Orziqul Ergash. Najot farishtasi.

022   Кўп ўтмай қандайдир маърака қилдик. Ҳайтовур домланинг омон қолганликлари шукрига худойи қилгандик, чамаси. Шунга домла ўша жувонни ҳам айттириб келдилар. Исми Санобархон эди. Кўҳликкина… Ҳа, эсладим, худди сизга ўхшаб кетадиган яхшигина жувон эдилар… умримда биринчи марта кўриб турибману, кўзимга шундай иссиқ чалинадики, ўз синглимдек бағримга босдим.

022
Орзиқул Эргаш
НАЖОТ ФАРИШТАСИ
Устоз Миртемир ҳаётидан бир лавҳа
033

Ҳамшира Ёрқиной опага маъқул тушиб қолди. Юзи иссиққина, жуда жонсўз, куйди-пишди жувон экан: худди ўз онасини суйгандек Ёрқиной опани айланиб-ўргилади…

Опа эрталаб қўл-оёғи қақшаб, танаси оғирлашиб уйғонган, шундан кўнгли хира тортиб турган эди.Ҳамширанинг қўли енгил эканми, ўзида дарҳол ўзгариш сезди. Дили ёришиб, ҳамширага миннатдор тикилди. Унинг қаердадир кўргандай бўлди. Эслолмади… Шу чоқ ҳамширанинг ўзи гап очиб қолди.
– Бир нарса сўрасам майлими, опа?
– Сўранг, қизим, бемалол.
– Билмадим, менга шунақа туюлптими, илгари ҳам уйингизга келгандайман…
– Мен ҳам ҳалитдан бери ўйланаман: бу қизимни қаердадир кўргандайман, деб… Балки мана шунақа хизмат билан келгандирсиз-да…
– Йўқ… Мен жуда ёшлигимда келгандайман. Тахминан қирқ йиллар аввал, етти ёшимда…

* * *

Санобар ҳориб толмайдиган ғайратли жувон эди. Отасини таниб-танимай етим қолган ёлғизгина қизи ғамида ўзини ўтга, чўққа уриб тиним билмасди. У завод ошхонасида хизмат қилар, кун бўйи уч маҳал овқат тайёрлаши, уни иссиқ ўчоқ ёнида тик туриб ишчиларга тарқатиши, яна кунора тунги навбатчиликда туриши лозим бўлади…

Кеч соат ўн бирга қадар гўшт майдалаб, картошка-пиёз арчиб, қозонга солишга тайёрлаб қўйди. Энди бир мизғиб олади-да, тонг азондан овқатга уннайди. Ётишдан олдин негадир бир зум кўчага, тоза ҳавога чиққиси келди…

Шаҳар тун қўйнида: чироқли деразалар сийраклашган, кўчалар кимсасиз, жим-жит… Шу чоқ юз эллик қадамча наридаги бекатда турган уч-тўрт қорани кўзи илғади. “Трамвай кутишаётгандир-да”, ўйлади жувон. Осмонга тикилди. Йилт этган юлдуз кўринмади. “Ёғади шекилли”. Қўшни хонадонда қолдириб келган қизчасига хаёли чалғиди. “Эгнига иссиқроқ нарсаям оберолмадим ҳали…”

Бекат тарафдан қаттиқ-қаттиқ овозлар эшитилиб, аёлнинг диққати бўлинди. Разм солиб қараб, аҳволни тушунди-да, ҳовлиқиб ортига қаради. Йўлакда мук тушиб ётган қоровул чолни туртиб уйғотди.
– Ота, йўлтўсарлар бировни тунаяпти. Милтиқни олиб чиқинг!..
Чол кўзиниям очмади. Тескари ўгрилиб ётаркан:
– Бор, жойингга кириб ёт, ишинг бўлмасин, – деб ғудранди. Кейин қўшиб қўйди: – Жоним ўзимга керак.

Шу пайт жувон чолнинг кўкрак чўнтагидан чиқиб турган ҳуштак ипига кўзи тушди-да, уни олиб, кўчага отилди. Кўчада бақир-чақирлар кучайган, ола-тасир муштлашув бошланган эди. Бировнинг “ёрдам беринг!” деган ноласини эшитди-да кўзини чиппа юмиб, чуриллатиб ҳуштакни чалди. Бор кучини йиғиб чалаверди, чалаверди. Қараса, йўлтўсарлар тапир-тупур қилиб қочиб боришяпти. Дадилланиб бекат томон югурди. Етиб борса, трамвай изи ёнидан узун бўйли бир киши чўзилиб ётар, юз-боши қонга бўялган эди. Шошиб турткилади, жон асари йўқ. Атрофга айланиб телефон будкасини кўрди. Ўша ёққа югурди.

“Ўшанда ўзимнинг жоним кўзимга кўринмабди, ановилар қайтиб келадиям деб ўйламабман”, дея хотирлайди кейинчалик жувон.

Кўп ўтмай “тез ёрдам” етиб келди. Айни шу вақтда Лабзак тарафдан икки безорини олдиларига солиб келаётган йигитлар кўринади. Бу йигитлар машғулотдан қайтишаётган милиция мактаби талабалари бўлиб, ҳуштак овозини эшитиб ёрдамга шошилишган ва шўри қисган безориларнинг рўпарасидан чиқиб қолишган экан… Эшикда қоровул чолга рўпара келди. Чол дарҳол четланиб, йўл берди. Милтиғини қучоқлаб, жунжикиб тураверди. Бошини кўтариб қараёлмади. Фақат у ўтиб кетаётиб, зинадан кўтарилаётганида: “Барака топ, қизим, жаннати экансан”, деди эшитилар-эшитилмас қилиб…

* * *

Вақт ярим тундан ўтган, лекин домладан дарак йўқ. Тўғри, ишдан кейин. Баҳром Иноятов деган бастакор дўстиникига ўтмоқчи эди. Кечроқ келсам керак, деганди. Лекин бу маҳалга қадар қолиб кетадиган одати йўқ эди. Ишқилиб тинчликмикан?!

Ҳарчанд уринмасин, Ёрқиной нохуш хаёллар ўровидан қутулолмасди. Охири толиқди-да, кўзи илинди. Шу орада туш кўрди: онаси Бибисаҳро жаҳлга минган, ҳадеб уни койиб ётганмиш. “Нега бунча ғафлатдасан?!” дермиш. Чўчиб кўзини очди. Эшик тиқиллади. Сапчиб ўрнидан турди. Лекин шу заҳоти оёғидан қувват кетиб, жойига беҳол ўтирди. Йўқ, у кишига ўхшамайди. Тақиллатиши бежо!..

Деразадан қаради. Қизи Дорожон билан ўғли Миржалол хоналаридан чопиб чиқишди.
– Ким у?
Ташқаридан келган овозни танимади чамаси, ҳадеганда эшикни очишмади. Бир маҳал Дорожон эшик тирқишидан мўралади-да: “Вой, ая!” деганича онаси ётган хона томонга чопди. Ёрқиной жон ҳолатда деразани очиб, қизига рўпара бўлди.
– Ая, ая, адамнинг бошлари боғланган, бегона одамлар ҳам бор!..
– Вой, ўлай! – Ёрқиной қаёқдан куч пайдо қилди, билмайди, эшикка югурди…

Эшикда ранги қув ўчган, боши танғилган Миртемир (ҳа, шундай, ўзимизнинг ўша беназир шоиримиз!) беҳол турар, ёнида икки оқ халатли ва бир мелиса бор эди. Миртемир Ёрқинойни, унинг ортидан жовдирашиб турган болаларини кўрди-да, жилмайишга уринди.
– Ҳеч гап йўқ қўрқманглар, – деди-да, остонадан дадил ҳатлади. Сўнг ортита қараб. – Қани меҳмонлар, ичкарига киринглар. Сизларни ҳам ташвишга қўйдим – деди жилмайиб. – Дорожон қизим, чой қўйиб юбор. Онаси, овқатни келтир… Кейин, кейин гаплашамиз. Ҳаммаси яхши!..

* * *

– Эртаси куни истар-истамас гапириб бердилар, – деди Ёрқиной опа бе-рилиб тинглаётган ҳамширага ўйчан кўз тикканча. – Ўша бастакор дўстлариникидан чиқиб, трамвай бекатига келиб турган эканлар. Соат ўн бирлар экан. Учта нотаниш киши олдиларига келиб папирос сўрабди, берибдилар. Кейин пул сўрашибди. Пулим йўқ, дебдилар. Учовлашиб чўнтакларини ковлаб, бор-йўқ пулларни қоқиб олишибди. Нега алдадинг, пулинг бор экан-ку, деб ҳар ёқдан турткилашибди. Охири жанжал чиқиб, муштлашиб кетишибди. Битта барзангиси қўлига суякдан ясалган бир нарса тақиб олган экан, шу билан домланинг чаккасига урибди. Домла жон аччиғида бақириб юборибдилар. Бошқасини эслолмайдилар. Кўзларини очсалар дўхтирхонада ётган эканлар. Кейин дарҳол ўзларини тетикликка олиб, мени тезроқ уйимга жўнатинглар, деб туриб оладилар. Уйимдагилар хавотирланиб, қўрқиб ўтиришмасин, деганлар-да… шу қадарлик оилапарвар, болапарвар эдилар домла раҳматли…

Бир неча кунгача ўзларига келолмай юрдилар, кўп қон йўқотган эканлар. Дўхтирлар уйга қатнаб муолажа қилишди. Домла хиёл ўзларига келгач, бир куни қаёққадир кетиб, уйга ҳаяжонда қайтдилар.
– Биласанми, аяси, менинг жонимга ким оро кирган экан, оддийгина бир аёл… Қойил қолдим, эшитиб. Эркакнинг ишини қипти, омон бўлгур!..

Кўп ўтмай қандайдир маърака қилдик. Ҳайтовур домланинг омон қолганликлари шукрига худойи қилгандик, чамаси. Шунга домла ўша жувонни ҳам айттириб келдилар. Исми Санобархон эди. Кўҳликкина… Ҳа, эсладим, худди сизга ўхшаб кетадиган яхшигина жувон эдилар… умримда биринчи марта кўриб турибману, кўзимга шундай иссиқ чалинадики, ўз синглимдек бағримга босдим. У шўрлик бўлса хижолат тортади. «Мен нима қилибман, бошқа одам бўлгандаям шу ишни қиларди-ку”, дейди. Меҳмондорчилик тугаб, уйига кетаяптию, қўлига совға-салом тутамиз, қаники олса. Бунақа уятчан, камсуқум аёлни кам кўрганман…

Домла Санобархонга, сиз нажот фариштаси бўлдингиз мен учун, энди қиёматлик ака-сингил бўп қоламиз, тез-тез келиб туринг, деб қайта-қайта тайинлагандилар. Лекин, ийманди чамаси, жувон бошқа келмади… Ўшанда қизчаси ёнида эди. Жажжигина, сочлари жамалак, тийраккина қизалоқ эди. Демак, ўша сиз бўлгансиз-да. Уни қаранг, қизим “Тоғ тоғ билан учрашмайди, одам одам билан учрашади”, деганлари рост-да! Айтмоқчи, отингизни сўрамабман ҳам…

– Раҳима отим, аяжон. Менам яхши эслайман буларнинг ҳаммасини. Ўшанда меҳмонлар мана шу хонада ўтиришганди-а?.. Мен кирмагандим. Даҳлизларингга бақамти хонада безалган арча бор эди. Бундан чиқди, янги йилдан олдин ёки кейин экан. Аямдан ажраб, ўша уйчага кириб олгандим. Ёш болалар кўп эди, бирга ўйнадик… Бу ерга келаётиб ойим роса қулоғимни пишитган эдилар: катта бир одамнинг уйига боряпмиз, меҳмон кўп бўлади. Ҳадеб дастурхонта узанма. Иложи бўлса, ҳовлидами, бошқа хонадами, ўтиратур, дегандилар. Уйга қайтаётганимизда эса роса хурсанд бўлиб, нуқул сизларни мақтаб боргандилар. “Жуда яхши одамлар экан. Сира катталикни билишмас экан, одамнинг жони экан” деб…

Ойим раҳматли кўп йиллар ўша кунни эслаб юрдилар. Кейинчалик телевизорлар чиқди. Миртемир домла ойнаи жаҳонда кўриниб қолсалар, ойим дарҳол мени чақирардилар. “Ана, Раҳима, шоир бобонг. Вой тавба, шундай улуғ одамгаям қўл кўтаришганди-я”, дердилар бош чайқаб… Айтмоқчи, ая, безорилар нима бўлган, қамалганмиди?..

– Ўшанда биринчи кун иккитасини тутиб олишган экан. Кейин учинчисини ҳам қидириб топишибди. Учалови ҳам завод ишчилари экан… Бир куни уйимизга икки хотин кириб келди. Йиғлаб-сиқташди. Бирови ўша домлани урган барзангининг хотини, бирови синглиси экан. “Гуноҳидан ўтинг. Учта боласи бор, етим қолмасин”, дейишди.

Домла уларга қаттиқ гапирмадилар. “Агар, энди безорилик қилмайман, одамларга зарарим тегмайди, деб сўз беришса, уларга ҳеч қандай даъвоим бўлмайди”, дедилар. Судда ҳам шу гапни айтибдилар. Лекин суд барибир уни қамабди. Шерикларига эса енгилроқ жазо берибди…
Ҳа, домла ана шунақа бағри кенг одам эдилар. Иложини топсалар, яхшиларни бошларига кўтарар эдилар, лекин ёмонга ёмонлик қилишни ҳам ўзларига эп билмасдилар…

 

044

022
Orziqul Ergash
NAJOT FARISHTASI
Ustoz Mirtemir hayotidan bir lavha
033

Hamshira Yorqinoy opaga ma’qul tushib qoldi. Yuzi issiqqina, juda jonso’z, kuydi-pishdi juvon ekan: xuddi o’z onasini suygandek Yorqinoy opani aylanib-o’rgiladi…

Opa ertalab qo’l-oyog’i qaqshab, tanasi og’irlashib uyg’ongan, shundan ko’ngli xira tortib turgan edi.Hamshiraning qo’li yengil ekanmi, o’zida darhol o’zgarish sezdi. Dili yorishib, hamshiraga minnatdor tikildi. Uning qaerdadir ko’rganday bo’ldi. Eslolmadi… Shu choq hamshiraning o’zi gap ochib qoldi.
– Bir narsa so’rasam maylimi, opa?
– So’rang, qizim, bemalol.
– Bilmadim, menga shunaqa tuyulptimi, ilgari ham uyingizga kelgandayman…
– Men ham halitdan beri o’ylanaman: bu qizimni qaerdadir ko’rgandayman, deb… Balki mana shunaqa xizmat bilan kelgandirsiz-da…
– Yo’q… Men juda yoshligimda kelgandayman. Taxminan qirq yillar avval, yetti yoshimda…

* * *

Sanobar horib tolmaydigan g’ayratli juvon edi. Otasini tanib-tanimay yetim qolgan yolg’izgina qizi g’amida o’zini o’tga, cho’qqa urib tinim bilmasdi. U zavod oshxonasida xizmat qilar, kun bo’yi uch mahal ovqat tayyorlashi, uni issiq o’choq yonida tik turib ishchilarga tarqatishi, yana kunora tungi navbatchilikda turishi lozim bo’ladi…

Kech soat o’n birga qadar go’sht maydalab, kartoshka-piyoz archib, qozonga solishga tayyorlab qo’ydi. Endi bir mizg’ib oladi-da, tong azondan ovqatga unnaydi. Yotishdan oldin negadir bir zum ko’chaga, toza havoga chiqqisi keldi…

Shahar tun qo’ynida: chiroqli derazalar siyraklashgan, ko’chalar kimsasiz, jim-jit… Shu choq yuz ellik qadamcha naridagi bekatda turgan uch-to’rt qorani ko’zi ilg’adi. “Tramvay kutishayotgandir-da”, o’yladi juvon. Osmonga tikildi. Yilt etgan yulduz ko’rinmadi. “Yog’adi shekilli”. Qo’shni xonadonda qoldirib kelgan qizchasiga xayoli chalg’idi. “Egniga issiqroq narsayam oberolmadim hali…”

Bekat tarafdan qattiq-qattiq ovozlar eshitilib, ayolning diqqati bo’lindi. Razm solib qarab, ahvolni tushundi-da, hovliqib ortiga qaradi. Yo’lakda muk tushib yotgan qorovul cholni turtib uyg’otdi.
– Ota, yo’lto’sarlar birovni tunayapti. Miltiqni olib chiqing!..
Chol ko’ziniyam ochmadi. Teskari o’grilib yotarkan:
– Bor, joyingga kirib yot, ishing bo’lmasin, – deb g’udrandi. Keyin qo’shib qo’ydi: – Jonim o’zimga kerak.

Shu payt juvon cholning ko’krak cho’ntagidan chiqib turgan hushtak ipiga ko’zi tushdi-da, uni olib, ko’chaga  otildi. Ko’chada baqir-chaqirlar kuchaygan, ola-tasir mushtlashuv boshlangan edi. Birovning “yordam bering!” degan nolasini eshitdi-da ko’zini chippa yumib, churillatib hushtakni chaldi. Bor kuchini yig’ib chalaverdi, chalaverdi. Qarasa, yo’lto’sarlar tapir-tupur qilib qochib borishyapti. Dadillanib bekat tomon yugurdi. Yetib borsa, tramvay izi yonidan uzun bo’yli bir kishi cho’zilib yotar, yuz-boshi qonga bo’yalgan edi. Shoshib turtkiladi, jon asari yo’q. Atrofga aylanib telefon budkasini ko’rdi. O’sha yoqqa yugurdi.

“O’shanda o’zimning jonim ko’zimga ko’rinmabdi, anovilar qaytib keladiyam deb o’ylamabman”, deya xotirlaydi keyinchalik juvon.

Ko’p o’tmay “tez yordam” yetib keldi. Ayni shu vaqtda Labzak tarafdan ikki bezorini oldilariga solib kelayotgan yigitlar ko’rinadi. Bu yigitlar mashg’ulotdan qaytishayotgan militsiya maktabi talabalari bo’lib, hushtak ovozini eshitib yordamga shoshilishgan va sho’ri qisgan bezorilarning ro’parasidan chiqib qolishgan ekan… Eshikda qorovul cholga ro’para keldi. Chol darhol chetlanib, yo’l berdi. Miltig’ini quchoqlab, junjikib turaverdi. Boshini ko’tarib qarayolmadi. Faqat u o’tib ketayotib, zinadan ko’tarilayotganida: “Baraka top, qizim, jannati ekansan”, dedi eshitilar-eshitilmas qilib…

* * *

Vaqt yarim tundan o’tgan, lekin domladan darak yo’q. To’g’ri, ishdan keyin. Bahrom Inoyatov degan bastakor do’stinikiga o’tmoqchi edi. Kechroq kelsam kerak, degandi. Lekin bu mahalga qadar qolib ketadigan odati yo’q edi. Ishqilib tinchlikmikan?!

Harchand urinmasin, Yorqinoy noxush xayollar o’rovidan qutulolmasdi. Oxiri toliqdi-da, ko’zi ilindi. Shu orada tush ko’rdi: onasi Bibisahro jahlga mingan, hadeb uni koyib yotganmish. “Nega buncha g’aflatdasan?!” dermish. Cho’chib ko’zini ochdi. Eshik tiqilladi. Sapchib o’rnidan turdi. Lekin shu zahoti oyog’idan quvvat ketib, joyiga behol o’tirdi. Yo’q, u kishiga o’xshamaydi. Taqillatishi bejo!..

Derazadan qaradi. Qizi Dorojon bilan o’g’li Mirjalol xonalaridan chopib chiqishdi.
– Kim u?
Tashqaridan kelgan ovozni tanimadi chamasi, hadeganda eshikni ochishmadi. Bir mahal Dorojon eshik tirqishidan mo’raladi-da: “Voy, aya!” deganicha onasi yotgan xona tomonga chopdi. Yorqinoy jon holatda derazani ochib, qiziga ro’para bo’ldi.
– Aya, aya, adamning boshlari bog’langan, begona odamlar ham bor!..
– Voy, o’lay! – Yorqinoy qayoqdan kuch paydo qildi, bilmaydi, eshikka yugurdi…

Eshikda rangi quv o’chgan, boshi tang’ilgan Mirtemir (ha, shunday, o’zimizning o’sha benazir shoirimiz!) behol turar, yonida ikki oq xalatli va bir melisa bor edi. Mirtemir Yorqinoyni, uning ortidan jovdirashib turgan bolalarini ko’rdi-da, jilmayishga urindi.
– Hech gap yo’q qo’rqmanglar, – dedi-da, ostonadan dadil hatladi. So’ng ortita qarab. – Qani mehmonlar, ichkariga kiringlar. Sizlarni ham tashvishga qo’ydim – dedi jilmayib. – Dorojon qizim, choy qo’yib yubor. Onasi, ovqatni keltir… Keyin, keyin gaplashamiz. Hammasi yaxshi!..

* * *

– Ertasi kuni istar-istamas gapirib berdilar, – dedi Yorqinoy opa be-rilib tinglayotgan hamshiraga o’ychan ko’z tikkancha. – O’sha bastakor do’stlarinikidan chiqib, tramvay bekatiga kelib turgan ekanlar. Soat o’n birlar ekan. Uchta notanish kishi oldilariga kelib papiros so’rabdi, beribdilar. Keyin pul so’rashibdi. Pulim yo’q, debdilar. Uchovlashib cho’ntaklarini kovlab, bor-yo’q pullarni qoqib olishibdi. Nega aldading, puling bor ekan-ku, deb har yoqdan turtkilashibdi. Oxiri janjal chiqib, mushtlashib ketishibdi. Bitta barzangisi qo’liga suyakdan yasalgan bir narsa taqib olgan ekan, shu bilan domlaning chakkasiga uribdi. Domla jon achchig’ida baqirib yuboribdilar. Boshqasini eslolmaydilar. Ko’zlarini ochsalar do’xtirxonada yotgan ekanlar. Keyin darhol o’zlarini tetiklikka olib, meni tezroq uyimga jo’natinglar, deb turib oladilar. Uyimdagilar xavotirlanib, qo’rqib o’tirishmasin, deganlar-da… shu qadarlik oilaparvar, bolaparvar edilar domla rahmatli…

Bir necha kungacha o’zlariga kelolmay yurdilar, ko’p qon yo’qotgan ekanlar. Do’xtirlar uyga qatnab muolaja qilishdi. Domla xiyol o’zlariga kelgach, bir kuni qayoqqadir ketib, uyga hayajonda qaytdilar.
– Bilasanmi, ayasi, mening jonimga kim oro kirgan ekan, oddiygina bir ayol… Qoyil qoldim, eshitib. Erkakning ishini qipti, omon bo’lgur!..

Ko’p o’tmay qandaydir ma’raka qildik. Haytovur domlaning omon qolganliklari shukriga xudoyi qilgandik, chamasi. Shunga domla o’sha juvonni ham ayttirib keldilar. Ismi Sanobarxon edi. Ko’hlikkina… Ha, esladim, xuddi sizga o’xshab ketadigan yaxshigina juvon edilar… umrimda birinchi marta ko’rib turibmanu, ko’zimga shunday issiq chalinadiki, o’z singlimdek bag’rimga bosdim. U sho’rlik bo’lsa xijolat tortadi. «Men nima qilibman, boshqa odam bo’lgandayam shu ishni qilardi-ku”, deydi. Mehmondorchilik tugab, uyiga ketayaptiyu, qo’liga sovg’a-salom tutamiz, qaniki olsa. Bunaqa uyatchan, kamsuqum ayolni kam ko’rganman…

Domla Sanobarxonga, siz najot farishtasi bo’ldingiz men uchun, endi qiyomatlik aka-singil bo’p qolamiz, tez-tez kelib turing, deb qayta-qayta tayinlagandilar. Lekin, iymandi chamasi, juvon boshqa kelmadi… O’shanda qizchasi yonida edi. Jajjigina, sochlari jamalak, tiyrakkina qizaloq edi. Demak, o’sha siz bo’lgansiz-da. Uni qarang, qizim “Tog’ tog’ bilan uchrashmaydi, odam odam bilan uchrashadi”, deganlari rost-da! Aytmoqchi, otingizni so’ramabman ham…

– Rahima otim, ayajon. Menam yaxshi eslayman bularning hammasini. O’shanda mehmonlar mana shu xonada o’tirishgandi-a?.. Men kirmagandim. Dahlizlaringga baqamti xonada bezalgan archa bor edi. Bundan chiqdi, yangi yildan oldin yoki keyin ekan. Ayamdan ajrab, o’sha uychaga kirib olgandim. Yosh bolalar ko’p edi, birga o’ynadik… Bu yerga kelayotib oyim rosa qulog’imni pishitgan edilar: katta bir odamning uyiga boryapmiz, mehmon ko’p bo’ladi. Hadeb dasturxonta uzanma. Iloji bo’lsa, hovlidami, boshqa xonadami, o’tiratur, degandilar. Uyga qaytayotganimizda esa rosa xursand bo’lib, nuqul sizlarni maqtab borgandilar. “Juda yaxshi odamlar ekan. Sira kattalikni bilishmas ekan, odamning joni ekan” deb…

Oyim rahmatli ko’p yillar o’sha kunni eslab yurdilar. Keyinchalik televizorlar chiqdi. Mirtemir domla oynai jahonda ko’rinib qolsalar, oyim darhol meni chaqirardilar. “Ana, Rahima, shoir bobong. Voy tavba, shunday ulug’ odamgayam qo’l ko’tarishgandi-ya”, derdilar bosh chayqab… Aytmoqchi, aya, bezorilar nima bo’lgan, qamalganmidi?..

– O’shanda birinchi kun ikkitasini tutib olishgan ekan. Keyin uchinchisini ham qidirib topishibdi. Uchalovi ham zavod ishchilari ekan… Bir kuni uyimizga ikki xotin kirib keldi. Yig’lab-siqtashdi. Birovi o’sha domlani urgan barzangining xotini, birovi singlisi ekan. “Gunohidan o’ting. Uchta bolasi bor, yetim qolmasin”, deyishdi.

Domla ularga qattiq gapirmadilar. “Agar, endi bezorilik qilmayman, odamlarga zararim tegmaydi, deb so’z berishsa, ularga hech qanday da’voim bo’lmaydi”, dedilar. Sudda ham shu gapni aytibdilar. Lekin sud baribir uni qamabdi. Sheriklariga esa yengilroq jazo beribdi…

Ha, domla ana shunaqa bag’ri keng odam edilar. Ilojini topsalar, yaxshilarni boshlariga ko’tarar edilar, lekin yomonga yomonlik qilishni ham o’zlariga ep bilmasdilar…

044

(Tashriflar: umumiy 262, bugungi 1)

Izoh qoldiring