Norqobil Jalil. «Men yer bilan salom-alik qilaman»

1234

Биз учун ғайритабиий туюлувчи бу “салом-алик” Тоғай Муроднинг шиори эди ва у бир умр шунга амал қилиб яшади. Чунки у шундай феъл-аъмоли билан, қолаверса, ўзига хос ҳаёт тарзи билан бошқалардан ажралиб турарди. “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” дея эрта башорат қилган ёзувчининг вафот этганига бир йилдан ошди. Лекин турли ижодий давраларда, ўқувчилар орасида унинг халқона ижоди, камтарона яшаб ўтган ҳаёти тез-тез эсланади. Мен ҳам суюкли адиб билан боғлиқ айрим ҳаётий ҳикояларни эслашга уриндим.

9e

Норқобил Жалил
МЕН ЕР БИЛАН САЛОМ-АЛИК ҚИЛАМАН…

Биз учун ғайритабиий туюлувчи бу “салом-алик” Тоғай Муроднинг шиори эди ва у бир умр шунга амал қилиб яшади. Чунки у шундай феъл-аъмоли билан, қолаверса, ўзига хос ҳаёт тарзи билан бошқалардан ажралиб турарди. “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” дея эрта башорат қилган ёзувчининг вафот этганига бир йилдан ошди. Лекин турли ижодий давраларда, ўқувчилар орасида унинг халқона ижоди, камтарона яшаб ўтган ҳаёти тез-тез эсланади. Мен ҳам суюкли адиб билан боғлиқ айрим ҳаётий ҳикояларни эслашга уриндим.

БИРИНЧИ ҚЎНҒИРОҚ

Газетада ишлаб юрганимда бир топшириқ баҳонасида Тоғай аканикига қўнғироқ қилдим. Аёлини яқиндан танирдим-у, лекин ўзи билан ҳеч гаплашмагандим. Маъсума опа мен билан самимий сўрашгач, бироз жим қолди-да, жуда хокисор оҳангда: “Ўзбекистон овози”да ишлайдиган журналист укам сиз билан суҳбат қурмоқчи экан”, деди. Шунда у ёқдан: “Қайси бири, Норқобил кўп бўлса”, деган жавоб эшитилди. Менинг ҳам феълим ўзимга яраша бўлса-да, сабр қилиб турдим. Негаки, Тоғай аканинг қайсарлиги ҳақида кўп эшитгандим-у, бироқ телефонга келишидан аввалги “сўроқ”лари сал оғир ботди. Ниҳоят, телефонни кўтарди.
Қуюқ саломлашдим. У киши бўлса гапимни чўрт кесди:
— Қандай мавзуда суҳбат қилмоқчисиз ўзи?
Изоҳ бердим: “Ҳаёт, адабиёт ҳақида уч-тўртта саволларим бор эди. Қачон вақтингиз бор?” Трубкани қўли билан ёпди шекилли, овози паст эшитилди. “Маъсума, бу бола менданам қўполга ўхшайди-ку!” Сўнг “Эртага опанг шу томонга ўтармиш, айтиб юбораман”, деган гапининг орасидаги “опанг” дея сенсирагани негадир кўнглимни кўтарди.
Эртаси куни Маъсума опа келди. Узоқ гаплашдик. Тоғай ака мен ҳақимда обдон суриштирибди. “Агар бирор нарса ёзган бўлса, сендан бериб юборсин, ўқийин, кейин ўзи билан суҳбатлашаман”, дебди. Худди шу куни икки-учта шеърларимни кўчириб ўтиргандим, қўлига тутқаздим.
Пешиндан кейин яна қўнғироқ қилдим. Бу сафар Тоғай аканинг ўзи олди. Энди уйим, ота-онам, ўқишим ҳақида сўради ва “Онадан эрта етим қолган экансан-да, шеърингни ўқидим, мениям бошимдан бундай кунлар ўтган, ука. Қайси уруғдансан ўзи?” деб қолди. Жавобимни эшитиб: “Мени энам қўнғиротлардан, Деҳқонободнинг қайсидир қишлоғидан эди. Тоғаларим, холаларим тоғ ошиб эшакда бизникига келишарди, ҳозир узилиб кетдик, билмайман”, деди-да, ёзиб юборган саволларим маъқул бўлганини, эртага суҳбат тайёр бўлишини айтди…

МУКОФОТ ОЛГАН КУН

Шу куни газетада навбатчи эдим. Бир кун аввал Тоғай Муродга Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофоти берилганини ўқиб, жуда суюндим.
Кеч бўлсаям уйига телефон қилдим. Одатдагидек, яна Маъсума опа трубкани кўтарди. Уйда меҳмонлар кўп экан шекилли, Тоғай акага “Укангиз сўраяпти”, дегач, у киши трубкани олди: “Майли, суҳбат чиқмаса чиқмас, сен ҳеч хижолат бўлма, мен хафамасман, китобга киритаман, келасанми уйга?” деб сўради. “Навбатчи эдим, бугун сал кечроқ қолаяпмиз” девдим, Тоғай аканинг бироз кайфи бор эканми, “Қўйсанг-чи навбатчилигингни, менам дежурлик қилганман газетда. “Ўзбекистон физкултурачиси” деган газет бўларди бир замонлар, бир марта уйга кетиб қолсам, эртаси куни чиқмай қолган, роса тўполон бўлган, Усмон Азимдан сўрасанг, айтиб беради. Хўп, келасанми-келмайсанми?” деган қатъи саволига жавобан бошқа куни боришимни айтдим.
Минг афсуски, бу орада неча йиллар ўтиб кетди. Тоғай ака билан кўришолмадик. Мен бораман деганимда, у кишини тополмадим, у киши уйига чорлаганида менинг ишим чиқиб қоларди.

ТОҒАЙ МУРОДНИНГ ИЗИ

Уч йилча аввал Деновга бордим. “Чағониён” газетаси тажрибаси ҳақида кўрсатув тайёрладик. Зойир Мамажонов гурунгимиз орасида бетоқат бўлаверди. Ниҳоят ёрилди: “Мен бугун Хўжасоатга бораман, деб одамларга ваъда берувдим. Қолаверса, қаҳрамон буваям сизларни кутаяпти. Гуллаган кетмонини кўрсатмоқчи…”.
Хўжасоат Тоғай аканинг қишлоғи. Денов қайдаю Хўжасоат қаёқда?! Бу журналист ўзи нима деяпти, деб ўйладим. Охири ўзи гап очиб қолди: “Тоғай мен билан тўн кийишмаган бўлса-да, энг қадрдон ва дилдош жўрам. У ўқиган мактаб ҳақида “Чағониён”га бирон мақола ёзмоқчийдим. Бу ишниям белига тепдиларинг. Майли энди, кейин бораман. Кетдикми Собир Раҳимовга?” дея деновлик Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Файзуллаев даласига чорлади.
Катта бир тепалик ёнидан ўтаётганимизда Зойир ака ҳайдовчининг елкасига қарсиллатиб уриб: “Тўхта, тўхта ошна, манави, қишлоқда туғилиб қишлоқни унутганларга бир Тоғай Муроднинг далаларини кўрсатайин, — деб қолди. — Қани, тепага чиқиб, бир Деновни томоша қилинглар. Ҳув, нариги тарафдан Хўжасоат ҳам кўринади. Тоғай билан бу ерларни қанча айланганмиз. Лекин шундай роман ёзаётганини ҳеч сездирмаган. Гап-гап билан бўлиб ҳар замонда “Нима ёзаяпсиз, жўра?” деб сўрасам, “Ўқийсиз ҳали, Сурхону Қашқанинг, Фарғонаю Хоразмнинг елкасидан кетмони тушмаган, пешонаси бир умр шўр бўлиб келган ДЕҲҚОНИ ҳақида ёзаяпман”, деб қўярди”.
Хуллас, ўша куни Иброҳим Файзуллаевнинг даласига сал кечикиб бордик. Гап орасида яна Тоғай Мурод ҳақида сўз очилди. Иброҳим ака жўшиб кетди: “Қойилман Тоғайга. “Отамдан қолган далалар”ини ўқиб мендай дийдаси қаттиқ одам ҳам тўйиб йиғладим. Нега денглар-да? Ахир, шундай кунлар ҳаммамизнинг бошимиздан ўтмаганмиди? Асли ҳис қилиш керак экан. Тўғри, бошқаларам деҳқоннинг оғир ҳаёти ва меҳнати ҳақида ёзган. Нимасидандир кўнглим тўлмаган-да. Тоғайди китобини ўқиб, суюндим, бор экан-ку марди, деб юрибман ҳалиям.
Бир нарсани айтай сизга. Мен етмишдан ошдим, бутун умрим далада кечди. Ота-бувам ҳам кенгликларда яшаб ўтган. Лекин Тоғай Мурод мени, сизни, бутун халқнинг дардини, армонини достон қипти, қўшиқ қипти, отасига раҳмат. Лоф эмас, ҳаммаси чин, мени ҳайрон қолдирган нарса, у қаердан шунча гапни, воқеаларни топган экан-а!”
Зойир ака бўлса қаҳрамоннинг гапини эшитиб, эгат оралаб кетиб қолди. Ёнимизга қайтиб келгач, сўрадим: “Нима, ўзларига тегиб кетдими Ибройим аканинг гаплари, охиригача эшитмадингиз, ахир, сизам катта ёзувчи эдингиз-ку”, дегандим, доим ҳар қандай гапни ҳазилга бурадиган чўрткесар Зойир Мамажонов бу гал босиқлик билан сўзлай кетди: “Менам Тоғайнинг романини бир кечада ўқиб чиқдим, бир кечада… керак бўлса, юз йиллик, икки юз йиллик халқимизнинг армонлари кўз олдимдан ўтди. Биламан, бу романни ёзиш Тоғай учун осон кечмаган. Неча ўн йиллардан бери тайёргарлик кўрган экан у. Халқимизга ҳайкал қўяман деса, кулардим. Бир ҳайкал бўлса, шунча бўлар-да. Шу романни ўқигач, неча кунлаб ўзимга келолмадим. Қаерга бормайин, қайси пайкалга кирмайин, ким билан гаплашмайин, Тоғайнинг ўша гаплари қулоғим остида жаранглаб тураверади”. Тоғай Муроднинг маъракасида Зойир Мамажонов яна оғир армон билан шундай деб қолди: “Энди унинг китобини ўқий десам, юрагим бетламаяпти. Нега десангиз, унинг ёзганлари ҳаммаси ҳақиқат ва энди ҳар эгатда, ҳар пайкалда, керак бўлса, ҳар бир қишлоқда Тоғайнинг изини кўргандай бўлавераман. Кимдир айтибди, ундан бирон зурёд қолмади-я, деб. Тан олайлик, ахир, Тоғай Муроддан қолган ёдгорликни нима билан ўлчаб бўлади?”

СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ

Тоғай Мурод билан ўн йил орасида кўп бора суҳбатлашдик. Гоҳи жуда банд ёки кайфияти бўлмаса гапни қисқароқ қилиб: “Яна телефон қиларсан”, деб қўярди. Аввалига бу муомаласи менга сал эриш ҳам туюларди. Кейин кўникиб кетдим ва аксинча, ўзимнинг руҳим тушса ё айримларнинг тилёғламаликларию майда гап-сўзларидан дилгир бўлиб қолсам, ҳеч иккиланмай Тоғай акага қўнғироқ қилардим. У киши бўлса, менинг дардларимни бўлмай эшитарди.
У киши билан сўнгги марта, ўлимидан бир ҳафтача аввал гаплашдик. Уйида ёлғиз ўзи экан. Менимча, зерикиброқ турган эканми, ё кайфияти чоғмиди, билмадим, бир соатча сўзлашдик. Мен эса хижолат бўлиб гап орасида: “Ака, узр энди, вақтингизни олдим”, десам ҳам негадир ҳеч хайрлашгиси келмади. Ўша куни мен ҳам нимадандир қаттиқ сиқилиб, Тоғай акага дардларимни айтиб бердим. Шунда у киши: “Эсингдами, бундан саккиз йилча аввал сенга бир гапни айтувдим. Яна такрорлайман, у қулоғинггаям, бу қулоғинггаям қуйиб ол, ҳали эслаб юрасан, акам бекорга бу гапларни айтмаган экан, деб. Мен билан ҳам, сен билан ҳам ошнам, дўстим, оғам деб ўпишиб, қучоқлашиб кўришади ва сал нарига бориб изимиздан минг хил фисқу фасод, иғво тарқатишади. Парво қилма, ундайлар билан ўчакишиб ўтирма, қўявер. Ўзингга ишон. Яна бир гапни айтайин, одам аҳён-аҳён бўлса-да, ўзи билан ўзи гаплашиб, дардлашиб туриши керак экан. Қачонки майда-чуйда гап-сўзларга ўралашиб қолган бўлсанг, ўзинг ҳам майда одамга айланасан. Бир шеърингда “Олти йил яшадим Ёлғизлик билан”, деб ёзибсан-ку. Биз ҳаммамиз қисматнинг одамларимиз. Нимадир ёзаман, яратаман, деб қишлоқдан кечиб келганмиз. У ёқда сену менга кўз тикиб ўтирган қанча қоракўзлар бор. Шуларнинг юзини ерга қаратмайлик…”. дея узоқ насиҳат қилди.
Барибир ҳайрон бўлдим. Нега кам гапирадиган, устига-устак салом-алик тугар-тугамас: “Нима гап ўзи, бирон нарса ёзаяпсанми? Уйлар тинчми?” дея гапни қисқа қиладиган Тоғай ака бунчалик очилиб кетди, дея ажабландим ҳам. Ким билади, балки раҳматли ўзига мени яқин олиб кўнглидаги бор ҳайрату ҳаяжонларини ўша куни тўккандир.
Бир ҳафтадан сўнг…

КУЗАТИШ

Ўшанда май ойининг адоғи эди. Эрта тонгдаёқ Тоғай ака яшайдиган уй ёни одамларга тўлиб кетди. Маҳалла оқсоқоли марҳумнинг яқинларини шошилтирарди: “Тез бўлинглар, кун ёришиб келяпти, Чиғатойдаям кутишяпти бизларни”. Сирожиддин Саййиднинг мунгли овозини эшитдим: “Ёлғизгина синглиси кеча кечқурун йўлга чиққан экан, бирпасгина кутайлик…”. Каттаю кичик аввал бир-бирига, кейин соатига қарайди. Ниҳоят…
Тоғай Мурод ўз уйи остонасидан қўлма-қўл бўлди. Ўнлаб машиналару автобуслар лиқ тўлди. Сўзсиз, оғир нигоҳларим билан карвонни кузатаман. Назаримда, шу куни таниган-танимаган, билган-билмаган одамлар бир-бирига яқин, оға-инидек бўлиб қолгандай.
Чиғатой қабристонига етиб келганимизда бу ёқдаям таъзияга келганларнинг адоғи кўринмади. Жаноза ўқилди. Тумонат одам жўр бўлиб “Раҳматлик яхши инсон эди”, дея овоз берди. Қабрига тупроқ тортилаётганида кимдир “аввал яқинлари ташласин” деганди, бирданига юзлаб қўллар белкуракларга ёпишди…

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 47-сонидан олинди.

9e

Norqobil Jalil
MEN YER BILAN SALOM-ALIK QILAMAN…

Biz uchun g‘ayritabiiy tuyuluvchi bu “salom-alik” Tog‘ay Murodning shiori edi va u bir umr shunga amal qilib yashadi. Chunki u shunday fe’l-a’moli bilan, qolaversa, o‘ziga xos hayot tarzi bilan boshqalardan ajralib turardi. “Bu dunyoda o‘lib bo‘lmaydi” deya erta bashorat qilgan yozuvchining vafot etganiga bir yildan oshdi. Lekin turli ijodiy davralarda, o‘quvchilar orasida uning xalqona ijodi, kamtarona yashab o‘tgan hayoti tez-tez eslanadi. Men ham suyukli adib bilan bog‘liq ayrim hayotiy hikoyalarni eslashga urindim.

BIRINCHI QO‘NG‘IROQ

Gazetada ishlab yurganimda bir topshiriq bahonasida Tog‘ay akanikiga qo‘ng‘iroq qildim. Ayolini yaqindan tanirdim-u, lekin o‘zi bilan hech gaplashmagandim. Ma’suma opa men bilan samimiy so‘rashgach, biroz jim qoldi-da, juda xokisor ohangda: “O‘zbekiston ovozi”da ishlaydigan jurnalist ukam siz bilan suhbat qurmoqchi ekan”, dedi. Shunda u yoqdan: “Qaysi biri, Norqobil ko‘p bo‘lsa”, degan javob eshitildi. Mening ham fe’lim o‘zimga yarasha bo‘lsa-da, sabr qilib turdim. Negaki, Tog‘ay akaning qaysarligi haqida ko‘p eshitgandim-u, biroq telefonga kelishidan avvalgi “so‘roq”lari sal og‘ir botdi. Nihoyat, telefonni ko‘tardi.
Quyuq salomlashdim. U kishi bo‘lsa gapimni cho‘rt kesdi:
— Qanday mavzuda suhbat qilmoqchisiz o‘zi?
Izoh berdim: “Hayot, adabiyot haqida uch-to‘rtta savollarim bor edi. Qachon vaqtingiz bor?” Trubkani qo‘li bilan yopdi shekilli, ovozi past eshitildi. “Ma’suma, bu bola mendanam qo‘polga o‘xshaydi-ku!” So‘ng “Ertaga opang shu tomonga o‘tarmish, aytib yuboraman”, degan gapining orasidagi “opang” deya sensiragani negadir ko‘nglimni ko‘tardi.
Ertasi kuni Ma’suma opa keldi. Uzoq gaplashdik. Tog‘ay aka men haqimda obdon surishtiribdi. “Agar biror narsa yozgan bo‘lsa, sendan berib yuborsin, o‘qiyin, keyin o‘zi bilan suhbatlashaman”, debdi. Xuddi shu kuni ikki-uchta she’rlarimni ko‘chirib o‘tirgandim, qo‘liga tutqazdim.
Peshindan keyin yana qo‘ng‘iroq qildim. Bu safar Tog‘ay akaning o‘zi oldi. Endi uyim, ota-onam, o‘qishim haqida so‘radi va “Onadan erta yetim qolgan ekansan-da, she’ringni o‘qidim, meniyam boshimdan bunday kunlar o‘tgan, uka. Qaysi urug‘dansan o‘zi?” deb qoldi. Javobimni eshitib: “Meni enam qo‘ng‘irotlardan, Dehqonobodning qaysidir qishlog‘idan edi. Tog‘alarim, xolalarim tog‘ oshib eshakda biznikiga kelishardi, hozir uzilib ketdik, bilmayman”, dedi-da, yozib yuborgan savollarim ma’qul bo‘lganini, ertaga suhbat tayyor bo‘lishini aytdi…

MUKOFOT OLGAN KUN

Shu kuni gazetada navbatchi edim. Bir kun avval Tog‘ay Murodga Abdulla Qodiriy nomidagi Davlat mukofoti berilganini o‘qib, juda suyundim.
Kech bo‘lsayam uyiga telefon qildim. Odatdagidek, yana Ma’suma opa trubkani ko‘tardi. Uyda mehmonlar ko‘p ekan shekilli, Tog‘ay akaga “Ukangiz so‘rayapti”, degach, u kishi trubkani oldi: “Mayli, suhbat chiqmasa chiqmas, sen hech xijolat bo‘lma, men xafamasman, kitobga kiritaman, kelasanmi uyga?” deb so‘radi. “Navbatchi edim, bugun sal kechroq qolayapmiz” devdim, Tog‘ay akaning biroz kayfi bor ekanmi, “Qo‘ysang-chi navbatchiligingni, menam dejurlik qilganman gazetda. “O‘zbekiston fizkulturachisi” degan gazet bo‘lardi bir zamonlar, bir marta uyga ketib qolsam, ertasi kuni chiqmay qolgan, rosa to‘polon bo‘lgan, Usmon Azimdan so‘rasang, aytib beradi. Xo‘p, kelasanmi-kelmaysanmi?” degan qat’i savoliga javoban boshqa kuni borishimni aytdim.
Ming afsuski, bu orada necha yillar o‘tib ketdi. Tog‘ay aka bilan ko‘risholmadik. Men boraman deganimda, u kishini topolmadim, u kishi uyiga chorlaganida mening ishim chiqib qolardi.

TOG‘AY MURODNING IZI

Uch yilcha avval Denovga bordim. “Chag‘oniyon” gazetasi tajribasi haqida ko‘rsatuv tayyorladik. Zoyir Mamajonov gurungimiz orasida betoqat bo‘laverdi. Nihoyat yorildi: “Men bugun Xo‘jasoatga boraman, deb odamlarga va’da beruvdim. Qolaversa, qahramon buvayam sizlarni kutayapti. Gullagan ketmonini ko‘rsatmoqchi…”.
Xo‘jasoat Tog‘ay akaning qishlog‘i. Denov qaydayu Xo‘jasoat qayoqda?! Bu jurnalist o‘zi nima deyapti, deb o‘yladim. Oxiri o‘zi gap ochib qoldi: “Tog‘ay men bilan to‘n kiyishmagan bo‘lsa-da, eng qadrdon va dildosh jo‘ram. U o‘qigan maktab haqida “Chag‘oniyon”ga biron maqola yozmoqchiydim. Bu ishniyam beliga tepdilaring. Mayli endi, keyin boraman. Ketdikmi Sobir Rahimovga?” deya denovlik O‘zbekiston Qahramoni Ibrohim Fayzullaev dalasiga chorladi.
Katta bir tepalik yonidan o‘tayotganimizda Zoyir aka haydovchining yelkasiga qarsillatib urib: “To‘xta, to‘xta oshna, manavi, qishloqda tug‘ilib qishloqni unutganlarga bir Tog‘ay Murodning dalalarini ko‘rsatayin, — deb qoldi. — Qani, tepaga chiqib, bir Denovni tomosha qilinglar. Huv, narigi tarafdan Xo‘jasoat ham ko‘rinadi. Tog‘ay bilan bu yerlarni qancha aylanganmiz. Lekin shunday roman yozayotganini hech sezdirmagan. Gap-gap bilan bo‘lib har zamonda “Nima yozayapsiz, jo‘ra?” deb so‘rasam, “O‘qiysiz hali, Surxonu Qashqaning, Farg‘onayu Xorazmning yelkasidan ketmoni tushmagan, peshonasi bir umr sho‘r bo‘lib kelgan DYeHQONI haqida yozayapman”, deb qo‘yardi”.
Xullas, o‘sha kuni Ibrohim Fayzullaevning dalasiga sal kechikib bordik. Gap orasida yana Tog‘ay Murod haqida so‘z ochildi. Ibrohim aka jo‘shib ketdi: “Qoyilman Tog‘ayga. “Otamdan qolgan dalalar”ini o‘qib menday diydasi qattiq odam ham to‘yib yig‘ladim. Nega denglar-da? Axir, shunday kunlar hammamizning boshimizdan o‘tmaganmidi? Asli his qilish kerak ekan. To‘g‘ri, boshqalaram dehqonning og‘ir hayoti va mehnati haqida yozgan. Nimasidandir ko‘nglim to‘lmagan-da. Tog‘aydi kitobini o‘qib, suyundim, bor ekan-ku mardi, deb yuribman haliyam.
Bir narsani aytay sizga. Men yetmishdan oshdim, butun umrim dalada kechdi. Ota-buvam ham kengliklarda yashab o‘tgan. Lekin Tog‘ay Murod meni, sizni, butun xalqning dardini, armonini doston qipti, qo‘shiq qipti, otasiga rahmat. Lof emas, hammasi chin, meni hayron qoldirgan narsa, u qaerdan shuncha gapni, voqealarni topgan ekan-a!”
Zoyir aka bo‘lsa qahramonning gapini eshitib, egat oralab ketib qoldi. Yonimizga qaytib kelgach, so‘radim: “Nima, o‘zlariga tegib ketdimi Ibroyim akaning gaplari, oxirigacha eshitmadingiz, axir, sizam katta yozuvchi edingiz-ku”, degandim, doim har qanday gapni hazilga buradigan cho‘rtkesar Zoyir Mamajonov bu gal bosiqlik bilan so‘zlay ketdi: “Menam Tog‘ayning romanini bir kechada o‘qib chiqdim, bir kechada… kerak bo‘lsa, yuz yillik, ikki yuz yillik xalqimizning armonlari ko‘z oldimdan o‘tdi. Bilaman, bu romanni yozish Tog‘ay uchun oson kechmagan. Necha o‘n yillardan beri tayyorgarlik ko‘rgan ekan u. Xalqimizga haykal qo‘yaman desa, kulardim. Bir haykal bo‘lsa, shuncha bo‘lar-da. Shu romanni o‘qigach, necha kunlab o‘zimga kelolmadim. Qaerga bormayin, qaysi paykalga kirmayin, kim bilan gaplashmayin, Tog‘ayning o‘sha gaplari qulog‘im ostida jaranglab turaveradi”. Tog‘ay Murodning ma’rakasida Zoyir Mamajonov yana og‘ir armon bilan shunday deb qoldi: “Endi uning kitobini o‘qiy desam, yuragim betlamayapti. Nega desangiz, uning yozganlari hammasi haqiqat va endi har egatda, har paykalda, kerak bo‘lsa, har bir qishloqda Tog‘ayning izini ko‘rganday bo‘laveraman. Kimdir aytibdi, undan biron zuryod qolmadi-ya, deb. Tan olaylik, axir, Tog‘ay Muroddan qolgan yodgorlikni nima bilan o‘lchab bo‘ladi?”

SO‘NGGI QO‘NG‘IROQ

Tog‘ay Murod bilan o‘n yil orasida ko‘p bora suhbatlashdik. Gohi juda band yoki kayfiyati bo‘lmasa gapni qisqaroq qilib: “Yana telefon qilarsan”, deb qo‘yardi. Avvaliga bu muomalasi menga sal erish ham tuyulardi. Keyin ko‘nikib ketdim va aksincha, o‘zimning ruhim tushsa yo ayrimlarning tilyog‘lamaliklariyu mayda gap-so‘zlaridan dilgir bo‘lib qolsam, hech ikkilanmay Tog‘ay akaga qo‘ng‘iroq qilardim. U kishi bo‘lsa, mening dardlarimni bo‘lmay eshitardi.
U kishi bilan so‘nggi marta, o‘limidan bir haftacha avval gaplashdik. Uyida yolg‘iz o‘zi ekan. Menimcha, zerikibroq turgan ekanmi, yo kayfiyati chog‘midi, bilmadim, bir soatcha so‘zlashdik. Men esa xijolat bo‘lib gap orasida: “Aka, uzr endi, vaqtingizni oldim”, desam ham negadir hech xayrlashgisi kelmadi. O‘sha kuni men ham nimadandir qattiq siqilib, Tog‘ay akaga dardlarimni aytib berdim. Shunda u kishi: “Esingdami, bundan sakkiz yilcha avval senga bir gapni aytuvdim. Yana takrorlayman, u qulog‘inggayam, bu qulog‘inggayam quyib ol, hali eslab yurasan, akam bekorga bu gaplarni aytmagan ekan, deb. Men bilan ham, sen bilan ham oshnam, do‘stim, og‘am deb o‘pishib, quchoqlashib ko‘rishadi va sal nariga borib izimizdan ming xil fisqu fasod, ig‘vo tarqatishadi. Parvo qilma, undaylar bilan o‘chakishib o‘tirma, qo‘yaver. O‘zingga ishon. Yana bir gapni aytayin, odam ahyon-ahyon bo‘lsa-da, o‘zi bilan o‘zi gaplashib, dardlashib turishi kerak ekan. Qachonki mayda-chuyda gap-so‘zlarga o‘ralashib qolgan bo‘lsang, o‘zing ham mayda odamga aylanasan. Bir she’ringda “Olti yil yashadim Yolg‘izlik bilan”, deb yozibsan-ku. Biz hammamiz qismatning odamlarimiz. Nimadir yozaman, yarataman, deb qishloqdan kechib kelganmiz. U yoqda senu menga ko‘z tikib o‘tirgan qancha qorako‘zlar bor. Shularning yuzini yerga qaratmaylik…”. deya uzoq nasihat qildi.
Baribir hayron bo‘ldim. Nega kam gapiradigan, ustiga-ustak salom-alik tugar-tugamas: “Nima gap o‘zi, biron narsa yozayapsanmi? Uylar tinchmi?” deya gapni qisqa qiladigan Tog‘ay aka bunchalik ochilib ketdi, deya ajablandim ham. Kim biladi, balki rahmatli o‘ziga meni yaqin olib ko‘nglidagi bor hayratu hayajonlarini o‘sha kuni to‘kkandir.
Bir haftadan so‘ng…

KUZATISH

O‘shanda may oyining adog‘i edi. Erta tongdayoq Tog‘ay aka yashaydigan uy yoni odamlarga to‘lib ketdi. Mahalla oqsoqoli marhumning yaqinlarini shoshiltirardi: “Tez bo‘linglar, kun yorishib kelyapti, Chig‘atoydayam kutishyapti bizlarni”. Sirojiddin Sayyidning mungli ovozini eshitdim: “Yolg‘izgina singlisi kecha kechqurun yo‘lga chiqqan ekan, birpasgina kutaylik…”. Kattayu kichik avval bir-biriga, keyin soatiga qaraydi. Nihoyat…
Tog‘ay Murod o‘z uyi ostonasidan qo‘lma-qo‘l bo‘ldi. O‘nlab mashinalaru avtobuslar liq to‘ldi. So‘zsiz, og‘ir nigohlarim bilan karvonni kuzataman. Nazarimda, shu kuni tanigan-tanimagan, bilgan-bilmagan odamlar bir-biriga yaqin, og‘a-inidek bo‘lib qolganday.
Chig‘atoy qabristoniga yetib kelganimizda bu yoqdayam ta’ziyaga kelganlarning adog‘i ko‘rinmadi. Janoza o‘qildi. Tumonat odam jo‘r bo‘lib “Rahmatlik yaxshi inson edi”, deya ovoz berdi. Qabriga tuproq tortilayotganida kimdir “avval yaqinlari tashlasin” degandi, birdaniga yuzlab qo‘llar belkuraklarga yopishdi…

«O‘zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasining 2004 yil 47-sonidan olindi.

(Tashriflar: umumiy 178, bugungi 1)

Izoh qoldiring