Muhammad Sharif. Hikoyalar.

09710 январ — Истеъдодли адиб Муҳаммад Шариф таваллуд топган кун.

    Яқинда “Жаҳон адабиёти” мажалласида Муҳаммад Шарифнинг бир туркум ҳикояларини ўқиб, ўзим ёзгандек хурсанд бўлдим. Ҳар кўчада, кўринган одамга шуни таърифлаб юрибман ҳозир. (Муаллифига мактуб ёзиш керак эди-я!) “Жаҳонга бўйлашиб” деган рукнда эълон қилинибди. Менимча, рукн тўғри танланган, ҳикоялар шунга муносиб! (Эркин Аъзамнинг «Аввало, ўзингизга ишонинг» суҳбатида айтилган)


Муҳаммад Шариф
ҲИКОЯЛАР

02

ҲАДИК

Ким бўлди экан тонг саҳарда безовта қилган?! Намунча дағдаға қилмаса?! Қуёш ҳали бош кўтардими йўқми ўзи?! Ёзнинг бунақанги узун кунларида қуёш соат саккиздан кейин, кунчиқардаги икки қаватли уйнинг томи оша унинг ҳовлисига мўралайди. Бунга қадар унинг серсоя ҳовлиси тонгги сокинлик ва салқинлик оғушида мудраб ётади.

Ким бўлди экан, миршаб эмасмикин? Аввал қўнғироқни босим ушлаб, ортидан темир дарвозани ҳам даранглатиб урди. Бундай дағдаға миршабда бўлиши мумкин, холос. Нега келди экан? Яқин ўртада қишлоқдан қариндошлари келгани йўқ. Одатда миршаб байрамлардан олдин келади, уйда бегона борми йўқми, деб. Уйда хотин, бола-чақам бўлса, бегонага пишириб қўйибдими, дегинг келади. Баъзан ўз уйингда ўзинг рўйхатда турасанми йўқми деб бошингни қотириши ҳам бор гап. Байрамларга ҳали анча бор. Маҳаллада бегоналардек ялт кўзга ташланадиган узоқ қариндошлар ҳам яқин ўртада келмади. Демак бошқа биров бўлса керак!?
Маҳаллабоши бўлиши мумкин. Унда ҳам баъзан ўдағайлаш одати бор. Халқнинг дарвозасини даранглатиб тепадиган салобати бор. Йўғ-эй, ошириб юборди чоғи, назарида ташқаридаги кимса дарвозани тепгани йўқ, муштлаб урди, холос. Лекин тепгандек бўлди ўзиям. Нима иши бўлиши мумкин унинг. Анов куни келганда жаҳлини ёмон чиқарди. Нима эмиш, катта ўғлинг қаерда, деб сўрайди. Ҳа, қаерда бўларди, эл қатори Россияга ишга кетган деса, манзилини айт, қачон кетган, қайси шаҳарда ишлайди, деб эзворди. Ҳа энағар, бола меники бўлса, сени нима ишинг бор, деди жаҳли чиқиб. Ҳокимдан буйруқ тушган, қолаверса, буйруқ бўлмаган тақдирда ҳам биз билишимиз керак, ким қаерда юрганини, дейди. Ўғлим телефон қилса, Тамбовдаги манзилини аниқ сўраб қўяман, деб қутилди. Шу манзилни сўраб келдимикин, лекин ўғли ҳали телефон қилгани йўқ.

У уст-бошига бир қараб олди. Эгнида енгил, кулранг йўлли пижама, шу кийимда чиқаверсам бўлса керак, деб ўйлади. Лекин чап оёғидаги пайпоқдан бошмалдоғи мўралаб турганини кўриб, иккиланди. Туфли кийиб олса, пайпоқнинг йиртиғи кўринмаса керак. Пижамага туфли ярашмайди-ку, майли чап оёғини дарвозадан ташқари чиқармайди. Лекин одатда маҳаллабоши бетоқат бўларди, қўнғироқни чалгандан кейин «ким бор уйда?» деб бақириб қўярди, майлида, бақирса бақирсин, борадиган жойи кўп унинг. Бақирмади-ку, демак бошқа одам.
Лўли бўлса-чи!? Лўли ёмон кўпайди-ки шу кунларда. Бирининг изи қуримай туриб иккинчиси келади. 200 сўм берсанг жаҳли чиқади, беш минг бер, дейди юзингга бақрайиб. Дарвозангга қулф солинмаган бўлса, кириб келаверади тап тортмай. Ичкаридан овоз чиқмаса, кўзи тушган нарсани кўтариб кетади, айниқса эски мис ва алюмин идишларга ўч бўлади, энағарлар. Лўли бўлса дарров билинарди. Дарвозани қоққандан кейин бақириб қўяди, садақа қилинг, деб. Қолаверса, лўли тонг саҳардан келмасди шекилли. Соат тўққиздан бошланади уларнинг кўчама-кўча юриши. Худди идорада иш бошлагандек, соат белгилаб олгани-чи буларнинг. Ҳали галстук тақиб келмаса бўлди булар. Лекин барибир лўли келишига ҳали эрта. Ким экан?

У ҳовли ўртасига келиб даҳлизнинг деворида осиғлик турадиган соатга ойнаванд эшик оша қарамоқчи бўлди, лекин қуюқ баргли ўрик шохларининг ойнадаги акси боис ҳеч нарса кўра олмади.
Эски «Москвич» машинасида пиёз-картошка сотиб юрадиган майда савдогар бўлсачи!? Бозордан ҳаллослаб картошка кўтариб келгандан кўра, бироз қимматига бўлса-да эшик тагидан олгани маъқул иш. Сабзавотфурушга берилган бироз ошиқча пул барибир йўлкирага кетади-ку. Буни тушунмаган хотин зотининг тихирлик қилгани ёмон: «картошкаси майда, устига устак тахир, яна қиммат, бозорда ширин картошкаларни танлаб-танлаб олса бўлади,» деб эрталабдан кўнгилни хира қилади. Автобусда терлаб-пишиб, туртиниб-суртиниб бир халта картошка кўтариб келгандан кўра, хотиннинг ғишавасига чидаш осонроқ эмасми. У беихтиёр пижамасининг чўнтагини ковлади, ҳеч қурса уч-тўрт кило олиб қўйса, бозорга бориш бир-икки кун ортга сурилади-ку. Лекин дарвозани даранглатган «москвичли» сабзавотфуруш бўлса, маҳаллага кириши билан машинаси сигналини қисир молдек бўкиртирган бўларди-ку.

Йўқ, бу сут-қатиқ сотувчи хотин! Қатиқ ичиб туриш лозим. Айниқса ўзига ўхшаган кўп чекадиган киши. Баъзан ҳаяжонланган кезларда тамакини кетини кетига улаб чекади. Негадир ҳаяжонли дамлар ҳам тобора кўпайиб бораётганга ўхшайди. Анов куни кичик ўғли машинани берухсат ҳайдаб чиқиб кетибди. Қаттиқ сиқилди, кўп тамаки чекиб юборди. Машина-ку эски, лекин ўғил ҳали ёш-да, қизиққон, бироз ҳовлиқмалиги ҳам бор. Кўчада юришнинг ўзи бўладими бугун. Шу, қатиқ ичиб туриши керак, яхши ивитилганми йўқми, барибир ичиш керак. Иссиқ тафтини ҳам олади-да. У ҳовлининг ўртасида турганча, бир дам ўйланиб қолди, уйга кириб кийимини алмаштириб чиқсамикин ёки хотинини уйғотсинми, балки дарвозадан фақат калласини чиқарар, бор бўй-басти билан сутчи хотиннинг олдига чиқиб бориши шарт эмас. Лекин барибир ичкаридан пул олиб чиқиши керак. У ичкари қадам ташламоқчи бўлди, бироқ дарров фикридан қайтди. Аёл киши дарвозани бу қадар қаттиқ данғиллатмасди чоғи. Кейин сутчи хотин ҳам овоз чиқарган бўларди «Ёғли қатиқ, сут-қаймоқ келди» деб. Демак бошқа биров.

Очиқ-сочиқ жойлар бўлса экан-ки, ўтирган-турган жойингда «ким у?» деб бақирсанг. Лекин шаҳарда ҳеч ким бунақа бақирмайди. Оҳиста, залворли қадам ташлаб бориб, эшикни очмоқ жоиз. Чунки ҳар хил одам келади. «Ким у?» деб бақирганинг бировга ёқади, бировга ёқмайди. Қўшниларнинг ҳам ғаши келади. Ташида бўлмаса-да ичида айтади «бўларинг бўпти-ку, кетингни кўтаролмай қолдингми энди» деб.
Ҳамшира бўлиши мумкин-ку. Ёз келди, бу фаслда улар ичбуруғдан огоҳлантирувчи варақа тарқатиб юришади. Сувни фақат қайнатиб ичинглар, дея тайинлайди. Ичбуруғдан огоҳлантиргани ҳақида қўл қўйдириб олади. Ҳозир нима кўп, касаллик кўп, Хитойда яна қуш тумови чиқибди, яна аллақайси мамлакатда безгак қайта хуруж қилганмиш, ўзимизда пашшанинг янги тури чиқибди, чаққан жойи катта ярага айланиб, бир умрлик чандиқ қолармиш, ишқилиб тинчлик бўлсин-да. Яқинда шу ҳамшира бегоналарга эшик очманглар, газ, электр ходимлари ниқоби остида ўғрилар тўдаси юргани, келганларнинг ҳужжатини кўриб, кейин эшик очиш ҳақида ҳам огоҳлантирган эди. «Илтимос, агар текширувчи келса, мен билан бирга миршаб ҳам келгани ҳақида айтинг,» деб сўради. Яна бошқа бир тўда товламачилар чиққандир-да. Ҳамширалар аввалгидек миршабларга ёрдамга чақирилган бўлса эҳтимол. Бироқ ҳамшира ёшгина, сабр тоқатли, тарбия кўрган қиз, дарвозани бу қадар қаттиқ тақиллатмайди. У дарвозани оҳиста чертгану узун йўлак товушни кучайтириб юборган чоғи. Лекин ҳамширалар соат саккиздан кейин иш бошлайди, ҳозир энди олтидан ўтди шекилли.

Газ, электр ҳақини яқинда тўлади, ер-мулк солиғига ўтган ҳафта келган. Кимдир қарз сўраб келган бўлсачи. Қариндошлар, танишлар, қўшнилар орасида ҳам қарз сўраб турадигани кўп. Жуда хижолатли иш, ҳеч ким аввал бошдан ўзи пулинг борми йўқми, деб сўрамайди. Гапни узоқдан айлантиради, нима иш бошлаганию қандай катта натижалар кутаётгани ҳақида эринмай сўзлайди. Сен эса гапнинг охири қарзга келиб тақалишини биласан, жавобинг ҳам аввалдан тайёр, бироқ одоб юзасидан қарз сўраб келган одамнинг узундан-узун ҳикоясини тинглашга мажбурсан. Айниқса меҳмонннинг юзидаги илтижоли ифода, кўзида йилтиллаб турган умид учқуни қай тариқа сўниб, ўрнини совуқ ва қўпол нигоҳ эгаллашини, юзи заҳил тортишини кузатиш оғир. Пулинг йўқлигидан, қарз сўраган кимса сенинг гапларингга заррача ишонмаганидан қизариб, хижолат тортасан. У эса бу хижолатпазликни ёлғон рўкач қилинганига далил сифатида қабул қилади. Жуда совуқ хайрлашади. Бу ноўнғай манзара анчагача ёдингдан чиқмайди. Зада бўлганингдан телефон жирингласа ҳам кўнглинг бир кўчиб тушади. Қарз сўраш эҳтимоли бор одамларнинг қўнғироғига жавоб берилмайди. Улар ҳам буни билади, шу боис тиккасига уйингга келади.

Лекин қайси аҳмоқ каллаи саҳарлаб қарз сўраб келади. Улар кечки пайт ёки кечқурун келади. Каттароқ қарз сўрамоқчи бўлгани тўртта нон, тўртта тузланган бодринг ва бир шиша ароқ кўтариб олади. Ва одатда жуда пўрим кийинган бўлади, туфлисига сурилган мой ва сочига сепилган гел ялтиллаб туради. Баъзан анчадан буён кўрмаган танишинг башанг кийинган ҳолда дабдурустдан келиб қолса, жуда бойиб кетибди, оладиган қарзни айтган вақтидан ҳам аввал, балки устамаси билан қайтарса керак, дея ўйлайсан. Аслида ҳам шундай йўл тутиш керак эмасми. Мана ўзидан қиёс, бировдан қарз сўрамоқчи бўлса гапни пўсткалласини айтади-қўяди. Шу сабаб бировдан қарз сўраб уддалай олган эмас.

Бир замонлар айиқдек ағанаб кун чошгоҳга келгунча ухларди. Хотиннинг дод-войи, бировнинг эшик тагида чақириб туриши парвосига келмасди. Қаерга кетди у ширин уйқулар!?
Эндичи, тонг билан тенг уйғонади, кўзлари ўз-ўзидан кирт очилиб кетади. Каллаи саҳарлаб ишга уринади. Иш бўлмаса, ҳовлининг бир четидаги сўрида ёнбошлаб, калласида минг битта ишни режалайди, оладиган даромадини сарҳисоб қилади. Минг битта ишдан биттаси ҳам дўнмаса-да, кўнглини кўтаргани қолади. Ҳарқалай интилиш, ғоя бор-ку. Бугун ҳам тонгнинг мусаффо ҳавосида хаёл суриб ўтириш учун олаҳакка ҳовли ораламай сўрига чиқиб олганди. Қўшнининг томига қўнган қушларнинг ҳаракатини кузатиб ётганди, бир ҳакка келади қағиллаб, бир олақонот қўнади шақиллаб. Кетма-кет чалинган қўнғироқ, кейин дарвозанинг даранглаши хаёлини чилпарчин қилди. Юраги ҳам бир қалқиб тушди, тавба, яқин-яқингача юрак қаерда жойлашган, билмасди.

Назарида, қарз сўрамоқчи бўлган одам бундай тиқилинч қилмайди, бироз ийманиб чақиради. Афтидан бу одам шошаётганга ўхшайди. Ким шошилиши мумкин тонг саҳарда? Шошилинч хабар келтирган одамми? Унинг бадани илкис жимирлаб кетди. Қишлоқдан бирор хабар келдимикин!? Тинчликмикин? Туни билан телефон қилиб туша олмаган бўлсачи? У каловланиб қолди. Дарҳол сўрига қайтиб, болиш тагида қолиб кетган қўлтелефонини шоша-пиша олиб, бирор қўнғироқни ўтказиб юбормадиммикин деган ўйда қўнғироқлар рўйхатини текшира бошлади ва шу аснода дарвоза томон йўналди. Икки кун бўлди онаси билан гаплашганига, қон босими ошиб турганини айтмаса, аҳволи дуруст эди. Отаси саксонга бориб қолган, охирги марта кўрганида жуда ориқлаб кетганди, лекин баданида тетиклик бор эди. Ҳа, тоғаси ўсал ётганди. Телефон бўлмади-ку. Аммо лекин ҳозир қўлтелефонларга ҳам ишонч йўқ, тўлқин бир бор, бир йўқ, баъзан кун бўйи мум тишлагандек миқ этмайди. Ҳарқалай биров каллаи саҳарлаб тўйга таклифнома ташлаб кетмас. Дастлаб аллақаердаги кишилар, майда-чуйда рўзғор ташвишлари хаёлига келганидан ўзини ўзи койиди, ўзидан ўзи хафа бўлди. Нега дарҳол онаси, отаси ҳақида ўйламади. Ўсал ётган тоғаси-ю хаёлининг бир чеккасидан ҳам ўтгани йўқ. Тоғасининг мотоциклини ўғирлаб мингани ёдига тушди, қўшнисининг тутига тикка бориб урганда мотоциклнинг олд ғилдираги қийшайиб кетганди, бироқ тоғаси ҳеч нарса демаган, ўзингга зарар етмадими деб, қўлларини, оёқларини бир-бир ушлаб кўрганди, холос. Лекин телефонда бирорта ҳам жавобсиз қолган чақирув йўқ. У дарвозага яқинлашганда қўнғироқ яна бир марта ошиғич жиринглади. «Ҳози-и-и-р!» деди у беихтиёр хавотирли овозда юраги титраб.
Чақиргувчи ким бўлишидан қатъи назар, у хаёлидаги минг бир гумон ва хавотирни сездирмаслик учун дарвозанинг кичик қанотини шиддат билан ланг очди.

Дарвоза тагида кунботишдаги қўшнисининг боласи тиржайиб турарди, қўлида бир шода калит. «Акам ўқишдан келса калитни бериб қўйинг, мен мактабдаги имтиҳондан кейин тўғри оппоқдадамларникига кетаман», деди болакай ва калитларни унинг қўлига тутқаздию, кўча бошига қараб чопқиллаб кетди. У энди бош кўтараётган қуёш кўчани нурга тўлдириб юборгани, дарахтлар, уйлар, гулзорлар ёғдуга чулғанганини кўрди. Тутам-тутам нурларни тутамлаб олса бўладигандек эди гўё.
«Бугун ажойиб кун бўлади шекилли,» деди у қуёш томон чопаётган бола ортидан кўзлари қамашганча термилиб. Кейин бугун кимларга қўнғироқ қилиши лозимлиги ҳақида ўйлаб қолди.

2013

ПАРВОЗ

– Айбланувчи Бозоров Адҳам, ўрнингиздан туринг! Марҳамат, ўзингизни судга таништиринг: қачон, қаерда туғилгансиз, касбингиз нима? Ҳозир ўқиб эшиттирилган айбловномадаги жиноятга нега қўл урганингиз, яъни самолётни қандай қилиб ва нима мақсадда олиб қочганингиз ҳақида батафсил гапириб беринг. – Қирра бурун, тиканак соч, икки юзига қон тепиб турган ҳакам пистоқи бўйинбоғини тўғрилаб, залнинг чап бурчагига ярим ўгирилди. Темир панжара ортида кўзлари жовдираганча кафтларини жуфтлаб, тиззалари орасига олиб ўтирган маҳбус бир қалқиб олди.

Қорамағиз, сийрак қошлари остидаги қўйкўзлари чўккан ўрта яшар киши ўзини дадил тутишга ҳаракат қилар, лекин униқиб, титилиб кетаёзган шимининг почаси шабадада қолгандек тинимсиз ҳилпирарди. У ўрнидан тургач, суд залининг салобати босибми ёки ҳозиргина ҳакам ўқиб эшиттирган айбловнинг залворидан гангибми, қийналиб ютинди, негадир кўйлагининг тугмаларини бир-бир пайпаслаб ушлаб чиқди.
– Мен… мен… айбланувчи Бозоров Адҳам Тўқлиевич, бир минг тўққиз юз олтмиш тўққизинчи йили шу ўзимизни қишлоқда…
– Номини айтинг, қайси қишлоқ?! – Ҳакам унинг сўзини чўрт кесди.
– Мен, Бозоров Адҳам Тўқлиевич бир минг тўққиз юз олтмиш тўққизинчи йили шу ўзимизнинг… Саккизқўрғон қишлоғида деҳқон оиласида туғилганман. Шу қишлоғимиздаги ўттиз бешинчи мактабда ўн йил ўқидим. Кейин тумандаги касб-ҳунар билим юртида ўқидим, маълумотим ўрта-махсус. Шу қишлоқда униб-ўсиб вояга етдим. Ғамхўр ҳукуматимиз яратиб берган шароит туфайли астойдил ва ҳалол меҳнат қилиб…ота-онамга ёрдам бердим, уйландим, ҳозирда тўрт нафар фарзандни вояга етказмоқда эдим… – У тутилиб, адвокатга бирров ер остидан кўз ташлади. Тепакал, кирпимўйлов адвокат унга тасдиқ маъносида билинар-билинмас бош ирғаб, кўзойнагини кўрсаткич бармоғи билан кўтариб олди.

Адҳам карра жадвали ёдига тушган ўқувчидек бироз руҳланди:
– Шу… тўрт нафар фарзандни элимизга, давлатимизга яхши хизмат қиладиган фарзандлар қилиб тарбиялаш мақсадида тиним билмай механик-уста сифатида меҳнат қилиб… элга беминнат хизмат кўрсатиб келаётган эдим. Шу…шу икки минг ўнинчи йилнинг тўққизинчи июл куни эрталаб соат ўнда умримда энг катта хатога йўл қўйдим…ва кутилмаганда шу ҳозир айтилган ўша ишни қилдим, ўша самолётни олиб қочдим…бундан қаттиқ пушаймонман. Одил суддан менга шафқат қилишни, вояга етмаган тўрт нафар фарзандим, кексайган, қаровга муҳтож ота-онам борлигини ҳисобга олишини сўрайман…

Адвокат ўсиқ қошларини чимирганча Адҳамга норози тикилиб, унга имо қилмоқчи эди, улгурмади, ҳакамнинг овози янгради:
– Айбланувчи Бозоров, сизга ҳали охирги сўз берилгани йўқ. Ҳали улгурасиз бу гапларни айтишга. Ҳозир бу оғир жиноятга сизни нима етаклагани, кимлар билан тил бириктириб, қандай мақсадда бу ишни содир этганингиз ҳақида судга гапириб беринг. Хўш, бу жиноятга сизни нима ундади?
– Мен Бозоров Адҳам шу… икки минг ўнинчи йилнинг ёз кунларида, июннинг ўрталари эди, аниқ куни эсимда йўқ, шу… фуқаро Маннопов Орифни уйимга таклиф қилдим.
– Маннопов Ориф ким эди ўзи?
– Шу… учувчи Маннопов, ўша самолётни бошқарадиган киши. У таклифимга рози бўлди. Кейин уйдаги даканг хўрозимни сўйиб ошга босдим. Ош едик, ичдик. Шу…
– Нима ичдиларинг, чойми, сувми? – ҳакам кинояли луқма ташлади.
– Шу… ўзимизни ароқ-да… Кейин учувчи Маннопов Ориф билан анча яқин бўлиб қолдик. Кейин… шу жиноят йўлида уни чалғитиш илинжида ўн беш кун давомида ҳар куни товуқ сўйиб, ошга босдим ва унга едирдим, буни орасида спиртли ичимлик ҳам қуйиб бердим, хуллас, шу тариқа унинг ишончига кириб, кейин самолётни олиб қочдим… бундан жудаям қаттиқ пушаймонман.
– Бозоров, сиз оилангиз аҳволи оғирлиги, қарамоғингизда вояга етмаган фарзандлардан ташқари кекса ота-онангиз ҳам борлигини рўкач қилиб, афв сўраяпсиз. Лекин ўн беш кун учувчи Манноповга зиёфат бергансиз, бунча пулни қайдан топдингиз? – ҳакам ўсмоқчилади.

– Шу… фермерларнинг тракторларини, қишлоқда одамларнинг машиналарини тузатишдан чойчақа тушиб туради, шу… рўзғордан сал тежаб… Товуқлар ҳам унчалик товуқ эмасди, уч ойлик жўжа эди, холос. Ҳокимият баҳорда қишлоғимиздаги камхарж хонадонларга янги тухумдан чиққан жўжаларни текин тарқатган, ҳалиги… ҳа, радиода айтгандек, дунёда иқтисодий инқироз деган нарса кетяпти, озиқ-овқат нархи ошиб боряпти, шунга тайёр туриб, томорқа даромадини оширинглар деб жўжа берганди, шундан бизга ҳам элликта текканди, ўлганидан қолгани йигирматача эди.
– Дастлабки тергов жараёнида берилган гувоҳларнинг кўрсатмаларидан маълум бўлишича, сиз жиноятни содир этиш арафасида улфатларингиз орасида бир неча марта «қараб туринглар, ҳали яна учаман!» деб айтгансиз. Қишлоғингизда ҳам фалончи яна учармиш, деган гап тарқаган экан. Айтинг-чи, сиз аввал ҳам учган эдингизми? Қачон ва қаерда, нимада учгансиз?
– Шу… болалигимда бир марта ракетага осилиб учганман.
Залда гурр кулги кўтарилиб, дарров сўнди. Ҳакам чимирилди.
– Бозоров?! Сиз суд залида ўтирибсиз, жиноятингиз нақадар жиддийлигини биласизми?
– Ўртоқ судя, ростдан ҳам учганман. Парашутли ракета бор-ку, ўшанга осилиб учганман. Бешинчи синфда ўқирдим, далада мол боқиб юргандим. Кечга яқин кучли шамол туриб, кунботиш томондаги тоғ ортидан қоп-қора булутларни ҳайдаб чиқиб келди. Роса қаттиқ жала ёки дўл келяпти, деб мен уйга шошилдим. Бу ҳалиги… бизда дўлни эритиш учун отадиган замбараклар бор. Аввал еру кўкни зириллатиб замбаракдан роса отишди, дўл қаттиқ шекилли, кетидан беш-олтита ракета ҳам қўйиб юборишди.

Ҳакам энсаси қотгандек ён-атрофга таажжуб аланглади. Ёнидаги халқ маслаҳатчиси ёндошиб унинг қулоғига пичирлади: “Бизда авваллари дўлга қарши шунақа ракета отишган, дўлни аэрозол билан эритиб, кейин ўзи парашутда ерга тушиб келарди, ҳозир ҳам отишади, фақат парашутсиз, «Алазан» деган ракета отишади, ракетанинг ўзи ҳавода парчаланиб, ёниб кетади,” деди. Ҳакам “ҳа, шундайми” дегандек бош ирғаб, айбланувчининг сўзларига энди бироз қизиқиш билан қулоқ сола бошлади.

– …Молимни судраб қайтаётиб Туятойдига етганимда пушти ранг парашутли ракета осмондан қиялаб тушиб қолса бўладими? Ўша пайтлар қишлоғимизда кўпчилик парашут тутиб оларди, ундан спорт дарси учун кийим тикиларди, пишиқ бўларди-да, шу… ипи молга зўр арқон бўларди, уч-тўрт йил бемалол хизмат қиларди. Хурсанд бўлганимдан сигирни қишлоққа қараб ҳайдадим-да, ўзим ракета кетидан чопдим. Энди ерга қўнайин деганда шамол кучайиб, ракетани парашут тортиб кетди, қарасам, қўнмоқчи эмас, яна кўтарилиб боряпти. Шартта ракетага осилдим, қизиб турган экан, сассиқ ҳидиям ҳали кетмаганди. Ўзи унча катта эмас, йўғонлиги юз элликталик қувурча, узунлиги бир ярим қулоч келади, каллаги бироз тутаб турибди. Ерга қўндиришга кучим етмади, ўзимам чиллашир бола эдим-да… Бир гуриллаб келган шамолда парашут ҳаволаб кетди, мен ракетага маҳкам чирмашиб олдим. Қарасам, ердан бир метр, кейин икки метр баландладик. Шу… шамол зўрайиб, учиб кетавердим. Туятойди баландликда эмасми, қишлоғимиз устидан ўтаётганда нақд эллик-олтмиш метр тепада эдим чамамда… – у гапида бироз тутилиб, негадир бир қизариб олди, кейин тараддудланиб, завқ билан гапида давом этди. – …Қишлоқни тепасидан кўрдим, пастда шамол чанг-тўзон кўтарган, томлардаги ғўзапоялар учган, кимнидир шифери қўпорилиб томи очилган, тераклар чайқалиб-чайқалиб турибди, ора-сира қарсиллаган товуш ҳам чиқади. Ҳамма ўзи билан овора бўлгани учун тепада мен ҳар қанча бақирмайин ҳеч ким эшитмайди. Шу алпозда учиб кетавердим… чамамда ўн беш минутча учдим. Юзимга шатирлаб ёмғир ура бошлаганда Илонқирдаги пахта даласига қўндим. Шийпонда ўтирган сувчилар узоқдан ракетани кўриб замбаракчиларга телефон қилган экан, ҳали парашутни йиғиб улгурмасимдан машинада етиб келишди, ракетага қўшиб парашутни ҳам олиб қўйишди. Йўл-йўлакай мени уйимга элтиб, отамга бу бола заҳарланибди, бирор ҳафта қатиқ ичиринглар, деб кетишди. Шу… парашутни олиб қололмадим, шунга бўлса керак қишлоқ устидан учиб ўтганимга ҳалигача ҳеч ким ишонмаган.

– Бозоров, сиз ракетани кўрган киши унга яқинлашмай, зудлик билан «Дўлга қарши ҳарбийлашган бўлинма»га хабар бериши лозимлигини билмасмидингиз? – Энди халқ маслаҳатчиси Адҳамни саволга тутди.
– Йўқ, ўша пайт билмаган эканман, – деди Адҳам аланглаб.
Халқ маслаҳатчиси ўзича маъноли бош ирғаб, бошқа саволим йўқ, дегандек ҳакамга қаради.
– Ўртоқ прокурор, сизда айбланувчи Бозоров Адҳамга саволлар борми? – ҳакам пастда оқловчи билан юзма-юз ўтирган тўқ зангор формадаги прокурорга юзланди.
Прокурор стол устидаги тергов ҳужжатларини варақлаганча Адҳамга юзланмасдан салмоқланиб гап бошлади:
– Бозоров Адҳам, қани айтинг-чи, учиш аппаратларини бошқариш учун сиз махсус ўқув машғулотлари ўтаганмисиз ёки парвоз учун тегишли идоралардан рухсатнома олганмисиз?
Адҳам овози чиқар-чиқмас «йўқ» деди.
– Сиз ҳеч қандай малакасиз ва тегишли давлат идоралари рухсатисиз самолёт бошқариш жиноят эканини билардингиз, шундайми?
– Йўқ, – Адҳамнинг ранги ўчди ва ҳимоячи томонга илтижоли боқди.
– Бозоров Адҳам! Сиз яшаётган қишлоқ қўшни давлат чегарасидан бор йўғи ўн километр узоқликда холос, – прокурор сўзида давом этди. – Қани айтингчи, сизда учиш, аэронавигация бўйича махсус билим ва малака бўлмагани туфайли мамлакатимизнинг давлат чегарасидан ташқарига чиқиб кетишингиз, қўшни давлат ҳаво ҳудудини бузиб кириб, давлатлараро можарога сабабчи бўлишингиз мумкинлигини билармидингиз?
Адҳамнинг нафаси ичига тушиб кетди, бир қанча пайт муз қотиб турди. Кейин бирдан тилга кирди:
– Йўқ, мен ҳеч кимнинг ҳаво ҳудудини бузмоқчи эмасдим, қишлоқдан ҳам кетмоқчи эмасдим. Умрим бўйи шаҳарга ҳам бир неча марта тушганман, холос. Шу… қишлоқ устидан бир марта учиб ўтиш эди холос ниятим.
– Бозоров, сиз дастлабки тергов пайти самолётни олиб қочдим дегансиз, ҳозир ҳам шу гапни такрорлаяпсиз. Ваҳоланки, айрим гувоҳларга кўра учувчи Маннопов Ориф сизга ўн беш кун учишдан сабоқ берган, эвазига сиз уни ҳар куни ош ва ароқ билан сийлагансиз. Шундай экан, фуқаро Манноповнинг ўзи сизга самолёт рулини тутқазмаганми?
– Йўқ, сира ундай бўлмаган. У фақат мен берган саволларга жавоб қайтарган холос. Мен ўзи касбим механик бўлгани учун техникага қаттиқ қизиқаман, ёшлигимда ҳам биров менга ўйинчоғини беришга қўрқарди, дарров майдалаб, ичак-чавоғини ағдарардим-да. Қишлоғимизда Ҳаким бойвачча биринчи бўлиб шу… ўзимизда ишлаб чиқарилган “Тико” машинасини олганда, синфдошларим билан гаров ўйнаб, эрталабгача машинани сочиб, кейин кечгача қайта йиққанман, битта гайкасиям ортиб қолмаган. Ўша “Тико” ҳозир ҳам юрибди ғизиллаб. Бу қурғур самолётни ҳам кўриб ичимга ўт тушди-да. Бу нима, у нимага керак деган саволларимдан Маннопов роса безор бўлиб, ҳаммасини бир бошдан гапириб берган. Шу мижғов одам менга бошқа савол бермасин, қутулайин, деган-да.
– Бозоров! Дастлабки суриштирув пайтида берилган гувоҳларнинг кўрсатмаларига биноан тергов пайти исмини аниқлашнинг имкони бўлмаган, қўшни қишлоққа турмушга чиққан бир аёлнинг номини учиш билан боғлиқ ҳолатларда сиз кўп марта тилга олгансиз. Қани айтинг-чи, сиз содир этган жиноятга ўша шахснинг алоқаси бўлганми?
– Йўғ-э… Мен сира бундай демаганман… Ҳеч кимнинг номини тилга олган эмасман. Ҳалиги… Мен балки мастлик пайти болаликда бўлган воқеаларни гапирган бўлсам, буни кимдир бошқа нарсага йўйган бўлиши мумкин.

Прокурор менда бошқа савол йўқ дегандек, ҳакамга қараб бош чайқади.
– Адвокатда саволлар борми Бозоровга? – ҳакамнинг овози янгради.
Адвокат ўрнидан турди, стол устидаги даста қоғозлардан бирини олиб, синчиклаб кўздан кечирган бўлди ва айбланувчига ўгирилди.
– Бозоров Адҳам, ҳозир суд залида самолёт деб аталаётган ўша учиш аппаратини биринчи марта қачон кўрдингиз?
– Биринчи марта шу… июн ойининг ўрталарида эди, эрталаб осмонда бир нарса тариллаб учиб ўтди, қишлоқда ҳамма кўчага югуриб чиқди, болалар ана самолёт, деб қичқирди, ўшанда узоқдан кўрдим.
– Хўп, кейин сиз бу учиш аппаратини кўргани боргансиз. Ўшанда нимани кўрдингиз, батафсил гапириб беринг-чи, нима экан ўша нарса?
– У кичкина, худди ўзимизнинг уч ғилдиракли мотоциклга ўхшайди, илгарилари “Муравей” деган мотоцикл бўларди, далага бўлка нон ташийдиган, ўшанга ўхшаш, фақат тепасида кўршапалакка ўхшаш қаноти бор, сим билан тортилган. Қаноти ҳам шу… ўзимизни брезентдан. Ўриндиғи орқасида катта парраги бор. Номини делтаплан, ҳа… моторли делтаплан дейишди.
– Хўш, сиз шу делтапланга ўхшаш бошқа учиш аппаратларини аввал кўрганмисиз, қачон, қаерда?
– Телевизорда кўрганман спортчилар учганини. «Оламга саёҳат»га ўхшаш бир кўрсатув бор, ўшанда олимлар Сибирдан келаётган турналар билан ёнма-ён учганини ҳам кўрганман, кейин бойвачча саёҳатчилар ҳам эрмакка учади деб эшитганман.
– Сиз ўша учиш аппаратига ўтирганингизда нимани бошқаряпман деб ўйладингиз, самолётми ёки бошқа нарсами?
– Шу кичкина уч ғилдирак мотоцикл, фақат қаноти бор, деб ўйладим.
– Ҳурматли судя, қўлимда Россияда ишлаб чиқарилган учиш аппарати ҳақида интернетдан олинган тўлиқ маълумот бор, бу ерда у «Ветер» русумидаги учиш аппарати, қисқа қилиб “Делтамотор” ёки «Делталёт» деб аталган. Яъни у биз биладиган катта самолёт эмас, шу сабаб бу маълумот суд тергови материалларига илова қилиниши ва бу учиш аппаратини самолёт деб эмас, делтамотор деб қайд этилишини сўрайман.
Ҳакам маъқул дегандек бош ирғади. Адвокат ҳакамга узатаётган қоғозга прокурор шубҳа билан қаради, «интернет иғвонинг уяси-ку, у ердан олинган маълумотга ишониб бўлармиди?!» дея димоғида тўнғиллади, лекин ошкора эътироз билдирмади.
– Агар Бозоровга бошқа саволлар бўлмаса, иш бўйича асосий гувоҳ суд залига кирсин.

Ўрта бўй, сочлари тим қора, бурни бироз пачоқроқ киши эшикни оҳиста қиялатиб, эпчиллик билан сирғалиб кирди. Кўйлагининг ёқаси сарғайиб ёрилган, шимининг тиззаси сузилган, титилиб кетган қайишининг учи ёнбошида пичоқ қинидек осилиб қолган киши суд залининг ўртасига эҳтиётлик билан қадам ташлаб келди, тўрдаги баланд курсида ўтирган ҳакам, ёнидаги халқ маслаҳатчиси, аксари ҳамқишлоқларидан иборат залдаги одамлар ва панжара ичидаги Адҳамга югурик нигоҳ ташлаб олди.

Ҳакам ундан ўзини таништиришни сўради, сўнг ёлғон гувоҳлик берганлик учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилишини эслатиб, тилхатга қўл қўйдиртирди.
– Отажонов Собит, даслабки тергов жараёнида сиз гувоҳ сифатида ўтгансиз, судга ҳам гувоҳ сифатида чақирилдингиз. Энди шу ишга тааллуқли бўлган, яъни иш бўйича билганларингизни судга гапириб беринг-чи!
– Мен ўзим пахта завўдда ўт ўчирувчи бўлиб ишлайман. Шу йили ёзда анови Фарғонадан шу кичкина самолётни обкелишди. Завўднинг ичида учадиган-қўнадиган асфалт йўл бор дейишди. Бу самолёт…
– Делтамотор, – ҳакам унинг сўзини тўғрилади.
– Тўғри, тўғри! Анови делтамотор завўддан учиб, адирдаги тутқаторларга дори сепди. Қишлоқда шу делтамотор пайдо бўлгандан кейин ўртоғим, яъни Бозоров Адҳам тинчини йўқотди. Уни болаликдан бери биламан, бир синфда ўқиганмиз. Бир куни ёнимга келиб, учувчи билан таништириб қўйгин, деди. Мен таништирдим. Кейин уни уйига меҳмонга чақирди. Завўдга, анови учувчи Орифнинг ёнига ўн беш кун қатнади, анови делтамоторни томоша қилгани. Ўртоғим ўзи техникага муккасидан кетган, умр бўйи қўли мойдан чиққан эмас. Шуни орасида бир куни келиб, ўртоқ, мен учмасам бўлмайди, деди. Ўртоғим ўзи ёшлигида бир учган, анови ракетага осилиб учган.

Залда бирров кулги кўтарилди. Ҳакам столга ястанганча иягини кафтига тираб, Собитга тикилди.
– Ҳа, анови парашутли ракетага осилиб учган. Бироқ бунга қишлоқда ҳеч ким ишонмаган. Мактабда қизлар ҳам ишонмаган, айниқса…
Собит бир тутилиб олди, кимнингдир исмини айтмоқчи бўлдию, кейин шаштидан қайтиб, гапида давом этди.
– …Айниқса, анови синфимиздаги баъзи болалар, кейин қишлоқдагилар калака қилгани ўртоғимга қаттиқ ботиб кетган. Кейин ўртоғимни кўча-кўйда кўрганлар «ҳа, ракетачи» деб мазах қиладиган бўлди. Ўшанда ўртоғим барибир учаман, деб кўнглига тугиб қўйган бўлиши мумкин. Шундан бўлса керак, ҳар куни келиб анови делтамоторни томоша қиларди. Кейин ўриндиғига ўтириб, худди учаётган одамдек лабини дўриллатиб овоз чиқарар, анови чорчўпга ўхшаш алюмин рулини ҳали у томонга, ҳали бу томонга тортгандек бўларди. Учувчи йигит ўртоғимга учаётганда қанотлар қандай бошқарилиши, шамол ёнбошдан урганда чорчўпни қайси томонга кўпроқ тортиш кераклигини гапириб берарди. Амолекин учишни ўргатган эмас, анови ўртоғим учмаса ҳам учгандек бўлиб, мазза қилсин, деганда. Ўртоғим учаман деган билан унга биров рухсат бериб қўярмиди… Асли бир омади гап эди-да бу. Бир куни, анови июл ойининг тўққизинчи куни эрталаб дори келмай қолди. Соат ўнлармидийкан, учувчи бола қоровулхонада кўк чой ичиб ўтирганди. Ўртоғим ҳар галгидек ўзича учаётгандек бўлиб анови делтамоторда овуниб ўтирганда билмасдан калитни бураб юборган, мотор тариллаб ўт олиб, анови нарса бирдан юриб кетган. Ҳаяжонланган бўлса керак, ўртоғим адашиб газни босиб юборгану шундан кейин учиб кетган. Учгандан кейин қўндиришам керагу, қанотларини буриб қайтаришга уринган, шуни орасида қўшни қишлоққа ўтиб кетган. Кейин қайтишда қулаб тушди. Кўрган-билганларим шу-да энди.

Ҳакам гувоҳга саволлар борми дегандек пастга қаради. Прокурор томоқ қириб олиб, сўроққа тутди:
– Тергов жараёнида олинган баъзи гувоҳларнинг сўзларига кўра, Бозоров учгандан кейин сиз унинг ортидан мотоциклда қувиб, йўл-йўлакай «Адҳам учяпти», деб бақириб кетгансиз. Сиз Бозоровнинг ниятидан хабардор бўлгансиз, унинг учиши тасодиф эмаслигини билгансиз, шундайми?
– Йўғ-э, бу тасодиф бўлган бўлиши мумкин. Ўртоғим учиб кетганини тасодифан билиб қолиб, анови мотоциклимни ўт олдириб, ортидан қувганман. Ҳа тўғри, бақирганман, одамлар ёрдам берсин деганман-да.
– Унда нега тўппа-тўғри қўшни қишлоқдаги врачлик пунктига бориб, у ердаги аёлларга Бозоровнинг учаётгани ҳақида айтгансиз. Улар ишонмаган, кейин сиз ҳаммасини ташқарига чақириб чиққансиз, шу тўғрими?
– …Ҳа, тўғри. Мен уларни кўчага чақириб чиққанман. Худо кўрсатмасин, мабодо ўртоғим қулаб тушса, биринчи тез ёрдам кўрсатсин деганман.
– Бозоров ўша жойдан икки-уч марта пастлаб учиб ўтган, нега айнан ўша жойда айланган?
– У мени таниб қолиб пастлаган, “эй каллаварам, сен нима қилиб юрибсан бу ерда, бор, тез учувчини топиб кел, бу матоҳни энди қандай қўндираман”, деган. Мен унга завўдга қайтиб уч, деганман. Кейин завўдга қайтишда анови делтамотор пастлаб кетиб, қаноти Маҳкам буванинг бақатерагини шохига тегиб, айланиб кетди, шундан ўша чолнинг ҳовлисига тушди.

Прокурор менда бошқа савол йўқ дегандек қўл силтади. Ҳакам қўлидаги «Ролекс» соатига бир қараб олиб, гувоҳга бошқа саволлар бўлмаса, иш бўйича жабрланувчилар чақирилсин, деди.
Залга тим қора костюмда, тўқ қизил бўйинбоғ таққан пўрим бир киши кирди. Ўзини таништириб, салмоқ билан сўз бошлади:
– Бизнинг «Мовий осмон» қўшма корхонамиз қишлоқ хўжалигига катта зиён келтирадиган зараркунандаларга қарши кимёвий дори сепишда Россия Федерациясидан келтирилган тўртта делтамотордан фойдаланади. Бунга тегишли ташкилотлардан олинган махсус рухсатномамиз бор, – у шу сўзларни айтиб, ҳакамга бир муддат тикилиб турди. – Шу тумандан олинган буюртма бўйича тутқаторларни дорилаш учун битта делтамоторни жўнатган эдик. Тўққизинчи июль куни мазкур делтамотор мана бу шахс томонидан олиб қочилган, кейин унга шикаст етказилган.
– Ширкатингиз қанча зарар кўрди бу жиноят орқасидан?
– Энди… аппаратнинг мотор ва паррак қисми бутун, қанот қисми ва ғилдираклари шикастланган. Ўзимизда қанот қисмини таъмирлашнинг имкони йўқлигидан янгисига буюртма берганмиз. Бизга маълум бўлишича, айбланувчи Бозоров етказилган барча зарарни тўла қоплашни ўз зиммасига олган.
– Айбланувчига суд қандай жазо қўллашини сўрайсиз?
– Қонунда белгиланган жазо берилишини сўрайман.
Прокурор менда савол бор деб, қўшма корхона вакилига юзланди:
– Айтинг-чи, учувчи Маннопов Ориф сизнинг қўл остингизда ишлайдими?
– Ҳа, худди шундай.
– Маннопов дастлаб гувоҳ сифатида ҳужжатларда кўрсатилган. Лекин суд мажлисига чақирилганда унинг Россияда хизмат сафарида экани айтилган. У қандай хизмат сафари билан кетган?
– Маннопов энг тажрибали учувчиларимиздан бири. Биз янги “Ветер- 2” делтамоторини харид қилганмиз, ҳозиргиларидан кўра икки баробар кўп дори олиб учади. Янги аппаратда тажриба машқларини ўташи учун уни Россияга жўнатганмиз. Биласиз, ҳозир қишлоқ хўжалигида энг долзарб палла, ҳар бир дақиқа ғанимат, Манноповни шошилинч жўнатишга тўғри келди.

Прокурор чўзиб «тушунарли-и» деди, адвокат ҳам саволим йўқ дегандек, бош чайқади.
Залга ёши саксонларга яқинлаган, мошкичири соқоли калта кузалган, эгнига енгил кулранг чакмон илган, қўлидаги дўлана ҳассасига оғирлигини тўла ташламай юришидан тетиклиги сезилиб турган чол «бисмилло» деб кириб келди. Қария ҳакамнинг ўзингизни таништиринг деган саволига ажабланиб, «мен Рихсиев Маҳкамбой бўламан, тузукми», деб ҳаммага эринмай, синчиклаб қараб чиқди. Панжара ичидаги Адҳамни танимай бироз тикилди, сўнг таниб, бошини сарак-сарак қилди.
– Отахон, сиз шу жиноий иш бўйича жабрланувчи деб топилгансиз. Жиноят содир этилган куни нима бўлди ўзи, нимани эслай оласиз, шуни қисқа қилиб гапириб беринг судга.
– Энди мен нимаям дердим. Ўша куни эрталабдан роса офтоб қизиди, қисталоқ, ўтирган жойингда дув-дув тер оқади. Бир маҳал намози қазога бир думалаб олай деб таҳорат олиш учун обдастани қидириб қолдим. Болларим сув исиб турсин деб обдастани қўрғонни ўртасидаги кунгайга қўйибди. Ҳалиги жойда бориб обдастани шундай ушлаганимни биламан, қисталоқ, дастаси қуёшда чўғ бўлиб турган экан, қўлимни жиз куйдирди. Ўрикнинг тагига ўтиб, қайноқ сувда бир амаллаб ҳаҳ-ҳаҳлаб таҳорат олиб, энди айвонга қараб юрганимни биламан, қисталоқ, бир пайт осмони палакдан бир нарса тариллаб келдию ҳовлига қарсиллаб тушди. Яна немис босди-ёв, қоча Маҳкам, деб бир ирғиб ўзимни айвонга урдим… Таҳоратам синди-да шу жойда…

Залнинг ҳар жойида пиқир-пиқир кулги кўтарилди. Ҳакам столга қаламнинг кети билан уриб, тартибга чақирган бўлди. Гувоҳ беътибор сўзини давом эттирди:
– Қўрғонни этагида бир ярим яшар новвос ётганди кавшаниб. Пенса пулимни йиғиб олган эдим бузоқлигида, неварамни тўйига атаб. Эти йилтираб, жир битиб қолувди. Шу денг, ҳалиги жойда осмондан тушган палакатдан шайтонлаб қочаман деганда арқонга ўралиб, боши чотининг орасида қолиб, гупиллаб ағдарилди. Шу бўйи қайтиб одам бўмади, қассобга сўйдириб, гўштини сотдик энди, нимаям қилардик бошқа?!
– Айбланувчи Бозоровга даъвоингиз борми? Суддан ўзингизга етказилган зарарни ундириб беришни сўрайсизми?
– Энди мен нима дердим. Давойи достоним йўқ бунга, ўзи, қисталоқ, рўзғори зўрға тебраниб турибди. Отаси бечора ишга ярамай қолган, бунда онаси касалманд, хотини боғчада ишлайди, олган пули нимаям бўларди, бу ёқда тўртта мишиқиси бор…Бу қорамойга ботиб трактир тузатади, фермерларни аҳволи бу бўлса… Буни қўли қачон ёлчиб пул кўради энди?! Биззи давлат халқпарвар, шу болага раҳм қилиб, енгилроқ жазо берилса, дейман. Бу бола ўзи бир аҳмоқлик қилди… Ҳаҳ даюс, осмонда пишириб қўйибдими сенга!? Учаман дейсан-а! Яна ҳукуматти осмонида-я?!
– Раҳмат, отахон, ўтиришингиз мумкин, – деди ҳакам гувоҳнинг сўзи тугар-тугамас, кейин томоғини бир қириб олиб суд музокарасидан аввал танаффус эълон қилди.

Ҳакам залдан чиқиши билан ҳамқишлоқлар панжара томон гурр талпинди, лекин соқчилар яқинлашишга қўймай, ҳаммани суд залидан ташқарига ҳайдади. Ҳовлига чиқиб кимдир нос отди, кимдир тамаки тутатди. Сада тагида чўнқайиб ўтирган бир киши тиззасига таяниб ўрнидан турди-да, улар томонга юрди. Собит уни кўриб:
– Қайда юрибсан, ҳеч бўлмаса шу ерга вақтида келсанг ўлармидинг? – деди аччиғланиб.
– Сал кеч қопман, залга киритишмади. Бир соатча бўлди, Латофат келиб мановини ташлаб кетди, – деди у қўлидаги қора елимхалтани кўрсатиб.
– Нима экан бу? – Собит елимхалтани очган эди тубида икки юз сўмлик пул дасталари кўринди.
– Агар анови учадиган матоҳга етказилган зарар қопланса, Адҳамни шартли жазо билан қўйиб юборишлари мумкин, деб эшитибди. Шу гапни айтди-да дарров қайтиб кетди.

2011

хдк

(Tashriflar: umumiy 332, bugungi 1)

Izoh qoldiring