Otaga qarshi isyon yoxud shahzoda Badiuzzamon qismati.

Ashampoo_Snap_2016.12.29_14h48m09s_001_.png    Султон Ҳусайн Бойқародек подшоҳнинг бу тўнғич ўғли барча темурий шаҳзодалар каби тожу тахтга ниҳоятда ўч эди. Унинг ўз отасига қарши бош кўтариб исён оловини ёққанлиги, мамлакат, юрт бошига ғоят катта ташвиш ва таҳлика туғдиргани маълум. Ота-бола ўртасидаги ушбу беҳуда ихтилоф ва низо туфайли ҳисобсиз қонлар тўкилди, кўпгина ёш йигитлар умри хазон бўлди (Бу мавзуда мана саҳифада ҳам ўқинг).

ОТАГА ҚАРШИ ИСЁН
ЁХУД ШАҲЗОДА БАДИУЗЗАМОН ҚИСМАТИ

Фатҳулла Намозов
009

Ҳусайн Бойқаро Ҳирот тахтига чиқмасидан аввал маълум муддат Самарқандда Султон Абусаид Мирзо саройида хизмат қилди. Абусаид Мирзо уни илиқ кутиб олиб, темурийларга хос ихлос билан унга чин эътиқод қўйган эди. Аммо Султон Увайс унга қарши бош кўтариб, ҳужум қилганидан сўнг Абусаид Мирзонинг Ҳусайн Бойқародан кўнгли қолди. Ихлоси қайтган подшо бошқа шаҳзодалар қатори Ҳусайн Бойқарони ҳам ҳибсга олди. Чунки тож-тахтни кўзлаб, эртами-кечми Ҳусайн Бойқаро ҳам бош кўтариши мумкин эди. Буни Султон Абусаид кеч бўлса-да, барибир тушуниб қолди.

Султон Ҳусайннинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабар унинг онаси Ферузабегимга етиб борди. Ферузабегим Ҳиротдан зудлик билан келиб, ўғлини қутқариб олди. Султон Абусаид Мирзо билан алоқани бутунлай узган Ҳусайн Бойқаро онасига қўшилиб, шитоб билан Самарқандни тарк этди. У Ҳиротга эмас, балки Марвга йўл олди.

Бу пайтда Марвда Султон Санжар ҳукмронлик қиларди. У Султон Абусаид Мирзонинг ашаддий душмани эди. Султон Санжар Ҳусайн Бойқарони қучоқ очиб қарши олди, унинг саркардалик маҳоратини юқори баҳолади. У Бойқаро билан янада яқинроқ бўлишни истарди. Шу мақсадда уни ўзига куёв қилди. Бека Султонбегим исмли қизини унга хотинликка берди. Шундай қилиб, Султон Ҳусайн Бойқаро Марв ҳукмрони Султон Санжарга куёв бўлиб қолди. Бадиуззамон Мирзо Ҳусайн Бойқаронинг ана шу хотинидан туғилган тўнғич фарзанди эди. Ўша давр одатига кўра, у бўлажак тахт эгаси, яъни валиҳад ҳисобланган.

Бадиуззамон Мирзо ғайрат ва шижоат, юртни бошқариш ва саркардаликда бошқа темурий шаҳзодалардан ажралиб турарди. Улуғ шоир Алишер Навоий у ҳақда ифтихор билан сўзлаб, ички ва ташқи фазилатлари туфайли юксак мақом эгаллаганини (“Ҳусни сурот ва ҳусни сийрат била ораста ва жамоли зоҳирий ва камоли ботиний била нийроста йигитдур”), камолга етганини алоҳида таъкидлайди. Мирзонинг яна бир жиҳати унинг шеърият билан машғул бўлиши, шоирлиги эди (“табъи ҳам назм услубида мулойимдур”). Навоий Бадиуззамон Мирзонинг форс-тожик ҳамда туркий (эски ўзбек тили)да қалам тебратганини айтиб, уни ўзбекча шеъридан бир байт келтиради:

Эй сабо, гар сўрса ҳолим шаммаи ул сарвиноз,
Эврулуб бошиға мен саргаштадин еткур ниёз.

Алишер Навоий Бадиуззамон Мирзога умид билан қарар, уни келажакда мамлакатни адолат билан бошқариши, юрт ободонлиги учун жон куйдиришига чин юракдан ишонарди. Шоирнинг Бадиуззамон Мирзога битган мактублари ҳамда унга бағишланган шеърий сатрлари синчиклаб ўрганилса, аён бўладики, Навоий шаҳзодани ҳамиша кузатиб юрган, унинг ютуқларидан муттасил қувонган, хато-камчиликларидан меҳрибон оталардек куйинган. Билиб туриб йўл қўйган нотўғри хатти-ҳаракатларини эса рўй-рост юзига айтиб, уни бу йўлдан қайтаришга уринган. Ўз навбатида Бадиуззамон Мирзо ҳам Навоийга чинакам ихлос қўйган, уни меҳрибон устоз ва мураббий сифатида ҳамиша эъзозларди. Ҳатто, энг қалтис вазиятларда ҳам шоирнинг айтганларини сўзсиз бажарган, унинг сўзини икки қилмасликка интилган Бадиуззамон Мирзо Навоийнинг таъна-дашномлари, танбеҳларини ҳамиша эътирозсиз қабул қилган. Навоий билан Бадиуззамон ўртасидаги муносабатнинг самимийлиги ҳозирга қадар бизга ота-бола ўртасидаги назокатли ва нафис муносабатни эслатади.

Аммо шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, султон Ҳусайн Бойқародек подшоҳнинг бу тўнғич ўғли барча темурий шаҳзодалар каби тожу тахтга ниҳоятда ўч эди. Унинг ўз отасига қарши бош кўтариб исён оловини ёққанлиги, мамлакат, юрт бошига ғоят катта ташвиш ва таҳлика туғдиргани маълум. Ота-бола ўртасидаги ушбу беҳуда ихтилоф ва низо туфайли ҳисобсиз қонлар тўкилди, кўпгина ёш йигитлар умри хазон бўлди. Бадиуззамон Мирзо учун бу тож-тахт талашлари ғоят қимматга тушди. У даставвал Зулчароғ номли манзилда, иккинчи марта эса Нишин яйловида отаси томонидан тор-мор этилди. Энг хунуги, Бадиуззамон Мирзога эргашиб, Ҳусайн Мирзонинг Абулмуҳсин Мирзо ва Кепак Мирзо каби ўғиллари ҳам отага қарши бош кўтардилар.

Ҳусайн Бойқаро билан Бадиуззамон Мирзо ўртасидаги келишмовчиликларнинг келиб чиқишига фақат шаҳзодани айблаш адолатдан бўлмайди, албатта. Даставвал Астрободни Бадиуззамонга берган Ҳусайн Бойқаро хотини Хадичабегимнинг қутқуси билан бўлса керак, ниятидан қайтиб, уни Музаффар Мирзога топшириш ҳақида махсус фармон беради. Бадиуззамон Мирзони эса Астробод ҳокимлигидан озод этиб, уни Балх ҳокими этиб тайинлайди. Ушбу адолатсиз фармон шаҳзоданинг ғазабини тошириб юборади. Чунки Астробод ҳокимлигидан кетиш Бадиуззамон Мирзонинг валиаҳдликдан маҳрум этилиши билан баробар эди.

Хуллас, Султон Ҳусайн Бойқаронинг Бадиуззамон Мирзони Астробод ҳокимлигидан маҳрум этиш тўғрисидаги фармонига Бадиуззамон бўйсунмай, уни бажаришдан бош тортди. Саркаш шаҳзода ўзининг ўн икки ёшли ўғли, дадил ва жасур Мўмин Мирзони Астрободда қолдириб, шаҳарга Музаффар Мирзони киритмасликни тайинлади, ўзи эса Балх сари йўл олди. Отасининг Хадичабегим гапига кўниб, бундай иш тутишидан қаттиқ ғазабланган Бадиуззамон Мирзо: “Астрободга одам юбориб, овора бўлманг. Уни барибир бермайман”, деган мазмунда мактуб битиб, отасига жўнатади.

Улуғ шоир Алишер Навоий отага қарши бош кўтарган Бадиуззамон Мирзони отаси билан яраштириш учун кўп саъй-ҳаракат қилгани тарихий асарлар орқали маълум. Шоир Бадиуззамонга юборган бир мактубида ота билан юрт талашиш эл бошига зўр фалокатлар келтиради, деб ташвиш билдирарди. У шаҳзодани тўғри йўлга бошқариш учун жон куйдирар ва уни инсофга чақирарди. “Мен бу гапларни бировнинг гапи билан эмас, балки ота-бола ўртасидаги муносабатдан яхши хабардор бўлганлиги учун айтаман”, деб алоҳида уқтирганди шоир.

Навоийнинг Бадиуззамон Мирзога йўллаган иккинчи мактуби Тангри ризоси ота ризоси билан баробардир, шунингдек, Аллоҳ ғазаби ҳам ота ғазаби билан қўшилиб кетади, деган гаплар билан бошланди. Шоир Бадиуззамон Мирзога қарата, кимки отасини рози қилса, у Тангрини ҳам рози қилган бўлади, акс ҳолда Худонинг ғазабига дучор бўлади, деди. Шундай экан, ким отага қарши бош кўтариб чиқа олади?!

Навоийнинг фикрича, фарзанд учун ота қудратли тарбиячи, она эса қонуний ризқ берувчидир. Шу ўринда Навоий туркигўй шоир Аҳмад Югнакийнинг бир тўртлигини мисол келтиради. Ундаги “Атодин хато келса, кўрма хато”, дейиш билан Ҳусайн Бойқаро томонидан Бадиуззамон Мирзога нисбатан йўл қўйилган нотўғри хатти-ҳаракатни ғоят пардали тарзда қайд этиш баробарида “Бу хатони савоб бил”, яъни бу ҳолни дастак қилиб, отага бош кўтариш ниҳоятда улуғ гуноҳ эканлигини таъкидламоқчи бўлди.

Навоий мазкур мактубда Бадиуззамон Мирзонинг ўз отасига қарши йўл қўйган камчиликларини рўй-рост санаб ўтган, унга танбеҳ берган, султоннинг ўғли эканлигига қарамай аямай танқид қилган.
Навоийнинг фикрига кўра, Бадиуззамон Мирзо вилоятдан келадиган барча даромадни ўз ихтиёрига олиб қўйганди. Бу ўша даврда амалда бўлган қонунларга мутлақо зид эди. Иккинчидан, шаҳзода Ҳусайн Бойқаро фармонига сўзсиз бўйсуниш ўрнига ундан бўйин товлаган, бу густоҳлик саналарди. Маълумки, густоҳлик андишасизлик, ибосизликдан иборат. Учинчидан, шаҳзода ҳали қўлга кирмаган Ироқ вилоятини отаси билан маслаҳатлашмай, у билан келишмай туриб, ўз тасарруфига киритган эди. Бунда Бадиуззамон томонидан йўл қўйилган хато шундаки, у ўз нишони, яъни фармон ва бошқа расмий ҳужжатларида отаси Ҳусайн Бойқаронинг номини чиқариб ташлаганди. Бу эса ўша замонда амалда бўлган давлат юритиш тартибларига мутлақо зид бўлган. Мавжуд қонунга мувофиқ, вилоят ҳукмдорлари ҳар бир расмий ҳужжатда мамлакат ҳукмдорининг номини тилга олишлари шарт эди.

1496-1497 йилларда ота-бола ўртасида кескин уруш ҳаракатлари бошланиб кетди. Бадиуззамон Мирзони панд-насиҳатлар билан тўғри йўлга солишга кўзи етмаган Навоий уларни яраштириш мақсадида Балхга жўнади. Навоийни ўзига устоз деб билган, чин дилдан ҳурмат қилган шаҳзода унинг бирор гапини икки қилмай, шоир қўйган барча шартларга сўзсиз рози бўлди. Аммо музокаралар ижобий якунланиши олдидан Бадиуззамон Мирзонинг одамлари подшоҳнинг махфий фармонини қўлга туширдилар. Балх шаҳрининг кутволи (коменданти)га йўлланган ушбу фармонда Бадиуззамонни шаҳарга киритмаслик ва қўлга тушириб, зиндонбанд қилиш буюрилган эди. Фармонни ўз кўзи билан кўрган Навоий Султон Ҳусайн Бойқаронинг бу хатти-ҳаракатидан қаттиқ норози бўлади. Натижада фармон туфайли шаҳзода отаси билан ярашиш фикридан воз кечди…

Ниҳоят, ота-бола темурийзодалар ўртасидаги омонсиз жангда Бадиуззамон енгилди. Кейинги куни Музаффар Мирзо Астрободни босиб олиб, Мўмин Мирзони макр билан қўлга тушириб, асирликка олди. 12 ёшли Мўмин Мирзо Ҳиротга, Ихтиёриддин қалъасига келтирилди. Бу фурсатдан усталик билан фойдаланган Хадичабегим маккор вазир Низомулмулк билан махфий равишда тил бириктириб, Султон Ҳусайн Мирзонинг мастлиги чоғида ундан Мўмин Мирзони ўлдириш ҳақида олдиндан тайёрлаб қўйилган фармонга муҳр бостириб олдилар…
Султон ҳушига келиб, воқеанинг бутун даҳшатини англади-да, дарҳол ўзи муҳр босган фармонни бекор қилди. Аммо вақт ўтган, Мўмин Мирзо аллақачон фитна қурбони бўлганди. Бу қонли воқеалар рўй берган маъшум кунларда Навоий давлат ишлари билан Машҳадда эди. Шоир даҳшатли хабардан қаттиқ ларзага тушди. “Шайх Маждиддин Бағдодийнинг Хоразмшоҳ Муҳаммад томонидан қатл этилиши Чингизхон томонидан қирғинни бошлаб берган бўлса, Мўмин Мирзонинг ўлдирилиши ҳам худди шундай бўлажак”, деб бир неча бор такрорлаганини тарихчи Хондамир эслатиб ўтган.

Замоннинг зайлини қарангки, воқеаларнинг бориши Навоийнинг юқорида айтган фикрларини тўла-тўкис тасдиқлади. Кўп ўтмай Ҳиротга Шайбонийхон бошлиқ қўшинлар бостириб кирди.

1499 йилда Султон Ҳусайн Бойқаронинг Марвда ҳокимлик қилаётган ўғли Абулмуҳсин отага қарши бош кўтарди. Қартайган, толиққан шаҳаншоҳ ўз пушти камаридан бўлган ўғилга қарши қўшин тортишга мажбур бўлди. Шунинг учун Ҳусайн Бойқаро ҳаж сафарига отланиш учун тараддуд кўраётган Навоийга мактуб жўнатиб, уни ўрдасига, ўз ҳузурига етиб келишни сўради. Алишер Навоий бу пайтда ҳажга бориш учун йўлга чиққан ва Машҳадга етган эди. Подшоҳ мактуби хусусида шоир Машҳад улуғлари билан маслаҳатлашди. Улар мамлакат осойишталиги учун шоирдан ҳаж сафарини қолдириш зарурлигини таъкидладилар.

Алишер Навоий шоҳ қўшини жойлашган ўрдага етиб келди. Падарига қарши исён кўтарган Абул Муҳсин отаси билан сулҳ тузиш учун подшоҳ номидан Алишернинг вакил бўлишини шарт қилиб қўйганди. Шоир ота-болани яраштириб, Ҳиротга қайтди.

Султон Ҳусайн Бойқаро салтанатига ташқи душман Шайбонийхон таҳдиди хавф солмоқда эди. 1500 йилда Самарқанд Шайбонийхон тасарруфига ўтди. Бу вақтда Самарқандни қўлга киритиш учун кураш бошлаган Бобур Мирзо Султон Ҳусайн Мирзо ва Бадиуззамонга одам юбориб, ундан ёрдам сўради. Аммо улардан ҳеч қандай кўмак келмади. 1504 йилда Ҳусайн Бойқаро Шайбонийхон билан бўлган жангда вафот этди. Уни шоҳона урф-одатларга амал қилиб дафн этишгач, саркардалар ва беклар ўзаро маслаҳатлашиб, Ҳирот тахтини тенг тириклик асосида Бадиуззамон Мирзо ва Музаффар Мирзога топширдилар. Бобурнинг айтишича, бу қизиқ иш, яъни подшоҳликда шериклар асосида ҳукмронлик ҳеч қачон эшитилмаган эди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1506 йилда Ҳиротда Бадиуззамон билан учрашган. Севимли жасур фарзандидан ажралган, Навоийнинг панд-насиҳатларидан етарли хулоса чиқарган Бадиуззамон анчайин чўкиб қолган, ҳаётнинг омонсиз зарбаларидан соч-соқоли оқариб қолган эди.

Шайбонийхон Ҳиротни эгаллаганидан сўнг Бадиуззамон Мирзо Туркияга кетиб қолди ва 1514 йилда Истанбулда саргашталикда дунёдан кўз юмди.

008

06 ҲУСАЙН БОЙҚАРО, Ҳусайний (тўлиқ номи Ҳусайн ибн Мирзо Мансур бинни Мирзо Бойқаро) (1438— Ҳирот — 1506) — Хуросон ҳукмдори (1469—1506), шоир. 15-аср ўзбек мумтоз адабиётининг намояндаларидан. Темурийлардан Умаршайх мирзонинг эвараси. Онаси Ферузабегим темурийлардан Мироншоҳнинг набираси. Ҳусайн Бойқаро, Бобур таърифлаганидек, икки томонлама улуғ («карим ут-тарафайн») бўлган.

14 ёшда Абулқосим Бобур саройига хизматга кирган. 1454 йил Абулқосим Бобурнинг Самарқандга — Абу Саид Мирзога қарши юришида қатнашган. Абулқосим Бобур енгилгач, сулҳ тузиб, Ҳиротга қайтган. Ҳусайн Бойқаро эса онасининг тавсияси билан Абу Саид Мирзо саройида қолган. Кўп ўтмай, қамоққа олинган. Ферузабегим уни қутқариб, Ҳиротга олиб келган. Шоҳ вафот этгач, Ҳусайн Бойқаро Марв ҳукмдори Султон Санжар хизматига кирган ва унинг қизи Бека Султонбегимга уйланган. Султон Санжар Ҳусайн Бойқарони ўз ўрнига қўйиб, Машҳадга юриш қилган. Бу орада Марвда Ҳусайн Бойқарога қарши фитна уюштирилиб, у овга чиққанда, шаҳар дарвозалари беркитиб олинган. Ҳусайн Бойқаро 1457 йил қишни Марв билан Хива оралиғидаги биёбонда ўтказган. 1458 йилда 300 кишилик қўшин билан Султон Санжарнинг яқинларидан Бобо Ҳасан қўшинини енгиб, Нисо вилояти, сўнг Астрободни эгаллаган. 1459 йилда Ҳусайн Бойқаро ҳузурига Абдураззоқ Самарқандий элчи бўлиб келган. 1460 йилда вазият тақозоси билан Ҳусайн Бойқаро Астрободни ташлаб чиқишга мажбур бўлган. Аммо 1461 йил шаҳарни қайтариб олган. Шу йил ёз охирларида Ҳиротга юриш қилган. Бироқ Абу Саид Мирзога бас келолмай, орқага чекинган, бунинг устига, Астрободдан ҳам маҳрум бўлган. Амударё орқали Хоразмга ўтиб, Вазир шаҳрига — Мустафохон ҳузурига элчи юбориб, Абу Саидга қарши биргаликда курашишга даъват этган. Лекин элчи келгунча, унинг оғаси Пир Будоғ билан келишиб, Мустафохонга қарши юриш қилишган, лекин Вазир шаҳрини ололмай, битим тузганлар. Ҳусайн Бойқаро Адоққа бориб, 1461 йил охирларигача ўша ерда қолган. Адоқда туриб, Астробод, Гургон ва Эроннинг бошқа туманларига ҳужумлар уюштирган, мағлубиятга учраганида, шу ердан паноҳ топган. Мустафо зулмига қарши кўтарилган исёндан фойдаланиб, аввал Вазирни, 1462 йилда Урганч ва Хивани қўлга киритган. Орадан 1 йил ўтмай, Абу Саид уни Хоразмдан суриб чиқарган. 1463—64 йилларда Урганч, Хива, Ҳазорасп, Тирсакни қўлга киритган. Шу ерда куч тўплаб, яна Хуросонга ҳужум қилган. Аммо Абу Саид қўшинлари Хивани эгаллайди. Ҳусайн Бойқаро уни қайтариб олади. 1467 йилда яна Урганчни эгаллайди. Шу йили у ўзбеклар хони Абулхайрхондан ёрдам сўраб, Дашти Қипчоққа боради. Хон ёрдам ваъда қилади, лекин бетоб бўлиб қолганлиги туфайли, бу ваъда амалга ошмайди. 1469 йил мартигача Хоразм ва Бухоро ўртасида сарсон-саргардон юрган Ҳусайн Бойқаро, Абу Саид вафот этгач, Ҳиротни эгаллаб, Самарқанддан дўсти Алишер Навоийни махсус ёрлиқ билан чақириб олади ва муҳрдорлик вазифасига тайинлайди. Навоий дўстини тахтга чиқиши билан қутлаб, унга «Ҳилолия» қасидасини тақдим этган.

1469—70 йиллар Шоҳрух мирзонинг авлодларидан Ёдгор Муҳаммад Мирзо ва Абу Саид Мирзонинг ўғли Султон Маҳмуд Мирзо тахт даъвогарлари сифатида майдонга чиқадилар. Ёдгор Мирзонинг тарафдорлари, хусусан, онаси Поянда Султонбегим Ҳирот ичкарисида зимдан иш олиб борган. 1470 йилнинг июлида Ҳусайн Бойқаро қўшин билан душманга қарши жангга кетганда, пойтахтда сотқин бек ва амалдорлар Ёдгор Мирзо номига хутба ўқитганлар. Ҳусайн Бойқаро 1 ойдан сўнг Навоийнинг тадбиркорлиги билан Ёдгор Мирзони қўлга олиб, тахтни қайта эгаллаган ва умрининг охиригача ҳукмдорлик қилган. Салтанатига Хоразм, Сейистон, Қандаҳор, Балх, Ғазнадан Домғонгача бўлган ерлар кирган. Юрак хасталигидан вафот этган Ҳусайн Бойқаро ўзи қурдирган мадраса ичидаги мақбарага дафн этилган. Ҳозир мақбара вайрон бўлган, қабр ва унинг устига ўрнатилган «Санги ҳафт қалам» сақланиб қолган.

Ҳусайн Бойқаро темурийлар орасида анча шижоатли ва маърифатли, шариатга қатъий амал қилган ҳукмдор бўлган. Ҳусайн Бойқаро Хуросонда ҳокимиятни эгаллагач, асосий эътиборни мамлакатда тинчлик, осойишталикни қарор топтириш, ички ҳудудий низолар, зиддиятларни бартараф этиш ва марказий ҳокимиятни мустаҳкамлашга қаратган. У ўлкада маданий-маърифий ва ободончилик ишларини ривожлантиришга алоҳида рағбат кўрсатган: иқтисодий ҳаёт юксалиб, савдо-сотиқ ривожланган, юзлаб карвонсаройлар, работ, кўприк, мактаб, мадраса, масжид, хонақоҳ, ҳаммом, табобатхона, етимхона, сув ҳавзалари қурилган, каналлар қазилган, боғлар барпо этилган.

Ҳусайн Бойқаро даврида Ҳирот Шарқнинг фан, маданият, ҳунармандчилик ривожланган йирик марказига айланган: турли мамлакатлардан истеъдод соҳиблари Ҳиротга паноҳ ахтариб келганлар. Тил, адабиёт, тарих, тасвирий санъат, хаттотлик, китобат санъати, табобат, ҳандаса, мусиқа, қоғоз тайёрлаш, томоша санъати ва б. соҳалар ривожланган. Ҳирот, Машҳад, Марв, Нишопур сингари шаҳарларда кўплаб ноёб обидалар барпо этилган. Маҳаллий ҳунармандлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар Хуросондан ташқарида ҳам машҳур бўлган. Ҳусайн Бойқаро, Навоий ва Жомий кўплаб истеъдодларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаганлар; ўз даврининг забардаст шоир, олим, муаррих, мусиқачи, хаттот, наққошлари худди шу замонда етишиб чиққанлар ва фаол ижод қилганлар.

Ҳусайн Бойқаро туркий тилда ёзишни рағбатлантирган ва шунга даъват қилган. Ўзи ҳам бадиий ижод билан шуғулланиб, «Ҳусайний» тахаллуси билан шеърлар ёзган, шеърият мажлислари ташкил этиб, шоирларга раҳнамолик қилган. Ундан бизгача шеърлар девони ва навоийга бағишланган «Рисола» асари етиб келган. «Рисола» асари 1945 йилда турк олими Исмоил Ҳикмат томонидан топилиб, илмий муомалага кири-тилган. Шоҳ шоирнинг ҳозиргача 202 ғазал, Навоий газалига боғланган 3 мухаммас, 6 рубоий, шунингдек, форс-тожикча 2 ғазал. 1 рубоий ва бир неча байтлари маълум. Ғазалларининг барчаси рамал баҳрида. Лекин улар Ҳусайн Бойқаронинг табъи баланд, диди нозик шоир бўлганлигини кўрсатади. Навоий «Мажолис ун-нафоис» тазкирасининг 8-мажлисини тўлиқ Ҳусайн Бойқаро ижодида бағишлаб, унинг девонидаги 164 ғазалнинг матлаъини келтиради ва у қўллаган бадиий тимсоллар, шеърий санъатлар, нозик маъно ва оҳорли ташбеҳлар хусусида фикр юритади. Ҳусайн Бойқаро ғазаллари тилининг мусиқийлиги ва жарангдорлиги билан ажралиб туради.

Ҳусайн Бойқародан 14 ўғил, 11 қиз қолган. Бадиуззамон Мирзо, Шоҳғариб Мирзо, Муҳаммад Ҳусайн, Иброҳим Ҳусайн каби ўғиллари бадиий ижод билан ҳам шуғулланишган. Кейинчалик ўзаро ички урушлар, Ҳусайн Бойқаро ва сарой амалдорларининг маишатга берилиб кетиши оқибатида Хуросон давлати заифлашган. Унинг вафотидан сўнг Ҳирот шайбонийлар томонидан забт этилган (1507).

БАДИУЗЗАМОН (1458,Ҳирот — 1515,Истанбул) — Хуросон ҳукмдори (1506—07). Ҳусайн Бойқаронинг тўнғич ўғли, онаси — Марв ҳокими Санжар Мирзонинг қизи Бека Султон бегим (1488 й. в.э.). Бадиуззамон 1473 й.дан Сейистон, кейинчалик Мозандарон ҳокими. Астробод ҳокими амир Мўғул хиёнатидан сўнг, Ҳусайн Бойқаро уни Астрободга ҳоким қилиб тайинлаган (1493 й.дан). Сўнг, у 1496—1506 й.ларда Балх ҳокими бўлган.

Бобурнинг ёзишича, «Султон Ҳусайн Мирзо Балхга келганида Мовароуннаҳр фойдасини кўзлаб Балхни Бадиуззамонга беради, унинг мулки — Астрободни эса Музаффар Ҳусайн Мирзога топширади. Бадиуззамон шу туфайли аразлаганди. Шунча йиллар давом этган душманлик ва исён сабаби айни шу ҳолат эди». Бадиуззамон Астрободни укасига беришга кўнмаган. Чунки, Ҳусайн Бойқаро Астрободни унинг ўғли Муҳаммад Мўмин Мирзога суннат тўйини қилаётганда инъом қилган эди. Оқибат ота-ўғил ўртасидаги можаро урушга айланади. 1497 й. Бадиуззамон Пули Чироғ дарасидаги жангда мағлубиятга учрайди. Худди шу куни Музаффар Ҳусайн Мирзо Астробод ёнида Муҳаммад Мўмин Мирзони енгади. Ҳусайн Бойқаро Балхни ўғилларидан Иброҳим Ҳусайн Мирзога беради. Енгилган Бадиуззамон қолган-қутган лашкари б-н Қундузга қочади, сўнг Хусравшоҳ ҳузуридан паноҳ топади. Хусравшоҳ Бадиуззамонга қўшин, қурол- яроғ б-н ёрдам бергач, у Қандаҳор ва Заминдеворга боради. 1505 й. Бадиуззамон отаси б-н ярашиб, унинг хизматига киради. Отаси вафот этгач, укаси Музаффар Ҳусайн Мирзо б-н биргаликда тахтга ўтиради.

1506 й. Шайбонийхон Балхни қамал қилганда Бадиуззамон Музаффар Мирзо б-н унга қарши отланиб бошқа укаларини ҳам ёрдамга чақиради. Бодхизда Бадиуззамон қўшинига Абулмуҳсин Мирзо ва Ибн Ҳусайн Мирзо келиб қўшилади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам уларга ёрдамга келади. Аммо улар тўплангунга қадар орадан 3—4 ой ўтади, бу орада Шайбонийхон Балхни эгаллаб, Бадиуззамон қўшин тўплаётганидан хабар топгач, кеч кузда Самарқандга қайтиб кетади. Шайбонийхон 1507 й. Самарқанддан Хуросонга қўшин тортади. Бадиуззамон укаси б-н Ҳиротни ташлаб қочади, сўнг Эронга, Исмоил Сафавий ҳузурига боради. 1514 й. Бадиуззамонни турк султони Салим I Истанбулга олиб кетади, у ўша ерда вабога чалиниб вафот этади.

Бадиуззамон Ҳусайн Бойқаронинг ўғиллари орасида энг оқили ва тадбиркори бўлиб, тақводор, адолатпеша ҳамда илму маърифат ва ҳунар аҳлига мурувватли ҳукмдор эди. У ўз саройида олим, шоир, санъаткорларни йиғиб анжуманлар ўтказиб турарди. Шунинг б-н бирга, у ўзи ҳам гўзал ғазаллар битган, мамлакатда қурилиш-ободончилик ишларига катта эътибор берган. Алишер Навоий Бадиуззамонни қуйидагича таърифлаган: «Султон Бадиуззамон Мирзо ҳусни сурат ва ҳусни сийрат била ораста ва жамоли зоҳирий ва камоли ботиний била пийроста йигитдур. Разм атворидин отар-тутарда дилписанд ва базм асбобидан ичмак ва бағишламақда бемонанд. Табъи ҳам назм услубида мулойим тушубтур…».

 

copy-cropped-shahname.jpg OTAGA QARSHI ISYON
YOXUD SHAHZODA BADIUZZAMON QISMATI

Fathulla Namozov
009

   Husayn Boyqaro Hirot taxtiga chiqmasidan avval ma’lum muddat Samarqandda Sulton Abusaid Mirzo saroyida xizmat qildi. Abusaid Mirzo uni iliq kutib olib, temuriylarga xos ixlos bilan unga chin e’tiqod qo’ygan edi. Ammo Sulton Uvays unga qarshi bosh ko’tarib, hujum qilganidan so’ng Abusaid Mirzoning Husayn Boyqarodan ko’ngli qoldi. Ixlosi qaytgan podsho boshqa shahzodalar qatori Husayn Boyqaroni ham hibsga oldi. Chunki toj-taxtni ko’zlab, ertami-kechmi Husayn Boyqaro ham bosh ko’tarishi mumkin edi. Buni Sulton Abusaid kech bo’lsa-da, baribir tushunib qoldi.

Sulton Husaynning hibsga olingani haqidagi xabar uning onasi Feruzabegimga yetib bordi. Feruzabegim Hirotdan zudlik bilan kelib, o’g’lini qutqarib oldi. Sulton Abusaid Mirzo bilan aloqani butunlay uzgan Husayn Boyqaro onasiga qo’shilib, shitob bilan Samarqandni tark etdi. U Hirotga emas, balki Marvga yo’l oldi.

Bu paytda Marvda Sulton Sanjar hukmronlik qilardi. U Sulton Abusaid Mirzoning ashaddiy dushmani edi. Sulton Sanjar Husayn Boyqaroni quchoq ochib qarshi oldi, uning sarkardalik mahoratini yuqori baholadi. U Boyqaro bilan yanada yaqinroq bo’lishni istardi. Shu maqsadda uni o’ziga kuyov qildi. Beka Sultonbegim ismli qizini unga xotinlikka berdi. Shunday qilib, Sulton Husayn Boyqaro Marv hukmroni Sulton Sanjarga kuyov bo’lib qoldi. Badiuzzamon Mirzo Husayn Boyqaroning ana shu xotinidan tug’ilgan to’ng’ich farzandi edi. O’sha davr odatiga ko’ra, u bo’lajak taxt egasi, ya’ni valihad hisoblangan.

Badiuzzamon Mirzo g’ayrat va shijoat, yurtni boshqarish va sarkardalikda boshqa temuriy shahzodalardan ajralib turardi. Ulug’ shoir Alisher Navoiy u haqda iftixor bilan so’zlab, ichki va tashqi fazilatlari tufayli yuksak maqom egallaganini (“Husni surot va husni siyrat bila orasta va jamoli zohiriy va kamoli botiniy bila niyrosta yigitdur”), kamolga yetganini alohida ta’kidlaydi. Mirzoning yana bir jihati uning she’riyat bilan mashg’ul bo’lishi, shoirligi edi (“tab’i ham nazm uslubida muloyimdur”). Navoiy Badiuzzamon Mirzoning fors-tojik hamda turkiy (eski o’zbek tili)da qalam tebratganini aytib, uni o’zbekcha she’ridan bir bayt keltiradi:

Ey sabo, gar so’rsa holim shammai ul sarvinoz,
Evrulub boshig’a men sargashtadin yetkur niyoz.

Alisher Navoiy Badiuzzamon Mirzoga umid bilan qarar, uni kelajakda mamlakatni adolat bilan boshqarishi, yurt obodonligi uchun jon kuydirishiga chin yurakdan ishonardi. Shoirning Badiuzzamon Mirzoga bitgan maktublari hamda unga bag’ishlangan she’riy satrlari sinchiklab o’rganilsa, ayon bo’ladiki, Navoiy shahzodani hamisha kuzatib yurgan, uning yutuqlaridan muttasil quvongan, xato-kamchiliklaridan mehribon otalardek ko’yingan. Bilib turib yo’l qo’ygan noto’g’ri xatti-harakatlarini esa ro’y-rost yuziga aytib, uni bu yo’ldan qaytarishga uringan. O’z navbatida Badiuzzamon Mirzo ham Navoiyga chinakam ixlos qo’ygan, uni mehribon ustoz va murabbiy sifatida hamisha e’zozlardi. Hatto, eng qaltis vaziyatlarda ham shoirning aytganlarini so’zsiz bajargan, uning so’zini ikki qilmaslikka intilgan Badiuzzamon Mirzo Navoiyning ta’na-dashnomlari, tanbehlarini hamisha e’tirozsiz qabul qilgan. Navoiy bilan Badiuzzamon o’rtasidagi munosabatning samimiyligi hozirga qadar bizga ota-bola o’rtasidagi nazokatli va nafis munosabatni eslatadi.

Ammo shuni ham alohida ta’kidlash kerakki, sulton Husayn Boyqarodek podshohning bu to’ng’ich o’g’li barcha temuriy shahzodalar kabi toju taxtga nihoyatda o’ch edi. Uning o’z otasiga qarshi bosh ko’tarib isyon olovini yoqqanligi, mamlakat, yurt boshiga g’oyat katta tashvish va tahlika tug’dirgani ma’lum. Ota-bola o’rtasidagi ushbu behuda ixtilof va nizo tufayli hisobsiz qonlar to’kildi, ko’pgina yosh yigitlar umri xazon bo’ldi. Badiuzzamon Mirzo uchun bu toj-taxt talashlari g’oyat qimmatga tushdi. U dastavval Zulcharog’ nomli manzilda, ikkinchi marta esa Nishin yaylovida otasi tomonidan tor-mor etildi. Eng xunugi, Badiuzzamon Mirzoga ergashib, Husayn Mirzoning Abulmuhsin Mirzo va Kepak Mirzo kabi o’g’illari ham otaga qarshi bosh ko’tardilar.

Husayn Boyqaro bilan Badiuzzamon Mirzo o’rtasidagi kelishmovchiliklarning kelib chiqishiga faqat shahzodani ayblash adolatdan bo’lmaydi, albatta. Dastavval Astrobodni Badiuzzamonga bergan Husayn Boyqaro xotini Xadichabegimning qutqusi bilan bo’lsa kerak, niyatidan qaytib, uni Muzaffar Mirzoga topshirish haqida maxsus farmon beradi. Badiuzzamon Mirzoni esa Astrobod hokimligidan ozod etib, uni Balx hokimi etib tayinlaydi. Ushbu adolatsiz farmon shahzodaning g’azabini toshirib yuboradi. Chunki Astrobod hokimligidan ketish Badiuzzamon Mirzoning valiahdlikdan mahrum etilishi bilan barobar edi.

Xullas, Sulton Husayn Boyqaroning Badiuzzamon Mirzoni Astrobod hokimligidan mahrum etish to’g’risidagi farmoniga Badiuzzamon bo’ysunmay, uni bajarishdan bosh tortdi. Sarkash shahzoda o’zining o’n ikki yoshli o’g’li, dadil va jasur Mo’min Mirzoni Astrobodda qoldirib, shaharga Muzaffar Mirzoni kiritmaslikni tayinladi, o’zi esa Balx sari yo’l oldi. Otasining Xadichabegim gapiga ko’nib, bunday ish tutishidan qattiq g’azablangan Badiuzzamon Mirzo: “Astrobodga odam yuborib, ovora bo’lmang. Uni baribir bermayman”, degan mazmunda maktub bitib, otasiga jo’natadi.

Ulug’ shoir Alisher Navoiy otaga qarshi bosh ko’targan Badiuzzamon Mirzoni otasi bilan yarashtirish uchun ko’p sa’y-harakat qilgani tarixiy asarlar orqali ma’lum. Shoir Badiuzzamonga yuborgan bir maktubida ota bilan yurt talashish el boshiga zo’r falokatlar keltiradi, deb tashvish bildirardi. U shahzodani to’g’ri yo’lga boshqarish uchun jon kuydirar va uni insofga chaqirardi. “Men bu gaplarni birovning gapi bilan emas, balki ota-bola o’rtasidagi munosabatdan yaxshi xabardor bo’lganligi uchun aytaman”, deb alohida uqtirgandi shoir.

Navoiyning Badiuzzamon Mirzoga yo’llagan ikkinchi maktubi Tangri rizosi ota rizosi bilan barobardir, shuningdek, Alloh g’azabi ham ota g’azabi bilan qo’shilib ketadi, degan gaplar bilan boshlandi. Shoir Badiuzzamon Mirzoga qarata, kimki otasini rozi qilsa, u Tangrini ham rozi qilgan bo’ladi, aks holda Xudoning g’azabiga duchor bo’ladi, dedi. Shunday ekan, kim otaga qarshi bosh ko’tarib chiqa oladi?!Navoiyning fikricha, farzand uchun ota qudratli tarbiyachi, ona esa qonuniy rizq beruvchidir. Shu o’rinda Navoiy turkigo’y shoir Ahmad Yugnakiyning bir to’rtligini misol keltiradi. Undagi “Atodin xato kelsa, ko’rma xato”, deyish bilan Husayn Boyqaro tomonidan Badiuzzamon Mirzoga nisbatan yo’l qo’yilgan noto’g’ri xatti-harakatni g’oyat pardali tarzda qayd etish barobarida “Bu xatoni savob bil”, ya’ni bu holni dastak qilib, otaga bosh ko’tarish nihoyatda ulug’ gunoh ekanligini ta’kidlamoqchi bo’ldi.

Navoiy mazkur maktubda Badiuzzamon Mirzoning o’z otasiga qarshi yo’l qo’ygan kamchiliklarini ro’y-rost sanab o’tgan, unga tanbeh bergan, sultonning o’g’li ekanligiga qaramay ayamay tanqid qilgan.Navoiyning fikriga ko’ra, Badiuzzamon Mirzo viloyatdan keladigan barcha daromadni o’z ixtiyoriga olib qo’ygandi. Bu o’sha davrda amalda bo’lgan qonunlarga mutlaqo zid edi. Ikkinchidan, shahzoda Husayn Boyqaro farmoniga so’zsiz bo’ysunish o’rniga undan bo’yin tovlagan, bu gustohlik sanalardi. Ma’lumki, gustohlik andishasizlik, ibosizlikdan iborat. Uchinchidan, shahzoda hali qo’lga kirmagan Iroq viloyatini otasi bilan maslahatlashmay, u bilan kelishmay turib, o’z tasarrufiga kiritgan edi. Bunda Badiuzzamon tomonidan yo’l qo’yilgan xato shundaki, u o’z nishoni, ya’ni farmon va boshqa rasmiy hujjatlarida otasi Husayn Boyqaroning nomini chiqarib tashlagandi. Bu esa o’sha zamonda amalda bo’lgan davlat yuritish tartiblariga mutlaqo zid bo’lgan. Mavjud qonunga muvofiq, viloyat hukmdorlari har bir rasmiy hujjatda mamlakat hukmdorining nomini tilga olishlari shart edi.

1496-1497 yillarda ota-bola o’rtasida keskin urush harakatlari boshlanib ketdi. Badiuzzamon Mirzoni pand-nasihatlar bilan to’g’ri yo’lga solishga ko’zi yetmagan Navoiy ularni yarashtirish maqsadida Balxga jo’nadi. Navoiyni o’ziga ustoz deb bilgan, chin dildan hurmat qilgan shahzoda uning biror gapini ikki qilmay, shoir qo’ygan barcha shartlarga so’zsiz rozi bo’ldi. Ammo muzokaralar ijobiy yakunlanishi oldidan Badiuzzamon Mirzoning odamlari podshohning maxfiy farmonini qo’lga tushirdilar. Balx shahrining kutvoli (komendanti)ga yo’llangan ushbu farmonda Badiuzzamonni shaharga kiritmaslik va qo’lga tushirib, zindonband qilish buyurilgan edi. Farmonni o’z ko’zi bilan ko’rgan Navoiy Sulton Husayn Boyqaroning bu xatti-harakatidan qattiq norozi bo’ladi. Natijada farmon tufayli shahzoda otasi bilan yarashish fikridan voz kechdi…

Nihoyat, ota-bola temuriyzodalar o’rtasidagi omonsiz jangda Badiuzzamon yengildi. Keyingi kuni Muzaffar Mirzo Astrobodni bosib olib, Mo’min Mirzoni makr bilan qo’lga tushirib, asirlikka oldi. 12 yoshli Mo’min Mirzo Hirotga, Ixtiyoriddin qal’asiga keltirildi. Bu fursatdan ustalik bilan foydalangan Xadichabegim makkor vazir Nizomulmulk bilan maxfiy ravishda til biriktirib, Sulton Husayn Mirzoning mastligi chog’ida undan Mo’min Mirzoni o’ldirish haqida oldindan tayyorlab qo’yilgan farmonga muhr bostirib oldilar…

Sulton hushiga kelib, voqeaning butun dahshatini angladi-da, darhol o’zi muhr bosgan farmonni bekor qildi. Ammo vaqt o’tgan, Mo’min Mirzo allaqachon fitna qurboni bo’lgandi. Bu qonli voqealar ro’y bergan ma’shum kunlarda Navoiy davlat ishlari bilan Mashhadda edi. Shoir dahshatli xabardan qattiq larzaga tushdi. “Shayx Majdiddin Bag’dodiyning Xorazmshoh Muhammad tomonidan qatl etilishi Chingizxon tomonidan qirg’inni boshlab bergan bo’lsa, Mo’min Mirzoning o’ldirilishi ham xuddi shunday bo’lajak”, deb bir necha bor takrorlaganini tarixchi Xondamir eslatib o’tgan.

Zamonning zaylini qarangki, voqealarning borishi Navoiyning yuqorida aytgan fikrlarini to’la-to’kis tasdiqladi. Ko’p o’tmay Hirotga Shayboniyxon boshliq qo’shinlar bostirib kirdi.

1499 yilda Sulton Husayn Boyqaroning Marvda hokimlik qilayotgan o’g’li Abulmuhsin otaga qarshi bosh ko’tardi. Qartaygan, toliqqan shahanshoh o’z pushti kamaridan bo’lgan o’g’ilga qarshi qo’shin tortishga majbur bo’ldi. Shuning uchun Husayn Boyqaro haj safariga otlanish uchun taraddud ko’rayotgan Navoiyga maktub jo’natib, uni o’rdasiga, o’z huzuriga yetib kelishni so’radi. Alisher Navoiy bu paytda hajga borish uchun yo’lga chiqqan va Mashhadga yetgan edi. Podshoh maktubi xususida shoir Mashhad ulug’lari bilan maslahatlashdi. Ular mamlakat osoyishtaligi uchun shoirdan haj safarini qoldirish zarurligini ta’kidladilar.

Alisher Navoiy shoh qo’shini joylashgan o’rdaga yetib keldi. Padariga qarshi isyon ko’targan Abul Muhsin otasi bilan sulh tuzish uchun podshoh nomidan Alisherning vakil bo’lishini shart qilib qo’ygandi. Shoir ota-bolani yarashtirib, Hirotga qaytdi.

Sulton Husayn Boyqaro saltanatiga tashqi dushman Shayboniyxon tahdidi xavf solmoqda edi. 1500 yilda Samarqand Shayboniyxon tasarrufiga o’tdi. Bu vaqtda Samarqandni qo’lga kiritish uchun kurash boshlagan Bobur Mirzo Sulton Husayn Mirzo va Badiuzzamonga odam yuborib, undan yordam so’radi. Ammo ulardan hech qanday ko’mak kelmadi. 1504 yilda Husayn Boyqaro Shayboniyxon bilan bo’lgan jangda vafot etdi. Uni shohona urf-odatlarga amal qilib dafn etishgach, sarkardalar va beklar o’zaro maslahatlashib, Hirot taxtini teng tiriklik asosida Badiuzzamon Mirzo va Muzaffar Mirzoga topshirdilar. Boburning aytishicha, bu qiziq ish, ya’ni podshohlikda sheriklar asosida hukmronlik hech qachon eshitilmagan edi.

Zahiriddin Muhammad Bobur 1506 yilda Hirotda Badiuzzamon bilan uchrashgan. Sevimli jasur farzandidan ajralgan, Navoiyning pand-nasihatlaridan yetarli xulosa chiqargan Badiuzzamon anchayin cho’kib qolgan, hayotning omonsiz zarbalaridan soch-soqoli oqarib qolgan edi.

Shayboniyxon Hirotni egallaganidan so’ng Badiuzzamon Mirzo Turkiyaga ketib qoldi va 1514 yilda Istanbulda sargashtalikda dunyodan ko’z yumdi.

08

06 HUSAYN BOYQARO, Husayniy (to’liq nomi Husayn ibn Mirzo Mansur binni Mirzo Boyqaro) (1438— Hirot — 1506) — Xuroson hukmdori (1469—1506), shoir. 15-asr o’zbek mumtoz adabiyotining namoyandalaridan. Temuriylardan Umarshayx mirzoning evarasi. Onasi Feruzabegim temuriylardan Mironshohning nabirasi. Husayn Boyqaro, Bobur ta’riflaganidek, ikki tomonlama ulug’ («karim ut-tarafayn») bo’lgan.

14 yoshda Abulqosim Bobur saroyiga xizmatga kirgan. 1454 yil Abulqosim Boburning Samarqandga — Abu Said Mirzoga qarshi yurishida qatnashgan. Abulqosim Bobur yengilgach, sulh tuzib, Hirotga qaytgan. Husayn Boyqaro esa onasining tavsiyasi bilan Abu Said Mirzo saroyida qolgan. Ko’p o’tmay, qamoqqa olingan. Feruzabegim uni qutqarib, Hirotga olib kelgan. Shoh vafot etgach, Husayn Boyqaro Marv hukmdori Sulton Sanjar xizmatiga kirgan va uning qizi Beka Sultonbegimga uylangan. Sulton Sanjar Husayn Boyqaroni o’z o’rniga qo’yib, Mashhadga yurish qilgan. Bu orada Marvda Husayn Boyqaroga qarshi fitna uyushtirilib, u ovga chiqqanda, shahar darvozalari berkitib olingan. Husayn Boyqaro 1457 yil qishni Marv bilan Xiva oralig’idagi biyobonda o’tkazgan. 1458 yilda 300 kishilik qo’shin bilan Sulton Sanjarning yaqinlaridan Bobo Hasan qo’shinini yengib, Niso viloyati, so’ng Astrobodni egallagan. 1459 yilda Husayn Boyqaro huzuriga Abdurazzoq Samarqandiy elchi bo’lib kelgan. 1460 yilda vaziyat taqozosi bilan Husayn Boyqaro Astrobodni tashlab chiqishga majbur bo’lgan. Ammo 1461 yil shaharni qaytarib olgan. Shu yil yoz oxirlarida Hirotga yurish qilgan. Biroq Abu Said Mirzoga bas kelolmay, orqaga chekingan, buning ustiga, Astroboddan ham mahrum bo’lgan. Amudaryo orqali Xorazmga o’tib, Vazir shahriga — Mustafoxon huzuriga elchi yuborib, Abu Saidga qarshi birgalikda kurashishga da’vat etgan. Lekin elchi kelguncha, uning og’asi Pir Budog’ bilan kelishib, Mustafoxonga qarshi yurish qilishgan, lekin Vazir shahrini ololmay, bitim tuzganlar. Husayn Boyqaro Adoqqa borib, 1461 yil oxirlarigacha o’sha yerda qolgan. Adoqda turib, Astrobod, Gurgon va Eronning boshqa tumanlariga hujumlar uyushtirgan, mag’lubiyatga uchraganida, shu yerdan panoh topgan. Mustafo zulmiga qarshi ko’tarilgan isyondan foydalanib, avval Vazirni, 1462 yilda Urganch va Xivani qo’lga kiritgan. Oradan 1 yil o’tmay, Abu Said uni Xorazmdan surib chiqargan. 1463—64 yillarda Urganch, Xiva, Hazorasp, Tirsakni qo’lga kiritgan. Shu yerda kuch to’plab, yana Xurosonga hujum qilgan. Ammo Abu Said qo’shinlari Xivani egallaydi. Husayn Boyqaro uni qaytarib oladi. 1467 yilda yana Urganchni egallaydi. Shu yili u o’zbeklar xoni Abulxayrxondan yordam so’rab, Dashti Qipchoqqa boradi. Xon yordam va’da qiladi, lekin betob bo’lib qolganligi tufayli, bu va’da amalga oshmaydi. 1469 yil  martigacha Xorazm va Buxoro o’rtasida sarson-sargardon yurgan Husayn Boyqaro, Abu Said vafot etgach, Hirotni egallab, Samarqanddan do’sti Alisher Navoiyni maxsus yorliq bilan chaqirib oladi va muhrdorlik vazifasiga tayinlaydi. Navoiy do’stini taxtga chiqishi bilan qutlab, unga «Hiloliya» qasidasini taqdim etgan.

1469—70 yillar Shohrux mirzoning avlodlaridan Yodgor Muhammad Mirzo va Abu Said Mirzoning o’g’li Sulton Mahmud Mirzo taxt da’vogarlari sifatida maydonga chiqadilar. Yodgor Mirzoning tarafdorlari, xususan, onasi Poyanda Sultonbegim Hirot ichkarisida zimdan ish olib borgan. 1470 yilning iyulida Husayn Boyqaro qo’shin bilan dushmanga qarshi jangga ketganda, poytaxtda sotqin bek va amaldorlar Yodgor Mirzo nomiga xutba o’qitganlar. Husayn Boyqaro 1 oydan so’ng Navoiyning tadbirkorligi bilan Yodgor Mirzoni qo’lga olib, taxtni qayta egallagan va umrining oxirigacha hukmdorlik qilgan. Saltanatiga Xorazm, Seyiston, Qandahor, Balx, G’aznadan Domg’ongacha bo’lgan yerlar kirgan. Yurak xastaligidan vafot etgan Husayn Boyqaro o’zi qurdirgan madrasa ichidagi maqbaraga dafn etilgan. Hozir maqbara vayron bo’lgan, qabr va uning ustiga o’rnatilgan «Sangi haft qalam» saqlanib qolgan.

Husayn Boyqaro temuriylar orasida ancha shijoatli va ma’rifatli, shariatga qat’iy amal qilgan hukmdor bo’lgan. Husayn Boyqaro Xurosonda hokimiyatni egallagach, asosiy e’tiborni mamlakatda tinchlik, osoyishtalikni qaror toptirish, ichki hududiy nizolar, ziddiyatlarni bartaraf etish va markaziy hokimiyatni mustahkamlashga qaratgan. U o’lkada madaniy-ma’rifiy va obodonchilik ishlarini rivojlantirishga alohida rag’bat ko’rsatgan: iqtisodiy hayot yuksalib, savdo-sotiq rivojlangan, yuzlab karvonsaroylar, rabot, ko’prik, maktab, madrasa, masjid, xonaqoh, hammom, tabobatxona, yetimxona, suv havzalari qurilgan, kanallar qazilgan, bog’lar barpo etilgan.

Husayn Boyqaro davrida Hirot Sharqning fan, madaniyat, hunarmandchilik rivojlangan yirik markaziga aylangan: turli mamlakatlardan iste’dod sohiblari Hirotga panoh axtarib kelganlar. Til, adabiyot, tarix, tasviriy san’at, xattotlik, kitobat san’ati, tabobat, handasa, musiqa, qog’oz tayyorlash, tomosha san’ati va b. sohalar rivojlangan. Hirot, Mashhad, Marv, Nishopur singari shaharlarda ko’plab noyob obidalar barpo etilgan. Mahalliy hunarmandlar ishlab chiqargan mahsulotlar Xurosondan tashqarida ham mashhur bo’lgan. Husayn Boyqaro, Navoiy va Jomiy ko’plab iste’dodlarni moddiy va ma’naviy jihatdan qo’llab-quvvatlaganlar; o’z davrining zabardast shoir, olim, muarrix, musiqachi, xattot, naqqoshlari xuddi shu zamonda yetishib chiqqanlar va faol ijod qilganlar.

Husayn Boyqaro turkiy tilda yozishni rag’batlantirgan va shunga da’vat qilgan. O’zi ham badiiy ijod bilan shug’ullanib, «Husayniy» taxallusi bilan she’rlar yozgan, she’riyat majlislari tashkil etib, shoirlarga rahnamolik qilgan. Undan bizgacha she’rlar devoni va navoiyga bag’ishlangan «Risola» asari yetib kelgan. «Risola» asari 1945 yilda turk olimi Ismoil Hikmat tomonidan topilib, ilmiy muomalaga kiri-tilgan. Shoh shoirning hozirgacha 202 g’azal, Navoiy gazaliga bog’langan 3 muxammas, 6 ruboiy, shuningdek, fors-tojikcha 2 g’azal. 1 ruboiy va bir necha baytlari ma’lum. G’azallarining barchasi ramal bahrida. Lekin ular Husayn Boyqaroning tab’i baland, didi nozik shoir bo’lganligini ko’rsatadi. Navoiy «Majolis un-nafois» tazkirasining 8-majlisini to’liq Husayn Boyqaro ijodida bag’ishlab, uning devonidagi 164 g’azalning matla’ini keltiradi va u qo’llagan badiiy timsollar, she’riy san’atlar, nozik ma’no va ohorli tashbehlar xususida fikr yuritadi. Husayn Boyqaro g’azallari tilining musiqiyligi va jarangdorligi bilan ajralib turadi.

Husayn Boyqarodan 14 o’g’il, 11 qiz qolgan. Badiuzzamon Mirzo, Shohg’arib Mirzo, Muhammad Husayn, Ibrohim Husayn kabi o’g’illari badiiy ijod bilan ham shug’ullanishgan. Keyinchalik o’zaro ichki urushlar, Husayn Boyqaro va saroy amaldorlarining maishatga berilib ketishi oqibatida Xuroson davlati zaiflashgan. Uning vafotidan so’ng Hirot shayboniylar tomonidan zabt etilgan (1507).

BADIUZZAMON (1458,Hirot — 1515,Istanbul) — Xuroson hukmdori (1506—07). Husayn Boyqaroning to’ng’ich o’g’li, onasi — Marv hokimi Sanjar Mirzoning qizi Beka Sulton begim (1488 y. v.e.). Badiuzzamon 1473 y.dan Seyiston, keyinchalik Mozandaron hokimi. Astrobod hokimi amir Mo’g’ul xiyonatidan so’ng, Husayn Boyqaro uni Astrobodga hokim qilib tayinlagan (1493 y.dan). So’ng, u 1496—1506 y.larda Balx hokimi bo’lgan.

Boburning yozishicha, «Sulton Husayn Mirzo Balxga kelganida Movarounnahr foydasini ko’zlab Balxni Badiuzzamonga beradi, uning mulki — Astrobodni esa Muzaffar Husayn Mirzoga topshiradi. Badiuzzamon shu tufayli arazlagandi. Shuncha yillar davom etgan dushmanlik va isyon sababi ayni shu holat edi». Badiuzzamon Astrobodni ukasiga berishga ko’nmagan. Chunki, Husayn Boyqaro Astrobodni uning o’g’li Muhammad Mo’min Mirzoga sunnat to’yini qilayotganda in’om qilgan edi. Oqibat ota-o’g’il o’rtasidagi mojaro urushga aylanadi. 1497 y. Badiuzzamon Puli Chirog’ darasidagi jangda mag’lubiyatga uchraydi. Xuddi shu kuni Muzaffar Husayn Mirzo Astrobod yonida Muhammad Mo’min Mirzoni yengadi. Husayn Boyqaro Balxni o’g’illaridan Ibrohim Husayn Mirzoga beradi. Yengilgan Badiuzzamon qolgan-qutgan lashkari b-n Qunduzga qochadi, so’ng Xusravshoh huzuridan panoh topadi. Xusravshoh Badiuzzamonga qo’shin, qurol- yarog’ b-n yordam bergach, u Qandahor va Zamindevorga boradi. 1505 y. Badiuzzamon otasi b-n yarashib, uning xizmatiga kiradi. Otasi vafot etgach, ukasi Muzaffar Husayn Mirzo b-n birgalikda taxtga o’tiradi.

1506 y. Shayboniyxon Balxni qamal qilganda Badiuzzamon Muzaffar Mirzo b-n unga qarshi otlanib boshqa ukalarini ham yordamga chaqiradi. Bodxizda Badiuzzamon qo’shiniga Abulmuhsin Mirzo va Ibn Husayn Mirzo kelib qo’shiladi. Zahiriddin Muhammad Bobur ham ularga yordamga keladi. Ammo ular to’plangunga qadar oradan 3—4 oy o’tadi, bu orada Shayboniyxon Balxni egallab, Badiuzzamon qo’shin to’playotganidan xabar topgach, kech kuzda Samarqandga qaytib ketadi. Shayboniyxon 1507 y. Samarqanddan Xurosonga qo’shin tortadi. Badiuzzamon ukasi b-n Hirotni tashlab qochadi, so’ng Eronga, Ismoil Safaviy huzuriga boradi. 1514 y. Badiuzzamonni turk sultoni Salim I Istanbulga olib ketadi, u o’sha yerda vaboga chalinib vafot etadi.

Badiuzzamon Husayn Boyqaroning o’g’illari orasida eng oqili va tadbirkori bo’lib, taqvodor, adolatpesha hamda ilmu ma’rifat va hunar ahliga muruvvatli hukmdor edi. U o’z saroyida olim, shoir, san’atkorlarni yig’ib anjumanlar o’tkazib turardi. Shuning b-n birga, u o’zi ham go’zal g’azallar bitgan, mamlakatda qurilish-obodonchilik ishlariga katta e’tibor bergan. Alisher Navoiy Badiuzzamonni quyidagicha ta’riflagan: «Sulton Badiuzzamon Mirzo husni surat va husni siyrat bila orasta va jamoli zohiriy va kamoli botiniy bila piyrosta yigitdur. Razm atvoridin otar-tutarda dilpisand va bazm asbobidan ichmak va bag’ishlamaqda bemonand. Tab’i ham nazm uslubida muloyim tushubtur…».

хдк

(Tashriflar: umumiy 1 616, bugungi 1)

1 izoh

  1. Маколадан муаллифнинг тарихий манбалар билан яхшигина таниш булганлиги сезилади. Талкинлари хам ёмон эмас. Аммо ёндашувда бугунги куннинг, бугунги тушунчаларнинг таъсири бир мунча сезилади. Тарихни тарихийлик тамойили билан тахлил килган маъкул аслида.
    «Шайбонийхон Ҳиротни эгаллаганидан сўнг Бадиуззамон Мирзо Туркияга кетиб қолди», деб ёзади муаллиф бир уринда. Туркия сузи халкаро лексиконга руслар тарафидан (Турция) ва бошка Шаркий Европаликлар тарафидан кушилган булиб, унинг тарихи 200 йилнинг нари-бериси билан чегараланади. Туркларнинг узи Туркия сузини расман 1920 йилдан ишлата бошлаганлар ва 1921 йилги Турк конституциясида биринчи марта расман кулланган. Ушангача Туркларнинг Анатолияда, Европада ва Якин Шаркда барпо этилган давлатининг номи уларнинг узлари учун Боби Олий, Давлати Усмония булган, Европада эса Sublime Porte ёки The Ottoman Empire эди.

    Хусайн Бойкаро… шариатга қатъий амал қилган ҳукмдор бўлган, деб ёзади бошка уринда олим. Биринчидан, Амир Темур ва темурийларнинг барчаси жамиятни катъий шариат асосида бошкармаганлар, уларда, Бартольд ва Гумилев тугри таъкидлаганидек, дунёвий, реалистик бошкарув методлари кучли булган. Бошка тарафдан, ичкиликка муккасидапн кетган одам хакида бундай ёзиш уринли эмас, шунингдек у Шайбонийхон билан булган жангларда эмас, чогир мажлисидан сунгра кон босими ошиб, инсульт булишдан улган. Инсультда комада экан подшони фарзандлари кумиб куяколишган.
    Хуллас, жуда яхши ёзилган макола мана шундай жузъий камчиликларга эга. Дарвоке, илмда камчиликсиз бир тадкикот яратишнинг узи кийин масала…

Izoh qoldiring