O’zbekiston Respublikasi Prezidenti Islom Abdug’anievich Karimov vafot etdi & El-yurt qayg’uda

002     ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ АХБОРОТИ

Азиз ватандошлар,
Юрагимизда чуқур қайғу билан барчамиз учун қадрли бўлган Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов вафот этганини маълум қиламиз. Ислом Абдуғаниевич 2016 йил 2 сентябрда Тошкент шаҳрида бош мияда қайта тикланмайдиган ўзгаришларга ва полиорган етишмовчилигига олиб келган мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) оқибатида вафот этди.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳақиқатан буюк тарихий шахс эди. Ислом Каримовнинг қатъияти ва жасорати билан республикамиз мустақилликка эришди ва ўз тараққиёт йўлида улкан муваффақиятларни қўлга киритди. Ёш давлатимиз учун ғоят мураккаб ва масъулиятли даврда вазият беқарорлашувининг олди олингани ва халқимизнинг уруш даҳшатларини кўрмасдан эсон-омон ўтиши бевосита Ислом Каримов номи билан боғлиқ.

Халқимизнинг чексиз муҳаббатини қозонган, мустақил мамлакатимизнинг Биринчи Йўлбошчиси Ислом Абдуғаниевич Каримов қалбларимизда абадий қолади ва келажак авлодлар хотирасида тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт раҳнамоси, буюк давлат арбоби сифатида мангу яшайди.

Барчамиз учун қадрли бўлган Президентимизнинг васиятига кўра, Ислом Каримов шу йил 3 сентябрда ота-онаси мангу қўним топган она шаҳри Самарқандда мусулмон урф-одатларига биноан дафн этилади.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти билан видолашув маросими 2016 йил 3 сентябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.
Биз барчамиз учун ўта оғир жудолик муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва бутун Ўзбекистон халқига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қ а р о р и

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИ И.А.КАРИМОВНИНГ ДАФН МАРОСИМИНИ ЎТКАЗИШ БЎЙИЧА ДАВЛАТ КОМИССИЯСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримов вафот этгани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг дафн маросимини ўтказиш бўйича қуйидаги таркибда Давлат комиссияси ташкил этилсин:

Мирзиёев Ш.М. – Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, комиссия раиси;

Йўлдошев Н.Т. – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, комиссия раисининг ўринбосари;

Исмоилов Н.М. – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери, комиссия раисининг ўринбосари;

Иноятов Р.Р. – Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг раиси;

Азимов Р.С. – Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Молия вазири;

Ҳайдаров З.Ҳ. – Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони Ишлар бошқарувчиси;

Назармуҳамедов Д.А. – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси;

Султонов Х.М. – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси;

Маҳмудов В.В. – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби;

Ерниязов М.Т. – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси;

Ахмедбаев А.А. – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири;

Бердиев Қ.Р. – Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири;

Комилов А.Ҳ. – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири;

Қурбонов Р.Д. – “Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази” акциядорлик жамияти директори, Ўзбекистон Қаҳрамони;

Мирбобоев Б.Ш. – Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси;

Раматов О.Ж. – “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони;

Санақулов Қ.С. – Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони;

Мирзаев З.Т. – Самарқанд вилояти ҳокими;

Ғаниев Б. – “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси;

Усмонов Ш.Ғ. – Республика “Нуроний” жамғармаси раиси;

Усмонов Р.Д. – Тошкент шаҳар ҳокими;

Шарапова М.А. – Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатининг математика фани ўқитувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони.

2. Давлат комиссияси:

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг хоҳиш-иродасига мувофиқ дафн маросимини Самарқанд шаҳрида 2016 йил 3 сентябрда ташкил этсин;

2016 йил 3 сентябрдан Ўзбекистон Республикасида уч кунлик мотам эълон қилинсин ва республиканинг барча ҳудудларида мотам тадбирлари ўтказсин;

халқимизнинг, корхоналар, ташкилотлар, таълим муассасалари ва кенг жамоатчиликнинг фикрини ҳисобга олиб, бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича таклифлар киритсин.

Ўзбекистон
Республикаси Олий
Мажлиси Қонунчилик
палатасининг Спикери
Н.ИСМОИЛОВ

Ўзбекистон
Республикаси Олий
Мажлиси Сенатининг
Раиси
Н.ЙЎЛДОШЕВ

Ўзбекистон
Республикасининг
Бош вазири
Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,
2016 йил 2 сентябрь

У ОЗОДЛИК ЭДИ
Фозил Фарҳод

   Унинг ҳар бир чиқишини ҳаяжон билан тинглардим. Унинг сўзларини ўзимга йўлчироқ деб билардим. Унга ич-ичимдан меҳр қўйганим, мана энди, бутун бўй басти билан кўриниб қолди.
    У Озодлик эканини бизга чин маънода исботлаб кетди. У тараққиёт раҳнамоси эканини юртимизда қилинган ишлар исботлаб турибди. Мамлакатимиз тупроғида ётган кўплаб аллома ва уламоларнинг ётган жойлари – қабр ва сағаналари обод қилингани эса унинг энг эзгу ишларидан эди. У кишини буюкларимизнинг руҳлари қўллади. Уларнинг руҳлари ўттиз миллиондан ошиқ озод халқимизни ҳам қўллайди.
    Юртимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги тантаналарига ҳам бир қанча тўёналарни ҳозирлаб қўйдилар-у, улардан завқ олишга келганда ўзлари индамай қайтиш қилди. Йигирма беш йиллик тўйга катта ҳозирлик кўрдилар-у, ўзи буларни кўролмай кетди. Шунча эзгу ишлар қилди-ю, мевасини тотиш керак маҳалда, уларни бизларга қолдириб кетди. Лекин у энг буюк ишни қилиб кетди – ўзбек халқини озодликка олиб чиқди. Буёғига келажак сари эсон-омон юриш қолди.
    Халқни йигирма беш йил паноҳида асраб, ёруғ ва нурафшон йўлга олиб чиқиб кетди. Бир сўз билан уни ўзбекнинг тинчлик йўлбошчиси, десам ҳақиқатга хиёнат бўлмаса керак. Неча ойдан бери янги «Нурафшон» айланишини очиб беради, у ерда ажойиб нутқ сўзлайди, деб кутгандим. Афсус, насиб қилмаган экан! Бир-икки кун аввал учинчи ҳалқа йўлининг бир қисмини айланиб шулар ҳақида ўйлаб кетдим.
    Бир маҳаллар ижодкорларга жон куйдириб замонамиз қаҳрамонини ёзинглар, топинглар, ижро этинглар, дегандилар. Лекин шу вақтгача ёзилган ҳеч бир асарда ҳақиқий замонамиз қаҳрамони бўй кўрсатмади. Бир оғам айтганидай, уларнинг ўзлари замонамиз қаҳрамонига айланиб кетдилар.

046

«ЎШАНДА РАҲБАРИМИЗ ЎҒЛИМНИ,
БУТУН ОИЛАМИЗНИ АСРАБ ҚОЛГАН ЭДИ»

Бу воқеа ўтган асрнинг 80-йилларида, баландпарвоз шиорлар авж олган, гап бошқа-ю, иш бошқа, пахта, план инсон қадридан юқори қўйилган замонда юз берганди.

…Қуёш терак бўйи кўтарилган. Қишлоқнинг қоқ ўртасидан ўтган тош йўл жуда сокин эди. Онда-сонда от, арава, велосипед кўриниб қолмаса, жимжитлик. Йўл четидаги тут дарахтининг барглари ­сарғайган, кузнинг сўнгги ойи.

Шу пайт ёндош кўчадан шитоб билан катта йўлга чиқиб келган йигитнинг кўриниши ғалати эди…

… Ўша воқеани ҳикоя ­қилаётган Муҳаммадғози ­Қўлдошев ҳозир Чироқчи туман ободонлаштириш бошқармасида ишлайди. У умр йўлдоши ­Марям Жумабоева билан аҳл-иноқ умргузаронлик қилиб келмоқда.

— Ўшанда 87-йилнинг
14-ноябри эди, — дейди Марямхон. — Фарзанд кутаётгандик, мен сариқ касал бўлиб қолдим. Далада ишлардим. Устимиздан самолёт заҳар пуркарди. Кўп одам сариқ бўлган эди. Аниқ эсимда, ўша куни қизим Шарофат касалхонада туғилганди. Ўғлим ­Сирож қаттиқ шамоллаб, касалхонага тушганини менга билдиришмаган.

— Ҳа, тўғри, — дейди рафиқасининг гапини маъқуллаб Муҳаммадғози. — Сирожнинг шамоллаб қолганини хотинимга билдирмадик. Ўзим касалхонага олиб чопдим. Ўшанда экскаваторчи бўлиб ишлардим. Маошнинг мазаси йўқ, амал-тақал қилиб ўғлимни касалхонага ётқизгандик.

Болалар касалхонаси «Пах­такор» хўжалигидаги мослаштирилган иморатда жойлашган эди. Бир хонада тўрт-беш киши фарзандини олиб ётибди. Жуссам катта бўлгани учун ерга тўнимни тўшаб, озроқ миз­ғиб олардим.

Ўғлимнинг аҳволи кундан-кунга оғирлашар, иссиғи тушмас, базўр нафас оларди. Ҳозир ўша дўхтирнинг исмини эслолмайман, «Болангни олиб кет, энди тузалмайди», деди. Қанча ялиндим. «Бундай касални ҳеч ким тузата олмайди, иккита ўпкаси қат­тиқ шамоллаган, томоғи шишиб кетган, кеч олиб келгансанлар», деди қўпол оҳанг­да. Гапи жонимдан ўтди. Ўғлимни бағримга босдим, ўрнига ётқизиб, палатадагилардан қараб туришини сўрадим. Уйга бориб, отамни олиб келишим керак эди. Касалхона ҳовлисидан чиқиб, катта кўчага отилдим. Қани энди бирор улов кўринса. Бир-икки машина тўхтамай ўтиб кетди. «Дод» дегим келади. Чўнтагимга қўл солсам, битта йигирма беш сўмлик пулим бор экан, уни баланд кўтариб, йўлнинг четида бор овозим билан қичқира бошладим. ­Рости, ўша пайтда нима қилаётганим, нима деганимни анг­лаёлмайман. Мундоқ ўйласам, юрагим ёрилишга келган, нуқул қичқириб, ёрдам сўраганман. Ахир, ўшанда йигирма бир ёшда эдим… Бир пайт оппоқ «Волга» машинаси олдимга келиб тўхтади. Шошилиб ҳайдовчининг ёнига ўтириб, қўлимдаги пулни унга тут­қаздим. «Жон ака, ёрдам беринг», дедим.

Ҳайдовчи кулимсираб, ортига бурилди. Беихтиёр мен ҳам ўгирилдим. Қарасам, ­истараси иссиқ, ўрта ёшли киши ўтирибди. У елкамга қўлини қўйиб: «Нима бўлди ука, қандай ёрдам керак?» деди. Анграйиб қолдим, хижолат тортдим. Ким экан, бу киши, деб ўйладим… Ўзимга кела бошладим. «Додиқ қишлоғиданман, тракторчиман. Ўғлим касалхонада жон бераяпти. Дўхтирлар энди иложи йўқ, дейишди. Хотиним сариқ бўлиб, шифохонада ётибди. Мени ҳов катта буримгача олиб бориб қўйсангиз», дедим зўрға. У киши «Ука, ўзингизни босинг, ўғлингизнинг исми ­нима, деб сўради. Сирож дедим. «Худо хоҳласа, тузалиб кетади». Орзу ҳавасини кўрасиз», деди. Ке­йин қишлоғимизга буриладиган чорраҳага тушириб кетди. Тут­қизган пулимни қайтариб чўнтагимга солиб қўйди. Раҳмат ака, мендан қайтмаса, худодан қайтсин, дедим.

Отамни олиб, кажавали мотоциклда касалхонага етиб борганимизда, орадан тўрт — беш соат ўтган эди. Аммо ўғлимни олдига киргизишмади. Касалхона қандайдир нотинч эди. Қарши, Шаҳрисабз­дан дўхтирлар келишибди. Уч-тўрт кун ухламаганман боламга қараб, ҳолимни сезиб, алоҳида бир хонага киритишди, олдимга чой-нон қўйишди. Аммо томоғимдан овқат ўтармиди. Отамни хонада қолдириб, касалхона ҳовлисига, ундан катта йўл бўйига чиқдим. Роса ҳориганман. Қари тол тагидаги омонат ўриндиққа ўтирдим. Шу пайт тол ёнидаги гўшт дўкони сотувчиси олдимга келиб, «Янги обкомимиз билан танишмисан?», деб сўради. Ҳайрон турганимни кўриб, «Боя ­Ислом Каримовнинг машинасига миниб кетдингку», деди овозини кўтариб. Рости, энди юрагимга ваҳима тушди. ­«Сирожга нима зарур бўлса, олиб беринг», деган гапларини эсладим. Чўнтагимни пайпаслаб бор пулни чиқарсам, икки юз сўм экан. Қаранг, бир юз етмиш беш сўм қўшиб бериб кетибди. Мен ёш эдим, оқ — қорани танимасдим, гангиб қолгандим.

­Ислом Каримов ўшанда ўғлим ҳақида соғлиқни сақлаш бўлими раҳбарларига айтган экан… Кўп ўтмай ­Самарқанд ва Тошкентдан ҳам малакали шифокорлар етиб келишди. Бир ҳафтадан кейин ўғлим тузалди, касалхонадан уйга олиб келдик.

— Мен бу воқеаларни ­ке­йин эшитдим, — дейди ­Марямхон киприкларига ингган ёшларни рўмолининг учи билан артаркан. — Ахир тўнғичим Сирожга бир нима бўлса, мен адо бўлардим, касалхонада туққаним Шарофат қизим ҳам яшаб кетмаслиги мумкин эди…

Мана, йиллар ўтди бу оилада икки ўғил, уч қиз ул­ғайди. Сирож тадбиркор, укаси Шавкатжон ички ишлар ходими бўлди. Қизлар турмушга чиқишди.

— Сирожнинг тўнғич ўғли — неварамиз Жаҳонгир билан боғлиқ бир воқеани айтмасам бўлмас, — дейди Муҳаммад­ғози. — Жаҳонгир икки ёшга кирганда суннат тўйини ўтказадиган бўлдик. Очиғи, оиламизнинг энг бахтли кунлари эди. Шунда юрагимга тугиб юрган ниятимни амалга оширдим — Президентимизга ўғлимиз Сирожни ҳаётини сақлаб қолгани ҳақида ёзиб, миннатдорлик билдирдим. Ҳеч кутмагандик. 2010 йилнинг 3 августида раҳбаримизнинг вакили келиб, Юртбошимизнинг совғаларини топширди. Қа­рангки, у киши бизни эсдан чиқармаган экан. Ўша куни, тўғриси, кўз ёшимни тўхтата олмадим.

Қаранг, ният холис бўлса, албатта амалга ошаркан. Агар иккинчи набирам ҳам ўғил туғилса, исмини Исломбек қўя­ман, деб дилимга тугиб юрардим. Худога шукр, ниятимга етдим…

Биласизми, ўшанда раҳбаримиз ўғлимни, бутун оиламизни асраб қолган эди. Буни умримнинг охиригача унутмайман…

077Суратда: Сирож ўғиллари Жаҳонгир ва Исломбек билан.

Юнус УЗОҚОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

 

АНДИЖОНГА КЕЛАМАН ДЕБ КЕЛМАДИНГИЗ!
Умиджон Мамарасулов

  Билмадим, бугун тонг негадир ҳаяллади. Осмон хам хафа. Гўёки бир нарсадан аразлагандек. Ҳа. Бутун Ўзбекистон ҳали ҳамон Сизни бу дунёни тарк этганингизга ишонмаяпти. Ишонмайди ҳам… Илтимос, ёлвораман, келинг ўрнингиздан туринг, Бобожон. Бутун оламга ‘МЕН ТИРИКМАН, ЎЛМАГАНМАН’ денг. Ахир сизнинг қиладиган ишларингиз бисёр эди. Ёдингиздами ахир, «Худо хоҳласа Андижонга сизлар билан поездда бораман», дегандингиз. Наҳотки энди шундай бўлмаса. Анжонга келмадингиз, аммо, Бобожон Анжонга поезд келди. Хамма шод хуррам. Факқат қалбимиз кемтик. Нега-ки ундан сизни излаб тополмадик. Энди бизга ким суянч бўлади? Ким бизни бошимизни силаб, «Фақат олға интил, ортингда мен турибман» дейди? Афсус, сизсиз ҳеч нарсани тасаввур қилаолмаймиз. Илтимос, Бобожом, ўрнингиздан туринг! Бизга йўлбошчи бўлинг…

Cаъдулла ҲАКИМ
МАРСИЯ

Ота ўлса бола кўзёш тўкмасми,
Кўзёшини ёмғир қилиб экмасми?
Гирён чопган булут каби изиллаб,
Наъра тортиб шердай фарёд чeкмасми?

Аза бўлса елка тутмоқ бор экан,
Қисматимга, нетай, сафар ёр экан.
Шум хабардан таскин излаб тентидим,
Лондонининг кўчалари тор экан.

Тақдир бир чоқ сийлаганди мени ҳам,
Хизматига сайлаганди мени ҳам.
Кўп ичидан танлаб, шараф камарин
Белларимга бойлаганди мени ҳам.

Шижоатда бу улуғ зот шер эди,
“Элим дея яшаш керак” дер эди.
Адолати Темур янглиғ беаёв,
Юрт ҳифзида Алпомишдай эр эди.

Жабрдийда имонда ҳам гумoнли,
Одамзодга нола қилмиш чумоли:
“Эрман дейсан, шерман дейсан, эй инсон,
Боқ, изингда чумолининг заволи”.

Танти бўлинг, эй сиз марди майдонлар.
Адашганлар, тақдиридан ҳайронлар.
Хор бўлсанг ҳам ўз юртингда хазон бўл,
Бек бўлсанг ҳам юртингда сур давронлар.

Аллоҳ – Карим. Вужуд руҳнинг танидир,
Исломи бор бу дунёда ғанидир.
Юрт қадрини ерга урар номардлар,
Мард йигитнинг обрўси юрт шаънидир.

Ўрмонга кўрк берар арслон савлати,
Ҳотамтойнинг тугамайди давлати.
Ботир келса, ризқи келар ғойибдан,
Ботир кетса, яшайверар шавкати.

…Ота ўлса бола кўзёш тўкмасми,
Кўзёшини ёмғир қилиб экмасми?
Гирён чопган булут каби изиллаб,
Наъра тортиб шердай фарёд чeкмасми?

САМАРҚАНДДА УЛУҒБЕК КЎЗЁШИГА ЧЎМДИМ МЕН
Иқбол Мирзо,
Ўзбекистон халқ шоири

***

Самарқандда Улуғбек кўзёшига чўмдим мен,
Лавҳул Маҳфузни ўйлаб, Ҳақ амрига кўндим мен.
Ер усти бойликларин тортар экан ер ости,
Хизр ёнига нодир хазинамни кўмдим мен.

Яна тонглар отиб кун кулгайми-кулмагайми,
Кимни бой берди дунё, билгайми-билмагайми?
Сайёралар юз йилда ёзаркан бир дастурхон,
Бундай меҳмон минг йилда келгайми-келмагайми?

Юрт бошига тош тушса, Юртбошига тегар тош,
Юртдошидан тош учса, Юртбошига тегар тош.
Мана, тошюраклар ҳам эриди сел-сел бўлиб,
Мана, кўзи қизариб, елка силкиб эгар бош.

Регистон майдонида туш кўргандай юрдим мен,
Уйғонай деб юзимга кўзёшдан сув урдим мен.
Шоҳизинда ёнида фариштадай оқсоқол
«Етим қолдим, отам»лаб бўзлаганин кўрдим мен.

Ширин жонин буғдойдай ерга сочган отам-а,
Маънавият дурларин дилга сочган отам-а.
Сўнгги нафасигача юртим деб ёнган олов,
Умрини харжлаб-харжлаб, элга сочган отам-а.

Йиғласанг ҳам мунғайма, ғаним хандон бўлмасин,
Ўзингни йиғ, бардам бўл, қаддинг камон бўлмасин.
Тўн кийиб бел боғласа, курашга киргай ўзбек,
Ўзбекистон, жигарим, кўнглинг ёмон бўлмасин.

Чақмоқдек мусибатга тоғу тошдек бардош бор,
Елкангга бошин қўйган қавми инсон, қардош бор.
Отанинг ғоялари қоялардек мангулик,
Шери мардга муносиб арслонпанжа издош бор.

Юракларга қувватдир ёниқ шону шукуҳи,
Бирлаштирди ҳаттоки элни қайғу-андуҳи.
Ёди ҳамиша ёдда, исми тилларда дуо,
Ҳумоқушга айланиб, ёғду сочади руҳи.

Бу ҳаёт абадийдир, жилға сойига етди,
Жаннат барпо этган зот жаннатжойига кетди.
Ўзи бизга қайтарган даҳоларнинг ёнига,
Буюк Соҳибқироннинг қурултойига кетди!

ОЛАМДАН ОДАМ КЕТДИ, ОДАМДАН ОЛАМ КЕТДИ
Султон Чори

Бугун қалб яросидан ӯртаниб нолам кетди,
Одамлар аросидан бир улуғ одам кетди.
Кенг оламни ҳуснига маҳзун бӯлиб боқдим жим,
Оламдан одам кетди одамдан олам кетди.

Уйга ботдим ушбу он Отажоним эсладим,
Ранггим бӯлиб заъфарон Онажоним эсладим,
Ҳовуч ичра узиб жон Опажоним эсладим,
Оламдан одам кетди одамдан олам кетди.

Хаёлимда дарёлар тиниб қолди бу замон,
Бир дам оғди ҳушидан кӯпни кӯрган кенг жаҳон,
Сайроғидан қолганга ӯхшаб қолди қушларжон,
Оламдан одам кетди одамдан олам кетди.

Ажал билан талашиб бӯлмас экан ким бӯлма,
Ажал билан ярашиб бӯлмас экан ким бӯлма,
Ажал билан тиллашиб бӯлмас экан ким бӯлма,
Оламдан одам кетди одамдан олам кетди…

… Бугун қалб яросидан ӯртаниб нолам кетди,
Одамлар аросидан бир улуғ одам кетди.
Кенг оламни ҳуснига боқдим маҳзун бӯлиб жим,
Оламдан одам кетди одамдан олам кетди.

003

054

065

001

092

007

(Tashriflar: umumiy 2 496, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring