Келгуси бир неча ҳафта ичида ўзбекистонлик машҳур хонанда Севара Назархон ўзининг илк инглиз тилидаги қўшиқлар альбомини муҳлисларига тақдим этиши кутилади. “The Sun that Bleaches” (Доғлардан халос қилувчи қуёш) деб номланган янги альбом Британияда тайёрланмоқда. Альбом продьюсери ёш британ мусиқашуноси Олли Смит. Биз ундан Севара Назархон альбомини тайёрлаш унинг учун қандай тажриба бўлганини сўрадик.
Смит: Бу мен учун катта аҳамият касб этади, чунки мен кўпдан бери Севаранинг муҳлиси бўлиб келганман ва ҳар доим у мен тушунадиган тилда, яъни инглиз тилида куйласа қандай бўлишини ўйлардим. Лекин, у ҳатто ўзбек тилида куйлаганида ҳам, мен гўёки тушунардим нималар ҳақида куйлаётганини, чунки унинг беқиёс овозидан қўшиқни тушунсангиз бўлади. Лекин, инглиз тилидаги қўшиқлари ҳам жуда яхши чиқди – мен аввало у билан ўзим ёзган қатор шеърларимга асосланган қўшиқлар устида ишладим, сўнг Севара мен аввалроқ ёзган қўшиқларимни ўзлаштириб куйлади. Севара билан ишлашнинг шу тарафи ёқади менга, чунки у ҳар қандай материални олиб, ўзиники қила олади. Бунақаси камдан-кам учрайди.
Би-би-си: Демак, сиз нафақат альбом продьюсерисиз, балки шеърлар муаллифи ва бастакор ҳам?
Смит: Ҳа, шундай. Севара билан илк ҳамкорлигимда унинг учун шеърлар ёздим, Севара бу шеърларни ўзбекча ё русчага таржима эттириб ишлатиши мумкин деган мақсадда. Лекин, дўстлигимиз кучайиб борар экан, мусиқасини ҳам мен басталасам яхши бўларди деган фикр туғилди. Инглиз тили она тили бўлмаган киши учун инглиз тилида куйлаш осон эмас. Лекин, Севара билан иккимиз ўртамизда мустаҳкам ишонч пайдо бўлди ва, “кел, аввалига бир-иккита ашулани яратиб кўрамиз, уёғини кейин кўрамиз” дедим, ва шу билан бориб-бориб бутун альбомни ишладим, ва бундан жуда мамнунман. Ўзи бошида Севарага кимдир мен ҳақимда гапирган экан, чунки Севара фақат инглиз тилида шеър матнини ёзиб берадиган кишини қидираётган бўлган. Кейин учрашганимизда жуда дўстлашиб қолдик, мусиқа саноатида ўзаро тушуниш ва дўстлик бўлиши жуда муҳим, бўлмаса қийин бўларди.
Би-би-си: Қўшиқлар нималар ҳақида бўлишини Севара Назархон билан келишишингизга тўғри келдими?
Смит: Аввалига менга Севарага ёқадиган форс ва суфий шеърияти нусхаларини беришди ва мен уларнинг таржимаси билан танишдим. Сўнг бу йил январида мен Ўзбекистонга бордим, Тошкент ва Хивани кўрдим, у ердаги одамлар онгини, нималарга қизиқишларини ўрганишга уриндим. Кейин илк шеърларимни ёзганимда, Севара уларни ўзига боғлиқ бўлиши учун буткул бўлак-бўлак қилиб, яна бирлаштирди. Бошқа баъзи қўшиқларга келсак, улар менинг қўшиқларим эди, ва Севара уларни эшитиб “сен нима демоқчи бўлаётганингни англаяпман, мен мана шуни куйлашни истардим,” деди. Шундай экан, альбомдаги 4-5та қўшиқ менинг эски қўшиқларим, лекин Севара билан қайта ишлаганмиз. Қолганлари эса яп-янги қўшиқлар. Умуман, альбомда 12-14та қўшиқ бўлади.
Би-би-си: Улар нима ҳақида? Одатда Севара Назархоннинг ўзбек тилидаги қўшиқларида фалсафий мавзулар ҳам кўтарилади. Инглиз тилидаги қўшиқлар ҳам шунга ўхшашми?
Смит: Ҳа, жуда ўхшаш бўлади. Улар катта мавзулар ҳақида, дунё ҳақида, ҳаёт ўзгараётгани, умуман инсон шароити ҳақида. Бу қўшиқлар бир вақтнинг ўзида жуда шахсий ва айни дамда умумбашар туюлиши мумкин. Севаранинг маҳорати шундайки, у ўзи ҳақида куйлай туриб, тингловчига ҳам таниш бўлган универсал мавзуларни кўтара олади… Тошкентга кейин яна бир неча марта бордим, дўстлар орттирдим, ва англадимки, ўртамизда фарқлар қанча кўп бўлса, ўхшашликлар ҳам шунча кўп экан. Тошкентга борганимда ўзимни ўз уйимдагидек сезаман ва дўстлар билан ўзаро суҳбатларимда фикрларимиз ва қарашларимиз ўхшашлиги аён бўлади.
Би-би-си: Янги альбомдаги қўшиқлар ичида сиз учун алоҳида аҳамият касб этадиган қўшиқлар борми?
Смит: Ҳа, иккита шундай қўшиқ бор. Биринчисини аввалига Севара ёзганди ва мен кейинчалик унга шеър битганман. У “Believe” (Ишонч) деб номланади. Менимча, ўзбек тилидаги версияси “Мени сев” деб номланади, лекин, билишимча, уни ҳеч ким эшитмаган. Иккинчи қўшиқни эса мен ёзганман ва у “Natalia” деб аталади. У йўқотилган муҳаббат ҳақида. Бу қўшиқнинг охирида мен ҳам куйлаганман, ва бундан жуда хурсандман. Қўшиқларнинг кўпини Тошкентда ёздик, кейин Британияга қайтиб Бас шаҳри яқинидаги Моулс студиясида аранжировка қилдик. Бу жуда эски, тарихи бой студия, мен уни жуда яхши кўраман. Севара ҳам шу студияга келди ва қўшимча чолғу асбоблари садоларини қўшдик. Бу ерда бирга бўлиб, бирга қўшиқ айтиш имконияти туғилди. Тошкентда эса танбур, ноғора каби кўплаб ўзбек асбобларини ёздик. Улар альбомга ўзига хос садо бағишлайди. Мен бу Бристолдан чиққан атиги бир поп қўшиғи бўлишини хоҳламагандим, мен унинг ўзбекча ҳам бўлишини истагандим, ва ўйлашимча, яхши қоришма чиқди.
Би-би-си: “Natalia” қўшиғи йўқотилган муҳаббат ҳақида дедингиз. У сизнинг шахсий кечинмаларингизга асосланганми?
Смит: Ҳа, ўзи бу қўшиқ мен айрилган қиз ҳақида эди. Севара иккимиз буни муҳокама қилдик ва Севара унга ўз нуқтаи назарини ҳам қўшди ва бироз ўзгартирдик. У қизнинг оти аслида Наталия эмас эди. Наталия исми қофия жиҳатидан яхшироқ тушгани учун, шу исмни танладик. Бу қўшиқ альбомдаги энг севимли қўшиқларимдан бири, у мен учун ҳам, Севара учун ҳам қадрли. У алоҳида сингл бўлиб чиқмайди, чунки у секин суратда айтиладиган баллада, жуда кучли ашула.
Би-би-си: Альбомдаги мусиқа ва услубга келсак, у Севара Назархоннинг аввалги альбомларидан қанчалар фарқ қилади?
Смит: Ўйлашимча, бу альбом кўпроқ альтернатив услубда ёзилган. Ҳа, у – поп альбом, лекин Севаранинг аввалги қўшиқлари World Music услубида бўлган, улар поп қўшиқлар эмасди. Мен эса авваллари ҳам альтернатив услубида қўшиқлар яратганман, dance услубида ҳам яратганман. Шунинг учун, Севаранинг янги альбоми жуда замонавий ва жуда британча кайфиятга эга. Лекин, шунга қарамай, унда ўзбекча садолар кўп, ундаги ўзбекча асбоблар кўр-кўрона равишда аранжировка қилинмаган, балки тажрибали ўзбек созандалари томонидан чалинган. Бироқ, буларнинг барининг ортида замонавий британ менталитети сезилиб туради.
Би-би-си: Ҳозир альбом қайси босқичда? Чиқиш куни аниқми?
Смит: Альбом ёзиб бўлинган. Ўтган ҳафта ёзиб тугалланди. Бир-иккита жойларини созлаб чиқаяпмиз. Келгуси бир неча ҳафта ичида ҳаммаси тайёр бўлишига умид қилаяпман. Лекин, қачон чиқишини ҳали билмайман. Узоқ куттирмаймиз деб ўйлайман.
Би-би-си: Севара Назархон билан ишлаш сизга ёқибди. Иш жараёнида қандай экан шахс экан бу қўшиқчи?
Смит: Мен ҳеч қачон ўз касбига бунчалар берилган ва иш кўзини биладиган одам билан ишламаганман. Масалан, қўшиқни ёзиб олардик ва мен мамнун бўлардим, лекин студиядан кетганимиздан кейин эса Севара “ундан ҳам яхшироқ айта оламан, қайтайлик” дерди, қайтиб борардик ва ҳақиқатдан ҳам, янада яхшироқ айтарди. У нима исташини аниқ билади ва қандай куйлаш кераклигини билади. Мен бу қадар ўз ишининг устаси бўлган ва бутун вужудини санъатига бағишлаган одам билан аввал ишламаганман. Мен ҳам шуни истайман, мен ҳам студияда имконқадар узоқ ва қаттиқ ишлашни хоҳлайман. Осон бўлмади, қаттиқ ишладик, жуда кам пул билан, жуда кам вақт ичида иккимиз ҳам ғурурланишимиз мумкин бўлган асарни яратдик.
Би-би-си: Ўзбекистонга бир неча марта сафар қилибсиз. Сафарингиз қандай кечди?
Смит: Сафарларим жуда ажойиб бўлди. Илк сафарим қишнинг қоқ ўртасига тўғри келганди. Жуда совуқ эди, шунинг учун кўп нарсани кўра олмадим. Кейин бу йил ёзда борганимда, умуман бошқача манзарани кўрдим, жуда-жуда ёқди менга. Тошкентда бир неча ҳафта қолиб, асосан вақтим студияда ўтди. Лекин, вақтим бўлиши билан кўчаларга чиқиб овқатларни татидим, янги инсонлар билан танишдим. Умуман, ажойиб сафарлар бўлди. Ўз уйимдан йироқда бўлиш ва инглизча қулайликлардан узоқда бўлиш билан, инглиз тилини гапирмайдиган ўзбек созандалар билан ишлаш жуда қизиқ бўлди. Мусиқа тили билан сўзлаша олсангиз, бу сиз нақадар кўнглингиз хотиржам эканидан далолат беради. Тил ҳам керак эмас. Мана шуниси менга ёқди. Сокинликда ўтириб, ортиқча гап-сўзсиз кўп фикр юритиш мумкин.
Би-би-си: Сиз учун бу ўзбек қўшиқчиси билан яратилган илк альбом бўлаяпти, лекин сиз бу соҳага яқинда кириб келмагансиз, анча тажрибага эгасиз, шундай эмасми?
Смит: Ҳа, шундай. Мени 18 ёшимда London Records ширкати ўз рўйхатига олган, кейин бу ширкатни Warnes Brothers сотиб олган. Мен шунингдек EMI ширкати билан нашр шартномасига эга бўлганман. Шундай экан, ҳа, анча бўлди санъатга кириб келганимга. Бу альбом мен учун биринчиси эмас, лекин ҳар бир янги альбомим билан янги-янги чўққиларга эришаяпман ва мусиқашунос сифатида ривожланаяпман. Бошқа бир киши учун қўшиқ ёзиш ажойиб нарса, айниқса бу бошқа одам Севара бўлса. Чунки бу бир тарафлама жараён эмас, балки тўлақонли ҳамкорлик.
Би-би-си: Сизнинг британиялик ҳамкасбларингиз ўзбек қўшиқчиси Севара Назархон билан ишлашингизни эшитиб, қандай муносабат қилишди?
Смит: Одамлар Севарани авваллари Real World ва Питер Гебриэлс билан ишлагани туфайли билишади. Мен суҳбатлашган кўплар Севара энди янгича усулни синаб кўраётганидан жуда ҳаяжонда эдилар. Мен билан ишлаши унинг учун буткул бошқача мусиқий йўналишни танлашни англатади. Ундан ташқари, ҳаммаси инглиз тилида. Менимча, буни кўплар кутмаганди. Севаранинг инглизчаси жуда яхши, ва альбомни эшитганлар ҳайрон бўлиш билан бирга жуда мамнун бўлишади, деб ўйлайман.
Manba: www.bbc.co.uk/uzbekistan
Sevara Nazarxon ijro etgan qo’shiqlarni mana bu sahifada tinglashingiz va tomosha qilishingiz mumkin.