Oybek. Ikki qissa: Bolalik & Bola Alisher & Bolalik. Ovozli kitob

oybek

Устоз Ойбекнинг «Болалик» ва «Бола Алишер» қиссалари менинг болаликда ўқиган ва бир умрга меҳр қўйган китобларимдир. Аввал «Болалик»ни ўқиганман, қайта-қайта мутолаа қилганман. Йиллар ўтиб «Бола Алишер»ни топганман. Бу икки асар болалигимнинг севимли китоблари Миркарим Осимнинг «Ўтрор»,Ананяннинг «Қоплон дара асирлари»,Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» ва эртак тўпламлари қаторида эди.

Ойбек
ИККИ ҚИССА
04

БОЛАЛИК

052   Тор кўчада, қўшнимизнинг эски, шалоқ эшиги олдида менинг чол бобом ўз ўртоғи — узун соқолли, йирик жуссали, кар қулоқ мўйсафид билан нималар тўғрисидадир эзмаланиб сўзлашади. Бобом ориқ, кичкина гавдасини деворга суяб, чўққайган: ҳассасини тиззалари орасига қадаган. Ўртоғи эса қўпол, эски сағри кавуш кийган, узун, сертук оёқларини узатиб, офтобга яғринини тутган ҳолда, ерга ёнбошлаб ўтирибди. Кўчадан от, арава ўтмайди; шовқин-сурон йўқ. Сийрак ўткинчилар албатта қўл қовуштириб «Ассалом!» деб ўтадилар. Чоллардан бири ёки иккови бирдан жавоб беради: «Ва-алайкум…»

Мен чолларнинг атрофида айланаман. Дам бобомнинг, дам ўртоғининг гаврондай узун ҳассасини «от» қилиб минаман, тупроқда ҳассалар чизган изга қизиқиб қарайман. Кейин бу қуруқ таёқларни тарақлатиб улоқтираман. Бобом ўсиқ қошлари тагида яширинган кўзларини ёлғондака олайтириб, кўрсатгич бармоғи билан пўписа қилади, мен ҳассаларни тихирлик билан эгаларига қайтараман. Кейин бобомнинг тиззасини қучоқлайман, бир тутам соқолини ушлайман, оғзини очишга қистаб, тишларини қидираман.
— Тишинг қани? — сўрайман лабини чўзиб тортиб.

Бобом юқори жағидаги қорайган яримта тишини кўрсатиб, бармоғи билан ликиллатади, мен куламан. Зерикиб дўппимни осмонга отаман, тупроққа «пўп» этиб тушади. Бобом дўппимни қоқиб кийгизиб қўяди.
— Қани, ўғлим, кечаги чўпчакни айт! Жуда яхши чўпчак-да,— қистайди мени бобом.

Айтмагунимча қўйиб юбормаслигини биламан-да, ёд олганим ибратли бир чўпчакни айтиб бераман. «Офарин, офарин!» дейди иккови ҳам қиҳ-қиҳ кулиб. Чол мени қўйиб юбормайди.
— Қани, энди бир афанди айтиб берсин!— дейди бир кўзини қисиб бобомнинг ўртоғи.
— Билади, билади. Қани, ўғлим, афандининг боққолдан мой олганини айт,— дейди орқамни қоқиб бобом.

Мен жиндак тихирлик қилгандан сўнг тўтидай ғужиллаб бераман. Бобом қучоқлаб юзимдан ўпади. Ўртоғи соқолини селкиллатиб кулади:
— Эсинг бажо. Илоҳим мингга кир!—дейди чол. Мен яна ўйин қидираман. Юпқа девор тагидан оқиб чиқиб ҳовузчага қуйилаётган сувни шапиллатмоқчи бўламан, лекин катта лагандай ҳовузчада ёнғоқдай кичик иккита-учта оғринган олма рақс этади, шаршаракчага яқинлашиб бирин-кетин шўнғийди. Мен қизиқиб, узоқ тикиламан. Олмалар «мен сендан қоламанми?» деб бири-бири билан талашгандай, галма-гал шўнғишади. Йўқ, энди сабрим тугайди — энгашиб уларни олмоқчи бўламан.

— Ҳой, йиқилиб кетасан, ҳувари!— койинади бобом ўрнидан базўр туриб, қўлимдан ушлайди-да, уйга олиб жўнайди. Унинг қадди жуда букилган. Жуда секин юради. Ҳар қадамда «Худо!» дейди. «Сенга топширдим, Тош омон бўлсин!» деб ёлғиз ўғлини, қишлоқдаги дадамни дуо қилади.

Ўймакор гуллари билинмайдиган даражада ўчган, қўш табяқали эски эшикка кирамиз. Устунлари, тўсинлари йўғон отхонада бир кўзи кўр, қўнғир сигиримиз пишиллаб ётади. Харида мусичалар кукулашади. Бобом мени бир томони отхонага ёпишган уйига тўппа-тўғри етаклайди. У ёқ-бу ёқни тимирскилаб наматнинг тагидан катта бир калидни топиб олади-да, тўрдаги сандиқни очади. Суюниб сандиққа кўз тикаман. Қоғозлардаги, талинкалардаги ҳар хил ширинликлардан — қанд, парварда, попук, руста ва ҳоказолардан ҳовуч-ҳовуч олиб, этагимни тўлдирсам-да, еяверсам… Йўқ, бобом ичимни тирнаган бу ҳавасни билгандай мени секин четга итаради. Атиги бир-икки чақмоқ қанд, бир-икки дона ёпишқоқ попукни қўлимга тутқазади ва дарров сандиқни даранг-дурунг қилиб қулфайди. «Бувингга кўрсатма, уқдингми?» деб танбиҳлайди чол.

Бу сандиқнинг ягона хўжайини бувим эканини, ширинликларни кўз қорачиғидай аяб сақлашини яхши биламан. Шунинг учун ҳовлига чиқишга, акамга ё бирон бошқа болага кўз-кўз қилишга ўзим ҳам қўрқаман. Нимқоронғи уйда қандни қасирлатиб тез-тез чайнайман. Аммо нима бўлади-ю, лоп этиб бувим кириб қолади. Узун бўйли, ориқ камяир катта кўзларини олайтиради:
— Буванг қурсин, нега мунча сани яхши кўрмаса!— деб қичқиради.

Мен ҳовлига югураман, олма тагида ёлғиз ўзи тинчгина ўйнаб юрган акам Исамуҳаммадга кўз-кўз қиламан. У жуда ювош, шовқин-суронсиз, хархашасиз бўлганидан, қизиқиб қарайди-қўяди. Айвонда дўппи тикиб ўтирган онам бувимнинг товушини эшитиб, ундан нохушлагандай қовоғини солиб, яна қатим тортаверади. У мўмин-маъқул келинлардан бўлгани учун бувимнинг чизиғидан чиқмайди, у билан айтишмайди.





БОЛА АЛИШЕР

024Кафтига қуёш қўндирилгандай чарақлаган, кенг чорхари меҳмонхонада янги явмуд гилам устида тиғиз давра қурган қўноқлар, яқин дўстлар самимий суханварлик ила суҳбат қилурлар. Катта кашмирий шол дастурхон узра писта-бодом, мағиз, асал, хилма-хил ҳолвалар тўкилган. Меҳмонлар ошаб ичиш ила турли қизиқ воқеалардан гаплашурлар; мажлисда хуш суҳбат бир дам узилмас эди. Ғиёсиддин Кичкина — камтар, мулойим феълли, кўзлари ақлли, калта соқоли ўзига ярашган, жуссаси кичик киши. Кўпчилик уни Ғиёсиддин Кичкина дер, аммо яқин дўстлари кўпинча Кичик баҳодир дер эдилар.
Хуросон ўлкасида молия ишларида муҳим мансабни эгаллаган, Сабзавор ҳокими ҳам бўлган Ғиёсиддин Кичкина юксак мавқели беклардан эди. Ўлканинг турли вилоятларида юра-юра, ниҳоят, осмони гўзал мовий нурга чўмган, ўзининг севимли шаҳри Ҳиротдаги ҳовлисида истиқомат қилур эди. Ҳовли ҳам Ҳиротнинг шимоли шарқида, сердарахт, хуш бир манзилга қурилган эди.
Шарақлаб қайнаб турган, қорнида қуёш жилваси ўйнаган катта мис қумғонни кўтариб кирган мулозим чойнакка хўшбўй чойни дамлагач, тавозе ила хўжасига узатди-да, енгил юриб чиқиб кетди. Ғиёсиддин Кичкина пиёз пўсти каби юпқа нафис Хитой пиёлаларига чой сузиб, дўстларига бир-бир узатар эди.
Мажлис аҳлидан бири, етмишлардан ошиб, саксонларга борган қария, барлослардан эди. Қош-қовоғи осилган бу киши даставвал одати бўйича бир йўталиб олгач, сўзларини қўрғошин салмоқлиги ила доналаб гапира бошлади. Ёшлигида Темурнинг жасур жангчиларидан, севимли мард йигитларидан бўлган қари барлоснинг юзидаги қайғу кўлкасини шу тобда дўстлари очиқ кўрар, чуқур ҳис қилар эдилар.
— Туркистоннинг, Хуросон мамлакатининг аҳволига бир назар ташлангиз… Билмадим, оқибати не бўлур?! Ҳазрат Темур яратган давлат чил-чил бузилди. Темурдан сўнг хийла вақт шаҳзодаларнинғ боши жангдан чиқмади, ҳар бири ҳамиша муттасил, ўз нафсини ўйлайди, Сулаймон тахтини ёлғиз ўзига раво кўради. Ҳа, шундай шаҳзодаларнинг она сути ҳануз оғзида бўлган энг кичиги ҳам, отнинг олдинги оёғи ўзим бўламан, дейди. Муддаолари шу барчасининг. Ҳеч бир ақли комил соҳибнинг иши эмас бу. Давлатнинг илдизи бир бўлмаса, халқ жабр денгизига ботиб кетгуси муҳаққақ. Қаршимиздаги фоже аҳвол шулдир. Бу янглиғ андишалар каминанинг кўнглига кундан-кун андуҳ тўлдириб борур. Бутун жаҳонни титратган хоқон Темурнинг тантанасини кўрган биз каби қарияларнинг бундай фалокатга зарра қадар бардош бермоғи мутлақо қийиндир. Бунингдек даҳшатли фалокатни даф этмоқ тадбирини ахтариш — барчамизнинг бурчимиз.
Қуюқ туман каби ўртага чўккан сукунат бир неча дақиқа давом этди. Кекса барлоснинг айтганларидан таъсирланиб чуқур хаёлда ўтирган маъмурлардан бири совиб қолаёзган чойни тез-тез ҳўплади-да, пиёлани дастурхонга қўйди. Белида ханжар, бошида сувсар телпак, гавдаси миқти маъмур сийрак соқолини бир силаб олгач, қуюқ қошларини кўтариб, теран жойлашган кичик кўзларини кекса барлосга тикди:
— Айттанларингиз маъқул, тақсир, улуғ хоқонимиз Темур офтоб каби оламда ёлғиз эдилар, жаҳонни кўп қамраган эдилар. Ҳазрат Шоҳруҳ Хуросонда жанг бўрони, қон дарёси оқизиб ҳам бир нав тартиб жорий этолмадилар. Темур давлатининг этак-этаклари кесилди-да, қўлда қолгани қолди. Энди ҳазрат Шоҳруҳ кексайдилар. Шаҳзодалараро тағин низолар, жанг-қирғинлар алангаланиб кетмагай, деб гумон қилурмиз. Лекин амин бўлсинларки, Самарқанд тахтида ўлтирмиш Улуғбек ҳазрат бобосига муносиб илм-маърифат машъалини баланд кўтармиш олим хоқондир. Ортиқча иштибоҳлар ила беҳуда изтироб чекмагайсизлар.

088

«БОЛА АЛИШЕР» ҚИССАСИНИНГ ДАВОМИНИ
CALAMEO ДАСТУРИ ЁРДАМИДА
МУТОЛАА ҚИЛИНГ,
ПРИНТЕРДАН ЧИҚАРИНГ
ЁКИ ЮКЛАБ ОЛИНГ.

09

(Tashriflar: umumiy 8 225, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring