Muhammad Rahmon. She’rlar & «Abadiy nido» kitobidan she’rlar

Ashampoo_Snap_2017.06.13_19h08m31s_002_.png   Бугунги шеърлардан зериксам, дилим  тоза  сатрларни қўмсай бошласа,  Муҳаммад Раҳмон китобини олиб, ўқий бошлайман. Ўша лаҳзаларда бирга ишлаган ёшлик дамларимизгина эмас, шеър билан нафас олган кунлар, шеър  деб  уйқусиз ўтган тунлар хотираси  кўз ўнгимда жонланади. Муҳаммад Раҳмон авлоддошларим даврасидаги энг забардаст шоирлардан бири эди (Хуршид Даврон хотираларидан).

Муҳаммад РАҲМОН
ШЕЪРЛАР
09

Ashampoo_Snap_2016.08.01_16h26m01s_002_.pngМуҳаммад Раҳмон 1949 йил Қашкадарё вилояти, Китоб туманидаги Паландара қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (2003). ТошДУнинг журналистика факултетида тахсил олган (1967— 72). «Мувозанат» (1976), «Яшил дарё» (1979), «Юрагимнинг дастхати» (1986), «Ижобат» (1984), «Асраганим, авайлаганим» (1987) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Болалар учун ҳам асарлар ёзган («Момоқаймоқ», 1978; «Ерга тушган камалак», 1981; «Қанотли тушлар», 1989). К. Чуковский, А. Л. Барто шеърларини, Лизолетта Велскоф-Генрихнинг «Токей Ито» романини ўзбек тилига таржима қилган.
Муҳаммад Раҳмон 2010 йил 31 январь куни вафот этган.

09

БИЗДАН ЭМАС

Демиш бир кун Расулуллоҳ: «Биздан эмас…»
Бандаи нафс, харис, суллоҳ биздан эмас…
Магар кўнгли мунаввармас иймон билан,
Рутбаси гар қуёшдир, моҳ, биздан эмас.

Тағофил айлади чархким ғофиллара,
Огоҳликдан эмас огоҳ, биздан эмас.
Ҳар мушкулот дафъи  ғайрат, заковатдан,
Тадбири арз, шикоят, оҳ, биздан эмас.

Одил эрса ёниб боргай раиятга,
Бормаган хон, шоҳ, шаҳаншоҳ, биздан эмас.
Нима топди ғараз аҳли бу дунёдан,
Ўз-ўзига қазиган чоҳ биздан эмас.

Ёру диёр васфини бит қонинг билан,
Эй, Муҳаммад, билки, маддоҳ биздан эмас.

21.04.1998.

*  *  *

Билмайсан, бу ёмғир бугун ё кеча
Еру осмон аро тўр ташламаган…
Уммонлар бағрида тўлғониб, неча –
Вулқонлар қаърида жон талашмаган!

Бу ёмғир, билмайсан, қорларда тўнган,
Қайнаган самумлар жазирасида.
Кўчманчи қушлардек жон сақлаб қўнган –
Қадим работларнинг  ҳазирасига.

Йўлида маҳдудлик қотган тош бўлиб,
Бўғовлар пойида ўкраб, титраган!
Буддалар кўзидан оққан ёш бўлиб,
Салбларга урилиб мунглиғ питраган!

Кўкда гулдираклар қурганда базм,
Ўйнаб чақмоқларнинг қамчиси билан,
Етган димоғингга илоҳий насим,
Ҳар ютим ҳавоси, томчиси билан.

Билмайсан, бу ёмғир қанчалар ўжар,
Қанчалар дилкашу қанчалар фузун.
Билмайсан, Яратган даргоҳи қадар
Йўллари сенгача бўлганин узун…

Шивирлар дуога дуолар улаб,
Тангри ёрлақасин умру жонингни! –
Ўлмак саодатдир пойингга қулаб
Мовий гумбазидан соябонингни!..

18.10.2003.

ҚИРИМ САРВЛАРИ

Қирим-татар шоираси Ойша Қукиевага

Санингтек сарв йўқ ҳатто Қирим тумоюнда.
Лутфий

Мен шу байтни ўқисам ҳар гал
Сен ёдимга тушасан, Ойша.
Қайта-қайта ёдимга тушаверасан.
Биламан, шоирлик фолчилик эмас,
Ярим лофчиликдир лекин шоирлик.
Лутфийнинг лутфини тушунаман мен.
Лекин баъзан…
Лекин баъзан
Ўша санам — «ҳатто Қрим тумоюнда йўқ» сарв
Асрлар қаъридан тикилгандай бўлаверар
Сен-у менга
Беписанд, виқорли нигоҳи билан.
Мана, ҳозир
Шу лаҳзада ҳам!..

Куйлагим келяпти мен сени, Ойша,
Лутфий тушида ҳам кўрмаган сарвни
Куйлагим келяпти!
Аммо бу шеър сарвқаддинг ҳақида эмас
Қора денгиз мавжлари — зулфинг,
Холу хаттинг ҳақида эмас.
Равшанлиги юзингни Ойча,
Она Ойша ҳаққи-ҳурмати
Исминг Ойшалиги ҳақида ҳам эмас,
Ватан ҳақида бу шеър, Ойша,
Ватансизлик ҳақида!

Яхшиси бўлмайди қувғиндиликнинг,
Аммо омадлиси бўларкан, Ойша.
Миллат, элатларнинг такдир, қисмати,
Қараб қолса ҳукмдорларнинг
Бир мўйлов бураши, ишорасига,
Омадлиси бўларкан…
Қаҳр қилди «халқлар отаси»,
Парвардигор мурувват қилди:
Тупка таги — Узоқ Шарққамас,
Қаҳратон қутурган Сибирга эмас,
Қувғин бўлди шўрида халқинг,
Бир кечада қувғин бўлди
Денгизи йўқ
Лекин денгиздек,
Бағрикенг халқи бор Ўзбекистонга!

Ҳисор этаклари кўз очиб кўрган дунёнг,
Сен Ватандан йироқларда туғилдинг, Ойша.
— Ўйнамадим-кулмадим
Қримнинг боғларинда! —
Онанг айтган мунглуғ-мунглуғ қўшиқлардан
Танидинг сен Ватанни.
Юзларингга томган аччиқ-аччиқ
Кўз ёшлардан танидинг.
Паровозлар чинқирганида
Бекатидан шаҳри Китобнинг,
Хўрсиниб қўярди отанг
Узоқ-узоқларга тикилиб,
Чуқур-чуқур хўрсиниб қўярди, —
Сен Ватанни армонлардан,
Соғинчлардан танидинг!

Ёдимда, кечагидек ёдимда
Елканг учиб-учиб ҳасрат қилганинг:
— Замонларнинг қаҳри юмшаган палла,
Минг бир остонага бош урди онам,
Рухсат олди Ватан зиёратига.
Ўн кунми, ўн беш кун кетди бедарак,
Бир аҳволда қайтиб келди сўнг.
Кафтида соч,
Бир тутамгина,
Қоп-қора соч, зулукдек қоп-қора.
Кўрганларин айтиб берди кейин:

…Ҳансираб, энтикиб чопиб борибди онам
Туғилган уйини топиб борибди онам.
Нотаниш бир кампир ўтирган эмиш остонада.
Хушламабди аввал онамни кампир.
Кет! — дебди ёзғириб. — Кет! — дебди.
Энди бу уй бизга тегишли, дебди.
Бош қўйиб йиғлабди онам кампирнинг елкасига.
—  Уй давоси эмас муддаом, — дебди.
Лекин шу уй меники, дебди.
Худо шоҳид, шу уй меники.
Изн беринг, бир кириб кўрай,
Ҳидларига тўяй уйимни…

Инсофга келибди кампир ҳарқалай:
— Билсанг, қисматдошмиз, — дебди кампир. –
Бизни ҳам кўчирма қилишган…
Бир жуфт сарв ўсаркан
Ҳовлимизнинг қоқ ўртасида.
Қараса, ҳали-ҳамон юксалиб турганмиш
Ўша бир жуфт сарв!
Оғочлар пойига тиз чўкибди онам
Тиззалари қалтираб.
Эслабди:
Ҳар гал бош ювганда бувим раҳматли
Оғоч ёриғига ташлаб қўяркан
Тарокдан чиққан сочларини!
Қўл юборса… ўша сочлар,
Бувимнинг сочлари
Турган эмиш ёрикда ҳамон.

Тўйиб-тўйиб ҳидлабди
Бувимнинг сочларини онам,
Тўйиб-тўйиб йиғлабди!..
Юзларимга суртдим мен ҳам
Бувимдан қолган сочларни,
Тавоф этиб кўзларимга суртдим.
Мушки анбар бўйлари бор эди бу сочларда,
Жаннат бўйлари бор эди.
Юрагимнинг аллақаери санчди:
Ватанимнинг бўйларини туйгандай бўлдим
Бу сочларда!
Мен шоирга айландим ўша кун,
Бойландим,
Бувимнинг сочлари билан
Ватанимга бойландим!
Кўз ўнгимдан кетмай қолди сарвлар,
Сарвлар тушларимга кирадиган бўлди.

Ёдимда,
Кечагидек ёдимда, Ойша:
Сана: минг тўққиз юз саксон.
Март ойи.
Ўн нафар навқирон шоир, шоира
Ҳисоб бергани бордик Московга.
Йўқ, адашмаяпман:
Ҳисоб бергани бордик!
Шундай ёзишибди анжуманнинг кун тартибини
Омон бўлгур ҳамкасбларимиз:
Ёш ўзбек назмининг ҳисоботи,
Деб ёзишибди.
Кулишни ҳам, куйишни ҳам билмайсан:
Шеърият ҳам ҳисоб берадими, Ойша?!
Виждонидан бўлак,
Яратганнинг ўзидан бўлак
Яна кимга ҳисоб беради шоир?!
Ёдимда,
Ҳаммаси ёдимда, Ойша:
Бир гўстоҳ мунаққид
Ижодингни тафтиш этди роса.

—  Шеърларида бу қизимизнинг
Нуқул бўй кўрсатар Қрим сарвлари, — деди.
Мудҳиш замонларнинг нафасини
Сезгандай бўлдим қулоқларим остида,
Шеърларингдан топган Ватанни ҳатто
Кўп кўрганди сенга ўша мунаққид!
Индамадинг.
Фақат рангинг оқариб кетди.
Совуқ бир ўт чақнади кўзларингда.
Аҳволингни тушундим, Ойша:
Ярасига туз сепганни фақат йўл кечиради.
Ўшанда ҳам қишда, тойғоқчиликда!..
Бокарамдир Яратган Эгам,
Яратган Эгамнинг марҳамати кенг,
Сийлайди сабрли бандаларини…

Ўлмас,
Йитмас салтанат бир кун
Ўз-ўзидан қулади-кетди.
Ҳалок бўлди
«Думидан калласи бехабар жонзот»*.
Сен Ватанга кетдинг, Ойша,
Ва лекин Ватанга етдингми?!
О, нақадар теран туйғу бу — Ватан!
Қалбинг билан етмасанг агар,
Етиб бўлмас қадаминг билан!
Кўкка шаъшалар отса Қора денгиз,
Қуёш уфқларга ланғиллаб ботса,
Нималарни ўйлайсан, Ойша?

Соҳилларда қизиса чағалайлар бозори,
Қиём ҳиди анқиса узумзорлардан,
Аюдоғдан эпкинлар эсса
Нималарни ўйлайсан?
Сарвлар шовулласа,
Осмон матосига мўйқаламдек урилиб
Нималарни ўйлайсан?
Қирим – ярим оролдир,
Халқи билан бутундир Қирим!
Ҳар кимнинг Ватани ўзига буюрсин!
Сарвларинг ўлмасин, Ойша,
Сарвларинг сўлмасин.

2007 йил, 10 апрел

* Е. Евтушенко ташбеҳи.

СЎНГГИ ТАШРИФ
Ш. Холмирзаев хотирасига

Бошимиз гоҳ эгик, гоҳ кўкка етди,
Умр лаҳза-лаҳза ўтдию кетди.
Бокдим чўққиларга… тоқатим битди! –
Сайрон жайронлардек еламанми-йўқ,
Бу тоғларга мен яна келаманми-йўқ.

Биллурдек ярқирар зирвалар қори,
Овлоқ арчазорда ҳилол, олқори.
Қайдадир чашма бор — кўнглимнинг зори,
Чашмалар, сиз каби тўламанми-йўқ,
Бу тоғларга мен яна келаманми-йўқ.

Теранроқ англадим англаган сайин,
Кирпи, тиканларинг ипакдай майин.
Қорақош каклигим, сен-да орқайин –
Хониш айласанг сел бўламанми-йўқ,
Бу тоғларга мен яна келаманми-йўқ.

Жарликлар оралаб оққан сойлардек,
Зар баркаш — тун оқшом балққан ойлардек,
Ҳар қарич тупроғин гарди пойлардек –
Кўзимга тўтиё қиламанми-йўқ,
Бу тоғларга мен яна келаманми-йўқ.

Йўлимга кўз тикиб волидам адо,
Чақирсам ота уй бермади садо.
Қилмасин кимсани меҳрга гадо,
Она деб, бағримни тиламанми-йўқ,
Бу тоғларга мен яна келаманми-йўқ.

Қайта яратармиш бандасин қисмат,
Ким, нима бўлиши феълига нисбат.
Қистаманг кетдик, деб жон Собир, Исмат!* –
Қайтиб келганимни биламанми-йўқ,
Бу тоғларга мен яна келаманми-йўқ…

05.08.2008.

* Адибнинг дўстлари.

НИЛУФАРНИНГ ҲАСРАТИ

Бақалар ёнимда, ой, юлдуз — олис,
Ким учун очилдим, ким деб сўламан.
Бўғзимда лопиллаб турибди ҳовуз, —
Ўлсам кўз ёшимга чўкиб ўламан!

2005 йил, июнь.

ЧОРБОҒ ЭТЮДИ

Оқ атиргул, оппоқ атиргул…
Кимдан кочди, нимадан қочди?
Қайрадими тишини арра,
Гулқайчими жағини очди?

Оқ атиргул, оппоқ атиргул…
Турмасмиди гуркираб, яшнаб.
Сиғмадими чегараларга,
Симтўсиққа ўзини ташлаб.

Оқ атиргул, оппоқ атиргул…
Тўхтагандек умр санаси:
Ярим лоши чорбоғда қолган,
Кўчададир ярим танаси.

02.06.2006.

* * *

Ойдин кечаларда хўрсиниқ, ёниш…
Мискин Отабекми сархуш бўзадан.
Қайдадир Шерали қилади хониш:
— Булбул, қандай омон қолдинг бўсадан?..

Ой турар боғларнинг кунгурасида,
Гўё зар тўкилар тилла кўзадан.
Гуллар орастадир, сарвлар расида…
Булбул, қандай омон қолдинг бўсадан!

Бир зум топишгандай Ер билан само,
Олам фориғ бўлган ғурбат, ғуссадан.
Дарахтга ўралиб эмранар сабо…
Булбул, қандай омон қолдинг бўсадан!

Ёдимда зулфларинг мушки анбари,
Юзинг лов-лов ёнар ҳаё-иззадан.
Топди лабларингни излаб лабларим…
Булбул, қандай омон қолдинг бўсадан!

Не сир-синоат бу телбараб, суюб,
Ўзимни пойингга тутдай тўкканман.
Лаълинг оташ бўлса кетганман куйиб,
Агарки бол бўлса, болга чўкканман.

Ўша-ўша масрур, ўша-ўша лол,
Илоҳий лаҳзадан, нурли қиссадан.
Умрлик ҳайратман, умрлик савол:
Булбул, қандай омон қолдинг бўсадан!

11.06.2006.

УЧОҚ
Шавкат Раҳмон хотирасига

Қоқиламиз осмонга боқсак,
Ерга қараб яшаймиз бетоб…
Пайқамабмиз! — бош устимиздан
Ўтибсану кетибсан шитоб.

Бор кучингни парвозга бериб
Қаёқларга шошгандинг, учоқ…
Қандай ёруғ қолдирган изинг,
Қандай ёруғ, узун ва оппоқ!

04.06.2006.

УМАРШАЙХ МИРЗО

Жардан учган Умаршайх Мирзо,
Ҳуркитган ким каптарингизни?
Ёш Бобурга очмай кетдингиз
Дардингиз, дил дафтарингизни.

Жардан учган Умаршайх Мирзо,
Дасти дароз инсоннинг гарчи,
Бир қарасанг у — арши аъло,
Бир қарасанг — ердир, чилпарчин.

Жардан учган Умаршайх Мирзо,
Дўст-ку бисёр, ғаюр ҳам, мараз…
Қилмасайди бизларни адо
Охир бир кун майда гап, ғараз.

Жардан учган Умаршайх Мирзо,
Чарх оғуси озиғимизда…
Сайёдмиз-у… сайдлармиз, илло,
Қон йиғлаш бор ёзиғимизда!

Жардан учган Умаршайх Мирзо,
Қисмат амри, эҳтимол, вожиб…
Қанотлари бўлса ҳам ҳатто,
Қуш ҳам ундан кетолмас қочиб!

… Жардан учган Умаршайх Мирзо,
Муждами бу, азалнинг куйи?
Деразамнинг рахига қўниб
Сайраяпти бир қуш кун бўйи…

Каптар, каптар, нола қил, эзил,
Фалакларда чарх ур сарсари.
Мен биламан — нимага қизил
Кўз жиягинг, кўзинг гавҳари!..

ҚЎРҚАМАН
Маматқиём Саломовга

Қўрқасан, дейсанми кимдан, нимадан? –
Омонат тож-давлат, тахтдан қўрқаман.
Ҳаргиз оқармасин косанг тамадан, —
Миннатли, иллатли «накд» дан қўрқаман.

Жидди-жаҳд айласанг, тоғ ҳам кул бўлар,
Ниятинг мустажоб — ёбон гул бўлар.
Вақтни вайсаш билан ўтказган ланждан,
Бесамар чираниш, шахтдан қўрқаман.

Кимса сўрамаган — бир пайт хор эдик,
Лекин ўшанда ҳам мавжуд, бор эдик.
Бугун остонада ётган издиҳом,
Изҳори садоқат, ахддан қўрқаман.

Бировдан камдирмиз, бировдан ортиқ,
Худонинг ҳар куни неъматдир, тортиқ.
Шу камтар умримиз завол кўрмагай,
Ортида ғам турган бахтдан қўрқаман.

Ҳар қалай баландмиз майда гап-сўздан,
Оқибат кетмаган қош-қобоқ, кўздан.
Ўлим жудо қилар чин дўстни дўстдан,
Мен Вақтдан қўркаман, Ҳақдан қўрқаман!

10.05.2005.

МАШРАБ

Номозимни, калимамни ҳам,
Ўқиб бўлдим, қақради лабим…
Рози бўлинг, расули акрам,
Ўзинг кечир, бандангни, раббим!

Яна нима!? Ҳа, сўнгги нафас…
Сиртмоқдаги энг сўнгги имкон.
Дор унчалик қўрқинчли эмас,
Саломатдир магарким иймон.

Кошки сизни ололсам қучиб,
Қарз қолмасин «алвидо», «салом».
Улгуради бўғзимдан учиб,
Иншооллоҳ, уч-тўртта калом.

Кўринмади, бўйладим шунча,
Рози эдим бир кўриб ўлсам.
Балх, дорларинг паст экан мунча:
… Номонгондан
… Кетар
… Бўлсам…

05.03.2004.

ЁМҒИР МУШОИРАСИ

Осмон содда, осмон тенг кўрар
Оқилни-ю, ақли қосирни:
Ҳалқобларда «чучвара» тугар
Ёмғирлари Усмон Носирнинг.

Фикрларин тилкалаб оқар,
Шоиридан сўрар шарҳини.
Ҳам қувонч, ҳам дардига ёғар,
Ёмғирлари Рауф Парфининг.

Ялтирайди нурда оқариб,
Таралгандай чилтор қиллари.
Бу, шубҳасиз, Абдулла Ориф…
Ориповнинг шан сатрлари!

Қайси номда,
Қайси мақомда,
Сўроқлайди нимани, кимни, —
Юриб чиқар тонггача томда
Ёмғирлари Абдулҳакимни*.

Ишқ йўлида саргардон-сарсон,
Жондан кечмак саодат бўлди.
Ёмғирингиз, Муҳаммад Раҳмон,
Соябондан йиқилиб ўлди.

Парвардигор, таважжуҳинг бор,
Ҳар амалинг, чизгиларингда.
Шоир уни такрор ва такрор,
Ўтказар онг, сезгиларидан.

Тўқсон тўққиз сифатинг, тарзинг,
Тўқсон тўққиз исмингга қасам:
Барҳақ маъбуд, холиқсан ўзинг,
Ар-Раҳимсан, Раҳмон, бокарам!

Битта ёмғир баҳона бўлиб,
Мана, қанча сатрлар тиздим.
Фақат кўнглим тўлмади тўлиб,
Улуғроқсан сўздан-да, сездим.

Ҳасратлашар боғ билан ёмғир,
Қуюқлашар шивир-шивирлар.
Ошиқмикан, савдойи шоир, —
Ҳу, йўлакда кимдир ғивирлар.

Изҳор истар, тавалло истар,
Балки ундан юрак садоси.
Балки шундан юргандир музтар,
Битта сўзнинг бўлиб адоси.

Бўлмасин у  бошқалардан кам,
Иймон қадар тийрак кўзни бер.
Савлат берма сен унга, эгам,
Давлат берма, — ўша сўзни бер!

Сабр бергин, илҳом, илойим,
Руҳ парвози, дил рози билан.
Давраларда бор бўлсин доим,
Ўз ёмғири — овози билан!

08.08.2005.

* Матназар Абдулҳаким.

ЯССАВИЙ ЗИЁРАТИ

Дардларига ким кушойиш, адад тилар,
Ким бир фарзанд, кимдир омад, давлат тилар.
Келган борки сиздан фақат мадад тилар,
Ё пирим, ё хожам, ё балогардон.

Дошқозонга назри ниёз — пул ёғади,
Гўё турфа чаманлардан гул ёғади:
Тангаю сўм, лира, манат — мўл ёғади,
Ё пирим, ё хожам, ё балогардон.

Шундоқ, бугун чўлларимиз бошқа-бошқа,
Тоғ ва дарё, кўлларимиз бошқа-бошқа.
Туғро, ялов, пулларимиз бошқа-бошқа,
Ё пирим, ё хожам, ё балогардон.

Палахмоннинг тошига биз қотилганмиз,
Фалак ҳукми — ҳар томонга отилганмиз.
Илдиз биру   турли боғда очилганмиз,
Ё пирим, ё хожам, ё балогардон.

Аслимиздан тоза юрак, дил қолибдир,
Шукрларким, дин қолибдир, тил қолибдир.
Ўша қадим туркий қавм, эл қолибдир,
Ё пирим, ё хожам, ё балогардон.

Гапларимни ким уқмайди, кимдир уқар,
Қозонингиз қайнатолмас пул ва гуҳар.
Юқса ундан қора эмас, иймон юқар,
Ё пирим, ё хожам, ё балогардон.

Дуо айланг, энди шу мулк, кўрк ўлмасин,
Дил ўлмасин, тил ўлмасин, эрк ўлмасин.
Туркистоннинг болалари — турк ўлмасин! –
Ё пирим, ё хожам, ё балогардон.

01.12.2003.

* * *

Кўксига босганча опоқ бошимни,
Гоҳо — туш, гоҳида — ўнгимда менинг,
Остин-устин қилиб эллик ёшимни,
Бир гул унаётир кўнглимда менинг.

Девордан тушолмас — кўзгу махдиё
Хиёл эгилиб соч тарашларига.
Арзийди умримни айласам фидо,
Бир бор кулибгина қарашларига.

Гулим, гулим, дейман, гулбаргинг ёзиб,
Мунаввар айлагин фано дайрини!
Сенга сайри чаман, баҳор муносиб,
Менга қўйиб бергин хазон сайлини.

Қимтинар, хўрсинар, бош чайқар маъюс:
— Тушган чекимизга шундайин улуш..
Не бахтдир, тасаввур эта олмайсиз,
Бир боғда очилиб бир боғда сўлиш.

Хўрлигим келади гоҳ туриб-туриб,
Ким бўлдим сенга мен, эй нурли хилқат?
Тош қотган дийдамни тошларга уриб,
Йиғлагим келади, йиғлагим, фақат.

Меҳру муҳаббат деб елган-югурган,
Замину замондан адашган гўё.
У —  ё келажакдан ташриф буюрган,
Бобур замонидан келиб қолган ё!..

26.12.2003.

ТОПИБ БЕРИНГЛАР

— Қандай бастакорсиз, ёзмайсиз қўшиқ?!.
— Биров таъна қилар, биров ҳиринглар…
— Мен қўшиқ ёзардим, қайда у ошиқ –
— Ботир Зокировни топиб беринглар.

— Бўлсин қаттиқ-қиров ҳаётингиз ёз.
Жаннат боғларида гуллар теринглар.
Қайда у, қайдадир илоҳий овоз,
Ботир Зокировни топиб беринглар.

Самум босиб келар, ҳансирар саҳро,
Туя қўнғироғи мискин жиринглар…
Газли, излаганинг сабоми, садо?! –
Ботир Зокировни топиб беринглар.

Сочларин тўлқини — тароққа исён,
Кўзларин ёлқини — қароққа исён.
Сурати, сийрати муҳаббат инсон –
Ботир Зокировни топиб беринглар.

Билгувчим, кўргувчим, бирсану  борсан,
Ҳар ишга ҳамиша қодирсан, дуркун.
Раббим, наҳот сен ҳам қўшиққа зорсан,
Уни даргоҳингга чорладинг бир кун.

Жаннат эшикларин очди сиз-сизлаб:
Озурда юраклар, юмшанг, эринглар!
.. .Биз ғофил бандалар юрибмиз бўзлаб:
Ботир Зокировни топиб беринглар.

ҲАСРАТ

Мўътабар даргоҳдир ишхонам*  аён,
Ҳавас қилгувчилар лекин билмайди…
Менинг ҳузуримга ҳеч ким, ҳеч қачон,
Фақат соғингани учун келмайди!

*Шоир ўзи ишлаган Президент девонини назарда тутмоқда

ДАЪВАТ

Беклардек яшамоқ аъмоли бекнинг,
Магарким ҳолинг йўқ, қад ростла, ҳоллан.
Шарти жуда оддий ўзбекчиликнинг:
Амир Темур, Алишер Навоий  билан қуроллан!

mudroslov-291-smutnye-aforizmy-o-vechnosti.jpg Bugungi she’rlardan zeriksam, dilim toza satrlarni qo‘msay boshlasa, Muhammad Rahmon kitobini olib, o‘qiy boshlayman. O‘sha lahzalarda birga ishlagan yoshlik damlarimizgina emas, she’r bilan nafas olgan kunlar, she’r deb uyqusiz o‘tgan tunlar xotirasi ko‘z o‘ngimda jonlanadi. Muhammad Rahmon avloddoshlarim davrasidagi eng zabardast shoirlardan biri edi (Xurshid Davron xotiralaridan).

Muhammad RAHMON
SHE’RLAR
09

Ashampoo_Snap_2016.08.01_16h29m58s_004_.pngMuhammad Rahmon 1949 yil Qashkadaryo viloyati, Kitob tumanidagi Palandara qishlog‘ida tug‘ilgan. O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi (2003). ToshDUning jurnalistika fakultetida taxsil olgan (1967— 72). «Muvozanat» (1976), «Yashil daryo» (1979), «Yuragimning dastxati» (1986), «Ijobat» (1984), «Asraganim, avaylaganim» (1987) kabi she’riy to‘plamlari nashr etilgan. Bolalar uchun ham asarlar yozgan («Momoqaymoq», 1978; «Yerga tushgan kamalak», 1981; «Qanotli tushlar», 1989). K. Chukovskiy, A. L. Barto she’rlarini, Lizoletta Velskof-Genrixning «Tokey Ito» romanini o‘zbek tiliga tarjima qilgan.
Muhammad Rahmon 2010 yil 31 yanvar kuni vafot etgan.

09

BIZDAN EMAS

Demish bir kun Rasululloh: «Bizdan emas…»
Bandai nafs, xaris, sulloh bizdan emas…
Magar ko‘ngli munavvarmas iymon bilan,
Rutbasi gar quyoshdir, moh, bizdan emas.

Tag‘ofil ayladi charxkim g‘ofillara,
Ogohlikdan emas ogoh, bizdan emas.
Har mushkulot daf’i g‘ayrat, zakovatdan,
Tadbiri arz, shikoyat, oh, bizdan emas.

Odil ersa yonib borgay raiyatga,
Bormagan xon, shoh, shahanshoh, bizdan emas.
Nima topdi g‘araz ahli bu dunyodan,
O‘z-o‘ziga qazigan choh bizdan emas.

Yoru diyor vasfini bit qoning bilan,
Ey, Muhammad, bilki, maddoh bizdan emas.

21.04.1998.

* * *

Bilmaysan, bu yomg‘ir bugun yo kecha
Yeru osmon aro to‘r tashlamagan…
Ummonlar bag‘rida to‘lg‘onib, necha –
Vulqonlar qa’rida jon talashmagan!

Bu yomg‘ir, bilmaysan, qorlarda to‘ngan,
Qaynagan samumlar jazirasida.
Ko‘chmanchi qushlardek jon saqlab qo‘ngan –
Qadim rabotlarning hazirasiga.

Yo‘lida mahdudlik qotgan tosh bo‘lib,
Bo‘g‘ovlar poyida o‘krab, titragan!
Buddalar ko‘zidan oqqan yosh bo‘lib,
Salblarga urilib munglig‘ pitragan!

Ko‘kda guldiraklar qurganda bazm,
O‘ynab chaqmoqlarning qamchisi bilan,
Yetgan dimog‘ingga ilohiy nasim,
Har yutim havosi, tomchisi bilan.

Bilmaysan, bu yomg‘ir qanchalar o‘jar,
Qanchalar dilkashu qanchalar fuzun.
Bilmaysan, Yaratgan dargohi qadar
Yo‘llari sengacha bo‘lganin uzun…

Shivirlar duoga duolar ulab,
Tangri yorlaqasin umru joningni! –
O‘lmak saodatdir poyingga qulab
Moviy gumbazidan soyaboningni!..

18.10.2003.

QIRIM SARVLARI

Qirim-tatar shoirasi Oysha Qukiyevaga

Saningtek sarv yo‘q hatto Qirim tumoyunda.
Lutfiy

Men shu baytni o‘qisam har gal
Sen yodimga tushasan, Oysha.
Qayta-qayta yodimga tushaverasan.
Bilaman, shoirlik folchilik emas,
Yarim lofchilikdir lekin shoirlik.
Lutfiyning lutfini tushunaman men.
Lekin ba’zan…
Lekin ba’zan
O‘sha sanam — «hatto Qrim tumoyunda yo‘q» sarv
Asrlar qa’ridan tikilganday bo‘laverar
Sen-u menga
Bepisand, viqorli nigohi bilan.
Mana, hozir
Shu lahzada ham!..

Kuylagim kelyapti men seni, Oysha,
Lutfiy tushida ham ko‘rmagan sarvni
Kuylagim kelyapti!
Ammo bu she’r sarvqadding haqida emas
Qora dengiz mavjlari — zulfing,
Xolu xatting haqida emas.
Ravshanligi yuzingni Oycha,
Ona Oysha haqqi-hurmati
Isming Oyshaligi haqida ham emas,
Vatan haqida bu she’r, Oysha,
Vatansizlik haqida!

Yaxshisi bo‘lmaydi quvg‘indilikning,
Ammo omadlisi bo‘larkan, Oysha.
Millat, elatlarning takdir, qismati,
Qarab qolsa hukmdorlarning
Bir mo‘ylov burashi, ishorasiga,
Omadlisi bo‘larkan…
Qahr qildi «xalqlar otasi»,
Parvardigor muruvvat qildi:
Tupka tagi — Uzoq Sharqqamas,
Qahraton quturgan Sibirga emas,
Quvg‘in bo‘ldi sho‘rida xalqing,
Bir kechada quvg‘in bo‘ldi
Dengizi yo‘q
Lekin dengizdek,
Bag‘rikeng xalqi bor O‘zbekistonga!

Hisor etaklari ko‘z ochib ko‘rgan dunyong,
Sen Vatandan yiroqlarda tug‘ilding, Oysha.
— O‘ynamadim-kulmadim
Qrimning bog‘larinda! —
Onang aytgan munglug‘-munglug‘ qo‘shiqlardan
Taniding sen Vatanni.
Yuzlaringga tomgan achchiq-achchiq
Ko‘z yoshlardan taniding.
Parovozlar chinqirganida
Bekatidan shahri Kitobning,
Xo‘rsinib qo‘yardi otang
Uzoq-uzoqlarga tikilib,
Chuqur-chuqur xo‘rsinib qo‘yardi, —
Sen Vatanni armonlardan,
Sog‘inchlardan taniding!

Yodimda, kechagidek yodimda
Yelkang uchib-uchib hasrat qilganing:
— Zamonlarning qahri yumshagan palla,
Ming bir ostonaga bosh urdi onam,
Ruxsat oldi Vatan ziyoratiga.
O‘n kunmi, o‘n besh kun ketdi bedarak,
Bir ahvolda qaytib keldi so‘ng.
Kaftida soch,
Bir tutamgina,
Qop-qora soch, zulukdek qop-qora.
Ko‘rganlarin aytib berdi keyin:

…Hansirab, entikib chopib boribdi onam
Tug‘ilgan uyini topib boribdi onam.
Notanish bir kampir o‘tirgan emish ostonada.
Xushlamabdi avval onamni kampir.
Ket! — debdi yozg‘irib. — Ket! — debdi.
Endi bu uy bizga tegishli, debdi.
Bosh qo‘yib yig‘labdi onam kampirning yelkasiga.
— Uy davosi emas muddaom, — debdi.
Lekin shu uy meniki, debdi.
Xudo shohid, shu uy meniki.
Izn bering, bir kirib ko‘ray,
Hidlariga to‘yay uyimni…

Insofga kelibdi kampir harqalay:
— Bilsang, qismatdoshmiz, — debdi kampir. –
Bizni ham ko‘chirma qilishgan…
Bir juft sarv o‘sarkan
Hovlimizning qoq o‘rtasida.
Qarasa, hali-hamon yuksalib turganmish
O‘sha bir juft sarv!
Og‘ochlar poyiga tiz cho‘kibdi onam
Tizzalari qaltirab.
Eslabdi:
Har gal bosh yuvganda buvim rahmatli
Og‘och yorig‘iga tashlab qo‘yarkan
Tarokdan chiqqan sochlarini!
Qo‘l yuborsa… o‘sha sochlar,
Buvimning sochlari
Turgan emish yorikda hamon.

To‘yib-to‘yib hidlabdi
Buvimning sochlarini onam,
To‘yib-to‘yib yig‘labdi!..
Yuzlarimga surtdim men ham
Buvimdan qolgan sochlarni,
Tavof etib ko‘zlarimga surtdim.
Mushki anbar bo‘ylari bor edi bu sochlarda,
Jannat bo‘ylari bor edi.
Yuragimning allaqayeri sanchdi:
Vatanimning bo‘ylarini tuyganday bo‘ldim
Bu sochlarda!
Men shoirga aylandim o‘sha kun,
Boylandim,
Buvimning sochlari bilan
Vatanimga boylandim!
Ko‘z o‘ngimdan ketmay qoldi sarvlar,
Sarvlar tushlarimga kiradigan bo‘ldi.

Yodimda,
Kechagidek yodimda, Oysha:
Sana: ming to‘qqiz yuz sakson.
Mart oyi.
O‘n nafar navqiron shoir, shoira
Hisob bergani bordik Moskovga.
Yo‘q, adashmayapman:
Hisob bergani bordik!
Shunday yozishibdi anjumanning kun tartibini
Omon bo‘lgur hamkasblarimiz:
Yosh o‘zbek nazmining hisoboti,
Deb yozishibdi.
Kulishni ham, kuyishni ham bilmaysan:
She’riyat ham hisob beradimi, Oysha?!
Vijdonidan bo‘lak,
Yaratganning o‘zidan bo‘lak
Yana kimga hisob beradi shoir?!
Yodimda,
Hammasi yodimda, Oysha:
Bir go‘stoh munaqqid
Ijodingni taftish etdi rosa.

— She’rlarida bu qizimizning
Nuqul bo‘y ko‘rsatar Qrim sarvlari, — dedi.
Mudhish zamonlarning nafasini
Sezganday bo‘ldim quloqlarim ostida,
She’rlaringdan topgan Vatanni hatto
Ko‘p ko‘rgandi senga o‘sha munaqqid!
Indamading.
Faqat ranging oqarib ketdi.
Sovuq bir o‘t chaqnadi ko‘zlaringda.
Ahvolingni tushundim, Oysha:
Yarasiga tuz sepganni faqat yo‘l kechiradi.
O‘shanda ham qishda, toyg‘oqchilikda!..
Bokaramdir Yaratgan Egam,
Yaratgan Egamning marhamati keng,
Siylaydi sabrli bandalarini…

O‘lmas,
Yitmas saltanat bir kun
O‘z-o‘zidan quladi-ketdi.
Halok bo‘ldi
«Dumidan kallasi bexabar jonzot»*.
Sen Vatanga ketding, Oysha,
Va lekin Vatanga yetdingmi?!
O, naqadar teran tuyg‘u bu — Vatan!
Qalbing bilan yetmasang agar,
Yetib bo‘lmas qadaming bilan!
Ko‘kka sha’shalar otsa Qora dengiz,
Quyosh ufqlarga lang‘illab botsa,
Nimalarni o‘ylaysan, Oysha?

Sohillarda qizisa chag‘alaylar bozori,
Qiyom hidi anqisa uzumzorlardan,
Ayudog‘dan epkinlar essa
Nimalarni o‘ylaysan?
Sarvlar shovullasa,
Osmon matosiga mo‘yqalamdek urilib
Nimalarni o‘ylaysan?
Qirim – yarim oroldir,
Xalqi bilan butundir Qirim!
Har kimning Vatani o‘ziga buyursin!
Sarvlaring o‘lmasin, Oysha,
Sarvlaring so‘lmasin.

2007 yil, 10 aprel

* Ye. Yevtushenko tashbehi.

SO‘NGGI TASHRIF
Sh. Xolmirzayev xotirasiga

Boshimiz goh egik, goh ko‘kka yetdi,
Umr lahza-lahza o‘tdiyu ketdi.
Bokdim cho‘qqilarga… toqatim bitdi! –
Sayron jayronlardek yelamanmi-yo‘q,
Bu tog‘larga men yana kelamanmi-yo‘q.

Billurdek yarqirar zirvalar qori,
Ovloq archazorda hilol, olqori.
Qaydadir chashma bor — ko‘nglimning zori,
Chashmalar, siz kabi to‘lamanmi-yo‘q,
Bu tog‘larga men yana kelamanmi-yo‘q.

Teranroq angladim anglagan sayin,
Kirpi, tikanlaring ipakday mayin.
Qoraqosh kakligim, sen-da orqayin –
Xonish aylasang sel bo‘lamanmi-yo‘q,
Bu tog‘larga men yana kelamanmi-yo‘q.

Jarliklar oralab oqqan soylardek,
Zar barkash — tun oqshom balqqan oylardek,
Har qarich tuprog‘in gardi poylardek –
Ko‘zimga to‘tiyo qilamanmi-yo‘q,
Bu tog‘larga men yana kelamanmi-yo‘q.

Yo‘limga ko‘z tikib volidam ado,
Chaqirsam ota uy bermadi sado.
Qilmasin kimsani mehrga gado,
Ona deb, bag‘rimni tilamanmi-yo‘q,
Bu tog‘larga men yana kelamanmi-yo‘q.

Qayta yaratarmish bandasin qismat,
Kim, nima bo‘lishi fe’liga nisbat.
Qistamang ketdik, deb jon Sobir, Ismat!* –
Qaytib kelganimni bilamanmi-yo‘q,
Bu tog‘larga men yana kelamanmi-yo‘q…

05.08.2008.

* Adibning do‘stlari.

NILUFARNING HASRATI

Baqalar yonimda, oy, yulduz — olis,
Kim uchun ochildim, kim deb so‘laman.
Bo‘g‘zimda lopillab turibdi hovuz, —
O‘lsam ko‘z yoshimga cho‘kib o‘laman!

2005 yil, iyun.

CHORBOG‘ ETYUDI

Oq atirgul, oppoq atirgul…
Kimdan kochdi, nimadan qochdi?
Qayradimi tishini arra,
Gulqaychimi jag‘ini ochdi?

Oq atirgul, oppoq atirgul…
Turmasmidi gurkirab, yashnab.
Sig‘madimi chegaralarga,
Simto‘siqqa o‘zini tashlab.

Oq atirgul, oppoq atirgul…
To‘xtagandek umr sanasi:
Yarim loshi chorbog‘da qolgan,
Ko‘chadadir yarim tanasi.

02.06.2006.

* * *

Oydin kechalarda xo‘rsiniq, yonish…
Miskin Otabekmi sarxush bo‘zadan.
Qaydadir Sherali qiladi xonish:
— Bulbul, qanday omon qolding bo‘sadan?..

Oy turar bog‘larning kungurasida,
Go‘yo zar to‘kilar tilla ko‘zadan.
Gullar orastadir, sarvlar rasida…
Bulbul, qanday omon qolding bo‘sadan!

Bir zum topishganday Yer bilan samo,
Olam forig‘ bo‘lgan g‘urbat, g‘ussadan.
Daraxtga o‘ralib emranar sabo…
Bulbul, qanday omon qolding bo‘sadan!

Yodimda zulflaring mushki anbari,
Yuzing lov-lov yonar hayo-izzadan.
Topdi lablaringni izlab lablarim…
Bulbul, qanday omon qolding bo‘sadan!

Ne sir-sinoat bu telbarab, suyub,
O‘zimni poyingga tutday to‘kkanman.
La’ling otash bo‘lsa ketganman kuyib,
Agarki bol bo‘lsa, bolga cho‘kkanman.

O‘sha-o‘sha masrur, o‘sha-o‘sha lol,
Ilohiy lahzadan, nurli qissadan.
Umrlik hayratman, umrlik savol:
Bulbul, qanday omon qolding bo‘sadan!

11.06.2006.

UCHOQ
Shavkat Rahmon xotirasiga

Qoqilamiz osmonga boqsak,
Yerga qarab yashaymiz betob…
Payqamabmiz! — bosh ustimizdan
O‘tibsanu ketibsan shitob.

Bor kuchingni parvozga berib
Qayoqlarga shoshganding, uchoq…
Qanday yorug‘ qoldirgan izing,
Qanday yorug‘, uzun va oppoq!

04.06.2006.

UMARSHAYX MIRZO

Jardan uchgan Umarshayx Mirzo,
Hurkitgan kim kaptaringizni?
Yosh Boburga ochmay ketdingiz
Dardingiz, dil daftaringizni.

Jardan uchgan Umarshayx Mirzo,
Dasti daroz insonning garchi,
Bir qarasang u — arshi a’lo,
Bir qarasang — yerdir, chilparchin.

Jardan uchgan Umarshayx Mirzo,
Do‘st-ku bisyor, g‘ayur ham, maraz…
Qilmasaydi bizlarni ado
Oxir bir kun mayda gap, g‘araz.

Jardan uchgan Umarshayx Mirzo,
Charx og‘usi ozig‘imizda…
Sayyodmiz-u… saydlarmiz, illo,
Qon yig‘lash bor yozig‘imizda!

Jardan uchgan Umarshayx Mirzo,
Qismat amri, ehtimol, vojib…
Qanotlari bo‘lsa ham hatto,
Qush ham undan ketolmas qochib!

… Jardan uchgan Umarshayx Mirzo,
Mujdami bu, azalning kuyi?
Derazamning raxiga qo‘nib
Sayrayapti bir qush kun bo‘yi…

Kaptar, kaptar, nola qil, ezil,
Falaklarda charx ur sarsari.
Men bilaman — nimaga qizil
Ko‘z jiyaging, ko‘zing gavhari!..

QO‘RQAMAN
Mamatqiyom Salomovga

Qo‘rqasan, deysanmi kimdan, nimadan? –
Omonat toj-davlat, taxtdan qo‘rqaman.
Hargiz oqarmasin kosang tamadan, —
Minnatli, illatli «nakd» dan qo‘rqaman.

Jiddi-jahd aylasang, tog‘ ham kul bo‘lar,
Niyating mustajob — yobon gul bo‘lar.
Vaqtni vaysash bilan o‘tkazgan lanjdan,
Besamar chiranish, shaxtdan qo‘rqaman.

Kimsa so‘ramagan — bir payt xor edik,
Lekin o‘shanda ham mavjud, bor edik.
Bugun ostonada yotgan izdihom,
Izhori sadoqat, axddan qo‘rqaman.

Birovdan kamdirmiz, birovdan ortiq,
Xudoning har kuni ne’matdir, tortiq.
Shu kamtar umrimiz zavol ko‘rmagay,
Ortida g‘am turgan baxtdan qo‘rqaman.

Har qalay balandmiz mayda gap-so‘zdan,
Oqibat ketmagan qosh-qoboq, ko‘zdan.
O‘lim judo qilar chin do‘stni do‘stdan,
Men Vaqtdan qo‘rkaman, Haqdan qo‘rqaman!

10.05.2005.

MASHRAB

Nomozimni, kalimamni ham,
O‘qib bo‘ldim, qaqradi labim…
Rozi bo‘ling, rasuli akram,
O‘zing kechir, bandangni, rabbim!

Yana nima!? Ha, so‘nggi nafas…
Sirtmoqdagi eng so‘nggi imkon.
Dor unchalik qo‘rqinchli emas,
Salomatdir magarkim iymon.

Koshki sizni ololsam quchib,
Qarz qolmasin «alvido», «salom».
Ulguradi bo‘g‘zimdan uchib,
Inshoolloh, uch-to‘rtta kalom.

Ko‘rinmadi, bo‘yladim shuncha,
Rozi edim bir ko‘rib o‘lsam.
Balx, dorlaring past ekan muncha:
… Nomongondan
… Ketar
… Bo‘lsam…

05.03.2004.

YOMG‘IR MUSHOIRASI

Osmon sodda, osmon teng ko‘rar
Oqilni-yu, aqli qosirni:
Halqoblarda «chuchvara» tugar
Yomg‘irlari Usmon Nosirning.

Fikrlarin tilkalab oqar,
Shoiridan so‘rar sharhini.
Ham quvonch, ham dardiga yog‘ar,
Yomg‘irlari Rauf Parfining.

Yaltiraydi nurda oqarib,
Taralganday chiltor qillari.
Bu, shubhasiz, Abdulla Orif…
Oripovning shan satrlari!

Qaysi nomda,
Qaysi maqomda,
So‘roqlaydi nimani, kimni, —
Yurib chiqar tonggacha tomda
Yomg‘irlari Abdulhakimni*.

Ishq yo‘lida sargardon-sarson,
Jondan kechmak saodat bo‘ldi.
Yomg‘iringiz, Muhammad Rahmon,
Soyabondan yiqilib o‘ldi.

Parvardigor, tavajjuhing bor,
Har amaling, chizgilaringda.
Shoir uni takror va takror,
O‘tkazar ong, sezgilaridan.

To‘qson to‘qqiz sifating, tarzing,
To‘qson to‘qqiz ismingga qasam:
Barhaq ma’bud, xoliqsan o‘zing,
Ar-Rahimsan, Rahmon, bokaram!

Bitta yomg‘ir bahona bo‘lib,
Mana, qancha satrlar tizdim.
Faqat ko‘nglim to‘lmadi to‘lib,
Ulug‘roqsan so‘zdan-da, sezdim.

Hasratlashar bog‘ bilan yomg‘ir,
Quyuqlashar shivir-shivirlar.
Oshiqmikan, savdoyi shoir, —
Hu, yo‘lakda kimdir g‘ivirlar.

Izhor istar, tavallo istar,
Balki undan yurak sadosi.
Balki shundan yurgandir muztar,
Bitta so‘zning bo‘lib adosi.

Bo‘lmasin u boshqalardan kam,
Iymon qadar tiyrak ko‘zni ber.
Savlat berma sen unga, egam,
Davlat berma, — o‘sha so‘zni ber!

Sabr bergin, ilhom, iloyim,
Ruh parvozi, dil rozi bilan.
Davralarda bor bo‘lsin doim,
O‘z yomg‘iri — ovozi bilan!

08.08.2005.

* Matnazar Abdulhakim.

YASSAVIY ZIYORATI

Dardlariga kim kushoyish, adad tilar,
Kim bir farzand, kimdir omad, davlat tilar.
Kelgan borki sizdan faqat madad tilar,
Yo pirim, yo xojam, yo balogardon.

Doshqozonga nazri niyoz — pul yog‘adi,
Go‘yo turfa chamanlardan gul yog‘adi:
Tangayu so‘m, lira, manat — mo‘l yog‘adi,
Yo pirim, yo xojam, yo balogardon.

Shundoq, bugun cho‘llarimiz boshqa-boshqa,
Tog‘ va daryo, ko‘llarimiz boshqa-boshqa.
Tug‘ro, yalov, pullarimiz boshqa-boshqa,
Yo pirim, yo xojam, yo balogardon.

Palaxmonning toshiga biz qotilganmiz,
Falak hukmi — har tomonga otilganmiz.
Ildiz biru turli bog‘da ochilganmiz,
Yo pirim, yo xojam, yo balogardon.

Aslimizdan toza yurak, dil qolibdir,
Shukrlarkim, din qolibdir, til qolibdir.
O‘sha qadim turkiy qavm, el qolibdir,
Yo pirim, yo xojam, yo balogardon.

Gaplarimni kim uqmaydi, kimdir uqar,
Qozoningiz qaynatolmas pul va guhar.
Yuqsa undan qora emas, iymon yuqar,
Yo pirim, yo xojam, yo balogardon.

Duo aylang, endi shu mulk, ko‘rk o‘lmasin,
Dil o‘lmasin, til o‘lmasin, erk o‘lmasin.
Turkistonning bolalari — turk o‘lmasin! –
Yo pirim, yo xojam, yo balogardon.

01.12.2003.

* * *

Ko‘ksiga bosgancha opoq boshimni,
Goho — tush, gohida — o‘ngimda mening,
Ostin-ustin qilib ellik yoshimni,
Bir gul unayotir ko‘nglimda mening.

Devordan tusholmas — ko‘zgu maxdiyo
Xiyol egilib soch tarashlariga.
Arziydi umrimni aylasam fido,
Bir bor kulibgina qarashlariga.

Gulim, gulim, deyman, gulbarging yozib,
Munavvar aylagin fano dayrini!
Senga sayri chaman, bahor munosib,
Menga qo‘yib bergin xazon saylini.

Qimtinar, xo‘rsinar, bosh chayqar ma’yus:
— Tushgan chekimizga shundayin ulush..
Ne baxtdir, tasavvur eta olmaysiz,
Bir bog‘da ochilib bir bog‘da so‘lish.

Xo‘rligim keladi goh turib-turib,
Kim bo‘ldim senga men, ey nurli xilqat?
Tosh qotgan diydamni toshlarga urib,
Yig‘lagim keladi, yig‘lagim, faqat.

Mehru muhabbat deb yelgan-yugurgan,
Zaminu zamondan adashgan go‘yo.
U — yo kelajakdan tashrif buyurgan,
Bobur zamonidan kelib qolgan yo!..

26.12.2003.

TOPIB BЕRINGLAR

— Qanday bastakorsiz, yozmaysiz qo‘shiq?!.
— Birov ta’na qilar, birov hiringlar…
— Men qo‘shiq yozardim, qayda u oshiq –
— Botir Zokirovni topib beringlar.

— Bo‘lsin qattiq-qirov hayotingiz yoz.
Jannat bog‘larida gullar teringlar.
Qayda u, qaydadir ilohiy ovoz,
Botir Zokirovni topib beringlar.

Samum bosib kelar, hansirar sahro,
Tuya qo‘ng‘irog‘i miskin jiringlar…
Gazli, izlaganing sabomi, sado?! –
Botir Zokirovni topib beringlar.

Sochlarin to‘lqini — taroqqa isyon,
Ko‘zlarin yolqini — qaroqqa isyon.
Surati, siyrati muhabbat inson –
Botir Zokirovni topib beringlar.

Bilguvchim, ko‘rguvchim, birsanu borsan,
Har ishga hamisha qodirsan, durkun.
Rabbim, nahot sen ham qo‘shiqqa zorsan,
Uni dargohingga chorlading bir kun.

Jannat eshiklarin ochdi siz-sizlab:
Ozurda yuraklar, yumshang, eringlar!
.. .Biz g‘ofil bandalar yuribmiz bo‘zlab:
Botir Zokirovni topib beringlar.

HASRAT

Mo‘’tabar dargohdir ishxonam* ayon,
Havas qilguvchilar lekin bilmaydi…
Mening huzurimga hech kim, hech qachon,
Faqat sog‘ingani uchun kelmaydi!

*Shoir o‘zi ishlagan Prezident devonini nazarda tutmoqda

DA’VAT

Beklardek yashamoq a’moli bekning,
Magarkim holing yo‘q, qad rostla, hollan.
Sharti juda oddiy o‘zbekchilikning:
Amir Temur, Alisher Navoiy bilan qurollan!

Muhammad Rahmon. ‘Abadiy nido’ kitobidan she’rlar — XDK by Khurshid Davron on Scribd

(Tashriflar: umumiy 953, bugungi 1)

Izoh qoldiring