Muhayyo Rustam qizi. Yangi she’rlar

011    «Хуршид Даврон кутубхонаси» ўз фаолиятини илк кунларидан ўзбек адабиёти майдонига кириб келаётган ёш ижодкорларга катта эътибор бериб келаётгани сир эмас. Бугунги соҳифамиздаям шеъриятнинг машаққатли йўлидан дадил ва зийрак қадам ташлаётган ва бундан аввал ҳам саҳифаларимизда шеърий туркумлари эълон қилинган Муҳайё Рустам қизининг янги шеърларини тақдим  этмоқдамиз.

Муҳайё Рустам қизи
ШЕЪРЛАР
05

ҚОРМАЛАК

Тўзғиб-тўзғиб бўралайди қор,
Оқ кўйлагин кийади шаҳар.
Аёл эрин ишга кузатиб
Деразадан термулар саҳар.

Баланд уйлар, еттинчи қават,03
Қордай оппоқ, ҳарир кечалар…
У аёлнинг сочлари каби
Оқаради сокин кўчалар.

Жилмаяркан аёл ойнадан,
Эр ҳам қара-аб қўя тепага.
Тўрт фаслда адашмади ишқ,
Тўрт фаслда меҳр – энага.

Ташқарида ёғаётган қор-
Икки дилнинг майин изҳори.
Мусаффо тонг ойдин кўнгилнинг
Отаётган кумуш наҳори.

Қор тинмайди… Аёздан пана
оппоқ-оппоқ бўралар хаёл.
Бир оташин ўйларга чўмиб
деразада эрийди аёл …

***

Чексиз осмонингда порлар юлдузим,
Йўлингни ёритгай ёруғ кундузим.
Муаззам дарахтман саодатга ғарқ,
Сенинг юрагингда менинг илдизим.

Толеинг баланддир-иқболим порлоқ,
Жоним жонингдадир, соҳиби омон.
Умринг йўлларидан ўтар ҳаётим,
Менинг мавжудлигим сенда намоён.

***

Мен сенга етмадим
Ўзимдан кетиб,
Юрагимга тушди бир ҳовуч ёғду.
Икки шаҳло кўзинг ёнди кўзимда.
Сенга етмадим.

Кўзларимда ёндинг, мен кўзингда йўқ.
Сенда йўқ эканман, ўзимда ҳам йўқ.
У кеч энг бедаво телбаму эдим,
Сен меники дедим, меники дедим,
Сенга етмадим.

Эй, ёр,
эй, менинг дилозор ёрим,
эй менинг аввалим, менинг охирим.
Руҳимни самога бердим,
бағрим тупроқда.
Ўз бошимга етдим,
Сенга етмадим.

***

Мен ой каби юввошми?
Ё шамолдай бебошми?
Ё саратон сархуш-ман,
Ё ялдойи беҳуш-ман.
Ё куз менга ошиқдир,
Ё кўклам- ҳур қўшиқдир,
Ё мовий кўк –анбарим,
Ё чаман –гулчамбарим.
Ё шом соҳир маҳрамми?
Ё тонг маним чеҳрамми?
Ё гул ҳиди созимдир,
Ё ёмғир овозимдир.
Ё кундуз сувайдоман,
Ё тун нури пайдоман.
Ё армон ўсган боғман,
Ё ғамдан бунёд тоғман.
Ё шафақ – ол меҳробим,
Ё қоришиқ туробим.
Ё муродга марг бўлдим,
Ё нусратга барг бўлдим.
Ё мен дунда бадарман,
Ё кофурий кадарман.
Ё шўр қисмат кўй менга,
Ё охирим тўй менга.

Ё, саботим манзурму,
Ё, гуноҳим мағфурму,
Ё, дегил, не озорим?
Ё шойиста мозорим.

ЁМҒИРДА

Ёмғир-шеърий фасл, сирли манзума,
Энг латиф оҳангдир, мискин бир наво.
Дилгир тахайюлга маҳзун муножот
Дилрабо қўшиқдай мусаффо садо.

Ёмғир ёғаверар, ёмғир тинмайди.
Алла айтаётган она мисоли.
Менинг кўзларимга урилар фақат,
Хаёлчан бир қизнинг маъсум нигоҳи.

Чалар соз, созидан таралар ёмғир,
Томчилар муаттар фитратидан роз.
Бу дилкушо куйга чўмилиб яшай,
Руҳимга оқмоқда мусаллам овоз.

Ёмғир ёғаверар,ёмғир тинмайди,
Сирли осмонлардан хобир мужтабо.
Тўлдингми, борингни тўка қол, кўнглим,
Ёмғирга марҳабо, шеърга марҳабо.

ОЙ СОҲИЛИ

1.Маъюс ёлғизликка
куй чалар кеча,
Сукут тўлқинида
нур оқизар ой,
Кўк қаърига тортди диққатим.

2.О-о,
нақадар тубсиз зулмат бу…
Кўзларимни қаритди жимлик,
юрагимни ялади ваҳшат.

3.Мен Осмонга
бир томиб кўрдим.
Осмон чуқур…
Жудаям чуқур…

4.Сенсиз қандай яшайин энди?..
Сенсиз қандай яшайин энди?..
Бирам сокин Ойнинг шуъласи…

СИРОТ

… Тағин адаштирди кемани тўфон,
Денгиз балосига йўлиқди сайёҳ.
Қутирган шамол-ла курашар нолон…

Қутирган шамол-ла курашар нолон,
Курашар бедаво тўлқинлар ила.
Жон қасдида ҳамла қилади уммон…

Жон қасдида ҳамла қилади уммон,
Судрар, силтаб отар шўрлик йўлчини.
Девдай босиб келар қоп-қора осмон…

Девдай босиб келар қоп-қора осмон,
Зулфиқор томчилар савалар тинмай.
О, денгиз, балои азим беомон…

О, денгиз, балои азим беомон,
Не садаф танларни юбормиш ютиб,
Не мустафо жонлар қаърида қурбон…

Не мустафо жонлар қаърида қурбон,
Қаттол уммон ҳусни мафтун этар бот.
Эй, сен, бардам бўлгин, оғма, эй мардон…

Эй, сен, бардам бўлгин, оғма, эй мардон,
Даҳшатли сувкўприк—сирот ваҳшати.
Омон ўт, бу йўлдан, ҳазрати инсон…

Омон ўт, бу йўлдан, ҳазрати инсон,
Ҳаёт денгиз мисол солмоқда сурон.
Бот-бот адаштирар кемани тўфон…

***

Эй, ёри меҳрибон, дилсултон,
Қирмизи қирларга кетайлик.
Лолалар қатлида уздим жон,
Ул алвон сирларга етайлик.

Боқ, ҳануз дарёлар солланар,
Мовий тус осмон-ку изҳорим.
Кўксимда турналар жонланар,
Келсанг-чи, ишқташна баҳорим.

Эй, ёри меҳрибон-нуржаҳон,
Кўкда ой- бинафша малолим.
Намозшом гулига тўкдим қон,
Капалак руҳида хаёлим.

Мен каби ёнмагай хуршид ҳам,
Шом маҳал йиқилар ул аста.
Тун бўйи дардимга баҳам шам,
Ёстиқлар ингранар шикаста.

Эй, ёри меҳрибон, мен — хазон,
Оввора япроқлар чирпирак.
Ям -яшил исмимда заъфарон,
Мезондай тентийди сор юрак.

Яланғоч дарахтлар-меҳмоним,
Куз каби сағирман, етимман.
Ёмғирлар бостирар исёним,
Келмасанг айт, кимман, мен кимман?

Эй, ёри меҳрибон, ишқ ёмон
Қарғалар тилида қисматим.
Қовоғинг заҳмида қаҳратон,
Довулми , изғирин исматим?

Сочимда қировлар илдизи,
Чучмома ҳидидан гуллайман.
Мен сенинг қишингда қор қизи,
Ёзиғим на бўлғай, билмайман.

Эй, ёри меҳрибон, қадрдон,
Васлингни истарман муттасил.
Ҳисларим тўлқини напармон,
Кўзларинг измида тўрт фасл.

Тақдирми, иккимиз туташмиз,
Севгилим, мен –тупроқ, сен –осмон.
Не ошиқ маъшуққа ўхшашмиз,
Бу дунё кўрмаган ҳеч…
ҳамон…

Эй, ёри меҳрибон…

****

Даҳрга дил берганнинг
Аллоҳга даъвоси йуқ,
Ошиқнинг ишқдан бўлак
гўзал иддаоси йўқ.
Жононини топганлар
жонини унутгайдир,
Ёр васлига етмакдан
ўзга муддаоси йуқ.

Юлдузлар гул тўксалар,
қуёшдан ёғса ифор,
Не наф ғариб кўнгилга
дунёнинг сафоси йўқ.
Оламлар жилвакордир,
ҳар тарафи баҳордир,
Вале завқи бекордир
ҳуснининг маъноси йўқ.

Хушторлар зор ўтгайдир,
ёр деб қонлар ютгайдир.
Бунда қолиб нетгайдир,
Одаму Ҳаввоси йўқ.
Ажаб тонглар отмакда,
уфқим қайга ботмакда,
Мани ғам уйғотмакда,
дардимнинг даъвоси йўқ.

Ўз нафсимга қул бўлдим,
иблис босган йўл бўлдим.
Қайғинг чўккан кўл бўлдим,
фарёдим адоси йўқ.
Раҳм айла деб эланган,
пушаймонга беланган,
Бир султонга тиланган
ман каби адоси йўқ.

***

Кеч куз…барглар тўкилди эссиз,
Борлиқ узра тахайюл ҳоким.
Япроқларни кузатиб унсиз
ёмғир бўлиб йиғлаяпман жим.

Ана мезон учар тентираб,
хаёлимдай кезади насим.
Ҳу-ув самода парқудай оппоқ
булутларга келар ҳавасим.

Сариқ денгиз-хазон чайқалар,
мискин наво-тебранади боғ.
Орзуларга қиличлар қадаб
хўшлашади сокин тийрамоҳ.

Дилгир ҳаво мен каби мулзам,
қуёш ишқи бағрини тилган .
Балки бахтли бўлардим мен ҳам
учи-иб кетсам турналар билан.

Кеч куз…Барглар тўкилди эссиз..

***

Мунис туйғуларни ғижимлар озор,
Қоп-қора зулфларда қўним топди қор,
Бу масрур дунёда мажруҳ муҳаббат
Унутилди баҳор, унутилди ёр.

Кўзимни беркитдим кўз ёшим билан,
Хиёнатинг ёпдим бардошим билан,
Сўнгсиз умр кўрдим ёш бошим билан
Унут бўлди баҳор, унут бўлди ёр.

Эй, сас бер, овоз бер, руҳимнинг рози,
Чорбоғимда меҳмон гулнинг пардози,
Дил чалса боз ишқнинг такрорин , созин
Уни тилди баҳор, уни тилди ёр.

Агар қайта олсанг омондир боғим,
Юрагим-аламдан қотган қадоғим.
Қўрқма, қўлимдаги тошмас, сабоғим
Унутилган баҳор, унутилган ёр.

Ҳали оқ олмадай гуллагим келар,
Умримни ифорга белагим келар,
Ўзимдан ҳам аввал тилагим келар
Унутмаса баҳор, унутмаса ёр.

Сенинг заққумингни ичдим абгорман,
Таназзул бу ҳаёт, менда душворман,
Токи мастон ҳуснинг, лутфингда борман
Мени унутма ёр, унутма баҳор.

ОҚ ОЛМАЛАР ЭРТАГИ

Қади-имда,
ёдимда
бир шоҳ ва малика яшарди.
Шоҳ гўё бўронлар наслидан,
малика осмонга ўхшарди.

Ул диёр…
ул диёр беҳад тинч,
беқиёс мамлакат эди у.
Кимдир шу,енгилмас салтанат,
Бахтларнинг ўлкаси дерди-ку.

Шоҳ мудом кўнглининг боғидан
эрта-кеч олмалар терарди.
Малика емасди уларни,
малика бизларга берарди.

Умр ва йилларнинг ортидан
даврлар, замонлар оқарди.
Одамлар алқарди подшони,
менга-чи, малика ёқарди.

Шоҳ анча шўх эди, қурмағур,
Бермасди ҳеч кимга тожини.
Малика офтобда солланиб
тарарди сунбулдай сочини.

Мен бола…
Мен гўдак ёшимда
олма е-еб томоша қилардим.
Қудратин ҳис қилиб қошимда,
уларга омонлик тилардим.

Ой ўтиб,
йил ўтиб,
мен севган
боғлардан олмалар ариди.
Кўзларим ўнгида эртакдай
шоҳим ва маликам қариди.

Билмадим, бали биз уларни
Энг сулув фаслдан тўсганмиз.
Шоҳ терган, малика улашган
Олмалар таъми-ла ўсганмиз.

Эҳтимол ўшанда дийдамиз
Бўронлар сеҳридан тўлгандир.
Кўнглимиз кенглиги осмондай,
Давлат ҳам мукаррам бўлгандир.

“Қирилсин”( малика тилидан)
Шоҳ ҳануз тожини бермайди.
Малика олмадай оқарган
мажнунтол сочини тарайди.

Қуёшда тоблашиб ўзларин
ўтирар икки дил баҳори.
Озгина эскирган салтанат,
нураган лойсувоқ девори…

Эҳтимол ўшанда уларни
энг сулув фаслдан тўсганмиз.
Шоҳ терган-малика улашган
олмалар таъми-ла ўсганмиз.

Биз эса уларнинг боғидан
Эрта-кеч олмалар теряпмиз.
Ва шоҳу малика ўтмишин
Қадимий эртакка беряпмиз.

Кунлардан бир куни…
Бу эртак
Кўнглимда уйғотди таҳлика.
Шоҳ ҳасса таянди чол бўлиб,
Кампирга айланди малика.

Қади-имда,
Ёдимда
О-Л-М-А-Л-А-Р…

***

( …га)

Ҳуснига таманно, ўз лошига мот,
Гўзал қасрларга танда қўйган мор.
Нажиб эртаклардан чиққан алвасти,
Бир думалаб ҳурга айландинг такрор.

Зулматда семирган соядай қўрқинч,
Ваҳшати муваққат кўлкадай ўтдинг.
Ай, жудогар пари, бу тун ўткинчи,
Қуёш борлигини нега унутдинг?..

***
Бармоқларим сочилиб кетди
рутубатли фасл қаърига.
Мен баҳор деб ўйлабман қишни.

Ниҳо-оятда узоқ янглишдим,
ёриб кириб муз қатламини
маҳобатли улкан кемадай.

Ортга йўл йўқ, осмон ҳам бекик.
Ахир сочим гуллади қийғос
Қояларга санчилиб умрим.

Фақат қушлар…
Қушлар бор кўкда,
орзиқтирар мудом хаёллар.
Дил тубида овозсиз фарёд.

Юрагимдан уфурар афсус.
Муҳаббатинг-абадий музлик.
Нега мени танладинг,нега?..

ЧЎЛИ ИРОҚ

Гўшангада йиғлар ёр,
Ғужғон айланар ари.
( Гулга томади азоб…)

Оҳ, бунчаям тун узоқ…
Узилади бармоқлар.
(Қурт босар гулғунчани…)

Ерга сиғмас баҳодир,
Қиличдан ўткизади
бир-бир гулнинг ҳидини.

Узункокил, хуррам қиз,
Талашар чумолилар
Ари тишлаган гулни.

Қулади сойга ҳилол,
Қон туфлади баҳодир.
(Эски чориқ кийди тонг…)

***

Бу-эшик!
Мана бу –дераза!
Бу-чойшаб, қўш ёстиқ,
Буниси-тик қотган тўрт девор!
Бари бор.
…СИЗ ЙЎҚ.

Жимгина тикилар дераза,
Эшик ҳозир йиғлаб юборса керак
(кўзларим тешиб юборди уни).
Чойшаб ингранади, ёстиқ хўрсинар.
Тўрт девор қилт этмас,
Жимлик чўккан уй.
…СЎЗ ЙЎҚ.

Кетаман.
Қоласиз ўрнимда
Мен каби эшикка термулиб.
Тош қотган тўрт девор чўкмас тиз.
Ҳаммаси ўшандай-чойшаб…ёстиқлар…
Бари бор, аммо
сизни кутгувчи
ҚИЗ ЙЎҚ…

ТАВАЛЛО

Эвоҳ, баланд том устида икки кабутар
Ғўнғирлашиб ўзларича айларди висол.

(Саккиз эшигини кўрдим жаннатнинг.)

Қуёш оқиб тушди, Осмон қулади,
Бердим ҳавасимни Гулиқаҳ-қаҳга.

(Қиёмат қойимдир, қиёмат қойим).

Юрагимга юмалади ҳур фаришталар,
Артдим кўзларимни этакларига.

(Боғи Эрам узра тонг отадир, тонг…)

Бир сенсан, бир менман.(Ягона- ХУДО!!!)
Иккимиз биттами, икки дунёга?

(Бокира хаёлга айладим ҳижрат…)

ЗАНГОРИ МАСОФА

Бугун субҳда
кеча ёвшанзорда тунаган
тонг қушлари қилдилар хониш.

Янграб турди сойдан
бақаларнинг
масрур қийқириқлари.

Анов учаётган
дарахт япроғи
мен бўлсам керак.
Ранги ўхшаяпти рангимга.

Шарқдан ғарбга томон
жадал йўрғалар
луччак шафтолидай
қирмизи қуёш.
Сувга оқиб кетди овозим.

Бугун саҳарда
жимгина кузатдик
бир-биримизни…
Кейин қаёққадир жўнади Вақт ҳам.

ЮМАЛОҚ ҚЎШИҚ

1.Барра майсаларга тўкилган
иссиқ найсонлар каби
томаяпти яшил кўнглимга
бир томчи ифор.

2.Кўзларимдан буғ чиқаётир.
Киприкларим узра
ёнаяпти шабнамлар лов-лов.
Ҳарорати кўтарилган ёноқларимнинг.

3. Ҳасрат элчилари-зумрад томчилар
кўзларимга келиб қуйилар қондай.
Томиримда оқар милтираган нур.

4.Менга озор берма энди ҳеч,
Тўкилади дардимдан оҳанг.
Мен сочилиб кетаман ахир,
Кўнглимда очилса атиргул.

ПАРАДОКС

Соғинганим ҳам-СЕН сан!
Сиғинганим ҳам-СЕНсан!
Ўйлаганим ҳам-Ўзинг!
Сўйлаганим ҳам-Ўзинг!
Қалбимнинг қўрида-СЕН!
Юракнинг тўрида-Сен!
Кўзимнинг нурида-Сен!
Билмам, ўзим қайдаман?..

***

Биласизми, мен…
Баъзида дарахтман.
Бармоқларим билан қитиқлайман
ойни ,
қуёшни.

Баъзида дарёман.
Ўзанни бузиб,
ўйнайман тоғ-тошни.
Гоҳида шамолга айланиб
ичиб юбораман ҳавони.
Биллур булутларга ёнбошлаб
сайр қиламан етти самони.

Баъзида қудратли кучманки,
завқ-шавқим ошади, тошади.
Аммо ҳозир…
сизни учратиб
би-ир кўнглим бўшади.

Биласизми, мен…
Сизнинг олдингизда…
ҳеч кимман…

ОЙСИЗ ҚОЛГАН ОСМОН ҚЎШИҒИ

(Қизим МОҲИНУРИМ хотирасига)

1.Кетдинг…
Очиқ кетди кўзларинг…
Юммоқчи бўлдик биз, тупроқлар сурдик.
Сўнгги бор ўжарлик қилдинг, юммадинг.
Очиқ кетди ва…
менинг ҳам
кўзларимни очиб кетди кўзларинг!

2. Мен Кузга айландим.
сам-сариқ Кузга.
Дарахт бўлдим барги тўкилган.
Дарахт бўлиб йиғладим бўм-бўш
ҳавони чангаллаб.
Сарғарди аламлар бошимда.
Ҳадемай шу сариқ бошимдан
Бошланади Қиш!

3. Шу дўппайган қабр- сенинг Ватанинг
(тупроғини сурдик кўзингга)!
Ватанингда тинч ётгин боламм…
Сендан менга мерос қолди бу қисмат.
Ўшал қисмат- менинг Ватаним!
Ватанимда гирён қолдим мен…

4. Баъзан сени шундай ахтараманки…
Ҳар тарафга ўзимни уриб излайман.
Ва
Йўқотиб қўяман ўзимни.

5.Сен бор эдинг-
мен Осмон эдим.
Моҳи-имм,
бирдан қайга йўқолдинг?
Шу чексиз борлиққа сиғмадим сенсиз.
Сенингсиз
тўкилдим,
ер бўлдим,
тупроқ бўлдим мен…
Сени кўкайимга кўмиб кетишди.

6.Сен менга ўхшадинг,
Менга ўхшаб кетдинг кейинги кунлар.
Мен сени бағоят севардим.
Кўнглимни осмонча кўтардинг-
менга ўхшадинг!
Мен эса…
мен…
ўхшай олмадим сенга.

7. Мен сен билан қайта яралган эдим.
Сен кетиб қолдинг.
Мен бўлсам
қолиб кетдим ортингда
жажжи хотирангни қучоқлаб.
Мен сен билан туғилган эдим,
мен сен билан ўла олмадим…

8.Жимлик истаяпман
товушингни илғамоқ учун.
Мен шу қадар сергак турибман
ҳатто
эшитяпман кўзларимдан оқётган
томчиларнинг
ноласини ҳам
ва
шу қадар гаранг қолибман эвоҳ,
эшитолмаяпман сенинг сокинлигингни.

9.Бирдан жимиб кетди юлдузлар,
Кўзларингдай қора тортди тун.
Ердан бир дод ўрлади кўкка:
тўсатдан…
бевақт узилди…
Ўн беш кунга етолмаган Ой…

***

Унутиб қўйибман исмимни,
Ким деб аталишим билмайман.
Сўнгги йиллар китобин титиб
тополмадим ҳеч қурса ўзимга таниш от.

Қанча йиллар ўтди.
Ҳеч ким чақирмади,
ҳеч ким чорламади
биров сўрамаган исмимни
бир умрга унутиб қўйдим.

Олис қишлоқдаги
пахса девор ёнида
тахта ўриндиқда ўтирган
бир чол ва бир кампир юрагида қолиб кетди У…

***
Ай, гулларни соғинган дала,
Баҳор бизни унутиб қўйди.
Капалаклар кўз юмган палла
Олис уфқда шафақлар куйди.

Ахир кутдик жонимиз тика,
Кўнгил тошди бемаврид, афсус.
Бадар кетди бедил малика
Соғинтириб кўклам, дилафрўз.

Кўксимизни аёз беаёв
Минг еридан чавақлаб ўтди.
Қолавердик бўшгина, баёв,
Баҳор бизни буткул унутди.

Ай, гулларни соғинган дала…

ТУНГИ ХИРГОЙИ

Кўкси йиртиқ юлдузлар
ёқаларин ямайди.
Бир қиз сочини шамол
Тили билан ялайди.

(Шомда уфқ рошига ўрнатинглар чимилдиқ…)

Итлар ҳурар бетиним,
Манзилга чорлов шудек.
Ҳаяжонда энтикиб
йигит кийади этик.

(Ороланар кўкда Ой..)

Юраги идрар қизнинг,
Сойга думалатар тош.
Кўзидаги тўлқиндан
юзларига томар ёш.

(Шунча олисми Осмон?..)

Ишққа мубтало йигит
бармоғини тўғрайди.
Қони оққан бармоқлар
қиз сочини сўрайди.

(Оёқ из ботмас Ерга…)

ҲЕЧ ҚАЧОН АЙТИЛМАЙДИГАН ҚЎШИҚ

Узатдим…
Онамга етмади қўлим,
Қишлоғимга бормай чалғиди йўлим,
Онам кечирмайди,
отам кечмайди
Фақат мендан кечиб кетади ўлим.
Охират…Ана у, мана бир қадам.

Қалдирғоч – ҳавасим, уйим меҳмони,
Меникидан кўпроқ унинг имкони.
Кўзим-ёшга тўлган дарё халқоби,
Кўзим-буюк уйнинг икки қурбони.
Эвоҳ, соғинишдан ўлмаскан одам…

Қоп-қора бўлдиму тақдир қилди оқ,
Мен ўлиб яшадим туғилмасданоқ.
Мен-дайди,
мен-дайди,
мендайди дунё,
Дунёни кўрдим у- қип-қизил гуноҳ.

***

Менинг соҳиргинам, ғойибрухсорим,
Тиши нур, лаби гул, бинафша ёрим.
Кўзи марваридим, қаҳрабо ёноқ,
Камалак жилвали яшил асрорим-
хуш келдинг, лоларўй фаслим, Баҳорим!

Менинг ёмғирдилим, рангин чодирим,
Чаман кокиллигим, сирли содирим,
Бармоқлари – куртак, баракақадам,
Қалдирғоч қанотли тўлқин зоҳирим—
хуш кўрдик, булбулгўй фаслим-Баҳорим!

МУСОФИР ЎЛАН
1

Самарқандда
саккиз йилдан буён,
иссиқ кўрпасига ўраниб
соч-соқоли қордай оқарган
оппоқ отам бор менинг.

Самарқандда
оқ булутдай оппоқ отамнинг
момиқ кўрпаларин қавиган
дуолари қуёшдай қайноқ,
илтижоси нур каби заррин,
меҳри алангага ўхшаган
кундайин нурафшон энам бор менинг.

Самарқандда
ўша оппоқ отам билан иссиқ энамнинг
тақдирини куя еб қўйган,
қисматига бит оралаган
холис хаёл ўғли-
жабрдийда падарим бор менинг.

Самарқандда
ҳилпираган байроқчалар-жон жигарларим,
нажиб алифболар-юлдузчаларим,
офатижон синглим, шўх укаларим-
жажжи мамлакатим бор менинг.

Самарқандда…

2

Жаранглайди хотира,
Потирлайди хаёлим.

Кўкда зангори ҳилол.

Кўзим учди-жуфт турна,
Кипригим қоқди шамол.

Чайқалар кекса денгиз.

3

Айро, айро, жон айро,
Мусофир бошим айро.
Айро, айро, жон айро
Қисмат қуёшим айро.
Айро, айро, жон айро
Сабрим-сирдошим айро.
Айро, айро, жон айро,
Бахтим бардошим айро.
Айро, айро, жон айро
Кўзимда ёшим айро.
Айро, айро, жон айро
Палаҳмон тошим айро.

4.

Дарча очилади ғийқиллаб.
Яна ёпилади ўзи ғийқиллаб.
Дарчадан бошини чиқарар кампир.

Пахса девор энгаши-иб қарайди,
Кўчиб тушар лой сувоқлари.
Қабоғимда нурайди фурсат…

Имлаяпти томда қизғалдоқ.
Рўмолча силкитар дарахтлар:
“Кел, энди ярашамиз, кел.”

5.

Додейй…

Ойдин тунлар тушларимда оқ булутлар кезадир,
Мен тупроқда ул ҳарирлар самоларда сузадир.
Жоним оппоқ булутларни бир омонат сезадир,
Маним дилим ўртасинда хавотирлар ўсадир.

Додейй…

Музтаргина хаёлимни алангалар чулғайди,
Музлаб кетган юрагимни иссиқ оташ чўғлайди,
Ҳисларимни пок меҳрнинг илиқ тафти ўрайди,
Энам мени кўрганлардан,эшитгандан сўрайди.
Додейй…

Кундузимга куя тушди, тунларимга бит тушди,
Кўксим куйиб роҳатимга, оромимга ўт тушди,
Нега мени тусадингиз, отажоним- ҳоксорим,
Сизни эслаб, сизни қумсаб менинг бағрим увушди.

Додейй…
Қишлоқ қолди, ҳамма қолди, ҳаммаси мендан қолди,
Болаликдан ҳавасимни олис шаҳарлар олди.
Мени истаб, мен истаган айтинг, яна ким қолди?
Жон-танимда, эс-ҳушимда энди тинчим йўқолди.

Додейй..

6.

Ғир-ғир шамол, эс, шамол,
Қалдирғочнинг ўлани-
Тоза ҳавода юрак.

Ғир-ғир шамол, эс, шамол,
Эгасиз арғимчоқлар.
Титрар муаллақ қўллар.

Ғир-ғир шамол, эс, шамол,
Йўл-илон (ўлиб қолган).
Лайлак тишлаб еди илонни…

7.
Булутларга ҳижрат,
алангага саёҳат,
хаёлга зиёрат,
Самарқандга сафар…
Ҳилпираган байроқчалар чорлайди.
Улар қадар чўзилган соғинч.

***

Қадди эгик мажнунтол,
Ерга сочинг тўшайсан.
Ҳар боқишинг бир савол
Худди менга ўхшайсан.

Менга ўхшаган ёлғиз.
Менга ўхшаб адосан.
Сенинг шаклингдаги қиз,
Менга ўхшаб хатосан.

Ҳа, иккимиз бир хато,
Ҳа, иккимиз сабрмиз.
Аллоҳ берган жон ато,
Ўзимиз-чун қабрмиз.

Ўзимизга ўзимиз
Шарҳсиз ҳукм айтамиз.
Дам йўқоламиз изсиз,
Дам ҳаётга қайтамиз.

Қадди эгик мажнунтол,
Кел, сочингни ўрайин.
Кел, сўрайин ҳол-аҳвол,
Ой юзингни кўрайин.

Кел, юзингни яширма,
Ахир менинг ўзимсан.
Дардларингни тоширма,
Сен бардошсан, тўзимсан.

Менам сендай бир абгор,
Кўкка бўй чўзолмайман.
Гуноҳи йўқ гуноҳкор
Ойдан кўз узолмайман.

Менга боқма лолу лол
Қачон дарддан бўшадинг?
Қадди эгик мажнунтол
Бунча менга ўхшадинг.

МИНГИНЧИ КЕЧА

1.Мен қора кийаман,
Мен тун кийаман,
Сингиб кетаман олис ва маъюс зулматга.

Умримни хаёлларга совуриб
Ўткизаман
би-ир кеча вақтни.

2.Келмайсан…
Қабоғимда тин олар жоним.
Кўзимда кўз ёрар заъфарон дардлар.
Сени соғиниб кетяпман ахир.

3. Кўзларингдай қора осмонни
Кўзларимга босиб йиғладим.
Узр айтдим рангпар севгимга
“мен тунда… тундан қўрқаман…”

4.Ой-муножот,
Олам-мунгли куй,
Ғам сим-сим,
Тонг-тилсим.
Нега ҳеч ким?..
Нега жим?
Ишқ – даҳшат,
Жон таслим.
Мен қоронғу тортиб кетяпман…

***

Сен унутиб юбординг мени,
Мен ҳам сени эслаганим йўқ.
Фақат эзи-иб ёғмоқда ёмғир..

Гул базмида адашди баҳор,
Қани менга аталган ғунча?
…Бунча олис учди турналар?

Сен қўшиқ куйлайсан Ойга термулиб,
Ўтирибман ёнингда маъюс.
Дайдир тунда шалаббо кўнгил.

Ойни узиб берасан менга,
Капалакка едирмоқчиман
эслолмасак бир-биримизни.

Унутиб қўйгансан сен мени,
Мен ҳам сени эслаганим йўқ.
Фақат эзи-иб ёғмоқда ёмғир…

***

Дунё мени ҳайдаб юборди,
ёмғирларнинг сояларига.
Томчиларга қилдим иқтидо.

Кўзларимни чалдим, тўкилди,
Шовиллаган сирли манзума.
Мен жон уздим кўнгилга атаб.

***

Бу кеч менинг тушимга кирди,
Осмондан узилган юлдузлар.
Мунаввар тунларни изладим.

Ҳансирайди теграмда хотир,
Чайқалганча хаёл сатҳида
Уу-увв, мастон дилимни истадим.

Болғалади руҳимни дунё,
Манглайимга ғам қоқди ҳаёт.
Тоғ ясадим қийилган жондан.

Қонаб кетди қорачиғларим,
Тун қаърида мажҳул тахайюл.
Мен оғи-ир ҳавога йўлиқдим…

ТОАТ ЛАЗЗАТИ.

Ё, Роббим, дилимни ўзингга ром қил,
Тоат манзилида руҳимга дом қил,
Магар севиб, севиб. севиб ўлойин,
Ишқдан лаззат бериб, мангу ором қил.
Кўз ёшим маст этсин, кўксимни жом қил,
Ё, Роббим, ўзимни Ўзингга ром қил.

Шул дамда кўнгилни банддан ечдим, Ёр,
Умрим лавҳи узра маҳзун учдим, Ёр,
Мақсудим измида хушу нохушман,
Билмасман ўзимдан қандоқ кечдим, Ёр.
Маним борлиғимни васлингга жам қил,
Ё, Роббим, ўзимни Ўзингга ром қил.

Аллоҳим, нурингдан қуёш истадим,
Тан ила жонима талош истадим,
Кўз ўнгимга келсанг, гумроҳлигим-чун
Қонга айлангунча кўз ёш истадим.
Қаро кечаларга зоримни шам қил,
Ё, Роббим, ўзимни Ўзингга ром қил.

Бу ранжу ҳасратим васфинг арзидур,
Нолаи афғоним раҳмат фарзидур.
Қулингнинг ҳолини бундан хор этсанг,
Сабру садоқатим жоним қарзидур.
Комил мўминликни наслимга шон қил,
Ё, Роббим, ўзимни Ўзингга ром қил,

Дунё-да ўткинчи, мен-да кетгайман,
Амри вожиб қилсанг, баски кетгайман,
Фасли тазарруда рўйи заъфарон
Эвоҳ, муродимга қандоқ етгайман.
Товбамнинг селини оби-замзам қил,
Ё, Роббим ўзимни ўзингга ром қил.

***

Кўнгилни ғафлатдан озод қилсайдим,
Кўз ёшимга тўлсайдим, тўкилсайдим,
Бу дунёда телба ошиқ бўлсайдим,
Ва васлингга етармидим, билсайдим,
Жамолингга мафтун бўлиб ўлсайдим.

Қизғалдоқдай титраб-титраб уйғонсам,
Суягимдан ўтин қалаб кў-ўп ёнсам,
Жононимни жонимданам қизғонсам,
Ўз ҳолимга бир йиғлаб, бир кулсайдим,
Жамолингга мафтун бўлиб ўлсайдим.

Гарданимга маъшуқликни орт, Ёрим,
Тарозингда муҳаббатим торт , Ёрим,
То қиёмат чалиб ўтай дил торим,
Ёр, кўйингда юрагимни тилсайдим,
Жамолингга мафтун бўлиб ўлсайдим.

Мангу ишқнинг мубталоси бўлай ман,
Дарди оғир, бедавоси бўлай ман,
Шайдоларни мустафоси бўлай ман,
Нафс ўтини гул боғимдан юлсайдим,
Жамолингга мафтун бўлиб ўлсайдим.

Ёқдинг мани, ёндим, куйдим, кулингман,
Буюрсанг бас ёмғирингман, дўлингман,
Роббим, сенинг интизор бир қулингман,
Зулматдан ошёни нурга келсайдим,
Жамолингга мафтун бўлиб ўлсайдим.

Жоним Аллоҳ, бахтга нозил , эт мани,
Феълим ёмон, ҳушёр нозир эт мани,
Ўлум байрамига ҳозир эт мани.
Висолингга етгайманми, билсайдим,
Жамолингга мафтун бўлиб ўлсайдим.

***
Дилим сиёҳига ботирдим тунни,
узо-оқ тикилганча
ҳавода муаллақ чайқалаётган
армон нуқси урган суратга…

Оқ гулчамбар таққан зардоли,
Ўн еттига тўлган дуркун қиз,
Осмон тасвирига ҳамоҳанг Ёшлик…

Рангли-рангсиз
гуллар сочиб ташланган,
адоғи йўқ ёлғизоёқ йўл.
Жадал кетаётган
олтин аравага
қўл силтаб қолган
Оғи-ир бир жимлик.

***
Хитой чинннисидай
софдир юрагим.
Узлуксиз жаранглар
бир марта чертсанг…

Бодом гулларини
ургандай совуқ
санчилганда гарданимга
қисмат тиғлари.
Замҳарир ялаган идишларимда
совумади сенинг насибанг.
Қайта иситишнинг
ҳожати ҳам йўқ.

Қайноқ муносабатимдан
асло титрама.
Фақат эҳтиёт бўл,
тушиб кетмасин
кафтинг чизиғидан
менинг сийратим.

Мен- гуллари оғирлик қилган
сопол гулдон каби
индамай
бўлиниб қўя олмасман.

Хитой чиннисидай
тоза юрагим…

***

Ул жамоли Раб ишқина
Тушти кўнгул , тушти кўнгул.
Гул жаннатли Ёр кўшкина
Тушти кўнгул, тушти кўнгул.

Ичим ёнди, дил уйонди,
Маним маним мандан тонди.
Ман гумроҳни қон ашкина
Тушти кўнгул, тушти кўнгул.

Билиб-билмай гуноҳ этдим,
Билмам қандоқ изоҳ этдим,
Найлай Қаҳҳорни муштина
Тушти кўнгул, тушти кўнгул.

Бошим эгиб, тизим чўксам,
Жойнамозга жонни тўксам,
Не тонг, тазарру машқина
Тушти кўнгул, тушти кўнгул.

Раҳматини кутиб ўлсам,
Ўлсам анга етиб ўлсам,
Саодатли Раб ишқина
Тушти кўнгул, тушти кўнгул.

***

1. Сени излаб юрганлар
менинг кўзларимдан ахтарса эди.
Кўзларимдан топган бўларди Сени.

2. Қирқоёққа ўхшаяпти вақт,
судралади соат миллари,
зулук каби сўрар мени Ёлғизлик.

3.Ана Сен келяпсан,
ана , кулдинг ҳам.
Кўзим –йўл, барчаси бирма-бир ўтар.

4. Бахтни ғижимлайман болишга қўшиб.
Кўз ёшидай овоз келяпти
мен ўзимни тинглаганимда.

***

Бахт қасридан каптарларимни
Бир кечада қўйдим учириб.
Умрим битган дафтарларимни
Қайта ёздим ишқни ўчириб.

(Учи-иб кетди қаноти ялпиз…)

Менга маҳтал кўнглингда соям,
Киприкларим-ёмғирга пана.
Мен-аламдан юксалган қоя,
Тўқияпман ғамгин афсона.

( Учи-иб кетди баҳори Осмон…)

Совуқ урган кузги гулларни
Тақдим этдинг севгимга атаб.
Мен муз қотган мунгли унларни
Яшар бўлдим бўғзимга қадаб.

(Учи-иб кетди миллати Қуёш…)

Туртиб ўтса бемаврид шамол
Чайқаланса кўҳна хотира.
Сенга қайтсам- ўзимга завол,
Ажабланма шунда ҳам сира.

(Учи-иб кетди ҳасрати Наврўз…)

ЁЛҒИЗЛИК

Ҳар гал мени
унутиб қўяверар вақт.
Кераксиз матоҳдай қоламан четда.
Ўксиниб ўксиниб йиғлайман кейин.
Ҳолимга бош чайқаган каби
чиққиллаб жимликни бузади соат.

***

Аввал чалдинг ҳар куйга.
истаганча ўйнадинг,
чирманда бўлди кўнглим.

Ялади уфқ елкасин.
оққуш йўл чизиб берди,
парранда бўлди кўнглим.

Шарақлади гулқаҳқаҳ,
чапак чалди япроғи
би-ир ханда бўлди кўнглим.

Далани ўғри урди,
тешилди аждар оғзи
гулханда бўлди кўнглим.

Дунёга кетди хабар,
болалади ҳангома
шарманда бўлди кўнглим.

Саҳро зарга алданди,
ҳаво ичди қора сут
то санда бўлди кўнглим…
То санда бўлди кўнглим…

***

Биласизми,мен…
Баъзида дарахтман.
Бармоқларим билан
қитиқлайман ойни, қуёшни.

Баъзида дарёман
ўзанни бузиб
ўйнайман тоғ тошни.
Ва яна дунёга айланиб
ичиб юбораман ҳавони.
Биллур булутларга ёнбошлаб
сайр қиламан етти самони.

Баъзида қудратли кучманки,
завқ-шавқим ошади, тошади.
Аммо ҳозир… Сизни учратиб
би-ир кўнглим бўшади.

Биласизми мен…
сизнинг олдингизда…
ҳеч кимман….

***

Мен истаган тонг йўқ,
мен истаган кун,
Мен истаган шом йўқ ,
мен истаган тун.
Асли йўқ борлиқнинг аламларида
инжа умидларим эзилар беун.
Мана-яшиллиги йиғлаган кўклам,
мана-кўклигидан чопилган майса.
Адир-қизғалдоқлар кўмилган дала,
мана-ким қонига оёғин чайса.
Мовий кенглик, олис, беғубор олам,
йўллар ёнадилар лоҳас ислардан.
Орзу-бир умрга тамшанган болам,
сафолар сўрайдир зангор ҳислардан.
Дунё ўтригида қалқийди руҳим,
излар камалакнинг жилосидай эрк.
(Камалак …Эҳ, ахир, Осмоннинг қизи,
менинг руҳим эса кўк тилаган Ер.)
Дилим ўртанади,
йўқми сўрорим,
тингламасми ҳеч зоғ нотинч зоримни?
Мени ташлаб нега кетар, баҳорим,
тортиқ айласам ҳам унга боримни.
Мавжланади Ҳаёт…
Шаффоф хаёлим
нигоҳимдан томиб кетади дув-дув.
Мукамбар кўнглимнинг кўзлари толиб
эриб оқаверар мисли чашми сув.
Ота уйим-қадимдаги қўшиғим,
куйи чертилади хотир торида.
Қишлоқ-йўқотганим-ўйноқ ошиғим,
энг улкан , энг содда рўзим ғорида.
Мажнунтол остида маъсум хиргойи,
Шилдираган оқим –минг йиллик оҳанг.
Капалак-ям-яшил дунё ҳумойи,
Соғинчим –мудроққа урилган бир занг.
Қайтиш йўқ манзилга кетмоқда умр,
Ўткинчи йилларнинг этагин тортиб.
Воҳ, ҳеч унутилмас фасллар шуми,
Менми қолаяпман ёшликдан ортиб.
Қачондир…
Ўртанса
айрилган юрак,
бир куни изласам…парварларимни.
Кимнинг ёқасидан олмоғим керак
топмасам энг тоза меҳварларимни?..
Мен истаган шом йўқ,
мен истаган тун,
уфқим қай ёқларга бош қўйди айтинг.
Мен истаган тонг йўқ,
мен истаган кун
Баҳорий лаҳзалар, орқага қайтинг!!!
Ташлаб кетма мени , севиклим баҳор,
илиқ нафасингни кўксимга бахш эт!
Йўқ,
ҳеч ҳижронингга чидолмам энди
кетсанг…кетсанг мени…
кел, ўлдириб кет!!!

***

Яна қай ерларга йўл олдинг, Баҳор,
Рухсорингга маҳтал мени –да ташлаб.
Шуъласиз тунларим топганда наҳор
Бевақт унутилган жонимни ғашлаб.
Қаёққа шошасан, қаёққа ахир
тилимдан тушмаса туну кун исминг.
Бош уриб йиғласам пойингга саҳар,
саждагоҳ айласа кўзларим изинг.
Алвидога кўнмай йиғлайди кўнгил,
кўкламим,
кўклигим,
яна
кўҳлигим.
Сенга зор дилимга берасан озор
шундоғам етмасми дил ўксиклигим.
Тўққиз ой…телбавор ахтардим, жоним,
Сени оқсоч дунё этакларидан.
Изғиб кезавердим ва ахийр топдим
фасллар ҳақдаги эртакларидан.
Энди қайга кетиш истайсан яна?
Лайлатулқадрли кунлар ёлғонми?
Ҳали далалардан кетмайин оҳор
кўкламим, манзилинг тағин Осмонми?..
Наҳот, яна ташлаб кетяпсан, Баҳор,
дарёдай оқизиб кўнгил ёшимни.
Қўлинг бер, ортингдан кўкка бу сафар
мен ҳам олиб кетай Ердан бошимни.

***

Жимлик сингиб кетган соқов хонада
суйганимни кутиб
хўрсинаман мен,
чиққиллар соат.
Чуқу-ур нафас оламан,
сим каравот юборар ютиб
Сиқиламан мен,
чиққиллар соат.

Дақиқа ўтмайди,
имиллайди вақт
бели синган чумолига ўхшаб.
Эзиб юборади мени ҳам .
Ҳиққиллайман мен,
чиққиллар соат.
Юрагимга тушар бу овоз.
Афсус нотасидай «чиқ-чиқ-чиқ…»
Хўл болишни отаман унга.
Тўнкарилиб болиш тагидан
чиққиллар соат,
Мен…

ҲУРЛИК ҚАСИДАСИ

Бу не разолат кун?
Бу не жафодир?
Тўрт тараф жаҳаннам, ҳар зот дўзахий.
Бу не ҳалокатдир?
Бу не хавотир?
Шайтон дўст аталмиш, фаришта ёғий.
Шафақ қон қусамиш, ҳаво йиғламиш,
Осмон йиртилади чақмок зарбидан.
Борлиқ тасаввурга ботиради тиш,
Зардофлар рангида бўялади тан.

Гул бўлиб йилонлар кўтарадир бош,
томирларни минг бир зулуклар сўрар.
Майиб алвастилар ўлан айтар лош,
сочлар бандларида йиртқич ин қурар.

Бу не қиёмат кун?
Бу не азобдир?
Яшамаслик –жазо, яшамак –жазо.
Бу не синоатдир?
Бу не ваҳший сир?
Ердан то арш қадар етмагай сафо .

Аласт раққосларга айланган тўда-
манқурт жигарларим , гумроҳ халойиқ.
Кўзлар -ўлик кўзгу,ранг-рўй афтода
Жаҳаннам қаърига шу қавм лойиқ.

Бири бирин ғажир, ёнаро тупроқ
Олов ямлайверар ўликми тирик.
Бунда лаззат топар муртадлар кўпроқ,
Алар хандасинда иблислар шерик.

Бу не кўргулик кун?
Бу не жаҳолат?
Ҳирс-ҳавас кўйида бори андармон.
Бу не мотам дарси?
Бу не фалокат?
Бузуқи маишат тугамас ҳамон.

Гуноҳ азим бўлди, ўсди бетўхтов,
мўмин тилакларни келди бостириб.
Осийдек илжаяр, кулар беўхшов
иймонин санамга қўйган остириб.

Кофир ютиб чиққан ҳирс ғазотида
таманно асирлар бутларни ўпди.
Борни бой бердилар дил бисотида
Ё Рабб, ахийр қашшоқ юрак ер қўпди.

Бу не тамоматдир?
Бу не охирдир?
кунни қоплаяжак зулмат ваҳшати.
Бу не маломатдир?
Бу не қаҳрдир?
Одам ҳаётида Дунё даҳшати.

Йўқ, йўқ,истамадим , о, буюк Мавло,
Ол мани, ол мани, жонимга қасд қил.
Мамотим ўзингга қилдим ҳавола,
Руҳимни иллатдан мосуво этгил.

Бу сўров заҳмидан қонаяпти тун,
Безовта кўнгилга мавҳинг санчилар.
Кўлларим ўтинми, нафасим тутун,
суягим ер билан яксон янчилар .

Бу не рисолатдир…
Бу не ҳаловат…

ЙЎЛ БОШИДА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Севинмадим,
севилмадим,
севмадим,
Дунёга сиғинди бўлдимми,
Ё кечроқ туғилдим ва ёхуд
ўлимдан аввалроқ ўлдимми?

Тиржаяр чўлоқ бахт, оёқсиз,
Боши йўқ хавотир йиғлайди.
Умидим-қасоскор қари қиз,
аёвсиз кўксини тирнайди.

Севги не?..
Йўқликнинг денгизи!
Мен унда чайқалган оқ кема.
Тўлқинда сувнингда йўқ изи
Бу дунё…
бу дунё…
Ҳеч нима…

МЕН СЕНИ…

Мен Сени бармоқларим билан…
Сочларинг қонатар бармоқларимни.
Киприкларинг зарбидан
тилиниб кетади титраган кафтим.
Сени… бармоқларим билан севаман.
Мен Сени кўзларим билан…
Энг бешафқат турма, асири-ёлғиз
Киприк панжаралар-энг гўзал зулмим!!!
Сени …кўзларим билан севаман.

Мен Сени ёноқларим билан…
Мангу қизгалдоқлар ёнади лов-лов
ишқимдайин боқий, ташна чечаклар.
Сени …ёноқларим билан севаман.

Мен Сени макрларим билан…ниҳоят,
сен уни ҳеч қачон алдаёлмайсан.
Ташлаб кетолмайсан қора ўрмонга
Сени …макрларим билан севаман.

ВАТАН

Ватан –Осмон,Ватан –ЕР,
Ватан-тоғу,Ватан-қир,
Ватан-қуёшу юлдуз,
Ватан қўшик,Ватан-шеър
ман ва тан –
ВАТАН!!!

Тупроқ , лаҳад, қабристон,
чечак, гул, боғу бўстон,
тирик жон, исми инсон,
ёруғлик , ҳам зимистон,
Дунё, еттита осмон—
ман ва тан—
ВАТАН!!!

Эрк кўнгилда туғилар,
қалб ҳурликка чўқинар,
қўша қароғим ичра
бирам оғриқ суқилар
ман ва тан—
ВАТАН!!!

Қанотлари синиқ қуш,
кафтларингни кафтга қўш,
ширин ўнгингдаги туш
кимга керак бу кутиш
ман ва тан –
ВАТАН!!!

Жонни ранги зарғалдоқ,
Ишқнинг ранги қизғалдоқ,
муҳаббат мингта балдоқ,
Меҳрингнинг ранги қандоқ
ман ва тан –
ВАТАН!!!

Салққан қабоқларингга
юрагимни ағдардим,
Бу тош бошни қўйишга
кўкрагингни ахтардим.
Ўхшасам фақат Сенга,
фақат Сенга ўхшардим!!!
Ох-воҳим,муқаддасим,
дардим ,ҳамдардим,мардим
манн ва тан—
ВАТАН!!!

Кўзим,сўзим,ўзим –Сан,
Кечам,тонг,тун,рўзим –Сан,
бўрилар тишидаги
қонаб келган қўзим-Сан,
Ов,беғамим,бўғзим,Сан
ҳайқир,бўкир,қайдасан???
ман ва тан-
ВАТАН!!!

Сени севмоқ-Буюк иш!
Сенда ўлмок-тирилиш!
Ватан асли –БИРИКИШ!
Сан,
ман,ва тан-
ВАТАН!!!

***

Хаёлим жиққа ҳўл,
руҳим жиққа ҳўл,
Армоним жиққа ҳўл,
андуҳим жиққа ҳўл,
Мен-ку жиққа ҳўлман,
сенда жиққа ҳўл
Муҳаббат –олов!
Дилинг ёмғир сени,
юрагинг ёмғир,
сочларинг ҳам ёмғир,
қўлларинг ёмғир,
Овозларинг ёмғир,
сўзларинг ёмғир,
Кўзларинг –олов!!!
Пешонамга томар,
жонимга томар,
томиримга томар,
қонимга томар,
чак-чак,изим чак-чак
товонимга томар ,
Томчилар-олов!!!
Назар қил ,
сени деб ивиб кетганман.
Жалаларга қолиб
сувга бўкканман,
бемисл ёмғирга,
селга чўккан Ман!
Сен –олов!!!

АЖАЛ ОЛМАСИ.

1.Сентябрнинг сўнгги кунлари…
Дарахтнинг энг учидаги
бувамга аталган ажал олмаси
ўлим рангида…

Куздан қолган етим мева
мезон еган олма,
пишиб етилган олма,
тобора пишиб етилаётган Сўнгги Насиба!

2.Найзадай отаман саволларимни,
саволларим санчилади отам кўксига.
Мен олма отмайман,
найза отаман:
«Нега мени чақирмадингиз???»

3.Олмажон,
тирик қолармиди бувам
агар сени емаганида.
Бувам сени едими , ОЛМА?
Сен бувамни едингми, ОЛМА?

4.Сентябр,сентябр,кўксимда армон
Бувам бой берилган сағир олмага.
Ҳар йилги одатин тарк этмабди у,
ҳар йилги одатлар тарк этди уни.

Сентябр, сентябр, титрайман бежон
Бувамнинг ҳидини келтирар шамол,
Бувамнинг ҳидида пишар олмалар.
Йиғлайман осилиб олма дарахтга
«ОЛМА еган бувам-эйй…
олма еган БУВАМ-эйй…»

***

Сен отамсиз келасан ,Баҳор,
Не баҳорсан менда қасдинг бор?.
Гул тақасан мен йиғласам зор
ай, Баҳорим, шукуҳинг бекор.

Чархи даввор қисматим битди,
Сунбул эдим, томирим йитди,
Кетди менинг отам-а, кетди,
қиёмати дийдор тарк этди.

Улуғ ғамни елкамга олдим,
Отам ёдин ичимга солдим,
ўтар йиллар, ҳасратдан толдим,
баҳорим-аай, яшолмай қолдим.

Тупроқ бўлдим, осмон топмадим,
суягимдай сомон топмадим,
ажал етмас бир жон топмадим,
Отамдайин осмон топмадим.

Самарқандга борсам ахтариб,
ҳувиллайди қишлоғи ғариб.
Гул чеҳрамдан кулгулар ариб
кетмоқдаман куздай сарғариб.

Меҳри нисор Отам йўқ,Отам,
йўлимга зор Отам йўқ,Отам…

Яна мутолаа қилинг:
Муҳайё Рустам қизи. Ай, гулларни соғинган дала
Муҳайё Рустам қизи. Шеърлар

02“Xurshid Davron kutubxonasi” oʻz faoliyatini ilk kunlaridan oʻzbek adabiyoti maydoniga kirib kelayotgan yosh ijodkorlarga katta eʼtibor berib kelayotgani sir emas. Bugungi sohifamizdayam sheʼriyatning mashaqqatli yoʻlidan dadil va ziyrak qadam tashlayotgan va bundan avval ham sahifalarimizda sheʼriy turkumlari eʼlon qilingan Muhayyo Rustam qizining yangi sheʼrlarini taqdim etmoqdamiz.

Muhayyo Rustam qizi
SHEʼRLAR
05

QORMALAK

Toʻzgʻib-toʻzgʻib boʻralaydi qor,045
Oq koʻylagin kiyadi shahar.
Ayol erin ishga kuzatib
Derazadan termular sahar.

Baland uylar, yettinchi qavat,
Qorday oppoq, harir kechalar…
U ayolning sochlari kabi
Oqaradi sokin koʻchalar.

Jilmayarkan ayol oynadan,
Er ham qara-ab qoʻya tepaga.
Toʻrt faslda adashmadi ishq,
Toʻrt faslda mehr – enaga.

Tashqarida yogʻayotgan qor-
Ikki dilning mayin izhori.
Musaffo tong oydin koʻngilning
Otayotgan kumush nahori.

Qor tinmaydi… Ayozdan pana
oppoq-oppoq boʻralar xayol.
Bir otashin oʻylarga choʻmib
derazada eriydi ayol …

***

Cheksiz osmoningda porlar yulduzim,
Yoʻlingni yoritgay yorugʻ kunduzim.
Muazzam daraxtman saodatga gʻarq,
Sening yuragingda mening ildizim.

Toleing balanddir-iqbolim porloq,
Jonim joningdadir, sohibi omon.
Umring yoʻllaridan oʻtar hayotim,
Mening mavjudligim senda namoyon.

***

Men senga yetmadim
Oʻzimdan ketib,
Yuragimga tushdi bir hovuch yogʻdu.
Ikki shahlo koʻzing yondi koʻzimda.
Senga yetmadim.

Koʻzlarimda yonding, men koʻzingda yoʻq.
Senda yoʻq ekanman, oʻzimda ham yoʻq.
U kech eng bedavo telbamu edim,
Sen meniki dedim, meniki dedim,
Senga yetmadim.

Ey, yor,
ey, mening dilozor yorim,
ey mening avvalim, mening oxirim.
Ruhimni samoga berdim,
bagʻrim tuproqda.
Oʻz boshimga yetdim,
Senga yetmadim.

***

Men oy kabi yuvvoshmi?
Yo shamolday beboshmi?
Yo saraton sarxush-man,
Yo yaldoyi behush-man.
Yo kuz menga oshiqdir,
Yo koʻklam- hur qoʻshiqdir,
Yo moviy koʻk –anbarim,
Yo chaman –gulchambarim.
Yo shom sohir mahrammi?
Yo tong manim chehrammi?
Yo gul hidi sozimdir,
Yo yomgʻir ovozimdir.
Yo kunduz suvaydoman,
Yo tun nuri paydoman.
Yo armon oʻsgan bogʻman,
Yo gʻamdan bunyod togʻman.
Yo shafaq – ol mehrobim,
Yo qorishiq turobim.
Yo murodga marg boʻldim,
Yo nusratga barg boʻldim.
Yo men dunda badarman,
Yo kofuriy kadarman.
Yo shoʻr qismat koʻy menga,
Yo oxirim toʻy menga.

Yo, sabotim manzurmu,
Yo, gunohim magʻfurmu,
Yo, degil, ne ozorim?
Yo shoyista mozorim.

YOMGʻIRDA

Yomgʻir-sheʼriy fasl, sirli manzuma,
Eng latif ohangdir, miskin bir navo.
Dilgir taxayyulga mahzun munojot
Dilrabo qoʻshiqday musaffo sado.

Yomgʻir yogʻaverar, yomgʻir tinmaydi.
Alla aytayotgan ona misoli.
Mening koʻzlarimga urilar faqat,
Xayolchan bir qizning maʼsum nigohi.

Chalar soz, sozidan taralar yomgʻir,
Tomchilar muattar fitratidan roz.
Bu dilkusho kuyga choʻmilib yashay,
Ruhimga oqmoqda musallam ovoz.

Yomgʻir yogʻaverar,yomgʻir tinmaydi,
Sirli osmonlardan xobir mujtabo.
Toʻldingmi, boringni toʻka qol, koʻnglim,
Yomgʻirga marhabo, sheʼrga marhabo.

OY SOHILI

1.Maʼyus yolgʻizlikka
kuy chalar kecha,
Sukut toʻlqinida
nur oqizar oy,
Koʻk qaʼriga tortdi diqqatim.

2.O-o,
naqadar tubsiz zulmat bu…
Koʻzlarimni qaritdi jimlik,
yuragimni yaladi vahshat.

3.Men Osmonga
bir tomib koʻrdim.
Osmon chuqur…
Judayam chuqur…

4.Sensiz qanday yashayin endi?..
Sensiz qanday yashayin endi?..
Biram sokin Oyning shuʼlasi…

SIROT

… Tagʻin adashtirdi kemani toʻfon,
Dengiz balosiga yoʻliqdi sayyoh.
Qutirgan shamol-la kurashar nolon…

Qutirgan shamol-la kurashar nolon,
Kurashar bedavo toʻlqinlar ila.
Jon qasdida hamla qiladi ummon…

Jon qasdida hamla qiladi ummon,
Sudrar, siltab otar shoʻrlik yoʻlchini.
Devday bosib kelar qop-qora osmon…

Devday bosib kelar qop-qora osmon,
Zulfiqor tomchilar savalar tinmay.
O, dengiz, baloi azim beomon…

O, dengiz, baloi azim beomon,
Ne sadaf tanlarni yubormish yutib,
Ne mustafo jonlar qaʼrida qurbon…

Ne mustafo jonlar qaʼrida qurbon,
Qattol ummon husni maftun etar bot.
Ey, sen, bardam boʻlgin, ogʻma, ey mardon…

Ey, sen, bardam boʻlgin, ogʻma, ey mardon,
Dahshatli suvkoʻprik—sirot vahshati.
Omon oʻt, bu yoʻldan, hazrati inson…

Omon oʻt, bu yoʻldan, hazrati inson,
Hayot dengiz misol solmoqda suron.
Bot-bot adashtirar kemani toʻfon…

***

Ey, yori mehribon, dilsulton,
Qirmizi qirlarga ketaylik.
Lolalar qatlida uzdim jon,
Ul alvon sirlarga yetaylik.

Boq, hanuz daryolar sollanar,
Moviy tus osmon-ku izhorim.
Koʻksimda turnalar jonlanar,
Kelsang-chi, ishqtashna bahorim.

Ey, yori mehribon-nurjahon,
Koʻkda oy- binafsha malolim.
Namozshom guliga toʻkdim qon,
Kapalak ruhida xayolim.

Men kabi yonmagay xurshid ham,
Shom mahal yiqilar ul asta.
Tun boʻyi dardimga baham sham,
Yostiqlar ingranar shikasta.

Ey, yori mehribon, men — xazon,
Ovvora yaproqlar chirpirak.
Yam -yashil ismimda zaʼfaron,
Mezonday tentiydi sor yurak.

Yalangʻoch daraxtlar-mehmonim,
Kuz kabi sagʻirman, yetimman.
Yomgʻirlar bostirar isyonim,
Kelmasang ayt, kimman, men kimman?

Ey, yori mehribon, ishq yomon
Qargʻalar tilida qismatim.
Qovogʻing zahmida qahraton,
Dovulmi , izgʻirin ismatim?

Sochimda qirovlar ildizi,
Chuchmoma hididan gullayman.
Men sening qishingda qor qizi,
Yozigʻim na boʻlgʻay, bilmayman.

Ey, yori mehribon, qadrdon,
Vaslingni istarman muttasil.
Hislarim toʻlqini naparmon,
Koʻzlaring izmida toʻrt fasl.

Taqdirmi, ikkimiz tutashmiz,
Sevgilim, men –tuproq, sen –osmon.
Ne oshiq maʼshuqqa oʻxshashmiz,
Bu dunyo koʻrmagan hech…
hamon…

Ey, yori mehribon…

****

Dahrga dil berganning
Allohga daʼvosi yuq,
Oshiqning ishqdan boʻlak
goʻzal iddaosi yoʻq.
Jononini topganlar
jonini unutgaydir,
Yor vasliga yetmakdan
oʻzga muddaosi yuq.

Yulduzlar gul toʻksalar,
quyoshdan yogʻsa ifor,
Ne naf gʻarib koʻngilga
dunyoning safosi yoʻq.
Olamlar jilvakordir,
har tarafi bahordir,
Vale zavqi bekordir
husnining maʼnosi yoʻq.

Xushtorlar zor oʻtgaydir,
yor deb qonlar yutgaydir.
Bunda qolib netgaydir,
Odamu Havvosi yoʻq.
Ajab tonglar otmakda,
ufqim qayga botmakda,
Mani gʻam uygʻotmakda,
dardimning daʼvosi yoʻq.

Oʻz nafsimga qul boʻldim,
iblis bosgan yoʻl boʻldim.
Qaygʻing choʻkkan koʻl boʻldim,
faryodim adosi yoʻq.
Rahm ayla deb elangan,
pushaymonga belangan,
Bir sultonga tilangan
man kabi adosi yoʻq.

***

Kech kuz…barglar toʻkildi essiz,
Borliq uzra taxayyul hokim.
Yaproqlarni kuzatib unsiz
yomgʻir boʻlib yigʻlayapman jim.

Ana mezon uchar tentirab,
xayolimday kezadi nasim.
Hu-uv samoda parquday oppoq
bulutlarga kelar havasim.

Sariq dengiz-xazon chayqalar,
miskin navo-tebranadi bogʻ.
Orzularga qilichlar qadab
xoʻshlashadi sokin tiyramoh.

Dilgir havo men kabi mulzam,
quyosh ishqi bagʻrini tilgan .
Balki baxtli boʻlardim men ham
uchi-ib ketsam turnalar bilan.

Kech kuz…Barglar toʻkildi essiz..

***

Munis tuygʻularni gʻijimlar ozor,
Qop-qora zulflarda qoʻnim topdi qor,
Bu masrur dunyoda majruh muhabbat
Unutildi bahor, unutildi yor.

Koʻzimni berkitdim koʻz yoshim bilan,
Xiyonating yopdim bardoshim bilan,
Soʻngsiz umr koʻrdim yosh boshim bilan
Unut boʻldi bahor, unut boʻldi yor.

Ey, sas ber, ovoz ber, ruhimning rozi,
Chorbogʻimda mehmon gulning pardozi,
Dil chalsa boz ishqning takrorin , sozin
Uni tildi bahor, uni tildi yor.

Agar qayta olsang omondir bogʻim,
Yuragim-alamdan qotgan qadogʻim.
Qoʻrqma, qoʻlimdagi toshmas, sabogʻim
Unutilgan bahor, unutilgan yor.

Hali oq olmaday gullagim kelar,
Umrimni iforga belagim kelar,
Oʻzimdan ham avval tilagim kelar
Unutmasa bahor, unutmasa yor.

Sening zaqqumingni ichdim abgorman,
Tanazzul bu hayot, menda dushvorman,
Toki maston husning, lutfingda borman
Meni unutma yor, unutma bahor.

OQ OLMALAR ERTAGI

Qadi-imda,
yodimda
bir shoh va malika yashardi.
Shoh goʻyo boʻronlar naslidan,
malika osmonga oʻxshardi.

Ul diyor…
ul diyor behad tinch,
beqiyos mamlakat edi u.
Kimdir shu,yengilmas saltanat,
Baxtlarning oʻlkasi derdi-ku.

Shoh mudom koʻnglining bogʻidan
erta-kech olmalar terardi.
Malika yemasdi ularni,
malika bizlarga berardi.

Umr va yillarning ortidan
davrlar, zamonlar oqardi.
Odamlar alqardi podshoni,
menga-chi, malika yoqardi.

Shoh ancha shoʻx edi, qurmagʻur,
Bermasdi hech kimga tojini.
Malika oftobda sollanib
tarardi sunbulday sochini.

Men bola…
Men goʻdak yoshimda
olma ye-yeb tomosha qilardim.
Qudratin his qilib qoshimda,
ularga omonlik tilardim.

Oy oʻtib,
yil oʻtib,
men sevgan
bogʻlardan olmalar aridi.
Koʻzlarim oʻngida ertakday
shohim va malikam qaridi.

Bilmadim, bali biz ularni
Eng suluv fasldan toʻsganmiz.
Shoh tergan, malika ulashgan
Olmalar taʼmi-la oʻsganmiz.

Ehtimol oʻshanda diydamiz
Boʻronlar sehridan toʻlgandir.
Koʻnglimiz kengligi osmonday,
Davlat ham mukarram boʻlgandir.

“Qirilsin”( malika tilidan)
Shoh hanuz tojini bermaydi.
Malika olmaday oqargan
majnuntol sochini taraydi.

Quyoshda toblashib oʻzlarin
oʻtirar ikki dil bahori.
Ozgina eskirgan saltanat,
nuragan loysuvoq devori…

Ehtimol oʻshanda ularni
eng suluv fasldan toʻsganmiz.
Shoh tergan-malika ulashgan
olmalar taʼmi-la oʻsganmiz.

Biz esa ularning bogʻidan
Erta-kech olmalar teryapmiz.
Va shohu malika oʻtmishin
Qadimiy ertakka beryapmiz.

Kunlardan bir kuni…
Bu ertak
Koʻnglimda uygʻotdi tahlika.
Shoh hassa tayandi chol boʻlib,
Kampirga aylandi malika.

Qadi-imda,
Yodimda
O-L-M-A-L-A-R…

***

( …ga)

Husniga tamanno, oʻz loshiga mot,
Goʻzal qasrlarga tanda qoʻygan mor.
Najib ertaklardan chiqqan alvasti,
Bir dumalab hurga aylanding takror.

Zulmatda semirgan soyaday qoʻrqinch,
Vahshati muvaqqat koʻlkaday oʻtding.
Ay, judogar pari, bu tun oʻtkinchi,
Quyosh borligini nega unutding?..

***
Barmoqlarim sochilib ketdi
rutubatli fasl qaʼriga.
Men bahor deb oʻylabman qishni.

Niho-oyatda uzoq yanglishdim,
yorib kirib muz qatlamini
mahobatli ulkan kemaday.

Ortga yoʻl yoʻq, osmon ham bekik.
Axir sochim gulladi qiygʻos
Qoyalarga sanchilib umrim.

Faqat qushlar…
Qushlar bor koʻkda,
orziqtirar mudom xayollar.
Dil tubida ovozsiz faryod.

Yuragimdan ufurar afsus.
Muhabbating-abadiy muzlik.
Nega meni tanlading,nega?..

CHOʻLI IROQ

Goʻshangada yigʻlar yor,
Gʻujgʻon aylanar ari.
( Gulga tomadi azob…)

Oh, bunchayam tun uzoq…
Uziladi barmoqlar.
(Qurt bosar gulgʻunchani…)

Yerga sigʻmas bahodir,
Qilichdan oʻtkizadi
bir-bir gulning hidini.

Uzunkokil, xurram qiz,
Talashar chumolilar
Ari tishlagan gulni.

Quladi soyga hilol,
Qon tufladi bahodir.
(Eski choriq kiydi tong…)

***

Bu-eshik!
Mana bu –deraza!
Bu-choyshab, qoʻsh yostiq,
Bunisi-tik qotgan toʻrt devor!
Bari bor.
…SIZ YOʻQ.

Jimgina tikilar deraza,
Eshik hozir yigʻlab yuborsa kerak
(koʻzlarim teshib yubordi uni).
Choyshab ingranadi, yostiq xoʻrsinar.
Toʻrt devor qilt etmas,
Jimlik choʻkkan uy.
…SOʻZ YOʻQ.

Ketaman.
Qolasiz oʻrnimda
Men kabi eshikka termulib.
Tosh qotgan toʻrt devor choʻkmas tiz.
Hammasi oʻshanday-choyshab…yostiqlar…
Bari bor, ammo
sizni kutguvchi
QIZ YOʻQ…

TAVALLO

Evoh, baland tom ustida ikki kabutar
Gʻoʻngʻirlashib oʻzlaricha aylardi visol.

(Sakkiz eshigini koʻrdim jannatning.)

Quyosh oqib tushdi, Osmon quladi,
Berdim havasimni Guliqah-qahga.

(Qiyomat qoyimdir, qiyomat qoyim).

Yuragimga yumaladi hur farishtalar,
Artdim koʻzlarimni etaklariga.

(Bogʻi Eram uzra tong otadir, tong…)

Bir sensan, bir menman.(Yagona- XUDO!!!)
Ikkimiz bittami, ikki dunyoga?

(Bokira xayolga ayladim hijrat…)

ZANGORI MASOFA

Bugun subhda
kecha yovshanzorda tunagan
tong qushlari qildilar xonish.

Yangrab turdi soydan
baqalarning
masrur qiyqiriqlari.

Anov uchayotgan
daraxt yaprogʻi
men boʻlsam kerak.
Rangi oʻxshayapti rangimga.

Sharqdan gʻarbga tomon
jadal yoʻrgʻalar
luchchak shaftoliday
qirmizi quyosh.
Suvga oqib ketdi ovozim.

Bugun saharda
jimgina kuzatdik
bir-birimizni…
Keyin qayoqqadir joʻnadi Vaqt ham.

YUMALOQ QOʻSHIQ

1.Barra maysalarga toʻkilgan
issiq naysonlar kabi
tomayapti yashil koʻnglimga
bir tomchi ifor.

2.Koʻzlarimdan bugʻ chiqayotir.
Kipriklarim uzra
yonayapti shabnamlar lov-lov.
Harorati koʻtarilgan yonoqlarimning.

3. Hasrat elchilari-zumrad tomchilar
koʻzlarimga kelib quyilar qonday.
Tomirimda oqar miltiragan nur.

4.Menga ozor berma endi hech,
Toʻkiladi dardimdan ohang.
Men sochilib ketaman axir,
Koʻnglimda ochilsa atirgul.

PARADOKS

Sogʻinganim ham-SЕN san!
Sigʻinganim ham-SЕNsan!
Oʻylaganim ham-Oʻzing!
Soʻylaganim ham-Oʻzing!
Qalbimning qoʻrida-SЕN!
Yurakning toʻrida-Sen!
Koʻzimning nurida-Sen!
Bilmam, oʻzim qaydaman?..

***

Bilasizmi, men…
Baʼzida daraxtman.
Barmoqlarim bilan qitiqlayman
oyni ,
quyoshni.

Baʼzida daryoman.
Oʻzanni buzib,
oʻynayman togʻ-toshni.
Gohida shamolga aylanib
ichib yuboraman havoni.
Billur bulutlarga yonboshlab
sayr qilaman yetti samoni.

Baʼzida qudratli kuchmanki,
zavq-shavqim oshadi, toshadi.
Ammo hozir…
sizni uchratib
bi-ir koʻnglim boʻshadi.

Bilasizmi, men…
Sizning oldingizda…
hech kimman…

OYSIZ QOLGAN OSMON QOʻSHIGʻI

(Qizim MOHINURIM xotirasiga)

1.Ketding…
Ochiq ketdi koʻzlaring…
Yummoqchi boʻldik biz, tuproqlar surdik.
Soʻnggi bor oʻjarlik qilding, yummading.
Ochiq ketdi va…
mening ham
koʻzlarimni ochib ketdi koʻzlaring!

2. Men Kuzga aylandim.
sam-sariq Kuzga.
Daraxt boʻldim bargi toʻkilgan.
Daraxt boʻlib yigʻladim boʻm-boʻsh
havoni changallab.
Sargʻardi alamlar boshimda.
Hademay shu sariq boshimdan
Boshlanadi Qish!

3. Shu doʻppaygan qabr- sening Vataning
(tuprogʻini surdik koʻzingga)!
Vataningda tinch yotgin bolamm…
Sendan menga meros qoldi bu qismat.
Oʻshal qismat- mening Vatanim!
Vatanimda giryon qoldim men…

4. Baʼzan seni shunday axtaramanki…
Har tarafga oʻzimni urib izlayman.
Va
Yoʻqotib qoʻyaman oʻzimni.

5.Sen bor eding-
men Osmon edim.
Mohi-imm,
birdan qayga yoʻqolding?
Shu cheksiz borliqqa sigʻmadim sensiz.
Seningsiz
toʻkildim,
yer boʻldim,
tuproq boʻldim men…
Seni koʻkayimga koʻmib ketishdi.

6.Sen menga oʻxshading,
Menga oʻxshab ketding keyingi kunlar.
Men seni bagʻoyat sevardim.
Koʻnglimni osmoncha koʻtarding-
menga oʻxshading!
Men esa…
men…
oʻxshay olmadim senga.

7. Men sen bilan qayta yaralgan edim.
Sen ketib qolding.
Men boʻlsam
qolib ketdim ortingda
jajji xotirangni quchoqlab.
Men sen bilan tugʻilgan edim,
men sen bilan oʻla olmadim…

8.Jimlik istayapman
tovushingni ilgʻamoq uchun.
Men shu qadar sergak turibman
hatto
eshityapman koʻzlarimdan oqyotgan
tomchilarning
nolasini ham
va
shu qadar garang qolibman evoh,
eshitolmayapman sening sokinligingni.

9.Birdan jimib ketdi yulduzlar,
Koʻzlaringday qora tortdi tun.
Yerdan bir dod oʻrladi koʻkka:
toʻsatdan…
bevaqt uzildi…
Oʻn besh kunga yetolmagan Oy…

***

Unutib qoʻyibman ismimni,
Kim deb atalishim bilmayman.
Soʻnggi yillar kitobin titib
topolmadim hech qursa oʻzimga tanish ot.

Qancha yillar oʻtdi.
Hech kim chaqirmadi,
hech kim chorlamadi
birov soʻramagan ismimni
bir umrga unutib qoʻydim.

Olis qishloqdagi
paxsa devor yonida
taxta oʻrindiqda oʻtirgan
bir chol va bir kampir yuragida qolib ketdi U…

***
Ay, gullarni sogʻingan dala,
Bahor bizni unutib qoʻydi.
Kapalaklar koʻz yumgan palla
Olis ufqda shafaqlar kuydi.

Axir kutdik jonimiz tika,
Koʻngil toshdi bemavrid, afsus.
Badar ketdi bedil malika
Sogʻintirib koʻklam, dilafroʻz.

Koʻksimizni ayoz beayov
Ming yeridan chavaqlab oʻtdi.
Qolaverdik boʻshgina, bayov,
Bahor bizni butkul unutdi.

Ay, gullarni sogʻingan dala…

TUNGI XIRGOYI

Koʻksi yirtiq yulduzlar
yoqalarin yamaydi.
Bir qiz sochini shamol
Tili bilan yalaydi.

(Shomda ufq roshiga oʻrnatinglar chimildiq…)

Itlar hurar betinim,
Manzilga chorlov shudek.
Hayajonda entikib
yigit kiyadi etik.

(Orolanar koʻkda Oy..)

Yuragi idrar qizning,
Soyga dumalatar tosh.
Koʻzidagi toʻlqindan
yuzlariga tomar yosh.

(Shuncha olismi Osmon?..)

Ishqqa mubtalo yigit
barmogʻini toʻgʻraydi.
Qoni oqqan barmoqlar
qiz sochini soʻraydi.

(Oyoq iz botmas Yerga…)

HЕCh QACHON AYTILMAYDIGAN QOʻSHIQ

Uzatdim…
Onamga yetmadi qoʻlim,
Qishlogʻimga bormay chalgʻidi yoʻlim,
Onam kechirmaydi,
otam kechmaydi
Faqat mendan kechib ketadi oʻlim.
Oxirat…Ana u, mana bir qadam.

Qaldirgʻoch – havasim, uyim mehmoni,
Menikidan koʻproq uning imkoni.
Koʻzim-yoshga toʻlgan daryo xalqobi,
Koʻzim-buyuk uyning ikki qurboni.
Evoh, sogʻinishdan oʻlmaskan odam…

Qop-qora boʻldimu taqdir qildi oq,
Men oʻlib yashadim tugʻilmasdanoq.
Men-daydi,
men-daydi,
mendaydi dunyo,
Dunyoni koʻrdim u- qip-qizil gunoh.

***

Mening sohirginam, gʻoyibruxsorim,
Tishi nur, labi gul, binafsha yorim.
Koʻzi marvaridim, qahrabo yonoq,
Kamalak jilvali yashil asrorim-
xush kelding, lolaroʻy faslim, Bahorim!

Mening yomgʻirdilim, rangin chodirim,
Chaman kokilligim, sirli sodirim,
Barmoqlari – kurtak, barakaqadam,
Qaldirgʻoch qanotli toʻlqin zohirim—
xush koʻrdik, bulbulgoʻy faslim-Bahorim!

MUSOFIR OʻLAN
1

Samarqandda
sakkiz yildan buyon,
issiq koʻrpasiga oʻranib
soch-soqoli qorday oqargan
oppoq otam bor mening.

Samarqandda
oq bulutday oppoq otamning
momiq koʻrpalarin qavigan
duolari quyoshday qaynoq,
iltijosi nur kabi zarrin,
mehri alangaga oʻxshagan
kundayin nurafshon enam bor mening.

Samarqandda
oʻsha oppoq otam bilan issiq enamning
taqdirini kuya yeb qoʻygan,
qismatiga bit oralagan
xolis xayol oʻgʻli-
jabrdiyda padarim bor mening.

Samarqandda
hilpiragan bayroqchalar-jon jigarlarim,
najib alifbolar-yulduzchalarim,
ofatijon singlim, shoʻx ukalarim-
jajji mamlakatim bor mening.

Samarqandda…

2

Jaranglaydi xotira,
Potirlaydi xayolim.

Koʻkda zangori hilol.

Koʻzim uchdi-juft turna,
Kiprigim qoqdi shamol.

Chayqalar keksa dengiz.

3

Ayro, ayro, jon ayro,
Musofir boshim ayro.
Ayro, ayro, jon ayro
Qismat quyoshim ayro.
Ayro, ayro, jon ayro
Sabrim-sirdoshim ayro.
Ayro, ayro, jon ayro,
Baxtim bardoshim ayro.
Ayro, ayro, jon ayro
Koʻzimda yoshim ayro.
Ayro, ayro, jon ayro
Palahmon toshim ayro.

4.

Darcha ochiladi gʻiyqillab.
Yana yopiladi oʻzi gʻiyqillab.
Darchadan boshini chiqarar kampir.

Paxsa devor engashi-ib qaraydi,
Koʻchib tushar loy suvoqlari.
Qabogʻimda nuraydi fursat…

Imlayapti tomda qizgʻaldoq.
Roʻmolcha silkitar daraxtlar:
“Kel, endi yarashamiz, kel.”

5.

Dodeyy…

Oydin tunlar tushlarimda oq bulutlar kezadir,
Men tuproqda ul harirlar samolarda suzadir.
Jonim oppoq bulutlarni bir omonat sezadir,
Manim dilim oʻrtasinda xavotirlar oʻsadir.

Dodeyy…

Muztargina xayolimni alangalar chulgʻaydi,
Muzlab ketgan yuragimni issiq otash choʻgʻlaydi,
Hislarimni pok mehrning iliq tafti oʻraydi,
Enam meni koʻrganlardan,eshitgandan soʻraydi.
Dodeyy…

Kunduzimga kuya tushdi, tunlarimga bit tushdi,
Koʻksim kuyib rohatimga, oromimga oʻt tushdi,
Nega meni tusadingiz, otajonim- hoksorim,
Sizni eslab, sizni qumsab mening bagʻrim uvushdi.

Dodeyy…
Qishloq qoldi, hamma qoldi, hammasi mendan qoldi,
Bolalikdan havasimni olis shaharlar oldi.
Meni istab, men istagan ayting, yana kim qoldi?
Jon-tanimda, es-hushimda endi tinchim yoʻqoldi.

Dodeyy..

6.

Gʻir-gʻir shamol, es, shamol,
Qaldirgʻochning oʻlani-
Toza havoda yurak.

Gʻir-gʻir shamol, es, shamol,
Egasiz argʻimchoqlar.
Titrar muallaq qoʻllar.

Gʻir-gʻir shamol, es, shamol,
Yoʻl-ilon (oʻlib qolgan).
Laylak tishlab yedi ilonni…

7.
Bulutlarga hijrat,
alangaga sayohat,
xayolga ziyorat,
Samarqandga safar…
Hilpiragan bayroqchalar chorlaydi.
Ular qadar choʻzilgan sogʻinch.

***

Qaddi egik majnuntol,
Yerga soching toʻshaysan.
Har boqishing bir savol
Xuddi menga oʻxshaysan.

Menga oʻxshagan yolgʻiz.
Menga oʻxshab adosan.
Sening shaklingdagi qiz,
Menga oʻxshab xatosan.

Ha, ikkimiz bir xato,
Ha, ikkimiz sabrmiz.
Alloh bergan jon ato,
Oʻzimiz-chun qabrmiz.

Oʻzimizga oʻzimiz
Sharhsiz hukm aytamiz.
Dam yoʻqolamiz izsiz,
Dam hayotga qaytamiz.

Qaddi egik majnuntol,
Kel, sochingni oʻrayin.
Kel, soʻrayin hol-ahvol,
Oy yuzingni koʻrayin.

Kel, yuzingni yashirma,
Axir mening oʻzimsan.
Dardlaringni toshirma,
Sen bardoshsan, toʻzimsan.

Menam senday bir abgor,
Koʻkka boʻy choʻzolmayman.
Gunohi yoʻq gunohkor
Oydan koʻz uzolmayman.

Menga boqma lolu lol
Qachon darddan boʻshading?
Qaddi egik majnuntol
Buncha menga oʻxshading.

MINGINCHI KЕCHA

1.Men qora kiyaman,
Men tun kiyaman,
Singib ketaman olis va maʼyus zulmatga.

Umrimni xayollarga sovurib
Oʻtkizaman
bi-ir kecha vaqtni.

2.Kelmaysan…
Qabogʻimda tin olar jonim.
Koʻzimda koʻz yorar zaʼfaron dardlar.
Seni sogʻinib ketyapman axir.

3. Koʻzlaringday qora osmonni
Koʻzlarimga bosib yigʻladim.
Uzr aytdim rangpar sevgimga
“men tunda… tundan qoʻrqaman…”

4.Oy-munojot,
Olam-mungli kuy,
Gʻam sim-sim,
Tong-tilsim.
Nega hech kim?..
Nega jim?
Ishq – dahshat,
Jon taslim.
Men qorongʻu tortib ketyapman…

***

Sen unutib yubording meni,
Men ham seni eslaganim yoʻq.
Faqat ezi-ib yogʻmoqda yomgʻir..

Gul bazmida adashdi bahor,
Qani menga atalgan gʻuncha?
…Buncha olis uchdi turnalar?

Sen qoʻshiq kuylaysan Oyga termulib,
Oʻtiribman yoningda maʼyus.
Daydir tunda shalabbo koʻngil.

Oyni uzib berasan menga,
Kapalakka yedirmoqchiman
eslolmasak bir-birimizni.

Unutib qoʻygansan sen meni,
Men ham seni eslaganim yoʻq.
Faqat ezi-ib yogʻmoqda yomgʻir…

***

Dunyo meni haydab yubordi,
yomgʻirlarning soyalariga.
Tomchilarga qildim iqtido.

Koʻzlarimni chaldim, toʻkildi,
Shovillagan sirli manzuma.
Men jon uzdim koʻngilga atab.

***

Bu kech mening tushimga kirdi,
Osmondan uzilgan yulduzlar.
Munavvar tunlarni izladim.

Hansiraydi tegramda xotir,
Chayqalgancha xayol sathida
Uu-uvv, maston dilimni istadim.

Bolgʻaladi ruhimni dunyo,
Manglayimga gʻam qoqdi hayot.
Togʻ yasadim qiyilgan jondan.

Qonab ketdi qorachigʻlarim,
Tun qaʼrida majhul taxayyul.
Men ogʻi-ir havoga yoʻliqdim…

TOAT LAZZATI.

Yo, Robbim, dilimni oʻzingga rom qil,
Toat manzilida ruhimga dom qil,
Magar sevib, sevib. sevib oʻloyin,
Ishqdan lazzat berib, mangu orom qil.
Koʻz yoshim mast etsin, koʻksimni jom qil,
Yo, Robbim, oʻzimni Oʻzingga rom qil.

Shul damda koʻngilni banddan yechdim, Yor,
Umrim lavhi uzra mahzun uchdim, Yor,
Maqsudim izmida xushu noxushman,
Bilmasman oʻzimdan qandoq kechdim, Yor.
Manim borligʻimni vaslingga jam qil,
Yo, Robbim, oʻzimni Oʻzingga rom qil.

Allohim, nuringdan quyosh istadim,
Tan ila jonima talosh istadim,
Koʻz oʻngimga kelsang, gumrohligim-chun
Qonga aylanguncha koʻz yosh istadim.
Qaro kechalarga zorimni sham qil,
Yo, Robbim, oʻzimni Oʻzingga rom qil.

Bu ranju hasratim vasfing arzidur,
Nolai afgʻonim rahmat farzidur.
Qulingning holini bundan xor etsang,
Sabru sadoqatim jonim qarzidur.
Komil moʻminlikni naslimga shon qil,
Yo, Robbim, oʻzimni Oʻzingga rom qil,

Dunyo-da oʻtkinchi, men-da ketgayman,
Amri vojib qilsang, baski ketgayman,
Fasli tazarruda roʻyi zaʼfaron
Evoh, murodimga qandoq yetgayman.
Tovbamning selini obi-zamzam qil,
Yo, Robbim oʻzimni oʻzingga rom qil.

***

Koʻngilni gʻaflatdan ozod qilsaydim,
Koʻz yoshimga toʻlsaydim, toʻkilsaydim,
Bu dunyoda telba oshiq boʻlsaydim,
Va vaslingga yetarmidim, bilsaydim,
Jamolingga maftun boʻlib oʻlsaydim.

Qizgʻaldoqday titrab-titrab uygʻonsam,
Suyagimdan oʻtin qalab koʻ-oʻp yonsam,
Jononimni jonimdanam qizgʻonsam,
Oʻz holimga bir yigʻlab, bir kulsaydim,
Jamolingga maftun boʻlib oʻlsaydim.

Gardanimga maʼshuqlikni ort, Yorim,
Tarozingda muhabbatim tort , Yorim,
To qiyomat chalib oʻtay dil torim,
Yor, koʻyingda yuragimni tilsaydim,
Jamolingga maftun boʻlib oʻlsaydim.

Mangu ishqning mubtalosi boʻlay man,
Dardi ogʻir, bedavosi boʻlay man,
Shaydolarni mustafosi boʻlay man,
Nafs oʻtini gul bogʻimdan yulsaydim,
Jamolingga maftun boʻlib oʻlsaydim.

Yoqding mani, yondim, kuydim, kulingman,
Buyursang bas yomgʻiringman, doʻlingman,
Robbim, sening intizor bir qulingman,
Zulmatdan oshyoni nurga kelsaydim,
Jamolingga maftun boʻlib oʻlsaydim.

Jonim Alloh, baxtga nozil , et mani,
Feʼlim yomon, hushyor nozir et mani,
Oʻlum bayramiga hozir et mani.
Visolingga yetgaymanmi, bilsaydim,
Jamolingga maftun boʻlib oʻlsaydim.

***
Dilim siyohiga botirdim tunni,
uzo-oq tikilgancha
havoda muallaq chayqalayotgan
armon nuqsi urgan suratga…

Oq gulchambar taqqan zardoli,
Oʻn yettiga toʻlgan durkun qiz,
Osmon tasviriga hamohang Yoshlik…

Rangli-rangsiz
gullar sochib tashlangan,
adogʻi yoʻq yolgʻizoyoq yoʻl.
Jadal ketayotgan
oltin aravaga
qoʻl siltab qolgan
Ogʻi-ir bir jimlik.

***
Xitoy chinnnisiday
sofdir yuragim.
Uzluksiz jaranglar
bir marta chertsang…

Bodom gullarini
urganday sovuq
sanchilganda gardanimga
qismat tigʻlari.
Zamharir yalagan idishlarimda
sovumadi sening nasibang.
Qayta isitishning
hojati ham yoʻq.

Qaynoq munosabatimdan
aslo titrama.
Faqat ehtiyot boʻl,
tushib ketmasin
kafting chizigʻidan
mening siyratim.

Men- gullari ogʻirlik qilgan
sopol guldon kabi
indamay
boʻlinib qoʻya olmasman.

Xitoy chinnisiday
toza yuragim…

***

Ul jamoli Rab ishqina
Tushti koʻngul , tushti koʻngul.
Gul jannatli Yor koʻshkina
Tushti koʻngul, tushti koʻngul.

Ichim yondi, dil uyondi,
Manim manim mandan tondi.
Man gumrohni qon ashkina
Tushti koʻngul, tushti koʻngul.

Bilib-bilmay gunoh etdim,
Bilmam qandoq izoh etdim,
Naylay Qahhorni mushtina
Tushti koʻngul, tushti koʻngul.

Boshim egib, tizim choʻksam,
Joynamozga jonni toʻksam,
Ne tong, tazarru mashqina
Tushti koʻngul, tushti koʻngul.

Rahmatini kutib oʻlsam,
Oʻlsam anga yetib oʻlsam,
Saodatli Rab ishqina
Tushti koʻngul, tushti koʻngul.

***

1. Seni izlab yurganlar
mening koʻzlarimdan axtarsa edi.
Koʻzlarimdan topgan boʻlardi Seni.

2. Qirqoyoqqa oʻxshayapti vaqt,
sudraladi soat millari,
zuluk kabi soʻrar meni Yolgʻizlik.

3.Ana Sen kelyapsan,
ana , kulding ham.
Koʻzim –yoʻl, barchasi birma-bir oʻtar.

4. Baxtni gʻijimlayman bolishga qoʻshib.
Koʻz yoshiday ovoz kelyapti
men oʻzimni tinglaganimda.

***

Baxt qasridan kaptarlarimni
Bir kechada qoʻydim uchirib.
Umrim bitgan daftarlarimni
Qayta yozdim ishqni oʻchirib.

(Uchi-ib ketdi qanoti yalpiz…)

Menga mahtal koʻnglingda soyam,
Kipriklarim-yomgʻirga pana.
Men-alamdan yuksalgan qoya,
Toʻqiyapman gʻamgin afsona.

( Uchi-ib ketdi bahori Osmon…)

Sovuq urgan kuzgi gullarni
Taqdim etding sevgimga atab.
Men muz qotgan mungli unlarni
Yashar boʻldim boʻgʻzimga qadab.

(Uchi-ib ketdi millati Quyosh…)

Turtib oʻtsa bemavrid shamol
Chayqalansa koʻhna xotira.
Senga qaytsam- oʻzimga zavol,
Ajablanma shunda ham sira.

(Uchi-ib ketdi hasrati Navroʻz…)

YOLGʻIZLIK

Har gal meni
unutib qoʻyaverar vaqt.
Keraksiz matohday qolaman chetda.
Oʻksinib oʻksinib yigʻlayman keyin.
Holimga bosh chayqagan kabi
chiqqillab jimlikni buzadi soat.

***

Avval chalding har kuyga.
istagancha oʻynading,
chirmanda boʻldi koʻnglim.

Yaladi ufq yelkasin.
oqqush yoʻl chizib berdi,
parranda boʻldi koʻnglim.

Sharaqladi gulqahqah,
chapak chaldi yaprogʻi
bi-ir xanda boʻldi koʻnglim.

Dalani oʻgʻri urdi,
teshildi ajdar ogʻzi
gulxanda boʻldi koʻnglim.

Dunyoga ketdi xabar,
bolaladi hangoma
sharmanda boʻldi koʻnglim.

Sahro zarga aldandi,
havo ichdi qora sut
to sanda boʻldi koʻnglim…
To sanda boʻldi koʻnglim…

***

Bilasizmi,men…
Baʼzida daraxtman.
Barmoqlarim bilan
qitiqlayman oyni, quyoshni.

Baʼzida daryoman
oʻzanni buzib
oʻynayman togʻ toshni.
Va yana dunyoga aylanib
ichib yuboraman havoni.
Billur bulutlarga yonboshlab
sayr qilaman yetti samoni.

Baʼzida qudratli kuchmanki,
zavq-shavqim oshadi, toshadi.
Ammo hozir… Sizni uchratib
bi-ir koʻnglim boʻshadi.

Bilasizmi men…
sizning oldingizda…
hech kimman….

***

Men istagan tong yoʻq,
men istagan kun,
Men istagan shom yoʻq ,
men istagan tun.
Asli yoʻq borliqning alamlarida
inja umidlarim ezilar beun.
Mana-yashilligi yigʻlagan koʻklam,
mana-koʻkligidan chopilgan maysa.
Adir-qizgʻaldoqlar koʻmilgan dala,
mana-kim qoniga oyogʻin chaysa.
Moviy kenglik, olis, begʻubor olam,
yoʻllar yonadilar lohas islardan.
Orzu-bir umrga tamshangan bolam,
safolar soʻraydir zangor hislardan.
Dunyo oʻtrigida qalqiydi ruhim,
izlar kamalakning jilosiday erk.
(Kamalak …Eh, axir, Osmonning qizi,
mening ruhim esa koʻk tilagan Yer.)
Dilim oʻrtanadi,
yoʻqmi soʻrorim,
tinglamasmi hech zogʻ notinch zorimni?
Meni tashlab nega ketar, bahorim,
tortiq aylasam ham unga borimni.
Mavjlanadi Hayot…
Shaffof xayolim
nigohimdan tomib ketadi duv-duv.
Mukambar koʻnglimning koʻzlari tolib
erib oqaverar misli chashmi suv.
Ota uyim-qadimdagi qoʻshigʻim,
kuyi chertiladi xotir torida.
Qishloq-yoʻqotganim-oʻynoq oshigʻim,
eng ulkan , eng sodda roʻzim gʻorida.
Majnuntol ostida maʼsum xirgoyi,
Shildiragan oqim –ming yillik ohang.
Kapalak-yam-yashil dunyo humoyi,
Sogʻinchim –mudroqqa urilgan bir zang.
Qaytish yoʻq manzilga ketmoqda umr,
Oʻtkinchi yillarning etagin tortib.
Voh, hech unutilmas fasllar shumi,
Menmi qolayapman yoshlikdan ortib.
Qachondir…
Oʻrtansa
ayrilgan yurak,
bir kuni izlasam…parvarlarimni.
Kimning yoqasidan olmogʻim kerak
topmasam eng toza mehvarlarimni?..
Men istagan shom yoʻq,
men istagan tun,
ufqim qay yoqlarga bosh qoʻydi ayting.
Men istagan tong yoʻq,
men istagan kun
Bahoriy lahzalar, orqaga qayting!!!
Tashlab ketma meni , seviklim bahor,
iliq nafasingni koʻksimga baxsh et!
Yoʻq,
hech hijroningga chidolmam endi
ketsang…ketsang meni…
kel, oʻldirib ket!!!

***

Yana qay yerlarga yoʻl olding, Bahor,
Ruxsoringga mahtal meni –da tashlab.
Shuʼlasiz tunlarim topganda nahor
Bevaqt unutilgan jonimni gʻashlab.
Qayoqqa shoshasan, qayoqqa axir
tilimdan tushmasa tunu kun isming.
Bosh urib yigʻlasam poyingga sahar,
sajdagoh aylasa koʻzlarim izing.
Alvidoga koʻnmay yigʻlaydi koʻngil,
koʻklamim,
koʻkligim,
yana
koʻhligim.
Senga zor dilimga berasan ozor
shundogʻam yetmasmi dil oʻksikligim.
Toʻqqiz oy…telbavor axtardim, jonim,
Seni oqsoch dunyo etaklaridan.
Izgʻib kezaverdim va axiyr topdim
fasllar haqdagi ertaklaridan.
Endi qayga ketish istaysan yana?
Laylatulqadrli kunlar yolgʻonmi?
Hali dalalardan ketmayin ohor
koʻklamim, manziling tagʻin Osmonmi?..
Nahot, yana tashlab ketyapsan, Bahor,
daryoday oqizib koʻngil yoshimni.
Qoʻling ber, ortingdan koʻkka bu safar
men ham olib ketay Yerdan boshimni.

***

Jimlik singib ketgan soqov xonada
suyganimni kutib
xoʻrsinaman men,
chiqqillar soat.
Chuqu-ur nafas olaman,
sim karavot yuborar yutib
Siqilaman men,
chiqqillar soat.

Daqiqa oʻtmaydi,
imillaydi vaqt
beli singan chumoliga oʻxshab.
Ezib yuboradi meni ham .
Hiqqillayman men,
chiqqillar soat.
Yuragimga tushar bu ovoz.
Afsus notasiday “chiq-chiq-chiq…”
Xoʻl bolishni otaman unga.
Toʻnkarilib bolish tagidan
chiqqillar soat,
Men…

HURLIK QASIDASI

Bu ne razolat kun?
Bu ne jafodir?
Toʻrt taraf jahannam, har zot doʻzaxiy.
Bu ne halokatdir?
Bu ne xavotir?
Shayton doʻst atalmish, farishta yogʻiy.
Shafaq qon qusamish, havo yigʻlamish,
Osmon yirtiladi chaqmok zarbidan.
Borliq tasavvurga botiradi tish,
Zardoflar rangida boʻyaladi tan.

Gul boʻlib yilonlar koʻtaradir bosh,
tomirlarni ming bir zuluklar soʻrar.
Mayib alvastilar oʻlan aytar losh,
sochlar bandlarida yirtqich in qurar.

Bu ne qiyomat kun?
Bu ne azobdir?
Yashamaslik –jazo, yashamak –jazo.
Bu ne sinoatdir?
Bu ne vahshiy sir?
Yerdan to arsh qadar yetmagay safo .

Alast raqqoslarga aylangan toʻda-
manqurt jigarlarim , gumroh xaloyiq.
Koʻzlar -oʻlik koʻzgu,rang-roʻy aftoda
Jahannam qaʼriga shu qavm loyiq.

Biri birin gʻajir, yonaro tuproq
Olov yamlayverar oʻlikmi tirik.
Bunda lazzat topar murtadlar koʻproq,
Alar xandasinda iblislar sherik.

Bu ne koʻrgulik kun?
Bu ne jaholat?
Hirs-havas koʻyida bori andarmon.
Bu ne motam darsi?
Bu ne falokat?
Buzuqi maishat tugamas hamon.

Gunoh azim boʻldi, oʻsdi betoʻxtov,
moʻmin tilaklarni keldi bostirib.
Osiydek iljayar, kular beoʻxshov
iymonin sanamga qoʻygan ostirib.

Kofir yutib chiqqan hirs gʻazotida
tamanno asirlar butlarni oʻpdi.
Borni boy berdilar dil bisotida
Yo Rabb, axiyr qashshoq yurak yer qoʻpdi.

Bu ne tamomatdir?
Bu ne oxirdir?
kunni qoplayajak zulmat vahshati.
Bu ne malomatdir?
Bu ne qahrdir?
Odam hayotida Dunyo dahshati.

Yoʻq, yoʻq,istamadim , o, buyuk Mavlo,
Ol mani, ol mani, jonimga qasd qil.
Mamotim oʻzingga qildim havola,
Ruhimni illatdan mosuvo etgil.

Bu soʻrov zahmidan qonayapti tun,
Bezovta koʻngilga mavhing sanchilar.
Koʻllarim oʻtinmi, nafasim tutun,
suyagim yer bilan yakson yanchilar .

Bu ne risolatdir…
Bu ne halovat…

YOʻL BOSHIDA YOZILGAN SHEʼR

Sevinmadim,
sevilmadim,
sevmadim,
Dunyoga sigʻindi boʻldimmi,
Yo kechroq tugʻildim va yoxud
oʻlimdan avvalroq oʻldimmi?

Tirjayar choʻloq baxt, oyoqsiz,
Boshi yoʻq xavotir yigʻlaydi.
Umidim-qasoskor qari qiz,
ayovsiz koʻksini tirnaydi.

Sevgi ne?..
Yoʻqlikning dengizi!
Men unda chayqalgan oq kema.
Toʻlqinda suvningda yoʻq izi
Bu dunyo…
bu dunyo…
Hech nima…

MЕN SЕNI…

Men Seni barmoqlarim bilan…
Sochlaring qonatar barmoqlarimni.
Kipriklaring zarbidan
tilinib ketadi titragan kaftim.
Seni… barmoqlarim bilan sevaman.
Men Seni koʻzlarim bilan…
Eng beshafqat turma, asiri-yolgʻiz
Kiprik panjaralar-eng goʻzal zulmim!!!
Seni …koʻzlarim bilan sevaman.

Men Seni yonoqlarim bilan…
Mangu qizgaldoqlar yonadi lov-lov
ishqimdayin boqiy, tashna chechaklar.
Seni …yonoqlarim bilan sevaman.

Men Seni makrlarim bilan…nihoyat,
sen uni hech qachon aldayolmaysan.
Tashlab ketolmaysan qora oʻrmonga
Seni …makrlarim bilan sevaman.

VATAN

Vatan –Osmon,Vatan –YER,
Vatan-togʻu,Vatan-qir,
Vatan-quyoshu yulduz,
Vatan qoʻshik,Vatan-sheʼr
man va tan –
VATAN!!!

Tuproq , lahad, qabriston,
chechak, gul, bogʻu boʻston,
tirik jon, ismi inson,
yorugʻlik , ham zimiston,
Dunyo, yettita osmon—
man va tan—
VATAN!!!

Erk koʻngilda tugʻilar,
qalb hurlikka choʻqinar,
qoʻsha qarogʻim ichra
biram ogʻriq suqilar
man va tan—
VATAN!!!

Qanotlari siniq qush,
kaftlaringni kaftga qoʻsh,
shirin oʻngingdagi tush
kimga kerak bu kutish
man va tan –
VATAN!!!

Jonni rangi zargʻaldoq,
Ishqning rangi qizgʻaldoq,
muhabbat mingta baldoq,
Mehringning rangi qandoq
man va tan –
VATAN!!!

Salqqan qaboqlaringga
yuragimni agʻdardim,
Bu tosh boshni qoʻyishga
koʻkragingni axtardim.
Oʻxshasam faqat Senga,
faqat Senga oʻxshardim!!!
Ox-vohim,muqaddasim,
dardim ,hamdardim,mardim
mann va tan—
VATAN!!!

Koʻzim,soʻzim,oʻzim –San,
Kecham,tong,tun,roʻzim –San,
boʻrilar tishidagi
qonab kelgan qoʻzim-San,
Ov,begʻamim,boʻgʻzim,San
hayqir,boʻkir,qaydasan???
man va tan-
VATAN!!!

Seni sevmoq-Buyuk ish!
Senda oʻlmok-tirilish!
Vatan asli –BIRIKISH!
San,
man,va tan-
VATAN!!!

***

Xayolim jiqqa hoʻl,
ruhim jiqqa hoʻl,
Armonim jiqqa hoʻl,
anduhim jiqqa hoʻl,
Men-ku jiqqa hoʻlman,
senda jiqqa hoʻl
Muhabbat –olov!
Diling yomgʻir seni,
yuraging yomgʻir,
sochlaring ham yomgʻir,
qoʻllaring yomgʻir,
Ovozlaring yomgʻir,
soʻzlaring yomgʻir,
Koʻzlaring –olov!!!
Peshonamga tomar,
jonimga tomar,
tomirimga tomar,
qonimga tomar,
chak-chak,izim chak-chak
tovonimga tomar ,
Tomchilar-olov!!!
Nazar qil ,
seni deb ivib ketganman.
Jalalarga qolib
suvga boʻkkanman,
bemisl yomgʻirga,
selga choʻkkan Man!
Sen –olov!!!

AJAL OLMASI.

1.Sentyabrning soʻnggi kunlari…
Daraxtning eng uchidagi
buvamga atalgan ajal olmasi
oʻlim rangida…

Kuzdan qolgan yetim meva
mezon yegan olma,
pishib yetilgan olma,
tobora pishib yetilayotgan Soʻnggi Nasiba!

2.Nayzaday otaman savollarimni,
savollarim sanchiladi otam koʻksiga.
Men olma otmayman,
nayza otaman:
“Nega meni chaqirmadingiz???”

3.Olmajon,
tirik qolarmidi buvam
agar seni yemaganida.
Buvam seni yedimi , OLMA?
Sen buvamni yedingmi, OLMA?

4.Sentyabr,sentyabr,koʻksimda armon
Buvam boy berilgan sagʻir olmaga.
Har yilgi odatin tark etmabdi u,
har yilgi odatlar tark etdi uni.

Sentyabr, sentyabr, titrayman bejon
Buvamning hidini keltirar shamol,
Buvamning hidida pishar olmalar.
Yigʻlayman osilib olma daraxtga
«OLMA yegan buvam-eyy…
olma yegan BUVAM-eyy…»

***

Sen otamsiz kelasan ,Bahor,
Ne bahorsan menda qasding bor?.
Gul taqasan men yigʻlasam zor
ay, Bahorim, shukuhing bekor.

Charxi davvor qismatim bitdi,
Sunbul edim, tomirim yitdi,
Ketdi mening otam-a, ketdi,
qiyomati diydor tark etdi.

Ulugʻ gʻamni yelkamga oldim,
Otam yodin ichimga soldim,
oʻtar yillar, hasratdan toldim,
bahorim-aay, yasholmay qoldim.

Tuproq boʻldim, osmon topmadim,
suyagimday somon topmadim,
ajal yetmas bir jon topmadim,
Otamdayin osmon topmadim.

Samarqandga borsam axtarib,
huvillaydi qishlogʻi gʻarib.
Gul chehramdan kulgular arib
ketmoqdaman kuzday sargʻarib.

Mehri nisor Otam yoʻq,Otam,
yoʻlimga zor Otam yoʻq,Otam…

Yana mutolaa qiling:

Muhayyo Rustam qizi. Ay, gullarni sogʻingan dala
Muhayyo Rustam qizi. Sheʼrlar

07

(Tashriflar: umumiy 752, bugungi 2)

Izoh qoldiring