Nuriddin Shukurov. G’afur G’ulom saboqlari & Ibrohim G’afurov. Ko’ngildan o’chmaydi

0316 май — Адабиётшунос олим Нуриддин Шукуров таваллудининг 85 йиллигига

  Энди, сенга айтсам менинг шеърларимдаги бундай байтларни, бандларни чуқур тушуниш учун шу мисраларда тилга олинган тарихий фактлар ва ҳодисалар тафсилотини яхши билиш керак. Биласанми, бобирийлар сулоласига тегишли бўлган «Улуғ мўғул» деб номланган олмос жаҳондаги энг қимматбаҳо, катта олмослардан бири ҳисобланади. Инглиз империалистлари Ҳиндистонни босиб олганда жуда кўп бойликларни, олтину олмосларни қўлга киритганлар. Шу жумладан, «Улуғ мўғул» номли катта олмосни ҳам ўғирлаб олиб кетганлар..

09
Иброҳим Ғафуров
КЎНГИЛДАН ЎЧМАЙДИ
(Эзгу инсон Нуриддин Шукуров)
08

1960 — 80-йиллар ораси адабий анжуманларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор Нуриддин Шукуров билан кўп учрашардик. У адабиёт оламини яхши билар, яхши кўрар, унинг катта-кичик намояндалари билан яқиндан таниш, қаламкашлар, олимларни — зиёли кишиларни жуда қадрлар, ҳурмат-эътибор кўрсатарди. Адабий давралар, китобхонлар билан учрашувларда Ғафур Ғулом, Шайхзода, Асқад Мухтор сингари алломайи замонларнинг шеърларини гўзал бир ихлос билан шеърнинг завқи-сурурини жон-жондан туйиб ёд ўқирди. У ўзбек шеърияти ҳақида тўлиқиб, тошиб ёзарди. Шеърият ҳақида ёзганда унга бамисоли муҳаббат изҳор қилаётгадай бўларди. Нуриддин Шукуровнинг шеърият тадкиқотларига бағишланган барча китобларини ўқиганман. Уларда унинг билимдонлиги, юксак дид-фаросати ҳар бир сўзда кўзга ташланиб турарди.

Нуриддин Шукуров юксак касбий маҳорат соҳиби эди. Ғафур Ғулом ҳақида Ҳомил Ёқубов, Салоҳиддин Мамажонов сингари олимлар йирик тадқиқотлар ва текширишлар олиб борганлар. Нуриддин Шукуровнинг Ғафур Ғулом шеърияти юзасидан олиб борган кузатишлари, таҳлиллари, талқинлари ўзига хос теранлиги, кузатишларининг оригиналлиги ва нозиклиги билан ажралиб турарди.

Умуман, Нуриддин Шукуров поэзиянинг ичидаги унинг ўз одами, муҳаллили эди. Ажаб эмаски, унинг кузатишлари, таҳлиллари ҳали-ҳанузгача ўз тароватини йўқотмаган, ўз адабий қимматини сақлаган.

Нуриддин Шукуров беҳад нозик муомалали киши эди. Одоб-икром фазилатлари кўпчиликка ўрнак бўладиган даражада эди. У талантларни ниҳоятда қадрларди. Барот Бойқобилов, Омон Матжон, Ўткир Раҳмат, Хуршид Давронлар билан том маънода фахрланарди.

Самарқандда унинг адабиёт тўгараги жуда машҳур эди. Нуриддин Шукуровнинг адабиёт тўгарагидан ўнлаб таниқли қаламкашлар етишиб чиқишди. У ўз шогирдларига ҳеч качон бепарво бўлмас эди. Доим каерда бўлмасинлар улар билан хабарлашиб турар, имкони етган қадар уларга ғамхўрлик кўрсатар, улардан инжа, суюкли сўзини аямасди. Айниқса, талантли шогирди Омон Матжон билан ғоятда фахрланар, фахрланганини яшириб ҳам ўтирмас, Омонни ўтқизгани жой тополмасди. Шогирдларининг ижоди, уларнинг намуналарини ёд 6иларди.

Нуриддин Шукуров ҳар йили таътил чоғларида Дўрмондаги ижод боғида бир ой-ярим ой турар, адабиёт намояндалари билан учрашар, таҳририятлардаги, нашриётлардаги дўстлари билан мулоқот, суҳбатларда бўлар, шундай мулоқотларни беҳад севарди, улардан ўта завкланарди.

Ўта меҳрли, ўта риояли инсон эди Нуриддин ака!

Чин муаллим ва чин зиёли эди. Унинг оқ-сариқдан келган чеҳрасидан ҳам ақлнинг шуълалари таралиб тургандай бўларди. Унинг суҳбатлари одамни зериктирмас, маърифатли оҳанрабоси билан ўзига тортарди. У сизга худди юракдан меҳрини тортиқ қилаётгандек бўлиб сўзлар, оҳиста, шикаста овозда айтилган сўзлари кўнгилда муҳрланиб қоларди.

Нуриддин ака ёруғ олам билан видолашиб кетганда бу ёруғ олам, қадим, азимий шаҳар ҳам назаримизда ҳувиллаб қолгандай бўлди. Гарчи олам яхши одамлардан ҳеч қачон холи эмас, лекин Нуриддин Шукуровдай чин инсон ва олимларнинг ўрни ҳамиша билинади. Унинг ҳамон жавонларимизни тўлдириб турган китобларига қараб, зиё машъали ўлмайди дегинг келади.

2 май, 2005 йил.

09
Нуриддин Шукуров
«УСТОЗЛАР ҲАҚИДА» НОМЛИ ХОТИРА-МАҚОЛАДАН
08

08  Нуриддин Шукуров  (1930.16.5, Самарқанд тумани — 1995.5.6, Самарқанд) — адабиётшунос олим. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1977), филол. фанлари д-ри (1974), проф. (1976). Самарқанд университетининг филол. факультетини тугатган (1950). СамДУ ўзбек адабиёти кафедрасида ўқитувчи, доцент (1953—68), проф. (1976 йилдан). Шу университетнинг ўзбек ва тожик филол. ф-тида декан (1987—93), кафедра мудири (198493), проректор (1978-84). Вилоят газетасига (ҳоз. «Зарафшон») муҳаррирлик ҳам қилган (1968—73), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд бўлимини бошқарган (1990— 94). Нуриддин Шукуровнинг асосий илмий ишларида замонавий ва мумтоз ўзбек адабиёти муаммолари, хусусан, адабиётдаги мазмун ва шакл масалалари, шеъриятнинг услуб, жанр, сюжет, композиция, тил, вазн, қофия сингари бадиий маҳоратга дахлдор томонлари тадқиқ этилган.

08

УНУТИЛМАС СЎЗЛАР

Ғафур Ғуломнинг ўзига хос таланти ва шахсияти шеърларида, публицистик мақолаларида, ҳикоя ва қиссаларида бўртиб кўринганидек, одамлар билан учрашувларида, суҳбатларида ҳам ғоят ёрқин кўзга ташланар эди.

Ғафур Ғулом республикамиз областларини турли сабаблар ва мақсадлар билан тез-тез айланиб чиқарди. Шунинг учун унинг ижодида ҳар бир область, у ердаги ажойиб кишилар ҳақида шеърлар, мақолалар, очерклар, турли хил қайдлар кўплаб пайдо бўлар эди.

Булар ҳам ёзувчи ҳақидаги тасаввурни конкретлаштиришда муҳим роль ўйнайди.
Самарқандга бўлган катта меҳр-муҳаббати ва депутатлик бурчларининг тақозоси туфайли Ғафур Ғулом бу тупроққа айниқса тез-тез ташриф буюрар эди.

Самарқанднинг тарихини, одамларини, географик шароитларини, осиёги, пўлоти нонларининг, лукки қаймоқларининг сифатини, Ургут равочи ва Самарқанд кишмишининг шифобахшлик хусусиятларини унча-мунча самарқандликлардан ҳам яхшироқ билар ва юксак қадрлар эди.

Ғафур  Ғулом Самарқандга келганида вақти-вақти билан Садриддин Айнийни зиёрат қилар, у улуғ зотнинг ҳол-аҳволидан хабар оларди. Кейин эса Воҳид Абдулла, Исмоил Акрам каби қадрдон дўстлари билан суҳбат қурар, Зарафшон водийсининг гўзал масканларида табиат инъомларидан баҳра олар, кунларни ижодий мулоҳаза ва мулоқотлар билан ўтказарди. Ғ. Ғуломнинг «Самарқанд сайқали» «Самарқанд учун», «Самарқандлик пахтакор дўстларимга», «Ўттиз ёшли ЎзГУга», «Май саломи», «Ёнма-ён кетайлик», «Бир дўст хотираси», «Севсам севибман-да» каби бир қатор асарлари бевосита Самарқанд таассуротлари асосида туғилган асарлардир.

Ғафур Ғуломнинг Самарқандга тез-тез келиб туриши, чиқишлар қилиши, учрашувлар, адабий суҳбатлар 40-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб мени ҳам ўз доирасига торта бошлаган эди.

Ғафур Ғуломдан давраларда, анжуманларда, суҳбатларда эшитган сўзларим кўплар қаторида мен учун ҳам ўзига хос бир мактаб, ибрат ва сабоқ ролини ўйнаганлигини йиллар ўтган сари тобора чуқурроқ ҳис қилмоқдаман.

БИРИНЧИ САБОҚЛАР

1947 йил, февраль.
Самарқандга  академик-шоир Ғафур Ғуломнинг келиши, ўзбек драма театрининг қишги биносида учрашув бўлажаги ҳақида хабар тарқалди.

1947 йилнинг февралида Ғафур Ғулом ва у билан Тошкентдан йўлдош бўлиб Самарқандга келган Ҳамид Ғулом, Саид Аҳмадлар Садриддин Айний уйида меҳмон бўлиб, ажойиб суҳбат қурганликлари, Регистон ансамбли ёдгорликларини яна бир бор томоша қилганликлари, шоир қалбида Самарқанд ва Алишер Навоий ҳақида ёзилажак публицистик мақолаларнинг, янги шеърларнинг уруғи ниш отганлиги ҳақида Саид Аҳмаднинг «Назм чорраҳасида» китобидаги «Ижодкор обрўси» бобида ғоят табаррук хотиралар ҳикоя қилиб берилган.

Шоиримизнинг Самарқандга шу сафарги келишида театрда ўтказилган адабий кеча хотирамда жонланади.

ЎзГУнинг филология факультетида таълим оладиган ёшлар Ғафур Ғулом билан бўладиган учрашувдан баҳраманд бўлиш учун ошиқдик. Театр биносига кириб, фойенинг қулайроқ бурчагидан жой олиб кутиб турдик.

Менинг хаёлимда улуғ шоирни яқиироқдан кўриш, бир оғиз сўзини бевосита эшитиш орзуси ҳукмрон.

Кеч соат олтиларда Ғафур Ғулом Тошкентдан келган ва самарқандлик адиблар даврасида кириб келди. Ғафур Ғулом алпқомат гавдаси, чарақлаган кўзлари, сур қоракўл теридан папоғи, шунга мос барра ёқали пальтоси билан ғоят улуғворлик касб этган эди. Фойедагилар уни кучли ҳаяжон ва олқишлар билан кутиб олишди.

Домламиз Воҳид Абдулла аълочи филолог студент- лардан бир гуруҳини — бизларни кўрсатиб дедилар:
  — Ғафур ака, мана булар Сизнинг ёш мухлисларингиз, ҳар бир шеърингнз чиққанда катта қизиқиш  билан ўқиб мутолаа қиладиганлар.
  — Бўлажак танқидчиларингиз деб айта қолинг, мулла Воҳид, — деди кулги билан Ғафур Ғулом. — Ундай бўлса, мана шу янги китобимдан биттасини берай.

Ғафур ака қўлидаги бир бойлам китобдан биттасини олиб узатдилар. Олиб қарасам — «Янги шеърлар» деб номланган юпқа кўк муқовали китобча. Менинг ва дўстларимпинг қувончимиз чексиз эди.

Ана шу қисқа муддатли суҳбатдан сўнг улар президиум хонасига, бизлар эса театр залига кирдик. Учрашув гулдурос қарсаклар остида бошланди. Воҳид Абдуллаев Ғафур Ғулом ижоди ҳақида юксак кўтаринкилик билан гапириб бердилар. Ҳамид Ғулом Ғафур Ғуломнинг «Соғиниш», «Вақт» шеърларини ўқиб берди.

Ғафур Ғулом ўз ижодий ишларн, эртага Ургутда ўз сайловчилари билан учрашув ўтказажаги ҳақида сўзлади, «Сен етим эмассан», «Куз келди» каби шеърларини ўқиб берди. Саид Аҳмад Ғ. Ғулом характерига хос хусусиятлар ҳақида кулдира-кулдира гапирди.

Ғафур Ғулом билан бўлган биринчи учрашувдан ғоят юксак руҳ билан чиқдик. Бу учрашув шоир ижодининг бир умрлик шайдоси, мафтуни бўлиб қолишимда ҳал қилувчи роль ўйнади.

1947 йил, декабрь…
ЎзГУнинг ташкил топганига 20 йил тўлиши муносабати билан ўтказиладиган тантаналарда қатнашиш учун Тошкентдан бир гуруҳ партия, совет раҳбарлари, олимлар, адиблар, санъаткорлар Самарқандга келишди. Университетнинг асосий биносидаги мажлислар зали лиқ тўла. Тантанали мажлисда профессор-ўқитувчилар билан бирга студентларнинг вакиллари ҳам қатпашмоқдалар.

Расмий табриклар, университетнинг 20 йиллиги ҳақида ректоримиз Мусо Мўминов томонидан қилинган доклад ҳам, қутловлар ҳам юксак кўтаринкилик билан ўтди. Ўз навбатида қутлов учун сўз Ғафур Ғуломга берилди. Ғафур Ғулом қисқача қутловдан сўнг ЎзГУнинг 20 йиллигига бағишлаб ёзилган «Самарқанд учун» шеърини ўқиб берди. Залдагилар шоирни узоқ гулдурос қарсаклар билан олқишладилар.

Бу шеър Ғафур Ғулом овози ва талаффузи билан эшитганимдай ҳали-ҳамон қулоғимда янграб туради.

Мен шоир билан кейинчалик қилган суҳбатларимда бу шеър ҳақида сўз очсам, устоз унинг ҳар бир бандига Самарқанд тарихига оид кўплаб тарихий ҳужжатлар, катта ҳақиқатлар сингдириб юборилганлигини кучли ҳаяжон билан гапирар эдилар:
— Мен Регистонни ҳар гал зиёрат қилганимда жаҳонга машҳур олим, фозилларни етиштирган бу мадрасалар ўз замонасинннг чинакам университетлари бўлгани ҳақида ўйлайман, ҳужралардан қулоғимга Улуғбеклар, Навоийларнинг овозлари эшитилади. Бу ҳақда шу шеърда тўғри ва яхши ёзганман:

Ишқу вафоларнинг Хамсасин ёзган
Жомий, Навоийнинг асрий нидоси,

Ҳали гумбазидан ғўнғирлаб келур
Олимлар баҳсининг акси садоси.

Улуғбекни ўйлаганимда унинг фожиали ўлими кўз ўнгимда бутун даҳшати билан жонланади: Мирхонднинг «Равзатус-сафо» тарихий асарида Улуғбекка Самарқанддан йўлдош бўлиб чиққан Муҳаммад Ҳожи тилидан берилган ҳикоядаги манзара кўз олдимдан кетмайди: «Самарқанддан ташқарига чиққанимиздан кейин Улугбек ўзини ғоят озод сезди, кўнгли очиқ эди, от бошини турли томонларга буриб, ҳазилкашлик билан сўз айтиб борур эди. Тўсатдан орқамиздан кишилар яқинлашиб, шуларнинг ичидан бирнси менинг енгимдан тортди ва «Абдуллатифнинг буйруғига кўра Улуғбек Мирзонии хилватроқ ерга андак тўхтатиб туринг», — деди.

Бир харобада тўхтадик. Ҳаво андак совуқ эди, гулхан ёқдик. Гулхандан бир учқун учиб келиб Улуғбекнинг этагига тушди ва куйдирди. Улуғбек шу ўтни ўз қўли билан ўчираётиб «Сен ҳам билдинг», деди.

Эшикдан Абдуллатиф Мирзонинг жаллодлари — Аббос деган эроний бошлиқ бир неча навкарлар кириб келдилар. Улуғбек Мирзонинг устидан пўстинини ечиб, қўлини орқасига қилиб, арқон билан боғладилар. Қариган бир нокка осилган хира фонус тагига олиб келиб, тизза чўктирдилар. Шунда Мирзо Улуғбек кўкка қаради, манглай томонида Зуҳра юлдузи пориллаб турар эди…

— Мен қуёшлар, муштарийлар, зуҳролар, яъни осмон-коинот сирини англамоқ бўлиб расад боғлаган, зиж тузган бир олим эдим. Насибам бир сўник шам олдида бош бермоқ бўлди. Минг йилларга овозим дод бўлиб боргай. Дод, бу жоҳилларнинг дастидан!»

Ана шуларни ўйлай-ўйлай юрагимдан отилган қуйидаги мисралар кўз ёшларим билан бирга қоғозга қуйилган:

Улуғбек юлдузлар сирин фош этиб,
Сўник шам олдида тақдим этди бош.
Маърифат офтоби  ўчмакни билмас,
Топталмас чўнқирга тушганда қуёш.

Самарқанд ўз тарихида талай фожиаларни бошдан кечирди. Искандар, Қутайба қўшинлари Самарқандга мўр-малахдай ёпирилиб, шаҳарни бузди, топтади, талади. Чингизнинг ваҳший ўрдуси Самарқанд ерини тухум қўйсанг бир томони Булунғурдан кўрингудай теп-текис ялангликка айлантирди, эркаклар қатлиом қилинди, хотин-қизлар чўриликка, асирликка ҳайдалди. Буларни ёзаверсанг достонга ҳам сиғмайди. Лекин шеърда ана шу фожиаларнинг ҳаммасини бир бандда жамлаб берганман:

Манглайинг бир ажин касб этолгунча
Минглаб жафоларни кечирди бошинг.

Зижи Кўрагоний секундларида
Кўп карра тутилди кўкда қуёшинг…

Мен «Самарқанд учун» шеърини қачон ёдга олсам Ғафур Ғуломнинг шу шеърдаги тарихий ҳужжатлар ҳақида айтиб берган гаплари ҳамиша қулоғимда жаранглаб туради. Бу шеърни қарийб қирқ йилдан буён катта-кичик йиғилишларда қайта-қайта ўқийману шоирнинг тафаккур доирасига, маҳоратига таъзим қиламан.

Дастлабки учрашувлар мени Ғафур Ғулом ижодига чамбарчас боғлаб қўйди. Мен Ғафур Ғулом қўлидан олинган «Янги шеърлар» тўпламини ёнимдан сира қўймасдим. Ёлғиз ўзим ва курсдош дўстларим билан ундаги  шеърларни қайта-қайта ўқиб мутолаа қилардик. Натижада диплом ишимни ҳам, кандидатлик диссертациямни ҳам Ғ. Ғулом ижоди бўйича ёздим.

Маъносини тўла тушуниш, мағзини чақиш анча меҳнат, билим талаб қиладиган байтлар Ғафур Ғулом шеърларида анчагина бор эди. Бу шеърларни чуқур тушунишга интилиш мени шеър устида қаттиқ ишлашга, чуқур ўйлашга, фикрлашга ўргатишга катта роль ўйнади.

Ҳақиқатан ҳам «Ассалом» шеъридаги:

Биллур аквариум олтин балиғи —
Лордлар, мусъёлар, синьор жаноблар,
Тобакай  бечора олам кўкида
Қонталаш балқади ойлар, офтоблар, —

деган мисраларни қандай тушуниш мумкин?

Мен университетнинг 5 курсида ўқиб юрган пайтимда Ғ. Ғуломнинг янги шеърлари ҳақида диплом темаси устида ишлар эканман, саволлар кўпайиб бораверди. Кейинча журъат қилиб Ғ. Ғуломга 15-16 бетлик бир хат ёздим. Адресни аниқ билмаганимдан хатни «Қизил Ўзбекистон» газетаси редакциясига юбордим.

1951 йил 25-26 майда Тошкентда республика ёш ёзувчиларининг конференцияси чақирилди. Ана шу конференцияда қатнашиш учун самарқандлик бир гуруҳ ёш қаламкашлар қаторида мен ҳам Тошкентга бордим.

Конференцияда Ғафур Ғулом «Маҳорат сирлари» ҳақида ғоят қизиқарли доклад қилди. Мен сўзга чиқиб, Самарқандда ёш ёзувчилар билан ишлашнинг аҳволи ҳақида гапирдим.

Танаффус вақтида Ғафур Ғулом мени имлаб, ёнига чақирди-да, деди:
— Нуриддин Шукуров дегани сен бўласанми? Шеърларим ҳақидаги хатингни редакциядан менга беришди. Ўқиб чиқдим. Эртага конференция тугагандан сўнг, кеч соат 6 да уйга кел, гаплашиб оламиз. Адресимни биласанми? Арпапоя, 1-уй, Бешёғочда, Муқимий номидаги театрнинг ёнида.

 Эртасига айтилган вақтда етиб бордим. Қўштабақа дарвоза ёнидаги эшикдан кириб, аланглаб турдим. Дарвоза ёнидаги қўшқават уйнинг биринчи қаватидаги хона деразасидан Ғафур Ғулом мени кўрди-да, киравер деб имлади. Хонага кирдим. У киши нималарнидир ўқиб, нималарнидир ёзиб ўтирган эканлар. Жой кўрсатдилар, стулга ўтирдим. Ёзаётган жумлалар ёки мисраларини тугатгандан сўнг менга юзланиб, ёш ёзувчилар конференциясидан, кеча қилган докладидан олган таассуротим ҳақида сўрадилар. Қейин асосий масалага ўтдилар:
— Менинг шеърларим ҳақида ёзган хатингни олдим. Хатда анчагина мулоҳазалар бор.
«Хотин» шеъримдаги Момо Ҳаво ва Ҳазрати Одам ҳақидаги мисраларни, «Биз енгамиз» шеъридаги «Кўп йиллар қайралиб келган қиличнинг» мисраларини ҳар хил тушуниш мумкин деган фикрларингда жон бор. Буларни ислоҳ қилиш мумкин. (Бу мисралар кейинги тўпламларда бошқачароқ вариантларда берилди).

Сен ана шу хатингда шеърларимдаги баъзи бандларнинг мазмунини таҳлил қилибсан-у, кейин шундай тушуниш тўғрими, деган саволни ҳам қўйибсан. Масалан, «Ассалом» шеъридаги

Билур аквариум олтин балиғи —
Лордлар, мусъёлар, синьор жаноблар, —

байтининг мазмунини сўрагансан. Мен унда империалистлар ўзларининг биқиқ, тор оламида айшу фароғатда яшаётганликларига киноя қилганман. Дунёдаги жуда кўп мамлакатларда меҳнаткаш бечораларнинг азоб-уқубатда, очликда, хор-зорликда кун кечираётганликлари уларни ташвишлантираётганлигидан ғазабимни ифодалаганман.

Сен ўз хатингда қуйидаги банд мазмунини аниқроқ тушунтириб беришимни ҳам сўрагансан:

«Улуғ мўғул» номли машҳур олмоснинг
Тожмаҳал ерида ўрни ҳали бўш.

Қироллик тожига ўғрилик зийнат,
Заҳарханда қилур ҳатто Ҳиндикуш.

Энди, сенга айтсам менинг шеърларимдаги бундай байтларни, бандларни чуқур тушуниш учун шу мисраларда тилга олинган тарихий фактлар ва ҳодисалар тафсилотини яхши билиш керак. Биласанми, бобирийлар сулоласига тегишли бўлган «Улуғ мўғул» деб номланган олмос жаҳондаги энг қимматбаҳо, катта олмослардан бири ҳисобланади. Инглиз империалистлари Ҳиндистонни босиб олганда жуда кўп бойликларни, олтину олмосларни қўлга киритганлар. Шу жумладан, «Улуғ мўғул» номли катта олмосни ҳам ўғирлаб олиб кетганлар.

Сен мендан сўраган яна бир банднинг мазмунини тушунтириб берай. «Куз келди» шеъридаги қуйидаги бандни кўзда тутаётирман:

Тилими тилимни минг тилим қилган
Қирқмалар боғлади юкин қовғага,

Асалжон Шакаров паспорти билан
Бебилет жўнайди дўстга совғага.

Маълумки, кузги қовунларнинг бир тури қирқма дейилади. Қирқма дейилишининг сабаби шундай эканки, ўша қовун пишганидан сўнг думчасининг икки бўғин узунликда қисми қолдириб қирқилади ва пайкалда жойида қолдирилади. Икки-уч кун мезон шамолини еб, бироз сўлигандан сўнг йиғиштириб олинади. Ҳар битта қовун қовға (лух) поясига боғланади-да, осиб қўйилади. Шундан кейин у қовун бемалол Наврўзгача сақланади. Бу қовунни сўйиб есанг, шоирона муболаға билан айтганда, ширинлигидан   тилингни тилим-тилим қилиб кесиб юборади.

Тўғри, менинг шеърларимда изоҳталаб мисралар, бандлар анча бўлса керак. Модомики сен менинг ижодим, шеъриятим бўйича илмий тадқиқот олиб боришни бошлаган экансан, демак, кўп тарихий ва ҳаётий ҳодисаларни билиб, ўзлаштириб олишинг зарур бўлиб қолади. Учрашиб, гаплашиб турамиз.

Ғафур Ғулом билан биринчи батафсил суҳбатнинг ўзи ҳам мен учун катта мактаб бўлди, ундан салмоқли сабоқ олдим. Шундан бошлаб Ғафур Ғулом билан учрашиб, суҳбатлашиб туриш менинг учун доимий эҳтиёжга айланиб қолди.

091

(Tashriflar: umumiy 560, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ушбу мақола учун, устоз Нуриддин Шукуровни таваллуд кунида эслаб, бизга ҳам яна бир бор эслатганлари учун Хуршид акага астойдил раҳмат деймиз. Биз домланинг кенжа шогирларидан эдик. Бизга ўхшаган юзлаб, минглаб ёшларнинг бошини силаган эди домла. Бундай шогирдпарвар, шеърпараст одамни кейин кам кўрдик. Адабий давраларнинг гули, истеъдод «ҳиди»ни бир қарашда сезувчи синчи эди устоз. Хуршид ака ёзганидек, чиндан ҳам Нуриддин Шукуров вафот этганида азим Самарқанд ҳувиллаб қолгандай эди. Ўша кунлари Самарқанд адабий муҳитида барча бирдай шу ҳақиқатни эътироф этарди. Ҳарҳолда, устоз меҳридан баҳраманд бўлиб ўсаётган ниҳоллар — ёш истеъдодлар учун бу яққол сезилган эди. Мана, домла вафотига ҳам 20 йилдан ошибди. Аммо устоз ҳамон шогирдлар қалбида, китобларида яшаб келмоқда. Жойингиз жаннатда бўлсин, муҳтарам устоз!!!

Izoh qoldiring