Nurillo Chori. Ijodkor or nomusi & Yo’l qarayotgan kishi.

09
…Узоқдан қулоғимга: «Тошкан олис-да-а, болам!», деган таниш сас келади. Ортимга қайриламан. Ёнимда, шундоқ ёнгинам-да, мендан бир қадам кейин пахта эгатлари орасида қартайган, муштдек жуссали Энам жилмайиб туради. Шартта қайтгим, энамни даст кўтариб олгим, йўлтўрвани улоқтириб отгим, отамнинг қўлидан кетмонини олгим келади. Аммо онамнинг: “Бор, болам! Боравер, йўлинг ойдин, йигит пири йўлдошинг бўлсин! Қайрилма, қанотим!”, деган сўзларидан ўта олмай одимлаб кетаман…

034
Нурилла Чори
ИККИ МАҚОЛА
08

ИЖОДКОР ОР-НОМУСИ

019Шу юртда, шу тупроқда яшаб ўтган кўпдан-кўп улуғ зотларнинг ҳаёт йўлига, маънавий меросига кўз югуртирганимизда, ўзига хон, ўзига бек шу эл қалбига қулоқ тутганимизда аён бўладики, биз ор-номусини, шаънини тожу давлат билган зотларнинг авлодимиз. Содда ва самимий, дили тили билан бир, донишманд эл етти ўлчаб бир кесиб, катта хулосалар ясайди — нақл қилади. Нақли эса, Асқар тоғнинг “бошини олган” ёйдай ўткир. “Бор борини ейди, уятсиз — орини” ёки “Ҳаё кетди — бало етди”, дейди халқимиз.

Муддао — айни ор-номус нуқтаи назаридан каминага тенгқур айрим қаламкашлар машқларига эътибор қаратмоқ. Дарвоқе, “Ўзи сенинг тенгқуринг кимлар?”, деб сўрашингиз мумкин. “Адабиёт бўстонига оёққинани артиб” (Абдулла Орипов сўзи) кирмоқ умидида қўлига қалам тутиб, уч-тўрт ҳикоя қоралаган қаламкаш борки, менга сафдошдир.

Назаримда, ушбу мавзу миллатнинг кечаги куни, ўтмиши ва бадиий ҳақиқатларини ёдга олишни, салафлардан ўрганишни тақозо этади. Жалолиддин Мангуберди “омон чиқиб ёвлар қаҳридан, отда кечиб кенг Синд наҳридан” (Носир Муҳаммад сатри) ўтди. Нажмиддин Кубро юрт кори учун: “Ё ҳаёт, ё мамот!”, деб ҳайқирди. Улуғ зотнинг ити ҳам боболарга мадат бағишлаб, Ватанга оёқ босган ғаним этига озиқ тишини ботирди. Ёки “Алпомиш” достони ор талашган, номусу шаънини улуғлаган элнинг бадиий тафаккури маҳсули эмасми? Ўйлаб кўрсак, ҳеч бир сингил ўртада ор турмаса, акага қарата: “Той-талашда қолган ёрин олмаган, Жаҳонни сайл этиб бунда юрмаган, Нор-модалар сендан ортда бўлмаган?” дейишига тили борадими? Йўқ, албатта.

Келинг, кўп узоққа бормайлик, биз ўқиб улғайган асарларда бу масала қандай акс этганини кузатайлик. Шукур Холмирзаев ҳикоялари замирида  ғурур, шаън, номус, ор ётади. Адиб қаҳрамонлари ҳалол, дангал, чўрткесар, чапани. “Ўзбек характери”да Эргаш — тузлиққа тупирмайдиган йигит: “Ўзимни иштаҳаси йўққа урдим-да… Жуда бўлмагандан кейин: “Ҳаммаларингдан жирканаман!”, деб четга чиқдим”, “Нуқул йиғлагим келади, уккағар. Ботир акага, аёлига ачинардим…”. Бу ўзи билан ўзи курашиб толмаётган, бошқалар қилган ўғирлик учун виждони қийналаётган ўзбек-ку! “Аросат” ҳикоясида кекса ўқитувчи Зокир Ўрин собиқ ўқувчиси Хўжамёрнинг тадбиркор, уддабирон ва ишбилармон бўлиб кетганини бошқалардан кўра кеч эшитади. Негаки, у бировларнинг мол-мулки, еган оши, кийган кийим-бошига эътибор қилмайди. Умри мактабда болаларга сабоқ бериш билан ўтмоқда. Табиийки, кекса ўқитувчини ўқувчилари орасидан чиққан фозил ҳам, хотамитой ҳам ғурурлантиради. Устоз “Хўжамёрнинг тадбиркор кўриш, кўришиш ва ҳимматли ишларига барор тилаш онларининг жозибасидан чарчоғини ҳам унитиб”, шогирдни зиёрат этади.

“ — Мана, салкам чорак ўтирибмиз… Ҳим, сиз истиҳола қилиб айтмагандан кейин мен нима қилай?
— Нимани-нимани? — зўриқиб сўради Зокир Ўрин. — Мен ҳеч нарсани истиҳола қилганим йўқ. Мутлақо!.. Истиҳолани ўйласам, ҳатто…
— Нима?
— Бу ерга келмас эдим.
— Келибсизми, сўранг-да энди, — деди Хўжамёр ундан кўз узмай”.  Шогирд устозини бир манфаатпараст, хушомадгўйга тенг кўриб қаттиқ адашади. Зокир Ўрин эгни ямоқ бўлса-да, ориятли одам, ҳаёт синовлари олдида мўрт кетмайди. Шу боис ғурур билан дейди: “ — Ҳой, безнесмен! Тиланчи эмасман, худога шукур. Сени ўқувчим деб… Беъмани, одобсиз!..”. Адиб ҳикояларида ғурурли кишиларнинг қўли доимо баланд келади.

“Тафаккур” нашриётида 2009 йил чоп этилган Сурхон Бўриевнинг “Қалб сири” китоби мутолааси билан мулоҳазаларимизни давом эттирсак (китобда “Йиғлаётган ким” романи ва саккизта ҳикоя бор). Китобни қўлга олар эканман, “Сурхон Бўриев оддий одамларнинг руҳиятидаги жилоланишларни ҳамда инсон қалбининг нозик, англами йўқ туйғуларини ўз асарларига моҳирона сингдиришга ва адабиётда анъанавий йўналиш билан психосентиментал (И. В. Гётенинг «Ёш Вертернинг изтироблари» романи усули — таъкид бизники Н. Ч.) усулини уйғунлаштиришга интилади”, дея берилган таъриф эътиборимни тортди. Инсон ва унинг руҳий олами, маънавий қиёфаси, воқеликни юзага келтирган ижтимоий ҳолатнинг бадиий ифодаси ҳамда психосентиментал шакл ҳақидаги тасаввуримни бойитиш мақсадида китобни қизиқиш билан ўқидим…

Энди эса, ҳафсалам пир бўлиб дардимни айтиб турибман. “Унитилган одам” ҳикояси қаҳрамони Ҳамдам Зебо билан турмуш остонасини ҳатлаб ўтганига беш йил бўлганича йўқ. Зебонинг ҳар куни “ака”лари кўпайиб боради. Англашимча, Ҳамдам тўрт мучаси соғ бўлса-да, отарчилар раққоси бўлмиш Зебонинг қўлига қараб ўтирадиган мардум. Бир ўринда Ҳамдам: “Номуссиз хотинингни бемаза қилиқларига чек қўй!”, — деб тутақиб тармашмаганида эди, ҳеч қачон акам билан сен-менга бормаган бўлар эдим”, дея акаси билан бўлган низога ва қишлоқдан чекка даштга кўчиб чиққанига ойдинлик киритади. Яна бир ўринда эса “Зебо ҳам инсон-ку, у ҳам яйраши керак. Нега ҳеч ким тушунмайди?”, деганига ҳайрон бўласиз.

Ҳамдам қўшниси Шодмон билан бирга унинг ҳовлисига беда экиш учун ер тайёрлайди ва биргаликда ароқ ичишади. Сўнг Шодмон Ҳамдамни уйига олиб бориб қўяди:
“ — Ака, очиғини айтсам, — Ҳамдам мастлигига қарамай, кўнглидаги гапни айтишга журъат қилолмагандан бироз ҳаяжонланар, томоғи қақраб, тез-тез ютинарди. — Мен истар эдимки… Зебо дуч келган эркак билан эмас, фақат бир киши билан…
— Нима?! — тажжуб ва ҳайрат билан сўради Шодмон.
— Ҳа. Мен уни фақат сиздек яхши одам билан, сиз билан…”.

Буни ўқиб ёқа ушладим. Миллий адабиётимизда ўз хотинини бошқаларга инъом этадиган қаҳрамон пайдо бўлгани ўта ачинарли ҳолдир. Оғзига келганни сўзлаш — нодоннинг иши, деб аюҳаннос солманг, дерсиз? Аммо шундай “ҳикоя” жой олган китобга устоз адабиётшунос олимлардан бири (Умарали Норматов) тақризчи экани… Таскин шунданки, муҳтарам домламиз юқорида номи зикр этилган китобга тақризчи эканини билмас-ов?!  Нега? Гап шундаки, муаллиф ҳақида маълумот берилиб , “Унинг “Туш кўраётган қари қиз”, “Абадиятга айланган тириклик”, “Ғилминди”, “Фалокатдан очилган фол” номли бир қанча ҳикоялари республикамиз журналларида чоп этилган”, дейлади. Ваҳоланки, камина Сурхон Бўриевнинг бирорта битигини адабий-бадиий журналларда кўрган эмас.

Тенгқурларимиздан яна бири Азамат Қоржововнинг рандаланган тахтадек силлиқ “Фарзандлар” ҳикояси қаҳрамони Гулжон момонинг ўғли Аҳмадқул қари онасини ташлаб, шаҳарга кетиб қолган. Сабабини қаламкаш Аҳмадқул тилидан шундай изоҳлайди: “Қишлоқ подасини боқмасам оқ қилар эмиш! Момонгнинг эси жойидами, ўзи?! Нима қилган бўлса, ўзига-ўзи қилди. Сени деб бошқа турмуш қурмадим, деди. Қурсин эди… Нима, энди мен қишлоқ подасини боқиб юришим керакмиди?!” Отадан эрта етим қолган бола бир кун келиб онасини бошқа эр қилмаганликда айиблаб туришини қандай тушуниш, изоҳлаш мумкин. Муаллиф йўл қўйган бир камчилик иккинчисини туққан: “Манави кампир ўлса, — пичирлади Аҳмадқул, — уйи менга қолади. Сўнгра биттасини топиб, уйланаман”. Номард ўғил тайёрига айёр бўлишни истаб, қари онадан, ватандан кечиб юрибди… Қолганини ўзингиз мулоҳаза қилиб кўринг.

Мақола аввалида Шукур Холмирзаев ижодининг ибрати ҳақида гапирдик. Устоз адибнинг ҳикоялари автобиографик характерга эгалиги боис ёзувчининг кўрган-кечирганлари билан бадиий тўқимасини фарқлаш қийин. Бу эса, шундай хулосалар чиқаришимизга имкон беради: биз оға-ини бўлиб яшаётган кишилар ор-номусини тожу давлат билади; орсиз кимса доимо оёқ остида; ёзувчи ориятли бўлиши шарт. Зотан, ёзувчи ўзи ёзган ҳар қандай асарнинг иштирокчиси ва, таъбир жоиз бўлса, ўзи яратган бадиий оламнинг ҳомийсидир.

ЙЎЛ ҚАРАЁТГАН КИШИ

Бошимни зўр ишга бериб қўйибмен.
Чўлпон

028   Ҳар гал она қишлоғим, ота юртим Изиллоққа бориб қайтар эканман, икки кўзим ортимда «қолади»: …боласига меҳрибон барча оналар каби энам йўлтўрвамни ҳеч кимга ишонмай ўзи ҳозирлайди, албатта, Чўлпон юлдузининг шуъласига ёпиб олинган сутли нон солади.

  Остонада отамнинг қўллари дуога очилади. Тангридан менга йўл сўрайди, йўлдош сўрайди “… муродинг ҳосил бўлсин”, деб кузатади.

  Энам-чи, энам ортимдан эргашиб томорқамизнинг адоғигача келади, ундан кўчанинг бошига чиқади.
Мен-чи, менинг сурурли кўнглим энамнинг эргашганидан ўзини ноқулай сезади. “Эна, қайтсангиз-чи”, деган гапим тишимга тегади, бироқ тилимга чиқмайди, қадам ташлайман. Ҳозир рўпарамдан Улаш бувами, Ойлар момом чиқиб: «Ув-в… Нурилла, сен шаҳарга қатнай бошлаганингда тишим чиқмаганди. Ҳалиям қатнаяпсанми?», деб айтадигандек туюлади. Қадамимни илдамлатиб, асов тойчоқдай йўртиб кетаман. Елкамга осилган йўлтўрвам нортуянинг ўркачидай силкинади. Шунда узоқдан қулоғимга: «Тошкан олис-да-а, болам!», деган таниш сас келади. Ортимга қайриламан. Ёнимда, шундоқ ёнгинам-да, мендан бир қадам кейин пахта эгатлари орасида қартайган, муштдек жуссали Энам жилмайиб туради. Шартта қайтгим, энамни даст кўтариб олгим, йўлтўрвани улоқтириб отгим, отамнинг қўлидан кетмонини олгим келади. Аммо онамнинг: “Бор, болам! Боравер, йўлинг ойдин, йигит пири йўлдошинг бўлсин! Қайрилма, қанотим!”, деган сўзларидан ўта олмай одимлаб кетаман…

Тобора қишлоқдан олислайман, кета-кета ортимга қарайман: энамнинг ёнида отам йўл қарайди. Улаш бува билан Ойлар момо ҳам неваралари билан тикилиб туришади. Шу зайлда улар қишлоққа, мен эса йўлга сингиб кетамиз… Буни азим Тошкентга ўзининг айтар сўзи билан келган, кўнглини кезиб юрган тенгқурларимнинг бориб қайтар йўли шу, десам адашмайман.

Ортимдан қараб қолган қора кўзлар бир дам ёддан кўтарилмайди. Айниқса, қўлга қалам олдим дегунча қулоғимга уларнинг: «Хўш, шоир, Тошканда нима гаплар? Бизнинг шеърни ёздингми? Ишқилиб, Изиллоқни уялтириб қўйма, китобингни ўқиган киши ҳа, мени ёзибди десин, ўқиган одамнинг кўнгли ўссин, яраси битсин, болам!», деган гаплари жаранглайди.

Очиғи, бу тилакми, талабми ёки панд-насиҳат — аниқ билолмадим, бироқ елкамдаги йўлтўрвамдан бир неча ҳисса оғир… Эҳтимол, масъулият деганлари шудир. Не бўлганда ҳам унинг залвори мени босди: «ўқиган киши…» менинг ёзганларим ҳақида нима дейди? Ўзи, менинг қораламаларимни укам энамга ўқиб бера оладими? Синглим отам билан улар ҳақида суҳбатлаша оладими?  Бу каби саволларнинг чек-чегараси йўқ… Қуроли сўз бўлган ижодкорларга бугун зулматнинг нурга дўнган куни. Негаки, уларнинг ижодий эркинлиги таъминланган, қалами бор ҳар киши, билганини истаганича, қурбати етганича ёзаётир. Аммо ўзини «бир ҳовуч аҳли адаб» одамлари орасида, деб биладиганлар ичидаям турмуш ташвишларидан баланд турмай, дил ва қалам ростлигига путур етказаётганлар «турнақатор». Улар бир бора, бу имкониятни тақдир: «Юрак, сенсан менинг созим, тилимни найга жўр этдинг…», деб зор қақшаб ўтган авлодга раво кўрганида, улар ўзбекни, ўзликни, ўз кўнглини қандай ифодалаган бўларди, дея ўйлаб кўрсалар…

Назаримда, тенгқурларим айни шундай саволларга «дам шу дамдир ўзга дамни дам дема», деб жавоб излайдиган пайти. Бироқ уларнинг бироз айбғанаси бордек. Бугун битта ҳикоянинг кифтини келтирган ёзувчи, иккита шеър қоралаган ўзини шоир санаётир. Шунинг учун ҳам теварак пуч писта чаққандек осон ўқиладиган, ўта содда “шеърлар”, учи-кети йўқ алжирашлардан иборат “ҳикоялар” билан бойиб кетди. Бу кунда: «Она тилим, сен руҳимнинг қаноти», деб ҳайқирган шоир ҳаёт бўлганида борми унга тақлид қилиб юзига устара теккизмайдиган, шеър деб уч пулга қиммат “сўзпўчоғини” сотиб, ундан ҳам камбаҳога дидсиз хонанданинг малайига айланган мардумни кўриб НЕ ДЕРДИ, буни билмайман…

Балки: “Вақт — улуғ ҳакам. Руҳинг уйғонсин”, дермиди… униси ҳам бизга қоронғу. Аёни шуки, бугун адабий жараёнда, таъбир жоиз бўлса, сукут фасли. Муҳтарам устоз адиблар, шоирлар, адабиётшунослар — ҳаммаси янги асарига тартиб бериш билан овораю сарсон. Ёшлар ҳам бўш келгани йўқ. Таржимаи ҳоллар, мумтоз адабиёт намоёндалариникидек ўқилади. Чиқарган китобларини тартиб билан ёйса, қулоч етмайди. Энг қизиғи шуки “Ўзининг наздидаги бу машҳур ва аллома шоир”ни ота-онаси ва унга китоб чиқазиб берган валломат ноширдан бошқа бирор зоғ танимайди, билмайди ҳам. Бу эса, узоқ манзилни кўзлаб йўлга чиққан йўловчини бир лаҳза бўлса-да, ўйга толдириши, мушоҳадага чорлаши табиий. Негаки, нагоҳон  тақдиркарвон сизнинг Бойчиборингизни  майиб  байтал минганлар билан ҳамроҳ этса, ўз-ўзингиздан уларнинг қадамига қарашингизга тўғри келади. Ва шу аснода: «…ем бўлиб кетсак шу қумурсқаларга», дейсан. Бежизга истеъдод тулпорга менгзалмаган.

Отнинг орасида тулпори қанча кам бўлса, шоирлар ичида истеъдодлилари ундан-да ноёб замон келди, чамамда. Йўлдаги йўлдошингизга ачинасиз, раҳмингиз келади. Барибир майиб байталлилар манзил сари қорама-қора келаверади. Чунки божни ҳам сен тўлайсан, қароқчи ҳам сени тунайди. Бироқ уларнинг ўзлари ҳам биладики, Муродтепага чиқишга фақат ва фақат сенинг Бойчиборинг ярайди…

Шу ўринда, мингани Бойчибор эмас, Шапақи эканини англамай тўқсон алпнинг қаторида борман, деган қалмоқшоҳ ҳолидан сўзласак…

Роса бир йил илгари «Шарқ зиёкори» китоблар дўконида булғор қалампиридек, келадиган бурни қизарган, кўзлари ола-кесак, қориндор бир одамга дуч келдим. Тили жағига жой бўлмаётганидан, бироз «отган»ини пайқаш мушкил эмасди. Китоб олмоқчи бўлганимни билиб уч томлик китоб тавсия этди. Бу иши ёқмаганидан ундан узоқлашдим: «ука, ким билан гаплашаётганингни билассанми, ўзи», деб яна ўша китобни қўлимга тутди. Китобнинг қаттиқ муқовасини очиб қай кўз билан қарайин, аччиқ қалампирдек ингичка бурунли, олмаюзли, олифта бир йигитни кўрдим. Бу қаршимдаги кимсанинг ёшлиги эди. Ҳеч индамай тақдим этилган асарни растада қолдириб ташқарига чиқдим. Ортимдан келиб: «Ука, битта китоб олсанг, ўлиб қоласанми ё пулинг йўқми?», деб кистасидан пул чиқасиб, ариққа ташлади. Бир «мерган»га тенг бўлишни ўзимга эп кўрмай кетдим. Эртасига шу китобни олдим. Уни сайланма деганларга, увол бўлган қоғозга ачиндим.

Яна… Эл бир маҳаллар ёзувчи, деб билган бир чол: «асарларини ўн икки томлик қилиб тартиб берганини, унга бир ҳотамитой чиқса чоп этиши мумкинлигини айтиб», сулиш олади, тимшанади. Унинг шу умидсизлигидан ҳам билинадики, бугун у кишининг ёзганларига зарурият йўқ. Зиёлиларнинг, китоб ўқийдиган одамларнинг назаридан бу мардум, аллақачонлар қолган, халқ эсидан чиқазган. Аммо бу қирчанғининг тан олгиси келмайди. Тан олса, ўтмишидан уялиб кетади. Шунинг учун энди ўзи билан ўзи курашиб, бир сахийнинг йўлига кўз тикиб, умр ўтказишга маҳкум у.

Бизнингча, қўлига қўриқ олиб: «Саман сарига туш, ё олапоча тўрига туш, шапақининг зўрига туш», деб от минишга шайланган ёшлар қандай ёзиш эмас, балки қандай ёзмасликни ҳам билиши керак. Шунда қалмоқшоҳлар ҳолига тушмайди. Бунинг учун ёшларнинг илк қадамларини кузатиб турган кекса Қултой дангалини айтиши шарт. Негаки, ўзбекнинг адабиётига Ултонтозу Қалмоқшоҳлар эмас Алпомишлар керак. Ана шундагина Муродтепадек улуғ бир манзилда: «Қулфи дилимни Худо очди», деб Қоражон (адабий таржимонлар) алп кутиб олади. Қоражон Алпомишга тенг эмас, лекин у ўз эли, юрти билан тиллашиб таништира оладиган, кези келганда, Бойчиборни пойгага қўшадиган кучга эга ягона Алпдир.

Бир кун келиб: «Бор экан, йўқ экан, кўрдим, кездим дунёни», деб манзилу маконга борар бўлсак, бизга узоқ манзилдан кўз тикиб турган нуронийлар қарашидаги умидга, жажжи болакайлар нигоҳида талабга жавобимиз бўлсин… Зеро, адабиёт йўли Шавкат Раҳмондек бўғилиб шеър ўқиганда ҳам ортга тисариладиган йўл эмас. Бу шундай шарафли йўлдир! Қўриғингга Бойчибор тушсин…

Бу машаққатли йўлга фақат менинг яқинларим кўз тиккан, десам бўлмас. Аслини олганда, бу йўлга Бойбўрию Бойсари, Қалдирғочу Яртибой, Кунтуғмишу Сурхайл, Қултой ва Ултонтоз, Барчиною Тавкаойим тикилиб турибди.

Демакки, қадамингиз қайрилмай, муродингиз ҳосил бўлиш йўлини кўринг, йўл қараётган йўловчи…

01 Муаллиф ҳақида

032 Нурилла Чори 1983 йили қишнинг адоғида Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Изиллоқ қишлоғида туғилган.
2003-2007 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факултетида таҳсил олган. У 2007-2011 йилларда “Ёш куч” журналида,“Маҳалла” газетасида фаолият юритган. Бугун Ўзбекфильм»да ишламоқда.
Ҳикоялари ва адабий гурунглари республика матбуотида, хусусан, “Ёшлик” ва “Жаннат Макон” журналларида чоп этилган. Шунингдек,

хдк

(Tashriflar: umumiy 142, bugungi 1)

1 izoh

  1. Дустим гап йук! Ижодингизга омад.

Izoh qoldiring