Matnazar Abdulhakim. Qadimiy ohanglar

070        Таниқли шоир ва мутаржим Матназар Абдулҳаким (1948-2010) юрак қўри, виждон амри билан чинакамига ижод қилди. Шоирнинг бутун ижодига хос бу томойил унинг ҳали чоп этилмаган, лекин дўстлари, адабиёт мухлислари бисотида сақланаётган шеърларида ҳам бош мезон бўлиб, улардаги беғубор туйғулар ижодкор маънавий умрининг давоми сифатида қадрлидир.Шоир қолдирган улкан мероснинг руҳий оламига, унинг бепоён ва ҳамон яшнаб турган табиатига қадам қўя борар экансиз, бу улкан боғ қаршингизда тобора шукуҳлироқ, тобора ранг-баранг бир тарзда намоён бўла боради.

Матназар АБДУЛҲАКИМ
ҚАДИМИЙ ОҲАНГЛАР

045

* * *
Бугун лоқайдгина ёнимдан ўтди,
Бу бепарволиги жонимдан ўтди.

Пушаймон этдими, қайрилди бир бор,
Мисоли бир қошиқ қонимдан ўтди.

Қоронғу бу кўнгилга тушди кўзлар,
Чақин чақнаб, зимистонимдан ўтди.

Узилдилар нурафшон кўп умидлар,
Сўниб юлдузлар осмонимдан ўтди.

Агар ғамгин кўринсам, айб эмасдир,
Бу айб сарви хиромонимдан ўтди.

Ажабланманг қаламнинг ноласига,
У тиғданмас, у ҳижронимдан ўтди.

Эл ишқимдан хабарсиз Матназарман,
Ғариб достони достонимдан ўтди.

* * *

Неча йил бўлди-ку, қадди ниҳол, кўзи қаро келмас.
Бирон бир лаҳза йўкдир-ким, кўнгилга можаро келмас.

Унинг ноз бирла битган сўзлари ўқларга тимсолдир,
Келар… лекин бутун борлиқни қилмасдан яро келмас.

Мени беҳуда кутманглар висол айшида хушчақчақ,
Агар тўй бўлса бир уйда, унга мотамсаро келмас.

Тўкардим ёш, тиниқ кулгулари келди хаёлимга,
Бирон зулмат топилмас, қаъридан бир кун зиё келмас.

Соғинтирганда инсофни унутди икки шаҳлоси,
Агарда даҳрий эса одам, хаёлига Худо келмас.

Унинг лоқайд дилидан мен муҳаббат илтижо этдим,
Агарчи қулф эшикка нон тилаб ҳеч вақт гадо келмас.

Демиш ул ошиғим ишқимда минг дардга гирифтордир,
Қўйинг, дўстлар, тасаллони, унинг сўзи хато келмас.

* * *

Ёғар ёмғир… баҳорим шодми йиғлар,
Ё гулларни бериб барбодми йиғлар.

Тўкарми ёш кўриО умримни вайрон,
Ҳаётингни кўриб ободми йиғлар.

Фироқ бўлмас адо бу кунларимга,
Сенингсиз ҳар нафас иснодми йиғлар.

Бу найсон сувлари бахтдан далилми,
Тополмасдан ва ё исботми, йиғлар.

Қоқиб қарс қалдироқ, чақнар чақинлар,
Чекиб ҳолимга кўк фарёдми, йиғлар.

Кўринмиш томчилар киприкларингда,
Уриб кўксимга тийғ, жаллодми, йиғлар.

Халоссан хоҳласанг сен Матназардан,
У сендан бўлмайин озодми, йиғлар.

* * *

Кетар бўлдинг… керакмас, ёр, тасалли,
Фироқ энди ўзи ғамхор тасалли.

Тасаллисан, юпандинг жабр этиб лек,
Тасаллига нечун даркор тасалли.

Рақибга хат битибсан. Ҳеч бўлурму
Гар иймон бўлмаса, туммор тасалли?

Юракда бир тикан озори тун-кун,
Агарчи кўзга минг гулзор тасалли.

Иковлон бир-бировга далдадирмиз,
Бўлур беморга бемор тасалли.

Азиз тут васлидан ёр сочларини,
Бўлур ҳижронда йўқса дор тасалли.

Хароба бўлди дил, кел, муҳташам қил,
Бўлур вайронага меъмор тасалли.

Ўзинг тоғ бўл, суянгил ўз-ўзингга,
Йўқ эрса, Матназар, бекор тасалли.

* * *

Ғариб бошимда гиргиттон чарх урган фалакдирсан,
Гаҳи офтоб, гаҳи моҳтоб бўлиб тун-кун ҳалакдирсан.

Сени деб гоҳи йиғлаб, гоҳи кулдим — ҳеч тафовут йўқ,
Балолардан хабарсанми, ва ё бахтдан даракдирсан.

Гаҳи оқшомлари истаб, соғиндим гоҳ саҳарларда,
Зиё бирланми ё зулмат билан, айт, муштарикдирсан.

Бериб мен кўнглинга озор, дедим андишасиз сўзлар,
Бир иблисни севиб қолган ажойиб бир малакдирсан.

Билолмам борми даркорим санго бир озгина, асло,
Билиб қўй, қомати шамшод, манго сен кўп керакдирсан.

Яро дилни ширин тил бирла қаттиқ айладинг аччиқ,
Билолмасман, шакарсанми, билолмасман, намакдирсан.

Тўкиб ёш сен қадам ранжида қиддинг, лекин атворинг
Бу тош бошимни ёш бошинг билан кўп ўйнамакдирсан.

* * *

Сабрсизликларим тоқат бўлиб, бардош бўлиб чиқди,
Уқубатлар бари муштоқ кўзимдан ёш бўлиб чикди.

Ўзимни мен халос айлай дедим ўю хаёлингдан,
Сочингга бир умр фикрим чигал чирмош бўлиб чиқди.

Оғир савдо тушиб бошимга мендан тондилар ногоҳ,
Улар сўнг кўз экан билсам, улар сўнг қош бўлиб чиқди.

Баҳорда баргни уйғотган шамоллар, бу не ҳикматким,
Хазон фаслида япроқ тўплаган фаррош бўлиб чиқди.

Ақиқ янглиғ эди лаблар, тишинг ўхшар эди дурга,
Улар ҳақда менинг айтган сўзим бир тош бўлиб чиқди.

Бутун борлиқ азалдан сақлаган асрор эдинг, жоним,
Мени кутган бу қутлуғ сир қошимда фош бўлиб чиқди.

Дединг; «Осмонда мен кимман ва ерда севганим кимдир?»
У ҳижрон ичра минг юлдуз билан сирдош бўлиб чиқди.

* * *

Минг азоб бирлан қишу наврўзу ёз, кузлар келур,
Айрилиқнинг дастидан дардли ташаббуслар келур.

Осмонимдан, қуёшим, кетдингу рашк этмадинг,
Ҳар маҳал ғуж-ғуж бўлиб, бошимга юлдузлар келур.

Қаҳратон хатлар келур сендан юракни яхлатиб,
Навбаҳор Жайхундан оқиб санг келур, музлар келур.

Кўп ёмон бир мунтазам дардлар чекарман соғиниб,
Бу уқубатга қачон, билмам, танаффуслар келур.

Жилдирар сув, тол шивирлар ҳам гужумлар оҳ чекар,
Ишқда борлиқ ёдига турлик талаффузлар келур.

Банди зиндон эрди қиш фаслида минг гул, минг чечак,
Сенга пешвоз очилиб, собиқ бу маҳбуслар келур.

Бахт муқаддас салтанатдир, хос эмасман унга мен,
Эҳтимол, бу мулкка бир кун хосу махсуслар келур.

Машрабга татаббуъ

Менга даркордир малак, Мажнун учун Лайло керак,
Менга даркордир фалак, Мажнун учун саҳро керак.

Таъриф этсам маҳвашим кокиллари занжирини,
Йилда уч юз олтмишу беш зим-зиё ялдо керак.

Дардларимни тингламакдан тортадир озор ёр,
Нолалар фарзандиман мен, унга шўх ялло керак.

Ошиқнинг дунёси ишқдир, булҳавас дунёси мол,
Унга у дунё керакдир, бунга бу дунё керак.

Аҳли ишқ кўз ёшлари, ёр ҳуснига ташбиҳ учун
Биргина офтоб билан минг-минглаган дарё керак.

Мен-да тайёрман муҳаббат йўлида бермакка жон,
Етгали бу бахтга ёрдан биргина иймо керак.

Бошига кийди жаҳонни булбули беандиша,
Гўё ёлғиз ўзига ул гули раъно керак.

Бизни ошиқ, сизни маъшуқа яратмишдир Худо,
Ҳукм ўқилган, иккимиздан энди бир ижро керак.

Эй кўнгил, ишқингни айтсанг, бўлғай олам ичра фош,
Бир Худо, бир иккимиз фаҳм этгучи маъно керак.

* * *

Умрбод қилдингу оввора, кетдинг,
Сочи эй тим қаро фаввора, кетдинг.

Бўлиб қолдим алам-андуҳга ибрат,
Бўлиб ўрнак жафо-озора, кетдинг,

Ки маъсумликда, ёр, мусичадексан,
Жудолик номли бир шунқора кетдинг.

Ахир ҳар кун ботишда кун чиқиш бор,
Кетишда бўлса, қайтмоқ зора, кетдинг.

Иков жуфт порасимиз бир юракнинг,
Қолиб мен пора, оҳ, сен пора кетдинг.

Нигорим, яхши бор. Бўлсин йўлинг оқ,
Ки йўқса энди бахтим қора кетдинг.

Дебон «Қол!» бунда мен қолдим-да кетдим,
Раъйимга бормадинг-да, бора кетдинг.

* * *

Фақат сенмас, ҳузуримга бутун олам келур, келсанг,
Ки бўғзимга юракда қотганим-нолам келур, келсанг.

Унутгандим недур фарёд, унутгандим недур кўзёш,
Солиб ларза кўнгил осмонидан жолам келур, келсанг.

Асадларда қуриб, ақрабда қақраб зор кутгандим,
Хазон барҳам топиб мен водийга лолам келур, келсанг.

Юсуфдан айрилиб қолган ғариб Яқуб мисолиман,
Келур дийдамга нур келсанг агар, болам келур, келсанг.

Қадам ранжида қилгай тантана ғам остонига,
Аламлар хонадонига эса мотам келур, келсанг.

Хаёлимга парипайкар, фаришта келса, наф йўқдир,
Бир одам қошига, не бахт-ки, бир одам келур, келсанг.

Ўзидан кетди кўнглим, оҳ, сени излаб йироқларга,
Ўзига сен билан қайтиб ул афтодам келур, келсанг.

* * *

Ҳаётим бўлди сен жононга маҳкум
Ва сен жонон билан ҳижронга маҳкум.

Хаёлимда ёруғ рухсоринг ҳар дам,
Қуёш бўлган каби осмонга маҳкум.

Сени топдим бало-офатлар ичра,
Бўлар мардлар мудом майдонга маҳкум.

Билолмам, не гуноҳдир бу муҳаббат,
Юракдир бир умр зиндонга маҳкум.

Гирифтормиз умрбод бир-бировга,
Жоним танга, танимдир жонга маҳкум.

Ажабландик, сен ишкдан, мен ҳусндан,
Бир ҳайрон бўлди бир ҳайронга маҳкум.

Тутарман кўз сени ҳозир келар деб,
Ўтар умрим бўлиб ёлғонга маҳкум.

* * *

У келар жим, серхаёл… ўнгимда рўё бошланур,
Қоп-қаро тун қаърида бир зумда Зуҳро бошланур.

Талпинурман лол қолиб, ҳайратда чақнар кўзларим,
Неча йиллик ташнаман, қаршимда дарё бошланур.

Бошланур ноёб бир ҳолат, дамда минг мўъжиза кашф,
Соб бўлур маълум бу дунё, бошқа дунё бошланур.

Истагим минг-минг менинг, қалқмас тилимга ҳеч бири,
Кўзларимдан кўзларига минг тавалло бошланур.

Шеърларим хомуш эса, руҳимга ташланглар нигоҳ,
Одам ўғли ҳеч ёзиб билмас бир иншо бошланур.

Оқил эй ҳамроҳларим, кирмоқдаман Қайс қавмига,
Ортга қайтинг энди сиз, бу ёқда саҳро бошланур.

Ишқ-муҳаббат бўлди айб, ҳижрон жазосин тортаман,
Хайр деб ёр ҳукм этар, шафқатсиз ижро бошланур.

* * *

Бизга етказган азобидан фароғатландилар,
Бу азобдан кўнглимиз қаттиқ жароҳатландилар.

Номамизда номини ёзганда қилдик зарнигор,
Номасида номимиз бизнинг қаро хатландилар.

Қалбини забт этгали қилдик муҳаббатни қурол,
Қаршимизга қаҳрини айлаб яроғ, отландилар.

Ишқи йўқлар, билмадик, дунёга келдилар нечун,
На азоб чекди улар ёки на роҳатландилар?

Шаънимизга туҳмат айтиб бетиним аҳли фасод,
Ўзларига орттириб кулфат, қабоҳатландилар.

Кетдилар айлаб хиёнат бизга орому сурур,
Изтироб-андуҳга таҳсин, кўп садоқатландилар.

Сарвиноз бўй торттилар деб ҳеч қувонманг, эй кўнгил,
Меҳри топмасдан камол, жабри балоғатландилар.

* * *

Менинг Лайлию Ширин ўрнида сен сарвинозим йўқ,
На Фарҳодга, на Мажнунга, илож қанча, қиёсим йўқ.

Сен ҳар бир илтифот этган кўнгил осмонда лочиндир,
Қолиб четда нигоҳингдан, менинг бу имтиёзим йўқ.

Кўзимдан кўнглима ботди умиддар сен кетиб қолгач,
Қуёш янглиғ ловуллашга туганмас эҳтиросим йўқ.

Сен айтган таъналарга тоғ чидар, тошлар берар бардош,
Менинг бўлса вужудим тоғ эмас, тошдан либосим йўқ.

Қаён кетмак керак сенсиз, билолмасман сира, лекин —
Минг илдиз отганим бу элда бир лаҳза туросим йўқ.

Сени севдим ва сенсиз мен чақинман, нури йўқ зарра,
Сени севдим ва сенсиз қалдироқман, гулдуросим йўқ.

Унутдинг ногоҳон сен Матназарни, бу азобингга
Сени ёд айламакдин ўзга ҳеч бир эътирозим йўқ.

* * *

Сирлашиб ғижжагу сетор энди,
Сен билан мен каби бедор энди.

Майлига. Айлама рад. Нолада най.
Ўртаниб ишқига иқрор энди.

Тинмайин муштлаб ўзин, рашкини,
Жанг қилиб, чанг қилар изҳор энди.

Ақлидан озди қиқирлао қайроқ,
На илож, тошга темир ёр энди.

Бағрини тонгга қадар тирнайди
Инграй-инграй, оҳ, қаранг, тор энди.

Тортди дил пардасини доирага,
Аҳли ишқ ўтда жарангдор энди.

Матназар қалбини бир шарҳла сен ҳам,
Қаламим, бўлма кўп абгор энди.

* * *

Ўт чақнади ногаҳон юракда,
Нурланди бутун жаҳон юракда.

Зангор кўзинг чарақ-чарақлаб
Бўлди-ку, нишон-нишон юракда.

Юракми ё самода бу кун
Ваёким осмон юракда.

Юракда бўл ҳамиша, жоним,
Бўлғуси ҳамиша жон юракда.

Меҳринг бўладирми фош, дили тош,
Ниҳон, ахир, фиғон юракда.

Зоҳирда кўринди Матназар тинч,
Ҳар лаҳза минг имтиҳон юракда.

* * *

Минг тикан ўқталди биргина бўстон ҳаваси,
Ҳар тикан нешида минг жабру ситам, қон ҳаваси.

Бир санам солди манго макру муҳаббат кишанин,
Ҳажрида васл ҳаваси, васлида ҳижрон ҳаваси.

Жон бериб дўст деб эдим мен, не қилай, бўлди ахир,
Мен билан дўстлигининг боиси бир нон ҳаваси.

Қуригай қанча тиниқ, пок эса-да, жилға агар
Унинг ҳар қатрасида бўлмаса уммон ҳаваси.

Бахт эрур қилса агар ёв қўли бўғзингни ҳавас,
Шарт шуки, бўлса фақат ҳасрату армон ҳаваси.

Урмагай меҳварида ер фалак ҳукми била чарх,
Уни айлантиради, аслида, инсон ҳаваси.

Матназар, сурма хаёл орзу ҳавас ҳакда бугун,
Йўқ-ку эгнингда қанот, айт, бу не осмон ҳаваси.

* * *

Қимтиниб қумри каби ёр келди,
Бу саодатга юрак тор келди.

Чидадим сенга нигор келгунича,
Энди сен, ғам, кетавер, бор, келди.

Билмадим, хаста ҳузурига табиб,
Ё табиб қошига бемор келди.

Гарчи емирилган эдим ҳажрида
Муҳташамман яна, меъмор келди.

Кўз чарос, лола яноқ, қомат сарв,
Бизни деб боғ ила гулзор келди.

Меҳри йўқ, севгиси йўқ, дардсизлар,
Барчаси дунёга бекор келди.

Ўзни ҳижрон неча тасдиқламасин,
Матназар қилгали инкор келди.

* * *

Ловиллар лолалар тоғлар тарафда бир фасл, жоним,
Хазон умри муҳаббатдан баҳордир муттасил, жоним.

Бўлиб тутқун қутулгим йўқ, муқаддас бир қафасдир ишқ,
Халос бўлмоқни хоҳларми кўнгилли ҳеч асир, жоним.

Сени севгач мен ўз қалбимга ҳам бир эътиқод қўйдим,
Билингай ўтда олтин сохтами ёки асл, жоним.

Сўзингдан ғам, кўзингдан нур умрбод ёдгор қолди,
Тиканлардан тикан, гулдан қолур гуллар насл, жоним.

Баҳор ўхшар, қуёш ўхшар, чаман ўхшар жамолингга,
Фироқ ичра ширин борлиқ қилар аччиқ ҳазил, жоним.

Чекиб озорлар, торларга жо қилдим наволарни,
Юраклардан қўшиқ элчи, фалаклардан — расул, жоним.

Бугун гарчи фироқ тақдир, жудолик бўлса ҳам қисмат,
Юракда орзу — дийдор, умидимдир — васл, жоним.

* * *

Сенинг мадҳингга машғул хоҳи носир, хоҳи нозимдир,
Мен ҳам шарҳ айламоғим бу кўнгилни сенга лозимдир.

Мени чорлаб эди, борсам кетибди севги қалбингдан,
Ўзи таклиф қилиб қочган ажиб меҳмоннавозимдир.

Сукунатга қулоқ тут, бу жаранглаб илтифотингдан,
Кейин жабринг туфайли ногаҳон сўнган овозимдир.

Бўлиб саф-саф кўнгил сўрғай дарахтлар бир ўзим ўтсам,
Ҳаётсан-ку, ахир, жоним, бу не янглиғ маросимдир.

Кўнгил узмакка қўймасдан чарақлар кўзларинг тинмай,
Умидим боғида унган узилмас жуфт чаросимдир.

Кўнгил бир салтанатдир, сен агар лоқайд бўлиб қолсанг,
Таназзул бундан ортиқ бўлмағай, бу инқирозимдир.

Билиб қўй, Матназар айтган қўшикдан ҳеч бошинг чиқмас,
Бу оз меҳринг учун сендан олиб тинмас қасосимдир.

* * *

Билмадинг… сенга ёмон зор бўлдим,
Бир бу жонимга минг озор бўлдим.

Кўзларимда бир умр бўлдинг ёш,
Кипригингда лаҳза мен қор бўлдим.

Мен неча бор дедиму, бўлдинг йўқ,
Сен неча йўқ дедингу, бор бўлдим.

Айрилиқ — бу не ғариб юксаклик,
Ҳам азиз бўлдиму, ҳам хор бўлдим.

Сен сабаб севги деган кулфатдан,
Не саодатки, хабардор бўлдим.

Қил сабр, сўнгги нафас узгайман,
Сенга мен жон ила қарздор бўлдим.

* * *

Бездим аччиқ сўзидан, энди юрак бол истар,
Буни айтганда тилим бўлмоғин у лол истар.

Кўрмаса бизни аланглар эмиш-у ҳар ёнга,
Бўлмаса қошида, қурбонини қаттол истар.

Ишқ бозори тангу тор меҳр аҳли учун,
Нечалар, камдек ўзи, ўртада даллол истар.

Ёр дийдори умидимдиру бир умидга
Аҳли шеър неча туман ташбиҳу тимсол истар.

Сўзласин ҳуснини тору бўзласин васфини най,
Зор кўнгил бошқа на бахт, бошқа на бир фол истар.

Қилма пеш ақлу ҳушинг, қўй мени ўз ҳолимга,
Ишқ аро ҳар киши, бил, ўзгача бир фол истар.

Неча кун ғунча очилмоғига муштоқ булбул,
Матназар тоқати тоқ, василни дарҳол истар.

* * *

Кўнглим… чарчадинг — толдинг… сафо қилсанг бўлмасми,
Ўз жонингга ўзинг кам вафо қилсанг бўлмасми.

Муҳташам бир манзил деб вайрон бўлиб турибсан,
Ўзингга сен ўзингни маъво қилсанг бўлмасми.

Тарозу бўлсанг бошинг тошдан чиқмайди асло,
Ўлчовсиз бир умрни раво қилсанг бўлмасми.

Итлар суяк, нодонлар обрў талашгай доим,
Хокисорлик тахтини даъво қилсанг бўлмасми.

Қўрқинчли сулдорингга тор келганда самолар,
Ёмон қаттиқ қичқириб наво қилсанг бўлмасми.

Насиб этсин ҳамиша ҳар кимга ўз-ўзлиги
Минг дардга бир даво шу, даво қилсанг бўлмасми.

* * *

Муҳаббат бир ғарибликдир, муҳаббат бир виқор ҳар кун,
Юракда барқарордир ҳам азоб, ҳам ифтихор ҳар кун.

Фироқ масканларида сенга тимсол қанча мажнунтол
Қараб сувга тараб сочин, йўлимга интизор ҳар кун.

Умр бўйи азиз номинг менинг қалбимда пинҳондир,
Расмдир аҳли дард кўксинда бўлмоқлик тумор ҳар кун.

Агарчи йилда бир келдинг, бу дийдорга шараф бўлсин,
Баҳорга ўхшадинг-қўйдинг, келиб турмас баҳор ҳар кун.

Рақиб ишқингда ўлдим дер, ишонма, чунки ўргимчак
Тирик қолмоқ учун қургай ўзига-ўзи дор ҳар кун.

Ғазаллар элчидир сендан, уларни нобуд этмасман,
Хаёлда Кўҳна Урганчу, хаёлда Ўтрор ҳар кун.

Кўнгил оқ бўлса ҳам қат-қат аламдан дилсиёҳ бўлдим,
Шу боис Матназар, топгай бу дафтар эътибор ҳар кун.

* * *

Бўлиб қадди ниҳолга мубтало дўст,
Бу бир бошимга ортти минг бало дўст.

Нафас олсам қаро сочи муаттар,
Булар райҳон билан боди сабо дўст.

Умидим бир ажойиб тор — узилмас,
Агар билсанг, шу боис бир наво дўст.

Висол дўст бўлмасин невчун юракка,
Мудом малҳам билан, охир яро дўст.

Ўзи бўлди кўзим оқу қароси,
Бўларкан оқ билан, тавба, қаро дўст.

Ситам айлар санам гоҳ, гоҳи шафқат,
Гоҳи шайтон дўстдир, гоҳ худо дўст.

Қўшиқлар кетди ташлаб Матназарни,
Қочар, тор бирла бўлмас ҳеч садо дўст.

* * *
Бўлган янглиғ баҳор келганда боғим ям-яшил,
Ташласанг сен қайга кўз бўлсин, илоҳим, ям-яшил.

Соғиниб хўрсинганимда чайқалур райҳонларим,
Ёки бу тонг елими, ё бўлди оҳим ям-яшил.

Ям-яшил ўйлар суриб ёнмокдаман сен ҳакда, ёр,
Лоладан бил — шоҳидим алвон, гувоҳим ям-яшил.

Ям-яшил боғларни кездим, ҳеч гумоним сўлмади,
Ям-яшилдир, бил, савобим, бил гуноҳим ям-яшил.

Боғман теккан хазон, эй навниҳол, бағримга кел,
Заъфарон бўлсам-да, мен, бўлсин қучоғим — яшил.

Туш кўрарман гоҳида, Жайхунману кўпмиш сувим,
Талпинармишман санго — икки қироғим ям-яшил.

Матназар, бу боғ менинг, ҳар баргида бор минг ҳаёт,
Ишқ бир офтоб, урмагай, чунки паноҳим ям-яшил.

* * *

Айладим ҳар лаҳза васлингни гулираъно, умид
Ишқ — муқаддас салтанат, бўлмоқ гуноҳдир ноумид.

Ишқ умиддир, бахт умид, чун сен умидсан, дилбарим,
Кўр, нечоғлик давлатим кўп, менда бир дунё умид.

Бўлдингу қалбимга ҳамроҳ, кўп ўлимдан сақладинг,
Не қилиб қарзимни мен сендан узарман, о, умид.

Тут мени маъзур, сиғиб ҳаддим, умид этдим сени,
Қилгани янглиғ чаманлар васлини саҳро умид.

Сен фироқ ичра хаёлимни умид қилдингми, ёр,
Чақнамоққа тунни айлар ҳар маҳал Зуҳро умид.

Икки дил бор бўлмаса, шаксиз муқаррардир фироқ,
Қутқаролмас бу балодан, бил, сени ҳатто умид.

Токи мавжудсан ҳаётда, бил, умид ҳам барқарор,
Барқарорсан, Матназар, бордир ҳаётдан то умид.

* * *

Қилар гоҳи юракни қон тартиб,
Ўзи шоҳу, ўзи зиндон тартиб.

Ғазаб қилдинг кетар чоғингда, маҳваш,
Чиқар вақтинда қилмас жон тартиб.

Мудом тартибни ўргангил жаҳондин,
Ғалаён ошкор, пинҳон тартиб.

Қилур вайроналарни гоҳи обод,
Гоҳ ободни қилур вайрон тартиб.

Қуриб-қақраб қолар эрди муқаррар,
Агар билса эди уммон тартиб.

Муҳаббатда нечун ором олай мен,
Мисоли ўт ва сув жонон, тартиб.

Бузиб ёз, Матназар, сен интизомни,
Берар бўлсанг агар девон тартиб.

* * *

Куйласам, кўнглимда соз, чалсам қўлимда тор йўқ,
Дилда меҳрим бир жаҳон, иқрор бор, изҳор йўқ.

Муҳташам бир қалъадир кўнглим, нетай, бўлмиш хароб,
Тархини билгувчи таъмир этгали меъмор йўқ.

Ўзгалар пойига соч меҳрингни ҳеч тутмай дариғ,
Қилма миннат ҳеч қачон, бил, бунда миннатдор йўқ.

Ишқи йўқлар мулки, айтгил, бўлмасин невчун талон,
Бор бир ўғри ҳар қадамда, битта ҳам бедор йўқ.

Дард чекиб рухсори гуллар ўз-ўзига қўйди ўт,
Ишқ аро кўпдир азоб, оташ аро озор йўқ.

Йўқ азоб кўз-кўзланур пайт бор азобинг тут ниҳон
Истаганча кибр-ҳаво бордир буларда, ор йўқ.

Борми-йўқ ишқ бахти деб сен бору йўқ меҳрингни бер,
Матназар, қўй. Толе боқма, очма фол деб «Бор, йўқ…»

* * *

Гарчи ошиқлар ададсиз, гарчи маъшуқ сони кўп,
Иккимизнинг олдимизда, бил, барчасин нуқсони кўп.

Бебаҳо кўзёшларингни дурга қилмишлар қиёс,
Яхшиларнинг яхшиларга бунчалар бўҳтони кўп.

Мен қошингдан гар йўл олсам ҳар қадамдир — бир фироқ.
Эркпараст бу салтанатнинг бунчалар зиндони кўп.

Шоҳ қилиб қўймиш ақлни бошима тақдир нечун,
Бир итоат йўқ, агарчи амри кўп, фармони кўп.

Бепоён саҳро каби руҳимга сен қўйсанг қадам,
Оҳуларга тегмагил, бўл эҳтиёт, арслони кўп.

Кўп ғурурланма жамолингга чарақлаб, эй қуёш,
Ҳусни боқий бу фалакнинг сен каби меҳмони кўп.

Матназар, ҳасратга чек қўй, дардларинг кўз-кўзлама,
Ишқ-муҳаббат мулкининг, бил, сенсиз ҳам армони кўп.

* * *

Элим ичра мусофирман, хаёлинг ёр, ватан бўлсин,
Ҳаёт нурим, қуёш меҳринг таратган шуъладан бўлсин.

Бу қандай илтифотдирким, келинг деб тўрга ўтқаздинг,
Париларнинг ери сен кирган уйларда адан бўлсин.

Бу оламда агар руҳ бўлса, бўлсин сен каби тоза,
Бу оламда вужуд бўлса, сенингдек гулбадан бўлсин.

Нигоҳинг ўтида ёнмоққа муштоқдир қасрлар кўп,
Олов қўйсанг бироқ оламга бизнинг кулбадан бўлсин.

Агарчи шоҳ эмасман, эй маликам, бир муродим бор,
Канизинг минг Дилорому, қулинг минг Аҳраман бўлсин.

Ҳасад аҳли алам ичра кўролмасдан камолингни,
Тикан отса — чаман, ирғитса тош — дурри яман бўлсин.

Саодатдан бўлак қисмат бўлиб тақиқ замини узра,
Муҳаббатдан бўлак ҳис, Матназар, мангуга ман бўлсин.

* * *

Азиз бўлди менинг-чун жон қадар тонг,
Бўлиб ҳайрон ўзига, донг қотар тонг.

Сен энди уйғотишни тонгдан ўрган,
Сочиб нур, аста-аста уйғонар тонг.

Қоронғу кечалар ёримга менгзар,
Ўзи ноз уйқуда ухлаб ётар тонг.

Шивирларман ёруғ бир сир самога,
Уни ҳеч сақламасдан тарқатар тонг.

Нафи йўкдир дилинг зулматда бўлса,
Сабо — қўрқув, саҳар — хавфдир, хатар — тонг.

Саодатни умид этган маҳалда
Насиб гар бўлмаса, қаттиқ ботар тонг.

Фироқ оқшоми дард янглиғ узайди,
Сабр қил, Матназар, ҳозир отар тонг.

* * *

Ўртада йиллар ва йўллар мисли бир девор жим,
Мен бу ёқда зор жимман, сен у ёкда, ёр, жим.

Ўзгалар дард чекмайин, кўп чекдилар ёлғон фиғон,
Сен эса чекдинг жудоликда фақат озор жим.

Жимлигинг ҳакдир, гулим, ёзғирма мен бийронни кўп,
Севгининг илмин қилурлар, аслида, такрор жим.

Аҳли савдодир бу юрт, ҳеч тинмади шовқин-сурон,
Ҳеч қачон бўлгаймиди, айтгил, ахир, бозор жим.

Ўзгалар отганда харсангтошни минг миннат билан,
Туҳфа қилдинг менга сен, жоним, дури шаҳвор жим.

Жим қолур, юлдузлара ҳолимни жим шарҳ айласам,
Дард ёмон — жимдир табиблар, дард ёмон — бемор жим.

Матназар, бир лаҳзалик ғофилсану кўп сўйладинг,
Нур сочар осмонда офтоб мангуга бедор, жим.

* * *

Дилбарим бирлан юрак бир иттифоқ дардиндадир,
Дилбарим бўлса кеча-кундуз нифоқ дардиндадир.

Талпинар тинмай чароғон кўзларига борлиғим,
Телбавор парвоналардекдир, чироқ дардиндадир.

Не қилиб дард иштиёқи сўнсин, айт, ишқ аҳлидан,
Дарди доим иштиёкда, иштиёқ — дардиндадир.

Кўзларига ғофилимнинг унча қойил қолмадим,
Фарқламай зар бирла мисни, ялтироқ дардиндадир.

Ишқ бу уммон, нечалар киргач ҳовучлаб жонини,
Ғарқ бўлиш ваҳмида зир титраб қироқ дардиндадир.

Осмон янглиғ умр гоҳ сокину, гоҳ ларзада,
Гоҳида мовий сукут, гоҳ қалдироқ дардиндадир.

Матназар, юксакдан учган турналардек бахт қуши
Бўлса ҳам бошимнинг устинда, йироқ дардиндадир.

* * *

Тоғ каби юксалдиму торлар мисоли титрадим,
Шу қадар ожизлигим бор, шу қадардир қудратим.

Ёшларим ёғду сочиб кўксимга тим-тим томдилар,
Гоҳи юлдузларга, гоҳ шабнамга юкди иллатим.

Ям-яшил туйғуларимга сен кетиб тегди хазон,
Қовжираб, япроқ бўлиб бир-бир тўкилди ҳасратим.

Ҳуснингга мағрур бўлиб айтдинг: «Ўзингдан кетма, ёр»
То яшайсан менда, мумкинми ўзимдан ҳижратим.

Чикди ёдингдан нигоҳим, бўлди овозим унут,
Кўзларимни чирт юмиб олдим, товушсиз ўкрадим.

Тақлид этдим қушларим — қардошларимнинг феълига,
Кеча-кундуз нолалар қилдим, саҳарда мудрадим.

Кўкда чақмокдек хаёл сершиддат эрди, Матназар,
Мен уни тўмтоқ қалам бирлан қоғозда судрадим.

* * *

Неча йиллик айриликдан жонларим ёнмоғи бор,
Жизғанак бўлмоқ учун талвасали тўлғонмоғи бор.

Кўзларим очдир менинг ҳам ташнадир жоним ёмон,
Кўз тўйиб жондан бу жон кўзёшима қонмоғи бор.

Гоҳи ой, гоҳи қуёшга ўхшатиблар аҳли ишқ,
Кеча-кундуз бир-бирин авраблар алданмоғи бор.

Дилдаги ҳар бир умид йўлингда сўнмасдан бурун
Милтираб юлдуз каби ун чекмай инграмоғи бор.

Минг йил ухлаб ётган ул тоғлар сари қўйсанг қадам,
Ташрифингдан тебраниб даҳшатли уйғонмоғи бор.

Ҳар балонинг сўнги бордир, дилбарим, бир кун келиб,
Борлиғимнинг борлиғингга телба чирманмоғи бор.

Ёр азоб бергум деди ўлгунча, лекин, Матназар,
Тушмагил таҳликага, алдоқчининг тонмоғи бор.

Атоийга татаббуъ

Менинг жоним! Менга жон вақти етди,
Юракташнангман, уммон вақти етди.

Чекарман додлар шаҳлоларингдан,
Бу золимларга иймон вақти етди.

Қолиб ҳажрингда, бўлдим дашту саҳро,
Буюр ташриф, гулистон вақти етди.

Етиб келди висолинг васли менга,
Фироққа мендан ҳижрон вақти етди.

Юрак синдирди кўксимда қафасни,
Қушингман, менга осмон вақти етди.

Кўзингнинг ёшлари кўксимни эзди,
Баланд тоғларга толқон вақти етди.

Ғаминг келди қилич сермаб бошимга,
Ўзинг бир асра, қалқон вақти етди!..

078

       Taniqli shoir va mutarjim Matnazar Abdulhakim (1948-2010) yurak qo’ri, vijdon amri bilan chinakamiga ijod qildi. Shoirning butun ijodiga xos bu tomoyil uning hali chop etilmagan, lekin do’stlari, adabiyot muxlislari bisotida saqlanayotgan she’rlarida ham bosh mezon bo’lib, ulardagi beg’ubor tuyg’ular ijodkor ma’naviy umrining davomi sifatida qadrlidir. Shoir  qoldirgan ulkan merosning ruhiy olamiga, uning bepoyon va hamon yashnab turgan tabiatiga qadam qo’ya borar ekansiz, bu ulkan bog’ qarshingizda tobora shukuhliroq, tobora rang-barang bir tarzda namoyon bo’la  boradi.

Matnazar ABDULHAKIM
QADIMIY OHANGLAR

045

* * *
Bugun loqaydgina yonimdan o’tdi,
Bu beparvoligi jonimdan o’tdi.

Pushaymon etdimi, qayrildi bir bor,
Misoli bir qoshiq qonimdan o’tdi.

Qorong’u bu ko’ngilga tushdi ko’zlar,
Chaqin chaqnab, zimistonimdan o’tdi.

Uzildilar nurafshon ko’p umidlar,
So’nib yulduzlar osmonimdan o’tdi.

Agar g’amgin ko’rinsam, ayb emasdir,
Bu ayb sarvi xiromonimdan o’tdi.

Ajablanmang qalamning nolasiga,
U tig’danmas, u hijronimdan o’tdi.

El ishqimdan xabarsiz Matnazarman,
G’arib dostoni dostonimdan o’tdi.

* * *

Necha yil bo’ldi-ku, qaddi nihol, ko’zi qaro kelmas.
Biron bir lahza yo’kdir-kim, ko’ngilga mojaro kelmas.

Uning noz birla bitgan so’zlari o’qlarga timsoldir,
Kelar… lekin butun borliqni qilmasdan yaro kelmas.

Meni behuda kutmanglar visol ayshida xushchaqchaq,
Agar to’y bo’lsa bir uyda, unga motamsaro kelmas.

To’kardim yosh, tiniq kulgulari keldi xayolimga,
Biron zulmat topilmas, qa’ridan bir kun ziyo kelmas.

Sog’intirganda insofni unutdi ikki shahlosi,
Agarda dahriy esa odam, xayoliga Xudo kelmas.

Uning loqayd dilidan men muhabbat iltijo etdim,
Agarchi qulf eshikka non tilab hech vaqt gado kelmas.

Demish ul oshig’im ishqimda ming dardga giriftordir,
Qo’ying, do’stlar, tasalloni, uning so’zi xato kelmas.

* * *

Yog’ar yomg’ir… bahorim shodmi yig’lar,
YO gullarni berib barbodmi yig’lar.

To’karmi yosh ko’riO umrimni vayron,
Hayotingni ko’rib obodmi yig’lar.

Firoq bo’lmas ado bu kunlarimga,
Seningsiz har nafas isnodmi yig’lar.

Bu nayson suvlari baxtdan dalilmi,
Topolmasdan va yo isbotmi, yig’lar.

Qoqib qars qaldiroq, chaqnar chaqinlar,
Chekib holimga ko’k faryodmi, yig’lar.

Ko’rinmish tomchilar kipriklaringda,
Urib ko’ksimga tiyg’, jallodmi, yig’lar.

Xalossan xohlasang sen Matnazardan,
U sendan bo’lmayin ozodmi, yig’lar.

* * *

Ketar bo’lding… kerakmas, yor, tasalli,
Firoq endi o’zi g’amxor tasalli.

Tasallisan, yupanding jabr etib lek,
Tasalliga nechun darkor tasalli.

Raqibga xat bitibsan. Hech bo’lurmu
Gar iymon bo’lmasa, tummor tasalli?

Yurakda bir tikan ozori tun-kun,
Agarchi ko’zga ming gulzor tasalli.

Ikovlon bir-birovga daldadirmiz,
Bo’lur bemorga bemor tasalli.

Aziz tut vaslidan yor sochlarini,
Bo’lur hijronda yo’qsa dor tasalli.

Xaroba bo’ldi dil, kel, muhtasham qil,
Bo’lur vayronaga me’mor tasalli.

O’zing tog’ bo’l, suyangil o’z-o’zingga,
Yo’q ersa, Matnazar, bekor tasalli.

* * *

G’arib boshimda girgitton charx urgan falakdirsan,
Gahi oftob, gahi mohtob bo’lib tun-kun halakdirsan.

Seni deb gohi yig’lab, gohi kuldim — hech tafovut yo’q,
Balolardan xabarsanmi, va yo baxtdan darakdirsan.

Gahi oqshomlari istab, sog’indim goh saharlarda,
Ziyo birlanmi yo zulmat bilan, ayt, mushtarikdirsan.

Berib men ko’nglinga ozor, dedim andishasiz so’zlar,
Bir iblisni sevib qolgan ajoyib bir malakdirsan.

Bilolmam bormi darkorim sango bir ozgina, aslo,
Bilib qo’y, qomati shamshod, mango sen ko’p kerakdirsan.

Yaro dilni shirin til birla qattiq aylading achchiq,
Bilolmasman, shakarsanmi, bilolmasman, namakdirsan.

To’kib yosh sen qadam ranjida qidding, lekin atvoring
Bu tosh boshimni yosh boshing bilan ko’p o’ynamakdirsan.

* * *

Sabrsizliklarim toqat bo’lib, bardosh bo’lib chiqdi,
Uqubatlar bari mushtoq ko’zimdan yosh bo’lib chikdi.

O’zimni men xalos aylay dedim o’yu xayolingdan,
Sochingga bir umr fikrim chigal chirmosh bo’lib chiqdi.

Og’ir savdo tushib boshimga mendan tondilar nogoh,
Ular so’ng ko’z ekan bilsam, ular so’ng qosh bo’lib chiqdi.

Bahorda bargni uyg’otgan shamollar, bu ne hikmatkim,
Xazon faslida yaproq to’plagan farrosh bo’lib chiqdi.

Aqiq yanglig’ edi lablar, tishing o’xshar edi durga,
Ular haqda mening aytgan so’zim bir tosh bo’lib chiqdi.

Butun borliq azaldan saqlagan asror eding, jonim,
Meni kutgan bu qutlug’ sir qoshimda fosh bo’lib chiqdi.

Deding; «Osmonda men kimman va yerda sevganim kimdir?»
U hijron ichra ming yulduz bilan sirdosh bo’lib chiqdi.

* * *

Ming azob birlan qishu navro’zu yoz, kuzlar kelur,
Ayriliqning dastidan dardli tashabbuslar kelur.

Osmonimdan, quyoshim, ketdingu rashk etmading,
Har mahal g’uj-g’uj bo’lib, boshimga yulduzlar kelur.

Qahraton xatlar kelur sendan yurakni yaxlatib,
Navbahor Jayxundan oqib sang kelur, muzlar kelur.

Ko’p yomon bir muntazam dardlar chekarman sog’inib,
Bu uqubatga qachon, bilmam, tanaffuslar kelur.

Jildirar suv, tol shivirlar ham gujumlar oh chekar,
Ishqda borliq yodiga turlik talaffuzlar kelur.

Bandi zindon erdi qish faslida ming gul, ming chechak,
Senga peshvoz ochilib, sobiq bu mahbuslar kelur.

Baxt muqaddas saltanatdir, xos emasman unga men,
Ehtimol, bu mulkka bir kun xosu maxsuslar kelur.

Mashrabga tatabbu’

Menga darkordir malak, Majnun uchun Laylo kerak,
Menga darkordir falak, Majnun uchun sahro kerak.

Ta’rif etsam mahvashim kokillari zanjirini,
Yilda uch yuz oltmishu besh zim-ziyo yaldo kerak.

Dardlarimni tinglamakdan tortadir ozor yor,
Nolalar farzandiman men, unga sho’x yallo kerak.

Oshiqning dunyosi ishqdir, bulhavas dunyosi mol,
Unga u dunyo kerakdir, bunga bu dunyo kerak.

Ahli ishq ko’z yoshlari, yor husniga tashbih uchun
Birgina oftob bilan ming-minglagan daryo kerak.

Men-da tayyorman muhabbat yo’lida bermakka jon,
Yetgali bu baxtga yordan birgina iymo kerak.

Boshiga kiydi jahonni bulbuli beandisha,
Go’yo yolg’iz o’ziga ul guli ra’no kerak.

Bizni oshiq, sizni ma’shuqa yaratmishdir Xudo,
Hukm o’qilgan, ikkimizdan endi bir ijro kerak.

Ey ko’ngil, ishqingni aytsang, bo’lg’ay olam ichra fosh,
Bir Xudo, bir ikkimiz fahm etguchi ma’no kerak.

* * *

Umrbod qildingu ovvora, ketding,
Sochi ey tim qaro favvora, ketding.

Bo’lib qoldim alam-anduhga ibrat,
Bo’lib o’rnak jafo-ozora, ketding,

Ki ma’sumlikda, yor, musichadeksan,
Judolik nomli bir shunqora ketding.

Axir har kun botishda kun chiqish bor,
Ketishda bo’lsa, qaytmoq zora, ketding.

Ikov juft porasimiz bir yurakning,
Qolib men pora, oh, sen pora ketding.

Nigorim, yaxshi bor. Bo’lsin yo’ling oq,
Ki yo’qsa endi baxtim qora ketding.

Debon «Qol!» bunda men qoldim-da ketdim,
Ra’yimga bormading-da, bora ketding.

* * *

Faqat senmas, huzurimga butun olam kelur, kelsang,
Ki bo’g’zimga yurakda qotganim-nolam kelur, kelsang.

Unutgandim nedur faryod, unutgandim nedur ko’zyosh,
Solib larza ko’ngil osmonidan jolam kelur, kelsang.

Asadlarda qurib, aqrabda qaqrab zor kutgandim,
Xazon barham topib men vodiyga lolam kelur, kelsang.

Yusufdan ayrilib qolgan g’arib Yaqub misoliman,
Kelur diydamga nur kelsang agar, bolam kelur, kelsang.

Qadam ranjida qilgay tantana g’am ostoniga,
Alamlar xonadoniga esa motam kelur, kelsang.

Xayolimga paripaykar, farishta kelsa, naf yo’qdir,
Bir odam qoshiga, ne baxt-ki, bir odam kelur, kelsang.

O’zidan ketdi ko’nglim, oh, seni izlab yiroqlarga,
O’ziga sen bilan qaytib ul aftodam kelur, kelsang.

* * *

Hayotim bo’ldi sen jononga mahkum
Va sen jonon bilan hijronga mahkum.

Xayolimda yorug’ ruxsoring har dam,
Quyosh bo’lgan kabi osmonga mahkum.

Seni topdim balo-ofatlar ichra,
Bo’lar mardlar mudom maydonga mahkum.

Bilolmam, ne gunohdir bu muhabbat,
Yurakdir bir umr zindonga mahkum.

Giriftormiz umrbod bir-birovga,
Jonim tanga, tanimdir jonga mahkum.

Ajablandik, sen ishkdan, men husndan,
Bir hayron bo’ldi bir hayronga mahkum.

Tutarman ko’z seni hozir kelar deb,
O’tar umrim bo’lib yolg’onga mahkum.

* * *

U kelar jim, serxayol… o’ngimda ro’yo boshlanur,
Qop-qaro tun qa’rida bir zumda Zuhro boshlanur.

Talpinurman lol qolib, hayratda chaqnar ko’zlarim,
Necha yillik tashnaman, qarshimda daryo boshlanur.

Boshlanur noyob bir holat, damda ming mo»jiza kashf,
Sob bo’lur ma’lum bu dunyo, boshqa dunyo boshlanur.

Istagim ming-ming mening, qalqmas tilimga hech biri,
Ko’zlarimdan ko’zlariga ming tavallo boshlanur.

She’rlarim xomush esa, ruhimga tashlanglar nigoh,
Odam o’g’li hech yozib bilmas bir insho boshlanur.

Oqil ey hamrohlarim, kirmoqdaman Qays qavmiga,
Ortga qayting endi siz, bu yoqda sahro boshlanur.

Ishq-muhabbat bo’ldi ayb, hijron jazosin tortaman,
Xayr deb yor hukm etar, shafqatsiz ijro boshlanur.

* * *

Bizga yetkazgan azobidan farog’atlandilar,
Bu azobdan ko’nglimiz qattiq jarohatlandilar.

Nomamizda nomini yozganda qildik zarnigor,
Nomasida nomimiz bizning qaro xatlandilar.

Qalbini zabt etgali qildik muhabbatni qurol,
Qarshimizga qahrini aylab yarog’, otlandilar.

Ishqi yo’qlar, bilmadik, dunyoga keldilar nechun,
Na azob chekdi ular yoki na rohatlandilar?

Sha’nimizga tuhmat aytib betinim ahli fasod,
O’zlariga orttirib kulfat, qabohatlandilar.

Ketdilar aylab xiyonat bizga oromu surur,
Iztirob-anduhga tahsin, ko’p sadoqatlandilar.

Sarvinoz bo’y torttilar deb hech quvonmang, ey ko’ngil,
Mehri topmasdan kamol, jabri balog’atlandilar.

* * *

Mening Layliyu Shirin o’rnida sen sarvinozim yo’q,
Na Farhodga, na Majnunga, iloj qancha, qiyosim yo’q.

Sen har bir iltifot etgan ko’ngil osmonda lochindir,
Qolib chetda nigohingdan, mening bu imtiyozim yo’q.

Ko’zimdan ko’nglima botdi umiddar sen ketib qolgach,
Quyosh yanglig’ lovullashga tuganmas ehtirosim yo’q.

Sen aytgan ta’nalarga tog’ chidar, toshlar berar bardosh,
Mening bo’lsa vujudim tog’ emas, toshdan libosim yo’q.

Qayon ketmak kerak sensiz, bilolmasman sira, lekin —
Ming ildiz otganim bu elda bir lahza turosim yo’q.

Seni sevdim va sensiz men chaqinman, nuri yo’q zarra,
Seni sevdim va sensiz qaldiroqman, guldurosim yo’q.

Unutding nogohon sen Matnazarni, bu azobingga
Seni yod aylamakdin o’zga hech bir e’tirozim yo’q.

* * *

Sirlashib g’ijjagu setor endi,
Sen bilan men kabi bedor endi.

Mayliga. Aylama rad. Nolada nay.
O’rtanib ishqiga iqror endi.

Tinmayin mushtlab o’zin, rashkini,
Jang qilib, chang qilar izhor endi.

Aqlidan ozdi qiqirlao qayroq,
Na iloj, toshga temir yor endi.

Bag’rini tongga qadar tirnaydi
Ingray-ingray, oh, qarang, tor endi.

Tortdi dil pardasini doiraga,
Ahli ishq o’tda jarangdor endi.

Matnazar qalbini bir sharhla sen ham,
Qalamim, bo’lma ko’p abgor endi.

* * *

O’t chaqnadi nogahon yurakda,
Nurlandi butun jahon yurakda.

Zangor ko’zing charaq-charaqlab
Bo’ldi-ku, nishon-nishon yurakda.

Yurakmi yo samoda bu kun
Vayokim osmon yurakda.

Yurakda bo’l hamisha, jonim,
Bo’lg’usi hamisha jon yurakda.

Mehring bo’ladirmi fosh, dili tosh,
Nihon, axir, fig’on yurakda.

Zohirda ko’rindi Matnazar tinch,
Har lahza ming imtihon yurakda.

* * *

Ming tikan o’qtaldi birgina bo’ston havasi,
Har tikan neshida ming jabru sitam, qon havasi.

Bir sanam soldi mango makru muhabbat kishanin,
Hajrida vasl havasi, vaslida hijron havasi.

Jon berib do’st deb edim men, ne qilay, bo’ldi axir,
Men bilan do’stligining boisi bir non havasi.

Qurigay qancha tiniq, pok esa-da, jilg’a agar
Uning har qatrasida bo’lmasa ummon havasi.

Baxt erur qilsa agar yov qo’li bo’g’zingni havas,
Shart shuki, bo’lsa faqat hasratu armon havasi.

Urmagay mehvarida yer falak hukmi bila charx,
Uni aylantiradi, aslida, inson havasi.

Matnazar, surma xayol orzu havas hakda bugun,
Yo’q-ku egningda qanot, ayt, bu ne osmon havasi.

* * *

Qimtinib qumri kabi yor keldi,
Bu saodatga yurak tor keldi.

Chidadim senga nigor kelgunicha,
Endi sen, g’am, ketaver, bor, keldi.

Bilmadim, xasta huzuriga tabib,
YO tabib qoshiga bemor keldi.

Garchi yemirilgan edim hajrida
Muhtashamman yana, me’mor keldi.

Ko’z charos, lola yanoq, qomat sarv,
Bizni deb bog’ ila gulzor keldi.

Mehri yo’q, sevgisi yo’q, dardsizlar,
Barchasi dunyoga bekor keldi.

O’zni hijron necha tasdiqlamasin,
Matnazar qilgali inkor keldi.

* * *

Lovillar lolalar tog’lar tarafda bir fasl, jonim,
Xazon umri muhabbatdan bahordir muttasil, jonim.

Bo’lib tutqun qutulgim yo’q, muqaddas bir qafasdir ishq,
Xalos bo’lmoqni xohlarmi ko’ngilli hech asir, jonim.

Seni sevgach men o’z qalbimga ham bir e’tiqod qo’ydim,
Bilingay o’tda oltin soxtami yoki asl, jonim.

So’zingdan g’am, ko’zingdan nur umrbod yodgor qoldi,
Tikanlardan tikan, guldan qolur gullar nasl, jonim.

Bahor o’xshar, quyosh o’xshar, chaman o’xshar jamolingga,
Firoq ichra shirin borliq qilar achchiq hazil, jonim.

Chekib ozorlar, torlarga jo qildim navolarni,
Yuraklardan qo’shiq elchi, falaklardan — rasul, jonim.

Bugun garchi firoq taqdir, judolik bo’lsa ham qismat,
Yurakda orzu — diydor, umidimdir — vasl, jonim.

* * *

Sening madhingga mashg’ul xohi nosir, xohi nozimdir,
Men ham sharh aylamog’im bu ko’ngilni senga lozimdir.

Meni chorlab edi, borsam ketibdi sevgi qalbingdan,
O’zi taklif qilib qochgan ajib mehmonnavozimdir.

Sukunatga quloq tut, bu jaranglab iltifotingdan,
Keyin jabring tufayli nogahon so’ngan ovozimdir.

Bo’lib saf-saf ko’ngil so’rg’ay daraxtlar bir o’zim o’tsam,
Hayotsan-ku, axir, jonim, bu ne yanglig’ marosimdir.

Ko’ngil uzmakka qo’ymasdan charaqlar ko’zlaring tinmay,
Umidim bog’ida ungan uzilmas juft charosimdir.

Ko’ngil bir saltanatdir, sen agar loqayd bo’lib qolsang,
Tanazzul bundan ortiq bo’lmag’ay, bu inqirozimdir.

Bilib qo’y, Matnazar aytgan qo’shikdan hech boshing chiqmas,
Bu oz mehring uchun sendan olib tinmas qasosimdir.

* * *

Bilmading… senga yomon zor bo’ldim,
Bir bu jonimga ming ozor bo’ldim.

Ko’zlarimda bir umr bo’lding yosh,
Kiprigingda lahza men qor bo’ldim.

Men necha bor dedimu, bo’lding yo’q,
Sen necha yo’q dedingu, bor bo’ldim.

Ayriliq — bu ne g’arib yuksaklik,
Ham aziz bo’ldimu, ham xor bo’ldim.

Sen sabab sevgi degan kulfatdan,
Ne saodatki, xabardor bo’ldim.

Qil sabr, so’nggi nafas uzgayman,
Senga men jon ila qarzdor bo’ldim.

* * *

Bezdim achchiq so’zidan, endi yurak bol istar,
Buni aytganda tilim bo’lmog’in u lol istar.

Ko’rmasa bizni alanglar emish-u har yonga,
Bo’lmasa qoshida, qurbonini qattol istar.

Ishq bozori tangu tor mehr ahli uchun,
Nechalar, kamdek o’zi, o’rtada dallol istar.

Yor diydori umidimdiru bir umidga
Ahli she’r necha tuman tashbihu timsol istar.

So’zlasin husnini toru bo’zlasin vasfini nay,
Zor ko’ngil boshqa na baxt, boshqa na bir fol istar.

Qilma pesh aqlu hushing, qo’y meni o’z holimga,
Ishq aro har kishi, bil, o’zgacha bir fol istar.

Necha kun g’uncha ochilmog’iga mushtoq bulbul,
Matnazar toqati toq, vasilni darhol istar.

* * *

Ko’nglim… charchading — tolding… safo qilsang bo’lmasmi,
O’z joningga o’zing kam vafo qilsang bo’lmasmi.

Muhtasham bir manzil deb vayron bo’lib turibsan,
O’zingga sen o’zingni ma’vo qilsang bo’lmasmi.

Tarozu bo’lsang boshing toshdan chiqmaydi aslo,
O’lchovsiz bir umrni ravo qilsang bo’lmasmi.

Itlar suyak, nodonlar obro’ talashgay doim,
Xokisorlik taxtini da’vo qilsang bo’lmasmi.

Qo’rqinchli suldoringga tor kelganda samolar,
Yomon qattiq qichqirib navo qilsang bo’lmasmi.

Nasib etsin hamisha har kimga o’z-o’zligi
Ming dardga bir davo shu, davo qilsang bo’lmasmi.

* * *

Muhabbat bir g’ariblikdir, muhabbat bir viqor har kun,
Yurakda barqarordir ham azob, ham iftixor har kun.

Firoq maskanlarida senga timsol qancha majnuntol
Qarab suvga tarab sochin, yo’limga intizor har kun.

Umr bo’yi aziz noming mening qalbimda pinhondir,
Rasmdir ahli dard ko’ksinda bo’lmoqlik tumor har kun.

Agarchi yilda bir kelding, bu diydorga sharaf bo’lsin,
Bahorga o’xshading-qo’yding, kelib turmas bahor har kun.

Raqib ishqingda o’ldim der, ishonma, chunki o’rgimchak
Tirik qolmoq uchun qurgay o’ziga-o’zi dor har kun.

G’azallar elchidir sendan, ularni nobud etmasman,
Xayolda Ko’hna Urganchu, xayolda O’tror har kun.

Ko’ngil oq bo’lsa ham qat-qat alamdan dilsiyoh bo’ldim,
Shu bois Matnazar, topgay bu daftar e’tibor har kun.

* * *

Bo’lib qaddi niholga mubtalo do’st,
Bu bir boshimga ortti ming balo do’st.

Nafas olsam qaro sochi muattar,
Bular rayhon bilan bodi sabo do’st.

Umidim bir ajoyib tor — uzilmas,
Agar bilsang, shu bois bir navo do’st.

Visol do’st bo’lmasin nevchun yurakka,
Mudom malham bilan, oxir yaro do’st.

O’zi bo’ldi ko’zim oqu qarosi,
Bo’larkan oq bilan, tavba, qaro do’st.

Sitam aylar sanam goh, gohi shafqat,
Gohi shayton do’stdir, goh xudo do’st.

Qo’shiqlar ketdi tashlab Matnazarni,
Qochar, tor birla bo’lmas hech sado do’st.

* * *
Bo’lgan yanglig’ bahor kelganda bog’im yam-yashil,
Tashlasang sen qayga ko’z bo’lsin, ilohim, yam-yashil.

Sog’inib xo’rsinganimda chayqalur rayhonlarim,
Yoki bu tong yelimi, yo bo’ldi ohim yam-yashil.

Yam-yashil o’ylar surib yonmokdaman sen hakda, yor,
Loladan bil — shohidim alvon, guvohim yam-yashil.

Yam-yashil bog’larni kezdim, hech gumonim so’lmadi,
Yam-yashildir, bil, savobim, bil gunohim yam-yashil.

Bog’man tekkan xazon, ey navnihol, bag’rimga kel,
Za’faron bo’lsam-da, men, bo’lsin quchog’im — yashil.

Tush ko’rarman gohida, Jayxunmanu ko’pmish suvim,
Talpinarmishman sango — ikki qirog’im yam-yashil.

Matnazar, bu bog’ mening, har bargida bor ming hayot,
Ishq bir oftob, urmagay, chunki panohim yam-yashil.

* * *

Ayladim har lahza vaslingni gulira’no, umid
Ishq — muqaddas saltanat, bo’lmoq gunohdir noumid.

Ishq umiddir, baxt umid, chun sen umidsan, dilbarim,
Ko’r, nechog’lik davlatim ko’p, menda bir dunyo umid.

Bo’ldingu qalbimga hamroh, ko’p o’limdan saqlading,
Ne qilib qarzimni men sendan uzarman, o, umid.

Tut meni ma’zur, sig’ib haddim, umid etdim seni,
Qilgani yanglig’ chamanlar vaslini sahro umid.

Sen firoq ichra xayolimni umid qildingmi, yor,
Chaqnamoqqa tunni aylar har mahal Zuhro umid.

Ikki dil bor bo’lmasa, shaksiz muqarrardir firoq,
Qutqarolmas bu balodan, bil, seni hatto umid.

Toki mavjudsan hayotda, bil, umid ham barqaror,
Barqarorsan, Matnazar, bordir hayotdan to umid.

* * *

Qilar gohi yurakni qon tartib,
O’zi shohu, o’zi zindon tartib.

G’azab qilding ketar chog’ingda, mahvash,
Chiqar vaqtinda qilmas jon tartib.

Mudom tartibni o’rgangil jahondin,
G’alayon oshkor, pinhon tartib.

Qilur vayronalarni gohi obod,
Goh obodni qilur vayron tartib.

Qurib-qaqrab qolar erdi muqarrar,
Agar bilsa edi ummon tartib.

Muhabbatda nechun orom olay men,
Misoli o’t va suv jonon, tartib.

Buzib yoz, Matnazar, sen intizomni,
Berar bo’lsang agar devon tartib.

* * *

Kuylasam, ko’nglimda soz, chalsam qo’limda tor yo’q,
Dilda mehrim bir jahon, iqror bor, izhor yo’q.

Muhtasham bir qal’adir ko’nglim, netay, bo’lmish xarob,
Tarxini bilguvchi ta’mir etgali me’mor yo’q.

O’zgalar poyiga soch mehringni hech tutmay darig’,
Qilma minnat hech qachon, bil, bunda minnatdor yo’q.

Ishqi yo’qlar mulki, aytgil, bo’lmasin nevchun talon,
Bor bir o’g’ri har qadamda, bitta ham bedor yo’q.

Dard chekib ruxsori gullar o’z-o’ziga qo’ydi o’t,
Ishq aro ko’pdir azob, otash aro ozor yo’q.

Yo’q azob ko’z-ko’zlanur payt bor azobing tut nihon
Istagancha kibr-havo bordir bularda, or yo’q.

Bormi-yo’q ishq baxti deb sen boru yo’q mehringni ber,
Matnazar, qo’y. Tole boqma, ochma fol deb «Bor, yo’q…»

* * *

Garchi oshiqlar adadsiz, garchi ma’shuq soni ko’p,
Ikkimizning oldimizda, bil, barchasin nuqsoni ko’p.

Bebaho ko’zyoshlaringni durga qilmishlar qiyos,
Yaxshilarning yaxshilarga bunchalar bo’htoni ko’p.

Men qoshingdan gar yo’l olsam har qadamdir — bir firoq.
Erkparast bu saltanatning bunchalar zindoni ko’p.

Shoh qilib qo’ymish aqlni boshima taqdir nechun,
Bir itoat yo’q, agarchi amri ko’p, farmoni ko’p.

Bepoyon sahro kabi ruhimga sen qo’ysang qadam,
Ohularga tegmagil, bo’l ehtiyot, arsloni ko’p.

Ko’p g’ururlanma jamolingga charaqlab, ey quyosh,
Husni boqiy bu falakning sen kabi mehmoni ko’p.

Matnazar, hasratga chek qo’y, dardlaring ko’z-ko’zlama,
Ishq-muhabbat mulkining, bil, sensiz ham armoni ko’p.

* * *

Elim ichra musofirman, xayoling yor, vatan bo’lsin,
Hayot nurim, quyosh mehring taratgan shu’ladan bo’lsin.

Bu qanday iltifotdirkim, keling deb to’rga o’tqazding,
Parilarning yeri sen kirgan uylarda adan bo’lsin.

Bu olamda agar ruh bo’lsa, bo’lsin sen kabi toza,
Bu olamda vujud bo’lsa, seningdek gulbadan bo’lsin.

Nigohing o’tida yonmoqqa mushtoqdir qasrlar ko’p,
Olov qo’ysang biroq olamga bizning kulbadan bo’lsin.

Agarchi shoh emasman, ey malikam, bir murodim bor,
Kanizing ming Diloromu, quling ming Ahraman bo’lsin.

Hasad ahli alam ichra ko’rolmasdan kamolingni,
Tikan otsa — chaman, irg’itsa tosh — durri yaman bo’lsin.

Saodatdan bo’lak qismat bo’lib taqiq zamini uzra,
Muhabbatdan bo’lak his, Matnazar, manguga man bo’lsin.

* * *

Aziz bo’ldi mening-chun jon qadar tong,
Bo’lib hayron o’ziga, dong qotar tong.

Sen endi uyg’otishni tongdan o’rgan,
Sochib nur, asta-asta uyg’onar tong.

Qorong’u kechalar yorimga mengzar,
O’zi noz uyquda uxlab yotar tong.

Shivirlarman yorug’ bir sir samoga,
Uni hech saqlamasdan tarqatar tong.

Nafi yo’kdir diling zulmatda bo’lsa,
Sabo — qo’rquv, sahar — xavfdir, xatar — tong.

Saodatni umid etgan mahalda
Nasib gar bo’lmasa, qattiq botar tong.

Firoq oqshomi dard yanglig’ uzaydi,
Sabr qil, Matnazar, hozir otar tong.

* * *

O’rtada yillar va yo’llar misli bir devor jim,
Men bu yoqda zor jimman, sen u yokda, yor, jim.

O’zgalar dard chekmayin, ko’p chekdilar yolg’on fig’on,
Sen esa chekding judolikda faqat ozor jim.

Jimliging hakdir, gulim, yozg’irma men biyronni ko’p,
Sevgining ilmin qilurlar, aslida, takror jim.

Ahli savdodir bu yurt, hech tinmadi shovqin-suron,
Hech qachon bo’lgaymidi, aytgil, axir, bozor jim.

O’zgalar otganda xarsangtoshni ming minnat bilan,
Tuhfa qilding menga sen, jonim, duri shahvor jim.

Jim qolur, yulduzlara holimni jim sharh aylasam,
Dard yomon — jimdir tabiblar, dard yomon — bemor jim.

Matnazar, bir lahzalik g’ofilsanu ko’p so’ylading,
Nur sochar osmonda oftob manguga bedor, jim.

* * *

Dilbarim birlan yurak bir ittifoq dardindadir,
Dilbarim bo’lsa kecha-kunduz nifoq dardindadir.

Talpinar tinmay charog’on ko’zlariga borlig’im,
Telbavor parvonalardekdir, chiroq dardindadir.

Ne qilib dard ishtiyoqi so’nsin, ayt, ishq ahlidan,
Dardi doim ishtiyokda, ishtiyoq — dardindadir.

Ko’zlariga g’ofilimning uncha qoyil qolmadim,
Farqlamay zar birla misni, yaltiroq dardindadir.

Ishq bu ummon, nechalar kirgach hovuchlab jonini,
G’arq bo’lish vahmida zir titrab qiroq dardindadir.

Osmon yanglig’ umr goh sokinu, goh larzada,
Gohida moviy sukut, goh qaldiroq dardindadir.

Matnazar, yuksakdan uchgan turnalardek baxt qushi
Bo’lsa ham boshimning ustinda, yiroq dardindadir.

* * *

Tog’ kabi yuksaldimu torlar misoli titradim,
Shu qadar ojizligim bor, shu qadardir qudratim.

Yoshlarim yog’du sochib ko’ksimga tim-tim tomdilar,
Gohi yulduzlarga, goh shabnamga yukdi illatim.

Yam-yashil tuyg’ularimga sen ketib tegdi xazon,
Qovjirab, yaproq bo’lib bir-bir to’kildi hasratim.

Husningga mag’rur bo’lib aytding: «O’zingdan ketma, yor»
To yashaysan menda, mumkinmi o’zimdan hijratim.

Chikdi yodingdan nigohim, bo’ldi ovozim unut,
Ko’zlarimni chirt yumib oldim, tovushsiz o’kradim.

Taqlid etdim qushlarim — qardoshlarimning fe’liga,
Kecha-kunduz nolalar qildim, saharda mudradim.

Ko’kda chaqmokdek xayol sershiddat erdi, Matnazar,
Men uni to’mtoq qalam birlan qog’ozda sudradim.

* * *

Necha yillik ayrilikdan jonlarim yonmog’i bor,
Jizg’anak bo’lmoq uchun talvasali to’lg’onmog’i bor.

Ko’zlarim ochdir mening ham tashnadir jonim yomon,
Ko’z to’yib jondan bu jon ko’zyoshima qonmog’i bor.

Gohi oy, gohi quyoshga o’xshatiblar ahli ishq,
Kecha-kunduz bir-birin avrablar aldanmog’i bor.

Dildagi har bir umid yo’lingda so’nmasdan burun
Miltirab yulduz kabi un chekmay ingramog’i bor.

Ming yil uxlab yotgan ul tog’lar sari qo’ysang qadam,
Tashrifingdan tebranib dahshatli uyg’onmog’i bor.

Har baloning so’ngi bordir, dilbarim, bir kun kelib,
Borlig’imning borlig’ingga telba chirmanmog’i bor.

Yor azob bergum dedi o’lguncha, lekin, Matnazar,
Tushmagil tahlikaga, aldoqchining tonmog’i bor.

Atoiyga tatabbu’

Mening jonim! Menga jon vaqti yetdi,
Yuraktashnangman, ummon vaqti yetdi.

Chekarman dodlar shahlolaringdan,
Bu zolimlarga iymon vaqti yetdi.

Qolib hajringda, bo’ldim dashtu sahro,
Buyur tashrif, guliston vaqti yetdi.

Yetib keldi visoling vasli menga,
Firoqqa mendan hijron vaqti yetdi.

Yurak sindirdi ko’ksimda qafasni,
Qushingman, menga osmon vaqti yetdi.

Ko’zingning yoshlari ko’ksimni ezdi,
Baland tog’larga tolqon vaqti yetdi.

G’aming keldi qilich sermab boshimga,
O’zing bir asra, qalqon vaqti yetdi!..

078

(Tashriflar: umumiy 550, bugungi 1)

Izoh qoldiring