Devoni Xumiydidan namunalar.

098

    Самарқанд вилоятинда машҳури жаҳон Афросиёб теполукларида ҳушёр тортуб юргонимизда хум топиб олдук. Ани очсоқ сарғойиб кетгон девонға назари муборагимуз тушди. Ул девон 10-асрдаму, 19-асрдаму тартуб берилғон экан. Қачонлуғини билмадик. Шул сабабдин теподаги танишлар кўмагинда Энтерпол дегон жойга олиб бордук. Аммо ул ташкилотдағилар ҳам қачон тартуб берилғонини билмадилар. Аммо, сарғойиб кетгон девонни анча-мунча тиклаб бердилар. Девон билан танишғоч анинг қаламкаши  бурундан бизға маълум бўлғон Уста Гулмат Шоший-Фарғоний-Олтиариқий-Полосонийнинг  мадрасадоши Хумий дегон шоир эмишлиги  маълум бўлди.Ул зоти шарифнинг зап табассумға, ҳазилу мутойибаға ўч бўлғонлариға, девонни ўқуб офаринлар айтдук ва ани канглумизда ҳозирги хатга кўчируб назм ишқибозлариға тақдим этишға рағбат уйғотдук.

Ҳозирги хатга кўчиргувчи  Жамол Сирожиддин

«ДЕВОНИ ХУМИЙДИ»ДАН
НАМУНАЛАР

045

ДЕВОЧА

017

Сани битғон муаллифдин бу кун шундоқ ҳукм бўлди:
Санға ётдир ёруғ олам, маконинг ушбу хум бўлди.

Бирор ношир боса олмас, сани шоир сота олмас,
Бўлакча ё ёза олмас, ёзолғанлар сўқум бўлди.

Сен-эй, сен — ранги зардимсан, қиёмат-қойим дардимсан,
Шаттада чиққан гардимсан, манға қанча ҳужум бўлди.

Ғазалимсан, асалимсан, сани кимға ишонай ман?
Ҳижоларни санаб ношир деса: — «Ўн тўрт бўғун бўлди».

Замон ноширлари каззоб, замон ноширлари қассоб!
Аларни (боғига зоғим, лабига уч бўғум бўлди).

Сани хумга тиқиб қўйсам, шояд янги либос кийсам,
………………………………..*   нетонг, шундоқ удум бўлди.

Келиб бокирароқ авлод сани этгунча озод, ёд,
Манингдек шоири мумтоз ила девони гум бўлди…

* Қўлёзманинг шу жойи сарғайиб кетганлигидан ўқишнинг иложи бўлмайди. (Ношир).

ЧАЛБ-УЛ-ТАЙР

Қумри қушнинг боласисан, қарғани ёр айлама,
Бўлса қушлук номусинг гар, ўзлигинг хор айлама.

Ё қизилиштон бўлиб келдингми дунёға демак,
Ул қизил иштон қолиб, ўзингни бозор айлама.

Ғоз керибсан қоматинг курка ила дон олишиб,
Каклигим, бойқуш ила суҳбати ғор айлама.

Майнасиз майна букун каптар ила «ғув-ғув»лашур,
Синчалак, осмон қолиб, чумчуқни пойдор айлама.

Эй Хумий, ҳар бир қушинг бирла мукаммал бу ҳаёт,
Қай бирини йўқ этиб, сан қай бирин бор айлама.

* * *

Ким ул ҳаром кекурғай аҳли хароб ичинда,
Каламуш янглиғ ўлғай хумча шароб ичинда.

Кўп ахмақлар ўтушди бахт ҳақинда солиб жар,
Гарчанд кўриб турсада бахтин сароб ичинда.

Алданма макриға жон бу жодугар замонни,
Лак-лак уволи бордур битта савоб ичинда.

Ўтди неча Сулаймон, ўтди неча жаҳонгир,
«Дунё энди маним!» — деб, хоки туроб ичинда.

Лаънат селинда қолғай мисли тўқумли эшшак,
Қай шоҳ роҳатда ўтса, халқи азоб ичинда.

Келиб яхши замонлар, суриштирса ҳаётин:
«Яшаб ўтди Хумий, — денг, — бир хум симоб ичинда».

ЖАҲДУЛМУҚИЛ

Узумдек хумға жо бўлдим, сани хушнуд кўройин деб,
Эзилдим, зери по бўлдим, сани хушнуд кўройин деб.

Неча кун қайнадим-тошдим, ичимда бир ғубор қолмай,
Ҳаромдин мосуво бўлдим сани хушнуд кўройин деб.

Сотилди қанча ҳусайни, сотилди қанчалар кишмиш…
Сотилманг! — деб адо бўлдим, сани хушнуд кўройин деб.

Сотулди! Оғуза тушди! Букун бадраб алар жойи…
Май ўлдум, қаҳрабо ўлдум, сани хушнуд кўройин деб.

Билурманким келиб бир кун топур ҳақ сўзларим зурёд,
Демам зинҳор хато бўлдим сани хушнуд кўройин деб.

Келиб некбин ва пок авлод маним ҳақда битур достон,
Хумийман, Будало* бўлғум сани хушнуд кўройин деб.

*Будало — 18 минг оламнинг 7 авлиёсидан бири.

ТАВАЛЛО

Оч ўлдурма, тўқ ўлдур, қиш ўлдурма, ёз ўлдур,
Мўминларға шафқат қил, ёппа қирма, оз ўлдур.

Омон сақла замонни, имоннию, забонни,
Не қилсанг қил ямонни, ўлдур, майли, боз ўлдур.

Аршда эрсанг сен Оллоҳ, етғайму бу тавалло,
Мен еткурай ўзингға, қўшсам гар бироз ўлдур.

Сал гизласанг Халилни, ўзи сотғай Жалилни,
Сен изламай далилни, бе сабзи-пиёз ўлдир.

Бўлса ўйинда улоқ, хотини сутдай оппоқ,
Ёт унсур ул ҳам қулоқ, ёз устидан, ёз, ўлдур.

Хумий сўзим гар ёлғон, хумим синсин ўшал он,
Ҳаксизликни қисқаю, ҳақ умрин дароз ўлдур.

ТАҚАДДУМ

Раҳмат анға ким руҳимни бедор этибдур,
Лаънат анға ким ҳар бир мўйим қор этибдур.

Раҳматлар ёғилсун бу жаҳон мулки ичинда
Ҳар кимки ҳақиқат деб ўзин хор этибдур.

Лаънат тамғаси тушсин ани бўйниға такрор,
Қай ғарки чиним ялғона ошкор этибдур.

Ҳар банданиким ғайбига таъзим этурман,
Ул умрини ўз юртиға даркор этибдур.

Лаънатдин бўлак, сўйла, жаҳон, не деб атайман
Ҳар гандаки рост сўзлини ағёр этибдур?

Бир хумча бўлиб ётғон эдим ерни тагинда,
Раҳмат анға ким боримни бозор этибдур.

АЁ, ЭЙ БЕМУРУВВАТ ЁР

Сийнасин чок-чок этиб, етдику сочингға тароқ,
Бир тароқча бахт кутиб ўтди ёзиқ панжам бироқ.

Тегмасин боди-бало деб ўзни қалқон айласам,
Кибр ила дил шишасини қап-қаро қилдинг, чироқ.

Сарғаюрман «ёр» — дея, мисли кузак япроғидек,
Тўкилур ҳар дам кўзимдан юзға ёт бўлған бўёқ.

Соядай эшкакчи бўлсам заврақи умрингда мен,
Ирқитур тўфонға жисмим сен сиғинган ул маёқ.

Соҳили васлингға лангар ташламоқ мақсуд эди,
Ёнди орзум кемаси чақмоқ бўлиб теккач фироқ.

Ман Хумий лол қолди овзим, шамс рухсоринг кўриб,
Лоақал бир лаҳза тушда лабларимға бос ёноқ.

АЖАБ ДУНЁ

Ҳама бахтли эрур бул кун, вале ҳеч кимсада бахт йўқ
Жаҳон ҳайратға молик лек ҳайратланмоққа бир вақт йўқ.

Қоғоз ҳоким, қоғоз жаллод, қоғоз ўғрию ҳам қози,
Қоғозсиз ўз ишин қилғон бирорта ҳам раги сахт йўқ.

Ҳама додгўй, ҳама додхоҳ, ҳама бир-бириға жобир,
Ҳама насяға олғай, сотғанинг олғучи бир нақт йўқ.

Ҳама шоир эрур бул кун, вале анқо эрур мухлис,
Ҳама подшоҳ эрур, лекин ҳама сиғгучи бир тахт йўқ.

Санға не бўлди эй Хумий, этибсан салланг оқ байроқ,
Чекиндингму, наҳот энди, нечун аввалги ул шахд йўқ?

УЛ РУҲИ ЁРА МАКТУБ

Баҳор ўлди, аё дилбар, кел энди сайри тоғ этсак,
Бу фоний дуняда бир бор бизам кангулни чоғ этсак.

Бош оққан ёқлара кетсак, сочиб шудрингни юлдуздек,
Адирлар пастини бир чўп ила қозиб ўчоқ этсак.

Бўлайлик икки қумридек, сан ул дам полапоним бўл,
Тутойин лабингға лабни ҳузурбахш бир тамоғ этсак.

Мисоли даста карнайгул босилсак ул бағирларга,
Адирнинг лоласи янглиғ бизам сизни қучоғ этсак.

Ёниб боқсам қароғингдин, эриб оқсам қароғингдин,
Тўзғиса гаҳида сочлар, гаҳи қўлни тароғ этсак.

Қўяй болишки бир чимдин, тўшаклар ўт-ўлан ўлса,
Бу осмон кўрпаси ичра аёғ узра аёғ этсак.

Келиб бир неча иприсқу санға нопок кўзин тикса,
Қай бирини белонғи-ю, қай бирини чўлоғ этсак?!

Ризо Хумий ўшал ерда қўюн ичра берурға жон,
Бизим анда висол кутгай, гунаҳ ўлғай фироқ этсак.

ДАЪВАТ

Айлама шоир хушомад дийдаси тошларға сан,
Сол назар айлаб мурувват навниҳол ёшларға сан.

Бу жаҳон байтул-ҳазандур не фанолар сўйлаған,
Қийнама виждонни пуллаб нон била ошларға сан.

Майли қолғил қип-яланғоч мисли Машраб ҳақни деб,
Тўшагинг бўлсин дала-туз, бошни қўй рошларға сан.

Гар бинафша тонгда ул қушлар сани уйғотмаса,
Булбулу, қумри қуйин куйлаб ювин ёшларға сан.

Гулга ўз ҳусни кушанда, булбулга ҳиммат тузоқ,
Бўлма пулдорға муте ҳам ул қалам қошларға сан…

ЗИЛЛАТ-УН-МАЪВО

Узилган ўқманам гўё жудо бўлған садоғидан,
Башорат айлағай ким ҳам борар жойим адоғидан.

Уруб чаппори истарман муродим кўчасин топмай,
Тамом бемор ўлди руҳ бу йўлларнинг чатоғидан.

«Гули жаннат» деғон ташбеҳ «пойнак», «ланка», «чувух» бўлди,
Бекатларда суринғай маст, адашгайсан саноғидан.

Тақиб соч ўйнағай неча театру саҳниға чиқиб,
Демассен «носқовоқ» боқсанг, от ҳам ҳуркар сиёғидан.

Аларни ўйнатур тақдир, кимларни қувнатур тақдир,
Хумийни йиғлатур тақдир, бураб-тортиб қулоғидан.

МУСОФИР ДАР ВАТАН

Қариндош қадрини ёт ўлкада овворалар билғай
Ва ёр қадрини ёр олмай қоған дилдоралар билғай.

Маконда бемакондирман, замонда ўз замонам йўқ,
Маним кулгумни шодлармас, дили садпоралар билғай.

Қўна билмам кабутардек йилонли ошиёнларда,
Маним аҳволими лўли каби бечоралар билғай.

Хуржун кўзида икки бош, тағин ҳанги уза тўртов,
Бу кеч қайда макон, шолчам ила гавворалар билғай.

Кўрар бўлсанг Хумийни дўст, холангни тандириға кел,
Бу тандир қопқоғи бўлған тешик тоғоралар билғай.

ҚУТҚАРАЙ

Ширин забоним ман сани «воттакзато»дан қутқарай,
Дардларинг ошкоралаб мавҳум нидодан қутқарай.

Лабдаги холинг хатодир «мим» узра бўлмас «забар»,
Бир ялаш бирла сани мундоқ хатодан қутқарай.

Бермағай аҳли адабға червонға сотғай отанг,
Тунда чиқ бўхчанг ила жоҳил атодан қутқарай.

Дукчи эшону   Намоздай нечани хор айлаган
Ерни бул турфа балою, катхудодан қутқарай.

Кеча келғон совчинг ул Мирзораҳимбойдан эрур,
Қўп хотунли ақчадор, қадди дутодан қутқарай,

Кел маним бағримға кир, мақсудга етған орзудек,
Ой юзинг, оҳу танинг турфа матодан қутқарай.

ИҚРОР

Кўнка ичра бир маржа тиззамға тизза қилди,
Икки юзим бақала, дилимни жизза қилди.

«Э-бор-э! — деб аёқни аста узатғон эрдим,
Кўп бепарҳез каломла фақирни изза қилди.

Овсар бўлдим, кар бўлдим, ўзни уйқуға урдим,
У вайсади тинмасдан, фақир хамёза қилди.

Тил билсангу тушунсанг, бу модиён не дейди,
Боди ила шодиға оғзин дарбоза қилди.

«Ўчир!» дея бақирсам, алпанг-талпанг бир найнов
Етиб келиб бошимға, солламға кирза қилди.

Ўздин кетибман шу он, бир чоғ кўзимни очсам,
Раҳми келиб «сув ол ич!» деганча ғамза қилди.

«Юзингни ел олсин!» деб Хумий тушди шу асно,
Бир бепарҳез бу сирни элға овоза қилди.

УСТА ГУЛМАТНИНГ САМАРҚАНДҒА ҲИЖРАТИ БОРАСИНДА

Бузоққа ўт ўройин деб чархлаб турсам ўроғимни,
Кириб келди Гулмат Шоший мани айлаб сўроғимни.

Ялашдик юлқашиб ду дўст, сақол-мўйлов бўлиб шилта,
«Қадамингга фидо ўлсин!» дея сўйдим бузоғимни.

Аюҳаннос солиб келғон хотунни бир тепиб эрдим,
Ўшал кундин бери боқмас текизсам ҳам аёғимни.

Зиёфатға келиб эрди туман дўсту-биродарлар,
«Гулматдан бир ўқинг энди», дея ерлар қулоғимни.

Бола-бақра босиб кетди, ўшал кун уй ичи бозор,
Синдиришди сўнгги тишин букиб сақол тароғимни.

Шаробға нон тўғраб бермай, омон бўл-да, аё Гулмат,
Майнинг хуммори ўлдирди хумға ташлаб Бароғимни.

Яна такрор келур бўлсанг тадорукни кўриб кел, дўст,
Мен-эй, Хумий, сотиб бўлдим уйим-ла бор яроғимни.

ЙИЛЛАР ЎТГАЧ КЎРДИМ ҲАМСОЯ ҚИЗНИ

Ойсулувим санми шул, зулфи каждумдоринг қани?
Бир умур кун кўрмагон гул-лола рухсоринг қани?

Донаи холингга Ҳофиз бахш этанди ду шаҳар,
Қайда ул сенинг — Самарқанд ҳамда Бухоринг қани?

Чор девор ичинда коринг ўсмаю-ҳино эди,
Ҳар дам-е зерикконингда чалған дуторинг қани?

Шавҳаринг эртанғи иш деб пушт ба ту ётмас эди,
«Қўйма-қўйма, ол-ҳа-ол!» улоғу, кўпкоринг қани?

То саҳар ул Бедилу, сан Нодирадин ёд ўқуб,
Қайда ул ҳижронли бомдод, ёри бедоринг қани?

Қўлму — қумқоғозму бу, шилдинг қўлумни кўришиб,
Пахтадек иссиғу-момиғ дасти оқ моринг қани?

…Ваҳ! …Ўлай, Хумийни сан иймонидин этдинг жудо,
Ойсулув… соғми ўзинг, бу …ахир …эзоринг қани?

УМНИЯТ

Надир ёлғон бу оламда — ани фош этғали келдим,
Ғаним бўлған қариндошни кўзу-қош этғали келдим.

Нечук золимким истарсан санға ман саждалар қилсам,
Санингдек неча авбошни кўзин мош этғали келдим.

Ёниб аждод қонида, келиб модар гумонида,
Бу жоҳиллик жаҳонида муштим тош этғали келдим.

Ман-эй тўйдим, сан-эй гумроҳ нечук мунча яшовчансан?!
Сани бардошларинг сингунча бардош этғали келдим.

Танам хумдир, синар балки, руҳим осмон, сўзим чақмоч,
Малик-ул-мавт бўлиб санға лошинг чош этғали келдим

ТАШБЕҲ

Юзиға уну, лабға қизил лавлаги пардоз,
Ўтмоқда Сиёб бозоридин жилвагари ноз.

Бошигаму лайлак уя, қоши куя—ҳей!
Кангул қушлари ул ўтомоч* ортида парвоз.

Нохун, яъни қонсиз эдику, қонли бу тирноқ,
Қай бир шўрлини кўкрагини айлади ғоз-ғоз.

Пойларму шулар, ҳар биттаси устуни айвон,
Оҳлар эпкини текса этак боқади шербоз.

Кўйнакки ҳарир эт тамошо сояда турсанг,
Мисли қўшалоқ тўрқовоқда каклик эмас — ғоз.

«Астағфурилло!» — дея Хумий аста ютинди,
Ғилқ эттию, ўтди-кетди томоғидин нос.

* Трактор бўлса керак.

БИР ҚИШЛОҚДА КЎРМИШИМ

Бу қишлоқнинг одамлари кундуз пешвоз кулуб чиқар,
Зим-зиё дил осмонида ҳар ой рухсор тўлуб чиқар.

«Бизнинг уйға меҳмон бўлунг», дея бири таклиф этса,
Бутун қишлоқ эркаклари кўнглунг олмоқ бўлуб чиқар.

Бу не жоду?! Қуёш ботғач, бари итға айланару,
Бир-бириға ташланару, ҳуриб қопиб, юлуб чиқар.

Даҳшат ичра деворғаму, ё дарахтға чиқиб олсанг,
То тонггача сенга боқиб узоқ-узоқ улуб чиқар.

Аё, Хумий, бўлак сендин бирор қўрқоқ киши бўлса,
Бу қишлоқдин на тиригу ва на ҳатто ўлуб чиқар.

ИЗҲОРИ ҲОЛ

Ичимда битта шоиру, бошимда мингта нозир бор,
Ва-ё мингта муқимжойлар ичинда бир мусофир бор.

Дилим бир мисрани айтса; бу ақлим хомталош айлар,
Ки ё мингта муслимлар ичинда битта кофир бор.

«Хумий, ундоқ дема!» «Мундоқ дема!» «Бундоқ эрур сакта!»
Киби туғилмағон байтға ғассол, гўркову, содир бор.

Дилим санчар, ки ҳар санчиқ маним айтолмаған сатрим,
Билурман бул сатрлар ичра минг битта жавоҳир бор.

Хумимға айтайин десам Скандар сартарошидай,
«Жим-эй, хумпар!» дея хаплар алар ҳозиру нозир бор.

Чиқур минг-минг чиғириқлар ичидин ҳар ҳижо, ҳар сўз,
Яна бошим уза эвоҳ, минг-минг таҳрирчи ношир бор.

Омон асра шу қинтоблар ичинда ҳақ сўзинг Хумий,
Бошимда мингта қўрқоғу, ичимда битта ботир бор!

ТАРАҲХОНА

Уйинг сояммикин, эй ёр, қувиб анға етолмасман,
Ва ё ҳарчанд қочиш бирла қутулиб ҳам кетолмасман.

Ҳақинг — жаннат, дўзах — ёлғон, бу давронда сиротинг бор,
Ўзимни хумға кўммасдан беҳиштингға  ўтолмасман.

Кезиб кўрдим тамом элни, авом элни, ғулом элни,
Алавға тўлдириб дилни тутарман-у, ўт олмасман.

Ҳозир турғониға ҳамду, ўтиб кетғонини сўккан,
Бу жоҳуллук жаҳонида ман эмди жим ётолмасман.

Хотунлардин хароб эрлар ғийбат, туҳматда устодур,
Ман эмди ўзгача одам била олам кутолмасман.

Хумий бечорани ҳаргиз сабурсизлиқда айб этманг,
Ҳама ичға ютиб юрғон бу дардни ман ютолмасман.

ЧОРЛОВ

Кангулни хилватиға мен сени, эй ёр, чорларман,
Кел-эй, сенга атаб бул тун ўқий ашъор — чорларман.

Ҳаволанмас наволар ҳам, етиб келмас дуолар ҳам,
Ва кор қилмас даволар ҳам сенсиз бемор, чорларман.

Рақиб бағри зиёланмай, келғил кундуз сиёланмай,
Оёқ қўйғил ҳаёланмай, йўқдир ағёр — чорларман.

Бу хилватда мани сандин, сани мандин аюрғай ким?
Кел-эй ботинима кир деб ошиб девор — чорларман.

Агар келсанг зимистон дил ёзур япроқларин қайта,
Кулар саъва ила булбул келсанг баҳор — чорларман.

Мисоли ўрдаку ғозлар учар маъно тўла сўзлар,
Етур сенсиз қанотланмай қалам-шунқор — чорларман.

На бир шуҳрат, на бир дунё, сани чорлар Хумий танҳо,
Сени такрор.., сени такрор.., сени такрор чорларман.

ШОШ ШАҲАРИНДАГИ ДЎСТИ ХАЛИЛЛАРА МАКТУБ

…Сизга не айтай букун, тан давлати обод мен,
Тойирим ҳар ён учар, руҳ отли шоҳ озод мен.

Сайдларимким, шеърларим сиғмас букун кулбам аро,
Ошиён топмай аларға бўлмишам ношод мен.

Бўлдилар ҳамсуҳбатим огоҳ била гумроҳлар,
Давраларда айладим дўстлар сизи кўп ёд мен.

Айламак истар кангулким ҳар саҳар парвози Шош,
Орзуи ёнғучи шаъму, журъати бир бод мен.

Бўсағам пойимға занжир, истагим дийдори дўст,
Ул сабабдин айлагум фарёд мен, фарёд мен.

«Бизни сайд айла» дебон келғай неча маъно, вале
Сайдларин саҳрода озод қўйғучи сайёд мен.

Азада ҳар бир киши ўз дардини йиғлар, Хумий,
Топмаган додхоҳ ва лекин янграған бир дод мен.

ЎНБОШИЛИК ЛАВОЗИМИДА ТУРҒОН ЎҒЛИМНИНГ ДЕҒОНЛАРИ:

«Жим-эй, нодон, хўрозмусан, ким ҳам тинглар фиғонингни,
Сўпи эрсанг ичингда айт шому бомдод азонингни!»

…«Қўлтиғиға қисиб папка, келур ҳозир бирор шапка,
Тушунғайму алар гапга, киялмассан чапонингни!..»

«…Тонглаб момой не қиляпти? Сумалакка бало борму?!
Каттаконлар билиб қолса, синдиради қозонингни!..»

«…Неча карра кес деб айтдим сабилмонда дарахтларни!
Солиғи мевасидин кўп, йўқат кони зиёнингни!..»

«…Яна носму?! Уф-эй галварс, эскулук сарқитин ташла!
Хумор этса попрускага ўргатгин-да даҳонингни!..»

«…Кўча деволларин оқла… Эшагинг ҳавлиға боғла!
Сув ур, йўлдин ўтар бошлиқ, ҳимар тезроқ иштонингни!!!»

Тонгдан то шом қурир шўрим, Хумий, кимға етар зўрим,
Ўнбоши ўғли шабкўрум, сани ҳу энажонингни…

НОНИ ОСИЁ ЮЗЛУККА

Сани ҳажрингда, эй жонон, куйиб ёнған адойингман,
«Висолингни садоқа қил», — дея сўрған гадойингман.

Фаранжинг «даст алиф-лом»лар мани кўрғанда ортингда,
Мисоли сояман, кутгум «юринг» деган имойингман.

Шириннинг васличун Фарҳод Бесутун бағрини ёрмуш,
Агар Ширин эсанг Фарҳод бўлуб чеккум жафойингман.

Вой-эй тишим десанг—ору, белинг оғриса гар — дору,
Фақат санға вафодору, ағёрларга яввойингман.

Нетонг шундоқ замон бўлди, ким ул ҳақгўй ямон бўлди.
Ёнимда Бойқаро бўлсанг, бўлар эрдим Навойингман.

Кел энди, бўлма кўп армон, сурайлик иккимиз даврон,
Хумий айтур келур ул он — сен кампиру, бобойингман.

ҚАНИ

Чорлади, келдик уйиға, ўзи йўқ, мезбон қани?
Аршу фаршу, кавну бурж кездик, ўшал пинҳон қани?

Ҳар дарахтга баргу шоху, ҳар гул ичра қирқта эр,
Ўртасинда бир хотун берган ўшал боғбон қани?

Қирқта эри лол қолуб, қўнған арилар бол олуб,
Янгаму, даллол этуб учдирған ул кордон қани?

Тўлмишам бол фикратаким сўйла қайда ошиён,
«Жам этинг бунда» дебон амр этгучи султон қани?

Қолдириб дашти вашар ичра қарақчи домига,
Биз киби корвонни устиннан кулан сорбон қани?

Тийралик ҳамда теранлик тубидан иймон чиқур,
Келтирур иймон неча лек соҳиби иймон қани?

Мен Хумий куфр айладим ул Мансури Халлож киби,
Неча бор дедим: «Анал ҳақ!» —  чиққанинг эй жон қани?

КЎНГЛУМ

Хусуф* васлинг сафосини қай кун этди ҳавас кўнглум,
Ўргимчак торини чертиб фиғон этди магас** кўнглум.

Сен-эй моҳим, не қудратла кўтардинг баҳр сувин, э-воҳ,
Раҳм айлаб кўтарсанг-чи шу тахлит бир нафас кўнглум.

Боғ ичра қўш анорингни кўриб толдай бўлиб мажнун,
Озур бўлсам, озур йўлдин манимла басма-бас кўнглум.

Бу беш кунлик азоб энди кўнгил, кўнгил десам қайда,
Ҳама кўнған бу ёлғонға кўнолмас ҳақпарас кўнглум.

Бу олам қушлари озодлиғ истайдур қафас ичра,
Тилайдур боз қафас ичра хаёлингдин қафас кўнглум.

Шаҳаншоҳ ул, ани бир қул киби елпиб ўтар умрим,
Саройин тарк этур қай шоҳ тинмай то бу нафас кўнглум?

Хумий, хум остиға билғил шаробмас, қуйқаси чўккай,
Нечун санга суханбозлик, санам, оздурма бас кўнглум.

* X у с у ф — тутилган ой ёки чиммат ортидаги чеҳра.
** М а г а с — пашша.

БЎЛМАСА

Фойдада қадр йўқ, зиён бўлмаса,
Яхшиға меҳр йўқ ёмон бўлмаса.

Ҳар таом, оғудир ошқозон учун,
Ани чайнағули дандон бўлмаса.

Ўғри, ғар, жаллодға пирлиққа ўтар
Улус қозисинда иймон бўлмаса.

Азалдан каззобға каллахўр миршаб,
Итдир ул шоп-шалоп, чопон бўлмаса.

Уламо бир-бирин ғийбатлаб еяр
Фазлу, илм — донишдин нишон бўлмаса.

Фуқаро восвосға мубтало ўлур,
Ҳокими гар одил инсон бўлмаса.

Раият султонга ишонмай қўюр,
Рост ила ёлғонға мезон бўлмаса.

Бу дунё худбинлар макони ўлур
Бақарға беҳиштий сомон бўлмаса.

Хумий авлодларға еткурғил сўзинг,
Тегрангда тинглашға бир жон бўлмаса.

ЧИҚМАСАЛАР ЧИҚМАМ

Сағир авлоди оллиға Атойи чиқмаса чиқмам,
Амирий, Яссавий, Фазлий, Гадойи чиқмаса чиқмам.
Аламкаш, Вола, Мискинман, Садойи чиқмаса чиқмам.
Фақирийни Умидий шул Вафойи чиқмаса чиқмам.
Мани чиққил дема хумдин, Навоий чиқмаса чиқмам.

Қай ул кунким маним равшан юзим тундек қаро бўлди,
Қароргоҳим бўлиб бул хум жойим туфроқ аро бўлди,
Жамий Ибрат битикларким Хожа янглиғ Адо бўлди,
Тағин туфроқ уза Бадру Ҳилоли чиқмаса чиқмам.
Мани чиққил дема хумдин, Навоий чиқмаса чиқмам.

Алингға тушканин ёқдинг иборат деб куфу суфдин,
На билғунг илми қолу-ҳол, налар билғунг тасаввуфдин?
Бизи кўмди неча доно чўчиб нодон тасарруфдин,
Табризий, Румию, Аттор, Бинойи чиқмаса чиқмам,
Мани чиққил дема хумдин, Навоий чиқмаса чиқмам.

Санинг раҳминг нетай зоҳид, мани пирим қаноатдур,
Чиқар онча қабоҳатмас, чиқар оним адолатдур.
Ман-эй ҳеч кимсамас, ёзмишларим даври жаҳолатдур,
Ҳувайдою, Хумулию, Ҳусайний чиқмаса чиқмам,
Мани чиққил дема хумдин, Навоий чиқмаса чиқмам.

Сан-эй ўзунгни билмассен, кетмас занжиру ғул сандин,
Сан-эй қадрингға етмассен, беҳроқ санға мўғул сандин.
Умидим шулмиди, ҳайҳот, қизим сандин, ўғул сандин?!
Хумийман, қўйки Рабғузий, Фузулий чиқмаса чиқмам,
Мани чиққил дема хумдин, Навоий чиқмаса чиқмам.

ЭЙ, ДАҲРИ ДУН

Дунё дедим, меҳрим бердим,
Дунёлиғинг шуми сенинг?
Сена боқдим, басир ўлдум,
Зиёлиғинг шуми сенинг?

Қулоқ тутдим, кар айладинг,
Номуслини ғар айладинг,
Шаръ айладинг, шаръ айладинг,
Ҳаёлиғинг шуми сенинг?

Ёрдам дединг, ўлпон бердим.
Ою-офтоб, чўлпон бердим,
Ҳатто йўлингда жон бердим,
Ошнолиғинг шуми сенинг?

Пурзўр эдим, нимжон бўлдим,
Даҳо эдим, нодон бўлдим,
Охир банди зиндон бўлдим
Сиполиғинг шуми сенинг?

Довуччайдим, туршак бўлдим,
Сен сакка мен пишак бўлдим,
Роса миндинг эшак бўлдим,
Муллолиғинг шуми сенинг?

Етар энди бу ғоратим,
Санға жамий ҳақоратим.
Фикринг оби таҳоратим,
Маънолиғинг шуми сенинг?

БЎЛ
(Завқий ғазалига мухаммаси Хумий)

Чин шоир эрсанг фақирсан, сен довур шербози бўл,
Истасанг шоҳона ризқни ўғри бўл ё қози бўл,
Ё амалдор эшигинда исковуч бир този бўл,
Аҳли дил бўлма, замоннинг бойи бўл, баззози бўл,
Ақчадин лангар чўп ушлаб растанинг дорбози бўл.

Энди шак келтирмағайсан, бу замои шаъру вашаър,
Тегрангга солсанг назарким кўринур сон мингта ғар,
Юзлашиб мингсанг агарда кўтарур бир моча хар,
Шеър эшитмайди биров, даврон қулоғи анга кар,
Бир ҳовуч олтин-кумушнинг хуш жаранг овози бўл.

Мисли қирғийдай ёмон кўзларни чўқ юз ҳажв ила,
Очмағай ҳаргиз кўзини очу тўқ юз ҳажв ила,
Айлагайсан оқибат борини йўқ юз ҳажв ила,
Тегмагай ҳаргиз нишонға отган ўқ юз ҳажв ила,
Хоҳ замоннинг шоири бўл, хоҳ тирандози бўл.

Завжалар ўйношу  давлатга сотур ўз эрини,
Ҳокими мансабға сотғай халқию ўз ерини,
Ушбу айнон шифтиға Хумий осибди кирини,
Истамас бўлса замоно Завқий ёзған шеърини,
Ким эшитсун арзини хоҳ рози, хоҳ норози бўл.

098

Samarqand viloyatinda mashhuri jahon Afrosiyob tepoluklarida hushyor tortub yurgonimizda xum topib olduk. Ani ochsoq sarg’oyib ketgon devong’a nazari muboragimuz tushdi. Ul devon 10-asrdamu, 19-asrdamu tartub berilg’on ekan. Qachonlug’ini bilmadik. Shul sababdin tepodagi tanishlar ko’maginda Enterpol degon joyga olib borduk. Ammo ul tashkilotdag’ilar ham qachon tartub berilg’onini bilmadilar. Ammo, sarg’oyib ketgon devonni ancha-muncha tiklab berdilar. Devon bilan tanishg’och aning qalamkashi burundan bizg’a ma’lum bo’lg’on Usta Gulmat Shoshiy-Farg’oniy-Oltiariqiy-Polosoniyning madrasadoshi Xumiy degon shoir emishligi ma’lum bo’ldi.Ul zoti sharifning zap tabassumg’a, hazilu mutoyibag’a o’ch bo’lg’onlarig’a, devonni o’qub ofarinlar aytduk va ani kanglumizda hozirgi xatga ko’chirub nazm ishqibozlarig’a taqdim etishg’a rag’bat uyg’otduk.

Hozirgi xatga ko’chirguvchi Jamol Sirojiddin

«DEVONI XUMIYDI»DAN
NAMUNALAR

045

DEVOCHA

017

Sani bitg’on muallifdin bu kun shundoq hukm bo’ldi:
Sang’a yotdir yorug’ olam, makoning ushbu xum bo’ldi.

Biror noshir bosa olmas, sani shoir sota olmas,
Bo’lakcha yo yoza olmas, yozolg’anlar so’qum bo’ldi.

Sen-ey, sen — rangi zardimsan, qiyomat-qoyim dardimsan,
Shattada chiqqan gardimsan, mang’a qancha hujum bo’ldi.

G’azalimsan, asalimsan, sani kimg’a ishonay man?
Hijolarni sanab noshir desa: — «O’n to’rt bo’g’un bo’ldi».

Zamon noshirlari kazzob, zamon noshirlari qassob!
Alarni (bog’iga zog’im, labiga uch bo’g’um bo’ldi).

Sani xumga tiqib qo’ysam, shoyad yangi libos kiysam,
………………………………..* netong, shundoq udum bo’ldi.

Kelib bokiraroq avlod sani etguncha ozod, yod,
Maningdek shoiri mumtoz ila devoni gum bo’ldi…

* Qo’lyozmaning shu joyi sarg’ayib ketganligidan o’qishning iloji bo’lmaydi. (Noshir).

CHALB-UL-TAYR

Qumri qushning bolasisan, qarg’ani yor aylama,
Bo’lsa qushluk nomusing gar, o’zliging xor aylama.

YO qizilishton bo’lib keldingmi dunyog’a demak,
Ul qizil ishton qolib, o’zingni bozor aylama.

G’oz keribsan qomating kurka ila don olishib,
Kakligim, boyqush ila suhbati g’or aylama.

Maynasiz mayna bukun kaptar ila «g’uv-g’uv»lashur,
Sinchalak, osmon qolib, chumchuqni poydor aylama.

Ey Xumiy, har bir qushing birla mukammal bu hayot,
Qay birini yo’q etib, san qay birin bor aylama.

* * *

Kim ul harom kekurg’ay ahli xarob ichinda,
Kalamush yanglig’ o’lg’ay xumcha sharob ichinda.

Ko’p axmaqlar o’tushdi baxt haqinda solib jar,
Garchand ko’rib tursada baxtin sarob ichinda.

Aldanma makrig’a jon bu jodugar zamonni,
Lak-lak uvoli bordur bitta savob ichinda.

O’tdi necha Sulaymon, o’tdi necha jahongir,
«Dunyo endi manim!» — deb, xoki turob ichinda.

La’nat selinda qolg’ay misli to’qumli eshshak,
Qay shoh rohatda o’tsa, xalqi azob ichinda.

Kelib yaxshi zamonlar, surishtirsa hayotin:
«Yashab o’tdi Xumiy, — deng, — bir xum simob ichinda».

JAHDULMUQIL

Uzumdek xumg’a jo bo’ldim, sani xushnud ko’royin deb,
Ezildim, zeri po bo’ldim, sani xushnud ko’royin deb.

Necha kun qaynadim-toshdim, ichimda bir g’ubor qolmay,
Haromdin mosuvo bo’ldim sani xushnud ko’royin deb.

Sotildi qancha husayni, sotildi qanchalar kishmish…
Sotilmang! — deb ado bo’ldim, sani xushnud ko’royin deb.

Sotuldi! Og’uza tushdi! Bukun badrab alar joyi…
May o’ldum, qahrabo o’ldum, sani xushnud ko’royin deb.

Bilurmankim kelib bir kun topur haq so’zlarim zuryod,
Demam zinhor xato bo’ldim sani xushnud ko’royin deb.

Kelib nekbin va pok avlod manim haqda bitur doston,
Xumiyman, Budalo* bo’lg’um sani xushnud ko’royin deb.

*Budalo — 18 ming olamning 7 avliyosidan biri.

TAVALLO

Och o’ldurma, to’q o’ldur, qish o’ldurma, yoz o’ldur,
Mo’minlarg’a shafqat qil, yoppa qirma, oz o’ldur.

Omon saqla zamonni, imonniyu, zabonni,
Ne qilsang qil yamonni, o’ldur, mayli, boz o’ldur.

Arshda ersang sen Olloh, yetg’aymu bu tavallo,
Men yetkuray o’zingg’a, qo’shsam gar biroz o’ldur.

Sal gizlasang Xalilni, o’zi sotg’ay Jalilni,
Sen izlamay dalilni, be sabzi-piyoz o’ldir.

Bo’lsa o’yinda uloq, xotini sutday oppoq,
Yot unsur ul ham quloq, yoz ustidan, yoz, o’ldur.

Xumiy so’zim gar yolg’on, xumim sinsin o’shal on,
Haksizlikni qisqayu, haq umrin daroz o’ldur.

TAQADDUM

Rahmat ang’a kim ruhimni bedor etibdur,
La’nat ang’a kim har bir mo’yim qor etibdur.

Rahmatlar yog’ilsun bu jahon mulki ichinda
Har kimki haqiqat deb o’zin xor etibdur.

La’nat tamg’asi tushsin ani bo’ynig’a takror,
Qay g’arki chinim yalg’ona oshkor etibdur.

Har bandanikim g’aybiga ta’zim eturman,
Ul umrini o’z yurtig’a darkor etibdur.

La’natdin bo’lak, so’yla, jahon, ne deb atayman
Har gandaki rost so’zlini ag’yor etibdur?

Bir xumcha bo’lib yotg’on edim yerni taginda,
Rahmat ang’a kim borimni bozor etibdur.

AYO, EY BEMURUVVAT YOR

Siynasin chok-chok etib, yetdiku sochingg’a taroq,
Bir taroqcha baxt kutib o’tdi yoziq panjam biroq.

Tegmasin bodi-balo deb o’zni qalqon aylasam,
Kibr ila dil shishasini qap-qaro qilding, chiroq.

Sarg’ayurman «yor» — deya, misli kuzak yaprog’idek,
To’kilur har dam ko’zimdan yuzg’a yot bo’lg’an bo’yoq.

Soyaday eshkakchi bo’lsam zavraqi umringda men,
Irqitur to’fong’a jismim sen sig’ingan ul mayoq.

Sohili vaslingg’a langar tashlamoq maqsud edi,
Yondi orzum kemasi chaqmoq bo’lib tekkach firoq.

Man Xumiy lol qoldi ovzim, shams ruxsoring ko’rib,
Loaqal bir lahza tushda lablarimg’a bos yonoq.

AJAB DUNYO

Hama baxtli erur bul kun, vale hech kimsada baxt yo’q
Jahon hayratg’a molik lek hayratlanmoqqa bir vaqt yo’q.

Qog’oz hokim, qog’oz jallod, qog’oz o’g’riyu ham qozi,
Qog’ozsiz o’z ishin qilg’on birorta ham ragi saxt yo’q.

Hama dodgo’y, hama dodxoh, hama bir-birig’a jobir,
Hama nasyag’a olg’ay, sotg’aning olg’uchi bir naqt yo’q.

Hama shoir erur bul kun, vale anqo erur muxlis,
Hama podshoh erur, lekin hama sig’guchi bir taxt yo’q.

Sang’a ne bo’ldi ey Xumiy, etibsan sallang oq bayroq,
Chekindingmu, nahot endi, nechun avvalgi ul shaxd yo’q?

UL RUHI YORA MAKTUB

Bahor o’ldi, ayo dilbar, kel endi sayri tog’ etsak,
Bu foniy dunyada bir bor bizam kangulni chog’ etsak.

Bosh oqqan yoqlara ketsak, sochib shudringni yulduzdek,
Adirlar pastini bir cho’p ila qozib o’choq etsak.

Bo’laylik ikki qumridek, san ul dam polaponim bo’l,
Tutoyin labingg’a labni huzurbaxsh bir tamog’ etsak.

Misoli dasta karnaygul bosilsak ul bag’irlarga,
Adirning lolasi yanglig’ bizam sizni quchog’ etsak.

Yonib boqsam qarog’ingdin, erib oqsam qarog’ingdin,
To’zg’isa gahida sochlar, gahi qo’lni tarog’ etsak.

Qo’yay bolishki bir chimdin, to’shaklar o’t-o’lan o’lsa,
Bu osmon ko’rpasi ichra ayog’ uzra ayog’ etsak.

Kelib bir necha iprisqu sang’a nopok ko’zin tiksa,
Qay birini belong’i-yu, qay birini cho’log’ etsak?!

Rizo Xumiy o’shal yerda qo’yun ichra berurg’a jon,
Bizim anda visol kutgay, gunah o’lg’ay firoq etsak.

DA’VAT

Aylama shoir xushomad diydasi toshlarg’a san,
Sol nazar aylab muruvvat navnihol yoshlarg’a san.

Bu jahon baytul-hazandur ne fanolar so’ylag’an,
Qiynama vijdonni pullab non bila oshlarg’a san.

Mayli qolg’il qip-yalang’och misli Mashrab haqni deb,
To’shaging bo’lsin dala-tuz, boshni qo’y roshlarg’a san.

Gar binafsha tongda ul qushlar sani uyg’otmasa,
Bulbulu, qumri quyin kuylab yuvin yoshlarg’a san.

Gulga o’z husni kushanda, bulbulga himmat tuzoq,
Bo’lma puldorg’a mute ham ul qalam qoshlarg’a san…

ZILLAT-UN-MA’VO

Uzilgan o’qmanam go’yo judo bo’lg’an sadog’idan,
Bashorat aylag’ay kim ham borar joyim adog’idan.

Urub chappori istarman murodim ko’chasin topmay,
Tamom bemor o’ldi ruh bu yo’llarning chatog’idan.

«Guli jannat» deg’on tashbeh «poynak», «lanka», «chuvux» bo’ldi,
Bekatlarda suring’ay mast, adashgaysan sanog’idan.

Taqib soch o’ynag’ay necha teatru sahnig’a chiqib,
Demassen «nosqovoq» boqsang, ot ham hurkar siyog’idan.

Alarni o’ynatur taqdir, kimlarni quvnatur taqdir,
Xumiyni yig’latur taqdir, burab-tortib qulog’idan.

MUSOFIR DAR VATAN

Qarindosh qadrini yot o’lkada ovvoralar bilg’ay
Va yor qadrini yor olmay qog’an dildoralar bilg’ay.

Makonda bemakondirman, zamonda o’z zamonam yo’q,
Manim kulgumni shodlarmas, dili sadporalar bilg’ay.

Qo’na bilmam kabutardek yilonli oshiyonlarda,
Manim ahvolimi lo’li kabi bechoralar bilg’ay.

Xurjun ko’zida ikki bosh, tag’in hangi uza to’rtov,
Bu kech qayda makon, sholcham ila gavvoralar bilg’ay.

Ko’rar bo’lsang Xumiyni do’st, xolangni tandirig’a kel,
Bu tandir qopqog’i bo’lg’an teshik tog’oralar bilg’ay.

QUTQARAY

Shirin zabonim man sani «vottakzato»dan qutqaray,
Dardlaring oshkoralab mavhum nidodan qutqaray.

Labdagi xoling xatodir «mim» uzra bo’lmas «zabar»,
Bir yalash birla sani mundoq xatodan qutqaray.

Bermag’ay ahli adabg’a chervong’a sotg’ay otang,
Tunda chiq bo’xchang ila johil atodan qutqaray.

Dukchi eshonu Namozday nechani xor aylagan
Yerni bul turfa baloyu, katxudodan qutqaray.

Kecha kelg’on sovching ul Mirzorahimboydan erur,
Qo’p xotunli aqchador, qaddi dutodan qutqaray,

Kel manim bag’rimg’a kir, maqsudga yetg’an orzudek,
Oy yuzing, ohu taning turfa matodan qutqaray.

IQROR

Ko’nka ichra bir marja tizzamg’a tizza qildi,
Ikki yuzim baqala, dilimni jizza qildi.

«E-bor-e! — deb ayoqni asta uzatg’on erdim,
Ko’p beparhez kalomla faqirni izza qildi.

Ovsar bo’ldim, kar bo’ldim, o’zni uyqug’a urdim,
U vaysadi tinmasdan, faqir xamyoza qildi.

Til bilsangu tushunsang, bu modiyon ne deydi,
Bodi ila shodig’a og’zin darboza qildi.

«O’chir!» deya baqirsam, alpang-talpang bir naynov
Yetib kelib boshimg’a, sollamg’a kirza qildi.

O’zdin ketibman shu on, bir chog’ ko’zimni ochsam,
Rahmi kelib «suv ol ich!» degancha g’amza qildi.

«Yuzingni yel olsin!» deb Xumiy tushdi shu asno,
Bir beparhez bu sirni elg’a ovoza qildi.

USTA GULMATNING SAMARQANDG’A HIJRATI BORASINDA

Buzoqqa o’t o’royin deb charxlab tursam o’rog’imni,
Kirib keldi Gulmat Shoshiy mani aylab so’rog’imni.

Yalashdik yulqashib du do’st, saqol-mo’ylov bo’lib shilta,
«Qadamingga fido o’lsin!» deya so’ydim buzog’imni.

Ayuhannos solib kelg’on xotunni bir tepib erdim,
O’shal kundin beri boqmas tekizsam ham ayog’imni.

Ziyofatg’a kelib erdi tuman do’stu-birodarlar,
«Gulmatdan bir o’qing endi», deya yerlar qulog’imni.

Bola-baqra bosib ketdi, o’shal kun uy ichi bozor,
Sindirishdi so’nggi tishin bukib saqol tarog’imni.

Sharobg’a non to’g’rab bermay, omon bo’l-da, ayo Gulmat,
Mayning xummori o’ldirdi xumg’a tashlab Barog’imni.

Yana takror kelur bo’lsang tadorukni ko’rib kel, do’st,
Men-ey, Xumiy, sotib bo’ldim uyim-la bor yarog’imni.

YILLAR O’TGACH KO’RDIM HAMSOYA QIZNI

Oysuluvim sanmi shul, zulfi kajdumdoring qani?
Bir umur kun ko’rmagon gul-lola ruxsoring qani?

Donai xolingga Hofiz baxsh etandi du shahar,
Qayda ul sening — Samarqand hamda Buxoring qani?

Chor devor ichinda koring o’smayu-hino edi,
Har dam-ye zerikkoningda chalg’an dutoring qani?

Shavharing ertang’i ish deb pusht ba tu yotmas edi,
«Qo’yma-qo’yma, ol-ha-ol!» ulog’u, ko’pkoring qani?

To sahar ul Bedilu, san Nodiradin yod o’qub,
Qayda ul hijronli bomdod, yori bedoring qani?

Qo’lmu — qumqog’ozmu bu, shilding qo’lumni ko’rishib,
Paxtadek issig’u-momig’ dasti oq moring qani?

…Vah! …O’lay, Xumiyni san iymonidin etding judo,
Oysuluv… sog’mi o’zing, bu …axir …ezoring qani?

UMNIYAT

Nadir yolg’on bu olamda — ani fosh etg’ali keldim,
G’anim bo’lg’an qarindoshni ko’zu-qosh etg’ali keldim.

Nechuk zolimkim istarsan sang’a man sajdalar qilsam,
Saningdek necha avboshni ko’zin mosh etg’ali keldim.

Yonib ajdod qonida, kelib modar gumonida,
Bu johillik jahonida mushtim tosh etg’ali keldim.

Man-ey to’ydim, san-ey gumroh nechuk muncha yashovchansan?!
Sani bardoshlaring singuncha bardosh etg’ali keldim.

Tanam xumdir, sinar balki, ruhim osmon, so’zim chaqmoch,
Malik-ul-mavt bo’lib sang’a loshing chosh etg’ali keldim

TASHBEH

Yuzig’a unu, labg’a qizil lavlagi pardoz,
O’tmoqda Siyob bozoridin jilvagari noz.

Boshigamu laylak uya, qoshi kuya—hey!
Kangul qushlari ul o’tomoch* ortida parvoz.

Noxun, ya’ni qonsiz ediku, qonli bu tirnoq,
Qay bir sho’rlini ko’kragini ayladi g’oz-g’oz.

Poylarmu shular, har bittasi ustuni ayvon,
Ohlar epkini teksa etak boqadi sherboz.

Ko’ynakki harir et tamosho soyada tursang,
Misli qo’shaloq to’rqovoqda kaklik emas — g’oz.

«Astag’furillo!» — deya Xumiy asta yutindi,
G’ilq ettiyu, o’tdi-ketdi tomog’idin nos.

* Traktor bo’lsa kerak.

BIR QISHLOQDA KO’RMISHIM

Bu qishloqning odamlari kunduz peshvoz kulub chiqar,
Zim-ziyo dil osmonida har oy ruxsor to’lub chiqar.

«Bizning uyg’a mehmon bo’lung», deya biri taklif etsa,
Butun qishloq erkaklari ko’nglung olmoq bo’lub chiqar.

Bu ne jodu?! Quyosh botg’ach, bari itg’a aylanaru,
Bir-birig’a tashlanaru, hurib qopib, yulub chiqar.

Dahshat ichra devorg’amu, yo daraxtg’a chiqib olsang,
To tonggacha senga boqib uzoq-uzoq ulub chiqar.

Ayo, Xumiy, bo’lak sendin biror qo’rqoq kishi bo’lsa,
Bu qishloqdin na tirigu va na hatto o’lub chiqar.

IZHORI HOL

Ichimda bitta shoiru, boshimda mingta nozir bor,
Va-yo mingta muqimjoylar ichinda bir musofir bor.

Dilim bir misrani aytsa; bu aqlim xomtalosh aylar,
Ki yo mingta muslimlar ichinda bitta kofir bor.

«Xumiy, undoq dema!» «Mundoq dema!» «Bundoq erur sakta!»
Kibi tug’ilmag’on baytg’a g’assol, go’rkovu, sodir bor.

Dilim sanchar, ki har sanchiq manim aytolmag’an satrim,
Bilurman bul satrlar ichra ming bitta javohir bor.

Xumimg’a aytayin desam Skandar sartaroshiday,
«Jim-ey, xumpar!» deya xaplar alar hoziru nozir bor.

Chiqur ming-ming chig’iriqlar ichidin har hijo, har so’z,
Yana boshim uza evoh, ming-ming tahrirchi noshir bor.

Omon asra shu qintoblar ichinda haq so’zing Xumiy,
Boshimda mingta qo’rqog’u, ichimda bitta botir bor!

TARAHXONA

Uying soyammikin, ey yor, quvib ang’a yetolmasman,
Va yo harchand qochish birla qutulib ham ketolmasman.

Haqing — jannat, do’zax — yolg’on, bu davronda siroting bor,
O’zimni xumg’a ko’mmasdan behishtingg’a o’tolmasman.

Kezib ko’rdim tamom elni, avom elni, g’ulom elni,
Alavg’a to’ldirib dilni tutarman-u, o’t olmasman.

Hozir turg’onig’a hamdu, o’tib ketg’onini so’kkan,
Bu johulluk jahonida man emdi jim yotolmasman.

Xotunlardin xarob erlar g’iybat, tuhmatda ustodur,
Man emdi o’zgacha odam bila olam kutolmasman.

Xumiy bechorani hargiz sabursizliqda ayb etmang,
Hama ichg’a yutib yurg’on bu dardni man yutolmasman.

CHORLOV

Kangulni xilvatig’a men seni, ey yor, chorlarman,
Kel-ey, senga atab bul tun o’qiy ash’or — chorlarman.

Havolanmas navolar ham, yetib kelmas duolar ham,
Va kor qilmas davolar ham sensiz bemor, chorlarman.

Raqib bag’ri ziyolanmay, kelg’il kunduz siyolanmay,
Oyoq qo’yg’il hayolanmay, yo’qdir ag’yor — chorlarman.

Bu xilvatda mani sandin, sani mandin ayurg’ay kim?
Kel-ey botinima kir deb oshib devor — chorlarman.

Agar kelsang zimiston dil yozur yaproqlarin qayta,
Kular sa’va ila bulbul kelsang bahor — chorlarman.

Misoli o’rdaku g’ozlar uchar ma’no to’la so’zlar,
Yetur sensiz qanotlanmay qalam-shunqor — chorlarman.

Na bir shuhrat, na bir dunyo, sani chorlar Xumiy tanho,
Seni takror.., seni takror.., seni takror chorlarman.

SHOSH SHAHARINDAGI DO’STI XALILLARA MAKTUB

…Sizga ne aytay bukun, tan davlati obod men,
Toyirim har yon uchar, ruh otli shoh ozod men.

Saydlarimkim, she’rlarim sig’mas bukun kulbam aro,
Oshiyon topmay alarg’a bo’lmisham noshod men.

Bo’ldilar hamsuhbatim ogoh bila gumrohlar,
Davralarda ayladim do’stlar sizi ko’p yod men.

Aylamak istar kangulkim har sahar parvozi Shosh,
Orzui yong’uchi sha’mu, jur’ati bir bod men.

Bo’sag’am poyimg’a zanjir, istagim diydori do’st,
Ul sababdin aylagum faryod men, faryod men.

«Bizni sayd ayla» debon kelg’ay necha ma’no, vale
Saydlarin sahroda ozod qo’yg’uchi sayyod men.

Azada har bir kishi o’z dardini yig’lar, Xumiy,
Topmagan dodxoh va lekin yangrag’an bir dod men.

O’NBOSHILIK LAVOZIMIDA TURG’ON O’G’LIMNING DEG’ONLARI:

«Jim-ey, nodon, xo’rozmusan, kim ham tinglar fig’oningni,
So’pi ersang ichingda ayt shomu bomdod azoningni!»

…«Qo’ltig’ig’a qisib papka, kelur hozir biror shapka,
Tushung’aymu alar gapga, kiyalmassan chaponingni!..»

«…Tonglab momoy ne qilyapti? Sumalakka balo bormu?!
Kattakonlar bilib qolsa, sindiradi qozoningni!..»

«…Necha karra kes deb aytdim sabilmonda daraxtlarni!
Solig’i mevasidin ko’p, yo’qat koni ziyoningni!..»

«…Yana nosmu?! Uf-ey galvars, eskuluk sarqitin tashla!
Xumor etsa popruskaga o’rgatgin-da dahoningni!..»

«…Ko’cha devollarin oqla… Eshaging havlig’a bog’la!
Suv ur, yo’ldin o’tar boshliq, himar tezroq ishtoningni!!!»

Tongdan to shom qurir sho’rim, Xumiy, kimg’a yetar zo’rim,
O’nboshi o’g’li shabko’rum, sani hu enajoningni…

NONI OSIYO YUZLUKKA

Sani hajringda, ey jonon, kuyib yong’an adoyingman,
«Visolingni sadoqa qil», — deya so’rg’an gadoyingman.

Faranjing «dast alif-lom»lar mani ko’rg’anda ortingda,
Misoli soyaman, kutgum «yuring» degan imoyingman.

Shirinning vaslichun Farhod Besutun bag’rini yormush,
Agar Shirin esang Farhod bo’lub chekkum jafoyingman.

Voy-ey tishim desang—oru, beling og’risa gar — doru,
Faqat sang’a vafodoru, ag’yorlarga yavvoyingman.

Netong shundoq zamon bo’ldi, kim ul haqgo’y yamon bo’ldi.
Yonimda Boyqaro bo’lsang, bo’lar erdim Navoyingman.

Kel endi, bo’lma ko’p armon, suraylik ikkimiz davron,
Xumiy aytur kelur ul on — sen kampiru, boboyingman.

QANI

Chorladi, keldik uyig’a, o’zi yo’q, mezbon qani?
Arshu farshu, kavnu burj kezdik, o’shal pinhon qani?

Har daraxtga bargu shoxu, har gul ichra qirqta er,
O’rtasinda bir xotun bergan o’shal bog’bon qani?

Qirqta eri lol qolub, qo’ng’an arilar bol olub,
Yangamu, dallol etub uchdirg’an ul kordon qani?

To’lmisham bol fikratakim so’yla qayda oshiyon,
«Jam eting bunda» debon amr etguchi sulton qani?

Qoldirib dashti vashar ichra qaraqchi domiga,
Biz kibi korvonni ustinnan kulan sorbon qani?

Tiyralik hamda teranlik tubidan iymon chiqur,
Keltirur iymon necha lek sohibi iymon qani?

Men Xumiy kufr ayladim ul Mansuri Xalloj kibi,
Necha bor dedim: «Anal haq!» — chiqqaning ey jon qani?

KO’NGLUM

Xusuf* vasling safosini qay kun etdi havas ko’nglum,
O’rgimchak torini chertib fig’on etdi magas** ko’nglum.

Sen-ey mohim, ne qudratla ko’tarding bahr suvin, e-voh,
Rahm aylab ko’tarsang-chi shu taxlit bir nafas ko’nglum.

Bog’ ichra qo’sh anoringni ko’rib tolday bo’lib majnun,
Ozur bo’lsam, ozur yo’ldin manimla basma-bas ko’nglum.

Bu besh kunlik azob endi ko’ngil, ko’ngil desam qayda,
Hama ko’ng’an bu yolg’ong’a ko’nolmas haqparas ko’nglum.

Bu olam qushlari ozodlig’ istaydur qafas ichra,
Tilaydur boz qafas ichra xayolingdin qafas ko’nglum.

Shahanshoh ul, ani bir qul kibi yelpib o’tar umrim,
Saroyin tark etur qay shoh tinmay to bu nafas ko’nglum?

Xumiy, xum ostig’a bilg’il sharobmas, quyqasi cho’kkay,
Nechun sanga suxanbozlik, sanam, ozdurma bas ko’nglum.

* X u s u f — tutilgan oy yoki chimmat ortidagi chehra.
** M a g a s — pashsha.

BO’LMASA

Foydada qadr yo’q, ziyon bo’lmasa,
Yaxshig’a mehr yo’q yomon bo’lmasa.

Har taom, og’udir oshqozon uchun,
Ani chaynag’uli dandon bo’lmasa.

O’g’ri, g’ar, jallodg’a pirliqqa o’tar
Ulus qozisinda iymon bo’lmasa.

Azaldan kazzobg’a kallaxo’r mirshab,
Itdir ul shop-shalop, chopon bo’lmasa.

Ulamo bir-birin g’iybatlab yeyar
Fazlu, ilm — donishdin nishon bo’lmasa.

Fuqaro vosvosg’a mubtalo o’lur,
Hokimi gar odil inson bo’lmasa.

Raiyat sultonga ishonmay qo’yur,
Rost ila yolg’ong’a mezon bo’lmasa.

Bu dunyo xudbinlar makoni o’lur
Baqarg’a behishtiy somon bo’lmasa.

Xumiy avlodlarg’a yetkurg’il so’zing,
Tegrangda tinglashg’a bir jon bo’lmasa.

CHIQMASALAR CHIQMAM

Sag’ir avlodi ollig’a Atoyi chiqmasa chiqmam,
Amiriy, Yassaviy, Fazliy, Gadoyi chiqmasa chiqmam.
Alamkash, Vola, Miskinman, Sadoyi chiqmasa chiqmam.
Faqiriyni Umidiy shul Vafoyi chiqmasa chiqmam.
Mani chiqqil dema xumdin, Navoiy chiqmasa chiqmam.

Qay ul kunkim manim ravshan yuzim tundek qaro bo’ldi,
Qarorgohim bo’lib bul xum joyim tufroq aro bo’ldi,
Jamiy Ibrat bitiklarkim Xoja yanglig’ Ado bo’ldi,
Tag’in tufroq uza Badru Hiloli chiqmasa chiqmam.
Mani chiqqil dema xumdin, Navoiy chiqmasa chiqmam.

Alingg’a tushkanin yoqding iborat deb kufu sufdin,
Na bilg’ung ilmi qolu-hol, nalar bilg’ung tasavvufdin?
Bizi ko’mdi necha dono cho’chib nodon tasarrufdin,
Tabriziy, Rumiyu, Attor, Binoyi chiqmasa chiqmam,
Mani chiqqil dema xumdin, Navoiy chiqmasa chiqmam.

Saning rahming netay zohid, mani pirim qanoatdur,
Chiqar oncha qabohatmas, chiqar onim adolatdur.
Man-ey hech kimsamas, yozmishlarim davri jaholatdur,
Huvaydoyu, Xumuliyu, Husayniy chiqmasa chiqmam,
Mani chiqqil dema xumdin, Navoiy chiqmasa chiqmam.

San-ey o’zungni bilmassen, ketmas zanjiru g’ul sandin,
San-ey qadringg’a yetmassen, behroq sang’a mo’g’ul sandin.
Umidim shulmidi, hayhot, qizim sandin, o’g’ul sandin?!
Xumiyman, qo’yki Rabg’uziy, Fuzuliy chiqmasa chiqmam,
Mani chiqqil dema xumdin, Navoiy chiqmasa chiqmam.

EY, DAHRI DUN

Dunyo dedim, mehrim berdim,
Dunyolig’ing shumi sening?
Sena boqdim, basir o’ldum,
Ziyolig’ing shumi sening?

Quloq tutdim, kar aylading,
Nomuslini g’ar aylading,
Shar’ aylading, shar’ aylading,
Hayolig’ing shumi sening?

Yordam deding, o’lpon berdim.
Oyu-oftob, cho’lpon berdim,
Hatto yo’lingda jon berdim,
Oshnolig’ing shumi sening?

Purzo’r edim, nimjon bo’ldim,
Daho edim, nodon bo’ldim,
Oxir bandi zindon bo’ldim
Sipolig’ing shumi sening?

Dovuchchaydim, turshak bo’ldim,
Sen sakka men pishak bo’ldim,
Rosa minding eshak bo’ldim,
Mullolig’ing shumi sening?

Yetar endi bu g’oratim,
Sang’a jamiy haqoratim.
Fikring obi tahoratim,
Ma’nolig’ing shumi sening?

BO’L
(Zavqiy g’azaliga muxammasi Xumiy)

Chin shoir ersang faqirsan, sen dovur sherbozi bo’l,
Istasang shohona rizqni o’g’ri bo’l yo qozi bo’l,
YO amaldor eshiginda iskovuch bir tozi bo’l,
Ahli dil bo’lma, zamonning boyi bo’l, bazzozi bo’l,
Aqchadin langar cho’p ushlab rastaning dorbozi bo’l.

Endi shak keltirmag’aysan, bu zamoi sha’ru vasha’r,
Tegrangga solsang nazarkim ko’rinur son mingta g’ar,
Yuzlashib mingsang agarda ko’tarur bir mocha xar,
She’r eshitmaydi birov, davron qulog’i anga kar,
Bir hovuch oltin-kumushning xush jarang ovozi bo’l.

Misli qirg’iyday yomon ko’zlarni cho’q yuz hajv ila,
Ochmag’ay hargiz ko’zini ochu to’q yuz hajv ila,
Aylagaysan oqibat borini yo’q yuz hajv ila,
Tegmagay hargiz nishong’a otgan o’q yuz hajv ila,
Xoh zamonning shoiri bo’l, xoh tirandozi bo’l.

Zavjalar o’ynoshu davlatga sotur o’z erini,
Hokimi mansabg’a sotg’ay xalqiyu o’z yerini,
Ushbu aynon shiftig’a Xumiy osibdi kirini,
Istamas bo’lsa zamono Zavqiy yozg’an she’rini,
Kim eshitsun arzini xoh rozi, xoh norozi bo’l.

09

(Tashriflar: umumiy 464, bugungi 1)

Izoh qoldiring