Normurod Norqobilov. Uch hikoya.

077 июнь — таниқли ёзувчи Нормурод Норқобилов таваллуд топган кун

Аёл тунда зийрак ётди, алланимани кутгандай, илҳақ ётди. Қани энди, хокисор нигоҳли эркак яна бир тунгина даҳлизида тунаса, яланг шолча устида эмас, қалин тўшакда ухласа, уйини эркак ҳидига тўлдирса! У шуни истади. Бундан ортиғини хаёлига келтирмади.

Нормурод Норқобилов
УЧ ҲИКОЯ
077

01Нормурод Норқобилов 1953 йил 7 июнда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Қишлиқ қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (2006). ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1982). Дастлабки ҳикояси — «Чорраҳа» (1982). «Зангори кўл» (1987), «Унутилган қўшиқ» (1990), «Юзма-юз» (1993), «Пахмоқ» (1997), «Сариқгул» (1998), «Аразчи чумчуқ» (1999), «Бекатдаги оқ уйча» (2000), «Жўшқин дарё», «Овул оралаган бўри» (2005), «Бўрон қўпкан кун» (2007) каби қисса ва ҳикоялардан иборат тўпламлари нашр этилган. «Қуёши ботмайдиган юрт», «Шим ёхуд хотинлар жанжали» номли асарлари асосида бир неча қисмли видеофилм яратилган. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1999).

02

ҚАБРТОШ

Тоғдаги оғайнилариникида тўйлаб қайтган Эрали онаси мозорига қабртош қўйилганини эшитиб, фиғони кўкка ўрлади. Ака турганда сингилнинг қабртош ўрнатиши нимаси?! На бир оғиз сўраш бор, на олдидан ўтиш. Энди одамлар нима дейди? Ўғил бўлмай ўл-а, синглингча бўлолмабсанда демайдими. Бу шумликнинг бошида куёви турганини улар қаердан билсин? Душман кулиб, дўст ачинадиган иш бўлди-да. Эрта-индин деб юрмай, вақтлироқ ҳаракатини қилганида, шу ғалвалар йўқ эди. Ана энди… Бир хаёли, бориб куёви билан ёқалашмоқчи, тириклигида қадрига етмай-етмай, ўлганида буйтиб иззат қилишинг нимаси, дея синглисини обдан тузламоқчи бўлди. Бироқ ҳирсдай куёву бўй чўзиб қолган жиянларига кучи етмаслигини, синглисига гап топиб беролмаслигини ўйлаб, фикридан қайтди. Манглай қашлаб бошқа чора қидиришга тушди.
Топди ҳам.
Эртаси эрталаб туман марказидаги сангтарошнинг устахонасига уриб борди. Қабртош буюртирди. Сангтарош қуюқ қошлари остидан аввал суратга сўнг қоғоздаги ёзувга қараб ажабланди.
— Яқинда ясаб бергандим-ку бу кишиникини, оқ мармардан.
— Уми… синиб қолди, — Эрали елкаси тиришиб, ёлғонлади. — Кейин… менга ёқмади. Бунисини қора мармардан ясаб берасиз. Сербезак, сурати тагида тўрт қаторгина шеъриям бўлсин.
— Пулига чидайсизми? — сангтарош узун бурнини қашлаб, унга синовчан тикилди.
— Пулидан ғам еманг!
У сангтарошнинг устахонасини тарк этаркан, енгил тин олди. Ўзини ғоят ақлли ҳис қилди. Бекорга уришиб-талашиб юрмай, энаси мозорига ўзи ясаттирган қабртошни ўрнатиб қўя қолади, тамом-вассалом.
Бир ичлари куйсин!
Ўғил жонивор ўлмаганини, онасининг куни куёви ва синглисига қолмаганини одамлар бир кўриб қўйсин.
У куёви билан уришли эди.
Каттазанг куёвини илгариям унчалик хушламасди. Ўзини қишлоқ бойларидан бири санаб, унча-бунча одамни оёқ учида кўрсатадиган бу нодон куёв бир куни ғалати бир гап айтиб қолди. Эмишки, бу ҳудуд бир пайтлар қайсидир бобосининг мулки бўлган экан, у ёғи ҳув кўлгача, бу ёғи қиргача… Кўкламнинг илиқ кунларидан бири эди. Улар дўнгда давра қуриб, еб-ичиб ўтиришарди. Лаган тўла эт, ёнда бир талай шиша, кайфлари жуда чоғ. Бошқалар-ку аҳмоқ куёвнинг ғудранишига кўпда аҳамият беришмайди, лекин бу гап Эралига ёмон тегиб кетди.
— Унда биз сиғинди эканмиз-да, — деди оғриниб.
— Шунга ўхшайди, — куёви иршайиб, хунук кекирди. — Лекин бу факт, баринг тирикчилигингни бобомнинг ерида қиляпсанлар.

Эрали лаганга узалган қўлини тортиб оларкан, ёнбошлаб ётган ерида атрофга аламнок боқди. Ёнбағирликка сочилган қишлоққа, кенг даштга, олисдаги қирга, теварагини қамиш қоплаган ҳув наридаги кўлга бир-бир разм соларкан, хотирасини кавлаштириб, аждодлари тарихини титкилай бошлайди. Бохабарлиги бобосидан нарига ўтмаслигини англаб афсусланди. Сўнг узуқ-юлуқ эшитган ва билганлари асосида ўтмишни ўзича тасаввур этиб, ширин бир эртак тўқиди.

Тўқиган эртагига кўра, бу замин, ҳатто кўлдан наридаги уфққа туташ бийдек дашт ҳам катта бобосига тегишли экан. Куёвининг манқа бобоси унинг қўлида оддий бир чўпон экан. Бобосининг чорваси даштга сиғмайдиган даражада кўп экан. Эрта кўкламда бобосининг кўнгли нимадандир ийиб кетибдию чўпону чўлиқларини ёнига чорлаб, ҳар бирига ўнтадан қўй ҳадя этибди. Куёвининг пачоқ бобоси ана ўшанда қўйли бўлиб қолган экан. Тўқиган эртаги жуда мароқли эди. Бироқ эртак куёвига ёқмади. Андишани бир четга йиғиштириб қўйиб, уни, яъни ўзи каби юз қўйли бир одамни “иштонсиз” деб сўкди. Оқибат, чойи яримлаган чойнак куёвининг елкасини сийпаб ўтди. У томондан эса ароқ юқи пиёла “қанот қоқди”. Кейин лагану тақсимчаларга навбат етди. Бирининг манглайи ёрилиб, иккинчисининг қовоғи кўкарди. Устихонлари аллақачон тупроққа қоришиб кетган бобокалонлари руҳи оёқ ости қилинди. Аждодинг нимаю ўзинг гўр бўлармидинг, деган гаплар бот ва бот такрорланди.

Сўнг у, дастурхон куёвники эди, даврадан турткилаб ҳайдалди.
Эрали пастга эна-эна, дўнг белида бир зумга тўхтади. Бу хил эртак тўқишга унда асос ҳам бордек эди… Қай бир замонлар отаси шунга ўхшаш гаплар қилгандай бўлувди. Отаси раҳматлиям ўтмишни аниқ эмас, тусмолларди. Узоқ йиллар шаҳардаги мадраса тупроғини ялаб, қишлоғига мулла мақомида қайтган амакиси ҳақида эса кўп гапирарди. Ҳатто ўз падарини ҳам бу қадар хотирламасди. Дердики, амаким бечора одамларни саводли қилай деб кўп куйинарди, элди олди ҳисобланмиш Тўрабойу Эсонбой, Гелдибойу Ирисбойлар эса гап-гаштакдан бўшамасди, эл-улуснинг ҳоли нима кечяпти, ишлари бўлмасди, хотин устига хотин олиб, маст туядай бўкириб юрардилар. Амаким бўлса элнинг корига ярай деб, Каттатевада мактаб очди, бир уй, бир айвонли. Элда обрўйи ошиб, дўст қатори, душманлар ҳам орттирди. Ур-сур замонларда бир тунда қўлига кишан урилиб, сибир қилинди. У ёқдан, на ўлиги, на тириги қайтди.

Эралини амаки бобосининг иқтисодий мавқеи кўпроқ қизиқтирарди. Бир куни дўмпайган тандирдай бўлиб қолган мактабни назарда тутиб, истеҳзоли оҳангда сўради:
— Амакингиздан яна бирор нарса қолганми ўзи?
— Қолган, — ота маҳзун хаёлга чўмди. — Кўп нарса қолганди. Барини обориб Қўшжарга кўмиб келганмиз. Замон чатоқ эди-да.
— Кейин кавлаб олдиларингизми, ишқилиб? — Эрали сергак тортди.
— Йўқ.
— Эя! — Эрали ҳовлиқиб, ўрнидан туриб кетай деди. — Ҳали кавлаб олмаганмисизлар?!
— Фойдаси йўқ чиқар.
— Нега? — Эрали ҳаяжондан қалтираб кетди.
— Тупроққа қоришиб… — Ота унга ажабланиб боқади. — Сенга нима бўлди, улим? Жойингда ўтиролмай қолдинг.
— Нима эди ўзи, дурми ё олтинмиди?! — Эрали отасининг саволини жавобсиз қолдириб, баттар типирчилади. — Айтинг, нима эди, тилламиди, ё… Эскиларда тилло кўп бўлган дейишади. Қанча эди?
— Қанақа тилла, — Ота унинг аҳволидан кулди. — Китоб эди. Беш қопдан зиёд китоблар эди. Барининг ҳузурини ер кўрди. Чириб, тупроққа қоришиб кетгандир деб, кейин кавлаб кўрмадик.

Бу гапдан сўнг Эрали ўтирган жойига шилқ этиб тушди. Боя ҳаяжонда туртиб юборган экан, кўрпача устида тўнкарилиб ётган пиёла тиззасига қаттиқ ботиб, жони ёмон оғриди. У ғудраниб сўкинди. Амаки бобоси Тўрабою Ирисбойларга ўхшаш бойлардан чиқмаганидан ўкинди. Юрарди-да оғзи катта айрим жўралари каби давраларда мақтаниб. Мактаб очган аллақандай амаки бобосининг нимаси билан фахрланади? Отаси гўё унинг хаёлидан ўтганини сезгандай, она томондан бўлмиш бадавлат боболаридан бири ҳақида сўзлай бошлади. Бойлиги учун эмас, амакисининг тақдирига алоқадорлиги боис, иккисининг бир кунда сибир қилингани тўғрисида эзмаланиб гурунг берди: “Амакимдан сўғин бизнинг авлодда илмга қизиқувчи бўлмади. Менинг умрим чорванинг кетида ўтди. Сен ҳам шунга ружу қўйдинг. Амаким бечора айтгандай, бу дунёдан кўр бўлиб ўтиб кетяпмиз”. Ота сўзларкан, олис мозийга тусмоллаб боқади. Хира, жуда хира қиёфаларни гавдалантиради. Эрали эса ўша хира қиёфаларни кўз ўнгида гавдалантириб эртак тўқиди.

Эралининг аёли шу пайт жағи-жағига тегмай, ҳовли юзида ивирсиб юрар, онаси супада урчуқ йигирганча, унинг оғзидан чиққанини ёқасига ёпиштириш билан банд эди. Кампири тушмагур аллақачон саксонни қоралаб қолган бўлса-да, ҳануз балонинг ўқи. Ишниям дўндиради, гапниям. Келинига ёқмагани, унинг доимо қизига бир нима илиниб туриши эди. Кампирнинг бу одати Эралигаям ёқмайди. Аммо ботиниб бир сўз айтолмайди. Ийманади. Айтишдан наф йўқ, энаси ўзига етгунча қайсар. Эрали бошида аёллар орасига тушиб, хотинини дўппослаб ҳам кўрди. Бироқ букрини гўр тузатар дегандай, сўнг барига қўл силтади. Кейин, кейин уйида жанжал қўзғолиши билан даштга чиқиб кетишни одат қилди.
Ана шундай кунларнинг бирида у ғалати бир ҳолатни кашф этди. Уйида юрагини ғижимлайдиган дилгирлик даштга чиқиши билан ортиқ уни безовта қилмай қўярди. Кенгликда у ўзини бир зарра ҳис этар, ташвишлари бачкана, тўқиган эртаклари кулгили туюларди.
У бу ҳолатни қайта-қайта синовдан ўтказгач, охири икки уй наридаги қўшниси Тожи шоирга тиш ёрди. Тиш ёришдан аввал дўкондан бир шиша ароқ олди. Гап бор деб, уни четга имлади. Қўним топган жойлари оқшом чоллар чиқиб ўтирадиган Яғиртепа бўлди.
Тожи шоир деганлари умрида бир сатр шеър ёзган банда эмас. Шокир узуннинг тўйида ғазал устига ғазал ўқиб, келин-куёвни қутлагани боис шу лақабни олган. Лекин қўлидан китоб, газета тушмайди. Кўп ўқигани учунми гап-сўзлариям бошқачароқ, боз устига, тилиям заҳаргина, бетинг-кўзинг деб ўтирмайди. Аммо калласини қиздирмагунингча бирор саволингга жўяли жавоб олишинг қийин, “Силар барибир менинг гапимни тушунмайсилар”, деб тураверади.
Биринчи пиёладан сўнг ҳам унинг ранги очилмагач, Эрали иккинчи пиёлани тўлатиброқ қуйди. Газагига чўнтагидан қурт олиб узатди. Шоир қуртнинг бир бўлагини ирганиб оғзига солар экан, кўзларини кенгликка тикиб оғир хўрсинди.
— Сиздаги бу ҳолатни фан аллақачон аниқлаган, — деди Эралига шуниям билмайсанми, деган иддаоли йўсинда. — Барча тирик мавжудот, шунингдек, одам боласиям био манбаи…

Унинг бу “маъруза”сидан Эралининг тушунгани шу бўлдики, ҳар бир одамда, жумладан ўзида ҳам “био” деган ток бор экан. Бу ток одамзотнинг феъли-атворига қараб “ижобий” ёки “салбий” бўлиши мумкин экан. Юрагининг сиқилиши ўша салбий қувватдан эмиш. Негаки, жоҳил ва нодон ҳамқишлоқларининг тор дунёқарашларию кундалик ғиди-бидисидан қишлоқ ёмон қувватга тўлиб тошган эмиш…
Бу гапдан Эрали донг қотмади. Шоирни ичида “аҳмоқ” деб сўкди. Пул куйдириб ароқ олганига ачинди. Ахир одамда қанақасига ток бўлиши мумкин, ток дегани ана симёғочда! Уям бир кун келса, икки кун келмайди. Агар вужудида ток бўлганида, биринчи галда боплаб куёвини қалтиратмасмиди. Япроқдек титратиб ўчини омасмиди.

У ўзини токли одам ҳолатида тасаввур этиб, энди куёвига азоб бераётганида, учинчи пиёлани бўшатишга улгурган шоир уни туртиб қолди.
— Анови гўрсўхта куёвингизнинг кетишларига бир қаранг.
Эрали қишлоқ томон аланглаб, ёнбағирликдан тўриқ отда пастга энаётган куёвини кўрди. У бошидаги ихчам супертелпагини қошигача бостириб, эгарда ҳаддан ташқари кеккайиб ўтирарди.
— Бу нодон дала-даштда ўлақолса бу тарзда кеккаймайди, — деди шоир аччиқ кулимсираб. — Чунки даштда унга эътибор берувчи йўқ-да. Бунинг бор амали киши кўзи учун. Яхшиларнинг энсасини қотириб, ёмонларнинг ҳасадини келтиришни ёқтиради. Бунга сари қишлоқ салбий қувватга тўлиб боради. Биз эса осойишталикни даштдан қидиришга мажбур бўламиз.
— Бунинг бўлган-битгани шу, — деди Эрали нима деярини билмай.
— Уни ёмон кўрганингиз учун сиздан ҳам ёмон қувват таралаяпти, — деди шоир унга кўз қирида боқиб. — Тиришиб ўтиришингиз юрагимни ғашлаяпти. Кўп тиришманг, улар аҳамият беришга арзимайди. Юракни кенг қилинг…
Эрали шоирнинг гапларидан зерикди. Теваракни лоқайд кузата бошлади.
Ана, энаси узун енги учига ниманидир тугганча ёлғизоёқ сўқмоқ бўйлаб синглисининг уйи томон кетмоқда. Ортидан аёли акиллаб қолгани аниқ. Четдаги кулба эшиги олдида икки овсин шанғиллаб айтишмоқда. Уларнинг кунора жанжали қўшниларнинг жонига теккан шекилли, томоша қилувчи йўқ. Ҳовуз бўйидаги сайҳонликда икки йигитча жўжахўрозлардай чўқишмоқда. Учинчи бири уларни ажратолмай ҳалак. Ўнг ёқдан бирининг акаси, сўл ёқдан бирининг тоғаси сайҳонлик томон ошиқиб келмоқда. Уларга эрмакталаб болалар эргашган. Аслида бориб чаққан ҳам ўшалар. Агар катталардан кимдир тезроқ ўртага тушмаса, азалий душман бу икки оила вакилларининг жанжали ёмон тус олиши мумкин.

Бу орада шоир бекорга чакак урмаётганини бирдан пайқаб қолди. Бунгача у тўртинчи пиёлани бўшатиб, қуртни пок-покиза тушириб бўлганди. Ароқ таъсириданми, ё азбаройи жаҳли чиққаниданми, Эралини “сен”лаб янишга тушди. Этак қоқиб ўрнидан турди. Пастга эна-эна мушт ўқталиб тағин ўдағайлади.
— Қўйдан фарқинг йўқ, сен аҳмоқни! Тинглашни билмас экансан, нима қилардинг мени овора қилиб! Э, дардинггаям, ўзинггаям сени!..

Эрали қабртош буюриб қайтган куниям Яғиртепага тўхтади. Негадир кўнгли шоирнинг гурунгини қумсади. Режаси ҳақида ким биландир ўртоқлашгиси келди. Шоирдан сози йўқ. Касофатнинг тили аччиқ бўлса-да, дардингни тинглай билади. Лекин маслаҳат бермайди. Шуни хоҳлабсанми, қилавер, нима қиласан элга овоза қилиб, дейди. Айни шу гап ҳозир Эралига жуда-жуда керак. Муҳими, у бировга гуллаб қўймайди. Кейин ўйлаб-ўйлаб буни шоирдан ҳам сир тутишга қарор қилди. То қабртош тайёр бўлмагунча бу ҳақда бировга, ҳатто аёлигаям чурқ этмади. Ўша кунни сабрсиз кутди. Ҳар оқшом дўнгга чиққанида, кун ботишидаги қабристонга термулиб, маҳзун-маҳзун хаёлга толди. Энасининг азасида яқинларининг нечоғли турлангаликларини ўйлади.

Синглисини энасига нисбатан оқибатли деб бўлмасди. Акс ҳолда энасининг ўлим тўшагида ётганини била туриб, эри билан оромгоҳга кетмасди. Келин деганнинг тили узун бўлишига йўл қўймасди. Аза куни дарвозадан додлаб кирганида, Эрали номига овоз чиқариб турди. Синглисининг ёқа йиртиб йиғлашини кўргандан сўнггина кимни йўқотганини гўё туйқусдан англаб етгандай бўлди. Энди энасининг супада урчуқ йигириб ўтиришини, аёли билан ади-бади айтишишларини, олиб келган нарсасидан синглисига илиниб туришларини, кеч қолганда дарвоза олдида кутиб олишларини ҳеч қачон кўрмаслигини ўйлаб юраги увишиб кетди. Бўғзига йиғи тиқилди. Йиғисини ичига ютишга тиришиб, теваракка кўз қирини ташларкан, ажиб бир манзарани кўрди. Ҳар гапида қайнонасига ўлим тилайдиган аёли жин теккандай чинқириб йиғларди, қайғудан ўзини йўқотган синглисининг юзига қўшни жувонлар сув сепарди. Ҳамма йиғлаб, ҳамма бўзларди. Ёшини яшаб, ошини ошаб бўлган бир кампирга уларнинг бу қадар куйинишларига унинг ишонгиси келди. Аммо кенжа ўғли ва қизидан бўлак ҳаммаси йўлига кўзёши қилаётганини фаҳмлади. Хўрлиги келди, эндиликда ғирт етим бўлиб қолгани таъсир этиб, ўғли билан басма-бас йиғлашга тушди. Шунчаки йиғламади: “Тириклигингда қадрингга етмадим, энажон” дея сўзлар тизимини териб-териб, айтиб-айтиб йиғлади. Ўлишингни билганимда, елкагинамда кўтариб юрмасмидим, дея армон билан бўзлади. Ўша куни куёви қаватида бўкириб ўтирган бўлса-да, барибир уларнинг ораси исимади. Қайтамга, синглисининг, энамни янгам ўлдирди, деган гапидан сўнг баттар совуди. Маслаҳатсиз қабртош қўйишлари эса дард устига чипқон бўлди. Шунинг учун ҳам буюртирилган қабртошни тезроқ битишини илҳақ кутарди.

У бу ҳақда ҳеч кимга айтмаган эса-да, шоир ниманидир сезган шекилли, бир куни йўлда тўхтатди. Худди шеър ўқиётгандек, доно-доно қилиб деди:
— Биз бандалар шу қадар нодонмизки, қилган ишларимиз нуқул хатолардан иборат! Биз хатоларга кўмилиб-чўмилиб яшаймиз! Бу хатолар шунчалик тотлики, азобини асал билиб тамшаниб-тамшаниб яшаймиз! Лаб-лунжингизни артиб олинг, “асал юқи” қолибди…
У шоирни маст гумон қилди. Йўқ, шоир маст эмасди, нимадандир изтиробда эди. Одатдагидек, нимаданлигини айтмади, ҳайф сенларга, дегандай қўл силтаб кетди-борди.
Эртаси, қабртош ими-жимида олиб келинган куни қуёш Эралининг кўнглидек чароғон эди. У қўзи эмас, қўй сўйдирди. Қишлоқ кексаларига одам юбориб, ўзи ўғиллари билан мозорга жўнади.
Ўғиллари куёв бошлиқ жиянлари томонидан ўрнатилган қабртошни олиб ташламоққа чоғланишганди, у донишмандона бир қиёфада бош чайқади.
— Тегманглар! Ўзлари қўйишдими, ўзлари олишсин. Буни қаватига ўрнатинглар.

Қора мармар оқ мармардан кўра бежирим ва анча баланд эди. Четлари ҳошияли, ўртасига тўрт эмас, олти қатор шеър битилган. Энасининг сиймоси каттароқ қилиб туширилганди.
Қабртошлардаги бу тафовутдан Эрали кўп суюнди. Ўғилларидан андиша қилиб турмай, шодон ғудранди.
— Мана, энажон! Керак бўлса, бундан каттароқ тошлар қўйишга қурбимиз етади!
Ёнма-ён қўйилган тошларда бир хил сиймо — энаси бўлаётган бу ишлардан ажаблангандай, маъюс жилмайиб турарди.

Эрали мозордан масрур қайтаркан, қўйган тошини олиб ташласин, дея ўғилларидан бирини куёвиникига жўнатди. У томондан эса, бекорларнинг бештасини айтибди, деган нордон жавоб келди. Бу шунчаки айтилган гап эмас, балки эрта-индин қўпиши аниқ бўлган улкан жанжалнинг совуқ нафаси эди…

ДАШТДА

Эна ер муштлаб қарғанади.
— Бундан кўра ўша даштда жондор еб кетса бўлмасмиди сени! Ерди камгинаси тортибгина кетса бўлмасмиди! Не деган гап бу, ҳалитдан хотин кишининг этагига тирмашиб. Кимга тортдинг ўзи сен! Не деган одам бўлдик! Не деб қишлоқда бош кўтариб юрамиз энди! Ҳали отанг келса, нима дейди. Ўлдирибгина қўяди-ку сени…

Гирди тошдан кўтарилган пастак супа лабида чимирилиб ўтирган Бердимурод, қаншари остидан энасига хўмрайиб боқади. Ич-ичидан ҳайқирмоқ истайди: «Етар энди!» Бироқ нимадир халақит беради. Ҳайқирмоқдан кўра, ичдан эзилишни маъқул топгандай, чурқ этмайди. Бунга сари, энанинг фиғони кўкка ўрлайди. Яккаш саннайди. Ётиғи билан сўраб-суриштиришни хаёлига келтирмайди. Суриштирган тақдирдаям, қайсар ўғлидан тайинли бир жавоб олиши қийин. Кеча оқшом даштдан юз-кўзини кўкартириб қайтганда ҳам бир сўз демаган, йигитчиликда, дея қўя қолган. Не гаплиги эса тонгда аён бўлди: кеча ўғли даштда нотаниш бир келинчакка ёпишган экан, хешлари ўласи қилиб уриб кетишибди.

Бердимурод жиғибийрон бўлаётган энасидан кўзини олиб, молларини подага қўшиш баҳонасида майдон четига йиғилаётган эркаклару, кўча юзидаги аёлларга боқаркан, ҳовлиси тевараги девор билан ўралмаганидан ўкинди. Девор яхши-да, бегона кўздан асрайди. Ундай деса, бу қишлоқда деворли ҳовлининг ўзи йўқ. Дўнг бетига бетартиб тушган қишлоқ хонадонларида не сир, не синоат — бари ҳамманинг кўз ўнгида.
Яширмоқнинг ҳеч иложи йўқ.

Йигитнинг аламнок нигоҳи эркаклар орасида кўҳна, нимдошгина тўнига ўраниб, бамисоли мусичадай қунишиб турган Сувонқулга тушгачгина миш-мишни ким тарқатганини англагандай бўлди. Ўрнидан ирғиб турганини билмай қолди.
— Бари ёлғон! — дея ҳайқириб юборди.
Чўчиб тушган энанинг кўзларида умид учқунланди.
— Сен бола, мани адо қиласан, — деди ҳиқиллаб.
— Сизни адо қиладиган ҳеч бир иш қилганим йўқ! — дея чўрт кесди Бердимурод. — Кўп жаврамай, хуржунни ҳозирланг! Кетдим мен подага.
— Чой…
— Раҳмат, тоза чой ичгандай қилдингиз!
— Ахир мен… — Эна узун енги билан кўзёшларини артди. — Ичим куйиб кетаяпти-да, болам. Кимга ишонай?
— Ана, уларга ишонинг! — Йигит зарда ила одамларга ишора қиларкан, деди: — Инсон боласига қайишганим шу бўлсин! Менга деса… ўлиб кетмайдими бари!

Бердимурод кейинги гапини қасам йўсинида қатъий таъкидларкан, юрагида улкан бир ўпирилиш юзага келганини сезди. Тугун тортган панжалари бўшашиб, қомати алланечук шалвираб тушди. Оёқларини судраб босиб, айвон томон юрди. У ердан сиртига қалин намат сирилган кўзачани олиб, челакдан унга сув қуйди. У қаддини ростлаганда, қир бошидан қуёш мўралай бошлаганди. Одатдагидек, у бу манзарага бефарқ қараёлмади, маҳлиё бўлгандек бир зум термулиб қолди.

Тонгги нурларни у азалдан яхши кўради. Айниқса, алвон рангга кирган ўркачли қир чўққиларига кўзи тушганида, ҳаяжондан қалтираб кетади. Ва жисми тушуниксиз ажиб бир қувватга тўлиб, бутун оламни қучгиси, ўша қувватни эса кутилмаган бир ишларга сарфлагиси келади. Отаси Собир полвоннинг айтишича, бу эрлик, яъни корлик ҳисси эмиш, йигит киши мана шу туйғуси билан гўзал саналармиш. Кейинги пайтларда у тез-тез мана шу туйғу етовига тушиб қолмоқда эди. Бироқ қишлоқда, хотинларнинг жанжалини демаса, фавқулодда ҳодисалар камдан-кам юз берарди. Тўйдаги курашларда эса ҳозирча у ўзини итнинг орқа оёғи деб билади. Негаки, товоқнинг олди чўнг полвонларда кетиб, у тенгқурлари қатори кичик совринлар билан кифояланишга мажбур эди. Қишлоқ обрўйини сақлаб қолишдек корлик ҳисси эса катта полвонларнинг оёғи остида топталиб кетаётгандек эди.

Бироқ яқинда корликнинг ғаройиб лаззатини тотмоққа ниҳоят эришди. Эсласа, ҳануз ҳузур қилади. Ўшанда баданидаги оғриқлар ўта ёқимли туюлиб, ўзини етмиш еттинчи осмонда ҳис қилганди. Ёқмагани, оппоқ юзли қизнинг меҳрибончилиги бўлган. Қизнинг «укажон»лашидан роса энсаси қотган. Қиздан у миннатдорчилик истамаганди. Қиз эса, «укажон»лаши етмагандек, юмшоқ бармоқлари билан шишган, қизарган ёноқларини силаб-сийпалаган. Шунда у ўзини бола сезган. Билаклари ингичка, бўйи пастак туюлган. Ҳолбуки, у бўйчан, пишиқ ва бақувватгина йигит эди. Ўн саккиздан эндигина хатлаган бўлса-да, унда йигирма ёшли йигитнинг туси ва келбати бор эди. Чапдастлиги туфайли қизга тирғалган Бозорорти маҳалласининг безориси саналмиш Адҳам дарозни чекинишга мажбур этганди…

У сув тўла кўзачани супа лабидаги хуржун ёнига қўяркан, қашқани эгарлашни унутганини эслади. Отни эгарлаш ҳамиша унинг анчагина вақтини олади. Бу юмушни бошқаларга ўхшаб ўлда-жўлда эмас, алоҳида иштиёқ билан адо этарди.

У шу юмушни бажариш ниятида от томон юраркан, кечаги воқеа эсига тушиб, уни бу қадар эъзозга арзимайди деган қарорга келди. Қашқадан ёмон кўнгли қолганди. Жонивор доимо нозик пайтда панд бериб қўярди. Сирасини айтганда, Қашқа у орзулаган от эмасди. Худди кечагидай, оппоқ юзли қиз воқеасида ҳам уни хижолатга солганди. Адҳам дарозни қочириб, бозор четидаги саройдан Қашқани етаклаб чиқаркан, томошага йиғилганлар кўз ўнгида отда керилиб кетмоқни ўйлаганди. Буни қарангки, одамлар ҳам худди шуни исташган экан, дастлабки лаҳзадаёқ бунинг акс-садосини илғади.
— Ўзи зўр йигит экану, минган оти бўмабди.
— Вой, ипирисқи-ий, Адҳам дарозга бас келди-я!
— Ҳозир оти мункийди. Ана, айтмадим-ми…
— Эшакдан ҳам хароб экан.
— Даланинг боласи-да, чайир. Анову дароз уч қўрга чидаёлмай, дарров тили осилиб қолди.

Ўшанда Қашқа туфайли, у бозор майдонини боши эгик ҳолда тарк этганди. Аммо ғолиб эмасми, ўзича кейин қирчанғини кечирганди. Унинг беўхшов қилиқлари ҳақида ортиқ ўйламай қўйганди.
Буни қарангки, кеча у тағин панд берди.
Даштда нотаниш келинчакни кузатиб бораркан, оқшом бу иши учун жувоннинг хешларидан боплаб калтак ейишини хаёлига ҳам келтирмаган ҳолда эгарда алплардек мағрур ўтирарди. Ёмон тили туфайли эридан насибасини олиб, қишлоғига аразлаб кетаётган келинчакнинг ҳадикли қарашларини сезмас, қилаётган бу ишидан масрур ҳолда борарди. Ахир, йигирма одимча олдин пилдираб кетаётган ожизага паноҳ эди-да. У бор экан, бийдек бу даштда ҳеч кимса унга даҳл қилолмайди-да.

Бердимурод кўзларини узоқ-узоқларга қадаб, отда гердайиб бораркан, кутилмаганда ярамас қирчанғи мункиб кетса бўладими. Йигитнинг хаёли бошидан учиб, кўм-кўк майсалар устига гурсиллаб тушди. Келинчакнинг олдида ўзини шармисор ҳис этди. Аламидан йиғлаш даражасига етди. Бир ўйи, уялганидан, изига қайтмоқчи ҳам бўлди. Бироқ келинчакни ёлғиз ташлаб кетишга кўнгли бўлмади. Отига қайта ўтириб, келинчакнинг ортидан йўлга тушаркан, салдан сўнг хижолати хиёл аригандай бўлди. Назарида, ҳозирги иши ортиқча майда-чуйдаларга ўрин бермасди. Боз устига, табиат, худди унинг кўнглидан андоза олгандек, ғоят фусункор эди. Артилган шишадек тип-тиниқ осмонда оҳиста сузиб юрган бир парча оппоқ булутни демаса, теварак, қўйингки, бутун борлиқ ям-яшил тусда эди. Бу яшиллик кунчиқишдаги қир бетига сочилган подани ўз бағрига сингдириб, ҳализамон ютиб юборадигандек эди. Ўз навбатида, қаровсиз қолаётган айни шу пода йигитнинг кўнглига андак хавотир солиб турарди. Унинг йўл-йўлакай пода томонга бот-бот қараб қўйиши шундан эди.

Йигит учун пода бамисоли бир кишан эди. Бу кишандан қутулмоқнинг эса ҳозирча ҳеч бир иложи йўқ. Ёз бошигача бир амаллаб чидаши, сўнг ҳозир хуржуни тубида олиб юрган дарсликларини жамадонга жойлаб, шаҳарга, ўқишга жўнамоғи лозим эди. Хаёлида олдинда уни улуғ ишлар кутар, бу улуғ ишларга эса фақат дарсликлар орқалигина етмоғи мумкин эди. Аммо дарсликлар шу қадар бадига ургандики, зада кўнгли кутилмаган ҳодисаларни қўмсарди. Қани энди, лоақал подага бўри ораласа-ю, у жонига теккан китобларни бир четга улоқтириб, йиртқичларга қарши ҳужумга ўтса, ёки… бу ёғи энди фақат хаёл. Чексиз-чегарасиз ширин хаёллар…

Кеча бийдек даштда ёлғиз ўзи кетаётган келинчакка кўзи тушганида ҳам худди шу каби тотли хаёллар оғушида қир бетида ёнбошлаб ётарди. Эгнидаги қирмизи либоси қуёш нурида ял-ял товланганча, жадал одимлаётган келинчакка аввалига лоқайд тикилди. Кейин у кўзлаган манзилни тусмоллагач, ҳушёр тортди. Жувон қора тортган қишлоқ узоқда, оралиқда эса хавфли жарлик кўндаланг ётарди. Бундан ҳам ёмони, бўйдоқ чўпон-чўлиқларнинг учраши эди. Ўтган ойда шунга ўхшаш кўнгилсиз воқеа содир бўлиб, сурони ҳанузгача тинмаган.

Йигит келинчакни мавҳум тажовуздан қизғанди. Ўрнидан сакраб туриб, оти томон юрганини сезмай қолди. Бироқ илтифотини қай тарзда ифода этишни билмай, бир зум тараддудланди. Негаки, дашт аёлларининг аксарияти ҳуркак келади, ҳаракатини ҳар хил англаши мумкин. Шунда унинг эсига болалигида кечган бир воқеа лоп этиб тушди. Туманли ҳавода энаси иккиси эшакда қўшни қишлоқдан қайтишаётганида, даланинг ўртасида қаршиларидан чақмоқ телпагини қошига бостирган, тунд қиёфали бир отлиқ чиққан. Отлиқ улар ёнидан индамай ўтаркан, бироздан сўнг ортига қайтган. Оралиқда ўн беш-йигирма одимча масофа сақлаб, уларни қишлоққача кузатиб келган. Энаси алқашга улгурмай, отини шартта изига буриб, туман орасида кўздан ғойиб бўлган.

Бердимурод келинчакнинг ортидан тушаркан, худди ўша суворийдек иш тутди. Сўз қотгудек бўлса, ҳаракатининг сир-синоати йўқоладигандек туюлади. Ахир туманда учраган отлиқ сукути боис, унинг хотирасида ҳозиргача сақланиб қолган. Фақат келинчакнинг жонсаракланишигина бу ҳузурбахш лаҳзага соя ташлаб турарди. Эсида, бошда энаси ҳам нотаниш суворийдан жуда қўрққан, сўнг мақсадини англагач, хотиржам тортган. Келинчак эса сира тинчланай демасди, аланг-жаланг қарагани-қараган эди. Ундаги безовталикни пайқаган йигит, хавотирланманг, сизга ҳеч ёмонлигим йўқ, жардан ўтказиб қўяман, холос, дегиси келди-ю, демади. Нечундир дегиси келмади. Сўнг кечга яқин уч отлиқ тўсатдан бостириб келиб, олатасир уриб кетишганда ҳам ўзини оқлаб ўтирмади. Очиғи, отлиқлар оғиз очиргани қўйишмади, ҳали сенми, синглимизни қўрқитадиган, дея боплаб савалаб кетишди…

Бердимурод Қашқани эгарларкан, майдонга йиғилган халойиқ ўзини зимдан кузатаётганини фаҳмлади. Афти калтакдан бежалган йигитни кимдир эрмак, кимдир ачиниш билан томоша қиларди. Негаки, бу каби воқеалар қишлоқда фавқулодда ҳодиса саналиб, «қаҳрамон» анчагача кишилар назарида бўлади. Чуваладиган гапларни-ку қўяверасиз…

У одамларнинг қарашларидан ғижиниб, юзини отнинг панасига олди. Кейин саркашлиги қўзиб, қаддини ростлади ва кўзи эчкиларини олдига солиб келаётган бўйчангина қизга тушгач, сергак тортди. У қизга беэътибор эмасди. Қиз ҳам буни сезарди шекилли, боқишлари бошқачароқ эди. Аммо ҳозир у жуда тажанг қиёфада эди. Эчкиларини подага қўшаркан, қўлидаги чивиқни улар ортидан улоқтириб, йигит томонга шундай бир қараш қилдики, Бердимурод туйқусдан тарсаки егандай бир қалқиб тушди.

Сигирини ҳайдаб келган ёшгина жувоннинг қилиғиям уникидан кам бўлмади. Кўпчилик, асосан аёлларнинг нафрати ошкора юзага тепчиб турарди. Энасининг бекорга куйинмаётганини теран идрок этаркан, салдан сўнг эркаклар тўдасида ҳам шу ҳолни сезди. Даврага кейин келиб қўшилган эчкисоқол амаки қўлларини пахса қилганича, ёшлар бузилиб кетди, дея ваъзхонлик қиларди. Бу гапни бошқалар, жумладан, Сувонқул ҳам бош ирғаб тасдиқларди. Бунга сари эчкисоқол баттар авж қиларди: «Бу ҳалиям кам, ўлдириш керак эди буни! Менинг болам бўлганидами, нима қилишни ўзим билардим! Ҳа-да, ўша келинчакнинг ўрнига энасини қўйиб кўрсин, опаси ёки синглисини қўйиб кўрсин… Қалай?! Ҳалиям бўлса аяшибди. Эртан уларнинг тўйига бораримиз бор, азасига қатнашишимиз бор. Айтишмайдими, ўла, баринг деб…»
Эчкисоқол отаси билан урушли, пайтдан фойдаланиб, бор заҳрини тўкиб сочмоқда эди.
Бердимурод тўдага қарамасликка тиришиб, подани даштга қўзғотгач, Сувонқулга биров кўз ташлашдан ўзини тиёлмади. У кеча жарда учратган одамга сира ўхшамас, мўмин ва беозор эди.
— Сен бола, мени зўр маишатдан бебаҳра қолдирдинг-да лекин!
Келинчакни жардан ўтказиб, ортига қайтаётган Бердимурод бехос эшитилган бу садодан чўчиб кетди. От тизгинини торта-торта, теваракка аланглади. Бирор қора илғамагач, қулоғимга чалинди шекилли, деган ўйга борди. Юрагига хавотир иниб, отини қичамоқчи бўлди. Аммо шу пайт жар тубидаги буталардан бири силкиниб кулги овози эшитилади. От ҳуркади. Йигит қамчи дастасини маҳкам сиқиб, ўша томонга тикилади ва бута новдалари орасидан мўралаб турган малла башарани кўради.
— Кимсиз?
Бута новдалари қаттиқ чайқалиб, салдан сўнг унинг қаршисида Сувонқул пайдо бўлди. Елкасида милтиқ, белидаги эски патронташга тулки териси осилган.
У беўхшов тиржаяркан, томоғини ғалати тиқиллатади.
— Ёмо-он халақит бердингда…

Бердимурод ҳеч нарса англамай, унга бошдан-оёқ разм солди. Афтини қўнғир соқол босган бу одам ов баҳонасида доим дала-даштда санқиб юрар, гоҳида тўрт-беш ойлаб йўқолиб қолар, сўнг тўсатдан яна пайдо бўларди. Уйидаги тўртта боланинг ташвиши ёлғиз хотинининг гарданида, бу эр бўлмиш дам-бадам қаерларга йўқолади, не ишлар билан банд, буниси ёлғиз худога аён эди.
— Аммо лекин иккимизга ҳам етарди, — деди Сувонқул юзидаги ифодани ўзгартирмай. — Жарда қимирлайсанми десам… Ё дўнгда ишини битирдингми? Эпладингми ишқилиб? Ўзиям лекин зўр нарса экан! Илкиллаган қуйруққа ўхшайди! Кўкбулоқни аёллари азалдан хушрўй бўлишади. Ўтган йили кузакда биттасини Оқсойда қўлга туширганман. Тезак териб юрган экан. Эримга айтаман, акамга айтаман, дея худонинг зорини қилди. Қайда, қараб турадиган аҳмоқ борми. Айтсанг, уруғингни қуритаман, дея ишини тиндирганман. Айтмади. Қанақа қилиб айтади. Айтса, эрсиз қолади, шарманда-ю шармисор бўлади. Агар халақит бермаганингда, бунисиниям боплардим.

Қишлоқда мулойимгина бўлиб юрадиган бу кимсани энди кўраётгандек Бердимурод анқайиб қолди. Сувонқул ҳунук илжайиб, енгил йўталди-да, буталар ортидаги дўнгга ишора қилди.
— Анову дўнгди боврида тулки пойлаб ётувдим. Қарасам, тепадан бир нарса тушиб келаяпти, ранг-қути учган. Изидан сен. Қаерда ишини тиндира қолдинг-а? Жаргача сабринг чидамабди-да. Бало экансан лекин! Ишқилиб, сасингни чиқарма, деб тайинладингми? Ичимни қиздирмай, гапир тезроқ. Эшитиб ҳам маза қилаверамиз биз!

Бердимурод беихтиёр сермаган қамчи унинг ўнг ёноғини ялаб ўтди. Сувонқул ортига чаққон тисарилиб, қўлидаги яроғини ўнглади. Йигит ўзига ўқталган милтиқдан эмас, Сувонқулнинг важоҳатидан қўрқиб кетди. Қаршисида ўзи билган мўмин одам эмас, ҳеч балодан тап тортмайдиган ёвуз бир кимса еб қўйгудек ўқрайиб турарди.
— Нима қилиқ бу?! — Сувонқул ёмон сўкинди. — Ё қизғанаяпсанми? Агар қизғанаётган бўлсанг, аҳмоқ экансан!
— Мараз! — Бердимурод шундан бўлак гап айтолмади.
Сувонқул бошини бир ён қийшайтириб, унинг афтига синчков тикилди. Сўнг кулимсиради.
— Демак, эплаёлмабсан…
— Сиз…
— Мен… — Сувонқул совуқ ишшайди. — Сувонқул аканг силар ўйлаган одам эмас! Асло ўйнаша кўрма мен билан! Энди эса қорангни ўчир!
Йигит унинг эрмакловчи хиринглаши остида жарни тарк этаркан, бу учрашувдан қалби ларзага келди. Кечгача шунинг таъсирида юрди. Келинчакни хаёлан унинг чангалида тасаввур этиб, кузатиб қўйганидан минг бор мамнун бўлди.
Бу кечаги, яъни келинчакнинг хешлари билан юз берган тўқнашувгача бўлган ҳолати эди.
Энди…

У подани қир бетига ёйиб, майсалар устига хомуш ёнбошларкан, на қўлига китоб олди, на ширин хаёлларга толди. Назарида, қуёш ҳароратсиз, тириклик саробдек эди. Қишлоққа қайтмай, номаълум томонларга бош олиб кетмоқни истарди! Лекин қаёққа? У шу ўйда узоқдаги тоғларга боқди, тубсиз осмонга тикилди. Теварагида чуғурлашаётган тўрғайларнинг ҳаракатидан маъни топмай, қарашлари лоқайдлаша бошлади. Даштнинг қирга туташ қисмидаги экинзорга тушган эчкиларни тирқиратганча, узоқдан туриб ўдағайлаган қоровулнинг бақириш-чақиришларига эътибор ҳам бермади. Пинакка кетсаму, қайтиб уйғонмасам, деб ўйлади.
Йигит бийдек даштга маъюс тикилиб, ёнбошлаб ётаркан, кўзига қандайдир қора чалингандай бўлди. Сўнг бу қора эшак минган аёлга айланди. У жарлик томон кетиб борарди.

Бердимурод чуқур хўрсиниб, нигоҳини пастга олди. Ўт-ўланлар орасида ғимирлаётган қурт-қумурсқалар ҳаракатини кузатган бўлди. Сўнг беихтиёр яна аёл томонга қаради. Орада жар тарафга кўз ташлаб олди. Хаёлидан Сувонқулнинг истеҳзоли башараси лип этиб ўтаркан, бу сафар аёлга ташвишли боқди.
Аёл эса бамайлихотир кетиб борарди.
Бирор йигирма дақиқалардан сўнг жарга етади. Тавба, уйида тинчгина ўтирмай, нечун даштда тентиб юрибди бу?! Даштда пишириб қўйибдими!
Бу ўйлар йигитнинг бўшашган вужудига қайта қувват бағишлагандай бўлди. Ўрнидан сакраб турганини ҳам сезмай қолди. Юрагида ўша таниш корлик ҳисси тағин жунбушга келиб, оти томон илдам юрди.
Отини қичаб, бирпасда аёлга етиб олди.

Аёл сўзамолгина экан, гапга тутинди.
— Ҳа, йўл бўсин, улжоним?
— Сизни жардан ўтказиб қўяй, хола… холажон.
— И-и, мени бўри ермиди, болажоним. Ҳай, майли, қайтамга сўйлашибгина кетамиз.
Бердимурод сўзлашмоқни истамади. Аёлдан пича ортда қолиб, уни қоралаб бораверди. Шунда у қуёш тафтини, борлиқнинг ғоят фусункорлигини қайта ҳис эта бошлади. Тагидаги оти эса, одатдагидан кўра тузукроқ йўрғалаётгандек эди.

ТУНГИ МЕҲМОН

У қишлоқнинг чеккасидаги кулбада жияни билан туради. Ота-онаси ўтган йили олдинма-кейин қазо қилишган. Ёлғиз қолиб, кенг ҳовли ютадигандек туюлавергач, қўшни қишлоқда турувчи синглисининг қизини сўраб олганди.
Ҳар ҳолда таянч-да!

Синглиси соғинган кезлари қизини олиб кетади. Уч-тўрт кун бағрида сақлаб, ўзи айтмишли, обдон дийдорига тўйгач, ноилож яна қўйиб кетади. Келганида бир гапни айтишни канда қилмайди: “Турмуш қилсангиз яхши бўлармиди, опа!” Қизиқ, ота-онаси тириклигида, бу ҳақда сира оғиз очмасди. Яхшиям сиз борсиз, эмасам, қарияларнинг аҳволи не кечарди, дерди нуқул уни алқаб. Энди эса… У гоҳида синглисининг афтига синчков тикилади, наҳотки, бахтимни ўйлаётган бўлса? Йўқ, унинг бахти билан синглисининг мутлақо иши йўқ. Ҳамма гап қизи важидан. Шунда унинг зардаси қайнайди: “Олиб кетавер қизингни! Ёлғизликдан ўлиб қолмасман!”

Синглиси ҳушёр тортади. Вой, нега унақа дейсиз, сизни ўйлайман-да, опажон, дея бир дунё чучмал гапларни қалаштириб ташлайди. У бундан баттар ғижинади, бурчакдаги кўзгуга кўз ташлайди. Кўзгудан ўзига аламнок боқиб турган аёлнинг бўлиқ ва кўркам қоматини илғамайди, ҳали оқ оралашга улгурмаган қуюқ, тим қора, узун сочларининг гўзаллигини пайқамайди, юзидаги хунук чечак изларини кўради, холос. Бу рухсори билан ҳеч ким хотинликка олмаслигини ич-ичидан ҳис этади. Кўнглидан, ини — ота, сингил — она бўлолмас экан-да, деган аламли ўй ўтаркан, кўзгуни уриб синдиргиси келади. Базўр ўзини босади. Бу қўтир дунёда кимга нимани исботламоқчи ўзи? Бугун иккинчи кундирки у ёлғиз.

Одатдагидек, уйқуси келмай, анчагача тўлғаниб ётди.
Кўзи энди илинган экан, бирдан ҳовлида нимадир дупурлаб қолди. Чамаси, кимдир девор ошиб тушгандай бўлди. Ҳақиқатдан ҳам даҳлиз эшиги тирмаланиб, аста ғийқиллаб очилди.
У хаёл билан бўлиб, эшикни тамбалашни унутганини эслади. Кейинги вақтда анча ҳардамхаёл тортиб қолган. Меровсирамай ўл, дея ўзини янишга ҳам улгурди. Сўнгра тунлари ёнида олиб ётадиган қўшоғиз милтиғини қўлига олиб, ўрнидан турди. Отасидан қолган бу яроғни ҳудуд нозирига бериб юбормаганидан илк бор чинакамига суюнди.
Кутилмаган “меҳмон” милтиққа рўбарў келишини кутмаган шекилли, қоронғидан қўрқув тўла шикаста овоз эшитилди.
— Отма… Отма, Чаманой! Илойим, болагинангни кўтарай, отма!
Тунги чироқ нуридан хира ёритилган хона ўртасида милтиқ ўқталиб турган аёл очиқ эшикдан қоронғу даҳлизга беҳуда тикиларкан, овоз эгасини дабдурустдан танимади.
— Кимсиз?! — деди милтиқ милини ўша томонга тўғрилаб.
— Бу мен… Қиличбекман!
— Қиличбек?! — Аёл ҳар қанча ажабланса-да, ҳолатини ўзгартирмади. — Ярим тунда нима қилиб юрибсиз бу ерда?!
— Қочдим, Чаманой, қочдим! Жоҳил ва нодонлар тўдаси мени дўппослашмоқчи эди, жонимни олиб қочдим! Уйингга… бекингани кирдим.
— Бекингани менинг уйимдан бўлак жой қуриб қолганми?
— Ёзда уйинг ортидаги тўқайзорда жон сақлардим. — Кимса чуқур хўрсинди. — Ҳозир ҳаво салқин… Тўғриси, бу гал негадир шошиб қолдим. Ана, ортимдан қувлаб келишаяпти.
Қадам товушлари яқинлашмоқда эди. Ҳозир улар уйга бостириб киришаётгандек, аёлнинг юраги орқасига тортиб кетди. Тунда ёлғиз эркак билан кўришса, нима деб ўйлашади? Эртан қишлоқда қандай бош кўтариб юради?

Ҳайтовур таъқибчилар дарвоза ёнида тўхташмади, дупурлашганча тўқайзор томонга ўтиб кетишди.
Бутун диққат-эътибори ташқарида бўлган аёл ҳануз кўриниш беришни истамаётган даҳлиздаги кимсани бир зумга унутди. Қишлоқ адоғи катта йўлгача қалин тўқайзор. Тунда тўқайзордан бировни қидириб топиш пичан ғарамидан игна излашдек бир гап. Таъқибчилар ҳақиқатдан ғирт нодонга ўхшайди.
Даҳлизда кимса шивирлаб ўзидан дарак берди.
— Ана, қайтиб кетишаяпти.
— Унда сиз ҳам секин чиқиб кета қолинг!
— Шу салқинда қаёққа бораман?
— Қаёққа боришингизни мен қайдан билай? — Аёлнинг жаҳли қўзиди. — Нима, мени гапга қолдириб ўлдирмоқчимисиз! Қани, жўнанг!
— Шу кеча даҳлизингда тунаб қолай, Чаманой.
— Тушингизни сувга айтинг! — Аёл овозини хиёл биландлатди. — Отаман лекин!
— Отма, Чаманой!

Орага бир сония жимлик чўкди.
Бир пайт “меҳмон” сўраб қолди.
— Милтиғинг ўзи… ўқланганми, Чаманой?
Аёл жавоб қайтармоқни лозим топмади. Қўлидаги яроқни жойлироқ тутиш билан чекланди. Оқшом печка ёқилганига қарамай, хона анча совуқ эди. У ўрта эшикни қуриб бераман деб, ҳануз сўзининг устидан чиқмаётган қўшни эркакни ичида янаркан, таҳдидли оҳангда деди:
— Агар чиқиб кетмасангиз, ҳозир нақ манглайингиздан отаман!
— Биламан.
— Қаердан биласиз?
— Қўлингга яроқ тутибсанми, демак, отасан-да.
— Ҳозир ҳазилнинг ўрни эмас, ака!
— Мен ҳазиллашаётганим йўқ, — деди кимса ёруққа чиқишни хаёлига ҳам келтирмай. — Улардан калтак егандан кўра, сенинг қўлингда ўлганим яхши.
— Ҳушомадга бало борми!
— Отанг қадрдоним, онанг меҳрибоним эди, — қоронғудаги кимсанинг овози тўлқинланиб, ниманидир эслагандай бир муддат жим қолди-да, сўнг маҳзун оҳангда яна гапда давом этди: — Қўлингдан неча марталаб чой ичганман ота-онанг тириклигида. Кимлигингни яхши биламан, Чаманой! Бугун нимагадир оёғим шу томонга тортди. Негалигини ўзим ҳам билмайман. Тўқайзордан кўра, инсон меҳрини истадим шекилли. Сенга нисбатан хаёлимда ёмон ўй йўқ. Тузингни тотганман ахир, Чаманой! Ёмон хаёлга бориб ўлибманми! Сен баҳузур ухлайвер, мен… бирпасдан сўнг чиқиб кетаман. Қаттол душмандай менга бундай тикилма! Кўзинг тешиб юборай деяпти!

Ота-онаси эслатилган Чаманойнинг кўзларида ёш айлана бошлади. Қўлидаги яроғини беихтиёр пастга тушираркан, кутилмаганда ўзини тутолмай йиғлаб юборди.
— Йиғлама, Чаманой! — деди ҳануз кўриниш беришга ботинолмаётган “меҳмон”. — Ҳозир чиқиб кетаман. Совуқда қотиб ёки анову жоҳилларнинг калтагидан ўлсам ҳам майли! Фақат сен йиғлама! Йиғласанг, кетишим қийин бўлади.
Аммо аёлнинг қулоғига гап кирмасди. Ота-онасини қумсаб йиғида давом этди. Йиғлай-йиғлай… мадордан кетди.

Тонгда хуррак овозидан уйғониб кетди. Бошда ҳайрон бўлди, сўнг қўрқди. Қоронғу шифтга, тонг ёғдусидан ёришган деразага аланг-жаланг боқиш баробарида ёнидаги милтиққа қўл чўзди. Бармоқлари муздек совуқ яроққа теккачгина, тундаги воқеа эсига тушди. Кўнгли андак хотиржам тотиб, кўрпа остидан сирғалиб чиқди. Бўйнини чўзиб, даҳлизга мўралади. Яланг шолча устида совуқдан ғужанак бўлиб ётган кимсани кўрди. Аввалига қаҳри қўзиди, сўнг раҳми келди. Кишилар турмасдан, тезроқ жўнай қолинг дея, турткилаб уйғотмоқчи бўлган жойида, негадир фикридан қайтди. Уйғотишга кўзи қиймади. Тахмондан кўрпа олиб, авайлаб устига ёпди. Кейин кундалик юмушига уннади.

Ҳовлида иш дегани сероб эди. Қўрадаги молларга қараш, соғиш, тагини тозалаш каби майда-чуйда ишларнинг ўзиям унинг кўп вақтини оларди. Ота-онасининг ўлимидан сўнг бу юмушлар аёлнинг ягона халоскори бўлиб қолганди. Тунлари ҳам тек ўтирмайди. Жун титиб, ип йигиради. Кўрпа, кўрпача қавийди. Оппоқ сочиқлар четига эрмакка кашталар чатийди. Синглиси эса ҳайрон, ёлғиз бошингизга шунча давлат не чикора, дейди. Унинг очкўз нигоҳи аёлнинг ғашини келтиради: “Эримни бой қилмоқчиман”, дейди. Синглиси унинг молу давлатини йўқ эрдан қизғанади. Ўзича алланималар дейди. Мерос талашиб жанжал кўтаргиси келади-ю, лекин опасидан ҳайиқади.
Аёл иш билан бўлиб, тундаги воқеани ҳам, даҳлизда уйқуни ураётган кимсани ҳам унутган экан, ўчоққа ўтин қалаётганда бирдан эсига тушиб қолди. Шошиб уй томон юрди. Бироқ даҳлизда ҳеч ким йўқ, қалин кўрпа бир четга чиройли қилиб тахлаб қўйилганди.

Аёлнинг кўнглида хижолатга ўхшаш нимадир уйғонди. Юрагинг ёрилмай, одамга ўхшаб кутиб олсанг ўлармидинг! Акадай бир одам эди-ку у сенга! Яқинда томингни ёпиб берган… Эсида, ўшанда Қиличбек деганлари ҳарчанд зўрласа-да, пул олмаган, лекин бурчакдаги каттакон қўғирчоқни сўраб олган. Аёл ҳайрон бўлган. Биладики, Қиличбекнинг қизи йўқ, бақироқ, жанжалкаш хотини Тўлғонойдан иккита ўғли бор. Унинг ажабланганини сезган эркак кунботишдаги шаҳар томонга ишора қилиб: “У ёқда менинг қизларим кўп. Буни олиб борсам, хурсанд бўлишади” деганди.

Қиличбек ғирт етим. Шаҳардаги болалар уйида вояга етган. Бўйи етгач, марҳум Асқат темирчига шогирд тушиб, унинг қизи Тўлғонойга уйланган. Темирчининг қизи битта, аммо ўғиллари кўп эди. Бари бир-биридан баттар жоҳил, нодон. Жанжални пулга сотиб олишади. Бирига тегсанг, ҳаммаси ёпирилиб келади. На уятни билишади, на андишани. Тўлғоной ҳам оға-иниларидан қолишмайди. Эрига зуғум қилишни яхши кўради. Етимлигини рўкач қилиб, ҳаромидан олиб ҳаромига солади. Бу камдек, салга додлаб, ака-укаларини бошига йиғади.

Чаманой оғзидан сақич тушмайдиган йўғон бу аёлни жинидан ёмон кўради. Унинг ёш боладай жонсарак эрига раҳми келади. Қани энди қўлидан келса-ю, ундан яхшилигини аямаса. Аммо яхшилик қилиш у ўйлаганчалик осон иш эмас экан. Кеча тунда уйига қочиб кирганида, дардига малҳам бўлиш ўрнига милтиқ ўқталиб ўтирибди. Энди билса, эркакдан эмас, гап-сўздан қўрққан экан.
Бугун тунда у негадир эркакни қўмсади. Кечагидай айвонда тунашини истади. Тонгда туйган ҳиддан нафас олиш учун даҳлизга чиқди. Бироқ тонгда хонани тўлдирган эркак ҳидидан дарак йўқ, ачиган хамир иси анқирди, холос.

Аёл маҳзун ҳолатда хонага қайтиб кираркан, ихтиёридан ташқари бир ишга қўл урди. Даҳлизга қалин қилиб жой солди. Янги кўрпа, янги болиш қўйди. Эшикни тамбалашни гўё унутган киши бўлди. Лекин милтиғини биқинидан жилдирмади. Ахир милтиқни ундан олиб қўймоқчи бўлган ҳудуд нозирига уни “эрим, тунги посбоним”, деган-да. Демак, эр дегани хотин кишининг қаватида, биқингинасида ётиши керак. Ҳудуд нозири яхши йигит эди, уни тушунган: “Лекин қонунни бузяпман-да, опажон”, деган. Аёл уни эркалаб елкасига қоқаркан: “Опанг учун қонунни бузсанг, бузибсан-да, укажон, — дея аламнок жилмайган. — Тунда мендай ёлғиз бир аёлга эрдай гапда бу! Ёмон ниятда остонамни хатлаган одамни нима билан чўчитаман? Шуни ўқталиб қўрқитаман-да!”

Аёл тунда зийрак ётди, алланимани кутгандай, илҳақ ётди. Қани энди, хокисор нигоҳли эркак яна бир тунгина даҳлизида тунаса, яланг шолча устида эмас, қалин тўшакда ухласа, уйини эркак ҳидига тўлдирса! У шуни истади. Бундан ортиғини хаёлига келтирмади.

Тонгда эса боши ғовлаб, карахт уйғонди. Даҳлиздаги тўшакни бўш кўриб, хўрлиги келди. Кўзига ёш айланди ва бу ҳолатидан ўзи ҳам ажабланди. Тентак бўляпман шекилли, деган ўйга борди. Лекин негадир тентак бўлгиси келди. Бироқ қўрадаги томдек тарғил сигири бунга изн бермади. Мўраб овоз берди. Унга бошқа жониворлар жўр бўлди.

У қўра томон ошиқди. Яхшиям иш бор — юмуш бор дея суюнди. Шунинг билан эркакниям, ўй ва истаклариниям унутди. Одатдагидек, ишга шўнғиди.

Бу кеча эса ўзини ёмон қарғади. Кеча тундаги хоҳиш ва хаёллари бугун жуда эриш туюлиб, ўзига ўзи туҳмат қилди: “Эрсирамай ўл, мегажин!” Бунга қаноат этмай, оппоқ, бўлиқ сонларини аямай чимчилаб-чимчилаб олди. Оғриқдан жони роҳат топди. Шу йўсинда истагига чек қўйган бўлди. Бу тун даҳлизга жой солмади. Эшикни очиқ қолдирмади. Бироқ яроғини ёнига қўйиб, тўшакда чўзилган ерида яна бирдан ўрнидан сакраб туриб кетди. Ички бир тўлқинга бўйсиниб, тахмон ёнига борди. Кўрпа қатига қўлини тиққанча узоқ туриб қолди. Сўнг шалвираб изига қайтаркан, ерда ётган милтиққа қоқилиб, бармоғини қайириб олди. Оғриқ миясига тепди. Бармоғини тутиб, тўшак устида тўлғанаркан, истамаса-да, негадир тағин эркакни ўйлади: “У шўрлик яна қувғинга учраса, бу совуқ тунда қайси тешикка бошини уради?” Аёл оғриқниям унутиб, шу ўй заптида эшикка югурди. Аввал илгакни туширди, сўнгра тамба-тутқич орасига қистирилган йўғон ўқловни суғуриб олди. Кейин эса фикридан қайтиб қолишдан қўрққандай, энтикканча ўзини кўрпа тагига урди.

Ўраниб-чирманиб, бамисоли гувалага айланди.
Аслида у айниб қолишидан эмас, истагидан уялганди.
Тонг саҳарга яқин таниш хуррак овозидан уйғониб кетди. Қулоқларига ишонмади. Сўнг қалби адоқсиз қувончга тўлиб, даҳлизга деярли чопиб чиқди. Титроқ бармоқлари билан деворни пайпаслаб, чироқни ёқди. Кўзи қоқ шолча устида ёш боладай ғужанак бўлиб ётган Қиличбекка тушди. Аёлга у эркак киши эмас, ташландиқ, ҳимоясиз бир гўдак бўлиб туюлди. Меҳри жўшиб, ичи туздай ачишиб, ичкаридан кўрпа ва тўшамча кўтариб чиқди. Тўшамчани бир четга улоқтириб, йигитнинг устига кўрпа ташлаб қўя қолди.
Қиличбек кўрпа тагидан уйқусираб ғудранди.
— Улар мени уришди, Чаманой!

Аёл индамади. Худди онадек, унинг бошида чўнқаяркан, илк бор эркакнинг юзига синчков разм солди. Ўнг яноғи ва иягида калтак изларини кўриб, юраги эзилди. Кўнгли бузилиб, сассиз йиғларкан, унинг манглайига қўл юборганини сезмай қолди.
Силаб туриб йиғлади, йиғлаб туриб силади.

Йигитнинг аллақачон уйғонгани-ю, ёш боладай ҳузур қилиб ётганини кейин, қачонки, эркак унинг кафтини тутиб, бармоқлари учидан ўпгандан сўнггина пайқади. Қошида ҳимоясиз сабий эмас, ростмана эркак киши чўзилиб ётганини, гўё шундан кейингина англагандай бўлди. Эркакнинг бу ўпичида меҳрталаб инсоннинг миннатдорчилигию тушуниксиз яна алланималар қоришиқ эди. Аввалига аёл бундан қаттиқ уялди, сўнг ранжиди. Қўлини илкис тортиб оларкан, ширин ниманидир йўқотгандай, унга ёмон қаради. Ўз навбатида, Қиличбек ҳам шуни сездики, хиёлгина ошиқча ҳаракати ёқимли тушдек лаззатли онни пароканда қилиши мумкин. У қўлини ошиғич кўрпа остига яшириб, аёлга мўлтираб боқди. Узр сўрагандай ғўлдиради.
— Яна нима гап? — деди аёл, ҳаддингиздан ошманг, дегандай.
— Ҳеч гап, — эркак қулт ютиниб, кўрпани иягига тортди. Кейин бу ётиши ўзига эриш туюлиб, ўрнидан турмоққа чоғланди-ю, устига азза-базза кўрпа ташлаган аёл бу ишидан хафа бўладигандек туюлиб, фикридан қайтди. Айвонда учиб қолган кезлари ўз аёли бу хил меҳрибончиликни хаёлига келтирмаслигини эслаб, ичдан ўксинди: — Ҳеч гап, Чаманой!
— Ҳеч гапга ўхшамаяпти-ку? — аёлнинг овози мулойимлашди.
Эркак аёлнинг боши узра шифтдаги номаълум нуқтага хаёлчан термуларкан, дардчил, ғоят дардчил оҳангда деди:
— Сен ўз отангга… ҳеч адоватла боққанмисан, Чаманой?
— Нималар деяпсиз?! — аёлнинг ранги-қути учди. — Ҳатто кўзига тик қарамаганман!
— Менга эса худди заҳарли илондай боқишади. — Эркак нигоҳини бошқа нуқтага олди. — Эрта-индин нодон тоғаларига қўшилиб, менга қўл кўтаришдан ҳам тойишмайди. Ўзимча тарбиялашга кўп уриниб кўрдим. Аммо ота деган жонивор ҳар икки гапнинг бирида лойга қорилиб турганидан кейин… Раҳматли қайнотам, сен бизга тўғри келмайсан деганда, мен аҳмоқ хафа бўлган эканман, етимлигимни назарда тутаяпти деб. Энди билсам, мен нодонни аяган экан. Муҳаббатдан кўзим кўр бўлиб, жоҳил тўдага интилган эканман. Мана энди, ўзим пиширган ошни айланиб, ўргилиб ичиб ётибман.

Аёл унинг “диёдиё”сини ёқтирмай бошини бурди. Ўзининг бу алфозда ўтириши-ю, эркакнинг бемалол чўзилиб ётиши энди таъсир қилгандай, айбни ундан қидиришга тиришди.
— Етим болаларга ҳадеб нарса ташийверсангиз, албатта хотинингизга ёқмайсиз-да, — деди.
— Қанақа нарса?! — эркакнинг нигоҳи тўсатдан оловланиб, устидан кўрпани итқитиб ташлади. — Болаларга олиб борадиганим топганимнинг бир урвоғи, холос. Гап нарсада эмас, нарса нима… У ердаги болалар мени қанчалик интиқ кутишини биласанми ўзи? Агар билганингда, бунақа гапирмасдинг! Мен Жаҳон гуппидай қўш-қўш иморат солмайман, Олим чиноқдай топганимни ўмганимга тортмайман, қайниларимдай хасис эмасман. Кучим етганча етимчаларнинг кўнглини овлайман! Шуларни биласанми сен ўзи? Қаердан ҳам билардинг, — эркак ўтирган жойида оғир сўлиш олади.. — Отанг қошингда, онанг доим биқинингда бўлган. Мен эса на отамни биламан, на онамни! Худди осмондан тушгандайман.
— Энди улар йўқ… — Аёлнинг кўзларида ёш халқаланди.
Улар бошларини эгганча жим туриб қолишди.

Аёл энди ўрнидан қўзғалмоқчи эди, эркак хижолатомуз оҳангда:
— Чаманой, агар қаттиқ гапириб юборган бўлсам, кечиргин, — деди. — Шу… сенга кичкина бир илтимосим бор. Бугун менга озгина қарз бериб турсанг. Кеча тундаги жанжал пайтида анави ёсуман чўнтагимда борини қоқиб олди. Сўрамасдим-у, лекин шу… ҳафта болалар уйига бир қизалоқ келтирилган. Кўзлари оҳуникидай катта-катта, ширингина қизалоқ. Шўрлик уззукун дарвозадан кўз узмай ўтиради. Бугун вақтим бор, ўша қизчага бирор нима обормоқчи эдим. Агар имконим бўлганида, уни ўзимга қиз қилиб олардим-у, ўзим уйимга сиғмай турибман-да. Фақат “йўқ” дема. Қўлимга пул тушиши билан қайтараман.

Аёл энди ўзига ёш боладай жовдираб қараб турган эркакни яхши кўриб қолганини дафъатан ҳис этаркан, бирдан юраги гупуриб, нафас олиши қийинлашди. Уни силаб-сийпагиси, ҳеч бўлмаса, кўйлагини ювиб бергиси келди. Бу телбанома истак шу қадар кучли эдики, Қиличбекнинг, лавлагидай қизариб, “йўқ-йўқ” дейишига қарамай, эгнидаги кўйлагини сидириб олди. Яғир пахталигига ўраниб, ўзига ҳанг-манг тикилиб қолган йигитга бир қараб қўйиб, ташқарига интиларкан, ошхонага етиб-етмай, қўлидаги кўйлакни димоғига олиб борди. Тўйиб-тўйиб ҳидлади. Эркак ҳидидан боши айланиб, тандир четига беҳол суяниб қолди.
Тўлғоной бақирганча дарвозани тепиб кириб келганида, кун аллақачон пешиндан оққан, аёл ҳовлида кундалик юмуш билан банд эди.

— Эримни йўлдан ураяпсанми, манжалақи!
Аёл негадир ундан ҳайиқмади. Шунингдек, қўни-қўшнилар олдида шарманда бўлишдан ҳам чўчимади. Бир тундаёқ энг азиз одамига айланиб улгурган инсонга беҳад азоблар бериб келаётган бу жувонга шу қадар ўтли нафрат билан қарадики, унинг башарасига эркакчасига мушт туширганини сезмай қолди.

Тўлғонойнинг тили, аёлнинг мушти зўр эди. Шаллақилиги билан қишлоқда донг чиқарган жувон Чаманойнинг зарбаларига бардош беролмай, охири ўзини кўчага урди. Кўп ўтмай оға-иниларини бошлаб келди. Уларнинг важоҳатига қараганда, Чаманойнинг тирик қолиши гумондек эди. Аммо аёл зиғирча довдирамади. Пўписага узилган биринчи ўқ дарвозанинг юқори тахтасини учириб юборди. Иккинчи ўқни узишга ҳожат қолмади. Тўда қандай келган бўлса, шундайлигича қорасини ўчирди.
Ўша кеч улар бор аламини Қиличбекдан олишди.

Аёлдан қарз олган пулига қўғирчоқ, бир талай ширинлик харид қилиб, оҳу кўзли қизалоқнинг кўнглини чоғлаб қайтган Қиличбек бу сафар қочишнинг эвини қилолмади. Ака-укалар уни думалатиб тепишди. Шунга қарамай, у барибир бир амаллаб қочиб қолди. Бу галги хужум Чаманой туфайли бўлгани боис, уникига кирмай, тўқайзорга бекинди. Ака-укалар обдон хумордан чиққан эмасми, уни ортиқ таъқиб қилиб ўтирмадилар.
Қоронғу тунда Қиличбекни аёлдан ўзга қидирувчи бўлмади. Чаманой уни ҳовлиси адоғидаги қалин буталар орасидан топди. Шу ердалигингизни кўнглим сезувди дея, ғамга чўмиб ўтирган йигитнинг бошини бағрига тортди.

Шу алфозда сўзсиз ва сассиз узоқ туриб қолишди.
— Сизга азоб берганларнинг барини отаман! — деди ниҳоят аёл тилга кириб. — Битта қўймай қираман!
— Умрингни хазон қилишга арзимайди улар, Чаманой! — деди эркак унинг қайноқ бағрида мумдек эриб. — Баъзан мениям шайтон қитиқлаб қолади. Доим бир илож қилиб ўзимни босаман. Муҳими, мен сени топдим, Чаманой! Бу азоблар бўлмаганида, сенга етмоқ қайда эди. Сени ўйласам, азобниям, оғриқларниям унутаман!
Чаманой кафтлари орасидаги бошни бағрига маҳкам босиб, уни ортиқ сўзланмоғига қўймади.
Эртаси қизи оғриб қолганини баҳона қилгани кирган сингил уйдан Чаманойни тополмади. У гўё қўшниникига бирровга чиққандек, эшик ва дарвоза қия очиқ эди. Бироқ бу хонадонда нимадир рўй берганини жувоннинг кўнгли дарров сезди. Эшик-тешикка бош суқиб, кийим жавоннинг бўшлигини кўрди. Лекин қолган ҳамма нарса жой-жойида эди. У ҳовлиқиб қўрага ўтди. Моллар тугал, негадир бўш қўйилган бузоқлар оналарини эмаверганиданми, қоринлари дўмбирадек шишиб кетганди.

Қўрадан лолу ҳайрон чиққан жувон ҳовлида бақироқ Тўлғоной билан ҳудуд нозирига дуч келди. Бетиним қарғанаётган Тўлғонойнинг гап-сўзларидан шуни англадики, тунда опаси унинг эри билан қочибми, бош олибми кетибди. Бироқ бу хабардан жувон унчалик қайғурмади. У эгасиз қолган ҳовли-жой ва мол-ҳолнинг ташвишига тушган, бу ҳақда тезроқ эрига хабар етказишни ўйларди.

Ҳудуд нозири аёлларнинг гап-сўзларига эътибор бермай, хоналарни бирма-бир синчков кўздан кечираркан, норози оҳангда тўнғиллади.
— Опам тушмагур “эри”ниям ўзи билан олиб кетибди-да.
— Қанақа эр? — Тўлғоной баланд овозда бобиллаб берди. — Нега энди у шум етим унга эр бўларкан! Ҳали у хотинбоз қўлимга тушсин, суякларини битталаб синдираман!
Ҳудуд нозири пешонасини тириштириб, ўзича минғирлаб қўйди.

— Илойим, ҳеч қачон қўлингга тушмасин!
Чамаси, Тўлғоной қўшни кампир етказган хабарни ҳали-ҳануз тўла идрок этмаганди. Яроғли аёлдан чўчиб, ҳудуд нозирини эргаштириб келаркан, эрини Чаманойнинг қўйнидан ёки уйининг бирор бир бурчагидан топишига имони комил эди. Ва қачонки кўзи бўш жавонга тушгачкина, не воқеа юз берганини англади. Аламидан бақириб йиғлаб юборди. Қолган иккиси эса унинг дардига бутунлай бефарқ — ҳудуд нозири Қиличбекнинг бу балодан қутулганига, сингил эса шунча молу давлат ёлғиз ўзига қолаётганидан мамнун эди.
Тўлғоной эса “қочоқ”ларнинг гўрига ғишт қалаб, қишлоқни бошига кўтарарди.

Normurod Norqobilov. Zangori ko’l. Hikoyalar

хдк

(Tashriflar: umumiy 537, bugungi 1)

Izoh qoldiring