Чинакам шеър – ҚАЛБ ҳайрати ила ТАФАККУР фикрати кесишган нуқтада яралган илоҳий неъматдир. Шеър ҳис қилиниб тушунилади. Қалб ҳисларининг олий нуқтасида – ҲАЙРАТда ШЕЪР туғилади. Шеърда маъно сўз либосида яшириниб ётади. Эҳтимол шу боис шеър бошқа санъат турларидан аллақанча юқорида турар. Нима бўлганда ҳам Шеър айни ҳақиқатдир. Мавлоно ҳазратлари яратган шеърий инжулар ана шу маънода Ҳақиқатлар Ҳақиқатидир.
НАВОИЙ ва РУМИЙ
(Илк чизгилар)
Мумтоз Шарқ оламида шундай зотлар борки, улар бири-бирининг нуридан ҳарорат олгандир. Худди Қуёш системасидаги сайёралар ҳар бири ўзх меҳварида ҳаракатланиб, бир-бирига нур таратгани каби улар ҳам бир-бирларидан нур ва ҳарорат олганлар.
Тасаввуф олами гўзал ва нажиб тасаввуф адабиётини яратди. Тариқатлар бу адабиёт учун йўл вазифасини бажардилар. Тариқатлар – тасаввуф оламининг улуғ мақсади сари интилган йўллари бўлиб, гўё юксак тоғ устига борилаётган минглаб сўқмоқлар улар.
Бу илк чизгиларда икки буюк таълимотга мансуб икки улуғ аллома йўлларининг айрим жиҳатларига имкон қадар назар ташлашни ихтиёр этдик.
Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад ибн Баҳоуддин Валад ал Балхий Румий, Алишер Навоийнинг «Насоимул муҳабба-мин шамойимул футувва» асарида келтирилишича, ҳижрий 604 йилда, раббиул аввалнинг 6-сида Балхда туғилган. Мавлавия тариқатининг асосчиси. Тасаввуфий «Маснавийи Маънавий», «Фиҳ мофиҳ», «Макотиб», «Мажолиси саъба» асарларининг муаллифи. Унинг «Маснавий»си ҳақида шундай дейишади:
Маснавии маънавии Мавлави,
Ҳаст Қуръон дар забони паҳлави.
Яъниким, Мавлавийнинг «Маснавий»си паҳлавий тилидаги Қуръондир, деган байт ислом оламида машҳурдир.
Алишер Навоий ўзининг «Насойимул муҳаббат» асарида етти юздан ортиқ сўфийлар ҳақида маълумот берар экан, Жалолиддин Румий ҳаёти қирраларининг энг муҳим нуқталарини ёритади. Мас., Жалолиддин Румийнинг олти ёшда эканлигида бир томдан иккинчисига сакрагандаги ҳолати. Яна ўша ёшда ҳар икки-уч кунда ифтор қилишлари. Ёхуд Макка йўлида Фаридиддин Аттор билан кичик Жалолиддин учрашуви, Атторнинг Румийга «Асрорнома»ни тортиқ этиш ҳам Навоийнинг юқорида номи зикр этилган асарида келтирилган.
Шу маълумотлар қаторида Навоий Румийнинг тасаввуфий қарашларига оид маълумотларни ҳам берадики, бу маълумотлар Навоийнинг Румий тасаввуфий қарашларига бўлган улкан эҳтироми кўзгусидир. Навоий қайд этади: «Алар (Румий – М.О.) дер эрмишлар, мен бу жисм эмасманки, ошиқлар назарида манзурмен, балки ул завқу хушлуқменки, муридлар ботинида манинг каломимдан бош урар. Аллоҳ, Аллоҳ чун ул дамни топсанг ва ул завқни тотсанг, ғанимат тут ва шукр қилки, ул мендурмен».
Дарҳақиқат, Жалолиддин Румий қолдирган мерос – каломдан ошиқлар –тасаввуф олами соликлари завқ олиб, Румий умри боқийлигини исботлагайлар.
Навоий Румий хақидаги маълумотларни давом эттириб ёзади: «Ва дебдурки, қушки ердин юқори учқай, агарчи осмонга етмагай, аммо томдин йироқ бўлғай. Ҳамул навъ агар киши дарвеш бўлса, агар дарвишлик камолига етмаса, аммо мунча бўлғайки, зумраи халқдин ва бозор аҳлидин мумтоз бўлғай ва дунё заҳматларидин сабуквор бўлғайки(нажо-ал маҳфун ва ҳалақал мускулун)». Бу ўринда Навоий Румий нинг тасаввуфдаги нафс тушунчасига бўлган муносабатини ёритган. Яъниким, дарвишлик йўлига кирган киши чин дарвишликка етолмаса ҳам Нафс қўлидаги бандаларидан мумтоздир. Бу ўринда Румий Ҳазратлари айтадилар:
Гуфт: Қоил, дар xаҳон дарвеш нест,
В-ар бувад дарвеш, он дарвеш нест.
Ҳаст аз рўи бақо он зоти ў,
Нест гашта васфи ў дар васфи хў.
Алишер Навоий Румий таъриида яна шундай ёзади: «Ҳар дамки бу жаҳондин озод бўлғайсен ва ўзунгни ғариб билғойсен ва ҳар рангки, боқсанг ваҳар мазки тотсанг, билсанки, оинг била қолмоғунгдир ва ўзга сори борғунг ва ҳеч маломмт ери қолмағай». Румий бу ўринда «жаҳондин озод бўлиш»ни – Нафс кўзини ёпиш, ҳирсдан кечиш маъносида айтган. Шу ўринда, Навоий ва Румий тасаввуфий қарашларининг ўхшаш нуқталарига назар ташлайлик.
Навоий навоийшунослар томонидан кўп марталаб эътироф этилишича, Комил Инсонни ўзининг барча асарлари қаҳрамони қилиб олган. Бу жиҳатдан айтиш мумкинки, у ўзидан олдинги салафлари, инчунин, Румий қарашларини маълум маънода ўз асарларида мужассам этган. Расул Ҳодизода ўзининг «Тасаввуф дар адабиёти форс-тожик» асарида қайд этишича, Мавлоно Румий «Маснавийи маънавий»нинг кўп ўринларида илоҳий ишқ инсон мавжудлиги – маънавияти манбаи деб ҳисоблаган.
Мавлоно Румий Инсон улуғлигининг манбаи илоҳ ишқи эканлигини бошқа бир асари – «Девони Шамс»да баланд пардаларда куйлайди:
Ту зи «каррамно бани Одам» шаҳи,
Ҳам ба дарё, ҳам ба хушки по ниҳи…
Мар малоикро сўй ба роҳ нест,
Xинси ҳайвон ҳам зи баҳр огоҳ нест.
Ту ба тан ҳайвон, ба xони аз малак,
То рави ҳам бар замин, ҳам бар фалак.
То ба зоҳир «мисликум» бошад башар,
Бо дили «юҳйи илаййа» дидавар.
Айтиш мумкинки, мукаррам этилган Инсон Навоий асарларида ҳам юқори нуқталарда куйланган. Масалан, «Фарҳод ва Ширин» ва бошқалар.
Тасаввуфдаги «Ваҳдат» – бирлик масаласи ёки бирлашиб Аллоҳга қўшилиб кетиш масаласи бу икки мутафаккир ижодида учрайди.
Навоий Аттордан таъсирланиб «Лисонут тайр»ни ёзади. Ундаги қушлар Ўзлик сари – Ваҳдат сари бориб билишадики, Си мурғ уларнинг ўзлари экан. Мавлоно эса маснавийларининг бирида мақсади бирлигини англамаган тўрт миллат вакили можаросини ҳикоя қилади.
Румий олам ва одам бирлиги ғоясини – инсонпарварликни ҳамиша улуғлаган:
Ҳар валиву ҳар набиро маслакест,
Лек то Ҳақ мераванд xумла якест.
Ҳажга борган бандалар сиғинаётган Ҳажар-ул асвад ўртадан олиб ташланса, маълум бўладики, инсонлар бир-бирларига сиғинаётган бўлади, дейди Румий. Бу ўринда шуни қайд этиш керакки, Навоий яратган қаҳрамонлар мажозий ишқлари ҳам айнан румиёна фалсафага ҳамоҳангдир. Мана бу мисралар Румий Ҳазратлариники:
Онҳо, ки талабгори худоед,
Берун зи шумо нест, шумоед, шумоед.
Xизе, ки накардед гум, аз баҳри чи xўед,
В-андар талаби гумнашуда баҳри чароед?
Исмеду ҳуруфеду каломеду китобед,
Xибрили аминеду расулон шумоед.
Бу сатрлар Навоийнинг «Лисонут тайр»ида кенг режада ёритилган. Юқорида таъкидлаганимиздек, тариқат йўллари Ваҳдат сари бўлганлиги боис икки буюк тариқатга мансуб бу икки Шарқ алломасининг тасаввуфий фикрлашишларида ўхшаш томонлар яққол кўзга ташланади. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Навоий мавлавия тариқатининг нақшбандия тариқатига мос келадиган нуқталарини Румий ижодидан ўрганган.
КЎЗГУДАГИ АКС
Жалолиддин Румий Ҳазратлари 800 йиллигига бағишланади.
Чинакам шеър – ҚАЛБ ҳайрати ила ТАФАККУР фикрати кесишган нуқтада яралган илоҳий неъматдир. Шеър ҳис қилиниб тушунилади. Қалб ҳисларининг олий нуқтасида – ҲАЙРАТда ШЕЪР туғилади. Шеърда маъно сўз либосида яшириниб ётади. Эҳтимол шу боис шеър бошқа санъат турларидан аллақанча юқорида турар. Нима бўлганда ҳам Шеър айни ҳақиқатдир. Мавлоно ҳазратлари яратган шеърий инжулар ана шу маънода Ҳақиқатлар Ҳақиқатидир. Биз ушбу мўъжаз мақоламизда Ҳазрати Румийнинг КЎЗГУ ва КЎЗ ҳақида айрим байтлари («Маснавии Маънавй» (Нашри Замон, Теҳрон, 2001)дан, Девони кабир (Душанбе, Адиб,1993.Чилди аввал)ни мисолга тортамиз.
Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари исми мубораклари ислом оламида машҳурдир. Румий ҳазратлари яратган сўфиёна шеърлар тасаввуф шеъриятининг ноёб инжуларидир. Бу инжулар гоҳ ғазал, гоҳ маснавий кўринишида шеърхон қалбидан чуқур жой олган. Айниқса, Ҳазратнинг қуйидаги мисралари Кўнгил кўзи очиқлар учун шиор ўрнидадир:
Ин дида бипўш то дилат дида шавад,
З-он, чаҳоне дигаре дида шавад.
Ин гуфта ло илоҳ вирди худ соз,
Дар боми фалак ҳар чи бувад дида шавад.
Сўфийлар нуқтаи назаридан олиб қарасак, Олам, ҳатто Одамда Аллоҳ тажаллий этади. Тажаллийнинг маъноси жилва қилмоқ, акс этмоқлик. Демак, Олам – Аллоҳ тажаллийси қошида кўзгу. Кўзгуни ўзбек шоираси Нодира ҳам айни дийдорга элтувчи восита деб билади:
Кўзларим айлар юзингни орзу,
Ким, эрур кўзгуя дийдор эҳтиёж.
Кўзгуга оддий предметлик яъни моддийлик нуқтаи назаридан ёндашиб, мулоҳаза юритайлик. Ҳар бир кишининг кўзгуга боқишдан битта мақсади, яъни ўз аксини кўришдир. Кўзгу Олам бўлса, Румий лирик қаҳрамони тажаллий заррасидир. Ана шу зарра Ишқ гулханида гурлаб ёнмоқда:
Боз расидем зи майхона маст,
Боз рамидем зи болову паст.
Xумлаи мастон хушу рақсон шуданд,
Даст занед, эй санамон, даст, даст!
Рақс инсоният ибтидосида ҳам бор эди. Масалан, ибтидоий одамлар овга боришдан олдин ов Худолари шарафига қурбонлик бериб, рақс тушганлар. Румий таълимоти ҳам рақсу самоъга асосланган бўлиб, бу асос Ҳазратнинг аксари шеърларида ўз ифодасини топган. Масалан,
Ёракон рақсе кунед андар ғамам хуштар аз ин,
Курраи ишқам рамиду на лаxом асту на зин.
Пеши рўи моҳи мо мастон яке рақсе кунед,
Мутрибо, баҳри худо бар даф бизан зарби ҳазин.
Рақс кун дар ишқи чонам, эй ҳарифи меҳрубон,
Мутрибо, дафро бикўбу нест баҳсе ғайр аз ин.
Ёки:
Чу хаёли ту дарояд ба дилам рақскунон,
Чb хаёлоти дигар маст дарояд ба миён.
Гирд бар гирди хаёлат ҳама дар рақс шавад,
В-он хаёли чу маҳи ту ба миён чархзанон.
Демак, тасаввуф таълимотидаги рақс – зикрнинг илдизлари олис тарихга бориб тақалар экан. Бу бошқа мавзу. Кўзгуга қайтайлик. Кўзгуга боқмоқлик мақсад, шоира Нодира айтганидек, дийдор. Кўзгуда Ўзини кўрган Румий лирик қаҳрамони мана нима дейди:
Эй он-к зи рўзу шаб бурунb,
Рўзу шаб мар турост дида.
Дар партави офтоби рўят,
Дар рақс чу зарроҳост дида.
Буд бе ту дида душмани xон,
Акнун зи ту xони мост дида.
Эй дидаатон чу дил парешон,
Дар айни дили шумост дида.
Ҳар дида xудо-xудо аз он аст,
К-аз дидаи мо xудост дида.
Илоҳий Ишқ олови ичра чин ошиқ ёнмоқда. Чин ошиқ учун бу олов саратонда қақраган саҳронинг сувга етиши кабидир. Чунки бу олов Илоҳ ишқи… Ошиқ учун бу оби ҳаёт. Шу ўринда озгина мавзудан чекинмоқни лозим топдик.
Ривоят қилишларича, оташнафас Насимийнинг ўлимига фатво берган руҳоний: «Бу шундай малъунки, унинг бир томчи қони теккан жойни кесиб ташламоқ лозим», – дебди. Тасодифни қарангки, шоирнинг бир томчи қони ўша руҳонийнинг бармоғига сачрабди. Жамоат ундан бармоғини кесиб ташлашни талаб қилибди. Руҳоний «мисол тариқасида айтган эдим», – дебди. Шунда қип-қизил қони ичра турган Насимий:
Зоҳидинг бир бармоғин кессанг дўниб ҳақдан қочар,
Кўр бу мискин ошиқи сарпо сўярлар, оғламаз,
дея нидо қилади.
Айтиш керакки, чин ошиқ учун Ишқ йўлида қурбонлик унинг томонидан мамнуният билан қабул қилинади. Чин ошиқ Насимий каби ҳеч бир иштибоҳсиз Ўзини Ҳаққа топширади. Яъни Қақнусдек олов ичра туғилиб, олов ичра яшаб ўлади. Ишқ – чинакам Ишқ МЕНликни инкор қилади. Унга МЕНлик бегона. Ва айнан шу йўқолишда у қайтадан бино бўлади. Яъни Биз – Бирлик Ваҳдат бор. Шу йўқолишда яъни МЕНликнинг йўқ бўлишининг ўзида Кўзгуда акс этиб, Кўзгуга сингиб сингиб кетиш билан бошқа ҳақиқат очилади:
Дидаи ту чун диламро дида шуд,
Шуд дили нодида, ғарқи дида шуд.
Ҳар бир кўнгил бир Олам. Яъни Олам ичра Олам. Бизни ўраб турган Олам кўнгил оламига нисбатан кичикдир. Кўнгил Олами Олами Кубродир. Аллома Муҳаммад ИҚБОЛ шундай дейди:
Он чи дар Одам бигунxад Олам аст,
Он чи дар Олам нагунxад Одам аст.
Биз ана шу олами Кубро – Инсон кўнгли ва кўнгилда акс этган Кўзгу ва Кўз кўринишларини шеър шаклидан эмас, маъносидан баҳоли қудрат излаган эканмиз, бунда сўзсиз мавлоно Румийнинг:
Мо берунро нангарему қолро,
Мо дарунро бингарему ҳолро, –
деб айтган ўгитларига амал қилдик.
Яна Ҳазрат айтадилар:
Чанд аз ин алфозу измору маxоз,
Сўз хоҳам, сўз, бо он сўз соз!
Яъниким, қачонгача бу сўзлар, киноя ва мажозларни келтирасан. Олов истайман, олов, олов билан ёндир!
Шеър ҳам аслида Кўзгу. Унда шоир Қалби ва бу қалб КЎЗи Кўзгу бўлиб шеърхон шуурида акс этади. Бу акс этиш шоир маҳорати мевасидир. Ҳазрат байтлари замирига бир боқишдан мақсадимиз Кўнгил кўзимизга Қуёш нурларидан зиё олмоқ эди.
Бу зиё Сизнинг қалбингизда ҳам нурбахш наволар айтсин, азиз шеърхон!
Ҳазрат айтган ушбу байтни Сиз ҳар кун ўзингизга бир бор беринг:
Эй дидаи рост, ростдида,
Чун дидаи ту куxост дида?
2003
КЎЗНИ ЮМГИЛ…
Қишнинг бир тутам кунида ҳамхонам билан тасаввуф ҳақида тортишиб қолдик. Оқшом бўлишига қарамай масалага ойдинлик киритиш учун дотсент (1995 йилнинг қиши) А.Абдуқодиров уйига жўнадик. Бизнинг саволларга камоли эътибор билан жавоб бераётган домланинг Кибр ҳақидаги фикри мен учун унутилмас бўлди. Ҳар гал домлани кўрсам шу фикр ялт этиб ёдимга келади.”Кўчага чиқишдан олдин, деганди домла, кўзгуга бир қараб олиш ҳам Кибрдир”.
Ўшандаги талаба бугун домла билан ҳамкорман. Домланинг фикрига турмуш ўртоғим айтган мана бу мулоҳаза қўшимча бўлди:”Исённинг ибтидоси .. кўнгилдан Кибрни ҳайдаш! Ва кўнглимда Кибр йўқ деган хомхаёлни ҳам”.
Кибр ҳақидаги мулоҳазалар асли Румийни таниганим ҳақдаги ҳикояга ибтидо.
Тасодифан қўлимга (1996) Радий Фишнинг”Жалолиддин Румий” тарихий биографик романи тушиб қолди. Муаллиф 20 йил умрини сарфлаган китобни мен бир кунда ўқидим. Икки ой худ-бехуд юрдим. Ҳазрати Румий ҳаёти саҳфаларидаги саҳналардан шу қадар мутаҳҳайир эдимки, опаларимга шу ҳақда гапираверибман, улар ҳам китобни ўқишга мажбур бўлишди. Тасаввуфга оид китобларни излаб юрган мен довдир кўп саволларга айни Румий ҳаёти ҳикоятидан жавоб топдим. Фиш таърифу тавсиф этган Румий эмас, қалбим таниган Румий меники эди. Бу Румий ҳар гал ҳаётим сўқмоғининг кескин бурилишларида бўй кўрсатар ва
Аё сиз, жон чекиб ҳар лаҳза изларсиз илоҳийни,
Ани излашга ҳожат йўқ, илоҳий –сиз, илоҳий – сиз, – дер эди.
Шоир Шариф Нуриддин билан дўстлашдим. Ва чин маънода устоз топдим. Устозим билан суҳбатларда яйраб, Саид Бурҳониддин шогирди Жалолиддин қалбидан Кибрни ҳайдаш учун ўтказган синовларни гапирардим. Устоз эринмай тинглаб, Радий Фиш романини ўқишга мажбур бўлдилар. Суҳбатлардаги устозимнинг сомеликлари, беозор насиҳатлари яна ёдимга Румийни соларди.
Мана Румий – дарвешлик қалпоғи – сарпўшни кийиб, мударрислик, воизликни тарк этиб, мурид бўлган Жалолиддин муршид тайинлаган иш – ҳожатхоналарни тозалай бошлади. Кундузги машғулоти ушбу бўлган шогирд тунда покланиб, отасининг ”Маориф” китобини ўқирди. Бадбўй ҳид димоғига ўтириб қолган Жалолиддин туз тотмай, очлик қийноғини бошдан кечирарди. Ниҳоят – устози жамоа учун садақа йиғишни буюрди. Шунда Румий билдики, юракни тозалаш ҳожатхонани тозалашдан ҳам мушкул экан.
Мен Кунё кўчаларида, бозорларида хайр сўрашдан баҳорги ёмғир сувларига тўлган ҳожатхоналарни тозалашни афзал билган Румийимни ҳар гал манманлик тўнидаги Кибрни кўрганда соғинаман. Назаримда, Дунё –Кунёю, Кибр унинг бозоридаги савдогардай.
Мен таниган Румий тозалик, ҳалоллик, одилликка етган киши. Қирқ кун чиллада ақл кўзига йўлдош юрак кўзини очган Румий устозининг хаёлидан кечган:”Сизга бу дарсдир, вале сиз бехабар”, –Қуръон оятига кўнгил овози билан чилла муддати тугагач жавоб берди:
Нарса йўқким, хорижи олам эрур,
Ҳар не истарсен, ўзингда жам эрур.
Румий ҳаётини синчиклаб ўрганган Радий Фиш ёзади: ”Бизнинг олимларимиз шу кундаги ўз илмларида қилни қирқ ёришга қодирдирлар. Ўзларига молик бўлмаган нарсаларнинг икир-чикирларигача аларга аён. Аммо ҳайҳотки, ўзларига ҳаммадан муҳим, яқин ва маълум бўлган нарсани – ўз моҳиятларини, яъни ўз-ўзларини билмаслар”.
Ҳа,Фиш ҳақ. Ўзлигини билган олим ўзига муносиб шогирд танлай билади. Ва бу шогирд Румий каби устозидан чандон ўзади.
Бундан уч йил олдин Тошкент йўлида тасодифий ҳамроҳ ”Мусулмонмисиз”, ”Қачондан буён?”, – деб сўраб қолди. Калимаи шаҳодат билан мийсоқ кунини айтиб, беихтиёр Румий сўзлари ёдимга тушди:
Ҳазорсола раҳест аз ту то мусулмони,
Ҳазорсоле дигар то ҳадди инсони.
Балки чин мусулмон Комиллик сари кетаётган кишидир.
Устозим Шариф Нуриддин Р.Фишни: ”У мусулмон, балки ундан ҳам ортиқдир. Румий ҳақда бундай асарни ёзган одам мусулмону холос”, –дейди китобни ўқиб чиққач.
Маним Румийим эса дейди:”Ҳамманинг юзи Каъбага ўгирилган. Каъбани олиб қўйсак, маълум бўладики, инсонлар бир-бирининг қалбига сиғинур. Бирининг қалби –бошқаси учун саждагоҳдир”.
Ажойиб бу мулоҳазани ўқигач, ўйлайман, қаршимда ўтирган киши учун маним қалбим тоза саждагоҳ бўла оладими? Ёхуд манов ўнлаб китоб чиқарган олим ёки шоир қалби менга саждагоҳликка муносибми?
Мавлоно таваллудининг 800 йиллиги муносабати билан унинг китобларини варақлай бошлашди. Бунгача уни аҳли хос ўқирди. Шоира Фарзона дейди:”80-йилларда устоз Лойиқда Мавлононинг”Девони Кабир”и (Теҳрон нашри) бор эди. Уни ўқимоқчи бўлган одам устознинг уйидагина девонни кўрарди. Устознинг уйидан ташқарига бу китоб чиқмасди. Аммо менга устоз тантилик қилиб девонни бир йилга берган эдилар. Мавлононинг китоблари ана шундай тансиқ эди бизга”.
Бугун…Эрта…Индин… Умуман, ҳар кун Румийни ўқишга журъат этиш керак. Наинки тантаналарда.
Набоковнинг тўрт томлигини сотиб олаётсам бир шоир: ”Жинни экансан. Бунинг пулига икки кило гўшт олсанг бўларди”, –деди. Орадан ҳеч қанча ўтмай китобфурушларда Мавлононинг ”Маснавии маънавий”си пайдо бўлди. Нархи осмонда. Ҳеч пул ошириб ололмадим. ”Маснавий”нинг нархи эса ошгандан ошарди. Адади минглигини кўриб ахийри кўзимни чирт юмиб олдим.
Шунда ёдимга Табризийнинг тириклиги хабарини етказганга тўнини ечиб берган Ҳазрат келди. Маним бу”қаҳрамонлигим” Румий фидойилиги олдида урвоқча ҳам эмаслигини ўйладим. Сиз эса пулингизга картошка олинг,”шоирлар”!
Менга ўз Румийимни топиш учун сорбон бўлган Радий Фиш ёди олдида бир умр таъзим бажо айлар эканман, Румий жаноблари эзгулик тилаган қалблар учун қуёшлигига яна бир бор иймон келтирдим.
…Кўчага чиқишдан олдин бир устоз айтган сўз ёдимга тушаверади: ”Кўзгуга бир қараб олиш ҳам Кибрдир”. Ҳазрат эса Кибрни енгмоқ учун саккиз аср олдин дегандилар:
Ин дида бипўш то ин дилат дида шавад…
2008
Муаллиф ҳақида
Мунаввара Ойматова 1970 йилнинг 9 февралда Душанбе шаҳрида туғилган. 1990-1995 йиллар Хўжанд Давлат университети ўзбек филологияси факултетида таҳсил олган. 1995-98 йиллар университет аспирантурасида билимини оширган ва 1999 йил номзодлик ишини Тошкентда ҳимоя қилган. Мунаввара Ойматова 1999 йилдан бугунга қадар Хўжанд Давлат университетида фаолият олиб боради. Олима «Румий ва ўзбек адабиёти»мавзусида илмий ишни давом эттираяпти.
Мунаввара Ойматованинг «Табу» романи, «Ғусса марсияси», «Соҳилдаги битиклар», «Мозаика» шеърий китоблари,»Дадамга мактублар» насрий китоби нашр этилган.
Мунаввара Ойматова кейинги йилларда Мавлоно Румий ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ бир неча суҳбат ва мақолаларини эълон қилди. Уларнинг айримларини сизга тақдим этдик.
Манба:www.munosabat.org