Odil Ikrom bilan BBC suhbati

022

    Одил Икром 1960 йил, 26 январда Исфара шаҳрининг Кўлкент қишлоғида туғилган.1977-81 йилларда Ленинобод Давлат Педагогика институти (ҳозирги Хўжанд Давлат Университети)нинг тарих-филология факултетида таҳсил олган.1990-йилда СССР Ёзувчилар Иттифоқига аъзо қилинади. Илк китоби «Уфқ дарахти» 1991 йилда чоп этилган.Шоирнинг шунингдек, «Таҳажжуд»(2007), «Таҳаммул», «Узлат»(2012) каби китоблари адабиёт ихлосмандларига яхши маълум.
У Муҳаммад Иқбол, Нақибхон Тўғрал, Фуруғ Фаррухзод, Нодир Нодирпур, Лойиқ, Фарзона, Сайидали Маъмур, Аҳмаджон Раҳматзод, Озарахшнинг шеърий тўпламини, Заҳирий Самарқандийнинг «Хотинлар макри» (И.Бекжон билан биргаликда), Муҳаммад Субҳоннинг «Қора чироқ» насрий асарларини, шоир Лойиқнинг «Онажоним» номли туркум шеърларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган.
Мумтоз адабиёт намуналари таржимаси орқали анча тажриба тўплаган ижодкор мураккаб ишга қўл уради. Жалолиддин Румийнинг «Маънавий маснавий» асари ҳамда Мирзо Абдулқодир Бедил маснавийларини ўзбек тилига ўгиришни бошлайди.
Одил Икром ҳозир янги шеърий тўплами ҳамда янги ва эски шеърлардан иборат «Сайланма», шунингдек, Жалолиддин Румийнинг «Маънавий маснавий» асари таржимаси (учинчи китоби) устида ишлаётганини айтади.
Айни пайтда шоир ижтимоий тармоқлар орқали ҳам ўз ижодидан намуналар эълон қилиб бормоқда.
Одил Икром оилали, фарзандлари бор.

ОДИЛ ИКРОМНИНГ BBC ЎҚУВЧИЛАРИ
САВОЛЛАРИГА ЖАВОБЛАРИ

07

Би-би-си: Бугунги «Би-би-си меҳмони» тожикистонлик таниқли ўзбек шоири ва таржимон Одил Икром бўладилар. Одил ака, дастуримизга хуш келибсиз!

Одил Икром: Раҳмат, хушвақт бўлинг!

Би-би-си: Сиз билан суҳбатимиз муқаддас Рамазон ойида ўтаётганидан хурсандман. Рўзалар билан чарчамаяпсизми?

Одил Икром: Аллоҳга шукур, рўзанинг завқини тотяпмиз.

Би-би-си: Одил ака, ота-онангиз, болалигингиз ҳақида хотирлаб ўтсангиз. Адабиётга меҳр қўйишингизда уларнинг кўрсатган таъсири қанчалик?

Одил Икром: Мен Тожикистондаги Исфара деб аталган шаҳарнинг Кўлкент қишлоғида туғилганман. Асли фарғоналикмиз. Ўтган асрнинг йигирманчи йилларида бобом Сайид Икромхон Бешариқ туманидан Исфара уездига келиб қолишган ва Кўлкент қишлоғидан қўним топганлар. Тақводор, маърифатли, адолатпарвар ва ҳаrпарастликлари боис қатағон йилларида отувга ҳукм қилинганлар.

Отам Қорихон (асли исмлари Сайид Иброҳимхон) Сайид Икромхон ўғли 2004 йилда, онам Истадхон Уста Валлами қизи 1984 йилда, акам Қодирхон 2008 йилда вафот этганлар.

Акам Сайфуллохон – асли, ўқитувчи, бир неча шеърий ва таржима китоблари муаллифи. Опам Шарофатхон – колхозчи. Синглим Муҳайёхон – уй бекаси, айни пайтда Бешариқнинг Ропқон қишлоғида яшайди.

Шеъриятга ҳавас пайдо қилишимга акам Сайфуллохон сабаб бўлган.

Алмаз шундай савол йўллаган: Адабиёт ва санъат инсоннинг маънавий юксалишида хизмат қилади ёки қилиши керак деймиз, лекин бугунги шунча баъдиий, шеърий асарлар, кино ва театр (қўшиқчиликни ҳам қўшмоқчи эдим, лекин ҳозирги ҳолатни эслаб тилга олмадим)ларнинг турли образ орқали яъни билвосита беришга ҳаракат қилгандан, бугунги кунда тўғридан тўғри панд-насиҳат бериш йўли қулай эмасми.? Бадиий асардаги муаммони ҳамма ҳам ажрата олавермайдику?

Одил Икром: Бу фикрингизга қўшилолмайман. Тўғри, донолар айтгандай, талантсиз ижодкор ёзган роман қисқартирилиб, кераксиз жойлари олиб ташланса, оқибатда битта ҳикматли сўз қолади… Ёмон асар учун бадиий адабиётни жавобгар билиб, унинг вазифасини менсимаслик – инсофдан эмас. Қолаверса, панд-насиҳатлар ҳам – адабиётдан ташқаридаги ҳодиса эмас. Уларнинг ўз ўрни бор. То ер юзида одам бор экан, адабиётга, санъатга эҳтиёж пайдо бўлаверади.

Би-би-си: Тожикистондаги Ўзбек адабий муҳити ҳақида икки киши сўрабди. Аввалига, Тожикистоннинг Спитаменидан Равшан Шамснинг аудио саволини эшитамиз, марҳамат!

Равшан Шамс: Ассалом алайкум Одил ака! Сиздек калами ўткир ватандошимиз борлигидан фахрлансак арзийди. Ажойиб шеърларингиз, айниқса кейинги ойлардаги таржимон сифатидаги ижодингиз таҳсинга сазовор. Лекин, рости гап саволим ижодингиздан озгина чеккарокдан.

Одилжон ака, Хўжандга келган дастлабки йилларингизни кўп эслайман, Хўжанд адабий муҳитига кириб келганингизда бир катта кувончни туйгандим, лекин бу ердаги эътиборни у қадар деб туймайман. Баъзилар буни Тожикистон адабий муҳитидаги гуруҳбозлик деб изоҳлашади. Хақиқатдан шундайми?

Шу мавзудаги яна бир савол Ўшлик Муҳиддиндан: Тожикистонда ўзбек ижодкорлари учун мавжуд ижодий муҳит қандай? Асарларни чиқаришда қандайдир муаммолар бўладими? Тожикистондаги ўзбек ижодкорлари ҳақида гапириб ўтсангиз. Тошкент билан аввалгидай адабий муносабат борми?

Одил Икром: Жуда яхши савол юборишибди, раҳмат! Мен Равшанжонни шахсан танийман. У кишининг менинг шахсимга эътибори, тақдиримдан қайғурганлари учун раҳмат айтаман. Тожикистондаги ўзбек адабий муҳитининг ичида эмасман. Чеккароғдан кузатганда, кўп ҳодисалар янада аён кўринади. Фикримча, Тожикистонда бир-бирининг манфаатларини ҳимоя қиладиган гуруҳлар, тўдалар мавжуд. Аммо, ягона адабий муҳит йўқ. Тожикистон ҳукумати ҳамда Ёзувчилари Иттифоқи томонидан ўзбек ижодкорлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилиб берилган. ҳозирга қадар бу жабҳада бирор тўсиқ, тақиқ, муаммо бўлмаган. Ўзбек ижодкорларининг ҳукумат маблағи ҳисобидан чиқарилаётган китоблари, Ёзувчилар Иттифоқи қошида, Душанбеда ҳам, Хўжандда ҳам, ўзбек секциялари мавжудлиги фикримга далил бўлса, ажабмас. Аммо, ўзбек секцияси мутасаддилари мавжуд имкониятлардан тўлалигича фойдаланмайди, яъни, латифада айтилганидек, тилла балиқдан, нари борса, «бир коса сосиска» сўрайди… Бу муҳитда қалами тўмтоқлашиб қолган ижодкорлар тузукроқ шеърий ёки насрий асар ёзиш ўрнига, бир-бирининг устидан ёзади. Уч-тўрт йил бурун ўзбек секцияси қошидаги «Саноеъ нафиса» тўгарагининг қизғин фаолиятини эътироф этган ҳолда, демоқчиманки, ичқоралик, хушомадгўйлик, тарафкашлик асосига зулм билан қурилган бу муҳитнинг охири вайроналикдир.

Яна бир муаммо – матбуот савиясининг пастлиги. Айрим дўстларга қаттиқ тегса ҳам, бир гапни айтмай ўтолмайман: Тожикистонда ўзбек тилида тузукроқ мақола ёзадиган саводли журналистлар йўқ, ҳисоби. Пойтахтда битта-яримта халқ, миллат дардини, ижтимоий муаммоларни матбуотда ёритадиган журналистлар борлигини инкор этмайман. Қизиғи шундаки, обуна вақти яқинлашса, газета ва журнал раҳбарлари халққа қараб: «Ярим йиллик обуна пулига, жуда нари борса, бир кило гўшт беради, шу гўштдан кечиб, маънавият ҳаққи-ҳурмати, газетамизга обуна бўлинглар» деб ваъз ўқийди. Шахсан менга, халқнинг ўртамиёна бир вакили сифатида танлаш ҳуқуқи берилса, ҳозиргача чиқаётган, шоира Фарзона айтгандай, токчаларга териб қўйишдан бошқасига ярамайдиган газета ва журналлардан бир кило гўштни афзал деб биламан… Тожикистонда, ҳукумат газеталаридан ташқари, менинг билганларим, ўзбеклар жамиятининг «Ҳақ сўз», «Қадрият» газеталари ҳамда ўзбеклар маърифати ва маданияти марказининг «Маънавият» газетаси ва «Шарқнома» журнали онда-сонда чиқади. Хоразмшоҳнинг лашкаридай бу тарқоқ муҳитда ўзбеклар маърифати ва маданияти марказида тўртта ўзбекнинг бирлашолгани — таҳсинга лойик, албатта. Аммо, мен юқорида номларини санаган газеталарни саксонинчи йиллардаги «Совет Тожикистони», тўксонинчи йиллардаги «Қадрият» газетаси, беш-олти йил бурун чиқиб, айни пайтда ўлиги кўчада қолган «Тонг» газеталари билан солиштирсак, тафовут – ер билан осмон қадар… Газеталарнинг тиражи ҳам фахрланишга арзимайди. Икки миллионга яқин ўзбек яшайдиган мамлакатда газеталарнинг минг, икки минг тиражда чиқиши – қип-қизил шармандаликдан бошқа нарса эмас!..

Тожикистон ўзбек адабий муҳитидаги яна бир муаммо – саводсизликнинг, ўртамиёначиликнинг авж олганлиги ва эъзозланиши. Бутун бошли бир мамлакатнинг ўзбек ижодкорлари орасида аруз вазнини билса, атиги икки ёки уч киши билади, деб ўйлайман. Ўлмас Жамол, Неъмат Иброҳим… Бу «қизил китоб»га «Фейсбук»да эълон қилинган ғазаллари билан эътибор қозонган дўстимиз, талантли шоир Дилмурод Қурбоновни ҳам қўшиш мумкин… Аммо, қаншарига «Ғазаллар» деб муҳр босилган китоблар, туркумларнинг сон-саноғи йўқ. Уларнинг бирортасида аруз вазнининг, ҳатто, ибтидоий қонун-қоидаларига риоя қилинмаган. Минбарлардан «арузшуносман», «тасаввуфшуносман» дея жар солиб, ўзига бино қўйган «олим»лар пана-панада, Абдулло Зуҳур айтгандай, хушомадгўйлари билан ароқ ичишнинг ўрнига, шу муаммога заҳил нигоҳини қаратмаслигининг сабаби битта: Муттаҳамлик! ҳар қандай ошдан тош топа оладиган «адабий киллер»лар томонидан бу ҳилқатга қурол ўқталмаслигининг сабаби битта: Одамнинг юзи – иссиқ! Таниш-билишчилик… Аммо, улар «мўмин мўмин учун кўзгу» деган ҳикматни тўтиқушдай, одоб билан такрорлашдан чарчамайди.

Яна бир муаммо – таржима соҳасидаги «олди-берди»лар. Хўжанд адабий муҳитидаги ўзбек ижодкорлари орасида ўзининг ҳеч ким ўқимайдиган асарини таржима қилдириш эвазига тожик тилидаги савияси паст асарларни таржима қилиб, ўзбек ўқувчисига «тақдим» этишдан уялмайдиганлар кўп. Ўзини ёзувчи деб билгани ҳам, шоир деб билгани ҳам ўз ўрнини, услубини, сўзини ярата олган замонавий ёзувчилардан Темур Зулфиқоров, Баҳманёр, Фазлиддин Муҳаммадиев, Саттор Турсунни; форс-тожик мумтоз адабиётининг кўзга кўринган, аммо, ҳали бирор марта ҳам таржима қилинмаган вакиллари, жумладан, Соиб, Ғолиб, Саноийларни нега ўзбек тилига ўгирмайди? Сабаби битта: Нафаси етмайди, ақли етмайди, қурби етмайди. Қолаверса, улардан фойда йўқ, чунки, биз номларини санаганларнинг аксарияти — марҳум, тириклари эса раҳбар лавозимида ишламайди…

Хуллас, энг яхши асарларни, нафақат, тожик тилидан ўзбек тилига, балки, ўзбек тилидан тожик тилига таржима қилишни йўлга қўйишнинг вақти аллақачон ўтиб кетаяпти.

Тошкент билан аввалгидай адабий муносабатлар борми? деган саволга ҳам жавоб беришга тўғри келади. Энг қизиғи, Ўзбекистон ва Тожикистон адабий алоқалари ҳақида сўз кетса, минг йилдан буён битта гапни, азбаройи кўп чайнамоқдан сийқасини чиқариб юбордик: Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий… Мирзо Турсунзода ва Ғафур Ғулом… Гўёки, номлари зикр қилинганлардан сўнг ижодкор зоти яралмагандек, яралса ҳам дўстлашишга фурсат ё фаросат тополмагандек… Нега бу рўйхатни давом эттиролмаймиз? Нега Лойиқ билан Эркин Воҳидов, Бозор Собир билан Абдулла Орипов, Гулназар Келди билан Усмон Азим, Камол Насрулло билан Хуршид Даврон, Гулрухсор билан Ҳалима Худойбердиева, Фарзона, Адиба Хўжандий билан Ҳалима Ахмедова, Зебо Мирзо, Хосият Рустамоваларнинг адабий алоқалари, чегара билмас дўстона муносабатлари ҳақида оғзимизни тўлдириб гапиролмаймиз ва фахрланолмаймиз? Бунинг сабаби нимада эканлигини ўйлаб, ҳануз ўйимга етолганим йўқ… Эшитишимга қараганда, айни пайтда, Хўжандда чиқадиган «Шарқнома» журнали томонидан Ўрта Осиё халқлари адабий-маданий алоқаларини тиклаш борасида ҳаракатлар бўлаяпти ва бу хайрли ишлар оқибатни унутган кeнглимизга, сал бeлса-да, таскин беради.

Ўктам Ризаев: Авваламбор, Ассалому алайкум! Бир неча саволларим бор. Таржимонликка кириб келишингиз ҳаrида гапириб берсангиз, ким сабабчи бўлган, кимларга ҳавас қилгансиз?

Одил Икром: Ваалайкум ассалом! Таржима соҳасига махсус кириб келмаганман ва ўзимни таржимон деб билмайман. Тил ўрганиш мақсадида талабалигимда курсдошим Абдулло Зуҳурнинг таклифи билан тожик шоирларидан ўзимча таржималар қилиб юрардим. Кейинроқ Эрон шоираси Фуруғ Фаррухзоднинг бир туркум шеърларини ўзбек тилига ўгирдим. Фуруғни таржима қилиш жараёнида форс тили мутахассиси Исмоил Бекжон ҳамда раҳматлик дўстимиз Асқар Маҳкамнинг фойдали маслаҳатларидан баҳраманд бўлганман. Кейинчалик Фарзона, Озарахш, Лойиқ, Муҳаммад Иқбол, Нодир Нодирпур, Наrибхон Тўғралнинг китобларини ва деярли барча замонавий тожик шоирларининг шеърларини ўзбек тилига ўгирдим. «Маснавий» таржимасига уч-тўрт йил бурун киришдим. Ҳозир учинчи китоби таржимаси билан бандман. «Маснавий»нинг икки китобидан айрим ҳикоятларни саҳифамда эълон қилдим. Ўрни келганда, таржималаримга ижобий муносабат билдирган дўстларга, хусусан, диққат билан ўқиб, айрим танқидий фикрларини ҳам дариғ тутмаган Матлуба Меҳр, Жўрабек Рамазонов, Саиджаҳон Зайнобитдинов, Шариф Холовларга миннатдорчилик билдираман.

Ўзбек тилига маҳорат билан ўгирилган таржималар ва ҳавас қилса арзийдиган таржимонлар кўп.

Ўктам Ризаев: Таржимаси энг қийин кечган китобингиз қайси?

Одил Икром: Иккинчи саволга жавоб шуки, ҳар қандай асар таржимаси, дастлаб, қийин кечади. Мен учун Фуруғ Фаррухзодни ўзбекчалаштириш қийинроқ кечган. «Маснавий»да ҳам аруз талаби билан айрим мураккаб жумлаларни соф ўзбек тилига ўгириш қийинчилик туғдириши табиий.

Ўктам Ризаев: Таржима нархига тўхталсангиз, яқинда бир таржимондан эшитдим. 1360 бетли китобни ўзбек тилига таржима қилди. 2 йил умри кетибди. Ҳар бетига ўн доллардан беришларини сўрайман деяпти. Бунга нима дейсиз?

Одил Икром: Таржима нархи ҳақида тасаввурим йўқ. Чунки, бу «савдо»ни бошдан кечирмаганман… Нима ҳам дердим, савол берган дўстимизнинг танишларига омад тилайман.

Би-би-си: Шу ўринда эсга тушади, сиз таржима қилган Лойиқнинг она ҳақидаги шеърларини ўқиб, ҳеч бир шоир у каби она ҳақида кўп ва таъсирли сатрлар битмаган бўлса керак, деб ўйлагандим.

Одил Икром: Дунёдаги барча зийнатларнинг йиғиндиси ўша оналарнинг юрагидан ўтади, деган ҳикматли гаплар кўп.Мен Лойиқнинг «Модарнома» яъни «Онагинам» туркумини таржима қилиш жараёнида худди ўз онам кўз ўнгимдан ўтгандек бўлдилар.ўз онам хаёлимдан ўтганлар.Лойиқнинг ҳар қандай дарди, изтироби, унинг онани қадрига етиш ҳақидаги ҳикматлари, туйғулар ҳар биримизнинг юрагимиздан кечади. Шу сабабли бўлса керак, Лойиқнинг шеърларини таржима қилишда қийинчилик сезмаганман.

Умид Холлиев: Ислом оламида шоирлар пайғамбари, пайғамбарлар шоири деб тарифланадиган Жалолиддин Румийни бугунги китобхон ва дин намоёндалари қай даражада ўрганишлари керак?

Одил Икром: Савол учун раҳмат! Мен румийшунослик иддаосидан йироғман. Бор-йўғи, «Маснавий»нинг икки китобини ўзбек тилига ўгирдим, холос, яъни Румийни англаш ибтидосидаман. Шундай бўлса-да, ушбу саволга имконим даражасида жавоб беришга уриниб кўраман.

Дарҳақиқат, Абдураҳмон Жомий «Гарчанд, пайғамбар бўлмаса-да, пайғамбарона китоби бор» дея таъриф берган Мавлоно Жалолиддин Румийдан бугунги китобхон ва дин намояндалари Ислом ва иймон моҳиятини ўрганиши керак деб ўйлайман. Мавлоно «Маънавий маснавий» асаридаги ҳикоятларининг бирида

Мо забонро нангарему ҳолро,
Мо равонро бингарему ҳолро,

Яъни, биз тил ва сўзга қарамаймиз, биз руҳнинг ҳолига назар соламиз, дея шаклга эмас, кўпроқ мазмунга боқиш кераклигини, зоҳирий кўринишларнинг ўзигагина назар солиш — тақлид нодонлик, жахолатпарастлик эканлигини таъкидлайди. «Маснавий»нинг Мусо (а.с) ва чўпон хусусидаги ўша ҳикоятида ҳаққа фақат тили, вужуди билан интилувчиларнинг сохта муҳаббатидан кўра, оддий чўпоннинг чин кўнгилдан Худога қилган мурожаатидаги қусур ва камчиликларнинг «юз минг савобдан яхшироқ» дейилиши ҳамда «қалб ҳурлиги»нинг улуғланиши айрим дин намояндаларига эриш туюлади. Чунки, улар ҳикоятдаги бу фикрни исломнинг моҳияти ва қадр-қийматини пастга уриш, деб тушунадилар. Ҳолбуки, ҳикоятдаги асосий мазмун, менимча, Худога чўпон янглиғ мурожаат қилишга даъват эмас, балки, ҳар кимнинг Аллоҳга ўз мақомида муҳаббатини изҳор қилишига имкон ва енгиллик яратиш, «хароба қишлоқдан хирож талаб қилмаслик», сохта сўз, ваъзлардан кўнгил поклигини афзал билиш, деб ўйлайман…

Бугунги китобхон Румийнинг асарларини ўқиб, жон осойишталиги – нафс, кибрга қарши жангда қўлга киритилишини, кўнгилни покламай шариат йўлини тутиш, занг устига сурилган бўёғдай, барибир юзага қалқиб чиқишини ва нафсимиз, кибримиз зангини ҳеч қандай салла, чопон, соқол яшира олмаслигини англашига шубҳам йўқ.

Умид Холлиев: Жалолиддин Румийнинг диндаги фирқаларга бўлинишларга муносабати қандай бўлган?

Одил Икром: Жалолиддин Румий диндаги мазҳабларга бўлинишларни, фақат, зоҳирий, шаклий келишмовчилик деб англаган. «Мен етмиш икки мазҳаб билан бирдирман» дейишининг ўзи, барча мазҳаблардаги хилма-хил қарашларнинг бир маслакка йўналганини англаганига далилдир. Нажмиддин Комиловнинг Асқар Маҳкам таржима-шарҳидаги биринчи китобига ёзган «Румийни англаш иштиёқи» номли сўзбошисида бу ҳақда батафсил маълумот берилган. Бир сўз билан айтганда, «Маснавий»да таъкидланганидек: «Ишққа ёрлар мазҳаби – ёлғиз Худо…»

Умид Холлиев: Жалолиддин Румий ижоди Европа адабиётига қандай ўз таъсирини ўтказган?

Одил Икром: Мен «Маснавий»ни тўлиқ таржима қилмай туриб, бу саволга аниқ жавоб беролмайман. Айрим ишончли маълумотларга қараганда, Румий асарлари, хусусан, «Маснавий» дунёнинг тўрт томонида энг севиб ўқиладиган асарлар жумласига киради. Румий асарларининг Ғарб адабиётига таъсири мавзуси катта тадқиқотни талаб қилади. Ниманидир ахтариб сафарга чиққан одам излаган матоҳини ўз уйидан топгани каби, биз маҳлиё бeлган ғарб адабиётининг аксарият ёзувчилари Румийдан таъсирлангани яқин келажакда ошкор бўлса, ажабмас. Зеро, Румий, таъбир жоиз бўлса, Шарқдан чиқиб, Шарқнинг ўзига ботадиган қуёш эмас. Қолаверса, шоир ва таржимон Жаъфар Муҳаммаднинг «Пауло Коэлонинг «Алкимёгар» асари шарқ адибларининг асарлари, хусусан, Жалолиддин Румийнинг «Маснавий»сидаги бир ҳикоят таъсирида ёзилган бўлиши керак», деган тахминида жон бор деб ўйлайман.

Туркиядан Муборак : Жалолиддин Румий асарини таржима қилишга нима ундади? Таржима жараёнида сизга таъсир қилган жиҳатлар билан озроқ ўртоқлашсангиз.

Одил Икром: Хўп бўлади. Жалолиддин Румийнинг «Маънавий маснавий» асарига қизиқишим, анча олдин, Тошкентда ишлаб юрган пайтларимда, яъни, ўтган асрнинг 80-йилларида пайдо бўлган. Ўшанда Душанбеда чиққан «Ҳикоятҳо аз «Маснавии маънавии» номли китоб қўлимга тушиб қолди ва бир-икки ҳикоятларни ўзимча таржима қилишга уриниб кўрганман. Ўша йилларда Жамол Камол томонидан ҳассослик билан ўгирилган Радий Фишнинг «Жалолиддин Румий» романини ўrиганимдан сўнг, Мавлавий дунёсига қизиқишим яна кучайди. Аммо, тажрибасизлигим, тирикчилик ташвишлари сабаб бўлиб, бу жараёнда, Мавлоно тили билан айтганда, маълум муддат сукут юз берди… Бундан етти ё саккиз йил аввал аллома Муҳаммад Иқболнинг рубоий ва тўртликлари таржимасига киришганимда, Иқболнинг бутун бошли ижоди Румий асарлари, хусусан, «Маснавий» завқи ва шарҳидан иборат эканлигининг гувоҳи бўлдим. Иқболни ўзбек тилига ўгиришим мени Румийга янада яқинлаштирди, десам муболаға бўлмас. Бутунлай инкор – зиммасида масъулияти бўлмаган одамларнинг ягона овунчоғи. Шу боис, ўзимдан олдинги таржимонларнинг салмоқли меҳнатини қадрлаган ҳолда «Маснавий» таржимасига киришдим ва, иложи борича, уни ўзбекчалаштиришга ҳаракат қилдим. Менинг бу ҳолатим ва мақсадим «Маснавий»нинг мендан кейинги таржимонларида ҳам юз бериши табиий ҳол деб ўйлайман.

«Маснавий» таржимаси жараёнининг ҳар лаҳзасидан таъсирланганимни айтиб адо қилолмасам керак. Муҳаммад Иқбол айтганидай: «Биргина «Аллоҳу акбар» каломининг азоби, завқи, таъсирию тафсири беш маҳал адо этилажак намозга сиғмайди». «Маснавий» таржимаси жараёнида шу лаҳзани яшаб, шу ҳақикатга иқрор бўлдим десам, хато бўлмайди.

Қўқондан Улуғбек: Самарқандийнинг сиз таржима қилган «Хотинлар макри»ни интернетдан ўқигандим. Унда ажойиб ибратли ҳикоятлар бор. Ўзингиз ҳам аёллар макрига дуч келганмисиз ҳаётда?

Одил Икром: Ажойиб савол. Кимки, ўзини аёллар, аниқроғи, хотинлар макрига дуч келмаганман деса, у зот ё ҳали туғилган эмас, ёки ўлик. Худога минг қатлаъ шукурким, мени ҳам кўп қатори бу неъматдан бебаҳра қолдирмаган. Аммо, нолимайман. Чунки, мен бошимни ўша деворларга уриб олганимда, бошимга эмас, кўпроқ деворлар дарзига ачинганман.

Би-би-си: Одил ака, мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат! Би-би-си тингловчилари ва мухлисларингиз учун тилакларингиз бўлса марҳамат!

Одил Икром: Аввало, лозим топиб, суҳбатга таклиф қилганларинг учун раҳмат! Тилакларим кўп. Шулардан бири – осмон ҳеч қачон қулаб тушмасин ва ер чаппа айланмасин! Бундай тилак билдиришимга сабаб, ўқувчилигимда география дарслигида кўрганим бир суврат ҳануз кўз ўнгимдан кетмайди. Унда сув, улкан балиқ ва балиқ устида бир баҳайбат ҳўкиз шохи ва гавдаси билан ерни кўтариб турибди… Агар еримиз, ҳам ўз маъносида, ҳам кўчма маънода чаппа айланса, яъни, тўнтарилса, ўша манзаранинг тескари кўриниши юз беради, яъни, ҳeкиз ерни эмас, ер ҳўкизни, ҳўкизларни кўтариб юради. Бу кўргуликдан Худонинг ўзи асрасин, дейман ва «Би-Би-Си»нинг барча тингловчиларига, меҳнаткаш ходимларига, эрку иймон йўлида давомийлик, собитлик ва омад тилайман! Саломат бўлинг!.

Manba: BBC O’zbek xizmati

012

(Tashriflar: umumiy 129, bugungi 1)

Izoh qoldiring