Anton Chexov. Ko’ngilsizlik

099

    Доктор касалларни энди кўра бошлаган эдики, бемаъни бир нарса жуда шубҳали бўлиб кўринди, масалан: фелдшернинг нимчаси қат-қат букланиб қолган бўлиб, қайта-қайта тортиб, силаб қўйса ҳам, диккайиб тураверди. Унинг ғижимланган сарочкаси ҳам шунақа диккайиб тирарди; узун қора камзулида, чалворида ва ҳатто галстугининг у ер бу ерида оқ пар кўриниб турарди…

Антон Павлович Чехов
КЎНГИЛСИЗЛИК
Аҳмад Алиев таржимаси
01

08    Буюк рус ёзувчиси Антон Павлович Чехов Таганрог шаҳрида дўкондор оиласида туғилиб ўсди. Чехов гимназияни тамомлагач, Москва университетининг тиббиёт факультетига ўқишга киради, тирикчилик учун ҳажвий ҳикоялар ёзади. Ёзувчи ўқишни тамомлаб, уезд врачи бўлиб ишлаётган даврда машҳурлик пағонасига кўтарилди. 1890 йиллари Чехов Россиядаги энг кўп мутоала қилинаётган ёзувчига айланди. У ҳар бир одамга тушунарли бўлган оддий тилда ижод қилди. Чеховнинг энг машҳур асарлари орасидан « № 6 палата», «Анна», «Кучук етаклаган аёл» ҳикоялари ва «Чайка», «Ваня амаки», «Уч опа-сингил» пьесалари ўрин олган. Буюк ёзувчи 1904 йил оламдан ўтди ва Москванинг Новодевичье қабристонига дафн этилди.

01

Земство врачи Григорий Иванович Овчинников ўттиз беш ёшларга борган озғин ва асабий киши бўлиб, ўртоқлари орасида ўзининг медитсина статистикаси бобидаги андак ишлари ва «маиший масала» деб аталган нарсага муккасидан кетганлиги билан машҳур эди. Бир куни у эрталаб палаталарни обход қила бошлади. Врач орқасидан, одатдагидек унинг фелдшери, кексайиб қолган, юзлари лўппи, мойланган сочлари силлиқ таралган, қулоғига зирак таққан Михаил Захарович эргашиб борарди.

Доктор касалларни энди кўра бошлаган эдики, бемаъни бир нарса жуда шубҳали бўлиб кўринди, масалан: фелдшернинг нимчаси қат-қат букланиб қолган бўлиб, қайта-қайта тортиб, силаб қўйса ҳам, диккайиб тураверди. Унинг ғижимланган сарочкаси ҳам шунақа диккайиб тирарди; узун қора камзулида, чалворида ва ҳатто галстугининг у ер бу ерида оқ пар кўриниб турарди… Чамаси фелдшер бугун кечаси ечинмасдан ётгану шундай туриб, жилеткасини тортиб-тортиб текислаб, галстугини тўғрилаб келаверган. Унинг ҳаракатидан кийими сиқиб турганга ўхшарди.

Доктор унга тикилиб разм солди-ю, аҳволини тушунди. Фелдшер гандиракламас, саволларга равон жавоб берар, лекин унинг бадқовоқ, карахт юзи, нурсиз кўзлари, бўйни ва қўлларининг қалтираб туриши, кийимининг ғижимлангани, ҳаммадан ҳам, зўр бериб ўзини тутиб туришга уриниши ва ўз аҳволини яшириш учун қилаётган ҳаракатлари — унинг ҳозиргина ўрнидан турганидан, уйқуга тўймаган ва маст эканидан, кечадан буён маст эканидан дарак берарди… У ичкилик «жабрини» тортар, афтидан, қилмишига жуда пушаймон эди.

Фелдшерни хуш кўрмайдиган ва бунинг учун сабаб топиб қўйган доктор: «Кўриб турибман, сиз мастсиз!» демоқчи бўлди-ю, бироқ фелдшернинг нимчаси, рўдапо камзули, сергўшт қулоғида осилиб турган зираги жуда ҳунук кўриниб кетди-да, ўзини босиб олиб, ҳар қачонгидай юмшоқ ва мулойимлик билан:
— Герасимга сут бердингларми? — деди.
— Бердик… — деб жавоб берди Михаил Захарич ҳам юмшоққина.

Доктор бемор Герасим билан гаплаша туриб ҳарорат варақасига назар солди-ю, фиғони чиқиб кетдн; кейин қаттиқ гапириб юбормаслик учун нафасини ичига олиб турди, бироқ тоқати тоқ бўлиб, бўғилиб кетди ва дағаллик билан сўради:
— Нега ҳарорати ёзилмай қолди?
— Йўғ-э, ёзилгандир! — деди мулойимгина қилиб Михаил Захарич, лекин варақага кўз югуртириб, чиндан ҳам ҳарорат ёзилмаганига ишонч ҳосил қилгач, каловлаб, елкасини қисиб, минғиллади: — билмадим, буни ҳалиги, Надежда Осиповка…
— Кеча кечқурунгиси ҳам ёзилмаган! — деб сўзида давом этди доктор. — Нуқул пиянисталик қилиш билан оворасиз, жин урсин сизни. Ҳозир ҳам ўлардай мастсиз! Надежда Осиповна қани?

Акушерка Надежда Осиповна палатада йўқ, у ҳар куни эрталаб перевязка вақтида қатнашар эди. Доктор атрофига разм солган эди, палата йиғиштирилмаган, ҳамма нарса чочилиб ётибди, лозим бўлган ишлардан биронтаси қилинмаган, ҳамма нарса худди фелдшернинг жирканч нимчасидай ифлос эди; у устидаги оқ фартугини шартта ечиб, бақириб, уришиб, туфлаб чиқиб кетгудай бўлди-ю, лекин базўр ўзини босиб, обходни давом эттирди.

Доктор Герасимдан кейин, ўнг қўли бутун яллиғланган касалга қаради. Унга перевязка қилиш керак эди. Доктор унинг олдидаги табуреткага ўтириб, қўлини кўра бошлади.

«Мана шу, булар кеча именинада маишат қилишган… — деб ўйлади у секин ўровни оча туриб. — Тўхтаб туринглар, имениналарингни чиқариб қўяман! Зотан мен нима ҳам қила олардим? Қўлимдан ҳеч нарса келмайди».

Доктор қип-қизил, бўртиб ётган қўлнинг йиринглаган ерини босиб кўриб:
— Скалпел![1] —деди.

Ўзини бардам ва бемалол ишга ярайдиган ҳолатда қилиб кўрсатишга уринаётган Михаил Захарич ирғиб ўрнидан туриб, дарров скалпелни узатди.
— Буни эмас! Янгисидан олиб беринг, — деди дожтор. Фелдшер йўрғалаб бориб, перевязка анжомлари солинган яшик турган стулни титкилаб қолди. У, касал боқувчи аёл билан алланималар деб шивир-шивир қилди, стулдаги яшчикни ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа сурди, нарсаларини шитирлатди, икки марта ниманидир тушириб юборди. Доктор эса қараб ўтирарди, шивир-шивир ва шақир-шуқурдан асаби қаттиқ қўзғалиб кетганини сезиб турарди.
— Қани? — деб сўради у. — Пастда крлдириб чиққандирсиз…

Фелдшер югуриб докторнинг олдига келди-да, иккита скалпел узатаркан, ўзини четга олмай, докторга қараб дам урди.
— Булар эмас! — деди доктор асабийлашиб. — Мен сизга рус тилида гапиряпман, янгисидан беринг. Ҳа, боринг, бир ухлаб, ўзингизга келиб олинг, сиздан қовоқхона ҳиди келяпти! Эсингизни еб қўйибсиз!
— Сизга яна қанақа пичоқ керак? — деб сўради фелдшер асабий бир ҳолда ва секин елкасини қисиб қўйди.

Унга бутун касаллар ва касал боқувчи аёллар тикилиб тургани алам қилди ва уялиб кетди, ўзининг уялганини билдирмаслик учун зўрма-зўраки кулиб туриб, яна такрорлади:
— Сизга яна қанақа пичоқ керак?

Докторнинг кўзлари ёшланиб, бармоқлари титраб кетди. У ўзини базўр тутиб, титроқ овоз билан сўзлади:
— Боринг, бир ухлаб олинг! Мен маст одам билан гаплашишни истамайман…
— Сиз мени иш юзасида жазолашингиз мумкин, — деди фелдшер, — хўш, мен, айтайлик, башарти ичган бўлсам, буни писанда қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ахир мен ишлаяпманми? Сизга яна нима керак! Ишлаяпманми, ахир?

Доктор ирғиб турди-да, ўйламай-нетмай кучининг борича қулочкашлаб фелдшернинг башарасига тушириб қолди. У, нима учун шундай қилаётганини ўзи тушунмас, лекин мушти бориб худди башарага теккани, ва туппа-тузук, басавлат, бола-чақали, тақводор, ўз қадрини биладиган бир одам гандираклаб, коптокдай сакраб бориб табуретда ўтириб қолганидан жуда ҳузур қилди. У астойдил, яна бир марта урмоқчи эди-ю, лекин, жирканч вужуд қаршисида ранги қув ўчиб қўрқиб ўтирган касал боқувчи аёлни кўриб, бу ҳузуридан кечди ва қўл силкиб, палатадан югуриб чиқиб кетди.

Ҳовлида унга Надежда Осиповна дуч келиб қолди; йигирма етти ёшларга борган, оқ сариқдан келган, сочлари пахмоқ бу қиз касалхонага келаётган эди. Пушти ранг чит кўйлагининг этаги жуда тор бўлганидан қадамини жуда майда босарди. У кўйлагини шилдиратиб, худди ичида бир шўхчан қўшиқни куйлаб кетаётгандай ҳар қадам босганида кифтини қоқиб, бошини чайқарди.

«Аҳа, Русалка!» деб қўйди доктор ичида; касалхонадагилар бу акушеркага шу лақабни қўйиб олишганди. Мана ҳозир ўзига зеб берган бу бедана қадам олифтани узиб оламан, деб хурсанд бўлиб кетди.

Доктор унинг ёнига бориш билан:
— Қаёқда йўқолиб юрибсиз? — деб бақирди. — Нега касалхонада кўринмайсиз? Ҳарорат ёзилмаган, ҳамма ёқ бетартиб, фелдшер маст, ўзингиз соат ўн иккигача ухлаб ётибсиз!.. Марҳамат қилиб жойингизни топинг! Энди сизга бу ерда иш йўқ!

Доктор уйга келиши билан устидаги оқ фартукни ва белбоғ қилиб олган сочиқни жаҳл билан юлиб олиб, бурчакка улоқтирди-да, кабинетда у ёқдан бу ёққа юра бошлади.
— Е тавба, булар қанақа одамлар ўзи-а, қанақа одамлар! — деб қўярди у. — Булар ёрдамчи эмас, ишбузармонлар! Энди ишга дармон қолмади! Тоқат тугади! Бу ердан кетаман!

Унинг юраги дукиллар, бутун вужуди қалтирар, ўпкаси тўлиб, ҳатто йиғлагиси келарди, яна шу ҳолатдан қутулиш учун у фелдшерни уриб жуда яхши иш қилганини ва бунда тамом ҳақли эканини ўйлаб, ўзига-ўзи тасалли бера бошлади. Ҳаммадан ҳунуги шуки, деб ўйларди доктор: фелдшер касалхонага ўзидан-ўзи келиб қолган эмас, уни земство маҳкамаси раисиникида энага бўлиб юрган холаси далолат қилган эди (бу муътабар холаси даволаниш учун келиб, касалхонада ўзини худди уйидагидай тутиши, яна навбатсиз қабул қилинишини талаб этиши алам қилади). Фелдшернинг интизоми бузуқ, билими кам, билган нарсасини ҳам бутунлай тушунмайди. У доим маст, қўрс, қўли эгри, касаллардан пора олади, касалхона дориларини ўғринча сотиб юради. Яна шуниси ҳам ҳаммага маълумки, унинг ўзи касалларни боқади ва мешчан ёшларининг махфий касалларини даволайди, бунинг устига ўзи топган аллақандай дориларни ишлатади. Бу шунчаки муттаҳам бўлса майлийди, унақалар кўп, бироқ бу ўзига ишонган ва зимдан кемирадиган муттаҳамлардан. У, қатнаб даволанадиган касалларга доктордан яширинча банка қўяди, уларга қон қуяди, оператсияга қўлини ювмасдан келади, яраларни ҳамиша ифлос зонд[2] билан кавлайди, докторлик медитсинасидан, илмидан ва эътибор талаблигидан қаттиқ ва таптортмай нафратланаётганини тушуниш учун шунинг ўзи кифоя.

Доктор бармоқларининг қалтироғи босилгунча кутиб турди-да, кейин столга ўтириб, маҳкама раисига хат ёзди: «Ҳурматли Лев Трофимович! Агарда мазкур хатни олиш билан маҳкамангиз фелдшер Смирновскийни бўшатиб ва менга ўз ёрдамчиларимни ўзим танлаш ҳуқуқини бермаса, унда мени бундан буён Н касалхонасининг врачи деб ҳисобламаслигингизни (пушаймон қилмайман, албатта) ва ўрнимга бошқа киши топиш тўғрисида ғамхўрлик қилишингизни сўрашга мажбурман. Любов Федоровна ва Юсга мендан салом. Ҳурмат билан Г. Овчинников». Доктор бу хатни ўқиб чиқиб, уни жуда қисқа ва бўш ёзилган деб топди. Бунинг устига, ишга тааллуқли, расмий хатда Любов Федоровна ва Юсга (раиснинг кичик ўғлини шундай деб эркалатишарди) салом айтиш мутлақо ўринсиз эди.

«Бу ерда Юсга бало борми?» деб қўйди ичида доктор ва хатни майда-майда қилиб ташлаб, яна қайтадан бош қотириб қолди. — «Мухтарам жаноб…» деб ўйлади очиқ дераза олдида ўтириб ташқарига қараркан; шу чоқ ташқарида бир тўда ўрдаклар болаларини эргаштириб лапанглашиб ва қоқила-суқила ҳовуз томонга югуришаётган эди; битта ўрдак боласи йўлда аллақандай бир ичакни топиб олди-да, ютолмай, қаттиқ чийиллаб юборди; кейин бошқаси югуриб бориб, унинг оғзидаги ичакни тортиб олди, у ҳам ютолмади… Ҳу нарида, девор олдида, ёш липа дарахтлари олачалпак соя ташлаб турган ўтлоқда ошпаз хотин Даря имирсиб юриб, шўрвага солиш учун шовил термоқда… Ҳар хил овозлар эшитиларди… Қўлида юганчасини ушлаб турган извошчи Зот билан кир фартук кийиб олган касалхона хизматчиси Мануйло иккаласи сарой олдида туриб, бир нарсаларни гаплашиб кулишарди.

«Улар фелдшерни урганим тўғрисида гаплашяпти… — деб ўйлади доктор. — Бу жанжални шу бугуноқ бутун уезд биладиган бўлди… Шундай қилиб: «Муҳтарам жаноб! Агар сизнинг маҳкамангиз фелдшер Смирновскийни…»

Докторнинг шунга ишончи комил эдики, маҳкама ҳеч қачон уни фелдшерга алишмайди ва бутун уездда битта фелдшер қолмаган тақдирда ҳам Овчинниковдай эътиборли одамдан ажралишга рози бўлмайди. Эҳтимол, Лев Трофимович бу хатни олиши билан уч отлик извошга ўтиради-ю, ғириллаб докторнинг олдига келади-да, айтади: — Эй отахон, нималар деяпсиз? Ўзи нима гап, азизим? Худо хайрингизни берсин! Хўш? Бу қандай бўлди? Қани у? Фирибгарни бу ёққа келтиринг! Ҳайданг! Албатта ҳайдаб юборинг! У ифлоснинг эртагаёқ бу ерда нишони кўринмасин!» — кейин у доктор билан бирга обед қилади, обеддан кейин эса манави малина ранг диванда чалқанча ётади, юзини газета билан бекитиб, хуррак отади; уйқидан тургач, чой ичади-да, кейин докторни уйига олиб кетиб шу кеча олиб қолади. Ниҳоят, пировардида шундай бўладики, фелдшер ҳам касалхонада қолади, доктор ҳам истеъфо бермайди.

Доктор эса кўнглида воқианинг бундай тамом бўлишини истамасди. У, фелдшернинг холаси ютиб чиқишини ва шу билан маҳкама, унинг саккиз йиллик ҳалол хизматига ҳам қарамасдан, сўзсиз ва ҳатто жон-дил билан истеъфосини қабул қилишини истарди. У, ўзи ўрганиб қолган касалхонасидан қандай кетишини, «Врач» газетасига хат ёзишини, уни ўқиб ўртоқлари ачиниб қандай номалар ёзишини ўйлаб кетди…

Йўлда Русалка кўриниб қолди. У бедана юриш билан кўйлакларни шилдиратиб, ойна олдига келди-да, сўради:
— Григорий Иванович, касалларни ўзингиз қабул қиласизми, ёки ўзлари қабул қилишаверсинми?

Қизнинг кўзлари гўё: «Сен қизишиб кетган эдинг, лекин энди ўзингга келдинг, мана ҳозир уялиб ўтирибсан, аммо мен мардлик қилиб бунга парво қилаётганим йўқ» деяётгандай эди.
— Яхши, мен ҳозир бораман, — деди доктор.

У яна фартугини кийди, белини сочиқ билан боғлади-да, касалхонага жўнади.

«Уни ургандан кейин, чиқиб кетганим ёмон бўлди… — деб ўйлади доктор, йўл-йўлакай. — Худди мен изза бўлгандай, ёки қўрққандай бўлиб чиқди… Ёш боладай бўлиб қолдим… Жуда ноқулай бўлди-да!»

Докторнинг назарида палатага кирганда касаллар унга қарашга ҳижолат тортади-ю, ўзи ҳам уялиб кетадигандай туйилди; лекин у касалхонага кирганда касаллар кроватларида жимгина ётишаверди, унга унча эътибор ҳам беришмади. Сил бўлиб ётган Герасимнинг юзида бутунлай бепарволик акс этар ва гўё: «У сени оёқ ости қилолмади, сал эс-ҳушига келтириб қўйдинг… Бусиз иложи йўқ, азизим» деяётгандай бўларди.

Доктор, қип-қизил бўртиб ётган қўлнинг икки еридан йиринг топди-да, унга повязка қўйди, кейин хотин-қизлар бўлимига борди, у ерда бир хотиннинг кўзини оператсия қилди, Русалка докторга эргашиб юриб, гўё орада ҳеч нарса ўтмагандай, бемалол унга ёрдамлашиб тураверди. Обходдан сўнг қатнаб боқизадиган касалларни қабул қилиш бошланди. Докторнинг кичкинагина қабулхонасида деразалар ланг очиқ эди. Дераза токчасига ўтириб, хиёл эгилиб қараса, бир оз наридаги кўм-кўк майсани кўриш мумкин эди. Кеча кечқурун момоқалдироқ билан қаттиқ жала қуйгани учун ўтлар бир оз эгилиб, ялтираб турарди. Хиёл нарироқда сойга борадиган сўқмоқ йўл худди ювилгандай ва икки томонида сочилиб ётган синиқ-мертик дори шишалари ҳам худди ювилгандай, қуёш нурида товланиб, кўзни қамаштиргудай ялтираб ётарди Сўқмоқ йўлнинг нарироғида кўк либосга ўралган ёш арчалар тизилишиб кетган, ундан нарида таналари қоғоздай оппоқ қайинлар турибди, шамолдан енгилгина силкиниб турган кўм-кўк қайин шохлари орасида эса бепоён мовий осмон кўриниб туради. Қараб турсанг, сўқмоқ йўлда дикиллаб юрган чуғурчуқлар гоҳ ойна томонга тумшуғини буриб: қўрқсакмикан ё йўқми? деб ўйлаб қолишар ва қўрқиб, бирин-кетин чуғуллашиб, худди доктор учолмаётгани учун уни юпатаётгандай тепасидан ўтиб, оқ қайинларнинг учига чиқиб кетишарди…

Иодоформнинг аччиқ иси орасидан баҳорнинг соф ва хушбўй ҳиди сезилиб турарди… Ҳаво қандай яхши! Нафас олиш енгил.
— Анна Спиридонова! — деб чақирди доктор. Қабулхонага қизил кўйлакли ёшгина жувон кирди-да, иконага қараб чўқиниб қўйди.
— Қаерингиз оғрийди? — деб сўради доктор. Жувон бир оз ҳадиксираб, ўзи кириб келган эшикка кўз қирини ташлаб қўйди-да, кейин аптекага чиқадиган эшик олдига, докторга яқинроқ келиб туриб:
— Бўйимда бўлмаяпти! — деб шивирлади.
— Яна ким ёзилмай қолди? — деб қичқирди аптекадан Русалка. — Келиб ёзилинглар!

Доктор жувонни кўраётиб ўйлар эди: «у шунинг учун ҳам ҳайвонки, умрида биринчи марта мени мушт уришга мажбур қилди. Мен онадан туғилиб уришмаган эдим».

Анна Спиридонова кетди. Ундан кейин бемаъни бир касал билан оғриган чол, сўнгра қўтир бўлган бир хотин уч боласи билан кириб келди, иш бошдан ошиб кетди. Фелдшер мутлақо кўринмади. Эшик орқасидаги аптекада кўйлагини шилдиратиб ва идишларни жаранглатиб, бидир-бидир қилиб Русалка юрарди; у оператсияга қарашаётганда ҳам, ретсепт олиш учуи қабулхонага кириб қолганда ҳам, ўзини ишлар жойида дегандай тутарди.

«Мен фелдшерни урганимга у жуда хурсанд бўлса керак, — деб ўйлади доктор, акушерканинг овозига қулоқ солиб. — Ахир фелдшер иккаласи ит-мушук эди-да, агар уни бўшатиб юборишса, Русалкага байрам бўлади. Касал боқувчи аёллар ҳам, хурсандга ўхшайди… Ўзи ҳам жуда расво одам-да!»

Қабул маросимининг энг қизғин пайтида докторнинг назарида акушерка ҳам, касал боқувчи аёллар ҳам, ҳатто касаллар ҳам ўзларини жўрттага бепарволикка солиб, қувноқ кўрсатишга урунаётгандай эди. Улар гўё докторнинг хижолат тортаётганини билардилар, аммо сиполик қилиб ўзларини билмасликка солардилар. Доктор ҳам ўзини мутлақо хижолат тортмаётган қилиб кўрсатмоқчи бўлиб, жаҳл билан қичқириб:
— Ҳой, ким бор! Эшикни ёпинг, уй ғуриллаб кетди! — деди.

Аслида доктор ҳижолат тортар ва қийналар эди. У, қирқ бешта касални қабул қилиб, касалҳрнадан аста-секин чиқди. Акушерка бу орада уйга бориб, лола ранг рўмолчасини елкасига солиб, оғзида папирос, пахмоқ сочига гул тақиб шоша-пиша қаёққадир жўнамоқда эди; практикага ёки меҳмонга бораётган бўлса керак. Касалхона остонасида касаллар ўзларини офтобга солиб, жимгина ўтиришарди. Чуғурчиқлар боягидай чуғурлашиб, қўнғизларни қувиб юришарди. Доктор атрофга қараб ўйлаб қолди: мана шу бир зайил, тинчгина ҳаётда фелдшер билан унинг ҳаёти, худди фортопянода бузилиб қолган иккита клавишдай ажралиб, ҳеч нарсага яроқсиз кўринар эди. Фелдшер ҳозир ухлагани ётгандир, лекин ўзининг айбдорлиги, таҳқир этилганлиги ва иш жойидан маҳрум қилинганини ўйлайвериб, уйқиси келмаётган бўлса керак. У қийин аҳволда. Ахир, илгари ҳеч кимга қўл текизмаган доктор ҳозир ўзини назокатдан бутунлай маҳрум бўлгандай сезмоқда-ку. Энди у ҳозир фелдшерни айблаётгани ва ўзини оқлаётгани йўқ, фақат ҳайрон қоляпти: ўзи қанақа иш бўлди бу. Умрида бирорта итни ҳам урмаган, туппа-тузук одам фелдшерни урса-я! Ўз квартирасига келгач, кабинетга кириб, диванга ётди-да, суянчиғига ўгирилиб олиб, ўйлаб кетди:

«У-ку, мазаси йўқ, ишга зарар берадиган одам; у ишлаётгандан буён ўтган уч йил мобайнида роса қоним қайнади, лекин бари бир менинг қилмишларимни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Мен кучли одам ҳуқуқидан фойдаландим. У менга қарашли одам, гуноҳкор ва бунинг устига маст, мен бўлсам, унинг бошлиғи, ҳақли ва ҳушёрман… Демак мен кучлироқман. Иккинчидан, мен уни, ўзимни эътиборли деб ҳисоблайдиган одамлар олдида урдим ва шундай қилиб, мен уларга энг ярамас қилиғимни кўрсатдим…»

Докторни обедга чақиришди… У шчидан бир неча қошиқ ичди-да, ўрнидан туриб, яна диванга ётди.

«Энди нима қилиш керак? — деб ўйлади яна у. — Уни иложи борича тезроқ кўнглини олиш керак… Бироқ қандай йўл билан? Тадбирли одам бўлгани учун дуелни у аҳмоқлик деб билади ёки тушунмайди. Борди-ю, анави, ўша палатанинг ўзида касал боқувчи аёллар ва беморлар олдида афв сўрасам, бу нарса уни эмас, фақат ўзимни қаноатлантиради, у ярамас одам менинг афв сўрашимни устимдан бошлиқларга шикоят қилмасин деб қўрқяпти, деб тушунади. Бунинг устига менинг афв сўрашим, пировардида касалхона интизомини бўшаштириб юборади. Унга пул таклиф қилиб кўрсаммикан? Йўқ, бу ахлоқсизлик бўлади ва порага ўхшаб қолади. Агар, ҳозир, айтайлик, масалани ҳал қилиш учун ўзимизнинг бевосита бошлиғимизга, яъни маҳкамага мурожаат қилсак-чи… Маҳкама менга виговор бериши, ёки ишдан бўшатиб юбориши мумкин… Бироқ у бундай қилмайди. Ҳа, ундан кейин, касалхонадаги хусусий ишларга маҳкаманинг аралашиб юриши унча келишмайди ҳам, дарвоқи, бунга ҳеч қандай ҳақи ҳам йўқ-да, ахир…»

Обеддан сўнг уч соатдан кейин доктор чўмилгани ҳовузга кета туриб ўйлади:

«Шунақангги аҳволлар рўй бериб қолганда бошқа одамлар нима қилса, мен ҳам шундай қилаверсам-чи? Яъни, майли у мени судга берсин. Мен сўзсиз айбдорман, ўзимни оқлаб ҳам ўтирмайман ва судя мени қамоққа ҳукм қилади. Шундай қилиб, таҳқирланган одам қаноатланади ва мени эътиборли деб билган кишилар олдида мен ҳақсиз бўлиб чиқаман».

Мана шу ғоя унга маъқул тушди. У хурсанд бўлиб кетди ва гўё ҳамма иш жойида, масала ҳал бўлди, сўнгра масаланинг бундан кўра адолатлироқ ҳал бўлиши мумкин эмас, деб ўйлади.

«Хўш, жуда соз-да! — деб ўйлади доктор сувга тушаётиб ва ундан чўчиб гала-гала қочаётган майда тилла товон балиқларни томоша қилиб туриб. — Берса бераверсин… Қайтага унга шуниси қулай, чунки бизнинг хизмат муносабатимиз аллақачон узилиб бўлди ва шунча жанжалдан кейин, бари бир, иккаламиздан биримиз касалхонадан жўнашимиз керак…»

Кечқурун доктор ҳарбий бошлиқ олдига бориб қарта ўйнаб келиш учун арава қўшишга буйруқ берди.

У палтосини, шляпасини кийиб, йўлга бутунлай тахт бўлган ва кабинет ўртасида туриб қўлқопини кияётган эди, кўча эшик ғийқ этиб очилди-да, кимдир секингина даҳлизга кирди.
— Ким бу? — деб сўради доктор.
— Менман… — деб секин жавоб берди кирган одам. Докторнинг бирдан юраги дукиллаб, уялганидан ва аллақандай тушуниб бўлмайдиган қўрқувдан унинг этлари увишиб кетди. Фелдшер Михаил Захарич (келган киши шу эди) секингина йўталиб қўйди-да, қўрқа-пуса кабинетга кирди. Бир оз жим тургандан сўнг у, айбдор кишидай паст овоз билан деди:
— Мени кечиринг, Григорий Иванич!

Доктор саросимага тушиб, нима дейишини билмай қолди. Фелдшер христианларга хос бўйсуниш билан ҳақорат қилувчини яксон этиш мақсадида оёғига бош уриб афв сўрагани келмаганини доктор билди. Фелдшер: «Ўзимни босиб туриб, афв сўрайман, шояд мени ҳайдаб, еб турган нонимдан маҳрум этмаса…» деб келган эди. Инсон қадри-қиммати учун бундан кўра ҳақоратлироқ нарса борми?
— Кечиринг… — деб такрорлади фелдшер.
— Менга қаранг… — деб гап бошлади доктор, унга қарамасликка тиришиб ва ҳамон нима дейишини билмасдан. — Менга қаранг… мен сизни ҳақорат қилдим, бунинг учун… бунинг учун жазоимни тортишим, яъни сизни қаноатлантиришим керак… Дуелни сиз инобатга олмайсиз… Рост, буни мен ўзим ҳам инобатга олмайман. Мен сизни ҳақоратладим, энди сиз… менинг устимдан судяга шикоят қилишингиз мумкин ва жазоимни тортаман… Бу ерда иккимизнинг қолишимиз мумкин эмас… Иккимиздан биримиз, кетишимиз керак! («Ё тавба! Мен унга бунақа демоқчимасдим-ку! — хавфсираб кетди доктор. — Тентаклик бу, тентаклик!») Хуллас, арзнома беринг! Энди биз бундан буён бирга ишлай олмаймиз!.. Ё мен турай ё сиз… Эртагаёқ беринг!

Фелдшер докторга хўмрайиб қараган эди, унинг қоп-қора, хира кўзларида зўр нафрат ифодаси чақнаб кетди. У ҳамиша докторни сўзда бор-у, ишда йўқ, инжиқ бир ёш бола деб ҳисобларди, ҳозир эса унинг титраб-қақшаши ва пойинтар-сойинтар гапиришлари фелдшернинг нафратини қўзғатиб юборди…
— Бераманам-да, — деди у жаҳл билан қовоғини солиб.
— Ҳа, беринг-да!
— Хўш, сиз нима деб ўйловдингиз? Бермайди дебми? Бераманам-да… Сизнинг уришга ҳақингиз йўқ. Бундай уялсангиз ҳам гўрга эди-я! Одатда фақат маст мужикларгина муштлашади, сиз маълумотли одамсиз-а, яна…

Докторнинг қалбидаги бутун ғазаби тўсатдан оловланиб кетди-ю, бирдан бақириб юборди:
— Жўнанг, бу ердан!
— Фелдшер турган жойидан истар-истамас қўзғалди (у худди яна бирор нима демоқчига ўхшарди), даҳлизга чиқиб кетди-да, ўша ерда хаёл суриб қолди. Кейин, алланимани ўйлаб бўлгач, кескин қадам билан чиқиб кетди…
— Қандай тентаклик, қандай тентаклик-а! — деб ғўлдиради доктор у кетиши билан. — Ҳаммаси тентаклик ва бемаънигарчилик!

У ҳозир фелдшерга худди ёш болаларча муомала қилганлигини сезди ва шуни ҳам тушуниб қолдики, унинг суд ҳақидаги ўйлаганлари масалани ҳал қилиш эмас, қайта чигаллаштириб юборди.

«Қандай тентаклик қилдим-а! — деб ўйлади у шарабанга чиқаётиб ва ундан кейин ҳарбий бошлиқ билан қарта ўйнаб туриб. — Наҳотки мен шу қадар кам маълумотли бўлсам ва ҳаётни шу қадар кам билсам, мана шу оддийгина бир масалани ҳал қилишга ҳам қурбим етмаса? Хўш, нима қилиш керак?»

Эртасига эрталаб доктор, фелдшернинг хотини қаёққадир бормоқчи бўлиб, аравага чиқаётганини кўриб қолди-да: «Ана, холажонларига кетяптилар. Бораверсин!» деди ичида.

Касалхона фелдшерсиз обход қилинди. Маҳкамага ариза ёзиш керак эди-ю, лекин доктор хатнинг формасини ҳали ҳам ўйлаб ололмаган эди. Эндиги хатнинг мазмунидан: «Гарчи, айбдор у эмас, мен бўлсам ҳам, фелдшерни бўшатиб юборишингизни сўрайман» деган маъно чиқиши керак. Ахир дурустгина одамни уятга қолдирмай бу мазмунни баён қилишнинг иложи йўқ-ку.

Орадан икки-уч кун ўтгач, фелдшернинг Лев Трофимович олдига бориб шикоят қилгани тўғрисида докторга хабар беришди. Раис уни бир оғиз ҳам гапиртирмасдан, депсиниб: «Мен сени биламан! Йўқол! Гапингни ҳам эшитмайман!» деб сўкиб чиқариб юборибди.

Фелдшер Лев Трофимовичнинг олдидан чиқиб тўғри маҳкамага боради, ва у ерда тарсаки егани тўғрисида миқ этмасдан ҳамда ҳеч нарса сўрамасдан туриб, доктор менинг ҳузуримда маҳкамани ва раисни бир неча бор сўкди, касалларга ҳам яхши қарамайди, участкаларга борганда ҳам чалакам-чатти иш қилади ва ҳоказо деб, иғво тарқатади. Буларни эшитгандан кейин доктор кулиб юборди ва «Оббо аҳмоқ-эй!» деб қўйди ичида. Доктор ҳам хижолат тортар, ҳам фелдшернинг тентаклигига ачинар эди; киши ўзини муҳофаза қилиш учун қанча кўп бемаънигарчилик қилса, шунча ночор ва заифлигини кўрсатади.

Роса уч ҳафтадан кейин эрталаб доктор суддан повестка олди.

«Бу энди ўтакетган бемаънигарчилик… — деб уйлади у повесткани олишга қўл қўя туриб. — Бундан кўра бемаънироқ нарсани ўйлаб ҳам топиб бўлмайди».

У судга кетаётган куни эрталаб ҳаво булут ва осойишта эди; доктор шу пайтда уялмади, унга алам қилди ва таъби жуда хира бўлди. У, ўзидан ҳам, фелдшердан ҳам, бутун вазиятдан ҳам диққат бўлиб…

«Судда тўппа-тўғри шундай дейман, — деди жиғибийрони чиқиб, — бу ердан йўқолларинг, жин урсин сизларни! Ҳаммангиз эшаксизлар, ҳеч балога тушунмайсизлар!»

У, суд камераси олдига келганда остонада ўзида касал боқувчи хотинлардан учтасини ва Русалкани кўрди, булар гувоҳ сифатида чақирилган эдилар. Хотинларни ва тоқати тоқ бўлганидан ҳадеб оёқларини чалиштириб турган акушеркани кўргач ва ҳатто акушерка бўлажак протсесснинг бош қаҳрамонини кўриш билан ҳузур қилиб кулиб юборгандан кейин, жахли чиқиб кетган доктор худди уларга қирғийдай чанг солиб: «Касалхонадан кетишга сизга ким рухсат берди? Шу минутдаёқ жўнанг!» деб ҳаммасини довдиратиб қўймоқчи бўлди-ю, аммо ўзини босди; ўзини бамайлихотир қилиб кўрсатишга тиришиб, бир тўда одамлар орасидан ўтиб камерага кирди. Камера бўм-бўш ва суднинг занжири кресло суянчиғида ётган эди. Доктор иш юритувчининг хонасига борди. У, бу ерда юзлари қотма, коломенка пиджагининг чўнтаклари дўппайиб турган ёш йигитни кўрди, бу иш юритувчи эди; шу ерда фелдшер ҳам стол ёнида ўтириб, бекорчиликдан судланувчилар тўғрисидаги справкаларни варақлаб ўтирарди. Доктор кириши билан иш юритувчи ўрнидан турди; фелдшер ҳам хижолат тортиб, ўрнидан турди.
— Александр Архипович ҳали келгани йўқми? — деб сўради доктор уялинқираб.
— Йўқ ҳали. Улар уйида… — деб жавоб берди иш юритувчи.

Камера судя қўрғонидаги уйлардан бирига жойлашган бўлиб, судянинг ўзи эса катта уйда турарди. Доктор камерадан чиқди-да, аста-секин уйга қараб йўл олди. У борганда Александр Архипович емакхонада самовар олдида турган эди. Судя сюртуксиз ва жилеткасиз кўйлакчан, кўкрак тугмачалари ечиқ, стол олдида иккала қўли билан чойнак ушлаб турган эди; ўзига бир стакан, худди кофега ўхшаган қуюқ чой қуйди; меҳмонни кўриши билан у дарров олдига бошқа бир стаканни суриб олди-да, саломлашмасдан аввал чой қуйиб:
— Сизга қандлими ё қандсизми? — деб сўради. Судя бир вақтлар, бунга жуда кўп бўлди, кавалерияда хизмат қилган эди; ҳозирда у, кўп йиллик хизматлари туфайли ўз хоҳиши билан ҳақиқий гражданлик мансабларидан бирини эгаллаб олган, аммо ҳали ҳам ўзининг ҳарбий мундирини, ҳарбий урф-одатларини ташламаган. Унинг мўйлови ҳам политсмейстерларники сингари узун, шими бахияли ва қилиқлари, гап-сўзлари ҳарбийча эди. У бошини сал орқага ташлаб нутқини генералларга хос «мнеее…» деган ибора билан тўлдириб, елкасини учириб, кўзларини ўйнатиб гапирарди. Салом-алик қилганда ёки бировга папирос тутганда товонларини тапиллатиб қўярди, юриб кетаётган пайтда эса, шпорларини шундай нозик шиқирлатиб юрардики, шпорнинг ҳар бир овозидан гўё унинг бирор жойи қаттиқ оғриётгандай туйиларди. Докторни чойга таклиф этиб ўтқизгандан кейин, у ўзининг чорпахил кўкраги ва қорнини бир силаб олди-да, чуқур бир нафас олиб, деди;
— Қани, хўш… Эҳтимол, ўзларининг кўнгиллари арақ ичиб, закуска қилишни тусаб тургандир? Мне-э?
— Йўқ, раҳмат, қорним тўқ.

Ҳар иккаласи ҳам касалхонадаги жанжал тўғрисида гап очмасликнинг иложи йўқлигини сезиб туришар ва иккаласи ҳам ноқулай аҳволда қолган эди. Доктор жим бўлиб қолди. Судя қўлларини назокат билан қулочкашлаб, кўкрагини чақиб турган пашшани тутди, унга ҳар томондан диққат билан қаради ва қўйиб юборди, кейин чуқур нафас олиб докторга қаради-да, дона-дона қилиб гапирди:
— Менга қаранг, нима учун сиз уни ҳайдаб юбормайсиз?

Доктор унинг овозида ачиниш оҳангини туйди; бирдан ўзига раҳми келиб кетди, ва сўнгра шу ҳафтада бошига тушган мушкилотдан эзилиб тинка-мадори қуриганини сезди. Ниҳоят тоқати-тоқ бўлиб, юраги ёрилгудай, столдан ирғиб турди-ю, титраб-қақшаб, юзларини буриштириб, елкаларини қисиб, гапира кетди:
— Ҳайдаб юбориш! Сизлар нима деб ўйлайсизлар ўзи, худо ҳақи… жуда ғалатисизлар-да! Ахир, хаддим борми уни ҳайдашга? Сизлар бу ерда ўтириб, мени касалхонада ўзи хон, кўланкаси майдон-у, кўнгилга нима келса шуни қилади, деб ўйлайсизлар-да! Жуда ғалатисизлар-а! Унинг холаси Лев Трофимовичникида бола боқсин ва Лев Трофимовичга Захарич сингари писмиқ малайлар зарур бўлиб турсин-да, яна уни ҳайдаб юборишга хаддим борми? Земство биз — врачларни сариқ чақага олмай, ҳар қадамда оёқ ости қилиб тургандан кейин, менинг қўлимдан нима келади? Жин урсин ҳаммасиниям, энди мен ишламайман, мана бўлган тургани шу! Ишламайман!
— Йў, йў, йў… Сиз, жоним, жуда ваҳима қиляпсиз, ундай деганда…
— Бошлиғингиз жон-жаҳди билан бизнинг ҳаммамизни ниглистлар деб исботлашга уринади, жосуслик қилади ва биздан худди ўз котибидай хизмат қилишни талаб этади. Мен йўқ пайтимда касалхонага келиб, у ерда беморлар ва касал боқувчи хотинларни сўроқ қилишга қандай ҳақи бор? Ахир, бу ҳақоратлаш эмасми? Хўш, анави телба Семён Алексеичингиз-чи, ўзи доим гердайиб юради. Қорни тўқ ва ҳўкиздай бақувват бўлгани учун медитсинага мутлақо ишонмайди, яна ҳаммага эшиттириб, кўз олдимизда бизни текинхўр деб, таъна қилади, бир бурда нонни раво кўрмайди! Ҳа, жин урсин уни! Мен эрталабдан кечгача ишлайман, дам олиш деган нарсани билмайман, ҳамма телба-тезик, тақводор, ислоҳчилар ва шу сингари масхарабозлардан кўра бу ерда мен зарурроқман, ахир! Мен иш деб соғлиғимдан ажралдим, лекин мендан миннатдорчилик қилиш ўрнига, бир бурда нонни таъна қилишади! Сизга ташаккурларимни изҳор этаман! Яна ҳар ким бировларнинг ишига тумшуғини суқишга, насиҳатгўйлик ва назорат қилишга ўзини ҳақли деб ҳисоблайди! Анави, сизнинг махкамангизнинг аъзоси Камчатский бўлса, Земство мажлисида, бизда калий аралашмасининг кўп ишлатиб қўйилганлиги учун врачларга танбеҳ берди ва бизга бундан буён кокаинни эҳтиёт қилиб ишлатишни тавсия қилди! Унинг ўзи нимани билади, қани мен сиздан сўрайчи? Унинг нима иши бор? Нега у сизларга суд қилишни ўргатмайди?
— Бе… ахир у безбет хушомадгўй одам-да, жонигинам… Унга парво қилишнинг кераги йўқ…
— Хўп, безбет, хушомадгўй одам, лекин сизлар бу вағвағни аъзоликка сайлагансиз ва унга ҳамма ёққа тумшуқ суқишга йўл бериб қўйгансиз-да! Сиз бўлсангиз, илжаясиз! Сизнингча буларнинг ҳаммаси майда-чуйда, арзимаган нарсалар, лекин, ўйлаб кўринг, ахир, бунақангги майда-чуйдалар шу қадар кўпки, худди шағаллар йиғилиб тоғ бўлгандай бутун ҳаёт ҳам мана шу майда-чуйдалардан ташкил топган! Энди чидай олмайман! Мадорим қуриди, Александр Архипич! Яна бир оз турсам шу ерда, сизни ишонтириб айтаманки, оғзи-бурнига тушириш эмас, ҳатто бирортасини отиб қўяман! Сиз тушунинг, ахир, менинг асабларим, симдан эмас, мен ҳам худди сизга ўхшаган одамман…

Докторнинг кўзларига жиққа ёш тўлиб, овози ҳам титраб кетди; у тескари ўгирилиб, деразага қараб олди. Орага жимлик чўкди.
— Ҳа, ҳм, муҳтарам… — ғўлдиради судя тараддудланиб. — Иккинчи томондан, агар бундай вазминлик билан ўйлаб қаралса унда… (судя чивин тутиб, кўзларини қисиб, унга ҳар томондан қаради-да, эзиб, чайинди идишга ташлади)… Унда, биласизми, фелдшерни ҳайдашдан ҳам маъни чиқмайди. Ҳайдаб юборинг-чи, бари бир ўрнига яна битта шунақаси, балки ундан бадтарроғи ўтириб олади. Юзта одамни алмаштирганингиз билан яхшисини тополмайсиз… Ҳаммаси аблаҳ (судя қўлтиғи тагига қараб қўйиб, секин папирос чека бошлади). Бу ёвуз билан муроса қилиш керак. Мен сизга айтиб қўйишим керакки, ҳозирги замонда сиз ишонишингиз мумкин бўлган софдил, идрокли одамни фақат зиёлилар ва мужиклар орасидан, яъни масалан фақат шу икки қатлам орасидангина топишингиз мумкин. Сиз, айтайлик, покиза врачни, олижаноб педагогни, покиза қўшчи ёки темирчини топа оласиз, бироқ ўрта даражадаги одамлар, яъни шундай деб таърифлаш жоиз бўлса, халқ ичидан чиқиб ва ҳали зиёлиларгача бориб етмаган кишилар ишончсизлик элементларини ҳосил қилади. Шунинг учун ҳам софдил ва идрокли фелдшер, котиб, гумашта ва шу кабиларни топиш ғоят оғир. Фавқулодда оғир! Мен Горох шоҳи замонидан буён адлия соҳасида хизмат қиламан ва бутун хизматим мобайнида, гарчи сон-саноқсиз котибларни ҳайдаб юборган бўлсам-да, бирорта софдил ва идрокли котибни кўрганим йўқ. Халқда ахлоқ интизоми йўқ, принтсип ҳа-а-а-қида гапирмаёқ қўяқолайлик, мен сизга айтсам…

«Нега буларни гапиради? — деб ўйлаб қолди доктор. — Биз у билан керакли нарсани гаплашаётганимиз йўқ-ку».
— Мана узоққа бормайлик, ўтган жумада, — деб сўзида давом этди судя, —менинг Дюжинскийим, ўзингиз тасаввур этинг, шундай бир қилиқ қилипти. Кечқурун олдига аллақандай пиянисталарни чақирипти, ким билади дейсиз, улар ким экан, туниминам ўшалар билан камерада ичкиликбозлик қилиб чиқипти. Хушингизга келадими? Мен-ку, ичкиликка ҳеч қарши эмасман-а. Жин урсин сени, ичсанг ичавер, аммо нега номаълум кишиларии камерага киритасан? Ахир, ўзингиз ўйланг, ишлардан бирорта ҳужжатни, вексел ва шу сингари қоғозларни бирпасда ўғирлаб қўйиш мумкин! Бунга нима дейсан? Ўша айши-ишратдан кейин мен, бирор нарса йўқолиб қолмадими деб икки кунгача ҳамма ишни кўздан кечириб чиқдим… Хўш, бу аблаҳларни нима қилардингиз? Ҳайдашми? Яхши — хм… Яна бошқаси бундан баттар бўлмайди деб, қандай ишонтира оласиз?
— Рост, уни қандай қилиб ҳайдайман? — деди доктор. — Одамни ҳайдаш фақат гапда онсон… Мен унинг бола-чақалилигини, оч-яланғочлигини билиб турганимдан кейин, қандай ҳайдаб, бир бурда нондан бенасиб қиламан? Бола-чақаси билан у қаёққа боради?

«Ие, нима бало бўлди, ўзи, мунақа демоқчимасдим-ку!» деб ўйлаб қолди у, ўз хаёлини бирор аниқ фикр ёки бирор ҳиссиёт устида жамлай олмаётганига ҳайрон бўлади. «Бунинг сабаби шуки, мен пухта эмасман ва фикрлашни билмайман» деб қўйди ичида.
— Ўрта даражадаги одамга, халиги сиз айтгандай ишониб бўлмайди, — деб давом этди. — Биз уни ҳайдаймиз, сўкамиз, афти-башарасига қараб урамиз, аммо лекин, унинг аҳволига ҳам қараш керак-да, ахир. У на мужик, на барин, бир дардисар; унинг ўтмиши расво, ҳозирда эса ойига фақат йигирма беш сўм олади, бола-чақаси оч ва бировга қарам, келажакда ҳам уники яна ўша йигирма беш сўм пул-у, бировга боқим, юз йил хизмат қилганда ҳам аҳволи шу-да. Унда на маълумот бор ва на мол-мулк; ўқишга ва черковга боришга вақти йўқ, биздан ҳеч нарса эшитмайди, чунки биз уни яқинимизга йўлатмаймиз. Шундай қилиб у, ўла-ўлгунча дурустроқ бир турмушдан умид қилмай, чала-ярим овқат еб, «мана ҳозир давлат квартирасидан ҳайдаб юборади» деб қўрқиб, бола-чақасини қаерга қўйишини билмай юраверади. Шундан кейин айтинг-чи, қалай пиянисталик, ўғирлик қилмасин? Бу ерда принтсипга ўрин қолдими, энди!

«Биз, чамаси, ижтимоий масалаларни ҳал қилишга ўтиб кетдик, шекилли, — деб ўйлади у. — Жуда четга чиқиб кетдик, тавба! Булар нимага керак ўзи?»

Шу орада жаранг-журунг овоз эшитилиб қолди. Кимдир извош билан ҳовлига кирди, олдин камера олдига борди, кейин катта уйга кираверишдаги зина ёнига келди.
— Ўзи келди, — деди судя, деразадан қараб. — Ана энди таъзирингизни беради!
— А, сиз, марҳамат қилиб, мени тезроқ жўнатинг… — илтимос қилди доктор. — Агар иложи бўлса, менинг ишимни бенавбат кўрсангиз. Худо ҳақи, вақтим йўқ.
— Яхши-яхши… Фақат, ҳали ўзим билмайман, тақсир, бу ишни мен суд қилиб ўтиришим керакмикан. Фелдшер билан сизнинг муносабатингиз, айтайлик, хизмат юзасидан бўлган, бунинг устига сиз уни хизмат вазифасини ўтаётган пайтда тузлагансиз. Аммо дурустгина билмайман ҳам. Ҳозир Лев Трофимовичдан сўраймиз.

Шоша-пиша келаётган қадам товуши ва оғир ҳарсиллаган овоз эшитилди ва шу он эшикдан раис — соч-соқоли оппоқ, тепакал, соқоллари узун ва қовоқлари қип-қизил Лев Трофимович кўриниб қолди.
— Салом бердик… — деди у ҳарсиллаб туриб. Уф, тавба! Муҳтарам судя, менга квас беринг! Ўлганим яхши…

У креслога ўзини ташлади, лекин шу заҳоти дарров ирғиб туриб, докторнинг олдига борди ва жаҳл билан унга ўқрайиб, чийилдоқ овоз билан гапира кетди:
— Сиздан жуда ва бениҳоят миннатдорман. Григорий Иванич! Худо ҳақи ҳеч қачон унутмайман! Дўст киши бундай қилмайди! Кўнглингизга келмасин-у, лекин сизнинг томонингиздан ҳатто инсофсизлик қилинган! Нима сабабдан сиз менга маълум қилмадингиз? Хўш, мен нима? Кимман, ахир? Душман ёки бегона одамми? Сизга душманманми? Бирон вақт сўзингизни ерда қолдирганмидим? А?

Раис кўзларини олайтириб ва бармоқларини силкиб, квас ичди-да, дарров лабларини артиб, давом этди:
— Ғоят, ғоят миннатдорман сиздан! Нима сабабдан менга маълум қилмадингиз? Агарда сизда менга нисбатан қиттак кўнгил бўлганда, олдимга келиб, дўстларча: — «Жонгинам, Лев Трофимович, шундай, шундай вассалом… Ана шундай ҳодиса рўй бериб қолди ва ҳоказо…» дердингиз. Мен сизга бир зумда ҳаммасини тўғрилаб берган бўлардим ва бундай жанжалга ўрин ҳам қолмас эди… Анави аҳмоқ, худди девонадай бутун уездда сандироқлаб, ғийбат қилиб, хотинлар орасида чақимчилик қилиб юрипти; сиз бўлсангиз шарманда бўлиб, кўнглигизга келмасин-у, ким билади нима балоларни қўзғаб юрибсиз, судга беришга ўша аҳмоқни мажбур қилгансиз! Шармандалик, ғирт шармандалик! Ҳамма мендан нима гап ўзи, нима асти, деб сўрайди, хўш, мен-чи, раисман, аммо у ёқда нималар бўляпти, ҳеч нарсани билмайман, менинг сизга асло керагим ҳам йўқ-да! Ғоят, ғоят миннатдорман сиздан, Григорий Иванич!

Раис шундай паст эгилиб таъзим қилдики, ҳатто аъзойи-бадани қип-қизариб кетди, кейин деразага келиб бақирди:
— Жигалов, Михаил Захарични бу ёққа чақир! Айт, шу топдаёқ келсин! Яхши эмас-с! — деди у, деразадан нари бориб. — Ҳатто менинг хотиним ҳам ранжиди, хўш, нима сабабдан, чамаси, сизга мурувват қилса керак-да! Сиз, афандим, жуда билармонлик қилиб юборибсиз! Оқилона бўлсин деб ҳар хил принтсиплар ва турли қилиқлар қиласиз, лекин чалғитасиз, холос.
— Сиз нуқул таваккал қилаверасиз, хўш нима чиқяпти? — деб сўради доктор.
— Нима чиқяптими? Шу нарса чиқяптики, агар мен ҳозир бу ёққа келмаганимда, сиз ўзингизни ҳам шарманда қилардингиз, бизни ҳам… бахтингизга мен келиб қолдим!

Фелдшер кириб, остонада тўхтади. Раис унга ёндамасига туриб, қўлларини чўнтагига тиқиб олди-да, бир йўталиб, деди:
— Ҳозир доктордан узр сўра!

Доктор қип-қизариб, бошқа уйга кириб кетди.
— Мана, кўрдингми, доктор сенинг узрингни қабул қилгуси келмаяпти! — деб давом этди раис. — У сени, товбангни сўзда эмас, балки ишда кўрсатишингни истаяпти. Бугундан бошлаб итоат қилишга ва доим ҳушёр бўлишга сўз берасанми?
— Бераман… — деб қовоғини осилтириб тўнғиллади фелдшер.
— Кўзингни оч! Худо кўрсатмасин! Бир мўйлов қилсамми, жойдан ажраласан қоласан! Энди бирор гап бўлса, мендан яхшилик кутиб ўтирма… Қани, жўна уйингга…

Ишнинг бу йўсинда ҳал бўлиши ўз хўжаси билан ярашиб олган фелдшер учун ҳеч кутилмаган бахт бўлди. У севинганидан ҳатто ранги оқариб кетди. Фелдшер бирор нарса демоқчи бўлиб, қўлини чўзди-ю, лекин ҳеч нарса демади, фақат маъносизгина илжайиб чиқиб кетди.
— Ана, иш тамом! — деди раис. — Энди ҳеч қандай суднинг ҳам кераги йўқ.

У енгил тортиб нафас олди-да, шу топда худди жуда оғир ва муҳим бир иш қилиб юборгандай самовар ва стаканларга қараб қўйди ва қўлларини ишқалаб туриб деди:
— Худо ҳаллоқ… Менга бир қултум қуй-чи, Саша. Ҳа, айтгандай, аввал закускага бирор нарса олиб келгин… Кейин, оқидан…
— Бу мумкин эмас, жаноблар! — деди доктор ошхонага кираётиб; у ҳамон қизариб-бўртиб инжиқлик қилар эди. — Бу… бу комедия-ку! Бу қабиҳлик! Мен чидай олмайман! Масалани бунақангги масқарабозлик билан ҳал қилгандан кўра йигирма марта судлашган яхши, йўқ, мен чидай олмайман!
— Сизга нима керак, ахир? — деди раис унга ғижиниб. — Ҳайдашми? Майли, ҳайдаб қўя қолай…
— Йўқ, ҳайдаш эмас… Менга нима кераклигини ўзим ҳам билмайман, лекин, жаноблар, ҳаётга бундай муносабатда бўлиш… Эй, худойим-эй!

Докторнинг асаби қайнаб бесаранжом бўлиб қолди, шляпасини қидирди, тополмади ва дармони қуриб креслога ўзини ташлади.
— Қабиҳлик! — деб яна такрорлади у.
— Жонгинам, — деди пичирлаб судя, — баъзан сизга ҳам тушунолмайман, бундай қараганда… Ахир бу ишда сиз айбдорсиз-ку! Ун тўққизинчи асрнинг охирида бировнинг башарасига қараб тушириш — бу, мен сизга айтсам, нима десангиз деяверинг-ку, бўлмайди-да… Тўғри, у аблаҳ, биро-о-оқ, хўп деяверинг, сиз ҳам эҳтиётсизлик қилиб юборгансиз…
— Албатта-да! — деди раис.

Арақ ва закуска келтиришди. Хайрлашув олдидан доктор ҳам беихтиёр бир рюмка ичиб юбориб, редиска билан закуска қилди. У касалхонага қайтиб келган пайтда унинг фикрини худди куз эртасидаги майсадай туман қоплаган эди.

«Наҳотки, — деб ўйлади у, — сўнгги ҳафтада тортган шунча азоб-уқубатлар, бош қотиришлар ва айтилгач гаплар — оқибат шу қадар бемаънигарчилик билан тугаса! Қандай тентаклик! Қандай тентаклик!»

У ўзининг шахсий масалаларига ёт кишиларни аралаштириб қўйгани учун уялди, бу кишиларга айтган гаплари ва одати бўйича ўйлаб ўтирмай ароқ ичиб юборгани учун уялди, ўзининг тушуниб етмаган, саёз ақлидан ҳижолат тортди… У касалхонага келиши билан шу заҳоти обход қила бошлади. Ёнида фелдшер, худди мулойим мушукдай ийманиб, саволларга юмшоқ жавоб бериб юрарди… Фелдшер ҳам, Русалка ҳам, касал боқувчи аёллар ҳам ўзларини, гўё ҳеч нарса билмагандай ва ҳамма иш жойида дегандай бир қиёфада тутар эдилар. Доктор ҳам кучининг борича ўзини бепарво қилиб кўрсатишга урунарди. У буйруқ берар, жаҳл қилар, касаллар билан ҳазил-ҳузил гап қилиб қўярди-ю, аммо миясидан:
— Тентаклик, тентаклик, тентаклик… — деган гап нари кетмас эди.

Ҳикоя дастлаб «Житейская мелоч» сарлавҳаси билан «Новое время» газетасида босилган, 1888. №4404, 3 июн Имзо: Ан. Чехов. Автор баъзи ўзгартйшлар билан ўзининг «Хмурые люди» тўпламига, яна бироз тузатиш билан 1901 йилда чиққан 5-том Асарлар тўпламига киритган.
————————
1.Скалпел — хирургия ништари.
2.Зонд — резинка ичак.

06

Anton Pavlovich Chexov
KO’NGILSIZLIK
Ahmad Aliev tarjimasi
01

 Buyuk rus yozuvchisi Anton Pavlovich Chexov Taganrog shahrida do’kondor oilasida tug’ilib o’sdi. Chexov gimnaziyani tamomlagach, Moskva universitetining tibbiyot fakul`tetiga o’qishga kiradi, tirikchilik uchun hajviy hikoyalar yozadi. Yozuvchi o’qishni tamomlab, uezd vrachi bo’lib ishlayotgan davrda mashhurlik pag’onasiga ko’tarildi. 1890 yillari Chexov Rossiyadagi eng ko’p mutoala qilinayotgan yozuvchiga aylandi. U har bir odamga tushunarli bo’lgan oddiy tilda ijod qildi. Chexovning eng mashhur asarlari orasidan « № 6 palata», «Anna», «Kuchuk yetaklagan ayol» hikoyalari va «Chayka», «Vanya amaki», «Uch opa-singil» p`esalari o’rin olgan. Buyuk yozuvchi 1904 yil olamdan o’tdi va Moskvaning Novodevich`e qabristoniga dafn etildi.

01

Zemstvo vrachi Grigoriy Ivanovich Ovchinnikov o‘ttiz besh yoshlarga borgan ozg‘in va asabiy kishi bo‘lib, o‘rtoqlari orasida o‘zining meditsina statistikasi bobidagi andak ishlari va «maishiy masala» deb atalgan narsaga mukkasidan ketganligi bilan mashhur edi. Bir kuni u ertalab palatalarni obxod qila boshladi. Vrach orqasidan, odatdagidek uning feldsheri, keksayib qolgan, yuzlari lo‘ppi, moylangan sochlari silliq taralgan, qulog‘iga zirak taqqan Mixail Zaxarovich ergashib borardi.
Doktor kasallarni endi ko‘ra boshlagan ediki, bema’ni bir narsa juda shubhali bo‘lib ko‘rindi, masalan: feldsherning nimchasi qat-qat buklanib qolgan bo‘lib, qayta-qayta tortib, silab qo‘ysa ham, dikkayib turaverdi. Uning g‘ijimlangan sarochkasi ham shunaqa dikkayib tirardi; uzun qora kamzulida, chalvorida va hatto galstugining u yer bu yerida oq par ko‘rinib turardi… Chamasi feldsher bugun kechasi yechinmasdan yotganu shunday turib, jiletkasini tortib-tortib tekislab, galstugini to‘g‘rilab kelavergan. Uning harakatidan kiyimi siqib turganga o‘xshardi.
Doktor unga tikilib razm soldi-yu, ahvolini tushundi. Feldsher gandiraklamas, savollarga ravon javob berar, lekin uning badqovoq, karaxt yuzi, nursiz ko‘zlari, bo‘yni va qo‘llarining qaltirab turishi, kiyimining g‘ijimlangani, hammadan ham, zo‘r berib o‘zini tutib turishga urinishi va o‘z ahvolini yashirish uchun qilayotgan harakatlari — uning hozirgina o‘rnidan turganidan, uyquga to‘ymagan va mast ekanidan, kechadan buyon mast ekanidan darak berardi… U ichkilik «jabrini» tortar, aftidan, qilmishiga juda pushaymon edi.
Feldsherni xush ko‘rmaydigan va buning uchun sabab topib qo‘ygan doktor: «Ko‘rib turibman, siz mastsiz!» demoqchi bo‘ldi-yu, biroq feldsherning nimchasi, ro‘dapo kamzuli, sergo‘sht qulog‘ida osilib turgan ziragi juda hunuk ko‘rinib ketdi-da, o‘zini bosib olib, har qachongiday yumshoq va muloyimlik bilan:
— Gerasimga sut berdinglarmi? — dedi.
— Berdik… — deb javob berdi Mixail Zaxarich ham yumshoqqina.
Doktor bemor Gerasim bilan gaplasha turib harorat varaqasiga nazar soldi-yu, fig‘oni chiqib ketdn; keyin qattiq gapirib yubormaslik uchun nafasini ichiga olib turdi, biroq toqati toq bo‘lib, bo‘g‘ilib ketdi va dag‘allik bilan so‘radi:
— Nega harorati yozilmay qoldi?
— Yo‘g‘-e, yozilgandir! — dedi muloyimgina qilib Mixail Zaxarich, lekin varaqaga ko‘z yugurtirib, chindan ham harorat yozilmaganiga ishonch hosil qilgach, kalovlab, yelkasini qisib, ming‘illadi: — bilmadim, buni haligi, Nadejda Osipovka…
— Kecha kechqurungisi ham yozilmagan! — deb so‘zida davom etdi doktor. — Nuqul piyanistalik qilish bilan ovorasiz, jin ursin sizni. Hozir ham o‘larday mastsiz! Nadejda Osipovna qani?
Akusherka Nadejda Osipovna palatada yo‘q, u har kuni ertalab perevyazka vaqtida qatnashar edi. Doktor atrofiga razm solgan edi, palata yig‘ishtirilmagan, hamma narsa chochilib yotibdi, lozim bo‘lgan ishlardan birontasi qilinmagan, hamma narsa xuddi feldsherning jirkanch nimchasiday iflos edi; u ustidagi oq fartugini shartta yechib, baqirib, urishib, tuflab chiqib ketguday bo‘ldi-yu, lekin bazo‘r o‘zini bosib, obxodni davom ettirdi.
Doktor Gerasimdan keyin, o‘ng qo‘li butun yallig‘langan kasalga qaradi. Unga perevyazka qilish kerak edi. Doktor uning oldidagi taburetkaga o‘tirib, qo‘lini ko‘ra boshladi.
«Mana shu, bular kecha imeninada maishat qilishgan… — deb o‘yladi u sekin o‘rovni ocha turib. — To‘xtab turinglar, imeninalaringni chiqarib qo‘yaman! Zotan men nima ham qila olardim? Qo‘limdan hech narsa kelmaydi».
Doktor qip-qizil, bo‘rtib yotgan qo‘lning yiringlagan yerini bosib ko‘rib:
— Skalpel!* —dedi.
O’zini bardam va bemalol ishga yaraydigan holatda qilib ko‘rsatishga urinayotgan Mixail Zaxarich irg‘ib o‘rnidan turib, darrov skalpelni uzatdi.
— Buni emas! Yangisidan olib bering, — dedi dojtor. Feldsher yo‘rg‘alab borib, perevyazka anjomlari solingan yashik turgan stulni titkilab qoldi. U, kasal boquvchi ayol bilan allanimalar deb shivir-shivir qildi, stuldagi yashchikni hali u yoqqa, hali bu yoqqa surdi, narsalarini shitirlatdi, ikki marta nimanidir tushirib yubordi. Doktor esa qarab o‘tirardi, shivir-shivir va shaqir-shuqurdan asabi qattiq qo‘zg‘alib ketganini sezib turardi.
— Qani? — deb so‘radi u. — Pastda krldirib chiqqandirsiz…
Feldsher yugurib doktorning oldiga keldi-da, ikkita skalpel uzatarkan, o‘zini chetga olmay, doktorga qarab dam urdi.
— Bular emas! — dedi doktor asabiylashib. — Men sizga rus tilida gapiryapman, yangisidan bering. Ha, boring, bir uxlab, o‘zingizga kelib oling, sizdan qovoqxona hidi kelyapti! Esingizni yeb qo‘yibsiz!
— Sizga yana qanaqa pichoq kerak? — deb so‘radi feldsher asabiy bir holda va sekin yelkasini qisib qo‘ydi.
Unga butun kasallar va kasal boquvchi ayollar tikilib turgani alam qildi va uyalib ketdi, o‘zining uyalganini bildirmaslik uchun zo‘rma-zo‘raki kulib turib, yana takrorladi:
— Sizga yana qanaqa pichoq kerak?
Doktorning ko‘zlari yoshlanib, barmoqlari titrab ketdi. U o‘zini bazo‘r tutib, titroq ovoz bilan so‘zladi:
— Boring, bir uxlab oling! Men mast odam bilan gaplashishni istamayman…
— Siz meni ish yuzasida jazolashingiz mumkin, — dedi feldsher, — xo‘sh, men, aytaylik, basharti ichgan bo‘lsam, buni pisanda qilishga hech kimning haqqi yo‘q. Axir men ishlayapmanmi? Sizga yana nima kerak! Ishlayapmanmi, axir?
Doktor irg‘ib turdi-da, o‘ylamay-netmay kuchining boricha qulochkashlab feldsherning basharasiga tushirib qoldi. U, nima uchun shunday qilayotganini o‘zi tushunmas, lekin mushti borib xuddi basharaga tekkani, va tuppa-tuzuk, basavlat, bola-chaqali, taqvodor, o‘z qadrini biladigan bir odam gandiraklab, koptokday sakrab borib taburetda o‘tirib qolganidan juda huzur qildi. U astoydil, yana bir marta urmoqchi edi-yu, lekin, jirkanch vujud qarshisida rangi quv o‘chib qo‘rqib o‘tirgan kasal boquvchi ayolni ko‘rib, bu huzuridan kechdi va qo‘l silkib, palatadan yugurib chiqib ketdi.
Hovlida unga Nadejda Osipovna duch kelib qoldi; yigirma yetti yoshlarga borgan, oq sariqdan kelgan, sochlari paxmoq bu qiz kasalxonaga kelayotgan edi. Pushti rang chit ko‘ylagining etagi juda tor bo‘lganidan qadamini juda mayda bosardi. U ko‘ylagini shildiratib, xuddi ichida bir sho‘xchan qo‘shiqni kuylab ketayotganday har qadam bosganida kiftini qoqib, boshini chayqardi.
«Aha, Rusalka!» deb qo‘ydi doktor ichida; kasalxonadagilar bu akusherkaga shu laqabni qo‘yib olishgandi. Mana hozir o‘ziga zeb bergan bu bedana qadam oliftani uzib olaman, deb xursand bo‘lib ketdi.
Doktor uning yoniga borish bilan:
— Qayoqda yo‘qolib yuribsiz? — deb baqirdi. — Nega kasalxonada ko‘rinmaysiz? Harorat yozilmagan, hamma yoq betartib, feldsher mast, o‘zingiz soat o‘n ikkigacha uxlab yotibsiz!.. Marhamat qilib joyingizni toping! Endi sizga bu yerda ish yo‘q!
Doktor uyga kelishi bilan ustidagi oq fartukni va belbog‘ qilib olgan sochiqni jahl bilan yulib olib, burchakka uloqtirdi-da, kabinetda u yoqdan bu yoqqa yura boshladi.
— Ye tavba, bular qanaqa odamlar o‘zi-a, qanaqa odamlar! — deb qo‘yardi u. — Bular yordamchi emas, ishbuzarmonlar! Endi ishga darmon qolmadi! Toqat tugadi! Bu yerdan ketaman!
Uning yuragi dukillar, butun vujudi qaltirar, o‘pkasi to‘lib, hatto yig‘lagisi kelardi, yana shu holatdan qutulish uchun u feldsherni urib juda yaxshi ish qilganini va bunda tamom haqli ekanini o‘ylab, o‘ziga-o‘zi tasalli bera boshladi. Hammadan hunugi shuki, deb o‘ylardi doktor: feldsher kasalxonaga o‘zidan-o‘zi kelib qolgan emas, uni zemstvo mahkamasi raisinikida enaga bo‘lib yurgan xolasi dalolat qilgan edi (bu mu’tabar xolasi davolanish uchun kelib, kasalxonada o‘zini xuddi uyidagiday tutishi, yana navbatsiz qabul qilinishini talab etishi alam qiladi). Feldsherning intizomi buzuq, bilimi kam, bilgan narsasini ham butunlay tushunmaydi. U doim mast, qo‘rs, qo‘li egri, kasallardan pora oladi, kasalxona dorilarini o‘g‘rincha sotib yuradi. Yana shunisi ham hammaga ma’lumki, uning o‘zi kasallarni boqadi va meshchan yoshlarining maxfiy kasallarini davolaydi, buning ustiga o‘zi topgan allaqanday dorilarni ishlatadi. Bu shunchaki muttaham bo‘lsa mayliydi, unaqalar ko‘p, biroq bu o‘ziga ishongan va zimdan kemiradigan muttahamlardan. U, qatnab davolanadigan kasallarga doktordan yashirincha banka qo‘yadi, ularga qon quyadi, operatsiyaga qo‘lini yuvmasdan keladi, yaralarni hamisha iflos zond** bilan kavlaydi, doktorlik meditsinasidan, ilmidan va e’tibor talabligidan qattiq va taptortmay nafratlanayotganini tushunish uchun shuning o‘zi kifoya.
Doktor barmoqlarining qaltirog‘i bosilguncha kutib turdi-da, keyin stolga o‘tirib, mahkama raisiga xat yozdi: «Hurmatli Lev Trofimovich! Agarda mazkur xatni olish bilan mahkamangiz feldsher Smirnovskiyni bo‘shatib va menga o‘z yordamchilarimni o‘zim tanlash huquqini bermasa, unda meni bundan buyon N kasalxonasining vrachi deb hisoblamasligingizni (pushaymon qilmayman, albatta) va o‘rnimga boshqa kishi topish to‘g‘risida g‘amxo‘rlik qilishingizni so‘rashga majburman. Lyubov Fedorovna va Yusga mendan salom. Hurmat bilan G. Ovchinnikov». Doktor bu xatni o‘qib chiqib, uni juda qisqa va bo‘sh yozilgan deb topdi. Buning ustiga, ishga taalluqli, rasmiy xatda Lyubov Fedorovna va Yusga (raisning kichik o‘g‘lini shunday deb erkalatishardi) salom aytish mutlaqo o‘rinsiz edi.
«Bu yerda Yusga balo bormi?» deb qo‘ydi ichida doktor va xatni mayda-mayda qilib tashlab, yana qaytadan bosh qotirib qoldi. — «Muxtaram janob…» deb o‘yladi ochiq deraza oldida o‘tirib tashqariga qararkan; shu choq tashqarida bir to‘da o‘rdaklar bolalarini ergashtirib lapanglashib va qoqila-suqila hovuz tomonga yugurishayotgan edi; bitta o‘rdak bolasi yo‘lda allaqanday bir ichakni topib oldi-da, yutolmay, qattiq chiyillab yubordi; keyin boshqasi yugurib borib, uning og‘zidagi ichakni tortib oldi, u ham yutolmadi… Hu narida, devor oldida, yosh lipa daraxtlari olachalpak soya tashlab turgan o‘tloqda oshpaz xotin Darya imirsib yurib, sho‘rvaga solish uchun shovil termoqda… Har xil ovozlar eshitilardi… Qo‘lida yuganchasini ushlab turgan izvoshchi Zot bilan kir fartuk kiyib olgan kasalxona xizmatchisi Manuylo ikkalasi saroy oldida turib, bir narsalarni gaplashib kulishardi.
«Ular feldsherni urganim to‘g‘risida gaplashyapti… — deb o‘yladi doktor. — Bu janjalni shu bugunoq butun uezd biladigan bo‘ldi… Shunday qilib: «Muhtaram janob! Agar sizning mahkamangiz feldsher Smirnovskiyni…»
Doktorning shunga ishonchi komil ediki, mahkama hech qachon uni feldsherga alishmaydi va butun uezdda bitta feldsher qolmagan taqdirda ham Ovchinnikovday e’tiborli odamdan ajralishga rozi bo‘lmaydi. Ehtimol, Lev Trofimovich bu xatni olishi bilan uch otlik izvoshga o‘tiradi-yu, g‘irillab doktorning oldiga keladi-da, aytadi: — Ey otaxon, nimalar deyapsiz? O’zi nima gap, azizim? Xudo xayringizni bersin! Xo‘sh? Bu qanday bo‘ldi? Qani u? Firibgarni bu yoqqa keltiring! Haydang! Albatta haydab yuboring! U iflosning ertagayoq bu yerda nishoni ko‘rinmasin!» — keyin u doktor bilan birga obed qiladi, obeddan keyin esa manavi malina rang divanda chalqancha yotadi, yuzini gazeta bilan bekitib, xurrak otadi; uyqidan turgach, choy ichadi-da, keyin doktorni uyiga olib ketib shu kecha olib qoladi. Nihoyat, pirovardida shunday bo‘ladiki, feldsher ham kasalxonada qoladi, doktor ham iste’fo bermaydi.
Doktor esa ko‘nglida voqianing bunday tamom bo‘lishini istamasdi. U, feldsherning xolasi yutib chiqishini va shu bilan mahkama, uning sakkiz yillik halol xizmatiga ham qaramasdan, so‘zsiz va hatto jon-dil bilan iste’fosini qabul qilishini istardi. U, o‘zi o‘rganib qolgan kasalxonasidan qanday ketishini, «Vrach» gazetasiga xat yozishini, uni o‘qib o‘rtoqlari achinib qanday nomalar yozishini o‘ylab ketdi…
Yo‘lda Rusalka ko‘rinib qoldi. U bedana yurish bilan ko‘ylaklarni shildiratib, oyna oldiga keldi-da, so‘radi:
— Grigoriy Ivanovich, kasallarni o‘zingiz qabul qilasizmi, yoki o‘zlari qabul qilishaversinmi?
Qizning ko‘zlari go‘yo: «Sen qizishib ketgan eding, lekin endi o‘zingga kelding, mana hozir uyalib o‘tiribsan, ammo men mardlik qilib bunga parvo qilayotganim yo‘q» deyayotganday edi.
— Yaxshi, men hozir boraman, — dedi doktor.
U yana fartugini kiydi, belini sochiq bilan bog‘ladi-da, kasalxonaga jo‘nadi.
«Uni urgandan keyin, chiqib ketganim yomon bo‘ldi… — deb o‘yladi doktor, yo‘l-yo‘lakay. — Xuddi men izza bo‘lganday, yoki qo‘rqqanday bo‘lib chiqdi… Yosh boladay bo‘lib qoldim… Juda noqulay bo‘ldi-da!»
Doktorning nazarida palataga kirganda kasallar unga qarashga hijolat tortadi-yu, o‘zi ham uyalib ketadiganday tuyildi; lekin u kasalxonaga kirganda kasallar krovatlarida jimgina yotishaverdi, unga uncha e’tibor ham berishmadi. Sil bo‘lib yotgan Gerasimning yuzida butunlay beparvolik aks etar va go‘yo: «U seni oyoq osti qilolmadi, sal es-hushiga keltirib qo‘yding… Busiz iloji yo‘q, azizim» deyayotganday bo‘lardi.
Doktor, qip-qizil bo‘rtib yotgan qo‘lning ikki yeridan yiring topdi-da, unga povyazka qo‘ydi, keyin xotin-qizlar bo‘limiga bordi, u yerda bir xotinning ko‘zini operatsiya qildi, Rusalka doktorga ergashib yurib, go‘yo orada hech narsa o‘tmaganday, bemalol unga yordamlashib turaverdi. Obxoddan so‘ng qatnab boqizadigan kasallarni qabul qilish boshlandi. Doktorning kichkinagina qabulxonasida derazalar lang ochiq edi. Deraza tokchasiga o‘tirib, xiyol egilib qarasa, bir oz naridagi ko‘m-ko‘k maysani ko‘rish mumkin edi. Kecha kechqurun momoqaldiroq bilan qattiq jala quygani uchun o‘tlar bir oz egilib, yaltirab turardi. Xiyol nariroqda soyga boradigan so‘qmoq yo‘l xuddi yuvilganday va ikki tomonida sochilib yotgan siniq-mertik dori shishalari ham xuddi yuvilganday, quyosh nurida tovlanib, ko‘zni qamashtirguday yaltirab yotardi So‘qmoq yo‘lning narirog‘ida ko‘k libosga o‘ralgan yosh archalar tizilishib ketgan, undan narida tanalari qog‘ozday oppoq qayinlar turibdi, shamoldan yengilgina silkinib turgan ko‘m-ko‘k qayin shoxlari orasida esa bepoyon moviy osmon ko‘rinib turadi. Qarab tursang, so‘qmoq yo‘lda dikillab yurgan chug‘urchuqlar goh oyna tomonga tumshug‘ini burib: qo‘rqsakmikan yo yo‘qmi? deb o‘ylab qolishar va qo‘rqib, birin-ketin chug‘ullashib, xuddi doktor ucholmayotgani uchun uni yupatayotganday tepasidan o‘tib, oq qayinlarning uchiga chiqib ketishardi…
Iodoformning achchiq isi orasidan bahorning sof va xushbo‘y hidi sezilib turardi… Havo qanday yaxshi! Nafas olish yengil.
— Anna Spiridonova! — deb chaqirdi doktor. Qabulxonaga qizil ko‘ylakli yoshgina juvon kirdi-da, ikonaga qarab cho‘qinib qo‘ydi.
— Qaeringiz og‘riydi? — deb so‘radi doktor. Juvon bir oz hadiksirab, o‘zi kirib kelgan eshikka ko‘z qirini tashlab qo‘ydi-da, keyin aptekaga chiqadigan eshik oldiga, doktorga yaqinroq kelib turib:
— Bo‘yimda bo‘lmayapti! — deb shivirladi.
— Yana kim yozilmay qoldi? — deb qichqirdi aptekadan Rusalka. — Kelib yozilinglar!
Doktor juvonni ko‘rayotib o‘ylar edi: «u shuning uchun ham hayvonki, umrida birinchi marta meni musht urishga majbur qildi. Men onadan tug‘ilib urishmagan edim».
Anna Spiridonova ketdi. Undan keyin bema’ni bir kasal bilan og‘rigan chol, so‘ngra qo‘tir bo‘lgan bir xotin uch bolasi bilan kirib keldi, ish boshdan oshib ketdi. Feldsher mutlaqo ko‘rinmadi. Eshik orqasidagi aptekada ko‘ylagini shildiratib va idishlarni jaranglatib, bidir-bidir qilib Rusalka yurardi; u operatsiyaga qarashayotganda ham, retsept olish uchui qabulxonaga kirib qolganda ham, o‘zini ishlar joyida deganday tutardi.
«Men feldsherni urganimga u juda xursand bo‘lsa kerak, — deb o‘yladi doktor, akusherkaning ovoziga quloq solib. — Axir feldsher ikkalasi it-mushuk edi-da, agar uni bo‘shatib yuborishsa, Rusalkaga bayram bo‘ladi. Kasal boquvchi ayollar ham, xursandga o‘xshaydi… O’zi ham juda rasvo odam-da!»
Qabul marosimining eng qizg‘in paytida doktorning nazarida akusherka ham, kasal boquvchi ayollar ham, hatto kasallar ham o‘zlarini jo‘rttaga beparvolikka solib, quvnoq ko‘rsatishga urunayotganday edi. Ular go‘yo doktorning xijolat tortayotganini bilardilar, ammo sipolik qilib o‘zlarini bilmaslikka solardilar. Doktor ham o‘zini mutlaqo xijolat tortmayotgan qilib ko‘rsatmoqchi bo‘lib, jahl bilan qichqirib:
— Hoy, kim bor! Eshikni yoping, uy g‘urillab ketdi! — dedi.
Aslida doktor hijolat tortar va qiynalar edi. U, qirq beshta kasalni qabul qilib, kasalhrnadan asta-sekin chiqdi. Akusherka bu orada uyga borib, lola rang ro‘molchasini yelkasiga solib, og‘zida papiros, paxmoq sochiga gul taqib shosha-pisha qayoqqadir jo‘namoqda edi; praktikaga yoki mehmonga borayotgan bo‘lsa kerak. Kasalxona ostonasida kasallar o‘zlarini oftobga solib, jimgina o‘tirishardi. Chug‘urchiqlar boyagiday chug‘urlashib, qo‘ng‘izlarni quvib yurishardi. Doktor atrofga qarab o‘ylab qoldi: mana shu bir zayil, tinchgina hayotda feldsher bilan uning hayoti, xuddi fortopyanoda buzilib qolgan ikkita klavishday ajralib, hech narsaga yaroqsiz ko‘rinar edi. Feldsher hozir uxlagani yotgandir, lekin o‘zining aybdorligi, tahqir etilganligi va ish joyidan mahrum qilinganini o‘ylayverib, uyqisi kelmayotgan bo‘lsa kerak. U qiyin ahvolda. Axir, ilgari hech kimga qo‘l tekizmagan doktor hozir o‘zini nazokatdan butunlay mahrum bo‘lganday sezmoqda-ku. Endi u hozir feldsherni ayblayotgani va o‘zini oqlayotgani yo‘q, faqat hayron qolyapti: o‘zi qanaqa ish bo‘ldi bu. Umrida birorta itni ham urmagan, tuppa-tuzuk odam feldsherni ursa-ya! O’z kvartirasiga kelgach, kabinetga kirib, divanga yotdi-da, suyanchig‘iga o‘girilib olib, o‘ylab ketdi:
«U-ku, mazasi yo‘q, ishga zarar beradigan odam; u ishlayotgandan buyon o‘tgan uch yil mobaynida rosa qonim qaynadi, lekin bari bir mening qilmishlarimni hech narsa bilan oqlab bo‘lmaydi. Men kuchli odam huquqidan foydalandim. U menga qarashli odam, gunohkor va buning ustiga mast, men bo‘lsam, uning boshlig‘i, haqli va hushyorman… Demak men kuchliroqman. Ikkinchidan, men uni, o‘zimni e’tiborli deb hisoblaydigan odamlar oldida urdim va shunday qilib, men ularga eng yaramas qilig‘imni ko‘rsatdim…»
Doktorni obedga chaqirishdi… U shchidan bir necha qoshiq ichdi-da, o‘rnidan turib, yana divanga yotdi.
«Endi nima qilish kerak? — deb o‘yladi yana u. — Uni iloji boricha tezroq ko‘nglini olish kerak… Biroq qanday yo‘l bilan? Tadbirli odam bo‘lgani uchun duelni u ahmoqlik deb biladi yoki tushunmaydi. Bordi-yu, anavi, o‘sha palataning o‘zida kasal boquvchi ayollar va bemorlar oldida afv so‘rasam, bu narsa uni emas, faqat o‘zimni qanoatlantiradi, u yaramas odam mening afv so‘rashimni ustimdan boshliqlarga shikoyat qilmasin deb qo‘rqyapti, deb tushunadi. Buning ustiga mening afv so‘rashim, pirovardida kasalxona intizomini bo‘shashtirib yuboradi. Unga pul taklif qilib ko‘rsammikan? Yo‘q, bu axloqsizlik bo‘ladi va poraga o‘xshab qoladi. Agar, hozir, aytaylik, masalani hal qilish uchun o‘zimizning bevosita boshlig‘imizga, ya’ni mahkamaga murojaat qilsak-chi… Mahkama menga vigovor berishi, yoki ishdan bo‘shatib yuborishi mumkin… Biroq u bunday qilmaydi. Ha, undan keyin, kasalxonadagi xususiy ishlarga mahkamaning aralashib yurishi uncha kelishmaydi ham, darvoqi, bunga hech qanday haqi ham yo‘q-da, axir…»
Obeddan so‘ng uch soatdan keyin doktor cho‘milgani hovuzga keta turib o‘yladi:
«Shunaqanggi ahvollar ro‘y berib qolganda boshqa odamlar nima qilsa, men ham shunday qilaversam-chi? Ya’ni, mayli u meni sudga bersin. Men so‘zsiz aybdorman, o‘zimni oqlab ham o‘tirmayman va sudya meni qamoqqa hukm qiladi. Shunday qilib, tahqirlangan odam qanoatlanadi va meni e’tiborli deb bilgan kishilar oldida men haqsiz bo‘lib chiqaman».
Mana shu g‘oya unga ma’qul tushdi. U xursand bo‘lib ketdi va go‘yo hamma ish joyida, masala hal bo‘ldi, so‘ngra masalaning bundan ko‘ra adolatliroq hal bo‘lishi mumkin emas, deb o‘yladi.
«Xo‘sh, juda soz-da! — deb o‘yladi doktor suvga tushayotib va undan cho‘chib gala-gala qochayotgan mayda tilla tovon baliqlarni tomosha qilib turib. — Bersa beraversin… Qaytaga unga shunisi qulay, chunki bizning xizmat munosabatimiz allaqachon uzilib bo‘ldi va shuncha janjaldan keyin, bari bir, ikkalamizdan birimiz kasalxonadan jo‘nashimiz kerak…»
Kechqurun doktor harbiy boshliq oldiga borib qarta o‘ynab kelish uchun arava qo‘shishga buyruq berdi.
U paltosini, shlyapasini kiyib, yo‘lga butunlay taxt bo‘lgan va kabinet o‘rtasida turib qo‘lqopini kiyayotgan edi, ko‘cha eshik g‘iyq etib ochildi-da, kimdir sekingina dahlizga kirdi.
— Kim bu? — deb so‘radi doktor.
— Menman… — deb sekin javob berdi kirgan odam. Doktorning birdan yuragi dukillab, uyalganidan va allaqanday tushunib bo‘lmaydigan qo‘rquvdan uning etlari uvishib ketdi. Feldsher Mixail Zaxarich (kelgan kishi shu edi) sekingina yo‘talib qo‘ydi-da, qo‘rqa-pusa kabinetga kirdi. Bir oz jim turgandan so‘ng u, aybdor kishiday past ovoz bilan dedi:
— Meni kechiring, Grigoriy Ivanich!
Doktor sarosimaga tushib, nima deyishini bilmay qoldi. Feldsher xristianlarga xos bo‘ysunish bilan haqorat qiluvchini yakson etish maqsadida oyog‘iga bosh urib afv so‘ragani kelmaganini doktor bildi. Feldsher: «O’zimni bosib turib, afv so‘rayman, shoyad meni haydab, yeb turgan nonimdan mahrum etmasa…» deb kelgan edi. Inson qadri-qimmati uchun bundan ko‘ra haqoratliroq narsa bormi?
— Kechiring… — deb takrorladi feldsher.
— Menga qarang… — deb gap boshladi doktor, unga qaramaslikka tirishib va hamon nima deyishini bilmasdan. — Menga qarang… men sizni haqorat qildim, buning uchun… buning uchun jazoimni tortishim, ya’ni sizni qanoatlantirishim kerak… Duelni siz inobatga olmaysiz… Rost, buni men o‘zim ham inobatga olmayman. Men sizni haqoratladim, endi siz… mening ustimdan sudyaga shikoyat qilishingiz mumkin va jazoimni tortaman… Bu yerda ikkimizning qolishimiz mumkin emas… Ikkimizdan birimiz, ketishimiz kerak! («Yo tavba! Men unga bunaqa demoqchimasdim-ku! — xavfsirab ketdi doktor. — Tentaklik bu, tentaklik!») Xullas, arznoma bering! Endi biz bundan buyon birga ishlay olmaymiz!.. Yo men turay yo siz… Ertagayoq bering!
Feldsher doktorga xo‘mrayib qaragan edi, uning qop-qora, xira ko‘zlarida zo‘r nafrat ifodasi chaqnab ketdi. U hamisha doktorni so‘zda bor-u, ishda yo‘q, injiq bir yosh bola deb hisoblardi, hozir esa uning titrab-qaqshashi va poyintar-soyintar gapirishlari feldsherning nafratini qo‘zg‘atib yubordi…
— Beramanam-da, — dedi u jahl bilan qovog‘ini solib.
— Ha, bering-da!
— Xo‘sh, siz nima deb o‘ylovdingiz? Bermaydi debmi? Beramanam-da… Sizning urishga haqingiz yo‘q. Bunday uyalsangiz ham go‘rga edi-ya! Odatda faqat mast mujiklargina mushtlashadi, siz ma’lumotli odamsiz-a, yana…
Doktorning qalbidagi butun g‘azabi to‘satdan olovlanib ketdi-yu, birdan baqirib yubordi:
— Jo‘nang, bu yerdan!
— Feldsher turgan joyidan istar-istamas qo‘zg‘aldi (u xuddi yana biror nima demoqchiga o‘xshardi), dahlizga chiqib ketdi-da, o‘sha yerda xayol surib qoldi. Keyin, allanimani o‘ylab bo‘lgach, keskin qadam bilan chiqib ketdi…
— Qanday tentaklik, qanday tentaklik-a! — deb g‘o‘ldiradi doktor u ketishi bilan. — Hammasi tentaklik va bema’nigarchilik!
U hozir feldsherga xuddi yosh bolalarcha muomala qilganligini sezdi va shuni ham tushunib qoldiki, uning sud haqidagi o‘ylaganlari masalani hal qilish emas, qayta chigallashtirib yubordi.
«Qanday tentaklik qildim-a! — deb o‘yladi u sharabanga chiqayotib va undan keyin harbiy boshliq bilan qarta o‘ynab turib. — Nahotki men shu qadar kam ma’lumotli bo‘lsam va hayotni shu qadar kam bilsam, mana shu oddiygina bir masalani hal qilishga ham qurbim yetmasa? Xo‘sh, nima qilish kerak?»
Ertasiga ertalab doktor, feldsherning xotini qayoqqadir bormoqchi bo‘lib, aravaga chiqayotganini ko‘rib qoldi-da: «Ana, xolajonlariga ketyaptilar. Boraversin!» dedi ichida.
Kasalxona feldshersiz obxod qilindi. Mahkamaga ariza yozish kerak edi-yu, lekin doktor xatning formasini hali ham o‘ylab ololmagan edi. Endigi xatning mazmunidan: «Garchi, aybdor u emas, men bo‘lsam ham, feldsherni bo‘shatib yuborishingizni so‘rayman» degan ma’no chiqishi kerak. Axir durustgina odamni uyatga qoldirmay bu mazmunni bayon qilishning iloji yo‘q-ku.
Oradan ikki-uch kun o‘tgach, feldsherning Lev Trofimovich oldiga borib shikoyat qilgani to‘g‘risida doktorga xabar berishdi. Rais uni bir og‘iz ham gapirtirmasdan, depsinib: «Men seni bilaman! Yo‘qol! Gapingni ham eshitmayman!» deb so‘kib chiqarib yuboribdi.
Feldsher Lev Trofimovichning oldidan chiqib to‘g‘ri mahkamaga boradi, va u yerda tarsaki yegani to‘g‘risida miq etmasdan hamda hech narsa so‘ramasdan turib, doktor mening huzurimda mahkamani va raisni bir necha bor so‘kdi, kasallarga ham yaxshi qaramaydi, uchastkalarga borganda ham chalakam-chatti ish qiladi va hokazo deb, ig‘vo tarqatadi. Bularni eshitgandan keyin doktor kulib yubordi va «Obbo ahmoq-ey!» deb qo‘ydi ichida. Doktor ham xijolat tortar, ham feldsherning tentakligiga achinar edi; kishi o‘zini muhofaza qilish uchun qancha ko‘p bema’nigarchilik qilsa, shuncha nochor va zaifligini ko‘rsatadi.
Rosa uch haftadan keyin ertalab doktor suddan povestka oldi.
«Bu endi o‘taketgan bema’nigarchilik… — deb uyladi u povestkani olishga qo‘l qo‘ya turib. — Bundan ko‘ra bema’niroq narsani o‘ylab ham topib bo‘lmaydi».
U sudga ketayotgan kuni ertalab havo bulut va osoyishta edi; doktor shu paytda uyalmadi, unga alam qildi va ta’bi juda xira bo‘ldi. U, o‘zidan ham, feldsherdan ham, butun vaziyatdan ham diqqat bo‘lib…
«Sudda to‘ppa-to‘g‘ri shunday deyman, — dedi jig‘ibiyroni chiqib, — bu yerdan yo‘qollaring, jin ursin sizlarni! Hammangiz eshaksizlar, hech baloga tushunmaysizlar!»
U, sud kamerasi oldiga kelganda ostonada o‘zida kasal boquvchi xotinlardan uchtasini va Rusalkani ko‘rdi, bular guvoh sifatida chaqirilgan edilar. Xotinlarni va toqati toq bo‘lganidan hadeb oyoqlarini chalishtirib turgan akusherkani ko‘rgach va hatto akusherka bo‘lajak protsessning bosh qahramonini ko‘rish bilan huzur qilib kulib yuborgandan keyin, jaxli chiqib ketgan doktor xuddi ularga qirg‘iyday chang solib: «Kasalxonadan ketishga sizga kim ruxsat berdi? Shu minutdayoq jo‘nang!» deb hammasini dovdiratib qo‘ymoqchi bo‘ldi-yu, ammo o‘zini bosdi; o‘zini bamaylixotir qilib ko‘rsatishga tirishib, bir to‘da odamlar orasidan o‘tib kameraga kirdi. Kamera bo‘m-bo‘sh va sudning zanjiri kreslo suyanchig‘ida yotgan edi. Doktor ish yurituvchining xonasiga bordi. U, bu yerda yuzlari qotma, kolomenka pidjagining cho‘ntaklari do‘ppayib turgan yosh yigitni ko‘rdi, bu ish yurituvchi edi; shu yerda feldsher ham stol yonida o‘tirib, bekorchilikdan sudlanuvchilar to‘g‘risidagi spravkalarni varaqlab o‘tirardi. Doktor kirishi bilan ish yurituvchi o‘rnidan turdi; feldsher ham xijolat tortib, o‘rnidan turdi.
— Aleksandr Arxipovich hali kelgani yo‘qmi? — deb so‘radi doktor uyalinqirab.
— Yo‘q hali. Ular uyida… — deb javob berdi ish yurituvchi.
Kamera sudya qo‘rg‘onidagi uylardan biriga joylashgan bo‘lib, sudyaning o‘zi esa katta uyda turardi. Doktor kameradan chiqdi-da, asta-sekin uyga qarab yo‘l oldi. U borganda Aleksandr Arxipovich yemakxonada samovar oldida turgan edi. Sudya syurtuksiz va jiletkasiz ko‘ylakchan, ko‘krak tugmachalari yechiq, stol oldida ikkala qo‘li bilan choynak ushlab turgan edi; o‘ziga bir stakan, xuddi kofega o‘xshagan quyuq choy quydi; mehmonni ko‘rishi bilan u darrov oldiga boshqa bir stakanni surib oldi-da, salomlashmasdan avval choy quyib:
— Sizga qandlimi yo qandsizmi? — deb so‘radi. Sudya bir vaqtlar, bunga juda ko‘p bo‘ldi, kavaleriyada xizmat qilgan edi; hozirda u, ko‘p yillik xizmatlari tufayli o‘z xohishi bilan haqiqiy grajdanlik mansablaridan birini egallab olgan, ammo hali ham o‘zining harbiy mundirini, harbiy urf-odatlarini tashlamagan. Uning mo‘ylovi ham politsmeysterlarniki singari uzun, shimi baxiyali va qiliqlari, gap-so‘zlari harbiycha edi. U boshini sal orqaga tashlab nutqini generallarga xos «mneee…» degan ibora bilan to‘ldirib, yelkasini uchirib, ko‘zlarini o‘ynatib gapirardi. Salom-alik qilganda yoki birovga papiros tutganda tovonlarini tapillatib qo‘yardi, yurib ketayotgan paytda esa, shporlarini shunday nozik shiqirlatib yurardiki, shporning har bir ovozidan go‘yo uning biror joyi qattiq og‘riyotganday tuyilardi. Doktorni choyga taklif etib o‘tqizgandan keyin, u o‘zining chorpaxil ko‘kragi va qornini bir silab oldi-da, chuqur bir nafas olib, dedi;
— Qani, xo‘sh… Ehtimol, o‘zlarining ko‘ngillari araq ichib, zakuska qilishni tusab turgandir? Mne-e?
— Yo‘q, rahmat, qornim to‘q.
Har ikkalasi ham kasalxonadagi janjal to‘g‘risida gap ochmaslikning iloji yo‘qligini sezib turishar va ikkalasi ham noqulay ahvolda qolgan edi. Doktor jim bo‘lib qoldi. Sudya qo‘llarini nazokat bilan qulochkashlab, ko‘kragini chaqib turgan pashshani tutdi, unga har tomondan diqqat bilan qaradi va qo‘yib yubordi, keyin chuqur nafas olib doktorga qaradi-da, dona-dona qilib gapirdi:
— Menga qarang, nima uchun siz uni haydab yubormaysiz?
Doktor uning ovozida achinish ohangini tuydi; birdan o‘ziga rahmi kelib ketdi, va so‘ngra shu haftada boshiga tushgan mushkilotdan ezilib tinka-madori quriganini sezdi. Nihoyat toqati-toq bo‘lib, yuragi yorilguday, stoldan irg‘ib turdi-yu, titrab-qaqshab, yuzlarini burishtirib, yelkalarini qisib, gapira ketdi:
— Haydab yuborish! Sizlar nima deb o‘ylaysizlar o‘zi, xudo haqi… juda g‘alatisizlar-da! Axir, xaddim bormi uni haydashga? Sizlar bu yerda o‘tirib, meni kasalxonada o‘zi xon, ko‘lankasi maydon-u, ko‘ngilga nima kelsa shuni qiladi, deb o‘ylaysizlar-da! Juda g‘alatisizlar-a! Uning xolasi Lev Trofimovichnikida bola boqsin va Lev Trofimovichga Zaxarich singari pismiq malaylar zarur bo‘lib tursin-da, yana uni haydab yuborishga xaddim bormi? Zemstvo biz — vrachlarni sariq chaqaga olmay, har qadamda oyoq osti qilib turgandan keyin, mening qo‘limdan nima keladi? Jin ursin hammasiniyam, endi men ishlamayman, mana bo‘lgan turgani shu! Ishlamayman!
— Yo‘, yo‘, yo‘… Siz, jonim, juda vahima qilyapsiz, unday deganda…
— Boshlig‘ingiz jon-jahdi bilan bizning hammamizni niglistlar deb isbotlashga urinadi, josuslik qiladi va bizdan xuddi o‘z kotibiday xizmat qilishni talab etadi. Men yo‘q paytimda kasalxonaga kelib, u yerda bemorlar va kasal boquvchi xotinlarni so‘roq qilishga qanday haqi bor? Axir, bu haqoratlash emasmi? Xo‘sh, anavi telba Semyon Alekseichingiz-chi, o‘zi doim gerdayib yuradi. Qorni to‘q va ho‘kizday baquvvat bo‘lgani uchun meditsinaga mutlaqo ishonmaydi, yana hammaga eshittirib, ko‘z oldimizda bizni tekinxo‘r deb, ta’na qiladi, bir burda nonni ravo ko‘rmaydi! Ha, jin ursin uni! Men ertalabdan kechgacha ishlayman, dam olish degan narsani bilmayman, hamma telba-tezik, taqvodor, islohchilar va shu singari masxarabozlardan ko‘ra bu yerda men zarurroqman, axir! Men ish deb sog‘lig‘imdan ajraldim, lekin mendan minnatdorchilik qilish o‘rniga, bir burda nonni ta’na qilishadi! Sizga tashakkurlarimni izhor etaman! Yana har kim birovlarning ishiga tumshug‘ini suqishga, nasihatgo‘ylik va nazorat qilishga o‘zini haqli deb hisoblaydi! Anavi, sizning maxkamangizning a’zosi Kamchatskiy bo‘lsa, Zemstvo majlisida, bizda kaliy aralashmasining ko‘p ishlatib qo‘yilganligi uchun vrachlarga tanbeh berdi va bizga bundan buyon kokainni ehtiyot qilib ishlatishni tavsiya qildi! Uning o‘zi nimani biladi, qani men sizdan so‘raychi? Uning nima ishi bor? Nega u sizlarga sud qilishni o‘rgatmaydi?
— Be… axir u bezbet xushomadgo‘y odam-da, joniginam… Unga parvo qilishning keragi yo‘q…
— Xo‘p, bezbet, xushomadgo‘y odam, lekin sizlar bu vag‘vag‘ni a’zolikka saylagansiz va unga hamma yoqqa tumshuq suqishga yo‘l berib qo‘ygansiz-da! Siz bo‘lsangiz, iljayasiz! Sizningcha bularning hammasi mayda-chuyda, arzimagan narsalar, lekin, o‘ylab ko‘ring, axir, bunaqanggi mayda-chuydalar shu qadar ko‘pki, xuddi shag‘allar yig‘ilib tog‘ bo‘lganday butun hayot ham mana shu mayda-chuydalardan tashkil topgan! Endi chiday olmayman! Madorim quridi, Aleksandr Arxipich! Yana bir oz tursam shu yerda, sizni ishontirib aytamanki, og‘zi-burniga tushirish emas, hatto birortasini otib qo‘yaman! Siz tushuning, axir, mening asablarim, simdan emas, men ham xuddi sizga o‘xshagan odamman…
Doktorning ko‘zlariga jiqqa yosh to‘lib, ovozi ham titrab ketdi; u teskari o‘girilib, derazaga qarab oldi. Oraga jimlik cho‘kdi.
— Ha, hm, muhtaram… — g‘o‘ldiradi sudya taraddudlanib. — Ikkinchi tomondan, agar bunday vazminlik bilan o‘ylab qaralsa unda… (sudya chivin tutib, ko‘zlarini qisib, unga har tomondan qaradi-da, ezib, chayindi idishga tashladi)… Unda, bilasizmi, feldsherni haydashdan ham ma’ni chiqmaydi. Haydab yuboring-chi, bari bir o‘rniga yana bitta shunaqasi, balki undan badtarrog‘i o‘tirib oladi. Yuzta odamni almashtirganingiz bilan yaxshisini topolmaysiz… Hammasi ablah (sudya qo‘ltig‘i tagiga qarab qo‘yib, sekin papiros cheka boshladi). Bu yovuz bilan murosa qilish kerak. Men sizga aytib qo‘yishim kerakki, hozirgi zamonda siz ishonishingiz mumkin bo‘lgan sofdil, idrokli odamni faqat ziyolilar va mujiklar orasidan, ya’ni masalan faqat shu ikki qatlam orasidangina topishingiz mumkin. Siz, aytaylik, pokiza vrachni, olijanob pedagogni, pokiza qo‘shchi yoki temirchini topa olasiz, biroq o‘rta darajadagi odamlar, ya’ni shunday deb ta’riflash joiz bo‘lsa, xalq ichidan chiqib va hali ziyolilargacha borib yetmagan kishilar ishonchsizlik elementlarini hosil qiladi. Shuning uchun ham sofdil va idrokli feldsher, kotib, gumashta va shu kabilarni topish g‘oyat og‘ir. Favqulodda og‘ir! Men Gorox shohi zamonidan buyon adliya sohasida xizmat qilaman va butun xizmatim mobaynida, garchi son-sanoqsiz kotiblarni haydab yuborgan bo‘lsam-da, birorta sofdil va idrokli kotibni ko‘rganim yo‘q. Xalqda axloq intizomi yo‘q, printsip ha-a-a-qida gapirmayoq qo‘yaqolaylik, men sizga aytsam…
«Nega bularni gapiradi? — deb o‘ylab qoldi doktor. — Biz u bilan kerakli narsani gaplashayotganimiz yo‘q-ku».
— Mana uzoqqa bormaylik, o‘tgan jumada, — deb so‘zida davom etdi sudya, —mening Dyujinskiyim, o‘zingiz tasavvur eting, shunday bir qiliq qilipti. Kechqurun oldiga allaqanday piyanistalarni chaqiripti, kim biladi deysiz, ular kim ekan, tuniminam o‘shalar bilan kamerada ichkilikbozlik qilib chiqipti. Xushingizga keladimi? Men-ku, ichkilikka hech qarshi emasman-a. Jin ursin seni, ichsang ichaver, ammo nega noma’lum kishilarii kameraga kiritasan? Axir, o‘zingiz o‘ylang, ishlardan birorta hujjatni, veksel va shu singari qog‘ozlarni birpasda o‘g‘irlab qo‘yish mumkin! Bunga nima deysan? O’sha ayshi-ishratdan keyin men, biror narsa yo‘qolib qolmadimi deb ikki kungacha hamma ishni ko‘zdan kechirib chiqdim… Xo‘sh, bu ablahlarni nima qilardingiz? Haydashmi? Yaxshi — xm… Yana boshqasi bundan battar bo‘lmaydi deb, qanday ishontira olasiz?
— Rost, uni qanday qilib haydayman? — dedi doktor. — Odamni haydash faqat gapda onson… Men uning bola-chaqaliligini, och-yalang‘ochligini bilib turganimdan keyin, qanday haydab, bir burda nondan benasib qilaman? Bola-chaqasi bilan u qayoqqa boradi?
«Ie, nima balo bo‘ldi, o‘zi, munaqa demoqchimasdim-ku!» deb o‘ylab qoldi u, o‘z xayolini biror aniq fikr yoki biror hissiyot ustida jamlay olmayotganiga hayron bo‘ladi. «Buning sababi shuki, men puxta emasman va fikrlashni bilmayman» deb qo‘ydi ichida.
— O’rta darajadagi odamga, xaligi siz aytganday ishonib bo‘lmaydi, — deb davom etdi. — Biz uni haydaymiz, so‘kamiz, afti-basharasiga qarab uramiz, ammo lekin, uning ahvoliga ham qarash kerak-da, axir. U na mujik, na barin, bir dardisar; uning o‘tmishi rasvo, hozirda esa oyiga faqat yigirma besh so‘m oladi, bola-chaqasi och va birovga qaram, kelajakda ham uniki yana o‘sha yigirma besh so‘m pul-u, birovga boqim, yuz yil xizmat qilganda ham ahvoli shu-da. Unda na ma’lumot bor va na mol-mulk; o‘qishga va cherkovga borishga vaqti yo‘q, bizdan hech narsa eshitmaydi, chunki biz uni yaqinimizga yo‘latmaymiz. Shunday qilib u, o‘la-o‘lguncha durustroq bir turmushdan umid qilmay, chala-yarim ovqat yeb, «mana hozir davlat kvartirasidan haydab yuboradi» deb qo‘rqib, bola-chaqasini qaerga qo‘yishini bilmay yuraveradi. Shundan keyin ayting-chi, qalay piyanistalik, o‘g‘irlik qilmasin? Bu yerda printsipga o‘rin qoldimi, endi!
«Biz, chamasi, ijtimoiy masalalarni hal qilishga o‘tib ketdik, shekilli, — deb o‘yladi u. — Juda chetga chiqib ketdik, tavba! Bular nimaga kerak o‘zi?»
Shu orada jarang-jurung ovoz eshitilib qoldi. Kimdir izvosh bilan hovliga kirdi, oldin kamera oldiga bordi, keyin katta uyga kiraverishdagi zina yoniga keldi.
— O’zi keldi, — dedi sudya, derazadan qarab. — Ana endi ta’ziringizni beradi!
— A, siz, marhamat qilib, meni tezroq jo‘nating… — iltimos qildi doktor. — Agar iloji bo‘lsa, mening ishimni benavbat ko‘rsangiz. Xudo haqi, vaqtim yo‘q.
— Yaxshi-yaxshi… Faqat, hali o‘zim bilmayman, taqsir, bu ishni men sud qilib o‘tirishim kerakmikan. Feldsher bilan sizning munosabatingiz, aytaylik, xizmat yuzasidan bo‘lgan, buning ustiga siz uni xizmat vazifasini o‘tayotgan paytda tuzlagansiz. Ammo durustgina bilmayman ham. Hozir Lev Trofimovichdan so‘raymiz.
Shosha-pisha kelayotgan qadam tovushi va og‘ir harsillagan ovoz eshitildi va shu on eshikdan rais — soch-soqoli oppoq, tepakal, soqollari uzun va qovoqlari qip-qizil Lev Trofimovich ko‘rinib qoldi.
— Salom berdik… — dedi u harsillab turib. Uf, tavba! Muhtaram sudya, menga kvas bering! O’lganim yaxshi…
U kresloga o‘zini tashladi, lekin shu zahoti darrov irg‘ib turib, doktorning oldiga bordi va jahl bilan unga o‘qrayib, chiyildoq ovoz bilan gapira ketdi:
— Sizdan juda va benihoyat minnatdorman. Grigoriy Ivanich! Xudo haqi hech qachon unutmayman! Do‘st kishi bunday qilmaydi! Ko‘nglingizga kelmasin-u, lekin sizning tomoningizdan hatto insofsizlik qilingan! Nima sababdan siz menga ma’lum qilmadingiz? Xo‘sh, men nima? Kimman, axir? Dushman yoki begona odammi? Sizga dushmanmanmi? Biron vaqt so‘zingizni yerda qoldirganmidim? A?
Rais ko‘zlarini olaytirib va barmoqlarini silkib, kvas ichdi-da, darrov lablarini artib, davom etdi:
— G’oyat, g‘oyat minnatdorman sizdan! Nima sababdan menga ma’lum qilmadingiz? Agarda sizda menga nisbatan qittak ko‘ngil bo‘lganda, oldimga kelib, do‘stlarcha: — «Jonginam, Lev Trofimovich, shunday, shunday vassalom… Ana shunday hodisa ro‘y berib qoldi va hokazo…» derdingiz. Men sizga bir zumda hammasini to‘g‘rilab bergan bo‘lardim va bunday janjalga o‘rin ham qolmas edi… Anavi ahmoq, xuddi devonaday butun uezdda sandiroqlab, g‘iybat qilib, xotinlar orasida chaqimchilik qilib yuripti; siz bo‘lsangiz sharmanda bo‘lib, ko‘ngligizga kelmasin-u, kim biladi nima balolarni qo‘zg‘ab yuribsiz, sudga berishga o‘sha ahmoqni majbur qilgansiz! Sharmandalik, g‘irt sharmandalik! Hamma mendan nima gap o‘zi, nima asti, deb so‘raydi, xo‘sh, men-chi, raisman, ammo u yoqda nimalar bo‘lyapti, hech narsani bilmayman, mening sizga aslo keragim ham yo‘q-da! G’oyat, g‘oyat minnatdorman sizdan, Grigoriy Ivanich!
Rais shunday past egilib ta’zim qildiki, hatto a’zoyi-badani qip-qizarib ketdi, keyin derazaga kelib baqirdi:
— Jigalov, Mixail Zaxarichni bu yoqqa chaqir! Ayt, shu topdayoq kelsin! Yaxshi emas-s! — dedi u, derazadan nari borib. — Hatto mening xotinim ham ranjidi, xo‘sh, nima sababdan, chamasi, sizga muruvvat qilsa kerak-da! Siz, afandim, juda bilarmonlik qilib yuboribsiz! Oqilona bo‘lsin deb har xil printsiplar va turli qiliqlar qilasiz, lekin chalg‘itasiz, xolos.
— Siz nuqul tavakkal qilaverasiz, xo‘sh nima chiqyapti? — deb so‘radi doktor.
— Nima chiqyaptimi? Shu narsa chiqyaptiki, agar men hozir bu yoqqa kelmaganimda, siz o‘zingizni ham sharmanda qilardingiz, bizni ham… baxtingizga men kelib qoldim!
Feldsher kirib, ostonada to‘xtadi. Rais unga yondamasiga turib, qo‘llarini cho‘ntagiga tiqib oldi-da, bir yo‘talib, dedi:
— Hozir doktordan uzr so‘ra!
Doktor qip-qizarib, boshqa uyga kirib ketdi.
— Mana, ko‘rdingmi, doktor sening uzringni qabul qilgusi kelmayapti! — deb davom etdi rais. — U seni, tovbangni so‘zda emas, balki ishda ko‘rsatishingni istayapti. Bugundan boshlab itoat qilishga va doim hushyor bo‘lishga so‘z berasanmi?
— Beraman… — deb qovog‘ini osiltirib to‘ng‘illadi feldsher.
— Ko‘zingni och! Xudo ko‘rsatmasin! Bir mo‘ylov qilsammi, joydan ajralasan qolasan! Endi biror gap bo‘lsa, mendan yaxshilik kutib o‘tirma… Qani, jo‘na uyingga…
Ishning bu yo‘sinda hal bo‘lishi o‘z xo‘jasi bilan yarashib olgan feldsher uchun hech kutilmagan baxt bo‘ldi. U sevinganidan hatto rangi oqarib ketdi. Feldsher biror narsa demoqchi bo‘lib, qo‘lini cho‘zdi-yu, lekin hech narsa demadi, faqat ma’nosizgina iljayib chiqib ketdi.
— Ana, ish tamom! — dedi rais. — Endi hech qanday sudning ham keragi yo‘q.
U yengil tortib nafas oldi-da, shu topda xuddi juda og‘ir va muhim bir ish qilib yuborganday samovar va stakanlarga qarab qo‘ydi va qo‘llarini ishqalab turib dedi:
— Xudo halloq… Menga bir qultum quy-chi, Sasha. Ha, aytganday, avval zakuskaga biror narsa olib kelgin… Keyin, oqidan…
— Bu mumkin emas, janoblar! — dedi doktor oshxonaga kirayotib; u hamon qizarib-bo‘rtib injiqlik qilar edi. — Bu… bu komediya-ku! Bu qabihlik! Men chiday olmayman! Masalani bunaqanggi masqarabozlik bilan hal qilgandan ko‘ra yigirma marta sudlashgan yaxshi, yo‘q, men chiday olmayman!
— Sizga nima kerak, axir? — dedi rais unga g‘ijinib. — Haydashmi? Mayli, haydab qo‘ya qolay…
— Yo‘q, haydash emas… Menga nima kerakligini o‘zim ham bilmayman, lekin, janoblar, hayotga bunday munosabatda bo‘lish… Ey, xudoyim-ey!
Doktorning asabi qaynab besaranjom bo‘lib qoldi, shlyapasini qidirdi, topolmadi va darmoni qurib kresloga o‘zini tashladi.
— Qabihlik! — deb yana takrorladi u.
— Jonginam, — dedi pichirlab sudya, — ba’zan sizga ham tushunolmayman, bunday qaraganda… Axir bu ishda siz aybdorsiz-ku! Un to‘qqizinchi asrning oxirida birovning basharasiga qarab tushirish — bu, men sizga aytsam, nima desangiz deyavering-ku, bo‘lmaydi-da… To‘g‘ri, u ablah, biro-o-oq, xo‘p deyavering, siz ham ehtiyotsizlik qilib yuborgansiz…
— Albatta-da! — dedi rais.
Araq va zakuska keltirishdi. Xayrlashuv oldidan doktor ham beixtiyor bir ryumka ichib yuborib, rediska bilan zakuska qildi. U kasalxonaga qaytib kelgan paytda uning fikrini xuddi kuz ertasidagi maysaday tuman qoplagan edi.
«Nahotki, — deb o‘yladi u, — so‘nggi haftada tortgan shuncha azob-uqubatlar, bosh qotirishlar va aytilgach gaplar — oqibat shu qadar bema’nigarchilik bilan tugasa! Qanday tentaklik! Qanday tentaklik!»
U o‘zining shaxsiy masalalariga yot kishilarni aralashtirib qo‘ygani uchun uyaldi, bu kishilarga aytgan gaplari va odati bo‘yicha o‘ylab o‘tirmay aroq ichib yuborgani uchun uyaldi, o‘zining tushunib yetmagan, sayoz aqlidan hijolat tortdi… U kasalxonaga kelishi bilan shu zahoti obxod qila boshladi. Yonida feldsher, xuddi muloyim mushukday iymanib, savollarga yumshoq javob berib yurardi… Feldsher ham, Rusalka ham, kasal boquvchi ayollar ham o‘zlarini, go‘yo hech narsa bilmaganday va hamma ish joyida deganday bir qiyofada tutar edilar. Doktor ham kuchining boricha o‘zini beparvo qilib ko‘rsatishga urunardi. U buyruq berar, jahl qilar, kasallar bilan hazil-huzil gap qilib qo‘yardi-yu, ammo miyasidan:
— Tentaklik, tentaklik, tentaklik… — degan gap nari ketmas edi.

_________
Hikoya dastlab «Jiteyskaya meloch» sarlavhasi bilan «Novoe vremya» gazetasida bosilgan, 1888. ?4404, 3 iyun Imzo: An. Chexov. Avtor ba’zi o‘zgartyshlar bilan o‘zining «Xmurne lyudi» to‘plamiga, yana biroz tuzatish bilan 1901 yilda chiqqan 5-tom Asarlar to‘plamiga kiritgan.
* Skalpel — xirurgiya nishtari.
** Zond — rezinka ichak.

09

(Tashriflar: umumiy 1 650, bugungi 1)

1 izoh

  1. Raxmat kutubxona materiallaringizni ortoqlashganiz uchun agar yozganlarom yetib borsa man balki internetni u qadar faol bilmasman iltimos jahon adabiyoti sherlaridan va asarlar tarjimalarini kop kop yuborib reklama etib tursangiz yani qanday topib foydalanishni gazetalardan yana raxmat minadormiz

Izoh qoldiring