Nodira Afoqova. Yangi she’rlar

097   Ёрқин шоираларимиздан бири Нодира Афоқованинг дил сатрлари бугунги шеъриятимиз саҳифаларига ўзига хос рангу оҳанг билан акс этмоқда. Бугун шоиранинг янги шеърларини тақдим этмоқдамиз.

Нодира АФОҚОВА
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
006

   03Нодира Афоқова 1966 йилда Бухорода туғилган. Бухоро университетида таҳсил олган. “Баҳорнинг бошланиши”, “Аросат фасли”, “Кўнгил шеваси”, “Сўз айвони”, “Қора наво”, “Ватан дарслари” каби тўпламлари нашр этилган. “Фитратнинг тушлари”, “Жазо” достони; “Муҳаммад (с.а.в) дедилар…”, “Хайём  чодиринда”, “Муҳаббатнома”, “Фақат Сен билурсан”, “Ҳазрат Навоийнинг етти гўзали”  шеърий туркумлари муаллифи. Алишер Навоийнинг “Руҳ ул-қудс” қасидасини форсийдан; Леонид Андреевнинг “Яҳудо Искариот” қиссаси, Ги де Мопассан, Константин Паустовский ҳикоялари ҳам Михаил Лермонтов, Марина Цветаева шеърларини рус тилидан ўзбек тилига ўгирган.

006

***

Уйғотгил ўшани – уйғот ёғдуни.
Номус саналмаган номуслар ҳаққи.
Қонимизнинг алвон таналарини
Куядай еб кетган ҳибслар ҳаққи,
Уйғотгил ўшани – уйғот ёғдуни.

Рангсиз лабларимда Аллоҳнинг сўзи.
Чорасиз узлатдан сўровдим паноҳ.
Кўзимга кўмилган ҳақиқат кўзи
Сенга термулмакда. Жавоб йўқ. Эвоҳ!
Рангсиз лабларимда Аллоҳнинг сўзи.

Шодланмоққа қўймас нимадир ҳануз,
Писанд этмас Вақтни. Судралиб келар.
Қичқириб, кул бўлган қақнусмиз, қақнус.
Қайта туғилмоққа йўл бермас улар.
Шодланмоққа қўймас нимадир ҳануз.

Кўзёшдан қўрқмаган айғоқ кўппаклар,
Қарғишдан қўрқмаган бир тўда кибор,
Хундан қўрқмаган шум кўршапалаклар,
Иймон аҳлидурким, этурлар абгор
Аллоҳдан қўрқмаган зулмпарастлар.

Сен буюк соясан. Уйғотгил, уйғот!
Ичимизда бир куч ётар эмраниб.
Ичимизда Кун бор – кўтаролмас бош.
Куйдиргай ул муҳлик, ё қолгай сўниб.
Сен буюк соясан. Уйғотгил, уйғот!

Уйғотгил ўшани – уйғот ёғдуни.
“Қонга қон!” наъраси тортилмай туриб.
Бир халқким – ўзини ва Ҳақни танир –
Ваҳшат-ла қўзғолур… ўшандан бурун
Уйғотгил ўшани – уйғот ёғдуни.

18.08.2017

АРАФА

Ҳадемай осуда тортади қуёш.
Заминни ўрайди гулдай ҳаволар.
Олис кечаларда бамисли кўз ёш
Оқиб келаверар ғамгин наволар.

Олис кечаларда узооқ-узооқдан
Ой нурида йўлга тушади кимдир.
Эриган зумрадлар оққан сойлоқда
Балки маҳзун бўлар, чўкмайди кўнгил.

Айвондан қарайсан хотирфаромуш:
Тупроққа тушгунча ўйнар хазонлар.
Қайдандир сокинлик, ёт бир осойиш
Руҳингда сузадир мовий оқшомлар.

Ҳар жисм шаффофдай…
Қаъда ичинда
Кўксингга термулиб, чекурсан ийзо.
Беҳуда умидлар қийнамас энди.
Борича англайсан – не бўлса дунё.

Ҳадемай азалий сокинлик инар.
Муножот айтасан субҳи козиб пайт.
Кўклардан илоҳий бир нафас энар:
“Сўрагил, сўрагил… сўрагил фақат…”

31.08.2017

***

Чақир мени.
Чақир исмимни айтиб.
Парча-парча бўлсин бу тун, бу машъум.
Эҳтимол, тугади умримиз ўтиб.
Балки, бир сония қолди, маҳбубим.
Сенсиз ҳаётимни сўрама не деб.
Ёдимни қайтадан айлама хароб.
Минг йил кўзаларнинг тубида ётиб
Муҳлик бир оғуга айланган шароб.
Шабистон мулкини этдилар барпо.
Хайрсиз истаклар, шайтоний туғён –
Қуёшнинг йўлида тургандай гўё…
Кўланкага чўммиш биз турган макон.
Исрофил сурини чалганидан сўнг
Бирга бўлажакмиз. Бу таскин – аччиқ.
Тобора узайиб кетмоқда-ку тун.
Сен уни парчала исмимни айтиб.
Қўлингни туширма. Мен томонга чўз.
Айтилмаган Сўзлар туғажак алам.
Парчалаб бўлмас ул кўлкани ҳаргиз,
Бирга бўлмоқ керак бу дунёда ҳам.
Кўзларга сочилган шўр тупроқлар ҳаққи,
Қонимиз айнитган титроқлар ҳаққи,
Исминг айтай десам,
Исмим айтай десанг,
Ўртага ташланган нифоқлар ҳаққи;
Муқаддас чоғларда ўзимиз айтиб
Ўзимиз ишонган ёлғонлар ҳаққи,
Яшайлик бу сароб умримиз битиб,
Фақат бир сония қолгани каби.
Чақир мени. Чақир исмимни айтиб
Кўзларда порлаган ўлимлар ҳаққи…

2-3.09.2017

***

Шамол ташрифига дарчамни очдим.
Қондай қизартирди хонамни шафақ.
Қуёш – томаётган томчи кўз ёшдир.
Руҳимда ибтидо… ёдимда “Алақ”…
Балки, у сўнг бора бормоқда ботиб
Паришон ёғдуга чулғаб дунёни.
Балки, Сен олисдан лолалар отдинг.
Балки, шундан порлар ғуруб осмони.
Хаёллар тубидан соламан нигоҳ.
Сумбула шомлари ҳилпирар сармаст.
Бир насим елмоқда… қайғу нима, о!
Ҳатто шодликларга дош беролмас қалб.
Ҳақиқат нимадир? Сўрарлар…
Лекин
Бир садо келмайди минг йилдан нари.
О! айни сония ҳақиқат шулким,
Уфқни ёпмишлар гул япроқлари.
Ёруғлик изладик, балки, бу – хато,
Алардан – қалбига муҳр тушганлар.
Қайтадан дунёга келсак, мабодо,
Шундай яшар эдик… шундай муқаррар.
Хаёл дунёсида яшармиз, ҳақрост.
Умид солаётир шафақлар рақси.
Ботиб бораётган қуёш-ку,
Бироқ,
Нечун кўзларимда лолалар акси?

08.09.2017

***

Умрнинг яна бир қуёши ботди.
Мана, эй қурбонлик сўраган осмон.
Исми Қизил денгиз ложувард тортди.
Қўлларини чўзиб келди мен томон,
Қўлларини чўзиб чўкди-ку Қуёш –
Сирлар сарватидир Тангримнинг мулки.
Қўй мени…
Бермайсан нечун осойиш:
У қуёш, у денгиз Сен эдинг балки.
Муҳликдир, муҳликдир бўҳтон зарбаси.
Тилармен ёдингни унутмоқ фақат.
Баъзан сўнса дейман ақл шуъласи –
Сўнса эди дейман қилолмай тоқат.
Мангудай бир куч бор… Кимман қошида?
Нимадир сочадир ажалдан ёмон.
Мозористон каби сокин-осуда
Йўллар иликкача сўрди беомон.
Унутмоқ умиди яшатар мени.
Бу ён ҳайдаб келди нокомлик, сабр.
Қуёш, туғилмоқни ўргат ҳар куни,
Синган руҳиямга янги бир шавқ бер.
Тоғдай қойим турган илоҳий сувлар,
Мардуд фиръавнни туфлаган денгиз,
Мен Сизни танийман!
Енгмай қайғулар
Азалий руҳимга қайтаринг ҳаргиз.
…Чўккан қуёш сори термуламан жим.
Бир таниш куй ичра жисмим чайқалар.
О! менга эргашиб келдилар балким.
Айланиб рақс этар дарвеш шамоллар:
“Ўзи суйган ошиқларин сарсон қилур”…
“Ўзи суйган ошиқларин сарсон қилур”…

25.09.2017

***

Узоқ-узоқларга кетамиз. Етар.
Ой тўлди бу кеча. Тўлди, тўкилди.
Ой бу кеча бунча ғамгин тикилди –
Дунёмен деганлар ўликдай ётар.
Вақтдек оқар бир узлуксизлик бор.
Тарҳимга тажовуз сезарман ундан.
Ой порлаб турибди қуёшдай шу дам.
Майли маломатлар қилса дўст-ағёр.
Ёдимни эзғилар отамаконлар.
Хастамен ё… ёлғиз нажотдай – кетмак…
Шунча вайрон этмак,
Шунча ғорат этмак
Мумкинми инсонни? Айтинг, инсонлар?
Айтинг, қўрқитади шодликлар нечун?
Ёруғ тушлар нечун уйғотар ҳасрат?
Ёдим хаста менинг… ёдимда – шикаст.
Кетарман руҳимни қутқармоқ учун.
Хавотир ухламас, айланар ҳушёр.
Наштар санчаверар номаълум бир қўл.
Эртанинг фоллари айланар мажҳул.
Узоқ-узоқларга кетайлик, эй ёр!
Дунёдан инсондай яшаб ўтайлик.
Ўз қўлига кишан урмоқлик етар.
Қутқар суягимни, дейлик ҳар кеча,
Узоқларга – Гўзал Исмларга кетайлик…

11.10.2017.

АЛВИДО

Буғланиб-буғланиб битди бир дарё.
Қайга оқишини билмади нолам.
Қоронғу тортмоқда бу ёруғ дунё.
Ёдимда ёруғдир у зулмат олам.
Чашмами, жимирлар кўзинг, Гулсари.
Алвидо, емрилган заъфарон ҳилол.
Алвидо, очилмай мақтул гулларим.
Қантарилган қуёш, бичилган шамол.
Алвидо, осмонни тўсган кўзларим.
Алвидо, ўлмаган қуллар ўлкаси.
Алвидо, сочимни кўмган бўзларим.
Алвидо, қутурган баҳор шилтаси.
Заминдек айланди бу шўрлик бошим.
Ноком, ночор… ул ҳам хатодай ҳатто –
Муҳаббат – мангулик тутилган қуёшим,
Алвидо! Алвидо! Алвидо!
Мен халқ душманиман… халқмиди алар –
Бир тўда нотавон шўртумшуқ гадо?
Нафасимдан қон ютди гуллар.
Алвидо! Алвидо! Алвидо!
Ниманинг тўловин тўладим тинмай –
Чирпандим умид ва иштибоҳ аро.
Ўксиниб сибизға чалган аёл, ҳай,
Сибизғаси ёмғир, борлиғи видо.
Сирпанар бир карра ўйланмаган ўй:
Ҳаёт эдими ул… ҳақорат гўё
Ҳаётми… о! бизни босиб ўтди йўл,
Алвидо! Алвидо! Алвидо!
Кўзларинг ёйилган кўлдай, Гулсари.
Пойингдан ёйилиб бормоқда музлар.
Илк бор кўзларимни тикдим кўк сари.
Сўнган кўзларингда ёнар юлдузлар.
Бўронман, чопарман… Қайларга борай?
Овозидан жудо, ўзидан жудо.
Сибизға чалиб бер, ўтинаман, ҳай!
Сибизғаси ёмғир, борлиғи видо…

23.10.2017.

***

Сиз — Насимий.
Сиз — Имодиддин.
Ханжардай отилар қуёш лаҳжаси.
Тонганлар, тонарлар… Қичқирмай, балким,
Ҳилолга қон учар ижро лаҳзаси.
Сиз Насимий.
Тонгдай яноқлар маъсум.
Энг баланд дорларда ўйнайди шамол.
Шарқим маним… ҳақиқат талашган Шарқим!
Териси шилинган яланғоч савол.
“Алҳамдуллаҳ…”ни айтиб ва бўзлаб
Кирдилар. Кирарлар. Кирдик, Насимий.
Қурбон берилмакда. Бердик, Насимий.
Ўлимдан ҳаётлар қурдик, Насимий.
О, оппоқ субҳидам!
О, гулфом шафақ!
Кўзимга қон теккан кафандай.
Кимларни яратдинг, онажоним Шарқ?
Кимларни яйратдинг, отажоним Шарқ?
Магарким юраклар Ер каби ёрилур.
Ҳақиқат гунг эмас, алар билмайди.
Магарким жисмлар тупроққа қорилур,
Исмлар… исмлар тоабад ўлмайди.
Исмлар то маҳшар солурлар титроқ.
Исмда руҳ ётар мангулик.
Биз, ахир, инсонмиз.
Муҳаққақ,
Ўлим йўқ, Насимий, ўлим йўқ.
Ўлим йўқ… Тоқлардан келмакда садо.
Бир шарпа изғийди Вақт оралаб.
Хоч кўтариб борар музтариб Исо.
Бошсуяги каби кўринар Ҳалаб.
Зил-замбил сайёра учар гувиллаб.
Қон-ла суғорилган ҳар битта чечак.
Қайси лаҳзасида йўқдир жиноят –
Инсонлик тарихи гувиллаб кечар.
Гувиллаб айланар гирдибод шамол.
Ерга тушиб келар улуғ чақмоқлар.
Уфқда сўнмасдай судралар сароб.
Муаллақдир. Излар, учар сиртмоқлар.
Ваҳшиёна шилиб,
Ва жонсиз жисмин
Сўнг узвидан бир-бир этсалар жудо,
Ўтлари босилмас, топмаслар таскин.
Воҳ! яна корларин дегайлар: ҳудо.
Ким жазога лойиқ – Муҳаққиқ кимдир?
Биларсиз. Куларсиз тамкин, Насимий.
Тобутдай лопиллар замин, Насимий.
Кўзингизда сонсиз чақин, Насимий.
Ким кимни маҳв этди?
То ҳануз:
Сайр этар кафансиз жисмлар.
“То маҳшар, – йиғлайди кўҳнадўз, –
Титроққа солурлар исмлар”…
Ягона изтироб – муҳаббат.
Шодликдир – изтироб, Насимий.
Манглайда тер эмас, гулоб, Насимий.
Чалсак, кўз ёшимиз – рубоб, Насимий.
Энг муаттар насим – энг ҳабиб Калом
Ортимизда десак, олдимиздадур.
Фақат Ёр, фақат Ёр ёдимиздадур!
Энг тоза равнақлар зотимиздадур.
Буюк Ибтидога борурмиз йиғлаб.
Иқрорлаб борурмиз, Насимий.
На қилсанг, Сенгадир – “Аллоҳу самад!”
Такрорлаб борурмиз, Насимий.
Тавбасиз жаллодлар бизни яратди.
Синиқлик яратди, Насимий.
Бу дунё – илоҳий ғурбатдир,
Айролиқ яратди, Насимий.
Имтиҳон ичинда бу қаро турбат…
О, мазлум ҳисларим!
О, бардош!
Руҳимни исита бошлайди бирдан
Чиқмаган,
Муқаррар чиқажак қуёш.

22-26.11.2017.

***

Эй руҳ, кирганмисан гул жисмига, айт!
Нафасим қайтмоқда нафасдан:
“Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад…”
Эй жон, чиқамизми қафасдан?
Булутми у кўкларда сузган
Ё қанотдир узилган… юз оҳ!
Дудимизми тўлишган ул моҳ?
Эй шоҳ, нечун оҳ тортасиз, оҳ?
Биз-ку ожиз…
Ожизми Сиз ҳам,
Эй жаҳонгир, эй улуғ хоқон!
Эй диловар, эй бедил арслон!
Эй, оҳлари оламга тўлғон!
Шўр бу ёшлар келур қайлардан,
Дудлар, оҳлар келур қайлардан –
Кўзимизга тўлгунча… юз оҳ!
Бўғзимизга тўлгунча… туз оҳ!
Эй руҳи пок, тушлари пайғом!
Эй, дастида заққум тўла жом!
Эй, умрию мазҳаби талош!
Эй, неча бор тутилган қуёш!
Эл ўқурлар, афсонадаймиз.
Қичқиргувчи кулхонадаймиз.
Кетармизу оёқ еткунча,
Ҳар қайда лек бегонадаймиз,
Оҳ чекармиз, пардалар куйгай.
Чекингайлар кўклар қатма-қат –
Ваъда бордир… Қўрқмасмилар, ҳай!
Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад!
Ўртамизда дашти шамолдур.
Ҳо дарвеш, ҳо!
Бўзлаб учар дашт.
Дунё хато, дунё малолдур…
Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад!
Ўртамизда ложувард водий.
Кўксимизни кўл этди ҳижрон.
Ол, дунё, ич! Кўзимиз – соқий.
Жисмимизда ўлмаган бир жон.
Аё Мирзо! Кетармиз ҳай-ҳув,
Алар учун девонадаймиз.
Ё ҳасрато! Ҳар қайда нечун,
Нечун? – юз оҳ! бегонадаймиз?
Анда жони қолган бир Сизми?
Дарвеш каби айланадур Вақт.
Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад!
Туз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад!
О, яхшилик соғиндик фақат –
Қуёш – гувоҳ, юлдузлар гувоҳ.
Қўрқадурмиз… шулмидур гуноҳ?
Эй шоҳ, нечун оҳ тортамиз, оҳ?
Эй, тавбаси ғазалдай афруз!
Эй ҳумоюн, эй шоҳи комрон!
Эй мулки – Ҳинд,
Руҳи – Туркистон!
Эй, оҳлари оламга тўлғон!
Рангимизга қон берур юз оҳ!
Жонимизга жон берур юз оҳ!

Январь-март, 2018.

ҚОНЛИ ЯКШАНБА

Сенга инонамиз, ҳазратим.
Бизни тингла, эй улуғ султон.
Онамиз Русь асил ва қадим.
Либосларни кийдирди бу тонг.
Тингла бизни.
Оҳиста-сокин
Қўшиғимиз маъбад куйидек.
Ҳақирмизу, билайлик, токим
Лаънатланган эмасдурмиз лек.
Исо ҳаққи ва иймон ҳаққи
Дарё музин эритмасдан хун,
Тингла ва айт,
Ҳаёт, ё раббий! –
Берилганми дош бермоқ учун?
Тингла, шоҳим, куйлаётирмиз
Ўрмонлардан эсгандай шамол.
Сенга қалбин очаётир Русь,
Малул-малул ёққанидай қор.
Шарафлаймиз ва сўраймиз ҳақ.
Хўрлаётир инсонни инсон.
Бизни тингла ва ҳукмингни айт.
Айнимасдан, о, насл ва қон.
Лабимизда, қўлларимизда
Аёз солган қонли ёриқлар.
Маъбад куйин куйлаган каби
Судралади сонсиз чориқлар.
Кўзимизнинг оқига қара,
Йилтирайди қуюлган зардоб.
Жамолингни кўрсат бокарам.
Қулларингга айлагил жавоб.
Исо ҳаққи ва иймон ҳаққи
Сенга инонамиз, ҳазратим…

09.01.2018.

***

Чекиндими туйқус қаро тун,
Ой хирадир. Оқарар осмон.
Биласан-ку исмини унинг –
Тонг олди бу.
Жоним, ёлғон тонг.
Билганимча айтурман дуо.
Исмингниям қўшарман беҳис.
Исмингдан, о… бошланур дарё –
Оёғимдан чулғаб келар муз.
Сузиб юрар зилдай туманлар.
Туманларда туннинг қораси.
Тебранишга тушар муқаррар
Замин билан осмон ораси.
Кўзларимда уйқусиз кеча.
Жунжикадир хастадай жисмим.
Жоним, жоним… аросат ичра
Чаҳ-чаҳ келар… Оламдай қадим…
Эшитдингми? Рўёга ўхшар.
Мудрама…
бу оралиқ пайти
Чақирарми кечиккан қушлар?
Ё муҳожир булбуллар қайтди?

16.01.2018.

ЭЛЕГИЯ

Қайда эдинг, эй кулли бало?
Қайда эдинг, эй кулли офат?
Қайга кетмоқдалар биродарларим –
Бири қотил, бири мақтул;
Сабаб-бесабаб?
Руҳимдан зулматлар ақлимга инди.
Жимликнинг ўчи бор қаттол ва чиркин.
Барчамиз марҳумми, отажон, энди,
“Туғдирган тухмингни оқини ичдинг” .
Қайда эдинг, эй кулли туғён?
Аҳллар кетарлар – бекдир ё қулдир –
Тирик қолмоқ учун кетарлар сарсон
Орзулари жулдур,
Ҳаёти жулдур.
Атрофимда жилвагар кўклам.
Атрофимда муаттар сароб.
Кўзларга чўғ бўлиб босилар офтоб.
Доро хумларида етилар шароб,
Қайда эдинг, эй эҳмоли бад –
Бир замон ўзига ўт қўйган ноком,
Сўнг онгини чирмаб қаро шом
Ўз наслига чанг солган бадбахт?
Қўл урар гуноҳи кабираларга,
Ўзини емирар, бўғизлар, янчар,
Дунё ҳаётинда чорасиз қалблар.
Беважҳ маҳрумият маҳрам аларга.
Боғимдай гуллаюр овозсиз ҳаёт.
Рутбадай чорлайди гуноҳлар пинжи.
Исёним ҳам ўзимга қаршидир, наҳот –
Наҳот исён эрур ўлим соғинчи?
Мени хўрламагил, инсонман токи,
Кулни титаётган қадим баҳодир.
Қиёмат саҳнаси бўлмоқда содир
Гўёки, гўёки, гўёки.
Ғижжак камонида гул ғужум-ғужум –
Эскирган эркинлик одаси.
Бир шиддатким, билмас тараҳҳум –
Сарандиб ва Шомнинг ораси.
Қайда эдинг, эй ғўр балоғат –
Сенмидинг, эй, кутганим маним?
Инсонликни этмоқда ғорат
Идраган сабрнинг гулхани.
Қайга кетмоқдасиз, биродарларим.
Бирингиз – қисматлар соҳиби мисол,
Бирингиз – қисматнинг қулидай ночор,
Одам ўғиллари, оҳ, жигарларим!
Қайга кетмоқдамиз йўлсиз – йўл қолиб?
Дахлсиз сирлари бордир-ку, ҳайҳот,
О, писанд этмаймиз…
О, кибр ғолиб…
Қайда эди мудҳиш бу кулли даъво?
…Олмалар гул тўкар кундуз ва оқшом,
Сезилар-сезилмас қўзғотиб эпкин.
Олам зулматидан чиқарганча бош
Бир қуш сано айтар маъюс ва сокин.
Заиф бўйлар оқар.
Ой аста оғар.
Олманинг гуллари ҳафиф, пуштиранг
Оғир ўйларимнинг – менга урилган
Борлиқ бу дунёнинг устига ёғар…

Апрель, 2018.

***

Юзинг оқдир сенинг.
Юзларинг оқдир.
Гулханлар ҳурмида қондай кўринур.
Сим-сиёҳ осмондай кўринур,
Тун билар, тонг билар – юзларинг оқдир.
Ўкинмагин, қуёш-ку кабир,
Сассиз чиқаверар, сассиз ботаверар.
Қай бир гўшаларга йўли йўқ, нетар!
Нетармиз, сирлар бор – қўрқинчли, ахир.
Ёвуз руҳлар маконидир эски кўзгулар,
Қай ёнга қарасак, маккора боқур.
Ёмғир томчилайди… О, қара, қара!
Оний кўзгуларда юзларинг оқдир.
Менга парво қилма. Яшашни севгин.
Мени чулғамоқда ўлим севгиси.
Шодликлар келсалар, боқурман ғамгин.
Ўтмаслашган каби ҳаёт сезгиси.
Йўқ, дейсанми….
Ундай дема, дейсанми…
Демайман…
Ва лекин нима ўзгарар?
Ўлмасдай руҳларнинг маскани –
Қора жоду сочар эски кўзгулар.

14.04.2018.

***

Қани суратларинг?
Рамкалар бўм-бўш…
Қани, жавоб бер, — деб сўрайман Тундан.
Қуёш алланечук кирчил ва сарғиш,
Айлана гардишда қуюлган туман.
Туннинг ўзи энди кўринмас.
Илло
Ҳар ёқдан ҳансираб келар нафаси.
Чорчўблар боқади –
Боқурлар гўё
Ўйилган кўзларнинг чуқур косаси.
Этимни жунжитар мурдадай кўм-кўк,
Қушлар сайрамаган ғаройиб саҳар.
Бошимда кўк эмас,
Бошимда бўм-бўш.
Бошимда бу “бўм-бўш” исмдай жаранглар.
Бошим оққан сори кетаман чопиб.
Шовурлаб ёнма-ён чопар гужумлар.
Дарёсиз ўзаннинг тубида ётиб
Қаттиқ тикилади қатқалоқ қумлар.
Бу қандай айрилиқ?
Ким алар – ҳатто
Бизни суратлардан жудо қилурлар?
Бошимизни телбасавдо қилурлар –
Ғижим-ғижим бўлиб жонланар дунё.
Ким алар?
Ким алар – қадам-бақадам
Бизни келтирарлар бу мудҳиш куйга:
Муҳаббат ва шараф онлари кечган –
Қўрқинчдир – қайтмагил дейман у уйга.

май, 2018.

ОЗОДЛИК

На бўлди – илоҳий жаранглар кеча.
Ё Қодир! Биллурга тўлди-ку осмон.
Бошимни тупроққа қўйдим, тилимга
Энг биринчи келган исминг – ё Раҳмон!

Кўзимдан ечилди қайғу қораси.
Аршингми – кўряпман, ё Карийм!
Азонга қўшилиб кўз ёшим оқди,
Ё Мужийб! Ё Монеъ! Ё Раҳийм!

Синган суякларим тушмоқдалар рақс.
Бу рақси самоъдур, ё Қайюм!
Қанча шоирларинг ўлдилар, ё Ҳақ!
Ё Жалил! Ё Алийм! Мунтақийм!

“Нусрат ҳам бормиди, эй ғаюр дунё?” –
Ошкора бўзладим, ё Сабур!
Кўксимда уйғонди Халоскор даҳо .
Ё Раъуф! Ё Вадуд! Ё Шакур!

Тун билан ўралган кундузлар.
Асрори мукаррам, ё Бадийъ!
Бу қаро бошимни то маҳшар
Тупроқдан кўтармай, ё Ғаний!

Не кунлар ўтдилар, Илоҳим.
Не Кунлар ботдилар, Илоҳим.
Ўртада парда йўқ, Илоҳим,
Оҳимиз етдилар, Илоҳим…

07.05.2018.

***

Сизга бари аён,
Менинг бор умрим
Мотам айтимидай чолғусиз қўшиқ.
Гўзал орзулардан ҳайдалган йўлим –
Ул-да Сизга аён ҳар недан ортиқ.
Сиз яхши биласиз, ложарам,
Кўз ёшни кўрсатмоқ… йўқ-йўқ, бу ўлим.
Балки бу кибрдир…
Йиқилган одам
Иззати нафсига тасалли, балким.
Йиқилдим, тупроқни танидим…
Бир тун
Сиғмазам… – ўқирди йиғлаб кўҳнадўз.
Ойнинг шуъласига узалган гулбун
Илоҳий ҳарф бўлиб кўринди, эй дўст.
“Оҳ, уни унутсам” – видолар учди,
Мотам айтимидай чолғусиз қўшиқ.
Жунунлар кетмади. Ошгандан ошди.
Умид йўқ… Эрта йўқ…
Қолмиш фақат ишқ.
Ишқким, тайрларни, қуртларни севдик.
Булутлар комида ўтларни севдик.
Туннинг адоғинда нолани севдик.
Субҳ аёғинда жолани севдик.
Куз илди – ҳавода мезонни севдик.
Ёмғирлар дорида хазонни севдик.
Хазон исларида алвонни севдик.
Алвонга кўмилган айвонни севдик…
Сизга бари аён,
Бошқамен энди.
Инонмоқ истаги шафақдай ўчмиш.
Табассумим тўлдирар бу маконни.
Руҳим, руҳим… тарк этмиш, кўчмиш…
Жисмимни танирлар,
Келарлар бир кун
Кўзларин тўлдириб ўлик нурларга.
О, уни гулларга кўмарлар балким,
Қабрни кўмгандай гулларга.

май, 2018.

ДЎСТИМНИНГ КИТОБИГА ЭПИГРАФ

Сен исмсан, Ёшлик.
Мен уни десам
Музлайди забоним дарёим менинг.
Қумлар кўчкинида кўмилган қиссам.
Зуғумлар унуттирган фарёдим менинг.

Мурдаларга тўлган жону жаҳоним.
Мен сени эсласам, бўзларман фақат
Алвидо, қалбимда афғонистоним.
Алвидо! Сенда қолди авжи муҳаббат.

Орол, мазлум Орол тўлар кўзимга
Бир ҳўплами қолган баҳрул ҳаётим,
Аччиқ хотиралар бўғар кўксимни,
Ёшлик, Сени ўйласам… битмас фарёдим…

15.07.2018.

***

Айрилиқ ўлимдай келди бемаҳал.
Ой куйди, тутилди.
Барглар оғир, ҳўл.
Бу кеча тун бунча чуқур, мукаммал.
Йиғиб олингандай қават-қават кўк.

Туннинг пардасини суриб асабий
Дарахтлар келарлар шошиб мен томон.
Эй қадар! бу мени суйганингми… қўй…
Созламоқда мени бу сўнгсиз ҳижрон.

Дунёнинг тубида гувлар бир кадар.
Элас-элас чақнар нимадир уфқда.
Кечмиш бугун каби умримда яшар.
Эшит… қайлардадир шамол қўпмоқда.

Шу шамол ичинда бордир овозим –
Қушдай учиб кетган қаро тонгларда.
О қушим, қўрқаман! Ахир, ҳанузам
Мудҳиш жимликларга қилурлар сажда.

Сен кимсан, дейдилар, ким ўзинг?
Иддао қилурлар!
О, мен-да
Жазога берилган Заминда
Қайғу куйчисиман, фақат қайғунинг.

29.07.2018.

***

Юрагимга Тун кирди бир кун, севгилим.
Мангудай у… Мен эса ночиз ва ёлғиз.
Мен ким? Қаршисида ожиздай ўлим.
Қуёшми осилган – ойдай зиёсиз.

Қайдан бу оташлар? Сойлар қайнаган.
Учар гулхан бўлиб ўйнайди шамол.
Сени деб дунё-ла қиляпману жанг,
Бу жанг унуттирар Сени, эҳтимол.

Ҳолимизни баён айласам, чида:
Бир зум ором бер, деб синграйди дилим.
Катта қайғуларнинг ватанларида
Кичик шодликларга кўндик, севгилим.

Ер ютган чақмоқлар куч йиғар… йиғар…
Кўзимда шўр фарёд, тилимда калом.
Нечун қўрқмайдилар худобехабар?
Бор, ахир!
Бор, ахир, илоҳий интиқом…

Юрагимга Тун кирди… Ястаниб ётар.
Таҳажжуд вақтидай ҳар нафас, ҳар дам.
Бу қандай, севгилим?
Тонг ботар, тун отар…
Чида бул дўзахда ақлдан озсам.

Июнь, 2018

09 Yorqin shoiralarimizdan biri Nodira Afoqovaning dil satrlari bugungi sheʼriyatimiz sahifalariga oʻziga xos rangu ohang bilan aks etmoqda. Bugun shoiraning yangi sheʼrlarini taqdim etmoqdamiz.

Nodira AFOQOVA
YANGI SHEʼRLAR
006

Nodira Afoqova 1966 yilda Buxoroda tugʻilgan. Buxoro universitetida tahsil olgan. “Bahorning boshlanishi”, “Arosat fasli”, “Koʻngil shevasi”, “Soʻz ayvoni”, “Qora navo”, “Vatan darslari” kabi toʻplamlari nashr etilgan. “Fitratning tushlari”, “Jazo” dostoni; “Muhammad (s.a.v) dedilar…”, “Xayyom chodirinda”, “Muhabbatnoma”, “Faqat Sen bilursan”, “Hazrat Navoiyning yetti goʻzali” sheʼriy turkumlari muallifi. Alisher Navoiyning “Ruh ul-quds” qasidasini forsiydan; Leonid Andreyevning “Yahudo Iskariot” qissasi, Gi de Mopassan, Konstantin Paustovskiy hikoyalari ham Mixail Lermontov, Marina Svetayeva sheʼrlarini rus tilidan oʻzbek tiliga oʻgirgan.

006

***

Uygʻotgil oʻshani – uygʻot yogʻduni.
Nomus sanalmagan nomuslar haqqi.
Qonimizning alvon tanalarini
Kuyaday yeb ketgan hibslar haqqi,
Uygʻotgil oʻshani – uygʻot yogʻduni.

Rangsiz lablarimda Allohning soʻzi.
Chorasiz uzlatdan soʻrovdim panoh.
Koʻzimga koʻmilgan haqiqat koʻzi
Senga termulmakda. Javob yoʻq. Evoh!
Rangsiz lablarimda Allohning soʻzi.

Shodlanmoqqa qoʻymas nimadir hanuz,
Pisand etmas Vaqtni. Sudralib kelar.
Qichqirib, kul boʻlgan qaqnusmiz, qaqnus.
Qayta tugʻilmoqqa yoʻl bermas ular.
Shodlanmoqqa qoʻymas nimadir hanuz.

Koʻzyoshdan qoʻrqmagan aygʻoq koʻppaklar,
Qargʻishdan qoʻrqmagan bir toʻda kibor,
Xundan qoʻrqmagan shum koʻrshapalaklar,
Iymon ahlidurkim, eturlar abgor
Allohdan qoʻrqmagan zulmparastlar.

Sen buyuk soyasan. Uygʻotgil, uygʻot!
Ichimizda bir kuch yotar emranib.
Ichimizda Kun bor – koʻtarolmas bosh.
Kuydirgay ul muhlik, yo qolgay soʻnib.
Sen buyuk soyasan. Uygʻotgil, uygʻot!

Uygʻotgil oʻshani – uygʻot yogʻduni.
“Qonga qon!” naʼrasi tortilmay turib.
Bir xalqkim – oʻzini va Haqni tanir –
Vahshat-la qoʻzgʻolur… oʻshandan burun
Uygʻotgil oʻshani – uygʻot yogʻduni.

18.08.2017

ARAFA

Hademay osuda tortadi quyosh.
Zaminni oʻraydi gulday havolar.
Olis kechalarda bamisli koʻz yosh
Oqib kelaverar gʻamgin navolar.

Olis kechalarda uzooq-uzooqdan
Oy nurida yoʻlga tushadi kimdir.
Erigan zumradlar oqqan soyloqda
Balki mahzun boʻlar, choʻkmaydi koʻngil.

Ayvondan qaraysan xotirfaromush:
Tuproqqa tushguncha oʻynar xazonlar.
Qaydandir sokinlik, yot bir osoyish
Ruhingda suzadir moviy oqshomlar.

Har jism shaffofday…
Qaʼda ichinda
Koʻksingga termulib, chekursan iyzo.
Behuda umidlar qiynamas endi.
Boricha anglaysan – ne boʻlsa dunyo.

Hademay azaliy sokinlik inar.
Munojot aytasan subhi kozib payt.
Koʻklardan ilohiy bir nafas enar:
“Soʻragil, soʻragil… soʻragil faqat…”

31.08.2017

***

Chaqir meni.
Chaqir ismimni aytib.
Parcha-parcha boʻlsin bu tun, bu mashʼum.
Ehtimol, tugadi umrimiz oʻtib.
Balki, bir soniya qoldi, mahbubim.
Sensiz hayotimni soʻrama ne deb.
Yodimni qaytadan aylama xarob.
Ming yil koʻzalarning tubida yotib
Muhlik bir ogʻuga aylangan sharob.
Shabiston mulkini etdilar barpo.
Xayrsiz istaklar, shaytoniy tugʻyon –
Quyoshning yoʻlida turganday goʻyo…
Koʻlankaga choʻmmish biz turgan makon.
Isrofil surini chalganidan soʻng
Birga boʻlajakmiz. Bu taskin – achchiq.
Tobora uzayib ketmoqda-ku tun.
Sen uni parchala ismimni aytib.
Qoʻlingni tushirma. Men tomonga choʻz.
Aytilmagan Soʻzlar tugʻajak alam.
Parchalab boʻlmas ul koʻlkani hargiz,
Birga boʻlmoq kerak bu dunyoda ham.
Koʻzlarga sochilgan shoʻr tuproqlar haqqi,
Qonimiz aynitgan titroqlar haqqi,
Isming aytay desam,
Ismim aytay desang,
Oʻrtaga tashlangan nifoqlar haqqi;
Muqaddas chogʻlarda oʻzimiz aytib
Oʻzimiz ishongan yolgʻonlar haqqi,
Yashaylik bu sarob umrimiz bitib,
Faqat bir soniya qolgani kabi.
Chaqir meni. Chaqir ismimni aytib
Koʻzlarda porlagan oʻlimlar haqqi…

2-3.09.2017

***

Shamol tashrifiga darchamni ochdim.
Qonday qizartirdi xonamni shafaq.
Quyosh – tomayotgan tomchi koʻz yoshdir.
Ruhimda ibtido… yodimda “Alaq”…
Balki, u soʻng bora bormoqda botib
Parishon yogʻduga chulgʻab dunyoni.
Balki, Sen olisdan lolalar otding.
Balki, shundan porlar gʻurub osmoni.
Xayollar tubidan solaman nigoh.
Sumbula shomlari hilpirar sarmast.
Bir nasim yelmoqda… qaygʻu nima, o!
Hatto shodliklarga dosh berolmas qalb.
Haqiqat nimadir? Soʻrarlar…
Lekin
Bir sado kelmaydi ming yildan nari.
O! ayni soniya haqiqat shulkim,
Ufqni yopmishlar gul yaproqlari.
Yorugʻlik izladik, balki, bu – xato,
Alardan – qalbiga muhr tushganlar.
Qaytadan dunyoga kelsak, mabodo,
Shunday yashar edik… shunday muqarrar.
Xayol dunyosida yasharmiz, haqrost.
Umid solayotir shafaqlar raqsi.
Botib borayotgan quyosh-ku,
Biroq,
Nechun koʻzlarimda lolalar aksi?

08.09.2017

***

Umrning yana bir quyoshi botdi.
Mana, ey qurbonlik soʻragan osmon.
Ismi Qizil dengiz lojuvard tortdi.
Qoʻllarini choʻzib keldi men tomon,
Qoʻllarini choʻzib choʻkdi-ku Quyosh –
Sirlar sarvatidir Tangrimning mulki.
Qoʻy meni…
Bermaysan nechun osoyish:
U quyosh, u dengiz Sen eding balki.
Muhlikdir, muhlikdir boʻhton zarbasi.
Tilarmen yodingni unutmoq faqat.
Baʼzan soʻnsa deyman aql shuʼlasi –
Soʻnsa edi deyman qilolmay toqat.
Manguday bir kuch bor… Kimman qoshida?
Nimadir sochadir ajaldan yomon.
Mozoriston kabi sokin-osuda
Yoʻllar ilikkacha soʻrdi beomon.
Unutmoq umidi yashatar meni.
Bu yon haydab keldi nokomlik, sabr.
Quyosh, tugʻilmoqni oʻrgat har kuni,
Singan ruhiyamga yangi bir shavq ber.
Togʻday qoyim turgan ilohiy suvlar,
Mardud firʼavnni tuflagan dengiz,
Men Sizni taniyman!
Yengmay qaygʻular
Azaliy ruhimga qaytaring hargiz.
…Choʻkkan quyosh sori termulaman jim.
Bir tanish kuy ichra jismim chayqalar.
O! menga ergashib keldilar balkim.
Aylanib raqs etar darvesh shamollar:
“Oʻzi suygan oshiqlarin sarson qilur”…
“Oʻzi suygan oshiqlarin sarson qilur”…

25.09.2017

***

Uzoq-uzoqlarga ketamiz. Yetar.
Oy toʻldi bu kecha. Toʻldi, toʻkildi.
Oy bu kecha buncha gʻamgin tikildi –
Dunyomen deganlar oʻlikday yotar.
Vaqtdek oqar bir uzluksizlik bor.
Tarhimga tajovuz sezarman undan.
Oy porlab turibdi quyoshday shu dam.
Mayli malomatlar qilsa doʻst-agʻyor.
Yodimni ezgʻilar otamakonlar.
Xastamen yo… yolgʻiz najotday – ketmak…
Shuncha vayron etmak,
Shuncha gʻorat etmak
Mumkinmi insonni? Ayting, insonlar?
Ayting, qoʻrqitadi shodliklar nechun?
Yorugʻ tushlar nechun uygʻotar hasrat?
Yodim xasta mening… yodimda – shikast.
Ketarman ruhimni qutqarmoq uchun.
Xavotir uxlamas, aylanar hushyor.
Nashtar sanchaverar nomaʼlum bir qoʻl.
Ertaning follari aylanar majhul.
Uzoq-uzoqlarga ketaylik, ey yor!
Dunyodan insonday yashab oʻtaylik.
Oʻz qoʻliga kishan urmoqlik yetar.
Qutqar suyagimni, deylik har kecha,
Uzoqlarga – Goʻzal Ismlarga ketaylik…

11.10.2017.

ALVIDO

Bugʻlanib-bugʻlanib bitdi bir daryo.
Qayga oqishini bilmadi nolam.
Qorongʻu tortmoqda bu yorugʻ dunyo.
Yodimda yorugʻdir u zulmat olam.
Chashmami, jimirlar koʻzing, Gulsari.
Alvido, yemrilgan zaʼfaron hilol.
Alvido, ochilmay maqtul gullarim.
Qantarilgan quyosh, bichilgan shamol.
Alvido, osmonni toʻsgan koʻzlarim.
Alvido, oʻlmagan qullar oʻlkasi.
Alvido, sochimni koʻmgan boʻzlarim.
Alvido, quturgan bahor shiltasi.
Zamindek aylandi bu shoʻrlik boshim.
Nokom, nochor… ul ham xatoday hatto –
Muhabbat – mangulik tutilgan quyoshim,
Alvido! Alvido! Alvido!
Men xalq dushmaniman… xalqmidi alar –
Bir toʻda notavon shoʻrtumshuq gado?
Nafasimdan qon yutdi gullar.
Alvido! Alvido! Alvido!
Nimaning toʻlovin toʻladim tinmay –
Chirpandim umid va ishtiboh aro.
Oʻksinib sibizgʻa chalgan ayol, hay,
Sibizgʻasi yomgʻir, borligʻi vido.
Sirpanar bir karra oʻylanmagan oʻy:
Hayot edimi ul… haqorat goʻyo
Hayotmi… o! bizni bosib oʻtdi yoʻl,
Alvido! Alvido! Alvido!
Koʻzlaring yoyilgan koʻlday, Gulsari.
Poyingdan yoyilib bormoqda muzlar.
Ilk bor koʻzlarimni tikdim koʻk sari.
Soʻngan koʻzlaringda yonar yulduzlar.
Boʻronman, choparman… Qaylarga boray?
Ovozidan judo, oʻzidan judo.
Sibizgʻa chalib ber, oʻtinaman, hay!
Sibizgʻasi yomgʻir, borligʻi vido…

23.10.2017.

***

Siz — Nasimiy.
Siz — Imodiddin.
Xanjarday otilar quyosh lahjasi.
Tonganlar, tonarlar… Qichqirmay, balkim,
Hilolga qon uchar ijro lahzasi.
Siz Nasimiy.
Tongday yanoqlar maʼsum.
Eng baland dorlarda oʻynaydi shamol.
Sharqim manim… haqiqat talashgan Sharqim!
Terisi shilingan yalangʻoch savol.
“Alhamdullah…”ni aytib va boʻzlab
Kirdilar. Kirarlar. Kirdik, Nasimiy.
Qurbon berilmakda. Berdik, Nasimiy.
Oʻlimdan hayotlar qurdik, Nasimiy.
O, oppoq subhidam!
O, gulfom shafaq!
Koʻzimga qon tekkan kafanday.
Kimlarni yaratding, onajonim Sharq?
Kimlarni yayratding, otajonim Sharq?
Magarkim yuraklar Yer kabi yorilur.
Haqiqat gung emas, alar bilmaydi.
Magarkim jismlar tuproqqa qorilur,
Ismlar… ismlar toabad oʻlmaydi.
Ismlar to mahshar solurlar titroq.
Ismda ruh yotar mangulik.
Biz, axir, insonmiz.
Muhaqqaq,
Oʻlim yoʻq, Nasimiy, oʻlim yoʻq.
Oʻlim yoʻq… Toqlardan kelmakda sado.
Bir sharpa izgʻiydi Vaqt oralab.
Xoch koʻtarib borar muztarib Iso.
Boshsuyagi kabi koʻrinar Halab.
Zil-zambil sayyora uchar guvillab.
Qon-la sugʻorilgan har bitta chechak.
Qaysi lahzasida yoʻqdir jinoyat –
Insonlik tarixi guvillab kechar.
Guvillab aylanar girdibod shamol.
Yerga tushib kelar ulugʻ chaqmoqlar.
Ufqda soʻnmasday sudralar sarob.
Muallaqdir. Izlar, uchar sirtmoqlar.
Vahshiyona shilib,
Va jonsiz jismin
Soʻng uzvidan bir-bir etsalar judo,
Oʻtlari bosilmas, topmaslar taskin.
Voh! yana korlarin degaylar: hudo.
Kim jazoga loyiq – Muhaqqiq kimdir?
Bilarsiz. Kularsiz tamkin, Nasimiy.
Tobutday lopillar zamin, Nasimiy.
Koʻzingizda sonsiz chaqin, Nasimiy.
Kim kimni mahv etdi?
To hanuz:
Sayr etar kafansiz jismlar.
“To mahshar, – yigʻlaydi koʻhnadoʻz, –
Titroqqa solurlar ismlar”…
Yagona iztirob – muhabbat.
Shodlikdir – iztirob, Nasimiy.
Manglayda ter emas, gulob, Nasimiy.
Chalsak, koʻz yoshimiz – rubob, Nasimiy.
Eng muattar nasim – eng habib Kalom
Ortimizda desak, oldimizdadur.
Faqat Yor, faqat Yor yodimizdadur!
Eng toza ravnaqlar zotimizdadur.
Buyuk Ibtidoga borurmiz yigʻlab.
Iqrorlab borurmiz, Nasimiy.
Na qilsang, Sengadir – “Allohu samad!”
Takrorlab borurmiz, Nasimiy.
Tavbasiz jallodlar bizni yaratdi.
Siniqlik yaratdi, Nasimiy.
Bu dunyo – ilohiy gʻurbatdir,
Ayroliq yaratdi, Nasimiy.
Imtihon ichinda bu qaro turbat…
O, mazlum hislarim!
O, bardosh!
Ruhimni isita boshlaydi birdan
Chiqmagan,
Muqarrar chiqajak quyosh.

22-26.11.2017.

***

Ey ruh, kirganmisan gul jismiga, ayt!
Nafasim qaytmoqda nafasdan:
“Yuz oh, Zahiriddin Muhammad…”
Ey jon, chiqamizmi qafasdan?
Bulutmi u koʻklarda suzgan
Yo qanotdir uzilgan… yuz oh!
Dudimizmi toʻlishgan ul moh?
Ey shoh, nechun oh tortasiz, oh?
Biz-ku ojiz…
Ojizmi Siz ham,
Ey jahongir, ey ulugʻ xoqon!
Ey dilovar, ey bedil arslon!
Ey, ohlari olamga toʻlgʻon!
Shoʻr bu yoshlar kelur qaylardan,
Dudlar, ohlar kelur qaylardan –
Koʻzimizga toʻlguncha… yuz oh!
Boʻgʻzimizga toʻlguncha… tuz oh!
Ey ruhi pok, tushlari paygʻom!
Ey, dastida zaqqum toʻla jom!
Ey, umriyu mazhabi talosh!
Ey, necha bor tutilgan quyosh!
El oʻqurlar, afsonadaymiz.
Qichqirguvchi kulxonadaymiz.
Ketarmizu oyoq yetkuncha,
Har qayda lek begonadaymiz,
Oh chekarmiz, pardalar kuygay.
Chekingaylar koʻklar qatma-qat –
Vaʼda bordir… Qoʻrqmasmilar, hay!
Yuz oh, Zahiriddin Muhammad!
Oʻrtamizda dashti shamoldur.
Ho darvesh, ho!
Boʻzlab uchar dasht.
Dunyo xato, dunyo maloldur…
Yuz oh, Zahiriddin Muhammad!
Oʻrtamizda lojuvard vodiy.
Koʻksimizni koʻl etdi hijron.
Ol, dunyo, ich! Koʻzimiz – soqiy.
Jismimizda oʻlmagan bir jon.
Ayo Mirzo! Ketarmiz hay-huv,
Alar uchun devonadaymiz.
Yo hasrato! Har qayda nechun,
Nechun? – yuz oh! begonadaymiz?
Anda joni qolgan bir Sizmi?
Darvesh kabi aylanadur Vaqt.
Yuz oh, Zahiriddin Muhammad!
Tuz oh, Zahiriddin Muhammad!
O, yaxshilik sogʻindik faqat –
Quyosh – guvoh, yulduzlar guvoh.
Qoʻrqadurmiz… shulmidur gunoh?
Ey shoh, nechun oh tortamiz, oh?
Ey, tavbasi gʻazalday afruz!
Ey humoyun, ey shohi komron!
Ey mulki – Hind,
Ruhi – Turkiston!
Ey, ohlari olamga toʻlgʻon!
Rangimizga qon berur yuz oh!
Jonimizga jon berur yuz oh!

Yanvar-mart, 2018.

QONLI YAKSHANBA

Senga inonamiz, hazratim.
Bizni tingla, ey ulugʻ sulton.
Onamiz Rus asil va qadim.
Liboslarni kiydirdi bu tong.
Tingla bizni.
Ohista-sokin
Qoʻshigʻimiz maʼbad kuyidek.
Haqirmizu, bilaylik, tokim
Laʼnatlangan emasdurmiz lek.
Iso haqqi va iymon haqqi
Daryo muzin eritmasdan xun,
Tingla va ayt,
Hayot, yo rabbiy! –
Berilganmi dosh bermoq uchun?
Tingla, shohim, kuylayotirmiz
Oʻrmonlardan esganday shamol.
Senga qalbin ochayotir Rus,
Malul-malul yoqqaniday qor.
Sharaflaymiz va soʻraymiz haq.
Xoʻrlayotir insonni inson.
Bizni tingla va hukmingni ayt.
Aynimasdan, o, nasl va qon.
Labimizda, qoʻllarimizda
Ayoz solgan qonli yoriqlar.
Maʼbad kuyin kuylagan kabi
Sudraladi sonsiz choriqlar.
Koʻzimizning oqiga qara,
Yiltiraydi quyulgan zardob.
Jamolingni koʻrsat bokaram.
Qullaringga aylagil javob.
Iso haqqi va iymon haqqi
Senga inonamiz, hazratim…

09.01.2018.

***

Chekindimi tuyqus qaro tun,
Oy xiradir. Oqarar osmon.
Bilasan-ku ismini uning –
Tong oldi bu.
Jonim, yolgʻon tong.
Bilganimcha ayturman duo.
Ismingniyam qoʻsharman behis.
Ismingdan, o… boshlanur daryo –
Oyogʻimdan chulgʻab kelar muz.
Suzib yurar zilday tumanlar.
Tumanlarda tunning qorasi.
Tebranishga tushar muqarrar
Zamin bilan osmon orasi.
Koʻzlarimda uyqusiz kecha.
Junjikadir xastaday jismim.
Jonim, jonim… arosat ichra
Chah-chah kelar… Olamday qadim…
Eshitdingmi? Roʻyoga oʻxshar.
Mudrama…
bu oraliq payti
Chaqirarmi kechikkan qushlar?
Yo muhojir bulbullar qaytdi?

16.01.2018.

ELЕGIYA

Qayda eding, ey kulli balo?
Qayda eding, ey kulli ofat?
Qayga ketmoqdalar birodarlarim –
Biri qotil, biri maqtul;
Sabab-besabab?
Ruhimdan zulmatlar aqlimga indi.
Jimlikning oʻchi bor qattol va chirkin.
Barchamiz marhummi, otajon, endi,
“Tugʻdirgan tuxmingni oqini ichding” .
Qayda eding, ey kulli tugʻyon?
Ahllar ketarlar – bekdir yo quldir –
Tirik qolmoq uchun ketarlar sarson
Orzulari juldur,
Hayoti juldur.
Atrofimda jilvagar koʻklam.
Atrofimda muattar sarob.
Koʻzlarga choʻgʻ boʻlib bosilar oftob.
Doro xumlarida yetilar sharob,
Qayda eding, ey ehmoli bad –
Bir zamon oʻziga oʻt qoʻygan nokom,
Soʻng ongini chirmab qaro shom
Oʻz nasliga chang solgan badbaxt?
Qoʻl urar gunohi kabiralarga,
Oʻzini yemirar, boʻgʻizlar, yanchar,
Dunyo hayotinda chorasiz qalblar.
Bevajh mahrumiyat mahram alarga.
Bogʻimday gullayur ovozsiz hayot.
Rutbaday chorlaydi gunohlar pinji.
Isyonim ham oʻzimga qarshidir, nahot –
Nahot isyon erur oʻlim sogʻinchi?
Meni xoʻrlamagil, insonman toki,
Kulni titayotgan qadim bahodir.
Qiyomat sahnasi boʻlmoqda sodir
Goʻyoki, goʻyoki, goʻyoki.
Gʻijjak kamonida gul gʻujum-gʻujum –
Eskirgan erkinlik odasi.
Bir shiddatkim, bilmas tarahhum –
Sarandib va Shomning orasi.
Qayda eding, ey gʻoʻr balogʻat –
Senmiding, ey, kutganim manim?
Insonlikni etmoqda gʻorat
Idragan sabrning gulxani.
Qayga ketmoqdasiz, birodarlarim.
Biringiz – qismatlar sohibi misol,
Biringiz – qismatning quliday nochor,
Odam oʻgʻillari, oh, jigarlarim!
Qayga ketmoqdamiz yoʻlsiz – yoʻl qolib?
Daxlsiz sirlari bordir-ku, hayhot,
O, pisand etmaymiz…
O, kibr gʻolib…
Qayda edi mudhish bu kulli daʼvo?
…Olmalar gul toʻkar kunduz va oqshom,
Sezilar-sezilmas qoʻzgʻotib epkin.
Olam zulmatidan chiqargancha bosh
Bir qush sano aytar maʼyus va sokin.
Zaif boʻylar oqar.
Oy asta ogʻar.
Olmaning gullari hafif, pushtirang
Ogʻir oʻylarimning – menga urilgan
Borliq bu dunyoning ustiga yogʻar…

Aprel, 2018.

***

Yuzing oqdir sening.
Yuzlaring oqdir.
Gulxanlar hurmida qonday koʻrinur.
Sim-siyoh osmonday koʻrinur,
Tun bilar, tong bilar – yuzlaring oqdir.
Oʻkinmagin, quyosh-ku kabir,
Sassiz chiqaverar, sassiz botaverar.
Qay bir goʻshalarga yoʻli yoʻq, netar!
Netarmiz, sirlar bor – qoʻrqinchli, axir.
Yovuz ruhlar makonidir eski koʻzgular,
Qay yonga qarasak, makkora boqur.
Yomgʻir tomchilaydi… O, qara, qara!
Oniy koʻzgularda yuzlaring oqdir.
Menga parvo qilma. Yashashni sevgin.
Meni chulgʻamoqda oʻlim sevgisi.
Shodliklar kelsalar, boqurman gʻamgin.
Oʻtmaslashgan kabi hayot sezgisi.
Yoʻq, deysanmi….
Unday dema, deysanmi…
Demayman…
Va lekin nima oʻzgarar?
Oʻlmasday ruhlarning maskani –
Qora jodu sochar eski koʻzgular.

14.04.2018.

***

Qani suratlaring?
Ramkalar boʻm-boʻsh…
Qani, javob ber, — deb soʻrayman Tundan.
Quyosh allanechuk kirchil va sargʻish,
Aylana gardishda quyulgan tuman.
Tunning oʻzi endi koʻrinmas.
Illo
Har yoqdan hansirab kelar nafasi.
Chorchoʻblar boqadi –
Boqurlar goʻyo
Oʻyilgan koʻzlarning chuqur kosasi.
Etimni junjitar murdaday koʻm-koʻk,
Qushlar sayramagan gʻaroyib sahar.
Boshimda koʻk emas,
Boshimda boʻm-boʻsh.
Boshimda bu “boʻm-boʻsh” ismday jaranglar.
Boshim oqqan sori ketaman chopib.
Shovurlab yonma-yon chopar gujumlar.
Daryosiz oʻzanning tubida yotib
Qattiq tikiladi qatqaloq qumlar.
Bu qanday ayriliq?
Kim alar – hatto
Bizni suratlardan judo qilurlar?
Boshimizni telbasavdo qilurlar –
Gʻijim-gʻijim boʻlib jonlanar dunyo.
Kim alar?
Kim alar – qadam-baqadam
Bizni keltirarlar bu mudhish kuyga:
Muhabbat va sharaf onlari kechgan –
Qoʻrqinchdir – qaytmagil deyman u uyga.

may, 2018.

OZODLIK

Na boʻldi – ilohiy jaranglar kecha.
Yo Qodir! Billurga toʻldi-ku osmon.
Boshimni tuproqqa qoʻydim, tilimga
Eng birinchi kelgan isming – yo Rahmon!

Koʻzimdan yechildi qaygʻu qorasi.
Arshingmi – koʻryapman, yo Kariym!
Azonga qoʻshilib koʻz yoshim oqdi,
Yo Mujiyb! Yo Moneʼ! Yo Rahiym!

Singan suyaklarim tushmoqdalar raqs.
Bu raqsi samoʼdur, yo Qayyum!
Qancha shoirlaring oʻldilar, yo Haq!
Yo Jalil! Yo Aliym! Muntaqiym!

“Nusrat ham bormidi, ey gʻayur dunyo?” –
Oshkora boʻzladim, yo Sabur!
Koʻksimda uygʻondi Xaloskor daho .
Yo Raʼuf! Yo Vadud! Yo Shakur!

Tun bilan oʻralgan kunduzlar.
Asrori mukarram, yo Badiyʼ!
Bu qaro boshimni to mahshar
Tuproqdan koʻtarmay, yo Gʻaniy!

Ne kunlar oʻtdilar, Ilohim.
Ne Kunlar botdilar, Ilohim.
Oʻrtada parda yoʻq, Ilohim,
Ohimiz yetdilar, Ilohim…

07.05.2018.

***

Sizga bari ayon,
Mening bor umrim
Motam aytimiday cholgʻusiz qoʻshiq.
Goʻzal orzulardan haydalgan yoʻlim –
Ul-da Sizga ayon har nedan ortiq.
Siz yaxshi bilasiz, lojaram,
Koʻz yoshni koʻrsatmoq… yoʻq-yoʻq, bu oʻlim.
Balki bu kibrdir…
Yiqilgan odam
Izzati nafsiga tasalli, balkim.
Yiqildim, tuproqni tanidim…
Bir tun
Sigʻmazam… – oʻqirdi yigʻlab koʻhnadoʻz.
Oyning shuʼlasiga uzalgan gulbun
Ilohiy harf boʻlib koʻrindi, ey doʻst.
“Oh, uni unutsam” – vidolar uchdi,
Motam aytimiday cholgʻusiz qoʻshiq.
Jununlar ketmadi. Oshgandan oshdi.
Umid yoʻq… Erta yoʻq…
Qolmish faqat ishq.
Ishqkim, tayrlarni, qurtlarni sevdik.
Bulutlar komida oʻtlarni sevdik.
Tunning adogʻinda nolani sevdik.
Subh ayogʻinda jolani sevdik.
Kuz ildi – havoda mezonni sevdik.
Yomgʻirlar dorida xazonni sevdik.
Xazon islarida alvonni sevdik.
Alvonga koʻmilgan ayvonni sevdik…
Sizga bari ayon,
Boshqamen endi.
Inonmoq istagi shafaqday oʻchmish.
Tabassumim toʻldirar bu makonni.
Ruhim, ruhim… tark etmish, koʻchmish…
Jismimni tanirlar,
Kelarlar bir kun
Koʻzlarin toʻldirib oʻlik nurlarga.
O, uni gullarga koʻmarlar balkim,
Qabrni koʻmganday gullarga.

may, 2018.

DOʻSTIMNING KITOBIGA EPIGRAF

Sen ismsan, Yoshlik.
Men uni desam
Muzlaydi zabonim daryoim mening.
Qumlar koʻchkinida koʻmilgan qissam.
Zugʻumlar unuttirgan faryodim mening.

Murdalarga toʻlgan jonu jahonim.
Men seni eslasam, boʻzlarman faqat
Alvido, qalbimda afgʻonistonim.
Alvido! Senda qoldi avji muhabbat.

Orol, mazlum Orol toʻlar koʻzimga
Bir hoʻplami qolgan bahrul hayotim,
Achchiq xotiralar boʻgʻar koʻksimni,
Yoshlik, Seni oʻylasam… bitmas faryodim…

15.07.2018.

***

Ayriliq oʻlimday keldi bemahal.
Oy kuydi, tutildi.
Barglar ogʻir, hoʻl.
Bu kecha tun buncha chuqur, mukammal.
Yigʻib olinganday qavat-qavat koʻk.

Tunning pardasini surib asabiy
Daraxtlar kelarlar shoshib men tomon.
Ey qadar! bu meni suyganingmi… qoʻy…
Sozlamoqda meni bu soʻngsiz hijron.

Dunyoning tubida guvlar bir kadar.
Elas-elas chaqnar nimadir ufqda.
Kechmish bugun kabi umrimda yashar.
Eshit… qaylardadir shamol qoʻpmoqda.

Shu shamol ichinda bordir ovozim –
Qushday uchib ketgan qaro tonglarda.
O qushim, qoʻrqaman! Axir, hanuzam
Mudhish jimliklarga qilurlar sajda.

Sen kimsan, deydilar, kim oʻzing?
Iddao qilurlar!
O, men-da
Jazoga berilgan Zaminda
Qaygʻu kuychisiman, faqat qaygʻuning.

29.07.2018.

***

Yuragimga Tun kirdi bir kun, sevgilim.
Manguday u… Men esa nochiz va yolgʻiz.
Men kim? Qarshisida ojizday oʻlim.
Quyoshmi osilgan – oyday ziyosiz.

Qaydan bu otashlar? Soylar qaynagan.
Uchar gulxan boʻlib oʻynaydi shamol.
Seni deb dunyo-la qilyapmanu jang,
Bu jang unuttirar Seni, ehtimol.

Holimizni bayon aylasam, chida:
Bir zum orom ber, deb singraydi dilim.
Katta qaygʻularning vatanlarida
Kichik shodliklarga koʻndik, sevgilim.

Yer yutgan chaqmoqlar kuch yigʻar… yigʻar…
Koʻzimda shoʻr faryod, tilimda kalom.
Nechun qoʻrqmaydilar xudobexabar?
Bor, axir!
Bor, axir, ilohiy intiqom…

Yuragimga Tun kirdi… Yastanib yotar.
Tahajjud vaqtiday har nafas, har dam.
Bu qanday, sevgilim?
Tong botar, tun otar…
Chida, bul doʻzaxda aqldan ozsam.

Iyun, 2018

90

(Tashriflar: umumiy 1 434, bugungi 1)

Izoh qoldiring