Abduqodir Hayitmetov. Nodir lahzalar.

0188
Ғафур Ғуломнинг сўнгги давр ижодидан менинг энг севиб ўқиганим, қайта-қайта ўқиганим “Менинг ўғригина болам” ҳикояси десам, хато бўлмайди. Унда инсонгарчилик ғояси шароит тақозоси билан ўғирлик йўлига кирган йигит ва раҳмдил уй эгаси тимсоллари соф ўзбекона тушунча ҳамда услуб орқали яхши тасвирлаб берилган.
Мен бу ҳикояни газетада босилиб чиққан куни кечроқ — уйқуга ётиш олдидан ўқиганман. Ўқиб бўлгач, ҳаяжоним ичимга сиғмай, ухлашга ҳозирлик кўраётган барча оила аъзоларимизни тўплаб, уни ўзим ўқиб берган эдим.

011

Абдуқодир Ҳайитметов
НОДИР ЛАҲЗАЛАР

Менинг улуғ шоир ва аллома Ғафур Ғулом билан танишлигим талабалик йилларимдан бошланган. Ҳусанжон исмли жиян биз билан ҳозирги Миллий университетнинг Шарқ факултетида ўқир эди. Қолаверса, кеннойимиз — Муҳаррам опанинг Қўқоннинг ойим туғилган ва яшаган Дегрезлик маҳалласидан эканликлари ҳам катта аҳамиятга эга бўлди. Бу оилада мени ҳамиша ўз ўғлидек кутиб олишарди.
Шу билан бирга, Ғафур ака то вафотларига қадар Ўзбекистон Фанлар академиясининг машҳур Тил ва адабиёт институтида бўлим бошлиғи, катта илмий ходим вазифаларида хизмат қилганлар. Мен бу даргоҳда 1953 йилдан фаолият кўрсата бошлаганман. У кишининг институтга ҳар бир келиши, хусусан, биз ёшлар учун байрамдек бўлар эди.
У киши бирон мавзуда маъруза қилмоқчи ёки мақола ёзмоқчи бўлсалар, мен кўпинча дастёрлик вазифасини бажарар, адабиётлар ўқиб берар, баъзан котиблик ҳам қилар эдим. Бу улкан ижодкор ва ажойиб инсон билан яқин мулоқотда бўлган кунларимни ҳаётимнинг энг қизиқарли ва мазмунли чоғлари, деб ҳисоблайман.

ҲОФИЗНИНГ КЎЧИШИ

Ғафур Ғулом Эски тошкентлик бўлиб, шаҳарнинг миридан сиригача билар, машҳур Мулла Тўйчи ҳофизга яқин жойда яшар экан. Кунларнинг бирида ҳофиз ўша атрофдаги бир ҳовлига кўчадиган бўлиб қолган. Охирги ашёларни кўтариб, кўп йил туз тотган манзилни тарк этиш кечқурунга — қоронғи тушган пайтга тўғри келган. Ҳамма унга ёрдам беришга ошиққан Ғафур ака ҳам шу маросимда иштирок этган. Кимнингдир қўлида челак ёки тоғора, кимнинг орқасида кўрпа-тўшак, яна кимдир коса, товоқ кўтарган ҳолда янги манзилга боришар экан. Ғафур акага ҳофизнинг ёнида ёқилган фонусни кўтариб, ҳар замонда унинг пилигини тозалаб туриш ва йўлни ёритиб бориш вазифаси топширилган. Улар кўчани тўлдириб, секин-аста илгарилаб боришар экан, бир нарса Ғафур акани жуда ажаблантирган ва ғашини келтирган. Ҳофизни таниган, билган одамлар ниҳоятда кўп бўлиб, улар ҳаммаси кўпинча қўл бериб кўришишга ҳаракат қилишаркан. Ким билан кўришмасин, Тўйчи ҳофиз олдин салом берган. Синчковлик билан ҳаммани кузатиб бораётган Ғафур аканинг бунга бироз ғаши келибди ва унга:
— Тўйчи ака, ўзингиз жуда яхши одамсиз-ку, лекин беҳад сермулозаматсиз-да. Ким билан кўришманг, олдин сиз салом бераяпсиз. Бошқаларнинг саломини ҳам олиб туринг-да! — деган. Бунга эса ҳофиз:
— Ука, шу маҳаллада ўсиб катта бўлганман. Ким биландир уришганман, ким биландир талашганман. Бирортаси нимадандир ранжиб: — “Ўзимиз билан чиллак ўйнаб, муштлашиб, тишлашиб юрган Тўйчивой энди осмонга қараб, ҳеч кимни танимай қўйибдими?! — демасин, дейман-да!” — деган экан кулиб.
— Қоронғида баъзиларини эса танимаяпман!

АДИБ ВА “ИЛОҲИЙ КОМЕДИЯ”

40-йилларнинг охирларида қаердадир ва кимдандир Ғафур Ғулом Дантенинг “Илоҳий комедия” номли асарини таржима қила бошлабди, — деган гапни эшитдим. Орадан бироз вақт ўтиб, Ғафур аканинг уйларида бўлганимда, ўзларига шу гапни айтдим. У киши:
— Дунёда шунақа гаплар ҳам йўқ эмас! — дедилар.
Бу буюк асарни рус тилида тўла ўқиганим ва у менда катта таассурот қолдиргани учун, бу масалага яна қизиқишим ортиб:
— Қилган таржималарингиз билан озгина бўлса ҳам танишсам бўладими? — дедим.
Маълумки, бу асар ғоят мураккаб шаклда ёзилган бўлиб, Ғафур ака унинг ўзига хос шеърий хусусиятларини таржимада қандай бердилар экан? — деган андишалар ҳам менда йўқ эмас эди.
У киши эса жиддийлашиб:
— Мен ўлганимдан кейин, ёстиғимнинг тагида ҳам бирор нарса қолиши керакми ёки ҳаммасини еб-ичиб, тамом қуритиб кетишим керакми? — дедилар.
Мен жим бўлдим. У киши билан бу тўғрида бошқа гаплашмаганман.

“МЕНИНГ ЎҒРИГИНА БОЛАМ”

Ғафур Ғуломнинг сўнгги давр ижодидан менинг энг севиб ўқиганим, қайта-қайта ўқиганим “Менинг ўғригина болам” ҳикояси десам, хато бўлмайди. Унда инсонгарчилик ғояси шароит тақозоси билан ўғирлик йўлига кирган йигит ва раҳмдил уй эгаси тимсоллари соф ўзбекона тушунча ҳамда услуб орқали яхши тасвирлаб берилган.
Мен бу ҳикояни газетада босилиб чиққан куни кечроқ — уйқуга ётиш олдидан ўқиганман. Ўқиб бўлгач, ҳаяжоним ичимга сиғмай, ухлашга ҳозирлик кўраётган барча оила аъзоларимизни тўплаб, уни ўзим ўқиб берган эдим.
Эртасига институтга борар эканман, Ғафур аканинг қадим ўртоқларидан бири, устозимиз Порсо Шамсиевни кўриб қолдим. У кишига ҳам Ғафур Ғулом ажойиб янги ҳикоя ёзганини айтиб:
— Иложи бўлса, у кишини бугун кечқурун табриклаб келсам ёмон бўлмас эди, — дедим.
Домла фикримни маъқулладилар. Иш вақтининг охирига яқин Ғафур аканинг уйига сим қоқиб, унинг уйда бор-йўқлигини суриштирганлар. Оила аъзоларидан кимдир Ғафур Ғуломнинг уйда йўқлигини, бир ёққа чиқиб кетганини айтган. Домла менга:
— Ўзи борида борсак яхши бўлар! — дедилар.
Мен:
— Бораверайлик! Айланиб, келиб қолиши мумкин, — дедим.
Домла кўнмадилар.
Эртасига пешинга яқин институтга борсам, Ғафур Ғулом келиб кетганини айтишди. Ғафур ака Порсохон домлага катта даъво ва норозилик билан шундай дебдилар:
— Кеча телефон қилибсан: — “Бораман!”, деб. Абдуқодир ҳам бормоқчи, дебсан. Бозорда бир қадоқ гўшт фалон пул! Бир қадоқ ёғ фалон сўм. Гуручни ҳам биров текинга бермайди. Сенларни келади, деб, Муҳаррамхон қозонни тўлдириб ош қилди. Келиб қоларканлар, деб бир соатдан ортиқ кутиб ўтирдим. Келмадилар-ку! Нима гап?
Порсохон домла, албатта, қаттиқ хижолат тортганлар. Лекин нима дейсиз — ҳаётда бир томонда хурсандчилик бўлса, иккинчи томонда, англашилмовчиликлар ҳам юз бериб турар экан-да!

“ЎҒИЛМИСАН ЎҒИЛЛАР”

Баҳор. Дам олиш куни. Ғафур ака рўзғорга у-бу олиш учун Бешёғоч бозорига чиқар экан, дарвоза олдида эски танишлари — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Яшин билан файласуф олим Воҳид Зоҳидовни кўриб қолган. Улар нималарнидир муҳокама қилиб туришган бўлади. Ғафур ака бориб, улар билан кўришади-да, икковларини бозорни айланишга таклиф қилади. Улар ҳам рози бўлишади.
Бозор обод. Янги қулупнай пишган. Редиска дейсизми, кўк пиёз, саримсоқ пиёз дейсизми, бозор пештахталарини босиб кетган. Далалардаги сомсабоп ўтларни териб келиб, кўклар орасида сотиш янги расм бўлган вақт.
Ғафур ака бозор қилиш, оладиган нарсасининг нархини талашишни яхши кўрадиган одам эдилар. Буни мен Эски шаҳар бозорида нок, анор олганларида ҳам кўрган эдим. Ҳадемай Ғафур аканинг қўлидаги икки халта тўлгач, яна нима олсам экан, деб тўхтаб турганларида, олдиларидан машҳур мусиқашунос, академик, хонанда Юнус Ражабий чиқиб қолган. У аввал Ғафур ака, сўнг бошқалар билан кўришар экан, Ғафур ака ёнидаги ёш йигитлардек кулиб турган икки ҳамроҳини унга қўли билан кўрсатиб деган:
— Мана, Юнус ака, мен ҳам маданиятли ота бўлиб, иккала ўғлимни томоша қилдириб юрибман, — уларга нима олиб берсам экан, деб.
Унинг бу гапига аскияни жонидан ортиқ кўрадиган Юнус ака роса кулган. Негаки, бу иккала “ўғиллари”нинг бўйи ҳам Ғафур аканинг лоақал елкасигача ҳам келмас эди-да.
Кулишиб-кулишиб, сўнг улар, тўртовлон тўкис бўлиб, Ғафур аканикига йўл олишган.

ДЎСТНИНГ ЖАРЧИСИ

Бир йили Ғафур Ғулом Тожикистонга бориб, Душанбеда катта бир мажлисда иштирок этган. Ўша вақтда хусусан зиёлилар орасида халқларнинг ҳамжиҳатлилигига путур етказувчи майда гаплар пайдо бўлган эди. Бир умр ўз ижодини халқларнинг бир-бири билан тинч ва тотувликда яшаши кераклигини куйлашга бағишлаган шоир бу анжуманда нима ҳақида гапириш керак эди? Албатта, у минбарга кўтарилиб, ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги азалий яқинлик, шу йўл билан улар янги дарёлар яратгани, янги шаҳарлар бино қилгани, урф ва одатлардаги, тилдаги ўхшашликлар тўғрисида тўлқинланиб сўзлаган.

Шу вақт атрофга қараса, унга яқин жойда ўзининг энг қадрдон дўстларидан шоир Мирзо Турсунзода, таниқли адиб Улуғзода, фирқавий раҳбар Ўлжабоев ҳам ўтиришибди. Ғафур Ғулом шу пайт Мирзо Турсунзодага мурожаат қилиб:
— Қани, Мирзо, сенинг отангнинг исми нима? “Турсун”ми? “Турсун” ўзбекча сўзми ёки тожикчами? — деган.
Шундай саволни Улуғзодага ҳам берган. Сўнг бу саволларга ўзи жавоб бериб:
— Бу соф ўзбекча сўзлар ва ўзбекча исмлардир. “Ўлжабой” дегани ҳам. Шунга кўра, мен сизлар билан туғишган ака-укалардек қадрдонман! — десам, бунинг нимаси ёмон?! Нимаси нотўғри?! — деган.
Ҳамма бир нафас бир-бирига қараб, гапнинг маъносини чаққач, бутун мажлис аҳли бирдан қарсак чалиб юборган. У гапини тугатганда ҳам чапак билан бир неча муддат минбарда ушлаб туришган. Муборак исмлари тилга олинган дўстлари эса, уни яхши нутқи учун қўл бериб, чин дилдан табриклашган.

ЙЎЛДАГИ КЎНГИЛСИЗЛИК

Бир йили Ғафур Ғулом бир гуруҳ ёзувчи ва танқидчилар билан Қозоғистонда ўтадиган ўзбек адабиёти кунларига боришган. Қайтишда йўлларни томоша қилиб кетамиз, деб, Ғафур аканинг гапи билан 3-4 киши мошинада қайтишган. Қозоқ биродарлари биздан борган ҳамкасб дўстларини яхши меҳмон қилиб, совға-саломлар билан кузатиб қўйишган. Йўл бўйи улар чақчақлашиб, шеърхонлик қилишган, хоҳлаган ерда тўхташган. Кабобхўрлик ҳам бўлган, қимизхўрлик ва қимронхўрлик ҳам.
Бу шўхликларнинг барчасида Ғафур Ғулом бош дирижерлик вазифасини бажарган. Орқа қаторда ўтирган машҳур танқидчимиз Иззат Султон ҳам яйраган. Қозоқларнинг ўзбек оғалари, ўзбекларнинг қозоқ оғайнилари тўғрисидаги ичакузилди аския ва латифалари ҳам беармон айтилган. Кимдир аския йўлидан чиқса ёки ёмонроқ, тишга тегадиганроқ латифа айтса, бошқаси:
— Ҳой, орамизда танқидчи ҳам ўтирганини унутма! — деб, Иззат Султонга ишора қилиб қўйишган.
Бир манзилга келганда Ғафур Ғулом ҳайдовчига:
— Ука, шу ерда, ўнг томонда Каттаовул деган бир жой бор. У ерда мен ўн йил олдин бўлгандим. Ўша жойни бир кўриб кетайлик! — деган.
“Меҳмоннинг гапи ерда қолгунча, шайтоннинг бўйни узилсин!” деган гап бор. Ҳайдовчи “Хўп!” деб, бироз юргач, ўнг томонга мошинани бурган. 15-20 дақиқа юришгач, бир овулга тушишган. Мошинадан тушиши биланоқ Ғафур аканинг кайфияти ўзгарган. Овулдан файз кетган. Ҳаммаёқ вайрона. Деворлар ер билан баробар бўлиб қолган. Дарахтлар қуриган, борлари яккам-дуккам, мол-ҳол йўқ… Кўчада бирон одам кўринмас. Сал нарида озғин, туклари тўкилган бир-икки ит у ер-бу ерни искаб, тинтиб юрган.
Улар ҳайрон бўлиб турганда, одам овозини эшитиб, ёнларидаги ҳовлидан бир қария чиқиб келган ва меҳмонлар билан қўл бериб сўрашган. Ғафур ака ундан:
— Каттаовул шуми? — деб сўраган.
— Ҳа, бир вақт Каттаовул эди. Ҳозир буни “Кичиковул” дейишга ҳам тил бормайди, — деган қария ҳорғин ва ҳазин товуш билан.
Ғафур ака яна:
— Нега бундай бўлди? Илгари бир келганимда жуда обод эди. Дўконлар бор эди. Боғлар ҳам кўп эди. Бу ерда кўп гўштхўрлик, қимизхўрликлар қилган эдик! — деган ачиниш билан.
— Эй чироғим, биров бир ерни обод қилар экан. Бошқа биров уни бузиб, ўрнига арпа, мош экар экан. Одамларга оғир солиқлар солишди. На мош кўпайди, на арпа нони. Шундан кейин кўпчилик битта-битта ҳар қаёққа кетиб қолди, — деган қария хўрсиниб.
Шунда Ғафур Ғулом бирдан ёнида турган Иззат Султонга даҳшат билан қараб:
— Қани ваъда қилган коммунизминг? Қани қурган социализминг? Адойи тамом бўлибди-ку шундай обод овул! — деган.
Иззат Султон ҳайрон. Шу дақиқаларда унинг сиймосида шоир катта назариячи олимни эмас, ҳайбаракаллани, сохта танқидчиларни, фирқанинг адабиёт ё бошқа масалалар бўйича бир қарори чиқса, ҳаммадан бурун шовқин кўтариб, ёзувчилардан нуқсон қидириб, уларни моховга ошна қилишга уринган “танқидчи”ларни кўз олдига келтирган бўлса ажаб эмас. Ўша даврларда бундай “танқидчи”лардан ҳатто Ойбек домла ҳам ҳайиқарди.
Шундан кейин улар тез машинага миниб, йўлларда давом этишган. Шунда Тошкентгача Ғафур Ғуломнинг қовоғи очилмаган ва ҳеч ким билан гаплашмай келган экан. Буни менга Иззат Султон гапириб бераркан:
— Бир вақт Ғафур менга ёпишиб кетди, гўё шўро ҳукуматини мен қургандек! — дегани эсимда.

(Tashriflar: umumiy 124, bugungi 1)

Izoh qoldiring