Биз Ҳусниддинни таҳририятда эркалаб, эъзозлаб шундай деб атардик. Унинг таҳририятда бировга дағдаға қилаётганини, биронтасига дашном бераётганини кўрган эмасман. Нимаики муаммо туғилса, вазминлик билан, ақл билан, жилмайиб туриб ҳал қилишга ҳаракат қилар эди. Ҳақиқатан ҳам унинг одоби, гапириш оҳангию муомаласи худди домлаларникидай эди.
Носир ФОЗИЛОВ
ДОМЛА ШАРИПОВ
Биз Ҳусниддинни таҳририятда эркалаб, эъзозлаб шундай деб атардик. У бундай эъзозга, ҳурматга қачон лойиқ бўлақолди, қачон бунақа меҳр қозона қолди, буни аниқ айта олмайман. Чамаси, бу номни ўша кезларда таҳририятимиз оқсоқоли, ҳурматли акахонимиз Ҳайдарали ака Ниёзов қўйиб берган-ов! Мен унга нега бунақа ном қўйдингиз, нима учун деб тафтиш қилишдан йироқман. Чунки нега эканини билмайман, бу ном унга жуда ҳам ярашиб турар эди. Унинг таҳририятда бировга дағдаға қилаётганини, биронтасига дашном бераётганини кўрган эмасман. Нимаики муаммо туғилса, вазминлик билан, ақл билан, жилмайиб туриб ҳал қилишга ҳаракат қилар эди. Ҳақиқатан ҳам унинг одоби, гапириш оҳангию муомаласи худди домлаларникидай эди.
Мен у билан 1956 йили ғойибона танишганман. У пайтда мен “Гулхан” журналида адабий ходим бўлиб ишлардим. Маълумингизки, ўша кезларда таҳририятларга журналхонлардан, журналга ёзиб тургувчи дўстлардан юзлаб хатлар келиб турарди. Шўрлик адабий ходим у хатларни синчиклаб ўқиб, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратар, борди-ю, шуларнинг орасидан ярқ этиб биронта журналбоп материал чиқиб қолгудек бўлса, худди ёмби топгандек хурсанд бўлиб кетар эди. Бир куни шундай бўлди. Бир конверт қўлимга тушиб қолди. Таҳририятга келадиган хатларнинг аксарияти қўлда ёзилган бўларди. Бу хат эса оппоқ қоғозга ёзув машинкасида одамнинг баҳри-дили очиладиган даражада чиройли қилиб ёзилиб, тўрт буклаб конвертга жойланган эди. Хат Намангандан, Ҳусниддин Шарипов деган одамдан келган, бор-йўғи уч бетгина ҳикоя эди холос. Ўқидим. Ҳикоя “Ёз кунларидан бирида…” деб аталарди. Хурсанд бўлиб кетганимдан ўша заҳотиёқ ҳикоянинг лаб-лунжини тўғрилаб, машинисткамизга олиб бордим-у, бланкага кўчиринг, деб илтимос қилдим. Хуллас, ҳикоя журналнинг навбатдаги сонларидан бирида босилиб чиқди. Ўша пайтдан эътиборан мен Ҳусниддин билан қандай танишсам экан, деб ўйлай бошладим. Кейинчалик суриштирсам, у 1954 йилдаёқ Тошкентдаги Қишлоқ хўжалик институтининг ўрмончилик факультетини тугатиб, “Наманган ҳақиқати” газетасида адабий ходим бўлиб ишлаётган экан.
1958 йили каминани Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо қилиб олишди. Шундан кейин ўша кезлари тез-тез вилоятларга чиқиб турадиган ёзувчилар гуруҳи қаторига қўшилиб, мен ҳам сафарларга чиқадиган бўлиб қолдим. 1958 йилнинг кузида шоир Туроб Тўла раҳбарлигида оқсоқол ёзувчимиз Назир Сафаров, қиримтатар ёзувчиси Шамил Алядин, журналист Санжар Тилла, шоир Азиз Абдураззоқ ва мен Наманган сафарига отландик. Ўша йилларда Наманганнинг Поп туманида Ширмоной деган пахтакор жувоннинг довруғи тилларда достон бўлган, Наманганга етиб боришимиз билан бизни тўғри ўша Ширмонойнинг далаларига олиб боришди. Гуруҳимизнинг мақсади Попнинг илғор пахтакорлари ҳақида очерклар ёзиш, Попнинг попук қизлари ҳақида қўшиқ яратиш эди. Лекин менинг ҳам бир ниятим бор эди. Шу ерга ёзувчиларни кўргани Ҳусниддин ҳам албатта келади, шунда у билан яхшилаб танишиб оламан, деб ўйловдим. Аммо у негадир келмади. Мен ҳайрон бўлиб, наманганлик Азиз Турсун деган шоир ва журналистдан секин сўрадим:
– Ҳусниддин Шарипов кўринмайдими?
– Ҳа, айтгандай, – деди у хижолатомуз. – Ҳусниддин келолмади. У ҳозир газетамизда масъул котиб. Тошкентдан келган меҳмонларнинг кўрган-кечирганларини, ёзганларини навбатдаги сонга тайёрлаш билан банд.
Масъул котиб ишларини фақат масъул котиб бўлган одамгина ҳис қила олиши мумкин. Мен ҳам масъул котибман. Котибият таҳририятнинг юраги, фикрлари жамланадиган маркази десак янглишмасмиз. Таҳририятдаги барча ишлар: келди-кетди дейсизми, навбатдаги сонга материал жамлаш дейсизми, босмахона билан алоқа дейсизми, муаллифларга қалам ҳақи тақсимлаш дейсизми, ходимларга маош тарқатиш дейсизми, хуллас, барча-барчаси учун масъул котиб жавобгардир. Мен уни тушундим. Бу гал ниятим амалга ошмади, келаси сафар албатта танишаман, деб қўя қолдим ичимда…
Ҳа, айтгандай, Туроб аканинг машҳур “Ширмоной” деган қўшиғи ўша кунлари яратилган эди…
Тақдир тақозосини қарангки, мени 1962 йили “Шарқ юлдузи” журналига таклиф қилишди. Таҳририятга келсам, мен қидирган Ҳусниддин Шарипов шу ерда ишлаётган экан. Биз у билан анча йиллар ака-ука бўлиб бирга ишладик.
Буни қарангки, Ҳусниддин индамай юриб, анча-мунча китоблар нашр эттирганини сезмай қолибмиз. У “Кўнгил буюргани”, “Қуёшга ошиқман”, “Тупроққа қасида”, “Ернинг қалби”, “Ҳаяжонли дақиқалар”, “Яна висол”, “Ёр истаб” ва ҳоказо китобларини чоп эттириб қўйибди.
Ўзбек поэзиясида достончилик жанрини ривожлантиришда Ҳусниддиннинг ўрни бўлакча. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, ўзбек масалчилигида энг қисқа, энг мухтасар масални домла Шарипов ёзган. У икки марта такрорланадиган бор-йўғи битта мисра. Номи “Балиқ фалсафаси”:
Думингни ликиллатасан, олға кетасан.
Думингни ликиллатасан, олға кетасан…
Бу нима дегани? Хўжайинга хушомад қилмасдан бирор нарсага эриша олмайсан, дегани. Ўзи тугмадан кичкина-ю, унда кўтарилган масала туядан ҳам катта.
Ҳусниддиннинг “Сени севаман”, “Ота ўғли”, “Афсона”, “Карвон бехатар бўлмас” каби драматик асарлари ҳам бор. Аслини олганда, драматик асар саҳна учун яратилади. Уни камдан-кам одам ўқийди. Бунақа дея ётганимнинг сабаби, ўтган йили ёзувчиларнинг “Дўрмон” ижод уйида бир одам билан танишиб қолдим. Ниҳоятда одамохун, ниҳоятда билимдон, ниҳоятда ширинсухан бу одам ўзини Жўра Маҳмуд деб таништирди. У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, таниқли режиссёр, олий ўқув юртларида дарс берадиган домла экан. Ўша одам Ҳусниддин ҳақида оғзидан бол томиб, шунақа яхши гапларни айтдики, ростини айтсам, Ҳусниддин билан шунча йил бирга ишлаб, уни яхши билмаганимдан хижолат бўлдим. Жўра Маҳмуд Ҳусниддиннинг уч-тўртта драмасини саҳналаштирган ҳам экан. Ўша саҳна асарлари ҳақида берган баъзи саволларига жўяли жавоб қилолмаганимдан уялдим ҳам.
Баъзан шунақа бўлади, олдингда юрган одамнинг қилган ишларини ҳатто юзаки ҳам билолмасдан хижолат чекасан.
Домла Шарипов бир ишга шўнғиб кетса, уни ўрнидан жилдириб бўлмас эди. Таҳририятни ўзингиз биласиз, биров келади, биров кетади. Баъзан шовқин солади. Ана шундай кезларда Ҳусниддиннинг ўрнида сиркаси сув кўтармайдиганроқ бошқа ходим бўлса: “Ҳов оғайнилар, бу ер Олой бозори эмас, ишлагани қўясанларми-йўқми?” деб дағдаға қилиши турган гап эди. Йўқ, домла Шарипов ундай қилмайди. Шовқин-суронларга парво ҳам қилмай, жимгина ишлаб ўтираверади. Борди-ю, жудаям чидай олмай қолса, бошини иккала кафтининг орасига олиб, “був-в-в!..” деб бошини чайқайди-ю, ташқарига чиқади-кетади.
Аҳён-аҳёнда таҳририятда чегарадан чиқмайдиган ўзига яраша ҳазил-мутойибалар ҳам бўлиб туради. Домла Шарипов бунга ҳам чидайди. Ўтириб-ўтириб, баъзида чарчоқни ёзиш маъносида гап бошлаб қоламиз:
– Шу дейман, Ҳайдар ака, домла Шариповга ҳайронман. Наманганнинг ёғлиқ қатиғини Тошкентнинг аччиқ пивасига, бу ҳам етмагандай мазали қуртини Оролнинг тошдан ҳам қаттиқ шўр балиғига алмаштириб ўтирибди-я.
– У ҳам майли-я, – деб гапни давом эттиради Ҳайдар ака, – бу йил қиш қаттиқ келармиш, кўмир танқис, ўтин йўқ.
– Бунга ким айбдор? Албатта, домла Шарипов айбдор, – дейман мен Ҳайдар акага жилмайиб. – Агар домла Шарипов ўрмончилик соҳасини ўз ҳолига ташлаб қўймаганида, уни ривожлантирганида, қишда қийналмаган бўлардик, ўтинларимиз мўл-кўл бўларди…
Домла Шарипов бизга қўшилиб мириқиб куларди-да, нарсаларини йиғиштира бошларди.
– Мен кетдим бўлмаса, дўстларим.
– Қаёққа?
– Ўрмончиликни ривожлантириб, қатиқни пивага алмаштиришга.
Домла хайрлашиб чиқиб кетади. Унинг юрадиган маршрутини яхши билар эдик. Шу кетишда тўппа-тўғри Пахтакор стадионига боради. Стадионнинг шахматчилар тўпланадиган жойида икки ашаддий шахматчи оғайниси кутиб турган бўлади. Иккаласи ҳам унинг ҳамюрти. Бири – шахматнинг катта гроссмейстери Мамажон Муҳиддинов, иккинчиси – ёзувчи Турғун Пўлат. Улар учовлон то кун ботиб, қош қорайгунча обдон шахмат суришиб, кейин Тошкентнинг мақталган 6-завод пивасида бир-бир кружка сипқаришиб, чарчоқларини ёзишиб, уй-уйларига тарқалишади…
Мана шу алпозда юриб, домла Шарипов қанчадан-қанча шеърлар, қўшиқлар, контаталар, анчагина драмалар, достонлар, жаҳон классикларидан таржималар қолдириб кетди. Домланинг бу ишлари изсиз, эътиборсиз қолмади, албатта. Унинг хизматларини ҳукуматимиз ўз вақтида муносиб тақдирлади. Ҳусниддин Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон халқ шоири деган юксак унвонларга сазовор бўлди. Энг муҳими, дўстлари, яқинлари, биродарлари қалбида унутилмас хотиралар қолдириб кетди.
Бизнинг дўстимиз Ҳусниддин ҳунарини қисмат деб билгувчи заҳматкаш шоир, камтар ва камсуқум, боз устига, ўта қувноқ ва суҳбати жонон инсон эди.
Биз Сизни соғиндик, домла Шарипов!
Nosir FOZILOV
DOMLA SHARIPOV
Biz Husniddinni tahririyatda erkalab, e’zozlab shunday deb atardik. U bunday e’zozga, hurmatga qachon loyiq bo’laqoldi, qachon bunaqa mehr qozona qoldi, buni aniq ayta olmayman. Chamasi, bu nomni o’sha kezlarda tahririyatimiz oqsoqoli, hurmatli akaxonimiz Haydarali aka Niyozov qo’yib bergan-ov! Men unga nega bunaqa nom qo’ydingiz, nima uchun deb taftish qilishdan yiroqman. Chunki nega ekanini bilmayman, bu nom unga juda ham yarashib turar edi. Uning tahririyatda birovga dag’dag’a qilayotganini, birontasiga dashnom berayotganini ko’rgan emasman. Nimaiki muammo tug’ilsa, vazminlik bilan, aql bilan, jilmayib turib hal qilishga harakat qilar edi. Haqiqatan ham uning odobi, gapirish ohangiyu muomalasi xuddi domlalarnikiday edi.
Men u bilan 1956 yili g’oyibona tanishganman. U paytda men “Gulxan” jurnalida adabiy xodim bo’lib ishlardim. Ma’lumingizki, o’sha kezlarda tahririyatlarga jurnalxonlardan, jurnalga yozib turguvchi do’stlardan yuzlab xatlar kelib turardi. Sho’rlik adabiy xodim u xatlarni sinchiklab o’qib, saragini sarakka, puchagini puchakka ajratar, bordi-yu, shularning orasidan yarq etib bironta jurnalbop material chiqib qolgudek bo’lsa, xuddi yombi topgandek xursand bo’lib ketar edi. Bir kuni shunday bo’ldi. Bir konvert qo’limga tushib qoldi. Tahririyatga keladigan xatlarning aksariyati qo’lda yozilgan bo’lardi. Bu xat esa oppoq qog’ozga yozuv mashinkasida odamning bahri-dili ochiladigan darajada chiroyli qilib yozilib, to’rt buklab konvertga joylangan edi. Xat Namangandan, Husniddin Sharipov degan odamdan kelgan, bor-yo’g’i uch betgina hikoya edi xolos. O’qidim. Hikoya “Yoz kunlaridan birida…” deb atalardi. Xursand bo’lib ketganimdan o’sha zahotiyoq hikoyaning lab-lunjini to’g’rilab, mashinistkamizga olib bordim-u, blankaga ko’chiring, deb iltimos qildim. Xullas, hikoya jurnalning navbatdagi sonlaridan birida bosilib chiqdi. O’sha paytdan e’tiboran men Husniddin bilan qanday tanishsam ekan, deb o’ylay boshladim. Keyinchalik surishtirsam, u 1954 yildayoq Toshkentdagi Qishloq xo’jalik institutining o’rmonchilik fakul`tetini tugatib, “Namangan haqiqati” gazetasida adabiy xodim bo’lib ishlayotgan ekan.
1958 yili kaminani O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasiga a’zo qilib olishdi. Shundan keyin o’sha kezlari tez-tez viloyatlarga chiqib turadigan yozuvchilar guruhi qatoriga qo’shilib, men ham safarlarga chiqadigan bo’lib qoldim. 1958 yilning kuzida shoir Turob To’la rahbarligida oqsoqol yozuvchimiz Nazir Safarov, qirimtatar yozuvchisi Shamil Alyadin, jurnalist Sanjar Tilla, shoir Aziz Abdurazzoq va men Namangan safariga otlandik. O’sha yillarda Namanganning Pop tumanida Shirmonoy degan paxtakor juvonning dovrug’i tillarda doston bo’lgan, Namanganga yetib borishimiz bilan bizni to’g’ri o’sha Shirmonoyning dalalariga olib borishdi. Guruhimizning maqsadi Popning ilg’or paxtakorlari haqida ocherklar yozish, Popning popuk qizlari haqida qo’shiq yaratish edi. Lekin mening ham bir niyatim bor edi. Shu yerga yozuvchilarni ko’rgani Husniddin ham albatta keladi, shunda u bilan yaxshilab tanishib olaman, deb o’ylovdim. Ammo u negadir kelmadi. Men hayron bo’lib, namanganlik Aziz Tursun degan shoir va jurnalistdan sekin so’radim:
– Husniddin Sharipov ko’rinmaydimi?
– Ha, aytganday, – dedi u xijolatomuz. – Husniddin kelolmadi. U hozir gazetamizda mas’ul kotib. Toshkentdan kelgan mehmonlarning ko’rgan-kechirganlarini, yozganlarini navbatdagi songa tayyorlash bilan band.
Mas’ul kotib ishlarini faqat mas’ul kotib bo’lgan odamgina his qila olishi mumkin. Men ham mas’ul kotibman. Kotibiyat tahririyatning yuragi, fikrlari jamlanadigan markazi desak yanglishmasmiz. Tahririyatdagi barcha ishlar: keldi-ketdi deysizmi, navbatdagi songa material jamlash deysizmi, bosmaxona bilan aloqa deysizmi, mualliflarga qalam haqi taqsimlash deysizmi, xodimlarga maosh tarqatish deysizmi, xullas, barcha-barchasi uchun mas’ul kotib javobgardir. Men uni tushundim. Bu gal niyatim amalga oshmadi, kelasi safar albatta tanishaman, deb qo’ya qoldim ichimda…
Ha, aytganday, Turob akaning mashhur “Shirmonoy” degan qo’shig’i o’sha kunlari yaratilgan edi…
Taqdir taqozosini qarangki, meni 1962 yili “Sharq yulduzi” jurnaliga taklif qilishdi. Tahririyatga kelsam, men qidirgan Husniddin Sharipov shu yerda ishlayotgan ekan. Biz u bilan ancha yillar aka-uka bo’lib birga ishladik.
Buni qarangki, Husniddin indamay yurib, ancha-muncha kitoblar nashr ettirganini sezmay qolibmiz. U “Ko’ngil buyurgani”, “Quyoshga oshiqman”, “Tuproqqa qasida”, “Erning qalbi”, “Hayajonli daqiqalar”, “Yana visol”, “Yor istab” va hokazo kitoblarini chop ettirib qo’yibdi.
O’zbek poeziyasida dostonchilik janrini rivojlantirishda Husniddinning o’rni bo’lakcha. Shuni ham aytib o’tish kerakki, o’zbek masalchiligida eng qisqa, eng muxtasar masalni domla Sharipov yozgan. U ikki marta takrorlanadigan bor-yo’g’i bitta misra. Nomi “Baliq falsafasi”:
Dumingni likillatasan, olg’a ketasan.
Dumingni likillatasan, olg’a ketasan…
Bu nima degani? Xo’jayinga xushomad qilmasdan biror narsaga erisha olmaysan, degani. O’zi tugmadan kichkina-yu, unda ko’tarilgan masala tuyadan ham katta.
Husniddinning “Seni sevaman”, “Ota o’g’li”, “Afsona”, “Karvon bexatar bo’lmas” kabi dramatik asarlari ham bor. Aslini olganda, dramatik asar sahna uchun yaratiladi. Uni kamdan-kam odam o’qiydi. Bunaqa deya yotganimning sababi, o’tgan yili yozuvchilarning “Do’rmon” ijod uyida bir odam bilan tanishib qoldim. Nihoyatda odamoxun, nihoyatda bilimdon, nihoyatda shirinsuxan bu odam o’zini Jo’ra Mahmud deb tanishtirdi. U O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan san’at arbobi, taniqli rejissyor, oliy o’quv yurtlarida dars beradigan domla ekan. O’sha odam Husniddin haqida og’zidan bol tomib, shunaqa yaxshi gaplarni aytdiki, rostini aytsam, Husniddin bilan shuncha yil birga ishlab, uni yaxshi bilmaganimdan xijolat bo’ldim. Jo’ra Mahmud Husniddinning uch-to’rtta dramasini sahnalashtirgan ham ekan. O’sha sahna asarlari haqida bergan ba’zi savollariga jo’yali javob qilolmaganimdan uyaldim ham.
Ba’zan shunaqa bo’ladi, oldingda yurgan odamning qilgan ishlarini hatto yuzaki ham bilolmasdan xijolat chekasan.
Domla Sharipov bir ishga sho’ng’ib ketsa, uni o’rnidan jildirib bo’lmas edi. Tahririyatni o’zingiz bilasiz, birov keladi, birov ketadi. Ba’zan shovqin soladi. Ana shunday kezlarda Husniddinning o’rnida sirkasi suv ko’tarmaydiganroq boshqa xodim bo’lsa: “Hov og’aynilar, bu yer Oloy bozori emas, ishlagani qo’yasanlarmi-yo’qmi?” deb dag’dag’a qilishi turgan gap edi. Yo’q, domla Sharipov unday qilmaydi. Shovqin-suronlarga parvo ham qilmay, jimgina ishlab o’tiraveradi. Bordi-yu, judayam chiday olmay qolsa, boshini ikkala kaftining orasiga olib, “buv-v-v!..” deb boshini chayqaydi-yu, tashqariga chiqadi-ketadi.
Ahyon-ahyonda tahririyatda chegaradan chiqmaydigan o’ziga yarasha hazil-mutoyibalar ham bo’lib turadi. Domla Sharipov bunga ham chidaydi. O’tirib-o’tirib, ba’zida charchoqni yozish ma’nosida gap boshlab qolamiz:
– Shu deyman, Haydar aka, domla Sharipovga hayronman. Namanganning yog’liq qatig’ini Toshkentning achchiq pivasiga, bu ham yetmaganday mazali qurtini Orolning toshdan ham qattiq sho’r
balig’iga almashtirib o’tiribdi-ya.
– U ham mayli-ya, – deb gapni davom ettiradi Haydar aka, – bu yil qish qattiq kelarmish, ko’mir tanqis, o’tin yo’q.
– Bunga kim aybdor? Albatta, domla Sharipov aybdor, – deyman men Haydar akaga jilmayib. – Agar domla Sharipov o’rmonchilik sohasini o’z holiga tashlab qo’ymaganida, uni rivojlantirganida, qishda qiynalmagan bo’lardik, o’tinlarimiz mo’l-ko’l bo’lardi…
Domla Sharipov bizga qo’shilib miriqib kulardi-da, narsalarini yig’ishtira boshlardi.
– Men ketdim bo’lmasa, do’stlarim.
– Qayoqqa?
– O’rmonchilikni rivojlantirib, qatiqni pivaga almashtirishga.
Domla xayrlashib chiqib ketadi. Uning yuradigan marshrutini yaxshi bilar edik. Shu ketishda to’ppa-to’g’ri Paxtakor stadioniga boradi. Stadionning shaxmatchilar to’planadigan joyida ikki ashaddiy shaxmatchi og’aynisi kutib turgan bo’ladi. Ikkalasi ham uning hamyurti. Biri – shaxmatning katta grossmeysteri Mamajon Muhiddinov, ikkinchisi – yozuvchi Turg’un Po’lat. Ular uchovlon to kun botib, qosh qorayguncha obdon shaxmat surishib, keyin Toshkentning maqtalgan 6-zavod pivasida bir-bir krujka sipqarishib, charchoqlarini yozishib, uy-uylariga tarqalishadi…
Mana shu alpozda yurib, domla Sharipov qanchadan-qancha she’rlar, qo’shiqlar, kontatalar, anchagina dramalar, dostonlar, jahon klassiklaridan tarjimalar qoldirib ketdi. Domlaning bu ishlari izsiz, e’tiborsiz qolmadi, albatta. Uning xizmatlarini hukumatimiz o’z vaqtida munosib taqdirladi. Husniddin O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi, O’zbekiston xalq shoiri degan yuksak unvonlarga sazovor bo’ldi. Eng muhimi, do’stlari, yaqinlari, birodarlari qalbida unutilmas xotiralar qoldirib ketdi.
Bizning do’stimiz Husniddin hunarini qismat deb bilguvchi zahmatkash shoir, kamtar va kamsuqum, boz ustiga, o’ta quvnoq va suhbati jonon inson edi.
Biz Sizni sog’indik, domla Sharipov!