Xurshid Daliyev. Milliy serial brendi bilan “milliy xiyonat” targʻibotiga “start” berildimi?

09    Бугун кино саноатида, айниқса, телесериалларда конфликт ва интригани кучайтириш мақсадида хиёнат, хусусан, аёл хиёнати жуда кўп тасвирланмоқда. (Бу каби мавзудан тармоқлардаги турли роликлар сарлавҳасида-ю гуруҳларга чақириқларда ҳам унумли фойдаланилмоқда.)

Хуршид Далиев жуда долзарб масалага диққатимизни қаратган. Телевидение соҳасида 20 йилдан зиёд ишлаган ва маълум маънода киносериал билан боғлиқ сир-синоатни билган, бу йўналишни усталари бўлмиш Жанубий Корея сериалчиларининг ишини ўша юртда бир ойча вақт давомида ўрганган одам сифатида мақола муаллифини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. ТВда ишлаганимда, «Ўзбектелефильм»нинг ўша пайтдаги сериалларини қабул қилувчиларнинг бири сифатида бир неча ана шундай бемаза «асар»ларни телеэкранга чиқишига қаршилик қилганман. Кўплаб ўзбек кино ва сериалларини кўриб, мени доим «Нега улардаги ўзбек эркаклари-ю аёллари ҳамиша уятсиз, суюқфеъл, ёқимсиз, ор-номуссиз?» деган савол қийнаган. Нега ўз миллий қиёфаси ва маънавиятини дунёга тарғиб қилишда телесериаллардан фойдаланишни бош мақсадлардан бири этиб белгилаган Жанубий Корея сериалларида бундай эмас?

Менинг ТВ соҳаси (демак, кино соҳаси ҳам) билан боғлиқ ён дафтаримда ёзилган қайдларим бор. Шулардан бири «ТВ (ва кино)  фақат  ҳаётнинг қандай эканини эмас, биринчи навбатда, ҳаёт қандай бўлиши кераклигини кўрсатиши керак».

ТВ ёки кинода кўрсатилган воқеа ёки образ ёқимли бўлади. Тадқиқотлар буни исботлаган. Уятсизлик тарғиб этилаверса, жамият уятсизликка ўрганиб қолади ва бундай салбий ҳолатларни одатий ҳол сифатида қабул қили бошлайди.

Билиб-билмай уятсизлик ва ахлоқсизликни тарғиб этишдан ташқари яна бир қанча ўта муҳим, миллий хавфсизлик, жамият ҳаёти билан боғлиқ «нимани кўрсатмаслик керак» деган ақидалар бор. Бу ақидалар бирон бир низомда акс этмаган. Аммо, ёзилмаган бўлса-да, уларга амал қилиш кино санъати учунгина эмас, мамлакат тараққиёти ва хавфсизлиги учун ўта муҳимдир.

Бунга бир мисол келтираман.

Эсимда, «Ёшлик» телеканали иш бошлаган дастлабки йилларнинг бирида (1997 ёки 1998 йилда) жуда машҳур адибларимиздан бири менга 2-3 қисмли телесериал сценарийсини олиб келди. Сценарийда террорчилар гуруҳи Ўзбекистондаги бир мактабни қўлга олиб,бир гуруҳ ўқувчиларни гаровга олиш воқеалари тасвирланган эди. У билан танишгач, муаллифга «Сценарийингизда тасвирланган воқеаларни ТВда намоён этиш мумкин эмас!» деганман ва нима учун мумкин эмаслигини тушинтиришга уринганман. Мен жуда ҳурмат қилган адиб барибир мендан хафа бўлган эди ўшанда. Аммо унинг хафагирлиги миллий хавфсизлик масъулияти олдида арзимас эди.

Сўнгги йилларда Ғарб давлатларида юз берган терактлар ўша айтган гапларимнинг ҳақлигини кўрсатди. Чунки бу терактларнинг деярли ҳаммаси  «Голливуд» ва бошқа Ғарб киностудияларида батафсил кўрсатилган жиноий ҳаракатларнинг  айнан такрорлаган эди.

Хуршид Даврон

Миллий сериал бренди билан
«МИЛЛИЙ ХИЁНАТ» ТАРҒИБОТИГА
«старт» берилдими?
Хуршид Далиев
099

Одам Ато замонидан то бугунги кунга қадар аёл нозик ҳилқат сифатида эркак билан бирга умргузаронлик қилиб, инсоният ҳаётининг давомийлигини таъминлаб келмоқда.

099Реал ҳаётда бўлганидек жанридан қатъи назар бадиий адабиёт ёхуд кино бўлсин, уни аёл образисиз тасаввур қилиш қийин. «Минг бир кеча» эртаклари орқали аёл образи энг юқори мўъжизавий эстетик ҳилқат сифатида тасвирланди. Шарқ шеъриятида эса аёлга бўлган таърифу тавсиф «Минг бир кеча»никидан кам бўлмади. Ўрта асрларда реал ҳаётда аёлларни жодугарликда айблаб гулханда куйдириш оддий ҳолат эди, лекин Шекспир замонасидаги драматурглар аёл образини ижобий маънода янги бир чўққига олиб чиқди. Шу ўринда эслатиш жоизки, Данте қаламига мансуб «Илоҳий комедия» асарининг «Аърофа» қисми бевосита биз билган Тўмариснинг жасоратига бағишланган. Шекспир Тўмарис образини Европа аёлларига намуна қилиб кўрсатган. Француз адабиётида эса Тўмарис француз миллий қаҳрамони Жанна Д`Арк даражасида улуғланган. Аммо бугунги кунда ўзимиз ўзимизнинг ўзбек аёлини таҳқирлаб, лойга чаплаб, ботқоққа ботиряпмиз. Қандай қилиб?..

Албатта, янги давр Европаси романтизмида аёл образи енгил-елпи ишқий романлар мавзуси учун қурбон қилинди. Бироқ айнан XIX-XX аср Ғарб адабиёти, хусусан, рус романчилигида аёл образи мукаммал кўриниш касб этди. Бу давргача халқ достонларию, бадиий асарлардаги аёл қаҳрамонлар ўз даврининг етук зиёлиси ва гўзал аёли сифатида тасвирланган бўлса, Тургенев, Достоевский, Толстой, Чехов каби ёзувчиларнинг асарлари орқали аёл руҳиятининг ўзига хос психологик характери юксак бадиий бўёқлар билан тасвирланди. Айниқса, Толстойнинг Анна Каренинаси, Кити Шчербацкаяси, Тургеневнинг Марья Николаевнаси, Достоевскийнинг Настасья Филипповнаси жаҳон адабиётида аёл образини янги чўққига олиб чиқди.

Ўзбек адабиётида Абдулла Қодирийнинг Кумуши ўзбек романчилигидаги илк аёл қаҳрамон сифатида юзага келди. Албатта, Шўро даври адабиётида аёл образи мафкуравий хусусият касб этиб, унга ўзига хос талаблар юкланди. Бу давр аёлларидан сунъий равишда замон қаҳрамонлари ясалиб, тақдим қилинди. Аммо тан олиш керакки, бу даврда ўзбек адабиёти ва санъатида тасвирланган аёл образлари ҳар қандай мажбуриятлар юкланмасин, у аёллик шаъни ва жозибасини йўқотмади. Яъни, кино, театр ва адабиётда аёл улуғланса улуғландики, лекин, бугунги кундаги ўзбек киносидагидек таҳқирланмади. Ҳатто Шўро даврида ҳам ўзбек аёли шармандали тарзда таҳқирланмаган.

«Менинг юртим» телеканалида намойиш этилаётган «Фитна» сериалидаги «фитна»лар ҳақида гапирмоқчимиз.

Юқорида бироз мулоҳаза юритганимиз боиси шуки, ушбу сериал ижодкорлари ва «Менинг юртим» телеканали масъулларига қисқача бўлсада, дунё бадиий тафаккурида аёлга бўлган муносабат, хусусан, аёл образи нечоғли улуғлигининг хронолигик эволюциясини билмаса билдиришни, билса эслатишни жоиз, деб билдик.

Режиссёр Дилшод Аҳмедов томонидан суратга олинган ва бугунги кунда «Менинг юртим» телеканали орқали эфирга узатилаётган ушбу сериал томошабинларга миллий сериал тамғаси остида тақдим этилмоқда. Турфа тақдирлар, муҳаббат ва нафрат, садоқат, хиёнат, эзгулик, ёвузлик хуллас, бу мангу мавзуларни режиссёр ўзбекнинг маиший ҳаёти мисолида жуда примитив тарзда тасвирга туширган. Дастлаб тўй можароси билан бошланган сериал воқелигининг илк планларидаёқ англашиладики, бош қаҳрамонлардан бири 2 фарзанднинг онаси бўлган ўқитувчи аёл. Бу аёл эрини, қайнота ва қайнонасини кўргани кўзи йўқ. Сартарош эр оиласи учун ҳар нарсага тайёр. Қайнота ва қайнона эса охирги қиз фарзандларини турмушга бергандан сўнг ҳаж сафари учун навбатга ёзилган. Хуллас, бу оила ўзгаларга ўрнак бўладиган оилалардан. Бироқ оиланинг келини Нозиманинг қалби негадир нафратга тўлиб-тошган. Режиссёрнинг «истеъдоди»ни қарангки, Нозима ўз эрига хиёнат қилиши учун ҳеч қандай асос яратмасдан туриб, режиссёр жаноблари «ўз қаҳрамонини хиёнатга бошлади». Албатта, унинг наздида Нозиманинг хиёнати сериалнинг «фишкаси» бўлиб, сериал томошабинларини кўпайтиради-да. Устига-устак, Нозима мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Ҳа, хато ўқимадингиз – ўқитувчи.

Шу ўринда «Фитна» сериалидаги ўқитувчи аёл Нозиманинг хиёнатига асос масаласига бироз тўхталсак. Шу пайтгача адабиёт ёки кинода аёлнинг эрига хиёнати ҳақидаги юзлаб сюжетларга дуч келганмиз. Бироқ ҳар бир ижодкор яратаётган асарига умуминсоний ахлоқий меъёрлардан келиб чиқиб ёндашишга ҳаракат қилади. Яъни, аёл хиёнати масаласида ижод қонуниятларидан келиб чиқиб, ўзига хос манёврлар ишлатади. Бу манёврлар аёлни хиёнатга ундайдиган жамиятдаги фожиавий ҳолатлар бўлиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам хиёнат қурбонига айлантирилаётган аёл учун ижодкор асослар яратади. Бу асослар асло хиёнатни оқламайди балки, хиёнатнинг келиб чиқишига туртки бўлган омилларни кўрсатади ва керак бўлса қоралайди, боринг ана огоҳликка чақиради.

Бугун кино саноатида, айниқса, телесериалларда конфликт ва интригани кучайтириш мақсадида хиёнат, хусусан, аёл хиёнати жуда кўп тасвирланмоқда. (Бу каби мавзудан тармоқлардаги турли роликлар сарлавҳасида-ю гуруҳларга чақириқларда ҳам унумли фойдаланилмоқда.) «Фитна»даги Нозиманинг хиёнати ҳам айнан конфликт ва интрига учун қилинган манёвр бўлса-да, аслида манёвр, яъни хиёнат учун юқорида айтганимиздек айтарли асоснинг ўзи йўқ. Энг ёмони, сериалнинг интригасини ошириш мақсадида бу манёвр ўзбек ўқитувчи аёлининг таҳқирланиши асосига қурилгани кино санъатининг ҳеч қандай ахлоқий меъёрларига тўғри келмайди.

Шу йили ҳокимият томонидан кўча супуришга чиқарилган ўқитувчи аёл Диананинг фожиаси кўпчилигимизни ларзага солди. Энди экрандаги ўзбек ўқитувчиси Нозиманинг хиёнаткор аёл тарзида гавдалантирилиши, ички олами нафратга тўла, эрига хиёнаткор, қайнона ва қайнотага ҳурматни билмайдиган, хиёнат ва ўз нафсини ҳар нарсадан устун қўйиб, яна камига хиёнатни тўғри, деб биладиган ахлоқсиз аёлни миллат кўзгуси бўлган ўқитувчи образида кўрсатилиши бугунги куннинг, бугунги жамиятнинг, бугунги маънавиятнинг энг мудҳиш фожиаси эмасми?

Эътибор беринг, Нозима эрига ва қайнонасига бўлган нафрати ҳамда бойлик ҳирсида хиёнатга қўл урди. Бу хиёнатни дастлаб, қайнсинглиси ва қайнонаси билиб қолди. Қайнсингил билдики, келинойиси унинг эрининг ўртоғи Ҳамдам билан хиёнат кўчасига кирган. Шундан сўнг қайнсингил эрига шикоят қилади. Аянчлиси, унинг эри бу воқеадан хабардор ва ўзини лоқайдларча тутади. Шу жойига, тўғриси, тушунмадик. Бу лоқайдлик билан томошабин жамиятни шундай ҳолатларга лоқайд бўлишга чақириляптими ёки тарғиб қилиняптими?

«Фитна» сериалидаги қайнона гўёки оиласининг тинчлиги ва мавқеини ўйлаб, келини билан гаплашиб олади ва унинг хиёнатини кечириб, Нозиманинг хиёнатини ўғлидан сир сақлайди. Ана сенга томошаю мана сенга томоша. Дод деворгинг келади, тўғриси. Нималар бўляпти? Нималар қиляпмиз ўзи? Нимани тарғиб қилишяпти бу сериал орқали? Кимга нимани ўргатяпмиз?

Аммо Нозима хиёнатда давом этади. Ниҳоят, сериал кульминациясида Нозиманинг эри уни хиёнат устида тутиб олиб, талоқ қўяди. Мана сизга конфликт, мана сизга интрига! Моҳиятан сериал эмас, ҳаваскор видеомаҳсулот бўлган бу «санъат асари»дан истаганингизча ҳайратланинг. Қаҳрамонларининг «изтироб»и ва «азоблари»га шерик бўлинг. Гўё, Арасту назарда тутган катарсис мисол.

Ёдингизда бўлса, «Zo’r TV» эфирга берган «Кара севда», яъни, «Севги изтироби»ни айнан хиёнат тарғиботи сифатида эфирдан олиб ташлаш учун бутун жамоатчилик оёққа турганди. «Yoshlar» телеканалида эфирга кетган «Ишани», яъни, «Сенга ошиқман» телесериали ҳам жамоатчилик норозилиги остида ахлоқий жиҳатдан бузуқ бўлган ғояларни тарғиб қилгани учун эфирдан олинди.

Энди эса миллий сериал бренди билан «миллий хиёнат»ни тарғиб қиладиган сериал бера бошланди. Ҳозирча жамоатчилик овози эшитилгани йўқ.

Шу ўринда савол туғилади, техник ва бадиий жиҳатдан кино санъатининг талабларига тўғри келмайдиган бу «санъат асари» қандай қилиб «Менинг юртим» телеканали эфиригача бўлган йўлни босиб ўтди?

«Ўзбеккино» миллий агентлиги нега бу сериал экранга чиқишига рухсат берди? Агентлик бадиий кенгаши бу «Фитна»нинг сценарийси ва суратга олинган эпизодларнинг умумий ғоявий мақсади билан танишиб чиққанми? Агар танишиб чиққан бўлса, нега бузуқликни тарғиб қилувчи бу маҳсулот эфирга чиқишига йўл қўйди?

«Менинг юртим» телеканалининг бадиий кенгаши борми? Агар бор бўлса, бу кенгаш қайси меъёр ва талабларга кўра бу «Фитна»га «шерик» бўлди ва унинг эфирга чиқишига ижобий хулоса берди?

«Фитна»нинг эфиргача бўлган шонли йўлида иштирок этган бу масъуллар «Бу сериалда ҳаётда учраб турадиган ёвуз иллатлар қораланган, режиссёр бу сериал орқали барчамизни огоҳликка чақирмоқчи», деган иддаони қилишлари мумкин. Қандай огоҳлик ҳақида гапириш мумкин бу ерда? Нима, ўзбек аёли, миллат кўзгуси бўлган ўзбек ўқитувчисини ички олами нафратга тўла, эрига хиёнаткор, қайнона ва қайнотага ҳурматни билмайдиган, хиёнат ва ўз нафсини ҳар нарсадан устун қўйиб, яна камига хиёнатни тўғри, деб биладиган ахлоқсиз аёл образида гавдалантириб, жамиятнинг қайси ёмон жиҳатидан огоҳликка чақирмоқчи бўлишяпти? Аслида, шу сериалнинг ўзидан эҳтиёт бўлиш керак бўлиб турибди-ку? Огоҳликка чақирмоқчи бўлганларга сўзимиз: барака топгурлар, «Фитна»ни кино санъатининг ҳеч қайси талабларига кўра телесериал деб бўлмайди! Айниқса, ўқитувчини шу қиёфада тасвирлаш ортиқча.

Табиийки, ушбу сериални мактаб, коллеж, лицей ўқувчилари ва талабалар кўради. Энди савол, уларга ўқитувчини ким қилиб кўрсатяпмиз? Катталарику эси бор дейлик, салбий таъсири камроқ бўлар, аммо кичкиналарининг онгу шуурида ўқитувчини қандай образда гавдалантиряпмиз?

Энди бу каби «Фитна»ларни қўювчи телеканалларни мониторинг қилувчи ташкилотлар диққатига. Сиз фақат қонунчиликка зид келувчи шафқатсизлик ёки порнография чиқиб қолганда чора кўрасизми? Нега миллийликка зид келувчи «Фитна»лар таҳлил этилиб, унга қарши чоралар кўрилмайди?

Хуллас, яна машҳур сериалдаги гап ёдимизга тушди «От изи ит изига аралашиб кетибди».

Бугун президент бошчилигида ўқитувчиларни давр ва жамиятнинг энг ҳурматли инсонига айлантиришга ҳаракат бошланган. Ўқитувчи замон қаҳрамони бўлса қандай яхши. Замон зиё билан бурканади. Ҳар қалай хонанда замон қаҳрамони бўлганидан кўра, ўқитувчи замон қаҳрамони бўлгани минг эмас, миллион марта яхшида.

Айтганча, охирги пайтларда тунги клублар маънавиятимизга болта уряпти, деган гапни кўп эшитяпмиз. Аввало, маънавиятли одам тунги клуб таъсирида бузилиб қолмайди. Ҳа, бузилмайди, чиндан ҳам унинг маънавияти бор бўлса. Мустаҳкамми, мустаҳкаммасми, бу иккинчи масала. Ахир тунги клубларга асосан кимлар боради? Ўқитувчисидан яхши таълим олмаган, ўқитувчисини ўз қаҳрамони деб билмаган ёшлар. Энди яна савол, ўзимиз ўқитувчини ахлоқи бузуқ қилиб телевизорда кўрсатиб ўтирсак, ёшлардан нимани кутиш керак?

M: www.kun.uz

07 Bugun kino sanoatida, ayniqsa, teleseriallarda konflikt va intrigani kuchaytirish maqsadida xiyonat, xususan, ayol xiyonati juda koʻp tasvirlanmoqda. (Bu kabi mavzudan tarmoqlardagi turli roliklar sarlavhasida-yu guruhlarga chaqiriqlarda ham unumli foydalanilmoqda.)

Xurshid Daliyev juda dolzarb masalaga diqqatimizni qaratgan. Televideniye sohasida 20 yildan ziyod ishlagan va maʼlum maʼnoda kinoserial bilan bogʻliq sir-sinoatni bilgan, bu yoʻnalishni ustalari boʻlmish Janubiy Koreya serialchilarining ishini oʻsha yurtda bir oycha vaqt davomida oʻrgangan odam sifatida maqola muallifini toʻliq qoʻllab-quvvatlayman. TVda ishlaganimda, “Oʻzbektelefilm”ning oʻsha paytdagi seriallarini qabul qiluvchilarning biri sifatida bir necha ana shunday bemaza “asar”larni teleekranga chiqishiga qarshilik qilganman. Koʻplab oʻzbek kino va seriallarini koʻrib, meni doim “Nega ulardagi oʻzbek erkaklari-yu ayollari hamisha uyatsiz, suyuqfeʼl, yoqimsiz, or-nomussiz?” degan savol qiynagan. Nega oʻz milliy qiyofasi va maʼnaviyatini dunyoga targʻib qilishda teleseriallardan foydalanishni bosh maqsadlardan biri etib belgilagan Janubiy Koreya seriallarida bunday emas?

Mening TV sohasi (demak, kino sohasi ham) bilan bogʻliq yon daftarimda yozilgan qaydlarim bor. Shulardan biri “TV (va kino) faqat hayotning qanday ekanini emas, birinchi navbatda, hayot qanday boʻlishi kerakligini koʻrsatishi kerak”.

TV yoki kinoda koʻrsatilgan voqea yoki obraz yoqimli boʻladi. Tadqiqotlar buni isbotlagan. Uyatsizlik targʻib etilaversa, jamiyat uyatsizlikka oʻrganib qoladi va bunday salbiy holatlarni odatiy hol sifatida qabul qili boshlaydi.

Bilib-bilmay uyatsizlik va axloqsizlikni targʻib etishdan tashqari yana bir qancha oʻta muhim, milliy xavfsizlik, jamiyat hayoti bilan bogʻliq “nimani koʻrsatmaslik kerak” degan aqidalar bor. Bu aqidalar biron bir nizomda aks etmagan. Ammo, yozilmagan boʻlsa-da, ularga amal qilish kino sanʼati uchungina emas, mamlakat taraqqiyoti va xavfsizligi uchun oʻta muhimdir.

Bunga bir misol keltiraman.

Esimda, “Yoshlik” telekanali ish boshlagan dastlabki yillarning birida (1997 yoki 1998 yilda) juda mashhur adiblarimizdan biri menga 2-3 qismli teleserial ssenariysini olib keldi. Ssenariyda terrorchilar guruhi Oʻzbekistondagi bir maktabni qoʻlga olib,bir guruh oʻquvchilarni garovga olish voqealari tasvirlangan edi. U bilan tanishgach, muallifga “Ssenariyingizda tasvirlangan voqealarni TVda namoyon etish mumkin emas!” deganman va nima uchun mumkin emasligini tushintirishga uringanman. Men juda hurmat qilgan adib baribir mendan xafa boʻlgan edi oʻshanda. Ammo uning xafagirligi milliy xavfsizlik masʼuliyati oldida arzimas edi.

Soʻnggi yillarda Gʻarb davlatlarida yuz bergan teraktlar oʻsha aytgan gaplarimning haqligini koʻrsatdi. Chunki bu teraktlarning deyarli hammasi “Gollivud” va boshqa Gʻarb kinostudiyalarida batafsil koʻrsatilgan jinoiy harakatlarning aynan takrorlagan edi.

Xurshid Davron

Milliy serial brendi bilan
“MILLIY XIYONAT” TARGʻIBOTIGA
“start” berildimi?
Xurshid Daliyev
099

Odam Ato zamonidan to bugungi kunga qadar ayol nozik hilqat sifatida erkak bilan birga umrguzaronlik qilib, insoniyat hayotining davomiyligini taʼminlab kelmoqda.

Real hayotda boʻlganidek janridan qatʼi nazar badiiy adabiyot yoxud kino boʻlsin, uni ayol obrazisiz tasavvur qilish qiyin. “Ming bir kecha” ertaklari orqali ayol obrazi eng yuqori moʻʼjizaviy estetik hilqat sifatida tasvirlandi. Sharq sheʼriyatida esa ayolga boʻlgan taʼrifu tavsif “Ming bir kecha”nikidan kam boʻlmadi. Oʻrta asrlarda real hayotda ayollarni jodugarlikda ayblab gulxanda kuydirish oddiy holat edi, lekin Shekspir zamonasidagi dramaturglar ayol obrazini ijobiy maʼnoda yangi bir choʻqqiga olib chiqdi. Shu oʻrinda eslatish joizki, Dante qalamiga mansub “Ilohiy komediya” asarining “Aʼrofa” qismi bevosita biz bilgan Toʻmarisning jasoratiga bagʻishlangan. Shekspir Toʻmaris obrazini Yevropa ayollariga namuna qilib koʻrsatgan. Fransuz adabiyotida esa Toʻmaris fransuz milliy qahramoni Janna DʻArk darajasida ulugʻlangan. Ammo bugungi kunda oʻzimiz oʻzimizning oʻzbek ayolini tahqirlab, loyga chaplab, botqoqqa botiryapmiz. Qanday qilib?..

Albatta, yangi davr Yevropasi romantizmida ayol obrazi yengil-yelpi ishqiy romanlar mavzusi uchun qurbon qilindi. Biroq aynan XIX-XX asr Gʻarb adabiyoti, xususan, rus romanchiligida ayol obrazi mukammal koʻrinish kasb etdi. Bu davrgacha xalq dostonlariyu, badiiy asarlardagi ayol qahramonlar oʻz davrining yetuk ziyolisi va goʻzal ayoli sifatida tasvirlangan boʻlsa, Turgenev, Dostoyevskiy, Tolstoy, Chexov kabi yozuvchilarning asarlari orqali ayol ruhiyatining oʻziga xos psixologik xarakteri yuksak badiiy boʻyoqlar bilan tasvirlandi. Ayniqsa, Tolstoyning Anna Kareninasi, Kiti Shcherbaskayasi, Turgenevning Marya Nikolayevnasi, Dostoyevskiyning Nastasya Filippovnasi jahon adabiyotida ayol obrazini yangi choʻqqiga olib chiqdi.

Oʻzbek adabiyotida Abdulla Qodiriyning Kumushi oʻzbek romanchiligidagi ilk ayol qahramon sifatida yuzaga keldi. Albatta, Shoʻro davri adabiyotida ayol obrazi mafkuraviy xususiyat kasb etib, unga oʻziga xos talablar yuklandi. Bu davr ayollaridan sunʼiy ravishda zamon qahramonlari yasalib, taqdim qilindi. Ammo tan olish kerakki, bu davrda oʻzbek adabiyoti va sanʼatida tasvirlangan ayol obrazlari har qanday majburiyatlar yuklanmasin, u ayollik shaʼni va jozibasini yoʻqotmadi. Yaʼni, kino, teatr va adabiyotda ayol ulugʻlansa ulugʻlandiki, lekin, bugungi kundagi oʻzbek kinosidagidek tahqirlanmadi. Hatto Shoʻro davrida ham oʻzbek ayoli sharmandali tarzda tahqirlanmagan.

“Mening yurtim” telekanalida namoyish etilayotgan “Fitna” serialidagi “fitna”lar haqida gapirmoqchimiz.

003Yuqorida biroz mulohaza yuritganimiz boisi shuki, ushbu serial ijodkorlari va “Mening yurtim” telekanali masʼullariga qisqacha boʻlsada, dunyo badiiy tafakkurida ayolga boʻlgan munosabat, xususan, ayol obrazi nechogʻli ulugʻligining xronoligik evolyutsiyasini bilmasa bildirishni, bilsa eslatishni joiz, deb bildik.

Rejissyor Dilshod Ahmedov tomonidan suratga olingan va bugungi kunda “Mening yurtim” telekanali orqali efirga uzatilayotgan ushbu serial tomoshabinlarga milliy serial tamgʻasi ostida taqdim etilmoqda. Turfa taqdirlar, muhabbat va nafrat, sadoqat, xiyonat, ezgulik, yovuzlik xullas, bu mangu mavzularni rejissyor oʻzbekning maishiy hayoti misolida juda primitiv tarzda tasvirga tushirgan. Dastlab toʻy mojarosi bilan boshlangan serial voqeligining ilk planlaridayoq anglashiladiki, bosh qahramonlardan biri 2 farzandning onasi boʻlgan oʻqituvchi ayol. Bu ayol erini, qaynota va qaynonasini koʻrgani koʻzi yoʻq. Sartarosh er oilasi uchun har narsaga tayyor. Qaynota va qaynona esa oxirgi qiz farzandlarini turmushga bergandan soʻng haj safari uchun navbatga yozilgan. Xullas, bu oila oʻzgalarga oʻrnak boʻladigan oilalardan. Biroq oilaning kelini Nozimaning qalbi negadir nafratga toʻlib-toshgan. Rejissyorning “isteʼdodi”ni qarangki, Nozima oʻz eriga xiyonat qilishi uchun hech qanday asos yaratmasdan turib, rejissyor janoblari “oʻz qahramonini xiyonatga boshladi”. Albatta, uning nazdida Nozimaning xiyonati serialning “fishkasi” boʻlib, serial tomoshabinlarini koʻpaytiradi-da. Ustiga-ustak, Nozima maktabda oʻqituvchi boʻlib ishlaydi. Ha, xato oʻqimadingiz – oʻqituvchi.

Shu oʻrinda “Fitna” serialidagi oʻqituvchi ayol Nozimaning xiyonatiga asos masalasiga biroz toʻxtalsak. Shu paytgacha adabiyot yoki kinoda ayolning eriga xiyonati haqidagi yuzlab syujetlarga duch kelganmiz. Biroq har bir ijodkor yaratayotgan asariga umuminsoniy axloqiy meʼyorlardan kelib chiqib yondashishga harakat qiladi. Yaʼni, ayol xiyonati masalasida ijod qonuniyatlaridan kelib chiqib, oʻziga xos manyovrlar ishlatadi. Bu manyovrlar ayolni xiyonatga undaydigan jamiyatdagi fojiaviy holatlar boʻlishi mumkin. Har qanday holatda ham xiyonat qurboniga aylantirilayotgan ayol uchun ijodkor asoslar yaratadi. Bu asoslar aslo xiyonatni oqlamaydi balki, xiyonatning kelib chiqishiga turtki boʻlgan omillarni koʻrsatadi va kerak boʻlsa qoralaydi, boring ana ogohlikka chaqiradi.

Bugun kino sanoatida, ayniqsa, teleseriallarda konflikt va intrigani kuchaytirish maqsadida xiyonat, xususan, ayol xiyonati juda koʻp tasvirlanmoqda. (Bu kabi mavzudan tarmoqlardagi turli roliklar sarlavhasida-yu guruhlarga chaqiriqlarda ham unumli foydalanilmoqda.) “Fitna”dagi Nozimaning xiyonati ham aynan konflikt va intriga uchun qilingan manyovr boʻlsa-da, aslida manyovr, yaʼni xiyonat uchun yuqorida aytganimizdek aytarli asosning oʻzi yoʻq. Eng yomoni, serialning intrigasini oshirish maqsadida bu manyovr oʻzbek oʻqituvchi ayolining tahqirlanishi asosiga qurilgani kino sanʼatining hech qanday axloqiy meʼyorlariga toʻgʻri kelmaydi.

Shu yili hokimiyat tomonidan koʻcha supurishga chiqarilgan oʻqituvchi ayol Diananing fojiasi koʻpchiligimizni larzaga soldi. Endi ekrandagi oʻzbek oʻqituvchisi Nozimaning xiyonatkor ayol tarzida gavdalantirilishi, ichki olami nafratga toʻla, eriga xiyonatkor, qaynona va qaynotaga hurmatni bilmaydigan, xiyonat va oʻz nafsini har narsadan ustun qoʻyib, yana kamiga xiyonatni toʻgʻri, deb biladigan axloqsiz ayolni millat koʻzgusi boʻlgan oʻqituvchi obrazida koʻrsatilishi bugungi kunning, bugungi jamiyatning, bugungi maʼnaviyatning eng mudhish fojiasi emasmi?

Eʼtibor bering, Nozima eriga va qaynonasiga boʻlgan nafrati hamda boylik hirsida xiyonatga qoʻl urdi. Bu xiyonatni dastlab, qaynsinglisi va qaynonasi bilib qoldi. Qaynsingil bildiki, kelinoyisi uning erining oʻrtogʻi Hamdam bilan xiyonat koʻchasiga kirgan. Shundan soʻng qaynsingil eriga shikoyat qiladi. Ayanchlisi, uning eri bu voqeadan xabardor va oʻzini loqaydlarcha tutadi. Shu joyiga, toʻgʻrisi, tushunmadik. Bu loqaydlik bilan tomoshabin jamiyatni shunday holatlarga loqayd boʻlishga chaqirilyaptimi yoki targʻib qilinyaptimi?

“Fitna” serialidagi qaynona goʻyoki oilasining tinchligi va mavqeini oʻylab, kelini bilan gaplashib oladi va uning xiyonatini kechirib, Nozimaning xiyonatini oʻgʻlidan sir saqlaydi. Ana senga tomoshayu mana senga tomosha. Dod devorging keladi, toʻgʻrisi. Nimalar boʻlyapti? Nimalar qilyapmiz oʻzi? Nimani targʻib qilishyapti bu serial orqali? Kimga nimani oʻrgatyapmiz?

Ammo Nozima xiyonatda davom etadi. Nihoyat, serial kulminatsiyasida Nozimaning eri uni xiyonat ustida tutib olib, taloq qoʻyadi. Mana sizga konflikt, mana sizga intriga! Mohiyatan serial emas, havaskor videomahsulot boʻlgan bu “sanʼat asari”dan istaganingizcha hayratlaning. Qahramonlarining “iztirob”i va “azoblari”ga sherik boʻling. Goʻyo, Arastu nazarda tutgan katarsis misol.

Yodingizda boʻlsa, “Zoʻr TV” efirga bergan “Kara sevda”, yaʼni, “Sevgi iztirobi”ni aynan xiyonat targʻiboti sifatida efirdan olib tashlash uchun butun jamoatchilik oyoqqa turgandi. “Yoshlar” telekanalida efirga ketgan “Ishani”, yaʼni, “Senga oshiqman” teleseriali ham jamoatchilik noroziligi ostida axloqiy jihatdan buzuq boʻlgan gʻoyalarni targʻib qilgani uchun efirdan olindi.

Endi esa milliy serial brendi bilan “milliy xiyonat”ni targʻib qiladigan serial bera boshlandi. Hozircha jamoatchilik ovozi eshitilgani yoʻq.

Shu oʻrinda savol tugʻiladi, texnik va badiiy jihatdan kino sanʼatining talablariga toʻgʻri kelmaydigan bu “sanʼat asari” qanday qilib “Mening yurtim” telekanali efirigacha boʻlgan yoʻlni bosib oʻtdi?

“Oʻzbekkino” milliy agentligi nega bu serial ekranga chiqishiga ruxsat berdi? Agentlik badiiy kengashi bu “Fitna”ning ssenariysi va suratga olingan epizodlarning umumiy gʻoyaviy maqsadi bilan tanishib chiqqanmi? Agar tanishib chiqqan boʻlsa, nega buzuqlikni targʻib qiluvchi bu mahsulot efirga chiqishiga yoʻl qoʻydi?

“Mening yurtim” telekanalining badiiy kengashi bormi? Agar bor boʻlsa, bu kengash qaysi meʼyor va talablarga koʻra bu “Fitna”ga “sherik” boʻldi va uning efirga chiqishiga ijobiy xulosa berdi?

“Fitna”ning efirgacha boʻlgan shonli yoʻlida ishtirok etgan bu masʼullar “Bu serialda hayotda uchrab turadigan yovuz illatlar qoralangan, rejissyor bu serial orqali barchamizni ogohlikka chaqirmoqchi”, degan iddaoni qilishlari mumkin. Qanday ogohlik haqida gapirish mumkin bu yerda? Nima, oʻzbek ayoli, millat koʻzgusi boʻlgan oʻzbek oʻqituvchisini ichki olami nafratga toʻla, eriga xiyonatkor, qaynona va qaynotaga hurmatni bilmaydigan, xiyonat va oʻz nafsini har narsadan ustun qoʻyib, yana kamiga xiyonatni toʻgʻri, deb biladigan axloqsiz ayol obrazida gavdalantirib, jamiyatning qaysi yomon jihatidan ogohlikka chaqirmoqchi boʻlishyapti? Aslida, shu serialning oʻzidan ehtiyot boʻlish kerak boʻlib turibdi-ku? Ogohlikka chaqirmoqchi boʻlganlarga soʻzimiz: baraka topgurlar, “Fitna”ni kino sanʼatining hech qaysi talablariga koʻra teleserial deb boʻlmaydi! Ayniqsa, oʻqituvchini shu qiyofada tasvirlash ortiqcha.

Tabiiyki, ushbu serialni maktab, kollej, litsey oʻquvchilari va talabalar koʻradi. Endi savol, ularga oʻqituvchini kim qilib koʻrsatyapmiz? Kattalariku esi bor deylik, salbiy taʼsiri kamroq boʻlar, ammo kichkinalarining ongu shuurida oʻqituvchini qanday obrazda gavdalantiryapmiz?

Endi bu kabi “Fitna”larni qoʻyuvchi telekanallarni monitoring qiluvchi tashkilotlar diqqatiga. Siz faqat qonunchilikka zid keluvchi shafqatsizlik yoki pornografiya chiqib qolganda chora koʻrasizmi? Nega milliylikka zid keluvchi “Fitna”lar tahlil etilib, unga qarshi choralar koʻrilmaydi?

Xullas, yana mashhur serialdagi gap yodimizga tushdi “Ot izi it iziga aralashib ketibdi”.

Bugun prezident boshchiligida oʻqituvchilarni davr va jamiyatning eng hurmatli insoniga aylantirishga harakat boshlangan. Oʻqituvchi zamon qahramoni boʻlsa qanday yaxshi. Zamon ziyo bilan burkanadi. Har qalay xonanda zamon qahramoni boʻlganidan koʻra, oʻqituvchi zamon qahramoni boʻlgani ming emas, million marta yaxshida.

Aytgancha, oxirgi paytlarda tungi klublar maʼnaviyatimizga bolta uryapti, degan gapni koʻp eshityapmiz. Avvalo, maʼnaviyatli odam tungi klub taʼsirida buzilib qolmaydi. Ha, buzilmaydi, chindan ham uning maʼnaviyati bor boʻlsa. Mustahkammi, mustahkammasmi, bu ikkinchi masala. Axir tungi klublarga asosan kimlar boradi? Oʻqituvchisidan yaxshi taʼlim olmagan, oʻqituvchisini oʻz qahramoni deb bilmagan yoshlar. Endi yana savol, oʻzimiz oʻqituvchini axloqi buzuq qilib televizorda koʻrsatib oʻtirsak, yoshlardan nimani kutish kerak?

M: www.kun.uz

031

(Tashriflar: umumiy 417, bugungi 1)

Izoh qoldiring