрингиз билан очиқ гаплашинг, ўзига қўйиб беринг. Ҳамон сиздан ўша хотинни афзал кўрган экан, кетаверсин, оёғига ёпишманг.

Жувон унга анграйиб қараб қолди. Жувон докторнинг бу қадар қизишиб, жон куйдириб айтган сўзларига дабдурустдан жавоб қайтара олмади.

Орага чуқур сукут чўкди.

– Сиз… ажрашинг демоқчимисиз? – аста бу сукутни бузди жувон. – Шундайми, тўғри тушундимми?

У жувоннинг чексиз изтироб зоҳир сўлғин юзларига, алам тўла кўзларига қаради.
– Бошқа нима иложингиз бор… – деб жавоб қайтарди у бўшашиб.

Яна орага жимжитлик тушди.

– Ундай қилолмайман, – деди орадан бирмунча вақт ўтгач, жувон ерга қараб. Кейин бошини кўтариб, докторга тик қаради: – Гапингиз тўғри, аёл кишининг ўз ғурури, ори бўлиши керак. Менга қолса, уни бир дақиқа ҳам ушлаб турмасдим. Лекин бола халқи ҳеч қачон сизнинг кўнглингиздагини тушунолмайди. Ўзим болалар билан ишлайман, интернатда тарбиячиман. Биласизми, болаларнинг ўз ҳақиқати бор, – у қизиққандан-қизиқиб, жувоннинг гапларига қулоқ тутди. – Улар ҳамма нарсага, қийинчиликларга, касалликларга чидаши мумкин, аммо оиланинг бузилиб кетганига чидолмайди. Айниқса, болалар отаси ёки онаси ташлаб кетганини қабул қилолмайди. Кўнгиллари синади, аламзада бўлиб қолади. Худо кўрсатмасин, бу воқеа уларнинг тақдирига ҳам таъсир этмай қолмайди.

У ҳайратдан қотиб қолди. Худо ҳаққи, у бу ҳақда сира ўйлаб ҳам кўрмаган эди.
– Хўп, шундай экан, нега яна туғмоқчи бўляпсиз? – деди куюниб. – Ўзи оилангиз омонат, мўрт бўлиб турган бўлса…

Жувон ғарибгина жилмайди.
– Эрим жуда раҳмдил, биламан, болалар учта бўлса, ажрашишга кўзи қиймайди. Бир куни денг, – аёл бирдан хўрсинди, – ўша аёлни… гапириб қолди. Қаранг, ўша… номини тилга олгим ҳам келмайди! У ёлғиз эмиш, унга қийин эмиш… бир суянчга, меҳрга муҳтож эмиш! Ахир мен, болаларим…

Жувон гапиролмасдан бирдан ҳўнграб йиғлаб юборди.

У жувонга нима деб тасалли беришни билмай шошиб қолди. Нима десин, ахир ўзи юпанч, тасаллига зор бўлса…
– Синглим, сизга бир маслаҳат берайми? – ҳозир у жувон билан гаплашиб, неча ойлардан буён юрагида ботмон тош бўлиб ётган аламлари пича тарқагандай бўлди. Шунинг учунми, шу қисқа вақт ичида дардкаш бўлиб қолган бу жувонга яхши гапиргиси, тўғри маслаҳат билан ёрдам бергиси келди.

Жувон кўзларини қўллари билан арта-арта бош ирғади.

– Менинг гапимга қулоқ солсангиз, бошқа туғманг. Янги туғиладиган болага ҳам жабр қилманг. Ўзингиз сиқилиб, эзилиб юрибсиз, бу ҳолатингизда бола соғлом туғилармикин? Шуни ўйланг. Ундан кўра, ўзингизга қаранг, ўғилларингизни яхши тарбияланг. Майли, эрингиз билан ажрашасизми йўқми, ўзингиз биласиз. Агар эрингиз, сиз айтгандай, раҳмдил бўлса, бола учта бўлди нима, иккита бўлди нима, ташлаб кетмайди. Мана, ўқимишли аёл экансиз, ўзингизни қўлга олинг. Бир кунлар келиб, эрингизнинг ўзи аттанг қилиб қолсин, токи сизни ким билан алмаштирганига тушуниб етсин.

Нега у бу гапларни жувонга айтди, қандай айтди, ўзи ҳам билмайди. Ё бўлмаса ўзи ич-ичдан умид қилиб юрган ўйларини ҳозир тилига чиқариб юбордими…

Жувон умид билан унга қаради. Афтидан, жувоннинг кўнгли анча таскин топди шекилли, ҳозир боя кириб келганидан анча осойишта, сокин кўринди.
– Ҳабиба Комиловна, вақт бўлди, мен кетаверайми? – деди бесабрлик билан боядан бери уларни кузатиб ўтирган ҳамшира.

Жувон ниҳоят докторнинг вақтини олиб ўтирганини англаб етгандай бўлиб, хижолатомуз деди:
– Узр, мен борай… раҳмат сизга…

Жувон билан суҳбатлашиб, ўзининг ҳам кўнгли анча ёришган эди.
– Яхши боринг, – деди очиқ чеҳра билан.

Жувон унинг қабулидан чиққач, шошилмай ўрнидан турди, нарсаларини йиғиштирди.

Уйга ҳозирланди. Эри билан қатъий гаплашиб олиш фикри, ажримни таклиф қилиш қарори ўз-ўзидан барҳам топган эди.

07

Ma’suma Ahmedova
IKKI HIKOYA
066

 11     Ma’suma Ahmedova Toshkent viloyatining Parkent tumanida tug’ilgan.Toshkent Davlat universitetining (hozirgi O’zMU) jurnalistika fakul`tetini tugatgan.
“Oftobli kun”, “Birovning hayoti”, “Hikoyalar” va “Jo’natilmagan maktub” nomli qissa va hikoyalar to’plamlari nashr qilingan. U nasrda ijod qilish bilan birga badiiy tarjima bilan ham shug’ullanadi. Taniqli ozarboyjon yozuvchisi Chingiz Husaynovning “Muhammad, Mamad, Mamish” romanini, yapon, v`etnam hikoyalarini, Argentina yozuvchisi Xulio Kortasar hikoyalarini tarjima qilgan.Hozir yangi qissa va hikoyalar to’plami hamda mashhur rus yozuvchisi Leonid Andreevning hikoyalar to’plami o’zbek tilida nashrga tayyorlanmoqda.

066

Yashil palto

Otam To’xtamurod Ahmedovning porloq xotirasiga bag’ishlayman

Nimadir kerak bo’lib, eski qutilarni titkiladi, shu mahal quti ichi aralash-quralash bo’lib, bir narsa gilamga tushib, yumaladi. U egilib, qo’liga oldi: yaltiroq, yashil tugma. Ko’ngli yorishdi. Beixtiyor yodiga beg’ubor talabalik yillari, olis yetmishinchi yillar ortida qolgan yoshlik davri tushdi.

***

Shundoq yonginasidagi kurant soati o’n beshta kam oltiga kelib bong urdi. Havo tund, sovuq. U birgina yengil ko’ylakda, ustida jun ko’krang jemper. Xudoga shukur, bu kiyimlari yap-yangi. Bu yil o’qishga kirdi, onasi avji pishiqchilik payti hovlidagi shotutni terdi, bozorga ukasini jo’natib, sottirdi, puliga ana shu ko’ylak bilan jemperni olib berdi. Yangi kiyim yaxshi-da. Kiysang, o’zingni erkin sezasan, kayfiyating ham ko’tarinki bo’ladi, muhimi, atrofingdagilarning kamsitganday nazarlarini payqamaysan. Qiz shuning uchun, kiyib olgan kiyimlari tuppa-tuzukligi uchun ham avtobus bekatida bemalol turaverdi. Kun bo’lsa, sovuq, axir dekabr` kirdi.

Mana, qor ham uchqunlab turibdi, avtobusdan esa hamon darak yo’q. Eti junjikdi. U jemperini badaniga yaxshilab o’rab oldi: ana endi sovqotmaydi. “Men sovqotmayapman, sirayam”, o’ziga-o’zi qat’iy shunday dedi. Bu so’zlar yordam berdimi, endi sovuqni sezmay qo’ydi.

Bekatda anchadan beri unga hamroh bo’lib turgan ona-o’g’il shekilli, ikkalovi avtobus kutib, charchadilarmi, o’rnilaridan turdilar-da, piyoda ketdilar, sal nariroqqa borib, taksi tutdilaru jo’nab ketdilar. Endi avtobus bekatida yakka o’zi qoldi. Kurant soati yana bong urdi. Bu gal ikki marta zang chaldi.

Qor uchqunlari havoda chirpirak bo’lib o’ynadi. Boshini ko’tarib, kurantga qaradi. Qor uchqunlari ko’zlariga kirdi, qorni kaftlari bilan artib, soatga yana qaradi: millari oltini ko’rsatib turib qoldi. Soat olti bo’ldi-ya, haligacha avtobus kelmayapti. Hozirgina uchqunlagan qor endi rasmana yog’a boshladi.

Izg’irin turdi, sovuq jun jemperini teshib o’tib, badaniga qadaldi: “Yo’q, men sovqotmayapman!” Qiz bekatda uyoqdan-buyoqqa yurdi, nazarida vujudi ilidi. Bir, ikki, uch… Ha-ya, nega xayoliga kelmagan ekan, yurib sanasa, vaqt ham o’tadi, sovqotmaydiyam. Sanayverib, ikki yuztaga yetkazdi hamki, nihoyat uzoqda yog’ayotgan qor to’zoni orasida avtobus ko’rindi. Avtobus qor pardasini yorib o’tib, bekat sari yaqinlashib kelaverdi.

Qiz quvonganidan sakrab ketayozdi: mana, axiri avtobus ham keldi, u bo’lsa sira-sira sovqotmadi!

***

Kuni kecha bo’ralab yoqqan qor bugun butkul eridi, sovuq tashladi. Endi to’q xonadon qizlari bo’lmish ayrim kursdoshlari uning birgina jigarrang ko’ylagu ko’k jemperdagina yurishiga ortiq ahamiyat bermay qo’ydilar. Qiz buni kursdoshlarining achinish aralash kibrli nigohlaridan sezardi. Bugun u bunday nazarlarni payqamadi. Balki ular bunga ko’nikkandirlar? Qiz o’jarlik bilan qo’l siltadi: endi shular ola qaraydi, deb o’qishga ham kelmasinmi, hecham-da!

U sovqotmayman, deya birgina ko’ylagu jemperda haftani salkam poyoniga yetkazdi. Nihoyat shanba kuni yetib keldi.

Talaba zoti borki, uyga borar kunni intiq bo’lib kutadi: avvalo sog’inch, keyin uydagilar mehri, hali tomog’idan ketmagan o’smirligu bolaligining shirin lahzalari, qadrdon joylar havosi, ayting, kimni chorlamagan?

Avtostantsiyadan uyi tomon shoshildi: tez yurganidan nafasi o’pkasiga tiqilayozdi. Azbaroyi tez yurganidan terlab ham ketdi, isib, jigarrang ko’ylagi badaniga yopishdi. Ana, ana, olisdan uylari ko’rindi!

Uzoqdan ukalari-yu, singillari unga peshvoz yugurdilar: ana, opacham kelyapti!

Ma’lum bo’lishicha, uni uyda juda katta xushxabar kutayotgan ekan! Uka-singillari shoshib, hovliqib, undan suyunchi olmoqqa chog’landilar:
– Opacha, opacha, dadam sizga pal`to sotib oldilar!
– Shunday chiroyli, yam-yashil! – shoshib, hovliqib dedi singlisi Fazilat.

– O’ziyam qimmat, oltmish to’rt so’m ekan! – dedi kattalarday, xuddi kissasidan naq oltmish to’rt so’m chiqarib, pal`to sotib olganday ukasi Ne’mat.

– Endi hadeb menga u kerak, bu kerak, deb xarxasha qilavermay yaxshi o’qilaring, dedilar oyimlar. Axir opangga pal`to sotib oldik, dedilar! – dedi nasihat qilgannamo singlisi Adolat. – Bitta biz emas, siz ham yaxshi o’qing!

Ular shu zaylda quvonishib, hovliqqanlaricha uylariga kirib keldilar. Qiz yugurgilab, poyabzalini yecha solib, uyga kirdi. Yuragi sevinchga to’ldi, to’lqinlanib, pitirladi: ura, endi uning ham pal`tosi bor!

Uyga kira solib, dadasi, oyisi bilan naridan-beri ko’rishib, pal`toni kiyib ko’rishga oshiqdi. Ha, singlisi Fazilatning maqtaganicha bor ekan, pal`to yam-yashil, shunday chiroyli, shunday chiroyli! Tugmalari yaltiroq, ko’zni olib tovlanadi, yoqalari ham shunday bejirim! Issiq! U pal`toni yechgisi kelmay uy ichida aylandi.

– Yoqdimi, qizim? – so’radi dadasi mamnun jilmayib
–Yoqmaydimi! – dedi u dadasiga qanday minnatdorligini bildirishini bilmay xursand bo’lib.

Ha, u o’sha qishda ham, undan keyingi qishlarda ham chinakamiga sira sovqotmadi. Hozirgacha o’sha yashil pal`to taftini his qiladi. Bundan keyin umrida qancha-qancha pal`tolar kiydi, hech biri esda qolmadi.

Bu pal`to birgina uning emas, oiladagi hammalarining zimmasiga mas’uliyat yukladi: avvalo yaxshi o’qish, yaxshi yurish, tarbiyali, odobli qiz bo’lish, borini tejash, bariga qanoat qilish…
Ha, mana, oradan qirq-qirq besh yillar chamasi vaqt o’tibdi. U o’sha paytlar bu tuyg’ularni hozirgiday his qilmagan edi chog’i: aslida yashil pal`to oiladagi hammaga, ayniqsa unga bir sinov, qilajak yaxshi ishlari, sabrlariga ibrat bo’larli mukofot bo’lgan ekan.

U qo’lidagi tugmani avaylab yana qutiga solib qo’ydi.

Hamdardlik

Necha kundan beri ichi g’ash. “Nima qilsam ekan?” – degan savol uni qancha vaqtdan beri qiynaydi.

Bugun ertalab uydan qanday chiqqanini bilmadi. Eri kecha oqshom ham uyga kelmadi. O’g’li shamollab qolgan chog’i, quv-quv yo’taldi, ovqatdan nomiga totingan bo’ldi, behol yotib oldi. Qizi esa xonasidan chiqmay, komp`yuterdan bosh ko’tarmadi. Nima qilyapsan, desa, ko’rmayapsizmi, oyi, dars qilyapman-ku, deydi. Hali uchinib turgan o’g’lini o’rab-chirmab arang maktabga kuzatdi, qizi esa shuncha yalinsa ham ishtaham yo’q deya, nonushta qilmasdan o’qishga jo’nadi.

Mana, necha oydirki, shu ahvol, hammalarining kayfiyati yo’q. Eri kun o’tkazib, qo’yni qo’njini to’ldirib, bozor qilib kelgan bo’ladi, allaqanday yo’q safarlarni vaj qilganicha uyga birrovgina qo’nib, yana qochib qoladi. Nima qilsin, yuragi alangayi otash bo’lib yonyapti. U nima gapligini allaqachon sezgan, barini anglab yetgan edi. “Erining jazmani bor!” Ayol qalbi xiyonatni darrov sezadi. O’zingiz o’ylang, ne-ne umidlar bilan bir yostiqqa bosh qo’ygan jufti haloli birdan xotinini yoqtirmay, xush ko’rmay qolsa, o’zga ayolni undan afzal bilsa, bundan ortiq xo’rlik bo’ladimi dunyoda? Bunday kunni, bunday savdoni Xudoyim hech bir ayolning boshiga solmasin, bunday tuyg’uni sezgulik qilmasin!

Qulog’iga olislardan onasining bayt aytgan ovozi chalinadi:

Ket desang, mahshar ketarman,
Hammadan xo’rlik yomon…

Onasi dimog’ida xirgoyi qilgan bayt mag’ziga o’shanda tushunib yetmagan ekan… “Bunday yashab bo’lmaydi! Tezroq eri bilan gaplashib, orani ochdi qilib olishi kerak, bugunoq! Kerak bo’lsa ajrashadi, o’zini yerga urib o’tirmaydi. Erimi, ana, katta ko’cha, istagan tomoniga ketaversin! Toki xotinim, bolalarim bor deb, ularning yuzini qilmay boshqasini ma’qul ko’ribdimi, o’sha topgan jononi bilan baxtli yashayversin!” U o’ylab-o’ylab shunday qarorga keldi.

Ishga kelsa, kabineti oldida ancha odam to’planib qolibdi. Bugun muhim ishi bor, qachon ko’rib bo’ladi shuncha ayolni! Yo’q, bekorga vahima qilgan ekan, qabul kuni tugamasdanoq ko’rib bo’ldi ularni.

– Dildora, qarang-chi, yana birov qoldimi? – deya hamshiraga yuzlandi-da, telefonini chiqarib, soatiga qaradi. U erining ishxonasiga aytmasdan borib, gaplashib olishni fikr qildi. Qo’ng’iroq qilib borsa, eri atayin xotinining telefonini ko’tarmaydi yoki ko’tarsayam biror bahona qilib, suhbatni keyinga qoldiradi, bu aniq. Erining shunday qilishini ko’ngli sezardi.

– Habiba Komilovna, hech kim qolmadi shekilli, – hamshira shunday deyishini biladi, birdan eshik qiya ochildi, bir juvon bosh suqib xonaga mo’raladi.

– Mumkinmi? – juvon iymanibgina so’radi.
– Kiring! – dedi noiloj.

O’ttiz besh yoshlar chamasi nozik ayol asta uning qarshisidagi kursiga cho’kdi. Juvon ruhsiz ko’rinar, anchadan beri sartarosh qo’li tegmagan shekilli, bir shaklga kelmagan sochlarini orqasiga shunchaki sochto’g’nag’ich bilan to’g’nab qo’ygandi. Egniga ham tussiz koftayu qora yubka kiygan, oyog’iga ilgan tuflisining ham changi artilmagan, xullas, uning afti angori necha kunlar og’ir bemorga qarab o’tirgan odam kepatasida bo’lgani singari tushkun, horg’in ko’rinardi.

– Eshitaman, – u oldidagi qog’ozdan ko’zini uzib, ayolga qaradi.

Juvon bir necha muddat nima deyishini bilmay kalovlanib qoldi.

– Doktor… – juvon nima deyishiga hayronday bir yutinib oldi. – Men…
– Gapiring… – juvonni tezgina ko’rmoqchi edi, shu sababli uning chaynalishidan betoqat bo’ldi. – Xo’sh?..

Juvon axiri o’zini qo’lga oldi. Omonat o’tirgan kursiga joylashib o’tirdi. So’ng shartta dedi:
– Men tug’moqchiman!

Juvon bu so’zlarni shunday qat’iyat bilan aytdiki, u ajablanib ayolga qaradi. Xuddi nazarida ayol so’zlari unga: “Men o’zimni o’ldirmoqchiman!” – degani kabi jarangladi.
– A? – shunday dedi-yu, keyin ichida o’zini koyidi. “Sen axir ginekolog bo’lsang, ayol kishi huzuringga nima uchun keladi, ularning dardlaridan biri – tug’ish bo’lsa. Nega ajablanasan?”

– Doktor, men shunga sizga ko’rinay, analizlar bo’lsa topshiray degandim, – dedi juvon endi osoyishta. Aftidan, u o’zini bosib olgan, doktor qabuliga nima maqsadda kelganini tushuntirishga qodir bo’lib turardi.

U bu orada o’zini qo’lga oldi, odatda qabuliga kelgan ayollarga savol bergani kabi so’radi:
– Yoshingiz nechada? – ayolga sinchiklab nazar soldi. – Tug’maganmisiz?

Juvon doktordan aynan shu savolni kutganday, bezovta bo’ldi, o’ziga keldimi, bir ozdan so’ng dedi:
– O’ttiz oltiga chiqdim, ikkita o’g’lim bor.

“Mendan to’rt yosh kichik ekan”, negadir xayoliga shu o’y keldi. Bu o’yni xayolidan quvdi-da, yana juvonni so’roqqa tutdi:

– Qiynalasiz, tug’ish uchun yoshingiz bir oz kattalik qiladi, – dedi zimdan juvonga razm solarkan. – Bor ekan-ku o’g’illaringiz, shularni katta qilavermaysizmi. Yoki qiz ko’rmoqchimisiz?

Juvon kalovlanib qoldi, asabiylik bilan qo’llarini qaerga qo’yishni bilmaganday tortqiladi. So’ng sekin dedi:

– Baribir…

Uning toqati toq bo’ldi, telefonini ochib, yana soatga qaradi: qabuli tugab qolibdi, axir bugun o’ta muhim ishni bajarishni mo’ljallagan bo’lsa… Bu juvonning tug’ishdan boshqa dardi bor, ko’rinib turibdi. U qo’l siltadi, tug’moqchi ekan, tug’avermaydimi, unga nima? Shoshilib, mana shu analizlarni topshirib keling, ana, hamshira yozib beradi. Keyin siz bilan gaplashamiz. Hozir kresloga chiqing, surtma olaman, demoqchi bo’lib og’iz juftlagan, endi o’rnidan turishga hozirlangan edi hamki, juvon chaqqonlik qilib qoldi:

– Erimning o’ynashi bor…

U juvonning bu so’zlarini eshitib, o’rniga qayta o’tirdi. Nazarida bir onda allaqanday hamdardlikka o’xshash g’alati tuyg’u butun vujudini qamrab oldi.

– Shuning uchun tug’moqchiman, – juvon nihoyat ichidagi borini to’kib, yengil tortganday doktorga qaradi. – Uchta bolani tashlab ketolmaydi.

U so’nggi qarorini qat’iy aytgan juvonga boshdan-oyoq tikildi. Boshqa payt bo’lganida, ha, bundan bir yillar muqaddam bo’lganida ham shunday masalada qabuliga kirgan bu juvonga shunday degan bo’lardi: “Singlim, siz yaxshisi, avval psixologga bir ko’rining, maslahatini oling, keyin oldimga kelasiz”, deya muloyimlik bilan kuzatib yuborgan bo’lardi. Lekin hozir…

– Bola oilani ushlab qoladi, deb kim aytdi sizga? – u qarshisida o’ziga benihoya umid bilan tikilgan juvonning ko’zlariga qarab. – Ishoning, bola er-xotin munosabatlarini saqlab qololmaydi.

Bu gaplarni qanday aytdi, bu so’zlar tiliga qaydan keldi, o’zi ham bilmaydi. Yana so’zlar ko’nglidan quyilib kela boshladi.

– Bolani uchta qilib… ko’ngli yarimlarni ko’paytirib nima qilasiz? Undan ko’ra eringiz bilan ochiq gaplashing, o’ziga qo’yib bering. Hamon sizdan o’sha xotinni afzal ko’rgan ekan, ketaversin, oyog’iga yopishmang.

Juvon unga angrayib qarab qoldi. Juvon doktorning bu qadar qizishib, jon kuydirib aytgan so’zlariga dabdurustdan javob qaytara olmadi.

Oraga chuqur sukut cho’kdi.

– Siz… ajrashing demoqchimisiz? – asta bu sukutni buzdi juvon. – Shundaymi, to’g’ri tushundimmi?

U juvonning cheksiz iztirob zohir so’lg’in yuzlariga, alam to’la ko’zlariga qaradi.
– Boshqa nima ilojingiz bor… – deb javob qaytardi u bo’shashib.

Yana oraga jimjitlik tushdi.

– Unday qilolmayman, – dedi oradan birmuncha vaqt o’tgach, juvon yerga qarab. Keyin boshini ko’tarib, doktorga tik qaradi: – Gapingiz to’g’ri, ayol kishining o’z g’ururi, ori bo’lishi kerak. Menga qolsa, uni bir daqiqa ham ushlab turmasdim. Lekin bola xalqi hech qachon sizning ko’nglingizdagini tushunolmaydi. O’zim bolalar bilan ishlayman, internatda tarbiyachiman. Bilasizmi, bolalarning o’z haqiqati bor, – u qiziqqandan-qiziqib, juvonning gaplariga quloq tutdi. – Ular hamma narsaga, qiyinchiliklarga, kasalliklarga chidashi mumkin, ammo oilaning buzilib ketganiga chidolmaydi. Ayniqsa, bolalar otasi yoki onasi tashlab ketganini qabul qilolmaydi. Ko’ngillari sinadi, alamzada bo’lib qoladi. Xudo ko’rsatmasin, bu voqea ularning taqdiriga ham ta’sir etmay qolmaydi.

U hayratdan qotib qoldi. Xudo haqqi, u bu haqda sira o’ylab ham ko’rmagan edi.
– Xo’p, shunday ekan, nega yana tug’moqchi bo’lyapsiz? – dedi kuyunib. – O’zi oilangiz omonat, mo’rt bo’lib turgan bo’lsa…

Juvon g’aribgina jilmaydi.
– Erim juda rahmdil, bilaman, bolalar uchta bo’lsa, ajrashishga ko’zi qiymaydi. Bir kuni deng, – ayol birdan xo’rsindi, – o’sha ayolni… gapirib qoldi. Qarang, o’sha… nomini tilga olgim ham kelmaydi! U yolg’iz emish, unga qiyin emish… bir suyanchga, mehrga muhtoj emish! Axir men, bolalarim…

Juvon gapirolmasdan birdan ho’ngrab yig’lab yubordi.

U juvonga nima deb tasalli berishni bilmay shoshib qoldi. Nima desin, axir o’zi yupanch, tasalliga zor bo’lsa…
– Singlim, sizga bir maslahat beraymi? – hozir u juvon bilan gaplashib, necha oylardan buyon yuragida botmon tosh bo’lib yotgan alamlari picha tarqaganday bo’ldi. Shuning uchunmi, shu qisqa vaqt ichida dardkash bo’lib qolgan bu juvonga yaxshi gapirgisi, to’g’ri maslahat bilan yordam bergisi keldi.

Juvon ko’zlarini qo’llari bilan arta-arta bosh irg’adi.

– Mening gapimga quloq solsangiz, boshqa tug’mang. Yangi tug’iladigan bolaga ham jabr qilmang. O’zingiz siqilib, ezilib yuribsiz, bu holatingizda bola sog’lom tug’ilarmikin? Shuni o’ylang. Undan ko’ra, o’zingizga qarang, o’g’illaringizni yaxshi tarbiyalang. Mayli, eringiz bilan ajrashasizmi yo’qmi, o’zingiz bilasiz. Agar eringiz, siz aytganday, rahmdil bo’lsa, bola uchta bo’ldi nima, ikkita bo’ldi nima, tashlab ketmaydi. Mana, o’qimishli ayol ekansiz, o’zingizni qo’lga oling. Bir kunlar kelib, eringizning o’zi attang qilib qolsin, toki sizni kim bilan almashtirganiga tushunib yetsin.

Nega u bu gaplarni juvonga aytdi, qanday aytdi, o’zi ham bilmaydi. YO bo’lmasa o’zi ich-ichdan umid qilib yurgan o’ylarini hozir tiliga chiqarib yubordimi…

Juvon umid bilan unga qaradi. Aftidan, juvonning ko’ngli ancha taskin topdi shekilli, hozir boya kirib kelganidan ancha osoyishta, sokin ko’rindi.
– Habiba Komilovna, vaqt bo’ldi, men ketaveraymi? – dedi besabrlik bilan boyadan beri ularni kuzatib o’tirgan hamshira.

Juvon nihoyat doktorning vaqtini olib o’tirganini anglab yetganday bo’lib, xijolatomuz dedi:
– Uzr, men boray… rahmat sizga…

Juvon bilan suhbatlashib, o’zining ham ko’ngli ancha yorishgan edi.
– Yaxshi boring, – dedi ochiq chehra bilan.

Juvon uning qabulidan chiqqach, shoshilmay o’rnidan turdi, narsalarini yig’ishtirdi.

Uyga hozirlandi. Eri bilan qat’iy gaplashib olish fikri, ajrimni taklif qilish qarori o’z-o’zidan barham topgan edi.

07

(Tashriflar: umumiy 296, bugungi 1)

Izoh qoldiring