Бурноғи асрнинг сўнгги йирик мироби ҳамда ўтган асрнинг Европа мезонларига жавоб берадиган биринчи ирригатори Муҳаммад Ҳожи Аминаддин ўғли ҳам замонлар орасидаги мустаҳкам кўпригимиз эди, кўприк-ки, асрдан-асрга, даврдан-даврга, халқдан-халққа номи эъзозланиб, улуғланиб келаётган кўприк. Бу зиёли одам Хива мадрасаларида таҳсил кўрган, шунингдек, Фарангистонда ўз замонасининг энг янги ўқув тамойиллари асосида маълумот олган Хоразмлик биринчи зиёлидир. Шу маънода у Шермуҳаммад Мунис ва Муҳаммад Ризо Огаҳий каби довруқли азизларимизнинг вориси ҳамда замонамиз ирригаторларининг салафи эди.
Умид БЕКМУҲАММАД
ЕВРОПАДА ЎҚИГАН ХОРАЗМЛИК БИРИНЧИ ИРРИГАТОР
Ҳиндистонга йўл олган Хива хонлигининг элчиларига Хонқа ҳокими Аминаддин бошчилик қилар, уни сафар давомида икки нарса ташвишга солаётганди. Биринчиси, Қўқон ва Бухорони забт этган , шундоққина Хоразм остонасида урушга шай турган Чор Россиясининг кейинги қадамлари қандай бўлиши эди. Қолаверса, чоризм истилосининг олдини олиш учун Англия ҳукмрон доиралари ёрдам бериша оладими-йўқми, бу ҳам номаълум. Ферузхон унинг уддабуронлигини, рўй бераётган вазиятни, жараённи инобатга олиб саройда не бир вазиру амалдорлар бўлсада , айнан Аминаддиндек туман ҳокимини (бўлмаса яна 20 ҳоким ва иккита ноиб ҳам бор) Ҳиндистонга йўллаганди…
Аминаддинни ташвишлантирган яна иккинчи ҳолат ..оиласи..икки қат ҳотини эди.Гарчи рафиқасига қаровчи аёл хизматкорлар бўлсада, туғилажак фарзанди олдида ўзининг бўлолмаслиги ( балки унгача ортга қайтишар) ҳам уни ўйлантирарди.
Хуллас, 18 кишидан иборат Хоразм элчилари 1872 йил май ойида Ҳиндистонга етиб келишди.Уларни Ҳиндистон генерал-губернатори, вице-қирол Лорд Нортброн қабул қилди.Элчи Аминаддин ва Лорд Нортброн ўртасида Калькутта шаҳрида музокаралар бўлиб ўтди.
Ҳиндистон ҳукмдори элчига Буюк Британия ҳукумати номидан Хоразмдаги рус асирларини озод қилишни, Ўрта Осиёнинг анча қисмини эгаллаб олган чор ҳукумати, Туркистон генерал губернаторлиги билан зиддиятга бормасликни, мабодо ҳар иккала томон ўртасида уруш чиқиб қолса, инглизлардан ҳарбий ёрдам кутмасликни таъкидлади.
Сафар якунида, Аминаддин бошлиқ элчиларга Нортброн жаноблари Британия ҳукумати номидан 30 дона тилла ва кумуш буюмлар, 30 минг рупий қийматидаги ўқ отар қуроллари, қимматбаҳо газламаларни совға қилиб берди.Шу тахлит Хива элчилари Ҳиндистон сафаридан нохуш ҳолатда қайтиб келишди.
Хоразмлик элчиларнинг Ҳиндистонга боришганидан Чор ҳукумати воқиф бўлибгина қолмай, бўлиб ўтган музокараларни “Голос” газетасида ёритиб ҳам боришди. “Голос”нинг 1873 йилги № 18 сонида юқоридаги элчилик сафари ёритилиши билан бир қаторда, дунёда ҳамоҳанг кечаётган мустамлакачилик сиёсати тўғрисидаги фикрлар ҳам билдириб ўтилганди: “ Ҳиндистондаги ва Ўрта Осиёдаги маҳаллий ҳукмдорлар шуни яхши билишлари керакки, улар ҳеч қачон Англияни ҳам, Россияни ҳам алдаб, бир-бирларига қарши қўя олмайдилар. Миллионлаб кишиларни зулм остида ушлаб тураётган, ваҳшийлик қилаётган ва илиниб турган Осиё ҳукмдорларининг тахтини христианларнинг қуроли билан ҳимоя қилишга йўл берилмайди. Ҳозирги воқеаларнинг бориши Англия ва Россиянинг бир йўлдан боришини тақозо этади. Мусулмон кишиси Россия байроғини Бухоро минораларида, Англияникини Деҳлида кўрганида у асло такрорланмайдиган ўтмишини фақат кўз ёши билан эслаши мумкин. Эндиликда халифалар, темурийлар ва мўғулларнинг (бобурийларнинг ) даврлари ўтди…”
Хуллас, 1873 йилда вазият шундай эди.Кўп ўтмай “Голос” газетасидаги фикрлар рўёбга чиқди. 29 май куни Хива хонлиги ҳам чоризм томонидан забт этилди…
Натижасиз тугаган сафардан қайтган Аминаддин юрти қайғуга ботган кунларда бошқалар қатори тақдирга тан беришдан иложи қолмади.Фақат уни қувонтиргани оиласида ўғил туғилгани эди.Унга яхши ният билан Муҳаммад дея исм қўйишди …
1897йил.Хоразм. Муҳаммадни нафақат қариндош уруғлари, балки Хонқа аҳли ҳам шоду хуррамлик билан кутиб олишди.Чунки, у олис Францияда ўқиш билан бирга, исломнинг бешинчи шарти бўлган ҳаж ибодатини ҳам ўтаб ( таътил пайти Арабистонга бориб) қайтаётганди. Орадан қирқ йил ўтди—1937 йил. Энди Муҳаммад Аминаддиновни яқинлари қайғу ва йиғи -сиғи билан…қамоқхонага ноилож юборишди.
Хўш, қирқ йиллик давр мобайнида Муҳаммад ҳожи қандай фаолият кўрсатдики, уни қамашга асос бўлса?
Дастлаб оиласида Аминаддин Ёқубдан , кейинчалик Хивадаги Арабхон мадрасасида яхши таълим олган Муҳаммад, Петро –Александровск (Тўрткўл) да чор маъмурлари ташкил этган рус-тузем мактабидаям ўқийди.Мактабни тугатган пайти—1892 йил 5 августда Франция ва Россия ҳукуматлари ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланиб,унинг бир бандига кўра, иккала давлат ёшларининг нуфузли ўқув юртларида таҳсил олиши таъкидлаб ўтилганди.
Шунга кўра, Ферузхоннинг Аминаддин қилган илтимоси, қолаверса Муҳаммаднинг тиришқоқлиги сабаб, Хонқа ҳокимининг ўғли Истамбулдаги махсус курсни тугатгач, 1893-1897 йиллар Франциянинг Тулуза ирригация коллежида таҳсил олади. Табиийки, хонлик замонидаги оғир вазиятда айнан ҳокимнинг фарзанди бўлгани, қолаверса рус тилини билиши боис Муҳаммад олис Европага ўқишга йўл олади. Табиийки, тақдир битиги Хонқа ҳокимининг ўғлига Францияда ўқиш имкониятини берди. Агарки, у Гандимиёнлик деҳқоннинг, ёки Бошқиршихлик, Боғолонлик чорикорнинг фарзанди бўлганида Хивадаги мадрасада ўқишгаям маблағ тополмаган бўларди.
Хуллас, Муҳаммад ушбу замонавий ўқув юртида ғарб ва шарқнинг сув тизими, ерлар таркиби, қурғоқчилик-у, сув тошқини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси таҳлил қилиб ўтиладиган сабоқларни олди.
Шу тариқа ўзбек, форс, араб, рус ,турк тилларини мукаммал билган Муҳаммад фаранг тилида коллежда таҳсил ола бошлайди.Таътилда вақт топиб эса Макка ва Мадина шаҳарларига бориб ҳаж ибодатини бажаради.
1897 йилда Ўрта Осиёдан биринчи бўлиб ирригатор деган европа дипломини олиб ватанига қайтгач, уни Амударёда ташкил қилинган флотилиянинг ўқув курсига бошлиқ этиб тайинлашади.Бу кезлари унинг ихтиёрида 220 катта-кичик кема бор эди.Ушбу кемалар дарё бўйлаб транспорт вазифасини ўтаган ва одамлар, уларнинг юклари ташилган.Флотилия курсига М.Аминаддинов раҳбар бўлгач, тез орада кемалар сони 315 тага етади.
1900 йилда отаси—Хонқа ҳокими Аминаддин вафот этгач,Хива хони Феруз уни ушбу ҳудудга ҳоким қилиб тайинлайди.
Муҳаммад Хонқага ҳокимлик қилган йигирма йил ичида қишлоқ хўжалиги етиштирадиган бекликда пахта тозалаш, ёғ ва ун заводлари ишга туширилади.25 минг киши яшайдиган Хонқада ариқ зовурлар тозаланиши яхши йўлга қўйилгач,деҳқончилик тараққий қилган ўлкага айланади.1905 йили хонликка келган рус олими А.Самойлович, ҳамда Амударё бўлимининг бошлиғи Н.С.Ликошин ўз хотираларида, Муҳаммад ҳокимни Россия ва хориж газеталарини ўқиб турадиган зиёли, ўз уйини европача жиҳозлаган тараққийпарвар киши деб таърифлагандилар.
Ҳа, у ўз юртдошларини ҳам тараққиётга интилишини истар, шу боис ўлкада ташкил қилинган жадид мактабларини маблағ билан таъминлаб турарди.Шунингдек, ўзи обуна бўлган «Таржимон», «Вақт», «Петербургские ведомости», «Туркистон вилоятининг газети» нашрларини ҳам ихлосмандларга ўқиш учун бериб турар, мақолалар мазмунини тушунтириб , илғор ғояларни тарғиб қиларди.Айтиш мумкинки,Муҳаммад Хива хонлигининг йигирмата ҳокими ичида энг тараққийпарвари, энг ёши ва ҳажга борган ягона инсон бўлиб, унинг орзулари ушалишига мустабид чор ҳукумати ва золимона бошқарув шаклидаги хонлик тузуми тўғаноқ эди.
1916 йилда хонликда Исфандиёрхон ва чор истибдодига қарши қўзғолон бўлиб, қўзғолон бостирилгач, Туркистон генерал-губернаторлиги томонидан исён пайтида Россия ва Хива фуқаролари кўрган зарарларни аниқлаш бўйича комиссия тузилиб, унга Муҳаммад Аминаддинов ҳам аъзо бўлади.Гарчи, комиссияда мустамлакачилар манфаати акс этсада, Аминаддинов маҳаллий халқнинг тарафини олишга интилди. Бу борада қўзғолонни бостириш пайтида фуқароларнинг молу-мулкларини мусодара қилиш, Галкиннинг жазо қўшини штабга 20 майда 123.600 рубл, 21 майда 223.469 рубл, 22 майда 434.904 рубл, 23 майда 257.938 рубл пул тўплаганини аниқлайди.Туркманлардан эса 18 минг дона тилла танга ва 25 фунт тилла ёмбиси мусодара қилингани , яна қанчадан қанча гиламлар аҳоли қўлидан тортиб олингани аниқланади.Табиийки, булар ўзи шундоғам ночор аҳволда яшаётган халқ учун жабр эди.Аминаддинов халқ ичида юриб ана шуларни кўради.
Айни пайтда эса у Исфандиёрхон атрофини мустамлакачилар ишончини қозонган ва уларга хизмат қилиб бойишни мақсад қилган Баққоловлар эгаллаганини ҳам очиқ гапиради.У Туркистон генерал губернаторлигининг охранкасига 1916 йил октябрида берган кўрсатмасида : “Матвафо Баққолов гоҳо туркманларни ҳимоя қилса, гоҳо уларга қарши иш қилади.Масалан, 1915 йили, у ҳали бош вазирлик лавозимида эканлигида, Россия уруш билан банд, унинг қўли эндиликда Хивага етмайди, шундай пайтда туркманлар хон ҳукуматига қарши ҳар нима қилса бўлавериши мумкинлигидан уларни огоҳлантиради” (Ўзмардавархив, 461-фонд, 1-рўйхат, 1899-иш, 255-260 варақ) дея ахборот беради.Яъни, исён айнан Матвафонинг туркманларни гиж-гижлашидан келиб чиққанлиги, кейин эса бутун хонликка тарқалиб, халқ жабр кўрганлигини айтади.
Орадан бир оз вақт ўтиб, 1917 йил феврал ва октябр ойларида Россияда давлат тўнтаришлари бўлди.Бироқ Хива хонлиги то 1920 йилгача сақланиб қолаверди. Ўша йил 2 февралда большевиклар мададига таяниб,»Ёш хиваликлар» хонликни тугатишди ва Хорзам Халқ республикасига асос солишди.Полёзҳожи Юсупов ва Бобохун Салимов сингари ХХР раҳбарлари, Муҳаммад Аминаддиновдек зиёли ва элбошининг тажрибасидан фойдаланиб,уни ирригация ва деҳқончилик нозири қилиб сайлашди.Кейин эса ХХРнинг ирригация бошқармасига бошлиқ қилиб тайинлашди.Сунъий суғоришга асосланган воҳада қазув ва дарё дамбаларини кўтариш, ички ариқ, зовурларни тозалаш ишлари айнан Муҳаммад ташаббуси билан бошланди.Биргина 1922 йилда Ҳазораспдан Хўжайлигача бўлган 220 километрлик масофада қайтадан тўғонлар қурилди, қазув ва тозалаш ишлари олиб борилди.
«Новий Восток» журналининг 1923 йил 3-сонидаги мақолада ёзилишига кўра, » Хоразм Халқ Республикасининг Ҳожибой Аминаддинов етакчилик қилаётган деҳқончилик нозирлигида қуйидаги бўлимлар бор: умумий бўлим, хўжалик бўлими, ер тузилиши, сув хўжалиги, тўқай ва кўллар, вақф ерлар ва озиқ овқатлар тайёрлаш бўлими».
М.Аминаддинов ана шу бўлимлардан ташкил топган нозирликка раҳбарлик қилиб, журналнинг ўша сонида ёзилишича, Хоразмнинг 93,6 фоизлик деҳқончилик қиладиган аҳолисига шароит ва имкониятлар яратиб беришга ҳаракат қилган.Ўзлаштирилмаган жойлардан янгидан 40 минг таноб(7,6 минг гектар ) ер қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритилган. Натижада Хоразмлик деҳқонлар олган ҳосилдан Нижний Новгороддаги ярмаркага маҳсулотлар олиб боришади.М.Аминаддинов ва Худойберган Девонов бошчилик қилган ХХР вакиллари 1923 йилдаги ушбу кўргазмада 130 миллион сўмлик деҳқончилик маҳсулотлари сотишади.
1924 йилда Ўрта Осиёда миллий чегараланиш ўтказилиб,ХХР тугатилгач Хоразм округида сув масалалари билан шуғулланувчи УПРАДИС ташкилоти тузилади ва М.Аминаддинов унга бош инженер қилиб тайинланади.Шу тариқа қадимдан келаётган қазувдек анъанани маҳаллий ҳокимият қонуний изга кўчиради ва барча сув ҳавзаларини умумҳашар йўли билан қазишни тартибга солади.Бу ишлар билан , шунингдек Аму сувини воҳа бўйлаб тақсимлашга айнан УПРАДИС шуғулланарди.
1913 ва 1924 йилларда Хоразмга илмий сафар қилган гидролог Владимир Цинзерлинг (1884-1954), Қуйи Амударё ҳавзасида мавжуд шароит билан яқиндан танишиш асносида Муҳаммад Аминаддинов билан суҳбат қурган.Россиялик олим Цинзерлинг, Аминадинов ва бошқа мироблар билан ҳам маслаҳатлашиб, Хоразмда пахтачилик истиқболларини ўрганиб чиқади. Кейинчалик у тахлил қилган маълумотларини “Хлопковое дело” журналида ( Москва, 1924 йил) “Амударё дельтасида суғориш ва пахтачилик истиқболлари” номли мақоласида акс эттиради. Шу билан бирга, В.В.Цинзерлинг Амударё ҳавзасида ўрганган маълумотларини тўлдириб, “Амударёда суғориш” номли монографиясини ( М, 1927, 808 стр) нашр қилдирди. Унда Хоразм воҳасидаги ерлар сатҳи йилига ўртача 1 мм., шу билан бир қаторда дарёдан чиққан қум-совға лой аралаштирилиб тўкиладиган минерал ва маҳаллий ўғитлар сабабли 7 мм. кўтарилиши қайд қилинган. В.В.Цинзерлингнинг китоби ― сув хўжалиги муаммолари билан шуғуллаётган олимлар қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллашига замин яратди. Гарчи, китоб нашрдан чиққан 1927 йилда Хоразмда рус тилини билувчи маҳаллий мироблар кам бўлсада, Муҳаммад Аминаддинов Цинзерлинг китоби билан батафсил танишиб чиқди.Ўз шогирдлари ва ҳамкасбларига Цинзерлинг китобининг аҳамияти , шу билан бирга баъзи камчиликлари тўғрисидаям тушунтириш бериб борди.
Муҳаммад Аминаддинов 1927 йилда Ўрта Осиё Давлат университети профессори Фёдор Петрович Моргуненков (1880–1939) ҳамда инженер В.В.Пославскийлар билан ҳам учрашади. Юқоридаги олим ва мутахассислар Жанубий Хоразмнинг суғориш тизимини қайта қуриш имкониятини ўрганаётган эдилар. Аминаддинов ўз тажрибасидан келиб чиқиб уларга бир қатор фойдали таклифлар, маслаҳатлар берди.
1936-37 йилларда Хоразмга келиб сув хўжалиги тарихини ўрганишни бошлаган бўлғуси академик Яҳё Ғуломов Хонқаликлардан Муҳаммад Аминаддиновнинг фаолиятини эшитиб у билан учрашишга ҳаракат қилади.Афсуски…
Бироқ бу пайтга келиб етук олим ва мутахассислар фикри эътиборга олинмас, сув хўжалиги ва бошқа ишлар марказдан келган бюрократлар раҳбарлигига ўтиб кетганди. Жамиятда авж олган коллективлаштириш ва қулоқлаштириш сиёсати сабаб халқ орасидан ички душманларни излаш сиёсати юритилгач, М.Аминаддинов ишдан бўшатилади.Энди у Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги «Дегишстрой» ташкилотида,Қорхонбой колхози ва Шаббоз туманидаги «Истамас» колхозларида оддий мироблик қилади.
Шу тариқа хорижда таълим олган биринчи ўзбек ирригатори, бошқарув соҳасидаям тажрибали бўлган Муҳаммад ҳожи синфий душман сифатида четга суриб қўйилади…
Натижада айнан сув хўжалиги тизимида катта камчилик ва нуқсонлар рўй беради.Давлатнинг миллионлаб маблағлари ўзлаштириб юборилади. 1928 йилнинг баҳорида, Тошкентда бўлиб ўтган Ўрта Осиё сув ходимларининг суд жараёни катта шов-шувларга сабаб бўлади.Ушбу судда шу даврдаги Ўрта Осиё сув иншооатларининг қурилишидаги катта камчилик , нуқсонлар, салбий жиҳатлар фош қилинган эди.
Судда давлат айбловчиси , прокурор Кондурушкин Ўрта Осиё “мироб”ларининг ишида “босқинчилик, зараркундачилик ва саботаж”нинг барча қонуний белгилари бор эканлигини исботлаган эди.Бунинг устига, Москвадаги Давлат режа қўмитаси сув секцияси раҳбарлари Новацци, Кениг, Цейдлер ва Ризенкампфларнинг Ўрта Осиё Сув бошқармаси бошлиқлари коммунистлар Рикунов, Прохоров ва Мор билан бирга тўла режалаштирилган ва техникавий ҳамкорликда ривожланган фаолиятлари ҳақида гапирар экан, Кондурушкин шундай даҳшатли сўзларни тилга олади: “ Судда, биз ташкилий қаршиликка, устамонлар тўдасининг фитнасига дуч келиб турибмиз”.
Ушбу суддаги тергов материаллари салкам 50 томни ташкил этган, айблов фикри эса майда босмада ёзилган 162 саҳифада баён қилинган эди.Иш Тошкентда бўлиб ўтган Москвадаги Олий Суднинг сайёр йиғилишида беш ҳафта мобайнида кўриб чиқилди.Суддаги қора курсида юқорида номи тилга олинган -Рикунов,Прохоров ва Мордан ташқари, уларнинг ўринбосарлари-Рискин,Шугаевский ва Шаров, шуниндек,Ўрта Осиё сув хўжалиги Бошқармасининг маъсул лавозимларини эгаллаган 17 нафар судланувчи ( жами-23 киши) ўтириб, жавоб беришди.
Судда айбланган кишиларнинг исм-шарифларидан кўриниб турибдики, ўлкадаги ер, сув шароитини билмай, бу тизимга раҳбарлик қилган мустамлакачилар эндигина қад кўтараётган шўро давлатининг миллионлаб маблағларини ўзлаштириб юборишганди.
Муҳаммад Аминаддинов суд материаллари босилган “Правда востока” газетаси ўқиб, фақат афсус ва надомат чекарди холос. Чунки, ўзи ва унга ўхшаш маҳаллий мироблар, етук олимлар фикрига эътибор берилмай қилинган лойиҳалар натижасида Жанубий Хоразм сув тизимида ҳам кўплаб хато, нуқсонларга йўл қўйилганди. Суд материалларга кўра, “кўзда тутилган сметадаги пул фақат 6 миллион рубл эди.1924 йилда ишга киришилди.2.519.900 рубл сарф қилингандан кейингина, асосий иншооатлар ноқулай ўринда қурилганлигини, уларни 25 километр нарига суриш кераклигини “пайқаб қолишди”.Бу ишларни тўхтатиб, янги лойиҳа бўйича ишга киришдилар.Янги лойиҳа эса 1927 йилнинг сентябрида ҳам, яъни қурувчилар терговда жавоб бера бошлаган пайтда ҳам тайёр бўлмаган эди.Янги лойиҳа 61 миллион сўмлик сметага асосланган эди.Жанубий Хоразм фожиаси шу билан ҳам якунланиб қолмади.Қурувчилар устидан суд бўлаётган кунларда Сормоводан “землесос”лар келиши кутилаётган эди.Сормовога 1.200 минг сўмлик, 2 землесос” буюртма берилган бўлиб, “ЎртаОсийсувхўжалиги” ўз ишларини ривожлантириш учун дарё флотилиясини очишни мўлжаллаган эди.
-Жанубий Хоразмда эса бирорта зовур ҳам қазилгани йўқ,-деб таъкидланади суд ҳисоботида.
Суд ҳукмига кўра, Рикунов ва Мор ҳуқуқлардан маҳрум қилинмаган ҳолда 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Прохоров-3 йилга.Энг қаттиқ жазо эса иккинчи даражали шахс бўлган муҳандис Сиромятниковга тегишли: у ҳуқуқлардан маҳрум қилинган ҳолда 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.Суд Москвадаги Давлат Режа Қўмитаси Сув секциясидан Ризенкампф ва бошқаларни суд жавобгарлигига жалб қилиш ҳақида қарор чиқарди ( аммо уларнинг бирортаси ҳам жавобгарликка тортилмади ), 23 нафар айбланувчининг 3 нафари эса оқланди.
“Правда востока” газетасидаги мақолани ўқиб, 54 ёшли тажрибали мироб, сув тизимида катта хатолар йўл қўйилаётганини, талон-тарож этилган маблағ ўрни қопланган тарздаям, соҳага маҳаллий шароитни билмайдиган, билим ва кўникмаси йўқ ходимлар келаётганини англаб, афсуслар қилди.Ўзи каби миробларнинг эса чекка бир колхоз гидротехниги бўлиб қолганидан, халққа нафи текмаётганидан, ўқиган, тўплаган тажрибаси бекор кетаётганидан ўкинди…
1934 йил.Шу санада жўшқин Амударё тошиб Ҳазораспдан Гурлангача бўлган ҳудуд сув тошқинидан катта зарар кўради.Ҳаттоки, Гурландаги Чўболончи қишлоғи аҳолисини, қабристонларни сув босиш таҳликаси пайдо бўлади.
Ана шундай таҳлика пайтида юқоридаги сингари шароитни билмайдиган сув тизими раҳбарлари ҳеч бир иложсиз тошқинга қарши кураш олиб боришолмайди. Шундагина вазият мураккаблашиб боргач,Хоразм раҳбарлари бунга чора кўрадиган инсон сифатида овлоқдаги колхоз гидротехниги Муҳаммад ҳожини эслаб қолишади.Шу тарзда ҳожи Тўрткўлдан келиб сув офатини ўз тажрибасига асосланиб даф этаолади. Тошқин балосидан қутилгач эса Тўрткўлдаги колхоз миробчилиги ҳам унга кўп кўрилади-1935 йилда ишдан олиб ташланади.
1937 йилнинг 19 октябри, ярим тун.Тўрткўлда яшовчи Муҳаммад Аминаддиновдек эл оқсоқоли бўлган, юрт фидоийси «халқ душмани» сифатида қамоққа олинади.1937 йил 3 ноябрьда Аминатдинов Ҳожибой Ҳоким (Муҳаммад Аминаддинов) аҳоли орасида аксилинқилобий, мағлубиятчилик тарғиботи олиб борганликда айбланди.Тергов ишида қайд этилиши бўйича,1873 йилда туғилган маҳбус Хонқа ҳокими бўлган, қулоққа тортилган, ҳибсга олинган пайтда аниқ машғулоти бўлмаган.У 10 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилиб, жазо муддати 1937 йил 18 октябрдан ҳисобланган.Бироқ, унга терговчилар қамоқхонада турли азоблар бериши натижасида 64 ёшдан ўтган нуроний, қатағон зулмига чидайолмай қамоқда вафот этади.
Францияда таҳсил олган миробнинг тақдири афсуски шўро даврида шундай аянчли кечди…
МАТНАЗАР АБДУЛҲАКИМ
КЎПРИК
Достон
Нашрга тайёрловчи: Умид Бекмуҳаммад
Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан, деган нақл бор. Тилшуносликдан оз-моз хабари бор одам “мусофир” сўзининг ўзагида “ сафар” каломи мавжуд эканлигини дарров англаб етади. Зеро, инсон ҳамиша сафарга шайланиб, агар имкон топа олса, сафарга отланиб яшайди. Ҳатто, узлатнишинлик ғоясини тарғиб қилган, камолотни инсоннинг кўнгил кезинишларида, деб ҳисоблаган Хожа Абдулҳолиқ Ғиждувоний, Шайх Баҳовуддин Нақшбандий сингари авлиёларимиз ҳам мазкур риёзатни “Сафар дар ватан” деб номлашган. Демоқчимизки, масофавийми, руҳийми, сафар-барибир сафар.Ва, у моҳиятан, олға интилиш, тараққиёт маъноларини англатади. Демак, мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан дегани, жўн қилиб айтганда, сафар қилмагунча, етук инсон бўла олмайсан, деганидир.
Хоразмга илк дафъа поезд келганда Хонқанинг Сарапоён қишлоғида истиқомат қилувчи бир чол ниҳоятда ажабланган ҳамда таҳликага тушиб, “Эгангни еганнинг ўтлиси Сарапоённи қоқ иккига бўли-иб ўтди!” деб хитоб қилган экан. Бу соддадил чолнинг мазкур хитобида улкан ҳикмат бор. Халқимиз бўлиниб, иккига ажралиб яшашни хуш кўрмайди. Гарчи, чоли тушмагирнинг бу гапида ҳазил оҳанги кучли бўлса ҳам, ҳар қандай чегаравий бўлинишларни жини ёқтирмаган халқимиз ҳатто темир йўл бўлиб ўтган жойга ҳам, майли, муболағали тарзда бўлса-да, ачиниб қараган. Яхлитлик, якдиллик унинг асрий орзуси, баъзан эса-армони бўлган.
Она Жайҳун Хоразм воҳасини неча-неча асрлардан бери, худди Сарапоённи “иккига бўлиб” ўтган поезд каби, бир-биридан ҳудудий маънода ажратиб туради. Бундай табиий тўсиқнинг инсон психологиясига, аҳолининг иқтисодий ҳаётига, мусбат бўлсин, манфий бўлсин, таъсири катта. Гарчи, Амударё баракоти чексиз бўлса ҳам, барибир икки соҳилнинг икки томонда эканлиги, ўртадан оқиб ўтаётган ҳайбатли дарё юраклар ўртасига мубҳам бир руҳий тўсиқ ташлаб туради. Дейлик, Тўрткўлдан (Қорқалпоғистондаги туман-У.Б.) икки юзлаб чақирим йўл юриб Нукусга бориш ҳеч бир малол туғдирмайди, бироқ қичқирсанг сасинг етгудек Хазораспга ўтиш кайфиятингда белгисиз бир олислик таассуротини уйғотади. Бу туйғу, истамаймизми-йўқми, ҳамма соҳаларга у ёки бу тарзда ўзининг озми-кўпми ҳукмини ўтказиб туради, чунки дарё эни икки қулоч темир йўл эмас, дарё бу-дарё.
Хоразм воҳаси эса азалдан икки қирғоқ, бир дарё бўлиб яшайди. Иккига бўлинган буюк бу юракни дарё ҳам ажратиб, ҳам қовуштириб туради. Дарё элимизни ҳам муттасил ҳайратлантиради, ҳам муттасил боқади.
Дарёдаги икки қирғоқнинг қовушуви илгари қайиғу кемалар, солкўприклар воситасида эди. Хоразм билан Қорақалпоғистон, шоир Иброҳим оғанинг (Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Иброҳим Юсупов назарда тутилмоқда-У.Б.) таъбири билан айтганда, қадимда “ носвой сўраб отишган” бўлишса ҳам, мустаҳкам бир кўприкнинг йўқлиги таъбимизни хира қилиб келаётгани бу-бор гап. Шунинг учун ҳам икки қирғоқнинг бир-бирига интилиши носнинг хуморидан ҳам кучли бўлган.
Халқимиз “Минг мачит, минг мачитдан юз кечик, юз кечикдан бир ичик” ( ичик-қудуқ, чашма маъносида-У.Б.), дейди.
Бу нақл ана шундай иншоаатлар қурган одамнинг топадиган савоб самарасининг даражасини кўрсатади. Ташиб келтирилаётган товарларнинг таннархлари арзонлашуви билан боғлиқ қанчадан-қанча муаммоларнинг ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетишини айтмай қўя қолай.
Эҳтимол, қайсидир маънода юқоридагилардан ҳам муҳим, бироқ пул билан, умуман, ўлчанмайдиган бир хислати бор бу йўлнинг. Бу хислат одамларнинг яқинлашуви, кўнгилларнинг бир-бирлари билан туташуви саодатидир. Бу яқинлашувлардан ҳам, албатта, катта иқтисодий манфаатлар келиб чиқиши табиий.
Бироқ , бу манфаатларни пул билан ўлчаш гуноҳи азимдир. Шуни айтайки, кўприкнинг ( Матназар ака бу ўринда Амударё устига Ҳазорасп туманида қурилган темир йўл ва автомашина кўпригини назарда тутаяпти.Бу кўприк орқали Тўрткўл ва Ҳазорасп туманлари орасидаги масофа қисқарганди-У.Б.) ўз харажатларини қоплаш муддати бўлмиш ўн, ўн беш йиллик вақт мобайнида мана шу энг сўнгги манфаат кўзда тутилмаган, мана шу манфаат ҳисобга олинмаган. Олинсамиди…эҳ ҳей… бир йилда, балки биринчи эшелонда қоплармиди, ўз харажатларини бу йўллар.
Ғафур Ғулом таъбири билан айтганда, дарҳақиқат, бу йўллар, кўп қадим йўллардир. Бир-бирларига машъалалар воситасида хабарлар узатадиган қанчадан-қанча минорлар, Хоразм лаҳжаси билан айтганда, динглар қад ростлаган бу йўлларда, яна тағин даҳмалар, работлар, сардобалар, қўрғонлар, қаълалар, яна қанчадан-қанча минорлар қад ростлаган, яна қанчадан-қанча бизлар номларини билмайдиган иншоаатларнинг қолдиқлари ва буларни оралаб бораётган эзгу ниятли аждаҳо, яъни давримиз кашфиёти поездлар…поездлар…Хотирангда, яна атоқли шоир таъбири билан айтганда, “Чингиз, Жўжи, Чиндан мўғул ўчи..қолдириб кимсасиз из…” каби мозий лавҳалари билан бугуннинг алп қадамлари аралаш-қуралаш чарх ура бошлайди, Ҳазрати Пушкин таъбири билан айтганда, қўлинг қаламни, қаламинг қоғозни соғинади:
Мен чексиз бир хаёл, муҳташам бир дард,
Қўрғошиндек оғир андуҳга ўғил…
Ўйлайман, қорачиққа поёнсиз ҳайрат,
Киприкларига нафрат қалқади, мўғул.
Бобом Шайх Нажмиддин Кубро қўлида,
Ғижимланиб қолган манфур туғларинг.
Чириб-чириб ётар Урганч йўлида,
Қатлимга қайралган қаттол тиғларинг.
Мен канда қилмайман тиғ чиритмоқни,
Сен урҳолар солиб, елдек эсасан.
Бўйнимга Чингизхон отган сиртмоқни,
Зукко Абулғозий бўлиб кесасан.
Хаёллар гоҳ қипчоқ, гоҳ ўғизимда,
Дил Тўмарис меши. Қонга тўлади.
Билмайман, қўлдами ёки бўғзимда,
Исфахонми ёхуд Дамашқ пўлати.
Аср-асрларни сен талай-талай,
Айқаш-уйқашлайсан зулмат зиёни.
Денгизга тегмайсан, раҳмат, ҳар қалай,
Ташлаб кетадирсан икки дарёни.
Икки дарё мадҳи битилган шеърлар,
Белга ёр боғлаган қийиқларимда.
Мен тушлар кўраман, манглайим терлар,
Мудҳиш бир истеҳзо мийиқларимда.
Ҳаётимиз мана шундай кечди. Асримиздаги даҳшатли экологик хатолар Чингиз қирғинидан ҳам баттар аҳволга солиб қўяёзди ватанни. Талончилар денгизга тегмаган эдилар, талончилар дарёни қуритмаган эдилар. Ўзимизнинг жоҳиллигимиз ундан-да баттар ишни қилди. Денгизни бой бериб қўяёздик, дарёларимиз ҳаёти хавфи остида қолди. Бу аччиқ ҳақиқатлардан кўз юмиш камоли ғофиллик, бориб турган жаҳолат бўлади. Хайрият, дарёларимизга сув қайтаётир. Денгиз умид билан тўлқинлана бошлади. Мана шундай бир пайтда истиқлол қураётган кўприклар улуғ тасаллидир. Бироқ, қуруқ тасалли эмас. Ана шу дарёларнинг, денгизимизнинг қайта тўлишидан муборак муждалардир. Муҳими, денгиз-дарёларнинг тўлиши ана шу денгиз-дарёлар фарзандларининг кўнгиллари тўлишига монанд бўлмоғи лозим. Токи дарё, денгизлар фаровонлиги одамлар кўнгилларини ёхуд одамлар кўнгилларининг тўлиши денгиз, дарёларни қақратиб қўймасин. Ҳайбатли кўприк қурилаётир( достон битилаётган пайтда Амударё устидаги кўприк ҳали қурилиб битмаганди-У.Б.). Баҳайбат устунлар нигоҳларни тортади. Неча ўнлаб бу устунларнинг ҳар бирига неча ўнлаб одамнинг қулочи базўр етади. Шу даражада баҳайбат. Устунлар эмас, гўё мозийдан Шайх Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Хожа Абулвафо Хоразмий, Муҳаммад Ризо Огаҳийларнинг руҳлари устун бўлиб чиқиб, кифтларида кўприкни мустаҳкам ишонч, ўз иймон-эътиқодларига монанд барқарорлик билан ушлаб туришибди.
Темир йўлнинг шарофатли томони, мана шу масофада юк ва одамларни ташиш ким билсин, неча километрга қисқарар экан. Ҳар бир килограмм юк, ҳар бир одам биргина мана шу юз қирқ километрнинг ўзида қанчалар манфаат кўришини бир ҳисоблаб чиқаверинг. Бу манфаат соат сайин, дақиқа сайин хазинамизни, кўнгилларни бойитиб турса. Неча-неча минглаб дийдорлашувларни тезлаштирса…
Беруний шаҳрига, Мискин ва Чолиш посёлкаларига зиёратимиз, дийдорлашувларимиз поёнига етади. Мискин, янглишмасак, сокин сўзидан. Сокин дегани тўхтаган, ўрнидан жилмайдиган, дегани. Маскан сўзи ҳам шундан. Бироқ биз Мискинда сокин бўлиб қолмаймиз. Йўлга чиқамиз. Хоразм воҳаси сари. Дўстларнинг қошига, дўстларнинг кўнгилларига қараб. Машиналар текис йўлдан оҳиста елади. Радионинг қулоғини бураймиз. “Ялла” ансамбли ижросида бир вақтлари Тамарахоним Хоразмдан ўрганиб жаҳонга таратган қўшиқ янграйди. Кўзларимизга ёш қалқади. Одамлар бу қадар бир-бирларига интилишмаса. Дўст бўлиб. Ёр бўлиб. Сув, тупроқ, тош, темир йўллардан. Ер остларидан. Сув остларидан. Осмондан…
Йўқ! Алвидо дема. Бу мудҳиш ҳукм,
Саодатдир чекмак йўлга қараб оҳ.
Ўлмакка ҳар қачон улгуриш мумкин,
Ошиқман. Ватаним Ганжи Қорабоғ.
Жудолик истайсан. Юрак титрар зир,
Бошимни қўшмайсан бошингга.
Кўприкларни ёқиб кетаман бир-бир,
Парвоз қилиб қайтиш учун қошингга.
Бу, энди шеър. Аслида , бизлар зиёратига келган бу кўприкларни ёқиб бўлмайди. Уларнинг турган битгани темирдан. Тошдан. Қолаверса, бу кўприклар ҳар бир одамга ва бутун инсониятга керак. Жуда ҳам керак.
“Улуғ кўприк бўлади”, дейдилар.
Бурноғи асрнинг сўнгги йирик мироби ҳамда ўтган асрнинг Европа мезонларига жавоб берадиган биринчи ирригатори Муҳаммад Ҳожи Аминаддин ўғли ҳам замонлар орасидаги мустаҳкам кўпригимиз эди, кўприк-ки, асрдан-асрга, даврдан-даврга, халқдан-халққа номи эъзозланиб, улуғланиб келаётган кўприк.
Бу зиёли одам Хива мадрасаларида таҳсил кўрган, шунингдек, Фарангистонда ўз замонасининг энг янги ўқув тамойиллари асосида маълумот олган Хоразмлик биринчи зиёлидир. Шу маънода у Шермуҳаммад Мунис ва Муҳаммад Ризо Огаҳий каби довруқли азизларимизнинг вориси ҳамда замонамиз ирригаторларининг салафи эди.
Мен бу инсоннинг ҳаётномаси билан танишар эканман, гарчи у бир мисра ҳам шеър ёзмаган бўлса-да ( ким билади балки, ёзгандир) шоир сифатида ҳам тасаввур қилдим. Ва ўзимнинг ушбу туркумга аралаш келган айрим шеърларимни ул инсоннинг номидан муҳтарам ўқувчиларимизга ҳавола қилишга журъат этдим ҳамда ушбу манзумаларимнинг барчасини машъум 1937 йилдаги қатағон қурбони бўлган ул зоти шарифнинг хотирасига бағишладим.
I. ТАВАЛЛУД
Муқаддима
Нега бунча қаттиқ йиғлар чақалоқ?
Таг-тубсиз мозийни ёки қилар ёд?
Ёки ғам-аламлар ўкинч андуҳлар,
Кутганин пайқабми бу мурғақ фарёд?
Нега бунча қаттиқ йиғлар чақалоқ?
Хонадон ларзага келар “қаҳр”идан…
Шунча оғирми, ё, ёдимизда йўқ,
Ҳижратга йўл олиш она бағридан?
Нега бунча қаттиқ йиғлар чақалоқ?
Йиғлар…тиғлар бағрин тилаётгандек.
Шундай йиғлайдики, туғилганига,
Қаттиқ пушаймонлар қилаётгандек.
Қиларми таржима ё ўз тилига,
Бизларнинг ҳасрату нолишимизни?
Шафқатсиз башорат қилмоқдами ё,
Уни ташлаб кетиб қолишимизни.
Балки шу гирянинг изоҳларидир,
Ярим ой, бут, санам ва хочларимиз.
Балки бор куй, барча қўшиқлар билан,
Шу йиғининг нўноқ тилмочларимиз.
Нега бунча қаттиқ йиғлар чақалоқ?
Тиклашга улгурмай мўътабар бошни.
Шодликдан ҳам зиёд туйғуми бу ё,
Илк дафъ кўргани учун қуёшни.
Нега бунча қаттиқ йиғлар чақалоқ?
Йиғиси борлиқни қилар тасарруф.
Ё бизларнинг бор-йўқ гуноҳимиз чун,
Қилмоқдами Ҳаққа тазарру?
Нега бунча қаттиқ йиғлар чақалоқ?
Ҳар бир “ инга”сидан минг бир дард бунёд…
Ҳар бир чинқириғи билан Маҳшардан,
Огоҳ қилмоқдами бизларни дунё.
Нега бунча қаттиқ йиғлар чақалоқ,
Уйғонаркан мубҳам кулфатдан чўчиб?
Сезмоқдами, замин инқироз топса,
Бир кун кетмоғимиз Мирриҳга кўчиб?
Ёки пайқадими дилларимизни,
Тарк этиб мурувват меҳру диёнат.
Фазилат санала бошлаганини,
Фаҳшу қирғинбарот, фисқу хиёнат.
Нега бунча қаттиқ йиғлар чақалоқ
Қорилди дебми хом тупроқдан лойим?
Ё унинг қалбида машқ қилмоқдами,
Қиёмат бир куни бўлишни қойим?
Нега бунча қаттиқ йиғлар чақалоқ?
Кулфат илоними юракка ўрлар.
Қайдадир кимнидир зулматдан қуршаб,
Олмоқдами ёки бўрилар?
Бу -мурғақ вужуднинг ҳали биз таниб,
Улгурмаган қутлуғ бир шаштимикан,
Шодлик билан ғамни тафовут қилмай,
Ёки кулгусидан адашдимикан?
Нега бунча қаттиқ йиғлар чақалоқ?
Ҳар қатра ёшида минг уммон гизлаб?
Туғилмасдан аввал дуч келдими ё,
Заминни тарк этган денгизлар?
Ё руҳи шу қадар ҳайбатлимики,
Тор келиб қолмоқда кўкрак қафаси?
Ёки бу ардоқли зурёдимизнинг,
Олаётган оддий нафаси?
Нега бунча қаттиқ йиғлар чақалоқ?!…
II. СУВ
1
Мироб шоирми ё шоирми мироб,
Фарёд дарёми ё дарёми фарёд?
Шоир кўнгли-дарё. Чекиб изтироб,
Азал ва абадни тинмай этар ёд.
Меҳр йўқ жойларда дўстлар душмандир,
Меҳр йўқ жойларда денгизлар кўлмак.
Дўстга меҳрибон бўл. Қандай бахт, ахир,
Фақат бир яшамак, фақат бир ўлмак.
2
Одамлар насли-пок. Шундай бўлмаса,
Одам бўлмас улар, бўлар подалар.
Ватанни балодан қутқариш учун,
Дунёга келади аслзодалар.
Сув ёдда тутар-не фитнаю низо,
Ақлларни ишлат ва тилингни тий.
Тирилинг қайтадан, Муҳаммад Ризо,
Тирилинг қайтадан Шермуҳаммадбий.
Кўз деган сўз билан булоқ чашмадир,
Меҳрсиз ҳаёт бир қақроқ хотира.
Ватан-тамшанган лаб. Ватан ташнадир,
Чашма-ҳар бир томчи. Уммон-ҳар қатра.
Бизсиз керак эмас ўзига ватан,
Ватансиз не керак ўзимизга биз.
Шу сабаб жо қилдик вужудга маъдан,
Дур бўлиб ўрнашдик кўзимизга биз.
Тундан улуш олинг тўлин бир моҳлар,
Кундуз қуёшдан тож-тахт-шонларни…
Бир қатра сув беринг жонажон тоғлар,
Берманг , майли, лаъли Бадахшонларни.
ҲАЙКАЛ
1
Не-не ноз неъматни ичибман, ебман,
Буни бахт билишни кўрмабман эп ман.
Ташна қатра кўрмиш, олса-дур. “Эй воҳ,
Мен сени бир қатра сувмикан дебман”.
Бир-бирига менгзар дур билан қатра,
Дунё бахт билан вақт жангидир.
Дур қатрадан қолган хотира,
Эзгуликнинг умри-мангудир.
2
Ҳар томчи сув абадиятнинг,
Милтираб-милтираб ҳикматин очган.
Ҳикмат моҳияти ана шу қатра,
Жон берди ҳаёти мангу оғочга.
Мангу оғоч эса ёшин яшади,
Ва яшил аланга ловиллаб сўнди.
Шундай қилиб оддий, жўнгина дарахт,
Мана шу ложвуард мармарга дўнди.
Ким билсин, сабр этди неча миллион йил,
Мармар таркибида шу томчи-тирик.
Одамни-ку қўятурайлик, ҳатто,
Қатра сув азалдан абадга кўприк.
3
Савдодан мақсаду муддао-фойда,
Мол дунё орттирмоқ ва бўлмоқ масъуд.
Юраклар манфаат топмаган жойда,
Даромаддан не наф, фойдадан на суд?!
Бошга ургаймиди юлдузлар ғужин,
Каҳкашон йўлларин топмаса олам.
…англадингми, Худо яратган нечун,
“Ишқ бу — савдо” деган ҳикматни, болам.
4
Сув қаердан келар? Сув оби ҳаёт,
Одам отанинг кўз ёшими ва ё?
Жилғадек жимирлаб оққан бу баёт,
Тип тиниқ саодат, илоҳий ҳаё.
Бир лаҳза ҳам тинмай хайру саходан,
Гоҳ сароб, гоҳ заҳар, гоҳида шароб.
Гоҳ англар, англаб ҳам етмас гоҳ одам,
Кетар қаерга сув-заҳматкаш сароб.
Бор жаннат.Йўқ бўлса, жаҳаннамдир сув,
Оллоҳнинг шовуллаб турган сўзлари.
Ташнамарг жонларнинг гоҳо эса у,
Ҳайратдан чақчайиб қолган кўзлари.
Жой олган гоҳ қарғиш, гоҳи ғазалдан,
Сув гоҳида иснод, гоҳида шараф.
Сув ўйга, сув ўйдек оқар азалдан,
Абадга, абадга, абадга қараб.
III. ТАХЯТОШ
“Тахя”-Қорақалпоқча “дўппи” дегани. Бу сўз ўзбек тилининг Хоразм шевасида ҳам шундай маънони беради. Тахятошлик Човдир оға Қўнғиротовнинг айтишича, бир вақтлари Жайҳун баҳайбат тоғ-тошларни думалаб келган бўлиб, бу тошлар асрлар мобайнида сувнинг шиддат билан оқишидан силлиқланиб, думалоқ тахя шаклини олган. Бу тошлар ҳозир йўқ, бироқ шаҳарга ном бўлиб, тарихга айланган…( Аслида бу ном арабча «такья»дан, яъни «ёстиқ» деган маънони билдирган сўздан келиб чиққан бўлиши керак. «Хуршид Даврон кутубхонаси» изоҳи)
Бир вақтлар бу ерда чўнг дарё оққан,
Салобатли сузиб юрган наҳанглар.
Чақримлардан етиб турган қулоққа,
Жайҳун басталаган қадим оҳанглар.
Бу қутлуғ мавжланиш, муқаддас наво,
Тошйўнарлик қилган минг йил шовуллаб.
Гоҳ саратон, гоҳи қаҳратон –ҳаво,
Бу ерда кун кўрган қуёш ловуллаб.
Сув сангтарош бўлиб тарашларкан санг,
Ўзи ишлаб, ўзи айланган терга.
Халқ ҳоли ногаҳон бўлиб қолса танг,
Ўйлаган, тахятош қўйганча ерга.
Тахясин отмаган осмонга қараб,
Қўймаган ўзини ирғишлаб ранжга.
Қайтиб тушар экан, чунки , бир сафар
Ирғитган одамнинг бошини янчган.
Азобларга таслим бўлмаган мутлақ,
Кўздан артиб ташлаб ўкинч-ёшларни.
Бир фикрга келиб тарқалган бу халқ,
Бошга кийиб олиб тахятошларни.
Зим-зиё йилларни, дўстим, бир эсла,
Зулм, зулмат эл кўнглин қаттиқ ҳоритган.
Даштларни суғориб, қуриб ГРЭСлар,
Тахятош миллионлаб уйни ёритди.
Сиҳатгоҳлар ошён бўлиблар қолган,
Оғриган ҳар кўнгил, ҳар бир юракка.
Жангу жадалларда меҳнатда толган,
Ҳар бир кекса учун Тахятош-Макка.
Уй қурса, сўппайиб қолса бирор чўп,
“Кўзига тегмайди,-деган,-балиқнинг”.
Бу халқнинг денгиздан умидлари кўп
Кемаси уй, уйи кема бу халқнинг.
Бунда майсалар-тўй,хазонлар-мотам,
Тахятош тонглари руҳларга таянч.
Бунга лоқайд келиб кетган ҳар одам,
Хотирадан маҳрум кимсадек аянч.
Минг бир дардбитикдир ҳар бир баҳяси,
Асрлар китоби ҳар битта тоши.
Бу халқнинг бошидан қаттиқ тахяси,
Тахясидан қаттиқ бу халқнинг боши.
IV
Муҳаммад Аминаддин ўғлининг ҳижрат олдидан, хусусан, севиклиси билан хайрлашуви қийин кечди. Кейинчалик бу хавотир ноўрин бўлиб чиққан эсада, мазкур айрилиқ ибтидосининг лаҳзалари хайрлашувдан кўра кўпроқ видолашувга ўхшар эди.
Муҳаммад Аминаддин ўғлини кузатиш
“-Ёритиб ҳижроннинг ялдоларини,
Кетасан…Юрагинг тўла меҳрга.
Бошлаётир аччиқ савдоларини,
Муҳаббат-ёсуман сеҳргар.
Жудолик ёлғондир, бўлса-да у чин,
Муборак йўлингга Каҳкашонлар нарх…
Барчасидан омон чиқишинг учун,
Тегирмонлар ура бошладилар чарх.
Агар кетсанг, денгиз даштдир шу замон,
Агар кетсанг, денгиз ўхшайди жарга.
Дарё учар бўлса, учаркан ёмон,
Денгиз учар бўлса, ёмон учаркан.
Ҳар қатра кўз ёшинг бир уммон ғазал,
Қуёшдексан, кулиб қўйсанг бир лоқайд.
Кетсанг денгиз каби , дарё каби кет,
Қайтсанг денгиз каби, дарё каби қайт…”
Муҳаммад Аминаддиннинг мактублари
1
Фироқ зулматда поён бўлса бўлди,
Ахийр меҳринг намоён бўлса бўлди.
Хаёлинг бирла ҳар бир лаҳза Зуҳро,
Ҳаётим кавкабистон бўлса бўлди.
Висол дил қушларимни сайратур шўх,
Мисол: булбулга бўстон бўлса бўлди.
Юзингнинг тонгларидан тонг қолурман,
Сочинг тун. Дилда райҳон бўлса бўлди.
Қаёқдан қалб бўлур ҳажрингда лола,
Уқубатлар чекиб, қон бўлса бўлди.
Муҳаммад гоҳи Каъба, гоҳ фарангда,
Насийби сен ва иймон бўлса бўлди.
2
Севиклим! Васлу ҳижрон бошқа-бошқа,
Гулистон бирла зиндон бошқа-бошқа.
Кўзимда ёш бошқа бошқалардин,
Аёндир, сув билан қон бошқа-бошқа.
Оёқ остингдаги бошим фалакда,
Эмасдир ер ва осмон бошқа-бошқа.
Фарангистон бўлди бизга устод,
Агарчи куфру иймон бошқа-бошқа.
Дилим титрар камон қошинг қошинда,
Ахир сайёд ва жайрон бошқа-бошқа.
Иков бир лоламиз сен гул ва мен доғ,
Сену менга эл ҳайрон бошқа-бошқа.
Қилиб ишқ икки дилни бир иморат,
Фироқ айлайди вайрон бошқа-бошқа.
Фарангистонда гуллар анча қийғос,
Зимистону гулистон бошқа-бошқа.
Менинг фарзандларимга бағринг ошён,
Бўлолмас қуш ва ошён бошқа-бошқа.
Ўсар бўстонда гул, сенда унар жон,
Демак, сен ҳамда бўстон бошқа-бошқа.
Чуғиллабди мени сенга рақиблар,
Ҳақиқат бирла бўҳтон бошқа-бошқа.
Сенинг, ёр, ибн Амийнаддин, эл ўғли,
Эмас қатра ва уммон бошқа-бошқа.
Ғазал
Муҳаммад ҳожи Аминаддин ўғлининг дардбитикларидан
Кўнглимни баён айлаб, бўлмоқдаки, дод, най хун,
Дилларга қадаҳ ўхшар, қўллардаги бу май хун.
Қош ёйига кирпиклар ўқлайди Фарангистон,
Кўксимдан отилмоққа ҳам маҳталу ҳам шай хун.
Қон бўлмаса сув яхши, сув бўлса агар қон бахт,
Шарт: ишққа тўло бўлсин ундай хуну, бундай хун.
Сен гоҳи равон, гоҳи кўп сакта эрурсан, бас,
Тинсанг тину оқсанг оқ, қўрқитма мени, ҳай, хун.
Оҳ, шоҳу гадоларнинг сиртинда тафовут кўп,
Кимнинг дилида оққай, ким айтади , оҳ, қай хун?!
Фарёд, бу не қирғинлар, фарёд, бу не хунрезлик,
Оламга келиб одам, тўкмак иши тинмай хун.
Қонингни мусаффо қил, жаннат йўли ҳар томир,
Чун, қарши бориб бўлмас кўрсатса нечук раъй хун.
Эл қонини бир сувча кўрмай сени тўкдилар,
Олуда этиб борин, бағрингда барин чай, хун.
Нил, Дажла, Фирот маъзур тутсин, ибн Аминаддин,
Бир Каъбада пок бўлдим, пок айлади бир Жайҳун.
V. ИККИ РИВОЯТ
Ҳазил
1
Оғир юкни юклаб устига,
Бўш қўйдилар қари эшак бошини.
Нишаб ёқни нозик ҳис этиб,
Пилдираб у пастга элтди “лош” ини.
Изидан йўл олиб доно мироблар,
Бошқардилар сувнинг бошини…
Жаҳонга машҳурдир, шу сувдан ичиб,
Хоразмнинг гурвак, оққош, бешаги…
Олим бўлган, ўзлари бери турсин,
Боболарнинг ҳатто қари эшаги.
2
Фурсат бўлмайди , тегмайди қўли,
Тузишга мукаммал режалар.
Ҳассасин ўйчан судрайди,
Илоҳий ўй ўйлаб кундуз , кечалар.
Ҳассага эргашиб минглаб чақиримдан,
Полвонёп келади Хивага қадар.
Ғамгин хулосалар чиқар фахримдан,
Сувсизликдан ортса таҳлика, хатар.
Олимлар! Бўлмангиз бунчалар золим,
Жаҳолат йўлини ёпинглар.
Чорасиз қолсангиз, Паҳлавон Пийрнинг,
Ҳассасин излаб топинглар.
VI. ҲИКМАТ
1
Сув билан тирикдир ҳар битта дарахт,
Сув билан барҳаёт ҳар бир дона барг.
Одам доно бўлса сув-оби ҳаёт,
Одам нодон бўлса гар, сув-оби марг.
Сув-Саҳрои Кабир, жонидан тўйса,
Лайли кипригида титраган томчи.
Сув-ҳалокат, агар ўлдириб қўйса,
Ногоҳ кетмончини кетмончи.
2
Икки халқ
Шарқ ва Ғарб учрашиб
Уйига олов,
Тушиб, ёниб кетди нифоқ ва кийннинг.
Парижнинг бағрида юксалтди ялов,
Ихлоси Муҳаммад Амийнаддиннинг.
Насл-насаб билан парвойи йўқдир,
Маърифат тахтининг, тожининг.
Сена бўйларида тушларига кирар,
Жайҳун ибн Амийнаддин Ҳожининг.
Тарихда Муҳаммад Ҳожилар,
Қолдирар мангулик қутлуғ бир жаранг.
Фарангнинг устаси Хоразм бўлса,
Ва Хоразм бўлса устаси фаранг.
VII. УСТОЗ ФИКРИ
1
Муҳаммад ака Самандаров Муҳаммад ҳожи Аминаддин ўғлининг набираларидан. Ўрта мактабда бизни тарих фанидан ўқитган олиймақом ўқитувчимиз. Ҳар бир дарси, рисолаларда айтилганидек, алоҳида бир санъат асарига ўхшарди. Дарс пайтларида муаллимимизнинг ўзи тирик тарих эканлиги хаёлимизга ҳам келмас, унинг сабоқлари шундай мароқли эдики, бизлар дарсда дарсни унутар, ўзларимизни тарих дарсида эмас, балки тарихий воқеаларнинг иштирокчиси каби ҳис қилардик.
Бу ҳурматли инсоннинг тарих фанидан кейинги севган машғулоти балиқ ови эди. Тўғрироғи, ҳар бир тутган балиғининг ўзи бир тарих эди. Ҳозир балиқ овига аҳён-аҳёнда боради. Нафақада. Хотиралар дарёсига фикр қармоғини ташлаб, хулосалар “балиғи”ни овлашни яхши кўради. Табиийки, табиат мавзуси унинг жон-дили…
2
Дегишлар қирғоқни синайди,
Тинмай соҳилларни қилар имтиҳон.
Йўлбарснинг оғзида тирик ўлжадек,
Қирғоқлар чекади тинимсиз фиғон.
Дегишми гумбирлар ва ёки дарё,
Басталаган ваҳший оҳанглар?
Ё қаттиқ илиниб қармоғингизга,
Типирчилаётган наҳанглар?
Дегиш гумбирлайди. Жимирлаб кетар,
Ваҳмасидан юксак юлдузлар.
Демак, бу маъвода дарахтлар қолиб,
Одамлар отганлар илдизлар.
Демак , бу ерларда тўқайлар йитган,
Посбон эмас бунда дарахтлар-азим.
Демак, бунда қирғоқ мустаҳкам эмас,
Телба Амударё қилгудек таъзим.
Дегиш гумбирлайди. Кенгаяр дарё,
Қирғоқда Хоразм. Ҳаммалар.
Одамлар тўқайга дўнади,
Дамбалар тошқинлар йўлин тамбалар.
Одамлар тўқайдир. Юраклар томир,
Устоз, давом этар тарихдан дарслар.
Энг муҳими, ҳали умидлар тирик,
Тўқайлар қайтади. Қайтар йўлбарслар.
Сиз боғлаган умид ёруғ дунёга,
Сиз тутган балиқлар каби йирикдир.
Тирик бўлганидек сув билан балиқ,
Балиқчилар дарё билан тирикдир.
Муборак ниятлар завол топмайди,
Кўприклар қурилар, йўллар очилар.
Қайтар набиралар қиёфасида,
Муҳаммад Аминаддин ҳожилар.
3
Тошқинлар -дарёнинг ҳамласи,
Тинч қўйинг дегани ҳолимга.
Бу унинг илтижо, нидоси,
Деҳқонга, шоирга, олимга.
Дарё қайтса, қайтманг қайтгандек дарё,
Тошса, дарё каби тўлинглар.
Тутмангизлар ўзни дарёдан баланд,
Дарёга дуогўй бўлинглар.
“Жиловлай бўлдингиз , оҳ, мени,-дер Сув,-
Энди мени озод қўйинглар”.
“Дарё-яхши одам”-айтгандек Дерсу,
Унинг дийдорига тўйинглар.
Озми унинг шундай жафокашлиги,
Сизни кийинтирса, боқса ва ёқса.
Дарё бўлармиди, тин десанг тиниб,
Дарё бўлармиди, оқ десанг, оқса.
Бигиз бармоқларга итоат этмас,
Бир куни жонидан тўяди.
Толиқади дарё дарёлигидан,
Дарё дарё бўлмай қўяди.
Жондан ортиқ кўринг дарёни, аммо,
Бир истак фикримда чақмоқ чақади.
Кўрсатманг ҳеч қачон дарёларга йўл,
Дарё ўз йўлини билиб оқади.
4
Қийин эмас кема созлаб, қилмоқ тахт,
Осондир кемага юкларни ортиш.
Қийиндир кўрсатиб мунтазам бир шаҳд,
Салдовни тортиш,
Салдовни тортиш.
Бир бировга бунда панд бериш ҳаром,
Ҳалоллик салдовчи йигитлар Арши.
Кема тортмоқ мушкул бир зайл, бир маром,
Оқимга қарши,
Оқимга қарши.
Бунда кетмас макру ҳийла, хиёнат,
Лаҳзада фош бўлар дарёда алдов.
Ким бўлса беиймон ва бедиёнат,
Кечирмас салдов,
Кечирмас салдов.
Арслонларим, майли , кўксингиз яғир,
Ҳазилмас Жайҳунга бўлмоқ дўст, дарддош.
Хоразм кутмоқда, кўрсатинг, ахир,
Матонат, бардош,
Матонат, бардош.
Жайҳун Жайҳун эмас оқмаса шитоб,
Сизлар сизлар эмас, бўлмасангиз мард.
Мингчироқ манзиллар қилмоқда хитоб,
Етмоғингиз шарт,
Етмоғингиз шарт.
Ярим тун. Ой тўлин. Паст баланд ўнг, сўл,
Кўксингизни эзар тасмалар, ё раб!
Не бахт, арслонларим, юролмайсиз йўл,
Оқимга қараб…
Оқимга қараб…
Тақдир шундай. Жайҳун ва Сирга,
Энг оғир юкларни ортинглар.
Вақт-қарши оқимдир.Асрдан асрга,
Салдов тортинглар,
Салдов тортинглар.
VIII
Ривоят
Дарё қирғоғида Ғовс ул Аъзам Пийр,
Кезар эди. Қўлда муборак асо.
Дуч келди ногаҳон дилзада кампир,
Кўзларида ирмоқ.Юракда азоб.
“Энажон, юз берди бирон кори ҳол?
Не важҳ бундай аза, бундай мотамга.
Ғоят уят бўлар бундай пайт дарҳол,
Мададга келмаса одам одамга.
-Оҳ, ўғлим, ҳолимни сўрамаёқ қўй,
Ачиниб ҳам юрма мен мубталога.
Кемада келарди менга келин.Тўй.
Дарё ютди барин. Қолдим балога.
-Ғовс-ул-Аъзам Пийрман. Бекор бу аза,
Яқиниман яратганнинг оламни.
Нени эшитади гар эшитмаса,
Муштипар ғамин еб чеккан ноламни…
Мўъжиза юз бериб, топасиз нажот,
Етказдим ҳисобланг бунинг хабарин.
Ҳассамни бир уриб, қилсам муножот,
Тирилтириб берар бир дамда барин”.
Асосин зарб билан Ғовс-ул-Аъзам Пийр,
Нола чекиб ерга урди “Ё, ҳувв ҳаққ!”
Юз бермади бирон илоҳий тадбир,
Дарё сокин-сокин оқарди мутлақ.
Зарбани такрорлар авлиё ҳайрон,
Зарба-ки илоҳий, зарба-ки шаҳдам.
Кампир кутаверди жим, ёқавайрон,
Учинчи зарбада бутун тўй аҳли.
Бир жон ҳам ўксимай қувноқ, хушчақчақ,
Қандай бўлса шундай келар эдилар.
Карнайлар ғат-ғуту, қайроқлар чақ-чақ,
Кампирнинг қошига елар эдилар.
“Худойим,-дер авлиё,-бунчалар чўздинг,
Увол бўлди жуфт зарб. Қолмадим қойил.
Сен ярим соатда қайтарган ишни,
Бир зумда бажарган эди Азроил”.
“Ажал етган дамда бир зум кифоя,
Гарчи эркимдадир азалу абад…
Санъатим муфассал билониҳоя,
Менинг касбим меҳр, корим муҳаббат.
Ўзинг асрагайман. Сувларни сайр эт,
Доим қўлла шундай хор, афтодани.
Халқдан бир кўз ташлаш билан қил айрит,
Халқман, деб керилган подани.
Буюк ишда буюк сабр керакдир,
Шошилиш-ўзингга қилиш хиёнат.
Одамдан жон олиш қийин эмасдир,
Одамга жон бериш-қизил қиёмат.
Мен бўлсам…сен илк бор урганда ҳасса,
Одамлар руҳларин, эй Ғовс-ул-Аъзам.
Вужудга қайтардим, бирин қилмай кам,
Иккинчи ҳассангизга кема бўлди тахт.
Учинчи ҳасссага қолди тўй гапи…
Шошилмадим, ҳаттто худо бўлсам ҳам!…
Шундай ҳосил бўлар бандаларга бахт”.
IХ. ДАРЁ — МЕН, ДАРЁ — СЕН, ДАРЁ — У
Сонетлар чамбари
Тошмадингми дали дарё?
Хоразм халқ қўшиғи
1
Дарё жон олмайди. Дарё берар жон,
Дарё билан қарор топгай ҳар ҳаёт.
Панжасини юртдан тортади бўҳрон,
Муҳаммадлар яна бўлар барҳаёт.
Дарё кўнгилларни тўйдирар олдин,
Сўнг боғлар бахш этар кўзларингизга.
У бахш этар, шуни фаҳм эта олдим,
Ўзларингизни ўзларингизга.
Дарё кучга тўлса, кучга тўласиз,
Дарё қайтса, сизнинг ҳолингизга вой.
Дарё гадо бўлса, гадо бўласиз,
Дарё бой бўлса гар. Бўлажаксиз бой.
Ҳар қатраси минг-минг асрор бу сахо,
Қуруқ тўлғанмайди бу каж аждаҳо.
2
Қуруқ тўлғанмайди бу каж аждаҳо,
Ҳикматин ўйласам, бағрим тилинар.
Юрагингга қўймоқ истасанг баҳо,
Дарёга меҳридан билинар.
Насиб этсин заҳмат чекканида ер,
Дилинг ҳамдардликка тўлмоқ бахтини.
Ер экиб, шеър битиб , хуллас, тўкиб тер,
Дарё билан дарё бўлмоқ бахтини.
Дарёлар инсонга чўкмайди тизлар,
Бироқ инсон деса берар жонини.
Жайҳун Хоразмнинг бахтини излар,
Жайҳун Хоразмнинг излар шонини .
Ҳар бир қатрасида ҳақ амри пинҳон,
Жайҳун телба эмас, ҳам изламас қон.
3
Жайҳун телба эмас, ҳам изламас қон.
Излар эл кўнглини. Топса жўшади.
Хирмонга қўшилган ҳар бир дона дон,
Умидларга умид қўшади.
Доналарга дона дон қўшилиб , хирмон,
Қатраларга қатра қўшилиб дарё.
Пуч қолган ҳар бир дон дарёга армон,
Зирқираб, тўлғаниб уни айлар ёд.
Увол бўлган, зое кетган зарра сув,
Бир дона буғдойни қилади ғорат.
Дилларни ўртаган ҳар учқун орзу,
Муборак бир қатра сувдан иборат.
Ҳар бир қатра сувда дарёлар пинҳон,
Дарёлари билан жаҳондир жаҳон.
4
Дарёлари билан жаҳондир жаҳон.
Замин бир вужуддир, қони дарёлар.
Дарёлар ошиқлар шаънига достон,
Тўқнинг шони, очнинг нони дарёлар.
Мангулик дарёлар фаслидир,
Дарёлар ўрмондир.Дарёлар гиёҳ.
Дарёлар бу ҳаёт васлидир,
Дарёлар қаламдан сирққан шу сиёҳ.
Фақат қони эмас, кўнгли ҳам тўқмиз,
Гоҳ масрур, гоҳида чекамиз қайғу.
Дарёлар бўлмаса, бизлар ҳам йўқмиз,
Дарё-сен, дарё-мен, дарё-у.
Қийиқ ахтармангиз агарчи қилдан,
Ҳикмат ҳам кутмангиз ҳар бир нақлдан.
5
Ҳикмат ҳам кутмангиз ҳар бир нақлдан,
Кун қолиб, муз тошдан кутманг зиёлар.
Нимаики қабул бўлмади дилдан,
Бари оқмай қўйган дарёлар.
Дарё эдим. Софдил. Қайғудош,
Энди-чи ёлғонман. Фисқман.Риёман.
Бадгумон.бераҳм.Юрак-бағри тош,
Мен ҳам…оқмай қўйган дарёман.
Оқяпти Муҳаммад Амийнаддинлар,
Жайҳун оқаётир, алҳамдулиллоҳ.
Таъқиқлар, таъқиблар, нифоқлар, кийнлар,
Иншооллоҳ, бўлиб қолажак гумроҳ.
Кутмай иккисининг оқмай қолишин,
Тинглангиз Жайҳун ҳам вақтнинг нолишин.
6
Тинглангиз Жайҳун ҳам вақтнинг нолишин,
Нолиш кўнглингиздан ўтгай худога.
Дарё лутф этмайди, унинг ҳоли шу,
Ақлу инсофидан жудога.
Хоразмга Оллоҳ илтифотидир,
Юртни Ҳақ лутфидан қилмайлик маҳрум.
Оролқум Жайҳуннинг ижодидир,
Дарё бизга, бизлар дарёга маҳкум.
Гарчи азалдан у халқни айлар пок,
Баъзан ҳолсизланиб ,баъзан тўлғаниб,
Бизда на андиша, на ўй, на идрок,
Ётар , қирғоқлари булғаниб.
Жайҳун оқил. Жайҳун маҳруммас дилдан,
Жайҳун бизни ўйлаб озар ақлдан.
7
Жайҳун бизни ўйлаб озар ақлдан,
Воҳалар асрлар ичра телбавор…
Жайҳун ва Хоразм бир жон ва бир тан,
У йўқ бу йўқ, у бор бўлса бу ҳам бор.
Такрор шовулларми ёки хасмилар,
Тўқайлар-фалакка заминдан арзлар.
Дайди мушукларга айланмасмилар,
Қайтиб келармикан йўлбарслар?
Оқизоқлар қилиб нонларни сувга,
Яшармизми, унут бўлганча кийнлар.
Ҳаётга қайтарми ( айб йўқ орзуга),
Муҳаммад ҳожи ибн Амийнаддинлар.
Вақт ва дарё аро кетар олишув,
Ҳеч гапмас иккисин оқмай қолиши.
8
Ҳеч гапмас иккисин оқмай қолиши,
Бу фалак туҳфаси.Бу –руҳ. Руҳ ва маст.
Фанонинг Бақога нолиши
Яъни ноилоҳий туҳфамас.
Одамсиз вақт-сукут.Жим-жит бир фиғон,
Таралмай қўйгандек тордан раволар.
Вақт-устоз.Кетмоқда мудҳиш имтиҳон,
Довдираб турибди қақроқ маъволар.
Ҳаққа тобе бўлиб бир-биримизга,
Дарёларни раво кўриб яшайлик.
Гумроҳлик-арслонни қайтармоқ изга,
Риёзатни сафо билиб яшайлик.
Нафс деб дарёларни унутиб қўйдик,
Қақраб , ташналикка неча бор тўйдик.
9
Қақраб, ташналикка неча бор тўйдик,
Минг шукурки, ҳамон тўймадик жондан.
Минг шукурки, тўйлар ҳали ҳам тўйдек,
Умидимиз буюк Ўзбекистондан.
Нолимаймиз, шукур, замондан ҳамон,
Бурда нонни суртиб кўзларимизга,
Денгиздек, дарёдек оқиб Ҳақ томон,
Аста келмоқдамиз ўзларимизга.
Алпомиш келбатли яшил дарахтлар,
Фахрий аскарлардек йўлимиздадир.
Ҳамон насийбимиз сурур, фарахлар,
Ҳамон ўз бахтимиз қўлимиздадир.
О, ҳамон Муҳаммад Ҳожини ёдлар,
Майсалар чирқираб, чекиб фарёдлар.
10
Майсалар чирқираб, чекиб фарёдлар,
Дарёнинг тилидан Яздонга нола.
Дунёда дардни дард, мардни мард ёдлар,
Бор жумбоқ ечими Ҳаққа ҳавола.
Майса ҳилпиратгай мен чеккан оҳлар,
Оҳларим-юрагим шамоли.
Юлдузлардан инган шаффоф нигоҳлар,
Умидларнинг мангу жамоли.
Ўтмиш, бугун ҳамда келажак ҳақда,
Томиримда айлар тахайюл хунлар.
Мурод Абдуланинг ташрифин мақтаб,
Устюртда куй куйлар юлғунлар.
Йўлбарс қириб, оҳу кўзларин ўйдик,
Бизлар дарёларни қайғурмай қўйдик.
11
Бизлар дарёларни қайғурмай қўйдик,
Дарёлар қўшиғи очуннинг.
Энг бахтли тушларни кулфатга йўйдик,
Муҳаммад Амийнаддин Ҳожининг.
Тамом бўларми йўқ бу олий хаёл,
У ҳам мангулик, ҳам дақиқа эди.
Абадият қадар, қутлуғ, безавол,
Ҳақиқат, ҳақиқат, ҳақиқат эди.
Ҳақ лутфи муқаррар. Азалдан маълум,
Толе бор машаққат сўнгида.
Келтирмасак агар биз маълун,
Илоҳий тушларни ўнгидан.
Оқиб эзгуликка томон дарёлар,
Бизни қайғурмоқда ҳамон дарёлар.
12
Бизни қайғурмоқда ҳамон дарёлар,
Гоҳи тўлиб тошиб, гоҳида қақраб.
Гоҳи қулатади чекмасдан “ё”лар,
Гоҳида чақади, бамисли ақраб.
Гоҳи жилва қилар олма яноқда,
Гоҳ ҳар писта билан қилади ханда.
Гоҳ чарақлаб туриб ҳар бир чаноқда,
Қизлар хандасини қилар шарманда.
Гоҳида келинлар янглиғ ўйларга,
Чаман хаёлларга чўмиб қолади.
Эл-юртни бир дамда тўйларга,
Бошдан оёққача кўмиб қолади.
Сиз ҳам сочқиларни сочинглар,
Дарёлар йўлини очинглар.
13
Дарёлар йўлини очинглар,
Йўлини дур, лаъли Бадахшонларнинг.
Тақдирнинг қўлини очинглар,
Қўлини шарафлар, шонларнинг.
Беркитинглар иснод йўлини,
Лочинлар келсинлар, кетсин қарғалар.
Ҳилоллар вақтида тўлиниб,
Хонқага қайтсинлар дарғалар.
Такрор ҳилпирасин хотирамизда,
Боболарнинг мағрур туғлари.
Чин бўлсин. Бўлмасин ёди рамзда,
Барҳаёт бўлсинлар руҳлари.
Уволга чиқмасин сарф, хирожинглар,
Дарёлар йўлидан қочинглар.
14
Дарёлар йўлидан қочинглар,
Бу қочмоқ бахтга йўл очмоқдир.
Оллоҳ дарёларин додини тинглар,
Дарёлар-қисматдир, дарёлар-тақдир.
Дарёлар тириклик сиридир,
Қасоси ўлимлар берган зарбанинг.
Дарёлар Тўрт Унсур биридир,
Яъни “Аносир-ул-Арбаа”нинг.
Дарёни хор тутган хор бўлсин,
Азиз бўлсин азиз тутганлар.
Дарёлар ҳормасин, бор бўлсин,
Руҳи билан қўллаб ўтганлар.
Дарё поёнсизлик, дарё-кенгликдир.
Дарё адолатдир. Дарё тенгликдир.
15
Дарё жон олмайди. Дарё берар жон,
Қуруқ тўлғанмайди бу каж аждаҳо.
Жайҳун телба эмас, ҳам изламас қон.
Дарёлари билан жаҳондир жаҳон.
Ҳикмат ҳам кутмангиз ҳар бир нақлдан,
Тинглангиз Жайҳун ҳам Вақтнинг нолишин.
Жайҳун бизни ўйлаб озар ақлдан,
Ҳеч гапмас иккисин оқмай қолиши.
Қақраб, ташналикка неча бор тўйдик,
Майсалар чирқираб, чекиб фарёдлар.
Бизлар дарёларни қайғурмай қўйдик,
Бизни қайғурмоқда ҳамон дарёлар.
Дарёлар йўлини очинглар,
Дарёлар йўлидан қочинглар.
Х
Мухаммас
Муҳаммад Ҳожи Аминаддин ўғлининг “халқ душмани” деб айбланиб, қамоққа олинган кунида ўйлаган ўйлари ( 1937 йил )
Меҳнатим бирлан саодатли замоним сендадир,
Йўл олар бўлсам фалакка, Каҳкашоним сендадир,
Сендадир алёрларим, оҳу фиғоним сендадир,
Мен камол топдимми ё йўқ-имтиҳоним сендадир,
Жайҳунимга борлиғим кўчган. Нишоним сендадир.
Бахтли мавсум навбаҳор, мендан мени озод қил,
Дод ўзи додлаб юборсин, дилни шундай шод қил,
Бемуҳаббат лаҳзаларнинг барчасин барбод қил,
Қутлуғ исмингни битиб, руҳим учун иршод қил,
Шайхи Нажмиддин Кубродек жаҳоним сендадир.
Мўътабарсан, бу аён, лозим на тарғибот, на ваъз,
Ишқ сўзин такрорига сарфдир мен олган ҳар нафас,
Ҳам ўзинг ишқсан, элим, ҳам сен ўзингсан бир ҳавас,
Бир қушингман, бўлди ҳар дардинг менинг -чун бир қафас,
Сен шифо топ, мен учай бир, осмоним сендадир.
Кўксима тафт бахш этиб, Жайҳундан оқди музларим,
Дард ва дармон рамзи бўлди тонг, кеча , кундузларим,
Дилда тузди анжуман сўнган неча юлдузларим,
Хоразм, жон олди қаърингдан теран илдизларим,
Сенда мевам-гулласам, сўлсам-хазоним сендадир.
Гарчи дўстлардан кўнгил, бахтдан-да кўзим тўқ эди,
Менда ҳам гоҳ неча бир ғаддор ғанимлар йўқ эди,
Қилдим, Ҳақ, сенга ҳавола, барчаси махлуқ эди,
Шундайин бир сўзларим бор эрди, мисли ўқ эди,
Отганим йўқ ҳеч бирин, чунки камоним сендадир.
Бўлса ёв оқил агар, беақлу беҳуш ман бўлай,
Тушларида майли ўнг, майли ўнги туш ман бўлай,
Бедиёнат сотса гап, майлига, хомуш ман бўлай,
Жонфидо ўғлингман, халқим, сенга не душман бўлай,
Бошга ёғса минг бало, дориломоним сендадир.
Ибн Аминаддин Муҳаммад дейди, шодман сен билан,
Соҳиби толе ва соҳиб эътиқодман сен билан,
Сен билан мен куй қўшиқдирман, баётман сен билан,
То жаҳон боринча бор халқим, ҳаётман сен билан,
Мендамас жонинг, не бахт, не бахтки, жоним сендадир.
ҚУДУҚ
Минг мачит,
минг мачитдан-юз гечик,
юз гечикдан-бир ичик.
Хоразм мақоли.
ХХ асрнинг йигирманчи йиллари. Хонқа ҳокими Муҳаммад Аминаддин ўғлига қудуқлардан бирига итнинг ўлиги ташланганлигини айтиб, арз қилишди. “Айбдорни топдингизларми?” сўради ҳоким. “Йўқ” деб жавоб қилишди арзгўйлар. Ҳокимнинг ранги оқарди. Лаблари асабий титраб, яноқ мушаклари ўйнай бошлади. Унинг важоҳатидан қўрққувлик эди…
“Довруқ “ таратади ким қудуқ қазиб,
Қудуқ булғаб, кимдир чиқаради от.
Манглайда битикка ҳар ким муносиб,
Қудуқ ифлосланса, шайтон бўлур шод.
Минг масжид савоби бор бир қудуқда,
Уни нопок қилган ўз қўли билан.
Ўз умрига, шаксиз, қўяди нуқта…
Тасдиқлайди буни ақл ҳам, дил ҳам.
Бир қудуқ неча минг жонларга дармон,
Бир қудуқ…Хивани қилгандир бунёд.
Қудуқ гоҳ орзудир, қудуқ гоҳ армон,
У бутун бир жаҳон, бутун бир дунё.
Ҳайвонлар учун ҳам қудуқ муқаддас,
Ҳар бир жонзот учун ҳар қудуқ бир ганж.
Лаънатлансин қудуқ булғаганлар, бас,
Бундайлар мардуддир, бундайлар жирканч.
Қудуқлар дарёнинг сўзларидирлар,
Қудуқлар дарёнинг каломи.
Қудуқлар дарёнинг кўзларидирлар,
Қудуқлар дарёнинг саломи.
Гоҳ Маккани қилдим юракдан тавоф,
Илм истаб, гоҳ бўлдим Тулус, Парижда.
Риёзатлар чекиб, ахтардим савоб,
Ҳар бир жой, ҳар бир вақт ҳамда ҳар ишда.
Эзгулик амалим, севганим баёт,
Тушимда намоён Пир Али Қамбар.
Шаффоф қудуқларда кўринди ҳаёт,
Сувсиз қудуқларда Юсуф Пайғамбар.
Сиз эса қудуқда ит кўрибсизлар,
Балки бу ҳам тимсол, бу ҳам бир умид.
Эҳтимол қудуқда ўз аксин кўриб,
Ўзига ташланган қутурган ул ит.
Қудуқ ҳаромлаган одамни айтса,
Бўлади ёвуз деб ва деса қотил.
Минг чақрим нарида дарёлар қайтса,
Аввало қудуқлар бўлади ботил.
Қудуқ нопок бўлса на очинг аза,
Қудуқ нопок бўлса, на кўз ёшланглар.
Фақат қаҳр билан, фақат дарғазаб,
Бундай қудуқларни кўмиб ташланглар.
Мана шу муносиб таъзия бўлади,
Мана шу бўлади энг лойиқ нутқ.
Чунки, ҳаромланган қудуқ ўлади,
Шаҳид кетар чунки ифлосланган қудуқ.
Ҳоким бўлганимга ўкинаман гоҳ,
Ҳам мазлум, ҳам буюк қадим воҳада.
Гап бир қудуқдамас.Топилади , оҳ,
Қудуқ булғовчилар ҳар бир соҳада.
Такаббур келади гоҳида сак-ит,
Англатмоқ шарт буни алоҳида.
Навоий бобомиз қилганлар таъкид,
“Керак ҳар ит боши ўз ялоғида”.
Не бахт, ҳақ ҳукмини келтириб бажо,
Сув билан туғилмак, сув билан…ўлмак.
Ҳар бир кўз гавҳари, қорачиққа жо,
Ҳар булоқ, ҳар чашма, ҳатто ҳар кўлмак.
Илоҳий армуғон ҳар бир пат булут,
Иншооллоҳ, ўзанлар сувга тўлади.
Бироқ бир ҳикматни қилманглар унут,
Халқ қандай , суви ҳам шундай бўлади.
Сув ҳолига боқиб чекаман андуҳ,
Увол ҳар томчига тутиб мотамни.
Гар тарих эврилса, кемасига Нуҳ,
Олармиди ё йўқ бир жуфт одамни.
Ким учун сув ҳикмат, ким учун бисот,
Ҳар ким пухта тузсин сув сарф режасин.
Ақалли туядек қилсин иқтисод,
Жиллақурса, мушук каби тежасин.
Сувни англасайдик, билсайдик қадрин,
Сув деб еганимиз ғамга бўкардик.
Қисқароқ ёзардик шеърларнинг сатрин,
Ҳар томчи кўз ёшни аяб тўкардик.
Тўфондан қолмаган демангиз ҳеч из,
Ҳеч кимса тошқинлар тамом демасин.
Комил Нуржон олса музейга бежиз,
Хива қудуғи ҳам Нуҳнинг кемасин.
Ҳар қарич саҳро ҳам ўзича бўстон,
Ким сувни хор тутса, боғлари сўлсин.
Дарё-ку дарёдир, уммон-ку уммон,
Ҳар қултум сувга шон-шарафлар бўлсин.
Пўлат зирҳ, қалқонли бўлсин орзулар,
Бўлмасин бу қадар бемажол ,маъсум.
Покликдан пок бўлсин номус, ор сувлар,
Қудуқлар қапқоғин ит очолмасин.
Лекин …бўлмас экан юраклар то пок,
Ҳатто ер остида дарёлар нопок.
Сув бахти соғлиғу омонлигингиз,
Баҳраманд бўлсангиз басдир тотидан.
Сизнинг бор яхшилик, ёмонлигингиз,
Ўлса ҳам чиқмайди сувнинг ёдидан.
…раҳм этма, Оллоҳим, абадий ҳоким,
Қудуқ булғаганнинг манфур жонига.
Ватан айланмасин бир куни токим,
Шаҳид қудуқларнинг қабристонига.
ХI. КЎПРИКЛАР
Хотима
Дарёнинг муборак қирғоқларини,
Кўприклар қўшади. Бу -Ҳақдан фармон.
Кўприкли дарёга кўприклар толе,
Кўприксиз дарёга кўприклар армон.
Мангулик қошида тизилар йиллар,
Мисли мижжаларда киприклар…
Кўприклар икки хил бўлади,
Кўприк кўприклар ва одам кўприклар.
Бало-қазоларга кўкраги қалқон,
Тоғлардек юкларга тутганча елка,
Ҳар икки хил кўприк матонат билан,
Жонларини фидо қилдилар элга.
Юз кечик минг масжид нуфузин сақлар,
Кўприклар қўшади халқларни Ҳаққа.
Юз кўришмай неча-неча қирғоқлар,
Ким билсин, неча йил кўприксиз оққан.
Масжидларга элтар кўприклар элни,
Ҳақни унутмайлик, бўлайлик огоҳ.
Масжид бўлмаса гар, масжид-ҳамма ер,
Масжид бўлмаса-да юрак-саждагоҳ.
Элда бошланса гар адоват, нифоқ,
Кўприклар ҳаётдан умид узади.
Яхши замон кўприк тузади,
Ёмон замон кўприк бузади.
Одам олам учун масъулдир,
Одам учун эса энг масъул-олам.
Кўприкдир асрдан-асрга,
Ҳар қатра сувдан то ҳар сулола.
Марҳумларнинг руҳи шод бўлсин,
Ҳамжиҳат бўлсинлар тириклар.
Кўприк кўприклар тинч бўлсинлар,
Бор бўлсинлар, одам-кўприклар.
2008 йил, ноябр
Урганч-Тахятош –Элликқаъла-Урганч