Ergash Jumanbulbul tavallud topganiga 145 yil to’ldi.

088
Май ойининг илк ёмғирли кунларида Эргаш Жуманбулбул чопони ёмғирда ивиб Каттақўрғон вокзалига етиб келган. Аммо пули етишмаганми, проводник уни вагондан тушириб қолдирган. Оқин шу ерда қаттиқ шамоллаб касал бўлиб қолган. Дафтар вокзалда йўқолган. Таниган-билганлар уни Қўрғонга кузатиб қўйишган. Аммо Эргаш ота йўлда ҳолсизланиб, Синдор амакисининг уйига бир амаллаб етиб олган…

07

Эргаш Жуманбубул ўғли халқ достонларини маҳорат билан ижро этувчи ижодкор бахши эди. Унинг етти аждоди шоир ўтган ва машҳур бахшилар сифатида ҳамиша устозлар қаторидан ўрин олган, отасининг Жуманбулбул номига эга бўлишининг ўзи бу оиладаги истеъдод эгалари кўп етишганлигидан далолат беради. Ундан Ҳоди Зариф, Ғози Олим Юнусов, Муҳаммад Исо Эрназар ўғли каби олим ва зиёлилар 33 номдаги асарларни ёзиб олишган. Унинг асарларидан намуналар ва ижоди ҳақидаги мақолалар сони 200 га яқин. Айниқса, ўзбек фолклоршунослигининг асосчиси Ҳоди Зарифов томонидан ёзилган мақола, илмий тадқиқотларда Эргаш шоирнинг улкан халқ санъаткори экани асосли тарзда мисоллар билан таҳлил қилинган.
Эргаш Жуманбулбул ўғли 1868 йилда Нурота туманига қарашли Қўрғон қишлоғида туғилган. Шоир ота-боболари шу қадар достон айтишга моҳир эдиларки, уларнинг ижро усулидаги ўзига хослик Эргаш туғилган қишлоқ номини ўзбек достончилигидаги алоҳида мактаб сифатида тан олинишига сабаб бўлди. Эргаш Жуманбулбул ўғли эса бу мактаб номини абадийлаштиришга муносиб ҳисса қўшди.
1875—76 йилларда Жуманбулбул ўғлини қишлоқ масжиди ҳузуридаги мактабга ўқишга беради. Ўқишга бўлган ҳавасини ҳисобга олган ота ўз ўғлини Бухоро мадрасасида ўқитади. Натижада, Эргаш шоир ўз давридаги ўнлаб бахшилардан фарқли равишда ўқиш-ёзишни ўрганди, Низомий, Навоий, Машраб каби шоирлар асарларини мутоала қилди, ҳатто кейинчалик мирза (котиб) бўлиб ишлади.
Эргаш шоирнинг шахсий ҳаётида оилавий мусибатлар кўп бўлди. 18 ёшида унинг отаси вафот этган. Укалари Абдухалил, Абдужалил, синглиси Маҳкамой ёш пайтларида дунёдан кўз юмганлар. Шунинг учун шоирнинг термаларида оилавий бахтсизлик ҳақидаги мисралар ижодининг салмоқли қисмини ташкил этади. Хусусан, укаси Абдухалил ўлими билан боғлиқ айтган йиғида шундай дейилади:

Эмранди танимда жоним,
Хазон бўлди гулистоним,
Йиғлашиб ёр-ёроним,
Бемаҳал қуриб бўстоним,

Қўлдан учди бўз тарлоним,
Эшитинглар, қадрдоним,
Ёлғиз иним, суянганим,
Шунқоримдан жудо бўлдим.

Оилавий қийинчилик ва ташвишлар бахшининг умр бўйи Самарқанд, Зарафшон атрофида қишлоқма-қишлоқ достон, терма айтиб юришга мажбур қилди. Аммо шу билан бирга бу муттасил сафарлар уни одамларга танитди, машҳур бахши сифатида ном қозонишга олиб келди, бахшилик санъатининг мукаммал эгаси, устоз шоир бўлиб етишишига сабаб ҳам бўлди. Эргаш шоир умри давомида яна ўқитувчилик, деҳқончилик билан шуғулланди. Ҳаётининг сўнгги йилларида асосан фолклоршунос олимларга достонлар ёздирди, достон айтди, термалар яратди.

Ҳар бир бахши ўз ижоди давомида бир-иккита достонни алоҳида меҳр билан ижро этади. Унга бутун вужудини, истеъдодини бағишлайди. Эргаш Жуманбулбул ўғли «Равшан», «Кунтуғмиш» достонларини ана шундай муҳаббат билан ижро этган. Шунингдек, бахши «Алпомиш», «Қундуз билан Юлдуз», «Далли», «Хушкелди», «Авазхон», «Ҳасанхон» каби ўнлаб достонларни мароқ билан куйлаган. Шоир ижодига хос хусусиятлардан бири ижросидаги достонларнинг сюжет ва композициясидаги мукаммаллик эди. Ёзма адабиёт намуналаридан яхши хабардор бўлгани сабабли бахши Алишер Навоий достонларидаги мукаммалликни оғзаки ижодга татбиқ этади. Шунинг учун «Равшан», «Кунтуғмиш» достонларидан бирон лавҳани олиш ҳам, унга қўшиш ҳам мумкин эмас. Маълум бўладики, ҳар бир ишга ижодий ёндашишга ўрганган Эргаш шоир мадрасада олган билимларини ўзи ижро этадиган достонларга татбиқ этди ва халқ достонларининг бадиий жиҳатдан мукаммаллашувига муносиб ҳисса қўшди. Устоз олим Ҳоди Зарифов бу фикрни тасвир воситаларидан омоним сўзларни қўллашдаги шоир маҳоратини далиллаб шундай кўрсатади: «Шу жиҳатдан биз билган халқ шоирлари орасида сўзга бой Эргаш Жуманбулбул ўғлининг тажнис сўзлари диққатни жалб этади. Биз унинг тажнисли тўртликларидан бир нечтасини қайд этмоқчимиз:

Тоғнинг адири ўради,
Ўрага қўйлар ўради.
Уч тол қилиб санамлар,
Чочини майда ўради”.

Устоз олим биринчи мисрадаги «ўради» кўтариладиган баландликни, иккинчи мисрада оралаб юришни, тўртинчи мисрада соч ўришни англатишини таъкидлайди.
Муҳими шундаки, шоир ўзбек тилидаги бундай гўзал имкониятни алоҳида машқларда, яъни терма айтишларда эмас, балки қулай шароит келгани заҳоти халқ достонларида кўрсатишга уринган. Масалан, «Равшан» достонида Ҳасан сафарга отланган ўғлига насиҳат қилиб шундай дейди:

Қўлингдан келганча чиқар яхши от,
Яхшилик қил, болам, ёмонликни от.
Насиҳатим ёдингда тут, ёлғизим,
Ёлғиз юрса чанг чиқармас яхши от.

Эргаш шоир бутун ҳаёти давомида ўз ватанини, она юртини севди, эъзозлади. Шунинг учун у қалбидаги бу муҳаббатни ижро этаётган достонларидаги қаҳрамонлар хатти-ҳаракати орқали ифодалади. У куйлаган «Гўрўғли» туркумидаги достон қаҳрамонлари мардлиги, ҳалоллиги, тўғри сўзлиги билан тингловчиларни ўзига мафтун этарди. «Равшан» достонида Ҳасанхон дорга олиб келинаётган ўғлини шу заҳоти қутқармоқчи бўлганида, Жайноқ масхарабоз унга авал Равшанни синаш кераклигини маслаҳат қилади. Ҳасанхон рози бўлади. Қорахон подшоҳнинг мулозимлари Равшанга ўз юртидан, Гўрўғлидан воз кечса, Зулхуморни унга беришларини, шу юртга — Ширвонга Равшанни подшоҳ бўлиб қолишини айтадилар. Шунда ёш йигит дор остида мағрур туриб:

«Сен айтган одаминг, золим, мен эмас,
Бир нечалар ўз ҳолини тенгламас,
Мен ўлмасам, ўз элимдан кечмайман!
Азиз бошинг оёғимга тенг эмас!” — дейди.

Бундай мисралар достон ижро этилаётган ҳудудлардаги юзлаб мард ўғлонларнинг тарбиясига таъсир қилган. Шоир юрт меҳри ҳақида уларга ортиқча насиҳатлар қилмай юракларига она диёр қиммати нақадар улуғ эканини сингдириб қўяқолади.

Профессор Ҳоди Зарифов шоир ҳаётининг сўнгги даври ҳақида ҳикоя қилиб, бахши ўз юртига бориб, бир қатор қўлёзмаларни топмоқчи бўлганини, янги-янги термалар, достонлар айтиб беришга ваъдалар қилганини ёзади. Бироқ оғир касалликдан шоир 1937-йил 12-май куни вафот этади. Зукко бахшидан қолган бадиий мерос бугунги кунда юртимиз келажаги учун хизмат қиимоқда.

“Халқ оғзаки поэтик ижоди” китобидан.

066

Ойдин Синдор ўғли
ЭРГАШ ЖУМАНБУЛБУЛ ҚАНДАЙ ВАФОТ ЭТГАН?
Халқ бахшисининг сўнгги кунлари ҳақида янги хотиралар

Ўтган ХХ асрда ҳам бири-биридан улкан салоҳиятли халқ оқинлари ижод майдонида пайдо бўлиб, ўзларидан бизга катта мерос қолдирдилар. Қўрғон фолклор мактабининг забардаст, алп вакили Эргаш Жуманбулбул ўғли шундай оқинларимиздан биридир. Эргаш шоир замонамизнинг буюк достончиси, моҳир санъаткори, халқ орасида «Булбул» номи билан машҳур бадиҳагўй ижодкор эди. Бу улуғ халқ шоиридан бизга тўққизта анъанавий, иккита замонавий достон, бир достоннинг мазмуни, жуда кўп термалар, икки фотосурат, халқ бахшилари ва достончилик санъати ҳақида айтган ажойиб фикрлари ёдгорлик бўлиб қолди. Эргаш отанинг ўзи тўғрисида айтиб қолдирган мана бу байтларида асло лоф, муболаға йўқ, балки айни ҳақиқатдир:

Мен чечанман, ўзим сўзнинг устаси,
Мендан қолган катта шоир нусхаси.
Етти пуштим бари шоирга катта,
Уларнинг сўзининг йўқдир қисқаси…

Шоирнинг айтганича бор. Қўрғон достончилик мактаби уч асрдан кўпроқ вақт мобайнида суяк суриб келяпти. Ёдгор бахши, Жуманбулбул, Тилло кампир, Султон момоларнинг авлодлари ҳозир ҳам оқинликни давом эттириб келяптилар. Томирида бахши боболари қони жўш уриб, шеърлар ёзаётган Комил Синдоров айтганидек, Қўрғон заминида «Ҳатто қизғалдоқнинг бийрон тили бор, Қўрғоннинг бир эмас, кўп булбули бор». Уларнинг орасида, айниқса, Эргаш Жуманбулбул, Пўлкан шоир, Раҳматулло Юсуф ўғли алоҳида ажралиб туради. Уларнинг дўмбираларидан таралган тароналар элимиз маънавиятини обод қилиб келмоқда. Эргаш ота ХВИИ асрда ўтган Ёдгор бахши сулоласининг ХХ асрдаги зурёди эди.
Менинг отам Синдор — Қувондиқ бахшининг ўғли бўлган. У киши ўз давридаги бахшилар, халқ шоирлари ҳақида кўпгина қимматли хотираларни сўзлаб берган. Шулардан бир-иккитасини айтиб берай. Маълумки, Эргаш Жуманбулбул ўғли 1936 йилнинг охирларида Тошкентга келган. Халқ шоирлари билан бу ерда катта учрашувлар уюштирилган. Биринчи шундай анжуманда атоқли фолклоршунос олим Ходи Зариф уларни битта-битта таништириши керак эди. Бошлаб Пўлкан шоирдан: «Кимсиз, қаердансиз?» деб сўраган. «Мен Хатирчидан» деган бахши. Кейин булунғурлик Фозил Йўлдош ўғли, китоблик Абдулла шоирлар ўзини таништиришган. Навбат Эргаш бобога келганида, у дўмбирани қўлга олиб, куйлай бошлаган:

Раёним Нурота тоғлар ораси,
Отим Эргаш Жуманбулбул боласи.
Қаридимми десам кўнглим қоласи,
Тобора ошади ёшдан ҳаваси…

Зални олқишлар, гулдирос қарсаклар тутиб кетган. Эргаш ота ана шундай чечан, бадиҳагўй бахши эди.
Эргаш бобо 1937 йилнинг апрелигача Тошкентда яшаган. Ходи Зариф ундан «Дали», «Хуш келди», «Равшан», «Қундуз билан Юлдуз» достонларини ёзиб олган.
Ходи Зариф Эргаш Жуманбулбул ўғлини Тошкент шаҳри бўйлаб олиб юриб, саёҳат қилдирган. Унинг «Тошкент таърифи» деган машҳур термаси ана шу саёҳат таассуротлари асосида яратилган. Бугун, мустақиллик даврида Тошкент деярли қайтадан қурилиб, дунёнинг энг гўзал шаҳарларидан бирига айланмоқда. У ҳар куни бир чирой очяпти. Эргаш бобонинг:

Тошкент ободлиги ҳаддидан ошган,
Ўзбекистон Марказига ярашган.
Кўрмаганлар кўрса, ақли шошган,
Хўп қидириб, обдон билгали келдим

деган ажойиб сатрлари худди бугунги Тошкент ҳақида айтилгандай садо бериб турибди.
Эргаш Жуманбулбул ўғлининг Абдухалил деган укаси бўлган. Афсуски, у ўсмирлик ёшида оламдан ўтган. Отамнинг айтишича, у болалигидаёқ дўмбирани сайратиб чалган, ниҳоятда баланд хушовоз соҳиби бўлган экан. Бунинг устига, унинг ўткир хотираси ҳаммани ҳайратда қолдирган. Катталардан бутун-бутун достонларни бир эшитишдаёқ ёд олиб, давраларда эмин-эркин куйлаган. Эргаш ота «Кунларим» достонида эслаб айтганидай, у дўмбирада достонларни куйлаганда тингловчиларни оғзига қаратиб қўйган. Абдуҳалил 19 ёшида, тун алламаҳалда, катта бир даврада «Якка Аҳмад» достонини куйлаётиб, ҳушдан кетган. Абдуҳалил апрел-май ойларида кўз очмай ётиб июн ойида вафот этган. Эргаш Жуманбулбул ўғли шундан кейин достонда нодир қобилиятли укасининг ҳаётдан ёш кетганлигини кучли дарду нолалар билан байтларга солади.
Отам — Синдор Қувондиқ ўғли Эргаш ота ҳаётининг сўнгги кунларига тааллуқли яна айрим воқеаларни айтиб берган эди. Эргаш Жуманбулбулни 1937 йилнинг апрелида Тошкентдан қишлоғига кузатиб қўя туриб, Ходи Зариф унинг қўлига 100 варақдан иборат йирик бир дафтарни берган ва поездга чиқариб қўйган. Эргаш ота ўз ватани — Қўрғон қишлоғига келиб, шу дафтарга достонлар ва тўқиган термаларини ёза бошлаган. Қисқа муддатда дафтарни тўлдирган. Кейин, 1937 йилнинг май ойи бошларида Тошкентга бориб, Ходи Зарифга шу дафтарни топширайин деб йўлга отланган. Қўрғон қишлоғидан чиқиб, йўл-йўлакай ошналариникига бир-бир кирган. Жизмон қишлоғида бўлган, кейин Пайшами қишлоғига ўтган. Пайшами қишлоғидаги биродарининг уйига Пўлкан шоир, Ислом шоирни ҳам таклиф этган. Қишлоқ аҳолиси ўртасида уч шоир достон ва термалар айтишган. Кейин улар Эргаш отани Каттақўрғонга кузатиб қўйишган.
Май ойининг илк ёмғирли кунларида чопони ёмғирда ивиб Каттақўрғон вокзалига етиб келган. Аммо пули етишмаганми, проводник уни вагондан тушириб қолдирган. Оқин шу ерда қаттиқ шамоллаб касал бўлиб қолган. Дафтар вокзалда йўқолган. Таниган-билганлар уни Қўрғонга кузатиб қўйишган. Аммо Эргаш ота йўлда ҳолсизланиб, Синдор амакисининг уйига бир амаллаб етиб олган.
5-6 май кунлари Синдор амаки, унинг сўровига биноан эшакка миндириб, Қўштамғали қишлоғидаги куёви Турдимникига олиб борган. Оқин шу қишлоқда бир ҳафта оғир ётиб, 1937 йилнинг 11 май куни кечаси вафот этган… Шу қишлоқ қабристонига дафн этилган.
Мен, аслида, мактабларда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаганман. Лекин Эргаш Жуманбулбул бобонинг ижодига болаликдан маҳлиё бўлиб келдим. Буюк оқинга шу туганмас меҳр-эътиқодим туфайли 70-йилларда бир хайрли ишга қўл урдим. Қўшработ, Хатирчи, Паяриқ, Иштихон туманларида бўлиб, Қўрғон, Қўштамғали, Қоракисса, Тепалик, Жўш, Оқ мачит қишлоқларини биттама-битта кезиб, Қўрғон достончилари яшаб ўтган даврлардан ёдгор бўлиб қолган осори атиқаларни — кийим-кечак, дўмбира, қўлёзмалар, тангалар, шунингдек, плакатлар, суратларни тўпладим. Уларнинг орасида Эргаш отага тааллуқли буюмлар — шоирнинг дўмбираси, қаламдони, Бухоро мадрасаларида ўқиган даврдаги сандиқчаси, чопони, кўрпа-ёстиқлари, кийган калиши, ўзи ясаган сандал, ов милтиғи, қўл тегирмони (ярғичоғи) ҳам бор эди. Шундай қилиб, уйимнинг битта хонасини Эргаш Жуманбулбул ўғли уй-музейи сифатида безатдим.
Ниҳоят, 1978 йилда Эргаш бобонинг 110 йиллиги нишонланадиган бўлди. Шу муносабат билан Қўрғонда уй-музей учун жой ажратилди. Катта музей биноси қурилди. Бисотимни у ерга кўчирдим. Атрофида турли мевали дарахтлар олиб келиб, боғ кўкартирдим. Шоирнинг Қўштамғали қишлоғидаги ҳоки кўчириб келтирилди. Боғда шоирнинг ҳайкали қад ростлади. Кўп йиллар шу музейда ишладим. Яна қанча қўшимча осори-атиқаларни тўпладим. Уларнинг сони 3 мингтадан ошиб кетди. Музей-йирик тарихий хазинага айланди. Ҳозирги кунда ёшим 70 дан ошганлиги сабабли, музейни ва унинг атрофидаги боғ назоратини келиним Саодат Синдоровага ишониб топширдим. Музейга келувчилар йил сайин кўпаймоқда.
2013 йилда Эргаш Жуманбулбул таваллуд топганига 145 йил тўлади. Шоир асарлари ватанимиз, халқимиз ардоғида. Унинг беш китобдан иборат «Булбул тароналари» асарлар мажмуаси нашр этилди. Буюк халқ шоирининг номи ва ундан қолган бадиий дурдоналар бундан кейин ҳам миллатимизнинг маънавий ривожига хизмат қилаверади. Элимизда Булбул тароналарига мафтункорлик ҳеч қачон сўнмайди.

0777

ERGASH JUMANBULBUL O’G’LIDAN YOZIB OLINGAN «KUNTUG’MISH» DOSTONINI CALAMEO YORDAMIDA MUTOLAA QILISHINGIZ,PRINTERDAN CHIQARISHINGIZ VA YUKLAB OLISHINGIZ MUMKIN.

(Tashriflar: umumiy 694, bugungi 1)

Izoh qoldiring