Nodir Normatov. Tog’ni… yaqindan ko’rib bo’lmaydi.

shukur aka
     «Шукур аканинг ўзига хос инжиқликлари ҳам бор эди, – дейди Усмон Азим. – Ростини айтганда, Шукур акани шляпасиз, машинкасиз, сигаретсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу шляпасини сира ечмас эди. Бир куни ҳовузда чўмилишга мажбур этдик. Сузишни билмайсиз дедик. Биларкан, зўр сузар экан. Ҳамма сувда бошини сал кўтариб сузса, у киши кўкрагини сувдан чиқаргунча, бошини ғоз кўтариб сузиб кетди. Бошида шляпа. Ўшанда ҳам шляпасини ечмаган эди».

kalam

Нодир Норматов
«ТОҒНИ… ЯҚИНДАН КЎРИБ БЎЛМАЙДИ»

     Ўтган асрнинг 80-йиллари эди. Бир куни кечқурун телефон жиринглаб қолди. Гўшакни кўтарсам, Шукур аканинг овози эшитилди:
– Нодиржон! Нима қилиб ўтирибсиз, оғам?
– Китоб томоша қилиб ўтирибман, – дедим. – Келинг.
– Шундайми? Ишламаётган бўлсангиз, бир кўришсак бўларди, – деди у киши.
Орадан кўп ўтмай эшик қўнғироғи чалинди. Эшикни очганимда, ҳар доимгидек бошига шляпасини бостириб кийган Шукур ака, унинг орқасидан каттақўрғонлик ҳаваскор драматург Иноятилло Рустамов кўринди.
– Ёлғиз ўзингиз экансиз-да, – деди Шукур ака. – Қандай яхши!
– Нимаси яхши… – дедим, – ҳаммаёқ ивирсиб ётибди. Хотиним Бухорога, онасидан хабар олгани кетган. Болалар эса Сурхондарёга, қишлоққа кетишган.
Уларни ўтиришга таклиф этар эканман, дарҳол дастурхон ёзишда аёлнинг йўқлиги панд беришини ўйлардим. Шукур аканинг йўриғи бошқа. У киши ижод билан машғул пайтда Дўрмондаги боғига чиқиб кетишларидан, ойлаб бир ўзи яшашидан хабарим бор эди.
– Энди, оғам, ижодкор дегани ишлаётган пайтда унга ҳавода учаётган пашшанинг ғинғиллаши ҳам ортиқчалик қилади… Бу, сиз китоб томоша қилаяпман, дедингиз. Томоша қиладиган китобларингиз кўпми, дейман?
Мен ўша кезлари миниатюра санъати тарихига қизиққанлигим сабабли, бу соҳадаги жуда кўплаб китобларни, альбомларни йиғаётган эдим. Ҳатто шарқшунос Абдумажид Мадраҳимов билан ҳамкорликда «Шарқ миниатюралари мактаби» деган каттагина альбом ҳам тайёрлаб нашр эттирган эдик. Ўша альбомни кўрсатдим.
– Э, шундай демайсизми? Мен анави, усти ялтироқ, муқовалари зўр, ўзи бир чақага арзимайдиган китобларни айтаяпсизми деб ўйлабман.
Шукур ака билан миниатюралар тарихига оид мавзуда суҳбат қилдик.
– Миниатюрага Рўзининг фикри қандай? – қизиқди Шукур ака.
– Рўзи ака: «Миниатюра кўлёзма асарлар моҳиятини очиб беришда безак сифатида зўр, аммо дастгоҳли рангтасвир ўрнини у боса олмайди, биздаги рангтасвир илдизини Афросиёб, Панжикент, Варахша, Сополлитепа, Болаликтепа деворий суратларидан излаш керак», дейди.
– Рост айтади, – деди Шукур ака. – Сурхондан топилган деворий суратларни Рўзидаги китобларда кўрганман. Муаллифлари номаълумлигидан афсусланаман. Эрамиздан аввал ўтган бу рассомлар. У пайтларда Рафаэл ҳам, Леонардо да Винчи ҳам,бошқаси ҳам йўқ эди. Бизнинг рассомларимизнинг айблари шуки, номларини ёзиб қолдиришмаган.
– Ким билади, улар ёзиб қолдиришган бўлса ҳам, урушлар, талатўплар туфайли йўқ бўлиб кетгандир.
– Балким шундайдир…
Кейин суҳбатимиз этнография, халқлар, уруғлар, қавмлар мавзусига кўчди. Кармишева деган этнограф аёлнинг «Очерки народов южного Узбекистана и Таджикистана» деган китоби устида суҳбат қурдик. Бу китобда Сурхондарё воҳасида яшовчи эл-элатлар, уруғлар ҳақида, уларнинг ҳаёти, яшаш тарзи, урф-одатлари, маросимлари ҳақида кўплаб маълумотлар келтирилганди. Аммо бу маълумотлар ичида чалкашликлар ҳам учраб туради. Шукур ака уруғларни билишга қизиқарди. Буюк мутафаккир сўфий Жалолиддин Румий «Мен 72 мазҳабнинг ичида борман» деганлари каби, Шукур ака ҳам қайси даврада ўтирган бўлса, ўша ердаги уруғларнинг вакили сифатида суҳбат қурарди. Мен уларга «Исскуство древнего шумера» деган альбомда босилган қисқача луғатни кўрсатдим. Ундаги кўпгина сўзлар бизнинг туркий тилимизга жуда ўхшашлигини айтдим. Масалан, шумер тилидаги «иша» сўзининг биздаги «эшак»ка яқинлиги. Ёки ака, ука, опа, ота, она каби сўзларга эътиборини қаратдим… Шукур ака тўлқинланиб кетди:
– Улардаги Гилгамиш бизда Алпомиш… эҳ-ҳе! Тарих, турган-битгани сир… Хазина… Олжас (қозоқ шоири Олжас Сулейманов) ўз китобида шумерларни туркий уруғ деб бекорга ёзмаган экан. И-йе! Бу қанақа альбом? Суратлари кўзимга иссиқ кўринаяпти, – деди Шукур ака Москвада «Советский художник» нашриётида чоп этилган Рўзи Чориевнинг «Люди и земля Узбекистана» деб номланган альбомини кўриб қолиб.
Альбомни очиб варақлар экан:
– О-ҳо!!! – деди Шукур ака ўз қувончини яшира олмай. – Зўр-ку!
– Рўзи ака эллик ёшга киряпти. «Санъат» журналига бирор нарса ёзиб бера оласизми?
– Ёзаман! Ўзим ҳам шу нарсани ўйлаб юргандим.
Шукур ака билан бундай учрашувларимиз, суҳбатларимиз кўп бўлган. Айниқса, рассом Рўзи Чориевнинг устахонасида Шукур ака билан Рўзи аканинг мулоқотларини эсласам, беихтиёр юзимга табассум югуради. Улар ёш боладек тез-тез уришиб, дарҳол ярашиб кетишарди. Бир-бирига меҳри зўр эди. Рўзи ака вафот этганида, кечаси билан ухламай чиқиб, ёзган марсия-мақоласини эсланг. Ичи тўла изтироб. Ва… орадан бир йил ўтиб, Шукур ака ҳам ломаконга кетди. Чиғатой қабристонига кирганимда, адиб қабрини зиёрат қилатуриб, Самад Вурғуннинг ушбу сатрлари ёдимга тушаверади:

…Ёз эй, Вурғун, тин эй довул, ки хоҳиш истироҳатдур,
Бу дунёда илинжим йўқ, юпанчим бир саёҳатдир,
Ўлим эвоҳ, бир неъматдур, у бир шонли саодатдур,
Агар бевақт ўлар бўлсам рақибим бахтиёр ўлсун.

2006 йил 11 август куни эди. Биз устоз шоиримиз Абдулла Орипов бошчилигида қабр бошига ёзувчи Шукур Холмирзаевни ёд олиб, хотирлаб, ёдгорлик ўрнатиш маросимига йиғилган эдик… Усмон Азим, Эркин Аъзам, Муҳаммад Раҳмон, Абдулла Аъзам, Мирзо Кенжабек, Низом Комил, Сирожиддин Саййид, Мурод Абдуллаев, Қўчқор Норқобил, Хосият Рустамова, Абдумажид Азим… Ёзувчининг оила аъзолари, ёру дўстлари, адабиёт мухлислари… «Шонли саодатни, бу бир неъмат»ни бошдан ўтказиб, «иккинчи ҳаёт»ини бошлаган ёзувчи йиғилганларнинг хаёл кўзгусида, дилида, ўйида эди. У худди ёнимизда ўзи ҳақида эслаб айтилган гапларни гоҳ кулимсираб, гоҳ илжайиб, гоҳ истеҳзо аралаш қошларини чимириб, «бу билади, ёмон бу», «вой, у нодон-ку», «шуниси тузук», «оғажон, шуни гапирманг», деб луқма ташлаб тургандай бўлди.
Таассуротлар, хотиралар – ўтмиш билан учрашувнинг ягона йўли. Таассуротлар, хотиралар кўп эди. Йиғилганларнинг ҳаммаси бир шингилдан айтди.
Ҳар ким дунёни, инсонни ўзича кўрадими ёки дунё, инсон ҳаммага ҳар хил кўринадими?.. Хотиралар самимий эди. Чунки ёзувчининг одамлардан ёлғиз ўтинчи ҳам шу эди.
«Шукур Холмирзаев билан замондош бўлганимиздан фахрланамиз, – дейди Абдулла Орипов. – Мен у билан университетда бирга ўқиганман, нашриётда бирга ишлаганман. Тоғни бор бўйича яқиндан кўриб бўлмайди. Ундан узоқлашганинг сари, салобатини, маҳобатини, бор бўйи-бастини кўра бошлайсан. Шукур Холмирзаев адабиётимизда ана шундай тоғлардан бири эди… Ўтган асрнинг иккинчи ярмида адабиётимиз тарихида кўп эмас, Ойбек, Абдулла Қаҳҳордек сиймолардан сўнг, Шукур Холмирзаев деган ёзувчи қолади. Бунинг сабаби истеъдоди, санъати, меҳнати»…
«Шукур ака адабиётга унча-мунчани, ёзишни билмайдиган, истеъдоди йўқ одамларнинг киришини хоҳламас эди, – дейди Эркин Аъзам. – Адабиёт гўё бир сарой, дарвозасининг калити худди унинг киссасидадек эди. Адабиётни ўзиникидек деб билар эди. Ва бунга унинг ҳақи ҳам бор эди».
«Менга қолса, ҳеч иккиланмай, Шукур Холмирзаев маҳорати мактабини очган бўлар эдим, – дейди Аҳмаджон Мелибоев. – Ҳозирги ёшларимизнинг кўпчилиги тилда, жумла тузишда оқсашяпти. Шукур аканинг ижоди улар учун катта мактаб бўлар эди».
«Шукур аканинг ўзига хос инжиқликлари ҳам бор эди, – дейди Усмон Азим. – Ростини айтганда, Шукур акани шляпасиз, машинкасиз, сигаретсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу шляпасини сира ечмас эди. Бир куни ҳовузда чўмилишга мажбур этдик. Сузишни билмайсиз дедик. Биларкан, зўр сузар экан. Ҳамма сувда бошини сал кўтариб сузса, у киши кўкрагини сувдан чиқаргунча, бошини ғоз кўтариб сузиб кетди. Бошида шляпа. Ўшанда ҳам шляпасини ечмаган эди».
«Шукур аканинг имижи эди-да шляпа. Чеховни кўзойнаксиз тасаввур этиб бўлмаганидай, Шукур акани ҳам шляпасиз тасаввур этиб бўлмайди-да», – дейди Аҳмаджон ака.
Ўша куни Шукур акани эслаш баҳонасида, адабиёт, санъат, ҳаёт ҳақида гурунг бўлди.
«Баъзида яшаш ҳам жонга тегиб кетади, – дейди моҳир таржимон, ёзувчининг қалин дўсти Низом Комилов, – бу дунёнинг ташвиш-азобларидан, дардларидан қутулиб кетди. Шукур билан даврада айтиш шарт бўлмайдиган кўп воқеаларни бошдан кечирганмиз».
Низом ака бир жиҳатдан ҳақ. Ҳаёт, бу – айтиш мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган унсурлардан, воқеалардан, таассуротлардан иборат. Аммо Шукур ака ана шундай ҳаёт воқеаларини бадиий шаклларга солиб, китобхонга етказа оларди. Унинг учун айтиб бўлмайдиган нарсанинг ўзи йўқ эди. «Фақат шаклини, услубини топиш керак», дерди у.
«Бир куни Саъдулла Аҳмад билан Шукур Бурҳонни кўргани уйига бордик, – деб эслайди Усмон Азим. – Гап орасида буюк актёримиз сўраб қолди: Шукур Холмирзаев деган ёзувчи борми? – Бор. Зўр ёзаяпти, – дедик. Шукур Бурҳон қўл силтади… – Э, унинг ёзувчилиги қаерни оларди? Ундан буюк актёр чиқиши мумкин эди». Кейин эсладик. Шукур Холмирзаев университетда ўқиб юрган пайтлари Шукур Бурҳон драма тўгарагини очган, ўшанда Шукур Холмирзаев Гамлет, бўлғуси рафиқаси Саида опа Офелия ролини ўйнаган. Ўшанда спектакль Ҳамза театр биносида қўйилган. Умрида бирор артистни табрикламаган Шукур Бурҳон ўша куни саҳнага чиқиб шу ролни ўйнаган Шукур Холмирзаевни қучоқлаб, «зўр ўйнадинг», деб елкасини қоққан экан. Усмон Азимга бу воқеа шоҳиди бўлган Ўзбекистон халқ артисти Рихсивой Авазов айтиб берибди.
Нима дердик! Шукур Холмирзаев ёзувчи бўлмаганида, зўр актёр бўлар эди. Аммо ўзининг қайд этишича эса, ё биолог ёки қадимшунос бўларкан. Мен бунга шубҳа қилмайман. Шукур ака билан мен учрашган, кўришган пайтларимизда суҳбатларимиз кўпроқ қадимшунослик, этнография, ўт-ўланлар, тоғлар ҳақида бўларди. У биринчи марта бизнинг қишлоғимизда Рўзи Чориев билан меҳмон бўлганида, тоғларнинг номини сўради. «Бу томон Оқтоғ, бу томон Қоратоғ», – дедим. «Қаранг-а, кўп жойларда кўрдим – Оқтоғ – Қоратоғ дейишади. Нега шундай-а?»
Буни ўзимизча шарҳладик. Қуёш чиқадиган тоғ томони оқариб кўринади. Шу боис номи Оқтоғ, қуёш ботадиган тоғ томони қорайиб кўринади. Шу боис Қоратоғ. Мен яна қора – бу катта дегани, қаранг, бу тоғ Оқтоғдан бир неча бор улкан, десам, гапимга қўшилди.
«Адабиёт ўлмайди», деб ёзган эди Шукур Холмирзаев. Адабиёт ўлмас экан, демак, уям ўлмайди, – дейди Абдулла Орипов.
Ўша куни Абдулла Орипов бошчилигида бир гуруҳ ёзувчилар, шоирлар, адабиёт мухлислари рассом Рўзи Чориев қабрини ҳам зиёрат қилишди.
– Мана бу «Академик Рўзи Чориев» деган ёзувга ҳожат йўқ. «Рассом Рўзи Чориев» деган сўзнинг ўзи кифоя эди. Дантенинг «Илоҳий комедия»си таржимони вафоти олдидан фақат бир сўзни, шу асарнинг таржимони деб ёзсанглар деб, васият қилган экан. Худди шундай, унвонлару амаллар ўз йўлига, инсонинг қадри, иззати ўзи қолдирган амали – иши билан ўлчанади.
Ҳақ гап. Дунёдан қанча-қанча унвонларга, орден-медалларга, амалларга, сохта шон-шуҳратларга эга бўлган одамлар ўтмади, дейсиз. Нима қолди улардан? Ўйлаб қоласан киши. Тарихда Амир Темур номи билан қолган буюк ватандошимиз ибрат намунаси эмасми?
Шукур Холмирзаевга энди ҳеч нима керак эмас, аслида. Тириклигида ҳам унга кўп нарса керак эмас эди: бир бурда нон, бир пачка сигарета, машинка ва… озгина меҳр кифоя эди.
Аммо, тириклар учун, адабиётни ардоқлаб севган инсонлар учун керак бу тадбирлар, хотиралар, ёдгорликлар. Бунинг учун ёзувчининг қизи Сайёрахонга ўша куни қайта-қайта раҳматлар айтдик.
Мана, улуғ адибимизни озроқ эсладик ҳам. Эслаганда ҳам уни биргина ёзувчи эмас – актёр, боғбон, овчи, содда, қайсар, мураккаб инсон сифатида – хуллас минг бир қиёфада эсладик. Аммо унинг саъй-ҳаракатлари аслида бир нарсага – адабиётга фидойи бўлиб хизмат қилишга қаратилганлигини ҳаммамиз ич-ичимиздан англаб турардик.

2006 йил

(Мақола Сайёра Холмирзаева масъул муҳаррирлигида чоп этилган “Шукур Холмирзаев замондошлари хотирасида” (Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги НМИУ, 2010) тўпламида эълон қилинган. Мақолада учрайдиган имло хатолари бизнинг айбимиз, бунинг учун узр сўраймиз – Отабек Муҳаммадий)

Manba: Shukur Xolmirzayevning facebookdagi sahifasi.

(Tashriflar: umumiy 128, bugungi 1)

1 izoh

  1. истедотсизлар доим истеъдодлиларга халал бериб келган.навоийни омма тушуниши учун деталь холатига келтириб изохлаш шартмас.жаконда майда булакланиб,ёки ранг таркиби айтиб томошага куйилмайдику.Навоийни бошкатдан, хозирги тилимизда гапиртириб ёзиш керак.Ойбек домла навоийни роботга ўхшатиб куйган,менимча у жушкин инсон булган,кийими хам доим бир хил булганига шубхам бор.Фарход

Izoh qoldiring