Normurod Narzullaev. She’rlar.

001

7 июль — Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев таваллудининг 80 йиллиги.

    Ўша йилларни эсласам, айниқса, Нормурод аканинг Навоий,30 биносининг  учинчи қаватидаги узун каридорда Леонид Брежнев ўлими муносабати билан ўтказилган мотам маросимида «Нега бизни ташлаб кетар Ильичлар» деб ёлғон йиғлаб шеър ўқиганини, 1991 йилнинг августида рўй берган ГКЧП кунлари ака атайлаб мени хонасига чақириб, кабинети тўрида осиғлиқ турган Михаил Горбачёвнинг портретини зарда билан юлиб олиб четга улоқтираркан, «Мана,унинг аҳволи!» деб хитоб қилганларини кўз олдимга келтирсам, завқланиб, кулиб юбораман.

012
Хуршид Даврон
НОРМУРОД АКАНИ ЭСЛАБ
023

Мен Нормурод ака билан жуда узоқ вақт,мустақилликкача «Ёш гвардия» деб номланган, кейинча эса «Камалак»  деб аталган нашриётда бирга ишладик. Нормурод ака Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ёш ижодкорлар билан ишлаш бўйича котиб бўлган даврда уюшма аъзолигига қабул бўлганман. Нашриётда даставвал мен Нормурод аканинг қўли остида ишлаган бўлсам, кейинчалик Нормурод ака менинг «раҳбарлигимда» ишлади.

Нормурод ака бир жойда қўниб ўтирадиган одам эмасди. Кеча Қаршида, бугун Самарқандда, эртага Каттақўрғонда ё Жумада ўтадиган тўй аканинг ўртакашлигида, яъни бошқарувида ўтарди. Мен раҳбар бўлиб қолгач, ака кун ора хонамга кириб узундан-узун рўйхатни кўрсатиб, навбатдаги тўйга кетаётганидан хабардор қиларди. бу унинг ўзига хос «рухсат» сўраши эди.

Акани бир неча бор қаттиқ хафа қилганман, ҳатто бир сафар жаҳлга эрк бериб «Сиз шоир эмассиз!» дейишгача борганман. Бугун ўша гапларни бекорга айтган эканман деб ўйлайман.

Ўша йилларни эсласам, айниқса, Нормурод аканинг Навоий,30 нинг учинчи қаватидаги узун каридорда Леонид Брежнев ўлими муносабати билан ўтказилган мотам маросимида «Нега бизни ташлаб кетар Ильичлар» деб ёлғон йиғлаб шеър ўқиганини, 1991 йилнинг августида рўй берган ГКЧП кунлари ака атайлаб мени хонасига чақириб, кабинети тўрида осиғлиқ турган Михаил Горбачёвнинг портретини зарда билан юлиб олиб четга улоқтираркан, «Мана,унинг аҳволи!» деб хитоб қилганларини кўз олдимга келтирсам, завқланиб, кулиб юбораман. Ўша пайтда шоирларнинг вилоятларга бориб мушоира қилишлари одат эди. Навбат Нормурод акага келганда, саҳнага бармоқларини бир-бирига «чирс-чирс» урганча, «Атиргулим,атиргулим, жон атиргул»ни ёзган шоир мен бўламан!» деган хитоб билан чиқиб бораркан, гулдурос қарсак бошланарди. Халқ Нормурод акани китоблари орқали эмас, шеърларига басталанган қўшиқлар орқали, яна ҳам аниқроқ айтсам, Отажон Худойшукуров, Камолиддин Раҳимов, Нуриддин Ҳамроқулов,Шерали Жўраев, Ортиқ Отажонов, Охунжон Мадалиев, Султонпошша Ўдаева, Юлдуз Абдуллаева ва жуда кўп машҳур хонандалар ижро этган қўшиқлар орқали биларди.

Нормурод ака бировга ёмонлик тиламаган одам эди. Ҳар гапининг орасида «Яхшилик деб яшайман» деган гапни албатта қўшиб айтиши одат тусига кирган эди. Яна бир кўп такрорлайдигани «Кадрлар жой-жойига қўйилган» деган гапи ҳам бор эди.

Бугун Нормурод аканинг 80 йиллиги нишонланаётган кунда меҳрибон Аллоҳдан уни ўз раҳматига олишини, мағфират қилишини сўрайман. Илоҳим, меҳрибон Аллоҳ ўтганларга раҳм-шафатли, тирикларга тўғри йўлни кўрсатгувчи мададкор бўлсин.

021

005Нормурод Нарзуллаев 1934 йил 7 июлда Қашқадарё вилоятининг Касби туманида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (2002). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1984). Самарқанд Педагогика институтининг тил ва адабиёт факультетини тутатган (1956). Илк шеърлар тўплами — «Суюнчи» (1965). «Зарафшон зарлари» (1970), «Уфқларда кўзларим» (1973), «Лаҳза ва ларза» (1973), «Ёғду» (1974), «Нигоҳлар» (1967), «Севги сеҳри» (1981), «Аниқ вақт» (1989), «Қалбим қатралари» (1994), «Оқ фариштам, оппоқ фариштам» (1995) каби шеърий тўпламлар муаллифи. «Амир Темур ҳақида қўшиқ» асари тарихий мавзуга бағишланган. Болаларга атаб ҳам бир қанча асарлар ёзган («Шамол ушлаган бола», 1985; «Бош майдон», 1990 ва бошқа). Кўплаб шеърлари қўшиққа айланган. Г. Гейне, Е. Евтушенко, Қ. Қулиев, М. Қаноат ва бошқа шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 2006 йил 28 мартда Тошкент шаҳрида вафот этган.

021

07
Нормурод Нарзуллаев
ЯХШИЛИК ДЕБ ЯШАЙМАН
06

ЯХШИЛИК ДЕБ ЯШАЙМАН

Яхши кунни саҳаридан кутдим мен,
Тонг келтирган хабаридан кутдим мен,
Ҳаёт завқин саҳаридан кутдим мен,
Мен келганман яхшилик деб дунёга,
Азизларим, яхшилик деб яшайман!

Дўст қадрини вафосидан билдим мен,
Ишқ жабрини жафосидан билдим мен,
Қалб зарбини хатосидан билдим мен,
Мен келганман яхшилик деб дунёга,
Азизларим, яхшилик деб яшайман!

Гул атрини уфоридан англадим,
Тикан заҳрин озоридан англадим.
Ошиқ дардин дил зоридан англадим,
Мен келганман яхшилик деб дунёга,
Азизларим, яхшилик деб яшайман!

Ул чаманмас — лола, гули бўлмаса,
Ул масканмас — гар булбули бўлмаса,
Ул Ватанмас — шоир ўғли бўлмаса,
Мен келганман яхшилик деб дунёга,
Азизларим, яхшилик деб яшайман!

БЎЛИНГАН ҚЎШИҚ

Кўкка учди милтикдан бир ўқ,
Дайди ўқдан осмон гувлади.
Қора қонга беланди уфқ,
Оппоқ каптар ерга қулади.

Манзил кўрмай тинди овози,
Ярим йўлда бўлинди қўшиқ.
Ора йўлда қолди парвози,
Умри завол — ёвузлик тўсиқ.

Кабутарга қазинг ердан гўр,
Жасадини отманг чордоққа.
Ўз бағрига олсин она-Ер, —
Топширайлик азиз тупроққа!

Бажарайлик қалбан қарзимиз,
Оппоқ каптар — оппоқ орзумиз!

СУВ ПАРИСИ

Осмон янглиғ бепоён денгиз,
Сузар кўқда булутлар ҳорғин.
Тўлқинлар-ла ўйнаб олтин куз,
Маскан қурмиш денгиз қирғоғин.

Қирғоқларда нақшлар, излар,
Денгиз тенгсиз моҳир, зўр рассом!
Меҳр бўлиб тўкилар ҳислар,
Юрагимга қуюлар илҳом.

Мўйқаламим эди қайроқтош,
Сув парисин солдим қумга мен.
Кузатарди самода қуёш
(Ўз дардимни айтдим кимга мен?!)

Ул парига бўлиб маҳлиё,
Хаёл ичра яшардим бирга,
Бир ажиб ҳол рўй берди, аммо
Ботдим дарҳол қоп-қора терга.

Сув парисин кўриб қирғоқда,
Тутди чоги денгизнинг рашки.
Шамол бўлиб келди қаёқдан,
Оҳ, юрагим, шунчалар ғашки…

Довул бўлиб ҳаддидан ошди,
Маст туядек кетди қутуриб.
Тўлқинлар-ла қирғокдан тошди,
«Сув пари»син кетди супуриб…

Мана, соҳил, турибман яккаш,
Кўнглим нотинч, юрак ғаш, маъюс.
Кулиб турар самода қуёш,
Бу — қандай ишқ, не туйғу, не ҳис?!

* * *

Учма кўп ҳам чой-чақаларга,
Кун қолмасин кўр бақаларга.
Узоқ умр кўраман, деб сен
Ҳавас этма тошбақаларга!

* * *

Отангга чўп отсанг, боланг тош отар,
Тош тегса бошингга, жонни қақшатар.
Ҳисобли дунё бу қадим-қадимдан,
Сўнгги пушаймондан кўзда ёш қотар!

* * *

Гапирсин қалбинг, кўзинг,
Зинҳор ёлғон сўзлама!
Бўлса ҳам икки юзинг,
Бўлма икки юзлама!

СЎРОҚЛАР

Самоларда юлдузларни осмон сўроқлар,
Чин инсонни кўнгил қўйиб инсон сўроқлар.

Орзу-армон туғилади ерда, юракда,
Чўққиларда бахтни излаб довон сўроқлар.

Юрак, ёнгин бир умрга вафо йўлида,
Ошиқ аҳли ўз ишқини пинҳон сўроқлар.

Дўст қадрига дўст етади, жон дўстинг ўша,
Бу оламда мол-дунёни нодон сўроқлар.

Инсон қадри номусидай бўлсин покиза,
Беномуслар ўз нархини арзон сўроқлар.

Ҳаёт ширин фарзанд билан, кўзлар қароғи,
Фарзандларнинг камолини замон сўроқлар.

Нарзий, тутгил одил йўлни, йўлдан адашма,
Билки, дунё сарҳисобли, виждон сўроқлар.

0111

(Tashriflar: umumiy 2 549, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring