Frans Kafka. Milenaga maktublar (1).

002

     Франс Кафка  ((Franz Kafka)) ўзигача ўтган ёзувчиларнинг ҳеч қайсисига ўхшамайди. Ва, айни пайтда Кафкага эргашиб, тақлид қилиб ҳам бўлмайди. Жаҳон адабиёти тарихида ижод тарзи, услубига феъл-атвори, дунёқараши, шахси, туйғу-кечинмалари, ҳатто хасталигигача бу қадар уйғунлашиб кетган ундан бошқа бир ёзувчини топиш қийин.
Кафка қўрқув исканжасида севди, севиб туриб қўрқувга тушди. “Миленага мактублар” бунинг далили. Чех журналисти Милена унинг ҳикояларини таржима қилган ва шу баҳона хат ёзишиб, улар севишиб қолишган.Муҳими, Милена фаросатли, жуда оқила аёл бўлган, телбанамо Кафканинг кимлигини билган!
011М. Бродга хатида Милена шундай деб ёзган: “Сиз Франс севгидан нега бу қадар қўрқади, деб сўрайсиз. Менингча, гап бунда эмас. Унинг учун ҳаёт — бошқа одамлар қабул қилганидан кескин фарқ қилади — тамоман ўзгача ва биринчи галда: пул, биржа, валюта банки, ёзув машникаси унинг учун мутлақо сирли нарсалар… Унинг учун хизмат, шу жумладан, ўзининг шахсий хизмати ҳам — гўдак учун ўйинчоқ машина қанчалик сирли ва қиизиқ бўлса — шу қадар сирли ва ғаройиб…
…Албатта, биз ҳаммамиз гўё ҳаётга мослашгандаймиз ва бунинг ўзига яраша сабаблари бор, чунки қачондир бизга ёлғондан, сўқирликдан, баландпарвозликдан, ҳаётсеварликдан, эътиқодимиз мустаҳкамлигидан, руҳий тушкунликдан — ҳар нарсаданки, паноҳ топиш имкони бўлган. У эса бирор-бир ҳолда паноҳ бўлгули жой, чора қидирмаган, ҳеч қаерда унинг бекинадиган жойи ва макони йўқ. У худди кийим-кечакли одамлар орасидаги ялонғочдай… Ва унинг дарвешлигида зиғирча ҳам қаҳрамонлик йўқ, бироқ айни шу боисдан ҳам унинг дарвешлиги улуғвор ва гўзал. Ҳар қандай “қаҳрамонлик” — ёлғон ва қўрқоқлик. У гўшанишинликни бирор-бир мақсад йўлида восита қилиб оладиганлар хилидан эмас: башорат қилишга мойил беқиёс иқтидори, поклиги ва муросаю мадорага ноқобиллиги уни таркидунёчиликка мажбур этган.Унинг китоблари ғаройиб. Ўзи улардан-да ғаройиб”.
Қуйида Франтс Кафканинг “Миленага мактублар”и эътиборингизга ҳавола этилаётир.

03

Франс Кафка
МИЛЕНАГА МАКТУБЛАР

03

(апрел 1920 й.)
Меран-Унтермайс, Оттобург пансиони.

Муҳтарама Милена хоним,
икки кеча-ю кундуз қўйиб ёққан ёмғир ҳозиргина тинди; эҳтимол, бу узоққа чўзилмас, бироқ нима бўлганда ҳам бундай ҳодисани нишонлаш керак — мана, мен Сизга хат ёзаяпман. Дарвоқе, ёмғирни мен енгил ўтказдим, бунинг боиси, бегона жойдалигим, бу бегоналик, албатта, кучли эмас, бироқ ундан кўнгил таскин топади.

Ахир, Сиз ҳам, агар тўғри англаган бўлсам (бир мартагина сўзсиз учрашувни хотирдан ўчиришнинг ҳеч иложи йўқ), Венадаги бегоналикдан хурсанд бўлгандингиз; шунинг учун, эҳтимол, вазият ҳаммасини йўққа чиқарди, бироқ Сиз ҳам бундай бегоналикдан хурсанд бўласиз-ку, тўғрими? (Лекин, бу, афтидан, ёмонлик аломати, ундан қувонмаган маъқул).
Мен бу жойда бирнав яшаяпман, омонат танани бундан ортиқ назорат қилинишига чидаб беролмасдим, хонамнинг балкони ям-яшил гиёҳларга кўмилиб кетган, уни майса-гиёҳлар чирмаб олган, гуллаётган бутларга тўла (бу ернинг ўт-ўланлари ғаройиб, шундай иқлимда ҳам — Прагада бу об-ҳавода сувилону кўлмаклар музлаб қоларди — балконим олдидаги гулларнинг косачалари оҳиста очилаяпти), устига-устак қуёшга (ёки, аниқроғи, қарийб бир ҳафтадан бери босиб турган булутли осмонга) қараб очилиб турибди. Калтакесаклар ва чумчуқлар, беўхшов танишларим, мени йўқлаб туришади; ў, мен Сизга Меранни тортиқ қилишни жудаям хоҳлаган бўлардим, Сиз яқинда “бўғилаяпман”, деб ёздингиз, бунда образ мазмунга тўла-тўкис уйғун, бу ўликлар эса, эҳтимол, ҳаммасини бироз бўлса-да енгиллаштирармиди.
Чин дилдан салом йўллаб
Сизнинг Ф. Кафка.
(апрел 1920 й.)

011

Меран – Утермайс, Оттобург пансиони
Муҳтарама Милена хоним,
мен сизга Прагадан, ундан сўнг Мерандан бир неча йўл хат битиб жўнатган эдим. Жавоб бўлмади. Менинг ёзганларимга, албатта, шошилинч жавоб қилишга ҳожат сезилгани йўқ, агар Сизнинг сукут сақлаганингиз аксарият ҳолларда хат ёзишга рағбат сезмасликка мойил хотиржамлик белгиси бўлса, у ҳолда мен хурсандман. Бироқ тағин ёзаётганимнинг сабабики, назаримда, шундай ҳам бўлиши мумкин — мен ўзимнинг ўша хатларим билан Сизни хафа қилиб қўйгандирман (у ҳолда менинг қўлим кўнглимга зид қўпол иш қилган бўлиб чиқади) ёки, бундан-да оғири, Сиз хатингизда ёзганингиз, ўша бир фурсат ором лаззати тугаб битган ва Сиз учун яна машаққатли кунлар бошланган. Биринчи тахмин бўйича мен бирор-бир нарса деёлмайман, чунки бундай ният менга буткул бегона, қолганлари эса бир қадар кўнгилга яқин; иккинчи тахмин бўйича гумон қилишга ожизман — ахир, қандай гумон қилайин? — фақат сўраб-билгим бор: нега энди сиз озроқ вақтга бўлса-да Венадан кетолмайсиз? Сиз бошқалардай бошпанасиз, ғариб эмассиз-ку. Балки Богомияда сайр қилиш Сизга куч-қувват бағишлармиди? Агар бирор-бир, менга ноаён сабабларга кўра, Сиз Богомияга келишни хоҳламасангиз, у ҳолда бошқа бирор жойга — эҳтимол, Меранга келсангиз ёмон бўлмасди? Сиз Меранда бўлганмисиз?
Хуллас, мен иккисидан бирини кутаяпман. Ё Сиз сукут сақлашни давом эттирасиз ва бу: “ташвишланманг, ишларим ҳаммаси жойида”, деган маънони англатади; ёки бир энлик хат жўнатарсиз.
Чин кўнгилдан Сизнинг Кафка.
Очиғини айтсам, мен туйқусдан сизнинг чеҳрангизни аниқ-тиниқ эслай олмаслигимни пайқаб қолдим. Ўшанда Сизнинг кафедаги столчалар орасидан эшикка томон юриб ўтганингиз кўз олдимдан кетмайди, Сизнинг қоматингиз, Сизнинг кўйлагингиз — буларнинг барини ҳануз кўриб турибман.

011

(Меран, апрел 1920 й)
Бундан чиқдики, гап ўпкаларда экан-да. Кун бўйи бошимда шу фикр айланди, ундай ўйлаб кўрдим, бундай ўйлаб кўрдим, бошқа бирор нарса ҳақида фикрлай олмадим. Касаллик мени қўрқитганидан бундай ҳолга тушганим йўқ; эҳтимол (мен бунга ишонаман ва Сизнинг шамаларингиз буни, афтидан, тасдиқлайди), касаллик Сизга енгилгина дахл қилган, бироқ ҳатто ўпканинг жиддий касаллангани (озми, кўпми – ўпкасига захо етганлар ҳозир Ғарбий Европанинг ярмисини ташкил этади), менинг ўзимга уч йилдан бери маълум бўлган бу дард менга ёмонликдан кўра кўпроқ яхшилик келтирди. Менда уч йил бурун ярим тунда бошланган бу касаллик — бўғзимдан қон келган. Мен тўшакдан турдим (ётиш керак бўлган ҳолда; буни мен кейинча, тавсиялардан билдим), рўй берган аҳвол, барча янги ҳолатлар каби, мени безовта қилди, бироқ айни пайтда, бироз қўрқитди ҳам; мен дераза ёнига келиб, чўзилиб бошимни ташқарига чиқардим, кейин ювинадиган хонага ўтдим, хона ичида у ёқ-бу ёққа юрдим, каравотга ўтирдим — қон тўхтамасди. Бироқ шундайлигига қарамай мен буткул бенажот эмасдим, чунки бироз ўтиб мен негадир туйқусдан равшан англадимки, уч йил, йўқ, тўрт йилдан бери давом этаётган уйқусизликдан кейин мен биринчи марта — агар, албатта, қон келиши тўхтаса — уйқуга кетаман. Тез орада бари тўхтади (ва ўшандан бери қайталагани йўқ), хуллас, ўша оқшомнинг қолган вақтида мен хотиржам ухладим. Тўғри, тонгда хизматчи қиз кириб келди (ўша пайтда мен Пали Шёнборнда ижарада турардим), кўнгилчан, жонкуяр десаям бўлади, бироқ ўта ҳаракатчан қиз; қонни кўрибоқ: “Пане докторе, Вами то длоуҳо непотрва ”, деди. Бироқ мен ўзимни одатдагидан яхши ҳис этардим, ишга бордим ва тушдан кейингина врачга жўнадим. Бу воқеани давом эттиришнинг, шу ўринда, қизиғи йўқ. Мен нима демоқчиман: мени Сизнинг касаллигингиз қўрқитгани йўқ(қолаверса, мен ўзимнинг ич-этимни еб, хотираларимни кавлаштириб, Сизнинг нозик жуссангизда қарийб деҳқонларга хос бардамликни, табиатан чайирликни кўраман: йўқ, Сиз касал эмассиз, бу эҳтиёткорлик, холос, ўпка хасталигимас), — хуллас, бу эмас мени чўчитган нарса, балки бундай барбод бўлишнинг сабаби нима, деган ўй. Бу ерда мен, аввало, Сиз ёзган гапларни бекор деб ҳисоблайман: чўнтакда бир мирри йўқ, фақат чойю олма, ҳар куни иккидан саккизгача, — булар бари мен тушунмайдиган нрасалар ва улар оғзаки тушунтиришни тақозо этади. Бундан мен, демак, ҳозир четга чиқаман (бироқ фақат мактубда — зотан, бундай нарсани унитиш мумкин эмас) ва ўзим бошимдан кечирган касаллик учун топган изоҳларим ҳақидагина ўйлайманки, бу изоҳлар бир қанча ҳолатларга мос келади. Менинг миям ўшанда ўзига юкланган вазифа ва қийноқларни ортиқ кўтара олмаган эди. “Мен енгилдим; агар кимгадир барибир имконият даражасида яхлитликни сақлаб қолиш зарур бўлса, менинг юкимни енгиллатсин ва шундагина биз маълум вақт чидай оламиз”, деди у. Шунда ўпкалар ҳам овоз берди — афтидан, уларга барибир эди. Мия билан ўпкалар ўртасидаги — менинг розилигимсиз — бу мулоқотлар, эҳтимол, даҳшатли кечган.
Хўш, Сиз энди нима қилмоқчисиз? Менинг тушинишимча, Сизни озгина авайлаш — бу ғирт бемаъни гап, бу ҳеч нимага арзимайди. Сизни бироз авайлаш зарурлиги, Сизни севган ҳар қандай одамга аён ҳақиқат бўлиши керак. Бундан чиқдики, даъво топилибди-да? Ахир, мен айтдим-ку — йўқ, ҳазиллашмайман, кўнглим ҳам ҳозир яйраб тургани йўқ ва Сиз менга янги, соғломроқ турмуш тарзини йўлга қўя олишни уддалаганингиз ҳақида ёзмагунингизча яйрамайди ҳам. Нега энди бироз вақт Венадан кета қолмайсиз, — бу ҳақда мен Сизнинг охирги мактубингиздан кейин сўрамай ҳам қўйдим, мен ҳаммасини тушиндим, бироқ Вена атрофида ажойиб жойлар бор, у ерда Сизга қарашарди. Мен бугун бошқа бирор нарса ҳақида ёзмайман, кўнглимда ҳеч қандай муҳим гап йўқ. Қолган ҳаммаси — эртага, жумладан, журнал учун миннатдорлик ҳам; мен ҳаяжонландим ва хижолат тортдим, хафа бўлдим ва суюндим. Йўқ, бугун яна фақат бир нарса ҳақида: агар Сиз уйқунгизнинг биргина дақиқасини таржима учун қурбон қиларкансиз, бу менинг абадий лаънатланганим билан баравар иш бўлади. Негаки, бир кун келиб иш судга оширилганда ҳеч қандай алоҳида терговга ҳожат қолмайди, ҳаммаси оддий: у Миленани уйқудан маҳрум қилди, деган даъво ўз исботини топади. Шу тариқа мен маҳкум этиламан ва бу адолатдан бўлади. Бундан чиқдики, мен Сиздан бу ишни қилмаслигингизни сўраганимда ўзим учун ҳам курашаётган бўламан.
Сизнинг Франтс К.

011

(Меран, апрелнинг охири, 1920 й)
Муҳтарама Милена хоним, бугун мен бошқа нарса ҳақида ёзмоқчиман, бироқ ёзилмаяпти. Бу менинг ҳаммасини ўта жиддий қабул қилаётганимдан эмас; агар шундай бўлганида, мен бошқача ёзардим, боғда, унитилаёзган бир бурчакда, Сиз учун аталган ҳалинчак туриши керак-ку, ва яна қўл остингизда, чўзилиб олиш мумкин бўлган жойда ўн чашка сут ҳам туриши керак. Майлига, бу Венада бўла қолсин, нима бўпти, ёз пайти, фақат оч юрилмаса ва ташвишланилмаса бўлгани. Наҳотки ҳеч ким йўқ бунга кўмаклашадиган? Врач нима деяпти?
Катта конвертдан журнални олган чоғимда ҳафсалам пир бўлаёзди. Мен Сиз ҳақингизда нимадир эшитишни истагандим, бироқ асло лаҳаддан чиққан бу ўта эски таниш товушнимас. Нега у орамизга суқилди? Кейин мен уни тушиндим, бизни чалғитган шунинг ўзи. Бироқ, ҳарқалай, бу машаққатли меҳнатни Сиз нега ўз зиммангизга олишга қарор қилганингизга менинг ақлим етмайди ва Сиз уни нечоғли садоқат билан, сўзма-сўз таржима қилганингизни кўриб кўнглим бузилди; буқадар садоқат ва бундай беқиёс самимий ишонч билан уни чех тилига ўгиришингизни мен хаёлимга ҳам келтирмагандим. Наҳотки олмон ва чех тиллари шунчалик яқин? Бироқ нима бўлгандаям, ҳикоянинг ўзи, ростини айтганда, жуда ёмон; мен учун, муҳтарама Милена хоним, Сизга буни сатрма-сатр далиллаб бериш ҳар нарсадан-да осон кўчарди, ва эҳтимол, менинг нафратим далиллаш заруратидан устун келармиди. Ҳикоянинг Сизга маъқул бўлгани эса, табиийки, унга қўшимча қадр-қиммат бағишлайди, бироқ мен учун дунё манзарасини хиралаштиради ҳам. Бу ҳақда етар. “Қишлоқ табиби”ни Сиз Вольфдан оласиз, мен унга хат ёздим.
Мен, албатта, чехчани тушунаман. Бир неча бор Сиздан нега менга, иложини қилиб, чех тилида ёзмайсиз, деб сўрагим келганди. Бу гап асло Сиз немис тилини пухта эгалламагансиз, деган маънода эмас. Сиз, одатдагидек, уни жудаям яхши эгаллагансиз, агар бирор-бир ўринда Сизнинг уни пухта эгалламаганингиз, деган маънода эмас. Сиз, одатдагидек, уни жудаям яхши эгаллагансиз, агар бирор-бир ўринда Сизнинг уни пухта эгалламаганингиз тасодифан сезилиб қолгудай бўлса, ўшанда бу тил Сизнинг қошингизда тавозе билан эгилади, шунда бу, айниқса, гўзал чиқади; ҳар қандай немис эса буни ўзининг тилидан ҳечам кутмайди, шу боис, у ёзишга журъат этолмайди. Бироқ мен Сизни чех тилида ўқишим келади, ахир, бу Сизнинг тилингиз, ахир унда, унинг ўзидагина Милена бор бутунича мужассам (таржима буни тасдиқлаб турибди), бу ўриндагиси эса веналик ёки Венага отланаётган Миленага ўхшамайди. Хуллас, чехчада ёзинг, илтимос. Ва ўзингизнинг, хатингизда ёзган ўша фельетонларингизни юборинг. Майлига “арзимас” бўлса-да, нима қипти. Сиз менинг арзимас қиссачамни қандай қилиб бу қадар ҳижжалаб чиқдингиз? Билмайман. Бироқ мен ҳам уддаларман, уддалай билмасам, начора — ўша яхши тасаввуримда қолавераман.
Сиз менинг унашганим ҳақида сўрайсиз. Мен икки марта унаштирилганман (агар керак бўлса, ҳатто уч марта — чунки битта қизнинг ўзи билан икки бор); хуллас, мен уч марта никоҳдан атиги бир қадам берида бўлдим. Биринчи воқеа бутунисича ортда қолди(у ёқда янги оила қурилган ва, эшитишимга қараганда, чақалоқ ҳам дунёга келган), иккинчи воқеа ҳали бардавом, бироқ ҳар қандай никоҳ кўринишидан холи, яъни, очиғини айтганда, барҳам топиб улгурган – ёки, аниқ қилиб айтсам, энди ўзгалар ҳисобидан мустақил ҳаётини кечираётир. Умуман, мен бу масалада — аслида бошқаларида ҳам — шундай хулосага келдимки эркаклар, эҳтимол, кўпроқ азоб чекишар ёки, агар масалага бошқача қаралса, уларнинг кам қаршилик кўрсатишини пайқаш мумкин; аёллар бўлса доимо айбсиз ҳолда азоб чекишади, ва бу уларнинг бу ерда “нимадир қилишга ожизликлари” туфайли эмас, балки неки бўлган бўлса, тўғри маънода, аслида бўлганида, гарчи бу, эҳтимол, охир-оқибат яна ўша “ожизлик”ка бориб тақалади. Бироқ бу ҳақда бош қотиришдан нима наф? Сен гўё дўзахдаги бор-йўғи битта оловли дошқозонни синдиришга тиришасан; биринчидан, бунинг иложи йўқ, иккинчидан эса, иложи топилган тақдирда ҳам бу қозондан отилган олов тўлқинида ўзинг куйиб кетасан-у, бироқ барибир дўзах ўзининг бутун улуғворлигини сақлаб қолаверади. Бошқача тарзда ҳаракат қилиш керак.
Лекин даставвал, ҳар эҳтимолга қарши, боғда ётиб олиб, касалликдан қутилишга уринмоқ керак…
Сизнинг Франтс К.

011

(Меран, апрел – май 1920 й.)
Муҳтарама Милена хоним, бошида айта қолай — аксинча Сиз, ишониб бўладими, яширганим билан барибир хатимдан буни уқиб оласиз: мана, тахминан икки ҳафтаки, уйқусизлик менинг тинкамни қуритаётир, рости, мен бундан фожиа ясаётганим йўқ, бундай дамлар бир келади, бир кетади, ва уларга керагидан-да ортиқча баҳонаю сабаблар ҳамма вақт топилади(бу кулгили, бироқ Бедекерга кўра, бу сабаблардан бири — Мераннинг ҳаваси), гарчи бу баҳоналар бошқа пайтларда деярли учрамаса-да; нима бўлгандаям, буларнинг баридан худди тўнкадай ўтмаслашасан, ўрмон ҳайвонидай беҳаловат бўласан.
Бироқ, ягона бўлса-да, менинг севинадиган нарсам бор. Сиз тинч ухлабсиз — майли “ғалати тарзда” бўлса-да, майли, Сиз кеча “ўзингизда йўқ” ҳолатда бўлсангиз-да — лекин тинч ухлабсиз. Агар оқшом, модомики, уйқу мендан қочса, мен энди унинг йўлини биламан — ва зорланмайман. Зорланишнинг ўзи аҳмоқлик бўларди: ахир, мавжуд ҳодисалар орасида энг бегуноҳи — уйқу, уйқуни билмайдиган одам эса — энг гуноҳкор банда.
Ва шу одамни, уйқудан маҳрум бўлганни, Сиз ўзингизнинг охирги хатингизда алқайсиз. Агар бирор четдаги одам уни ўқиса, эҳтимол, у шундай ўйларди: “Зўр одам экан! Афтидан тоғларни талқон қиладиганлардан”. Бироқ бу одам ҳеч нима қилгани йўқ, қўлини совуқ сувга ҳам урмаган (перони қимирлатганини айтмаса), сут ва тангри насиб қилган нарсалар билан озиқланади(гарчи ҳар доим бўлмаса-да, тез-тез қўл остида “чойу олма” туради), бошқа пайтларда ҳамма нарсани ўз ҳолича қолдиради ва тоғларни ҳам ўз ҳолатида туришига изн беради. Сиз Достоевскийнинг биринчи муваффақияти тарихини биласизми? Бу воқеа ўз ичига кўп нарсани қамраб олган ва мен уни ўнғайлиги, исми-шарифларнинг машҳурлиги учунгина келтираман, нимага деганда, унга ўхшаш, ҳатто унга янада яқин ҳар қандай воқеа ўшандай моҳият касб этган бўларди. Дарвоқе, мен бу воқеани атиги тахминан биламан, айниқса, исм-шарифларни. Бу вақт Достоевсикий ўзининг биринчи “Бечора кишилар” романини ёзган, ўзининг дўсти, адабиётчи Григорьев билан бирга яшарди. Григорьев гарчи ташланган қоғозларнинг столда уюлиб ётганини кўрган бўлса-да, роман тайёр ҳолга келгандан сўнггина уни қўлига олади. У асарни ўқиб чиқади, ҳаяжонланади ва Достоевскийга бир сўз демай, уни ўша пайтда машҳур танқидчи Некрасовга олиб боради. Оқшом соат учларда Достоевскийнинг эшигидаги қўнғироқ жиринглайди. Григорьев билан Некрасов отилиб ичкарига киришиб, Достоевскийни қучоқлаб ўпишади, уни ҳали танимаган Некрасов Достоевскийни Россиянинг умиди, деб атайди, улар бир, икки соат, асосан, роман ҳақида гурунглашади, ва фақат тонг олди хайрлашишади. Бу оқшомни кейинчалик ўзининг ҳаётидаги энг бахтли оқшом деб атаган Достоевский уларнинг ортидан деразадан қараб кузатаркан, ўзини йўқотар даражада боши осмонга етиб, кўзларига ёш олади. Вужудини қамраган ҳис-туйғуни у — буни унинг ўзи кейинча ёзган, бироқ қаерда ёзгани ёдимда йўқ, — тахминан шундай баён қилган: “Қандай олижаноб инсонлар! Нақадар одамшаванда, нечоғли карами кенг уларнинг! Ва нечоғли пастман менинг ўзим. Агар улар менинг ботинимга назар сола билишсайди… Мабодо буни мен ўзим айтар бўлсам — ишонишмайди”. Достоевскийнинг кейин ҳамма нарсада уларга эргашишга қарор ҳам қилганига келсак, бу бир сараҳбор, енгилмас ёшликнинг ўзидан қолдирадиган сўнгги сўзики, ҳикоя қилинган воқеага бунинг энди ҳеч қандай алоқаси йўқ, воқеа, демак, бўлиб ўтган, бўёғи сингган. Муҳтарама Милена хоним, Сиз бу воқеанинг ақл етмайдиган сирли моҳиятига тушунасизми? Менимча, мана, у нимада: Григорьев ва Некрасов, агар умуман айтадиган бўлсак, албатта, Достоевскийдан кўра олижаноброқ бўлишмаган, бироқ Сиз ҳозир умумий қарашдан воз кечинг(Достоевскийга ҳам у ўша оқшом зарил эмас эди, сирасини айтганда, ҳар бир хусусий ҳолатда ундан бирор наф чиқармиди?), Сиз фақат Достоевскийга қулоқ тутинг, ва шунда Сиз Гр. Ва Н.нинг чиндан-да олижаноблигига, Д.нинг эса чиркин ва ўта пастлигига ишончингиз комил бўлади, у, албатта, ҳеч қачон, ҳатто бевосита ҳам, бу юксакликка эришолмайди ва хусусан, Гр. ва Н.га, уларнинг қулоқ эшитмаган, арзимас яхшиликларига муносиб жавоб қайтариши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Мен уларни шундоқ деразадан кўриб турибман — улар узоқлашаётир ва бу билан ўзларининг қўл емтас юксакда эканликларини тасдиқлаётир. — Бахтга қарши, бу воқеанинг чин моҳияти Достоевскийнинг улуғ номи остида қолиб кетади.
Менинг уйқусизлигим мени қаёқларга олиб кетаётир? Ҳар ҳолда, мен ўша ёқда ҳам фақат энг эзгу истаклар ва тилаклар билан қоламан.
Сизнинг Франтс К.

011

(Меран, май 1920.)
Муҳтарама Милена хоним
(ҳа, айни мурожаат энди меъдага тегди, бироқ бизнинг омонат дунёда бу шундай бир дастакки, беморлар унга таяниши, уни маҳкам тутиши мумкин ва, модомики, ушбу дастакка таяниш жонга теккан экан, бу, барибир, ҳали соғайганлик белгиси эмас) — мен ҳеч қачон немис халқи орасида яшамаганман, немис тили менга онам томонидан она тили ва шу боис, мен учун табиий, бироқ чех тили менга кўпдан азиз, шунинг учун ҳам Сизнинг хатингиз туман пардасини гўё йиртгандай, мен Сизни аниқ кўраман, қоматнинг, қўлларнинг ҳаракати шундай эпчил, шундай қатъий, бу қарийб учрашувдай тотли, — тўғри, кейин мен, Сизнинг чеҳрангизни кўрмоқчи бўлиб, бошимни кўтариб қарагим келган чоғда, ёзаётган хатим — зарбулмасални қаранг! — аланга олиб ёнади, ва мен ҳеч нимани кўрмайман, кўз олдимда фақат аланга.
Бунақада васвасага тушиб, Сизнинг ўзингиз учун жорий этган яшаш қонунингизга ишониб қолишим мумкин. Устингизда мисоли юк бўлиб босиб турган бу қонун боис Сизни аяшларини хоҳламаганингиз сабаби кундай равшан, чунки қонун жорий қилмоқ қатъият ва мағрурликдан бошқа нарса эмас (иа исем тен ктерй плати) ; тўғри, бу қонуннинг кўринишларига оид сиз келтирган мисоллар муҳокама қилиниши мумкин эмас, бу ўринда фақат сўзсиз Сизнинг қўлингизни ўпишдан ўзга илож йўқ. Менга келсак, мен, албатта, Сизнинг бу қонунингизга ишонаман, фақат мен унинг Сизнинг ҳаётингизни бундайин ошкора аёвсиз ва умрбод безашига ишонмайман; гарчи у янгилик эса-да, бироқ йўлда топилган янгилик, йўл эса поёнсиз.
Бироқ бундан қатъи назар, одам боласининг мавжуд ақли ожизи билан Сизни ўша, ўзингиз яшаб турган қизиган ўчоқда тасаввур қилиш даҳшат. Мен фақат ўзим ҳақимда гапиришга уриниб кўраман. Агар ҳаммасини худди мактабда ечиладиган масалага ўхшаш деб қарасак, у ҳолда Сизда менга нисбатан учта ечим-имконият бор эди. Сиз, мисол учун, менга ўзингиз ҳақда ҳеч нима айтмаслигингиз мумкин эди, бироқ бу ҳолда Сиз мени Сизни билиш бахтидан маҳрум этардингиз ва — бундай бахтдан-да муҳими — буларнинг бари билан ўзингизни синаб кўрардингиз. Бундан аён бўладики, менинг олдимда Сизнинг сукут сақлашингиз мумкин эмас эди. Сиз, кейинчалик ҳам кўп нарсани сир сақлашингиз, кўп нарсани бўяб-бежашингиз мумкин эди — ва ҳозир ҳам буни қила оласиз, — бироқ мен ҳозирги вазиятда буни, гарчи ҳеч нима демасам-да, сезган бўлардим, ва фақат бу менга икки карра оғир ботарди, холос. Демак, буни ҳам Сиз қилмаслигингиз керак. Фақат учинчи имконият қолади: бу имкон қадар ўзингизни ўзингиз асраб қолишга уриниш. Ва шундай омонатгина имконият Сизнинг мактубларингизда кўзга чалинади. Мен энди уларда тез-тез хотиржамлик ва қатъият ҳақида ўқийман, тўғри, бошқа нарса ҳақида — ҳатто “реелни ҳруза” ҳақида ҳам тез-тез ўқишга тўғри келади.
Сизнинг ўз соғлиғингиз ҳақида ёзганларингиздан (меники тузук, фақат мен бу тоғ ҳавосида яхши ухлай олмайман) мен қаноатланмайман. Врачнинг ташхисидан кўнгил таскин топмайди, аниқроқ айтсам, ташхис илмилиқ, уни қандай талқин қилиш Сизнинг кайфиятингизга боғлиқ. Албатта, врачларнинг бари тўнка; бироқ улар, эҳтимол, бошқа одамлардан кўра аҳмоқроқ эмасдир, лекин уларнинг иззатталаблиги кулгили; нима бўлганда ҳам, шуни назарда тутиш керакки, бизнинг уларга ишимиз тушиши ҳамоноқ улар баттар аҳмоқлашади; бироқ врачнинг ҳозирча Сиздан талаб этаётганини ўта аҳмоқлик ҳам, мумкин бўлмаган иш ҳам деёлмайсан. Мумкин бўлмагани фақат Сизнинг жиддий касалликка чалинмаганингиз, ва бу шундай — мумкин бўлмган ҳол бўлиб қолиши керак. Врач билан мулоқотдан кейин Сизнинг ҳаётингиз қайси томонга ўзгарди — энг муҳими шунда.
Энди эса бир неча иккиламчи саволлар — Сиз рухсат этасизми? Нега ва қачондан бери Сиз пулсиз ўтирибсиз? Нима учун Сиз авваллари, хатингизда ёзганингиздай, Венада кўп одамлар билан муомалада бўлгансиз-у, энди ҳеч ким билан гаплашмайсиз?
Ўзингизнинг фельетонларингизни менга юборишни хоҳламайсиз; демак, мен бу фельетонларни Сиз ҳақингизда ўзим тузган ўша образга тўғри ва мувофиқ тарзда қўшиб боғлашимга ишонмайсиз. Яхши, у ҳолда мен Сиздан гина қиламан, сирасини айтганда, бу фожиа ҳам эмас, ахир, мувозанатни сақлаш учун, ҳатто, яхши амал бу, агар менинг юрагимнинг бир буржида Сиз учун бир чимдим гина туйғуси уйғотиб қўйилса ёмон бўлмайди.
Сизнинг Франтс К.

011

(Меран, 30 май 1920 й.)
Милена, Сизнинг одамни билиш борасидаги уринишларингиз қандай кечаяпти?
Гоҳида мен шубҳага ҳам бора бошлаяпман, — масалан, Сизнинг Верфел ҳақида ёзганингизни ўқиганда; Сизнинг сатрларингизда севги ҳам (ва, эҳтимол, фақат севгидир) сас беради, бироқ бу мубҳам севги; агар, лекин, Верфелнинг инсон сифатидаги жиҳатлари эътибордан соқит қилинса-чи, ва уни фақат бақалоқ сифатида муҳокама қилинса-чи (дарвоқе, бу таъна менга ўринсиз туюлади — менимча, Верфел йилдан-йилга хушрўй ва ёқимтой бўлиб бораётир, тўғри, биз онда-сонда учрашиб қоламиз), фақат бақалоқлар ишончга сазоворлигидан наҳот Сиз бехабар бўлсангиз? Ҳаммаси фақат шу қалин идишларда тайёр бўлгунча қайнаб пишади, фақат ҳаво бўшлиқларининг мана шу капиталистлари, умуман одамга берилган борки имкон қадар, ташвиш ва телбаликлардан иҳоталанган, улар ўз юмушлари билан бамайлихотир шуғуллана олишади, ва, кимдир қачондир айтганидай, фақат улардангина заминга, унинг ҳақиқий фуқаролари сифатида, наф етади, чунки улар шимолда иситади, жанубда эса соя солади. (Албатта, бунинг тескарисини ҳам айтиш мумкин, бироқ у ҳолда бу ёлғон бўлади).
Энди яҳудийлик ҳақида. Сиз мендан яҳудий эмасмисиз, деб сўрайсиз; бу шунчаки ҳазил бўлиши ҳам мумкин, эҳтимол, Сиз — мен қўрқоқ яҳудийлардан эмасманми — фақат шуни билгингиз келгандир; бироқ Сиз, ҳарҳолда, прагаликсиз ва шу боисдан ҳам бу масалада, дейлик, Гейненинг хотини Матилда қадар соддадил бўлмасангиз керак. — Дарвоқе, Сиз бу воқеани биласизми? Умуман олганда, менда Сизга айтиб берадиган муҳимроқ гаплар йўқ эмасди, боз устига, бу билан мен ўзимга ҳам, шубҳасиз, қандайдир зиён етказаман — воқеанинг ўзи билан эмас, уни ҳикоя қилиб бериш билан; бироқ Сиз учун мендан бирор-бир қизиқарли воқеани эшитиш мароқли, албатта. Майснер, богемиялик немис шоири — у яҳудий эмас — бу воқеани ўзининг ёдномаларида ҳикоя қилади. Матилда ўзининг немисларга қарши хуружлари билан доим унинг ғашини қўзғаган: улар маккор, тиллари заҳар, ўзларига бино қўйган, майдакаш, суллоҳ — қисқаси, жуда бемаза халқ! — деган. Бир сафар Майснер чидай олмай: “Лекин сиз немисларни мутлақо билмайсиз-ку! Генрих фақат немис журналистлари билан гурунглашади, бу ерда — Парижда уларнинг ҳаммаси яҳудийлар”, деган. — “Оҳо, — дейди Матилда, — барибир сиз бўрттираяпсиз. Бир, иккита яҳудий улар орасида, эҳтимол, топилса топилар, масалан, Зейферт…” — “Йўқ, — дейди Майснер, — у бу ердаги яҳудий бўлмаган ягона шахс”. — “Яъни қанақасига? — таажжубланади Матилда. — Мана Ейтелес — у нима, яҳудиймасми?” (У эса девқомат оқ-сариқдан келган дароз киши эди). — “Бўлганда қандоқ!” — жавоб қилади Майснер. “Бироқ Бамбергер-чи?” — “У ҳам”. — “Арнштейн?” — “Уям”. Шу зайл улар барча таниш-билишларини санаб-саралаб чиқишади. Охир-оқибат Матилданинг ғазаби қўзиб, дейди: “Сиз менинг устимдан кулаяпсиз. Ҳали Кон ҳам яҳудийча фамилия дерсиз, бироқ Кон Генрихнинг поччаси ахир, Генрих эса лютеран ”. Бунга, энди, Майснернинг эътироз билдириб айтадиган гапи йўқ эди. Сиз яҳудийлардан қўрқмайдиганга ўхшайсиз. Бу ҳозирги ёки ўтган яҳудийлар авлодларига нисбатан бизнинг шаҳарларда қарийб қаҳрамонлик, — ҳазилга ўрин йўқ! — агар навқирон инсон ўз ота-онасига “Мени қўйиб юборинг!” деса ва яҳудийнинг қошига кетса, бу Орлеан қизининг ўз қишлоғини тарк этганидан кўра каттароқ ҳодиса бўлади.
Шундай бўлса Сиз, албатта, яҳудийларга ортиқча қўрқоқликда таъна қилишга ҳақлисиз, гарчи бундай таъна одамларни билишнинг амалий жиҳатидан кўра назарий жиҳати устунлигидан далолат берса-да; назарий жиҳати шундаки, биринчидан, бу таъна, Сизнинг олдинги ёзганларингизга кўра, эрингизга ҳеч қандай дахл қилмайди; иккинчидан, у, менинг тажрибам бўйича, аксарият яҳудийларга ҳам дахл қилмайди; учинчидан, бу таъна фақат алоҳида нусхаларга тегиб кетади, бироқ жуда қаттиқ тегади уларга, — масалан, менга. Бунда энг ажабланарли томони — таънанинг кўпчиликка нисбатан адолатсизлигида. Афтидан, яҳудийлардаги умумий ишончсизлик туйғуси (бу ўринда ботиндаги ишончсизлик ҳам, атроф-муҳит, одамлар орасидаги ишончсизлик ҳам) уларнинг ўз қўллари билан маҳкам ушлаган нарсанигина ўзлариники деб ҳисоблаш одатларини аниқ-равшан кўрсатиши керак: фақат жон-жаҳд билан тармашиш уларга яшаш ҳуқуқини беради, бирор нарсани қўлдан чиқариб юборгудай бўлишса, бу нарса уларга қайтса насиб этмайди, балки сип-силлиққина қўлдан буткул чиқиб кетади. Мутлақо кутилмаган томондан яҳудийларга хавф-хатар таҳлика солади — ёки аниқ қилиб айтиш учун “хавф”ни тушириб қолдириб, “уларга қўрқувлар таҳлика солади”, дейлик. Мисол қидириб узоққа бориш шарт эмас — мана, Сизга тааллуқли, бир мисол. Тўғри, мен, афтидан, бир пайтлар оғиз очмасликка ваъда бергандим (ўшанда мен Сиз билан эндигина танишган эдим), бироқ ҳеч қандай виждон азобисиз Сизга бу ҳақда айтиб бераман, чунки Сиз бундан ҳеч қандай янгиликни тополмайсиз, бироқ туғишганларингизнинг меҳр-муҳаббатига баҳо берасиз, исмлар ва тафсилотларни келтирмайман, уларни мен эслай ҳам олмайман. Менинг синглим чехга, насронийга турмушга чиқмоқчи бўлди, йигит бир сафар Сизнинг қариндошларингиздан кимгадир ўзининг яҳудий қизга уйланмоқчи эканини айтади, у эса: “Худо сақласин! Яҳудийлар билан алоқа қилмоқчимисан ҳали? Мана, эшит: бизнинг Милена…” ва ҳоказо.
Бу гаплар билан Сизни мен қаёққа етакламоқчи бўлаяпман ўзи? Мен бироз чалғидим, бироқ ҳечқиси йўқ, чунки, умид қиламанки, Сиз мен билан бирга кетдингиз ва биз биргаликда чалғидик, адашдик. Дарвоқе, Сизнинг таржимангиздаги энг гўзал жиҳат — бу унинг содиқ таржима эканида (мени бу “содиқ”лик учун истаганингизча койинг, Сиз ҳаммасига қодирсиз, бироқ койимоқ, эҳтимол, Сизга ярашар, мен Сизнинг ўқувчингиз бўлишни, Сиз доимо мени койишингиз учун нуқул хато қилишни истардим; партада ўтириб, бошимни кўтариб қарашга журъат этаман, шунда Сиз дафъатан эгиласиз, ва Сизнинг, хатога ўқталган бармоғингиз, нуқул кўзга ташланади, — шундайми ахир, а?) — демак, таржима “содиқ”, ва мен шундай туйғуни кечираяпманки, мен Сизни қўлингиздан ушлаб, ўз қисматимнинг қарийб тугамас (шу боис, таклифим ҳам сўнгсиз), деярли чексиз (Сиз фақат икки ойга дедингизми?), қоронғу, қўрқинчли ғорлари ва йўлакларидан бошлаб бордим, кейин эса чиқишда, кундузнинг ёруғида, умид қиламанки, изсиз йўқолиш учун ўзимда етарли соғлом маслак топа олдим.
Бу менга бугунча бас қилиш, мўътабар қўлни бугунча қўйиб юбориш белгиси. Эртага мен яна ёзаман ва нега мен — ўзимга қай даражада ишона олар эканман — нега Венага кела олмаслигимни тушунтираман, ва Сиз: у ҳақ, дегунингизга қадар мен тинчланмайман.

Сизнинг Ф. “…”

011

(Меран, 31 май 1920 й.)
 Душанба.
Шундай қилиб, мана, кеча ваъда қилинган тушунтириш:
Мен истамайман (Милена, менга ёрдам беринг! Менинг айтаётганларимдан кўра кўпроқ нарсани тушунишга ҳаракат қилинг!), истамайман (бироқ мени тутилиб-тутилиб гапираяпти деб ўйламанг тағин), истамайман Венага келишни, чунки менинг кучсиз руҳим бундай босимни кўтара олмасди. Мен руҳан хастаман, ўпкаларнинг касаллангани эса руҳий хасталикнинг қирғоқлардан тошиши оқибати. Мен, мана, қарийб тўрт-беш йилдан, ўзимнинг икки бор унаштирилганимдан бери касалман. (Сизнинг охирги хатингиздаги беташвиш-қувноқ оҳангни ҳеч ҳазм қилолмайман, фақат кейин тушиндим: мен Сизнинг ҳали ёш эканингизни нуқул унитиб қўяман, Сиз, эҳтимол, ҳали йигирма бешга ҳам тўлмагандирсиз, бўлмаса атиги йигирма учдадирсиз. Мен ўттиз еттидаман, қарийб ўттиз етти, мен Сиздан қарийб бир навқирон авлод ёшича каттаман, кексаликнинг уйқусиз тунлари ва мигренлардан қарийб соч-соқолим оқарган). Сизнинг олдингизда бу узундан-узоқ тарихнинг чиндан қалин чангалзордай чалкаш тафсилотларини дастурхон қилиб ёзмайман, уларни эслаб мен ҳозир ҳам гўдакдай даҳшатга тушаман, фақат гўдакнинг тез унитиб юбориш иқтидори менга бегона. Бу ҳар учала унашишлар учун умумий бўлган жиҳат шу эдики, уларнинг барида айбдор мен эдим, сўзсиз айбдор мен эдим, иккала қизни ҳам мен бахтсиз қилдим, айнан эса (бу ерда мен фақат биринчиси ҳақида айтаяпман, иккинчиси ҳақида гапира олмайман, у ниҳоятда таъсирчан, ҳар бир сўз, ҳатто энг яхшисиям унинг дилини беҳад ёмон сиёҳ қилади, ва мен уни тушунаман) — айнан эса атиги шунинг учунки, мен унинг барча уринишларига зид тарзда (у эса, мен хоҳласам бўлди, ўзини, эҳтимол, қурбон қиларди) ҳар доим қувноқ, босиқ, қатъиятли, умуман, эр-хотинликка тайёр бўла олмадим, грачи баъзан унга беҳад ошиқу беқарор бўлсам-да, гарчи мен учун эр-хотинликнинг ўзидан кўра ортиқроқ қимматли нарса бўлмаса-да. Қарийб беш йил мен унга (агар, таъбир жоиз бўлса — ўзимга) узлуксиз зарбалар кетидан зарбалар ёғдирдим; бахтимга, у метиндай мустаҳкам чиқди — пруссиялик ва яҳудийликнинг қўшилгандаги ҳосиласи, кучли, виқорли ҳосила. Мен бу қадар бардошли эмасдим; тўғри, унинг фақат азоб-уқубат чекишига тўғри келди, мен эса бир йўла ҳам зарбалар бердим ва ҳам азоб-уқубатлар тортдим.

“…” Сизнинг Ф.

Аҳмад Отабой таржимаси

(Tashriflar: umumiy 996, bugungi 1)

2 izoh

  1. Кафка Миленага фақат саккизта мактуб ёзганмикан? Ёки қолган мактублари таржима қилинмаганми? Мен унинг Миленага ва бошқа аёлларга ёзган тўлиқ хатлари таржимасини ўқишни хоҳлардим.

Izoh qoldiring